Kitabı oku: «Шерлок Холмс ва доктор Уотсоннинг саргузаштлари», sayfa 4
– Хўш, пенсне ҳақида нима дейсиз?
– Пенсне? Дарвоқе, пенсне! Афсуски, мен борйўғи хаёлот осмонида парвоз қилувчи олим одамман, холос. Демак, амалий ҳаётдан мутлақо бехабарман. Лекин ўзингиздан қолар гап йўқ, азиз дўстим, севги учун энг ғайритабиий буюмлар далил бўлиши мумкин. Олинг, олаверинг яна. Сигаретамни ёқтириб қолганингиздан хурсандман. Айтмоқчиманки, ўз жонига қасд қилган одам сўнгги дамда қўлига нималарни олмайди дейсиз, у нарса – елпиғич ҳам, қўлқоп ҳам ёки пенсне ҳам бўлиши мумкин. Мана бу жентльмен майса устидаги излар ҳақида гапирди. Ахир у ҳам адашиши мумкин-ку. Энди пичоқ масаласига келсак, шўрлик йигит ерга чалқанчасига йиқилганида, отилиб кетиб, нарига тушишиям мумкин. Эҳтимол, мулоҳазаларим ёш боланинг гапидек тутуриқсиздир, лекин фаҳмимча, Уиллоуби Смит ўз жонига қасд қилган.
Бу назария Холмсга таъсир этгандек бўлди, чунки у чуқур ўйга толиб ва кетини узмай папирос чекиб, хонада у ёқдан-бу ёққа тинмай бориб келди.
– Айтинг-чи, профессор Корэм, – деди у ниҳоят, – секретерингизнинг ўрта ғаладонида нима асрайсиз?
– Ўғрини қизиқтирадиган ҳеч нарса йўқ у ерда. Оилавий ҳужжатлар, раҳматли хотинимнинг мактублари, мени профессорлик шарафига муяссар қилган дорилфунунларнинг дипломлари. Мана калит. Ўзингиз кўришингиз мумкин.
Холмс калитни қўлига олди, сўнг профессорнинг юзига тикилиб туриб уни яна қайтариб берди.
– Миннатдорман. Энди бунинг аҳамияти қолмади, – деди у. – Ижозатингиз билан мен боққа чиқсам-у, бафуржа бир бош қотириб кўрсам. Сизнинг ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги назариянгизда маъно борга ўхшайди. Хуллас, ҳузурингизга бостириб кирганимиз учун бизни афв этгайсиз, профессор Корэм. Ҳозирча сизни бошқа безовта қилмасликка сўз бераман. Агар ижозат берсангиз, қошингизга иккинчи нонуштадан кейин, соат иккида кирамиз-да, ўтган вақт ичида қандай воқеалар содир бўлгани ҳақида сизга сўзлаб берамиз.
Холмснинг нимадандир кўнгли ғаш эди, шунинг учун у боғдаги хиёбонда сукутга толиб, у ёқдан-бу ёққа юра бошлади.
– Калаванинг учини топдингизми? – деб сўрадим ниҳоят сабрим чидамай.
– Ҳаммаси мен чеккан сигареталарга боғлиқ, – деди у. – Эҳтимол, янглишаётгандирман. Лекин сигареталар аниқлаб беради.
– Азизим Холмс, – дедим мен, – ахир қанақасига сигареталар…
– Бунга ўзингиз шоҳид бўласиз. Агар янглишган бўлсам, ҳечқиси йўқ. Унда пенсне замирида иш олиб борамиз. Мен ҳар қандай изланишда ҳам, иложи борича қисқароқ йўлдан боришни яхши кўраман. Ана бизнинг муҳтарама миссис Маркер. У билан беш дақиқача суҳбатлашамиз, зора биронта янгилик эшитсак.
Мен Холмс хушмуомалалиги билан аёллар эътиборини қозона олиши ҳақида илгари айтиб ўтган эдим. Ҳозир ҳам улар орадан икки дақиқа вақт ўтар-ўтмас худди кўп йиллардан бери таниш одамлардек чақчақлашиб кетишди.
– Ҳа, мистер Холмс, ҳақ гапни айтдингиз, сэр. Профессор жуда кўп чекади. Кун бўйи, баъзида кечаси билан сурункасига тутатиб чиқади, сэр. Эрталаблари хонасига кирсанг борми, нақ ҳақиқий Лондон тумани дейсан, сэр. Раҳматли мистер Смит ҳам чекарди, лекин профессорчалик кўп чекмасди. Энди профессорнинг соғлиғига келсак, бу кашандаликдан тузалаётганиниям, ёмонлашаётганиниям билмайман.
– Ҳар ҳолда, бунақа чекишда иштаҳаси бўғилса керак дейман, а?
– Мен ундай деёлмайман, сэр.
– Профессор жуда кам овқат еса керак-а?
– Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ, сэр.
– Онт ичиб айтаманки, бугун у нонушта қилмаган бўлиши керак. Бунақа чекишда у ҳали иккинчи нонуштадан ҳам воз кечади.
– Янглишдингиз, сэр. Аксинча, бугун эрталаб у жуда кўп овқат еди. Илгари бунчалик тўйиб нонушта қилганини эслолмайман. Бугунги иккинчи нонуштага бўлса, ошпичоқ билан уриб юмшатиб қовурилган гўшт буюрди. Эшитиб ҳайрон қолдим, чунки мен кеча ерда чўзилиб ётган бечора мистер Смитнинг жасадини кўрганимдан бери, овқат деса кўнглим айнийдиган бўлиб қолди. Лекин одам одамга ўхшамас экан. Айтмоқчиманки, профессорнинг иштаҳаси асло бўғилган эмас.
Биз чошгоҳгача боғни айланиб юрдик. Хопкинс, кеча эрталаб Чатам йўлида нотаниш бир аёлни кўришибди, деган миш-мишни аниқлагани қишлоққа кетди. Энди дўстимга келсак, у ўзи текшираётган ишга бутунлай қизиқмай қўйган эди. Унинг терговни бу даражада ҳафсаласизлик билан олиб борганини ҳеч қачон кўрмаганман. Ҳаттоки Хопкинс қайтиб келиб, қишлоқ болалари ҳақиқатан ҳам Холмс тасвирлаган қиёфадаги аёлни кўришгани, боз устига, унинг пенсне таққани ҳақида гапирганида ҳам дўстим бу янгиликка лоқайд қаради. Фақат нонушта пайтида бизга хизмат қилаётган Сьюзен: мистер Смит кеча эрталаб боғда сайр қилиб, фалокат юз беришидан ярим соат олдин уйга кирган эди, деб айтганидагина Холмс сал жонлангандай бўлди. Мен бу ҳолнинг ўзимиз текшираётган иш учун қандай аҳамияти борлигини кўз олдимга келтира олмадим. Шунга қарамай, Холмс бу воқеани ҳам ўз тасаввуридаги умумий манзарага тиркади шекилли, деб ўйладим. Бирдан у соатига қараб, ўрнидан туриб кетди.
– Соат икки бўлди, жентльменлар, – деди у, – юринглар, юқорига чиқиб, дўстимиз профессор билан очиқчасига гаплашиб олайлик.
Кекса профессор иккинчи нонуштани тановул қилиб бўлган эди, овқат келтирилган тақсимчанинг бўм-бўшлиги рўзғорбошининг гапи тўғри эканлигидан далолат берарди: профессорнинг иштаҳаси зўр кўринади. У тук босган юзини ўгириб, чўғдек ёниб турган ботиқ кўзларини бизга тикканида қиёфаси ниҳоятда ваҳимали бўлиб кетди. Турган гапки, у ҳозир ҳам чекаётган эди. Уни кийинтиришган, энди у олов яқинидаги креслода ўтирарди.
– Хўш, мистер Холмс, бу мудҳиш фалокат сирини фош қила олдингизми?
У сигарета қутисини Холмс томонга сурди. Холмс ҳам у билан баравар қўлини сигаретага узатди, шунда қути ерга тушиб сигареталар сочилиб кетди. Ҳаммамиз чўққайиб ўтириб, энг ноқулай ерларга думалаб кириб кетган сигареталарни тера бошладик. Биз ўрнимиздан турганимизда, қарасам, Холмснинг кўзлари порлаган, яноқларига қон югурган. Бу ғалабадан дарак эканлигини яхши билардим.
– Ҳа, – деди дўстим. – Мен уни фош қилдим.
Стэнли Хопкинс билан мен унга ҳанг-манг бўлиб тикилиб қолдик. Кекса профессорнинг чувакдек озғин юзида сезилар-сезилмас жилва пайдо бўлди.
– Фош қилдингизми? Қаерда, боғдами?
– Йўқ, шу ерда.
– Шу ерда-я? Қачон?
– Ҳозиргина.
– Ҳазиллашяпсиз, мистер Холмс. Кечирасиз-у, ниҳоятда жиддий бу ишни ҳазилга айлантириш яхшимас.
– Профессор Корэм, мен ўз мулоҳазаларим занжиридаги ҳар бир ҳалқани синчковлик билан текшириб, ниҳоятда пухта тоблаганман, аминманки, бу занжир бенуқсондир. Мен сизнинг ниятларингиздан бехабарман ва бу ғайриоддий воқеага қанчалик дахлдорлигингизни ҳам билмайман. Балки бу тўғрида яна бир неча дақиқадан сўнг ўзингиздан билиб оларман. Унгача, ижозатингиз билан, бу воқеанинг қандай содир бўлганини сизга сўзлаб берсам, токи сиз бутун воқеани мукаммал тасвирлаш учун яна нималар етишмаганини билсангиз. Кеча сизнинг кабинетингизга бир хоним келган. У секретерингизнинг ўрта ғаладонидан қандайдир ҳужжатларни олмоқчи бўлган. Бунинг учун, унинг ўзида калит бўлган. Мен сизнинг калитингизни кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва унда лок юқи йўқлигига ишонч ҳосил қилдим. Демак, сиз ўша хонимнинг шериги эмассиз. У, менинг тушунишимча, бу ерга сизнинг нарсангизни ўғирлагани, демакки, сизга билдирмай кирган.
Профессор оғзидан паға-паға тутун чиқарди.
– Гапларингиз қизиқарли ва ибратли, албатта, – деди у. – Лекин кейин нима бўлипти? Сиз у хонимнинг ҳар бир қўйган қадамидан воқиф экансиз, кейин унинг қаёққа кетганини ҳам айта оларсиз, балки?
– Уриниб кўраман. Шундай қилиб, котибингиз ўша аёлни ушлаб олган, аёл эса, ўз жонини сақлаш мақсадида йигитга пичоқ санчган… Мен бу фожиани бахтсиз ҳодиса демоқчиман, зеро, хонимнинг бу мудҳиш жиноятга қўл уриш нияти йўқлигига имоним қомил. Негаки, қотил қуролсиз келмайди. Аёл қилиб қўйган ишидан даҳшатга келиб, қутулиш йўлини ахтарганча хонада зир югура бошлаган. Бунинг устига, омаднинг юрмаганини қарангки, йигит билан олишув пайтида хоним пенснесини йўқотиб қўйган, натижада, кўзи узоқни кўрмагани сабабли, бутунлай ночор аҳволга тушиб қолган. Ниҳоят, у йўлакка отилиб чиқиб югуриб кетган; чунки ўша йўлакни ўзи ҳовлидан кириб келган йўлак деб ўйлаган: ахир иккала йўлакка ҳам бир хил бордон тўшалган-да. Хоним бошқа йўлакка кириб қолганини ва қочиш учун нажот йўли тўсилганини пайқаганида вақт ўтган эди. Хўш, у нима қилиши керак? Орқага чекина олмасди. Йўлакда қолиш ҳам хавфли. Демак, шу йўлакнинг ўзидан олға юравериш керак. Хоним шундай қилган. Пиллапоялардан кўтарилиб эшикни очган-у, сизнинг хонангизга кириб қолган.
Кекса профессор Холмсга тикилиб қолди, пастки лаби осилиб тушди, унинг маънодор чеҳрасида ҳам даҳшат, ҳам таажжуб аломатлари яққол акс этар эди. У ўзини қўлга олишга уриниб, елкаларини учирди ва ясама табассум қилди.
– Бу ҳаммаси яхши, мистер Холмс, – деди у. – Аммо сизнинг бу оламшумул назариянгизда кичкинагина бир камчилик бор. Мен ҳамма вақт шу хонада эдим, кун бўйи ташқарига чиқмовдим.
– Бундан хабарим бор, профессор Корэм.
– Демак, мен ўз каравотимда ётиб хонамга аёл киши кирганини пайқамабман-да. Сиз шундай демоқчимисиз?
– Мен ундай деганим йўқ. Сиз аёл кишининг кирганини кўргансиз. У билан гаплашгансиз ҳам. Сиз уни танигансиз. Ниҳоят, унинг фалокатдан қутулишига ёрдам ҳам бергансиз.
Профессор яна носамимий кулди. У креслодан турди, кўзлари худди лаққа чўғдек ёнарди.
– Сиз телба бўлиб қолибсиз! – деб чийиллади у. – Сиз алаҳлаяпсиз! Мен уни қутқарибманми? Хўш, бўлмаса ўша аёл қаерда ҳозир?
– Аёл ҳўв анави ерда, – деди Холмс хона бурчагида турган баланд китоб шкафини кўрсатиб.
Кекса профессор қўлларини силкитди, маҳзун чеҳраси жуда ҳам бадбашара бўлиб кетди-ю, креслога «гурс»иллаб чўкди. Худди шу пайт Холмс тилга олган китоб шкафининг ошиқ-мошиғи ғижирлаб, унинг ичидан хонага бир аёл чиқди.
– Сиз ҳақсиз. – Аёл ғалати талаффуз билан гапирди. – Сиз ҳақсиз. Ҳа, мен шу ердаман.
Унинг ҳаммаёғи чанг ва ис эди, чамаси, бу ису чангни ўзи яширинган ердан юқтирган бўлса керак. Хунуккина юзининг ҳаммаёғи исқирт эди. Холмс унинг юз тузилишини тўғри топган экан, бундан ташқари, аёлнинг ияги чўзинчоқ бўлиб, бу унинг ўжар эканлигидан далолат берарди. У кўзининг ожизлиги ва кутилмаганда қоронғидан ёруққа чиқиб қолгани сабабли, кимлигимизни билишга уриниб нуқул кўзларини қисар, пирпиратар эди. Гарчи бу аёл бизга ўзини мутлақо ноқулай вазиятда намойиш қилган бўлса ҳам, унинг бутун қиёфасидан олижаноблиги, иягининг чўзинчоқлиги ва бошини мағрур тутиши мардлигидан далолат берар эдики, бу ҳол бизда унга нисбатан эҳтиром, ҳаттоки самимий майл уйғотди. Стэнли Хопкинс хонимнинг қўлига аста қўл тегизиб, сиз ҳибсга олиндингиз, деб эълон қилди, лекин аёл унинг қўлини мулойимгина, аммо виқор билан шундай четлатдики, унинг бу рафторига итоат этмай бўлмасди. Қари профессор креслода чўзилиб ётар, унинг юзи пир-пир учаркан, хонимга худди қопқонга илинган жонивордек мўлтираб қарарди.
– Ҳа, сэр, мен маҳбусингизман, – деди аёл. – Мен ҳамма гапни эшитдим, билсам, бутун ҳақиқатдан воқиф экансиз. Ҳаммасини бўйнимга оламан. Ҳа, мен ўлдирдим ўша йигитни. Лекин сиз, буни бахтсиз ҳодиса, деб тўғри айтдингиз. Мен ҳатто қўлимга олганим пичоқ эканлигини ҳам билмовдим, чунки йигитнинг қўлидан қутулиш учун, аччиқ устида дуч келган биринчи нарсани олиб унга зарба ургандим. Мен рост гапиряпман.
– Хоним, – деди Холмс, – гапингизнинг ростлигига заррача шубҳам йўқ. Балки ўтирарсиз, назаримда, ўзингизни ёмон ҳис қилаётганга ўхшайсиз.
Аёлнинг ранги мурданикидек оқариб кетганди, юзидаги исқирт доғлар гезарган юзини янада мудҳишроқ қилиб кўрсатарди. У каравот четига омонатгина ўтирди.
– Менинг вақтим оз, – деб гапида давом этди хоним, – лекин бор ҳақиқатни сизларга сўзлаб беришни истардим. Мен бу одамнинг хотини бўламан. У инглиз эмас. Рус. Исмини айтмайман.
Кекса профессор биринчи марта ўтирган ўрнида қимирлаб қўйди.
– Худодан қўрқ, Анна! – деб қичқирди у. – Худодан қўрқ!
Аёл унга чексиз нафрат билан қаради.
– Шу мараз ҳаётингга мунча ҳам канадек ёпишиб олмасанг, Сергей. – деди у. – Сен қанчаданқанча одамларни бадбахт қилдинг, аммо ҳеч бир кимсага, ҳатто ўзингга ҳам бирон марта бўлсин, яхшилик қилмадинг. Лекин қўрқма, мен бу нотавон умрингнинг чирик риштасини вақти-соати келмагунча узмайман. Мен бу касофат уйнинг остонасини ҳатлаб ўтганимдан буён, шундоқ ҳам ўз виждонимни беҳисоб гуноҳлар билан булғадим. Ҳай, мен ҳикоямни давом эттиришим керак, йўқса кеч бўлади. Ҳа, жентльменлар, мен бу одамнинг хотиниман. Биз турмуш қурганимизда у элликда, мен бўлсам йигирма ёшли тентак қиз эдим. Бу воқеа Россиядаги бир дорилфунунда бўлган эди, дорилфунуннинг номини сизларга айтмайман.
– Худодан қўрқсанг-чи, Анна, – деб ғўлдиради яна қари профессор.
– Биз инқилобчилар эдик, яъни нигилистлар, ўзингиз биласиз. У ҳам, мен ҳам, яна кўпчилик. Кейин бизни таъқиб қила бошладилар, чунки юксак мартабали полиция амалдори ўлдирилган эди. Кўпчилик ҳибсга олинди. Шунда эрим жонини омон сақлаб қолиш ва катта мукофот олиш мақсадида ўз хотинини ва ўртоқларини сотди. Бизларни қамашди. Баъзилар дорга осилди, қолганлар, шулар қатори мен ҳам Сибирга сургун қилиндик. Менинг сургуним муддатли эди. Эрим эса, дўстларининг қони билан бўялган пулларни олиб Англияга жўнади-ю, мана шу ерга жойлашиб узлатда кун кечира бошлади, чунки агар ташкилотимиз унинг қаерда бекиниб ётганини билса, узоғи билан бир ҳафта ичида устидан чиқарилган адолатли ҳукмни амалга ошириши муқаррар эди.
Кекса профессор қалтираётган қўлини чўзиб сигарета олди.
– Ўзимни ихтиёрингга топширдим, Анна, – деди у, – лекин сен ҳамиша менга меҳрибон эдинг.
– Ҳали мен унинг энг разил жинояти ҳақида гапирганим йўқ, – деб гапида давом этди аёл. – Ташкилотимиз аъзолари орасида дўстим бор эди. У олижаноб, беғараз одам эди, мени севарди, хуллас, эримнинг мутлақо тескариси эди. У зулмистибдоддан нафратланарди. Агар шу айб ҳисобланса, биз ҳаммамиз айбдор эдик, аммо у бегуноҳ эди. У мактублар ёзиб, мени ўзга йўлни танлашга даъват этарди. Ана шу мактублар ҳамда шу одамга бўлган ҳиссиётларимни ва ҳар хил мулоҳазаларимни муттасил қайд қилиб борган кундалик дафтарим дўстимни сургундан қутқарган бўлар эди. Аммо эрим шу кундалигимни ва Алексейдан келган мактубларни топиб олиб яшириб қўйди. У Алексейни ўлимга ҳукм қилишларини истаб, уни қоралай бошлади. Лекин қўлидан келмади. Алексей Сибирга сургун қилинди. Ҳозир, сиз билан биз бу ерда ўтирган пайтимизда у у ёқда, туз конида изтироб чекмоқда. Сен шуни ўйла, аблаҳ, разил аблаҳ! Алексей кишанбанд бўлиб қуллик азобини тортмоқда, аммо унинг ҳатто исмини тилга олишга ҳам арзимайдиган сен бўлсанг, бу ерда фароғатда яшамоқдасан. Ҳаётинг ҳозир менинг қўлимда, аммо мен қўлимни булғамоқчи эмасман!
– Сен мудом олиҳиммат аёл бўлгансан, Анна, – деди у сигарета тутунини чуқур-чуқур тортаркан.
Аёл оёққа турди, лекин шу заҳоти қаттиқ оғриқдан инграб, яна ўтириб қолди.
– Гапимни ниҳоясига етказишим керак, – деди у. – Сургун муддатим тугагач, мен қандай қилиб бўлмасин кундалик билан мактубларни қўлга киритишга ва уларни Россия ҳукуматига жўнатишга аҳд қилдим: фақат шундагина дўстимни озодликка чиқаришлари мумкин эди. Мен эримнинг Англияда эканлигини билардим. Бир неча ой давом этган бесамар қидирувлардан кейин, ахири уни топдим. Унинг кундалигимни асраб қўйганини ҳам билардим, чунки Сибирдалигимда ундан хат олган эдим; у хатида кундалигимдан лавҳа келтириб гинахонлик қилган эди. Лекин унинг ичиқора одамлигини билардим, демак, кундалигимни ўз ихтиёри билан менга қайтариб бермаслигига имоним комил эди. Демак, уни ўғирлашим лозим эди. Мен шу мақсадда хусусий хуфия агент ёлладим, у эримга котиб сифатида ишга ёлланди. Бу сенинг иккинчи котибинг эди, Сергей; у сал вақт ўтар-ўтмас бўшаб кетди. У кундалик билан мактублар секретернинг ўрта ғаладонида сақланишини аниқлаб берди, яна ғаладон калити шаклини ясаб берди. У бошқа ҳеч нима қилишни истамади. У менга уйнинг режасини топшириб, куннинг иккинчи ярмида кабинетда ҳеч ким бўлмаслигини айтди. Чунки бу пайтда котиб юқорида, яъни бу ерда ишлар экан. Қисқаси, мен таваккал қилдим-у, ҳужжатларни қўлга киритиш учун ўзим уйга кириб келдим. Тўғри, мен кўзлаган нарсаларимни олдим, лекин бу жуда қимматга тушди! Ҳужжатларни қўлимда ушлаб, ғаладонни қулфлай бошлаган эдим, шу пайт анави йигит мени тутиб олди. Уни эрталаб кўрган эдим. Мен у йигитга катта йўлда тўқнаш келиб, ундан профессор Корэм қаерда туради, деб сўраган эдим: профессорга котиблик қилишини қаёқдан билибман!
– Жуда тўғри! – деди Холмс. – Котиб уйга келиб бу учрашув ҳақида хўжайинига сўзлаб берган. Кейин, жон бераётиб, қотил ўша, яъни профессорга сўзлаб берган эрталабки аёл эканлигини айтмоқчи бўлган
– Гапимни тугатишга имкон беринг! – деди аёл буйруқ оҳангида, шунда дардининг оғирлигидан афти буришиб кетди. – Йигит ерга чалқанча йиқилиб тушганидан кейин, мен хонадан отилиб чиқиб кетдим, лекин адашиб эримнинг хобхонасига кириб қолдим. У мени тутиб бермоқчи бўлди. Лекин унга, ҳаёти менинг қўлимда эканлигини, агар мени адлия маъмурларига топширадиган бўлса, уни ташкилотимизга чақиб беражагимни айтдим. Мен жонимни сақлаш ниятида яшамоқчи эмасдим, балки кўзлаган ниятимни амалга оширишим керак эди. Эрим сўзимнинг устидан чиқишимни, тақдири менинг қўлимда эканлигини биларди. Мана шу сабабга кўра, фақат шу сабабга кўра у мени яширди. У мени ўтмишдан қолган ва ёлғиз унинг ўзигагина маълум бўлган мана шу хуфия ерга итариб киритди. Шундан буён у ўз хобхонасида овқатланадиган ва овқатининг бир қисмини менга қолдирадиган бўлди. Биз шундай аҳдлашиб олдик: полиция уйни тарк этганидан кейин, тунда бу ердан сездирмай чиқиб кетадиган ва бошқа ҳеч қачон қайтиб келмайдиган бўлдим. Лекин сизлар буни қандай билиб олгансиз – ҳайронман.
У кўйлаги ичига, кўксига қўл тиқиб кичкинагина бир пакет чиқарди.
– Охирги сўзларимни яхшилаб эшитинг. Бу қоғозлар Алексейни сургундан қутқаради, мен уларни виждонингиз ва адолатпешалигингизга ишониб сизга топшираман. Олинг уларни. Олиб бориб рус элчихонасига топширинг. Мен ўз бурчимни бажардим, энди…
– Тўхтатинг уни! – деб чинқирди Холмс.
У аёлга ташланиб қўлидан кичкинагина шиша идишни тортиб олди.
– Кечикдингиз, – деди аёл каравотга чалқанча бўлиб йиқиларкан. – Мен боя беркинган еримдан чиқаётганимда заҳар ичган эдим. Бошим айланяпти. Мен ўламан. Илтимос қиламан, сэр, ҳужжатларни топширишни унутманг.
– Оддий бир воқеа, лекин шу билан бирга айрим жиҳатлари ниҳоятда ибратли, – деди Холмс биз шаҳарга қайтаётганимизда. – Ҳамма гап пенснега бориб боғланган эди. Агар бахтли тасодиф туфайли котиб йигит жон бера туриб пенснени юлиб олмаганида, аминманки, бундай қарорга келолмаган бўлардик. Менга бир нарса аниқ эди: шишалари ниҳоятда кучли пенснесидан жудо бўлган одам худди кўр одамдек каловлаб қолиши керак эди. Эсингиздами, аёл орқага қайтаётганида яна ўша ўт босган ингичка йўлакдан ўтган ва қадамини бир марта ҳам четга босмаган, деб мени ишонтирмоқчи бўлган эдингиз, шунда мен буни оламшумул жасорат деб атаган эдим. Лекин ичимда бу мумкин эмас, деган қарорга келгандим, фақат агар аёлнинг ёнида эҳтиёт шарт олиб юрган иккинчи пенснеси бўлсагина гапингизга ишониш мумкин эди. Ана шунда мен, пенсне эгаси уйда бўлиши керак, деган тахминга қаттиқ ёпишиб олдим. Кейин икки йўлакнинг бир-бирига ўхшашлигини кўриб, аёл йўлдан адашган бўлса ажаб эмас, деб ўйладим. Агар шу тўғри бўлса, у албатта профессорнинг хобхонасига кириб қолиши керак. Бу мулоҳазам мени ҳушёр бўлишга ундади, шунга кўра, бу ерда биронта хуфия жой белгисини топиш учун, хонани ниҳоятда синчковлик билан кўздан кечириб чиқдим. Хонадаги гилам яхлит ва ерга таранг қилиб ёзилган эди, шунинг учун ертўла ҳақидаги фикримни миямдан чиқариб ташладим. Китоблар орқасида камгак ер бўлиши мумкин эди – қадимги кутубхоналарда бунақа жойлар учрайди. Мен хонанинг ҳаммаёғида, ерда девор ёқалаб китоблар уюлиб ётганига эътибор бердим, фақатгина ўша шкаф олди китоблардан холи эди. Бундан чиқди, бу шкаф эшик вазифасини ўташи мумкин эди. Лекин фаразимни исботлайдиган бошқа ҳеч қандай белги ё аломат йўқ эди. Шунда мен диққатимни яна гиламга қаратдим. У оч жигарранг тусда эди, бинобарин осонгина кўзлаган тажрибамни қўллаб кўришим мумкин эди. Бунинг учун мен ўша олий нав сигареталардан қанчадан-қанчасини узлуксиз чекиб, кулини шубҳали туюлган шкаф олдидаги гилам устига тўкавердим. Бу энг одми найранг жуда ҳам яхши самара берди. Кейин биз пастга тушдик, шунда мен, профессорнинг иштаҳаси очилиб кетганига ишонч ҳосил қилдим (ваҳоланки, миссис Маркерга нима мақсадда бундай савол бераётганимни сиз, Уотсон, унча тушунмадингиз ҳам). Шундай бўлиши турган гап эди, чунки профессор яна бир одамни боқаётган эди. Кейин биз яна ётоқхонага кўтарилдик. Мен бир қути сигаретани тўкиб юбориб, гилам сатҳини диққат билан кўздан кечириш имконига эга бўлдим ва бизнинг йўқлигимизда маҳбус аёл беркинган жойдан чиққанига ишонч ҳосил қилдим. Мана, Хопкинс, Чаринг-Кросс бекатига ҳам етиб келдик. Олиб борган тергов ишингизнинг муваффақиятли чиққани билан табриклайман. Сиз бу ердан тўғри Скотленд-Ярдга борсангиз керак, албатта. Биз эса, Уотсон, рус элчихонасига йўл оламиз.