Kitabı oku: «Мангу латофат: бадиалар», sayfa 3
«Садои Туркистон» саҳифаларида шеърият катта жасорат билан миллат қайғусида улкан баҳс-мунозара олиб борди. Тафаккур ўти гурлаган бу шеърий мунозаралар ўзига хос мушоира шаклини олди. Билмадим, бошқа бирон ерда бирон газетада шеърий мунозара шу қадар қизиганмикин ва шу қадар таъсирли бўлганмикин?
Шеърият 14-йилда Туркистонда жуда кучли ижтимоий тўлқин ясади. Бу тўлқин халқнинг уйғониши ва ўзини миллат деб ҳис қилишида буюк аҳамият қозонди.
Газетанинг 14-йил ёз сонларидан биридаги «Ватандошларима хитоб» деган катта бир шеърни ўқиб юрагим oғиp бир қадарга ботди. Шеърнинг имзоси йўқ эди. Ким ёзган экан? Чўлпонми? Авлонийми? Тавалломи? Ажзийми? Олимийми? Ким? Бошим қотди. Уззукун бу шеър устида ўйланиб ўтирдим. Дафтаримга кўчириб олдим. Қopoнғи тушди. Кўзим тинди ва бошим айланди. Қишнинг кечки аёзида кўзларим ёшланиб уйга қайтарканман, шеърнинг дардли ҳайқириқлари қулоғимда сасланар, овоз жуда танишга ўхшар, лекин толғин миям бошқа ўйлагиси келмасди. Уйга келиб ёруғроққа солиб яна ўқидим. Аллакимга жуда ўхшайди ва жуда қадрдон бу овоз. Лекин ким бўлди?
Эртаси «Садо»ни ўқишда давом этдим. Газетанинг 28-сонида кўзга кўринмасдек бир жойга кичкина қилиб босилган «тасхих» деган сарлавҳачага кўзим тушди. Унда шундай деб ёзилган эди: Газетанинг 27-сонида босилган «Ватандошларима хитобан» унвонли шеър охирида (Ҳўқанд Ҳакимзода Ниёзий) деган имзоси саҳван босилмай қолган…» Баракалла! Баракалла! Хаёлим ярқ очилди. Ҳамза! Кеч уйга бориб Ҳамзанинг охирги Беш томлик тўла асарларини қўлга олдим. Илгари жилдларни ўқиганимда бу шеърга дуч келмаган эдим. Яна ким билади. Балки фаромуш қилгандирман. Аммо тўла асарлар жилдларидан «Ватандошларима хитоб»ни тополмадим. Чамаси тадқиқотчилар бу шеърни кўрганлар-у, лекин остида имзоси бўлмагач, уни Ҳамзага алоқаси йўқ деб ўйлагандир. Кўзга кўринмас «тасхих»га ким ҳам қараб ўтирибди дейсиз. Мен газетачи бўлганим учунгина бундай нарсалардан бир нарса чиқишини сезаман. Шундай қилиб Ҳамза: «Ватандошларима хитоб!» Бу шеър «Садои Туркистон»нинг бадиий-шеърий мунозараси доирасини қанчалар бойитади!
Жадидона шеърий ижтимоий миллий танқид руҳи ҳукмрон бу шеърни бу ерда тўла келтириш айни муддао деб биламан. У Ҳамзанинг «Йиғла, Туркистон», «Оқибатсиз Туркистон» каби шиддат ва миллий шикваларга тўла шеърларининг узвий давоми ва уларни тўлдирар эди:
«ВАТАНДОШЛАРИМА ХИТОБ»
Эй аҳли Ватан! Босди сани мунча ғафолат,
Барқ айлади мунча сани дарёи жаҳолат,
Тушди сани бошинг уза шум заллаю разолат,
Боқ! Ҳолингга налар бўла? Гар бўлса басорат?
Қоплаб келур миллатингни зулмату ғорат.
Инсон сифатинг вор эса тур! Айла жасорат!
Ғафлат уйқусидан кўзин? Оч! Боқ! Замона,
Илм айла! Маориф тутуни тўлди жаҳона,
Солди ҳама миллат бу маорифга хазона,
Биз миллат этуб ор ила номуси баҳона,
На мактаб илм ўлди, на бозорда тижорат,
Хушк ўлдигимиз боисидан бўлди касолат.
Олимларимиз ичар тама бирла адоват,
Давлат элида кибру ҳаво бирла сафохат,
Фақр аҳли аро фисқу ҳасад этди давомат,
Хотун, эру қиз ёшу қари ичра жаҳолат,
Топсунми тараққий яна бизларда камолат,
Кетсунми таассуф элидан буғзу адорат?
Инсон эсанг ўлғил ҳама дам толиби миллат,
Зийнатласун абдангги ғайрат ила қиммат,
Нўш этсанг ажал шарбатидин узма муҳаббат,
Қўл силтама келса на бало бирла машаққат,
То умри ичида кўрмаса ҳар кимса залолат,
Топмоқлик анга мумкин эмас иззу шарофат.
Миллат деганнинг боши агар кетса ризодур!
Ҳар лаҳзада минг жабру жафо етса ризодур!
Ҳар тиши ситам кўкси уза текса ризодур!
Миллат йўлида қони оқуб ётса ризодур!
Бир зарра юзин тобламас ул келса на ҳолат,
Бош узра кўрар келса на хил зулм ила ғорат.
Кир! Лаззат дунёдан умид уз, мосуво қил,
Миллат йўлида мол ила жонингни фидо қил,
Дилдан ҳама кибр ила адоватни фано қил,
Б у хидмати оламда қолурликни адо қил,
Токим ҳама халқ айласа сўнгингда мудомат,
Ҳар икки жаҳонда санга ўлмазми саодат.
Солма қулоғинг таъна киби сўзларга, кар бўл,
Хизматга жадал айла, кеча шому саҳар бўл,
Минг жоҳил ўқи келса, жигар бирла сипар бўл,
Миллат йўлида кетса агар жондан ўтар бўл,
Парво қила кўрма бошингга тушса қиёмат,
Тош, ситам ёғса-да ҳеч қилма надомат.
То чекмаса ғурбат ватанинг қадри бўлурми?
Ғарқ ўлмаса дарён гуҳар қулга келурми?
Кўр! Тарбиясиз ҳеч шажар мева қилурми?
Сойиллик элдан кимса, давлат йиқилурми?
Тун-кун йўқу ғафлатда ётуб айладук одат,
Шул-чун адам ўлди мана бизларда диёнат.
Боқ шул эса аҳвол начук бўлгувсидур вой,
Ким миллат учун ўзни фидо қилгувсидир вой,
Мактаблар учун борини сарф этгусидир вой,
Дунёйи лазиз баҳрасидан ўтгусидир вой,
Бу бойлар аро сирқ ҳасад этса зиёдат,
Олимлар аро бўлмаса бир сулҳу садоқат.
Бу халқимиза айш ила ишрат эса матлаб,
Кундан куна ошмазми бизим жаҳли мураккаб?
Ким олиму маориф кутадир, ким сола мактаб?
Бир кун қолуриз охирида зорлар ағлаб,
Суд айламагай ул куни минг оҳу надомат,
Луқмон тирилиб келса тузалмас бу жароҳат…
Ҳамзанинг ёниқ шеъри, жигарсўзон лафзи шу ерда тугайди. Эҳтимол тугамагандир. Эҳтимол ном билан бирга нисбали банди ҳам тушиб қолгандир. Эҳтимол бора-бора бу ҳам аниқланар. Лекин миллий хаёллар, миллат ғамидаги ўйлар тугармикин? Уларнинг охири бўлармикин?
Миллий ҳаёт ҳеч қачон сўнмаганидек, миллий хаёллар ҳам туганч билмагай. «Садои Туркистон» бир пайтлар, бундан роппа-роса саксон йил бурун миллий орзулашларнинг алангасини шу қадар юқори кўтарган эди. Ўша барча зоти киромларнинг руҳлари ҳамиша шод бўлсин!
БЕҲБУДИЙ ШАХСИЯТИ ХАЛҚИМИЗНИНГ ВИЖДОНИ, ОРИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий ўн тўққизинчи асрнинг охирги чораги ва йигирманчи асрнинг дастлабки ўн йилликларида Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирган сиймолардан бири. У ўз даврида мана шу давлат, жамият, инсон ҳаёти йўналишларида жуда катта инқилобий ўзгаришлар юзага чиқа бошлаганлигини кўрди, ўз ҳаётини тамомила шу инқилобий ўзгаришларга бағишлади. Кўп ҳолларда инқилобий ўзгаришларнинг муаллифи ва етакчиси бўлди.
Миллий озодлик, ижтимоий ўзгаришлар учун кураш замонларида майдонга халқнинг оталари чиқади. «Халқ отаси» деган тушунча унчалар илмий бўлавермаса-да, лекин миллий истиқлол ҳаракатини бошидан ўтказган барча халқлар тарихида шу тушунчага дуч келамиз. Аслида у патерналистик бир тушунча бўлса-да ва маълум даражада унда халқоналик зуҳур этса-да, унинг орқали ўз халқини улкан ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ўзгаришлар сари етаклаган ва бу ўзгаришларга йўл кўрсатган, уларнинг бошида турган, теран демократик қарашларга эта бўлган сиймолар назарда тутилган.
Шу маънода Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз серқирра фаолияти баробарида миллат отаси деган буюк номга сазовор бўлган эди. Унинг энг иқтидорли садоқатли сафдош, замондошлари фожиали ўлимидан сўнг унинг шарафига бағишлаб ёзган асарларида тўғридан-тўғри уни ота деб атаган ва миллат отаси каби таърифлаган эдилар.
Золимнинг тахтини титратган
бир товуш қичқирди:
– Отамнинг қабрини қай ерга ёшурдинг?!
(Фитрат)
Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг
Мотам гули эканлигин билмайсан…
(Чўлпон)
Садриддин Айний эса уни «Турон доҳийси» ва «олийшон устод» деб улуғлаган эди. Шундай улуғ номга Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сафдош, замондоши Мунаввар Қори Абдурашидхонов ҳам сазовор бўлган эди. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Айний, Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода, Сўфизода сингари улкан ижтимоий-маданий ҳаракат соҳибларини ҳам халқ ота ўрнида кўрар ва иззатларди.
Биз ота ўрнида кўришни сал бошқачароқ тушунамиз. Ота ўрнида кўриш мумкин… Лекин бунинг учун биринчи ва асосий шарти ота ўрнида қаралаётган инсон аввало халқнинг, миллатнинг виждони бўлиши даркор.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари, маслакдошлари, қолаверса, тақдирдошларини миллатнинг, халқнинг виждони деб тўла ва ҳар томонлама маъно бағишлаб айтиш мумкин.
Беҳбудий миллатнинг виждони. Туркистоннинг иймони.
Унинг ҳар бир ёзган сўзидан ва тарихда рақам суриб қолган ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир қилган ишидан, Ватанга, халққа, инсонга, ҳаётга, ўз халқининг тақдирига муносабатидан виждон, имон гуркираб, янграб туради. У икки асрнинг ҳам виждони эди.
У виждон мужассами бўлганлиги учун ҳам ҳар ким ота деб аташга ҳақли.
Мунаввар Қорининг ҳибс ва маҳкумликда ёзган даҳшатли хотираларини, алам-фарёд, буюк маърифат билан тўлган мақолалари, шеърларини ўқисангиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Саёҳат хотиралари» ва алангали оташ бўлиб ёнган мақолаларини ўқисангиз, миллат отаси, миллатнинг виждони мужассами нима эканлигини тўла англаб, билиб етасиз, албатта.
Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар Қорини буюк муаллим ҳам деймиз. Саноқли буюк муаллимлар каби у миллат ҳаётида илк театрга асос солди, илк журналга асос солди, илк жамиятларга асос солди ва уларнинг фаолиятида фаол қатнашди. Алангали ижтимоий чиқишлари билан зулм остида эзилган халқ онгини уйғотиш, янги маданий турмуш асосларини қуришга интилди…
Маҳмудхўжа Беҳбудий ёки Мунаввар Қорининг ўзлари қандай инсон эдилар? Уларнинг шахсиятларининг қирраларида қандай инсоний хусусиятлар устунлик қилади ёки етакчи? – деган саволларга биз ҳали ўзимиз ва замондошларимизни қаноатлантирадиган даража ва миқёсда жавоб беролмаймиз. Замондошларининг хотиралари жуда кам, саноқли ва уларда кўпроқ умумиятли муҳим гапларгина айтилган, холос.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг шахсиятини, унинг инсон сифатида белгили хусусиятларини бизга мерос қолган асарларидан билса бўладими? Уларда бизнинг саволимизга жавоб бўладиган бундай маълумотлар топиладими?
Бу жиҳатдан унинг 1914 йилда ёзган ва бобма-боб «Ойна» журналида босилиб чиққан «Саёҳат хотиралари» асари жуда катта ва ўлмас қимматга эгадир. Саёҳатномалар ёзувчиларнинг дунёга, дунё масалаларига муносабатларинигина эмас, шу муносабатлар орқали уларнинг ким ва қандай инсон эканликларини ҳам ёрқин намоён этади. Носир Хисрав, Бобур, Радишчев, Гёте, Гейне, Нитше, Нервал, Ибн Батута, Марко Поло, Авлиё Чалабий, Муқимий сингари жуда кўп улуғ адибларнинг бири биридан гўзал ва бениҳоя мазмундор саёҳатномаларини эслаш мумкин. Уларнинг ҳар бири ҳаётий ва инсоний кузатишларнинг бойлигига кўра бир неча романларнинг қудратидан кўпроқ қудратни ўзида жамлаган.
Адибларнинг талант, ҳаёт ва инсонга қарашлари қанчалар бой бўлса, уларнинг саёҳатномалари шунчалар қизиқарли ва улуғ ибрат кучини қозонади. Саёҳатномалар, қолаверса, энг ишончли тарих ёки тўғрироғи, тарихларнинг энг ишончлисидир. Геродот, Плиний ва бошқа Рим, Юнон, Шарқ тарихчиларининг буюк асарлари – инсоният учун энг қимматли ёдгорликлар саёҳатлар таассуротлари ўлароқ пайдо бўлмадими! Ҳали Ибн Арабшоҳ ва Клавихоларни айтмаёқ қўяйлик. Бу гувоҳликлар бизнинг ўз тарихимизни танишимизда чексиз бир қиммат ва аҳамиятга эга.
Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий шахсиятининг айрим нозик қирралари ҳақида сўйламоқчи бўлиб турамиз. Уларни унинг асарлари ва айниқса «Саёҳат хотиралари»дан худди ҳар ерга сочиб кетилган олтин зарралари каби ахтариб топамиз. Кўп замонлар уларга унчалар эътибор бермай ўтиб ҳам кетамиз. Чунки олтин зарралари ҳаёт тупроғи билан аралашиб ётади. Илғаб олгангина, олади.
Баъзан инсон шундай бир хилқатким, ёнида юз йил бирга яшасанг ҳам, уни билолмайсан. Ёки билиб улгуролмайсан. Баъзи хилқатларни билиш учун асрлар кетади. Навоийни, Саккокийни, Атоийни, Машрабни ҳамон билолмаймиз. Буюк ҳаким ота – Бақирғон ҳақида нима биламиз? Ҳолбуки у ҳаммадан дардли қилиб:
Одам ўғли туғдуқимиз ўлмак учун –
деган ер юзига келган энг буюк сўзлардан бирини шундай содда ва энг гўзал қилиб айтган. Нимани биламиз Бақирғон ҳақида?
Баъзан инсон шундайин бир хилқатки, бир зум ичида, бир оғиз сўзидан унинг кимлигию ота-боболарининг ҳам ким ўтганлигини билиб оласиз.
Ҳар золимнинг еринда тўқсон турлуғ чиён бор
Учмоқ айтур санда йўқ, манга келса ўлим йуқ.
Турлук неъматлар онуқ юз минг ҳазор алвон бор
Тамуғ мунглаша келди билдиргучи Раҳмон бор…
Тамуғ мунглаша келди… – шунчалар афсункор бу сўзлар. Бу – Бақирғон шивирлаб айтган сўзлар. Дунёни унинг фантастик томури била бирлан билишга, кўз ўнгига ибрат мусаввироти каби келтиришга чақирадиган сўзлар… Ҳар ерда бор нарсаларни билиш учун саёҳатномалар ёзилади. Билган балки ибрат олади. Маҳмудхўжа Беҳбудий ибрат олиш ва ибрат бериш учун Россия, Европа, Кичик Осиё ерларига борган.
Умуман инсонни билиш қийин. Оловни билиш, Ҳаво ҳазратлари, Нур ҳазратларини билиш осонроқдай туюлади. Асли уларни ҳам билиб бўлмайди. Қаердан келяпти, қаерда тугайди? Нега одам Ҳаводан бино бўлди?
Маҳмудхўжа ўта шоирона табиатли. У гўзал манзараларни севади, қалбига, хотирасига жо қилади. Улардан ўта қаттиқ таъсирланади. Катта бир романист адибнинг қаламига хос бўлган унсурлар пайдарпай ёғилади. Маҳмудхўжа Дамашқ – Шом шаҳрига борганда у ердаги Умавиййа жоме шарифини шундай тасвирлайди: «Уч тарафи равоқ ва масжиди муштамил (ўз ичига олган). Ҳарамни узунлиги 240 газ, эни 100 газ бўлуб, ўртаси мармар сандур. Ва саҳн ўртасинда хаштсу бир мармар фаввора шодурвонлик (соябонлик) жорий ҳавз бор. Ва ҳарамни ҳар тарафинда бир неча фавворалик вузуъ маҳаллари бордур. Асл жоме тариф ушбу ҳарамни қибла ва тўлоний (узун) тарафинда бўлуб, нафси жоме ичининг турли 210 газ, арзи 58 газ бўлуб, масжидни ичида якпора қирқ дона мармар стун бордур. Ҳар бир мармар стунлар яна мармар равоқлар ила бир-бирига марбут булуб, яна бу равоқларни ҳар бири устида ажойиб суратда икки донадан равоқлар ясалиб, онинг устинда масжиднинг саҳфи бино қилингандур. Масжидни тўрт тарафи ердан 8 газ юқоригача деворлар мусайқал, гулдор ва жавҳардор оқ ва кўк ва қора аъло жинс катта ойинадек жилолик самоқ (ялтироқ, ойнадек оқ тош) ва мармарлар ила бино қилиниб, бу мармарлар ундай устолик ила бир-бирига васл қилинибдурки, дарзини топмоқ мушкулдур…
Узунлиги 4 – 5 газ, эни 2–3 газ мармарларни устига қозма ва қабартма мунаббат (ёғочга ўйиб ишланган нақш), исломий, гиреҳ ва нақшлар қозилиб, бизни мамлакатда ганч устинда деворларга намоя, меҳроб, ироқи, мукарнас, мунаббат, морлеч… қилғонларидек, рахом (мармар) устига ажойиб нақшлар, ўткарибдурларки, инсонни ҳар бир тот ўзига нарастит этар даражасигача тасхир этар…»
Маҳмудхўжа ҳар бир кўрган нарсасини шу қадар аниқтиниқ ва шоироналигича тасвирлайди. Меъморий буюклик, унинг асир этувчи хусусиятларини меъморчиликнинг унча-мунча одамлар билавермайдиган, фақат жуда катта билим эгаларигина биладиган ўзига хос тушунчалари, терминларини ўз ўрнида қўллаб шу восита орқали предметни гўзал бир равишда гавдалантиради. Буларни ҳеч қандай тайёргарликсиз йўл усти ёзиб, йўл устида пешма-пеш ўз журнали «Оина»га жўнатаётганлиги эътиборга олинса, Беҳбудийнинг қанчалар кенг билимларга эга бўлганлиги, энг мураккаб дунё ҳодисаларини ҳам тафаккур қудрати билан ечиш, тушунтириш, ифодалаш юксак иқтидори борлигини ҳам воқеабандда кузатиш мумкин. Таассуф билан тан олишимиз керакки, Беҳбудий тасвирда қўллаган жуда кўп махсус меъморий тушунчалар, атамалар ҳали ҳамон замонавий луғатларимизга кирмаган, уларда тил ва термин бойлигимиз сифатида ўз аксини топмаган. Биз шундай билимдон ва гўзал тасвирларни ўзбек насрининг бошқа намуналарида учратмаганмиз. Умумиятли тўқилган тасвирлар сонсиз-саноқсиз, лекин бундай аниқ эътиборли жуда катта ҳаёт ва предмет билимини талаб қиладиган тасвир жуда кам… Яна бир парча:
«…меҳробларни икки тарафинда ва ичинда ҳамда устинда мармар ва жавоҳирлик мусайқал тошлар устиндаги қозма ва қабартма нақшлар инсонни дучори ҳайрат этар. Бутун меҳроб ва атрофидаги тошларга холис олтун қабартмалар ила оят ва ҳадислар ёзилган садаф, ақиқ, зумуррад ва забаржад тошларидан чархи ишлаб, мармарлар устинда мош ва нахуддан бошлаб данак катталигигача майда, шундай музойиқ ва кошинкорилар этганки, ўзбекча сўйлайин, бир табоқдай жойига бир соат қараран ила кўруб тамом қилолмайсан. Инсон ўзини бир олам ҳунар, бир дунё санъат ичинда кўруб, аввалри мусулмонларнинг дин йўлида этгон сайи ва қилғон ихлосларининг ҳамда ҳунар ва нафис санъатда этган тараққийларининг ва сарф этган пул ва ғайратларини ўйловиға ғарқ бўлуб, кўзи тинар ва ҳеч нимани кўрмас даражасиға келур…»
Эътибор беринг, кимда ва қаерда учратгансиз манави тушунчаларни:
жавоҳирлик мусайқал тошлар
қозма ва қабартма нақшлар
олтун қабартмалар
садаф, ақиқ, зумуррад ва забаржад тошлар
чархи ишлаб…
музойиқ ва кошинкорликлар…
Беҳбудийнинг ўзи ҳам бу санъатларни кўриб беихтиёр хитоб қилиб юборади:
«Илоҳо, бу на хориқадур!» Беҳбудий шаҳарлар, мамлакатлар, ёдгорликлар, осори атиқалар, одамлар, уларнинг феъл-атворларини ўз сеҳрича ва ҳақиқий сеҳри ва синоатини топиб улкан санъаткорона сўзлар билан тасвирлаб ўтади. Унинг тасвирларида маърифатнинг кучи жилоланиб туради.
Беҳбудий табиатни севади, унинг қудратли гўзаллигидан беҳад таъсирланади. Унинг табиатга муносабатида маърифатли қалбининг ўткир, бой, олижаноб ҳиссиётлари кўзга ташланиб туради. Беҳбудий ўз назари тўхтаган манзара, ҳодисалардан лоқайд ва бефарқ ўтиб кетмайди. Дунёни унинг бутун гўзаллиги ва мураккаблигича юрагига сингдириб, унга бўлган ўзининг инсоний муносабатларини аниқлай бошлайди. Бу тасвирларда Маҳмудхўжа беҳад синчков ва ўта эътиборли одам сифатида кўзга ташланади. Унинг тасвирларида муаллим, падар, маърифатчи, миллат отаси, тараққийпарварлик, ватанни севиш, доим улуғ мақсадларни олдига қўйиш ва уларга етиш йўлларини қидиришга интилиш хусусиятлари рўёбга чиқади.
Маҳмудхўжа ҳар нарсага қизиқади ва ҳар нарсанинг туб моҳиятини топишни истайди. Унда ўрганишга бўлган майл ва лаёқат ҳам жуда кучли. Булар кўп жадидларга ва умуман жадидларга хос бўлган теран инсоний хусусиятлар. Агар жадидларни якка-якка эмас, яхлит бир бутун ҳодиса сифатида қарасак, уларнинг барчаларига хос бўлган хусусиятларни топишни мақсад қилиб қўйсак, унда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бугун инсоний хусусиятлари ва интилишларида жадидчиликнинг умумий белги ва хусусиятларини кўришимиз, топишимиз мумкин. Худди шундай ҳодисани Исмоилбек, Мунаввар Қори, Қодирий ва Чўлпонда ҳам энг чўққига кўтарилган ҳолда кузатишимиз мумкин.
Беҳбудий дунёни кўра-кўра, курашларда тажрибалар орттира-орттира шундай хулосага келди: дунёни яхши томонга фақат инсоннинг фидокорлиги ва илм ўзгартиради. «Саёҳат хотиралари»нинг бир ерида одамларнинг ўз тарихларини тиклашга уринаётганликларидан таъсирланиб шундай хитоб қилади:
«Бу бўлмаса ва мундоқ фидокорлик қилинмаса миллият ва динлар маҳв бўлуб кетар…»
Маҳмудхўжа ўз дунёқарашлари ва нуқтаи назарларида доим унинг тили билан гапирсак, мусулмонларга қайишган, ёнбосган, доим уларнинг манфаатларини кўзлагандай, бутун фикри-зикри улар билан бир, якнафас бўлиб туюлса ҳам, аслида у жуда кенг фикр юритади, дини, ирқи, миллати, тили, урф-одатларидан қатъи назар барча халқларнинг фарзандларига фақат инсон сифатида қарайди. Уларга тенг ҳақ-ҳуқуқларни раво ва муносиб кўради. Кимлигидан қатъи назар ҳар бир инсонни ўзига биродар деб билади. Ҳар қандай шароитда биродарона муносабатда бўлади. Бу биродарона муносабатда жуда юксак инсоний маданияти ва назокати ўзгармас константа тусини олганлигини кўрамиз. Биродарликни қaдpлaйди. Унинг «Китобул атфол» асаридаги «хат ёзмоқ шартлари» бўлимига қайта-қайта эътибор қилинг-а, бундаги маданият, ички гўзал одоб-икром, инсонни қадрлаш қанчалар Беҳбудий ва жадидлар учун юксак мавқе тутганлигини кўрасиз. Унинг барча танқидлар ва барча баҳсларга, энг oғиp, чигал масалаларга муносабатида ҳам шундай ўзгармас маданият, ички куч ва одоб-икром ҳукмрон даражада акс этади.
Маҳмудхўжа инсонни севолганча биродарликни ундан-да ортиқроқ севади.
Туркман, тожик, рус, қозоқ, ўзбек, араб, яҳудий, юнон, француз, инглиз – бари унинг учун инсонликда биродардирлар.
У туркистоний ўзбеклар ёки усмонли турклар учун қанчалар куюнса, дард чекса, бошқалар учун ҳам шундай дард чекади, куюнади ва улар учун ҳам маърифат ва тараққиёт йўлини соғинади.
Лекин ажаб ва ҳеч тушуниб бўлмас беэътиборликким, биз ҳамон Маҳмудхўжа Беҳбудий шунчалар меҳр, завқ, билимдонлик билан ўргатган, гўзал намуналар таклиф қилган хат ёзишга, ёзишмалар олиб боришга одатланганимиз йўқ. Фикр, қараш, одат ҳам шунчалар консерватив бўлишига кишининг гоҳо ақли бовар қилмайди.
Мен юрагим орқамга тортиб ўйлайманки, биз ҳамон маданий миллатга айланиш, азму қарорда маҳкам туришда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори ва Чўлпондан сабоқ олмаймиз. Ҳолбуки, маърифат дарсларини улардан ҳижжа-ҳижжалаб ўрганмоқ миллатга айланиш йўлида бизга энг катта фарз, ҳам қарз эди. Уларнинг васиятларига риоя этмаслик, ўз тақдирига бепарволик қоронғиликдан бошқа қаерга олиб бориши мумкин?
Ўлганлар ортидан қайғуриш, тубсиз армон, унинг кетидан келадиган умидсизликдан эмас:
– Биз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Қодирий, Салимхон Тиллахонов, Чўлпон, Авлоний ва бошқа чин озодлик курашчилари тимсолида кимларни йўқотганлигимизни биламизми, ўзимизга дам-бадам ҳисоб берамизми?
Бул азиз инсонларимиз ўша пайтлар жуда кўп нарсалардан умидсизликка тушишга, кенг авом аҳволи даражасида тирикчилик ўтказишга ҳақли эдилар. Лекин улар Чор Россияси қудрати олдида ва қарамликнинг тенгсиз азоб-уқубатлари қошида ҳам умидсизликка тушмас эдилар. Ожизлик фалсафаси улар учун ёт эди. Одамни чуқур ўйлатадиган бир лавҳа. Беҳбудийнинг «Исмоилбек ҳазратлари билан суҳбат»и. Исмоилбек Маҳмудхўжа билан уни қаттиқ севиб суҳбат қиларкан ва унга ўз васиятларини айтаркан, орада шу сўзлар бехос оғзидан чиқади:
– «Оҳ билмийм, шу Бухоро на ўлур…»
Мен дерман: «Афандим, Бухорони ҳукуматимиз, яъни Русия тарбият этмагунча Бухородан бир шайи умид этиб бўлмас».
Чунончи… устод дерлар:
– «Эвет, охири шуйла ўлмоғи лозим келур…»
Халоскор ўз ичингдан чиқмагунча зулмдан халос бўлмайсан. Лекин бунинг учун миллатнинг ўзи туганмас куч-қудрат манбаига айланмоғи даркор. Бу буюк инсонлар суҳбати ўтаётган ўн тўртинчи йилда ичимизда беш-ўн Беҳбудийлардан ўзга халоскор куч етилмаган эди. Шунинг учун улар аҳволни ўнглашда кучли мамлакатларга ва чунончи Чор Россиясига умид боғлардилар. Аммо касал ичдан тузалмагунча тузалмас.
Аммо бу фикрга одамлар узоқ-узоқ йиллар ўтибгина келадилар.
Ва бунга танқидга лаёқат касб этгандагина эришиш мумкин.