Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Япон зобити», sayfa 2

Yazı tipi:

Уларни бир сиқувга олайлик-чи, балки бутунлай ҳайдаб юборармиз.

– Бўлмаса, келинглар, бирлашмамизнинг бош қўмондонини сайлаймиз, – деди Парфёнов ҳамюртларига диққат билан нигоҳ ташлаб.

– Ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ, – деди Сухоруков жиддийлик билан. – Савелий, бунча юкни сендан бошқа ким ҳам уддаларди? Етакчимиз ўзинг бўласан, вассалом. Оғайнилар, бунга нима дейсиз?

– Яхши фикр… Ўйлашга ҳожат йўқ… Савелийнинг боши олтиндан…

Шундай қилиб, ёши қирқларга кириб қолган архангельсклик денгизчи Савелий Парфёнов бўлғуси партизан қўшилмасининг раҳбари этиб сайланганди.

Ишни кечиктириб бўлмасди. Партизан етакчилари қурол-яроғ ортилган карвон ҳаракатланувчи ўрмон ва жарликни кўздан кечиришди, сўнгра қайси отряд қаерда яширинишини, ким нима қилишини келишиб олишди.

Фақат кутиш қолганди. Ҳаммаси худди Савелий Парфёнов айтганидек бўлди. “Онега” транспорт кемаси Оқ денгизга кириб келди ва қирғоқдан ўн чақиримча нарида, Шимолий Двина қуйиладиган жойнинг ўнгроғида туриб қолди. У ёғига ҳаракатланиш хавфли эди. Баҳайбат музлар дарёнинг қуйилиш жойидаги портни тўсиб, устмауст қалашиб кетган, баъзилари қарсиллаб ёрилиб тушарди. Улар тахтадан ясалган кемаларни бемалол мажақлаб, чўктириб юбориши ҳам мумкин эди.

Поморлар япон аскарлари назорати остида милтиқ ва патронли қутилар, ҳарбий анжомлар солинган тугунларни эшкакли қайиқларга туширишар ва қирғоққа ташишарди. Муз бўлаклари қайиқнинг ён деворига тегиб тарақлар, тўлқин эса уларни чайқатар, тўла юк ортилган кемачалар баъзида ағдарилгудек бўларди.

Қаттиқ шамол эсар, осмон узра қалин қора булутлар секингина сузар, совуқ ёмғир баъзан йўналишларини ўзгартириб, теварак-атрофда қия чизиқлар ҳосил қиларди. Совқотган аскарлар жунжикиб туришар, кўкариб кетган қўлларини шинелларининг чўнтакларига тиқиб олишганди.

Қирғоқда юкларни араваларга ағдаришарди. Хомуш отлар оғирлигини у оёғидан бу оёғига солар, сағрилари ёмғирдан қорайиб кетган ва уларда вақти-вақти билан титроқ турарди.

Юкларни араваларга куннинг ярмигача, ҳатто кечаси ҳам юклашди, эрталаб эса Архангельскка қараб силжишди.

Япон қўмондонлиги ўша куни жиддий хатоликка йўл қўйди. Партизанлар карвонга ҳужум қилиб, уни эгаллашга уринишини ҳеч ким кутмаганди. Шу пайтгача улар фақат тунда доимий постларга ҳужум қилишар, кундузи эса махфий жойларда бекиниб кутишарди. Бу уларнинг сони камлиги ва йирик ҳаракатларга қодир эмаслигидан дарак берарди. Шунинг учун ҳарбий юк ортилган карвонни жами йигирмата аскар қўриқлаб борарди, холос.

Арава ғилдираклари ғичирлар, ёпишқоқ лой уларни баъзан ўқигача кўмиб кетарди. Отлар оғир юкларни торта-торта ҳолдан тойганди. Аравакашлар тез-тез тўхтаб, чарчаган жониворларга дам беришарди. Аравалардан узун занжир ҳосил қилган карвон жарлик йўлига кирди. Атрофда бирор кимса йўқ, оғир сукунатни фақат ёмғирнинг шитирлаши ва қарғаларнинг қағиллаши бузиб турарди, холос. Аскарлар сафнинг ҳар икки томонидан милтиқларини маҳкам тутганча ва тепаликларни назардан қочирмай борардилар.

Бирдан ўқ овози эшитилди, соқолли кишилар милтиқларини ўқталганча тепаликлардан пастга – аравалар томон югурди. Ўзларини йўқотиб қўйган япон аскарлари бараварига тартибсиз ўқ узиб жавоб қайтарди. Улар деярли мўлжал олмай ўқ узишар ва ҳужумчиларга талафот етказа олишмади ҳам. Аравакашлар аскарларга таш ланиб, қўлларидан милтиқларни тортиб олди ёки стволларини ерга қадади, шу йўсинда японларнинг отишмага ўқ билан жавоб беришларига имкон қолдирмади.

Чамаси, бир соатлар ичида ҳаммаси тугади. Ўн иккита япон аскари дарҳол ўлдирилди, қолганлари яраланганди. Уларни ҳам милтиқлар билан бир ёқли қилиб қўя қолдилар. Партизанлар уч одамини бой берди, шунингдек, битта аравакаш ҳам ҳалок бўлди.

Ўзларининг ўлган одамларини тезда дафн этиб, ерни шиббалаб қўйишди, душман уларни топиб олса, ҳалок бўлганларнинг жасадларини таҳқирламаслиги учун қабрлар устига нам супурги ўт новдаларини ташлашди. Япон аскарларининг мурдаларини эса тепаликдан судраб олиб ўтиб, чуқур жарликка улоқтиришди. Шундан сўнг карвон йўлида давом этди.

Энди ҳаракат жадаллашди, аравакашлар отларни тезроқ юришга ундаб, қамчилаб қистай бошладилар. Соломбалагача яна ўттиз чақиримча бор, япон қўмондонлиги карвон ўз вақтида Архангельскка етиб келмаганини пайқаб қолса, ҳаммани оёққа турғазиши аниқ эди, у ҳолда таъқиб хавфи туғиларди.

Партизанлар шошилишар, отларга ёрдам бериб, елкалари билан аравалар ортидан итаришар, ўзлари эса ҳансираб қолишган, совуққа ва ёмғирга қарамай, енглари билан юзларидан қуйилиб келаётган терни артишарди. Улардан буғ чиқар, отлар ва одамлар бу ҳолатда бирбирларидан унчалик фарқ қилмасди.

Соломбалагача эсон-омон етиб олишди. Қуроллар ва бошқа ҳарбий аслаҳаларни ишончли жойга бекитишди. Отлар деҳқонларнинг ҳовлиларига тақсимланди, араваларни эса тўплаб ёқиб юборишди. Нам тахталар буруқсаб тутади, олов ўзининг заиф тиллари билан уларни ялар, лекин аланга ололмасди. Ниҳоят, кучли ҳарорат ўз ишини қилди, баланд гулхан нам ерни ҳам қуритиб юборди, ёмғир томчилари эса вишиллаб, тушаётгандаёқ олов устида буғга айлана бошлади. Ёниб кулга айланган гулхан узра оқимтир тутундан туман пайдо бўлди.

Партизанлар, уларга қўшилган аравакашлар пана жойга яшириндилар. Ёмғир кучайди, тез орада у жалага айланди, бу эса, албатта, қувонарли эди. Яқиндагина аравалар карвони ўтган жарликдаги йўлдан қоп-қора лой аралаш сув ариқ бўлиб оққач, ғилдираклардан ҳеч қанақа из қолмади. Карвон бамисоли ҳавога сингиб кетгандек эди.

Савелий Парфёнов ва бошқа партизан етакчилари ўлжаларни ҳисоблаб чиқишди. Беш юзтадан ортиқ милтиқ, беҳисоб патронлар, кўплаб гранаталар, озиқ-овқат ва турли ҳарбий анжомлар қўлга киритилганди. Йирик партизан бирлашмасини тузиш эндиликда ҳақиқатга айланганди.

Бирлашма қаерда жойлашиши, дастлаб нималар қилиш кераклиги ва келгусидаги ишлар аниқлаб олинди. Дарҳол Қизил армия қўмондонлиги билан алоқа боғлаш ва мўлжалланаётган режаларни улар билан мувофиқлаштириш керак эди.

– Энди нима қилсак ҳам, бизга битта “тил” керак, – йиғилишни якунларкан, таъкидлади Савелий Парфёнов. – Иложи борича япон офицерини қўлга туширишимиз ва ундан қисмларининг режаларини билиб олишимиз керак. Бусиз кўзи очилмаган мушукчадек ўтираверамиз.

На униси, на буниси хаёлига келтирмаган бўлса-да, партизан бирлашмаси раҳбари Савелий Парфёнов ва япон поручиги Ютаро Тоданинг тақдирлари шу тарзда туташди ва бир-бирига чамбарчас боғланди.

2

Штабга йиғилган офицерлар жаҳлдор ва хўмрайган юзидан полковник Исикуранинг кайфияти ёмонлигини дарҳол сезишди. Полк командири хушмуомала эмасди, лекин айтиш лозимки, у қўл остидаги одамларни ҳеч қачон ерга урмасди. У озғин бўлиб, кийган мундири худди кийим илгичда тургандек туюларди. Полковникнинг ёши улуғлиги юзидаги ажинлар ва ҳафсала билан текисланган, оқарган сочларидан сезилиб турарди. Унинг нигоҳлари тешиб юборгудек эди. Пруссия ҳарбий қўмондонларига тақлидан юқори лабини ингичка мўйлови безаб турарди.

Полковник узун столнинг бошида ўтирмас, хона тўрида у бурчакдан бу бурчакка бориб келар, бу ҳам кайфияти ёмонлигидан дарак берарди. Офицерлар мажлис бошланишини кутиб жимиб қолишди.

Полк штаби савдогарнинг кенг уйида жойлашганди. Савдогар эса оиласи билан эсон-омон чет элга қочиб яширинган, айтишларича, ҳозир Швецияда яшарди. Эгасиз қолган уй анча тўкилган ва аввалги тароватини йўқотганди.

– Жаноб офицерлар, – Исикуранинг овози кескин эди ва жаранглаб эшитиларди, – аҳволимиз ёмонлашмоқда. Ҳозиргина қўшинларимизнинг бош штабидан хабар қилишди. Кеча партизанлар қуролларимиз, турли ҳарбий анжомлар ортилган карвонимизни қўлга киритибди ва таъқибдан қочиб қутулибди. Кучли жала барча изларни йўқотиб юборган. Лекин улар руҳ эмас ва вақтни бой бермасак, қидириб топсак бўлади. Партизанлар ўчоғи ҳамда улар қуролларни бекитган жойни топиш, албатта, шарт. Эндиликда тиш-тирноғигача қуролланган бу одамлар, аминманки, йирикроқ бирлашмалар тузиб, тунги ҳужумлардан кундузги, кенг кўламли ҳаракатларга ўтади. Буларнинг барига тайёр туришимиз ва олдиндан чоралар кўришимиз зарур. Энг аввало, огоҳликни кучайтириши миз, батальон, рота ва взводларимизни тўлиқ жанговар ҳолатда ушлаб туришимиз керак. Шаҳарнинг тунги муҳофазаси ва қўриқлаш хизматини йирикроқ бўлинмалар билан кучайтиришимиз керак…

Полковник сўзлашдан тўхтади, яна девор олдида юришда давом этди ва Россия шимоли харитаси олдида тўхтади. Муҳим хабардан эсанкираб қолган офицерлар уни диққат билан тинглашарди. Қаерлардадир жанг давом этар, улар эса, умуман олганда, Архангельскда тинчгина яшаётгандилар. Исикуранинг сўзларига қараганда, уруш энди бу ерга ҳам етиб келади. Кўп йиллик хизматни ўтаб қўйган катта ёшдаги офицерлар ташвишлана бошлаган, поручик Ютаро Тода эса, аксинча, жонланганди. Ниҳоят, зерикарли тартибдаги гарнизон хизмати тугайди ва ҳақиқий иш бошланади. Охири йўқ қоровуллик хизмати унинг жонига теккан, энди янги таассуротларни хоҳларди. Поручик одмигина кийинган, мудом қовоғи солиқ ва кулбаларидан ташқарига чиқмайдиган маҳаллий аҳолининг яхши ўқитилган мунтазам қўшинга қарши чиқишига, уларни ҳатто чекинишга мажбур қилишига сира ишонолмасди. Ҳар ҳолда, Ютаро Тода ҳали ҳақиқий поморлар билан тўқнашмаган, Архангельскнинг ўзида ва атрофидаги қишлоқларда эса фақатгина чоллар, кампирлар, болалар қолишган, улар ҳақида жиддийроқ гапиришга ҳожат бўлмаганди.

Полковник бир неча сония харитани кўздан кечирдида, сўзида давом этди:

– Аввал айтганимдек, партизанлар танасиз руҳлар эмас. Келинг, улар қаерга бекиниши мумкинлиги ва қўлга киритган қуролларни қаерга яшира олиши ҳақида ўйлаб кўрайлик. Мана бу ерда қуюқ ўрмон жойлашган.

Исикура қалами билан харитадаги яшил доғни белгилади.

– Лекин улар бу ерга йўналгани даргумон. Кучли ёмғир ва совуқ ҳаво пайтида ўрмон яхши бошпана бўлол майди. Мабодо олдиндан ертўла ва омборхоналарни тайёрлаб қўйишмаган бўлса, албатта. Лекин бундай қилмаган бўлишса керак. Отрядларида одам кам, ўрмонга мослашиб яшаш кўп ишчи кучини талаб қилади. Эсингиздами, қишда, қор ҳақиқий муз қатламга айланганида, биз ўрмон четини, кейин ичини ҳам текшириб, шубҳали ҳеч нимага дуч келмагандик. Кўплаб одамлар бир ердан иккинчи ерга кўчса, буни яшириб бўлмайди, қордаги излари сотиб қўяди. Бундан ташқари, булар – поморлар, уларга ўрмондан кўра дарё ва денгиз қулайроқ.

Полковник шундай дея, қаламини харита устида тақиллатди:

– Демак, бир нарсага диққатимизни қаратамиз, – Архангельскдан ўттиз чақиримча нарида Соломбала деб аталадиган балиқчилар қишлоғи жойлашган. У Шимолий Двинанинг Оқ денгизга қуйилиш жойида. Қишлоқ унчалик катта эмас, у ерда яшириниш қийин. Лекин бир қарашда шундай. Соломбалада ташландиқ кемалар тураргоҳи мавжуд. Айтишларига қараганда, тураргоҳ кичкина жой эмас. Ўйлашимча, партизанлар қўлга киритилган қуролларни айнан ўша ерга яширган ҳамда ўзлари ҳам шу жойда қўним топишмоқчи. Ёмон обҳаво тезда тугайди, қуёш йўлларни қуритади, партизанлар эса Соломбаладан бизнинг таянч пунктларимизга, у ерда жойлашган қисмларимизга осонгина етиб олишлари, уларга ҳужум қилишлари, қисқа жанглардан сўнг ўрмонларга бекинишлари ёки кичкина кемачаларда Соловецк оролларигача етиб олишлари мумкин. У ерга бутун армияни жойласа бўлади.

Исикура яна жимиб қолди, кейин диққат билан харитага тикилди. Яна сўзлай бошлаганида, овозидан дарғазаблиги яққол билинди:

– Албатта, партизан отрядларининг асосий нишони биз эмасмиз. Уларнинг отряди катта эҳтимол билан оқ гвардиячиларнинг асосий қисми жойлашган Шенкурск ка йўналади. Партизанлар уларнинг эркин ҳаракатланишига йўл қўймайди ёки мажозий айтганда, оёқ-қўлини боғлайди, шу йўл билан қизил армиячиларга орқадан фаолроқ ҳаракат қилишга имкон яратиб беради. Лекин бу фақат тахмин. Партизан қўмондонларининг режаларини аниқроқ билганимизда эди… Буни қандай уддаласа бўлади? Разведкамиз бу ерда ҳеч нарса қилолмайди. Тахминий партизан қароргоҳларига юборган бир нечта гуруҳимиз изсиз ғойиб бўлди. Маҳаллий аҳолидан сўраб суриштириш натижа бермайди. Улар ҳеч нима билмаслигини баҳона қилиб жим туради ёки бизни баттар чалғитиб, безрайиб ёлғон гапиради. Пул таклиф этиш ёки қўрқитиш ёрдам бермайди… Тушунарсиз, ёввойи мамлакат!

Полковник Исикура қаламни столга ташлади.

– Шу кунларда Бош штабдан кўрсатма оламиз, кейинги барча ҳаракатларимизни шунга кўра аниқлаштирамиз. Ҳозирча биздан талаб қилинадигани – огоҳлик ва яна бир бор ҳушёрлик. Жаноб офицерлар, сизга рухсат. Поручик Тода Ютаро, қолишингизни сўрайман.

Бўлинма командирлари шовқин-сурон билан жойларидан туриб ташқарига йўл олишди. Ютаро Тода тик турган ҳолатда полковникка диққат билан қаради.

Исикура яна бир бор хона бўйлаб юрди-да, поручикка яқинлашди. У ўтирмади ва кичик офицерни ҳам ўтиришга таклиф этмади.

– Поручик, ўзингизни яхши томонлама ва ақлли офицер сифатида кўрсатдингиз. Сиздан кўнглим тўқ. Агар келгусида ҳам вазифангизга худди шундай қунт билан ёндашсангиз, тез орада хизмат мавқеингиз кўтарилишига ваъда бераман.

Ютаро Тода ихтиёрсиз жилмайди, командирдан мақтов эшитиш ёқимли эди.

– Сизга махсус ва масъулиятли вазифани топширмоқчиман, – Исикура айтаётган сўзлари муҳимлигини поручик ҳис этиши учун бир зум тин олди. – Яъни жанговар разведка операцияси. Ишончим комилки, партизанлар қўлга киритилган юкларни Соломбалага, айнан ташландиқ кемаларга яширган. Сиз тахминларим тўғрилигини тасдиқлашингиз керак. Ярим рота аскарни ихтиёрингизга олиб, Соломбалага жўнашингизни буюраман. У ерни батафсил текширинг, ҳар бир уй, ҳар бир кемани синчиклаб қаранг. Агар олиб қочилган қуролларни излаб топсангиз, уларнинг режасини йўққа чиқариш билан бирга кўплаб оқ гвардиячилар ва бизнинг аскарларимиз жонини ҳам сақлаб қолган бўласиз. Буни тушуняпсизми?

– Худди шундай, – қисқа жавоб берди поручик.

Полковник оқ оралаган калтагина мўйловини бармоқлари билан текислаб қўйди.

– Партизанлар қуролларни кемаларга эмас, бошқа ерга яширган бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳам бир тахмин. Лекин барибир эмасми? Ишончим комилки, улар Соломбалага жўнашган. Энг яқин эҳтимол шу. Бошқа қишлоқлар Архангельскдан жуда олисда жойлашган. Барибир қанақадир изларни топасиз. Қидирувларингиз натижалари ҳақидаги хабарларингизни махсус одам орқали юборинг. Соломбала билан телефон алоқаси йўқ, бўлганида ҳам фойдасиз эди. Партизанлар кўпинча уларни кесиб, ўраб олиб кетишади. Тиклашга улгурмаяпмиз. Ҳозирча ҳаммаси шу.

Дарвоқе, яна битта гап. Соломбалада сизга таржимон керак бўлади. Отрядингизга прапоршик Борисов бириктирилади. У японча гаплашади, бошқа бир қанча тилларни ҳам билади. Прапоршик сизга бўйсунади. Унга қаттиқроқ туринг, у саводли офицер, лекин ўзини анча баланд олади.

– Тушундим, – деди Ютаро Тода. – Буйруқни бажаришга рухсат берсангиз.

– Рухсат бераман, – полковник поручикнинг қўлини сиқди, бу унинг учун камдан-кам ҳолларда қилинадиган одат эди. – Сизга ишонаман.

Ютаро Тода штаб жойлашган уй айвонига чиқди ва атрофга боқди. Кўрганлари уни қувонтирди. Икки соатларча олдин уй томлари, нам ер ва ёйилиб кетган кўлмакларни савалаётган ёмғир тинганди. Намлик билан тўйинган ҳаводан зўрға сезиладиган бинафшаранг тутун тараларди. Булутлар ёрқинлашган, улар орасидан қуёшнинг шакли оқариб кўринар ва тез орада кунлар исишини ваъда қиларди. Кулранг туман тарқаб, баҳорий ранглар намоён бўла бошлаганди. Дарахтлар новдаларидаги ғунчалар сезиларли даражада бўртиб қолган, атрофда жигарранг, яшил ва ҳаворанг манзаралар сезила бошлаганди.

Поручик кўксини тўлдириб тоза ҳаводан нафас олди-да, ихтиёридаги бўлинма томон йўл олди. Унинг бўлинмасига бириктирилган аскарлар аллақачон ўша ерда эди. Ютаро Тода ярим ротани сафга тизиб, олдинда турган вазифани қисқача тушунтирди. Операциянинг барча тафсилотларини ошкор қилмади, чунки у маълумот ташқарига чиқиб кетишидан чўчиди. Аскарларга шаҳардан кетишлари, бошқа қишлоққа жойлашишларини айтди, холос. Эринмасдан ҳар бир аскарнинг қурол-аслаҳасини текширди, бир нечтасига эрталаб тонг саҳарда йўлга чиқишга тайёр бўлишларини буюрди.

Прапоршик Борисов бўлинмага сал кечикиброқ келди. Ўзини таништирди, сўнгра командир Ютаро Тода ихтиёрига келганини маълум қилди. Танишишди. Николай Борисов ўзи ҳақида қисқача маълумот бериб, Петербургдаги Шарқ тиллари институтини тугатганини айтди. Япон тилидан ташқари, инглиз ва француз тилларини ҳам биларкан. Оқ армия сафида бир йилдан кўпроқ вақтдан буён хизмат қилишини айтиб, зиёлилар, дворянлар оиласидан келиб чиққанини алоҳида таъкидлади.

Борисов поручикка ёқмади. Қанақадир рангпар, инглиз ҳарбий мундирини кийиб олган бу йигит қўлидаги хивич билан ора-сира сарғиш этигининг ёнига уриб қўярди. Ўзини анча эркин тутар, поручик уни тартибга чақириб қўймоқчи бўлди-ю, бу ишни кейинроққа қолдирди. Прапоршик ўзининг худди имтиёзли табақадан келиб чиққанини кўрсатиб қўймоқчидек, оқимтир-кўкиш кўзларини қисиб қўяр, юпқа лабларини буруштирар, гап оҳанги билан япон офицерини камситаётгандек эди. Ёрқин сарғиш мўйлабини чимдиб қўяр, ўзининг бевосита бошлиғига юқоридан қарарди.

Ютаро Тода ижирғанди. Ўзи битирган ҳарбий билим юртида ҳам шунақа олифталар пайдо бўлиб қолар, лекин ундайларни тезда жойига ўтқазиб қўйишарди. Лекин поручик биринчи таассуроти билан хулоса қилмасликни маъқул кўрди, чунки у алдамчи бўлиши ҳам мумкин эди. “Қани, кутай-чи, – қарор қилди у, – агар керак бўлиб қолса, бу олифтанинг пўстагини қоқиб қўяман.”

Борисов япончани бинойидек билар, эркин гапирар, лекин талаффузи бошқачалиги яққол сезилиб турарди.

Архангельскдан, поручик мўлжаллагандек, тонг саҳарда йўлга чиқишди. Об-ҳаво очилган, осмон мовий рангга кирган, салгина совуқ сезилиб турарди. Этиклар остидаги музлаган ер қирсиллар, юриш енгиллашган ва аскарларда доимий маъюслик сезилмас, шодон олға қадам ташлашарди. Олдиндаги иккита аравада озиқовқат ва аслаҳалар ортилганди. Ютаро Тода бегона кўз ва қулоқлардан эҳтиёт бўлиш мақсадида аравакашларни олмасликка қарор қилди. Аскарлар орасида қишлоқда вояга етганлар ҳам бор бўлиб, отларга қандай қараш кераклигини билишар ва жониворларни ўзлари ишонч билан бошқаришарди.

Йўл ўрмонга яқинлашди. Поручик ҳар эҳтимолга қарши олдинга соқчилар бўлинмасини юборди ва ўзи ҳам теварак-атрофни, ўрмон чангалзорини эътибор билан кўздан кечирди. Прапоршик ҳам ёнма-ён борар, гапни гапга улашга ҳаракат қилар, лекин Ютаро Тода қисқа жавоб қайтариб қўя қоларди. Муҳит ҳам суҳбатга қулай эмас, қолаверса, поручик ўзи ҳақидаги тафсилотларни ҳали яхши билмайдиган одамлари билан баҳам кўришни ёқтирмас, бунинг устига, прапоршикни ҳеч жини суймаётганди.

Соломбалагача уч суткача йўл юришди. Кечалари палаткаларда ухлашди, атрофни кучайтирилган қоровуллар қўриқлади. Ярим ротада етмиш нафар аскар бўлиб, овқат гулханда пишириларди. Поручик ҳарбий хизматчилар учун белгиланган овқат режимига қатъий риоя қиларди.

Кечаларнинг бирида япон отряди ўққа тутилди, лекин соғ-омон қолишди. Поручикнинг буйруғига кўра аскарлар тезгина доира шаклидаги мудофаага ўтиб, ўқ учқуни чиқаётган жойларга қараб, мўлжалга олиб отишма билан жавоб қайтаришди. Жанг бирор соат давом этгач, партизанлар ўрмонга яшириндилар. Шундан сўнг колоннани Соломбалагача ҳеч ким безовта қилмади.

Соломбала унча катта бўлмаган балиқчилар қишлоғи экан. Шимолий Двина бу ердан Оқ денгизга қуйиларди. Унинг оғзи кенг бўлиб, чучук сув оқими денгиз сатҳини тўлдирар ва унинг суви билан тўқнашган жойларда тўлқин ҳосил қиларди. Денгиз узра чайкалар учар, қўққисдан пастга шўнғиб, сувдан кичик балиқчаларни овлаб, яна осмонга кўтариларди. Уларнинг овозлари қумли текис қирғоққа дам-бадам урилаётган тўлқинларнинг шовуллашини босиб, атрофга анча узоқдан эшитиларди.

Приморьенинг бошқа қишлоқлари сингари бу ерда ҳам эркаклар кам бўлиб, асосан чоллар, аёллар ва болалар яшарди. Ташландиқ кулбалар ҳам сероблигидан рота учун жой масаласи тезда ҳал бўла қолди. Япон отрядини кўрган заҳоти маҳаллий одамлар ҳовлиларига кириб кетишди, қишлоқда жимжитлик ва кимсасизлик ҳукмронлик қилар ва фақат итларнинг ҳуришигина бу ерда қандайдир ҳаёт борлигидан дарак берарди.

Полковник Исикура партизанлар қўлга киритган қуроллар ва аслаҳаларни ташландиқ кемаларга яширган бўлиши мумкинлигини айтганди. Аскарлар жойлашиб, егулик тайёрлагунича Ютаро Тода кемалар қабристонини кўздан кечиришга қарор қилди. Бироқ кўрганидан сўнг ақли шошиб қолди. Чунки “Бу ерда юзтача кема бордир, қолганлари ўз умрини ўтаб бўлган балиқчилар кемаси бўлса керак” деб ўйлаганди, бироқ вазият бутунлай бошқача экан. Тураргоҳда минглаб кемалар бўлиб, уларнинг сон-саноғига етиш қийин эди. Қирғоқ томонда кемалар бир-бирига тартибсиз қалашиб уфққача туташиб кетганди. Улар орасида темирдан қурилганлари, ҳар хил мақсадлар учун ёғочдан ясалган турли ўлчамдаги кемалар ҳам бор эди. Улар зич турар, тўлқинлар тебратганида бир-бирига урилар ва тинимсиз гулдираган, қарсиллаган шовқин эшитиларди. Баъзи жойларда палуба қурилмалари, уларнинг устида эса мачта синиқлари кўриниб қоларди. Маҳаллий аҳоли яқинроқдаги кемаларни ўтин учун, баъзи тахталарини эса уйлари учун ажратиб олиб кетар, шундан сўнг уларда каттакон ёриқлар пайдо бўлиб, шпангоутлар2 худди қирғоққа чиқариб ташланган китларнинг қовурғаси сингари кўриниб турарди.

Чириган дарахт ва сув ўтлари ҳиди уфурар, ёғоч ҳамда темирдан яралган ушбу ўлик салтанатда совуқ шамол ғамгин ҳуштак чалар, хира офтоб нурлари эса кўзга ташланаётган зерикарли ва маъюс манзара таассуротини янада кучайтирарди.

Ютаро Тода бўлинмаси жойлашган манзилга ўйга ботган ҳолда қайтиб келди.

– Олдимиздаги вазифа мен ўйлаганчалик осон эмас, – деди у таржимонга, – бу қабристон ўнлаб километрга чўзилган. Бу ерга бутун бошли армияни бекитиш мумкин. Уни тўлиқ кўриб чиқиш учун бир умр ҳам камлик қилади.

Прапоршик масхаралагандек кулди.

– Кўриб чиқишингиз шарт эмас. Маҳаллий аҳолини бу ерга йиғамиз, ихтиёрий равишда қуроллар ҳамда партизанлар яширинган жойни топиб беришларини таклиф қиламиз. Агар рад этишса, бир-иккитасини отиб ташлаймиз, тезда ақлларини йиғиб олишади…

Поручик афтини бужмайтирди.

– Маҳаллий аҳолини йиғиш керакдир. Бу яхши фикр. Лекин уларга дўқ уриш ва отиб ташлаш билан таҳдид қилиш ортиқча. Биз партизанлар билан уришяпмиз, тинч аҳоли билан эмас. Кейин зўравонлик ҳеч қачон яхши натижаларга олиб келмаган.

Прапоршик ўз командирига такаббурона қаради.

– Майли, кўрамиз тинчликсеварлигингиз билан нималарга эришаркансиз…

* * *

Поручикнинг буйруғи билан маҳаллий аҳолини унча катта бўлмаган қишлоқ майдонига ҳайдаб келишди. Улар тўда бўлиб бошларини қуйи солганча жим туришар, фақат ўсмирлар чет эллик аскарларни қизиқиш билан кузатардилар.

Ютаро Тода қишлоқ етакчисининг уйи айвонидан Соломбала аҳлига мурожаат қилди.

– Бу ерларда партизанлар яширингани ва қуролларни ҳув анави ёққа бекитгани бизга маълум, – поручик қўли билан кемалар қабристонига ишора қилди. – Хоҳлардимки, бу жойларни ихтиёрий равишда ўзингиз кўрсатсангиз. Бизнинг вазифамиз – қуролларни олиш ва кетиш. Қон тўкиш ва тўқнашув керак эмас. Биз мамлакатингизга қонуний ҳукуматни тиклаш ва фуқаролар урушига чек қўйиш учун келганмиз…

Прапоршик Борисов поручикнинг айтганларини таржима қиларди, лекин Ютаро Тода сўзлари маҳаллий аҳолига етиб бормаётганини кўрди. Аксинча, уларнинг юзлари қаҳрга тўлиб, қарашлари янада бадқовоқлашди. Поручик таржимон ҳам ўзидан анча-мунча сўз қўшаётганини гумон қилди, буни унинг гап оҳангидан билса бўларди.

Ютаро Тода тўғри ўйлаётганди.

– Сиз, ифлос чўчқаларни, – дерди Борисов нафратомуз илжайиш билан, – кўриб турибманки, анчадан бери ҳеч ким саваламаганга ўхшайди, шунинг учун ўз хўжайинингизни эсдан чиқаргансиз. Агар чириган кемалар қабристонидаги қуроллар яширилган жойларни кўрсатмасангиз, ўша жойлар сизнинг ҳам қабристонингизга айланади. Бунинг учун уч кун муҳлат берамиз, кейин эса итваччаларингиз билан қўшиб отиб ташлаймиз, ҳе оналарингни…

Прапоршик соломбалаликларни оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан бўралатиб сўкди.

Биринчи қаторда турган оппоқ соқолли қария бошини кўтарди.

– Анча катта кетдингиз, жаноби олийлари, кейин аттанг қилиб юрманг!

Борисовнинг юзи ғазабдан қизарди.

– Сен, деҳқонбашара, ким билан гаплашаётганингни эсдан чиқардингми?

Борисов айвон панжарасидан сакраб тушди-да, қариянинг олдига келиб, хивичи билан юзига туширди.

– Сенга муомалани ўргатиб қўяман!

Хивич зарбидан чолнинг юзида қизил чизиқ пайдо бўлди. У лабларини қаттиқ қимтиганча, таржимонга қаҳрли назар билан қараб тураверди.

Борисов тўппончани олишга уриниб, зўр бериб ғилофни тимдаларди.

Ютаро Тода панжарадан сакраб тушди-да, таржимоннинг қўлидан тутди.

– Бас қилинг, деяпман сизга! – қичқирди у. – Ҳаммасини расво қилдингиз. Нега маҳаллий аҳолини бизга қарши қайраяпсиз?

Борисов ҳансираганча оғир нафас олар, юзидаги қизиллик секинлик билан кета бошлади.

– Сиз бу ярамасларни билмайсиз, – тўнғиллади у. – Инсонпарварлигингизга, поручик, бу ерда муносиб жавоб беришмайди. Бу ҳаромиларнинг ақлини фақат хипчин ва ўқ киритади.

Ютаро Тода соломбалаликлар билан гаплашиш энди бефойдалигини тушунди. У қўл силкигач, қишлоқ аҳолиси тарқала бошлади.

Калтак еган қария нималардир дер, лекин Ютаро Тода уни тушунмасди. Аслида, у шундай деганди: “Ўзимизнинг ҳайвондан кўра келгинди офицернинг кўнгли юмшоқроқ экан! Ҳали шошмай туринг, жаноб!”

Мўйсафидга бу сўзлари қимматга тушиши мумкин эди, лекин прапоршик Борисов аллақачон хона ичига кириб кетганди.

Соломбалаликлар ўз ҳовлиларига тарқала бошладилар. Поручик уларнинг ортидан қараб қолди. Унинг кайфияти тамоман бузилганди. У прапоршик Борисов билан ўзаро ҳамжиҳатликда иш олиб боролмаслигини ва бу зиммасидаги вазифани бажаришни ўта қийинлаштиришини тушунди. Шунга қарамай, у ўзини босиб туролмади.

– Биласизми, жаноб прапоршик, агар менга шу тарзда кўмак беришда давом этсангиз, тез орада ўзимизни Соломбалада худди қамалдаги маҳбуслардек ҳис этамиз, деб қўрқаман.

Прапоршик ўз одатига кўра юпқа лабларини буруштирди.

– Жаноб поручик, ўзга юртда қоидаларингизни ўрнатмай қўя қолинг. Бу ҳайвонларни ўз оғилига қандай ҳайдаб киритишни сиздан яхшироқ биламан. Шуни айтиб қўйишни лозим топаманки, мен бўлинмангизга бириктирилганман, холос. Демак, иккимиз тенг ҳуқуқлимиз. Шундай экан, илтимос, менга буйруқ берманг ва ўргатманг ҳам!

Шундан сўнг улар ўзаро гаплашмай қўйишди ва бошқа мавзуда оғиз ҳам очишмади. Агар иш юзасидан зарурат туғилса, қисқача савол-жавоб билан чекланардилар, холос.

Шу тарзда бир ҳафта ўтди. Бу вақт ичида қишлоқ атрофи, Соломбала аҳолисининг уйлари текшириб чиқилди, лекин шубҳали ҳеч нима топилмади. Ютаро Тода партизанлар кемалар қабристонига яширинганига шубҳаланиб қолди, чунки у бекиниш учун жуда ноқулай эди. Бу ерда юриш учун очиқ палубалар устида кезиш керак бўлар, буни эса яшириб бўлмасди. Боз устига, бу вақт ичида партизанлар бирор марта ҳам ўзларини сездирмади, ротани ўққа тутмади ва асосий базаларидан анча узоқдаги балиқчилар қишлоғида яшаб турган япон аскарларини безовта қилмади. Партизанларнинг мақсади “тил” сифатида унинг ўзини асирга олиш, сўнгра қўмондонсиз қолган ротага ҳужум қилиб, бутунлай йўқ қилолмаса, аскарларни тарқатиб юбориш ва ўз қисмларига қайтиб кетишга мажбурлаш эканини поручик қаердан ҳам билсин?

Разведка гуруҳи ўрмон четидаги ялангликда ёндириб юборилган аравалар қолдиғини кўргани ҳақида хабар берди. Шундан сўнг Ютаро Тода партизанлар ўрмонда яширингани ёки ўрмонни кесиб ўтиб, бошқа отрядлар билан қўшилганига ишонч ҳосил қилди. Чунки уларнинг вазифаси – оқ гвардиячиларни йўқ қилишда Қизил армия қисмларига ёрдам бериш, эндиликда қуролга эга бўлгач, жанговар ҳаракатларга фаол қўшилишлари мумкин эди.

Мулоҳазалар ўз йўлига, лекин полковникнинг буйруғини бажариш шарт ва Ютаро Тода аскарлари билан улкан кемалар қабристонини бирма-бир текширишга киришди.

Шимолнинг кўзга ташланмайдиган баҳори ўзининг келгани ҳақида борган сари дадилроқ хабар бера бошлади. Осмонда булутлар деярли қолмаган, унинг кенг юзасида фақатгина майда булутчалар сузиб юрарди. Лекин у кўзни қамаштирадиган даражада мовийлашмаган, рангпар, оқишранг кўк худди янги туғилган чақалоқнинг ҳали асл рангига кириб улгурмаган кўзларини эслатарди. Денгиздан ҳануз совуқ, изғирин шамол эсар, лекин музлар эрир ҳамда ғоваклашиб, намга тўла бошлаган, қорайиб ўз жойларини тобора тиниқ сувга бўшатиб бермоқда эди. Тўғри, вақти-вақти билан ёмғир ёғиб турарди. Қоп-қора булутлар сузиб юрар, паға-паға бўлар, уларнинг қуюқ ҳовурини кўзни қамаштирувчи чақмоқлар тилка-пора қилар, момақалдироқ товуши худди артиллерия овозини эслатар, сўнгра ёмғир тўри атрофга парда тутгандек бўларди. Лекин ёмғир илиқ эди, ундан сўнг дарахтларни яшил буғ қоплаб олар, деворлар атрофидан илк майсалар ниш уриб чиқар, ўрмоннинг ўзида эса доимги хўмрайган қорамтир ранг йўқолиб, ўрнига секин-аста жигарранг, оч қизил ва кўкиш ранглар намоён бўлаётганди.

Маҳаллий аҳоли баҳорий мавсумга тайёрланарди. Қирғоқда узун ходаларда ов тўрлари қуритилар, гулханлар ёнар, қозонларда елим эритилиб, у билан қайиқ ва қайиқчаларнинг ён деворидаги тешиклар бекитилар, кичикроқ кемалар деворига суриб чиқиларди. Соломбаланинг маҳаллий аҳолиси энди япон аскарларидан қўрқмай қўйган, ҳар икки томон ўз юмуши билан банд эди. Уларнинг бири оиласини боқиши, бошқаси эса қўмондонлик топшириғини бажариши керак эди. Балиқчилардан ботирроқлари аллақачон денгизга чиқишни бошлаган ва ўлжа билан қайтаётганди. Илгаригидек етук ёшдаги эркаклар кўринмас, бироқ овчи чоллар ҳам ўз маҳоратини йўқотмаган, қўрғонларда кумушранг товланаётган балиқ тангачалари қуриётган заминни безаб турарди. Япон аскарларининг озиқ-овқатлари тақчиллашиб борар, чунки ўзлари билан кўп захира олиб келишмаганди, шунинг учун балиқ уларга жуда асқатарди. Поручик аскарларни диққат билан кузатар ва маҳаллий аҳолига фақат яхши муомалада бўлиб, уларни хафа қилишларига йўл қўймасди. Ҳеч қандай зўравонлик ва йиғимлар йўқ эди. Соломбалаликлар ўзларига нисбатан бундай муносабатни дарҳол қадрлашди ва ўлжаларини японлар билан баҳам кўра бошлашди. Пул олишмас, япон иенаси бу ерда иш бермасди. Мол айирбошлаш гуркиради, ип, эскирган этик, кийимлар, теридан қилинган тасмалар ва, қўйингки, аскарларнинг аллақачон алмаштирилиши керак бўлган бор буюмларига балиқ берилар, балиқчиларга эса кундалик оғир юмушларида бу буюмларнинг фойдаси тегиб қоларди.

Кемалар қабристони поручикни ҳануз ҳайратга соларди. У чиндан ҳам чексиз эди. Ютаро Тода тушунмасди – нега поморлар кемаларни ташлаб юборади, наҳотки улар бирор нимага ярамаса? Лекин яқинроқдан кўргач, у ташландиқ кемаларнинг бари кераксиз лаш-луш эканини тушунди. Ёғочлар кўп йиллик хизматлари давомида чириндига айланиб бўлганди. Уларни қуртлар илматешик қилиб ташлаганидан ҳатто ўтинга ҳам ярамасди. Намиқиб, чириш ва моғордан қорайиб кетган бу ёғочлар тутаб ёнар, иссиқ бермасди.

Айрим кемаларнинг палубаси ҳали мустаҳкам бўлсада, баъзиларида юриш хавфли эди, оёқ қўйилса, улар ёрилиб кетиб, сув хира ойнадек йилтираётган ва борт боғичларининг ўткир синиқлари кўриниб турган остки бўлмага тушиб кетиш мумкин эди.

2.Кема ёки самолёт корпуси мустаҳкамлигини таъминлаш учун кўндаланг қўйилган ёғоч ёки темир.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
11 eylül 2023
ISBN:
978-9943-23-224-2
Telif hakkı:
Asaxiy books
Metin
Ortalama puan 4,5, 13 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 7 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 2, 2 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre