Kitabı oku: «Ибройим Юсупов», sayfa 9
6
Шаҳар партия комитетининг иккинчи секретари Шомурадов чақирибди. Директорнинг қабулхонасидаги бўйра соч рус қиз келиб айтиб кетди.
Сўзи ҳам, ўзи ҳам русча бўлгани билан қорамтир бўйра сочига қўй кўзлари ярашиб, кўрганлар: “Эй, сен ҳақиқий рус эмассан-ей”, – деб ҳайрон бўладиган келишган қиз кирганданоқ унинг кабинетини кўзи билан текшириб чиққанда: “Ўтирган жойинг шуҳратингга мос эмас-ку”, – дегандай қараганини англаган Ибройим:
– Лена, фақир-фуқароларнинг кулбасига ҳам шундай келиб тур, – деб гап отди.
Болалар адабиёти муаллими бўлгандан кейин “кулба” деган сўзнинг русчаси тайёр эди. Марк Твеннинг машҳур асари “Том Сойернинг саргузаштлари”дан фойдаланди. Бироқ бу қиз асарни ўқиганми? Унинг авзойига қараб, ҳазилга унчалик ҳуши йўқлигини тушунди…
Сўнгги икки йилдан буён институтдаги аҳвол дуторнинг қантарилган торидай таранг, чертиб юборсанг узилиб кетгудек эди. Авваллари обком, совнарком деганларининг қаёқда эканига унчалик парво қилмайдиган олимлар, ўқитувчилар эндиликда комиссия келаяпти деса, капалаги учадиган бўлган. Қорақалпоқ адабиёти илмининг сарчашмасини очиб, уни “йўқ” ердан бор қилиб, керак бўлса, ёзма адабиётимиз ҳам бўлган, унинг манбаси нўғой давридан нарига кетади, деб бирдан уч-тўрт асрга олиб бориб ташлаган Давқораевни шу аҳволга солиб қўйгандан кейин бошқаларнинг жони қоладими. Ҳалиги Лена деган қизнинг ҳазилни унчалик ёқтирмаса ҳам, табассум қилиб жавоб бермаганида шундай хавотирнинг белгиси бор эди. У “Сизни горкомга чақиришаяпти” деган пайтида энди аҳволингиз не кечади дегандай ачиниб қараб кетганди. Ибройимнинг кўнгли тўқ эди. Амет Шомурадов туғишган оғасидай бўлиб қолган. Ишдан бўш пайтларида ҳордиқ чиқаргиси келганда уйига чақириб, шеър ўқишиб, замона зайли ҳақида дардлашиб турар эди. Елкама-елка бўлиб, борди-келди қилиб юришса ҳам зимдан бир-бирини ёқтирмаганлар кўпайиб бораётгандай. Нима бўлганда ҳам Ибройим ҳалигача Амет Шомурадов ҳақида ёмон гап эшитиб, тортишиб қолган одамларни кўргани йўқ. 1947 йили Москвага уч йиллик ўқишга кетганида қадри жуда билинди. У борлигида ёзувчилар юқоридаги раҳбарларга арз қилиб чиқавермас эди. Нима гап бўлса, Министрлар Кенгеси Бошлиғининг маданият, адабиёт, маориф бўйича ўринбосари Амет Шомурадов билан маслаҳат қиладиган, масала ечилмаса, юқорига ўзи олиб чиқадиган, шунинг учун кўп ёзувчилар, шоирлар ундан юқори раҳбарларнинг исми-шарифини билишмас эди.
Амет Шомурадов шоир сифатида ҳам биринчи қаторда бўлди. “Унинг “Эски мактабда” қиссаси, “Менинг йўлбарслар билан учрашувларим” ҳикоялар тўплами қорақалпоқ болалар адабиётида янги воқеа ҳисобланади, ўз навбатида бу соҳанинг алоҳида йўналиш бўлиб шаклланиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатди”.15
Бу ёзувчининг таржимаи ҳоли ҳам қизиқ. 1926 йилдан 1930 йилгача Чимбойдаги мактаб-интернатдан Қозоғистоннинг дастлаб Қизил Ўрда, сўнгра Оринбург шаҳарларида ўқиб келгандан кейин Тошкентдаги Ўрта Осиё давлат университетининг тайёрлов бўлимини битказади. Сўнг МТСда ем-хашак тайёрлаш станциясининг бошлиғи, кейинги йили Москвадаги чорвачилик институтининг зоология факультетида ўқиб, кейинги навбатда негадир маориф министрлигининг кутубхоналар бўйича инспектори бўлади. Ўша ердан Ўзбекистон давлат матбаа қўмитасининг (Тошкент шаҳрида) бадиий адабиёт бўлими директори бўлиб кетади. Уруш бошланган дастлабки йилдан маданият ишлари бўйича комиссариатни бошқариб, сўнг Қорақалпоғистон ҳукумати бошлиғининг ўринбосари лавозимида фаолият юритади. Ўз вазифасини бажариш билан бир қаторда Қуламет жировнинг “Чориёр”, Қурбонбой жировнинг “Қирқ қиз” достонларини ёзиб олиш учун уларни ўз уйида бир ойлаб яшатиб, олимларни бириктириб қўяди. Ўша пайтларда мазкур достонлар асосида драматик асарлар яратади…
Ибройим келганида кабинетида мажлис қилаётган экан. Коридорда узоқ кутди. Министрлар Кенгесидаги кабинети икки хонали, кираверишдаги қабулхонада қатор ўтирғичлар, юмшоқ булғори теридан ишланган диван, креслолар бор эди. Бу ерда хизмат кабинети қабулхонаси йўқ, коридордан тўғри кириладиган бир хонали экан. Киргач ҳалиги Лена деган қизнинг қилиғини қилиб, хонанинг ичини синчиклаб кўздан кечирди. Аввалги ҳашамат йўқ. Полга палос тўшалган. Аввалги кабинетда уч-тўрт телефон бўларди, бу ерда иккита экан. Фақат бир ўзгариш, катта радиоприёмник бор. Амет оғаси ҳамишагидай эгнида тим қора костюм, кўйлагига мос янги бўйинбоғ. Ибройимга доимо: “Кийиминг нақадар янги, қимматбаҳоли бўлгани билан ҳилвираб қолган кир бўйинбоғ тақсанг, эгнингдаги кийиминг бир тийинга қиммат бўлади, шунинг учун бўйинбоққа хушёр бўл”, – деяверарди. Жуда ёқимли, унчалик хушрўй кўринмагани билан кўзлари ёниб турадиган, очиқ юзли, келишган йигит. Ҳақиқатан ҳам қирчиллаган йигит ёшида. Умр йўлдоши, халқ артисти Айимхон Шомурадованинг ўзи ҳам гоҳида: “Менинг бўйинларимга ажин тушиб, худди Аметнинг онасидай бўлиб бораяпман, бизнинг йигитни мана бу туришини қара, ҳали қизга совчи қўйса бўлаверади”, деб мақтанар эди.
– Дам олиш учун ишхонадан рухсат беришди, ҳалиги ваъда бўйича иккаламиз Кисловодскка кетамиз.
Ибройим учун бу кутилмаган хабар бўлди. У ҳали ўйланиб улгурмаёқ Амет оғаси сўзини давом эттирди.
– Нукусдан у тарафларга учадиган самолёт Қозоғистоннинг Шевченко шаҳарига бир қўниб ўтади. Москва орқали кетсак, икки ерда – Қўстаной ва Пенза шаҳарларига қўниб ўтишга тўғри келади, у тараф узоқ. Москвадан кейин яна Кавказга йўл олишимиз керак.
Ибройим бу гапга ҳам индамади. Ростини айтганда, булардан бехабар эди.
– Сен ҳали Бибизода кетгандан буён Москвага бормагансан-ку, шундайми?
– Сиз билмайдиган сирим, Сиз билмайдиган аҳволим йўқ-ку, оға.
– Аҳволингдан қўрқма, шеърлар тўпламингни тайёрладингми?
– Битирай деб қолдим.
– Номини қўйдингми, номи нима бўлди?
– “Кунчиқиш йўловчисига” деб қўйдим.
– У нима? Шундай бир шеърингнинг сарлавҳасими?
– Бошланишини ўқиб берайинми?
– Қани, ўқи-чи?
Ибройим ёндафтарини олиб, бир қараб қўйди-да, ўқий бошлади.
Ўнгирида тебранган ёш қоратол –
Амударё сувларидан ороли.
Жанубида чўккан нордай Қоратов,
Шимолида оқ сазанли Ороли.
Ўз элингга сайр айлагин саломат,
Юрагингда мангу сақлаб кетишга, –
Кунчиқишга сафар қилган азамат,
Шошил, дўстим, бизнинг элга етишга.
У Амет оғасига қаради.
– Ўқи, ўқи, тўхтама.
Ибройим ёндафтарига яна бир қараб давом этди.
… Бизда сўз бор: меҳмон – ризқу барака,
Меҳмон кутиш Зийнати ҳар одамнинг.
Агар уйга беш кун меҳмон келмаса,
Чиройи очилмас мунис онамнинг…
Бу ўзи узунроқ шеър эди, ҳар бандини ўқиб бўлиб, қараган сайин, “бўлма, ўқийвер”, деб ишора қилар эди тинглаб ўтирган устози Амет оға.
… Бунда дўстлик азиз одам жонидан,
Ётсирамай яқинлашсанг агар сен.
Ҳар шаҳарлик, ҳар деҳқоннинг уйидан
Ўз уйингнинг қайноқ лабин сезарсан, –
деган сатрларни ўқиганида оғасининг кулимсираб, кўкраги гердайиб ўтирганини пайқади.
… Бизнинг Нукус – бешйилликнинг фарзанди,
Республика ифтихори ёш шаҳар,
Жанубида жон оғаси Тошкентнинг… –
деган сатрларни ўқиганида дафъатан ўзини радио диктори дея ҳис этиб, товуши баланд янграб, туйғуларга берилиб кетди. Барибир шеър узун эди, узмасдан охиригача ўқиди.
– Баракалла, иним, Қорақалпоғистонимга ўзим ҳам қайтадан ошиқ бўлиб қолдим. Ҳақиқий ода-қасида бўлибди.
Ибройимнинг кўнгли кўтарилиб, қайта-қайта миннатдорлик билдириб ўтирди.
Шу китобнинг номини, неча босма табоқ ҳажмда эканини кўрсатиб, нашриёт директорига ариза ёзасан. У сенга қалам ҳақининг учидан олдиндан пул беради. Ана шундан кейин Қоф тоғларига (Кавказ тоғларини бизда шундай аташади) бориб, сайр қиламиз. Эльбруснинг тепасига чиқиб, Матеке оғанинг Бибизода учун олиб келган оқ булутларини кўрасан, ўзинг ҳам чўмиласан.
Ҳашаматли уйларнинг эгалари орасида афсонага ўхшаган гап тарқалган: “Матеке юксак тоғларга саёҳатга борганда, альпинистларга баланд чўққиларнинг нариги томонидан оппоқ булутнинг бир парчасини опкелтириб, қизини шунга чўмилтирган экан, Бибизода шунинг учун оппоқ баданли паризод бўлибди”, – деган гаплар юради. Амет оғаси Эльбрус чўққиси ҳақида гапирганда шуни назарда тутган эди.
Қайтишда Москвага учираман… – У, лекин, дегандай мийиғида кулиб қўйди. – Ўзимизнинг поликлиникамизга бориб, ўпкаси шамоллаган, деган варақа тўлдиртир. Яна яшириб ёзиб юрмасин. Қабул қилишмай, қайтариб юборишади.
“Ибройимнинг ўпкаси оғриганга ўхшайди”, – деган гап тарқаб кетган. “Амет оға ҳам шу гапга ишониб, бултурдан буён “сени Кисловодскка олиб бориб даволатаман”, – деб юрганининг сабаби бу ёқда экан-ку…”
Ибройим олис йўлга чиқишга тайёрланишга киришди.
* * *
Самолётнинг думалоқ ойнасидан ерни томоша қилиб келаяпти. Минвода шаҳридан чошгоҳда осмонга парвоз қилишган эди. Ўн тўққиз кундан буён даволангани, дам олиб ҳордиқ чиқаргани ҳаммаси ҳавога учиб кетгандай. Фикру хаёлида биргина ваҳима: “Кечикмадимми? Ҳеч бўлмаса, мен боргунча омон бўлсин-да…”
Кўнгил деган нарса барини ёмонликка йўйгиси келаверади. Хаёлинг ундан бадтар ҳамма ҳис-ҳаяжоннинг олдини тўсиб, бўлмас ишни бўлдириб, барини остин-устун қилиб, гўё осмонни ерга теккудек энгаштиради. У самолётга ўтирганидан оғасининг жони узилган, онаси бечора ер муштлаб йиғлаб ўтирган, дўстларининг ҳаммаси эшигига йиғилиб келиб, бошини қуйи эгилтириб турган, Чимбойдаги овулга аллақачон хабарчи кетган, деган ёмон хаёлларни ўйлаб, барини кўз ўнгига келтира бошлади. “Чимбойга хабарчи жўнатиш шарт эмас. Бешинчи овулга фақат Абил оғага почтадан телефон орқали хабар беришса, бас…” У шу тарзда ишларни тезроқ битказиш йўллари ҳақида ўйлади. “Уни қаерга дафн этишади?” деган ўй келганда, юраги шувв этиб: “Қўй-эй, қаёқларга улоғиб кетдим. Омонликдир, ҳа, омонлик. У бундай ҳолатнинг қанчасини бошидан кечирмади. Бу сафар ҳам бардош беради. Иродаси кучли йигит, осонликча жон таслим қилмайди”.
Ҳов бирда ҳушидан кетиб, бир ҳафтада ўзига келганида мийиғида кулиб:
– Болалари чалажон, эси бутунлари улғаймаган бир қари чол тўқайдан ўтин орқалаб келаётганда тўқишиб, қаттиқ йиқилганга ўхшайди. Алламаҳалдан кейин ўзига келиб қараса, арқонда боғлаган ўтини сочилиб ётибди, ўзининг тиззаси шилиниб қон оқмоқда: “Ҳа, Худойим, жонимни олмоқчи бўлдингми? Олиб бўлибсан, болаларим ҳали ёш, бу жонни ишлатиб-ишлатиб, адо бўлгандан сўнг бўли-и-иб бераман”, – деган экан. Шул айтгандай, мен ҳам сени уйли-жойли қилмасдан ўлмайман, – деган эди. У ўшанда ҳам тузалиб кетди-ку, – деб ўзига тасалли берди Ибройим. Хаёлини чалғитмоқчи бўлиб самолётнинг ичига кўз югуртирган эди йўловчилар бошини ён томонга қийшайтириб ухлаб ётишибди. Ёнидаги ўрта ёшдаги бир аёл самолёт қўзғалганидаёқ “Ё Аллоҳ!” деб белига бойланган камарини икки томонидан маҳкам ушлаб, тахтадай қотиб ўтиргани билан барибир кўзи илинибди. Аввалги ўтириши яхши экан, ўзининг осмонда қалқиб бораётганини унутиб, ҳеч бўлмаса шу қўрқувдан қутулган эди. Теваракка қарайман деб, мана бу самолёт ростдан ҳам худди тўлқинли денгизда қалқиб сузаётган кемадай, баландга кўтарилайин деса, кучи йўқ, пастлаб кетишдан қўрқиб, шу муаллақ баландликни зўрға сақлаб келаётгандай дириллаши капалагини учирайин дейди. Нукусдан учганида жуда қўрққан эди, бироқ ёнимда ҳукумат раҳбари бор, учувчилар эҳтиёт бўлиб учишар, деган хаёлга борган, бунинг устига Амет оғасининг олдида қўрққанини билдирмасликка тиришган эди.
Бугун бир ўзи ҳамроҳсиз учиб келаяпти. Кеча Амет Шомурадов Кисловодскдан уйига қўнғироқ қилса, Маденнинг касалхонада ҳушидан кетиб ётганига тўрт-беш кун бўлганини айтишган. Онаси келиб: “Айимхон қароғим, боламга хабар бер, менинг шўрим қуриб қолайин деб турибди-яй. Ибройимжон келмаса, мен ўлар ҳолатга келдим”, – деб йиғлабйиғлаб кетган экан. Амет оғаси: “Энди бир ҳафтадан кейин сени Москвага учириб, ўзим юртга қайтмасам, у ёқда аҳвол қийинлашиб, Нажим, Қалли оғалар қаттиқ зуғумга учраганга ўхшайди”, – деган эди. Мана бу хабарни эшитиб, айни бугун Нукусга самолёт учадиган кун экан, санаторийнинг автобуси билан Ибройимни Минвода шаҳрига жўнатди.
У киши санаторийда буни қаттиқ назорат қилди.
– Сен, иним, саёҳатга эмас, даволанишга келдинг. Омонлик бўлса, ҳали кўп марта келиб, бу ерларни кезиб, томоша қиласан. Кундузи ҳеч ёққа кетиб қолмай, муолажаларни ол. Кечқурунлари сайр қилганинг етади. Мен сени овулга соппа-соғлом йигит қилиб олиб боришим керак…
Амет Шомурадов бу ерларга ҳар йили келавериб, ҳамма таниш бўлиб қолган. Санаторий бош шифокорининг ўзи олдига тушиб, жойлаштирди. “Халқ артисти қаерда?” – деб Айимхон янгасини сўради.
– Бердақ ҳали эмизикли, уйдан чиқолмади, – деганига қараганда болаларининг отларини ҳам биладиганга ўхшайди. Депутат, ҳукумат аъзолари кўпчиликни ташкил қилиб, шунга кўра ҳар бирини алоҳида жойлашган, овқатланадиган жойлари ҳам бўлак экан. Бир келганини айтмаса, оғасини атайин бориб кўрадиган бўлди. Бир-икки марта Эльбрус чўққисига чиқишаётганда Пятигорскдаги Лермонтов яшаган уйни, Есентукини бирга бориб кўришди. Уларнинг йўлланмаси йигирма тўрт кунлик экан, лекин мана бу аҳволдан кейин беш кун аввал қайтиб келаяпти.
Кавказ дегани туркий тилли халқларнинг жойлашган ери экан. “Пятигорск” дегани – “Бештов”, “Есентуки” дегани – “Эсон тўқ” яшаяпмиз дегани, “Аюдаг” дегани қадимги “Айиқтов” дегани экан. Жой номларида ҳам “Қизилтош”, “Қўнғиртош”, “Ойнакўл”, “Нарзан” каби атамалар кўп. Бизнинг достонларимизда “Қоф тоғи” Кавказ эканини аниқ билиб олди. Ўзбекча эртакларда ҳам Қўҳи Қоф деган сўз кўп учрайди. “Кўҳ” дегани “Тоғ”-ку, ахир.
У ёққа боришганидан кейин бир ҳафта ўтгач Амет Шомурадовни узун бўйли, эгнида қимматбаҳо костюм-шим, устидан оқ рангли, тик ёқали плаши ярашган, бошидаги қоракўл теридан юмалоқ қилиб тикилган папоғи кавказлик эканини билдирадиган, бизни овулнинг йирик, бақувват полвонларига ўхшаган бир йигит ёнида икки ҳамроҳи билан излаб келди. Улар қучоқлашиб кўришдилар. Телефон орқали сўзлашиб, келишишган бўлишса керак, Ибройим иккаласини икки машинага ўтқазиб олиб кетишди. Ўша куни Бештов қалъасининг сўлим жойларидан ўтиб, тоғнинг қоясига солинган, узоқдан қарасанг, “қулаб кетмай қандай турган экан”, деб ўйлайдигандай минорали, икки қаватли бинога келишди. Бу уй уларнинг ўзлари кулба дейишгани билан ёнига борсанг, ҳайбатли, ҳамма жойи тошдан қурилган, овлоқ иморат экан. Олисдан кимсасиз, ёлғиз жой кўрингани билан чор атрофи одамларга тўла. Кунботиш тарафида узун темир қўрада сихга тортилган кабобларни лаълдай чўғда товлаб, икки чеккасидан икки киши елпиб туришибди. Яна икки-уч жойда овқат тайёрланмоқда, кимдир сув сепиб, кимдир идиш-товоқларда егулик, мева-чева ташиб юрибди. Баламан, сурнай, зурна ва бўйнига ноғора осган йигитлар улар машинадан тушишлари биланоқ грузинча мусиқа чалиб юборишди. Эшикнинг олдида бурка ёпинган, папоқ кийган ўнлаб йигит турнақатор бўлиб, уларни кутишмоқда. Зиёфатга келишаётганини Ибройим аввал бошданоқ сезса ҳам, айнан шундай тантанали кутиб олишади деб ўйламаган эди.
Уларнинг изидан яна иккита машина келиб тўхтади. Таклиф этилганларнинг аксарияти қорақалпоқ йигитлари, бири Кегайлидан МТС директори, Хўжаэли райкомининг иккинчи секретари ва Тўрткўл, Берунийдан келган йигитлар бор экан. Ҳамма йиғилиб ташқи эшикдан ичкарига киришиб, ойнаванд айвонда ноз-неъматга тўла дастурхон ёзилган узун стол теварагига жойлашиб ўтиришди…
Зиёфатда тамаки чекиш учун берилган биринчи танаффусда Амет Шомурадов меҳмонга келган қорақалпоқ йигитларни тўплаб, бу қадар катта иззат-ҳурматнинг сабабини айтиб берди.
– Бундан уч йил аввал бизлар Нажим Давқораев иккаламиз мана шу санаторийга келган эдик. Даволовчи шифокоримиз Тўхтамурод деган йигит қорачой миллатига мансуб экан. Тилларимиз ниҳоятда ўхшаш, худди туғишганлардай бўлиб қолдик. Ота-онаси Есентукида яшашар экан. У жума куни кечқурун бизга уйига борадиган йўлни чизиб бериб, дам олиш куни меҳмонга боришимизни тайинлаб кетди. Отаси маданият соҳасида раҳбар вазифасида ишлар экан. Овулининг ярми қорачойлар, ярми нўғойлар экан. “Ҳаммамиз нўғойлар давридан тарқаганмиз. Уларнинг тили қорақалпоқларга бизларникидан ҳам яқин”, – деб руҳлантириб кетди.
Ваъдалашган кун йўлга чиқдик. Санаторийнинг бош шифокори ҳам жуда кўнгилга яқин бўлиб қолган. Ундан машина сўрамасдан, такси билан борамиз десак, Есентукига бу ердан машина топиш қийин экан. Йўловчи машина кутиб кўп пойлаб қолдик. Ва ниҳоят йўлда яп-янги машина келаётгани кўринди. Қўл кўтардик, ёнимиздан сал ўтиб тўхтади-да, ҳайдовчи машинадан тушди, келишган йигит экан.
– Ҳа, қадрдонлар, йўл бўлсин? – деган саволига чала-чулпа жавоб бердик-да, тез ўтириб олдик. Биз меҳмонга бораётган хонадонга озгина совға харид қилмоқчилигимизни айтиб, ҳайдовчидан биронта дўкон олдида тўхтаб ўтишини сўрадик. Совға харид қилгач, энди Есентукига, мана бу манзилга олиб борасиз, деб қўлига манзил ёзилган қоғозни тутқаздик.
– Кечирасизлар, мен бора олмайман, шошилинч ишларим бор, – деди у сипойигина.
Биз эса, олиб борасан, деб туриб олдик. У иложи йўқлигини айтаверди. Гапимизга кўнмайвергач, озгина сиёсат қилишимиз керак бўлди: “Биз Олий Советнинг депутатларимиз. Ишхонангдан гап тегадиган бўлса, қўлингга хат ёзиб берамиз”, – деб туриб олдик ва эгнимиздаги плашнинг тугмаларини ечиб, костюмнинг ёқасига қадалган депутатлик нишонимизни кўрсатдик. Машина ҳайдовчиси бизларга қараб озгина кулиб турди-да, машина эшигини очиб, ташқарига чиқди. Биз ҳам қизиқиб, машинадан тушдик. У ҳам бизларга: “Ҳой йигитлар, қўймадингиз-ку”, – дегандай қараб турди-да, устки кийимини ечиб, машина ўриндиғига ташлади. Қарасак, унинг ҳам ёқасида “СССР Олий Советининг депутати” нишони қадалиб турган экан. Бир-биримизга қараб кулишдик, сўнг Нажим оға биринчи бўлиб қучоғини очди-да: “Қани, қадрдоним, энди шундай бўлгандан сўнг, яхшилаб танишайлик”, – деди. У йигит ҳам қучоғини кенг очиб, биз билан навбатма-навбат қучоқлашди. Исми-фамилиямизни айтиб, биримиз Қорақалпоғистондаги илмий-тадқиқот институти раҳбари, Ёзувчилар уюшмаси раиси, иккинчимиз Министрлар Кенгеси раисининг ўринбосари эканимизни айтишга тўғри келди. У шу атрофдаги уч шаҳарнинг бирлашган автомобиль транспорти бошқармасининг бош директори экан, бизларнинг йўлда туришимизни кўриб, тўхтамай ўтиб кетишга уялган экан.
Нажим оға кўпни кўрган, танти, қўли очиқ, далли йигит-ку. Бирдан гап бошлади-да: “Қани, Вахтанг (исми шундай экан), сен эртага ўнта йигит билан кел, дастурхоннинг устида ўтириб танишайлик”, – деб ташаббусни ўз қўлига олди. Вахтанг сал тўхтаб турди-да:
– Ундай бўлмайди, бизлар тоғ халқларимиз, ўз юртимизда меҳмонни ўзимиз кутамиз. Сизлар келаси шанба куни шу атрофдаги санаторийларда дам олаётган барча юртдошларингизни йиғиб, кечки соат олтида мана бу ресторанга келасиз, – деб манзилини айтди. Бизларга бошқа машина топиб бериб, хайрлашди.
Шу билан эртаси куни чор-атрофдаги йигитларимиз билан хабарлашиб, ваъдалашган куни ўн етти йигит бўлиб, айтилган жойга бордик. У ҳам йигирматача йигит билан келган экан, рестораннинг ҳамма залини банд қилиб, худди эртакдагидай қилиб зиёфат берди. Биз ҳам бўш келамизми, ўтиришнинг якунида Нажим оға ўртага чиқиб, шу зиёфатга йиғилганларнинг жамоат ёппасига, келаси шанбага, айнан ўша вақтда меҳмонга таклиф қилди. Улар ҳам келишга ваъда беришди. Эртасига тонгда Нукусга қўнғироқ қилдик. Ҳафтанинг учинчи куни самолёт келади, ўша рейсда зиёфатнинг харжини етказиш бўйича топшириқ бердик. Ота-оналаримнинг келиб чиқиши Кегайли бўлгани билан, туғилган ерим Хўжаэли тумани. Колхоз раиси бўлиб ишлайдиган бир дўстим бор эди. Нукусдагилар харажат билан ўшани жўнатишибди. Ана ўшандан буён анов узун бўйли, виқорли Вахтанг Георгиошвили деган йигит билан дўст бўлиб қолдик. Шу ерга келишимизнинг сабаби ҳам шундан…
Одам хаёлининг бундай югурик, тез ўзгарувчан бўлгани ҳам яхши. Йўқса, у ғам-қайғуга берилиб ўтираверар эди. Ҳали аниқ бўлмаган ваҳимани ўйлайвериб, эзилиблар кетасан. Маденга алоқадор ёмон ўйларини ҳайдаб, шуларни ўйлаб ўтирганда самолёт Шевченко шаҳрига ҳам қўниб, яна қайтадан осмонга кўтарилди. Энди Нукусга боргандан кейин бажариши керак бўлган ишларнинг икки вариантини режалаштириб, қандай ҳолатда ўзини қандай тутиши кераклигини ўйлаб қўйса бўлади. Ногаҳон хаёлига бир сатр шеър келди. Абу Наср Фаробий бобомиз хаёлингга яхши ўйлар келганда ёзиб қўй, қоғоз топмасанг, дарахтнинг баргига бўлса ҳам ёз, дегани ёдига тушиб, қўлини ён чўнтагига суқса, бир варақ қоғоз илинди. Қараса, ўзининг “Соғинч” деган шеъри экан. Уни ёзганига ҳали бир ҳафта ҳам бўлгани йўқ. Қайта-қайта ўқиб, шеър почта орқали Бибизоданинг қўлига етгандан кейинги ҳолатини кўз олдига келтириб юрганда, кутилмаганда ўша шеър ён чўнтагида қолиб кетганини энди сезди… Нукусга боргандан почта орқали юборишга қарор қилди. Бироқ яна қайтадан ўқигиси келди.
Саҳар вақти чиқсам Машук тоғига,
Кулди кунчиқишдан тонгнинг юлдузи.
Кумуш булоқларнинг шўх қайнаши ҳам
Сени эсга солди, Амунинг қизи.
Тоғдан оқ булутни ҳайдаса шамол,
Силкиб тургандайсан мен учун рўмол,
Сув ичишга келган бир гўзал марл
Сенга ўхшар экан, Амунинг қизи…
Негадир ўз-ўзидан ҳаяжонланиб кетди. Шеърни ёзиб бўлдим деб, ўзича сўнгги нуқтани қўйгандан сўнг қайта ўқиганда, худди шундай бўлган эди. Соғинч, ишқ азоби, кунига минг бора такрорланадиган чексиз муҳаббат дардлари.
… Шамол шитирлатса япроғин толнинг,
Сени келдими деб кўп бор алдандим.
Пириллаб учганда қоядан Каклик,
Жамолинг эслатар, Амунинг қизи.
Кўрсам “шарқ-шарқ” кулган сувларин сойнинг,
Тинглаб чўпон чалган куйин сурнайнинг,
Шунда бир сен бўлиб шодлигим-қайғум,
Кўз олдимда турдинг, Амунинг қизи.
Кавказда қандай гўзал нарсаларни, ҳайбатли тоғ чўққиларини, зилол сувли булоқ бошида ку-кулашиб турган жуфт кабутарларни кўрганда ўзи ёлғиз эмас, ёнида севгилиси Бибизода бирга юргандай… Буюрса, ҳали худди шундай бўлади, у билан бу ерларнинг ям-яшил майсаларини босиб, “Сеҳрли сарой” ҳавосидан нафас олиб юрамиз, деб ўзини ишонтиради.
Зилол булоқлари қандай озода,
Сенинг кўнглинг янглиғ тиниқ ва тоза,
Тоғлар уйғонади, кўнглим ғамзада,
Армоним ўзингсан, Амунинг қизи.
Соғинчлар тугатиб бор тоқатимни,
Тош устида туриб ўқиб хатингни,
Ёзсам ёш эманга ўйиб отингни,
Тоғлар ёдлаб олди, Амунинг қизи.
“Хатлар қайда? Қолиб кетмадими?” – деб ўйлади у. – Қолгани йўқ”. “Хат” деяётгани муҳаббати жуда яширинча, “куйдим-ёндим”и ундан ҳам сирли, сўзга қизғанчиқ қиздан ўтган йиллар ичида ҳаммаси бўлиб учта хат келди. Уларнинг ҳам бирини ёзги таътилда ўзи билан олиб келган эди. Ибройим уларни ота-бобосининг руҳига ўқийдиган фотиҳа-тиловатдай ёдлаб, авайлаб олиб юради. Энди унга ҳалиги шеърлар қўшилди. Энг асосийси, ўзи қайта-қайта ўқийверадиган ва қорақалпоқчага таржима қилишни ният қилиб қўйган “Шоирнинг ўлими”, “Ханжар”, “Ўйлар” шеърлари, “Мцири”, “Демон” достонлари билан “Замонамиз қаҳрамони” қиссаси муаллифи, рус шеърияти осмонида ярқ этиб ёнган юлдуз, йигирма етти ёшга етар-етмас жувонмарг бўлган, Пушкиннинг ўлимига бағишлаб 1837 йили “Шоирнинг ўлими” шеърини ёзгани учун Кавказга ҳарбий хизматга сургун қилиниб, Пятигорск (Бештов)да 1841 йили дуэлда ҳалок бўлган шоир Михаил Лермонтов яшаган уйга борганида қаттиқ таъсирланди.
… Ойнаси очиқ, ўзи йўқ,
Шеъри ётар битмаган.
Деворга илинган пистолет
Ўқловли чиқар кек билан?
Кавказда ёш шоир юрагига ҳаяжон солган воқеалар, унутилмас таассуротлар кўп. Улар ҳали янги тўпламига бир туркум шеърлар бўлиб қўшилади. “Кавказ, яшил тоғлар ўлкаси, салом, Гулга бурканган ер қундузи, салом!” деб бошланадиган катта шеърлар туркуми дунёга келажак…
* * *
Нукусда самолётдан туша сола дўстларини излади. Улар нечов? Кўринишлари қандай? Агар тақдирга тан беришдан бошқа илож қолмаган бўлса, бари олдинга чиқиб туришлари мумкин. Чиққанлар оз бўлса ёки ҳеч ким чиқмаса, унда Худо марҳамат қилгани шу… У шундай ўйлар билан олға қараб энтикиб қадам ташлади. Аллоҳ берган Эломон, Қирбурун Ўрозақ билан Холмурод турган экан. Уни кўришганида бошларини тик тутиб, рўпарасидан шошилмай келаётганларини кўриб, кўнгли тинчлангандай бўлди. Апоқ-чапоқ бўлиб кўришишгач пединститут билан бир кўчада жойлашган вилоят касалхонаси томонга қараб йўл олишди. Уруш йилларида Тўрткўл шаҳрини сув босгандан кейин касалхона шу ёққа кўчирилган эди. Бир қаватли иморатнинг ташқи томони кўрган кўзни қувонтирадиган даражада эмас. Улар Маден ётган палатага кириб боришганда онаси Хонзода биби ҳеч кимнинг хаёлида йўқ Марал билан бирга беморнинг оғзига қошиқда шўрва қуйишаётган экан. Онаси Ибройимни кўриб йиғлаб юборди.
– Она, сиз бардошли эдингиз-ку, йиғламанг…
Ибройим унинг икки қўлини панжалари билан қисиб, шўрғалаб турган кўз ёшларига қаради.
– Шукрим кўп, чироғим, нолишни бас қилдим, бас қилдим, – деди-да, ўғлининг қўлларини ўпди. Аста-аста йиғисини босди.
Ҳалидан буён бир чеккада кўзга ташланмай турган Маралга кўзи тушиб, ҳол-аҳвол сўрашди.
– Сизлар танишмисизлар? – деди Ибройим гоҳ онасига, гоҳ қизга қараб.
– Бу қизим барака топсин, Маден касалхонага ётган кундан буён менга қарашиб турибди.
Ибройим палатанинг ичига назар солиб қараса, икки ўринлик хона экан.
– Маден институтдан чиқиб бораётиб ариқдан ҳатлаган вақтда осколкаси хуруж қилиб, ҳушидан кетиб йиқилган. Кўрганлар “Тез ёрдам” чақирган. Бизлар Бабош иккаламиз тонгда эшитибоқ келсак, онамиз бир кўрпача тўшаб, Маденнинг каравотига суяниб ўтирган экан. Бош шифокор келиб, мана шу палатага кўчирди.
Ўразоқнинг сўзини маъқуллаган онаси:
– Бир-икки кундан бери Бабош болам жўраларни галма-гал навбатчи қилиб қўйибди. Худойим, барчаси бола-чақасининг роҳатини кўрсин, менга катта ёрдам беришмоқда. Мен уйга бориб-келиб юрибман.
Эламон “бола-чақасининг роҳатини кўрсин” деганда ҳали уйланмаган Холмуродга қараб қўйди. Марал йигитларнинг ичида кўп туравериш ноқулай бўлгани учун рухсат сўраб, чиқиб кетди…
Беморнинг кўзи юмуқ, билинар-билинмас нафас олиб ётибди. Ибройим унинг қўлларидан ушлаб, қайта-қайта сийпалади. Қулоғига энгашиб: “Маден, мен келдим, қалайсан?” – деб бир-икки марта шивирлади. Эшитгандай сезилмади. Оёқларини ушлаган эди, муздай экан, қўрқиб кетди.
– Ушлаб кўринг, олдин ҳам шундай эдими?
– Ўзи олдиндан ҳам оёғи исимайди, ўраб қўйсак, тепиб ташлайди, – деди онаси.
– Ётганидан буён кўзини очдими?
– Кўзини очмади, гоҳида инграб, бир ёнбошга ағдарилмоқчидай бўлади, бошини қимирлатсак, чинқириб юборади. Бошининг ичидаги темир миясига тегади шекилли. Шунинг учун яна ҳушини йўқотади. Докторлар бошини қимирлатманг, деб тайинлаб қўйишибди…
Ўша куни Ибройим уйига бориб, яна касалхонага қайтди. Маденнинг шу ётиши. Оғзига қошиқни олиб бориб, жағини сал очсанг, қуйган суюқ овқатингни ютади. Кўзини жўрттага юмиб ётгандай, эс-ҳуши жойидадай кўринади. Ибройим шунинг учун умидлана бошлади. Ҳушига келиши керак.
Санаторийга борганида Тўқмурат врачга оғасининг тез-тез ҳушини йўқотиб, гоҳида узоқ ётиб қолишини айтиб берганида: “Комага тушган одамнинг қулоғига яхши сўзларни, уни руҳлантирувчи мақтов сўзларни айтавериш керак. Мия ўлмайди, доим эшитиб туради. У билан аввалгидай уйрўзғор ишларини, янгиликларни, юз берган қувончли воқеаларни суҳбатлашиб ўтиргандек айтиш керак. Тезроқ ҳушига келишига ёрдам беради”, – деган эди. Ибройим келганидан бери тўшакларини ағдариб-алмаштириб, товони, кафтларини аста уқалаб, елкаларини силаб-сийпалаб қўймоқда, лекин ҳеч ўзгариш йўқ. Ёнидаги каравотда ёстиқни баланд қўйиб, шифтга қараб ўйланиб ётди. Негадир бирдан кўнгли бузилиб кетди.
– Бизнинг нима гуноҳимиз бор экан? – деб бошлади товушини кўтариб, бу Маденга ҳам эшитиладигандай эди. – Бу қандай синов бизга? Отамизни ёшлигида олиб кетди. Тўрткўлдами, Тошовуздами, қайси турмада ўлганини, қаерга кўмилганини ҳам билмаймиз. Ҳали эсимизни билиб-билмасдан пешонамизга “Халқ душманининг болалари” деган тамға босилди. Отамиз тирик бўлганида қандай одам бўлардик, бари шундан бошланди. Онамиз ҳам ҳеч нарсани кўрмаган, қўлида ҳунари йўқ, ёшлигидан есир қолди. Халққа раҳмат, Юсуф охуннинг чанғароғи деб кўп ёрдамлашди, ҳукумат бирини билди, бирини билмади. Сен ор-номусли, юракли, яхши йигит бўлиб чиқдинг, Маден. Сенинг орқангда мен ҳеч кимдан жабр чекиб хўрланмадим. Вой-бўй, қандай йигит бўлиб эдинг, овулдан чиқибоқ, Чимбойнинг кўкаманларига ўзингни танитдинг. Ким шаҳарга бориб киссавурдан ёки йўлтўсарлардан жабр кўрса, ўша вақтда етиб бориб Озод овулнинг устига чивин қўндирмадинг. Негадир, ёшинг тўлмаса ҳам яшириб, армияга кетгинг келаверди. Охири уруш деган балога дучор бўлдинг. Унга ҳам худди тўйга борадигандек ошиқдинг. Арслондай йигит эдинг, энди мана бундай ётишингни қара. Уруш деган лаънатининг бизни замонимизга дучор бўлганини қара. У бўлмаганда Пақирбой оға бу вақтга қадар сени ўзининг ўрнига қўйиб, “Победа” миниб юрармидинг.
Мен сенга ишониб, бўш-баёв бўлиб ўсдим. Ҳунар ўрганмадим. Ўтинга борсак, эшак етакладим, ўт ўрсанг – боғладим. Умримда бир марта ер ҳайдайман деб, отнинг оёғини позна (омоч)га кесдириб қўйдим. Урушга кетган Солий омборчининг ўрнида ишлайман деб, беш килограмм дон учун қамалиб кетайин деб турган пайтимда “Генжа хотин” янгам бир тана16сини бериб, мени қамоқдан олиб қолди. Хуллас, мен сенга ишониб, сенинг орқангда ҳеч иш қила олмадим.
Ҳозир ҳам қўлимдан ҳеч иш келмайди, на бир нарсани бир нарсага уриштириб пул топа оламан, на станокда бирон нарса ясай оламан. Менга қоғоз бер, қалам бер, олдимга қаттиқ нон ташла-да, бир хонага қама, шеърдан тоғ яратиб бераман. Ҳозир ўзимга кўпроқ ишонадиган бўлиб бораяпман. Яхши шоир бўламан, юзингни ерга қаратмайман, менинг оғам бўлганинг учун тўлиб-тошиб юрадиган бўласан.
Эй, Маден! Қандай йигит эдинг, мен ҳам сенинг ҳайбатинг, йигитчилик мартабанг билан мақтаниб ўсдим. Манави номи ўчгур уруш деганнинг қилган қилмишига қара, сени шундай аҳволга солган, – деган пайтда палатанинг эшиги очилиб, медсестра кўринди. У кирмасдан аввал бунинг сўзларини тинглаб турган бўлса керак, иккаласи гаплашиб ўтиришибдими дегандай, беморга қараб қўйди. Ҳеч нарсага тушунмай “Доктор керак эмасми?” деди.
– Йўқ, ҳали ўзгариш бўлмади, – деди Ибройим. Қиз чиқиб кетди.
У сўзини давом эттирмоқчи бўлиб: – Аёлинг Тиллахон, – деб бошлаган эди бу масалани ҳозир қўзғаш керакмаслигини сезиб, дарҳол тўхтади.
– Мен ўн икки мучам соғ бўла туриб, сенинг шу юришингда бажараётган нарсаларингни ҳам ўхшата олмайман. Сен руҳан кучли йигитсан, оғриқларингни енгиб келдинг, ҳали ҳам енгасан. Шукр қилайлик, Маден, бизга берган синовлардан ўтиб, шу ергача келдик-ку. Ўзинг билан бир кунда урушга кетган Тўрамбетов Холмурод қайда қолди. Оти-зоти номаълум бўлиб кетди. Сенинг бу мўътабар элга қовуштирганининг ўзига шукр қилайлик. Бошингни кўтар, Маден, анови бошлаган иморатингни битказ. Мен ичига гўзал келин опкелайин, онамизни қувонтирайлик, унга хизмат қилайлик, йигирма йилнинг есири, қолган умрини бизлар туфайли шоду хуррам яшасин…
Ибройим бу сўзларни гапираётганда образга кириб, ким учун сўзлаб, нима деяётганини унута бошлаган эди, унинг бу сўзлари ҳақиқатан ҳам Маден учун, уни тилга келтириш учун эмас, ҳаётида бошидан кечирганлари ва келажакдаги ниятлари ҳақидаги монологи эди. Бир вақт Маденнинг қўллари сал қимирлаб, инграй бошлади. Бошини қимирлатманг, деган гап ёдига тушиб, Ибройим учиб турди. Бош учига яқинлашган эди бемор секин кўзини оча бошлади. Кўз нури тўғри шифтга тикилди, бироздан кейин кўз чаноғи қўзғалиб, қорачиғи катталашиб, Ибройимга қаради.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.