Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Парвоз ёки интуицияни кодлаш»

Yazı tipi:

ПАРВОЗ ЗАВҚИ

Ҳаёт мазмунини, мақсадини, ўзлигини излаётган инсонларга бағишланади.


ИНСОНИЙЛИКНИНГ УЧ ХИЛ КЎРИНИШИ

 
Била олмам, аё ноқобил авқот —
Нечук жонсан, нечук тансан, нечук зот.
 
Сўфи Оллоёр

Одамзот моҳиятига қараб уч тоифага бўлинади.

Биринчи тоифа инсонлар. Бу тоифага ер юзидаги одамларнинг тахминан тўқсон етти фоизини киритиш мумкин. Маърифат тили билан айтганда, булар «уруғ» одамлар. Дунёга «уруғ» бўлиб келиб, шундай кетади. Табиатан маълумки, уруғ ўз-ўзидан униб чиқмайди. Дон кўкариши учун унга сув, ҳаво, ўғит ва парвариш керак бўлади.

Мисол тариқасида, пилла қуртини олиб қарайлик: Кичкинагина ипак қурти личинкаси тут дарахти барглари билан озиқланиб, кейинчалик қуртга айланади. Энди у ҳаракатлана олади, яъни ундаги қимирлаш хусусияти том маънода ҳақиқий ҳаётини бошлайди. Ҳаётнинг қонуни шу – тирик жон борки, қимирлайди, тиниб-тинчимайди. Ишбилармон, ижодкор кишилар ҳам шу оддий табиат жонзоти кабидир. Доим ҳаракатда бўлишади. Бироқ ҳаммаям бирдек эмас.

Инерт сўзи фанда «ўлик» деган маънони беради. Буни яна юқорида келтириб ўтганимиз уруғ мисолида кўриб чиқамиз. Уруғ инерт бўлади, қимирламайди. Агар унга сув, озуқа, парвариш берилмаса, «дон»лигича қолиб кетади.

Дунё бўйича одамларнинг 3–5 фоизи табиий, ўзлари интуитив ҳолатда, мустақил равишда камолга етади. Бу уруғнинг майса бўлиб кўкариб чиққани кабидир. Майсадан гулга айланиш эса, инсоннинг комиллик, пиру комиллик сифатларига уйғунлашиб кетади. Бугунги кунда маънавий баркамол инсон тушунчаси давлат сиёсатининг ажралмас бўғинига айланган. Бу тушунчалар беҳуда эмас, бунинг замирида жуда катта ҳикмат бор. «Уруғ» бўлиб қолиб кетма, ҳеч бўлмаса «ниҳолга айлан» деган тушунча ётибди. Азизлар, валийлар, авлиёлар, пайғамбарлар умр бўйи баркамоллик йўлидан олға юришган. Пайғамбарлар ҳаёт моҳиятини яхши тушуниб, Ҳақни англаб, шу ҳақиқатни бошқаларга ҳам етказа оладиган одамлардир. Улар ўзларидан юксак тафаккур боғини қолдирдилар.

Иккинчи тоифадаги одамлар эса, қурт каби ҳаракатчан кишилар. Ҳамиша бир ишнинг бошида бўладилар. Ахир оддийгина ниҳол ҳам ҳали униб-ўсиб чиқиб, кейин мевали дарахтга айланиши керак. Личинка билан пилла қуртининг ўртасида еру осмонча фарқ бўлганидек, қурт билан капалакнинг ўртасида ҳам узоқ масофа бор. Моҳиятига нисбатан олиб қарайдиган бўлсак, капалак бошқа, қурт бошқа. Яъни, капалакка айланадиган қуртлар капалакни кўрса умуман танимайдилар. Чунки улар учун капалаклар ҳозирча умуман бошқа бир мавжудот – қанотли, парвоз қила олишади! «Бир куни келиб сизлар ҳам шундай бўласизлар» дейишса, қуртлар ишонмайди ҳам! «Қандай қилиб учиш мумкин?» дейди. Капалаклардай парвоз қила олиши мумкинлиги қуртга эртакдай, афсонадай бўлиб туюлаверади.

Баъзи инсонларни ҳайвонга менгзашади. Бу фақат зоологик нуқтаи-назардан одамнинг ташқи кўринишини ҳайвонга қиёслаш эмас. Дейлик, қўй «берсанг ейман, урсанг ўламан» деб тураверадиган жонивор. Уларда шахсий фикр йўқ. Қўй фақат семиришни билади, у маънавиятдан, маърифатдан бегона. Шунинг учун қўйлар ўзлари мустақил ҳаёт кечира олмайди. Уларга чўпон керак. Чўпон бўлмаса ё ҳар ёққа тарқаб кетади, ё бўрига ем бўлади. Чўпонга қўйларни бошқариш ниҳоятда осон. Қайси томонга ҳайдаса, ўша тарафга кетади: яйловга бошласа яйловга, жарликка ҳайдаса жарликка. Демак, уларнинг ҳаракати чўпонга боғлиқ!

«Қурт»ларнинг яшаш тарзи эркин ҳаракат қилишида, у ўзига керакли нарсани олади. Ёки уруғ мисолида қарайдиган бўлсак, ундан майса ўсиб чиқади ва бутага айланади. Бута шамолдан таъсирланиб, қимирлайди. Тепа қисми янада қаттиқроқ чайқалади. Уруғ эса қимирламайди, ер остида бир жойда туради. Агар унибўсмаса, охири чириб кетади.

Ҳар бир одам ўзининг устида ишлаши, ўсиши ва «қурт» босқичига тез ўтиши керак. Устоз бор, шогирд бор. Устозларнинг устозини Пири комил дейдилар. Пири комил «капалак» бўлишни кўрсатади, лекин уни уруғлар ва ҳатто қуртлар ҳам дарров тушунишмайди. Чунки уларнинг фикрлари ҳам, қизиқишлари ҳам ўзидан, яъни «уруғ» моҳиятидан келиб чиққани сабаб ҳам тушуна олмайдилар. Лекин пири комилларни кўриб «қурт» «капалак» бўлишни орзу қилади. Юрагининг қаеридадир барибир учиш мумкин экан, парвоз қилиш, комил инсон бўлиш мумкин экан, деган фикр бўлади.

Эътибор беринг, қурт ҳам капалакка айланиши учун қанча ҳаракат қилиши яъни, қанча барглар еб, қанча куч йиғиши керак. Бу ўзинг учун ишла, вужудингни тайёрла, куч йиғ дегани. Оилангни таъминлаш, ўзингни таъминлаш, яхши еб, кийиниб юриш-туриш – буларнинг бари сенинг зиммангда. Бу сен эртага комил инсон бўласан дегани. Аммо бу ҳали моҳият эмас, фақат озуқа, холос.

Бизнинг моҳиятимиз асли «капалак» сингари учиш, аста-секин ўзингизда қанотларни шакллантириш, мустаҳкам ривожлантиришдир. Бунинг учун моддий куч – пул керак. Моддий бойликни эса жисмоний ва интеллектуал салоҳиятни ишлатиб топса бўлади. Шундагина қанот ёзиб, парвоз қилиш мумкин. Инсоннинг мажозий қаноти иккита бўлади. Бири моддий бойликдан, иккинчиси маънавий бойликдан шаклланади. Бунинг учун пайти келганида таваккал қилиб, олдинга ҳаракат қилиши керак. Қурт ҳам капалак бўлиши учун таваккал қилиб битта сакраш қилиши керак. Бўлмаса ҳеч қачон капалакка айлана олмайди. Чунки унинг онги ҳам, англаши ҳам парвозни тасаввур қилолмайди.

Афсуски, дунёдаги тўқсон етти фоиз одам моҳиятан «уруғ»лигича, «личинка»лигича қолиб кетади. Хайриятки, баъзилар ҳаракат қилиб ўзлигини излайди. «Ўзингни англа», деган даъватнинг асл маъноси ҳам шу.

Уруғда мағрурлик, манманлик, зиқналик, ҳасад бўлмайди. Бу нуқсонлар «қурт» босқичида шаклланади. Дон униб чиқди, уни парваришлаб, суғоришни бошладингиз. Эккан уруғингиздан ташқари, табиий равишда бегона ўтлар ҳам пайдо бўлади. Шунга ўхшаб, баъзи кишилар ҳамёни тўлса, босар-тусарини билмай қолади. Яшашдан мақсади нималигини билмайдиган ёки умуман мақсадсиз яшаётган одам фақатгина мол-давлат тўплаш дардида бўлиб қолади. Қачонки киши «уруғ» ва «личинка»ни фақатгина ривожлантириш, «қурт» ва «капалак» босқичига ўтказиш ва энг асосийси парвоз қилиш учун кераклигини билганидан сўнггина мол-дунёга ҳирс қўйишдан ва унга қулликдан озод бўлади. Шундагина киши моддият ягона мақсад эмаслигини, маънан камол топиш кўпроқ муҳимлигини англайди ва унга қизиқиши уйғонади.

«Уруғ»да мол-давлатга ҳирс йўқ, аксинча, зарурат бор! Масалан, битта қўйни отардан ажратиб, бошқа жойга ҳайдашса, ўзини қайтиб подага уради. Чунки уларнинг орасида тинч ва хавфсиз бўлади. Ҳамма соҳаларда масалага юзаки қарашлар учраб турганидек, таълим тизимида ҳам бундай муаммолар йўқ эмас. Кўпинча ўқувчига берилаётган баҳо асосан унинг яхши хотираси ва хулқи учун қўйилади.

– Валижон, 5 карра 5 неччи?

– 25 устоз…

– Раҳмат, ўтир! «5» баҳо.

Ғимир-ғимир қиладиган ўқувчиларга сиртдан қаралганда дарсга қулоқ солмаётганга ўхшайди. Аммо улар ҳаддан ортиқ ҳаракатчан, эътиборли, эркин бўлиб, ҳали унга қараб, ҳали бунга қараб нималар биландир машғул бўлади. Ўқитувчига бу ёқмайди. Нимага? Чунки бу ҳол унга халал беради. Дейлик, фарзандингиз «қурт» бўлишга табиий ҳаракат қиляпти, «питир-питир» қилиб тинмаяпти. Сизга унинг ортидан эрталабдан кечгача юриб, «у ерга тушиб кетма, иссиққа борма, совуққа чиқма, буни ундай қилиш мумкин эмас» дейиш ўрнига осонроғи, «жим ўтир!» деб танбеҳ беришдир. Педагоглар ҳам худди шундай. Бола ҳаракат қилади, сиз попугини пасайтириб қўясиз. У «бўри» бўламан дейди, сиз «қўй» қилиб қўясиз. «Жим ўтир! Фалончининг боласини қара, жуда ювош! Тўполон қилмайди» деб ўз фойдангизга насиҳат қиласиз. Моҳиятан шундай!

Тарбияда мактабнинг роли беқиёс. Муаллиму устозларга қанча раҳмат айтсак, шунча кам. Аммо ўқувчини баҳолашда фақат яхши хотираси ва ҳулқи учун эмас, интеллекти, қобилияти, ижод қирраларини ҳам ҳисобга олиб, кейин баҳолашса, назаримда тўғрироқ бўлади. Мен хулқи қониқарсиз, ашаддий тўполончи болаларни назарда тутаётганим йўқ. Уларни ҳимоя ҳам қилаётганим йўқ. Аксинча, шуларни тарбиялайман, ўқитаман деб «она сути оғзига келган» жонкуяр устозларга ачинаман.

Ҳаётни кузатадиган бўлсак, мактаб ёки институтни «5» фақат аъло баҳо билан битирганларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топиб кетолмаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Кўпинча, паст баҳога ўқиганлар яхши жойларда ишлаб кетишади. Чунки у мактабда моҳиятан «ниҳол» бўлиб ўсган ва «қурт»га, яъни етакчига айланган. У инерт эмас, у ривожланган! У фақат дарсда ўтилган тайёр билимларни ўзлаштириб олиб, тўхтаб қолгани йўқ. Ўсишда, давр билан ҳамоҳанг бўлишда давом этяпти. Унда етакчилик, лидерлик қобилияти кучли. Шунинг учун яхши натижаларни қўлга киритяпти. Ўз хусусий ишхонасини очиб, бошқаларни иш билан таъминлаяпти. Давлатга шунақа етакчилар, лидерлар керак. Мамлакатнинг обрўсини, равнақини асосан ўшалар кўтаради. Кўпинча, қўйилган «5» баҳолар, аслида бола хотирасининг устунлигини, ўзганинг буйруғини яхши бажара олишлик қобилиятини билдиради. Бу омил ўқувчининг талантини, унинг етакчилик маҳоратини билдирмайди. Мана сабаби нимада! Аълочилардан кўпинча яхши муовинлар, ўринбосарлар чиқади, раҳбарлар эмас. Буям керак, албатта.

Бизга тарихдан маълумки, Менделеев мактабни «5» баҳога битирмаган. Кимё фанидан зўрға «3» баҳо олган. Уч марта мактабдан ҳайдалган Эйнштейн физикадан, Мирзо Улуғбек фалакиётдан, Ал-Хоразмий (алгебра фани асосчиси) алжабрдан, Абу Али ибн Сино (табобат «ота»си) табобатдан фақат бешга ўқимаган. Буюк инсонларнинг кўплари мактабда ҳам ўқимаганлар.

«Уруғ» даврида бажарувчанлик, бировнинг айтганини қилиш – булар керак. Вақти келиб, у ўз вазифасини бажариб бўлади. Сиз энди «майса»га айланишингиз, ўсишингиз керак. Майсанинг моҳияти умуман бошқа. Уни қаранг, кўм-кўк банди бор, япроқлари бор, барглари бор. Лекин ҳали меваси йўқ. Донни, уруғни ушлаб кўрсангиз, қуп-қуруқ бир нарса. У асли бир имконият. Ҳаёт бу – имконият! Сизга имконият бериляпти. Энди ишбилармонликка, бизнес қилишга, моддий жиҳатдан таъминланишга, «личинка»дан «қурт»га айланишга интилиш керак. «Қурт» қимирлайди, у ёқ-бу ёққа қимирлагани учун ҳам кўп озуқа талаб қилади. Энергия сарфлайди, дунёни англайди. Ҳеч бўлмаса ўз атрофини англаб етади. Қурт личинкага нисбатан узоқроққа бора олади. 10-20 см узоқликка бўлса ҳам, судралиб юра олади.

Кейинги поғонада «капалак» турибди. «Капалак»ка айланиш сиз ўзингизнинг моҳиятингизни тўлалигича очишингиз керак дегани. Бу моддий бойлик, обрў-эътибор, ҳаммаси сизни тўйинтириб, қанотларингизни шакллантириш учун керак, холос. Лекин сиз «Қурт» поғонасида асло қолиб кетманг! Ҳали олдингизда жуда чиройли бир «капалак» бўлиш имконияти турибди. Бу ҳеч нарсага боғланиб қолмай, чалғимасдан, эркин «парвоз» қиладиган комил инсон дегани! Қаранг, личинка ерда турган эди, қурт ерда ўрмалади, капалак эса осмонда парвоз қилади, гулдан-гулга қўниб, уни бор гўзаллиги билан англаб, нектарлардан тўйиниб, ҳидларидан маст бўлиб учиб юради. Қанча жойларга сайр қилиш имконияти бор.

Капалакка энди барг қизиқ эмас. Чунки энди у тут барги билан озиқланадиган ипак қурти эмас. Капалакка гул қизиқ, гўзаллик қизиқ. Уни гулнинг ҳиди қизиқтиради. Нектар унинг энг ажойиб бир таъминот манбаи. У энди фақат вужудини эмас, тафаккурини, қалбини, руҳини ҳам озиқлантиришни ўйлайди. Маърифат ва маънавиятни ўйлайди. Капалакнинг вужудини қаранг, вужуди қанча-ю, қаноти қанча, шунинг учун капалак парвоз қиляпти. Тана жуда оғир бўлса, қаноти кўтара олмаган бўларди.

«Личинка» давридан «қурт»ликка ўтди, «капалак» бўлиш учун учинчи поғонага тайёргарлик, ҳозирлик кўряпти. Бу учинчи тоифа одамлардир. Улар капалакка айланиш учун ёнида «капалак», яъни пири комил керак. Донишманд шогирдини доно қилади, ўқитувчи билимли қилади, устоз ҳунарли қилади. Улар алоҳида одамни «капалак» қилиши амримаҳол. Лекин шуларнинг учаласини ўзида мужассам қилган зот бор, бу – пири комил. Пири комил ўзиям «парвоз» қилади, сизниям «парвоз» қилдира олади, шунинг учун уни пири комил дейишади.

Капалакни кўрганмисиз? Биров унга «тўхта, мана бу томонга уч, тўхта энди буёққа уч» дея олмайди. Унинг ўзи учиб кўрсатади. Парвози давомида «мана шундай учиш керак» деб ҳаммага кўрсатади. «Мана бундай қилинглар, мана бундай англаш йўли билан айланинглар, кейинги босқичга ўтинглар» деб сизни олға ундайди. Сиз агар «қурт» бўлиб ёки «қурт»ларга ҳавас қилиб қолиб кетсангиз, жуда ачинарли ҳолат бўлади. Чунки «парвоз»ингиз умуман бўлмайди. Қанот шаклланди, аммо учишни билмаяпсиз. Қанот шаклланиб бўлгандан кейин ҳам ўзингизга таваккал қилиб битта сакраш қилиш керак. Унгача «парвоз»нинг моҳиятини тушуниш мумкин эмас. Уни бир формула билан ўқитиш, бошқа шунга ўхшаш нарсалар билан тушунтиришнинг иложи йўқ. Унга одамнинг ўзи интилиши керак, ҳаракат билан эришилади. Олдин «қанот»ларини яхшилаб мустаҳкамлаб, кейин кенг очиб юбориш керак. Ана шунда пилла қурти пиллани ёриб чиқиб, капалакка айланиб учиб кетади…

Биринчи босқичда эго (мен) кучли бўлади, шу босқичда эго керак. Чунки у ўзини англашдир. Мен! Ўз «мен»ингизни топа олмасангиз, сиз кимни англайсиз? Шу моҳият жиҳатидан кўпчилик ижодкорлар «капалак»ка яқин. Шоирлар, олимлар, ёзувчилар, бастакорлар, сиёсатчилар, ижод ёки кашфиётчилик билан шуғулланаётганларнинг ҳаммаси «капалак»ка айланган инсонлар. Улар ҳатто онги доирасидан ташқарида ҳам фикрлай оладиган, маълум билимлар томонигагина эмас, номаълум билимлар томонига ҳам ўз фикрларини йўналтира оладиган комил инсонлар тоифасига киради.

Пайғамбарлар эса ҳатто номаълум илмларни маълум томонга йўналтира оладиган ва ғойибдан билим оладиган «боғбонлар»дир. Уларга илоҳий илм берилди. Ўша илоҳий кутубхона, илоҳий билим одамзотга кўп нарсаларни берди. Бу авлодлардан мерос бўлиб қолаётган билимлар, ёзувларда учрамасди. Бу бошқа илм! Номаълум илм. Тирик илм! Бу меҳр-муҳаббатдан яралган илм.

Энди ўша жараённи ўзидан ўтказиб, тўйиниб, китоб ҳолатига келтирганидан кейин бошқалар китобни очади-да, ўқиб олиб, «О… мен етишдим!» дейди. Аслида йўқ… Ҳали етишгани йўқ. Қачонки етишса, яхши ва ёмон у учун яхши ҳам бўлади, ёмон ҳам бўлади. Лекин у бунга боғланмаган ҳолатда эркиндир. Муҳаббат ҳам бўлади, ғазаб ҳам бўлади, иккаласига ҳам боғланмаган ҳолатда эркин бўлади. Бор ҳам бўлади, йўқ ҳам бўлади, икковига ҳам боғланмайди. Шакли ҳам бўлади, моҳияти ҳам бўлади, лекин иккаласининг бир-бирисиз мавжуд бўлиш-бўлмаслигини ҳам англаб туради. Агар сиз «чойнакнинг ичидаги чой афзал, чойнакнинг ўзи керак эмас» десангиз, янглишасиз. Чойнаксиз чойнинг ўзи бўлиши мумкин эмас. Уни кейин пиёлага қуйиш керак, пиёлага қуймасангиз ича олмайсиз. Агар чойнак-пиёла бўлмаса, чой ўз моҳиятини йўқотади. Буларнинг бир-бирисиз мавжуд бўла олмаслигини англаш комиллик аломатидир.

Демак, ўсимлик дунёсидан гулни олиб қарайлик. Кимдир айтади: «Гулни кўряпман, шу бор нарса, шу муҳим!» дейди. Бошқа биров эса «Йўқ, гулнинг ҳиди муҳимроқ, кўриниши эмас» дейди. «Капалак»лар айтади: «Ахир гул бўлмаса, ҳиди ҳам бўлмайди-ку!» Иккаласининг ҳам ҳамма томонини борича қабул қиладиганлар «капалак» моҳиятидаги комил инсонлардир. Мана, нима учун бизга «кичик бизнес» қилиш керак бўлади. Агар «личинка» куч йиғмаса «қурт»га айлана олмайди. У пиллани тешиб, қобиқни ёриб чиқолмайди, кучи етмай қолади. Моддий таъминот шунинг учун керак.

«Парвоз» қилганингиздан кейин сизнинг қадриятларингиз, ҳамма қизиқишларингиз ва ҳаётингиз мазмуни ўзгаради. Сиз моддиятни ҳам, маънавиятни ҳам рад этмайсиз. Моддий дунёсиз маънавий дунё мавжуд бўлолмаслигини, маънавий дунёсиз моддий дунё мавжуд бўлолмаслигини англаб етгансиз. Бу сиз учун оддий ҳолга айланади. Борича қабул қиласиз. Моҳият жиҳатидан «уруғ» одамларга ўхшаган бўлмайсиз. Мана буниси керак, униси керак эмас, деб битта томондан бутунлай воз кечмайсиз. Ана шунда ўзингизни англаган бўласиз. Бу комилликка эришиш дейилади. Шундай одамларни кўриб, «эҳ, қани энди мен ҳам шулар каби бўлсам» дея орзу қилиб, ўзингиз ҳам ҳаракатга тушасиз.

Пилла қурт қанчалик тут барглари билан кўп таъминланса, унда капалакка айланиш имкони шунча юқори бўлади. Вужуди соғ бўлмаса, яхши озиқланмаса қанотлари ўсмайди. Демак, мана шу учта асосий босқичларни англаганингиздан кейин ҳаммаси ўз жойига тушади.

Моддий дунёнинг маънавий дунёсиз мавжуд бўлолмаслигини англаб етганимиздан сўнг уларни ажратмаймиз, бунга зарурат ҳам қолмайди. Ахир қандай қилиб ҳидни гулдан, таъмни таомдан ажратиш мумкин? Бунинг иложи йўқ. Агар сиз «энг асосийси таъм» ёки «энг асосийси таом» десангиз, иккала фикр ҳам нотўғри бўларди. Шу сабабли, оила, маънавият, маърифат, бизнес ва моддий томон, буларнинг ҳаммаси керак. Ҳаммаси яхлит бир дунё дейди пири комиллар. Уларнинг пири комиллиги ҳам мана шунда бўлади.

Интуитив ҳиссиётларимиз «капалак»ларни ҳис қилишимизни, танишимизни ва унга айланишимизни тезлаштиради. Интуитив тасаввур деб тафаккурдан, хотирадан ташқаридаги тасаввурга айтилади. Чунки «қурт» тафаккуридан ташқарида турган «капалак»нинг моҳиятини тасаввур қилишининг сира иложи йўқ. Унинг тасаввури «қурт»лар ҳаётини ўз ичига олади. Улар ўз моҳиятидан чиқа олмайди. Шунинг учун ана шу бир хил хато атрофида айланиб юраверади. Кўп янгиликлар, қонунлар биринчи марта кашф қилинганида, юқорида айтилгандек «уруғ», «дон»ларга бирданига ёқмаслигининг сабаби шу. Нотабиий улар учун! Электроэнергия кашф этилганида ёки канализация ўйлаб топилганида қанча қаршиликлар бўлган. Канализацияни ўйлаб топган одам қаттиқ танқид остига олинган, ҳатто жазоланган. Қадимги ҳиндуларда шундай бир қизиқ одат бор экан. Моҳияти жиҳатидан «қурт» ёки «капалак» кашфиётчи, бирор бир янгилик қилиб, уни ҳаётга татбиқ қилишдан олдин қабила аъзоларига – «уруғ»чаларга кўрсатиш учун жар лабига бораркан. Қаршисида қабила бошлиғи, шаман ва бошқалардан иборат ҳакамлар ҳайъати ўтирар экан. Кашфиётчи уларга янгилигини айтиб, муҳокамага қўйгач, кашфиёт қабул қилинса, тирик қоларкан. «Йўқ!» десалар, жарга бир тепиб туширишар, ўлдириб юборишар экан. Бу тарихда бўлган воқеа. «Личинка»ларнинг қонуни! Агар эътибор қилинса, худди шундай ҳолатлар дунёда ҳозир ҳам кузатиляпти. Янгилик осонликча қабул қилинмайди. Бир одам бир нарсани кашф қилади, лекин уни қабул қилиш атрофдагилар учун қийин.

Жордано Бруно ерни думалоқ, ўз ўқи атрофида айланади деганида, уни тушунмаганлар, катта гулхан қилиб, «Худога қарши чиқяпти гумроҳ, ер думалоқ эмас, нодон, агар шундай бўлса тушиб кетамизку, ер теп-текис» деб кашфиётчини тириклайин ёқиб юборганлар. Ҳеч бўлмаса «қурт» бўлса экан, ҳаракат қилиб, сал атрофини кўрса, «капалак»ни таниса! «Капалак»ни, буюк кашфиётчини ёқиб юборишган.

Ҳозирда биз ернинг юмалоқлигини, радиуси 40 минг км эканлигини, нечта қитъа ва нечта уммон борлигини жуда яхши биламиз. Бу оддий ҳолатга айланиб қолган. Илгариги «личинка»лар даврида «Ер текис. Ерни иккита катта ҳўкиз шохлари билан ушлаб турибди, тагида катта балиқ бор» деган тушунча мавжуд эди. Балиқ ниманинг устида тураркан энди? Бу саволга жавоб йўқ. Тафаккури шу ёққача етганда! Бўлмаса балиқ ҳам бир ниманинг устида туриши керак-ку! Ҳўкиз ҳам шундай. Кейин ўша «Чарчаб кетганида оёғини ундай-бундай қилиб, бўйинларини бўшатиб юборганида ер қимирлайди» деган сафсатага қаттиқ ишонишган. Ҳамма «личинка»лар, ҳамма «уруғ»лар шунга мутлақ ишонган.

Бор-йўғи уч-тўрт аср олдин дунёнинг турли бурчакларида қабул қилинган айрим қонунларни эшитиб, ёқангизга туфлаб, ушлаб қўясиз. Мана масалан, XVII асрда Туркияда қаҳва ичиш тақиқланган. Қонунни бузганлар дарҳол қатл қилинган. Мўғулистонда аёллар кўча-кўйда кўкрак қисмини очиб юришлари лозим бўлган. Буюк Британияда эса қирол сурати акс эттирилган маркани нотўғри ёпиштирган ҳар қандай кимса мамлакат хоини ҳисобланган.

Масалан, инсоннинг уруғдан бунёд бўлишини олиб қарайлик. Икки киши, яъни ота ва она бир-бирини яхши кўриб, бир-бирига кўнгил қўйиб, меҳр-муҳаббат бериб оила қурганида ҳам рамзий маънода, сиз уруғ эдингиз. Жинсий моддият туфайли сиз керакли жойга тушиб, она вужудида ўсиб-униб, она организмидан озиқлангансиз. Сизни она қорнида ўраб турган қобиқ ва суюқлик кўмагида тўққиз ойда инсон шамойилини олиб дунёга келасиз. Табиатнинг ўзи бизни ўқитиб турибди. Кўз илғамас уруғдан чақалоққа айланиб, туғилишнинг ўзиданоқ буни тушуниш мумкин. Бу ёруғ дунёга келганингизда ҳам кўзингиз ёпиқ эди. Лекин сизда қалб кўзи бор эди, ўзингизни онангиз билан худди битта одамдай сезар эдингиз. Кейин киндик кесилади, чунки вақтисоати келди. Киндик билан узоққа боролмайсиз, яъни кимгадир боғланган ҳолда ҳаёт кечира олмайсиз. Аслида киндикни кесмаса ҳам бўлади. Унда фарзанд онадан узоқлашмаган бўлар эди. Энди бизни она билан киндик эмас, меҳр риштаси боғлаб турибди. Уни ҳеч қандай қайчи ҳам кесолмайди. Маънавий меҳр-муҳаббат инсонларни то шу кунгача боғлаб турибди. Ҳатто нариги дунёга кетганида ҳам боғлаб туради. Уни кесиб ҳам, вужуддан суғуриб ҳам олиб бўлмайди. Бу худди Яратган эгамнинг рухсатисиз қалбингизни, руҳингизни ўлим фариштаси олиб кетолмагани кабидир. Жон танани тарк этади, шунда вужуд жасадга айланади ва тупроққа қўйилади.

Кўзингиз ҳали юмуқ гўдаклик даври ортда қолди. Энди сиз аста-секин дунёни таний бошлайсиз. Қуёш, борлиқ, табиат ва бошқалар бу ҳаётнинг неъматларидир. Туғилиш дегани аслида сиз шу маконни тарк этаётганингизни билдиради. Мажозий қилиб айтганда, сиз «ўляпсиз». Она қорнидаги муҳитда тўққиз ой яшаган ҳомилалик даври тугади. Ҳомила ёруғ дунёга трансформация бўлади, яъни туғилади. Дунёга келган гўдак учун она Ер ва табиат она вужудидай гап. Биз ичкаридамизми ёки сиртда, бу унчалик фарқли жиҳат эмас. Она еримиз думалоқ ва биз инсонлар у туфайли тирикмиз, у тортиқ қилган ноз-неъматлар билан озиқланамиз, меҳнат қиламиз, ҳаёт кечирамиз. Киндик бизнинг вужудимизни боғлаб қўйган. Вужудимиз – бу юрувчи материя, ҳаракатлана оладиган тупроқ. Уруғ атрофидаги ҳаракатланувчи тупроқ. Ҳаммаси охир-оқибат тупроққа айланади! Яъни, Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтганидек, «Аслинг билсанг оби гил, яна гилга кетаро». Танамиз у ёқ-бу ёққа юради, ҳаракатланади. Бу уни бошқариб турган руҳ туфайлидир. Бояги кесиш, ўлим фариштаси келади. Руҳ танадан ажралади ва бошқа бир жойдан кейинги босқичга ўтиб кетаверади.

Халқ орасида юрган бир ривоятда шундай дейилади:

«Она қорнидаги эгизаклардан бири иккинчисига савол берибди. Ким ака, ким ука, ҳали билмайдилар. Ким биринчи туғилса, ўша катта.

– Шерик, дебди бири иккинчисига.

– Ҳа, дея жавоб қилибди.

– Туғилганимиздан кейин ҳаёт бормикан?

– Э, оғайни, нимасини айтасан, ҳали у ёқдан ҳеч ким қайтиб келгани йўқ, дермиш».

Биз ҳам бу ерда «ўлимдан кейин ҳаёт бормикан?», «ҳа, у ёқдан ҳали ҳеч ким қайтиб келмаган» деймиз. Аслида, ҳаммамиз ҳам туғилиш ва ўлим эвазига тирик юрибмиз. Ҳам тўғри, ҳам мажозий маънода туғилмаганимизда ва ўлмаганимизда эди, биз умуман «қурт»га, «капалакка» айланолмас эдик. «Уруғ»лигимизча қолиб кетардик.

Табиатдан келиб чиқиб, мана шунинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қиляпмиз. Шуни кенгроқ, чуқурроқ англаб олсак, ҳаммаси жой-жойига тушади. Пул, моддият нима учун керак? Муҳаббат, маънавият, маърифат нима учун керак? Нима учун сиз туғилгансиз? Сизнинг туғилишингиздан, яралишингиздан мақсад нима? Ҳаммасига жавоб ўзидан-ўзи келиб чиқаверади. Бу бир код, бу моҳиятнинг ўзи! Инсоннинг дунёга келиб яшашдан мақсади, моҳияти шу! «Личинка» «қурт»га, «қурт» «капалак»ка айланиши керак, сўнг парвоз қилиш керак бўлади. Бошқа нарсадан изламанг уни.

Ёнингга келади ва «Устоз, мен нима қилишим кераклигини билмайман, йўл кўрсатинг, илтимос. Сиз мен нима билан шуғуллансам, мақсадга эришишим мумкинлигини биласиз», дейди. Мен айтмоқчиманки, сиз хоҳланг «тут барги енг», хоҳланг «помидор енг», хоҳланг «кўкат енг». Сиз ўсишингиз керак, сизга сув керак, ҳаво керак. Сув шудринг томчисида ҳам бор, булоқда ҳам бор, ариқдаям бор, қордаям бор, ёмғирдаям бор. Демак, ҳар жойда бор. Хоҳлаган тарзда ўзингизга яқин, маъқулини олиб ичасиз. Аслида бу кичик бизнеснинг йўналишлари дегани. Мендан сўрайди «нима иш қилишим керак?». У унчалик муҳим змас. Парвоз муҳим, парвоз! Олтинчи, еттинчи ҳис-туйғулардан ўз манфаати, керак бўлса халқ манфаати учун фойдаланиш, бу «парвоздаги капалак» дегани. Бу туйғулар сизни хавфсиз парвозга тайёрлаб, йўлни ва тўғри манзилни кўрсатиб беради. Ана ундан кейин бемалол қанот ёзиб эркин учаверасиз. Капалакка энди йўл керак эмас. Вертолёт, самолётга асфальт кўча, светафор даркор эмас. Чунки у учиб юрибди. Парвоз – юриш, эмаклаш дегани эмас. Моҳияти жиҳатидан у умуман бошқа нарса! Тинч туриш дегани эмас, қимирлаш бу тинч туришнинг умуман акси, «қурт» дегани бу динамика дегани, ғимирлаш дегани! Ишбилармонлик – бизнес билан шуғулланиб, ҳаммасига улгуриш. Парвоз дегани қимирлаш эмас, судралиш эмас, юриш эмас, ёнбошлаш эмас, ўтириш ҳам эмас, эмаклаш ҳам эмас! Парвозни фақат пири комилда кўриб, англайсиз. «Қурт»нинг қимирлашидан парвознинг моҳиятини у қадар тушуниб бўлмайди. Буни сизга ўша импульслар келганидан кейин англаб етасиз. Импульслар, яъни жисмоний ва ҳис-ҳаяжон импульслари белги берганда, инсон «парвоз қилишим керак» деб туриб, битта сакрайди! Қанотларни чиқариб, учиб кетади. Кетди…

Қушлар ҳам тухум қўяди. Аста-секин ўша тухумнинг ичидаги озиқ моддалари етади, шундан қуш болачалари куч йиғиб олади, вақти келганида эса тумшуғи билан тухумни туртиб, ёриб, палопонлар чиқади. Дастлаб, уларнинг ҳали унчалик кучи ҳам йўқ, қанотидаги тукчалардан бўлак нарсаси йўқ. Оғзини катта қилиб очади, у «уруғ», ҳали «дон». Оғзини катта-катта очганича қушнинг болачалари ота-онаси оғзига солиб кетган пашшаларни, турли ҳашаротларни, чувалчангларни ейишни билади, бошқасига ҳали ожиз. Ҳатто уясидан чиқиб кетолмайди. Ўша ҳолат унга ҳозирча керак, чунки ҳали қанотлари яхши ривожланмаган. Питирлайверса, пастга тушиб кетади. Кейин аста-секин ривожланиб боради, қанотларини учмаса ҳам қоқаверади. Табиатан у шу жараёнга тайёрланяпти. Ота-онаси ҳам кўз ўнгида шу ҳолатни такрорлаяпти.

Париллаб учиб келиб палопонларига емиш бериб, кейин яна қаергадир қанот қоқиб кетяпти. У шу нарсанинг учиш эканлигини билмаса ҳам англайди, ҳаракат қилади. Аслида, ана шу нарса унинг тасаввури, кўриб тургани эса қушларнинг учиши. Ўзини аста парвозга тайёрлаб бораверади. Уни ҳеч ким мактабда ўқитмаяпти. Унга доскага чизиб, қанотингнинг узунлиги шунча, майдони шунча, буни «Х» (икс) деб олайлик, буни «Y» (игрек) деб қарайлик, демаяпти. Квадрат ҳақида тушунтирмаяпти, юқорига вертикал шунча, тўхтаётганда қанотингни мана шунча градусга бурасан деб ўргатаётгани йўқ. Лекин шуни интуитив англаяпти, ҳис қиляпти, сезяпти ва аста-секинлик билан шаклланиб боряпти. Қанотлари яхши шаклланиб бўлганидан кейин учиб кетади. Ҳаётнинг ўзи катта мактаб! Баъзилари эса қаноти бўлса ҳам сакрай олмайди. Қўрқув туфайли ожиз бўлади. У ҳали парвознинг моҳиятини яхши англамади. Парвоз қилиш қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаяпти. Шунинг учун қўрқяпти. Нариги томонда у билмайдиган нарсалар кўринмас девор бўлиб турибди, ана шундан ўтолмаяпти. Ҳали англамаган, номаълумликдан пайдо бўладиган бир қўрқув. Шуни ёриб чиқа олмаяпти. Бунақа пайтда палапонга онаси ёрдамга келади. Ёнига бориб туриб, мана бундай учасан дегандай, қаноти, тумшуғи билан улғайган, қанотлари шаклланган жўжани мажбур итаради, инидан пастга туширади. Палапон қарасаки, қулаяпти! Кейин мажбурликдан қанотларини қоқиб, мослашиб қолган, ўзи учун қулай уясидан тушиб олиб табиий равишда парвоз қилади. Ана шундай сакраш қилиш керак.

Табиий савол туғилиши мумкин. «Нега мана бу пири комилнинг мана бундай мактаби бор, бошқа пири комилнинг ундай мактаби бор, нега дунёда турли техника-технологиялар жуда кўп?» деган турли-туман саволлар.

Чунки «личинка»лар турлича! «Дон»лар ҳар хил! Ҳар бир «уруғ»нинг ўзига хос ривожланиш усули, ўзига яраша техникаси бўлади. Шуни тушунтириш учун, бошқаларга етказиш учун йўналишлар кўпайиб кетган. Аслида эса қалб кўзи очиқ инсонга битта техника етади!

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
03 ağustos 2023
Hacim:
3 s. 6 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-382-79-4
Telif hakkı:
Kitobxon
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre