Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Алвидо, қурол», sayfa 2

Yazı tipi:

Тўртинчи боб

Эрталаб мени қўшни боғдаги батарея уйғотиб юборди. Деразадан қуёш чарақлаб тушиб турарди, ўрнимдан турдим. Деразадан ташқарига кўз югуртирдим. Йўлкалардаги майда шағал ҳўл, ўт-ўланларни шудринг босганди. Батарея икки маротаба ўқ узди. Ҳар ўқ узилганда ҳаво зириллаб кетар, дераза ойналари зинғиллаб, пиджагимнинг этаклари лап-лап кўтарилиб, тушарди. Тўпларнинг ўзи кўринмасди, лекин, афтидан, снарядлар бизнинг устимиздан учиб ўтарди. Биқинингда батарея жойлашган бўлса, тинчингдан, роҳатингдан айриласан, ишқилиб, энг катта ва оғир тўплар эмас экан-ку, деб ўзингга тасалли ҳам бериб қўясан. Деразадан қараб туриб, йўлга чиқиб бораётган юк машинасининг шовқинини эшитдим. Кийиниб пастга тушдим-да, ошхонада қаҳва ичиб, сўнг гаражга ўтдим.

Узун тим тагида ўнта машина қатор тизилиб турарди. Булар олди тўмтоқ, кузовлари баҳайбат, оч рангга бўялган, мебель ташийдиган фургонларга ўхшаш санитар машиналар эди. Ҳовлида мана шундай машиналардан бирининг ёнида механиклар ўралашишарди. Яна учта машина тоғлардаги тез ёрдам пунктларида эди.

– Анов батареяга ҳам снаряд отишяптими? – деб сўрадим механикларнинг биридан.

– Йўқ, signor tenente9. Уни тепалик тўсиб турибди.

– Ишлар кетяптими?

– Бир нави. Манави машина бутунлай ишдан чиққан, қолганлари ҳаммаси яроқли. – У ишини қўйиб жилмайди. – Сиз дам олиб қайтдингизми?

– Ҳа.

У қўлини тўр кўйлагига артиб, илжайди.

– Димоғни чоғ қилгандирсиз?

Унинг шериклари ҳам илжайишди.

– Шундайроқ, – дедим мен. – У машинага нима бўлибди?

– Ҳеч нарсага ярамайди. Соғ жойи йўқ. Ҳали у, ҳали бу.

– Ҳозир қаери бузилган?

– Поршень ҳалқаларини алмаштириш керак.

Мен уларни мотори очилган, қисмлари олиниб зиначага териб қўйилганидан талон-торожга учрагандай ўксик кўринган машина олдида қолдириб, ўзим тимга ўтиб, барча машиналарни бирма-бир қараб чиқдим. Улар бир нави, артиб, тозалаб қўйилганди, баъзилари ҳозиргина ювилган, бошқа бирларини билинар-билинмас чанг босган эди. Мен тошлар қириб, ёриб юбормаганмикан деб, ҳамма ғилдиракларни диққат билан кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидадек эди. Кўринишдан мен бу ерда ҳаммасини назорат қилиб тураманми, йўқми, фарқсизга ўхшарди. Мен, машиналарнинг қандай аҳволда бўлиши, у ёки бу қисмларни топиб келтириш, тоғлардаги тез ёрдам пунктларидан касал ва ярадорларни кечиктирмай кўчириш, уларни тарқатиш пунктига келтириш ва ҳужжатларда кўрсатилган госпиталларга жойлаштириш кўп жиҳатлардан менга боғлиқ, деб кеккайиб юрарканман. Лекин, афтидан, менинг бу ерда бор-йўқлигимнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди.

– Керакли қисмларни олишда қийналмадингларми? – сўрадим катта механикдан.

– Йўқ.

– Ёнилғи омбори ҳозир қаерда?

– Ўша, ўз жойида.

– Жуда соз, – дедим мен ва уйга қайтиб офицерлар ошхонасида яна бир стакан қаҳва ичдим. Қаҳва оч бинафша рангли, қуюлган сут қўшилганидан ширин эди. Ташқарида кўкламнинг эрталабки аломат ҳавоси эди. Кун иссиқ бўлишидан дарак бергандай димоққа енгил ҳовур урилди. Шу куни мен тоғлардаги постларни айланиб, уйга кеч кирганда қайтдим.

Мен йўқлигимда ишлар бирмунча ўнгланиб кетгандай кўринарди. Қулоғимга тезда ҳужумга ўтсак ажабмас, деган гаплар чалинди. Биз хизмат кўрсатадиган дивизия дарёнинг юқори томонларида ҳужум қилиши белгиланган эди, шунинг учун майор менга постлар ҳужум пайтига тайёр турсин, деб тайинлади. Ҳужум қилувчи қисмлар даранинг юқорироғида дарёдан кечиб, тоғ этаклари бўйлаб ёйилиши керак эди. Машиналар турадиган постлар иложи борича дарёга яқин бўлиши, панада жойлашиши шарт эди. Жойларни, албатта, пиёда қисмлар кўрсатиши керак бўлиб, режани эса биз ишлаб чиқишимиз кўзда тутиларди. Бу биз ҳам ҳарбий фаолият олиб бораётганимизни кўрсатувчи хўжа кўрсинга қилинадиган тадбирлардан эди.

Ҳамма ёғим чанг-чунг, лойга ботиб қайтдим, ювиниб олиш учун хонамга кўтарилдим. Ринальди Хюгонинг инглиз тили грамматикасини қўлида тутиб, каравотда ўтирган экан. У бошдан-оёқ кийинган – оёғида қора туфли, сочи ялтирар эди.

– Тасанно, – деди у мени кўриб. – Сиз мен билан бирга мисс Барклининг олдига меҳмонга борасиз.

– Йўқ.

– Ҳа. Сиз борасиз, чунки мен буни сиздан ўтиняпман, яна бир гап, унга ёқишга ҳаракат қилинг.

– Ҳай, майли. Сал одамбашара бўлиб олай унда.

– Ювининг-да, шундоқ бораверинг.

Мен ювиндим, сочимни тарадим, йўлга отландик.

– Шошманг, – деди Ринальди, – озгина ичиб олсакмикин дейман, – у сандиқчасини очиб, ичидан шиша олди.

– Фақат стрега ичмаймиз, – дедим мен.

– Йўқ. Граппа.

– Майли.

У икки стаканга қуйди ва биз кўрсаткич бармоқларимизни чиқариб, уриштирдик. Граппа жуда ҳам ўткир эди.

– Яна биттаданми?

– Майли, – дедим мен. Граппанинг иккинчи стаканини ҳам ичиб олдик. Ринальди шишани олиб қўйди, биз пастга тушдик. Шаҳардан кета туриб исиб кетдик, лекин қуёш ботиб бормоқда эди, ўзимизни енгил ҳис қилардик. Инглиз госпитали уруш арафасида алла қандай бир немис қурган каттакон виллада жойлашганди. Мисс Баркли боғда экан. Унинг ёнида яна битта ҳамшира бор эди. Биз дарахтлар орқасидан уларнинг оқ кийимларини кўрдигу, тўғри олдиларига боравердик. Ринальди ҳарбийча салом берди. Мен ҳам шундай қилдим, лекин ўзимни босиқроқ тутдим.

– Салом, – деди мисс Баркли. – Сиз, италиялик эмассиз, шекилли?

– Ҳа.

Ринальди бошқа ҳамшира билан гаплашаётган эди. Улар ҳиҳилашди.

– Италия армиясида хизмат қилиш – ғалати-я.

– Буни армия демаса ҳам бўлади. Бу санитар отряди, холос.

– Барибир ғалати туюлади. Нега бундай қилдингиз?

– Билмадим, – дедим мен. – Сўз билан англатиб бўлмайдиган нарсалар бор.

– Ростдан-а? Менга бўлса, бунақа нарсалар йўқ, деб ўргатишган.

– Хўп қилишган экан.

– Албатта шу йўсинда гаплашишимиз керакми?

– Йўқ, – дедим мен.

– Худога шукр.

– Қўлингиздаги қанақа асо? – сўрадим мен.

Мисс Баркли санамарастадай қиз эди. Унинг эгнидаги мен ҳамшира кийими деб ўйлаган нарса оқ кўйлак бўлиб чиқди, сочлари оқ сарғишдан келган, бадани қизғимтир, тилла ранг, кўзлари ним кўк тус. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди. Унинг қўлида ўйинчоқ таёқчага ўхшаш ингичка ротанг асо бор эди.

– Бу – бир офицерники, у ўтган йили ҳалок бўлди.

– Кечиринг…

– У жуда ҳам ажойиб эди. Мен унга турмушга чиқадиган эдим, уни Соммда ўлдиришди.

– Тоза қирғин-барот бўлган унда.

– Сиз у ерда бўлганмисиз?

– Йўқ.

– Менга айтиб беришганди, – деди у. – Бу ерда уруш унчалик эмас, дейишади. Менга шу таёқчани жўнатишди. Онаси юборибди. Таёқчани бошқа нарсалари билан бирга қайтаришган экан.

– Унашганларингизга анча бўлганмиди?

– Саккиз йил. Бирга катта бўлгандик.

– Нега унга олдинроқ тегмадингиз?

– Ўзим ҳам билмайман, – деди у. – Аҳмоқлик. Унга олдинроқ тегсам бўлаверарди. Лекин мен унга жавр қиламанми, деб қўрқдим.

– Тушундим.

– Сиз ҳеч севганмисиз?

– Йўқ, – дедим мен.

Биз «эшак»ка ўтирдик ва мен унга қарадим.

– Сочингиз чиройли экан, – дедим мен.

– Сизга ёқдими?

– Жуда.

– У ўлганда кесиб ташламоқчи бўлувдим.

– Қўйинг-э.

– Унинг хотирасига шундай қилмоқчийдим. Мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим; агар у истаса, мен ундан ҳеч нарсамни аямасдим. Агар сал фаҳмига етсайдим, у истаган нарсасига эриша оларди. Мен унга турмушга чиққан бўлардим ёки турмушга чиқмай ҳам кўнглини олардим. Энди мен буларнинг барини тушунаман. Лекин ўшанда у урушга кетадиган эди, мен эса ҳеч нарсани тушунмасдим, фаросатим етмасди.

Мен индамай қулоқ солиб турдим.

– Мен у пайтда умуман ҳеч нарсага тушунмасдим. Мен шундай қилсам, унга ёмон бўлади, деб ўйлардим. Мен у бунга бардош бериб кетолмайди дердим. Кейин уни ўлдиришди, энди ҳаммаси тамом бўлди.

– Ким билсин.

– Ҳа, ҳа, – деди у. – Энди ҳаммаси тугади.

Биз бошқа ҳамшира билан гаплашаётган Ринальдига қарадик.

– Унинг оти нима?

– Фергюсон. Эллен Фергюсон. Сизнинг дўстингиз, врач, шундайми?

– Ҳа. У жуда ҳам яхши врач.

– Қандай яхши. Фронт яқинида яхши врачлар камдан-кам учрайди. Бу фронт яқини-ку ахир, шундай эмасми?

– Албатта.

– Аҳмоқона фронт, – деди у. – Лекин бу ер жуда чиройли экан. Нима, ҳужум бўлармишми?

– Ҳа.

– Роса ишимиз кўпаяркан-да. Ҳозир ҳеч қандай иш йўқ.

– Сиз анчадан бери ҳамшира бўлиб ишлайсизми?

– Ўн бешинчи йилнинг охиридан бери. У кетиши биланоқ мен ҳам кетдим. У мен ишлайдиган госпиталга тушади, деб ўйлайманми тентак бўлмасам. Қилич зарбидан ярадор бўлиб, боши дока билан ўралган бўлади, деб юрибман. Ёки елкасини ўқ тешиб ўтади, дебман. Шунга ўхшаш романтик хаёлларда юрардим.

– Энг романтик фронт шу ерда, – дедим мен.

– Ҳа, – деди у. – Одамлар уруш Францияда қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қилолмайдилар. Агар тасаввур қилганларида, бу узоқ давом этмаган бўларди. У қилич зарбидан яралангани йўқ. У парча-парча бўлиб кетди.

Мен индамадим.

– Сиз бу узоқ давом этади, деб ўйлайсизми?

– Йўқ.

– Охири нима бўлади?

– Бирон ерда чирт узилади-кетади.

– Биз узиламиз. Биз Францияда узиламиз. Соммдагига ўхшаш қилғиликни қилиб қўйиб ҳам узилмай бўладими?

– Бу ерда узилмайди, – дедим мен.

– Наҳотки?

– Ҳа. Бултур ёз ишлар ёмон бўлмади.

– Узилиши мумкин, – деди у. – Ҳамма ёқда узилиши мумкин.

– Немисларда ҳам.

– Йўқ, – деди у. – Ундоқ эмас.

Биз Ринальди билан миссис Фергюсоннинг олдига бордик.

– Сиз Италияни севасизми? – деб сўрарди мисс Фергюсондан Ринальди инглизчалаб.

– Тузук, ёмон эмас.

– Тушунмадим. – Ринальди бошини чайқаб қўйди.

– Abbastanza bene10, – тилмочлик қилдим мен. У бошини чайқади.

– Бу яхши эмас. Сиз Англияни севасизми?

– Унчамас. Биласизми, мен шотландияликман.

Ринальди менга савол назари билан қаради.

– У шотландиялик, шунинг учун Англиядан кўпроқ Шотландияни севади, – дедим мен италянчалаб.

– Аммо Шотландия – ахир Англия-ку.

– Мен унинг сўзларини мисс Фергюсонга таржима қилиб бердим.

– Pasencore11, – деди мисс Фергюсон.

– Бўлганича йўқ?

– Ва ҳеч қачон бўлмайди. Биз инглизларни ёқтирмаймиз.

– Инглизларни ёмон кўрасиз? Мисс Барклини ёмон кўрасизми?

– Э, бу бутунлай бошқа гап. Бундай яланғоч тушуниш ярамайди.

Бир оз ўтгач, биз хайрлашдик. Йўл-йўлакай Ринальди деди:

– Сиз мисс Барклига мендан кўра кўпроқ ёқиб қолдингиз. Бу кундай равшан. Лекин анов шотландиялик қиз ҳам ёқимтойгина экан.

– Жуда ҳам, – дедим мен. – Мен унга тузукроқ қарамаган эканман. У сизга ёқдими?

– Йўқ, – деди Ринальди.

Бешинчи боб

Эртаси куни мен яна мисс Барклининг олдига бордим. Боғда у кўринмади, шунинг учун мен санитар машиналар келиб-кетиб турган вилла ёнидаги эшикка яқинлашдим. Ичкарига кириб, госпиталнинг катта ҳамширасини кўриб қолдим. У менга, мисс Баркли навбатчилик қиляпти, деди.

– Уруш, биласиз-ку.

Мен, биламан, дедим.

– Сиз италян армиясида хизмат қилиб юрган ўша америкаликмисиз? – деб сўради у.

– Ҳа, мэм.

– Нега ундай қилдингиз? Нега ўзимизга ўтмадингиз?

– Ўзим ҳам билмайман, – дедим мен. – Энди сизларга ўтсам бўлармикин?

– Энди ўтиб бўлмас дейман. Айтинг-чи, нега италян армиясига кирдингиз?

– Мен Италияда яшаганман, – дедим мен, – мен италянча гаплашаман.

– О! – деди у. – Мен италянчани ўрганяпман. Жуда чиройли тил.

– Уни икки ҳафтада ўрганиб олса бўлади, дейишади.

– Йўғ-э, мен икки ҳафтада ўрганолмасман. Мен бир неча ойлардан бери шуғулланаман. Агар уни кўрмоқчи бўлсангиз, соат еттидан кейин кела қолинг. Унгача ишини топшириб бўлади. Лекин ўзингиз билан қаланғи-қасанғи италянларни судраб юрманг.

– Тили чиройли бўлишига қарамасдан-а?

– Ҳа. Ҳатто чиройли мундирларига ҳам қарамасдан…

– Кўришгунча, – дедим мен.

– Arivederci, tenente12.

– Arivederci. – Мен ҳарбийча қўл силкиб, чиқиб кетдим. Чет элликларга италянчасига ҳарбий салом бериб, одам ўзини ғоят ўнғайсиз сезади. Италянча ҳарбий салом четга чиқаришга мўлжалланмаган экан, шекилли.

Кун иссиқ эди. Мен эрталаб Плава томондаги кўприк олди истеҳкомига бориб келдим. Ҳужум шу ердан бошланиши керак эди. Ўтган йили нариги қирғоқдан деярли юриб бўлмасди, чунки довондан понтон кўприккача ёлғиз биргина йўл бўлиб, у ҳам бир чақирим масофада пулемётлар ва тўплардан ўққа тутилиб турарди. Бундан ташқари ҳужумни таъминлаб берувчи барча транспорт воситалари учун торлик қилганидан, австрислар бизнинг тоза абжағимизни чиқаришлари мумкин эди. Аммо италянлар дарёдан ўтиб, қирғоқ бўйлаб иккала томонига шунчалик силжиб боришган эдики, энди улар дарёнинг Австрияга тегишли қирғоғида бир ярим чақиримча майдонни эгаллаб олишганди. Улар қўлга киритган энг катта устунлик шу эди, австрислар эса энди уларнинг бу ерда мустаҳкамланиб олишларига йўл қўймасликлари керак эди. Ўйлайманки, иккала томон ҳам ўзаро дилозорлик қилишдан тийилгандай, дарёнинг қуйи томонидаги бошқа бир кўприк олди истеҳкоми эса ҳамон австристлар қўлида эди. Австрия хандақлари қуйироқда – тоғнинг этагида, италянлар турган жойдан бир неча қадам нарида эди. Аввал қирғоқда шаҳарча бор эди, лекин ундан ном-нишон қолмади. Булардан нарироқда темир йўл станциясининг вайроналари ҳамда очиқ ялангликда бўлганлигидан тузатиб-нетиб бўлмайдиган бузилган кўприк бор эди.

Мен тор йўлдан дарёга томон тушиб бордим-да, машинани тепалик этагидаги тез ёрдам пунктида қолдириб, тоғ пана қилиб турган понтон кўприкдан ўтдим ва вайрон бўлган шаҳар ўрнида ҳамда тоғ ёнбағрида жойлашган хандақларни айланиб чиқдим. Ҳамма блиндажларга кириб олган эди. Мен артиллериядан ўт очиб ёрдам сўрашга ёки алоқа узилиб қолганлиги-ни маълум қилишга тайёрлаб қўйилган ракеталарни кўрдим. Ҳамма ёқ жимжит, ҳамма ёқ ифлос, кун эса иссиқ эди. Мен сим тўсиқлардан австрия позицияларига қарадим. Жон асари кўринмасди. Мен таниш капитан билан блиндажлардан бирида ичдим-да, кўприкдан ўтиб орқага қайтдим.

Тоғнинг бели оша янги кенг йўл буралиб-буралиб кўприккача бориб тушарди. Мана шу йўл битиши биланоқ ҳужум бошланиши керак эди. У ўрмон ичидан буралиб ўтарди. Режа қуйидагича эди: олдинги қаторга ҳамма нарсалар янги йўлдан олиб келинади; қолган бўш юк машиналари, аравалар, ярадорларни ташувчи санитар машиналари, хуллас, орқага кетадиган барча транспорт эски тор йўлдан қайтиши керак эди. Тез ёрдам пункти Австрия томонидаги тепалик тагида жойлашган бўлиб, ярадорларни замбилларда понтон кўприк орқали олиб ўтиларди. Ҳужум пайтида ҳам шу тартибни сақлаш кўзда тутилмоқда эди. Назаримда, йўлнинг охирги қисмидан бир чақиримдан ошиқроқ масофа қиялик тугаган жойдан бошлаб австрияликлар артиллерияси томонидан ўққа тутилиши мумкин эди. Бунинг оқибати жуда хунук бўларди. Лекин мен йўлнинг мана шу сўнгги хатарли қисмидан ўтилгач, ярадорларни понтон кўприкдан бу томонга олиб ўтилгунча машиналарни қўйиб тургани пана жой топдим. Мен янги йўлдан юрмоқчи ҳам бўлдим-у, лекин ҳали у тугалланмаган эди. Йўл кенг бўлиб, тархи ва кўриниши яхши ҳисобга олинган, ўрмон билан қопланган тоғ ён бағрининг очиқ жойларида унинг қайрилиб кетган жойлари жуда ҳам чиройли кўринарди. Тормозлари кучли бўлган машиналар пастга қийналмай тушишади, бундан ташқари ҳар ҳолда ахир улар пастга бўш кетишади-ку. Мен тор йўл билан орқага қайтдим.

Икки карабинер машинани тўхтатишди. Йўлнинг олд томонида снаряд портлади, биз тўхтаб турган вақт ичида яна учтаси портлади. Булар 77 миллиметрли снарядлар бўлиб, улар учиб бораётганда шувиллаб ҳуштак чалиб ўтар, кейин бирдан қисқа портлаш эшитилар, аланга кўтарилиб, йўл кўкимтир дуд билан қопланарди. Карабинерлар йўлга тушишга ишора қи-лишди. Снаряд портлаган жойларга яқинлашганда, мен ўйиқ чуқурчаларни айланиб ўтдим, димоғимга портловчи модданинг иси ва онтариб ташланган тупроқ, шағал ва кукун бўлиб кетган чақмоқтошнинг ҳиди урилди. Мен Горицияга, ўзимизнинг виллага қайтиб келдим ва боя айтганимдай, мисс Барклининг олдига жўнадим, у эса навбатчилик қилаётган экан.

Тушлик овқатни апил-тапил еб бўлиб, яна тўғри инглиз госпитали жойлашган виллага қараб кетдим. Вилла жуда ҳам катта ва кўркам эди, унинг олдида гўзал дарахтлар ўсиб турарди. Мисс Баркли боғдаги ўриндиқда ўтирган экан. Ёнида мисс Фергюсон бор эди. Улар мени қувониб қарши олишди, кўп ўтмай мисс Фергюсон узр айтиб, ўрнидан турди.

– Сизларни ёлғиз қолдираман, – деди у. – Мен ортиқчага ўхшайман.

– Кетманг, Эллен, – деди мисс Баркли.

– Йўқ, энди кета қолай. Мен хат ёзишим керак эди.

– Хайрли тун, – дедим мен.

– Хайрли тун, мистер Генри.

– Цензорга озор берадиган гапларни ёзиб ўтирманг яна.

– Хотиржам бўлинг. Мен фақат қандай чиройли ерда турганлигимиз, италянларнинг ҳаммаси нечоғлик ботир эканликлари ҳақидагина ёзаман.

– Шундоқ ёзишда давом этинг, орден олмасангиз, мен кафил.

– Хурсанд бўлардим. Хайрли тун, Кэтрин.

– Мен тезда олдингизга бораман, – деди мисс Баркли.

Мисс Фергюсон қоронғиликка сингиб кетди.

– Яхши қиз экан, – дедим мен.

– О, албатта. Жуда ҳам яхши. У ҳамшира.

– Нима, сиз ҳамширамасмимиз?

– О, йўқ, мен VAD13 ларданман. Биз тиним билмай ишлаганимиз-ишлаган, лекин бизга ишонишмайди.

– Нега энди?

– Иш йўғида ишонишмайди, иш кўпайса, ишонишади.

– Нима фарқи бор?

– Ҳамшира доктордай одам. Узоқ ўқиш керак. VADлар эса қисқа муддатли курсларни тамомлаб чиқадилар.

– Тушундим.

– Италянлар аёлларни фронтга бунчалар яқинлаштиришга қаршилар. Шу сабабдан биз алоҳида тартибга бўйсунамиз. Биз ҳеч қаёққа чиқмаймиз.

– Лекин мен келиб турсам бўладими?

– Ҳа, албатта. Бу ер монастир эмас.

– Қўйинг, урушни ўйламайлик.

– Бу осон эмас. Бундай жойда урушни ўйламасдан туриш қийин.

– Барибир, унутайлик.

– Яхши.

Биз қоронғида бир-биримизга қараб турардик. У менга жуда ҳам чиройли бўлиб кўринди ва мен унинг қўлидан ушладим. У қўлини тортиб олмади ва мен интилиб, унинг белидан қучдим.

– Керакмас, – деди у. Мен қўйиб юбормадим.

– Нимага?

– Керакмас.

– Керак, – дедим мен. – Шундай яхши.

Мен қоронғиликда уни ўпай деб энгашдим, шунда юзимга қамчи тегиб, куйдириб ўтгандай бўлди. У юзимга қаттиқ урганди. Қўли кўзим аралаш қаншаримга тушди. Кўзим ачишиб, ёшланди.

– Мени кечиринг, – деди у.

– Ўзимни бир қадар устунликка эга бўлгандай сездим. Сиз тўғри қилдингиз.

– Йўқ, сиз мени, илтимос, кечиринг, – деди у. – Дам олиш куни кечқурун ҳамшира офицер билан шундай қилиб ўтирса-я, деб хафа бўлиб кетдим. Қаттиқ тегади, деб ўйламовдим. Оғрияптими?

У қоронғида менга қараб турарди. Мен аччиқланган бўлсам ҳам, лекин шахмат ўйинидагидек, ҳаммасини аниқ олдиндан кўриб турганимдан ўзимгаўзим ишонардим.

– Сиз жуда ҳам тўғри қилдингиз, – дедим мен. – Сиздан сираям хафа эмасман.

– Бечора!

– Биласизми, мен жуда ҳам бемаъни турмуш кечиряпман. Ҳатто инглизча гаплашишга ҳам имконият йўқ. Бунинг устига сиз жудаям чиройлисиз.

Мен унга тикилиб турардим.

– Нимага буларни гапириб ўтирибсиз. Мен ахир кечирим сўрадим-ку. Биз ярашдик.

– Ҳа, – дедим. – Биз урушни ҳам унутдик.

У кулиб юборди. Унинг кулгисини биринчи марта эшитиб турибман. Кўзимни унинг юзидан узмасдим.

– Сиз яхшисиз, – деди у.

– Ундаймас.

– Ҳа. Сиз меҳрибонсиз. Истасангиз, сизни ўзим ўпиб қўяман?

Мен унинг кўзларига тикилиб, яна белидан қучдимда, ўпдим. Мен уни қаттиқ ўпиб, азот бағримга тортдим; лабларини очишга ҳаракат қилдим; у лабларини қаттиқ қимтиб олганди. Мен ҳамон аччиқдан тушмагандим, уни бағримга куч билан тортганимда, у тўсиндан титраб кетди. Мен уни қўйиб юбормай, маҳкам қисиб турардим, унинг юраги қандай ураётганини эшитдим, шунда унинг лаблари очилди ва бошини қўлимга ташлади, у елкамга бош қўйиб йиғлаб юборди.

– Жоним! – деди. – Сиз мени ҳеч қачон хафа қилмайсиз, тўғрими?

«Нима деяпти ўзи», деб ўйладим. Мен унинг сочларини силаб, елкасига қоқиб қўйдим. У йиғларди.

– Хафа қилмайсиз-а? – у кўзларини менга кўтарди. – Чунки бизнинг ҳаётимиз жуда ҳам ғалати бўлади.

Сал ўтгач, мен уни вилланинг эшигигача кузатдим, у кириб кетди, мен уйга жўнадим. Уйга келиб, юқорига кўтарилдим. Ринальди ўринда ётган экан.

У менга қаради.

– Шундай қилиб, мисс Баркли билан ишларингиз олға жиляптими?

– Биз у билан дўстмиз.

– Сиз ҳозир овдаги итга ўхшайсиз.

Тушунмадим.

– Кимга?

У тушунтирди.

– Ўзингиз, – дедим мен, – итга ўхшаб, худди…

– Тўхтанг, – деди у. – Сал бўлмаса бир-биримизни хўп ҳақорат қиладиганга ўхшаймиз. – У кулиб юборди.

– Хайрли тун, – дедим.

– Хайрли тун, ишратпараст.

Мен ёстиқ билан унинг шамини уриб туширдимда, қоронғида ўринга ётдим. Ринальди шамни олиб ёқди ва ўқишда давом этди.

Олтинчи боб

Икки кунгача постларни айланиб юрдим. Уйга қайтганимда вақт алламаҳал бўлиб қолганди, мисс Баркли билан фақат эртаси кунигина учрашолдим. У боғда кўринмади, шунинг учун ҳам мен госпиталнинг идорасида ўтириб, қачон пастга тушаркин деб, кутдим. Идора жойлашган хонанинг девори бўйлаб рангдор ёғоч постаментларда жуда кўп мармар бюстлар турарди. Идора олдидаги пешайвон ҳам бюстларга тўла эди. Мармар ҳайкалчаларнинг умумий хусусиятларига кўра улар гўё бир одамга ишлангандай кўринарди. Мен ҳайкал кўрсам, юрагим сиқилади; бронзадан ишланган бўлса ҳарнов-а, лекин мармар бюстлар доимо мозористонни эслатади. Айтгандай, битта чиройли қабристон бор – Пиза шаҳрида. Бўлмағур мармар ҳайкаллар ҳаммадан ҳам Генуяда кўп. Бу вилланинг со-биқ хўжайини қандайдир немис бойларидан экан, бюстларга унинг хийлагина пули кетгандир. Қизиқ, буларни ким ишлагану, уларга қанча ҳақ тўланган. Мен булар насаб шажарасига тегишли одамларми ёки бошқа бир кишиларми эканлигини аниқлашга уриндим; лекин уларнинг ҳаммасининг кўриниши қадимий бир хил тусда эди. Уларга қараб туриб, ҳеч нарса англаб бўлмасди.

Мен стулда кепкамни ушлаб ўтирган эдим. Биз ҳатто Горицияда ҳам пўлат каскалар кийиб юришимиз керак эди, лекин аҳолиси ҳали эвакуация қилинмаган шаҳарда каска кийиб юриш ўнғайсиз ва фаросатсиз одамнинг қалбаки безагидай бўлиб кўринарди. Мен ўзимникини постларга борганимда кийиб юрардим, бундан ташқари менинг инглиз противогазим ҳам бўлиб, у пайтда буни противогаз ниқоби, деб юритишарди. Биз энди-энди ола бошлаган эдик. Улар чиндан ҳам ниқобга ўхшашиб кетарди. Врачлар ва санитар қисмларнинг офицерларидан тортиб, ҳаммамиз автомат пистолет тақиб юришимиз зарур эди. Мен стул суянчиғига суянсам, пистолет ғашимни келтириб турарди. Пистолетсиз юрган одам қамоққа олиниши керак эди. Ринальди пистолет ўрнига ғилофни ҳожатхона қоғози билан тўлдириб юрарди. Мен ўзимникини ростакам тақиб юрар, то ундан отишга тўғри келгунча, ўзимни худди қуроллангандай ҳис қилардим. Бу «астра» тизимидаги 7,65 калибрлик, тепкиси босилганда, калта стволи дириллаб турганидан азбаройи отиб нишонга тегизиб бўлмайдиган тўппонча эди. Отишни машқ қилганларимда мен нишондан пастроқни мўлжалга олардимда, ярамас стволнинг қалтиллашини тўхтатишга уринардим, ниҳоят, мен йигирма қадамдан туриб, нишонга сал яқин урадиган бўлдим, шунда ёнда пистолет кўтариб юриш умуман бўлмағур бир нарса эканлигини англадим ва мен унга бутунлай эътибор бермай қўйдим, энди унинг орқамда лопиллаб туриши билан ишим йўқ эди, фақат инглизлар ёки америкаликлар билан учрашиб қолинган кезларда бир оз ўнғайсизланар эдим, холос. Мана ҳозир бўлса, мен курсида ўтирар, навбатчи идора хизматчиси эса контора орқасидан менга ўқрайиб қараб қўяр, мен эсам мисс Баркли қачон чиқаркин деб, мармар полни, мармар ҳайкалларни ва деворларга ишланган суратларни томоша қилиб ўтирардим. Девордаги суратлар дид билан ишланганди. Бундай суратлар бўёқлари ёрилиб, кўчиб туша бошлаганда, айниқса, чиройлироқ бўлиб кўринади.

Мен Кэтрин Баркли пешайвонга кирганини кўриб, ўрнимдан турдим. Қаршимда юриб келаётганда унчалик бўйдор бўлиб кўринмади, лекин ғоят дилбар эди.

– Хайрли оқшом, мистер Генри, – деди у.

– Хайрли оқшом, – дедим мен. Контора ортидаги идора хизматчиси қулоғини динг қилиб турарди.

– Шу ерда ўтирамизми ё боққа чиқамизми?

– Юринг чиқайлик. Боғ салқинроқ.

Мен унинг изидан эшикка юрдим, идора хизматчиси кўзи билан таъқиб этиб турарди. Қумтош ётқизилган йўлкадан кетаётганимизда, қиз сўради:

– Қаерларда қолиб кетдингиз?

– Постларни текшириб чиқдим.

– Лоақал икки энли хат ёзиб, айтиб қўйсангиз бўлмасмиди?

– Йўқ, – дедим мен. – Ўнг келмади. Мен шу куниёқ қайтаман девдим.

– Бари бир менга бир оғиз айтиб қўйиш керак эди, жоним.

Биз хиёбондан бурилиб, дарахтлар остидаги йўлкадан юрдик. Мен унинг қўлидан тутдим-да, тўхтаб уни ўпдим.

– Бирон ерга борсак бўлмайдими?

– Йўқ, – деди у. – Биз фақат сайр қилишимиз мумкин. Сиз жуда узоқ йўқ бўлиб кетдингиз.

– Бугун учинчи кун. Лекин мана, келдим-ку.

У менга қаради.

– Сиз мени яхши кўрасиз-а?

– Ҳа.

– Ростдан ҳам ахир сиз мени яхши кўраман, деган эдингиз, а?

– Ҳа, – ёлғонладим мен. – Мен сизни севаман.

Мен унга бундай деб айтмагандим.

– Мени Кэтрин деб чақирасиз-а?

– Кэтрин.

Биз яна озроқ юриб, яна дарахт тагида тўхтадик.

– Бундай денг-чи: кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.

– Кечаси мен Кэтрин олдига қайтдим.

– Жоним, сиз ахир қайтиб келдингиз, тўғрими?

– Ҳа.

– Сизни шундай севаманки, мен шундай ёмон аҳволга тушдимки… Энди бошқа кетмайсиз-а?

– Йўқ. Мен ҳар доим қайтиб келаман.

– Сизни шунчалар севаман. Қўлингизни мана бу ерга қўйинг.

– У доим шу ерда турибди.

Мен уни ўзимга қаратиб олдим, ўпганимда юзи менга кўриниб турарди, кўзларини юмуб олганди. Унинг юмуқ кўзларидан ўпдим. Мен унинг табиатида бир оз девонасорлик бордир, деб ўйладим. Аммо бари бир эмасми? Мен бунинг оқибати қандай бўлишини ўйлаб ўтирмасдим. Бу ҳар куни кечқурун офицерлар харобатхонасига боришдан кўра маъқулроқ эди, у ерда ойимтиллалар бўйнингизга осилиб олишади-да, кўнгиллари сизда эканлигини кўрсатиш учун. Бошқа офицерлар билан юқорига чиқиб-тушиб туришаркан, сизнинг шапкангизни олдини орқага қилиб кийиб олишади. Мен Кэтрин Барклини яхши кўрмаганимни, яхши кўриб қолиш ниятим ҳам йўқлигини билардим. Бу худди ёлғондакам қимордай гап, фақат бунда қарта ўрнини гап босарди. Ўша ўйинда ўзингни худди кулгилик учун ёки бошқа бирон нарсага ўйнаётгандай қилиб кўрсатасан. Бунда ҳам шундай. Ўйин нима бадалига ўйналаётгани ҳақида бир оғиз ҳам гап бўлмади. Лекин менга бари бир эди.

– Қаёққа борсак экан, – дедим мен. Бошқа эркаклар каби мен ҳам узоқ тик оёқда туриб ишқибозлик қилишни ёқтирмасдим.

– Ҳеч қайга, – деди у. У хаёлидаги оламдан ерга қайтди.

– Шу ерда бирпас ўтирайлик.

Биз япасқи тош ўриндиққа ўтирдик, мен Кэтрин Барклининг қўлини тутдим. У ўзини қучоғимдан олиб қочди.

– Сиз жудаям чарчадингизми?

– Йўқ.

У ерга, майсаларга қараб турарди.

– Сиз билан номаъқул ўйин бошлаб қўйдим.

– Қанақа ўйин?

– Ўзингизни гўлликка солманг.

– Бу хаёлимда ҳам йўқ.

– Сиз ажойибсиз, – деди у, – шунинг учун сиз иложи борича яхшироқ ўйнашга уриняпсиз. Лекин бу ўйин чиндан ҳам жуда ярамас ўйин.

– Сиз доимо бировнинг фикрини ўқийсизми?

– Доим эмас. Лекин сиз нима ўйлашингизни биламан. Сиз ўзингизни мени яхши кўргандай қилиб кўрсатишингизнинг ҳожати йўқ. Бугунга шунчаси етиб ортади. Энди нима ҳақда гаплашмоқчи эдингиз?

– Лекин мен сизни ростданам севаман.

– Қўйинг, бекордан-бекорга бир-биримизни алдаб нима қиламиз. Сиз ўз ролингизни ғоят дўндириб адо қилдингиз, мана энди ҳаммаси ўз ўрнига тушди. Мен ахир унчалар девона эмасман. Баъзан-баъзан хаёлим опқочади, лекин узоққа эмас.

Мен унинг қўлини қисдим.

– Кэтрин, азизим…

– Қандай кулгили эшитиляпти-я: «Кэтрин». Сиз буни доимо бир хил айтмайсиз. Лекин сиз жуда ажойибсиз. Сиз жуда оқ кўнгилсиз, жуда.

– Руҳоний ҳам шундай дейди.

– Ҳа, сиз оқ кўнгилсиз. Сиз олдимга келиб турасиз-а?

– Албатта.

– Менга севаман деб айтишингизнинг ҳожати йўқ. Бу ҳозирча тамом бўлди. – У ўрнидан туриб, менга қўлини узатди. – Хайрли тун.

Уни ўпгим келди.

– Йўқ, – деди у. – Қаттиқ чарчадим.

– Бари бир мени ўпиб қўйинг, – дедим.

– Қаттиқ чарчадим, жоним.

– Ўпиб қўйинг мени.

– Жуда ҳам керакми?

– Жуда.

Биз ўпишдик, лекин у тўсатдан юлқиниб чиқди.

– Қўйинг. Хайрли тун, жоним.

Биз эшиккача бордик ва мен унинг остона ҳатлаб пешайвондан юриб бораётганини кўриб турдим. Унинг ҳаракатларини кузатиб завқланардим. У даҳлизга ўтиб кўздан йўқолди. Мен уйга кетдим. Жуда дим кеча эди, юқорида, тоғларда ҳамон тўплар отилмоқдайди. Сан-Габриеле томонда ёлқинлар кўринарди.

«Вилла-Росса» олдида тўхтадим. Деразалар тўсиб қўйилган, лекин ичкаридан ҳали шовқин эшитилиб турарди. Кимдир ашула айтарди. Ётоққа кўтарилдим. Ечиниб турганимда, Ринальди кириб келди.

– Э-ҳа, – деди у. – Иш чатоққа ўхшайди-ку. Бэби нохуш кўринади.

– Қаерда эдингиз?

– «Вилла-Росса»да. Юракка малҳам-да, бу, бэби. Биз хор бўлиб ашула айтдик. Ўзингиз қаёқда эдингиз?

– Инглизларнинг олдига борувдим.

– Худога шукрки, мен инглизлардан қутулганман.

9.Жаноб лейтенант.
10.Ёмон эмас (итал.).
11.Бўлганича йўқ (франц.).
12.Кўришгунча, лейтенант (итал.).
13.Voluntary Aid Department (ингл.) – ҳаракатдаги армияга хизмат кўрсатувчи аёлларнинг кўнгилли корпуси.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
27 ekim 2023
ISBN:
978-9943-19-463-2
Telif hakkı:
Kitobxon
Metin PDF
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,4, 10 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,3, 3 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre