Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «COC! Савол ортидаги савол»

Yazı tipi:

Мен мармар ичинда малакни кўрдим ва унга етгунча мармарни йўндим.

Микеланжело

Муаллифдан

Қўлингиздаги китоб “QBQ!” – “Савол ортидаги савол”нинг асл нусхаси эмас.

Ундан яхшироғи.

Китобнинг асл нусхаси бундан ўн йил аввал, дўстим ва ижодий ҳамкорим Дэвид Левин иккимиз “Шахсий жавобгарлик” номли илк китобимни 299 саҳифадан ўқишга қулайроқ “СОС!”га қисқартирганимизда яратилганди ва энг қизиғи шундан сўнг бошланди.

Ҳайратимизни ошириб, бозор унга катта қизиқиш билдирди ва биз (“Flipping the Switch” – “Тугмачани босиш” ва “Outstanding!” – “Ажойиб!”ни ҳам қўшганда) бир миллион китобни ўқувчилар қўлига етказиб беришга мушарраф бўлдик. Айни пайтда сон-саноқсиз маърузалар ва ўқув машғулотларидан сўнг “СОС!” ҳамон инсонлар ҳаётига қандай ўзгаришлар олиб кираётганини эшитишдан завқланамиз. “СОС!” ҳаётимни ўзгартирди!” ёки “Қанийди, ‘СОС!’ни бир неча йил аввал топганимда!” каби изоҳларни ўқиш – биз учун катта бахт.

“СОС!” ўзининг таъсир кучи доирасида йиллар давомида собит қолаётганини кўриш ҳам қувонарли ҳол. Кўплаб китоблар катта шов-шув билан омма эътиборига ҳавола этилади, аммо тез орада бозордан ғойиб бўлади ва унутилади. Бироқ “СОС!” бугун одамлар ва ташкилотлар учун ҳар доимгидек аҳамиятли эканини исботлади.

Албатта, бу муваффақиятларнинг ҳеч бири “СОС!”ни янада яхшилашга эҳтиёж йўқлигини англатмасди. Шу боис, ўқувчилар ва мижозларнинг йиллар давомида билдирган фикр-мулоҳазаларига кўра биз китобнинг аниқлик киритилиши ва сайқалланиши зарур бўлган айрим жиҳатларини пайқадик. Шунингдек, китоб охирига кичик бир бўлим қўшиб, ўқувчиларни энг кўп қизиқтирадиган саволларга жавоб бердик.

“СОС!” “Савол ортидаги савол” бўйлаб ўз саёҳатингизни бошлар экансиз, бундан беҳад мамнунлигимизни билишингизни хоҳлардик. Биз дунё бўйлаб кўплаб дўст орттирдик ва энди сизни ҳам улардан бири деб биламиз. Шахсий жавобгарлик тўғрисидаги номамизга ишонч билдирганингиздан миннатдормиз, чунки “СОС!” ҳам аслида бошдан-оёқ шу ҳақда.

Қаёққа кетди…

Хюстон шоссесидаги эълонлар тахтасида ушбу савол пайдо бўлди:

“Масъулият ҳисси қаёққа кетди?”

Эълонни у ерга ким илганини билмайман, аммо у кўзимга чўғдай кўринди. У бежиз айни ҳақиқатдек кўринмаганди. Масъулият ҳисси қаёққа кетди? Нега бугун одамлар ўз муаммолари, ҳислари ва қилмишлари учун бошқа кимнидир ёки ниманидир айблашдан нарига ўтолмаётгандек туюляпти?

Мана, бунга айрим мисоллар:

Газ қуйиш шохобчасидаги дўкондан қаҳва излаётгандим, лекин графин бўш экан. Шундан сўнг пештахта ортидаги кишига “Маъзур тутасиз, идишда қаҳва йўқ экан”, – дея мурожаат қилдим. У ўзидан нари борса, 4,5 метр узоқликдаги ҳамкасбини кўрсатиб: “Қаҳва унга тегишли бўлимда!” – деди.

Бўлим? Шу йўл чеккасидаги катталиги битта хонамча келадиган газ қуйиш шохобчасида-я?

Яна бир мисол: мамлакат бўйлаб парвоз вақтида стюардесса ўтирганларга “Барчангиздан узр сўраймиз, сизга ваъда қилинган фильм бугун қўйилмайди. Кейтеринг бордга янглишиб бошқасини олиб чиқибди”, – дея эълон қилди.

Навбатдаги ҳолат: пицца етказиб бериш хизмати, афтидан, бизнинг буюртмамизни йўқотиб қўйганди. Бу вақтда оилам қорни оч ҳолда машинада ўтирар, мен эса пиццамизни кутиб, у ёқдан-бу ёққа бориб-келардим. Шу пайт пештахта ортидаги йигит дабдурустдан: “Мени айбламанг, навбатим эндигина бошланди!” – деб қолди.

“Бу менинг айбим эмас”, “Бу менинг вазифамга кирмайди” ёки “Менинг муаммоим эмас…”га ўхшаш гапларни тез-тез эшитамиз. Эълонлар тахтасидаги ёзув кўзимга чўғдай кўринганининг қисман сабаби – ўша фикрга тўла қўшилганимда. Бироқ мени кимдир шахсий жавобгарликка етарлича жиддий қараб, бу ёзувни биринчи навбатда шу тахтага жойлаш учун масъулият ҳиссини туя олгани лол қолдирганди.

Мен ҳам буни чуқур ҳис қилганим сабабли ушбу китобни ёздим.

Хўш, бу китоб ким учун ўзи? Мазкур асар:

“Анави бўлим қачон ўз ишини тўғри бажаради?”

“Нега улар яхшироқ мулоқот қила олмайди?”

“Ким қовун туширди?”

“Нега биз бу ўзгаришларни бошдан кечиришимиз керак?”

“Қачон менга биров ўргатади?”

“Нега биз яхшироқ одамларни топа олмаяпмиз?”

“Ким бизга аниқ тушунча беради?”га ўхшаш саволларни эшитган ё сўраган ҳар қандай киши учундир.

Бу саволлар етарлича безарар кўрингани билан, масъулият ҳисси етишмаслигини билдиради (мен “шахсий жавобгарлик” атамасини маъқул кўраман) ва у биз бугун дуч келаётган кўплаб муаммоларнинг илдизи саналади.

Аксинча, фикрлаш тарзимизни ўзгартириб, жавобгарлик ҳисси кучлироқ бўлган саволларни бериш ташкилотларимиз ва ҳаёт тарзимизни яхшилаш йўлидаги энг таъсирли ва самарадор чоралардан биридир.

“Савол ортидаги савол” (СОС!) йиллар давомида такомиллаштирилган қурол бўлиб, кишиларга, шу жумладан, менга ҳам, ўзимиз ҳақимизда яхшироқ саволлар бериш орқали жавобгарлик ҳиссини оширишга кўмаклашади.

Мен бу ғоя ҳақида 1995 йилдан бери ёзаман ва гапираман, мавзу эса ҳар қачонгидек ўз аҳамиятини йўқотмаган. Деярли ҳар куни СОС ёрдамида унумдорлик ошгани, якдиллик кучайгани, стресслар камайгани, муносабатлар соғломроқ бўлгани ва харидорга сифатлироқ хизмат кўрсатилгани ҳақидаги муваффақият тарихини эшитаман.

Ҳар ҳолда, одамларнинг СОСдан олаётган энг катта фойдаси шахсий эҳтиёж билан боғлиқ: бу тарзда фикрлай бошлаганлари ҳамон барчаси ўз-ўзидан яхшиланади. Одамлар кўпроқ завқ туя бошлайдилар. Шахсий жавобгарлик йўлини танлаганлар учун ҳаёт гўзал ва ёқимлироқдир.

Хуллас, юқорида санаб ўтилганга ўхшаш саволларни эшитган бўлсангиз, бошқалардаги масъулиятсизлик ҳафсалангизни пир қилган бўлса ёки ўзингизда шундай фикрлаш тарзининг айрим жиҳатларини пайқаган бўлсангиз, бу китоб сиз учун! Мутолаадан завқланинг!

1
Шахсий жавобгарликнинг кўриниши

Ажойиб кунларнинг бирида Рок Боттом ресторанига енгил тамадди қилиб олиш учун тўхтадим. Ичкари тиқилинч, вақтим эса тиғиз, шу сабабли барда бўш турган ягона стулни эгаллаганимга хурсанд бўлдим. Бир неча дақиқадан сўнг қўлида ювуқсиз идишлар тўла патнис кўтариб олган йигит ошхона томонга шошиб ўта бошлади. У кўз қири билан мени пайқади, сўнг тўхтаб ортига қайтди ва сўз қотди:

– Жаноб, сизга хизмат кўрсатишдими?

– Ҳозирча йўқ, – дедим мен, – бироз шошиб турибман. Рости, салат ва эҳтимол, иккитагина булочка айтмоқчийдим, холос.

– Мен олиб келаман, жаноб. Ичишга нима буюрасиз?

– Мумкин бўлса, “Diet Coke” (парҳез кола), илтимос.

– О, маъзур тутинг, жаноб, бизда “пепси” маҳсулотлари бор. Бўладими?

– А-а, йўқ, раҳмат, – дедим мен жилмайиб. – Лимонли сув берақолинг унда.

– Яхши, ҳозир қайтаман, – у ғойиб бўлди.

Зум ўтмай, у салат, булочкалар ва сув билан қайтиб келди. Миннатдорчилик билдирганимдан сўнг хизматчи мамнун мижоз, яъни мени маза қилиб овқатланишим учун холи қолдириб, яна тезда ғойиб бўлди.

Ногаҳон чап томонимда кимнингдир шарпасини сездим. Ортимдаги одамнинг “ғайрат шамоли“ менгача етиб келди, кейин ўнг елкам узра ярим литрли идишда сирти қиров билан қопланган, ўзи муздек, тахмин қилганингиздек – “Diet Coke” келтирган узун қўл чўзилди. Бу ўша хизматчи йигит эди.

– Қойил! – дедим мен. – Миннатдорман!

– Ош бўлсин, – деди у жилмайиб ва яна шошганча қаёққадир кетди.

Хаёлимга биринчи келган истак – бу одамни ёллаш, у билан имконсиз нарсани уддалаш ҳақида суҳбат қуриш бўлди! Унинг ўртамиёна ишчи эмаслиги очиқойдин кўриниб турарди. Ҳозиргина қилган ажойиб иши ҳақида қанча кўп ўйласам, у билан гаплашишни шу қадар кучлироқ хоҳлаётгандим. Шундай қилиб, эътиборини тортишим биланоқ унга қўл силкидим.

– Узр, сизларда “кола” сотилмайди, деб ўйлабман, – дедим сўнг.

– Ҳа, жаноб, сотмаймиз.

– Яхши, унда бу қаердан келди?

– Бурчакдаги озиқ-овқат дўконидан.

Бу гапдан оғзим очилиб қолди.

– Пулини ким тўлади? – сўрадим яна.

– Мен, жаноб, атиги бир доллар туради.

Ўшангача миямдан “Ажойиб-ку!”сингари теран ва профессионал фикрлар ўтаётганди, аммо шу тобда: “Ахир, жуда банд эдингиз-ку. Уни олиб келгани қандай вақт топдингиз?”дея олдим. У, назаримда, кўз ўнгимда янада виқорли кўринаркан, жилмайганча жавоб қилди: “Мен олиб келмадим, жаноб. Бошқарувчини юбордим!

Бунга ишона олмасдим. Нима, бу ваколатларни тақсимлашни уддалашми ёки бошқа нарсами? Гаров ўйнайман, барчамиз ҳам ўз раҳбаримизга қараб, “Менга “Diet Coke” олиб келинг!” дейишни орзу қилган пайтларимиз бўлган. Қандай ажойиб манзара! Лекин бундан ташқари, унинг хатти-ҳаракатлари шахс жавобгарлиги ва “Савол ортидаги савол”нинг бетакрор кўринишини ҳам акс эттиради. Келгуси бобларда биз СОСнинг муайян хусусиятларини кўриб чиқамиз, ҳозир эса хизматчининг фикрлаши ва у қилган танловлар ҳақида мулоҳаза қилсак.

Тиғиз тушлик вақти. Қўлидаги идиш тўла патнисининг ўзиданоқ унинг иши бошидан ошиб ётгани аён эди. Аммо у бундан баҳона ёки ўзини оқлаш сифатида фойдаланмади, аксинча, йўл-йўлакай ўз бўлимига тегишли бўлмаса-да, эътиборга муҳтождек кўринган мижозни пайқаб, унга ёрдам бериш учун қўлидан келган ҳамма ишни бажаришга қарор қилди. Ўша дамда унинг хаёлидан нималар кечганини билмайман, албатта, аммо шунга ўхшаш вазиятга дуч келган кўпчиликда қуйидаги саволлар туғилган бўларди:

“Нега бу ердаги барча юмушларни мен бажаришим керак?”

“Бу ҳудудга ким жавобгар ўзи?”

“Бошқарма бизни қачон кўпроқ озиқ-овқат билан таъминлайди?”

“Нега бизга қўшимча одам олишмайди?”

“Мижозлар таомнома билан танишишни қачон ўрганади?”

Кимдир, айниқса, кайфияти йўқ пайтда ўзини шундай ҳис қилиши ва шу тарзда ўйлаши табиий, аммо булар бўлмағур саволлар экани ҳақиқат. Улар салбий бўлиб, ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Китоб давомида биз шу каби саволларга нотўғри саволлар ёки НСлар, сифатида қараймиз, чунки уларни беришдан фойдали ёки самарали ҳеч нарса чиқмайди. Улар, шунингдек, шахсий жавобгарликнинг тамоман аксидир, сабаби, ҳар биттасининг туб маъноси муаммо ёки бирор вазиятда бошқа кимнидир ёки ниманидир жавобгар қилишни назарда тутади.

Афсуски, кўпинча хаёлимизга энг аввало шундай ўйлар келади. Кўпчилигимизда дилхиралик ёки қандайдир мушкул вазиятга жавобан дастлаб салбий ва хавфдан ҳимояловчи ҳиссиётлар уйғониши ҳамда бизни қуршаб оладиган илк саволлар ҳам НСлар бўлиши аччиқ ҳақиқат.

Бунинг яхши томони шундаки, ўша дилхиралик пайти бизга вазиятни осонлаштириш учун улкан имкониятни ҳам тортиқ қилади ва СОС ундан фойдаланиб қолишимизда ёрдам бериши мумкин. НСлар хаёлимизга бостириб кирган вақтда бизда танлов имкони бор: “Эҳ, қачон бизга кимдир ёрдам қўлини чўзади?” каби савол билан шу кайфиятни қабул қилишимиз ёки “Вазиятни ўзгартириш учун нима қила оламан?” ҳамда “Жамоамни қандай қилиб қўллаб-қувватласам бўлади?” каби фойдалироқ ва масъулиятлироқ саволларни маъқул кўриб, нотўғри берилган савол(НС)ларни инкор этишимиз мумкин.

СОС тавсифи:

Ҳар бир инсонга ўз вақтида тўғри танловлар қилиш орқали шахсий жавобгарликни амалда қўллаш имконини берувчи восита.

Биз уни ўзимиз ҳақимизда яхшироқ саволлар бериш орқали мукаммаллаштирамиз.

Юқоридаги хизматчим ҳам айнан шундай қилганди. Ўй-фикрлари тартибга солингани учун у ўзига нотўғри савол(НС)ларни бермади ва вазиятни ҳар томонлама назоратида сақлади.

Бир оғиз сўз айтиш-айтмаслигидан қатъи назар, хатти-ҳаракати унда “Ёрдам бериш учун нима қила оламан?” ёки “Қандай қилиб кўпроқ фойда келтира оламан?” деган жавобгарлик ҳисси борлигини кўрсатиб турарди. Унинг танловлари аҳамиятга молик эди.

Ўша куни кетаётиб унга йигирма беш центлик тангаларимни бар таймерига ташлаб, ҳар қандай мижоз бериши мумкин бўлган чойчақа бердим (Ҳазиллашяпман, аслида бу йигит муносиб бўлган яхшигина пул эди). Бир неча ойдан сўнг бу ерга қайтиб, ўзим ёқтириб қолган ўша хизматчим – Жейкоб Миллер (фамилиясини жуда ёқтираман-да!)ни сўраганимда, бар ходимаси “Маъзур тутасиз, жаноб, Жейкоб энди бу ерда…” дея гап бошлади-ю, ҳушим бошимдан учди: “ЙЎҚ! Севимли хизматчимни бўшатдингизми? Қандай вазиятда тур ганимни кўриб, ўзига “Айни шу дамда мижозимга хизмат кўрсатиш учун қўлимдан нима келади?” дея савол бера олган болани бўшатдингизми?”

Улар шундай ишчини қўлдан чиқарганига ишонгим келмасди.

Бироқ бу гапларнинг бирортасини ходимага айтмадим. Фақат гапини бўлиб: “Уни ‘бўшатдик’ деманг?!” деб юбордим, у эса саволимга жавобан: “О, йўқ, жаноб, уни бўшатмадик, у бошқарув бўлимига ўтди”, – деди очиқ чеҳра билан. “Бошқарув бўлими, эҳ, увол-ку шундай яхши ходим у ерга!” деган ўй келди хаёлимга дарҳол. (Ҳатто бошқарувчи бўлсангиз ҳам, кулаверинг!)

Жейкоб ўзининг фикрлаш тарзи билан мансаб пиллапояларидан шу қадар тез кўтарилиши мумкинлигига заррача ҳайратланмаганим – ҳақиқат. Шахсий жавобгарлик бериши мумкин бўлган имтиёз ҳам шу. Ютуққа ҳар бир инсон – мижозлар, ҳамкасблар, ташкилот – ҳар ким эришади. Жейкобга келсак, унга чойчақа ва рағбатлантиришдан бошқа ёрдам беролмасдим, аммо ўйлашимча, кун якунида шахсий жавобгарликни амалда қўллаган ҳолда ўзига энг яхши саволларни бериши ва энг яхши танловлар қилганида, қалби нимани ҳис эта олиши унинг энг катта ютуғи эди.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
06 şubat 2023
Hacim:
1 s. 2 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-23-187-0
Telif hakkı:
Asaxiy books

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu