Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Лўли», sayfa 2

Yazı tipi:

Бир тоғ иккинчисига зулм қилса, албатта, зулм соҳиби чўкишга маҳкумдир.


ГЎЗАЛ ИРҚНИНГ ЧИРКИН ТОМОНИ

Само мактабда эди. Лўли дея аталиб, хўрланганини ҳам тушуна оларди. Фақат ўзини билмасликка солиб юрарди, холос.

Ўтган куни ҳам бир ўқитувчи уни нафрат ила кўнглини оғритди. Бекордан бекорга. Ўшанда мактаб эшиги олдида саф тортиб туришганди. Ҳар доимгидек қасамёд ўқишаётганди:

Туркмиз…

Тўғримиз…

Ҳаракатчанмиз…

(....)

Борлиғимиз

Туркнинг борлиғига фидо бўлсин…

Қасамёд асносида Само ўзи кўрган ҳаракатларни хаёлида жонлантирарди. Эзилиб топталганини англаган кундан бери ўзини бахтсиз санарди. Ҳозир бу «қасамёд» ўша эзилган, топталган онларни солиштириб, қандайдир мантиқсизликларни англагандай бўлди, лекин моҳиятига етолмади.

Болалар синфга киришганида, Само ўқитувчидан сўради:

– Муаллим! «Туркмиз, нақадар бахтлимиз», дедик. Турк бўлмаганлар бахтли бўлолмайдими?

Ўқитувчи Самодан бу саволни сира ҳам кутмаганди. Бироз асабийлик билан жавоб қайтарди:

– Туркияда яшаганидан кейин ҳар бир инсон турк ҳисобланади.

Само Тепажиқдан келгани учун баъзи мактабларга қабул қилинмаган болалар ҳақида эшитганди. Ўзи ўқиётган мактабда ҳам лўли аталадиган болаларга яхши муносабатда бўлинмаслигини билар, бундан қаттиқ хафа бўларди. Зотан, бунга ўзи бир неча марта шоҳид бўлган. Серпил билан биргаликда лўли деган тавқи лаънат билан қувилган кундан бери икковлари ҳам лўлилик тамғаси нима эканлигини анча яхши билиб олишганди.

Ўқитувчининг жавобига қарши ўлароқ, у яна исён ила сўради:

– Мен лўли эмасман, аммо лўли болаларига қандай муносабат кўрсатилаётганини кўриб турибман, муаллим! Модомики, бу юртда ҳамма турк саналаркан, нега ҳаммага бир хилда муомала қилинмайди? «Каттага ҳурматда, кичикка иззатда бўл», деб ўргатасизлар. Лекин нима учун кичкина лўли болалари ҳеч ерда иззат қилинмайди?

Муаллим бу боланинг қаршисида иккинчи маротаба ноқулай вазиятда қолганди. Аслида Самонинг лўли эканини, аммо буни ҳаммадан яширишини биларди. Фақат масалага бу қадар чуқур ёндаша олишини тасаввур ҳам қилолмаганди. Титроқ бир сасда жавоб берди:

– Сенга шунақа туйилгандир, ўтир жойингга!

Само ўз жойини эгалларкан, дилидан шу сўзлар кечди:

«Ўз қилмишингдан уялганингдан кейин менга бақиришдан бошқа чоранг қолмайди».

Серпил ҳам, Само ҳам бир нарсага амин бўлишганди: лўлиларнинг оилаларига умуман эътибор қаратилмаган ҳолда, байрам кунлари ёки турли тадбирларда, оталари довулчи, сурнайчи бўлган болалар оилаларнинг эътибор марказида бўларди.

* * *

Орадан ойлар ўтди. Ўқитувчилар ҳам алмашди.

Серпил билан Само бу муаллимни жуда ҳам ёқтиришарди. Янги ўқитувчининг дарс пайтидаги сўзлари уларга таскин берарди.

– Болалар, таҳсил ирқ танламайди. Барча инсонларнинг мияси битта ирққа мансуб. Бирор бир ирқнинг мияси бошқасиникидан ўткирроқ, кучлироқ бўлмайди. Фақат имкониятлар ва мотивациялар фарқ қилиши мумкин.

Серпил жуда ҳам қувониб кетди… «Имкониятлар фарқ қилади», деган сўзни унчалик тушунмаган бўлса-да, қолган гаплар унга роса ёқиб тушганди. Ўзича гапиринди:

– Демак, шундай ўйлайдиган ўқитувчилар ҳам бор экан!

Само ҳам ҳар қандай ўқитувчи айирмачи эмаслигини тушуниб етганди.

Яна бир гал ўша ўқитувчи қуйидагиларни айтганди:

– Аллоҳ, бирор бир миллат ёки ирқ бошқасидан устун эмас, деб марҳамат қилади…

Серпил қўшни аёлни эслади. Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.) айтгани гумон қилинган сўзларни ҳам. Ўз-ўзига, «Демак, Аллоҳ одамларни ажратмайди. Фақат ҳазрати Муҳаммад бизни ёқтирмас экан-да», деб ўйлади.

Кечқурун уйига келганида, яна гўдаклигига бориб, болалар билан ўйинга чўмди.

Улар вақти келиб, Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ирқчилик қилмаганини тушунишади, аммо унгача мурғак қалблари чарчаб қолмаса бўлгани.

Серпил болалар билан ўйнаркан, Эбрунинг онаси бир киши билан бирга кириб келди. Эбру ҳам шу ерда тарбияланаётган болалардан бири эди. Эбрунинг онаси ва ҳалиги бегона эркак хушҳол кўринишарди. Аёл Эбруни қучоқлаганча ёнидаги эркакка таништирди:

– Қара, жоним, сенга янги дада олиб келдим.

Бола бир йилдан бери «дадам», деб юрган эркакни сўради:

– Ўзимнинг дадам қани?

– Энди у сенинг даданг эмас, мана, сенинг даданг!

Болалар нима учун дадалари тез-тез алмашишини тушунолмасдилар. Бу ҳолат уларга асло ёқмасди. Аёллар ўз жазманларини алмаштиришлари билан болалари ҳам янги «дадали» бўлишарди. Аммо, бечора болаларда нима айб? Улар нима қила олардилар?

Онаси бояги эркак билан чиқиб кетаркан, Эбру йиғлашга тушди:

– Нега йиғлаяпсан? – деб сўради Серпил.

Эбру ёш тўла кўзларини катта-катта очганча, «ўзим, шунчаки», дея елка қисди.

Серпил уни юпатмоқчи бўлганида, Эбру янада баландроқ йиғлашга тушди. Кўзларидан мунчоқдек ёшлари яноқлари оша думаларди. Бу томчилар ҳатто тошларни ҳам эрита оладиган қудратга эга эди.

– Мен… менга янги даданинг кераги йўқ. Ўзимнинг дадам яхши эди. Нега ойим менга бошқа дада олиб келаверади? – дея йиғлашда давом этди. – Ойимга айт, менга ўзимнинг дадамни олиб келсин.

Қизча худди оловдек ёнарди. Бу гўдаклар ҳар йили оталари алмашиб туришидан қанчалик азият чекишларини оналари тушуна олармиди? Баъзилари гиёҳванд моддалар оқибатида тафаккур қилишдан узоқлашиб кетаётганди.

Эбру энтикиб-энтикиб йиғларкан, унинг йиғисидан бошқа болалар ҳам, Серпил ҳам қаттиқ эзилардилар. Ҳеч ким ҳақиқий айбдор ким эканини англамасди. Хоқон келиб, қўллари билан Эбрунинг ёшларини артиб, унга таскин берди.

– Хавотир олма, Эбру, Сен катта бўлсанг, сенга ҳечам алмаштириб бўлмайдиган бир дада олиб бераман. Фақат йиғламасанг бўлди, – Хоқон ҳамон ҳиқиллаб йиғлаётган қизчани юпатишга уринарди. – Ўзимга ҳам шунақа битта дада оламан.

Эбру ёш тўла кўзларини Хоқонга тикди:

– Алдамаяпсанми? Ростдан ҳам менга дада олиб берасанми?

– Ҳа, алдамаяпман, оламиз.

– У ростакамига дада бўладими ёки…

– Албатта ростакамига дада бўлади.

Абру шу тасалли билан овунди. Ҳатто Хоқоннинг ўзи ҳам бу самимий, беғубор алдовга ишониб гапирарди.

Болаларнинг аҳволини англашга дунё ожиз эди. Инсонлар ҳамон ҳалол жуфтликдан кўра зинони афзал кўришарди. Болаларнинг ёнига келиб турадиган сохта дадалар оналаридан пул олиб турганлари учун болажонларга ясама илтифот кўрсатишар, кейин яна ғойиб бўлишарди. Бундай ҳийлалардан бехабар болалар шу дадаларга меҳр қўйишарди.

* * *

Серпилнинг дадаси ҳибсдан чиқиб, тўғри уйига келди. Аммо у Серпилга қайрилиб ҳам қарамади, унга оталик меҳри бегона эди. Серпил тортинчоқлик билан отасиннг пинжига кирди.

Эртаси куни болалар ташқарида ўйнаб турганида, Серпил отасини кўриб қолди. Отаси чўнтагидан бир ҳовуч танга олиб, ерга сочиб юборди ва болаларга қарата:

– Тангаларни теринглар-чи? – деб буюрди.

Болалар қийқиришиб тангаларни теришга тушди.

Отаси Аҳмад қассоб бу манзарани кулиб кузатарди. Серпил отасидан кўзини узмасди. «Худди кинолардаги ёмон одамларга ўхшаб куларкан дадам», деб ўйлади Серпил.

Кейин дадасининг овозидан сергак тортди:

– Энди таналарни менга келтириб беринглар!

Отасининг бу қилиғи Серпилнинг юрагида липиллай бошлаган меҳр учқунларини ҳам зумда ўчирди. Шундан сўнг қайтиб отасига кўнгли исимади.

Орадан йиллар ўтса-да, ҳар қанча ўйламасин, отаси нима учун бундай қилганини тушунолмасди. Гоҳида «ўшанда мастмиди?» деб ҳам ўйлар, аммо бу ишини кечиролмасди.

Болаларни асраш вазирлиги ташкил қилинмас экан, ношаръий фарзандларни дунёга келтиришга чек қўйилмас экан, бу болаларни назорат қилишнинг имкони бўлмайди.


ОРАДАН ЙИЛЛАР ЎТДИ

Серпил билан Само бошланғич мактабни битирганларида, ўзларича катта қиз бўлиб қолишганди. Само Меҳмет исмли лўли бўлмаган бир қорамағиз болани ёқтириб қолган, ўзи оппоқ бўлгани учун ҳам унга лўли эканини айтмасди. У Меҳмет ҳақида Серпилга ҳам, бошқа дугоналарига ҳам оғиз очмаганди. Лекин қачонгача сир тутиб юради?

Кунларнинг бирида Серпил билан Само учрашиб қолишди.

Серпил уни кўриб, жуда хурсанд бўлди. Буни Самонинг ўзидан ҳам яширмади.

– Сени кўрсам, жуда қувониб кетаман!

– Мен ҳам сени жуда ҳам яхши кўраман. Лекин уйингизга келолмайман. Ойим юбормайдилар.

Само унга сирини очаркан, атрофга олазарак қараб, кейин давом этди.

– Сенга бир нарса кўрсатайми? – Само қўйнидан бир хат чиқарди. – Меҳмет деган бир бола бор. Хатни ўша ёзган, юр, бир четда ўқиймиз. Сендан буни яширолмайман.

– О-о-о, Меҳмет сени севиб қолдими?

– Ҳа, севади. Синфда ҳам кўз узмай ўтирарди. Сенга айтолмагандим. У пайтлар кичкина эдим, қўрқардим. Акам билиб қолса иккимизни ҳам ўлдириб қўяди, деб ўйладим. Сени ҳам яхши кўрганинг борми?

– Бор, лекин уни ростдан яхши кўраманми-йўқми билмайман.

– Бир синфда ўқийсизларми?

– Йўқ, маҳалламизда яшайди. Сен гапни айлантирма, Меҳметнинг хатини ўқи.

Ўқишди. Меҳмет хатида «Ҳеч кимни севиб қолма, катта бўлсам сенга уйланаман», деб ёзганди.

Қизлар кула-кула, хатни йиртиб ташлашди.

Само:

– Ишонасанми? Хатни йиртган пайтимиз юрагим ҳам йиртилгандек бўлди. Илтимос, бу гапни бировга айтма! Акам билса ўлдиради. Жуда рашкчи бўлдида бу. Нега қиз болани ўғил болалар орасига ўқишга юбордингиз, деб онамга кун бермаяпти. Меҳмет ҳам ўқийди-ку? «Ана, қизингиз мактабда ўзига йигит топибди», деб таъна қилмаслиги учун бу ҳақда чурқ этмадим.

* * *

Самоларникига келишганида, бирданига эсларига Хоқон тушди.

– Онам боққан болалардан биттаси бор эдику? Хоқон. Жуда нозиктаъбли бола. Унақа болаларни яқиндан танисанг, ичинг ачийди.

– Унга нима бўлди?

– Онаси унга янги дада топганди. Лекин бояқиш бу одамни ёқтирмайди. Қурмағур оналари ҳам тинимсиз янги дада топаверадилар.

Само унинг гапидан ранжиди:

– Сен менга шама қиляпсанми? Менинг онам отамнинг ўлимидан кейин эрга тегди. Лекин иккинчи эри ҳам ўлди. Тақдир экан, бунда онамнинг айби йўқ.

Серпил дугонасини ранжитганини англаб, унга изоҳ берди:

– Йўқ, унақамас. Анави болаларнинг оналари дадаларни тез-тез алмаштиришади. Болаларга бу қандай таъсир қилишини билсанг эди. Хоқоннинг онаси бошқа жойга кетди. Ҳалиям шу болани ўйлаб ичим ачийди.

* * *

Само ўн тўрт ёшга кирганида, акаси сиртдан ўқиш шарти билан ўрта мактабда таҳсил олишга рухсат берди. Аммо Меҳметнинг хаёли сабабли Самонинг миясига дарс кирармиди? Хоқонни қандай ўйлай оларди? Хаёл дунёсидан қайтганида Серпил аллақачон кетиб бўлганди.

Серпил ўзича кап-катта қиз бўлиб қолган эди, аммо ёмон йўлнинг қурбонлари фақат яхши болаларга қарашарди. Ҳеч нарса ўзгармаганди. Бир куни кечки пайт Серпил болалар билан ўйнаб ўтирганида, Сонгулнинг онаси келди. Ёнида яна бир эркак билан…

Серпил аёлга бақира кетди:

– Сиз нега ҳар гал янги ота опкелиб, болаларнинг ярасини янгилайсиз?

Аёл қизчанинг бу хитобидан асабийлашди:

– Тарбиясиз, бу қандай беодоблик бўлди?

– Болаларни эзишнинг нима кераги бор? Болалигимдан бери бу гўдакларнинг қайғусига шерик бўлиб келаман.

– Сенга нима, эй қиз? Уларни сен туғиб қўйганмидинг? Сенингча, биз шунчаки ўйнаб юрибмизми? Бизни ўзингча айблаяпсан, буни биламан. Сенинг ёшингда кўчадаги аёлларни мен ҳам ёмон кўрардим. Лекин бошингга тушса кўрасан!

Аёл асабини жиловлай олмай, қизчани тинимсиз қарғаш билан овора эди:

– Ахлоқсиз! Асабларимни буздинг! Иншооллоҳ, сен ҳам шу кунга тушасан! Бировларни айблаш қанақалигини ўшанда кўрасан. Аллоҳ жазойингни берсин! Нима, бу ҳаётни ўзим хоҳлабманми?

Серпил қандай хато қилганини тушунмас, ёмон гап айтмаган бўлса-да, нимага бу аёл бу қадар қақшаётганини англолмасди. Эшитган қарғишининг моҳиятини эса секин-аста тушуна бошлади.

– Аллоҳим, ўзинг мени бу хотиннинг қарғишларидан асра!

Албатта, Аллоҳ ноҳақ қарғишларни қабул қилмас.

* * *

Само бешинчи синфни битирганидан сўнг, унга совчилар кела бошлади. Бу қизни анчайин хавотирга солиб қўйди. Чунки уларнинг одатига кўра, қизларни жуда эрта эрга беришади. У эса ҳали турмушга чиқишни истамасди.

Само яна Серпилга ўз дардини айтди:

– Тегмайман, ўлсам ҳам! Неччига кирдим ўзи? Меҳметдан бошқасига тегмайман!

– Тўғри, – деди Серпил ҳамдардлик билан. – Мен ҳам шунақа деб ўйлайман. Менинг ҳам ўз севганим бор. Бошқасига тегмайман. У мени танийди. Само, сен лўли қавмига мансуб эканингни унга айтдингми? Меҳмет лўли эмас-ку? Унга лўлимиз, деб айтмадингми?

– Йўқ, у гаччо, Мен унга лўлилигимни айтмайман. Мен оқ танлиман, у эса буғдойранг, нима фарқи бор? Мен ҳам эрга тегсам гаччо бўламан. Шу сабабли айтмаганим маъқул.

Серпил сирли кулимсиради:

– Само, инсон кейинчалик гаччо бўлолмайди. Бунинг учун гаччо бўлиб туғилиш керак.

Самонинг аҳволи энди бошқа дугоналарига ҳам етиб борганди. Йиллар ўтиб борар, Само Меҳметдан воз кечолмасди.

Меҳмет ҳам Самони қаттиқ севиб қолган, унинг ишқига мубтало бўлганди. Само уйига келган совчиларга бақириб, чақирар, уларни қувиб қоларди. Самонинг акаси бундан хабар топиб, унга қаттиқ танбеҳ берди:

– Севишга севибсан. Ўша йигит уйга совчи жўнатса, гаплашиб кўриб, унга узатамиз. Лекин шунчаки кўнгилхушлик қилиб юрмоқчи бўлсанг, ўлдираман. Дарсингни қил. Аёл киши учун номус ота уйидан бошланади.

Серпил улғайгани сари бу оналардан жаҳли чиқарди. Бир куни у ўзини қарғаган хотин – Сонгулнинг онасидан сўради:

– Сиз кўча аёли экансиз, яхши, лекин нима учун отаси номаълум болаларни кўпайтириб, уларни бахтсиз қиласиз?

Аёлнинг яна қони қайнади. Оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Яна қарғашга тушди:

– Худоё Худовандо, сен…

Серпил ҳам яхшигина асабийлашганди. Олдинги қарғишларни эслаб, шартта унинг сўзини бўлди:

– Сиз яна мени қарғамоқчи бўляпсизми? Мен сизга бирор ёмон гап айтдимми? Болаларингизга ачинганимдан гапиряпман!

Уй кичкина, тахтадан қурилгани учун ичкаридаги сўз-суҳбатлар қўшниларга ҳам бемалол эшитиларди. Уларнинг гапини эшитиб қолган Бонунинг онаси ҳам қарғаган аёлга ўдағайлади:

– Менга қара, ипирисқи! Ўзинг тушган ботқоққа бошқаларни ҳам тушишини сўраб қарғанма! Аллоҳнинг ғазабига учрайсан!

– Яна қанақанги ғазабига учрайман? Берадиганини бериб бўлди. Агар онам бу ерларда юрганимни билса, аламидан ўлиб қўя қолади. Сен биласанми, бу бола муштдек пайтидан асабимга ўйнаб келади. Бошига тушмагунча билмайди.

Шу пайт Серпилнинг кўзи Хоқонга жуда ҳам ўхшаб кетадиган бир болага тушди. Бола анча ўсиб қолганди. Бу болани ҳам анчадан бери танирди. Бироқ, бола бугун жуда паришон кайфиятда эди. У Серпилни ташқарига чақирди.

Серпил аёлларни ичкарида қолдириб, ўзи ташқарилади.

– Гапир, нима бўлди сенга?

Ғамгин бола йиғламсиради:

– Серпил опа, боя онам ишлайдиган жойга боргандим. Онамни кўрмоқчи эканимни айтдим. Мени ичкарига қўйишмади. Эркаклар ичкарига кириб чиқиб турганди. Мени киритишмади. Онам у ерда нима қилади ўзи?

Серпил нима дейишини билмай қолди.

– Гапиринг, Серпил опа, онам у ерда нима иш қилади? Мен энди катта бўлдим. Менга тўғрисини айтинг.

Бу бола ҳам худди Хоқон сингари бир неча ойдирки, онасидан шубҳаланишни бошлаган, бироқ онасига бирор разолатни раво кўрмагани боис, ишонгиси келмасди.

Бола эса беихтиёр йиғлашга тушди:

– Серпил опа, нима, менинг онам… ўшанақами? Менинг онам ёмон аёлми? Унақада мен ўзимни ўлдираман. Чидолмайман, Серпил опа! Илтимос, айтинг, опа, онам ёмон аёлми?

Серпил ҳамон жим эди. Ахир нима ҳам дея оларди? Ахир энди бу болани алдаб бўлармиди?

* * *

Само китоб ўқишни жуда яхши кўрарди.

Кунларнинг бирида Серпил Самоларкиникига келди. Бу аснода Само онаси билан тортишаётганига гувоҳ бўлди. Самонинг онаси «биз румин ҳам, лўли ҳам эмасмиз», дея лўли эканликларини тан олган Самони урушиб турарди.

Само портлаш даражасига етганди:

– Она, қаранг! Сиз адашманг! Сиз руминиялик лўлилардансиз. Нега тан олмайсиз? Нимадан уяласиз? Лўли бўлсангиз нима қипти? Лўли эканимиз бизнинг айбимиз эмас. Бизнинг орамизда тоза, яхши одамлар кўпку? Ахир биз бўлмасак, одамларни Рамазон ойида эрталаб саҳарликда довул чалиб уйғотиш одати ҳам йўқолиб кетарди. Биз бўлмаганимизда ҳамма ёқ ахлатга тўлиб тошар, шаҳарларда тозалик йўқоларди. Биз бўлмасак оталарни ким боқарди? Мана, энди ўқиб таълим оляпмиз. Нимадан уяласиз, она? Гаччо бўлишнинг нимаси яхши? Сиз уларга дунёни берсангиз ҳам, улар сизу бизни бир чақага олишмайди.

– Яхши, сен ўқиб, бошимга хўжайин бўлиб келдингми? Сенам бироз уялсанг, ёмон бўлмасди. Ҳали қўшниларга ҳам шу гапларни сайраб юрибсанми?

– Нимадан уяламан, она? Мен бир китобда ўқидим. Аллоҳ бизни ўзи истаган ирққа мансуб қилиб яратибди. Аввал мен ҳам уялардим, ўз наслимни бекитишга уринардим. Яқинда «Ирқимни мен яратмадим» деган бир китобни ўқиб чиқдим. Энди уялмайман. Бизни Аллоҳ яратган. Мен унинг тақдирига тан берган бир ожиз бандаман. Ҳаммамиз Одам Атонинг болаларимиз. Инсон ўз ирқидан уялмай, сиқилмай яшаса қандай яхши? Сизга ҳам шуни тавсия қиламан, она. Шундай ҳаётимиз ҳам анча осонлашади.

Самонинг гаплари Серпилни анча ҳайратга солган, онасининг жавоблари эса уни янада ҳайрон қолдирарди. Тура солиб, туфлисини кийди.

– Кетдим, – дерди у ўзига ўзи. – Бошқа бу уйга келмайман. Ҳатто бизни фақат гаччолар эмас, лўлиларнинг ўзи ҳам ёмон кўрар, нафратланар экан. Гаччолардан хафа бўлмасак ҳам бўларкан.

Само қанчалик ёлвормасин, Серпил велосипедига миниб, уйига йўл олди. Кўз ёшларини тутолмасди. Уйга келиши билан яна онасининг насиҳатларига тутилди.

– Қаерларда юрувдинг? Кўзингга қара! Бирор номаъқул ишни қила кўрма. Дугоналарингга қара. Дугонангдан сенга етадиган зарарни ҳатто душман ҳам етказаолмайди.

Кечки пайт Серпил худди мастга ўхшаб қолганди. Бу гап-сўзлар уни роса чарчатганди. Кечалари алаҳсираб бир неча бор уйғониблар кетди. У ҳамма нарсани тушунса ҳам, лўли лўлини ерга уришини ҳазм қилолмасди.

* * *

Серпил катта қиз бўлиб қолган, аммо яна ўша нарсаларни ўйлашдан бўшамасди. Отаси ҳақида кўп ўйларди, бошига бирор иш тушдимикин, дея хавотирда эди. Отаси бир одамни пичоқлаб, яна қамоққа тушганди. Серпил отасининг қамоққа тушганидан ҳам уялар, ҳам унга раҳми келарди. Онаси жуда ақлли ва сабрли аёл эди. Болаларининг кўнгли учун отаси ҳақида чурқ этмасди. Онаси болаларига тўғри йўл кўрсатиш билан банд эди.

– Отамиз қамоқда деб сизлар ҳам ёмон йўлга кириб кетманглар! Бировнинг игнасини ҳам ўғирламанглар! Мен рухсат бермасам, бировнинг уйидан туз ҳам тотманглар!

Серпилнинг ака-укалари жуда ориятли болалар эди. Лекин бу Серпилни бахтли қилолмасди. У онасининг қанчалик машаққат чекаётганини яхши биларди. Аммо бошқа фарзандлар каби онасига раҳми келганини сездиришни истамасди.

Гоҳида – лўлилиги асабини бузган пайтларда, «биз лўли эмасмиз», деб ўзини овутарди. Зотан, унинг отаси чиндан ҳам лўли эмасди.

* * *

Бир куни маҳалланинг аёллари уларни мавлудга чақириб кетишди. Чақирилган жойига боришаркан, жуда ҳаяжонда эдилар. Ҳатто фоҳишахонада ишлайдиган хотинлар ҳам бунақа маросимларни ўтказиб юборишмасди. Унақада бу хотинлар нима учун йўлда юришибди? Само ана шуни тушунолмасди.

Бир куни ана шундай мажлислардан бирида отинойи ваъз ўқишни бошлаган чоғида енгилтак аёллардан бири савол берди:

– Хоним, биз кўча хотинимиз. Биз муҳим ижтимоий хизмат вакилларимиз. Биз оёқости қилинмаслигимиз керак. Лекин нимага бизни таҳқирлашади? Биз бўлмасак, эркаклар номусли аёлларга ҳужум қилишмайдими?

Даврадаги хотинлардан бири чидолмай унинг гапини бўлди:

– Сен эркакларни шунақа аблаҳ, деб ўйлайсанми?

Ҳамма жим қолди.

Аслида эркаклардан кўра кўпроқ биз яшаётган жамиятнинг ўзи аблаҳ эди. Бир аёлни қутқариш учун бошқа бир аёлни қурбон қиларди у. Бошқа муқобили йўқ эди бунинг. Боши берк кўчалари бор режимлар инсониятни фақат ана шу тахлит бошқара оларди. Шу боис ҳам расман аёлларни сотиш деб аталадиган ишни шу тарзда хаспўшлашарди.

Бир тарафда мусулмон аёлларига «нима учун рўмол ўрайсиз, эркаклар шунчалик қўрқинчлими?» деб савол беришса, бошқа томондан ўша эркаклардан кўча аёлларини ҳимоялаш учун уларга ўша рўмолларни пуллашарди. Само «Ирқимни мен яратмадим» китобидан сўнг бу муваффақиятсизликларни очиқ кўра бошлади.

Одамлар буларни тушуна оладиган даражага етмаганди. Аммо қаерларда хато қилинганини тушунардилар. Бироз давом этган жимжитликни бир аёл бузди:

– Бизнинг касбимиз шу – фоҳишалик, бу гуноҳми, деб сўрагандим, жавоб беролмадингиз.

Шу пайт даврадаги зиёли аёллардан бири жавоб қайтарди.

– Зинонинг савоби бўларканми?

Савол берувчи ўжарлик билан баҳсни давом эттирди:

– Бу бизнинг тақдиримиз, пешонамизга шу ёзилган бўлса, биз нима қилишимиз керак? Аллоҳга қарши исён қилайликми?

Ҳозиргина чиройли гапириб турган муаллима хоним исломни ҳали тўла-тўкис ўрганмагунча одамларга «дин – афюн» экани ҳақида маърузалар ўқиб юрарди.

– Тақдир жуда ҳам нозик масала. Сиз ҳақсиз. Аллоҳдан амр бўлмаса, ҳатто тикан ҳам кирмайди.

Муаллима хоним тўғри сўзни ноўрин жойда ишлатганди. Унинг ёнидаги аёл эътироз билдирди.

– Йўқ, Аллоҳ бу нарсани амр қилмайди. Сизга нотўғри айтишган. Муаллимлар пайғамбар эмас ва улар ҳам диний мавзуларда адашишлари мумкин. «Ҳар бир инсон гуноҳ ишларга ўз ниятига кўра йўлга чиқади, тақдирини ўзи ёздиради», дерди бобом. Зино – бу ижтимоий хизмат эмас. Уни ростдан ҳам ижтимоий хизмат деб ҳисобловчилар ўз қизини, синглисини, хотинини шу хизматга юбора оладими, ўзи келиб шу ишни қиладими?

Само борган сайин асабийлашарди. Бирдан ўқитувчиларидан бири айтган гап эсига тушди. «Ҳатто кўча аёллари ҳам камситилмаслиги керак». Фоҳишахонада ишлаётган аёллардан камида 20 нафари шу ерда эди. Улар ўзларининг ким эканликларини очиқ-ойдин тан олишарди. Фоҳишаларни камситмасликка чақирган муаллимлари лўлиларни қандай оёқости қилганини у яхши эсларди.

Сўнг ўз-ўзига гапирди:

«Қара-я! Фоҳишалар ихтиёри ўзида бўлиб туриб, шу йўлга қадам қўйишади. Мен эса ўз истагимга қарши ўлароқ, лўли бўлиб туғилганман. Нега улар эмас, мен бундан уялишим керак? У ўқиган китобда жоҳил ва пасткаш инсон ўз ирқларини сир тутиши, босим остида бўлганлари сабаблари яширинишга мажбур эканликлари ҳақида ёзилганди. Шундай бўлса-да, Само ҳали ҳам Меҳметга лўли эканини айтмаганди. Лекин тез орада айтиши керак.

Мавлуддан қайтишда, Самонинг эътиборини яна бир нарса ўзига тортди. Бу масалани у энагасидан сўраши лозим эди. Эшикдан кириши билан унга савол берди:

– Она, мен жуда кўп бузуқ аёлларни кўрдим, лекин уларнинг орасида битта ҳам лўли кўрмадим. Бунинг сабаби нима?

Аёл кўзларини шифтга тикканча жавоб қайтарди:

– Лўлилар орасида енгилтак аёллар камдан-кам чиқади. Улар ўз номусларини қаттиқ қўриқлашади. Аммо хато ишлари ҳам кўп.

– Унда нима учун лўлиларни бу қадар ерга уришади? Нима учун лўлилар ўз ирқидан, миллатидан уялиши керак? Нима учун фоҳишалар қўрқмасдан «мен фоҳишаман» дейиши, бесоқоллар ўзининг бесоқол эканини очиқ айтиши мумкин-у, лўлилар ўз лўлилигини тан олмаслиги керак? Бу қандай дунё бўлди? – Самонинг овозида сўнгсиз исён бор эди: – Бунинг сабабини айтинг менга, она! Мен бу ноҳақликни қабул қилолмайман. Кеча бир хотинни кўрдим. Учала қизини ҳам сотяпти. Ҳеч нарса бўлмагандек. Нега номуссиз кимсаларда бор журъат бизда йўқ.

Аёл босиқлик билан унга ҳаммасини тушунтира бошлади.

– Қизим, мана қара, биз шундай бир мамлакатда яшаймизми, бу ерда номусли бўлиш айб саналади. Лўлилар олдиндан камситиб келинган. Аммо анави беҳаёларни одамлар бемалол қабул қилишади.

– Нега? Нима учун ахир?

Аёл бошини эгиб жавоб берди.

– Мен ҳам билмайман, қизим.

Серпил асабий кайфиятда у ердан чиқиб, Серпилнинг олдига борди. Серпил ўзини қўярга жой тополмасди. Само деразадан туриб, дугонасига қаради. Серпил қўлига думалоқ тароқни олганча қўшиқ куйларди:

 
Тик бошинг ҳеч эгилмаса,
Қайғурма, дил, қайғурма!
Йиғлаганинг билинмасин,
Қайғурма, дил, қайғурма!
 

У ердан ҳам чиқиб, торкўчалар оралаб уйига қайтаркан, Само дарсликлардан бирини қўлига олиб, зўрма-зўраки дарс тайёрлашга киришди.

* * *

Орадан бир неча кун ўтиб, Серпил дўконга кетаётиб, Самони учратиб қолди. Унинг йиғлагани билиниб турарди.

Серпил унинг наздида нажоткор фаришта бўлиб кўринди. Ёлвориб, ундан ёрдам сўради.

– Серпил, илтимос, ёрдам бер. Уйимиздагилар мени эрга беришмоқчи. Биласан, сендан бошқасидан ёрдам кутмайман. Тоқатим тоқ бўлди. Охири Меҳметга ҳаммасини айтдим. «Лўли қизи эканимни билганинг ҳолда менга уйланармидинг?» деб сўрадим. Қаердан жасорат олганимни билмайман. Ўқиган китобларим фойда берди чоғи. Меҳметга ёзган хатимни воситачим Садо орқали юбордим. Ҳозир жуда сиқиляпман. Сен Меҳметнинг ёнига бор, унинг фикрини бир ўрганиб бер. Меҳметдан ҳали жавоб келмади. Сенсиз ўламан, дерди. Ним бўлдийкин?

Серпил паришон аҳволда эди.

– Э воҳ, ишлар расво бўлди. Агар у рози бўлмаса-чи?

Само нима қилишини билмай турарди.

– Нима бўлса, бўлар! Қачонгача буни сир сақлайман? Ҳозир жасорат топиб ёздим. Ахир мен ҳам инсонман-ку, тўғрими? Мени ҳам Худо яратган-ку? «Бу Аллоҳнинг изни. Агар у истаса, менинг онамдан сен, сенинг онангдан мен туғилишим мумкин эди. Самони чақирганимда онам шубҳаланди. Мени кўчага ҳам чиқармай қўйди. Онам бозорга кетганидан фойдаланиб, сенинг ёнингга қочиб келдим.

Серпил ҳам акасидан қўрқарди.

– Мен Меҳметларникига борганимни билса, акам мени тириклай гўрга тиқади. Аммо, начора. Сен учун ҳаммасига розиман. Ҳозир бораман.

Серпил кўп ўтмай Меҳметни қидириб топди. Меҳмет уни кўриши билан қизиқиб сўради:

– Тинчликми, Серпил? Қайси шамол учирди?

– Сенинг шамолинг! Само сенга мактуб юборган экан. Ҳали ҳам жавоб ёзмабсан. Қиз бечора ҳозир оғир вазиятда.

– Ишонасанми, Садо хатни ҳозиргина опкелди. Ишонмасанг, ана Садодан бориб сўра. Мактубни энди ўқишни бошлагандим. Мана, бирпас кутиб тур.

Меҳмет унинг олдида хатни очиб ўқишга тушди. Ўқиркан, унинг кўз қорачиқлари кенгайиб, киприкларига жиққа ёшга тўла борди. Ўқиб бўлгач, деворга суянганча, ҳўнграб юборди:

– Оиламиз… оиламиз уни қабул қилмайди! Мен эса усиз яшолмайман. Энди нима бўлади, Серпил? Айт, мен нима қилай? Уйимиздагилар унга уйлантиришмайди. Мен уни олиб қочиб кетаман. Унга бориб, саломимни айт. Агар уйдагиларни кўндиролмасам, уни опқочиб кетаман. Тайёр турсин.

Меҳмет кўз ёшларини артиб қўшимча қилди:

– Ўлимдан бошқа ҳеч нарса уни мендан ажрата олмайди. Бориб айт унга! Мен ҳозироқ оила аъзоларимга вазиятни айтаман. Тез орада сенга маълум қиламан. Сен ҳам бориб унга айтасан. Айтиб қўй, ҳеч ким ортидан таъқиб қилиб чиқмасин. Ўлдириб қўйишим мумкин. Лўли бўладими, бошқасими – фарқи йўқ. Мен уни севаман, ким бўлишидан қатъи назар. Ҳозироқ бориб онам билан гаплашаман. Уч соатдан кейин сизнинг уйингиз орқасидаги бурчакда мени кутсин. Уларнинг кўчасидан ўтган киши бўлиб, мактубни тушириб қолдираман. Келиб дарров олсин.

Улар шу тахлит келишилган жойда кўришишди. Меҳмет жуда афтодаҳол эди. Самони кўриши билан, ким кўрса кўрар, эшитса эшитар, деб қизга юрак дардини тўкишга тутинди.

– Эҳ Само, сени деб қанчалик ёниб-куйишимни билсанг эди. Динимизга кўра, лўлилар билан турмуш қуриш мумкин эмас экан. Никоҳ ўқилмас экан. Мен энди нима қилай? Нима қилай, менга бир маслаҳат бер.

Дунёда яшаш шартлари бир-бирига боғлиқ эмас. Аммо ёш йигит буни англамоқдан ожиз эди. Зеро, бу дунёда нима учун ва қандай яшашимиз лозимлиги мактабларда ўқитилмайди. Мураккаб дастур асосида давом этаётган ҳаёт бизга тасодиф дея ўргатиларкан, тасодифга мажбур қилинганлар ҳаётни ўз истакларига боғлиқ деб ўйлашади. Энг оддий ташвишлардан кейин ҳам тасодифий ёки бошқа биров тарафидан эмас, ўзлари учун берилган ҳаётни тарк этишга қарор қилишарди.

Меҳметга тасалли бергач, Само кўз ёшларини оқизиб, уйига қайтди. Ўзининг ҳам тасаллига эҳтиёжи борлигини унутиб, Меҳметнинг ташвишларига ўралашиб қолганини англаганидан сўнг ўзига раҳми келди. Яхшиямки, у бир қанча китобларни ўқиганди. Инсон ўз-ўзини бошқара олмаса, изтироб тўла ҳаётида жаҳаннам азобини чекишга мажбур бўлади.

* * *

Воситачилик учун борган Садо ҳам бу ҳолатдан қаттиқ афсусда эди. Ўзи севгилисига етишганди. Бошқалар ҳам ўз муродига етишини истарди у. Самодан ҳамдардлик ила сўради:

– Нега ноумид бўляпсан, Само! Ўзингни қўлга ол. Бардам бўл. Кечадан бери худди ўн ёшга улғайгандек чўкиб қолибсан. Сенга нима бўлди?

– Нима бўларди? Лўли қизига уйланиб бўлмасмиш, сен буни билармидинг? Никоҳ ўқилмас экан. Ахир мен никоҳсиз, ўйнаш бўлиб яшайманми? Менинг ҳам диним, иймоним, ор-номусум бор. Буларни орзу ва истакларим йўлида ёки бир йигит учун қурбон қилолмайман.

Само кўз ёшларини тиёлмай, давом этди:

– Гапни қара, Садо, бизга уйланиб бўлмасмиш. Биз лаънатга учраган. Қарғалган қавм эканмиз.

Садо ҳам хийла ўзини йўқотиб қўйганди:

– Қанақасига? Нима учун лаънатга учрарканмиз? Ўғрилик, талончилик туфайлими? Бошқа миллатда ўғри ва қароқчилар йўқ эканми?

Само энди очиқ-ойдин йиғлашга тушди:

– Лекин, Садо, сен ҳеч нарсани билмайсан-да! Лў билан Ли исмли ака-сингил оила қуришади. Лўлилар ўшалардан тарқаганмиш. Фақат шуми? Лўлилар яҳудий бўлиб, битта ғишт парчаланиб кетадиган даражада ювинмагунча мусулмон бўлмас эмиш. Сен буларни эшитмагансан. – Само ўйловли қиз эди. Исёни ҳам мантиққа асосланган эди. Ўзининг саволига ўзи жавоб бермоқда эди. – Бунақаси кетмайди. Бизни ҳам Аллоҳ яратган-ку? Аллоҳ ҳеч қачон айирмачилик қилмайди.

Самонинг кўзларидан шашқатор бўлиб ёш оқарди.

– Ҳамма муаллимлар шунақа дейишади. Биз билан оила қуриш мумкин эмас экан. Ақлдан озишим ҳеч гап эмас.

Улар ана шу кунларни бошдан кечираётган пайтда икки-уч калимани ёд билиб, диний қўшиқлар айтиб юрадиганларни ҳам домла дейишарди.

Қиз ҳамон ҳўнграб йиғлаганча, давом этарди:

– Мен ўзим истаб лўли бўлиб туғилмадим-ку? Нима қилай? Йиллар давомида ҳатто лўли эканимни айтишга жасоратим етмади. Ниҳоят, куч топиб, гапирганимда, мана, нима бўлди. Бунақа бўлишини қаердан билай? – Кўзларини артиб давом этди. – Бир неча марта синаб кўрдим, бўлмади. Охири кеча хат ёздим. Биламан, у ҳам қийин аҳволда. Аммо нима қилай? Қўлимиздан ҳеч нарса келмаса…

Само бирдан болалик даврини эслади. Ҳар гал тасбеҳ ёки жойнамозга кўзи тушса, ичи жиз этарди. Қаердаки, «Ҳазрати Муҳаммад» деган ёзувга кўзи тушса, кўзига сургиси келарди. Мавлуд кечаларида, таробеҳ намозларида такрорланадиган «Аллоҳумма солли ъала, саййидина, Муҳаммаддин набиййин уммиййин ва ъала аълиҳи ва соҳбиҳи вас саллим» саловоти ўқилганда, Само бениҳоя тўлқинланиб кетарди.

Пайғамбарга нисбатан муҳаббат бўлиши қандай гўзал? Кейинчалик унга «Пайғамбар лўлиларни ёмон кўрган» қабилидаги ёлғонларни айтишганда бу муҳаббат оташи бироз пасайгандек бўлди. Самонинг Пайғамбарга нисбатан севгиси Серпилникидан фарқли эди.

Яна ўша масала билан юзма-юз қолганди. Туйғуларини ўзи ҳам тушунмай қолди. Яна қаерда Аллоҳ ва Пайғамбар исми тилга олинса, юраги дукиллаб урарди.

Само Серпилнинг сўзларини эслади: «Сиз бизни севмасангиз ҳам, биз Сизни севамиз ё Муҳаммад! Аслида Сизнинг одам ажратишингизга ишонмайман. Мен энди буларни яхши биламан».

Икки дугона маҳзун хайрлашдилар.

Эртаси куни Само Серпилнинг ёнига келиб, шишган кўзлари ва паришон ҳоли билан ундан ўтинди:

– Серпил, бугун Меҳмет билан учрашаман. Юр, бирга борамиз. Бир ўзим боришга юрагим бетламаяпти.

Само онасининг ошхонада эканига ишора қилиб, пичирлади:

– Секинроқ, онам эшитиб қолса, ишкал чиқади. Воситачи қизларни жинидан баттар кўради. Билиб қолмасин.

Дугонаси бир йўлини топганди.

– Бозорга бориб келамиз, десак бўлармикин? Бугун кўришмасам бўлмайди-да!

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

₺103,59

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
21 şubat 2023
ISBN:
978-9943-20-900-8
Telif hakkı:
Yangi asr avlodi
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 3, 1 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre