Kitabı oku: «Суиқасддан сўнгги сукут ёхуд Чингизхондан Черчиллгача»
НУРАЛИ ҚОБУЛ
СУИҚАСДДАН СЎНГГИ СУКУТ
ёхуд
ЧИНГИЗХОНДАН ЧЕРЧИЛЛГАЧА
Роман-памфлет
Иккинчи китоб
Донолар қаршисида тилингни тий,
Авлиёлар қаршисида дилингини тий.
Машойихлар ҳикмати
Буюк тақдир – буюк қулликдир.
Сенека
“Asaxiy books” лойиҳаси доирасида чоп қилинди. Тошкент, 2022 йил
Ушбу электрон китоб учун муаллифлик ҳуқуқи “Asaxiy books” лойиҳасига тегишли бўлиб, “Asaxiy books” рухсатисиз уни ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.
1. Белдан пастга тушган сиёсат ёхуд отангни ўлдирганга…
Сиёсат – маблағсиз даромаддир.
Отасўзи
Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз ҳам, сиёсат сиз билан шуғулланади.
Монталамбер
Сиёсий қобилият – эртага, индин, келгуси ҳафта, бир ой ва бир йилдан кейин нималар бўлишини олдиндан башорат эта олишингиз, сўнгра эса бу ишларнинг нега амалга ошмаганлигини изоҳлай билишингиз демакдир.
ЧЕРЧИЛЛЬ
– “Нурли қуёш” колхозида табелчи эдим, – дея ҳикояларини бошлардилар раҳматли дадам чуқур нафас олиб, ғамгин оҳангда. – Шомга яқин тизза бўйи қору қаҳратонда қора терга тушган отини чоптириб, раис Шодмон ўрис ҳовлимизга кириб келди.
– Тез бўл, Холбўта! Сени биринчи секретарь Эргаш Холматов чақираётир! Отимга мингаш, ўзим олиб бораман! – деди раис ғолибона оҳангда.
– Райкомнинг менда нима иши бор? Коммунист бўлмасам. Оддий бир табелчи бўлсам, – раиснинг авзойига қараб шошиб қолдилар дадам.
– Мен билмайман, иним. Райком чақиртирибдими, демак муҳим бир гапи бор. Райком чақирганда сени мени қўявер, Ойқор тоғидаги малла айиғу кулранг бўрилар ҳам ғизиллаб етиб боради, – чорловнинг муҳимлигини таъкидлайди Шодмон ўрис.
– Сиз билсангиз керак, Шодмон ака, айтинг? Райкомнинг менда нима иши бор? – сўрайдилар дадам улар отга мингашиб йўлга тушар экан бу чақиртирувнинг хайри аломатдан эмаслигини сезгандай.
– Кўкдагини ўзи, ердагини райком билади, иним. Мен қайдан билай? Районда тўртта колхознинг раиси йўқ. Балки шулардан биттасига раис бўлиб кетарсан! – оғзини тўлдириб гапни айлантиради раис.
– Э-э, қўйсангиз-чи! Мендан раис чиқармиди?!
– Нега чиқмасин?! Оломонлик Эргаш этикдўзданки раис чиққанда, хат-саводи бор сендай табелчидан бемалол чиқиши мумкин.
– Илтимос, Шодмон ака. Менга ёрдам беринг! Раислик қўлимдан келмайди. Холматов сизди айтганингизни қилади. Мени тинч қўйсин.
– Қайдам, иним. Булар мени, халқни айтгани нари турсин, худонинг айтганиниям килишмайди. Нима деса индамай хўп деявер. Бошинга бирор ташвиш орттириб юрма.
Раис шундай дедию, бирдан дами ичига тушиб кетди. У коммунист ва раис бўлатуриб, худо деган сўзни оғзига олиб қўйган эди.
– Мени худо деганимни бировга айтиб юрмагин тағин, Холбўта. Одам гапирганда билиб билмай айтиб юборади-да, – дами ичига тушиб кетган эди раиснинг.
– Нега айтаман, Шодмон ака. Тушунаман, – дейди дадам қўрқа-писа.
Дадам раиснинг ташрифидан астойдил қўрққанларининг бошқа сабаби ҳам бўлган. У киши саккиз ёшда эканлар ўттиз еттинчи йилдан оталари – мулла Қобил Иброҳим ўғлини олиб кетган тўрт киши орасида қишлоқ советининг вакили сифатида худди шу киши – Шодмон ўрис ҳам бор эди.
Самарқанддан келган рус начальникларига сидқу садоқат ила елиб-югуриб хизмат қилганлиги учун уни овулдошлари орқаворотдан Шодмон ўрис дея аташарди.
Ўшанда дадам Шаҳзода энамга эргашиб отасининг орқасидан Девқўрғонгача йиғлаб борганлар.
Оталари икки йил ўтгач, Сибирь сургунидан қайтган. Бу ҳақиқатни раҳматли Шаҳзода энам шундай изоҳ этар эдилар.
– Улар ўша Сибирия деган ўрмондаги турмага боришибди. Ҳаммани қилган айби ҳақидаги қоғоз бор эмишу, бобонгники йўқ эмиш. “Нима айб қилгансан” деб сўрашсалар “билмасам” дер эмишлар бечора бобонг. Охири сутлар қоғозини тополмай, уйига жавоб беришибди. Пойизда қозоқ чўлида юриб юртга қайтишибди. Поезддаги катта ўғрилар бобонга ўхшаган бечорларга бир ҳафта сув беришмабди. Одам бир ҳафта сув ичмаса, ичак-чавоғи чириб кетар экан. Уйга бир ҳолу аҳволда кириб келганларида кўзимиз тушиб, ҳушимиздан кетай деб қолгандик. Соч-соқоли ўсиб кетган, кир-чир, эски матрас деган кўрпа билан уят жойиминан шамоллаган кўкрагини боғлаб олган. Кийим-кечак йўқ, сазойи бир аҳволда. Биздан рози-ризочилик тилаб, ичим ёниб кетяпти, дейдилар. Кун иссиқ, даданг акаси билан бориб, ҳар куни Ойқортоғнинг музидан олиб келади. Шу музни кўкракларига қўйиб ётардилар, бечора. Оғизларига совуқ сув томизамиз. Шу алфозда тўққиз кун ётдилар. Ўнинчи кун тонгга яқин Оллоҳга омонатларини топширдилар. Тўрт етим билан Иқбол энанг иккимиз кўчада қолдик.
Шаҳзода энам бобомнинг биринчи завжалари бўлганлар. Фарзанд кўрмагач, бобомизга ўзлари бош-қош бўлиб, Иқбол энамизни олиб берганлар ва болаларини ўзлари тарбиялаганлар. Мана сизга ҳақиқий шарқ ва мусулмон аёлининг инсонийлиги ҳамда бағрикенглиги. Иқболой энам ҳаётдан эрта кўз юмганлари учун бизлар ҳам Шаҳзода энамнинг тарбияларидан баҳраманд бўлганмиз.
Дадамни отига бемаҳал миндириб кетган Шодмон ўрисга кўзи тушган икки энамизнинг шом туби қоронғу бўлади. Юракларини ҳовучлаганча кўзларида ёш билан худди бобомни кузатаётгандек дадамни ҳам йўлчи этиб қоладилар.
– Ғаллакондаги йилқичилик фермасига мудир бўлиб борасан, Қобулов! – дейди ғўлабирдан келган қора юзли, танасига нисбатан калласи каттароқ райкомнинг биринчи секретари Эргаш Холматов.
– Бу иш қўлимдан келмайди, райком бово! Олдинги уч мудир ҳам қамалиб кетди. Икки энам бор. Энди уйландим. Менга раҳм қилинг! – зорланади дадам.
– Давлатнинг молини еб қўйгандан кейин қамалади-да. Шунинг учун емаслик керак! – овозини баландлатади биринчи котиб.
– Жон райком бово! Мени…
– Гапни кўпайтирма! Райкомнинг буйруғини бажармайдиган одам ҳали онасидан туғилмаган. Борасан дедимми, борасан! Агар айтганимни қилмай, бормайдиган бўлсанг, Ўсматнинг сувини ичмайсан! Тушундингми?
– Хўп! Майли! Тушундим, райком бово! – дейдилар дадам раҳбарнинг қаҳрини қўзғатмаслик учун рози бўлиб.
– Кўндингми? – дейди бу ишдан хабардорлигини яширмай жилмаяр экан раис Шодмон ўрис.
– Ҳа! – дейдилар дадам гапни узатмай.
– Бўпти! Унда эртага эрталаб идорага кел! Бирга фермага борамиз! Отларни қабул қилиб оласан! – буюради раис дадамни пойи-пиёда қолдириб, оти жиловини уйи томон бураркан.
“Ўсматнинг сувини ичмайсан!”
Қалин қорда уйга аранг етиб келгунча шу сўзни ўзларича муҳокама этадилар дадам. “Ўсматнинг сувини ичмайсан!” Демак, бу қамаласан, деганими?! Бошқа гап эмас.
Келиб бўлган воқеани энамларга айтадилар. Энам маслаҳат учун Ҳамза ва Абдусалом амакиларни чақирадилар.
– Ўсматнинг сувини ичмайсан дегани, отангнинг орқасидан Сибирияга жўнатаман дегани, амаки! – дейди бу воқеадан ҳаяжонланган Ҳамза амаки. – Фурсатни ғанимат билиб, кечаси қочиш керак. Турмуш шундай экан. Ферма мудири бўлсанг ҳам қамаласан, йўқ десанг ҳам. Қочишдан бошқа чора йўқ! Ўзбекистонда бўлсанг топтириши мумкин. Сталинободгами, Регаргами қочиш керак. Мен ҳам сиз билан бирга кетаман. Рози бўлса Абдусалом ҳам юрсин!
– Майли, мен ҳам бораман! – кўнади Абдусалом амаки.
Топган-тутганини бўғчага туккан уч эркак ва уч аёл тун қоронғусида йўлга тушадилар. Андижон-Душанбе поездини пойлаб, бир неча кун Ғаллаорол станцияси атрофида яшириниб яшайдилар. Ва бир аммалаб, ит азобида Тожикистонинг Регар районига, қирқинчи йиллар охирида кўчиб кетган амакилари Расуловлар яшайдиган қишлоққа етиб борадилар. Опам София Регарда туғилади.
Уч қочқин оила Регарда икки ярим йил яшайди. Ўсматдан келган одамлардан улар Қорақишлоқ райони тугатилганини ва партия кометитетининг биринчи секретари Эргаш Холматов Самарқанд вилоятидаги Пойариқ районига биринчи котиб бўлганлигини эшитиб, юртга қайтмоқликка қарор қиладилар.
Ихтиёрий сургундан қайтган дадамга янги раис яна ферма мудирлигини таклиф этади. Бироқ йилқичилик эмас, қорамолчилик фермасини. Йўқ десалар яна Сталинободга қайтиб кетиш керак.
Йўқ демаса, бир каллаварам подачи сигирни туғдира олмай ўлдириб қўйса ҳам у эмас, ўз ишига масъулиятсизлик ва совуққонлик билан қараганлик айби билан мудир жазоланар эди.
Дадам ноилож рози бўладилар ва узоқ давом этган терговлардан зўрға қутулиб қоладилар.
Эргаш Холматов деганда доимо сергак тортадиган дадам бу одам ҳақидаги ҳар бир гап-сўзни эътибордан қочирмай юрадилар.
– Сени сургунга йўллаган Эргаш Холматов ҳақидаги гапни эшитдингми? – дейди райкомнинг бюро мажлисидан қайтиб келган раис бир кун кулиб. – Эркин деган ўғлининг қўлини ҳалоллагани, коммунист бўла туриб эскилик сарқитларига қарши курашиш ўрнига ўзи хатога йўл қўйганлиги учун партиядан ўчирилиб, биринчи секретарликдан бўшатилибди. Самарқанд обкоми бюроси шу масалани муҳокама қилибди. Ёмон қарғаган экансизлар-да.
– Биз нега қарғаймиз?! У бечораям давлатнинг айтганини қилган-да, – ҳайрон бўладилар дадам.
Шу-шу Эргаш Холматовни сургунчи амаки-тамакилар унутадилар.
Орадан чорак аср муддат кечади. Партияга тикланиб, Мирзачўлда “Самарқанд” совхозини ташкил этган Эргаш Холматов чўлқувар директор ва Социалистик Меҳнат Қаҳрамони сифатида яна газета саҳифаларида кўрина бошлади.
Доимий равишда газета-журнал ўқиб борадиган дадам энди кулиб ўша воқеаларни эслар ва Регар даштларида сургунда кечган оғир пайтларини ҳикоя қилиб берардилар.
Минг тўққиз юз етмиш иккинчи йилда тугатилган Қорақишлоқ райони Шароф Рашидовнинг рағбати билан Бахмал номида яна қайта тикланди. Мен ҳам туманнинг янги ташкил этилган “Ғалаба байроғи” газетасида катта мухбир сифатида иш бошладим.
Сўнгра вилоят “Жиззах ҳақиқати”, минг тўққиз юз етмиш олтинчи йили эса область партия комитетининг пропаганда бўлимига матбуот бўйича инструктор бўлиб ўтдим.
Биз хонада икки киши, бўлим мудирининг ўринбосари Абдумажид Эргашев иккимиз ўтирар эдик.
Ёнимиздаги хонада саноат ва қурилиш бўлимининг мудири Э.Э. Холматов ўтирарди.
Бу ўша қўли ҳалолланганда отаси Эргаш Холматов партиядан ўчиб, райкомнинг биринчилигидан кетган қаҳрамон – Эркин Эргашевич Холматов эди. Етмиш олтинчи йилнинг охирига борганда Бахмал район партия комитетининг биринчи секретари Холмўмин Мамараҳимов яна эски домлалиги, Ғаллаорол район маориф бўлими мудирлигига қайтиб, ўрнига Эргаш Холматов сайланди.
От айланиб қозиғини топган, Эргаш Холматовнинг ноҳақ партиявий жазо олиб ишдан кетганлигини яхши билган Шароф Рашидов адолатни қарор топтириб, эски сафдошини аввалги ўрнига тиклаган эди.
Худди шу пайтдан бошлаб, болалигимдан бери оиламизда номи тилга олинганда барча бирдек сергак тортадиган одам билан гаплашиб, мулоқотга киришдим. Бахмалдан сўнг Эргаш ака Зомин районига раҳбар бўлиб бордилар ва узоқ йиллар ишладилар. У киши ва Аҳад Соибназаров раҳбарлигида Зомин сув омбори бунёд этилди.
Доимо Зоминга борганимда мени самимият-ла қаршилаб, уйларидан, чечамизга ош дамлатиб келардилар. Ярим кечагача суҳбатлашардик.
Бироқ нечоғли яқин ва самимий суҳбатдош бўлмайлик, отам билан ораларида бўлиб ўтган воқеани эслатмадим. Кечмиш даврларга ўша замону сиёсат кўзи ила боқиб, бўлажак қаҳрамонимни борлигича қабул қилдим ва у киши ҳақида очерк ёздим. Бадиий битикларимда фойдаландим ва ҳар замон отамнинг “У кишида айб йўқ. У бечора ҳам давлатнинг сиёсатини юргизган-да” деган кечиримли оҳангдаги сўзларини ёдда тутдим.
Бошқа битикчиларни билмадиму мен ўзгалар ҳақида доимо жўшиб ёза оламан. Бироқ бобом, Шаҳзода энам, отам ва онамга келганда юрагим тўлиб, йиғим бўғзимга тиқилиб қолади.
Бунинг сабаби бор экан, дадам раҳматли кимга неки яхшилик қилсалар, ҳеч кимга, ҳаттоки онамга ҳам айтмас эканлар. Шунинг учун ҳам биз у кишининг хайрли ишларидан бехабар қолган эканмиз.
– Жўра, эсингиздами, интернатга тўққизинчи синфга ўқишга борганимизда, мен билан Қўчқорга иссиқ овқат беришар, сизга беришмас эди, – деди бир куни гурунглашиб ўтирганимизда синфдош дўстим Бобомурод.
– Ҳа, эсимда. Нима эди? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Ўшанда авом раҳматли мени ва Қўчқорни директоримиз Қўзиевга тайинлаб, бу иккиси етим. Менинг ўғлимга овқат бермасаларинг ҳам майли. Шу икки етимга овқат беринглар, дея кўзларига ёш олиб, рўйхатга киритиб келган эканлар, – деди-да, болалар каби елкаси силкиниб йиғлаб юборди. – Ўзлари ҳам етим ўсганлар-да!
Шу пайтгача эшитмаганим бу гапдан ҳайрату қайғуда мен ҳам дўстимга қўшилдим.
Ўша пайтда узоқ қишлоқларда ўрта мактаблар оз эди. Ўқишни давом эттирувчилар учун Жиззах районининг Оққўрғон маҳалласидаги 8-ўрта мактаб-интернатда бу имконият бор эди. Ётоқхонада отасиз ё онасиз ўқувчиларга овқат берилар, ота-онаси борлар ўз кунини кўрарди.
Мен бир ҳафталик тирикчилигим учун уйдан олтита нон, бир юмалоқ тузли қорин сарёғи, уч сўм пул олиб кетар эдим.
Синфдошларимиз кечқурун иссиқ овқат ейишганда биз нон билан чой ичардик. Тушда эса йигирма тийинга битта сомса олиб, беш тийинлик бўлка нон билан ер эдим.
Ўнинчи синфга ўтганимда шамоллаб, шифохонага тушиб қолдим.
– Бола тузук-қуруқ овқат емаган, шунинг учун касаллик уни енгган, – деди доктор мени кўргани келган дадамга.
Шундан сўнг бир ҳафталик маошим уч сўмдан беш сўмга чиқди. Кейин билсам қишлоғимиздаги доно маслаҳатчиларнинг “Болага кўп пул берманг, шаҳарда бузилиб кетади” деган сўзига амал қилган отам мени шу тариқа тарбияламоқчи бўлан эканлар.
Энди эса яна ўша, кечмиш замонларнинг муаммоли масалаларидан бўлган фарзандлар қўлини ҳалоллаш мавзусига қайтсак. Бу нарса иссиқ ўлкаларда яшаган арабу яҳудий, ҳатто Миср фиръавнлари замонидан бери тиббий профилактик тадбир сифатида ихтиёрий равишда амалга ошириб келинган. Бу ишнинг ҳеч бир дину маданият, партияю ҳукуматга алоқаси йўқ.
Бироқ атеизм байроқ қилинган тузум ва режимда унга ислом динининг зарарли сарқити сифатида қаралган. Эргаш Холматовдек эҳтиётсизлик қилганлар қаттиқ жазоланганлар. Аслида Эргаш ака ҳам ўғлини қишлоғига юбориб, яширин хатна қилдирган. Бироқ кўп ҳурматли душманлари Эркин Холматов билан ўйнаб юрган болаларига тайинлаб, унинг қўли ҳалолланганини билиб олиб, КПССга ёзганлар. Москва ва КПСС эса Эркин Холматовнинг хатнаси билан жиддий шуғулланган ва тегишли қарор қабул қилган.
Хатна қатағонидан капалаги учиб кетган энг катта раҳбарлардан бошлаб аксар бошлиқлар бу ишдан воз кечиб қўя қолишган.
Бу қурбонлар хатна ишига муносабат юмшаган замонларда қўлларини ҳалоллаб олишгандир, балки…
Рақиб ғанимлар эса кечаю кундуз болаларини катта раҳбарларнинг ўғиллари борадиган жойларга юбориб, худди Эркин Холматов каби иштонларини ечишларини пойлашган.
Мана, сизга қилажак ҳеч бир иш қолмаганидек, сиёсатнинг белдан пастга тушиши.
2. Беклик элга яраша ёхуд Михаил Горбачевнинг эски костюми
Қилич билан қазилган ерда гул унмас.
Отасўзи
Жуда ҳам одил ва ҳаддан зиёд оқил бўлма – ваҳимага тушиш сенга нимага керак.
ЭККЛЕССИАСТ
1991 йил 19 сентябридаги ГКЧП воқеасидан сўнг СССРда вазият ўзгариб кетди. Давлат ва ҳокимият тизгинини ушлаб турган КПССнинг барбод бўлиши усиз ҳам инқирозга юз тутаётган сиёсий ва иқтисодий тузумни жарлик ёқасига келтирди.
Давлат тўнтаришига уринишга дахлдор деб топилган СССР Олий Советининг ҳар икки палатаси таркиби бекор қилинди. Республикалар халқ депутатларидан янгидан СССР Олий Кенгаши учун вакиллар сайланди.
Квота бўйича Ўзбекистонга йигирма битта ўрин берилган эди. Қўмиталарда кўриб чиқилиб Президент тасдиғидан ўтган йигирма бир Ўзбекистон халқ депутатининг номзоди рўйхатини парламент раиси тасдиқлаш учун овозга қўйди.
Рўйхатда депутат Муҳаммад Солиҳ (Салой Мадаминов) номи ҳам бор эди. У минбарга чиқиб ўз ваколатидан воз кечди. Шу пайт маданият қўмитасининг раиси ёзувчи Пиримқул Қодиров сўз олиб, ҳамкасбимиз ўрнига менинг номзодимни тавсия этди.
Бу пайтгача, ўттизинчи июнда бизнинг Мустақиллик декларацияси ва 30 августда Мустақиллик эълон қилинган эди.
Хуллас, Ўзбекистондан СССР халқ депутати этиб сайланган йигирма бир киши ўша пайтдаги бош вазир Шукрулло Мирсаидов бошчилигида Москва йўлини тутдик.
Қайд учун Кремлга яқинлашишимиз билан бизни мухбирлар армияси қарши олди. Бироқ ҳеч бир ўзбекистонлик вакил юрак ютиб мухбирлар саволига жавоб бермас, ҳамма ўзини олиб қочарди. Мен ҳам ўзимни ватандошларим каби тутмоқдан уялдим ва мухбирлар қуршовида қолиб кетдим.
– Москвага нега келдингиз?
– Болтиқ бўйи республикалари вакиллари келишмади, сиз нечун ташриф буюрдингиз?
– Мақсадингиз нима?
Саволлар шу тахлит эди.
Аслида бизни қаршилаётган журналистларга ҳам, СССР парламентининг янги таркибини рўйхатга олаётган маъмурларга ҳам бизнинг ташрифимиз маъқул келмагандек эди, назаримда.
– Ҳарҳолда буюк бир империянинг тарқалиб кетишига гувоҳ бўлиш учун келдик, шекилли, – дедим тилимга бошқа калима келмай. – Яна нима дейишим мумкин?– саволларга савол билан жавоб бердим.
Мухбирлар ашқол-дашқолларини орқалаб мендан узоқлашдилар.
– Бопладингиз. Қайтиб ёнимизга йўламайдиган бўлишди, – деди савол-жавобларни эшитиб турган Шукрулло Мирсаидов.
– Бизни ҳеч ким кутмаётган экан. Келмасак ҳам бўларкан, – жавоб қилдим у кишига.
Шу тариқа Ўзбекистон вакилларининг СССР парламентидаги сўнгги фаолияти бошланди.
Қайддан сўнг, ҳар икки парламентнинг раҳбар органларига сайлов бошланди. Сайловдан олдин квота бўйича палата раислари ўринбосарлари ҳамда қўмита раислари лавозимлари белгиланди.
Ўзбекистонга Республика Совети раиси ўринбосарлиги ва халқаро ишлар қўмитаси раислиги тегди. Совет раиси ўринбосарлигига ўша пайтда Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаётган Алихон Раҳматович Отахонов сайланди. Халқаро ишлар қўмитаси раислигига эса мени сайладилар.
Ўзбекистонни минг бир армон билан ташлаб кетиб, охир-оқибатда юртига кела олмай ҳам қолган Рафиқ Нишонов ўрнига ҳамкасбимиз, қозоғистонлик номдор ёзувчи Анвар Алимжанов сайланди. Квота бўйича бу лавозим энди Қозоғистонга берилган эди. Иттифоқ палатасига эса Украина вакили Лубенченкони сайладилар.
Москвада фаолият кўрсатар эканмиз, табиийки ўша пайтдаги президент Михаил Горбачев билан учрашиб, масалаларни муҳокама килишга тўғри келар эди. Россиялик депутатлар орқали Горбачевни ағдариш учун тайёргарлик кўрилаётгани ҳақидаги миш-мишлар қулоғимизга чалинарди.
Бундай гап-сўзлар унга ҳам етиб борган шекилли, Михаил Горбачевнинг ҳам аҳволи руҳияси жойида эмас эди.
Охирги учрашувга Алихон Отахонов билан йўл олаётгандик. Мен ҳам борайин, шу Горбачевни кўрайин, дея академик Аҳмадали Асқаров ҳам бизга қўшилди.
Горбачев СССРни сақлаб қолиш ҳақида узоқ гапиргани эсимда. Одатда у бир соат гапирса ҳам нима дегани кишининг эсида қолмас эди. Хайриятки, Фидель Кастрога ўхшаб тўрт-беш соатлаб нутқ отмайди, дея ҳазиллашар эдик бир-биримизга.
Унинг эгнида тўқ кулранг эски костюм бор эди. Разм солиб қарасам енгининг учи титилиб кетган. Ҳайрон бўлдим. Мен ҳам одатда эски, ўрганиб қолган кийимларимни кийишни хуш кўраман. Бироқ кимсан СССРдек давлатнинг президенти…
Шундай улкан ва қудратли давлату мамлакатнинг тарқалиб кетишига ўзини сабабчи билиб, тузук-қуруқ кийинишга ҳам аҳволи руҳияси етишмагандир, хаёлимдан кечди.
Шунда у бизга янги СССР Конфедерацияси ташкил этилажагини, бош вазир этиб Нурсултон Назарбоев тайинланиши ҳақида гапирган эди.
Ельцин, Кравченко ва Шушкевичнинг Беловежье ўрмонида, 1921 йилда “СССР давлатини тузиш” ҳақидаги англашма, қарорни бекор қилишлари СССРнинг сўнгги президенти Михаил Горбачев ниятини сувга туширди.
Зотан, бошию охири йўқ нутқларидан ҳам, даври даврон оқими туфайли сиёсат саҳнасига чиқиб қолган бу кишининг фикрлаш даражаси, зеҳну закосининг уфқи маълум эди.
Уч-тўрт соат гапирса-да, киши юрагига тегадиган, бир неча жумла оригинал фикр айта олмас, эски лаппакни айлантираверарди.
Михаил Сергеевич Горбачев кечмиш замоннинг байроқ кўтариб чопгувчи типик комсомол ёшларидан эди. Бироқ татар миллатига мансуб хотини Раиса Максимовна Титаренко ақлли, ҳисоб-китобли хоним бўлиб, ипини тортиб турмаса ўтлаб кетгувчи эрини йўналтириб, йўлга солиб юрган. Вилоят партия қўмитасининг биринчи секретарининг, кўрган оиланинг қизи бўлган Раиса Максимовна эрининг феъл-атворидаги қусурларни билар ва бундан хижолат чекарди.
Миша Горбачев ҳар йили Краснодар ўлкаси ва Сочи тарафга истироҳат учун борадиган Леонид Ильич Брежневнинг Берияси – Юрий Андроповнинг назарига тушди.
Юрий Владимирович Фёдор Михайлович Достоевскийнинг “Всегда в истории России послушные собаки были в почёте” деган даҳшатли фикрини яхши билар эди. Силлиқ ва сипо, хотини чизиб берган йўлдан тўппа-тўғри юрадиган Горбачев Лаврентий Павлович Берия ҳалафининг кўнглидаги одам эди.
Ўша давр шарт-шароити, раҳбар қодирлар иқтидору салоҳиятининг даражаси нуқтаи назаридан бундан-да ақллироқ ва ишбилармонроқ арбобни топиб бўлмасди.
Мавжуд тузумнинг нотабиий ғоялар асосида ўқиб вояга етган, соцализму коммунизм деганини унинг асосчилари саналмиш Ленину Сталин деган доҳийлари ҳам тушунмаган жамиятда фақат шундай, кенг дунёвий фалсафаларни ўқиб-ўрганмаган, оламга ана шу тор сунъий дарчадан қарайдиган инкубатор жўжалари каби бир-бирига ўхшаш ва бир хилда фикрлайдиган арбоблар етиштирилар эди.
Россия сиёсатида глобал дунёвий фикрловчи икки катта шахсият ва арбоб бор эди. Булар Анатолий Собчак билан Александр Яковлев эди. Қолганлари ўша – бўл тайёр, доим тайёр шиори остида етишган октябрят, пионер, комсомол ва коммунистлар эдилар. Булар орасида коммунистик идеологиядан бошқа илм, дин ва фалсафаларни ўқиб-ўрганувчи, бу ёруғ дунёда марксизм-ленинизм деган утопиядан бошқа мантиғу фалсафалар ҳам борлигини билиб ўрганишни истайдиган кишилар йўқ ҳисоб эди. Тор, бир ёқлама фикрловчи одам узоққа бормайди. Сўзсиз ҳаётнинг биринчи ва иккинчи синовларида қоқилади. Фаросатсиз одам умр бўйи аросатда, ҳаммадан хавфсираб, раҳбар бўлса ўз халқидан қўрқиб яшайди.
Анатолий Собчакнинг узоқни кўра билиши ўз исботини топди. Борис Ельциннинг куни Собчак кашф этган қодир Владимир Путинга қолди.
Борис Ельцин Путинга қадар ҳалаф излаб, Черномирдину Примаков, Кириенкою Степашин каби бош вазирларни қўлқоп каби алмаштиришди.
Кудрину Немцов каби лидерлик даъвосидаги арбоблар ҳам ўйиндан чиқиб кетди.
Анатолий Собчакдан хавфсираган Ельцин уни таъқиб этиб, устидан жиноий иш очмоқ амрини берди.
Бу тазйиқу босимдан чўчиган Собчак Россияни тарк этди ва Парижда юрак хуружидан вафот этди.
Екатеринбургнинг марказий майдонини кезар эканмиз, Николай иккинчи оила аъзолари билан отиб ташланган черков ертўласига тушдик. Ертўла эски ҳолича турар, черков биноси эса янги қурилгандек эди. Йўлдошларимдан бунинг боисини сўрадим.
– Борис Ельцин Свердловск обкомининг биринчи секретарлигида черковни буздириб ташлади, – жавоб берди ҳамроҳим. – Зиёратчилар оқими кўп бўлганлиги учун президент бўлгач, гуноҳини ювиш мақсадида черковни қайта тиклашни буюрди. Сўнгра Москвада Сталин йиқитган Қутқарувчи Исо черковини ҳам тиклаттирди.
Россия Федерацияси дохил барча республикалардаги қодирлар шундай салла ўрнига калла олиш таълимини кўрган, идрок доирасига сиғмаган ва ақли етмаган нарсага душманлик кўзи билан қараш руҳида тарбияланган эдилар. Марказга фикрловчи, ташаббусчи, ўз халқи ва ватани манфаатини жони дилдан ҳимоя этиб курашгувчи комилу фозил, оқилу одил қодирлар керак эмас эди. Даражаси юксак бўлмаган раҳбар эса ўзидан-да паст савиядаги кишиларни атрофига йиғади.
Тож кийган бош ақлланур деганларидек, шу пайтгача бирор-бир арбобнинг ўзида ақл-идрок етишмаслигидан шикоят қилганлигини туйганмисиз?
Бироқ Рашидов даврининг ғоявий секретари, техник-инженер Оқил Салимов адабиёт ва санъатни чуқур билмаслигини тан олиб, русчалаб “Болалар, бу масалаларни мен тушунмайман. Ўзларингиз ҳал қилаверинглар” дея ўз ишини билган мутахассисларга халақит бермасликка ҳаракат этарди. Одамлар шунисига ҳам раҳмат дейишарди. У киши табиатан миллатнинг туб катта манфаат ва мақсадларидан узоқроқ, техник бир шахсият бўлса-да, ўзи идора этган соҳада кимсанинг ноҳақ бурни қонашига йўл қўймас эди.
Оддий халқ ўша пайтларда пахтазорга бориб колхозчиларнинг ғарибона оби-ёвғони қайнаётган каттакон қозонни “Шу ҳам овқатми?” – дея ағдарган (ваҳоланки, бутун Ўзбекистонда далада ишловчилар шундай овқат ер эдилар) бош вазир Нормуҳаммади Худойбердиев ва унинг биринчи ўринбосари, тўрт оғиз сўзни қўшиб, жумла тузиб гапира олмайдиган мироб Исмоил Жўрабековларни катта давлат ва жамият арбоби деб билардилар. Сиёсатнинг туб моҳиятини англаган кам сонли кишиларгина бу арбобларнинг асл қиёфаси ва даражасини фарқлардилар холос. Боиси бир-икки кишининг истагу хоҳиши билан шундай арбоблар ясаларди.
Худди Михаил Иванович Калинин СССР Олий Советининг раиси ўлароқ Сталиннинг ёнида қўр тўкиб ўтириб, жуфти ҳалоли Жемчужина чет эл разведкасининг агенти сифатида Сибир қамоқхонасида фаррошлик қилгани каби.
Бу тузум даҳолари ҳақиқий оқилу фозил, ботиру жасур шахсиятларни кўрганда шайтонлар эдилар. Ҳар қандай йўл ва восита билан бундай кишилар Ҳабиб Абдуллаев каби йўлдан олиб ташланарди.
Давр ва давронлар шундай. Замонанг тулки бўлса, този бўлиб қув, дейдилар.
Эл эса доимо борига барака, йўғига ҳаракат қилиб келган.
Беклик элга яраша, теклик эса белга ярашадир.
Битикда битилгани каби…
Тентаккаким тел берсанг,
Мақтар мудом уруғин.
Тўқайнинг шоҳи тулки,
Шарафлайди қуйруғин.
Дунёда, ҳар бир ишнинг,
Бордир йўнтам-йўриғи.
Ўзин билган ҳеч қачон,
Қуритмайди чориғин.
Гоҳда тулпорлар қолиб,
Ўзар отнинг ориғи.
Битигингдан белгили,
Рангинг оқу сариғи.
Равон оқса умрнинг,
Ҳаёт деган ариғи.
Ғўрадан ҳалво битар,
Ёмби бўлар тариғинг.
Олам тўла оломон.
Ким Рим, Макка йўриги.
Ҳосад кўзин кўр этар,
Пешонангнинг ёруғи.