Kitabı oku: «МАНГУ АФСОНА», sayfa 2
Yazı tipi:
НОРЖИЛ ДАРАХТИ ҲАҚИДА
ЭНГ ҚАДИМГИ РИВОЯТ
Келди қай бир худонинг қаҳри,
Халқ қашшоқдир. Очлик авжида.
Филлар забун. Йўқ илон заҳри,
Шукуҳ йўқдир Ганга мавжида.
Донишмандга югурди подшоҳ,
Мадад сўраб элнинг корига.
Кириб борди тортганича оҳ,
Ҳимолайнинг олис ғорига.
Донишманд дер кериб қошини,
Вазир боши кесилсин. Тағин
Ерга кўминг вазир бошини,
Ичга солиб хурмо данагин.
Дарахт кўклар – япроқлари хат,
Озиқланар бутун жони бор.
Қайтаради ўша кун, албат,
Еганларин ўшал ҳийлакор.
Бечора шоҳ қолди ўйланиб,
Чин бўлмаса не бўлар сўзи?!
Саволларни оларди таниб,
Донишманднинг чақнаган кўзи.
Донишманд дер: “Учратдинг кимни?..
Илло, сўзим бермаса фойда,
Кесиб кўминг менинг бошимни,
Вазир боши кўмилган жойга”.
Донишмандлар сирли очунда,
Хоҳ ғордадир, осмондадир хоҳ…
Ой кўринмас қоп-қора тунда,
Барчасини бажарди подшоҳ.
Донишмандлар олдида, нетонг,
Дунё ожиз. Ожиз тожу тахт.
Илоҳалар юборганда тонг,
Водариғо, кўклади дарахт!
Ва ёмғирлар юмшатди тагин.
Меваларин тинимсиз тўшар.
Эслатади калла суягин,
Ва мағизи мияга ўхшар.
Гўзал дарахт тарқаб кетди тез,
Халқи тўқдир. Маймунлар шодон.
Мен экдим деб ейди тинимсиз,
Ҳали-ҳануз подшоҳчи, нодон!
Ўттиз ёшга ёшарди подшоҳ,
Аёлининг сочи қорайди.
Югуради етмиш ёшда гоҳ,
Ҳарамига тезроқ борай деб.
Мана, дарахт кўклаб турибди.
Оёқ-яланг кечиб қорларда
Халқни ўйлаб яшаб юрибди,
Донишмандлар ҳануз ғорларда.
Донишмандлар ўтар яланғоч.
Норжил ичиб қорни тўйгайдир.
Ҳиндлар эса қолганида оч,
Вазирларин эслаб қўйгайдир.
2013
ХОТИРА
Мозийга қайтаман – дардлар давосиз:
Тўмарис уйғонгил. Алпомишим қайт!
Хўрланган. Топталган. Озод ҳавосиз
Элим менинг… Бағрим. Нима қилай, айт?!.
Бўйнингдан боғлади. Сиртмоққа тортди,
Кўзингни боғлади. Боғичлар қизил.
Ортса сенинг ғамларинг ортди,
Тарих кўзгуларин синдирди чил-чил.
Ёввойи хилқатга қилмагил ҳавас,
Харсанглар дўппайган. Шу ҳам шонмидир?..
Ёлғон ҳашамларга сиғинмагил, бас,
Басирам. Мил тортган ул Комронмидир?!.
Кўзим илғай олар олам рангини,
Капалаклар учар. Шамол қувайми?..
Ёхуд қайноқ қоним билан ювайми,
Қадим шамширларнинг босган зангини.
Тупроқ кўчаларда кулчалар ётган,
Қўллари қадоғим. Пешонаси шўр.
Порахўр. Ватанхўр хоинларни кўр,
Нафс ботқоғига ўзини отган…
Бошоқдек сочилдинг. Сен ризқ куйида,
Боболар мозорин босиб борар чим.
Кибор тождорларнинг чиркин ўйида,
Азалдан қорасан. Қорасан, халқим!
Магадан қўйнида Усмон қорадир!..
Эркаклар қасоскор!.. Аёллар додлик!..
Юрагимни тиғда кесиб борадир,
Шонли курашларда қолган Озодлик!
О, шаккаргуфторлар! Булбулигўё!
Мозийга қайтаман. Давосиз дардлар.
Қайта тирилгандек туюлар гўё
Жон пинжида халқин сотган номардлар!..
Чўкиб бораяпман. Кўзларим ичкин.
Она! Халқим менинг!.. Қаддингни кўтар!
Озод ҳаволардан нафаслар ичгин,
Озод ҳаволардан булутлар ўтар!
Қарғалар қағиллар. Изламасман шаън,
Бўғзимга тиқилган бўздирсан, халқим!
Эрка шоирингман – дардингга дардманд,
Ҳали айтилмаган сўздирсан, халқим!
Йиғлама. Ҳиротдан боқма паришон.
Жон тутдим. Сўз тутдим. Каминг тўлмайди…
Ёвга нишон, сенга қалқонман, ишон!
Ахир мен ўламан… Сўзлар ўлмайди!
26.05. 2013.
ҲОФИЗ ШЕРОЗИЙГА НАЗИРА
Сармаст яша танда жон токи,
Бода тутгил, ки олийсифат.
Ё дўзахдир, жаннатдир ёки,
Бил, кетармиз алалоқибат.
Зўр бўлармиш жаннатда, эй дўст –
Май бўлармиш жаннатда, эй дўст.
Ҳур бўлармиш жаннатда, иста –
Най бўлармиш жаннатда, эй дўст.
Майлар ичай, ёрлар қучай мен,
Қанотимда олиб учай мен.
Сен билмайсан – бир хилват манзил –
Ҳурлар билан танҳо кўчай мен.
Эй ёр, қалбим тирна шонада,
Эй дўст, бир дам сен тилингни тий.
Шу дунёда – шу майхонада
Яшаб ўтай бўлиб жаннатий.
2013
ИШҚ ДЕДИНГ
Ишқ дединг. Сўрадинг умримга тилхат,
Қалтираб турардинг. Қўлингда това.
Япроқдек тўкилдим. Тўкилди дилхат –
Дунё ёлғон дедим, қиз бевафо. Ва
Кетдим бўйга етган буғдойзорлардан,
Рангин чироқлардан изладим жамол.
Булутлар карвонин ўйнаган шамол,
Бағишлади сарсон хазонларга шаън!
Карвонлар изини этганча тавоб,
Кетдим. Сендан кетдим кўп йироқларга.
Ойдин кечаларда бермадим жавоб,
Юрагимни чертган қўнғироқларга…
Шеърларим тош эмас. Сиғинма, ай, жон…
Мана, илоҳ каби яшаяпман жим.
Қонталаш шафақда ичилди рашким,
Мажнун саҳросида фақат кечдим қон!..
Яхшимисан?! Бошқа не деб айтарман,
Четга йиғиштириб қўй ишларингни.
Бир кун жомадонда олиб қайтарман,
Фақат сенга – сендан кетишларимни…
23.05.2013
КЎП БОР ЎТДИМ
Кўп бор ўтдим кўчангдан, эркам,
Кўп бор ўтдим сочимни тараб.
Ёқиш учун бекўсту бекам,
Турганингда дарчангдан қараб.
Кўп бор ўтдим кўчангдан, эркам,
Кўп бор ўтдим туфлимни артиб.
Ўтавердим ўзимни тергаб,
Ўтавердим башанг, батартиб.
Ўтавердим бегўр, ложарам,
Куну тунда, тушу пешинда.
Бир кечада айирдинг, эркам,
Ўтиш деган буюк ишимдан.
2004
ҲУСН ОРА ТЕНГСИЗ, ГУЛДЕК ЁР
Нозик қўлларида, ваҳким, тутиб май,
Ҳусн ора тенгсиз, гулдек ёр турур.
Ҳорғин жасадимнинг тарожига шай,
Чап кўксимда улуғ жавонғор турур.
Майда жилва қилар чеҳраси кулиб,
Бир қадаҳ майдирким, сипқорсам ўлам.
Сипқорсам кетгаймен оламни бузиб,
Сипқорсам оламнинг ғамига тўлам.
Анинг кўзларида жилва қилар май,
Нетай, қаршимда гулдек ёр турур.
Сайрон – жасадимнинг хирожига шай,
Ўртада бир қушким интизор турур.
Урёндир, сипқорсам озор фараҳга,
Сарҳушмен, сипқорсам сўздин қолмаймен.
Афсуским бундайин гулгун қадаҳга,
Фақат лаб теккизиб яшай олмаймен.
2013
ТУҒИЛГАН КУНИНГДА
Олис-олис юрдим кўп яёв,
Йўлкирамга тамаки чекиб.
Юрдим кўп бор бебок, беаёв,
Бой қизларнинг ғашига тегиб.
Афишалар тургандай муқим,
Куним ўтди чорраҳаларда.
Тақвадордай яшаблар кўрдим,
Эски шаҳар ва даҳаларда…
Бой қизисан! Бойсан, аслида.
Ой қизисан! Ойсан, аслида.
Ой дедиму, қўлим чўзганча,
Булутларнинг қолдим касрига.
Соғинчлардан юрагим зада,
Кечир мени. Бормадим етиб.
Ўтирибман ётоқхонада,
Йўлкирамга тамаки чекиб.
2005
ТУРКИСТОН МИСОЛИ УЛ РАУФ ПАРФИ
Шоир билан яна ёлғиз қолдикму?
Топталган туйғулар дастурхонда жам…
Ҳаргиз Туркистон деб қадаҳ олдикму?
Санчқида бу юрак газак бир тўғрам!
Хиёнат қўйнида сархуш жувондан,
Кимнинг вароқларга тўкилди бахти.
Китоблар сарғайган қора жавондан
Кўзимга экилар “Сабр дарахти”.
Тулпорлар туёғин зарбида қирлар,
Шоирин излаган шамол юрибди.
Қаранг, эй чироғи ёниқ шоирлар,
Шоир деразадан қараб турибди.
Хаёл чувалади… чувалади йўл,
Ўтаверар гала ҳайкаллар гали.
Адашган Мажнунлар узатади гул,
Лайлолар қалбида шоир ҳайкали.
Ҳаққа қараб ўсар сочу соқоллар,
Ишқнинг Машраб каби адоси шоир!
Миллатни хор этди қизил шоқоллар,
Элнинг шоҳдан азиз гадоси шоир!
Самода чақмоқдир ситилган қўрқув,
Тириклик куйида яралган башар.
Шовуллайди тошқин дарёларда сув,
Мағрур бургутларда озодлик яшар!
Ҳануз дунёсидан ўзин қизғонар,
Қадим ханжарларда туркийлар ҳарфи.
Боболар қиличин тиғида ёнар,
Туркистон мисоли ул Рауф Парфи…
16.11.2012.
“АЛП МАНҒИТ” ЭРТАГИДАГИ
МАЛИКА БИКАЖОН МАКТУБИ
Ой юзлашган юзинг ўзим,
Рабдан тортиқ изинг ўзим,
Улдан ортиқ қизинг ўзим.
Шамол бўлиб елгин, ота,
Соғинганман келгин, ота.
Бузоғи бор сигир ияр,
О, шамоллар сочим қияр,
Канизаклар тожни кияр.
Мен ўтирган тахтми, ота,
Бахтсизлигим бахтми, ота!
Кўринмайди йўл адоғи,
Хайр дейман сафар чоғи,
Ортиб борар қалб қийноғи.
Мен борман деб айтгил, ота.
Ўз юртингга қайтгил, ота,
Чўққиларда сор талашар,
Эр-йигитлар ор талашар,
Зеб-зийнатга зор талашган
Навкарларни нетай, ота,
Бу ерлардан кетай, ота!
Эгаси йўқ кенг даштларни,
Миннат тўла баркашларни,
Мол талашган пасткашларни,
Ўз юртимда кўрдим, ота,
Ва юзимни бурдим, ота.
Дор остида халқ нигоҳи,
Етиб борар кўкка оҳи,
Савдогардир Нўғай шоҳи…
Тўлиб турган моҳми, ота,
Савдогар ҳам шоҳми, ота!
Олиб сотар орин сотди,
Ўз мулкида борин сотди,
Қучоқлаган ёрин сотди,
Қушлар учар қаён, ота,
Дардим сенга аён, ота.
Адирларга бўйим бўйлаб,
Болаларга эртак сўйлаб,
Энди, яшай қўшиқ куйлаб.
Сен пуфлаган найман, ота,
Жон беришга шайман, ота.
Кетар бўлсам, йўлим афзал,
Ёвга ханжар қўлим афзал,
Қул бўлишдан ўлим афзал.
Ўлим яқин йўлдир, ота,
Майли, ўзинг ўлдир, ота.
Ёвга қаср қурар халқим,
Бошин эгиб турар халқим,
Наҳот, қулдек юрар халқим.
Қандоқ чидай, айтгил, ота,
Ўз юртингга қайтгил, ота.
Айтгил, қайга бошим урай,
Айтгил, қайда даврон сурай,
Сенга битта сарой қурай,
Миллатингни тергил, ота,
Менга Ватан бергил, ота!
11.05.2013.
ГУЛЛАР…
Гуллар босишади остонангга лаб,
Остонангни ҳатлаб тугаган йўлим.
Пойимга тиз чўкма. Йиғлама қақшаб…
Баъзида шаън каби шарафдир ўлим!..
Кўргил. Отганида тонг, тушганида кеч –
Босган қадамларинг нигоҳимда – фан…
Мен безор бўлмадим юрагимдан ҳеч,
Фақат безор бўлдим сенсиз яшашдан…
Юрагим қадаҳдир. Тошади соғир,
Ҳаётим барбоддир. Умрим бетартиб.
Феруза! Билмайсан, яшамоқ оғир,
Шеър тўла дафтарнинг чангини артиб.
Кўнглимга очдирман. Ўзимга тўқман.
Хазонларни ўпиб яшайди тупроқ,
Ойнадан қарайсан… Мен эса йўқман –
Эртароқ узилар, эркароқ япроқ…
Йўқотиб бўлгандир дунё рангини,
Афсус, отанг билмас буни ҳеч қачон…
Яшамоқ оғирдир – титраб туриб жон,
Ҳар кун ойналарни артсанг чангини…
2012
НУРДАН ЯРАЛГАНСАН
Нурдан яралгансан. Топмадим соя,
Қуёш сахий боқар Қашқадарёдан.
Нурлар жилвасини қилиб ҳимоя,
Мен-ку оқиб келдим бошқа дарёдан.
Бир томон Зарафшон, бир томон Сурхон,
Ёшли қароғингдан дарёлар боқди.
Бошингда япроқлар ўйнади, Нурхон,
Пойингда хазондек шовуллаб оқдим…
Кузим… Боқ. Юракнинг чандиқларидан
Заҳмида нам тортиб қондир вароқлар.
Берай Бибихоним сандиқларидан
Олтин сочларингга олтин тароқлар!
Кўзингга тикилсам, тўкилади шеър,
Борлиғим энг гўзал ҳисга тўладир.
Менга Тўмариснинг қиличини бер,
Сочларингни кессам керак бўлади…
Қиличнинг тиғида ой ҳам қулайди.
Эгилган бошларга тўлган она ер…
2012
ЎШАЛ КОТИБАГА
Оламда турфа хил одамлар оқар,
Кўрган майдонида кўзим кўради.
Ҳамиша ҳиндларга камтарлик ёқар,
Лек туғишда биздан олдин туради.
Идора эшигин тепиб кираман,
Ойдек котибага қиламан хитоб.
Дейман ёзиб тургин кечга кўраман,
Виншушарман каби тузгандек китоб.
Агар Ҳиндистонга кетсам улоқиб,
Ҳиндикуш тоғига қўйиб манжаниқ,
Жасадимга қанча оловлар ёқиб,
Ҳинд диёридан мени қувиши аниқ.
Қуёшга ҳам мағрур қарайман бесар,
Босқиндек хислатлар қонда оқади.
Мени “оқ ит” боқмас оч қолсам агар,
Оч қолса ҳиндларни қуёш боқади.
2013
НЕГА ЖИМСАН…
Нега жимсан? Хаёлларинг банд…
О, Феруза! Осмонга қара –
Ферузаранг ранглар – шаршара –
Гумбазларда тунги Самарқанд
Яшар. Яшнар кўзларингда чўғ –
Умрим шами кўчган диёрдир.
Ой халқаси бўйнимга дордир.
Афсус… ҳали осилганим йўқ!
Шоирлигим – ўтилмаган фан.
Чиройингни қилмагин пана.
Иста! Шеърлар ўқиб бераман,
Ёндафтарим ёнимда, мана!
Қоғозларга сачраган қондир!..
Мен сўрасам… Висол сўрадим.
Не оловсан? Куйди юрагим,
Оғушингда сўнги бор ёндир!
Ахир тунга ачинмайсанми?
Бошинг узра юлдузлар порлар,
Бошинг узра юлдузлар чорлар…
Ичгим келар… Билмам… Майсанми?…
Ферузаранг ранглар – шаршара –
Гумбазларда тунги Самарқанд…
О, Феруза…
2012
ЖОНОНЛАРГА
Жононларга – титрак жонларга,
Бағишланган кечалар қани.
Борса келмас бир томонларга
Олиб кетинг кўчалар мани.
Кета қолай гарангсиб, гангиб,
Улоққанча шамоллар билан.
Чархидунни манглайга танғиб,
Қарғиш теккан аёллар билан.
Ўзим каби шеърларим мана,
Сизга қолсин хатдек, майлига.
Кетмакчиман бевақт, бесана,
Тажарруднинг беишқ сайлига.
Кетмакчиман дарбадар, беор,
Жуда енгил қадамлар билан.
Кетмакчиман қизлардаги бор
Ғамлар билан, аламлар билан.
Борса келмас бир томонларга,
Олиб кетинг кўчалар мани…
2005
САЪДИЙ ШЕРОЗИЙГА НАЗИРА
Юрак подшо бўлдинг, кўзларим тинди,
Султонлар қул бўлган суягин йиғмас.
Фарёдлар тўкилди, қиличим синди,
Нетай, бир кишварга икки шоҳ сиғмас.
Уриб турдинг, ёлғиз қасиринг бўлдим,
Ўлсанг мозор бўлгум сенга тутилиб.
Қатлда ўзганинг асири бўлдинг,
Бироқ кетолмадинг мендан қутилиб.
Қайга кетай, бошла, илкингда ҳар иш,
Сира шафқат қилма тўккан жоламга.
Бир гиламда ётар ўнталаб дарвиш,
Лек бир шоир сиғмас бутун оламга.
2013
АФРОСИЁБ АФСОНАЛАРИДАГИ
ТЎЙ ТАСВИРИ
Қалмоққа бордим.
Адирдан қуйи қишлоқ.
Эсимни танибманки, катта отам ул, бул,
шул деб сўзлар.
Найман қайга бориб жойлашса – Найманқишлоқ.
Сарой қайга жойлашса – Саройқишлоқ.
Набираларини йиғиб бир “алп олиш” этинглар деб қолди.
“Алпомиш” ё “Алпманас”га умуман алоқаси йўқ.
Гап Афросиёб харобаларидаги
тўй тасвири ҳақида кетяпти.
Достону эртакни ҳар элнинг бахшиси
ўз овулига мослаб айтади.
Навоий ҳазратлари
тўрт-беш ёшида Шоҳ Анвар Қосим
шеърларини ёд билган. Модомики, анинг
шеърлари фақат Самарқанд маҳфузасида
машҳур эди
ва ҳоказо…
Хаёлларда мозий минган Ғирот қайларга бориб
яна қайтмайди дейсиз.
Рангин тасвирга қараб туриб ўзимни
ёмон кўриб кетдим.
Унинг исми жимжимадор қилиб ёзилмаган.
2013
ЙЎҚ. БАРЧАСИ ЁЛҒОН…
Йўқ, барчаси ёлғон, Фарида,
Отилмайман ердан кўк сари.
Чўктирмакда ишқнинг қаърига,
Автобуснинг ўриндиқлари.
Бу йўлларнинг адоғи бордир,
Тугаб битди мен кўтарган жом.
Кўр. Ҳаётим хордир, абгордир…
Сочларингни тўша шу оқшом!
Барчасига қарадим тикка,
Наҳот сенда эгилади бош.
Сабрим етар, ки, ҳақсизликка,
Бу фироққа етмайди бардош…
Йўқ, барчаси ёлғон, Фарида,
Отилмайман ердан кўк сари…
Кимдир чорлар кўкдан нарида,
Жим тортади заминнинг қаъри…
2009
САКИНА ИСАБЕК ҚИЗИ ХОТИРАСИГА
1. Шамоллар мангудир – дарахтлар яшар,
Тирик сўзлар ичра этар муножот.
Аламлар кетарми, топарми нажот
Кишанлар сасидан зериккан башар?
Ялонғоч хивчинлар кўрсатади юз.
Яшаб бўлармиди тупроқдан ҳоли?
Ҳорғин. Ёқавайрон ситилади куз,
Дунёга тутилган бағир мисоли.
Ажинлар ўтгандир… Бекитиб бўлмас.
Оқарган соқолин қиртишлар қайта.
Яхши чиқмади ҳеч куйлак дазмоли…
Онадир. Ҳапқирган юраги тўлмас.
Айтгил, Турсунали, болалик қайда?
Юлдуз санайдими дўстлардан ҳоли?
2. Юлдузлар ёғадир. Шўх. Тийраборон.
Ғамгин оҳангларга меҳробдир кўнгли.
Ғурур қайғусидек аянчли, мунгли
Кўзларда қўшиқдир. Кўзлар нигорон.
Юлдузлар – фалакка сочилган оҳлар.
Аччиқроқ тикилар пастлаган ойга.
Чексиз кўк. Кўз ёш шўр. Ёвқур нигоҳлар
Тўлиб бораверар Шўралисойга.
Тонг отар. Осмоннинг гезарар қоши,
Олис чўққиларнинг ёрилган боши,
Қайдадир бир қисмат этилгандек ҳал.
Қушлар чуғирлайди. Қарар қўлига.
Она пешвоз чиқар. Сўз каби маҳтал.
Тонглар водийсини тўшаб йўлига.
3. Чалқиб эркаланар нур пардаларга,
Кўзлар қамашади… Қавир бетиним…
Бармоқларга игна санчилар чим-чим,
Туркийлар ёпинар бу кўрпаларга!
Келдингизми, ўғлим? Бироз дам олинг.
Анов яхши одам қилаяпти тўй.
Шаҳарда нима бор? Қишлоқда қолинг.
Тугатмасам бўлмас… Ва буёғи ўй.
Тандирга қарайди. Дастурхон тўшар.
Мусича мисоли камсуқум, холос,
Тахмон кўрпаларга меҳрини қўшар.
Қўлидан тушмайди ҳеч ангишвона,
Бардоши метиндан яралгани рост,
Меҳрини тупроққа тўшаган она.
4. Кўрпалар қавийди. Туғилсин беклар.
Никоҳлар муқаддас. Тикади ватан.
Ўзидан кўпайсин аҳли ўзбеклар,
Палаги пок бўлсин. Оқиб турсин шан…
Ёшлиги очилмай бемаврид сўлди.
Қанча гўдакларин ютганди тупроқ.
Нетонг. Буни эса шеърият юлди,
Кўрпалар қавийди. Қалқийди титроқ.
Сўкилиб бормакда юракнинг чоки,
Яхши бўлармиди қишлоққа посбон,
Маҳаллага раис бўлганда ёки…
Шоҳимардон пирим инояти – сиз!
Ўғлига термулар. Аталган ўғлон!
Ёлғиз! У ёлғиздир. Овози ёлғиз.
5. Овози шарафдир! Туғингни кўтар,
Она Туркистоним қуёш каби балқ.
Очиққан оломон ўзини ютар,
Тақдирлашни билмас таҳқирланган халқ!
Ҳар лаҳза келтирар қурбонлик… Шаҳид.
Буюк фидойилик – шоирлик! Ҳайҳот!
Осмонга қон сачрар! Шафақлар шоҳид.
Жонига ханжарлар санчилган бот-бот.
Илоҳий самоват. Борар улуғ жанг,
Аҳраман майдадир. Шоир йирикдир.
Қанча ўлдирсалар, шунча тирикдир…
Йўқ. Сўникмасман мен. Шунақа рангим.
О, менинг ўглимга… Қўшнилар қаранг,
Рауф деган унвон берибди Тангрим.
6. Мана. Тарғилланиб бормакда осмон,
Сочимда оқ эмас, онажон, қордир.
Тирик сўзлар ичра истамадим шон,
Озод ҳаволарнинг соғинчи бордир.
Шамоллар мангудир. Уйғотади шеър.
Ҳавони булғаманг, қўшиғи ёлғон.
Келар авлодларга тоза нафас бер
Оллоҳим… Нафасим кезинар сарсон…
Олтинга бож эмас туркийлар жони.
Қаранг! Кўзларимда босриқади тун.
О, бепоён фалак! Турон осмони…
Энди, мен кетайин. Она, яхши қол,
“Кўнгил қоронғудир, теварак тутун,
Ёлғиз бошим узра увиллар шамол”
2013
ЖОНИМ, КУТДИМ
Жоним, кутдим, етти йил кутдим,
Қора атаб ёруғ дунёни.
Алам ютдим, етти йил ютдим,
Оқ деб билдим қора зиёни.
Эшигингни итдек қўридим,
Исларимга тўлди подездлар.
Дарё эдим, чўлдек қуридим,
Изларингни етти йил излаб.
Кунлар аччиқ, кечалар бедор,
Деразангга кўзларим чўкди.
Мен истадим етти йил дийдор,
Ҳижрон мени етти йил тўкди.
Ҳажр бўлдим фалакка доир,
Мен висолни куйлаган Шоир…
2008
ЙЎҚ ОДАММАН
Йўқ одамман. Эмасман кучук,
Мана, қара бармоқларим ўн.
Кўряпсанми, аҳволим нечук?..
Сен яратган одамман, тушун!
Вароқлар оқ, сатрлар қора,
Мен кўрганим фақат икки ранг.
Тақдиримга тополмай чора,
Сени излаб топдим-ку, аранг.
Берганинг – ишқ, топинганим шеър…
Манов осмон, манов қора ер,
Тортмайдими бағрига илдам.
Йўқ. Одамман. Эмасман кучук,
Мана, қара бармоқларим ўн…
2006
НОДИРНИНГ ҚЎШИҒИ
Ниначилар учиб ўйнайди,
Жимирлаган сувнинг мавжида.
Кўз ёшимни ичиб тўймайди,
Сен қайларга кетдинг, Мавжуда?
Шамолларда қалдирғоч кезар,
Мезонларни кесар беҳуда.
Жавоби йўқ саволлар эзар,
Сен қайларга кетдинг, Мавжуда?
Одамлар шод, одамлар кулган,
Мен куйлайман. Қўшиқ авжида.
Сенсизликка Самарқанд тўлган,
Сен қайларга кетдинг, Мавжуда?
2008
КЎРГАНИМ ТУШМИДИР…
1
Бўғзида қон сизар. Ҳирқироқ товуш.
Боши йўқ. Потирлар. Қанотсиз қушми?
Кўрганим тушмидир, ҳаётим тушми?
Қаён кетмакдадир оёқсиз ковуш?
Ўликзорга ўхшар. Чироқсиз хона.
Лайлинг ўзингдадир, эй тан. Жим қовуш…
Хун тўлар туркийлар. Билмам, не важлар?
Илондек тўлғонар. Мен аталганман.
Ёниб бораяпти куюк бир чаман.
Сўлаклари оқиб шиширади шар.
Дўзах барпо этар. Буддалар ҳайрон.
Заҳҳок салтанатинда ўтирган аждар.
2
Яшамак оғирдир. Ҳаво етмайди,
Бу маним ҳаётим. Қилманг тажовуз.
Бунча тошбағирсиз. Бадкирдор. Ёвуз.
Қора қуюн. Гирдоб. Тўзон кетмайди,
Касалванд онадек ингранар шамол.
Бу маним ҳаётим. Насиб этмайди.
Бу инсон қонидир. Ичиб бўлмайди,
Жаллод кундасига қўйманг бошимни.
Мужгоним қоқмадим – кўрманг ёшимни.
Қуёшни тўсманглар. Умр тўлмайди,
Тилимни кесманглар. Ёлғон айтмадим.
Сўзларим садақа. Хайр ўлмайди.
3
Анави Пикассо туширган кафтар,
Ер шари устида турган қизалоқ.
Менинг қоним томган. Яламанг ялоқ.
Қаршимдан шақирлаб занжирлар ўтар,
Юлдузни бекитманг. Бекитманг ойни.
Қурбонлик чўталмас. У олий дафтар.
Заифа савдодир. Чириган қовоқ.
Сўқишар. Талашар. Хар еган хасга.
Беллари ботқоқда – ботгандир наҳсга.
Қайларга кетяпсан кўтариб товоқ?
Қўшни аёл. Нимжон. Хиёнат сарсон.
Ёлғонга қоришган. Бу қандай сабоқ?
4
Жабдуқ эгнингдадир. Юган бурнингда.
Тавба. Бўларкан-а, эшак ҳам қотил?..
Тамакидан ўпкам бўлган эди сил.
Узр. Яшолмайсан менинг ўрнимга,
Озодлик судраган шуҳратли буқа,
Қайда семиргандинг? Қул эдинг кимга?
Дарёлар қуриди. Қўлинг бунча кир,
Қонимга ташнасан очкўз махлуқот.
Яшайман… Бошимни эгсам, бас. Наҳот?..
Ютоқма. Ичмагил. Томган тер тахир…
Бир марта Худо де. Фалакка қара.
Ёмғирлар тирикдир. Абадий, ахир.
5
Аё, ваҳший юҳо. Надир ғарпўша?
Беназир яланғоч. Уч талоқ жинни.
Ғажиб бўлармиди ёзиқларимни?
Қадим сўзлар мангу, ташбеҳлар ўша,
Ҳануз бир тангадир калла суяги.
Фақат, бошқа кўнгил яратган гўша.
Зулмат босриқади. Тушиб борар шом,
Ноғоралар чалиб ўтманг жонимдан.
Нарвон тикламангиз устихонимдан.
Иликларим қуриб битгандир тамом,
Ширамни сўришган ҳаром пашшалар.
Токай этар давом ваҳшат қатли ом.
6
Шиша думалитиб ўйнар у мурғак…
Сўнгги нафасгача тўкай ёшимни.
Жаллод кундасига қўйманг бошимни.
Тўкилмакка шайдир. Юлдуз пишган ғарқ,
Ойни думалатсин. Болтамас-ку ой.
Кўкнинг ғилдирагин тортиб борар шарқ.
Яшамак оғирдир. Ўзим бир тараф,
Гуноҳим не эди? Яқинсан кўзга.
Қавмимиз ўзгадир. Исмимиз ўзга.
Бу шоир қонидир. Юмманг кўзимни,
Тилимни кесманглар. Ёлғон айтмадим.
Ўзимни сўрадим, фақат, ўзимни.
10.08.2013
ЧЎКИБ КЕТДИМ ДЕНГИЗ ҚАЪРИГА
Маним сийратимга беролмайсиз тоб,
Тўлқинлар шаштида ўзимни туйдим.
Тошбақа косасин қилдиму ниқоб
Ва тос суягини бурнимга қўйдим.
Мана, чўкиб кетдим денгиз қаърига,
Бўйнимда хуржундир. Қўлимда ханжар.
Ёлғиз гувоҳ бўлдим ўзим барига,
Энди эшитмайман солаверинг жар.
Қанча садаф топдим қумлар пашалаб,
Садафларни йиғиб хуржунга солдим.
Маржон қояларга босиб юрдим лаб,
Қанча замон ўтди. Димиқиб қолдим.
Нафасим қайтмакда. Арқонни тортинг.
О, озод ҳаволар қайда оввора?
Елкангизга ҳорғин жуссамни ортинг,
Ўпкамни тўлдирай тўйиб бир бора.
Ниҳоят қутулдим. Қумлар чўғида
Товоним куймакда. Янги тонг отди.
Садафни синдирдим эркнинг туғида,
Бир шаффоф суюқлик ҳавода қотди.
Не сирдир? Ҳавода тошга айланар,
Қумлар эриганда қуёш тафтида.
Кўзлари жонимда – ёвлар шайланар,
Бир ҳовуч дунёдир турган кафтимда.
Ҳажр диёрида ўтди шунча йил,
Магарким, айланмас кўз ёшим тошга,
Тафтимдан синмаса садафлар чил-чил,
Чорламанг. Аршимдан тушмайман бошқа!
2.09.2013
АЛИЙ ИБН МАНСУР ХОТИРАСИГА
Улуғ ҳоқонлардан бадавлат Алий –
Тангри инояти – айрича хислат.
Умри дарбадардир. Покдомон. Валий.
Барчага ҳамрозлик – битилган қисмат!
Илтифоти тенгсиз. Сўйлар мулойим,
Қўнган пашшага ҳам бермайди озор.
Хожа юборади бозорга доим,
Асли, қизғин савдо – бу дунё бозор.
Қайтарар қарзи бор қанча қўлларни,
Ўз улуши ҳатто ўхшайди орга.
Фарқи йўқ – ўнми, юз… Сарфлаб пулларни,
Доим олдим дейди саккиз динорга.
Ўз йўлидан қайтмас шашту ғайратда,
Барчасин кўргувчи ягона Оллоҳ.
Унинг ишидан қолар ҳайратда,
Ҳар лаҳза Шамсиддин Абу Абдуллоҳ.
Юлдузлар ёнганда, ёнганида моҳ,
Шамсиддин дер: “Жондек дўсти ёрига.
Сенга нима бўлди? Сен менга ҳамроҳ.
Бормакчи эдинг-ку, Ҳинд диёрига?!”
Ташлаб кетиб бўлмас. У элнинг марди.
Ахир юртдошлари – Чин- Мочин кетар.
Кўмагим керакдир. Айтади дардин,
Бир ҳаводан нафас олсак-да етар.
Ягона Оллоҳдир кўргандир туриб,
Тупроқнинг чанглари булутга етди.
Йўллар азобида хаёллар суриб,
Аларга қўшилиб Хитойга кетди.
Атрофида бўлар гирдикапалак,
Икки жория, бир хизматкор ҳамон.
Ягона Оллоҳдир. Синовчи фалак.
Бир сирли кечада йўқолди ҳамён.
Фожеа эмас бу… Лек энди нетар?
Яшашга пул керак. Яшамак ҳам фарз.
Қардошин олдида бошини эгар,
Умрида илк бора сўраб турар қарз.
Чоҳга тушиб қолган жайрон эди у,
Кулган қуёшнинг ҳам тортиғи бўлмас.
Фалакнинг ишига ҳайрон эди у,
Наҳотки, бойликнинг ортиғи бўлмас?!
Ва эртаси кунда тарқалди миш-миш –
Мусофирхонада йўқолган бори.
Эҳ, бўлиб ўтгандир жуда хунук иш,
Пичоқлаб кетганмиш ўз хизматкори.
Карбалодан келган бу томонларга,
Ҳа, ўша асли турк этганмиш қазо.
Айбдор ким? Шафқат йўқ ёмонларга,
Хизматкорга қози тайинлар жазо.
Алий инояти – бахти қарога
Тобутнинг ичида очилди кўзи.
Деди: “Жабр қилманг ул бечорага,
Билинг, пичоқладим ўзимни-ўзим”.
3.09.2013
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.
₺79,67
Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+Litres'teki yayın tarihi:
16 mayıs 2023Hacim:
131 s. 2 illüstrasyonTelif hakkı:
Sharq