Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Танланган асарлар», sayfa 14

Yazı tipi:

Тўра қувониб кетди. Ахир, кўпдан бери орзу қилиб юрарди-ку бошқа ишга ўтишни. У бу таклифдан ниҳоятда хурсанд бўлганини яшира олмади. Аста жилмайиб қўйди.

Барча гапларини Тўра келгунга қадар гаплашиб олишган эканми, идорадагилар, бўпти бўлмаса, гап тамом, дегандай ўринларидан туришди. Шу маҳал эшик жонсизгина тақиллади. Ҳамма ҳайрон бўлиб, эшик томонга қаради. Чунки бу ерда эшикни тақиллатиб, рухсат сўраб кириш одат эмасди-да. Бойғози секин бориб эшикни очди. Эшик олдида шляпасини қўлига олиб пан Дворжек турар эди. Орқасида ўғли Франтишек ҳам бор.

– Пажалиста, пан Дворжек, – деди Бойғози уни ичкарига таклиф қилиб.

Ҳамма ўтиришни ҳам унутиб, ҳайрон бўлганча унинг киришини кутиб турарди. Пан Дворжек эшикдан таъзим қила-қила кириб келди. Киришга кирди-ю, одамларнинг салобати босдими, тили калимага келмади. Ҳаммага бир-бир қараб олгач:

– Добри вечур, – деди.

– Садис!

– Бардзо.

Пан Дворжек стулга ўтирди. Афтидан, ниманидир айтолмай қийналарди. У, ўғлига бир қараб олди-да, қўйнига қўл солди. Чўнтагидан авайлабгина битта лампа шиша олди, уни пуф-пуфлаб енги билан артди, сўнг ўртада турган лампанинг синиқ шишаси ўрнига қўйиб қўйди… Синиқ шишада хирагина ёруғ бўлиб турган хона сезиларли даражада ёришди. Ҳамманинг юзига табассум югурди.

– Раҳмат, пан Дворжек, – деди раис ундан миннатдор бўлиб, – ҳа, айтгандай, Абдитўра, тунов кунги ваъда қилинган шишаларни олиб келиб берганмисан мактабдан?

– Ўзим қўлим тегмай… – деб минғиллади Тўра. – Камолга тайинловдим…

Пан Дворжек ҳеч нарса тушунмай уларнинг юзларига қарар, нима гап эканлигини билгиси келар эди.

– Бойғози, сўра-чи, олиб келиб бердимикан? – деди раис пан Дворжекдан кўзини узмай.

– Пан Дворжек, девушка стекло принес? – сўради Бойғози чўлоқ.

– Штекло? Ах, дзефчина шпипетси… вчера, – деди пан Дворжек жилмайиб – Бардзо! Пасибо…

Пан Дворжекнинг гапларидан Камоланинг шишаларни олиб келиб бергани маълум бўлди. Ўзини бу хижолатпазликдан қутқаргани учун Тўра кўнглида Камолага раҳмат айтди.

Ҳамманинг юзида табассум ўйнаб турганини кўриб пан Дворжек мақсадга ўтди:

– Пан предшедател, – деди у негадир ийманиброқ. Орқасида турган ўғли Франтишекка ўгирилиб, унинг елкасига қўлини ташлади. – Прошен… хсиялбим…9

– Нима деяпти? – деди раис ҳайрон бўлиб. Бошқалар ҳам ҳайрон бўлиб туришарди. Унча-мунча русча гапнинг кифтини келтириб ташлайдиган қўнғизмўйлов вакил ҳам ағрайиб турар эди.

– Чево хочеш? – деди Бойғози. Қўнғизмўйлов унинг гапига кулиб юборай деди-ю, ўзини зўрға босди.

– Цос? Не разумен, да?10 деб ҳайрон қараб турди-да, сўнг ўғлини Тўрага қараб итарди. – Робатси, вмешта…

– Э, бўлди, тусиникти, – деди Бойғози кулиб. – Тўрамен бирге жумис истесе ирзамин, деп жатир.

– Майли, – деди раис пан Дворжекнинг кифтига қўлини ташлаб. – Раҳмат… Ана, Абдитўра, кўпайишиб қолдинглар. Бир-икки кун буларни ўргатмасак, Ғиёс аканг тоза қийналадиган бўлди.

– Мужиганскийга қудай жеткизди, – деб кулди Бойғози. – Ўрисшани кўнгли тусегенше сўйлетин бўлди…

Пан Дворжек хурсанд эди. «Сувни кўрмай этик ечмайдиган қувлардан-ку бу пан. Тунов куни атайлаб борганимизда индамаган эди. Бугун овқат улашган эдик, ўғлини хизматга берди. Мард бўлса, ўшанда розилик бермасмиди? Савдога яқинроқ халқ-да!» деди ичида Бойғози чўлоқ. Лекин бу фикри ўзига ҳам маъқул бўлмагани учун ташига чиқармади.

Шу билан гап тамом бўлиб, ҳамма уй-уйига тарқади. Тўра уйларига ҳар кунгидан ҳам хушчақчақ кириб келди…

Ҳаммаёқни димоқни қитиқловчи хушбўй буғдой ҳиди тутиб кетган. Арпа ўроғининг бошланганига икки ҳафтадан зиёдроқ вақт бўлган-у, буғдой ўроғининг бошланганига бугун иккинчи кун. Иш қизғин. Буғдойи ўрилиб, сап-сариқ анғиз бўлиб қолган пайкалларда Камола бошлиқ мактаб ўқувчилари бошоқ териб юришар, нариги томонда эса бошларини пешонабоғ билан маҳкам танғиб олган қиз-жувонлар бричка аравалар устига паншахада ғарам ортишар эди.

Тўрада бир ҳафтадан бери тиним йўқ. У подани Ғиёс ака, Сергей билан Франтишекка топширганидан бери хирмонда, Соли оқсоқолнинг ихтиёрида! Гоҳ тарози тортади, гоҳ буғдой тўла қопларни кўтаришади, гоҳ у қопларни тикаётган Кристина билан Муса мулланинг келини Манзурага қарашади, кечқурунлари, ой туққан маҳалда эса йигирматача эшакка ғалла юклаб беш-олти бола билан шаҳарга – заготзернога йўл олади. Подадан бўшаб, орзуси ушалиб хирмонга ўтгач, унда ажойиб бир кўтаринкилик, фаоллик юз берди. Ҳамманинг оғзида Тўра: у кичкинагина қишлоқда машҳур бўлди-қолди. Иккита чолнинг боши қўшилса бас, Тўранинг гапини қилишади: «Барака топгур яхши бола чиқди; қилмаган, билмаган иши йўқ. Пода ҳам боқди, келган меҳмонларнинг ёмон кунига ҳам яради… Мана энди, бурнини зўрға эплаб тортадиган чурвақаларни тўплаб эшакларда давлатга ғалла топширяпти. Газитда ҳам мақталганмиш! Отасига раҳмат, отасига тортди-да…»

Ҳа, чолларнинг гапида жон бор эди. Ҳамма гап муомалага боғлиқ экан. Ошолол масаласи кўп нарсани ҳал қилди. Еган оғиз уялар деганларидек, кўчиб келганлар овқат ташвишидан қутулиб, колхоз ишларига қарашишга ҳам яраб қолишди. Афанасенко бобо шу ерда, хирмонда, Соли бобо билан бирга. Белбоғига чувда қистириб олган, бошида яғири чиқиб кетган энсаси баланд кепка, бир ёнига жуволдиз тиқиб қўйибди. Куракни кўтариб ҳар силтаганида кепкасига қистириғлик жуволдиз офтобда ялт-юлт қилади. Чанг, қипиқ босган юзини бир-икки томчи тер пастга чизиб тушибди. Соли бобо ҳам, Афанасенко бобо ҳам ғир этган шамолнинг пайида. Шамол турди, бас, куракларини қўлларига олишади, шамол тинганда эса паншаха билан хирмоннинг ёйилиб кетган жойларини ўртага ташлашади.

Нариги томонда, ғарам уюми панасида турган молотилкада тиним йўқ: кеча-ю кундуз гуриллагани-гуриллаган.

– Апанас, давай, – деб қўяди Соли бобо шамол турган пайтларда, гўё улар анчадан бери дўст, ўртоқ. Пан Дворжек ўғли Франтишекни Ғиёс аканинг ихтиёрига топширгач, бир-икки кун ўтказиб қизи Кристинани ҳам ишга чиқарди. У ҳозир хирмонда, мулла Мусанинг келини Манзура билан қопларнинг йиртиғини ямайди, буғдой солинган жун қопларнинг оғзини тикади, буғдой қоплайди, мавриди келса қопларни араваларга юклашади. Онаси Раила эса тушгача буғдойи ўрилган далага чиқиб, болаларга қўшилиб бошоқ теришади-да, тушдан кейин бир халта бошоқ олиб уйига қайтади; хаста ётган онасига қарайди. Пан Дворжекнинг ўзи анча одамларга лампа шиша қилиб берди, ундан колхоз ҳам миннатдор. У аҳён-аҳёнда шаҳарга тушиб туради, у ерда нима юмуш қилишини ҳеч ким билмайди. Бир куни у Қарқаралида унча-мунча ов билан шуғулланиб юрадиган Бойғозининг отаси Ирискелди овчиникига борибди. Унга бир лампа шиша ҳадя қилиб, битта қуён отиб беришни сўрабди. Ирискелди бобо, хўп деб, келаси куни битта қуён отиб келтирибди. Пан Дворжек қуённи олмабди. Менга тириги керак, дебди. Бобо ҳайрон бўлиб, бир амаллаб чалажон қуён келтирибди. Ўзингизга маълумки, ўқ теккан қуённинг ўндан бири омон қолади. Бобо тирик қуённи нима қиласан, деб сўраган экан, у: «Шаҳарга олиб тушиб, ўзимизнинг мулламизга сўйдириб келаман, шундай қилмасам, онам бошқалар сўйган қуённи емайди, касал», дебди. Шу гап дарров қишлоққа тарқаб, баъзан гўшт тақсимланганида унга беришмайдиган, иложини топишса, бирор товуқми ёки бошқа бирор тирик жонворми ҳадя қиладиган бўлишди.

Айниқса, кейинги кўчиб келганларнинг майда болалари асқатди колхозга. Уларни Тўра эшакка миндириб буғдой ташийдиган бўлди.

Шаҳардан келган қўнғизмўйлов вакил кечаю кундуз хирмонда. У хирмондан бу хирмонга қатнагани-қатнаган. Бир ҳафта илгари ярқираб турган энсаси баланд каламинка кепкаси, ёқаси гулдор украинча кўйлаги, учи попукдор белбоғи чанг, қипиқ ва тердан илгари қайси рангда эканлигини ажратиб бўлмайдиган даражада кирланган, ўзининг ҳам ранги офтобда анча қорайган, бурнининг тагидаги қўнғизсимон мўйловидан путур кетган эди. Оёғидаги яшил брезент этигини хас-чўп ялаб ипини чиқариб юборган, галифе шимининг икки ёққа чиқиб турадиган чўнтаклари шалвираб қолганди. У Тўрага биринчи кўрганидаёқ ёқмаган эди. Нимага эканини ўзи ҳам билмайди. Ишқилиб, нимаси биландир ёқмади. Тўрага у бирор марта ёмон гапирмаган, одамларга ҳам ёмон муомала қилган эмас. Фақат шуниси борки, у пландан бошқасини тан олмас, «давай-давай»дан бошқа гапни билмас, чоллар бирор маслаҳатли гап айтишса бўйнини эгиб «хўп» дерди-ю, ўзининг билганидан қолмас эди. У фақат район катталари обрўсини ўйларди, холос. Унингча, ҳамма нарса, хусусан, ғалла плани ҳозир, шу кунларда бажарилсину ўз иши битгач, колхоз нима қилса қилаверсин, униси билан иши йўқ. Эҳтимол, шуниси ёқмаётгандир. Эҳтимол…

Шу кунларда на раис бобода тиним бор, на тўриқ йўрғада. У участкадан-бу участкага қатнагани-қатнаган. Вакил фақат ғаллани билади. Раис бобо эса ҳамма нарсага жавобгар. Пахта чопиқдан чиқиб, чеканка бошланган пайт. Ишчи кучи эса кам. Пахта деса хирмон қолади, хирмон деса чорва. Ҳали Сир бўйига одам юбориб қишки хашак ҳозирлигини кўриш ҳам керак. Айни қамиш, пичанларнинг етилган пайти. Ҳозирдан қолса, вақти ўтиб, сарғайиб кетади. Сарғайиб қолганда ўрилган хашакни мол нишхўрдга чиқаради, емайди. Бир томонда Белариқ бўйига экилган қовун-полизнинг охирги чопиғи. Ҳеч қаердан мадад йўқ. Туну кун ишлашга тўғри келади.

Бир ҳафтадирки, хирмон атрофида ариқ сувига яқинроқ жойда ҳар куни бир марта иссиқ овқат пиширилади. Туш пайтида шу атрофда ишлаб юрганларнинг катта-ю кичиги тўпланиб, анғиз устида овқатланишади.

Саратон офтоби тиккага келган, ҳаммаёқни жизғанак қилиб куйдириб турибди. Тўрғайлар ҳам ўзларини салқин-сояга уришган. Узоқузоқларда кумуш сароб милтиллайди. Ҳатто одамларнинг соялари ҳам иссиқдан қўрққандай бағриларига тиқилган, худди тандир ичида юриб, нафас олаётгандай бўласан.

Ҳар кунги одати бўйича Соли оқсоқол толга осилган сўқа қанотини зарб билан урди. Атрофга унинг иссиқдан бўғиқ жаранги тарқалди. Ҳамма аста-секин хирмон атрофига тўплана бошлади. Биринчи галда, бошоқ териб юрган Камола бошлиқ болалар халталарини кўтаришиб, тарози атрофига келишди. Тўра уларнинг халталарини тортиб, дафтарига қайд қилар, сўнг бошоқларини хирмонга тўктирар, кўзи тарози милида-ю, хаёли Камолада эди. Подадан кетиш олдида Тўра Камола билан сал яқинлашгандай бўлган эди, мана, бир ҳафта бўлдики, у болалар билан овора бўлиб қўли тегмаяптими ё бошқа бирор сабаби борми, кам кўринадиган бўлиб қолган эди. Эҳтимол, хирмон атрофида одам кўп бўлгани учундир, эҳтимол, анави қўнғизмўйлов вакилдан уялар… Ишқилиб, кам кўринадиган, хирмондан узоқроқда юрадиган бўлиб қолди. Фақат овқат маҳалида келади-да, болалар билан бир чеккада ўтириб, овқатланади, дам олади. Нега ундай? Буни Тўра сира ҳам тушунолмас, унинг авзойини кўриб ҳайрон бўларди. Ё бирон нарсадан хафамикан? Ё тағин кимдир анави Зулайҳо холага ўхшаб бирор нарса дедимикан?

Ана, у келди. Елкасида ярим қопча бошоқ. Иссиқдан бурунларининг учигача терлаб, бўртиб кетибди. Бошида пешонабоғ, эгнида ўша гулдор кўк чит кўйлаги. Оёғидаги кўҳнагина сахтиён этигининг учи, ёнтоқ титиб юборган бўлса керак, оқариб кетибди… Ўзи ҳам сал тўлишганми ё Тўранинг кўзига шундай кўриняптими?

У елкасидаги қопни тарозига қўйди-да, Тўрага бир ёвқараш қилди. Билинар-билинмас пичирлаб салом берган бўлди.

– Ўн саккиз кило, – деди Тўра жилмайиб.

Камола унга аҳамият ҳам бермай:

– Марҳаматга ёзиб қўйинг, – деди астагина. Ёнида кичкинагина қиз илжайиб турар эди. Афтидан, қопни ўзи кўтаролмагани учун Камола олиб келганга ўхшайди. Тўра ҳайрон бўлиб дафтарига ёзиб қўйди. Камола хирмонга қопни ағдарди-да, ёнидаги қиз билан нарироққа – анғиз устига бориб ўтирди. Ҳамма қозон бошига товоқ кўтариб келганида ҳам у келмади. Унинг учун овқатни ҳалиги ёнидаги кичкинагина қиз олиб кетди…

Камоланинг индамаслигини ўзига яраша сабаблари бор эди. Бир ҳафта илгари Тўра Камоладан мактаб кимё лабораториясидаги синиқ, ишга ярамайдиган найчаларни, колбаларни пан Дворжекникига олиб бориб беришни илтимос қилган эди. Эртасига Камола хижолатлик билан ийманибгина ўша Тўра илтимос қилган шиша синиқларини Раҳбар опадан сўради. Опа ҳайрон бўлиб Камолага қаради-да:

– Нима қиласан уларни? – деди.

– Пан Дворжекка олиб бориб беришим керак экан,– деди Камола.

– Пан Дворжекка? У нима қилар экан? – деди ҳайрон бўлиб Раҳбар опа.

– Шиша, лампа шиша қиларкан, – деди Камола қизариб-бўзариб.

– Ким айтди уни сенга?

Камола қизариб кетди. У Тўра айтди, деёлмади-ю, секингина:

– Раис бобомлар… – деб қўя қолди.

Раҳбар опа, «раис бобо мактабда синиқ шиша борлигини қаёқдан биларкан?» деб ўйлади. Кейин суриштириб ўтирмай:

– Ҳа, майли, олақол, – деди.

Камола нақ қўлга тушиб қолаёзди. Яхшиям «раис бобомлар» деган гап тилига келиб қолгани. «Тўра акамлар…» деганда борми, кечаги ўсмоқчилаб сўрагани ростга чиқиб қолган бўлар эди.

У кечқурун уйга қайтишида анчагина синиқ колбаларни, найчаларни ҳар йили мактаб пешайвонига осилавериб, ранги билинмай йиртилиб кетган алвонга тугиб, пан Дворжекникига келди. Эшигини тақиллатган эди, уйдан қош-кўзи тимқора, сочлари калта қирқилган, чиройликкина бир қиз чиқди. У қўлидаги тугунчани индамай ўша қизга тутқазди-ю, кетига бурилди. Қиз эса ҳайрон бўлганича, унинг орқасидан қараб қолаверди…

Камола уйига қайтиб келаркан, дафъатан хаёлига: «Нега Тўра акам пан Дворжекникига кечаси келади десам…» деган фикр йилт этиб ўтди. Шу фикр ўша оқшом уни ухлатмади. Фикр кетидан фикр ғовлаб, боши оғирлашиб кетди, хаёлида ноёб нарсасидан ажралиб қолаётгандай бўлаверди…

Шундан сўнг болаларни бошоқ теришга олиб чиқди. Ўша ўзини ташвишга солган ўйдан қутулармиканман, деб умид қилди. Бўлмади. Тўра ҳам подани қўйиб хирмонга ишга ўтди. Тағин ёнларида ким бор денг? Ўша пан Дворжекнинг қош-кўзи қоп-қора, сочи калта қирқилган сулув қизи! Уялмасдан, узун лозимсиз ёнларида ўтириб, қоп ямайди, жун қопларнинг оғзини тикади! Қаранг-а?

Бунинг устига сўнгги пайтларда қишлоққа овоза бўлиб кетган Тўранинг шуҳрати, газетада босилган «Эшак карвон» деган мақолада унинг мақталиши қўшилди. Бир ғалати жойи шунда эдики, нима учун эканлигини ўзи ҳам билмайди. Камола сўнгги кунларда Тўрани биров мақтаса ҳам ғаши келадиган, қандайдир ўзидан баландлашиб кетиб, қўли етмай қоладигандай бўлаверарди. Ишқилиб, ўзини ундан олиб қочадиган, камгап бўлиб қолди. Бундан бошқа сабаби йўқ. Тағин ким билади дейсиз?..

…Камолалар овқатларини ичиб бўлишиб, ҳаммадан илгари ўринларидан туриб кетишди. Соли оқсоқол билан Афанасенко бобо бир чеккада, ўзларига алоҳида дастурхонча ёзишган. Бирини-бири тушунишмаса ҳам имо-ишора билан гаплашишар, баъзан бирининг гапи боғдан бириники тоғдан бўлиб кетар, тағин ўзларини ўзлари тузатишиб, йўлга тушиб олишар эди. Ундан нарироқда Манзура келинойи, Кристина, тағин уч-тўрт қиз-жувонлар ўтиришиб овқатланишарди. Улар ичида гапга чечан Манзура келинойи. Шаҳарда ўсган қиз эмасми, ҳаммани оғзига қаратгани-қаратган, билмагани, кўрмагани йўқ, дейсиз. Ўзи жуда шўх жувон-да. Ҳамма билан ҳазил қилади. Баъзан ҳув анави чеккада ўтирган қўнғизмўйлов вакилни ҳам гап билан довдиратиб қўяди. Маълум бўлишича, улар шаҳарда бир маҳаллада яшашган, бир мактабда ўқишган экан. Кейин нима ҳам бўлади-ю, у амакисининг ўғлига турмушга чиқади. Улар бир йилдан зиёд турмуш қурганларидан сўнг эри аскарликка кетади. Манзура келинойи қурсоғидаги боласи билан қолаверади. Эри боргандан кейин бир-икки мартагина хат ёзиб, кейин жимжит бўлиб кетади…

Одамлар овқатланишиб бўлишган ҳам эдики, раис бобо отда келиб қолди. Ҳамма унинг ҳурматига ўрнидан турди. Раис бобо одамлар билан салом-алик қилиб, Соли бобо билан Афанасенко боболарнинг олдига борди-да, ҳорғин чўкди. Бошқалар қайтиб жой-жойларига ўтиришгани йўқ. Манзура келинойи билан Кристиналардан бошқа ҳамма ўз ишига отланди. Нариги томонда ўтирган қўнғизмўйлов вакил раис ўтирган жойга ўтиб келаётиб, қўли бехосдан Манзура келинойининг биқинига тегиб кетди. Тўра буни сал-пал пайқаб қолди. Вакил ҳеч нарса бўлмагандек, раиснинг ёнига чўкди. Тўра ҳозиргина кўрганини тағин бир кўз олдига келтирди. Вакил аста ўтиб келаётиб… Тегиб кетмади, атайлаб туртиб ўтди шекилли? Туртиб ўтмаган бўлса, нега Манзура келинойи белини ўйнатиб кулади? Ҳа, туртиб ўтди. Наҳотки?

Тўра ўзининг тахминига ўзи ишонмади. «Менга бир бало бўлиб қолди шекилли, – деб ўйлади. – Наҳотки, Манзура келинойидек шўх, хушчақчақ жувон ҳақида шундай бўлмағур ўйларга борсам? У ҳам майлику-я, бунақа ишлар қўнғизмўйловнинг қўлидан келармиди? Ахир у вакил. Жиддий одам-ку…»

Нима бўлса ҳам бу капалак қанот қоққунча юз берган ва киши ишонмайдиган ҳодиса Тўранинг баданини бир қиздириб ўтди. Камолалар бошоқ териб юрган томонга қараб, хўрсиниб қўйди…

Ўн биринчи боб

Қуёш Қора тоғ чўққиларига ияк қўйиб чиқа бошлаганида Тўра етаклаб бораётган эшак карвон поезд осма йўлидан ўтиб, шаҳар кўчасига кириб келди. Улар бир кўча айланишгач, дарвозасининг пештоқига йирик-йирик қилиб «Туркистон район заготзерно контораси» деб беўхшов ёзиб қўйилган пастаккина ҳовли ёнига келиб тўхташди.

Ҳали эрта бўлишига қарамай, дарвозаси ёни ридивонли бричка, қўқон араваларга тўлиб кетган эди. Нариги чеккада иккитагина бир ярим тонналик кўҳна машина турибди. Кузови тўла ғалла. Шофёрлари бир четда махорка чекиб, навбат кутишар эди. Дарвоза олди олағовур, қий-чув. Ҳамма ҳам олиб келган ғалласини тезроқ топшириб кетиш пайида. Бағбақаси осилиб тушган, хўппасемиз, мўғул башарасидан ёғ ҳиди анқиб турадиган тарозибон дарвоза олдига чиқиб, навбат кутиб турганларга бир қаради-да:

– Эшаклар олдин кирсин! – деди овозини баландлатиб.

Аравакашлар, шофёрлар норози оҳангда чувиллашиб кетишди.

– Нима, эшакнинг шохи борми, олдин киради?

– Биз олдин келганмиз-ку!

– Эшак эшакни танийди-да!

Тарозибон одамларни жеркиб берди:

– Жим! Нима, араваларингнинг бели толадими сал кутиб турса! Ахир булар жонивор-ку, саксон кило юкни ўттиз беш чақирим жойдан кўтариб келиб, тағин бир соат кутиб турсинми? Қани, болалар, ҳайданглар!

Унинг: «Эшаклар олдин кирсин!» деган сўзи, ростини айтганда, Тўранинг жаҳлини чиқарган, қовоқ-тумшуғи тушиб кетган эди. Йўқ, тарозибоннинг нияти тўғрилигини билгач, бироз чиройи очилиб, эшакларни ҳовлига қистай бошлади.

– Қани, Шурик, Андрей, Мансур, ҳайдаларинг!

Тўра тарозибоннинг афт-ангорига қараб, уни ёмон кўриб юрарди. Одамнинг сиртига қараб ҳукм чиқариб бўлмас экан-да. У шундай қилмаганида, камида бир-икки соат сарғайиб кутиб турган бўлар эдилар. Шунисига ҳам раҳмат!

Эшакларнинг устидан жун қопларини олиб тарозига қўя бошлади. Бу Тўра учун унча қийин эмас. Ўн беш-йигирмата эшакда олиб келинган ғаллани бирваракайига қўйилади тарозига. Бунақа тарози районда битта бўлса кераг-ов! Ҳаммадан қийини шунда эдики, ғаллани тортиб бўлишгач, каттакон омборга олиб кириб, уюлиб ётган қип-қизил буғдойнинг энг юқорисига олиб чиқиб тўкиш керак. Уюлган буғдой устига узун-узун тахталар қўйилган, ана шу тахталар устидан етмиш килолик жун қопни орқалаб тепага кўтарилиш жуда қийин, оёқларинг майишиб кетади! Қопларни Тўранинг битта ўзи олиб чиқиши керак. Бошқа болалар ҳали ёш, эшак устида зўрға ўтириб келишган, улар эшакларнинг бошини ушлаб туришдан бошқа ишга ярамайди. Пастроққа тўкишга мўғул башара тарозибон рухсат бермайди.

Етмиш килолик йигирмата жун қопни тепага олиб чиқиб тўкиш осон гапми?

Тўра охирги қопни аранг тепага олиб чиқиб тўкди-ю, буғдой уюми устига йиқилди. Қорасувга тушиб кетибди! Қулоғига ҳеч нарса кирмас, энтикиб шифтга қараб ётарди. Бир барзангинамо киши катта бир ола жун қопни олиб чиқиб устига ағдарганда у ўрнидан сакраб турди-да, қўлидаги бўш қопни судраганича пастга тушди. У тўғри тарозибоннинг олдига келиб:

– Қани, амаки, қоғозни беринг? – деди.

– Ие, ҳали шу ердамисан? – деди тарозибон ҳайрон бўлиб. – Мен сени, нарядни олишни унутиб кетди болапақир, дебман. Мана, аллақачон қўл қўйиб қўйганман…

Тўра нарядни олиб ҳовлига чиққанида, эшаклар кўринмас, ҳовлини аравалар босиб кетган, аравакашларнинг қий-чуви авжида эди. Эшакларни болалар дарвозанинг олдига олиб чиқиб кутиб туришган экан. Тўра индамай бориб ўзининг эшагига миниб, бошқа эшакларни етакка олганида, кўча бошидан бошқа бир эшак карвон чангитиб кириб кела бошлади. Уни кўриб Тўранинг қаеридир жимирлаб кетди: «Бизнинг ташаббусимизни эшитиб, бошқа қишлоқлар ҳам эшак карвон тузишибди-да!»

Улар бир четга чиқиб карвонга йўл беришди. Эшак устида келаётганлар ҳам ўзларига ўхшаган болалар экан. Қишлоқ болаларида, бир-бирларига салом беришмай, хўмрайишиб ўтиб кетишди.

Кечаси билан ўйлаб келгани эсидан чиқиб қолибди. Тўра поезд осма йўлига етай деб қолганларида, болаларни четдаги симёғоч олдига олиб келди-да:

– Шу ерда бирпас кутиб туринглар, мен ҳозир келаман, – деб эшагини қистаб, орқасига қайтди. Болалар ҳайрон бўлиб қолишди.

Тўра эшагини елдириб, бозор томондаги магазин олдига борди-да, эшакдан сакраб тушиб, магазинга кириб кетди. У киришга кирди-ю, пештахта ёнида турган чиройли, оғзи тўла тилла тиш жувон олдига келганида, довдираб қолди. Ҳалиги жувон: «Сенга нима керак, ҳой, йигитча?» – деб сўрамаганида балки у шундай тураверармиди?

– Ану… зирагингиз неча пул туради? – сўради у қимтинибгина.

Тилла тишли жувон ғалати бир илжайди-да:

– Ўн беш сўм, – деди. Тўра шаҳарга ёғ олиб келиб сотганида посира қилиб қўйган пулини олиб, санаб кўрди. Хайрият, етаркан.

– Биттасини беринг…

Сотувчи аёл биттасини олиб, қоғозга ўраб берди. Тўра пулини тўлади-да, магазинга қандай кирган бўлса шундай зудлик билан чиқиб эшагига минди. Сотувчи аёл унинг кетидан маъноли илжайиб, «жўжахўроз» деб қўйди…

Мана, Тўралар йўлда. Қуёш уч терак бўйи кўтарилиб, теваракатрофни қиздира бошлаган маҳалда улар шаҳар билан Қарқарали ўртасидаги Қорачиқ сойга етиб келишди. Уст-бошлари чанг, бир-бирларини зўрға танирдилар. Болалар ҳар кунги одатлари бўйича эшаклардан тушишиб, ечинишиб, ўзларини сувга отишди. Сув бу маҳалда бирам ёқимли бўладики, болаларнинг сувдан чиққилари келмасди. Улар анча чўмилишди, эшаклар ҳам сой бўйида бироз ўт чимдиб, ўзларига келгандай бўлди.

Улар яна йўлга чиқишди. Қишлоққа яқинлашиб қолишганида Ғиёс акани, Франтишекни, Сергейни учратишди. Ғиёс аканинг эгарга осиқлик чуватидан маза қилиб ичишиб, хирмонга йўл олишди.

Тўранинг оғзи қулоғида, кўнгли нимадандир таскин топган эди. У эшак устида келаркан, негадир ўз-ўзидан илжаяр, чўнтагидаги қоғозга ўроқлик сирғани ушлаб-ушлаб қўярди.

Болалар хирмонга етиб келишганида, қуёш тиккага келган, Соли бобо билан Афанасенко бобо хирмон атрофида ғимирсилаб юрар, қўнғизмўйлов вакил эса хирмоннинг соя томонига ўтириб олиб, бош кўтармай нималарнидир қирт-қирт ёзар эди. Рўпарасида қип-қизил буғдой уюми тепа бўлиб турибди. Топ-тоза! Ёнгинасида ўраб-чирмаб қўйилган сочиқ, унинг ёнида хурмача, ичига қошиқ солинган заранг… Нарироқда, иссиқдан худди резинка копток палласига ўхшаб, қовжираб қолган ҳандалак косанинг пўчоғи. Уни кўриб, Тўранинг оғзи сув очиб кетди. «Ҳандалак чиқибди-да!»

Тўра болаларга рухсат берди-да, қопларни йиғиштириб, Соли бобо томон юрди.

– Ҳа, келдингларми, шунқорлар! – деди Соли бобо меҳрибонлик билан.

– Келдик.

– Бўлмаса, анави сояда бирпас мизғиб ол! Унгача тушлик ҳам бўлиб қолади.

Тўра чўнтагидаги нарядни қўнғизмўйлов вакилга олиб бориб берди. У индамай олди-да, Тўранинг юзига бир қараб қўйди, сўнг ишида давом этаверди. Тўра хирмоннинг соя томонига ўтди, фуфайкасини юмшоқ анғиз устига ёзди. Болалар бошоқ териб юрган томонга қаради, сўнг чўнтагидаги сирғани тағин бир ушлаб кўрди-да, ўзини фуфайка устига отди. Қаттиқ чарчаган экан, дарҳол пишиллаб уйқуга кетди.

У туш кўрди: тушида дадаси парқувдек юмшоқ булутлар устида оппоқ отга миниб, қандайдир икки шохлик баҳайбат ҳайвонни қувлаб юрганмиш… Тагидаги оти чопмасмиш, булут устида сузиб юрганмиш. Тўра дадасининг орқасига кўк эшагида учармиш, етолмасмиш. Қичқирармиш, товуши парқувдек булутлар орасига сингиб кетармиш. Бир каттакон туяга ўхшаган булут устида Камола буларни томоша қилиб турганмиш: Тўра унга бурилиб, эшагига мингаштириб олай деса, у қаҳ-қаҳ уриб, булут орасига сингиб кетармиш. Тўра товушининг борича:

«Камол, Камол!» деб бақирармиш. Камоладан эса садо чиқмасмиш… Дадаси бояги баҳайбат ҳайвонга етиб, қўлидаги қиличини силтаган экан, бир шохи жаранг-журунг қилиб учиб тушганмиш…

Тўра жаранг-журунг товушидан чўчиб уйғониб кетди. Соли бобо одамларни тушликка чорлаб, толга осиқлик сўқа қанотини зарб билан ураётган экан. Тўра ёнбошлади, кўзларини ишқалаб атрофга разм солди. Юзларига буғдой қипиқлар илашиб, терлаб кетибди. Хирмон атрофига ҳали одамлар келмаган, Афанасенко бобо кепкасини юзига бостирганича чўзилиб ётар эди. Вакил ҳам кўринмасди. Тўра ўрнидан туриб, маза қилиб керишди, сўнг ювингани ариққа қараб кетди…

У юқорироқдаги қалин толзор орасига кириб, ариқ лабига чўққайиб ўтирди. Сув ниҳоятда тиниқ, ариқнинг таги кўриниб турар, ям-яшил чаловлар равон оқаётган сувда ўн саккиз яшар қиз сочидай тўзғир, ўтлар орасида ўйнаб юрган майда балиқчалар кишининг хаёлини тортар эди. У сувга қараганча, шу ажойиб манзарани бироз томоша қилиб ўтирди, кейин бояги кўрган тушининг таъбирини қилди ўзича: «Дадам фашистларнинг додини бераётган экан, эшак миниб юрибман, эшак тушида мурод бўлади, дегувчи эди ойим… Камола нега кулди? Тушда ўнгининг акси бўлади дегувчи эдилар, ё мендан хафамикан?..»

Шу пайт гужум тол томонда кимдир сўзлагандай бўлди. «Ким бўларди, қулоғимга шундай эшитилгандир-да», деб ўйлади Тўра. Сал ўтмай кимнингдир шўх кулгиси эшитилди. Тўра бу ким бўлди экан, деб қулоқларини динг қилиб, товуш чиққан томонга қаради. Ҳалиги эшитилган аёл кишининг кулгиси эди. Тўра ҳайрон бўлиб, аста ўрнидан турди, беихтиёр ўша томонга бир-икки қадам босди, тол тагида икки одам ўтириб, аста-секин гаплашар эди:

– Хўпми?.. – бу эркак кишининг товуши эди.

– Вой, қизиқсиз-а, менинг болам бор, ахир… – дерди аёл товуши.

– Нима бўпти болангиз бўлса? Сизнинг болангиз менинг болам эмасми, жонидан?

Аёл шўх кулди:

– Ўлинг сиз, ўроқда йўқ, бошоқда йўқ, хирмонда ҳозир экансиз-да, а?

– Ўроқ, бошоқ маҳалида қайрилиб ҳам қарамадингиз-да, жонидан.

– Вой ану кишини, ўзингиз қаттиқроқ ушламадингиз-да…

– Мен нима қилай, ўзингиз балиқдай лип этиб чиқиб кетган бўлсангиз?

– Ҳм, аламми? – деди аёл эрка ва нозли товуш билан.

– Манзура… – деди эркак.

«Ие, бу Манзура келинойи-ку!»

– Бўлди-бўлди, ҳаддингиздан ошманг, – Манзура келинойи шундай дерди-ю, лекин гапида қатъият йўқ, хўжакўрсингагина гапирар, кетидан қиқирлаб кулар эди.

– Манзура… – эркак кишининг товуши эриб кетгандай бўлди. Кейин нимадир «чўлп» этди. Манзура келинойи ялинган товушда:

– Вой, бўлди-и… – деди чўзиб.

Бундан кейинги гаплар Тўранинг қулоғига кирмай қолди. Баданида қони жўш уриб, қулоқлари шанғиллаб кетди. Бирпас ўзини йўқотиб қўйди, сўнг ўзига келиб, алам қилиб кетдими ё ўзини идора қилолмай қолдими, зудлик билан ариқ лабида турган яхлит кесакни олиб сувга урди. Сув шалоп этиб, лойқаланди. Бояги жойдан «Вой!» деган товуш чиқди-ю, сўнг Манзура келинойи қизарганича Тўранинг ёнгинасидан тескари қараб ўтиб кетди.

Бироздан сўнг, қайси кўз билан кўрсинки, ўша қўнғизмўйлов вакил чиқиб келди. Тўранинг тепасига келиб, бироз индамай турди. Тўра ўзини ҳеч нарсани кўрмаган, билмаганга олиб, энгашиб юзларини юва бошлади, қўнғизмўйлов сирли қилиб томоғини бир қирди-да, хирмон томонга қараб кетди. «Наҳотки? Наҳотки, Манзура келинойим… – деб ўйлади Тўра. – Бундан чиқдики, кечаги қўнғизмўйловнинг туртиб ўтгани тасодиф эмас экан-да, атайлаб қилибди-да! Вой, писмиқ қўнғизмўйлов-эй…»

Тўранинг боши оғирлашиб кетгандай бўлди. Қайтадан ювинди. Сўнг ҳар куни овқат ейдиган жойига келиб чўкди. Одамларнинг ҳаммаси тушликка чиқибди. Ҳар ким ўз тенги билан тўп-тўп бўлиб ўтирибди. Гурунг, кулги авжида. Тўра бундай қараса, қўнғизмўйлов ҳар кунги одати бўйича бир чеккада, гўё ҳеч нарса бўлмагандай овқат еб ўтирибди. Бу ёққа қарамайди ҳам. Ҳар куни бошқаларга сўз бермайдиган Манзура келинойи жим. Тўра томонга ер остидан қараб-қараб қўяди. Бояги сирни айтиб қўйишидан чўчийди шекилли. Хотиржам бўлинг, келинойи! Тўра ҳеч қачон гап ташиган эмас. Бундан кейин ҳам ташимайди. Лекин сиздан Тўранинг кўнгли қолгани ҳақиқат!

Бугун негадир Кристина кўринмас эди. Ҳа, бувисининг аҳволи оғирлашиб қолиб, ишга чиқмаган эди. Тўра қозон бошидан мис товоқда суюқ ош олиб келиб чордана қуриб ўтирди. У ҳали ўзига келол маган, боши зирқираб оғрир, «наҳотки?!» деган савол миясида чарх урар, айни пайтда, Камоланинг илгариги суҳбатларини қўмсар эди. Ҳа, дарвоқе, Камола қани? У атрофга қаради. Ҳув ана, мактаб болалари билан ўтирган экан. Қизиқ, Тўра унга қараса, у ҳам Тўрага қараб турган экан, дарров нигоҳини яширди. Тўра бояги оғир ўйлардан аригандай бўлди. Бугун бозордан унга атаб олиб келган сирғаси эсига тушиб, кўнгли ёришди. Энди у ўша сирғани қай йўсин беришни ўйлай бошлади…

Хаёлга берилган Тўра одамлар овқатларини ичиб бўлишганини ҳам, чойдан кейин ишга отланишганини ҳам сезмай қолди. У ҳам аста ўрнидан туриб, ариқда товоғини чайди-да, унга ярим қилиб бакдан чой қуйиб, пуф-пуфлаб ича бошлади.

Тўра Афанасенко, Соли бобо, Манзура келинойилар билан қопларга буғдой сола бошлаганида кун пешин маҳали бўлиб, кўланкалар анча чўзилиб қолган, саратон иссиғи эса авжида эди. Улар учта бричка аравага буғдой юклашди. Энди йигирмата жун қопга буғдой солиб, оғзини тикиш керак. Кун бўлса кеч бўлиб қолди. Тунга қолинса, бу ерда на лампа, на фонус бор. Ҳар куни қоп тикишга қарашиб турган Кристинанинг ўрни билинди. Манзура келинойи бўлса, кун ботмасданоқ йўлга тушади: эмизикли боласи бор.

Хирмонга Бойғози келди. У кулранг қашқасини ғарамга қўйиб, қичқирди:

– Ҳорманглар-ов!

– Ҳа, бор бўл. Кел, Бойғози, – деди Соли оқсоқол жуволдизга чувда ўтказаётиб. – Келганинг яхши бўлди-да. Кекса келса ошга, ёш келса ишга, деганлар. Қани, қарашиб юбор.

– Кўтерис десенг кўтерисейин, – деди Бойғози чўлоқ илжайиб. – Бироқ минау инежибинг қўлимдан келмейди. Анау, жуволдизингди қўлима шаншиб оламимба, деймин.

– Унда иккаласи ҳам қўлингдан келмас экан, – деб гавдасини силкитиб кулди Соли оқсоқол.

– Неге?

– Сенга юк кўтартириб балога қолайми? – деди Соли оқсоқол ҳамон жуволдизга чувда ўтказишга ҳаракат қилиб. – Чўлоқ одамга юк кўтартириб бўлармиди? Тағин бир кор-ҳол бўлиб… ундан ҳам кўра мана буни ўтказиб бер.

Бойғози Соли оқсоқолнинг қўлидан жуволдиз билан чувдани олиб, бир уннаганидаёқ ўтказиб берди.

– Кўзинг ўткир-да, бола, – деди Соли оқсоқол жуволдизни жун қопнинг оғзига санчиб. – Ҳа, йигирма беш ёшим, қайдасан! Биз ҳам сенлардек кунимизда…

Шу лаҳзада Тўрани Манзура келинойи чақирди. Тўра индамай унинг олдига борди:

– Қайним, мана шу қопни кўтаришиб юбор.

Тўра унинг оппоқ билагидан шаппа ушлаб, қоп кўтаришди. Унга қопнинг оғирлиги унча сезилмади-ю, лекин ушлаган қўлининг юмшоқлиги, тўлалиги, томиридаги қоннинг гуп-гуп уриши баралла сезилди. Манзура келинойининг қўлидаги томир уриши Тўранинг томирларига ҳам ўтди… У аста кулиб Тўрага қараб қўйди. Гўё у, «қайнижоним, бояги сир ўртамизда қолсин!» деяётгандай, ўшанга хушомад қилаётгандай эди.

9.Илтимос. Мен истардимки…
10.Нима, тушунмаяпсизми?

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
15 nisan 2023
ISBN:
978-9943-5993-4-5
Telif hakkı:
Sharq

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu