Kitabı oku: «Қадр кечасидаги қотиллик», sayfa 3
– Қотиллик ҳақида кимдан, қачон эшитдингиз? – бепарволик билан сўради терговчи.
– Ўша куни ишга чиқмагандим, мошинамнинг шаровойи тиқиллаб турганди. Кун бўйи ўшани созлаш билан андорман бўлдим. Кечда қўшниникида одамлар тўпланиб, ғала-ғовур бошланиб қолди. Кўчага чиқсам ҳамма ёқни милиция босибди. Яқинроқ бориб, бир сержант йигитдан сўрадим. «Уй эгасини ўлдириб кетишибди», деди. «Ким ўлдирибди?» десам, «Буни ҳали ҳеч ким билмайди, боринг уйингизга кириб ўтиринг», деди. Устимдан муздай сув қуюлгандай бўлди. Жанжалли бўлсак-да, чолнинг ўлимини истамагандим… Бу ишни ким қилган бўлса, дея бошим қотди. Ким қилган бўлсаям, тезроқ топила қолсайди, деган ўйга бордим. Йўқса, гумоннинг бир учи менга қадалишини хаёлдан ўтказиб, қўрқиб кетдим. «Ўлдираман, терингга сомон тиқаман!» дея пўписа қилганимга пушаймон бўлдим. Кўнглим сезган экан, икки кун ўтмай мени сўроққа чақиришди…
– Қотиллик қуроли бўлмиш – пичоқнинг сизнинг мошинангиздан чиққани хусусида нима дейсиз? – гуруҳ раҳбари саволни сал «суяштириб» берди.
– Ҳайронман… мошинанимни кўчада очиқ қолдирмайман, – ўйланиб жавоб қилди айбланувчи. – Икки кунда анчагина одамни мошинамга чиқардим. Терговчига эслаганимча ёзиб берганман. Шаҳар катта бўлса… кўпчилиги нотаниш кишилар… Қайси бири ёдда қолсин.
– Мана сиз ёзиб берган рўйхат, – деди Санжарбек жиноят ишига тиркалган қоғозга тикилиб, – нима деб ўйлайсиз, шулардан қайси бири шу ишни қилган бўлиши мумкин?
– Уларнинг отини ҳам, кимлигини ҳам билмасам… бировга қуруқ туҳмат қилиб қўйишдан кўрқасан киши.
– Мошинангизни очиқ қолдирмаган бўлсангиз, – саволни бошқачароқ қўйди гуруҳ раҳбари, – шу йўловчилардан бири пичоқни сизнинг мошинангизга ташлаб қўйгани аниқ. Бу ишни қилаётган шахсда қандайдир ҳаяжон, қўрқув аломатлари бўлади. Шу маънода бирортасидан шубҳангиз борми?
– Кўп ўйладим, – деди Худоёр бошини қашилаб, – асосан, аёллар, қизлар, кексалар… Улар бунақа иш қилмаса керак?! Қолганлари ҳам туппа-тузук эркаклар…
– Худоёр ака, нима, терговга ёрдам қилишни хоҳламаяпсизми? – кутилмаганда Жўрабой ташланиб қолди. – Ҳеч кимдан шубҳангиз бўлмаса, демак, мошинага пичоқни ўзингиз қўйгансиз! Ёдингиздан чиққан бўлиши мумкин…
– Э-э-э, укажон, тушунмадим, иситмангиз борми? – айлабанувчи киракашлигига борди, – бировни ўлдириб, пичоқни мошинасида сақлайдиган тентакка ўхшайманми? Ўша матоҳни ким ташлаб қўйганини билмасам, нима қилай? Ўзларинг ҳам – бир гала одам ҳақиқий қотил кимлигини тополмаяпсизлар-ку!
– Келинглар, асаббузарлик қилмасдан, дўппини бир четга қўйиб, мушоҳада қилиб кўрайлик, – гуруҳ раҳбари талабага яширинча кўз қисиб, муросага чақирган бўлди. – Худоёр ака, шубҳали шахс сизнинг мошинангизга тасодифан чиқиб қолмаган. Улар сизни обдан кузатган. Қулай пайтни топиб, йўлингизга чиқиб, қўл кўтарган. Масалан, сиз уйингиздан чиққан пайт ёки бир манзилга бориб, қайтиб чиқаётганингизда сизга рўбарў бўлишган.
– Йўловчиларни, асосан, бекатлардан, йўлма-йўл олиб кетаверамиз, – ўйланиб туриб, жавоб қилди Худоёр, – уйдан чиқишда деганингизга биттаси ёдимга тушди… Кўчамизнинг бошидаги Муҳиддин дўхтирнинг уйи ёнидан бир қизгина чиққанди…
– Хўш, хўш, хўш, – сергакланди терговчи, – дўхтирнинг уйидан чиқдими?
– Қаердан чиққанини кўрмадим. Тутнинг соясида турган экан, йўлимга чиқиб, қўл кўтарди. Миндириб олдим. «Муҳиддин аканикига меҳмонга келдингизми?» деб сўрадим, жавоб бермади, тўрсайиб, юзини тескари бурди.
– Ёши нечаларда эди? Кўриниши қанақа?
– Ёш қизча, ўн етти-ўн саккизларда бўлса керак, ўрта бўйли, тўшдор, сочлари узун, қоп-қора, тирсиллатиб жинси шим билан кўк кофта кийиб олган.
– Қаерга тушиб қолди?
– Адашмасам, деҳқон бозори яқинида тушиб қолди.
– Унинг хатти-ҳаракатида бирор нотабиийлик, юзида қўрқув, ҳадик аломатларини сезмадингизми?
– Юзи ташвишли, кўзлари қандайдир бежо кўринди, кайфияти яхши эмасди, – эслашга уринди айбдор, – уй-пуйида бирор кўнгилхиралик бўлгандир-да, деб қўйдим.
– Нима деб ўйлайсиз, мошинангизга пичоқни шу қиз ташлаб қўйган бўлиши мумкинми?
– Йўғ-э, нима деяпсиз, қиз бола нарса… одам ўлдирадими?
– Ҳа, нима бўпти, аёл кишинин макри қирқ туяга юк бўлади, қиз бола қотиллар ҳақида эшитмаганмисиз? – Жўрабой гап қўшди.
– Бобой қари бўлса ҳам, анча чайир, бақувват эди… Шу қизгинанинг қарияни бир ёқли қилишига ишониш қийин-ов! – Худоёр таажжубини яширолмади.
– Қиз кимнингдир топшириғига кўра, пичоқни мошинага ташлаб кетган бўлса-чи? – Санжарбек бошқача тахминни илгари сурди. – Қотил ҳам анойи эмас, эркак киши шубҳа остида бўлади, қиз бола маъқул-да, ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
– Бу ёғини ўйламаган эканман, – тан берди Худоёр.
– Ўша икки кун ичида мошинангизга чиққан йўловчилардан яна кимлардан шубҳа қилишингиз мумкин? – сўради терговчи қўлидаги рўйхатга кўз югуртириб.
– Бу руйхатга ёзиш ёдимдан чиқибди, – айбдор ниманидир эслагандай бўлди, – пешинга яқин автовокзалнинг ёнидаги сомсахонага тушгандим. «Матиз»имни йўл четига қўйиб, сал наридаги столга ўтирдим. Икки дона сомса буюртма қилдим. Сомса еб турсам, чамаси эллик ёшлардаги бир одам мошинамнинг олдига келиб, «Ука, юрасизми?» деди. «Сомсани еб олай, юрамиз, қаёққа борасиз?» деб сўрадим. «Марказга ташлаб қўясизми?» деди у қўлидаги юкини ерга қўя туриб. «Гап йўқ, кетамиз, ўтиринг», дедим мен пульт билан мошина эшигини очиб. Бояги ака юкларини мошинага чиқариб, ўзи ҳам орқа ўриндиққа ўтириб олди. Сомсани еб, қўлимни чайишга кетдим. Шундай қайтиб келсам ака йўқ, юкларини олиб, кетиб қолибди. Сомса еб ўтирган шафёр йигитлардан сўрасам, «Таниш таксичи келиб қолди, кетди», дейишди. Ўша пайти бу воқеага эътибор бермагандим. Энди ўйланиб қолдим…
– «Ака»нинг бошқа таксига чиқиб кетганини ким кўрган экан?
– Деярли ҳамма таксичилар шу ерда овқатланишади. Кўпчилик бир-бирини танийди. Ўша куни ёнимдаги столда Рихси деган таксичи бола сомса еб ўтирганди. Бояги акани бошқа тасига чиқиб кетганини шу бола кўрган экан.
– Рихсининг фамилияси, яшаш жойини биласизми? – терговчи қўлига қалам олди.
– Фамилиясини ҳам, қаерда туришини ҳам билмайман. Рихси, Рихси дейишади…
– Таксисининг давлат рақамини-чи?
– Адашмасам, 60-65… ҳарфлари ёдимда йўқ. Нима, уни топиш керакми?
– Албатта, сўраб кўришимиз керак-ку, – терговчининг ўрнига Жўрабой жавоб қилди.
– Рихси ҳар куни соат ўн иккида ўша сомсахонада тушлик қилади.
– Яхши, – деди гуруҳ раҳбари дафтарига нималарнидир қайд эта туриб, – Зебинисо Суюнова ҳақида нима дейсиз?
– Зебо хола ўқимишли, очиқ кўнгил, меҳрибон, содда ва самимий аёл эди раҳматли, – таърифлашга тушди Худоёр. – Эрининг ғирт тескариси. Марҳумлар тўғрисида ёмон гапириб бўлмайди дейишади-ю, аммо бу ғаламис чолни шу хола йўлга солиб, одам қилиб юрарди. Раҳматли бир умр чолининг минғир-минғирига чидаб, борини ошириб, йўғини яшириб яшади. Чоли мен билан гап талашиб, жанжаллашиб қолган пайтларда ҳам хола кўнглимга таскин бериб, «Худоёржон, бобойни биласиз-ку, қариб, мияси айниб қолган, ҳар нарсадан нифоқ чиқаришга ҳаракат қилади, хафа бўлманг», деб қўярди. Хаёлимда бобо кампирисиз бир кун ҳам яшолмасди…
– Шунчалик яхши кўрармиди? – талабада ҳақли савол туғилди.
– Яхши кўриш-кўрмаслигини билмадим-у, аммо унга суяниб қолгандай эди, мустақил бир иш қилолмасди. Бир девор қўшни эмасмизми, «Зеби, дорим қани?» «Зеби, кўзойнагим қани?» «Зеби, уним қани, буним қани?» деб юрганини кўп эшитганман. Уйга бозорликни ҳам лорсиллаб, кампир бечора қилиб келарди. Бу худбин чоли қурғур кўринган одамга танбеҳ беришдан нарига ўтмасди. Отасидан безори чиққанми, ёлғиз қизи ҳам уйига камдан-кам келарди. Набираси Тахминани ҳам бездириб ташлаганди. «Қаёққа боряпсан?» «Нега калта кийиндинг?» «Нега кеч қолдинг?» «Телефонда гаплашма!» «Чироқни ўчир!» деб вайсагани вайсаган эди… Тағин етти маҳаллага эшитиладиган қилиб, бақириб гапирарди.
– Неварасини тергаб, одабга чақирган бўлса, бунинг нимаси ёмон? – деди терговчи атайлаб ўзини лоқайдай кўрсатиб.
– Тергаш, тарбияга чақиришнинг ҳам ўз йўриғи бор. Насиҳат ҳар замонда, жойини топиб қилинганда кор қилади. Ортиқчаси нафақат бефойда, балки ёшларга салбий таъсир қилиб, бездириб ташлаши ҳеч гап эмас.
– Сиз Зебинисо холани охирги марта қачон кўрган эдингиз? – «мавзу»га қайтди терговчи.
– Шифохонага тушишидан бир кун олдин. Ишга чиқиб кетаётсам, кампир раҳматли эшик олдини супуриб турган экан. Кўрмасликка олиб, мошинага тезроқ ўтириб, кетиб қолмоқчи эдим, бўлмади. Зеби хола йўлимга чиқиб, мендан эри учун кечирим сўради: «Жондай қўшнини қаматиб, бу бобой нимага эришмоқчи, хайронман!» деб зорланди. «Хола, мен чолингизга бармоғимни ҳам теккизганим йўқ, менга туҳмат қилди», деб бўлган воқеани қандай бўлса, шундайлигича тушунтиришга ҳаракат қилдим. «Биламан, болам, биламан, бу одамни биринчи бор кўриб турибсанми, қариб, мияси суюлиб қолган, ҳаммамизни безоримизни чиқариб ташлади. Нима қиламиз энди, отанг жинни бўлса, бойлаб боқ, дейишади-ку, чидаймиз-да, энди… Сен хафа бўлма!» деганди раҳматли кўзига ёш олиб. Кейин уйдагилардан шифохонага тушиб қолганини эшитдим. Кейин бунақа гаплар чиқиб кетди… Умри калта экан, шундай ажойиб инсон, хайф кетди-да! Шугина момонинг кимга зиёни тегди экан, ҳайронман! Қаранг, хола бечора нариги дунёга кета туриб ҳам, менга ёрдами тегиб кетди…
– Қандай? – ҳайрон бўлди Жўрабой.
– Момонинг заҳарланиб ўлгани аниқлангандан кейин Худойберди ака ўйланиб қолди. Бўлмаса, мени аллақачон қотилликда айблаб, судга оширган бўлишарди. Шу пайтда тақдирга тан бериб, қамоқда ашуламни айтиб ўтирган бўлардим, Худо кўрсатмасин…
– Тўғри гап, – маъқуллади Санжарбек ўйга толиб, – шу ҳолат юз бермаганда биз ҳам бу ерда ўтирмаган бўлардик.
– Худо деган жойим бор экан-да! Кампирнинг масаласи бўлмаганда мени бу маломатдан ҳеч ким қутқариб қололмасди. Чолнинг ўлими менга қимматга тушарди. Бировлар айтса, ишонмасдим, товба, шу замонда ҳам мутлақо айбсиз одамни қамоққа тиқиш мумкин экан-да!
«Оддий киракаш бўлса ҳам, бу йигитнинг анча нарсаларга ақли етадиган кўринади. Ўзининг жазодан қутулиб қолиши учун нажот қаердан келаётганини англаб турибди… Кампирни ўлдириш учун унда ҳеч қандай асос, сабаб йўқ. Оралари яхши бўлгани ҳаммага маълум… Балки бу «томоша»ни унинг ўзи ташкил қилаётган бўлса-чи! Илёс бобо билан ит-мушук бўлиб юргани ҳеч кимга сир эмас. Бундан чиқди, биринчи бўлиб шубҳа унга тушиши аниқ. Жаҳл устида, ўн кунлик қамоқ учун ўч олиш мақсадида бобони ўлдирган… Ўзини шубҳадан холи қилиш учун олдин пичоқни мошинасига яширган. Кейин кампирни ҳам баҳридан ўтишга тўғри келган. Шундоқ ҳам пичоқ масаласида иккиланиб турган терговчиларнинг момонинг қотиллиги масаласи равшанлашгандан сўнг фикри бир юз саксон даражага ўзгариб кетишини олдиндан сезган… Қаранг-ки, ҳамма ўйлаганлари оғишмай амалга ошиб турибди. Ҳаммасини – ипидан игнасигача олдиндан кўра билган. Вой муғомбир-эй! Ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига кирмайдиган режа тузганини қаранг! Ўзидан айбни соқит қилгани етмагандай, қотилликни бошқа бировга тўнкамоқчи бўлганини айтмайсизми?! Уни қўйиб юборгач, қотилни излаб, тополмасдан сарсон-саргардон бўлишимизни ҳам олдиндан билган. Қойил! Шунча ишни хамирдан қил суғиргандай пухта уддалаб, ҳеч вақо кўрмагандай мулойимхунук ўтиришини қаранг!»
– Зебинисо Суюновани шифохонага кўришга қачон боргандингиз? – терговчи шуурида чарх ураётган хаёллар таъсирида гап оҳангини кескинлаштирди.
– Борганим йўқ, неча марта айтиш мумкин, – айбдорнинг қовоғи уюлди, – заҳарни ҳам мен берганим йўқ, адашяпсизлар!
– Сизни шифохонага келганингизни кўрганлар бор, – Жўрабой ёлғондан яхшилик йўлида фойдаланмоқчи бўлди.
– Ким кўрибди? Чақиринг, юзлаштиринг! – қандайдир ишонч билан гапирди Худоёр.
– Демак, Зебинисо холани кўришга шифохонага бормагансиз, – овоз тонини сал пасайтирди гуруҳ раҳбари, – балки бирортаси орқали холага бозорлик юборгандирсиз?
– Нега бозорлик юборарканман? – айбланувчининг хуноби чиқди. – Ортиб-тошиб ётган давлатим борми? Қайси пулимга бозорлик қиламан? Аравакашликда топганим зўрға қора қозонни қайнатиб турган бўлса!
– Майли, сизнингча, қотил ким? – гуруҳ раҳбари бефойда мунозарага чек қўймоқчи бўлди. – Икки қарияни ўлдириш кимга керак бўлган, деб ўйлайсиз?
– Илёс чол дўхтир бўлиб ишлаган, бирортасини нотўғри даволагандир ёки кимгадир зулм ўтказиб, жонига теккандир. Аммо бир умр мактабда дарс берган тилла кампирнинг жонига қасд қилиш кимга керак бўлганига ақлим етмайди. Менимча, хола чолининг касрига қолди-ёв. Қитмир кишининг душмани бисёр бўлади. Тоза жонидан ўтказган бўлса, бутун оиласидан интиқом олишга қасд қилгандир.
– Сиз қўшни сифатида бобонинг бирортаси билан жанжаллашиб юрганини кўрганмисиз?
– Йўқ, бунақасини кўрмаганман. Лекин бир марта ишдан келсам, бобонинг ҳовлида ким биландир баланд товушда тиллашиб турганини эшитгандим. Овқатланишга уйга кириб кетганим боис, гап нима ҳақида эканлигини англолмай қолгандим…
– Бу воқеа қачон бўлганди?
– Қотиллик содир этилишидан тахминан бир ойлар олдин… аниқ санаси ёдимда йўқ.
– Эркак кишимиди?
– Ҳа, эркак киши эди.
– Раҳмат, бугунча етар, – гуруҳ раҳбари ўрнидан қўзғалди.
– Ака, мен нима қилай? – Худоёр хавотир билан терговчига тикилди. – Шундоқ ётавераманми? Айбим нима?
– Ҳозирча ҳаммаси ўз ўрнида қолади, сабр қилишингизга тўғри келади – деди гуруҳ раҳбари қатъият билан. – Айбингиз масаласига келсак, изқуварлар тили билан айтганда сиз кераксиз пайтда, лозим бўлмаган жойда пайдо бўлгансиз!
– Руслар айтмочқи, оказались в ненужное время в ненужном месте, демоқчисиз-да! – Худоёрнинг кўзларида умид учқунлари милтиллади.
* * *
Санжарбек гуруҳ аъзоларига тегишли топшириқларни бергач, марҳум чол-кампирнинг ягона фарзанди Шахинани сўроқ қилишга киришди.
– Опа, ўша кунги воқеаларни бир бошидан батафсил гапириб берсангиз, – терговчи мулойимлик билан гап бошлади.
– Олдин терговчи укамга айтиб бергандим-ку, – деди гувоҳ қандайдир оғриниб, – яна айтаверайми?
– Хабарим бор, тартиб шунақа, гапираверинг, – гапни мухтасар қилди терговчи.
– Аллоҳнинг қудратини қаранг, ўша кечаси аланг-жаланг тушлар кўриб чиқдим, – оҳиста гап бошлади Шахина, – кўнглим сезган экан. Асрга яқин Тахмина йиғлаб қўнғироқ қилди, «Бобом ҳеч қаерда йўқ, унга бир нарса бўлганга ўхшайди, хонасидаги сейфнинг эшиги очилиб ётибди, деворга илинган гиламни ҳам олиб кетишибди», деди. Оёғимни қўлимга олиб, ҳовлига чопдим. Жиянимни тинчлантириб, хонани кўздан кечирдим. Чиндан ҳам, темир шкафнинг эшиги лом билан бузиб, очилган. Ичидаги нарсалар титилиб ётибди. Қўрқиб кетдим. Отам бор бойлигини шу сейфда сақларди. Калитини ҳеч кимга ишонмасди. Тўрда деворга осиғлик гилам ҳам ғойиб бўлибди. Бошқа хоналарни кўрдим, ҳеч нарсага тегилмаган. Юрагим гупиллаб, ертўлага кирдим. Тўрдаги қутилар орасида юмалоқ қилиб ўралган гиламга кўзим тушди. Дадамнинг хонасидаги гилам бу ерга қаердан келиб қолди, деган ўйда турткилаб, тортдим. Оғир экан, жойидан қимирламади. Очиқ жойидан қўл солиб, пайпасладим. Қўлим юмшоқ нарсага тегди, одамнинг оёғига ўхшаб кетди. Қўрққанимдан бақириб юбордим. Югуриб ҳовлига чиқдим… Тилим калимага келмай қолди… Сўнг «03»га қўнғироқ қилдик. Бир соатлар ўтиб, милиция ходимлари етиб келди. Гиламни ташқарига олиб чиқиб, ёйишди. И-ч-и-д-а-н о-т-а-м-нинг қ-о-н-г-а б-ел-а-н-г-а-н м-у-р-д-а-с-и чиқди…
Аёл ўпкаси тўлиб, бир муддат жимиб қолди. Рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб, сал ўзига келгач, бўғиқ овозда давом этди:
– Ўлмакнинг лозими кўммак экан. Отамизни қабристонга жойлаб келишди. Бу тарафда онамнинг мазаси қочиб қолди. Икки кун ўтиб, онажонимни ҳам қора ерга топширдик. Бошида отамнинг вафотини кўтаролмади-да, ғамга бардоши етмади-да, деган хаёлга боргандим. Кейинчалик оши-обини ўтказиб, сал ўзимга келгач, ўйланиб қолдим: онам ҳали ўладиган одам эмасди-ку! Тўғри, унинг юраги безовта қилиб турарди. Аммо ўлимни ҳеч қачон бўйнига олмаганди. Олтмиш тўртга кирганди, шу ҳам ёш бўптими? Отамни ўлдирганлар бир йўла онамни ҳам йўқ қилмоқчи бўлганмикан, деган фикр миямдан кетмай қолди. Ҳойнаҳой онам бечора қотиллар билан отам ўртасидаги жанжалдан хабардор бўлган. Тергов бошланса, онам қотиллар кимлигини айтиши аниқ эди. Жиноятчилар шундан қўрқиб, бир йўла гувоҳни ҳам йўлдан олиб ташлашни хаёл қилишган. Ўша тунда қотиллар бир йўла икковини ўлдириши керак бўлган. Аммо онам шифохонада бўлганлиги боис режалари охирига етмай қолган. Кейин биз бу ёқда отамизнинг маъракаси билан андармон бўлиб қолганимиздан фойдаланиб, онамни заҳарлашга йўл топишган. Кеска, касалманд кампир ўлади-кетади, ҳеч ким шубҳа-гумонга бориб ўтирмайди, ёпиғлиқ қазон ёпиғлигича қолади, деб ўйлашган. Даволовчи дўхтиридан сўрасам, онахон «общирный инфаркт» бўлиб қолди, деди. «Нега унда охирги дақиқаларда еган-ичганини қайд қилиб ташлади?» десам, инфарктда ҳам шунақа бўлиши мумкин, деб мени тинчлантиришга уринди. Бошқа таниш врачлардан ҳам сўраб кўрдим, ҳаммаси ҳар хил гапиради, аниқ жавоб ололмадим. Тошкентда – кардиология марказида Наби Примович деган кучли врач бор экан, телефонда гаплашдим. У кишининг айтишича, юрак ички девори ёрилганда ошқозонга оғриқ бераркан. Шунда бемор қайд қилиши кузатилиши мумкин экан. Аммо бунақа ҳолат амалда жуда кам учраркан, эҳтимоллик даражаси бир фоизни ташкил қиларкан… Аллоҳ кўнглимга солдими, онамни руҳини безовта қилиб бўлса-да, қабрини очасизлар, экспертиза қиласизлар, деб оёқ тираб туриб олдим. Бахтга қарши шубҳам тўғри чиқди…
– Демак, онангизни ўлимига сабаб – унинг отангиз билан жиноятчилар ўртасидаги келишмовчиликдан хабардорлиги, деб ўйлайсиз, шундайми? – гуруҳ раҳбари саволларни қалаштирди.
– Бошқа нима ҳам бўлиши мумкин. Шугина беозор, хокисор, ожиза кампирни ўлдириш кимга керак?!
– Онангизга турмуш ўртоғининг ўлими ҳақидаги хабарни ким етказганди?
– Ким етказарди, мен-да! Отамнинг мурдасини экспертизага олиб кетгач, ётиғи билан тушунтириш учун шифохонага келдим. Аҳволимни кўриб, онам қўрқиб кетди. Нима қилай, шунча йиллик ёстиқдошининг ўлимини яшириб ўтиролмайман-ку. Шумхабарни эшитиб, онам ҳушидан кетиб қолди. Врачлар келиб, амаллаб ўзига келтиришди. Кейин уйга кетаман, деб ҳархаша қилди, «Отангни охирги манзилга кузатмасам, жоназасида иштирок этмасам, гўрида тикка турмайдими?» деб тўполон кўтарди. Дўхтирлар юраги кўтармайди, жойидан қимирлаши мумкин эмас, деб уйга жавоб бермади. Бир амаллаб тинчлантирдик…
– Онангиз қотиллар хусусида бирор гап айтмадими? Балки кимдандир шубҳа қилишини айтгандир?
– Бу ҳақда гаплашолмадик… мавриди келмади.
– Балки унинг ўзи бирор кишининг исмини тилга олгандир?
– Бафуржа гаплашолмадик-да!
– Тахмина ҳам сиз билан борганмиди?
– Йўқ, у уйда қолганди.
– Онангиз уни сўрамадими?
– Хайрлашиб, кетар чоғим «Тахмина қаерда, нега келмади?» деб сўради. Уйда қолди, келди-кетди бўлиб ётибди, дедим. «Айт, мени олдимга бир келиб кетсин», деди. Кечга яқин уни онамнинг олдига юбордим.
– Балки набирасига бирор гап айтгандир?
– Бориб-келгандан кейин ундан «Онам яхшимикан?» деб сўрадим. Тахмина ёш бола эмасми, «Тинмасдан йиғлаб ўтирибди, аҳволи яхши эмас», деб тўғрисини айтди-қўйди. Сенда нима гапи бор экан, десам «Менга ҳам ўша тунда бир кор-ҳол бўлдими, деб хавотир олган экан, шунинг учун мени ўз кўзи билан кўрмоқчи бўпти», деди.
– Отангизнинг сиз билан ҳам муносабати яхши эмас экан-а? – терговчи мавзуни ўзгартирди.
– Ким айтди? – кўзларини пирпиратди гувоҳ. – Отам ўзи унақа ёмон одам эмасди. Ишлаб юрган пайтлари ҳаммамизга меҳрибон, эътиборли эди. Одамлар орасида, жамоасида ҳурматга сазовор шифокор, қўли гул жарроҳ саналарди. Қанчадан-қанча кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолганди. Одатда, иқтидорли инсонлар ўзига яраша чўрткесар, қайсар ва тўғрисўз бўлишади. Шу хислати бошига бало бўлди. Айрим раҳбарларга маҳоратли ходимдан кўра, иши ўртамиёна бўлса-да, чизиғидан чиқмайдиган, «гаҳ» деса қўлига қўнадиган, лаганбардор ходимлар маъқул келади. Отам ишлайдиган шифохона бош врачи ҳам шунақа бемаза раҳбарлар сарасига кирарди. Жамоа ўртасида отамнинг обрў-эътибори кундан кунга ошиб бораётгани уни хавотирга солиб келган. Курсисини йўқотишдан чўчиб, отамни йўқотиш учун қулай фурсат кутиб юрган экан. Отам олтмиш ёшга тўлган кун бош врач катта тадбир қилиб, отамнинг елкасига зарли тўн ёпди, иззат-икром билан пенсияга кузатди. Унинг хоҳиш-истаги билан ҳеч ким ҳисоблашиб ўтирмади. Иш-иш билан елиб-югуриб, ёниб яшаб юрган одам бирпасда ғирт бекорчига айланиб, чўғи қочган оловдай сўнди-қолди. Бир ойча дам олган киши бўлди, маҳаллага чиқди, тўй-маъракага қатнади, китоб ўқиди, телевозорга термилди. Кейин зерика бошлади, ишини, жамоасини, мижозларини соғинди. Иккинчи ой нима қиларини билмай бош врачнинг олдига борди. Пастроқ лавозимга бўлса-да, ишга олишларини илтимос қилди. Раҳбар минг бир баҳона билан отамни ноумид қайтарди. Буни қаранг, бош врач ўлгур уялмай «Энди ёшларга ўрин беринг, улар ишласин, сиз нариги дунё тайёргарлигини кўрмайсизми?» деганмиш. Сўкиниб-тутоқиб қайтиб кеп қолди. «Қўйинг, иши бошидан қолсин, куёвингиз бошқа юмуш топиб беради», деб кўнглини кўтардим. Куёви таниш-билишларини ишга солиб, бўш жой қидириб кўрди. Нафақага чиққан одам кимга ҳам керак дейсиз? Излай-излай бир давлат корхонасига қоровул бўлиб ишга жойлашди. Отам тоза, ҳалол инсон эмасми, корхонада тунда бўладиган «тала-талалар»га кўз юмолмади. «Каламушлар»нинг қилмиши ҳақида раҳбарга ёзиб берди. Бошлиқ отамни алдаб-сулдаб чиқариб юбориб, кетидан ўринбосарига «Кимни ишга олгансизлар, тезда йўқотинглар!» деб топшириқ берибди… Отам раҳматли ҳақиқий шифокор, туғма жарроҳ эди. Шу сабабли яна бир неча жойга ишга кирди, лекин ишлай олмади. Бизнинг қистовимиз билан тадбиркорлик ҳам қилиб кўрди. Йўқ, бўлмади. Тўғри ишлайдиган киши тадбиркорлик қилиб бўлмаслигини англаб етгач, бу ишни ҳам йиғиштириб қўйди. Хуллас, олтмишга кирса-да, юрагида шиддати пасаймаган, тиниб-тинчимас одам бекор касалга, кераксиз кимсага айланди-қолди. Шўрлик бора-бора жиззакилашиб, руҳан қашшоқлашиб борди. Кейинги пайтларда ҳар нарсага қизишиб, тез жаҳли чиқадиган, бўлар-бўлмасга асаби қўзийдиган, бақириб-чақирадиган, майдагап кишига айланиб қолганди. Онам раҳматли тишини-тишига қўйиб чидади… Ўла-ўлгунча «Отангга қаранглар, отанг ёлғизланиб қолмасин, ёмон гапирманглар, жаҳлини чиқарманглар», деб ўтиб кетди. Мен билан Тахминага қийин бўлди. Ортиқча тергашлар, сабабсиз койишлар жонимизга тегса ҳам, чидашга мажбур бўлдик. Шу сабабли кейинги пайтларда ота уйимга камроқ келадиган бўлиб қолгандим. Кўпинча онам меникига борарди.
– Қўшнингиз Худоёр ҳақида нима дейсиз?
– Тўғрисини атсам, унинг шу ишни қилганига ишонгим келмайди, – ўйланиб туриб жавоб қилди аёл, – девормиён қўшни бўлса… ўзи уйим-жойим, болам-чақам дейдиган одам, ичиб-чакиб, сандироқлаб юрганини кўрмаганмиз. Тўғри, отам уни хушламасди, нуқул танбеҳ бериб, сўкиб юрарди. Охирги марта жанжаллашиб, қўшнини ўн кунга қаматиб юборганини ҳам биламан. У қамоқдан чиқиб, отамга пўписа қилган ҳам бўлиши мумкин. Аммо у шу арзимас сабаб билан одам ўлдиришига ишониш қийин. Боз устига, у онам билан ҳеч қачон сан-манга бормаган, доимо ҳурматини жойига қўйиб юрарди.
– Гап шундаки, Худоёрнинг мошинасидан пичоқ топилган, ундаги қон доғлари…
– Эшитдим, эшитдим. Бу кимнингдир ўйини бўлса керак. Қайси аҳмоқ одам ўлдириб, пичоқни мошинасида сақлайди… Худоёр оддий киракаш бўлсаям, анчагина фаҳм-фаросатли йигит… унақа говкалла эмас…
– У ҳолда қотилликда бирор кишидан шубҳангиз борми? – терговчи жарбланувчилар учун бериладиган одатий саволни такрорлади.
– Ҳайронман, ҳеч ақлимга сиғдиролмайман… Шу қарияларга кучи етган ҳайвоннинг қўллари акашак бўлиб, қўзлари оқиб тушмаса рози эмасман! Аллоҳга топширдим…
Гуруҳ раҳбари яна бир қанча масалаларга ойдинлик киритгач, сўроқни якунлади. Аёлга рухсат бериб, гуруҳнинг кечда бўладиган йиғилишига тайёрлана бошлади.
* * *
Худоёрнинг кўрсатмалари бўйича иш олиб борган изқуварнинг ахбороти Санжарбекни ўйлантириб қўйди. «Бу қиз ким бўлди? У Муҳиддинникидан чиқмаган, уйидагиларидан ҳеч ким уни танимади. Қўни-қўшниларда ҳам Худоёр тасвирлаган қиз бола аниқланмаган… Ўзини бошқача тутган. Кимнингдир буюртмасини бажариб, пичоқни мошинага у ташлаб қўйган бўлиши мумкин. Қандай бўлмасин уни топиш лозим. Уни қўлга олсак, қотилга чиқиш имкони эшиклари очилган бўларди».
– Абдуғанижон, қизни топиш керак, – деди терговчи изқуварга қараб, – фотороботини ишлаб, у мошинага чиққан ва тушган жой атрофидаги аҳолига, ишхоналар ходимларига кўрсатиш лозим. Гулистон унча катта шаҳар эмас. Кўпчилик бир-бирини танийди.
– Тушунарли, – деди изқувар ён дафтарига қайд қила туриб.
– Анави йўловчи бўйича нималарни аниқладингиз?
– Рихси таксичини сомсахонадан топдик, – ахборот беришда давом этди Абдуғани, – у Худоёрнинг гапларини тасдиқлади. Шубҳали йўловчи Шоди деган киракашнинг мошинасига чиққан экан. Уни ҳам топдик. Айтишича, ўша йўловчи унинг таниши экан. Шунинг учун «Матиз»дан тушиб, унинг таксисига чиққан экан.
– Йўловчини топдингизми? – сабрсизланди гуруҳ раҳбари.
– Топдик, гаплашдик, – деди изқувар бепарволик билан, – Эшпўлат ака, бозорда паттачи бўлиб ишларкан. Ўша куни Боёвутдан келаётган экан. Сомсахонанинг олдида Худоёрнинг таксисига ўтирган. Такси ҳайдовчиси қўлини ювишга кетган пайти таниш таксичи – Шоди келиб қолган. Кутиб ўтирмаслик учун Шодининг мошинасига ўтган. Шу сабабли ундан шубҳаланиш…
– Нима бўлгандаям Эшпўлат Худоёрнинг мошинасига чиққан, – мулоҳаза юритди гуруҳ раҳбари, – бир муддат таксида ёлғиз ўтирган, пичоқни ташлаб қўйиш имконига эга бўлган. Шу сабабли уни шубҳадан холи қилишга шошилманг. Телефон пеленгацияси ва сўзлашувлар таҳлили асосида унинг воқеа содир бўлган вақтда қаерда бўлгани, жабрланувчи билан алоқага чиққан-чиқмагани, улар ўртасида манфаатлар тўқнашуви бўлган-бўлмаганига ойдинлик киритиш лозим. Балки бу одам кимнингдир илтимосига кўра, пичоқни мошинага ташлаб қўйгандир. Бундай ҳолда унинг кимга хизмат қилаётганини аниқлаш унчалик мураккаб бўлмайди. Шунинг учун бу борадаги ишни давом эттирасиз. Сизга ақл ўргатмоқчи эмасман. Нима қилиш кераклигини яхши биласиз!
– Яхши, – ўрнидан қўзғалди изқувар, – бирор нарса маълум бўлса, қўнғироқлашаман.
– Омад, яхши боринг, ишни жонлантирасиз деб умид қиламан.
– Есть! – изқувар ҳарбийча шашт билан хонадан чиқиб кета туриб, ортига ўгирилди. – Санжар ака, битта савол берсам майлими?
– Марҳамат, қулоғим сизда, – деди гуруҳ раҳбари жилмайиб.
– Хаёлимда биз Худоёрнинг айбдорлигини эмас, айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилаётгандаймиз. Мен терговчилар билан узоқ йиллардан бери ишлаб келаман. Бунақасини ҳеч кўрмаганман. Нима, бу терговда янгича услубми?
– Ҳақли савол, – ҳозиржавоблик билан сўз олди Санжарбек, – терговчи ҳақиқатга қайси томондан тезроқ етиб боришни ўйлаб, ҳаракат қилиши лозим. Айни пайтда бизга ҳақиқий қотилни топиб, Худоёрнинг айбсизлигини исботлагандан, унинг айбсизлигини исботлаб, қотилликда гумондорлар доирасини қисқартирганимиз қулайроқ. Бундан ташқари, шу одам орқали жиноятчиларга чиқиб бориш имконияти борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз даркор. Унинг мошинасига пичоқни ташлаб қўйган шахсни топсак, у бизни тўғридан-тўғри қотилга олиб чиқади.
– Шунақа деб ўйлайсизми? – қандайдир ишончсизлик билан гапирди изқувар. – Қотил Худоёрнинг ўзи бўлса-чи? Унинг айбдорлигини исботлаб қўйган маъқул эмасмикан?
– Демак, сиз қотилликни Худоёр содир қилган, деб ўйлайсиз, шундайми?
– Ҳамма ишни ўзи қилиб, бу артист ўлгур текин томоша кўрсатиб ўтирган бўлиши ҳам мумкин-ку! Қотиллик қилишига сабаб бор, «ўлдираман» деб айтгани ҳам рост, далилий ашё мошинасидан топилган… Яна бизга нима керак? Шу Худойберди ака шубҳа-гумонга берилмасдан сал қаттиқроқ турганда, бу одам аллақачон ҳаммасини бўйнига олган бўларди. Иш судга оширилиб, бунақа чувалашиб ўтирмаган бўлардик.
– Хўш, Худоёрни қамаб юбординглар ҳам дейлик, эрта бир кун ҳақиқий жиноятчи топилиб, «Ассалому алайкум», деб эшикдан кириб келса нима қилардинглар? – бепарволик билан эътироз қилди гуруҳ раҳбари.
– Йўғ-э, унақа бўлмас! Ўйчининг ўйи бутгунча, таваккалчининг иши битибди.
– Шунақа нақл бор, ҳақ гап. Аммо инсон тақдири масаласида таваккалчилик қилиш жиноятдан бошқа нарса эмас. Сиз давлатнинг ишонган одами – милиция ходимисиз. Бунақа саёз фикрлаш сизга ярашмайди. Устозларимиз бизнинг қон-қонимизга «Бир киши ноҳақ қамалгандан кўра, юзта жиноят очилмай қолгани яхши», деган гапни сингдиришган. Юзтани қўя туринг, битта жиноятнинг очилмай қолиши жамият учун қанчалик хатарли, жазонинг муқаррарлиги тамойили бузилишига олиб келади, жиноятчиларда янги-янги жиноятлар қилишга рағбат уйғотади. Аммо бир шахсни қонунсиз қамаш жамият учун ундан юз карра хатарли ва оғриқли бўлади! Узоқ ва муваффақиятли ишламоқчи бўлсангиз, шу гапимни қулоғингизга сирға қилиб осиб олинг!
– Айтдим-қўйдим-да! – ўзича тўнғиллади Абдуғани тарвузи қўлтиғидан тушиб. – Бунақа ишлашда жиноятни очиб бўладими? Майли, мен кетдим!
Хонада ёлғиз қолгач, Санжарбекни яна хаёллар ўз гирдобига тортди: «Бу ёшларга нима бўлган ўзи? Қонундан қўрқмайдиган, ҳаётга бепарво бўлиб қолишган. Инсон тақдирига панжа орасидан қарашни қаердан ўрганишяпти! Балки айб уларда ҳам эмасдир? Кейинги йилларда мамлакатда авжга чиқаётган қама-қамалар, қонунсиз ишлар ёшларни шунақа руҳда тарбия топишига, инсон тақдирига беписанд бўлишига сабаб бўлдимикан? Энди уларни бу йўлдан қандай қайтарамиз? Бугунги ёш авлод эртага жамият жиловини қўлга олади. Бу кетишда халқнинг холи нима кечади? Мамлакатнинг тақдирини уларга ишониб топшириш мумкинми? Ёки жилов ўзларига теккач, масъулиятни ҳис қилиб, эплаб кетишармикан? Шундай бўлишига умид қилишдан бошқа чора йўқ».
– Мумкинми? – эшикда Жўрабой билан Фозил кўринди.
– Келинглар, келинглар, марҳамат, – гуруҳ раҳбари ҳамкасбларига жой кўрсатди.
– Устоз, чуқур ўйга ботиб ўтирибсиз, тинчликми? – Жўрабойнинг кайфияти чоғ эди.
– Танга топган боладай хурсандсиз, укам, ўзларида нима гап? – деди гуруҳ раҳбари жилмайиб. – Бирор натижа борми?
– Бордик, кўрдик, текширдик, натижа йўқ. Ўзлари айтганларидай, натижа чиқмаслигининг ўзи ҳам натижа, деб келяпмиз ашуламизни айтиб… Шуйтиб…
Фозил йигитларнинг гапларига унчалик тушунмаётган бўлса ҳам кулиб қўйди.
– Хўш, гапиринг-чи, нималарни аниқладинглар, – жиддий тортди гуруҳ раҳбари.
– Илёс ота ишлаган шифохонага бордик, – ҳикоясини бошлади Жўрабой, – орадан етти йилдан зиёд вақт ўтган. У билан ишлаган ходимлар ишдан бўшаб кетган. Борлари билан гаплашдик. Кўпчилик уни меҳнаткаш, ҳалол ва диёнатли киши сифатида эслашди. Раҳматли чиндан ҳам, қўли енгил жарроҳ бўлган экан. Шифохона бош врачи ўзининг курсисидан қўрқиб, қарияни пенсия баҳонасида ишдан бўшатиб юборган. Марҳум билан йигирма йил бирга ишлаган болалар жарроҳлик бўлими мудири Азамат Шарипович билан гаплашдик. Унинг айтишича, отахон ҳатто ойликсиз ишлашга ҳам рози бўлган экан. Лекин бош шифокор турли хил баҳоналар билан уни қайта ишга олишни чўзиб келган. Қатнай-қатнай чарчаган қария раҳбар билан гап талашиб қолган ва шундан кейин барисига қўл силтаб, кетган экан.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.