Kitabı oku: «ОЛИГАРХНИНГ МЕРОСХЎРИ», sayfa 3
–Албатта келаман, – ваъда берди Ринат.– Бошқа гап йўқми?
–Мана бу чек дафтарчангиз, – Плавник унга каттагина пакет узатди. , бу ерда Швейцария банкининг маҳаллий бўлимидаги ҳисоб-рақамингиз ҳам бор. Лекин, ҳозирча бор-йўғи уч миллионга. Қолган маблағдан Францияга боргач, фойдаланишингиз мумкин. Истасангиз, Россияга ўтказишимиз мумкин. Сизга қайсиси қулай бўлса, ўшандай қиламиз.
–Раҳмат.
–Яна, –деди адвокат, – сизга энди тансоқчи керак. Агар бир неча киши бўлса, яна ҳам яхши бўлади. Бизни тўғри тушунинг, сиз беҳад катта бойликка меросхўр бўлаяпсиз. Биз амакингиз ва оиласини нега ўлдиришганини аниқ билмаймиз. Франция ҳукумати Владимир Глущенконинг вилласига учиб келган вертолётга бомба қўйилганини аниқлашган. Натижада вертолёт ичида ким бўлса, ҳаммалари- ўзи, хотини, ўғли, қўриқчилар бошлиғи ва учувчи ҳалок бўлган. Табийки, то қотил топилмагунча қайдир даражадаги сизнинг тақдирингизга ҳам хавф остида қолаверади. Мен сизни қўрқитмоқчи эмасман. Аммо,албатта, тансоқчи олишингиз керак.
–Мен қаёқдан оламан, –ҳайрон бўлди Ринат. –Мана Дима бор…
–Бу камлик қилади,– кулди Плавник.– Ҳоҳласангиз, ҳозироқ ташкил қиламиз. Амакингиз томонидан ташкил этилган, худди, шу масала билан шуғулланнадиган алоҳида компания бор. Биз хавфсизлик хизматига қўнғироқ қилиб, бир неча синашта ходимларни жўнатишни сўраймиз. Бошланмасига кифоя қилади, деб ўйлайман. Машинангиз борми?
–Йўқ, – Ринат Димага қаради.
–Машинамиз бор, –деди Дима шоша-пиша.
–Яхши. Демак, қўриқчилар сизни керакли жойга олиб боради, олиб келади. Ҳар доим ёнингизда бўлишади. Эртага эрталаб уйингизга етиб боришади.
–Қайси уйимга?
–Айтдимку, ҳозир сизга тоғангизнинг собиқ квартирасини кўрсатишади, вақтинча ўша ерда яшаб турасиз. Калитни бизнинг ходимдан оласиз. Ҳамма ҳужжатлар қайта расмийлаштилгандан сўнг эса, қонуний эгаси сифатида кўчиб ўтасиз. Бошқа жойлардаги уй-жойлар ҳам тасарруфингизга ўтади.
–Мен бунинг нима фарқи борлигини тушунмаяпман.
– Агар уйнинг ҳақиқий эгаси бўлсангиз, ижарага беришингиз, сотишингиз, бировларга совға қилишингиз мумкин. Лекин, уй соҳибининг қариндоши сифатида турсангиз, бемалол яшайверасиз, аммо, уйга тегишли бирор нарсани сотишга ҳақингиз бўлмайди
–Мен ҳеч нарсани сотмоқчи эмасман, –деди дарҳол Ринат, – умуман олганда, сизнинг фикрингизни бирданига англашга ақлим ожизлик қилаяпти. Билганларингни қилинглар. Хуллас, у ерга қачон борсам бўлади?
–Ҳозирнинг ўзида. Сизга Тамара ҳамроҳлик қилади. У манзилни яхши билади, бир неча марта бўлган, қўлида уйнинг калити ҳам бор. Менинг ҳайдовчим хизматлингизда бўлади.
–Маъқул, – Ринат адвокатлар билан мулоқатдан толиққанди.
–Кейин эса амакингизнинг дала ҳовлисига борасизлар. Ҳозир у ерда ҳеч ким йўқ. Ҳатто, уй жиҳозлари ҳам қолмаган. Амакаингиз сотмоқчи ёки қайта таъмирламоқчи бўлганга ўхшайди. Афсуски, улгурмаган…
–Тушунарли.
–Эртага бўлса, сизни “Национал”да кутамиз. Кўришгунча хайр, жаноб Шарипов.
Ринат ҳорғинлик билан бош ирғаб, адвокатларнинг қўлини қисди. Узун кулранг ёмғирпўшдаги Тамара уларни пастда кутиб турарди. Афтидан у устки либосларининг ҳам костюмлари рангига мослаб танларди. Шунга қараганда Плавник яхши ҳақ тўларди.
Тамара Ринат билан орқа ўрнидиққа ёнма-ён жойлашди, Дима олдинга ўтиришга мажбур бўлди. Ҳайдовчи машинанниг оҳиста жилдирди.
–Бу – Москва дарёси соҳилидаги аслзодалар эгаллаган ҳудудда жойлашган янги уйлардан бири, – тушунтирди Тамара, қиздан ғаройиб хуш бўй тараларди. – Кваратира икки босқичдан, яъни, саккизта хона, тўрт ҳожатхона, жакузи ва кенг-мўл ошхонадан иборат. Тўрт йил олдин сотиб олинган. Хўжайин бу ерда оиласи билан деярли яшамаган. Чунки, аллақандай ҳайкалчалардан ташқари бирорта шахсий буюмга кўзимиз тушмади. Фақат, ҳар бири юз минг доллардан кам турмайдиган тўрт дона сурат бор экан, холос. Чамаси, безак учун олинганга ўхшайди.
–Уйнинг ўзи қанча туради? – қизиқсинди олдинда ўтирган Дима.
–Ҳозирги олиймақом квартираларга солиштирганда унча қиммат, деб бўлмайди. Қайта қуриш даврида сотиб олинган ва анча арзонга, бор йўғи ярим миллион долларга тушган.
–Арзимас пул экан, -маъқуллади Дима бошини олд тарафга буриб.
–Ҳозир қанча туради? – сўради Ринат.
–Тўрт миллион долларга яқин, – жавоб берди Тамара кордонлик билан.– Ичидаги бойликлари билан беш миллионга бориши мумкин.
–Жудаям зўр экан, – деди Дима ўзини тутаолмай. –Бутун бошли саккиз хонали уй-а?
–Шундай, –деди Тамара унинг киноясига эътибор қилмай,– Рублевкадаги дала ҳовли ҳам зўр. У ёқда ҳар сотих ер элликдан юз минг долларгача туради. Ҳар бир сотиғи! – ғурур билан таъкидлади у.– Ён қўшниларни эса фақат телевизорда кўрган ёки номини эшитган бўлишингиз мумкин. Ўнг тарафдаги ҳовли бош вазир ўринбосариники, чап томонда эса йирик нефт компаниясининг раҳбари яшайди. Ҳар бирининг ҳовлиси ўттиз сотихдан кам эмас.
–Ёки уч миллион доллар, –хуштак чаливорди Дима, – дала ҳовлимисан, дала ҳовли экан-да.
–Баъзи бир дала ҳовлилар бир гектардан ортиқ жойни эгаллаган, – айёрона жилмайди Тамара.– айримлари эллик миллион доллар туради. Сиз журналистлар Москвдаги уй-жойнинг нархини яхши билишларингиз керак-ку.
–Бизга бу ҳақда айтишмаган экан, – дарров жавоб топди Ринат. Шу пайт чек дафтарчаси эсига тушиб қолди. -Тўхтанглар, – илтимос қилди у, – балки, у томонларга боришдан олдин бирорта дўконга тушиб, эгни-бошимизни эпақага келитирармиз.
–Албатта, – уни қўллаб- қувватлади Тамара, – мен ҳам шуни айтмоқчи бўлиб турувдим ўзи. Қаердан харид қилишни ёқтирасиз?
–Бирорта аралаш моллар дўконидан-да.
Тамара яна кулимсиради. Кутилмаганда беҳад улкан бойликка эга чиқиб қолган йигитчанинг бўш-баёвлиги қизга ёқиб тушаётганди.
–Степан, Петровский растасига ҳайда, -таклиф қилди у ҳайдовчига.– Ўша ердан ҳоҳлаган нарсангизни танлаб олишнигз мумкин, -кейин Ринатга қараб қўшиб қўйди, – пойабзалдан тортиб, пальтогача ҳамма нарса бор.
–У ерда нархлар осмонда, дейишади-ку, – мужмаллланди Ринат.
–Сиздек бой-бадавлат киши учун нарх-навонинг нима аҳамияти бор? – елкасини қисди Тамара. – Кийимларнинг энг сарасини танлаш имконига эгасиз-ку!
Улар ўтирган “Мерседес” Неглинки кўчаси томондан келиб, савдо растаси ёнида тўхтади. Тамара биринчи бўлиб машинадан тушди-да, ичкарига кирди. Шунақа жойларни айланиш аёлнинг жони-дили экани шундоққина кўриниб турарди. Ҳамроҳлар кўзи пештахталардан бирига ёпиштирилган – бу ерда сотиладиган эркаклар костюми уч мингдан беш минг долларгача туриши, шу боисдан пули бўлмаган кимсаларнинг азбаройи қизиқиш юзасидан кириб юрмасликлари уқтирилган эълонни ўқишди. Дима ҳайрон бўлиб қаради. У шу хилдаги эълонлар борлиги ҳақида, ҳатто, эшитмаган ҳам эди.
Тамара зудлик билан Ринатга иккита костюм, бир нечта кўйлак ва бешта ажойиб галстук танлаб олди.
–Димага ҳам танланг, – деди Ринат қатъият билан.
Аёл елкасини қисди: миллиардерларнинг ғалати феъл-атворига кўникишга тўғри келади. Диманинг қўпол қадди- қоматига мос костюм топилиши қийин бўлди. Топилганини ҳам озроқ тўғриламаса бўлмасди. Аммо, гулдор кўйлаклар унга ёқиб тушди. У қачондан бери ўзи орзу қилиб юрган чарм курткани кийиб кўраётганида хурсандчилигидан, Ринатни қучоқлаб, қовурғасини қисирлатиб юборди. Шундан сўнг пойабзал бўлиимга ўтишди. Бу ерда Димага эски ботинкаларидан воз кечишга тўғри келди. Тамара бирданига беш жуфт, яъни Ринатга учта, Димага иккита пойабзал танлади. Аёл шу заҳоти пайпоқ, пойабзал мойи, туфлиқошиқ, бир жуфт шиппак ҳам сотиб олди.
–Бу ерда шиппаклар қанча туршини биласанми? – сўради Дима дўстидан
–Йигирма-ўттиз доллар бордир, – деди Ринат. –Бу энг қимматфуруш дўкон.
–Бир юз саксон тўққиз доллар экан, –жавоб берди Дима, –хонавайрон бўлиш ҳеч гапмас.
–Бу ахмоқона шиппакларни сотиб олишга ҳожат йўқ эди, – аччиқланди Ринат, Тамара эса аллақачон чек урдиришга улгурганди.
–Бу ерда бар ҳам бор, бироз дам олиб, тамадди қилишимиз мумкин,– тушунтирди Тамара, – ҳозирча эса иккала дўкондан олган нарсаларимизнинг пулини тўлашимиз керак. Мен келишдим, чек билан оладиган бўлишди.
–Менимча, бир неча минг доллар сарфладиг-ов,– паришонланди Ринат.
–Худди, шундай, –қувониб бош силкиди Тамара,– ўттиз саккиз минг доллар бўлди. Улар сизнинг кимлигингизни билишга ўлгудек қизиқишаяпти. Машҳур шоуменми, бандитми ёки нефтфуруш бойми, деб сўрашаяпти.
Вой, Худойим-ей, -деворга суянди Ринат, –нима дедингиз уларга? Ҳамма нарсасини қайтариб беринг. Мен бир сафарнинг ўзидаёқ бунча пулни сарфлай олмайман. Мумкин эмас ахир…
–Ўрганиб кетасиз, –таскин берди Тамара, -бу бошланиши, ҳали машина, яхта, ҳатто, кўнглингизга ёққан аёлларга бриллиант тақинчоқлар олишингизга тўғри келади. Қани, барга кетдик. Ринат деворга суянманг, ҳамманинг кўзи бизда. Иккита чек ёзинг. Манавиларни йигитлар машинага ташлаб қўйишади.
Улар барга ўтишгач, Тамара уч стакан янги сиқилган апельсин шарбати келтиришни буюрди. Ёш йигит буюртмани бажариб, чекни стол устига қўйди.
–Бир ярим минг рубл,– Ринатнинг бақириб юборишга сал қолди, –нима бу? Апельсин шарбатими ёки бошқа мевадан олинганми?
–Янги сиқилган шарбатнинг бир стакани бу ерда ўн икки ёки ўн беш доллар туради, –тушунтирди Тамара,– энг яхши ресторанларда ҳам нархи ўн беш доллар. Қимматмас.
–Бутун бир тушликнинг нархи-ку, -ғижинди Ринат.– Миллионер зотини ҳеч ҳам кўргани кўзим йўқ. Шунча пулга ҳам шарбат ичиш мумкинми? Ҳар қандай дўконда шарбатнинг нархи бир ярим доллардан ошмайди. Яна бир литр ёки икки литри-я.
–Уларнинг бари кимёвий қоришма,– тоқат билан тушунтирди Тамара,– турли хил озуқавий аралашмалар кукунидан қилинган. Бу ерда сифати бутунлай бошқа. Нима қипти? Сифатли нарса учун эса пул тўлаш керак-да.
–Тушлик бу ерингизда минг доллар турса керак, – Ринатнинг қаҳр-ғазаби ошди.– Москвада нарсаларининг нархи осмонга чиққан шунақа масканлар борлигини айтишганди, мен ишонмагандим.
– Фақатгина, овқатланиб қолмасдан, асл француз шаробидан бурютма берсангиз, тушлигингиз баъзан беш-олти баравар қимматга тушишиш мумкин,– афтидан шунақа нарсалар ҳақида гапириш Тамарага хушёқар, бу уни жазавага солиб, лаззат бағишларди.– Чунки, шаробнинг ўз бир неча минг доллар туради.
– Биз бу ерда тушлик қилмасак керак, деган умиддаман, -тушкун кайфиятда тахминлади Ринат, – акс ҳолда миллиардларимни бир неча йиллардаёқ еб битираман.
–Еб битираолмайсиз, –эътироз билдирди Тамара. – Аммо, кўпчилик ўшанақа шоҳона тушликка ўч бўлади. Ҳукумат идорасидаги айрим амалдорлар ҳам қимматбаҳо ресторанларга ташриф буюришни ёқтиришар экан. Ҳамма буни одатий ҳол, деб ҳисоблайди.
–Уларнинг еган-ичгани мижозларининг бўйнига-да, – Ринат соатига қаради.– Келинглар, бирорта егулик буюрайлик. Лекин, аввал нархини билиб олинглар. Агар нархи осмонга чиққан устрица билан крабни ( балиқ таомлари- тарж.) айнан шу бар учун Англия қироличаси ўз қўли билан тайёрлаган бўлса ҳам, мен оғзимга ҳам олмайман. Ёки бу ерда оддийроқ таом пиширилмайдими?
–Ҳозир буюраман.
Тамара Ринатнинг нега бу қадар асабийлашаётганини сира тушуна олмасди. Ахир, у қўлидаги миллионлари билан умрининг охиригача пул ҳақида қайғурмаса бўлади-ку. Кеча Ринат кетгандан сўнг Иосиф Борисович қабулхонага чиқиб келди-да, ушбу ярим татар, ярим украин, отасидан эрта айрилган, ёшлигида онасиз қолган, хотинидан ажрашган, ҳеч қаерда ишламайдиган, топгани амал-тақал кун кўришига етадиган йигитни назарда тутиб, паришон ҳолда “ доим ахмоқларга омад кулиб боқади” деди. Тўғрида, бу борада чидаб бўлмайдиган даражада адолатсизлик юз берганди: шунча катта бойлик, унга эга бўлишни орзу ҳам қилмаган, ҳатто омади нечоғлик кулиб боққанининг фаҳмига ҳам бормаган бир кимсага текканди.
Тамара бу нусханинг пуллари ўзининг қўлига тушса, қанақа усталик билан сарфлаши мумкинлигини кўнглидан ўтказаркан, бутун вужуди яйраб кетди. Ўзи йигитга ёқадиганга ўхшайди. Имкондан фойдаланиб, шу ёш йигитнинг энг яқин кишисига айланиб олиши керак. Унинг икки марта эр қилганини, ўн яшар ўғли борлигини, Плавникдан, фақат, маошгина эмас, “хос хизматлари учун” қўшимча ҳақ ҳам олиб туришини бунинг билиши шарт эмас. Ҳамма Иосиф Борисовичнинг жиноий ишлар билан шуғулланишни ёқтирмаслигини, бандитлар билан боғланишни хуш кўрмаслигин яхши биларди. У асосан фуқаролик ишлари, айниқса банкларга оид ишларни олиб бораради. Хорижликларнинг бошини айлантириш ёки Сибирдан келган қишлоқи бойваччани кўнглини олишга тўғри келса, у Тамарадан фойдаланарди. Меҳмонлар аёл билан танишганларидан сўнг барча контрактлар осонгина имзоланиб, шартномалар ўз вақтида тузиларди қоларди. Тамаранинг жозибаси шунда эдики, у эркакларнинг аёл билан муносабатда қайси усулни ёқтиришини, аммо, буни тан олишдан чўчишини яхши биларди. Бу журналист йигит ойига бериши мумкин бўлган беш ёки ўн минг долларни у пул, деб ҳисобламасди. Шунинг учун жон-жаҳди билан ёқишга ҳаракат қилаётганди. Бирор соатдан сўнг дарё соҳилидаги Москвадаги машҳур қурилиш компанияси томонидан бунёд этилган маҳобатли бинога етиб келишди. Ҳамма бу компаниянинг шаҳарда алоҳида пудрат асосида махсус ҳудудларда амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига буюртма олишини, бизнес-классга мансуб энг ҳашаматли биноларни қуриб, бусиз ҳам осмонга чиқиб кетган кўчмас мулкнинг нархини янада кўтаришини яхши биларди.
Эшик оғаларига марҳум олигархнинг хонадонига ким, нима мақсадда нега келганини ҳижжалаб тушунтиришга тўғри келди. Ниҳоят, уларни Владимир Глущенконинг квартираси жойлашган ўн саккизинчи қаватга қўйишди. Ринат бировга тегишли уйни ноқонуний эгаллаб олаётгандек, кимнингдир хуфя ишини билдирмасдан кузатаётгандек ўзини ноқулай сезаётганди.
Тамара эшикни очгач, ичкарига киришди. Ҳамроҳларининг ҳайратдан ўзгариб кетган чеҳраларига қараб, уйнинг уларда қанақа таассурот қолдирганини сезди-да, худди уларни ўзига тегишли масканга олиб киргандек роҳатланди. Аёл пошналарини тақиллатиб, қўш қаватни эгаллаган маҳобатли уйнинг ҳайратомуз хоналари билан таништиришга киришди. Ринат ва Дима озроқ чўчиган қиёфада жимгина йўлбошловчининг ортидан эргашишди. Йигирма метрлик ваннахона, ойнаси дарёга қараган қишки боғ жўраларнинг ақлини шоширди. Ётоқхона деразасидан эса шаҳар бутун кўркамлиги билан намоён бўлиб турарди. Барча ваннахоналарга қутиси очилмаган тиш чўткалари, тиш пасталари қўйилган бўлиб, улар ўз эгаларини кутиб турганга ўхшарди. Бир жойда ҳатто болалар тиш чўткаси ҳам кўзга ташланди. Буни кўриб Ринат хўмрайди. У бу уй ва ўзига теккан пуллар фожиали тарзда ҳалок бўлган оиланики эканини эслади.
Ошхона бўлса янги аср фан-техника ютуқлари кўргазмасини эслатарди. Айрим жиҳозларни биринчи бор кўриб туришлари бўлса-да, нималигини сўраб ўтиришмади. Музхонада бўм-бўш, лекин махсус музлатгичга маъданли сув ва кока-колалар териб қўйилганди. Тамара иш бўлмасида ичимлик шишалари қатор турган барни кўрсатди. Улардан бирортаси очилмаган, шу боисдан ушбу маскан бир пайтлар тирик инсон оиласи билан яшаган хонадондан кўра, мўъжазроқ ичимликлар дўконини эслатарди.
Улар меҳмонхонага қайтиб, чуқур чарм оромкурсиларда нафас ростлашди.
–Мана, бори шу, – деди Тамара қулочини ғалати тарзда ёйиб, Ринатнинг бўлажак мулкини кўрсатди,– ҳамма ҳужжатлар расмийлштирилгунга қадар бу ерда қолиб, бемалол яшайверишингиз мумкин. Ҳозир кеч бўлди, Рублёкага боришни эртага қолдирамиз. Марҳум қариндошингизнинг жуда серҳафсала инсон эди. Ҳафтада бир марта хизматчи келиб, ҳамма томонни саришта қилиб кетади. Ҳақини эса тоғангиз ташкил қилган компания ойма-ой тўлаб боради. Калитни пастдаги навбатчи эшик оғасидан олади ва ўшанга топширади. Уйнинг хавфсизлигини ҳам боя айтган компаниямдан ҳақ оладиган қўриқчилар таъминлайди.Бу ерда бошқа ҳеч ким бўлмайди.
Кимдир эшик қўнғироғини чалди. Икка жўра хизматчи бемаҳалда келиб қолгандек, чўчиб тушди. Тамара ўрнидан туриб қарагани кетди. Ҳайдовчилар халталар ва қутиларни олиб чиқишган экан. Уларни даҳлизга жойлаб, Тамара қайтиб келди. У Диманинг бу ердалиги даҳшатли тарзда ғашини келтираётганига иқрор бўлгиси келмасди. Агар шунча пул ва вақтнинг бошига етган ушбу бақалоқ йўқолсайди, Ринат билан яккама-якка қолган бўлар, йигитни шунақа бемисл меросга эга бўлган нозик пайтда, албатта, ёнида ўзи сингари ишончли бир киши бўлиши зарурлигига инонтирган бўларди. Ринат эса худди қаршисида эллик ёшли аёл тургандек, унинг борлигини парвойига ҳам келтирмас, бу билан аёлнинг дилига озор бераётганди. Бўш-баёв йигитчанинг қандай ажойиб аёл билан учрашиб турганига фаҳми етмаётгани кўриниб турарди. Тамара бор-йўғи ўттиз иккига кирган, йигит билан ўрталаридаги фарқ бир неча ёшдан ошмаса-да, Ринат кўзига ёш йигитча бўлиб кўринаётганди. Бу аёлнинг турли тоифадаги одамлар билан муомала қилавериб, кўзи пишиб кетганининг таъсири эди. Зеро, Тамара аллақачон унутиб қўйган инсоний хислатлар журналистлиги туфайли Ринатнинг қонида сақланиб қолган, манфаати йўлида шафқат нелигини билмайдиган махлуққа айланмаганди.
– Биз ўзи вазифамизни бажардик, энди уйга қайтсак ҳам бўлади.– Тамара Димани уйига ташлаб, бой меросхўр ёнига ёлғиз қайтишдан ҳамон умидини узмаганди. Бақалоқ эса унинг режасини чапараста қилиб ташлади.
– Биз бирга қоламиз, – деди у Ринатга меҳрибонлик кўрсатиб, униси бўлса, бош ирғаб, ошнасининг фикрини маъқуллади.
Тамара қарғаниб юборишдан ўзини зўрға тийиб қолди: ўзи истамагандан кейин, манава лапашанг каллаварамнинг бўйнига аёл боши билан осилиб ололмайди-ку, ахир. Бойлик ақлга ақл қўшолмас эканда. Шу даражадаги катта пул ҳам бунга ожизлик қиларкан. У хўрсиниб, дивандан қўзғолди.
–Кўзларингга қаранглар, – насиҳат қилди у хайрлашаркан. – Ҳеч нарсага тегинманглар, бирор нарсани синдириб қўйманглар. Чунки, ҳозирча бу уй вақтинчлик келиб яшаб турадиган жойларинг ҳисобланади.
–Биз иккаламиз биргаликда яшаймиз, – деди Дима ғурур билан.
–Дўстингиз баъзан ёлғизликни истаб қолар, деган умиддаман, – заҳарханда қилди Тамара эшик томон юраркан.
У хонадондан чиқиб, эшикни ўзи ёпди. Уни кузатиб қўйиш дўстларнинг хаёлига ҳам келмади. Тамара лифтдаги кўзгуга қараб. Ўзига назар солди: қад-қомати, кўриниши бинойидек.
–Тўпорилар, – у кўзгудан кўзини оларкан, нафрат билан вишиллади.
5 боб
Аёл кетиши билан Дима ғолибона қийқириб, ирғишлашга тушди, кейин ўзини тап этиб, диванга ташлади.
–Бунақанги уй эртакларда ҳам бўлмаса керак, – деди у ҳайқириб, – Ҳатто, мен ҳам бойларнинг шунчалик зўр яшашини билмас эканман. Сен энди бизнинг орамиздан чиққан супермиллирадерсан. Қандай зўр-а! Мени ойига миллион доллар маош билан ишга олишинг ҳам мумкин.
–Уйим куйиб кетади-ку бундай қилсам,– ташвишланди Ринат.
–Нега уйинг куяркан? -бошини кўтариб, қўлларини ёзди Дима.– Агар йилига менга ўн икки миллион доллар сарфласанг, қирқ йилда атиги ярим миллиард доллар кетади. Қўлингда ундан неча бор кўп пул қолади. Мен илгаритдан ҳам мумсиклигини сезиб юрардим.
–Ақлдан озибсан, – тўнғиллади Ринат.– Ҳали бу ишларнинг нима билан тугаши номаълум. Францияда меросдан қанақа солиқ олинишни биласанми? Россияда ҳам кам эмас. Ҳаммасини ҳали расмийлаштириш, солиғини тўлаб қўйиш керак. Балки, марҳум тоғамнинг бирорта бошқа қариндоши ҳам чиқиб қолар. Унда меросни бўлишишга тўғри келади. Кейин қон гуруҳи тўғрисидаги гапларга ҳам унча ишончиб бўлмайди. Қони биринчи ва тўртинчи гуруҳга мансуб ота-оналардан туғилган фарзандларнинг қони иккинчи ва учинчи гуруҳ бўлишига ким кафолат беради? Шунақа нарсаларга ҳеч ақлим етмайди.
–Шошма, –сакраб турди Дима.– Менинг ажойиб таниш врачим бор. Валентин Констановични биласан-ку. Айнан шу соҳа бўйича мутахассис. Онкология марказида қон касалликларини даволайди. Унга бир кун ишим тушиши хаёлимга ҳам келмапти.
–Тилингга терсак чиқсин, -унинг гапини бўлди Ринат.– Қўғироқ қилиб бил-чи, шунақаси бўлиши мумкинмикин?
–Ҳозир телефон қиламан. Қўл телефонимда рақами бўлиши керак.
У телефонини олиб, рақамини терди
–Валентин Константинович, ўзингизми? Салом. Безовта қилганим учун узр. Сизга бир ғалати савол бермоқчиман. Биз бир масалада баҳслашиб қолдик. Кўпчилик қанақасига бундай бўлишини тушунмаяпти. Агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, мутахассисларнинг айтишича, болалариники иккинчи ва учинчи гуруҳ бўлармиш. Менимча, бундай бўлмасак керак. Қон гуруҳи ота-онасиники билан бир хил бўлиши лозим-да. Шундай эмасми?
–Йўқ,– кулиб юборди Валентин Константинович,– айнан аксинча бўлади. Агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, болалариники, албатта, иккинчи ё учинчи гуруҳ бўлади. Бу тенгламани тиббиёт институтининг ҳар қандай талабаси яхши билади. Шерикларингизга айтинг, бундан ташвишланишмасин. Мен айтгандай бўлиши шарт. Мобода, болаларининг қони ота-онасиники билан бир хил – биринчи ёки тўртинчи гуруҳ бўлса, улар бошқа ота-онанинг фарзандлари бўлиб чиқади.
–Катта раҳмат, – Дима телефон гўшагига қарата куйлаб юборай деди,– жуда катта бош оғриқдан қутқардингиз бизни.
У телефонни отиб юбориб, Ринатни қучоқлади.
–Ҳаммаси тўппа-тўғри, -деди у тантанавор оҳангда, – агар ота-онасининг қони биринчи ва тўртинчи гуруҳ бўлса, болалариники иккинчи ва учинчи бўлар экан. Бошқача бўлиши мумкин эмаскан. Дўстимнинг айтишича, ушбу қонуниятни тиббиёт институтининг ҳар қандай талабаси билармиш.
– Билмайдиган ахмоқлардан сен иккаламиз қолган эканмиз-да, – Ринат унинг қучоғидан ситилиб чиқди, – Мен тушунаолмаяпман. Нега боланинг қон гуруҳи отасиники ёки онасиники ўхшамасдан, бутунлай бошқа гурҳга мансуб бўларкан? Шунақаям бўлиши мумкинми?
–Мен қаёқдан биламан. Маълумотингга кўра сен журналистсан, мен эса филологман, яъни, ўқитувчи. Бунақа тафсилотларини қаёқдан биламан? Бу гапни агар бошқа бировдан эшитсам, ўла қолсам ишонмасдим. Агар оиламда шунақа воқеа рўй берадиган бўлса, хотиним менга хиёнат қилган экан, деган ўй билан шартта уйдан чиқиб кетган бўлардим. Қараки, дунёда бундай гаплар бор экан. Мен-ку тушунмайман, аммо, профессор дўстимиз шу соҳанинг мутахассиси, янглишиши асло мумкин эмас. Сенинг француз адвокатларинг аниқ билмаса, айтиб ўтирмасди.
Ринат хонада уёдан бу ёққа юра бошлади.
–Кел, яхшиси, бардаги шишалардан бирини оламиз-да, ичамиз, -таклиф қилди Дима, –шу уйдаги биринчи тунимизни нишонлаймиз.
–Ҳеч нарсага тегинма, – илтимос қилди Ринат. – Ваннахонадаги болалар тиш чўткасини кўрдингми? Менинг кўзим тушган эса заҳоти эсимга тоғамнинг ҳалок бўлган ўғилчаси тушди. Сен бўлсанг, кел нишонлаймиз, дейсан.
–Бунақа бўлишига сен айбдор эмассан-ку. –эътироз қилди Дима. –Янаям ўзинг биласан. Сенинг ҳозир пулинг беҳисоб. Истасанг, бу ердагиларга тегмасдан, янги ичимлик олиб келишим мумкин. Айтгандай, пулларинг қани? Эски уйда қолдирдингми?
–Ҳа.
–Жа, ахмоқсан-да. Кетдик, олиб келиб келамиз. Йўл-йўлакай бирор жойга бош суқармиз. Меросни ювамиз. Хўмраяверма. Омадинг келиб қолди. Худо ҳам билади бунақа бойликни кимга беришни. Арши аълода ҳам нодонлар ўтиргани йўқ.
Ринат индамади. У елкасига қанақа масъулият юкини олаётганини энди англай бошлади.
–Кетдик. -деди у, -худди ўзимни аллақандай хиёбонда ўтиргандек сезаяпман. Жуда данғиллама жой уй экан. Ўзимни яланғочдек ҳис қилаяпман. Чунки, ўзининг хонам эмас-да.
– Бундан кейин ўша хонангни ёдингдан чиқар,– қичқирди Дима. – Энди сен фақат шунақа уйларда туришга ўрганишинг керак. Умуман олганда, бундан буён фақат кошоналарда яшаймиз. Зўр сарой сотиб оламиз-да, кўчиб ўтамиз.
–Яхшиси, шалоқ араванг ўрнига машина олганимиз яхшироқ, – фикр билдирди Ринат.
–Нега шалоқ арава бўларкан? –хафа бўлди Дима.– Машинам зўр машина.
–Ҳазиллашдим. Кетдик, буёғини кўраверамиз. Адвокат менга қўриқчи бермоқчийди. Энди менга янги машина керак бўлади.
–Лаънати буржуй!– қаҳр билан шивирлади Дима. – Сенга ўхшаган қонсўрарлар касрига меҳнаткаш халқ азоб тортади-да.
–Меҳнаткаш халқ сенми? Икки қадам босмай ҳарсиллаб қоласан. Қани, тезроқ бўл, ақлий меҳнат йўқсили.
–Балки, янги костюмларимизни киярмиз, – таклиф қилди Дима даҳлиздаги халта-қутиларга ишора қилиб.
–Ҳали кийишга улгурамиз.
Ринат калитни олиб, уйдан биринчи бўлиб чиқди. Дима унга эргашди. Пастдаги навбатчилар ҳовлини кесиб ўтиб, йўловчи машина тўхтатишга кетаётган бу ғалати кимсаларга ҳайрон бўлиб қараб туришарди.
–Биз тезда қайтамиз, – ваъда қилди Дима хайрлашув ўрнида.
Кеч соат олтидан сўнг шаҳар йўлларида бошланадиган автомобиллар тиқини касрига Красной Преснедаги уйга қирқ дақиқаларда етиб боришди. Ринат қайтиб чиққач, Дима яна “саккизлиги”ни юргизди, улар Ленинград пропектидаги автосалонга йўл олишди. Йўл-йўлакай дамини чиқармай келаётган Дима яна тилга кирди:
–Чиндан ҳам машинам сенга ёқмайдими?
–Ҳазиллашдим, – қутулмоқчи бўлди Ринат.
–Бу ҳазилмас. Шалоқ арава эканини ўзим ҳам биламан. Аммо, яхшисига пулим етмаса, нима қилай? Менга ҳеч қачон мерос ҳам тегмасак керак.
–Э, қўйсанг-чи, беъмани гапингни, ҳазиллашдим, дедим-ку. Машинанг яхши машина. Ҳеч кўнглингни бузиб ўтирма.
–Кўнглим бузилмайди. Ўзинг яхши биласан, мен ҳеч қачон бировга ҳасад қилган эмасман. Лекин, кундузи куни адвокатнинг хонасида ўтирганда, биринчи бор ўзимни бегона ҳис қилдим. Янги костюм ва ботинка учун сенга раҳмат. Фақат, бу нарсаларнинг менга кераги йўқ. Энди сен кирадиган жойларга мени қўйишмайди. Тўғри қилишади. Унақа жойларда биз қашшоқларга нима бор. Бундан кейин сенга ўралашмасам ҳам бўлади. Энди йўлларимиз бўлак-бўлак. Менинг ҳақлигимни ўзинг ҳам тушуниб турибсан. Энди сен миллиардерсан. Рабинович, Абрамович, Березовский, Гусинскийлар билан улфатчилик қиласан. Мен азалдан уч пулга қиммат журналист эдим, шундайлигимча қоламан.
–Кайфиятинг менга мутлақо ёқмаяпти,– унинг дийдиёсини бўлди Ринат,– бадбин одамга айланиб бораяпсан. Мен сени қувноқ, ҳаётга иштиёқманд инсон, деб билардим.
–Майли, мени ҳеч нарса демади, деб қўя қол. Лаънати ҳасад ҳиқилдоғимдан бўғаётган бўлса нима қилай? Шу бугуноқ онамга қўнғироқ қилиб, қариндошларимизни суриштириб кўраман…
–Мен бўлсам, онамга қўнғироқ қилиш қўлимдан келганида, бор пулимдан роз кечардим, –тан олди Ринат, -Сендақа файласуфни қара-ю. Ўзинг доимо бахт пулда эмас …
–Унинг миқдорида, – Дима кулиб, жўрасининг гапига якун ясади. – Етиб келдик. Юр, сен боп машинани танлайлик.
Ринат пуллик сумкани олгач, машинадан чиқишди. Улар келишган жойда “Ауди” русумли машиналар сотиларди. Меҳмонларга ҳилвираган костюмдаги юзлари бўғриққан йигит дарров пешвоз чиқди. У келувчиларнинг афт-ангорини кўриб, норозилик билан афтини бужмайтирди. Йигитларнинг кўринишиёқ энсасини қотиргани шундоққина билиниб турарди.
–Машиналарни шунчаки кўргани келдиларингми? – сўради у тўнглик билан, чунки, бу пала-партиш кийинган йигитларда янги “Ауди” олишга етадиган пул бўлмаслигига амин эди. Бунинг устига миниб келган машиналарининг қанақалигини ҳам кўриб турарди.
–Кўзингга қара, – деди Дима зарда қилиб, -Бизга қўполлик қилма, Саша. – У сотувчининг кўкрагидаги карточкадан исмни ўқиб олганди, – Қани, бизга энг зўр машинангни кўрсат. Акс ҳолда, менеджеринги чақиришимизга тўғри келади.
–Бизда уч эшикли яхши “Ауди-АЗ” машинаси бор,– деди Саша гапни чўзмай,– мотори кўндаланг жойлашган. Салони хэтчбек русумида жиҳозланган. Юз от кучига эга бўлган мотори иккита тўрт цлиндирли икки клапанли агрегати билан йиғилган…
–Гапни бас қил, – унинг сўзини бўлди Дима ва йигитнинг ёқасидан тутиб, ўзига тортди, – сен ахмоққа, энг яхшисини кўрсат, дейилди-ку. Яъни, энг яхшиси ва энг қимматини кўрсат. Нега ўтмас молингни тиқиштирасан? Борини кўрсатсанг-чи…
“Бандитлар, шекилли,” – хаёлидан ўтказди Саша. Меҳмонларни салоннинг бошқа бурчига – кумушранг ҳашаматли “Ауди-А8” турган томонига бошлаб борди.
–Энг зўри мана шу, – деди у,– мотори саккиз цлиндрли. Олти цилиндрли ҳаво ҳайдайдиган бор. Кузови ҳам яхши безатилган.
–Қанча туради? –сўради Ринат.
Машина унга манзур тушганди. Умрида бирор марта машина ҳайдамаган бўлса-да, дадиллик билан ўтириб олди.
–Бу русумдагиси бошқаларига қараганда қиммат туради. Гап шундаки, бунга қўшимча…
–Қанча туради? Нархини долларда айт.
–Бир юз йигирма икки минг доллар. Ҳозирги пайтда евронинг нархи кўтарилганини ҳисобга олганда…
–Тушунарли, -унинг гапини кесди Ринат, – ҳозирнинг ўзида нақд тўлайман. Ҳаммасини расмийлаштиришга неча дақиқа кетади?
–Нима дедингиз? – Кутилмаган гапдан Сашани ҳиқичоқ тутиб қолди. Оҳори кетган эгни-бошдаги иккита йигит алимсоқдан қолган “саккизлик” “Жигули”да келиб, энг қиммат русумдаги машинани сотиб олишса, пулини яна нақд тўлашса, ҳайратланмай бўларканми?
– Бор-йўғи ярим соатда тўғрилаймиз, – минғирлади Саша.
–Бўпти, тўғрила, – бош ирғади Ринат. – Пулини қаёққа тўлайлик? Ҳа, айтгандай, менга анави машинани ҳам кўрсат. Сал кичикроқдек кўринаяпти.
–Шундай, – маъқуллади Саша.– Буниси “Ауди А6”. Саксон минг доллар туради. Аммо, кўргазмага қўйганмиз. Агар сал шошмасангиз, арзонроғини ҳам топишимиз мумкин.
Буниси ҳам аввалгисидек кумуш рангда эди.
–Дима, –деди Ринат жўрасига – бу рўдопони ҳайдаб кетаоласанми? – У биринчи машинани кўрсатди.
–Билмадим, – деди Дима, – қўлимдан келмасов. Бунақа машинани ҳеч ҳайдамаганман. Синаб кўришим керак-да.
– Ўзимизнинг ҳайдовчиларимиз бор,– огоҳлантирди Саша, – ҳоҳлаган жойингизга қўйиб келамиз.
–Ундай бўлса, ҳужжатларни тўғрилашга кетдик, – деди Ринат шахд билан,– Дима, сен машинада ўтириб, бошқариш қўлингдан келармикин йўқмикин, қараб кўр. Фақат, менга паспортингни берсанг бўлди.
– Менинг паспортимни нима қиласан? -тушунмади Дима.
–Ишонч қоғозини сенинг номинга расмийлаштирамиз.
–Мени ҳайдовчи қилиб олмоқчимисан? Бошқа нарсага ярамайманми?
–Паспортни чўз, ахмоқ, –деди Ринат беғараз оҳангда, паспорт қўлига теккач, Саша билан биргаликда ҳужжатларни тўғрилагани кетди.
Дима ярим соат давомида салоннинг ходимлар билан ўтириб, машинани бошқаришнинг икир-чикирларини ўрганиб чиқди. Ринат қайтгач, салондан чиқиб, бошини ликкиллатди:
–Бу шунчаки автомобилмас, -деди мамнуният билан,– самолётнинг ўзгинаси. Ерда юрадиган ҳаво кемаси. Чин юракдан қутлайман, ажойиб машинани танладинг.
–Ҳозир буни менинг ҳовлимга қўйиб келишади, – бош ирғади Ринат,– мен бўлсам сени табрикламоқчиман.
–Нима билан?
Бу “саккизвой” меники, анави “олтивой” эса энди сеники.Номингга расмийлаштириб қўйдик. Қўшимча калитини ҳам олишинг мумкин. Уни ҳам ҳовлимга олиб боришади. Ҳоҳлаган пайтингда ҳайдаб кетишинг мумкин. У энди сеники.
–Сен шу машинани мен учун сотиб олдингми?– Дима қулоқларига ишонмасди. Унинг ҳаяжондон овози титраб кетди.
–Олдим, – деди Ринат, – Боя машинангни шалоқ арава, деганим учун узр сўрагим келди. Ўша машинанг билан неча марта жонимга ора киргансан, мен бўлсам сени хафа қилиб ўтирибман. Шунинг учун уловингни янгилаб бергим келди. Энди бошқача аравада юрасан, аммо, буниси энди немисларники.
–Се… сен… сен билсанми, кимсан…
–Сенинг дўстингман. Бўлди, бас қил. Калитни оливол, тентак.
Дима калитни олди. Ринатга термулди, миннатдорчилик маъносида бош ирғади. Унинг кўз қарашида кўп маъно бор эди.
–Раҳмат, – пичирлади Дима, -фақат, машинани ўзим ҳайдаб кетаман.
–Эскингни нима қиласан? Ё унисини уйингга элтиб беришсинми?
–Йўқ. Шу ерга ташлаб кетаман. Сашага совға қиламан. Унга ҳеч ҳам ёқмаётганди. Демак, шу ерда қолаверсин.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.