Kitabı oku: «Фаренгейт бўйича 451º», sayfa 2
– Йўқ-йўқ, – деди у шошиб. – Ҳечқиси йўқ.
– Кетишим керак. Мени кечирганингизни айтинг. Мендан жаҳлингиз чиқиб юришини истамайман.
– Йўқ, жаҳлим чиқмади. Фақат бироз хафаман.
– Психиатримнинг ёнига кетяпман. Мени боришга мажбур қилишади. Унга айтадиган ҳар турли гапларни ўйлаб топаман. Мен ҳақимда нима ўйлашини билмадим-у, унинг айтишича, мен пиёзга ўхшармишман. Қаватма-қават тозалаши керак эмиш.
– Мен ҳам сизга психиатр керак, деб ўйлашга мойилман, – деди Монтэг.
– Ёлғон. Бундай деб ўйламайсиз.
– Тўғри, бундай деб ўйламайман, – деди у чуқур хўрсиниб.
– Психиатр нега ўрмон кезишимни, қушларни томоша қилишимни ва капалаклар тутишимни билишни истайди. Бирор куни тутган капалакларимни сизга кўрсатаман.
– Яхши.
– Улар мени ҳамма вақт нима билан банд эканим ҳақида сўрашгани-сўрашган. Мен ўтириб хаёл суришимни айтаман. Бироқ нима ҳақида хаёл суришимни айтмайман. Бир бош қотиришсин. Баъзан эса уларга мана бундай қилиб, – қиз осмонга қаради, – ёмғир томчилари оғзимга киришини яхши кўришимни айтаман. Уларнинг таъми винога ўхшайди. Сиз ҳеч тотиб кўрганмисиз?
– Йўқ, мен…
– Мени кечирдингиз-а?
– Ҳа, – деди Монтэг ва бир зум ўйланиб қолди. – Ҳа, кечирдим. Худо билади нега. Сиз қандайдир ғалатисиз. Одам сиздан хафа бўлса ҳам, кечириши жуда осон. Ёшингизни ўн етти деганмидингиз?
– Келаси ой ўн еттига тўламан.
– Қизиқ. Ғалати. Хотинимнинг ёши ўттизда. Лекин баъзида сиз ундан анча катта туюласиз. Нега бундайлигини тушуна олмайман.
– Сиз ҳам ҳамма каби эмассиз, мистер Монтэг. Баъзан ҳатто ўт ўчирувчи эканингизни ҳам унутиб қўяман. Яна бир бор жаҳлингизни чиқарсам, майлими?
– Майли.
– Ҳаммаси қандай бошланган? У ерга қандай тушиб қолгансиз? Нима учун айнан шу касбни танлагансиз? Сиз бошқа ўт ўчирувчиларга ўхшамайсиз. Мен айримларини кўрганман ва биламан. Гапираётганимда менга қараб турасиз. Кеча ой ҳақида гапирганимда осмонга қарадингиз. Бошқалар эса ҳеч қачон бундай қилмаган бўлишарди. Қулоқ солиб ўтирмай ўгирилиб, кетиб қолишарди. Ёки дўқ қилган бўлишарди. Ҳеч кимнинг биров учун вақти йўқ. Сиз эса менга яхши муносабатда бўлган кам сонли одамлардансиз. Шунинг учун сизнинг ўт ўчирувчи эканингиз менга ғалати туюляпти. Сизга бу умуман мос эмас.
Монтэг ўзини тенг иккига бўлингандек сезди. Бир қисми оташдек қайноқ, иккинчи ярми эса муз каби совуқ, меҳрибон ва бешафқат, титраётган ва титрамаётган иккала “мен”ининг бири иккинчисини бўғиб, йўқ қилишга интиларди.
– Кетадиган вақтингиз бўлди, – деди у Клариссага.
Қиз уни ёмғирда қолдириб югуриб кетди. Монтэг бир муддат қимир этмай турди.
Кейин секин бир неча қадам ташлади ва бошини кўтариб юзини ёмғирга тутди. Бир зумга оғзини очди…
Механик кўппак ухлаб ётар, шу билан бирга уйғоқ эди. Ўт ўчириш бўлими коридори охиридаги паст овоз чиқариб енгил тебраниб турувчи, хира ёритилган уйчасида яшарди ва бир пайтда ўлиб ётарди. Тунги осмоннинг хира нури катта тўртбурчак деразадан тушиб, механик жонзотнинг мис, бронза ва пўлат қисмларида ўйнарди. Ёруғлик ёқут ойналарда акс этиб, бу ғалати махлуқнинг бурун тешикларидаги ингичка нейлон толаларда жилоланиб, милтилларди. Унинг резина қопланган саккизта оёғи бор эди.
Монтэг қаватлар орасидаги туйнук ўртасига ўрнатилган бронза устундан пастга сирғалиб тушди ва уйқудаги шаҳарни томоша қилиш учун ташқарига чиқди. Булутлар тарқаган, осмон тиниқ эди. У тамаки тутатиб, коридорга қайтиб кирди ва кўппакнинг уйчасига мўралади. Кўппак гуллардан нектар йиғиб уяга қайтган улкан асаларини эслатарди. Фақат у нектар ўрнига ҳушни йўқотиб, талвасага солувчи заҳарга тўла эди. Танаси ана шундай оғуга тўйинтирилган кўппак заҳар кучини уйқу билан енгмоқчи бўлгандай ухлаб ётарди.
– Салом, – шивирлади Монтэг ҳам ўлик, ҳам тирик кўппакка ҳар доимгидек ачиниш билан қараб.
Ўт ўчирувчилар тунлари зерикишганда – одатда деярли ҳар тунда зерикишарди – механик кўппакнинг ҳид билиш тизимини керакли ҳидга созлаб қўйиб, ертўлага чўктириб, йўқ қилиш керак бўлган жўжа, каламуш, баъзан мушуклар олдига қўйиб юборардилар ва қайси бирини биринчи бўлиб тутиши устидан гаров боғлаб, кўнгилхушлик қилишарди. Ўйин бир неча сонияда якунига етарди. Кўппак бир неча метргина қоча олган жўжа, каламуш ёки мушукни бир зумда тутиб олар, сўнг тумшуғидан чиққан пўлат игна орқали ўлжасига морфий ва прокаин юборарди. Кейин ўлган жонивор чиқинди ёқиладиган печга ташланар ва ўйин яна бошланарди.
Монтэг одатда бундай вақтичоғликларда иштирок этмасди. Фақат бир марта, икки йил аввал бир тажрибали ишқибоз билан гаров боғлаб, бир ҳафталик маошидан айрилганди ва Милдреднинг ғазабига дучор бўлганди. Хотинининг қаҳрдан қизариб кетган юзи ва пешонасидан бўртиб чиққан томирлари ҳамон ёдида. Энди бўлса тунлари иккинчи қаватдаги каравотда деворга қараганча пастдаги хахолашларга, кимдир роялнинг торларини тез-тез чертганга ўхшаш каламуш тирноқларини ертўла полига урилган товушларига ва кўппак бир сакраб, соя каби уясидан учиб чиққандаги бирдан тушган жимликка қулоқ тутиб ётарди. Кўппак найзасини санчиб, ўлжасини нобуд қилгач, шу заҳоти уясига кириб, кимдир уни ўчиргичдан ўчириб қўйгандай уйқуга кетарди.
Монтэг кўппакнинг тумшуғини силади.
Кўппак ириллади.
Монтэг ортга тисарилди.
Кўппак ўрнидан қўзғалди ва бирдан жон кирган кўк-яшил неон кўзларини Монтэгга қадади. Яна ириллади. Унинг овози электр ғинғиллаши, қизиган ёғнинг пишиллаши, металлнинг ғичирлаган овозининг аралашмасига ўхшарди
– Яхши кўппак, ювош, – деди Монтэг шивирлаб. Юраги кўкрагини ёриб чиққудек гупиллаб ураётган эди.
У кўппакнинг тумшуғидан заҳарли игна бир дюйм чиққанини кўрди. Игна ғойиб бўлди. Сўнг яна чиқди ва яна кўздан йўқолди. Кўппакнинг ич-ичидан ириллаш эшитилди. Чақнаб турган кўзлари ҳамон Монтэгга қадалган эди.
Монтэг тисарилди. Кўппак уядан чиқиб у томон қадам ташлади.
Монтэг қўлини кумуш устунга қўйди. Устун қўл тегиши билан дарров овозсиз кўтарилиб, Монтэгни туйнукдан юқори қаватга олиб чиқди. У титрар, юзида эса қон қолмаганди. Пастда кўппак тинчланиб, ўрнига қайтди ва кўп қиррали кристалл кўзлари ўчди.
Монтэг туйнук олдидан дарров кетмади. У аввал бироз тинчланиб олмоқчи эди. Унинг ортида, бурчакда, яшил абажурли лампа ёритган стол атрофида тўрт эркак қарта ўйнашарди. Улар тезда Монтэгга қараб олишди. Лекин бирортаси ҳам индамади. Фақатгина қақнус тасвири туширилган капитан бош кийимини кийган киши унга мурожаат қилди:
– Монтэг…?
– У мени ёқтирмайди, – деди Монтэг.
– Ким? Кўппакми? – сўради капитан қўлидаги қартадан кўз узмай. – Қўйсангиз-чи, у бировни яхши ёки ёмон кўра олмайди. У фақат хизмат қилади. Бу баллистик масала каби нарса. Унга траектория берилган ва у шу траектория бўйлаб ҳаракат қилади. Нишонни ўзи аниқлайди, ўзи қайтиб келади ва ўзи ўчади. У фақатгина мис симлар, аккумуляторлар ва электр энергиясидан иборат.
Монтэг ютиниб олди.
– Унинг ҳид билиш тизимини исталган комбинацияга – қанчадир аминокислоталар, қанчадир фосфор, яна қанчадир ёғ ва ишқорларга созлаб қўйиш мумкин, шундайми?
– Буни ҳаммамиз биламиз.
– Ҳар биримиздаги қонимизнинг кимёвий таркиби ва фоиздаги ўзаро нисбати пастдаги умумий картотекада жамланган. Кимдир у ердан маълумотларни олиб кўппакнинг созламасини тўлиқ бўлмаса-да, қисман, ҳеч бўлмаса, аминокислоталарга ўзгартириб қўйиши мумкин-ку. Кўппакнинг ҳозирги қилиғи учун шунинг ўзи етарли. У менга ташланмоқчи бўлди.
– Бўлмаган гап, – деди капитан.
– У ириллади, лекин тўла ғазабга миниб, ташланмади. Кимдир унинг хотирасини яқинлашганимда ириллайдиган қилиб ўзгартиргани тайин.
– Ким бундай қилиши мумкин? – деди капитан. – Бу ерда душманингиз йўқми, Гай?
– Билишимча, йўқ.
– Эртага мутахассислар кўппакни текширувдан ўтказишади.
– Бу биринчиси эмас, – деди Монтэг. – Ўтган ойда ҳам икки марта шундай қилганди.
– Эртага текширамиз. Хотиржам бўлинг.
Монтэг туйнук олдида тураверди. Бирдан уйидаги ҳаво алмаштириш панжараси ва унинг ортига яширилган нарса ёдига тушди. Бирор ким у ерда нима борлигини билиб қолиб, бу ҳақда кўппакка “чақиб” қўйган бўлса-я!
Капитан Монтэгнинг ёнига келди ва унга савол нигоҳи билан қаради.
– Мен кўппак кечалари уясида ётиб нималар ҳақида ўйлашини тасаввур қилишга уриняпман, – деди Монтэг. – Бизни кўрганда унга чиндан ҳам жон кирармикин? Бу мени чўчитади.
– У ҳеч нарса ҳақида ўйламайди. Биз унинг бирор нима ҳақида ўйлашини истамаймиз.
– Афсус, – деди секин Монтэг. – Унга жойлаган ягона нарсамиз – таъқиб қилиш, тутиш ва ўлдириш. Уни бундан бўлак нарсага ўргата олмаслигимиз қандай шармандалик.
Капитан Битти афтини буриштирди.
– Жин урсин! Ахир бу – моҳирлик билан яратилган, нишонни ўзи топиб, мўлжалга хатосиз урувчи ажойиб қурол-ку!
– Айнан шунинг учун ҳам унинг навбатдаги қурбонига айланмоқчи эмасман.
– Нега бундай дейсиз? Нима, бирон айбингиз борми, Монтэг?
Монтэг капитан Биттига қаради.
Капитан ундан кўзини узмай диққат билан тикилди, айни вақтда эса оғзи очилиб, кула бошлади.
Биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи кун… Монтэг ҳар сафар уйдан чиққанда Кларисса шу атрофда бўларди. Бир марта уни ёнғоқ дарахтини силкитаётганда, кейинги сафар майсалар устида ўтириб, мовий свитер тўқиётганда учратди. Уч ёки тўрт марта уйидан чиқаверишда унга кузги гуллардан ясалган гулдаста ташлаб кетишганини кўрди. Гулдаста халтачага солинган бир сиқим каштан ва бир варақ оқ қоғозга ўралган кузги барглар ўрамидан иборат бўлиб, чиқиш эшигига пистон билан ёпиштириб кетилган эди. Кларисса ҳар оқшом уни муюлишгача кузатиб қўярди. Бир кун ҳаво ёмғирли бўлса, бошқа куни қуёшли, учинчи куни кучли шамол бўлса, тўртинчи куни ҳаво очиқ ва сокин, кейинги кун эса худди ёз қайтиб келгандек иссиқ ва дим бўлди, Клариссанинг юзи офтобда қизариб қолди.
– Негадир, – деди Монтэг улар метро бекатига етиб келишганда, – сизни анчадан бери биладигандекман.
– Чунки сиз менга ёқасиз, – жавоб берди қиз. – Менга сиздан ҳеч нарса керак эмас ва бирбиримизни тушунамиз.
– Сиз билан ўзимни жуда ҳам қари, худди отангиздай ҳис қиламан.
– Унда айтинг-чи, – деди қиз, – болаларни яхши кўрсангиз, нега менга ўхшаган қизингиз йўқ?
– Билмадим.
– Ҳазиллашяпсизми?
– Айтмоқчиманки… – деб бир зум тўхтади. – Биласизми, хотиним… – деди бошини чайқаб. – Хуллас, хотиним фарзанд кўришни истамайди.
Қизнинг юзидаги кулги бирдан йўқолди.
– Кечиринг. Мен билан ҳазиллашяпсиз деб ўйлабман. Шунчаки тентаклигимни биласиз-ку.
– Йўқ-йўқ, сўраганингиз яхши бўлди. Бирор ким ҳаётим ҳақида қизиқиб, бирор нима сўрамаганига ҳам анча бўлибди. Сўраганингиз яхши бўлди.
– Келинг, бошқа бирор нарса ҳақида гаплашамиз. Тўкилган хазонларни ҳеч ҳидлаб кўрганмисиз? Улардан долчин ҳиди келади. Мана, ҳидлаб кўринг.
– Тўғри. Чиндан ҳам долчин ҳиди келаркан.
Қиз Монтэгга тим қора нурли кўзларини қадади.
– Сиз доим ҳайратда қоласиз.
– Чунки аввал ҳеч нарсага вақтим бўлмаган…
– Сизга айтганим, узайиб кетган реклама тахталарини кўрдингизми?
– Ҳа, тўғри айтган экансиз, – деди Монтэг кулиб.
– Кулишингиз аввалгидан кўра яхши.
– Шунақами?
– Анча самимий.
Монтэг бирдан ўзини енгил ва хотиржам ҳис қилди.
– Сиз нега мактабда эмассиз? – сўради қиздан. – Ўқиш ўрнига кун бўйи ёлғиз кўча кезасиз.
– У ерда менга кўзлари учиб тургани йўқ, – жавоб берди қиз. – Уларнинг фикрича, мен одамови эмишман. Одамлар билан яхши келиша олмасмишман. Қизиқ. Аслида эса мен жуда ҳам киришимлиман. Ҳаммаси мулоқот қилиш деганда нимани тушунишга боғлиқ. Менимча, одамлар билан мулоқот қилиш иккимиз сингари чақчақлашиш, – деди у боғдан топган бир нечта каштанни кафтида отиб ўйнаб. – Ёки дунёнинг ажойиблиги ҳақида суҳбатлашиш. Менга одамлар билан бўлиш ёқади. Лекин уларни тўплаб олиб, бирортасини ҳам гапиртирмаслик – қандай мулоқот бўлди? Телевизор орқали дарс, баскетбол, бейсбол ёки югуриш дарси, кейин тарих дарсида нималарнидир ёзамиз, кейин расм дарсида бир нималарни чизамиз, сўнг яна спорт… Биласизми, мактабда умуман савол бермаймиз. Бизга фақат маълумот ёғдиришади – бум-бумбум. Кейин яна тўрт соат ўқув фильми кўрсатишади. Мен учун бу мулоқот эмас. Кун охирига бориб шундай толиқамизки, кучимиз ўзимизни каравотга ташлаб уйқуга кетишга ёки кўнгилочар паркларга бориб ойна синдириш павильонида ойналарни завқ билан синдириш ёки машина ағдариш тирида улкан пўлат копток билан машиналарни мажақлашга етади, холос. Ёхуд машинани елдек учириб, ким симёғочга энг яқин масофадан ўтиш ўйинини ўйнашга. Менимча, уларнинг айтганлари тўғри, мен улар айтгандек бўлсам керак. Менинг бирорта дўстим ҳам йўқ. Шунинг ўзи менинг телбароқ эканимни билдирмайдими? Ҳамма тенгдошларим қичқиришади, сакрашади, бир-бирларини қақшатишади. Одамлар бир-бирларига қандай бешафқат бўлиб кетишганини сезасизми?
– Сўзларингиз қари одамникига ўхшайди.
– Баъзан мен ҳам ўзимни қаридек ҳис қиламан. Ўз тенгдошларимдан қўрқаман. Улар бирбирларини ўлдиришади. Наҳотки доим шунақа бўлган бўлса? Амаким доим бундай бўлмаган, дейди. Шу йилнинг ўзида олти нафар тенгдошим отиб ташланди, ўн нафари эса автомобиль ҳалокатида вафот этди. Мен улардан қўрқаман. Улар эса бунинг учун мени ёмон кўришади. Амакимнинг айтишича, унинг бобоси болалар бир-бирини ўлдирмаган даврларни эслаган экан. Аммо бу жуда қадимда бўлган. У пайтлар ҳаммаси бошқача бўлганмиш. Амаким яна айтадики, у вақтларда одамлар масъулият нималигини билишган. Агар билсангиз, мен ҳам масъулиятлиман. Чунки ўз вақтида, кўп йиллар олдин боплаб адабимни беришган. Ҳамма бозор-ўчарни ўзим қиламан ва уйдаги барча тозалов ишларини ўз қўлларим билан бажараман…
– Лекин ҳаммасидан ҳам кўпроқ, – давом этди қиз, – одамларни кузатишни яхши кўраман. Баъзан кун бўйи метрода юриб уларни кузатаман, гапларига қулоқ тутаман. Уларнинг кимлигини, нималарни орзу қилишини ва қаерга кетаётганини билгим келади. Баъзан кўнгилочар паркларда ҳам бўламан ва шаҳар бўйлаб елдек учиб, пойга ўйнайдиган автомобилларга чиқаман. Полициянинг улар билан иши ҳам йўқ. Уларнинг суғуртаси бўлса бўлди. Ёнингда ўн минг долларлик суғурта қоғозинг бўлса – олам гулистон. Баъзан метродаги суҳбатларга қулоқ тутаман, баъзан эса газли ичимликлар фаввораси ёнидаги одамларни эшитаман ва биласизми нима?
– Нима?
– Одамлар ҳеч нима ҳақида суҳбатлашишмайди.
– Наҳотки?
– Мутлақо ҳеч нарса ҳақида гаплашишмайди. Оғизларидан номлар тушмайди – автомобиль маркалари, мода, сузиш ҳавзалари номлари. Шуларга фақат “Қандай зўр!” деб қўшиб қўйишади. Ҳаммалари бир хил гапни қайтаришаверади ва ҳеч ким бошқасидан фарқли гап айтмайди. Кафеларда эса латифа қутиларини қўйиб, ўша бир хил ҳазилларни эшитишаверади, мусиқий деворларни ёқиб, рангли нақшларнинг у ёқдан-бу ёққа ўтишини томоша қилишади. Лекин булар жонсиз! Музейлар-чи? Музейларда ҳеч бўлганмисиз? Ҳаммаси жонсиз. Ҳозир ҳаммаси шунақа. Амаким бир пайтлар ҳаммаси ўзгача бўлган, дейди. Унинг айтишича, қачонлардир суратлар бир нималарни сўзлаган ва ҳатто одамларни ҳам кўрсатган экан.
– Амаким у дейди, амаким бу дейди. Амакингиз ажойиб одам бўлса керак?
– Албатта ажойиб одам. Кетадиган вақтим бўлди. Хайр, мистер Монтэг.
– Кўришгунча.
– Кўришгунча…
Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти, етти кун. Ўт ўчириш бўлими.
– Монтэг, устунда худди қушдек енгил учяпсиз.
Учинчи кун.
– Монтэг, орқа эшикдан кирибсиз. Нима, кўппак яна безовта қилдими?
– Йўқ, йўқ.
Тўртинчи кун.
– Монтэг, эшитдингизми? Бугун эрталаб билдим. Сиэтлда бир ўт ўчирувчи механик кўппакнинг ҳид билиш тизимини ўзининг кимёвий комплексига созлаб, уни қўйиб юборибди. Ўз жонига қасд қилишнинг антиқа йўлини топибдими?
Бешинчи, олтинчи, еттинчи кун.
Шундан сўнг Кларисса ғойиб бўлди. Монтэг аввалига бу кун бошқасидан нимаси билан фарқ қилишини англамади. Фақат атрофда Кларисса кўринмасди. Майсазор бўм-бўш, дарахтлар бўмбўш, кўча ҳам ҳувиллаб ётарди. Монтэг қизни соғинганини ва ҳатто уни излаётганини бошида англамади. Метро бекатига етганда эса унда безовталик бошланган эди. Нимадир содир бўлган, у кўниккан қандайдир тартиб бузилган эди. Тўғри, тартиб бир неча кунгина олдин ўрнатилганди, аммо… Монтэг ортга қайтмоқчи, уйдан метрогача бўлган йўлни қайта босиб ўтмоқчи бўлди. Шундай қилса, Клариссани албатта учратишига ва ҳаммаси ўз ўрнига қайтишига ишончи комил эди. Бироқ поезд келиб қолди ва режаларини чиппакка чиқарди.
Қарта шитирлаши, қўлларнинг ҳаракати, кўзларнинг пирпираши, ўт ўчириш бўлими навбатчилик қисмининг шифтига ўрнатилган гапирадиган соатнинг бир маромдаги овози “Тўртинчи ноябрь, пайшанба, соат тунги бирдан ўттиз беш дақиқа ўтди. …бирдан ўттиз олти дақиқа ўтди, …бирдан ўттиз етти дақиқа ўтди”. Барча товушлар кўзларини юмиб олган Монтэгга эшитилиб турарди. У юмуқ кўзлари билан ялтиллатиб тозаланган мис ва бронзани ҳам, нур сочиб турган лампаларни ҳам, стол устида ётган олтин ва кумуш тангаларнинг ярқирашини ҳам, ўт ўчириш бўлимидаги сукунатни ҳам ҳис қилиб турарди. Қаршисида – стол атрофида ўтирган одамлар қўлларидаги қартага термилишар, хўрсинишар ва кутишарди.
“…бирдан қирқ беш дақиқа ўтди”. Гапирадиган соат совуқ йилнинг яна ҳам совуқ тунига аза тутаётгандек эди.
– Нима бўлди сизга, Монтэг?
У кўзини очди.
Қаердандир радионинг хириллаган овози эшитиларди:
– Ҳар дақиқада уруш эълон қилиниши мумкин. Мамлакат ҳимояга тайёрланмоқда…
Бино бирдан зириллаб кетди. Ёришиб келаётган осмондан қирувчи самолётлар эскадрильяси учиб ўтди.
Монтэгнинг кўзлари пирпиради. Битти уни музей экспонати каби диққат билан кузатарди. У ҳозир ўрнидан кўтарилиб, Монтэгга яқинлашади, унга тегиб кўради ва унинг айбини фош қилади… Айбини? Унинг айби нима?
– Юриш навбати сизда.
Монтэг қаршисида ўтирган одамларга қаради. Уларнинг юзлари минглаб ҳақиқий ва юз минглаб тасаввурдаги ёнғинларда куйиб, ялтираган, касблари уларнинг ёноқларини нотабиий рангга киритган, кўзларини қизартирган эди. Улар трубкаларини тутатаётганда платина ўт олдиргичлари пуркаган оловга кўзларини қисмай ва пирпиратмай қарай олишарди. Тим қора соч ва қошлар, кўкимтир, соқол қиртишлаб олинганидан кулга булғанганга ўхшаш ёноқлар – буларнинг бари мерос касбларининг тамғаси эди. Монтэг бир сесканиб, оғзи очилиб, қотиб қолди. Хаёлига ғалати фикр келди. Сочи ва қоши тим қора бўлмаган, юзлари куйиб қизармаган, кўкимтир, соқоли қиртишлаб олинган ва шу билан бирга соқоли олинмаганига анча бўлган ўт ўчирувчини аввал ҳеч учратганмикин? Бу одамлар унинг ўзига икки томчи сувдек ўхшар эдилар. Наҳотки ўт ўчирувчилар сафларига одамларнинг нафақат қизиқиш ва иштиёқлари, балки ташқи кўринишларига қараб олишса? Уларнинг юзларида кул ва қурум тусидан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Уларга доим тутаб турадиган трубкаларидан чиқиб турувчи куйинди ҳиди ҳамроҳ эди. Мана, капитан Битти тамаки тутуни ичра ўрнидан туриб, тамакининг янги қутисини очмоқда. Целлофан ўрамининг йиртилиши аланга овозини эслатарди.
Монтэг қўлларидаги маҳкам сиқилган қарталарга қаради.
– Хаёлим кетиб қолибди. Ўтган ҳафтадаги ёнғин ва биз китобларини ёқиб юборган одам ёдимга тушди. Уни нима қилишди?
– Уни жиннихонага юборишди. Ўзиям овозининг борича додлади.
– У жинни эмасди-ку.
Битти жим қарталарни сузди.
– Ҳукуматни ва бизни алдайман, деб ўйлаган одам жинни бўлади-да.
– Бу одамларнинг ҳолатини тасаввур қилишга уриниб кўрдим, – деди Монтэг. – Масалан, бизнинг уйлар ва китобларимизни ёндириб юборишса…
– Бизда китоб йўқ.
– Агар бўлганда, демоқчиман.
– Балки сизда бордир?
Битти унга секин қараб олди.
– Йўқ, менда китоб йўқ, – деди Монтэг ва машинкада ёзиб, деворга осиб қўйилган тақиқланган китоблар рўйхатига қаради. Бу китобларнинг номлари йиллар давомида унинг болтаси томонидан чопилиб, унинг шланги томонидан қуйилган керосин ёрдамида ёқиб келинарди. – Йўқ, – қайтарди у ва шу онда ёноғида салқин шабада сезди. У ўзини ўз уйида, салқин ҳаво чиқаётган ҳаво янгилаш панжараси қаршисида кўрди. Сўнг паркда, кекса одам ёнида кўрди. У ерда салқин шабада эсаётганди.
Монтэг аввалига иккиланди. Кейин сўрашга журъат этди:
– Ҳар доим шундай бўлганми? Бизнинг иш… Қадим замонда…
– Қадим замонда! – овозини кўтарди Битти. – Бу қандай гап бўлди?
“Аҳмоқ! – ўйлади Монтэг. – Нималар деяпман. Ўзимни фош қиляпман-ку!” Охирги ёнғинда қўлига эртак китоб тушиб қолганди ва биринчи сатрини ўқиганди.
– Айтмоқчиманки… – деди Монтэг, – Аввалги даврларда, уйлар ўт олмайдиган бўлишидан олдин… – шу пайт бирдан бу гапларни у ўзи айтмаётгандек, овози эса ўзиники эмасдек, ёшроқ овоз эшитилаётгандек туюлди. Хаёлида унинг ўрнига Кларисса Маклеллан гапираётган эди. – Ўт ўчирувчилар ўт ёқиш ўрнига ўт ўчириш билан шуғулланишганми?
– Бу ёғи қизиқ бўлди-ку!
Стоунмен ва Блэк бирваракайига ёнларидан низом китобчаларини чиқариб Монтэгнинг олдига ташлашди. Бу китобда ўт ўчирувчилар қоидаларидан ташқари, Америка ўт ўчирувчи жамоалари тарихи ҳам қисқача баён этилган эди. Ҳозир эса китобчанинг Монтэгга яхши таниш бўлган саҳифалари очиқ турарди:
“1790 йилда инглиззабон адабиётларни ёндириб йўқ қилиш учун мустамлакаларда ташкил қилинган. Биринчи ўт ўчирувчи – Бенжамин Франклин.
Қоидалар:
1. Хатар сигнали бўлиши билан дарҳол ишга кириш.
2. Тезда ўт қўй.
3. Ҳаммасини ёқ.
4. Зудлик билан бўлимга хабар бер.
5. Янги хатар сигналларига доим тайёр тур”.
Ҳамма Монтэгга қараб турарди. У бўлса қимир этмади.
Бирдан хатар сигнали ишлаб кетди.
Навбатчилик қисми шифтидаги қўнғироқ икки юз бора бонг урди. Тўрт стул бир зумда бўшаб қолди. Қарталар полга қор каби ёғилди, мис устун бир титраб олди ва Монтэгнинг шериклари ғойиб бўлишди.
Монтэг жойидан жилмаган эди. Пастда тўқ сариқ махлуқ пишқириб уйғонди.
Монтэг ўрнидан кўтарилиб, худди уйқуда юргандек устундан сирғалиб пастга тушди.
Механик кўппак кўзларидан яшил ўт чақнаб, уйчасидан сакраб чиқди.
– Монтэг, бош кийимингизни унутибсиз!
Монтэг девордан бош кийимни юлиб олиб, ташқарига отилди ва машинанинг зинасига сакраб чиқди. Машина зудлик билан йўлга тушди. Тунги шамол сиренанинг шовқинини ва металлнинг қаттиқ гумбурлаган овозини ҳар томонга олиб кетарди.
Бу эски кварталларнинг бирида жойлашган, тўкилиб ётган уч қаватли уй эди. Уйнинг қурилганига камида юз йил бўлгандир. Ўз вақтида у ўт ўтказмайдиган юпқа материал билан қопланган ва, афтидан, айнан шу қоплама уйни буткул вайрон бўлишдан сақлаб тургандек эди.
– Етиб келдик!
Мотор бир кучаниб, ўчди. Битти, Стоунмен ҳамда Блэк ўт ўтказмайдиган ноқулай ва қўпол либосларда аллақачон уй томон югуриб кетишаётган эди. Монтэг ҳам уларнинг ортидан югурди.
Улар уйга бостириб киришди ва у ердаги кекса аёлни қўлга олишди. Бироқ аёл қочишга ҳам, яширинишга ҳам интилмасди. У қаршисидаги бўм-бўш деворга термилганча, бошидан зарба еган одамдек чайқалиб турарди. Унинг лаблари сассиз қимирлар, юзидаги ифодасидан худди бир нимани эслашга уринаётган, лекин эслай олмаётганга ўхшарди. Ниҳоят у эслади ва лаблари титраб, тилга кирди:
– Мард бўлинг, Жаноб Ридли. Яратганнинг марҳамати ила бугун Англияда шундай машъала ёқамизки, уни ҳеч қачон ўчира олишмайди.
– Етар! – деди Битти. – Қаерда улар?
У ҳайратланарли даражада совуққонлик билан аёлнинг олдига келиб, унга тарсаки туширди ва саволини такрорлади. Аёл юзини Биттига қаратди.
– Уларнинг қаердалигини яхши биласиз. Акс ҳолда, бу ерда бўлмасдингиз, – деди аёл.
Стоунмен унга телефон орқали келиб тушган шикоят хатини узатди.
“Сити, Элм кўчаси, 11-уйнинг чордоғидан гумон қилишга асос бор.” Тагига имзо ўрнига “Э.Б.” ҳарфлари ёзиб қўйилганди.
– Бу қўшним миссис Блейк бўлса керак, – деди аёл бош ҳарфларга қараб.
– Қани, йигитлар, ишга киришдик!
Шундан сўнг ҳаммалари қўлларида ялтираб турган болталари билан қоронғи хоналарнинг эшикларини (берк бўлмаса ҳам) бузиб кириб, ҳамма нарсани ағдар-тўнтар қила бошлашди. Монтэг тик зинапоядан секин кўтариларкан, устидан китоблар ёмғири қуйиларди. Яхши иш бўлмади! Авваллари ҳаммаси осон кўчарди. Полициячилар келиб уй эгасининг оғзини ва қўлларини боғлаб, ўзларининг ялтиллаган қўнғиз автомобилларида олиб кетишарди. Ўт ўчирувчилар келишганда эса уйда ҳеч ким бўлмас эди. Улар ҳеч кимга озор етказишмас, фақат нарсаларни бузиб, ёқиб юборишарди. Нарсалар эса оғриқни ҳис қилмайди ва кейинчалик виждонингни қийнаб, йиғлаб, дод солмайди (бу аёл эса ҳозир йиғлаши мумкин). Сенинг ишинг – шунчаки тозалаш. Моҳиятан оддий тозалов. Ҳаммаси тартиб билан. Тезда керосинни сеп. Гугурт кимда?
Аммо бугун кимдир хатога йўл қўйди. Аёлнинг бу ерда бўлиши доимги тартибни бузаётган эди. Ўт ўчирувчилар унинг сукутидаги фарёд жарангини пасайтириш учун кўпроқ шовқин қилишар, бақиришар, кулишар, ҳазиллашишар эди. Аёл бўм-бўш хоналарни айбловчи чинқириқ солишга, у ерда елиб-югураётган одамларнинг устига силкиниб, айб чангини ёғдиришга мажбур қилаётган эди. Монтэгнинг ғазаби қайнади. Йўқ, бу нотўғри! Бу аёл бу ерда бўлмаслиги керак!
Китоблар Монтэгнинг қўллари, елкалари ва тепага қараган юзларига ёғиларди. Улардан бири қанот қоққан кабутар каби қўлларига аста қўнди. Хира ёруғликда китобнинг саҳифаси ялт этиб очилди. Иш шошилинч ва қизғинлигидан Монтэг унинг биргина сатрига кўзи тушди. Ундан ўқигани эса миясига яшиндек урилиб, қўрғошиндек қуйилди: “Вақт чошгоҳ қуёши нурларида ухлаб қолган эди”. У дарров китобни ерга улоқтирди ва шу заҳоти қўлига бошқаси келиб қўнди.
– Монтэг, бу ёққа чиқинг!
Монтэгнинг қўллари беихтиёр китобни сиқди ва кўксига босди. Тепада эса, чордоқда, шериклари ҳамма нарсанинг чангини осмонга кўтариб ағдаришар, китоб ва журналларни пастга улоқтириб, улардан тоғ уйишарди. Журналлар отиб туширилган қушлар каби пастга қулар, аёл эса уларнинг жонсиз таналари ўртасида ёш қизалоқ сингари қимир этмай турарди.
Монтэг ҳеч нарса қилмади. Ҳаммасини қўллари бажарди. Қўллари ўзининг ақли, ўзининг виждони билан бармоқларини ишга солди ва ўғрилик қилди. Кўзбойлоғичларнинг қўллари каби чаққонлик билан китобни қўйнига тиқди ва терлаган танасига маҳкам босди. Мана қаранг, ҳеч нарса йўқ! Мутлақо ҳеч нарса!
Монтэг қўлларини гоҳ узоқни кўролмайдиган одам каби узоқлаштириб, гоҳ кўзлари кўр одамдек бурнининг тагига олиб келиб ҳайрат билан қарарди.
– Монтэг!
У чўчиб ўгирилди.
– Нима қилиб қаққайиб турибсиз, аҳмоқ?!
Китоблар қуруқликка чиқиб қолган балиқлар каби сочилиб ётар, ўт ўчирувчилар уларни топтаб, у ёқдан-бу ёққа югуришар, сирпаниб йиқилишарди. Учиб тушаётган китобларнинг зарҳал ҳарфларда босилган сарлавҳалари бир ярқирар, сўнг ерга тушиб сўнарди.
– Керосин!
Насослар ишга туширилди ва ҳар бир ўт ўчирувчининг елкасидаги “451” рақами туширилган идишлардан керосин отилиб чиқа бошлади. Улар ҳар бир китобга, ҳар бир хонага обдан керосин сепиб чиқишди.
Сўнг ҳамма пастга қараб югурди. Монтэг керосин ҳидидан бўғилиб, қоқила-қоқила ҳаммадан ортда борарди.
– Бўла қолинг! – дея қичқиришди аёлга.
Аёл сочиб ташланган китоблар орасида тиз чўкканча турар, керосин сепилган муқоваларни, зарҳал ҳарфли сарлавҳаларни аста сийпалар, нафрат тўла кўзлари эса Монтэгга қадалган эди.
– Китобларимни ҳеч қачон олиб қўя олмайсиз! – деди аёл.
– Қонундан хабарингиз бор, – жавоб берди Битти. – Ақлингизни йиғиб олинг. Бу китоблардан бирининг гапи бошқасига тўғри келмайди. Йиллар давомида шу лаънати Бобил минорасида қамалиб яшаб келгансиз. Ташланг ҳаммасини. Буларда ёзилган одамлар ҳеч қачон бўлмаган. Қани, чиқинг!
Аёл бош чайқади.
– Ҳозир уйга ўт қўямиз!
Ўт ўчирувчилар чиқиш эшиги томон югуришди. Монтэг эса ҳамон аёл ёнида турарди.
– Уни бу ерда қолдирмаслик керак, – қичқирди Монтэг.
– Кўнмаяпти-ку!
– Унда мажбурлаб олиб чиқиш керак.
Битти қўлига ўт олдиргични олди.
– Биз бўлимга қайтишимиз керак. Бунақа мутаассиблар доим ўз жонларига қасд қилишга уринишади. Бунақалар кўп учрайди.
Монтэг аёлнинг тирсагидан тутди.
– Мен билан юринг.
– Йўқ, – деди аёл. – Нима бўлганда ҳам, сизга раҳмат.
– Ўнгача санайман, – деди Битти. – Бир, икки…
– Илтимос, – ялинди Монтэг.
– Кетаверинг, – деди аёл.
– Уч, тўрт …
– Юринг, – аёлнинг қўлидан тортди Монтэг.
– Мен шу ерда қоламан, – деди аёл секин.
– Беш, олти…
– Санашни бас қилсангиз ҳам бўлади, – деди аёл ва ушлаб турган нарсани кўрсатди.
Бу гугурт эди.
Буни кўриб ҳамма ташқарига отилди. Капитан Битти ўз обрўсини сақлаган ҳолда секин чиқиб борар, пушти товланган юзи минглаб тунги чақирувлар ва ёнғинларнинг акси уриб кетганидан ялтирарди. “Эй худо, – ўйлади Монтэг, – ростдан ҳам чақирувлар фақат тунда бўлади. Ҳеч қачон кундузи бўлмайди. Наҳотки аланга тунда чиройлироқ, ёрқинроқ кўрингани учунгина шундай бўлса”. Эшик олдида турган Биттининг пушти юзида бироз саросима кўринди. Аёл ҳамон қўлида гугурт тутиб турар, атрофини эса керосиндан кўтарилаётган буғ ўраб борарди. Монтэг яшириб олган китоб юрак каби кўксига ураётганини ҳис қилди.
– Кетинг! – деди аёл.
Монтэг беихтиёр Биттининг ортидан эргашди. Улар эшикдан ташқарига чиқишди, зинадан тушишди, кейин керосин илон изи бўлиб оқиб ўтган кичик ўтлоқдан ўтишди.
Аёл уларнинг ортидан эшик олдига келди. У жим қараб турди. Аёлнинг сукут ичра хотиржам нигоҳи уларни қораларди.
Битти ўт олдиргични ёқди.
Бироқ у кеч қолганди. Монтэг даҳшатдан қотиб қолди.
Аёл қўлидаги гугуртни ёқиб бўлган эди.
Одамлар уйларидан югуриб чиқиб, томоша қила бошлашди.
Бўлимга қайтишда ҳеч ким чурқ этмас, бирбирига қарамасди. Монтэг, олдинда Битти ва Блек бирга кетарди. Улар ҳатто трубка ҳам чекишмас, кўзларини йўлдан узмай боришарди. Улкан саламандр шаклидаги машина чорраҳалардан кескин бурилиб, бўлимга томон елдек учиб борарди.
– Жаноб Ридли, – деди Монтэг ниҳоят.
– Нима? – сўради Битти.
– Аёл “Жаноб Ридли” деди. Биз уйга кирганимизда ғалати гапларни гапирди. “Мард бўлинг, Жаноб Ридли” ва яна бир нималар…
– “Мард бўлинг, Жаноб Ридли. Яратганнинг марҳамати ила бугун Англияда шундай машъала ёқамизки, уни ҳеч қачон ўчира олишмайди”, – деди Битти.
Стоунмен ва Монтэг капитанга ҳайрон бўлиб қарашди.
Битти иягини ишқади.
– Бу гапни Латимер деган одам Николас Ридли исмли одамга 1555 йил 16 октябрда, уларни бидъатда айблаб, Оксфордда ёқишаётганда айтган.
Стоунмен ва Монтэг нигоҳларини яна йўлга қаратишди.
– Бундай парчаларнинг кўпини биламан, – деди Битти. – Капитанлар учун бу одатий ҳол. Баъзан ўзимга ўзим ҳайрон қоламан. КЎЗИНГИЗГА ҚАРАНГ, Стоунмен!
Стоунмен тормозни босди.
– Жин урсин, – деди Битти. – Сиз ишхонага олиб борадиган бурилишни ўтказиб юбордингиз!
* * *
– Ким у?
– Ким ҳам бўларди, – деди Монтэг қоронғида эшикка суяниб.
– Чироқни ёқ, – деди хотини бироз сукутдан сўнг.
– Йўқ, шуниси яхши.
– Унда ётиб ухла.
Монтэг хотинининг норози кайфиятда ўгирилиб ётиб олганини ва каравотнинг пружиналари ғичирлаганини эшитди.
– Ичдингми? – сўради хотини.
Ҳаммаси қўлларини деб бўлди. Ҳаммасига улар айбдор! У аввалига бир қўли, кейин иккинчи қўлининг эгнидан курткани аста ечиб, полга ташлаганини сезди. Шим эса қўлида бироз осилиб турди. Кейин уни ҳам жарликка ташлаб юборгандай қоронғиликка улоқтирди. Унинг бармоқлари заҳарланган ва тез орада у билаги, тирсаги ва бутун қўлига тарқаб, куракларига етиб боради. У курагидан бу курагига учқун каби сачрайди. Унинг қўллари оч эди. Очлик кўзларига ҳам ўтди ва энди улар бир нарсага қараб туриши керак. Нималигининг фарқи йўқ. Нимага бўлса ҳам, бирор нарсага, ҳамма нарсага қараб туриши керак.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.