Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Улуғбек хазинаси», sayfa 6

Yazı tipi:

9

Мирзо Улуғбек яна кечагидай от ўйнатиб олдинда борарди. Остидаги арабий бедовнинг кенг ўмровидаги ёқут ва лаъл қадалган тилла қалқончаси офтобда кўз қамаштириб чарақлар, устидаги заррин ёпинғичи чўғдай гул-гул ёнар, пешонасидаги кокилига тақилган маржон шодалари силкиниб, кумуш эгарнинг олтин ҳалқачалари нафис жаранглар эди. Лекин бу ажиб мусиқа Мирзо Улуғбекнинг қулоғига кирмас, у яна хаёллар уммонига чўмган эди.

Кечаси юрагида жўш урган туғён босилган, дилини қандайдир теран бир лоқайдлик чулғаб олган эди. У фақат бир нарсага пушаймон қиларди: тезроқ жанг бўлмади-ю, шаҳзодани бир кўрмади!..

У кеча жанг қилишни кўнглига туккандан бери негадир хаёлидан шу фикр кетмай қолди: жанг-жадал бўлса-ю, шаҳзода билан юзма-юз тўқнашса, унинг кўзларига тикилса, муддаосига тушунса, сўнгра майли, унинг қўлида ўлса ҳам армони йўқ!.. У қайси юз, қайси виждон билан ўз падарига қўл кўтармоқда? Шуни билса бас! Кейин майли, нима қиламан деса, шаҳзоданинг изми ихтиёрида!..

Э, воҳ! Мирзо Улуғбек бу ўғлини нечундир болалигидан суймади. Ўғлим, деганда юраги сира “жиз” этмади, қалбида бир меҳр уйғонмади… Шаҳзода туғилибдики, узоқ Ҳиротда, волидаи меҳрибони Гавҳаршод бегим тарбиясида бўлди. Гавҳаршод бегим ўз қўлида, Ҳирот саройида тарбия қилди, вояга етказди. Лекин… ҳазар алҳазар!.. Бобоси Шоҳруҳ Мирзо вафотидан сўнг шаҳзода Алоуддавла билан тожу тахт талашган Абдуллатиф энагаси Гавҳаршод бегимни қўлга тушириб, ҳибс эттирди. Мирзо Улуғбек буни эшитиб сочлари тикка бўлиб кетган эди. Лекин ўз пушти камаридан бўлган фарзанди экан, шаҳзода Алоуддавла Абдуллатифни асир олиб, Ихтиёриддин қалъасига ҳибс этганда чидаб туролмади, қўшин тортиб Хуросонга борди… Нечун ўшанда Мирзо Улуғбек унга бўлишди? Нечун Балхни унга инъом қилди?

Мирзо Улуғбек аламли дуд кўксини ўртаб юбораётгандай, уф тортди-да, бошини кўтарди. Кечаги изғирин пасайган офтоб терак бўйи кўтарилиб қолган эди.

Катта карвон йўлининг икки ёнидаги ясси адирларни черик эгаллаган, ҳаммаёқ эшак, хачир, туяга тўлиб кетган эди. Олдиндаги навкарлар ва ясовуллар от ўйнатиб, йўлдаги черикларни четга сурмоқда, эшак ва хачирларни аёвсиз қамчилаб қувмоқда эди. Қилич ўрнига ойболта, таёқ ва чўқмор кўтарган, суворийлар либоси ўрнига бошларига кигиз телпак, эгниларига эски чакмон ва кенг чолвор кийган юпун деҳқонлар шошилмас, ўзларича сўкиниб секин йўл бўшатишар эди…

Чинакам қурол ўрнига таёқ ва чўқмор кўтарган, умрида жангжадал кўрмаган бу беозор деҳқонлар шаҳзоданинг салкам эллик минг лашкарига қарши нима қила олади? Буларни ким, нечун йиғди?

Мирзо Улуғбек саройбонни чақириб, черик бошлиқларига деҳқонларни тарқатиш тўғрисида фармон берди-да, бетоқат юлқинган оқ байирига қамчи уриб, илгарилаб кетди…

Пешинга яқин олдинда ипакдай майин пуштиранг боғларга кўмилган Димишқ қишлоғи кўринди. Димишқдан кейин, то Самарқандга етгунча боғлар бир-бирига туташиб кетар, гўё бутун олам улкан гулхан орасида ловуллаб ёнарди. Димишқдан сал ўтилса, офтобда ажиб бир манзара касб этган Бибихоним мақбарасининг ложувард гумбази кўринади. Ундан сал берироқда, ўша ҳарир қирмизи парда орасида, Улуғбек мадрасасининг юксак пештоқлари товланади. Ундан чапроқда эса, осмонга санчилган Гўри Амир минораларининг тилларанг бўёқлари нозик жилоланади… Мирзо Улуғбек боғлар ортидан элас-элас кўринган суюкли шаҳрига суқланиб тикилар экан, беихтиёр кўзига ёш олди. Наҳот киндик қони тўкилган, масъуд болалик йиллари ўтган, обод қиламан, деб умрини бахш этган бу суюкли шаҳри азим қўлидан кетса? Донғи буткул рубъи маскунга таралган расадхона-чи? Фахр-ифтихори бўлмиш мадрасаси-чи? Наҳот унинг илм-фан йўлидаги қирқ йиллик уринишлари шамолга совурилса? Қирқ йил йиққан нодир хазинаси-чи? Шогирдлари-чи? Уларнинг тақдири не бўлади? Қирқ йил уруш кўрмаган бу элулус, буткул Мовароуннаҳрнинг аҳволи не кечади?

Мирзо Улуғбек юрагини ўт олиб, арғумоғига аччиқ қамчи босди. Усиз ҳам бетоқат пишқирган оқ бедов сувлиғини чайнаганича бургутдай ер бағирлаб учиб кетди. Унинг юрагидаги пўртанадан бехабар аъёнлар ва боёнлар ҳайрон бўлишиб, бир-бирларига қараб олишди-да, улар ҳам отларига қамчи босишди. Димишққа етмасдан ўнг қўлдаги ялангликда “Боғи жаҳон” кўринди. Баланд девор билан ўралган улкан боғ ўртасида сутдай оппоқ кошона кўзга чалинди. Бобоси Амир Темур оғир юришларидан қайтаётиб, Самарқандга киришдан олдин бу боққа албатта қўниб ўтар эди… Олдинда учиб бораётган Мирзо Улуғбек қандайдир ички бир туйғуга бўйсуниб, отининг бошини “Боғи жаҳонга” бурди.

Дарвозадан бошланган кенг хиёбонга хазонлардан қирмизи пояндоз тўшалган эди. Дарахт шохларидан чирс-чирс узилиб тушаётган япроқлар ҳавода унсиз сузиб, оёқ остига қушдай назокат билан қўнарди. Кошона олдидаги гулзор, гулзор ўртасидаги мармар ҳовуз, ҳаммаси хазонга тўлган, фақат ток япроқлари ҳали тўкилмаган, баланд сўриларидаги токларда ҳар бири отнинг калласидай чарос бошлари қора марвариддай товланиб турарди…

Мирзо Улуғбек истиқболига чиққан ясовулга арғумоғининг жиловини ушлатди-да, орқадагиларни кутмасдан хиёбон бўйлаб кетди. Хиёбоннинг охирида, анорзор тепаликнинг шундоқ ёнбағрида тиниқ бир чашма шилдираб оқарди…

Мирзо Улуғбек чашма бўйига тиз чўкиб, муздай сувга ювинди, таҳорат олди ва мовут тўнини булоқ атрофидаги сарғая бошлаган ажриқзорга ёзиб, пешин намозини ўқиди. Сўнг, аллақандай маъюс эсдаликларга чўмиб, узоқ ўтирди. Эсига негадир яна болалик чоғлари тушди.

У ҳали кичкина бола эди. Бир сафар олис сафардан қайтган бобоси бир-икки ҳафта шу боғда турди. Худди мана шу булоқ бўйига суюкли энагаси Сароймулкхонимнинг ҳаворанг ипак саропардаси тикилган эди. Унинг атрофига кўк, пушти, қизил, нофармон ранг кичик чодирлар жойлашган бўлиб, уларда қилиқлари мулойим, ҳаракатлари назокатга тўла ёш канизлар, баковуллар туришарди. Чодирларнинг орқасидаги яшил бедазорга оқ биялар боғланган, биялардан олисроқда кийикчаларга ўхшаган гўзал тойчалар кишнашиб турарди. Энагаси Сароймулкхоним ҳар куни эрталаб Муҳаммад Тарағайни шу тойчалар олдига етаклаб борарди. Сароймулкхоним кенг юзли, бурни тугмадеккина, кўзлари қисиқ бир хотин эди. Лекин унинг оппоқ, бўлиқ гавдасида, эгнидаги қимматбаҳо саруполари ва нозик зеби зийнатларида, гап-сўзларида бўлакча бир виқор ва маҳобат бор эдиким, ҳамма ундан ҳайиқар, бир гапи икки бўлмас эди. Улуғбекка айниқса, унинг майин қўллари, фируза кўзли қўш-қўш тилла узуклар тақилган узун оппоқ бармоқлари ёқар, энагаси бу қўллари билан унинг бошини силаб эркалаганида ийиб кетиб, тойчоқдай унинг бағрига отлар эди.

Гоҳо энагаси олдига этак тутиб, чодир ёнидаги бўлиқ оқ бияни ўзи соғар, сўнг, алоҳида мешга қуйиб, қиёмига келтириб қимиз қилар ва яхдай булоққа ташлаб қўярди. Аҳён-аҳёнда бу қимизни ичгали ҳаворанг саропардага бобоси Амир Темур келарди. У сезиларлик оқсоқланса ҳам, асо ушламас, новча қаддини йигитлардай тик тутиб: гўё бир ёққа шошаётгандай шитоб билан юрар эди. У ҳеч қачон қимматбаҳо заррин тўнлар киймас, ёзги саратонда ҳам туя жунидан тўқилган оқ-сарғиш чакмонини ечмас, ўтирганда чакмонининг этаги билан майиб оёғини ўраб, тиззасини силаб ўтирар эди. Бобоси Амир Темур от юзли, қийғир бурун, сийраккина чўққи соқол одам эди. Ундан ҳамма ҳайиқар, у сийрак қошларини чимириб, ўткир кўзлари билан қадалиб қараганда, ҳеч ким тоб беролмас, ҳамма кўзини олиб қочар, у келаётганда ҳар ким турган жойида қўл қовуштирганича қотиб қолар эди. Лекин ажабо: кичкина Муҳаммад Тарағайни кўрганда бобосининг қовоғи очилиб, чеҳрасидаги шиддат бўлакча бир мулойимлик билан алмашар, ўткир нигоҳида шўх учқунлар ўйнар эди. Одатда у неварасини тиззасига ўтқазиб эркалар, аксарият мударрисларни чақириб, неварасининг сабоқларини суриштирар эди. Мударрислар Улуғбекнинг зеҳнини мақташса, бобоси неварасининг кенг пешанасидан ўпиб кулар:

– Боракалло сизга! Амир Темур авлодидан ҳам Ҳорун Рашиддай бир фозил подшоҳ чиқсин-да! – деб қўяр эди. Гоҳо эса, билъакс, неварасини мутолаа устида кўрса, жаҳли чиқар, дарғазаб бўлиб навкарларидан бирига:

– Олиб чиқ! От минсин! Қилич ўйнасин! – деб буюрар эди. Шундай пайтларда бобоси қовоғини солиб, неварасининг машқларини зимдан кузатиб турар, Улуғбек отга чаққон минолмаса ё қиличбозликда нўноқлик қилса дарғазаб бўлар, беҳашам пўлат ғилофга солинган қиличини суғуриб оларди-ю, кўзлари ёниб, ёнида ким турса шу билан қиличбозлик қилиб кетарди…

… Мирзо Улуғбек катта йўлдан бир тўп суворийлар от чоптириб ўтганини эшитиб, секин ўрнидан турди, атрофига таажжуб билан тикилди: унга не бўлди? Шундай хатарли пайтда олис болалигини эслаб ўтирса! Тожу тахт ғамини емоқ ўрнига, маҳзун хаёллар гирдобидан чиқолмаса?

Мирзо Улуғбек қирмизи пояндоз тўшалган хиёбондан оҳиста юриб орқага қайтаркан, дарвозанинг ёнида оқ кўпикка чўмилган бир неча отларни кўрди. Кошонадан чиққан шаҳзода Абдулъазиз билан қўлида мактуб ушлаган Шайхулислом Бурҳониддин шоша-пиша унга томон юришди.

“Тағин нохуш хабар!” – хаёлида деди Мирзо Улуғбек.

– Қайда юрибсиз, онҳазратим? – деди шайхулислом ҳансираб. – Амир Искандар барлосдан чопар келубдур.

– Тағин не мужда? – Мирзо Улуғбек тўхтаб номага қўл чўзди. Бир парча сариқ қоғозга палапартиш ёзилган номада амир Искандар шаҳзода Абдуллатифнинг ҳировул қўшинлари пистирмадан чиқиб, унинг қалб қўшинларига ҳамла қилганини ёзган эди. Амирнинг хабар беришича, шаҳзоданинг қўшинида филлар ҳам бор. Бу филлар унинг суворийларига даҳшат солгани боисидан у доруссалтана томон чекинмоқни лозим кўрган…

Мирзо Улуғбек кўзларини номадан узиб, ўғли билан шайхулисломга қаради. У эндигина кошона ёнида турган бир гуруҳ сарой маҳрамларига кўзи тушди. Маҳрамлар орасида жиянлари – шаҳзода Абдулла билан Абу Саид Мирзо ҳам турар, зарбоф тўн ичидан суворий совут, бошларига тилла ҳошияли дубулға кийган бу икки шаҳзоданинг ҳам кўзларида тараддуд, ҳаракатларида тоқатсизлик сезилиб турарди.

Мирзо Улуғбек оёқларини кериб тўхтади. Ажабо: суворий совутлар кийиб, сербар камарларига олтин қилич таққан бу саркардалар, қимматбаҳо саруполарга ўранган бу сарой аҳли нечун бунчалик титрайди, недан қўрқади? Башарти шаҳзодадан қўрқса нечун амир Султоншоҳ тархонга ўхшаб, унинг тарафига қочиб ўтмайдими?..

Мирзо Улуғбек жўрттага овозини кўтариб:

– Шаҳзода лашкари юриш бошлабдур, – деди. – Лашкарларида филлар бор эрмиш.

Шайхулислом Бурҳониддин ранги ўчиб, бошини сарак-сарак қилди.

– Давлатпаноҳ не фармон бергайлар?

Мирзо Улуғбек мийиғида кулимсиради.

– Оллоҳ таоло пешонага нени ёзган бўлса шу бўлади, тақсир.

– Иншоллоҳ пешонангиз ёруғ бўлғай. Ва илло…

– Жанг-жадал қилмоқ!

Шайхулислом чўққи соқолини ушлаб, бош чайқади ва гўё сарой аҳли эшитишини истамагандай:

– Доруссалтанага қайтмоқ даркор, онҳазратим! – деди секин. – Қалъа мустаҳкам…

Мирзо Улуғбек асабий ҳаракат қилиб:

– Ҳайҳот! – деди. – Шаҳзодада тош отғувчи арродалар бордур, тақсир! Буткул шаҳар зер-забар бўлади! Буткул шаҳар!

Чол яна асабийлашиб бошини сарак-сарак қилди.

– Валлоҳи аълам биссавоб! Ва лекин шаҳарни ололмас, султоним! Жамики масжидларга хутба ўқитурмен. Барча фуқаро оёққа турадур, давлатпаноҳ!..

Мирзо Улуғбек жавоб бермади. У Шайхулислом Бурҳониддиннинг самимийлигига шубҳа қилмас, ҳозир бу оғир вазиятда Самарқандга чекиниб, дарвозаларни беркитиб олишдан бошқа чора йўқлигини тушунар, айни замонда ҳали озиқ-овқатни ғамлаб олмаган шаҳар катта қўшиннинг узоқ қамалига тоб бера олмаслигига ҳам ақли етар эди. Лекин энг муҳими, томирларида мудраб ётган бобосининг қони яна кўпира бошлади, у қилич яланғочлаб, жанг қилгиси, бу сотқин лашкарбошилар олдида Амир Темурнинг набираси эканлигини, жон берса ҳам осонликча бўйсунмаслигини бир кўрсатиб қўйгиси, ниҳоят, шаҳзода билан юзма-юз келгиси, у билан бир оғиз гаплашгиси келарди.

Шаҳзоданинг ҳировул қўшинлари довондан чиқиб юриш бошлаган эмиш!.. Бобоси Амир Темур бундай ҳолатларда ғанимнинг ҳировул қўшинларини олдинга ўтказиб юборар, сўнг баногоҳ жаронғир ва баронғир суворийлари билан қуршаб олиб, қопқонга туширар эди. Агарчи ғаним лашкарларига ёрдам келса эҳтиётда турган чоповул ва шақовул34 қўшинларини жангга солиб, қатлу қирғин қиларди… У эса… ҳайҳот! У ҳеч қачон салоҳиятли саркарда бўлган эмас! Ва лекин… йўқ, у ҳам жанг қилади! Жангжадалсиз жон бермайди!..

– Давлатпаноҳ…

– Ўйлаб кўрмоқ даркор, тақсир! – Мирзо Улуғбек қовоғини уйганича кошона томон юрди. Йўлда турган шаҳзодалар шошапиша йўл беришди. Кошонанинг иккинчи ошёнидаги деворлари фируза ранг сопол парчинлар билан безатилган катта хонага шоҳо кўрпачалар тўшалиб, хонтахталар қўйилган, хонтахталар ёғлиқ патирлар, мева-чева, қовурилган ғоз ва кабобларга тўла эди.

Мирзо Улуғбек ичида кулиб қўйди: “Ўлим олдидан базми жамшид!”

У тўрга, бир маҳаллар бобоси Амир Темур ўтирган жойга ўтираркан, пойгакда таъзим қилиб турган баковулга юзланиб:

– Бода келтир! – деб буюрди. Лекин бодани ичиш насиб этмади.

Баковул чиқиб, Мирзо Улуғбек жойлашиброқ ўтирмаган ҳам эдики, саройбон кириб иккинчи келтирган номани тутди. Бу нома суюкли навкари Бобо Ҳусайндан бўлиб, биринчисидан ҳам ваҳимали эди. Шаҳзоданинг ўнг ва чап қанот лашкари юришни жадаллатиб, амир Султон Жондор билан амир Искандар барлос қўшинларини қопқонга туширмоқ ҳаракатида экан. Лекин энг ёмони – амир Султон Жондор қаёққадир қочган, қўшинда ёлғиз амир Искандар барлос қолган эмиш! Бобо Ҳусайн буни хабар қилиб, Мирзо Улуғбекка Самарқандга чекинишни маслаҳат берган, ўзи эса амир Искандар барлос билан Димишқ атрофида жанг қилиб, шаҳзода лашкарларини тўхтатиб туриш ниятида эканини ёзган эди.

Номага қараганда, шаҳзода қўшинлари икки-уч фарсаҳ жойга келиб қолган. Мирзо Улуғбек қандай қарорга келмасин, бу қарорни дарҳол қабул қилмоғи лозим эди! У эса… У ҳамон жанг қилиш, шаҳзода билан юзма-юз келиш истаги билан ёнар эди. Лекин Бобо Ҳусайн йўллаган номани ўқиркан, хаёлига бир фикр келди: доруссалтанага қайтиб ва унинг дарвозаларини беркитиб олиб, шаҳзода билан сулҳ-салоҳ тузса не қилади? Йўқ, шаҳзода унинг тахтда қолишига кўнмас. Лекин Мирзо Улуғбекка минбаъд тожу тахт керак эрмас! Шаҳзода унинг расадхонасию мадрасаларига тегмаса, маърифат йўлидаги ишларини ман этмаса, у тинчгина илму идрок билан машғул бўлса – бас! Унга шундан бошқа не керак?

Лекин шаҳзодани бу шартларга кўндириш учун фуқарони сафарбар қилиб бўлса ҳам, мудофаага ўтмоқ даркор.

Мирзо Улуғбек барча иккиланишларга чек қўйиб, тўрда чурқ этмай ўтирган амир Идрис тархонга юзланди.

– Сиз Димишқда қолиб, Искандар барлос суворийларига кўмак бергайсиз, амир! Бошингиз кетса-да, шу бугун шаҳзода лашкарбошиларни тўхтатгайсиз. Фармони олий аёнми?

– Аён, давлатпаноҳ! – Амир Идрис тархон тўн ичидан кийган совутнинг ҳалқачаларини шинғирлатиб, таъзим қилди.

Мирзо Улуғбек уйқусизликдан қисилган кўзлари ёниб, ўғли Абдулъазизга қаради.

– Сен икки шаҳзодани олиб, дарҳол доруссалтанага чопгайсен. Доруға Мироншоҳга амри олийни етказгайсен: барча аъёну боёнлар дарҳол Кўксаройга йиғилсин. Машварат қилурмен.

Мирзо Улуғбек шитоб билан ўрнидан турди. Бода тўла косасини бир сипқоришда бўшатди-да, ҳеч кимга қарамай кошонадан чиқди.

* * *

Кун ботган, лекин атроф ҳали ёруғ эди. Тушда пасайган изғирин қайта кучайиб, совуқ, ёқимсиз довулга айланмоқда эди. Еру кўк чанг-тўзон ва чархпалак хазонларга тўлиб кетди. Хазонлар худди пўртанада қолган қушлардай ҳавода бетинч чарх урар, юз-кўзларни аёвсиз савалар эди.

Юрагидаги аламли тўфон билан олишиб бораётган Мирзо Улуғбек Димишқдан чиқиши билан сувлиғини чайнаб юлқинган оқ бедовининг бошини қўймоқчи бўлди-ю, унинг бу ҳаракатини ёнидагилар бошқача тушунишларини ўйлаб, отининг жиловини тортди. Димишқ билан Самарқанд ораси олис эмас, кўп бўлса икки фарсаҳ келарди. Димишқдан кейин Бағдод, Бағдоддан кейин Қоҳира қишлоғи келар, бу қишлоқлар бир-бирига туташиб кетар, ҳаммаси боғ-роғ, узумзор, анорзор эди. Лекин ҳозир боғлари туташиб кетган бу қишлоқлар ҳам ташландиқ гўристондай ҳувуллаб қолган, одамлар қаёққадир қочган, яширинган, икки томони пахса девор билан тўсилган тор кўчалар, ҳатто гузарлар ҳам кимсасиз эди. Фақат аҳён-аҳёнда асо ушлаган чоллар, қаровсиз қолган моллар, дайди итлар учрарди.

Қоронғи туша бошлаганидан безовталанган Мирзо Улуғбек отига қамчи урди. Шу пайт олдинда, Қоҳира боғларига кираверишда, от туёқларининг дупури эшитилиб, аллақандай ғалаён кўтарилди, илгарилаб кетган навкарларнинг қаттиқ-қаттиқ товушлари эшитилди. Сўнг бир гуруҳ суворийлар от чоптириб келиб, Мирзо Улуғбекка етмай тўхтади. Мирзо Улуғбек қиличини қинидан суғуриб олди.

– Бу ким?

– Аълоҳазратлари афв этсинлар! Биз доруссалтанага бориб қайтдик!..

Кетма-кет от чоптириб келган шаҳзода Абдулъазиз билан тунд юзли саройбон арғумоғини ниқтаб олдинга ўтди.

– Давлатпаноҳ…

– Сўзла!

– Дарвозалар ёпилган. Салоҳдорлар дарвозаларни очмоқдан бош тортадур, ҳазратим…

– Ёлғон! – Мирзо Улуғбек хаёлида бақириб юборгандай бўлди, лекин унинг овози хириллаб эшитилди-ю, бир зум оғир жимлик чўкди. Қоронғида Шайхулислом Бурҳониддиннинг: “Ё парвардигор!..” деб пичирлагани ва Мирзо Улуғбекнинг ҳансираб нафас олгани эшитилди.

– Доруға Мироншоҳ қайда? Дарвозада борму?

– Йўқ, онҳазратим! Доруға дарвозага келмоқдин бош тортибди.

– Бўшат йўлни! – Мирзо Улуғбек шундай деб бақирди-да, бетоқат пишқирган оқ бедовига қамчи босди. Аччиқ қамчига ўрганмаган арабий арғумоқ осмонга сакради-ю, шамолдай учиб кетди…

“Доруссалтана дарвозаси ёпиқ! Унга, салкам қирқ йил салтанат тебратган, буткул Мовароуннаҳрга ҳокими мутлақ бўлган тождорга дарвоза ёпилган! У бутун умрини бахшида қилган, мадрасаю ҳаммомлар, жаҳонда тенгсиз расадхонаю кутубхоналар барпо этиб, оламга машҳур қилган Самарқанд… унга ўз дарвозасини очмайдур! Ё раббий! Не ёзуқлари учун бу хўрлик, бу ажри интиқомни раво кўрдинг унга?”

Боғларни шовуллатган совуқ изғирин, гўё уни тўхтатмоқчи бўлгандай шитоб билан кўксига урилар, чанг-тўзон ва чархпалак хазонлар юз-кўзларни аёвсиз савалар эди!..

“Энг инонган амири Султоншоҳ барлос сотқинлик қилди, амир Жондор қайгадир қочди, суянган тоғим деган доруға Мироншоҳ доруссалтана дарвозасини беркитди… Эвоҳ! Қандай малъунлик бу, қандай каззоблик, қандай сафолат?.. Бу мардуд салтанатда кимга инонмоқ керак, кимга суянмоқ керак, халлоқи олам?” – Бу ўйлардан юраги аланга олган Мирзо Улуғбек, тишини тишига босиб, отига яна қамчи урди. Бўлиқ оқ байир олтин сувлиқларини чайнаб чинқириб кишнади. Унинг туёқлари остидан отилиб чиққан тош ва кесаклар ҳар томонга визиллаб отилар, осмонда учган хазонлар аёвсиз савалар, лекин у ҳеч нарсани сезмас, қалбида туғён урган алам оғриқни босиб кетган эди. Хаёлан у ҳамон кўкка тавалло қилар, осий бандангни кечиргайсен, қариган чоғимда бу хўрликни раво кўрмагайсен, деб илтижо этарди.

Боғлар чекиниб, атроф хиёл ёришди. Сал ўтмай, олдинда осмон билан туташган доруссалтана қўрғони кўзга чалинди. Қоронғида қўрғоннинг кунгурадор девори шундай юксак ва мустаҳкам кўринар эдики, уни ҳеч бир куч забт этолмайдигандай туюларди.

Суви кўкламдаёқ қуриб қолган чуқур хандақ ёнида Мирзо Улуғбекни яна бир гуруҳ навкарлар қарши олди. Улар орасида шаҳзода Абдулъазиз билан жиянлари Абдулла ва Абу Саид Мирзо ҳам бор эди. Учала шаҳзода ҳам асабий ҳолатда у ёқдан-бу ёққа от ўйнатиб юришар эди. Мирзо Улуғбек шаҳзодаларга эътибор бермай, чуқур хандақдан от чоптириб ўтиб, дўнгликдаги дарвоза олдида тўхтади.

Бобоси Амир Темур ясаттирган ва “Дарвозаи оҳанин” деб ном олган қуйма темир дарвоза чиндан ҳам тақа-тақ берк эди. Дарвозанинг ёнларидаги соқчилар турадиган икки минорада кимлардир кўринар, девор буржлари ва нишон туйнукларида ҳам аллақандай қора кўлагалар кўзга чалинар, лекин ҳеч ким рўйи рост бошини чиқариб қарамас эди. Кўксида жўш урган алам ва туғён ичида ёниб, от чоптириб келган Мирзо Улуғбек, ёпиқ турган бу залворли дарвозани, осмон билан туташган бу юксак кунгурадор деворни кўрганда юрагидаги туғён тўсатдан сўниб, вужуди бўшашиб кетди. У бирдан ёпирилиб келган бу туйғуни зўрға енгиб, саройбонга “дарвозани қоқ”, деб имо қилди. Саройбон отини ниқтаб бориб, қиличи билан дарвозани “шақ-шуқ” урган эди, тепадаги минорадан:

– Бу ким? – деган овоз келди.

– Бу мен! – деди Мирзо Улуғбек, яна қони қайнаб. – Соҳиби тож Мирзо Улуғбек Кўрагоний!

– “Дарвозаи оҳанин” намози асрдан сўнг шоҳу гадо – барчага ёпиқдур!

– Оч дарвозани, малъун!

Мирзо Улуғбек гўё дарвозани ағдара оладигандек, от солдириб борди, асов оқ бедов осмонга сапчиб, олдинги оёқлари билан темир дарвозани қарсиллатб урди-ю, орқага тисарилди. Юқорида бир дақиқа жимлик чўккач:

– Онҳазратларим афв этсинлар! – деди бояги овоз. – Доруға Мироншоҳ жаноблари фармон қилмишлар, дарвоза очилмайдур!

– Соҳиби салтанат мен бўлурмен. Барча фармонларим амри вожиб эрур!.. Дарвозани оч ё доруғани чақир, ёхуд бошинг кетади, салоҳдор!

Мирзо Улуғбек гапини тугатмаган ҳам эдики, девор тепасидаги минорадан қиқирлаб бўғиқ овоз эшитилди.

– Салоҳдорнинг бошини олишга қўлинг калталик қиладур! Бунинг боши эмас, ўз бошингга эҳтиёт бўлғил, Муҳаммад Тарағай!

Мирзо Улуғбек бир дақиқа тили калимага келмай гаранг бўлиб қолди. Бу ингичка, хирилдоқ овознинг эгаси, ҳар бир сўзидан заҳар томчилаб турган одам… амир Султон Жондор эди!..

Воажаб! Бу малъун лашкарни ташлаб қочганда… доруссалтанага келган экан-да! Лекин қачон, қайси йўлдан ўтиб келди? Унга дарвозани ким, нечун очди?.. Бу беимон каззоблар қачон тил бириктирди? Бу диёнатсиз инсонлар, бу амиру умаролар, аркони ҳарб ва аркони давлатлардан ҳазар, алҳазар! Қайга борманг, ҳамма ёқда маккорлик, разолат ва риёкорлик!

Мирзо Улуғбек оёқларини узангига тираб, қаддини ростлади, вужуд-вужудини ларзага солган туғённи зўрға босиб:

– Амир Султон Жондор! – деди. – Ҳумо қуши кимнинг бошига қўнур, буни ёлғиз ҳақ таоло биладур. Ҳумо қуши мени тарк этса – сенинг бахтинг! Ва лекин фалакнинг гардиши билан тожу тахт қўлимда қолса… эсингда бўлсин: оёғингдан дорга осиб, остингдан ўт қўямен! – Мирзо Улуғбек шундай деди-да, амир Жондорнинг жавобини кутмасдан, отининг бошини орқага бурди.

Мирзо Улуғбек хандақдан от чоптириб ўтиши билан уни шаҳзодалар ўраб олишди. Хаёли алғов-далғов бўлиб кетган Мирзо Улуғбек шаҳзоданинг ҳаяжонли сўзларидан фақат бир нарсани, “Шоҳруҳия қалъаси”, деган сўзни тушунди-ю, “майли!” деб, қўл силтади. У қаёққа, нима мақсадда кетаётганини билмас, хаёлини фақат бир фикр – инсонларнинг риёкорлиги, манфурлик ва каззоблиги банд этган эди. Сал ўтмай, Шоҳруҳия қалъасига от чоптириб кетган шаҳзода Абдулъазиз қайтиб келди. У оғир ҳансираб, ғулдураб алланималарни айтар, лекин гапини тушуниш қийин эди.

Мирзо Улуғбек Шоҳруҳия қалъаси ҳам ёпилганини, қалъа бошлиғи туркман беги Иброҳим Пўлат ўғли ҳам сотқинлик қилганини унинг ғулдурашларидан аранг англаб олди. Ақли билан эмас, аллақандай ички туйғу билан илғаб олди-ю, лабини қаттиқ тишлаганича ўйланиб қолди. У бир дақиқагина иккиланди, кўнглидаги ғалаён билан бир сониягина олишди, сўнг, арғумоғининг бошини орқага бурди. У Мирзо Абдуллатифга бош эгишга, яхшилигу ёмонлик бўлса-да, ўз зурриётидан кўришга аҳд қилди.

34.Чоповул ва шақовул – пистирмада турган асосий қўшин.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
03 ağustos 2023
ISBN:
978-9943-382-66-4
Telif hakkı:
Kitobxon

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu