Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Seçilmiş Eserler 2. Cilt»

Yazı tipi:

Шоир Рауф Парфи “Сайланма”асининг ушбу жилдида унинг насрий асарлари, адабий мақолалари ва суҳбатлари ҳамда дунё халқлари шеъриятидан қилган таржималари ўрин олган. Сиз уларда ижодкорнинг насрдаги ўзига хос услубини, мақола ва суҳбатларида ўз ифодасини топган адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги қарашларини, шунингдек, жуда эрта бошланган таржимонлик фаолиятини кузатишингиз мумкин. Бу китоб Рауф Парфи ижодининг мана шу жиҳатлари ҳақида бизга тўла тасаввур бера олади.

ЎНГСЎЗ

Рауф Парфи яхши шоир бўлишдан ташқари, яхши публицист, яхши таржимон, яхши сценарийлар муаллифи, шу билан биргаликда, яхши мутафаккир ижодкор ҳамдир.

Мен “Ўзбек шоири Рауф Парфи” номли тадқиқотимда, шоирнинг фақат ўзимда мавжуд бўлган шеърлари асосида фикр билдирган эдим. Қолаверса, таржималари ҳақида ҳам жуда оз маълумотга эга эдим. Лекин бу сайланмада дунёнинг жуда кўп тилларида яратилган лирик шеърлар таржимаси, адабий мақола ва суҳбатларида акс этган адабий-эстетик қарашлари ва насрий асарларидаги ўзига хос шоирона услуби менга кўп нарса берди.

Рауф Парфининг адабиёт ва адиблар ҳақида ёзганлари ўзига хос бир адабиётшунослик материалларики, биз унда шоирнинг “Адабиёт нима, ижодкор ким ва қандай бўлиши керак?” деган азалий саволларга жавобларини кузатамиз.

Ушбу китобда, шунингдек, “Аудио ва видеосуҳбатлардан” деб номланган бўлим мавжудки, биз сарлавҳадан бу хилдаги суҳбатларнинг баъзи бир қисми эканини англаймиз. Аммо бу типдаги суҳбатларнинг қанча эканлиги ва уларнинг манбалари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаймиз. Агар улар кўп бўлса, нашрга тайёрланганлари қандай принциплар асосида танлангани ҳақида ҳам маълумот бериши керак эди, деб ўйлайман. Бу борада яна бир эътибор қаратилиши керак бўлган нуқта, бу – Рауф Парфининг сценарийнавислик фаолияти. Шоирнинг аудио ва видеосуҳбатларида шу ижодий фаолиятнинг таъсири борми ёки бу бошқача ҳодисами? Ҳар ҳолда бу саволларга жавоб изланса яхши бўларди.

Мен, Рауф Парфи ижодининг бир тадқиқотчиси сифатида, унинг насрий асарларини, адабий мақола ва суҳбатларини тадқиқ этишни, уларни адабий жамоатчиликка таништиришни ва олий таълимда ўқитишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Фақат бундан олдин Рауф Парфи шеърияти бўйича қилган тадқиқотимни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш зарурати бор, деб ўйлайман.

Рауф Парфининг ушбу икки жилдлиги Ўзбекистон олимларидан ташқари, хорижда ўзбек адабиёти билан қизиққан барча китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинишига ишонаман. Уларнинг орасида ўзбек адабиёти билан шуғулланаётган олимлар ва бу соҳада дарс бераётган муаллимлар бор. Мен уларга Рауф Парфи ижодининг мавзулари ва шоирнинг санъаткорлигига алоҳида эътибор қаратишларини истардим. Чунки Рауф Парфи ХХ асрда туркий тилда мўъжиза ярата олган камсонли ижодкорларимиздан бири ҳисобланади.

Шунингдек, Рауф Парфининг бу сайланмасида биринчи маротаба чоп этилаётган қатор асарлари ва таржималари, умид қиламанки, мароқ билан ўқилади ва шоир ижодининг янги-янги қирраларини кашф этишга асос бўлади.

Бу икки жилдлик Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорликнинг бир самарасидир. Айрим университетлар орасида тузилган шартномалар фақат қоғозда қолиб кетади. Лекин Нийда Ўмар Халисдемир университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўртасидаги ҳамкорлик талабалар алмашинувидан бошланиб, Рауф Парфи асарларини китоб шаклида нашр этиш даражасига етди. Умид қиламанки, бу ҳамкорлик бошқа соҳаларда ва мавзуларда ҳам давом этади ва янаям самарали ишлар амалга оширилади.

Мана шундай гўзал сайланма тайёрлаганларга ва унинг нашри учун яқиндан ёрдам берганларга миннатдорчилигимни изҳор этаман ва Рауф Парфига Оллоҳдан раҳмат сўрайман. Ётган жойи ёруғ бўлсин. Аминманки, агар шоирнинг ўзи бу нашрни кўрганида жуда хурсанд бўлган бўлур эди.

Проф. Др. Ҳикмет Кораш,
Нийда Ўмар Халисдемир Университети
Турк дунёси тадқиқотлари маркази директори

ТАРЖИМАИ ҲОЛИМ 1

1943 йилнинг 23 сентябрида2 Янгийўл туманининг Шўралисой қишлоғида туғилган эканман. Отам Парфи Муҳаммад Амин Норқучоқ, онам Сакина Иса қизи асли фарғоналик бўлиб, ўттизинчи йилларнинг ўртароғида, авжи калҳўзлаштириш палласида бу ерга келиб қолган эканлар. Отам ўқимишли бўлишига қарамасдан умрининг охригача расмий ҳужжатларда “саводсизман” деб қайд этиб келган. Саводлилигидан бўлса керакки, у кишини тилмоч сифатида яхши билишарди. Замоннинг алғов-далғовлигини қаранг:онамнинг акалари, амакилари бор-йўқ гуноҳлари бой бўлганликлари туфайли қизиллар томонидан отиб ташланган. Отам ҳам ўзига яраша тўқ, анча-мунча ери, хусусий тегирмони бўлган. Шу сабаб саводлилигини яширган, маҳаллий босмачилардан, шўролардан жонини сақлаш умидида қочган.

Онам эса яқин йилларгача пиллакорлик қилганлар. Ҳозир нафақачи. 1993 йилда, насиб бўлса, саксонга кирадилар. Отам 1955 йилда вафот этганлар.

Бир аммам бор эди, Хосият биби эди исмлари. Жуда кўп эртакларни шеърий йўлда ёдаки айтардилар, билмадим бу “касал” қаёқдан теккан, ҳатто қўшиқ қилиб юборардилар. Учинчи синфдалигимда аммамнинг эртаклариниоғзидан ёзиб олиш менга зўр эрмак эди. Болаликда ҳамма шунақа бўлади.

Ҳозиргидай эсимда, отам умрининг охиригача боғбонлик қилдилар. Энди ўша боғларнинг ярми ҳам қолмади, кўммунистлар “қўлдан келганча” бузиб, пахта экиб юборишди.

Болаликнинг кўп ҳодисалари доим кўз ўнгингда жонланавераркан. Низом ака деган узоқроқ қариндошимиз бўларди, ҳеч кими йўқ, бизникида яшарди. Жуда кўп лаппак (пластинка)лари бор эди. Ленин, Сталин, Молотов, Калениннинг нутқлари, Беркенбой Файзий. Лутфихонимларнинг қўшиқлари ёзилганди. Бир куни отам ўша лаппакларни, ҳатто Тўйчи ҳофизникигача йиғиб олиб, тепадан келган шафқатсиз қатағон туфайли, албатта, қўрққанидан ҳовлимизда ўра қазиб кўмиб ташлаган. Сиёсат дегани бир палакат экан-да, ҳеч ким унга ақли етмас, нима қилса тўғри бўлишини тушунмасдан гаранг эди. Бизникида узум, вино кўп бўларди. Ҳовлимизда бўчка-бўчка винолар қалашиб ётарди. Корайслар гуруч обкелиб, отамдан винога алмаштириб кетишарди. Хуллас, шу боис нисбатан тирикчилигимиз бошқаларникидан тузук эди. Кўпчилик қариндошларимиз бизникида жон сақлардилар. Шулар ичида тоғамнинг ўғли Абдуллажон ҳам бор эди.

Отамнинг дўстлари кўп бўларди. Ҳамроқул Турсунқулов, Абдулла оға (қиримлик), қори тоға (эски жадидлардан) ва улар қатори Абдураҳмон Водилий деган сўфий шоир ҳам тез-тез келиб туришарди. Бу кишилар ва бошқа кўпчилик фарғоналиклар Йўлдош Охунбобоев, Ҳамроқул Турсунқуловларга суяниб шу ерда тўпланиб қолишганди. Мен ёлғиз фарзандлигим туфайли бўлса керак, шунақа “дордан қочган” эски жадидларнинг даврасида кўп бўлардим, ҳеч қайсиси нари тур, деб айтмасди.

Агар биринчи устозим деб айтиш мумкин бўлса, Абдураҳмон Водилийни шундай атардим. Чунки шеър ҳақидаги илк тушунчани менга ўша одам берган. Вазнларни ўргатган. Жуда билимли киши эди. Шеърларини тўплаб бир девон ҳам тузган, лекин босилиб чиқмаган. Ҳозир юзга яқин ғазали менинг қўлимда.

Ўша маҳаллари ҳар бир ҳовлининг кираверишида меҳмонхона бўларди. Улар ҳам меҳмонхонамизда тўпланишар, ош устида улфатчилик қилишар, қўшиқ айтиб, базм қуришарди.

Мен шеъриятга Абдураҳмон Водилий таъсири остида 12–13 ёшларимда қизиққанман. Кейинги (агар айтиш мумкин бўлса) ижодим мактабнинг таъсирида кетган. Биринчи шеърим, ҳамон эсимда, 1953 йилнинг 5 март куни Сталин ўлимидан қайғуга ботиб ёзилган. Ҳаво ҳам айниган, қандайдир рутубатли кун эди. Ўша шеърнинг ўзи ёдимда йўғ-у, лекин ҳолат эсимда. Ўзим ҳам эриниброқ ўқиган бўлсам керак, шеъримни эшитиб ҳамма ўқитувчилар йиғлаган. Мамат ака деган,ёши каттароқ бўлса-да, биз билан ўқийдиган йигит бор эди. Ҳамма йиғлаган пайтда фақат шу одам бизга қараб кулаверарди, кулаверарди, худо ўзи асрасин. “Ким у Сталин– отангми?” дерди масхаралаб. Энди билсам ақллироқ экан-да, боёқуш.

Калхўзимиз жуда машҳур эди. Ҳамроқул Турсунқуловнинг шарофати билан калхўзга Комил Яшиндан тортиб Жавоҳарлаъл Неругача келишган. Каганович, Хрушчов, Пол Робсонлар ташриф буюришганида биз қизил галстукни бўйинга боғлаб, пионерчасига “доим тайёр” бўлиб кутиб олганмиз.

Аммо Ҳ. Турсунқулов саводсиз бўлса-да, доно киши эди. Жуда бой кутубхонаси бўларди. Дастлаб шу кутубхонадан фойдаланганман. Эркин ака Дадахонов деган кишининг кутубхонасидан Амин Умарий, Зафар Диёрнинг китобларини олиб ўқиганим ҳамон эсимда. Ўзиям қўлимга нима тушса ўқиб ташлардим, ҳатто оддий расмий иш қоғозларигача ўқиб чиқардим, у ўзбекчами, ўрисчами– фарқи йўқ эди. Шунақа бир ташна, аломат эканмиз-да.

Кейинчалик Абдуллажон билан ўзимиз алоҳида кутубхона ташкил қилдик. Еттинчи синфгача тўлиқсиз мактабни калҳўзда ўқигач, тўққиз-ўнинчини Шўралисойда битирганман. У пайтда мактаб ўн бир йиллик эди. Ўшанда оиламиз билан Янгийўлнинг марказига кўчиб бордик. Янгийўлда ўн биринчи синфнинг кечкисида ўқидим. Кундузи босмахонада ҳарф терувчи бўлиб ишладим. Балоғатга етмаганим учун тўрт соатлик ишдан сўнг хўжайин рухсат бериб юборар эди. “Янгийўл” деган район газети редакцияси ҳам шу ерда жойлашганди. Илк шеърларим шу газетда чиққан.

1960 йилда Тошкент дорулфунуни филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирдим. Бу бўлимнинг муҳаррирлик деган таҳин бир бўлимчаси бўларди. Ўшанда таҳсил олганман. Ўқишни охиригача ўқиганман, диплом олмаганман, холос. Абдулла Ориф, Чўлпон Эргашлар билан шу ерда танишиб, дўстлашганмиз.

Ўқишни тугатгач, 1966 йилдан “Янгийўл” газетасида ишлай бошладим. 1965 йили ёзиб юрган шеърларимни жамлаб, “Эрк” деган тўплам тайёрладим. Абдулла Ориф нашриётда (“Ёш гвардия”да эди чоғи) муҳаррир бўлиб ишларди. Бориб, тўпламни унга топширдим. Абдуллажон тўпламни ўқиш учун бир ҳурматли ёзувчига бериб юборган экан, шундан сўнг қўлёзманинг қорасини ҳам кўрмадим.Кўп ўтмай ёзувчининг “Эрк” номли қиссаси чиқди. Бу гапларни, ўйлайманки, ҳазил маъносида қабул қиласиз. Чунки, муҳаррирдан ҳам, ёзувчидан ҳам ҳеч қачон гина қилмаганман.

Биринчи шеърий тўпламим 1968 йили3 Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилди. Иккинчиси таржима китоб эди. Нозим Ҳикматдан. “Инсон манзаралари”нинг юиринчи китоби. У 1970 йили Абдулла Орифнинг кўмагида нашр этилди. Кейинчалик Карло Каладзе шеърларидан “Денгиз хаёли” деган мажмуа тўплаб таржима қилдим ва у ҳам китоб ҳолида чоп этилди. Ўйлаб қарасам, тўпамларим кам эмас экан. Мана, қаранг: “Акс садо”, “Тасвир”, “Хотирот”, “Кўзлар”, “Қайтиш”, “Сабр дарахти”, “Сукунат”. Эстонияда ҳам бир китобим чиққан, эстон тилида. Ундан ташқари Осиё, Африқо, Лотин Амриқоси шоирларининг бир қанча асарларини ўзбекчага ўгирганимдан хабарингиз бўлса керак.

“Хато Қилдим” (1978 йил)

Битта гап айтишим мумкин: шеър ёзиш ўта шахсий иш. Ва шунингдек, баъзан унинг ёзилиш сабабини, хусусан, кимга бағишланганини сир тутишга тўғри келади…

“Ҳижрат” (1973 йил)

Бу шеър Қирим тоторларига аталган. “1944 йил” санасини, “Айдар Осмонга” деган жумлани, атайин кўчириб юборилган, яъни ҳижрат қилган тотор биродарларимизга ишора маъносида келтирганман.

“Паға-паға оппоқ қор ёғар”, “Мен ёлғизман”, “Тонг отмоқда”, “Ёмғир ёғар”, “Борми, баҳорим борми?”, “Чўли Ироқ”, “Оҳанг”, “Шоир” каби бир қанча шеърларимни изоҳлаб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман. Булар руҳий ҳолатнинг шоирона тасвири деб қаралса бўладиган шеърлардир.

“Шоир Қисмати”

1983 йилда ёзилган. Абдулҳамид Сулаймон Чўлпонга бағишланган шеър. “Чўлпон” деб ном қўйсам, бу шеър чиқмасди ўша пайтда. Негаки, шоиримиз фуқаро сифатида оқланган бўлсаям, шоир сифатида оқланмаганди-да. Ажабланарлиси шундаки, мазкур шеър биринчи марта латиш тилида, латиш матбуотида босилган. Ўшанда Латвиянинг Булдури шаҳрига тўрт кунга ижодий сафар билан бориб, тўрт ой қолиб кетган кунларим эди. Бир латиш газетида 52 та шеърим биратўла босилган. Ўзбек адабиёти ҳақида нечта мақола ёзган бўлсам, ҳаммасини хоҳлаганимдай қилиб чиқариб юборишган барака топгурлар. Бу ерда мутлақо топиб бўлмайдиган ва мутлақо ўқиш мумкин бўлмаган китобларни ўшанда латишлардан олиб ўқиганман. Ҳатто Афтархоновнинг асарлари ҳам уларда қўлма-қўл ўқилар экан. Ҳолбуки, бундай асарларни ўқиганнигина эмас, китоб берганни ҳам қўйишмасди у пайтда.

“Туркистон Ёди”(1981 йил)

Шеър бутун Туркистонга аталган бўлсаям, мафкурачилар Туркистон шаҳри деб ўйласин деган мақсадда Миртемир домлага бағишлаб матбуотга чиқарганман. Бу уркистон мавзуига биринчи кириш шеърим эди.

“Ассалом Алайкум, Дорнинг Оғочи” (1988 йил)

Акиф Бағир деган хокисоргина олим дўстимиз бор. Юқоридаги радифни у Эргаш Жумонбулбул ўғлидан олиб бир ажойиб шеър битган, мен бу шеърни жуда севардим очиғи. Давраларда ҳам ўшани ўқиб берардим. Фарғонадаги бир даврада ўша шеърни ўқийман десам, ёнимда йўқ. Ёддин билмас эдим-да. Сўнг ўтириб ўзим шунга ўхшаш шеър ёзиб қўя қолдим. Меники бошқачароқ эди, албатта. Кейинчалик ҳам беш-олти нафар шоир шу радифда шеър ёзишган. Шунинг учун ҳам мен уни Акиф Бағирга бағишлаганман.

“Ёшлик Зангор Фасл…” (1977 йил)

Биласизми ҳеч бир шоир бутун бошли шеърни тўсатдан тополмайди. Қандайдир бир гўзал сатр келади аввал. Сеҳрли сатр. Қолган гаплар шу сеҳр атрофига жамланиб, шеър тўқилади. Мен, масалан, шунақа ўйлайман. Ушбу шеъримда ҳам даставвал “Сувга чўкиб кетган болам ёшлигим…” мисраси миямга келган. Жуда қўрқиб кетганман. Тасаввур қилиб кўринг, ахир! Айниқса, сиз ота бўлсангиз, фарзандларингиз атрофингизда чуғуллашиб турган бўлса. Очиғи, шу сатрни тўқибоқ этим жунжукиб, негадир уни ёмон кўриб қолдим. Лекин шу мисра туфайли бир шеър ёзишим керак эди. Шеърни ёзиб тугатдим. Ичидан қурмағур бояги қаторни ўчириб қўяй десам, ўчиролмайман денг. Жуда бир ғалати, тушунтириб бўлмайдиган ҳолат.

“Яна Қайтиб Келди” (1966 йил)

Бу шеър нима учун ёзилганини ичидаги деталлардан билиб олишингиз мумкин. Соғинч ҳақидаги шеър-да, хуллас. Мисол учун соғинч мавҳум тушунча эмас. Кимнидир, ниманидир одам соғинади. Мен кўпроқ онамни соғинаман. У киши отамнинг вафотларидан кейин ёлғиз яшашга ўрганганлар. Мен кунига ёки кунора борсам ҳам соғиниб ўтирган бўладилар. Бироқ 3-4 кун уйда қолиб кетсам, жонларига тегиб кетадигандай туюлавераман. Шунда онамнинг энг қадрдон кишиси отам бўлганини ич-ичимдан сезаман. Хўрлигим келади.

“Муҳаббат” (1977 йил)

Гапнинг очиғи, шеърларим ҳақида гапиришни ёмон кўраман. Бировларнинг мен ҳақимдаги баҳсларини ҳам эшитмайман. Тўғри, биров шеърларим ҳақида мақола ёзса, ўқийман. Лекин, негадир ғашим келади. “Муҳаббат”нинг қачон, нима сабаб билан ёзилгаини эслай олмайман. Яхшиси, ўзингиз уни ўқиб кўринг. Агар арзиса, шеърнинг ўзи тушунтиради.

Рауф ПАРФИ

I. НАСРИЙ АСАРЛАР

ДАВЛАТ БОБО 4

Лавҳа

Мамадолим бува сўрида чордона қуриб олиб гап беряпти. Чойхонада одам кам.

– Сен, Ҳошим, бўлмағур чиқдинг. Каллаи саҳардан то ярим кечагача ашилла айтганинг айтган, у ёққа ўтганингда ҳам ғиншийсан, бу ёққа ўтганингда ҳам. Худдики, колхозди иши тўхтаб қоладиғондай, сен қўшиқ айтмасанг. Ўла, бузилиб қолди-ку самоходканг…Чой ичасанми яно… Машариф чойдан об кенг… Бугун қатти ишладинг?

– Хирмонда, бува.

– Нима ишмондалайсан,хирмонда?

Ҳошим камсуқим йигит. Лекин бу гап унинг ҳамиятига тегдими, зўрға ўстирган мўйлабининг чап томонини жаҳл билан юлқиб қўйди.

Ҳошим “ҳа, энди бувадан ўзи ширин гап чиқармиди” дегандай,мен томонга бир қараб олди. Кейин мен ўлтирган сўрига келди. Мамадолимбува ҳам чойнак-пиёласини кўтариб ёнимизга қўнди.

– Ҳошимжонга осон чоғламанг. Ҳаммамизнинг ишимиздан кўра қийинроқ унинг иши,– дедим бувага.

Мамадолим бува ҳарқириб йўталди. Туфуришга тараддудланди. Оёқ остига солинган палосга раҳми келдими, ишқилиб, туфурмади. У Ҳошимнинг елкасида ёпишиб келган пахта билан оғзини артиб, бир чеккада турган банкага ташлади.

– Сен…отинг нимайди, Собир тойлоқнинг ўғлисан-да,а? Сенам шошганинг– шошган, майлис қиласанми-ей,консерт қиласанми-ей… Шошма. Югурма. Мана, мен иккам саксонга кирдим, шошганим йўқ, ҳалитўқсонгаям кирибчиқаман. Айтгандай, сени Жаъмо излаб юрувди–Саидқосимов. Бир иш чиқарганга ўхшайсан-ов сенам. Ўтга-чўққа урасан ўзингни. Ҳап, тур! Катталар бор…

“Саидқосимов нега изладийкин мени?”

– Ҳовна, ўзикеляпти. Бор, чақир.

Саидқосимов келди.

– Ҳорманглар. Бардаммисиз, бува.

– Келинг. Мана, у. Ҳали аҳтарятувдингиз,– деди бува, мени қўли билан кўрсатиб, кейин қўшиб қўйди:

– Прасан қанча бўлди, ўғлим?

– Эртага 100,–деди Саидқосимов ва менга ўгирилди.

– Тўхтасинбой, сенга бир топшириқ бор. Ҳозироқмотороллёрингда “ғир” этиб, “Ўзбекистон” колхозига бориб келсанг, малол келмаса, бўлмаса, эрталаб борарсан.–Саидқосимов соатига қаради.

– Ўҳ-ў, кеч бўп қопти-ку! Азонда борарсан. “Шарқ юлдузи”колхози илғорлари” деган стенд қилмоқчимиз. Шунга Давлат бобонинг таржимаи ҳолини, қайси орден-медалини қайси хизматлари учун олганлигини боплаб ёзасан, суратиниям олиб келасан.

Мамадолимбува аралашди.

– Жиминг-е, Жаъмо. Давлат-чи, қара,кетиб қолганбўлса, битта келиним деб.

– Кетган бўлса, келинини деб эмас, масалага тўғри қараганидан. Хатолик ўзи ўғлидан ўтган эди. Пушаймон бўлиб юрибди Номозали.Ярашаман, дейди Доно билан. Ота, мени кечиринг, деб олдига борган экан. Давлат бобо: “Сенинг тутуруғинг йўқ. Ичишнийўққиладиганкасалхонага бориб ётасан, бўлмасам, хотининг билан яраштирмайман”,– дебди. Донони урганига жа-а хафа бўлган экан, бояқиш бобо. Хайр… эмасам, турай мен… Чой учун раҳмат.

Ҳошимжоннинг қўзғолаётганини кўриб, мен ҳам ўрнимдан тўрдим.

Мамадолим бува:

– Чойга тўладингми, Ҳошим…Менам борай, телевизорда яхши томоша бор дейишади. Тўхтасин, сен эртага номозгарда Карим ўриснинг уйига кириб сувратимни ол, эрталаб тушиб қўяман… Ие, газетанг янгими? Менга бер.

Мамадолим бувамойли қўллари билан газетанинг “Ўзбекистон бўйича пахта топширишнинг бориши тўғрисида маълумот” деган жойини пайпасланиб топиб ўқиди. “Бай-бай, ҳай-ҳай, ҳимм”–деб қўйди.

– Қанақа сурат?– сўрадим ҳайрон бўлиб.

– Ҳали Жаъмо айтди-ку, бир нарса қиламиз деб.

– Ҳа- а, хўп бува.

***

Соат ўнларда “Ўзбекистон”да бўлдим. Ашир акалар кўчасидан кетавердим. Доно далада, барибир уйда ҳеч ким йўқ, деб ўйладим. Ашир аканинг ўзи ҳам уйда ўтирадиганлардан эмас. Кеча Саидқосимовдан Давлат бобо қайси бригададаишлаётганинисўрамаган эканман-да.

Бир боланинг йиғлаган овози эшитилди. Қарасам, Кенжа хола. 4-синфда ўқийдиган набираси Солижонни қулоғидан ушлаб турибди.

– Ҳали сенми, пахтадан қочиб келадиган, бобонггаайтиб, бир адабингни бердирмасам!…Солижон,майли, хафа бўлма, айланай, борақол, ўғлим.

– Саломатмисиз, хола?

– Ҳай. Тўхтасинбоймисан? Кел. Қани, уйга юр-чи, онанг эсон-омонми? Ҳув, сизларнинг тарғил сигирларинг бўларди, ҳалиям борми? Нуқул адашиб, бизнинг ҳовлига кириб, бир айланибкейин чиқиб кетарди. Тавба.

– Бор. Мен… Давлат бобонинг олдиларига келгандим. Ишим зарур.

– Йўқ-йўқ-йўқ, минг зарил бўлгандаям, бир пиёла чой ичиб кетгин. Ҳеч унақа қилмагин, болам.

– Холла, дейман,сиз ҳам бу томонларга келворибсиз-да!

– Ҳа, энди, бўзчининг мокиси бўлиб қолдик, бир куну ёғда бўлсак, бир кун бу ёқда. Чолимам хўп қайсар-да. Доно билан ўғлим ярашиб олишган-у, бу унамагани-унамаган.

Катта чўян қозонда сув қайнаяпти. Кенжа хола ўчоққа кичкина қоп-қора қумғон қўйди.

–Вой-бў, бунча кирни қандай ювасиз, хола?!

– Бе, эрмак, болам, эрмак! Ҳозир Доно ҳам келиб қолар. Ёрдамчи қизларнинг кўйлак, рўмоллари,ювиб берай десам, кўнишмайди. Чолимга айтиб олдиртириб келдим.

– Давлат бобо қайси биргададалар?..

– Ҳей, қайси биргатталигини билмасаканман. Тавба. Ишқилиб, уч чақиримча жойда қувур бор дейди, қувурдан шундоқ ўтганингдан кейин, тез юрсанг ярим соатда етасан,дейди. Ҳали борганим йўқ, қўлим бўшаб.

Бир пиёлачой ичиб,хола билан хайрлашдим. Узоқ юрдим.

Сўрасам, бобони партком машинасида олиб кетибди.

Қаёққалигини айтмапти.

Идорада суриштирсам, бир киши:

– Районда мажлис-пажлисми, бир нарса дейишётганэди.

Билмадим, тағин,– деди.

***

Қош қорайди. Ашир аканинг ён қўшниси– ўртоғим Расулжонникида

бугун тунайдиган бўлдим.

Кечқурун Ашир акаларнинг уйига кирдим. Бутун оила жам.

Давлат бобо энг кичик набирасига “от” бўляпти. Ундан-бундан гаплашдик.

Тунги овқатдан сўнг бобо мудрай бошлади.

– Майли, бўлмасам,сиз ҳам ухланг энди, ўғлим,– деди. Бобо ва урнидан турди.

–Узр, ота,мен сиз ҳақинггизда бирор нарса ёзиш…

– …Ҳа-а, тушундим. Қариб қолганига қарамай, ҳамма билан баб-баровар пахта теримида қатнашяпти, дебёзмоқчисиз-да! Лаббай?

– Йў-ўқ. Умуман ўзингиз…

– Ҳе-ҳе-ҳи, эрталаб нонуштада айтарман, ҳозир бемалол дам олаверинг.

Эрта уйғондим. Девор оша Ашир акалар ҳовлисига қарасам, бобо катта узун супургиларини сим билан боғлар, осмонга тез-тез қараб қўярди. Апил-тапил ювиниб, қаршисига чиқиб, салом бердим… “Мен ҳозир” деб, мотороллёрни етаклаб чиқдим.

– Ҳали вақтлик-ку…Мени кўтарармикин бунинггиз? Ўзим миниб кетсам тузук. Хирмонга чошгоҳда борсангиз, гаплашармиз.

Давлат бобо мотороллёрга чапдастлик билан минди-да,таррилатиб кетди.

***

Хирмонга келганимда, бобо пахта ёяр, гўё қўлларини иситётгандек бешлик билан пахтани қуёшга тутарди.

Бобо ёнидаги мошбиринч соқолли, дўпписининг остига райҳон қистирган ўзи тенглик кишига қараб бир нарса деди-да,мен томонга юрди.

Ноқулай аҳволдан хижолат чекаётгандек деди:

– …Ўғлим, шу…мен сизга айтсам, бошқа келганингизда бафурча гаплашармидик… Пахтани эсон-омон топшириб олгандан кейин… а, лаббай?

Ноилож “хўп”дедим.ХайрлашибкетаётганимдаДавлат бобо мени тўхтатди.Дўпписига райҳон қистирган чолга имо қилиб аста:

– Бу Мамарозиқ. Шуни ёзинг, хўпми. Мамарозиқ–миравоййигит,– деди.

1.“Таржимаи ҳолим” “Ёшлик” журналининг 1993 йил, 1-сонида “Жажжи дарслик” рукни остида эълон қилинган.
2.Бошқа манбаларда 27 сентябрь.
3.Муаллиф бир йилга адашаяпти. Биринчи китоб “Карвон йўли” 1969 йилда нашр этилган.
4.“Давлат бобо”, “Садақаҳрадди бало”, “Энг янги тонг”, “Хатна”, “Учрашув”, “Дарз”, “Қайғу”, “Йанги кино”, “Мен қоралайман!” каби Рауф Парфининг насрий асарларни филология фанлари номзоди Хуршида Маматова нашрга тайёрлаган. Улар биринчи маротаба эълон қилинмоқда. Бу асарларнинг қўлёзмалари ҳам нашрга тайёрловчида сақланади. Уларнинг тақдири ҳақида олима шундай ёзади:
“ШОИРОНА ҲИКОЯЛАР  Тақдир тақозоси билан ўткан асрнинг 90-йилларида Рауф Парфи бир туркум ҳикояларини бизникига кўтариб келиб, қолдириб кетади. Шоирнинг “эркин казак”ка ўхшаб бошвоқсиз юрган чоғлари эди. Ҳикоялар 60-йилларда ёзилган бўлиб, асосан, қишлоқ ҳаёти манзараларини акс эттирарди. Уларда гоҳ Иккинчи жаҳон уруши йиллари хаёлан намоён бўлса, гоҳ бетакрор рус ёзувчиси Василий Шукшин қаҳрамонлари эсга тушар эди. Тавба, деб беихтиёр ёқангизни ушлайсиз, агар Рауф Парфи насрий асар ёзишни жиддий давом эттирганда борми, эҳтимол, адабиётда янги йўналиш яратиши ҳам мумкин экан-да, бироқ…
  Шоирнинг ҳажман унча катта бўлмаган ҳикоялари қоғозга туширилганидан сўнг таҳрир қилинмаган, қайта ишланмаган. Лекин шу ҳолатида ҳам ижодкорнинг соҳир қалам соҳиби экани яққол кўзга ташланади: аввало, сўзлар исроф қилинмайди, табиий-қуйма қисқаликка интилади. Ичдан ҳис этасизки, Рауф Парфи ўзи истаган тақдирда ҳам узундан-узун қўшма гапларни қаторлаштириб, энг камида ярим саҳифадан иборат сўлжайган гап туза олмасди. Сўз қадрини биладиган, сўзни ҳис этадиган қаламкаш насрда ҳам, назмда ҳам гўзал ва бетакрор асарлар яратади. Чамаси, Рауф Парфи кичик-кичик ҳаётий эпизодлардан иборат сценарий яратишни мўлжаллаб қўйган бўлса керак. Шу боис хатбошилар, икки-учта гапдан иборат парчалар рақамлаб борилади.
  Америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэй ўтган асрнинг 30-йилларида тажриба сифатида адабиётга олиб кирган (“Алвидо, қурол”, “Фиеста” каби романлари орқали) “телеграф усули” унсурлари шоир ҳикояларида кўзга ташланади. Гаплар анъанавий йўсинда тузилмайди: гоҳ “эга” бўлмаса, гоҳ “кесим” бўлмайди. Яъни “эга” билан “кесим” кўнгилда бўлади. Эсингизда бўлса, бошланғич синф ўқувчисига ҳисоб-китобдан илк сабоқ берилаётган чоғларда, масалан, 66 га 66 ни қўшиш ўргатилса, 6 ни 6 га қўшамиз баробар 12 бўлади, 2 ни ёзиб қўямиз, 1 кўнгилда бўлади, сўнг яна 6 ни 6 га қўшамиз, яна 12 бўлади, кўнгилда қолган 1 қўшилса 13 бўлади, натижа 132 бўлади, деб хулоса чиқариш ўргатилади. Рауф Парфининг содда ҳикоялари ҳам, назаримизда, болаларча беғуборлик ҳосиласига ўхшайди: у атайлаб “телеграф усули” билан экспримент қилишни хаёлига келтирмайди, унда зўрма-зўракилик йўқ. Айрим “модернист” қаламкашлар каби, жумлалар остидан ўзига бино қўйган Кибрқулнинг аянчли башараси кўриниб, кишининг энсасини қотирмайди. Кўнгилга яқин қаҳрамонларининг жонли қиёфаси дарҳол кўз ўнгимизда гавдаланади; бир оғиз сўзидан, халқона ибораларидан ёки Фарғона шевасига хос сўзларидан таниш чеҳралар бир-бир хаёлимиздан ўтаверади.
  Хуллас, Рауф Парфининг бундан ярим аср муқаддам ёзилган шоирона ҳикоялари хаёлимизни узоқ-узоқларга олиб кетади, кўнгилда ёруғ туйғуларни тўлқинлантириб юборади. Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримларини азиз журналхонларга илиндик.
ХУРШИДА МАМАТОВА, филология фанлари номзоди”.  Демак маълум бўлмоқдаки, юқорида номлари зикр этилган нарий асарлар “Ардоқли шоиримизнинг сарғайган саҳифаларда қолган инжа ҳикояларидан айримлари” экан. Бу сўзлар Х. Маматовада сақланаётган қўлёзмаларга яна қизиқишингизни оширади. Опага уларни кўриш мақсадида мурожаат қилсак, у киши бизга бир бетлик рўйхат берди. Мана, ўша рўйхат:
Рауф Парфи Ўзтуркнинг Хуршида Маматовада сақланаётган ижодий ишлари рўйхати  1. Она Туркистон. Шеърлар. Икки жилдли. Биринчи жилд.1993 йил. Икки нусха. 310 та шеър. Иккинчи нусхаси қайта нашрга тайёрланган. Сўзбоши муаллифи – Асқад Мухтор. Муҳаррирлар: И. Ҳаққул, А. Аъзам, М. Солиҳ.
  2. Туркистон руҳи. 1991 йил. 50 та шеър. Нашрга қабул қилинганлиги ҳақидаги маълумотномаси билан. Муҳаррир – Мирзо Кенжабек.
  3. Шеърлар тўплами.
  4. Шеърлар тўплами.
  5. Хотирот. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.
  6.Сабр дарахти. Шеърлар. – Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1986.
  7. Устозлари Абдураҳмон Водилий таржимасидаги “Алвоҳи интибоҳ” номли қирқ саккиз банддан иборат шеърий асар. Ҳар бир бандда 11 сатр. Р. Парфи томонидан қайта ишланган. Қисқача луғати ҳам бор.
  8. Р. Парфининг рус тилидаги шеърий тўплами. В. Соснора таржимасида. Нашр этилмаган.
  9. Барно Бону. Шеърий тўплам. Бир қанча вариантлари бор. Қўлёзма. 40 та шеърдан 15 таси. Қолгани дафтарчада. Дафтарча ҳозир қаердалиги номаълум. Крилл ёзувида. 1994 йил.
  10. Барно Бону. Турк ёзувида. Еттита шеър (қўлёзма). 1994 йил.
  11. Абдурауф Фитрат. Уч сонетдан иборат. Қўлёзма. 1994 йил.
  12. ХХ аср турк шеъриятидан таржималар: Ота Турк, Зиё Кўкалп, Ҳусайн Ниҳол Отсиз, Доғларжа, Аржуманд Беҳзод, Нозим Ҳикмат, Ҳикмат Ўзал. Қўлёзмада.
  13. Турон диёри. 15 бетлик насрий асар. 1990 йил.
  14. Рауф Парфи. Ҳикоялар тўплами. 15 та ҳикоя. Улардан бири “Қовоқари” (Шмель) рус тилидан таржима. Қўлёзма.
  15. Ҳазил насрий асар. Тўрт муаллиф томонидан ёзилган, шулардан бири Р. Парфи. Қўлёзма.
  16. Муроднинг Муродга айтгани. 13 бетдан иборат ҳикоя. Муаллифлар: Р. Парфи ва бошқалар.
  17. “Тараддуд” романининг муқова ва қаҳрамонлари номи. Эпиграф Усмон Носирдан олинган. Қўлёзма.
  18. Қолганлари: уй, иш ҳужжатлари, шахсий китоблари, устозга тақдим қилинган шеърий китоблар, расмлар, видео ва аудео кассеталар мукофотлар, интервьюлар, хатлар ва шу кабилар. Кийим-бошлари туғилган уйига тақдим этилди.
  Рауф Парфининг баъзи ҳикоялари автобиографик характерга эга. Масалан, “Энг янги тонг” ҳикоясига эътибор берайлик. Қаҳрамон – Ваҳоб. У ҳикоя воқеаларини ўз тилидан сўзлаб беради. Отаси оламдан ўтган, кекса онаси бор ва бир рассос уч ёш катта акаси. Ҳикоядаги рассом бу – Абдуллажонмикан?.. Лекин ҳикоядаги онанинг: “Мухторвой бор-ку… Ўшалар билан бир вақтлар қўшни эдик. Аҳмад туғилган йил. Ўшанда ёшим… билмадим, ишқилиб, сени дадангга турмушга чиқмагандим. Аҳмаднинг дадасини йили ўтганди” сўзларидан маълум бўладики, Аҳмад Ваҳобнинг ота бошқа она бир акаси экан. Шунингдек, шоирнинг “Мен қоралайман”, “Дарз”, “Йанги кино”, “Ҳамманинг бахти бор” асарлари ҳам унинг ва оила аъзоларининг ҳаётидан муайян бир қирраларни кўришга хизмат қилади.
  Унинг баъзи ҳикояларини эса шеърий шаклда ҳам кўрамиз. Масалан, “Садақа – радди бало” ҳикоясидаги чол бир нечта вариантдан иборат “Чол” шеърининг қаҳрамонига ўхшаб кетади. Шунингдек, шоирнинг “Йанги кино” ҳикоясида она юртидан ҳайдалган ва икки фарзандидан жудо бўлган қиримли Саидумар ота образи ҳам яратилган.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
01 ağustos 2023
ISBN:
978-625-7403-33-7
Yayıncı:
Telif hakkı:
Elips Kitap