Kitabı oku: «Амир Алишер»

Yazı tipi:

СЎЗБОШИ

Алишер Навоий – Шарқ Уйғониш-Ренессансининг йирик вакили сифатида жаҳон цивилизацияси тарихида, айниқса, туркий тилли халқлар маданий ва маънавий ҳаётининг ривожида алоҳида ўрин тутадиган ёрқин шахсдир.

Унинг адабий мероси ниҳоятда улкан ва серқирра. Шарқ адабиётининг деярли барча жанрларида ижод этган, жами шеърий сатрлари юз мингдан ортиқ. Бундай шоир жаҳон адабиётида саноқли десак, асло муболаға бўлмайди. Инсонни ҳар томонлама етук, баркамол ва бағрикенг, юртни тинч ва обод кўриш, эл тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш, турли халқларни ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликка, эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликка чақириш – мутафаккир ижодининг асосий лейтмотивини ташкил этади. Бу ғоялар, айниқса, Навоий “Хамса”сига киритилган достонлар туркумида бадиий-фалсафий жиҳатдан бениҳоя таъсирчан, бетакрор шеърий пардаларда ифодаланган бўлгани учун ҳам у жаҳон адабиётининг ўзига хос обидаларидан бирига айланди. Унинг қаламига мансуб ғазал ва қасидалар, илмий ва дидактик асарлар асрлар оша бугунги кунларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан келмоқда. Тўрт девондан иборат “Хазойин ул-маоний” тўплами, форсий девони ва қасидалари, диний-маърифий манзумалари ҳамда тарихий аҳамиятга эга хотира – “ҳолот”лари унинг тенгсиз сўз санъаткори, буюк файласуф ва олимлигини бутун олам тан олди. Унинг асарларида инсон маънавий-ахлоқий камолоти ғояси етакчи ўринни эгаллади. Одамийлик, бағрикенглик, эзгулик Навоий фалсафасининг асосини ташкил этди.

Алишер Навоийнинг туркий тил мавқеини кўтариш йўлидаги кураши “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида ўз аксини топди. Дарҳақиқат, Алишер Навоий тилимизнинг бой имкониятларини кўрсатиб бера олган ва араб ҳамда форс тилларидан ҳеч қайси жиҳатдан кам бўлмаган гўзал ва қудратли тил эканлигини исботлаб берган буюк тилшунос олимдир. Ўша даврларда форс тили поэзия тили, араб тили эса илмий тил деб қабул қилинган эди. Расмий ёзишмалар ҳар иккала тил қоришиғида омихтасидан иборат эди. Туркий тилга эса авом тили сифатида қараш устувор эди. Туркий халқларнинг кўп минг йиллик давлатчилик тажрибаси тарихи ва бой маънавий-адабий мероси мўғул босқинчилиги оқибатида йўқ қилиб юборилганлиги туфайли темурийлар даврида туркий халқларнинг шонли тарихи, тили ва қадриятларини тиклаш жуда қийин кечган. Ҳатто Темур саройида туркий тилнинг давлат тили даражасига олиб чиқиш ишлари охирига етказилмай қолган. Шундай бир шароитда Алишер Навоий ўз олдига турк-ўзбек тили мақомини тиклаш мақсадини қўйди.

Навоийнинг адабиётшунос сифатидаги тадқиқотлари туркий ва форсий адабиётни ривожлантиришда фавқулодда аҳамиятга эга бўлди. У “Мезон ул-авзон” асарида аруз тизимини тартибга солган бўлса, Шарқ шеъриятининг муаммо, қасида каби ХV асрга келиб деярли унутилаёзган жанрларини тиклашга алоҳида эътибор берди.

Алишер Навоий фақат шоир эмас эди. У темурийлар давлати тарихида алоҳида ҳурмат билан эсланадиган машҳур давлат арбоби ҳамдир. Навоий бутун онгли ҳаётини туркий халқларнинг нуфузини, миллий ор-номус ва миллий ўзига хослигини қайта тиклашга сарфлаган буюк ватанпарвардир. Навоий туфайли дунё халқлари туркона маданият ва маънавиятга алоҳида эҳтиром кўрсата бошлаганлар. Ҳазрат Навоий ўзининг ҳаётини халқимиз илм-фани ва санъатини ривожлантиришга, юрт равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлади. Султон Ҳусайн Бойқаро ул зотни “Мамлакат устуни, давлат таянчи” деб бежиз атамаган. Навоийдаги бағрикенглик, адолатлилик, донолик, сиёсатдонлик ва фуқаролар ғамини ейиш фазилатлари Султонга давлатни адолатли бошқаришда яқиндан ёрдам берган. Шунинг учун ҳам Султон Навоийни дўст сифатида чексиз улуғлади ва қадрлади. Ҳар қандай шароитда ҳам уни ёнидан узоқлаштирмасликка ҳаракат қилди. Уларнинг бирга бўлиши давлатни мустаҳкамлаш, адолат ўрнатиш, ҳар соҳада, тил, маданият, санъат, илм-фан соҳаларини ривожлантириш билан бирга давлатнинг мудофаа қудрати, халқаро обрў-эътиборини оширишга хизмат қилди. Ҳазрат Навоий гарчи ҳаётининг мазмунини ижод қилишда деб билса ҳам, давлат ва халқ манфаатини ўйлаб, халқ осудалиги йўлида Султон ёнида туриб муҳим давлат ишларини бажарди. Навоий Амири кабир – Бош вазир сифатида узоқ йиллар давлат бошқарувининг энг муҳим ва нозик бўғинларида, суд-адлия, ички ишлар, солиқ тизими, ташқи дипломатик алоқалар, ички низолар, чегара муаммолари, умумхалқ йиғинлари ва тадбирларида давлат ва халқ манфаатларини уйғунлаштирди ва ҳимоя қилди. Ҳазрат Навоий давлат хизматини мансаб-обрў учун эмас, балки миллат қадриятларини тиклаш, бутун дунёга тан олдиришдек улкан вазифани амалга ошириш учун бир имконият ва восита деб билди.

Мазкур китобда Алишер Навоийнинг таржимаи ҳоли энг қадимий, илк манбаларда берилган маълумотлар асосида ёритилди. Муаллифнинг илгари эълон қилинган мавзуга доир тадқиқотларида ХV асрнинг II ярми ХVI асрнинг бошларидан то ХХ асргача яратилган қўлёзма манбаларидаги Алишер Навоийга оид янгидан топилган манба ва маълумотлар илмий таомилга киргизилиб, навоийшуносликка шу кунгача маълум маълумотларнинг асл ҳолати ўрганилган, уларни қиёсий типологик-текстологик таҳлилдан ўтказиш орқали ХХ асргача бўлган даврда яратилган манбалардаги маълумотларнинг илк маълумотлардан тафовут қилиш, фарқ қилиш даражаси аниқланган эди.1

Навоий даври манбаларидаги маълумотларни қиёсий типологик-текстологик жиҳатдан ўрганиш бир томондан, кейинги давр маълумотларининг бирламчи манбалардаги маълумотларга мослиги ёки аксинча, тўқимасига асосланган томонларини аниқлаб берган бўлса, иккинчи томондан, Навоий ҳаёти ва фаолиятининг ёритилиш даражаси, муаллифларнинг услубий ўзига хосликларини кўрсатиб берди. Худди шу жараёнда илк маълумотларни ХVI–ХIХ асрларда яратилган иккиламчи манбалардаги маълумотлар билан типологик-текстологик жиҳатдан қиёслаб бориш, уларнинг асримизгача ўзгаришга учраб келиш сабаблари ва йўлларини аниқлаб беришга имкон яратди. Кейинги даврлар манбалари муаллифларини Навоий ҳаёти ва фаолиятининг қайси жиҳатлари кўпроқ қизиқтирганлигини ва бу эса, ўз навбатида, уларнинг Навоий шахсиятига бўлган индивидуал ва субъектив қарашлари моҳиятини очиб берди.

Шунингдек бу китобда муаллифнинг олдин эълон қилган ишларига айрим сабабларга кўра киритишнинг иложи бўлмаган, шунингдек, аниқлаштирилиш нуқтаи назаридан қўшимча изланишни талаб қилган янги маълумотлар қўшилиб, ихчам кўринишда тақдим этилди.

БИРИНЧИ ҚИСМ АЛИШЕРНИНГ ЁШЛИГИ
(1441–1469)

Навоийнинг ота-боболари ҳақида

Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-кунида (1441 йил 9 февраль) Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида Ҳиротда туғилди2. Унинг аждодлари Амир Темурнинг донишманд маслаҳатчиларидан бўлиб, шаҳзода Умаршайх Мирзонинг мураббийси бўлган. Чунончи, тарихчи Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн” асарида шундай ёзади: “…Амир Алишердирким, қадим замонлардан унинг мукаррам боболари ва аждоди олий амирлар қаторидан жой олган эдилар. Умаршайх Мирзо ибн Амир Темур даврида уларнинг ҳаёти лавҳига кўкалдошлик бахти эътибор қалами билан ёзиб қўйилган эди”3. Ушбу асар ҳижрий 872 (мил.1467–1468)–874 (1469–1470) йиллари орасида ёзиб тугатилган ва ҳижрий 875 (мил. 1470) йили муаллиф уни яна давом эттириб, ўша йилнинг сафар ойида (1470, август) рўй берган воқеаларни ҳам қўшган.4 Асарнинг навоийшунослик учун икки аҳамиятли жиҳати бор. Биринчидан, у Алишер Навоий номини тарихда биринчи бор ёзма қайд этган манба ҳисобланади. Шунинг учун унда акс этган Навоий ҳаётига алоқадор маълумотлар тарихий факт сифатида муҳим. Маълумотлар қисқача ахборот тарзида келтирилса ҳам улуғ мутафаккир ҳаётини ўрганишда катта аҳамият касб этади. Иккинчидан, асар Навоий назорати остида якунланган. Демак, Навоий ўзи ҳақидаги қайдларни кўрган. Маълумотнинг ниҳоятда қисқа берилишига қараганда Навоийнинг ўзи шуни маъқул кўрган бўлиши мумкин. Текширишлар натижасида Алишер Навоий даврида яратилган турли жанрларга мансуб асарларнинг бирортасида ҳам улуғ амирнинг ота-боболари ҳақида етарли маълумот берилмаганига ишонч ҳосил қилдик. Давлатшоҳ Самарқандий ўз тазкирасида Навоийнинг отаси тўғрисида жуда қисқа тўхталади. “Навоийнинг отаси Абулқосим Бобурнинг ишончли кишиси – Чиғатой улуси улуғларидан эди”, дейиш билан кифояланади. Айни пайтда у Навоийнинг отаси ҳарбий бўлганини таъкидлаб ўтади5.

Шуниси таажжублики, Навоий ҳаётлик пайти ва унинг ҳомийлигида яратилган барча асарларда Навоийнинг ота-боболари борасида юқоридаги маълумотларга қўшимча бўладиган факт йўқ. Ҳатто Навоий буюртмасига асосан ёзилган тарихий асарлар – “Равзат ус-сафо” ва “Хулосатул-ахбор”да ҳам учрамайди. Бу, ўз навбатида, Амир Алишер ўз замондошларига ота-боболари ҳақида ёзишга рухсат бермаган деган фикрга олиб боради. Алишер Навоийнинг ўзи ҳам ота-боболари ҳақида деярли маълумот қолдирмаган. Бир-икки умумий маълумотларни ҳисобга олмаганда, албатта. “Бадоеъ ул-бидоя” девонининг муқаддимасида “ота-отадин етти пуштға дегинча бу рафиъ дудмоннинг (Ҳусайн Бойқаро сулоласининг) бойири бандаси (синалган қадимий қули) ва бу васиъ остоннинг (даргоҳ, эшикнинг) мавруси туғмаси (сулолавий туғишгани), яъни бу хоназоданинг (Ҳусан Бойқаронинг) хонаводаси (ичкиси, оила аъзоси), бу хонаводанинг (сулоланинг) хоназодаси (уйида туғилган қули)” деб ўзи ва ота-боболарининг темурийлар хонадонига қариндошлик даражасида яқин бўлганини таъкидлаб ўтган6. Шунингдек, “Вақфия” асарида “бу хоксорнинг ота-обоси ул ҳазратнинг (Султон Ҳусайн Бойқаронинг – Ш.С.) або ва аждоди хизматларидаким ҳар бири салтанат конининг гавҳари ва шужоат бешасининг ғазанфари эрдилар-улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар”, дея7 ўзининг насл-насабига ишора этган. Отаси ҳақида эса мавзу талаб қилган жойда бироз сўз юритишга мажбур бўлган жойлари мавжуд. Масалан, “Мажолис”да Мир Шоҳий номли шоир жасади Астрободдан ватани Сабзаворга олиб келинган пайтда унинг отаси бу ерда ҳукумат ишларига бошчилик қилиб турганлигини айтиб ўтади8. Унинг қанча пайт ҳокимлик қилгани ва Сабзавордаги ҳаёти ҳақида бошқа маълумот келтирмаган. Аммо негадир бирон-бир асарида ота-онаси исмларини тилга олмайди. Фақат тоғалари Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибий ҳамда укаси Дарвишали ҳақида “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида бир оз тўхталади, у ҳам бўлса тазкира талаби нуқтаи назардан жуда қисқа берилган9.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Амир Алишернинг ота-боболари билан боғлиқ маълумотлар фақат шоир вафотидан кейин ёзилган асарларда учрайди. Масалан, Навоий давридаги манбаларда бир овоздан Амир Алишернинг ота-боболари олий амирлар қаторида бўлганлари таъкидланган бўлса-да, Мирзо Ҳайдар Дўғлотнинг ҳижрий 951 (мил. 1544–1545) йил ёзилган “Тарихи Рашидий” асарида унинг келиб чиқиши ҳақида бошқача маълумот берилган. Жумладан, унда “Навоий асли уйғур бахшиларидан эди” деб таъкидланган10.

Семенов Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларига доир мақоласида “бахшилар-девон, маҳкама ходимлари” деб қуруққина тушунтириш билан чекланса, Т.Султонов ўз тадқиқотида бошқа бир муносабат билан Абулғози Баҳодирнинг таърифи ва В.В.Бартольднинг хулосасига асосланиб, бахши-котибларнинг мавқеи ва вазифалари ҳақида анча тушунтириш беради: “…Уйғур халқи орасида саводхон кишилар кўп бўлган. Улар ёзув-чизувларни яхши олиб боришар ва девон ҳисоб-китобларини яхши билар эдилар. Чингизхон сулоласи даврида Мовароуннаҳр, Хуросон ва Эронда девон ва маҳкама ходимларининг барчаси уйғурлардан эди. Уйғур ҳарфи билан ҳужжат тўлдирадиган Туркистон хонларининг котиблари ва амалдорларига нисбатан асл маъноси будда руҳонийларини англатувчи “бахши” (санскритча “бхикшу”) истилоҳи қўлланар эди. В.В.Бартольднинг тахминича, “мазкур котиблар чиғатой хонлари даргоҳида мусулмон маданияти вакилларидан кўра тахтга яқинроқ турганлар ва тарихий воқеаларни зикр этиб бориш тамоман уларнинг қўлларида бўлган”11. Тарихчи олим Чингизхон даврида бутпараст уйғурлар дини жиҳатидан мўғулларга, тили жиҳатидан эса Марказий Осиё халқларига яқин бўлганликлари учун мўғул хонлари улардан унумли фойдаланганлар ва табиийки, уйғурлар мусулмонлардан кўра мўғулларга яқинроқ ҳисобланганлар, деб хулоса чиқаради. Мўғуллар истилосининг дастлабки даврларида балки шундай бўлгандир. Жаҳонгир Амир Темур Кўрагоннинг тарихи ёритилган “Зафарнома”да Шарафиддин Али Яздий ёзув-чизув ишларини олиб борувчи кишиларни “бахшиёни турк” деб атаган12. Бундан маълум бўладики, Темур саройида ёзув-чизувларни асосан маҳаллий миллатга мансуб котиблар олиб боришган. Бироқ котиб ўрнида бахши сўзини ишлатиш мўғул хонларидан анъана бўлиб қолгани сабабли ҳар икки атама бир маънода қўлланган. Демак, Темур даврида котибларни бахши номи билан аталишига анъана деб қараладиган бўлса, унда Мирзо Ҳайдар Навоийни “Уйғур бахшиларидан” деб атаётганида унинг миллатини эмас, балки аждоди сарой котибларидан бўлганлигини айтмоқчи эканлиги маълум бўлади13. Шу нарсага эътибор қилиш керакки, бу маълумот Мирзо Ҳайдар асаридан бошқа XV–XVI аср бошида яратилган бирор-бир манбада учрамайди. Навоий билан шахсан таниш бўлган тарихчилар ва олиму ижодкорларнинг бундай маълумот бермаганликлари туфайли Мирзо Ҳайдар маълумотига эҳтиёт бўлиб ёндашиш талаб этилади. Иккинчидан, Мирзо Ҳайдар Навоийнинг вафотидан сал илгарироқ, яъни ҳижрий 905/1499–1500 мил.) йили Тошкентда туғилган. Умрининг асосий қисми Кошғарда ва охири Ҳиндистонда ўтган. Унда Навоий ҳақидаги маълумотларни улуғ шоирни шахсан таниган кишилардан олиш имконияти йўқ эди. Ҳатто умрининг охирини бобурийлар саройида ўтказган Хондамир ҳам Мирзо Ҳайдарнинг Ҳиндга келишидан тахминан етти йилча илгари вафот этиб кетган эди. Шундай бўлгач, Мирзо Ҳайдар баҳс этилаётган мавзу бўйича ўз маълумотларини қайта текшириб кўриш имконига эга эмас эди. Учинчидан тарихий асар яратилиш жараёнида муаллиф баъзида ёзма манбаларга эмас, балки узунқулоқ гапларга таяниб, уларни факт сифатида қайд этганлиги фанга маълум. Тарихчи олим Т.Султонов XV–XIX асрларда яратилган тарихий асарлар мазмунига бағишланган тадқиқотида таъкидлашича, Мирзо Ҳайдар ҳам кўпгина ўринларда шу йўлдан борган14.

Навоийнинг ўзи ота-боболари темурийлар салтанатида “Улуғ маротибға сазовор ва бийик маносибға комгор бўлғон эрдилар” деган экан, биринчи навбатда унинг ўзига ишонмоқ керак. Мирзо Ҳайдарникига ўхшаш хулоса кейинги асрларда яратилган айрим манбаларда ҳам учрайди. Жумладан, “Баҳр ул-асрор фи маноқиб ал-ахйор” (XVII аср, Балх), “Том ут-таворих” (1598 йил, Бухоро), Фаҳмийнинг “Тазкират уш-шуаро” (XIX аср, Самарқанд), Садр Зиё тазкирасида (XX аср, Бухоро) ҳам қисқа тарзда “Амир Алишернинг аждодлари уйғур бахшиларидан” деган қайд мавжуд15. Эътибор берилса, ушбу бир хил маълумот фақат Ўрта Осиёда яратилган манбаларда учрамоқда. Шуниси қизиқки, “Тарихи Рашидий” асарини чуқур ўрганган тарихчи Т.Султонов ҳам унинг нусхалари Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистондан ташқарида, хусусан, Яқин Шарқда тарқалмаганлигини алоҳида таъкидлаган. Амир Алишернинг “бахши”лардан эканлиги ҳақидаги кейинги даврларда учраган маълумотлар Мирзо Ҳайдар асаридан олинган дейиш мумкин.

Хондамирнинг тарихга оид “Ҳабиб ус-сияр” асарида (1524 йил тугатилган) биринчи марта Навоий отасининг исми зикр этилади. Унда қайд этилишича, шаҳзода Мирзо Султон Иброҳим б. Алауддавла б. Бойсунғур б. Шоҳрух Мирзо Самарқанд ҳукмдори Абу Саъид Мирзо ҳузурига элчилар юборилганда уларга ҳамроҳлик қилиш Амир Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкинага топширилган16. Мирзо Ҳайдар Дўғлот ҳам “Тарихи Рашидий” асарида унинг отаси номини Амир Кичкина тарзида келтиради17.

Навоий вафотидан кейин 1521–1522 йилда ёзилган Фахрий Ҳиротийнинг “Латоифнома”сида шундай келтирилади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдур. Унинг отаси Амир Кичкина султон Абу Саъиднинг хизматида эди (гап Абу Саъид Мирзо Хуросон тахтини эгаллаган 1457 йилдан кейинги давр ҳақида кетмоқда – Ш.С.). Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам катта ҳурматга эга эди. Она томонидан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида Амир ул-умаро эди. Мир ўн ёшлигидан Бобур Мирзо хизматида бўлиб, (султон) уни фарзандидек кўрарди. Мир замон султони (Ҳусайн Бойқаро) билан мактабда ҳамсуҳбат ва ҳамсабоқ эди. Улар қачон бошларига бахт қуши қўнса, бир-бирларини унутмасликка аҳду паймон боғлашган экан”18.

Тазкира муқаддимасидаги ишорага қараганда, у мазкур маълумотларда кимгадир суянган. Балки Фахрий бизга етиб келмаган қандайдир манбага асослангандир. Бу бизга қоронғи. Шундай бўлса ҳам нега Навоийнинг она томонидан бобоси исмини кўрсатиб, ота томонига эътибор бермаганлиги таажжубланарли бўлиб қолмоқда. Бу эса Хондамир асарларидаги маълумотлар руҳиятига, шунингдек, Навоий ўзи айтган “ота-отадин” деган эътирофига мантиқан боғланмайди. Абу Саъид Чангни она томонидан деб кўрсатилиши, эҳтимол, котиблар хатоси бўлиши мумкин. Шунингдек, Е.Э.Бертельс ёзади: “Алишернинг бобоси Абу Саъид Чанг Бойқаронинг Қандаҳордаги қисқа даврли ҳукумати пайтида унинг девонида амир эди19. Қандаҳорда амир бўлганини Е.Бертельс қаердан олганини аниқлаб бўлмади. Аммо Е.Бертельснинг Қандаҳор билан боғлиқ тахминида жон бор. Агар биз Ҳусайннинг бобоси Бойқаро Муҳаммад тарихига назар ташласак, қизиқ маълумотларга дуч келамиз.

Мирзо Бойқаро ҳақида

Мирзо Бойқаро Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзо20 ва андижонлик зодагон Хизр Ўғлоннинг қизи Мулкат Оқодан туғилган бўлиб, Амир Темур вафот этганда 12 ёшда, акаси Искандар 21 ёшда бўлган21. Шундай қилиб Бойқаронинг туғилган йилини тахминан 1392-1393 йиллар қилиб белгилаш мумкин. Бироқ унинг акаси Искандар Мирзонинг таваллуд санаси аниқ қилиб ҳижрий 786 (мил.1384) йил экани айтиб ўтилган. Умаршайх, асосан, Андижонда яшаб империянинг шимоли-шарқий ҳудудларини бошқарган. Чунки Амир Темур ҳижрий 773 (мил.1371–1372) йил Андижонни забт этганда уни 17 ёшли Умаршайхга топширган эди22. Самарқандда яшаган давридаёқ Умаршайх уйланган бўлиб, биринчи хотинидан Пир Муҳаммад ва Рустам исмли ўғиллари бўлгани тарихий манбаларда қайд этилган. Ҳижрий 794 (мил.1392) йилда Амир Темур Эронга юриш қилади. Умаршайх ҳам у билан бирга кетади. Темур ҳ. 795 (мил.1392) йилда музаффарийларни мағлуб этиб, Форс (пойтахти Исфаҳон) мамлакатини эгаллайди. Форс мамлакати шаҳзода Умаршайх Мирзо бошқарувига топширилади23. Шу пайтдан бошлаб темурийлар ҳозирги Афғонистон ва Эрон ҳудудларида мустаҳкам ўрнашадилар. Умаршайх Шерозни ўзининг пойтахтига айлантиради. Умаршайх шундан сўнг оиласи ва ёш болаларини олиб келиш учун ўз одамларини Андижонга юборади24. Амир Темурнинг Яқин Шарқдаги навбатдаги 5 йиллик уруши ҳижрий 794 (мил.1392) йилда бошланганлиги25 инобатга олинса, Умаршайхнинг оиласи ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан Эрон ерларига кўчганда Искандар Мирзо тахминан 9-10 ёшлигида, Бойқаро Мирзо эса эмизикли ёшда бўлган, дейиш мумкин.

Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Умаршайх Шерозда бир йил турган ва кейин Амир Темур томонидан Сурия йўлидаги Диёрбакирга кўмак учун чақиртирилган26. Умаршайх тўнғич ўғли Пирмуҳаммад билан отасининг ёнига жўнаб кетади, ҳокимиятни эса иккинчи хотини Мулкат Оқодан туғилган ўғли Искандар Мирзога топширади. Бу пайтга келиб, 40 ёшда бўлган Умаршайх ҳижрий 796 (мил.1394) йилнинг рабиъ ул-аввал ойида тўсатдан Курдистондаги Мухтасрий қалъаси деворлари ёнида минорадан отилган ўқдан ҳалок бўлади27. Соҳибқирон фармонига биноан у Шероздаги Аряти қабристонига дафн қилинади, кейинчалик эса жасади асл ватани Шаҳрисабзга кўчирилади. Яздийнинг ёзишича, унинг аёллари Севинч Қутлуғ, Мулкат Оқо ва Бека Мулк Оқо ҳамда унинг фарзандлари, жумладан, Искандар Шерозда қолдирилади28.

Форс мамлакатини бошқариш Умаршайхнинг катта ўғли 24 яшар Пирмуҳаммадга топширилади29. Унинг укаси Рустам Мирзога Ажам Ироқи (пойтахти Исфаҳон) топширилади. Мулкат Оқодан туғилган Искандар Ҳамадоннинг ҳукмдори этиб тайинланади. Табиийки, ўша йиллар қоидасига кўра, Мулкат Оқо кичик ўғли Бойқаро билан Искандар ҳомийлиги остида яшайди. Орадан кўп ўтмай, Амир Темур келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган сиёсий бўлинишнинг олдини олиш мақсадида бева Мулкат Оқони кичик ўғли Шоҳрух Мирзога никоҳлашга қарор қилади30. Бойқаро Искандарнинг ёнида қолади, онаси эса Ҳиротга кўчиб ўтади. Тез орада, яъни 1395 йилда Мулкат Оға ўғил туғади, унга Суюрғатмиш Мирзо деб ном қўйилади.

… Амир Темур вафотидан сўнг шаҳзодаларнинг тахт учун курашлари бошланиб кетади. Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ 1408 йилда Қора Қўюнлу туркманлар билан тўқнашувда ҳалок бўлади. Озарбайжон ва Ажам Ироқи ерлари туркманлар қўлига ўтади. 1410 йилда суиқасд натижасида Умаршайхнинг катта ўғли Пирмуҳаммад ҳам вафот этади. Шероз Искандар тасарруфига ўтади. У укаси Бойқаро билан бирга Ҳамадондан Шерозга кўчиб ўтади. Сал ўтмай, Искандар Озарбайжон ва Ироқни қайтариб олишга муваффақ бўлади. Искандар Мирзо Форс ва Ажам Ироқини мустақил бошқара бошлайди. Шоҳрух Мирзо фармони билан (эҳтимол Мулкат Оқо ташаббуси биландир) 1412 йилда Бойқаро Ажам Ироқига ҳукмдор этиб тайинланади. Унга Ҳамадон, Вуружу, Нахованд ва Луристон ерлари топширилади. Навоийнинг бобоси Абу Саъид Бойқаро хонадонида Амир ул-умаро лавозимида фаолият кўрсатганлиги ҳақидаги Фахрий Ҳиротий маълумоти шу даврга тааллуқли бўлса керак31. Айни маълумотни қолдирган Сом Мирзо Навоийнинг бобоси исмини Абу Саъид Бек деб келтиради.32 Бундан шундай хулоса чиқадики, Абу Саъид Бек Мирзо Бойқарога жуда ҳам яқин инсон бўлган. Ҳатто тахминимизча, айни Абу Саъид Бойқаро Мирзога эмикдош-кўкалдош бўлган бўлиши мумкин ва шу жиҳатдан Бойқаро қаерда яшамасин, у билан бирга бўлган.

1413 йили Искандар Шероздан Исфаҳонга ўтади ва у ерни ўз пойтахтига айлантиради. Ҳижрий 817 (мил.1414) йили Искандар Мирзо Шоҳрухга бўйсунмай қўяди, жаҳли чиққан ҳукмдор лашкар жўнатиб Исфаҳонни қамал қилади. Искандар таслим бўлади. Шоҳрух Искандарни ҳибсга олиб, Исфаҳонни Рустам Мирзога, Шерозни эса невараси Иброҳим султонга топширади. Искандар укаси Бойқаро Мирзони Шоҳрух қарорига қарши чиқишга ундайди. 1415 йили Бойқаро Иброҳим Султонни Шероздан қувиб чиқаради. Шоҳрух ғазаб билан Шерозга бостириб боради ва Бойқаро Мирзони шаҳзода Қайду Мирзо бошқараётган Қандаҳорга сургун қилади33. Айтиш керакки, бу ерда сургун маъносини қамаб қўйиш, зиндонга ташлаш эмас, балки темурий шаҳзодани чекка ўлкаларда яшашга мажбур қилиш билан жазолаш деб тушуниш керак. Бойқаро Қайду Мирзо билан Қандаҳорни бирга бошқарган. Бойқаро Қандаҳорда икки йил, 1415 йилдан 1417 йилгача яшайди. У ерда икки темурийзода: Қайду Мирзо ва Бойқаро Мирзо ўртасида юзага келган келишмовчилик аста-секин катта можарога айлангани туфайли Шоҳрух Мирзо ҳижрий 820 (мил.1417) йил Бойқаро Мирзони Қандаҳордан Самарқандга сургун қилади34. Бойқаро Мирзонинг кейинги тақдири номаълум ва ҳеч бир тарихий манбада қайд этилмаган. Шу ерда Е.Бертельснинг Қандаҳорда Навоийнинг бобоси Бойқаро амири бўлган деган тахминини тасдиқлашимиз мумкин. У ҳам Бойқаронинг энг яқин кишиси ва садоқатли мулозими сифатида Қандаҳорга келган бўлиши мумкин.

Мир Алишер наздида Шоҳрух ҳукмдорлиги даврида исёнкорлиги учун қаттиқ жазоланган ва нонкўрликда айбланган Бойқарони тарихий асарларда оқлаш ва айни чоғда унинг яқин сафдоши бўлган ўз бобоси билан фахрланишнинг иложи йўқ эди. Темурийлар тарихига соя туширмаслик тарафдори бўлган Мир Алишернинг Бойқаро хонадони ва ўз ота-боболари исмларини тилга олмай ўтишининг сабаби шу билан изоҳланиши мумкин.

Ҳусайн ва Алишернинг оталари ҳақида

Мирзо Бойқаронинг икки ўғли бўлган: Ғиёсиддин Мансур ва Муҳаммад. Бойқаро Мирзо хонадонининг Қандаҳордан кейинги ҳаёти манбаларда қайд этилмаган. Шу боис Бойқаро Қандаҳордан чиқарилган 1417 йилдан Ҳусайн туғилган 1438 йилгача бўлган оралиқда уларнинг қаерда яшагани ва Алишерларнинг оиласи билан бирга кечирган ҳаётлари тафсилоти бизга маълум эмас. Бизнингча, унинг оиласи Самарқандга кетмаган бўлса керак. Акс ҳолда, Искандар Мирзо тарихини ёзган Натанзий бу ҳақда тўхталган бўларди. Бироқ айрим маълумотларни назарда тутиш ҳам хато бўлмайди. Худди шу йил Суюрғатмиш Мирзо Шоҳрух Мирзо томонидан Кобул ва Ғазни ерларига ҳоким қилиб тайинланади. Бойқаро Мирзонинг онаси Мулкат Оқо ўғли Суюрғатмиш Мирзо билан Кобулга кўчиб келади35. Суюрғатмиш Мирзо ҳижрий 830 йил муҳаррам ойининг 16-кунида (мил.1426 йил 17 ноябрь) вафот этади36. Мулкат Оқонинг ҳижрий 844 (мил.1440) йилгача ҳаёт бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак37, Бойқаро Мирзо Самарқандга жўнатилгандан сўнг Мулкат Оқо ўз набираларининг бирдан-бир таянчига айлангани аниқ. Бойқаро хонадони аъзолари Кобулга келтирилган бўлиши эҳтимолга яқин. Буви тириклигида Ғиёсиддин Мансур Амир Темурнинг қизидан туғилган Султон Ҳусайн ибн Амир Муҳаммад ибн Амир Мусонинг қизи Феруза Бегимни ўз никоҳига олади. Феруза Бегимдан Бойқаро (1430–1487), Ҳусайн (1438–1506) ва бир қиз дунёга келади.

Мулкат Оқо Кобулда вафот этган. Унинг жасади Балхга келтирилиб, ўзи қурдирган мадраса ҳовлисида дафн этилган38. Малика умрининг охирги йиллари Ҳиротда яшаганми, йўқми, номаълум, аммо Ҳусайн 842 йилнинг муҳаррам ойида (мил. 1438 йил июль) Ҳиротнинг шимоли-шарқий томонидаги Мулкат Оқога тегишли Давлатхона номли қўрғонда туғилгани39 ҳақидаги маълумот бу сулоланинг Ҳирот билан борди-келдиси узилмаганини билдиради.

Алишер ва Ҳусайн болаликдан бирга тарбияланганлар. Буни замондошлари ҳам, уларнинг ўзлари ҳам тасдиқлайдилар. Ушбу факт уларнинг ота-боболаридан давом этиб келаётган сулолавий яқинлик ҳеч қачон узилмаганини билдиради. Ғиёсиддин Мансур ҳижрий 849 (1445–1446) йил вафот этади40. Шундан тасаввур қилиш мумкинки, Шоҳрух вафот этган 1447 йилдан кейинги даврда сулола бошида Феруза Бегим ёлғиз қолган. Унинг яқин суянчиғи Алишерлар оиласи бўлган. Ферузабегим узоқ умр кўрди ва ўз жигарбанди Ҳусайн тахтга чиққанидан сўнг бир неча ой ўтиб, ҳижрий 874 муҳаррам ойининг 14-кунида (мил.1469 йил 25 июль) вафот этди41.

Манбаларда Ҳусайннинг отаси Ғиёсиддин Мансур, Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина тарзида қайд этилган. Айрим замонавий тадқиқотларда унинг бўйи паст бўлган деган нотўғри фикрга ҳам борилган.

Фахрийнинг Ғиёсиддин Кичкина ҳақидаги маълумотларидан икки муҳим хулоса чиқариш мумкин. Биринчиси, Фахрий бизга маълум манбаларнинг ичида биринчи бўлиб Амир Кичкина Султон Абу Саъид Мирзо саройида хизмат қилганини ёзиб қолдирган. Бу гапларда жон бор. Абулқосим Бобур вафот этиб, Хуросонда тўс-тўполон бошланганда шаҳзодалар бирин-кетин тахтга ўтиришар ва сал ўтмай бири иккинчисининг сиқувига бардош бера олмасдан Ҳиротни ташлаб қочар эди. Шундай шароитда тахтни Мирзо Иброҳим эгаллайди. У Ҳирот тахтини ушлаб қолиш мақсадида ўз атрофига салтанат улуғларини йиғади ва Абу Саъид билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилади Буни Ҳирот салтанатининг обрўли кишиларидан бир нечасини султон Абу Саъид қошига юборишида кўрамиз Элчилар Шайх Нуриддин ибн Баҳоуддин Умар, Шайх Шамсиддин Жомий ва Амир Бурҳониддин бўлиб, уларни кузатиб борувчи йўлдош сифатида Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина тайинланади. Абу Саъид уларни иззат-икром билан қабул қилади ва кузатиб қўяди42. Демак, Абу Саъид Мирзо Ғиёсиддин Кичкина билан мулоқотда бўлган.

Тарихий йилномалардан маълумки, ўша йилиёқ Абу Саъид Ҳиротни эгаллайди. Султон Абу Саъид Абулқосим Бобур амалдорларидан бир қанчасини ўз саройида қолдирганида Ғиёсиддин Кичкинани ҳам ҳамсуҳбат сифатида қолдирган бўлиши эҳтимолга яқин. Зотан Шоҳрухнинг невараси Мирзо Иброҳим ўзи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган муҳим вазифани Ғиёсиддин Кичкинага топширибдими, демак, у шу пайтда салтанатнинг обрўли кишиларидан бўлган. Ғиёсиддин Кичкинанинг Абу Саъид даврида тирик эканлиги замонавий навоийшуносликдаги “Навоийнинг отаси шоир ёшлигида (11-12 ёшларда) вафот этган” деган ақиданинг нотўғри эканлигини кўрсатади43. Иккинчиси, “Ҳабиб ус-сияр”да Ғиёсиддиннинг амирлик даври ҳақида гапирила туриб, расмий оҳангда Ғиёсиддин Кичкина деб кўрсатилиши Фахрий маълумотлари билан бирлаштирилганда бу лақабнинг улуғловчи сифатга эга бўлганлигини кўрсатади. Шу ўринда Кичкина лақабининг келиб чиқиши ҳақида мантиқий фараз қилиб кўриш мумкин. Бу лақаб Бойқаронинг ўғли Ғиёсиддин Мансур билан Абу Саъиднинг ўғли Ғиёсиддиннинг бирга ўсиб-улғайганини аниқлаштиради. Сарой аҳли эса уларнинг исмлари бир хил бўлганлигидан, амирнинг ўғлини фарқлаш учун Ғиёсиддин Кичкина деб атаган бўлишлари эҳтимолга яқин. Мазкур лақаб кўкалдошлик белгиси каби темурийларга яқинлигини изоҳлаб тургани учун бир умр унинг номига қўшиб айтилган бўлиши мумкин44.

Сом Мирзо Сафавийнинг “Туҳфаи Сомий” тазкирасида Фахрий маълумотлари деярли такрорланган45. Бироқ ундан фарқли равишда Навоийнинг отаси Кичкина Баҳодир тарзида таништирилган. Тазкира ёзилган давр Навоий даврига нисбатан яқин бўлгани учун бу ўзгартиришда бирор маълумотга таянилган деб ўйлашга асос бор. “Темур тузуклари”да айтилишича, қайси амир мамлакат ё бир қўшинни енгса, унга биринчи навбатда туғ бериб, баҳодирлик лақаби расмий равишда унинг номига қўшиб ёзилган. Сўнг чегара вилоятларидан бирига ҳоким этиб тайинланган46. Ғиёсиддин Кичкинанинг бизга маълум фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, Сом Мирзонинг маълумоти асослидек кўринади.

Алишернинг болалиги ҳақида

Шоҳрух Мирзо ҳижрий 850 йил зулҳижжа ойининг йигирма бешинчи куни (мил.1447 йил 3 март) вафот этади. У пайтда Алишер 6 ёшда бўлган. Мир Алишернинг ўзи сўзлаган бир хотирада айтилишича, Шоҳрух вафотидан кейин пойтахтда содир бўлиши мумкин бўлган тартибсизлик ва ғалвалардан узоқроқ бўлиш мақсадида унинг оиласи Хуросондан Ажам Ироқига йўл олган47. Йўлда улар Шарафиддин Али Яздий яшаган Тафт шаҳрида тўхтаб ўтадилар48. Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”да Шоҳрух Султон вафотидан кейин Амир Алишернинг отаси бола-чақаларини олиб Шероз томонга жўнаб кетди. У мамлакатда бир неча йил турди”, дейди49. Шерозда Бойсунғур Мирзонинг иккинчи ўғли Мирзо Султон Муҳаммад ҳукмронлик қилар эди. У Шоҳрух Мирзонинг қаҳрига учраб ҳижрий 846 (мил.1442-1443) йил ўзига берилган Форс ва Ажам Ироқидан маҳрум бўлган ва султоннинг вафотидан кейин эса қайта забт этиб олган эди. Шероз пойтахт бўлиб, ҳануз фан ва маданият маркази сифатида ўз мавқеини йўқотмаган эди. Алишернинг отаси ҳукмдорнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлади ва унинг амалдорларидан бирига айланади. Хусусан, Навоийнинг ёзишича, Астрободда вафот этган Мир Шоҳнинг хоки Сабзаворга олиб келинганда отаси вақтинча шаҳарни бошқарган 50.

Ҳижрий 855 (мил.1451) йилда Абулқосим Бобур Хуросон тахтини эгаллайди ва сал ўтмай Ироқда тинчлик ўрнатиш учун Шерозга келади. Абдураззоқ Самарқандийнинг ёзишича, у кўп вақтини маҳаллий фозил инсонлар, уламолар ва шоирлар билан суҳбатда ўтказган51. Бобур кетиш олдидан Шероз бошқарувини шаҳзода Султон Санжарга топширади. Айни замонда ва шу ерда Абулқосим Бобурнинг оқ фотиҳаси билан Ҳусайн ва Султон Санжар қизи Бека Султонбегим унаштирилади52. Демак, бу даврда Ҳусайн Бойқаролар хонадони Шерозда истиқомат қилиб турган ва табиийки, кўкалдошлик томирлари билан боғланган Ғиёсиддин Кичкина оиласи ҳам улар билан бирга эканлигига шубҳа йўқ. Бу пайтда Ҳусайн 13 ёшда, Алишер 10 ёшда эди. Манбаларнинг далолат беришича, Алишер 10 ёшида Абулқосим Бобур назарига тушган бўлиб, султон иқтидорли ёш Алишерга алоҳида меҳр билан қараган53. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Алишернинг Абулқосим Бобур билан танишуви айнан Шерозда юз берган.

Абулқосим Шерозда 4 ой бўлгач, Ҳиротда ўз акаси Ало уд-Давланинг қўзғолон кўтариш режасидан хабар топиб, пойтахтга қайтади. Абулқосим Бобур билан бирга Ҳусайн Мирзо ва Алишер оилалари ҳам Шероздан Ҳиротга қайтади. Бундай нотинч вазиятда Ҳусайн ва Алишерлар оиласи учун Шерозда қолиш жуда хавфли эди, зеро, тарихчиларнинг маълумотларига қараганда, ўша пайтларда Қорақўюнли туркманларнинг Форс, Ажам Ироқи, Озарбайжон ва Каспийбўйи ерларига уюштирган ҳужумлари ҳижрий 858 (мил.1454) йилда туркманларнинг тўлиқ ғалабаси билан тугайди. Табиийки, Абулқосим Бобур тахтга чиқиб, тинч ҳаётдан дарак берган Ҳирот Алишернинг оиласи учун ягона бошпана эди. Шу даврдан эътиборан, айнан 1452 йилдан Ҳирот Алишернинг ўзи ва ота-онаси учун доимий яшаш жойига айланди.

Йигитлик даври ҳақида

Султон Абулқосим Бобур ҳижрий 861 (мил. 1456) йили қишлаш учун Машҳадга кўчади. Ҳукмдор ўзи билан бирга Алишер ва Ҳусайнни ҳам олиб кетади. Ўша қиш, раби ус-соний ойининг йигирма бешинчи куни (мил.1457 йил 21 март) Абулқосим Бобур вафот этади54. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр”да аниқ кўрсатишича, Алишер Абулқосим Бобур вафотидан кейин Машҳадда қолиб, илм такомили билан шуғулланди55. Шоирнинг ўзи ҳам “Мажолис ун-нафоис” асарида Хожа Ҳасан Хизршоҳ Астрободийнинг Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Машҳадда оғир касал бўлиб қолгани ва унинг кўмаги билан сиҳат топганини қайд этган56. Бу ҳам Алишер Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Машҳадда қолганлигини тасдиқлайди.

Алишер Абу Саъид Мирзо даврида Хуросонда нисбатан осойишталик ўрнатилгач, Ҳиротга қайтади. Буни “Ҳабиб ус-сияр” асари муаллифи “Султон Абу Саъид замонида Ҳирот дор ус-салтанатига қайтиб, бир муддат ул иқболошиёнлик остона хизматида бўлди”, деб тасдиқлайди.

Навоий Машҳадда юрганда шоир сифатида анча танилган бўлиб, овозаси тўрт томонга тарқалган эди. Ҳирот адабий муҳити уни илиқ қаршилайди. Ёш бўлишига қарамай, даврнинг улуғ туркигўй, (турки тилли) шоирлари назарига тушади. Хондамир ёзади:

“Ҳазрат (Навоий) ёшлари эндигина тўлиб, йигитлик даври бошланган пайтларда бир куни Лутфийнинг ёнига борди. Мавлоно Лутфий:

– Бирор ғазал ўқиб бериш орқали ўз тафаккурингиз маҳсулларининг янги намуналаридан мени баҳраманд этинг, – деб илтимос қилди.

Ул Ҳазрат матласи қуйидагича бўлган бир ғазални ўқиб берди.

Шеър:

 
Оразин ёпқоч кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш.
 

Жаноб Мавлавий бу ғазални эшитиб, ҳайрат денгизига чўмди ва шундай деди:

– Воллоҳ, агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг байтдан иборат бўлган туркий ва форсий байтимни биргина ушбу ғазалга алмаштирган ва буни катта муваффақият деб ҳисоблаган бўлардим57.

Саййид Ҳасан Ардашер Алишернинг илк устозларидан бири эди. Навоийнинг ёзишича, у билан ҳижрий 860 (мил.1456) йил танишган. Бу пайтда Алишер 15-16 ёшда бўлиб шеърлари Хуросонда анча машҳур бўлган эди58. Алишер Саййид Ҳасан Ардашерга ўз шеърларини ўқиб берар ва фақр тариқи, (йўқсиллик йўли) ҳақидаги илк сабоқларини ундан олган эди.

Алишер Ҳиротга қайтгач, кўпинча, устози Саййид Ҳасан Ардашер ҳузурида бўларди. Навоий “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида шундай хотирлайди: “Доимо замонанинг машҳур улуғлари ва олимлар билан суҳбат қурарди. Чиғатой улусининг юқори мартабали беклари, ёшлари ва мартабалари улуғ ёки тенг бўлишига қарамай, уни ўзларидан юқори тутиб, таъзим қилар эдилар. Султон Ҳусайн тахтни олганда унинг ҳамсуҳбатига айланди”.59

Алишер тенгқур шоирлар билан, хусусан, султон хизматида бўлган Шайхимбек Суҳайлий билан дўстлашади60. Абу Саъид Мирзо тарихини ёзаётган Мавлоно Абусамад Бадахший билан яқин муносабатлар ўрнатади. Ёш курашчи паҳлавон Муҳаммад унинг яқин сирдошига айланади. Алишер ижод билан муттасил шуғулланиш асносида даврнинг етук олимларидан дарс олишга ҳам иштиёқи баланд эди. Замонанинг улуғи, “Ваҳдат ул-вужуд” таълимотининг зукко билимдони бўлган Шайх Садриддин Ривосий қўлида Ибн ал-Арабийнинг “Фусус ал-ҳикам” асарини ўрганади61. Унинг яна бир орзуси Абдураҳмон Жомийга яқинлашиш эди. Жомий Султон Абу Саъид замонида Хуросон нақшбандия тариқатининг азим пири комили бўлиб, халқ орасида катта эътиборга эга эди. Шу билан бирга, у етук шоир ва адабиёт назарияси билимдони эди. Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида унинг ўша даврдаги мақомини ва илк танишувини шундай тасвирлайди: “…Шоҳрух султон замони авоситидин (ўрталаридан) султон Абу Саид замонининг (бошланиши) авойилиғача шаҳрда сокин эрдилар. Андин сўнгра Хиёбон бошида ҳазрати пир махдум Мавлоно саъд ул-миллат вад-дин Саъдиддин Кошғарий мазори бошида иқомат (доимий яшаш) расмин зоҳир этдилар. Шаҳрнинг жамеи уламо ва акобиру ашрофи аларға мулозамат ва тараддуд бунёд этдилар… Сойир ниёзмандлар ва оммаи бехеш ва пайвандлар ҳам кўзларин ул эшик туфроғидин ёрутурлар эрди. Бу фақири ҳақир бу сўнгги жамоат зумрасида Хиёбон бошида кўрган замонида мухтасар битилган рисола сабақига мумтоз бўлдум…”62 Алишер Навоий тилга олган бу рисола “Қофия” рисоласи эди.

Алишер Навоий Абу Саъид даврида Ҳиротда бир неча йил яшайди. “Мажолис”да келтирилган бир хотира бунга далил бўла олади. Навоий Мавлоно Аёзий ҳақида гапира туриб ёзади: “…Фақир Пули Молонда бўлган бир мажлисда ани кўрдум, қасида ўқур эрди. Ҳар байт бунёд қилса, сўз услубидин, қофиясин айта берур эрдим. Бағоят ҳайрат қилди. Уч йилдан сўнг Боғи Сафедда яна бир мажлисда биайниҳ ушмундоқ воқеа бўлди. Ул зот яна ҳайрат бунёд қилди. Бурунғи мажлис аҳлидан бу мажлисда ҳам неча киши бор эди. Андин сўрдиларким, ҳаргез бу навъ киши кўрубмусен, чун кўзида заъф (сустлик) бор эрди, дедики, кўрмабмен, магар уч йил мундин бурунроқ Пули Молонда бир йигит кўрдум, ул навъ ҳам бу навъ шуъбадабозлиқ (найранг) қилди. Мажлис аҳли кулуштилар”.63

Алишер ўз шоирлик иқтидори даражасини яхши билар ва султон саройи адабий муҳитида ўзига муносиб эътибор қаратилишини истарди. Темурий султонларга улкан эҳтиром руҳида тарбияланган ва бу улуғ хонадонга яқинлик ҳиссидан кўкси баланд ва энг асосийси, ижодий ғайрати мавж урган ёш шоирнинг султон ҳимоясидан умидвор бўлиши мантиқ нуқтаи назаридан табиий. Темурийлар сулоласига кўкалдошлик ришталари билан боғланган ёш шоир Ҳиротга катта орзулар билан қайтганди. Бироқ ҳаёт уни кўп синовларга юзма-юз қилди. У Ҳиротдан кетишга қарор қилади. Хондамир “Ҳабиб ус-сияр” асарида “(Амир Алишер) Султон Абу Саъид замонида (Машҳаддан) Ҳирот дор ус-салтанатига қайтиб, бир муддат ул иқболошиёнлик остона хизматида бўлди Аммо ўз ҳолига яраша даража ва риоят топмагач, Хуросондан Самарқандга кетди”64 деб келтиради. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам кейинчалик “Бобурнома”да унинг Самарқандга кетганини қайд этган.

Ёш шоир, ҳақиқатан ҳам, тўғри Самарқандга йўл олганми?

Навоий “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарида шундай хотирлайди: “Султон Абу Саъид Мирзо замонидаким, Хуросон аҳли Самарқанд аҳлига асир эрдилар… Бу фақирни айни ифлосу фалокат ва сарнавишу ранжуриш Машҳад сори тортиб эрди ва анда етгандан сўнгра мафосил марази йўлиқиб, бир гўшада ётиб қолдим. Иттифоқан, Паҳлавон ҳам Машҳадда хизмат қиларди. Тузалгунимча ҳар кун келиб дўстлик, шафқат ва муҳаббат юзасидан ғамхўрлик қиларди”65.

Эътибор берган бўлсангиз, у ўзининг Машҳадга келиш сабабини аниқ изоҳлаб ўтган ва “айни ифлос ва фалокат ва сарнавишт ва ранжуриш” етаклаб келгани (!) ва бу замонда Хуросон Абу Саъид Мирзо қўлида бўлиб, Ҳирот аҳли Самарқанд аҳлига асир ва муте эди”, деб кўрсатади66. Навоий айтмоқчи, уни Машҳадга тортган сабаблар, бу ифлослик, яъни ўрта асрларда бу калима чорасизлик маъносида ишлатилган; иккинчиси – фалокат, учинчиси эса сарнавишт, яъни тақдир, пешона ҳамда тўртинчиси – ранжуриш. Мазкур охирги калима ҳам форсий бўлиб, хафачилик маъносини билдиради.

Навоийнинг ҳаётини алғов-далғов қилган ва шу даражада азобланишига нима сабаб бўлган бўлиши мумкин? Юқоридаги парчадан икки фактни англашимиз мумкин. Биринчиси, Алишер Ҳиротдан хафачилик ва чорасизлик туфайли Машҳадга кетган.

Иккинчиси, шоирнинг чуқур надомат билан Ҳиротнинг “Самарқанд аҳлига асир ва муте” эканлигини таъкидлашидан унинг айнан Абу Саъид ва унинг мулозимларидан қаттиқ хафалигини сезиш мумкин. Буни Алишер пойтахтни тарк этиш олдидан устози Сайид Ҳасан Ардашерга ёзиб юборган шеърий мактуби мазмунидан ҳам билса бўлади67. Унда шундай дейилади:

 
Ғаме етти чархи жафопешадин,
Ҳамул анжуми хориж андишадин.
Ки, бўлмоқ ватан ичра душвор 68 эди,
Кўнгилга жало 69 дафъи озор 70 эди.
Сафар тушти оллимға беихтиёр,
Қазо амрида элға не ихтиёр?!
 

Шоир ўз қарорига тўрт сабабни асос қилиб келтиради:

Биринчи сабаб:

 
Агар хосса маъно гар ийҳом эрур,
Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур.
Вале айт деб, ким манга тутти юз
Ки мен юз учун демадим икки юз…
Бирав бўлса бир ишда бу навъ фард,
Вале кўрмаса баҳра жуз ранжу дард…
Нечук майли оворалиғ этмагай,
Бошин олибон бир тараф кетмагай?!
 

Иккинчи сабаб:

 
Яна бир буким, зоҳир ўлмиш манго
Ки, чиқмиш Хуросон элидин вафо.
Вафо азм айларда бўлмиш магар,
Сахову мурувват анга ҳамсафар.
Бу уч феъл чиққач ародин тамом,
Яна бўлмиш уч феъл қойиммақом.
Вафо ерида зоҳир ўлмиш нифоқ,
Саҳо ўрнида бухл тутмиш висоқ.
Мурувватқа бўлмиш ҳасад жойгир,
Зиҳе ҳуш элу мулкати дилпазир.
 

Учинчи сабаб:

 
Учинч улки, чун Холиқи Зулжалол
Ки, ҳам ламязал келди, ҳам лоязол…
Хаёлимда андоғ мусаввар бўлур,
Ки ул ики ишдин муяссар бўлур.
Бири буки, бир жазба Ҳақдин етиб,
Кўнгулни яқийн жомидин маст этиб,
Ҳақиқат сари турктоз айлагай,
Жаҳон шуғлидин бениёз айлагай…
 

Тўртинчи сабаб:

 
Яна бир будурким, гадо гар мулук
Талаб йўлида қилғай онча сулук.
Бурун муршиди комил истай юруб,
Ани топқоч ўзин анга топшуруб.
Сулук амрида урмайин бешу кам,
Анинг амридин айру дам ё қадам.
Чу аввалғи иш бўлмади дастгир,
Икинчисидин хўб эмастур гузир.
 

Демак, у шу даврда жиддий руҳий изтиробларни бошдан кечирган. Балки бу унинг севги можаролари билан боғлиқдир. Бу хусусда ўз ўрни билан сўз юритамиз. Хондамирнинг ёзишича, Алишер йигитлик даврининг гуллаб-яшнаган чоғларида (шу давр назарда тутилмоқда – Ш.С.) бир неча вақт таркидунё қилиб, дарвишлар макони бўлган Работи Суҳайлда риёзат ва ибодат билан шуғулланди71. Бу маълумот шоирнинг Ҳиротдан чиқиб кетиш арафасидаги кайфият ва руҳиятини янада аниқлаштиради.

Навоийшунослар Хондамир ҳамда Бобурнинг сўзларидан келиб чиқиб, шоир Самарқандга Ҳиротдан жўнаган деб хулоса қилдилар. Бироқ ҳеч ким биз юқорида тилга олган тафсилотни ҳисобга олмади. Тўғри, Е.Э. Бертельс ўзининг “Навоий” монографиясида мазкур масалада аниқ фикр билдирмаган: бир жойда “Алишер 1464 йили Машҳаддан Ҳиротга қайтди. 1466–1467 йили Бадахшонда Навоийнинг дўстлари томонидан кўтарилган қўзғолон Абу Саъид томонидан бостирилгач, у қочиб, Самарқандга кетди”72 деса бошқа бир жойда эса Навоийнинг ўз хотирасида эътироф этган Машҳад сафари сабабига диққатини қаратган шекилли, “у 1467 йили Абу Саъид томонидан Машҳадга сургун қилинди”, деб кўрсатади73. Олим негадир бу икки хил қарашни мантиқан далилламаган.

Тушкун ва хафа ҳолатда Машҳадга кетган шоир Самарқандга кетишдан олдин яна Ҳиротга қайтдимикан? Шундай бўлганда Навоийнинг ва унинг замондошлари асарларида бу ҳақда бир сатр бўлса ҳам маълумот берилган бўларди. Агар Хондамир маълумотига эътибор берилса, у шоирнинг Самарқандга кетишини Ҳиротдан деб эмас, балки Хуросондан деб таъкидлайди. Машҳад Хуросон таркибида бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, Алишер Самарқандга Ҳиротдан эмас, балки Машҳаддан борган дейишга асос бор.

Навоий ва Абу Саъид Мирзо муносабатлари ҳақида

Шу ўринда бу икки шахс орасидаги муносабатларга навоийшунос олимларнинг нотўғри ёндашув, қарашлари ҳақида тўхталмасликнинг иложи йўқ.

Навоий ҳақидаги замонавий адабиётларда Алишер Самарқандга Султон Абу Саъид томонидан сургун қилинган дейилади. Дастлаб шундай фикр В.Бартольд томонидан илгари сурилган ва кейинги навоийшунослар томонидан ривожлантирилган74. В.Бартольд ёзади: “Бобур сўзларига қараганда, Мир Алишер Самарқандга Абу Саъид томонидан қандайдир хато учун сургун этилган. Мир Алишернинг ўзи таҳсил учун борганлигини айтади. У пайтларда таҳсил учун Ҳиротдан Самарқандга бормас эдилар. Демак, унинг Ҳиротдан Самарқандга кетиши сургун сифатида қаралиши лозим”75.

В.Бартольд ўзининг фарази, тахмини ишонарли чиқиши учун баъзи маълумотларни қасддан нотўғри шарҳлаганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Жумладан, у шундай ёзади: “Навоий ҳаётининг бу даврини ёритишда балки унинг гўзал ва фасиҳ тилли, “қалбини асир этган” (кўнглумни басе сайд қилди) шайх Садриддин Ривосий ҳақидаги ҳикояси баъзи аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Унга ҳатто олий даражадаги шахслар ҳам, жумладан, унинг муридига айланиб, дарс олган Бадахшон шоҳи ва ҳатто замон подшоҳи, яъни султон Абу Саъид жазман эдилар… Мир Алишернинг бадахшонликлар билан яқин алоқаси ҳ. 871 (мил. 1466-1467) йил воқеасидан сўнг унинг ҳаётига таъсир қилган бўлиши мумкин. Бунга султоннинг гўзал шайхни унинг дўстларидан рашк қилгани ҳам қўшилган бўлиши мумкин”76. Кейинги сатрда ўз мулоҳазасини янада бўрттиради: “Умрининг охиригача на оиласи ва на авлоди бўлган Мир Алишер, кўринишидан, чиройли ёш йигитларни севган”. Шу тариқа В.Бартольд Навоийнинг Самарқандга кетишини бадахшонликларнинг қўзғолонига алоқадорлик билан боғлайди ва Султон Абу Саъид ҳамда Навоий ихтилофини, келишмоқчилигини марказий ўринга олиб чиқади.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, 1464 йили Султон Абу Саъид Бадахшонни қўлга киритиб, Бадахшон шоҳи ва унинг яқинларини Ҳиротга кўчириб олиб келади ва унинг қизига уйланади. Бадахшон шоҳининг Ибн Лаъл исмли ўғли Султон Абу Саъид Бадахшонни олганда Кошғар вилоятига қочиб кетади. Шаҳзода 1467 йил қўшин тўплаб Бадахшонга бостириб киради ва уни эгаллайди. Абу Саъид Мирзо Бадахшонга қўшин тортади ва мамлакатни вайрон қилади. Ибн Лаъл асир олинади ва отаси билан бирга қатл қилинади. Бартольд шунга ишора қилади.

Садриддин Айний Бартольд фикрларидан фойдаланиб, Алишер Навоий ва Абу Саъид ўртасидаги ихтилоф Ҳусайн Бойқаро, Мир Саид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийнинг ҳамда Бадахшон шоҳларининг шоирга яқин одамлар эканлиги важидан пайдо бўлган деб кўрсатади77. Ойбек ҳам шундай ҳисоблайди78.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур аслида “Абу Саъид Навоийни Самарқандга нега сургун қилди?” деб эмас, балки “Билмайман, қайси гуноҳи учун Ҳиротдан чиқариб юборди?” деган мазмунда гапирган79 (Билмон, не жарима била султон Абу Саъид Мирзо Ҳиротдин ихрож қилди. Самарқандга борди, неча йилким, Самарқандда эди). Бобур Самарқандни нега тилга олгани ҳақида айтадиган бўлсак, Машҳадга боргани ҳақида билмаган ҳам бўлиши мумкин. Аммо унинг Самарқандда яшаганидан хабардор бўлган. Қолаверса, Бобур Мир Алишернинг таржимаи ҳолини батафсил баён қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган, балки хотирасида қолган ахборотни тақдим этган. Тўғри, Бобур Навоийнинг Ҳиротдан чиқиб кетиши Абу Саъид билан боғлиқ деб қараган ва шоҳнинг бу ишидан таажжубланган. Чунки шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш шоҳлар одати бўлган. Шоирлар ва илм аҳли сиёсатда бетараф бўлганлар. Улар бир подшоҳдан қанчалик мурувват кўрсалар, унинг вафотидан кейин унга мухолиф (ҳатто қотили) бўлган кейинги подшоҳлардан ҳам шунчалик мурувват кўрганлар. Шоирлар қадим-қадимдан салтанат безаги ҳисобланганлар, султон отини дунёга таратганлар, улуғворлигини тарих саҳифаларига нақш этганлар. Шоирлар ва илм аҳлига ҳомийлик қилиш барча султонларга обрў келтирган. Акс ҳолда, шоирларнинг ўткир ҳажвлари султонни етти иқлимга кулгу ҳам қилишга қодир эди. Навоий ўзи эътироф этганча, Ҳиротни тарк этишига “чорасизлик, фалокат, тақдир ва хафагарчилик” сабаб бўлган бўлса, бу унинг ўзигагина маълум бўлган сабабларга кўра рўй берган. Навоий Абу Саъид Мирзо замонида сиёсат билан шуғулланмаган бир шоир эди. Ҳусайн эса Абулқосим Бобур вафотидан сўнг Навоий билан кўришмаган, Навоий эса бу даврда Ҳиротда ҳам Машҳадда юргани каби шоирлар муҳитида, жўшқин ижод билан банд, сиёсатдан анча йироқ шоир сифатида тасаввур уйғотади. Агар Абу Саъиднинг Навоийга Ҳусайн Бойқаро туфайли хусумати бўлганда, унинг ўғли Мирзо Султон Аҳмад Ҳусайн Бойқарога қарши қўшин тортганда Навоийни ўзи билан олиб кетмаган бўларди. Бу ҳақда “Равзат ус-сафо”да қуйидагича маълумот мавжуд: “…то дар ин айёмки, Мирзо Султон Аҳмад бино бар таважжуҳи хоқони мансур (Ҳусайн Бойқаро) ба суби Хуросон аз оби Амуя гузашт Амир Алишер низ ҳамроҳи ўрду равон шуда буд. Баъд аз таҳқиқи хабари воқеаи (яъни фавти) Султон Абу Саъид ва истилои хоқони мансури музаффарливо (яъни Ҳусайн Бойқаро) бар балдаи фохираи Ҳирот, аз амир Ҳожибек рухсат талабида ижозат ҳосил намуда ва рўй ба Ҳирот овард”80. (…Бу ҳаёт шунгача давом этдики, Мирзо Султон Аҳмад Ҳусайн Мирзога қарши Амудан кечиб, Хуросонга юриш қилганда Амир Алишер ҳам унинг ўрдусида эди. Абу Саъид Мирзо ўлими воқеаси ва Ҳусайн Бойқаронинг Ҳиротни эгаллаганлиги ҳақидаги хабар аниқлангандан сўнг Аҳмад Ҳожибекдан рухсат олиб Ҳиротга юзланди.)

Ушбу маълумот Абу Саъид ва унинг ўғли Навоийдан мутлақо хавфсирамаганини билдиради. Агар султон Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога яқин алоқаси борлиги учун душманона кайфиятда бўлганда эди, унда Абулқосим Бобурнинг амирларини ўз хизматига олганини қандай изоҳлаш мумкин? Уларнинг кўпчилиги Ҳусайннинг устозлари ва яқинлари бўлганлар (Худди шундай Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Абу Саъиднинг амирларини ўз хизматига олган). Темурий султонлар наздида кўкалдошлар ва амирлар қайси бир темурий султонга хизмат қилганига қараб эмас, балки умуман, темурийлар сулоласи султонларига яқинликларига қараб қадрланган. Шунинг учун ҳам султонлар ўзгараверсалар-да, кўпчилик амирлар иззат-ҳурматда қолаверганлар. Кўкалдошлар темурийларга яқин кишилар сифатида шу давлат ҳудудида алоҳида эътиборга эга бўлганлар. Темур тузуклари қоидаларига кўра, ғаним тарафидан кимки ўз давлатидан умидини узиб, бир подшоҳ қошига келиб, хизмат қилса, бу подшоҳ уни азиз тутиши, унинг мухолиф подшога вафодорлигини унутиб, мартабасини улуғ қилиши лозим бўлган. Бу жиҳатдан ҳам тадқиқотларда айтилган Абу Саъиднинг Навоийга Ҳусайн билан бирга ўсганлиги учун ёмон муносабатда бўлиши ҳақиқатга тўғри келмайди. Заҳириддин Бобур Навоий сиймосида мудҳиш жиноятчини кўрмагани учун ҳам шоҳнинг бу ишидан таажжубланган. Ачинарлиси шундаки, Е.Бертельс ҳам “Навоий” монографиясида Навоийнинг Самарқандга борганлигини сургун ҳисоблаб, бу пайтларда Самарқанд илм-фан маркази эмас эди, деб фикр билдиради. У Бартольд сингари Садриддин Ривосий масаласини кўрсатмаса-да, аммо тоғалари ва бадахшонийлар фожиасидан кейин шоир қочишга мажбур бўлди, деб таъкидлайди81.

Унинг Ҳиротдан чиқиб кетишига сургун тусини бериш В.Бартольд учун нега зарур бўлгани тушунарли. У Бобур маълумоти атрофида манбалардаги барча фактларни ўз мақсадига мослаштирди. Жумладан, Навоийнинг Бадахшон шоҳларига ҳурмати, Ҳусайн билан дўстлиги ҳолатларини бўрттириш орқали Абу Саъиднинг уюшган мухолифларини “ташкил” этди. Шайх Садриддин Ривосий шахсияти билан боғлиқ тахминлар мутлақо асоссиз. Шайх Садриддин Ривосий ёши улуғ киши бўлиб, асосий умри Мадина, Миср ва Сурия ўлкаларида ўтган. Ёши ўтиб ватани Исфаройинда сўфийлар жамоасига пешволик қилиб турганда Султон Абу Саъиднинг қистови билан Ҳиротга кўчиб ўтади ва айнан ҳижрий 871 йил рамазон ойининг ўнинчи куни (мил. 1467 йил 10 апрель) Ҳиротда вафот этади. Алишер Навоий унинг қўлида “Ваҳдат ул-вужуд” таълимоти бўйича сабоқлар олган ва “кўнглумни басе сайд қилди” дегани улуғ устозга бўлган меҳр-муҳаббатини ифодалайди. Навоийнинг тоғалари ёки Бадахшон шоҳининг Абу Саъид буйруғи билан қатл эттирилиши султон ва Навоийнинг бир-бирига совуқ муносабатда бўлишларига асос бўла олмайди (Навоийнинг жияни Амир Ҳайдарнинг Ҳусайн Бойқаро томонидан қатл этилиши каби). Акс ҳолда Абу Саъид Мирзо Алишернинг Самарқандда ҳукмрон доираларда иззат-икром кўришига йўл қўймаган бўларди. Алишернинг тоғаларига биз шоир сифатида қарасак-да, улар аслида ҳарбий бўлишган. Уларнинг Абу Саъид лашкари билан қуролли тўқнашувлар чоғида шаҳид бўлиши уруш қонуниятларига тааллуқли. Мир Саид Кобулий Абу Саъид ва Астрободда мустақиллик эълон қилган Ҳусайн Бойқаро ўртасида ҳижрий 864 йил шаъбон ойи (мил.1460 йил июнь) ойида кечган Сарахс тўқнашувида82 қурбон бўлган. Иккинчи тоғаси Муҳаммад Али Ғарибийнинг вафоти анча илгари содир бўлган. У Ҳусайн Бойқаро билан бирга Абулқосим Бобурнинг 1453 йил Самарқандга Абу Саъид Мирзога қарши юришида қатнашган. Икки подшоҳ ўртасида сулҳ тузилгач, Ҳусайн акаси Бойқаро, поччаси Султон Аҳмад ва унинг ўғли Мирзо Кичик билан Самарқандда қолиб, Абу Саъид хизматига киради. Аммо сал ўтмай Ҳусайн амакиваччаси Султон Увайснинг Абу Саъиддан тахтни тортиб олиш ҳаракатини қўллаб-қувватлашда айбланиб, ҳибсга олинади. Гарчи Ферузабегимнинг илтимосига биноан Ҳусайн ҳибсдан озод этилиб, Ҳиротга жўнатилган бўлса-да, Султон Увайс ва унинг тарафдорлари қатл қилинган83. Навоий ёзишича, тоғаси Муҳаммад Али Ғарибий шу талотўплар чоғида Самарқандда қатл этилган84. Бадахшон шоҳи тақдири ҳам худди шундай.

Тўғри, Ҳусайн Бойқаро ҳамиша Абу Саъиднинг ғазабини қўзғатиб юрган. У Абулқосим Бобур вафотидан сўнг ўз давлатини тузиш режасини амалга ошира бошлайди: Марвга чиқиб оз вақт ичида бир қанча ерларни забт этади. Қайнотаси Султон Санжарнинг Марвга ҳоким этиб тайинлангани ҳам уни бу йўлдан қайтара олмайди. Улар ўртасида келишмовчилик бошланади. Шу жараёнда айрим лашкарбошиларининг вафосизлиги туфайли эгаллаган ерларини бой бериб, саҳрою биёбонларда саргардон бўлиб юришига тўғри келган. Аммо у шунда ҳам ўз режаларидан воз кечмайди. Ўз атрофига содиқ жангариларни тўплаб яна катта босқинларни режалаштиради. Ҳусайн Бойқаро 862 йил зулҳижжа ойида (мил.1458 йил 10 октябрь 8 ноябрь) Астрободни Қорақуюнли Жаҳоншоҳ Туркманнинг қариндоши Ҳусайн Саъдлудан тортиб олади ва Султон Абу Саъид Мирзо номига хутба ўқиттириб, танга зарб қилади. Бироқ кейинчалик мустақиллик эълон қилгани учун Султон Абу Саъид Астрободга қўшин тортиб, Ҳусайнни қочишга мажбур қилади. Шундан бери Ҳусайн Хуросоннинг чегаралари яқинларида, Хоразм ерларидан босқинлар уюштириб, катта-кичик қуролли тўқнашувларга сабабчи бўлар ва Абу Саъиднинг ҳаловатини бузиб келарди. Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг мутлақ ҳукмдори бўлмиш тажрибали Султон Абу Саъид учун Ҳусайн катта хавф туғдирмас эди. Унинг давлатига жиддий хавф солаётган мамлакатнинг ғарбида жойлашган қудратли туркманлар салтанати бўлганини унутмаслигимиз керак.

1.Қаранг: Сирожиддинов Ш. Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий – топологик, текстологик – таҳлили – Тошкент:»Академнашр». 2011.
2.Хондамир томонидан ёзилган “Равзат ус-сафо” асарининг охирги жилди хотимасида Алишер Навоийнинг Ҳиротда туғилгани қайд этилган. Батафсил маълумот учун қаралсин: Сирожиддинов Ш. ХV–ХVI асрлар тарихий ва тазкира-эсдалик асарларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти талқини. – Самарқанд: Зарафшон, 1997 йил, 21- бет. Фурсатдан фойдаланиб, мендан ўтган бир хатолик ҳақида эслатишим ўринли. 2019 йил “Маънавий ҳаёт” журналида чоп этилган “Навоий Ҳиротда туғилганми?” номли бир мақоламда Навоий Совада туғилган бўлиши мумкин деган илмий фаразни ўртага ташлаган эдим. Гап шундаки, Хондамир қаламига мансуб “Равзат ус-сафо” еттинчи жилди ва “Хулосат ул-ахбор” Навоийга бахшида этилган. Унинг учинчи асари – “Ҳабиб ус-сияр” анча йил ўтиб тугалланган бўлиб, бу асарга сафавийлардан бўлган Ҳирот ҳокими Ҳабибуллоҳ Соважий ҳомийлик қилган. Бу асарларнинг хотима қисмлари жуда ўхшаш. Хондамир олдинги икки асарида Навоий номини тилга олиш одобдан саналмагани учун турли эпитетлар қаторида соҳибдавлат атамасини ишлатган. Шу атама “Ҳабиб ус-сияр”да совалик Ҳабибуллоҳ Соважийга нисбатан ҳам қўлланган. Унда “Соҳибдавлатнинг туғилган ери Совадир” деган жумла мавжуд. Навоийга бағишланган конференция учун мақола тайёрлаш жараёнида қўлимдаги хотималарнинг фотонусха варақлари аралашиб кетиб, шошилинчда унинг Совада туғилгани ҳақидаги қайд Навоийга алоқадор деб тушунганман.
3.Матлаи саъдайн (1), 331а . Форс тилидан муаллиф таржимаси. Китобда келтирилган барча таржималар муаллифга тегишлидир. Бошқага тегишли бўлганда таржимон исми кўрсатилади.
4.Ўша қўлёзма, 331а.
5.Давлатшоҳ Самарқандий, 370.
6.Бадоеъ ул-бидоя,17.
7.Вақфия,166.
8.Мажолис, 27.
9.Мажолис, 66-120.
10.Тарихи Рашидий,121б.
11.Памятники…104-105.
12.Зафарнома, 99б.
13.Семенов 1960, 238; Subtenly (2),800.
14.Памятники…192.
15.Баҳр ул-асрор,160а; Тазкираи Фаҳмий, 36а.; Садр Зиё, Баёз. 20а; “Том ут-таворих”даги маълумот А.Ҳайитметовнинг мақоласидан олинди. Қаранг: Ҳайитметов 1974 (2),184.
16.Ҳабиб ус-сияр, 570а.
17.Тарихи Рашидий,121б .
18.Латоифнома,133.
19.Бертельс, 1965, 25.
20.Амир Темурнинг 4 нафар ўғли бўлган: Муҳаммад Жаҳонгир (1377–1378 йилларда вафот этган), Умаршайх Мирзо (1354–1394), Мироншоҳ Мирзо (1366–1408) ва Шоҳрух Мирзо (1377–1447). Умаршайх Амир Темурнинг Тўлин Оқо исмли иккинчи хотинидан туғилган.
21.Зафарнома, 491б
22.Натанзий, 114; 191-192.
23.Зафарнома, 234б ; 239б
24.Натанзий, 199.
25.Зафарнома, 224б
26.Зафарнома, 253а
27.Зафарнома, 253б
28.Зафарнома, 254б
29.Шу манба, 254а
30.Матлаи саъдайн (2), 2-қисм,104.
31.Латоифнома, 133.
32.Туҳфаи Соми, 167а .
33.Матлаи саъдайн, 298.
34.Матлаи саъдайн, 327.
35.Матлаи саъдайн, 343. Шу ерда Суюрғатмиш ўзи билан барча оила аъзоларини ва яқинларини олиб кетганлиги айтилади.
36.Матлаи саъдайн, 480.
37.Матлаи саъдайн, 104.
38.Файзиев, 301.
39.Ҳабиб ус-сияр, 670; Лубб ат-таворих, 145а .
40.Матлаи саъдайн, 372; Лубб ут-таворих, 145а.
41.Матлаи саъдайн, 644; Лубб ут-таворих,145а.
42.Ҳабиб ус-сияр, 570а.
43.Айний Алишер 12 ёшдалигида отаси вафот этган деб ҳисоблайди. Қаранг: Айний, 119.
44.Е.Бертельс Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина Мансурнинг кўкалдоши эди деб тахмин қилади (Қаранг: Бертельс 1965, 25). Ушбу хулоса бирор-бир манба билан тасдиқланмаган. М.Сабтенли Ханс Роберт Рёмер қўлга киритган бир ҳужжатда Султон Ҳусайннинг Алишер ҳақида “У ҳаёти ибтидосидан, балки, бешикдан кўкалдошлик орқали бизнинг хонадонимизга тааллуқли” бўлгани ҳақида ёзган қайдига суяниб Алишер Ҳусайн Бойқаронинг кўкалдоши деган фикрга келади (Қаранг: Subtenly (2) 801. Таъкидлаш лозимки, Ҳусайн Алишердан уч ёш катта бўлган.
45.Туҳфайи Сомий,167а.
46.Темур тузуклари, 78.
47.Мажолис, 31. Буни Хондамир ҳам тасдиқлайди. Қаранг: Макорим ул-ахлоқ, 117.
48.Ўша даврларда империянинг узоқ ғарбий ҳудудлари Форс ва Ажам Ироқи (ҳозирги Ғарбий Эрон) деб аталган. Унга элтувчи йўл Тафт (Язд), Абаркух, Шероз, Кўшки Зард, Исфаҳон, Рай, Қум шаҳарлари орқали ўтган. Шунингдек, Луристон, Шулистон, Язд, Кирмон, Кошон, Ова, Симнон и Дамғон ҳам Форс ва Ажам Ироқининг машҳур жойлари сирасига киради.
49.Макорим, 117.
50.Мажолис, 29.
51.Матлаъ, 2-жилд, 334.
52.Ўша ерда.
53.Латоифнома, 133; Давлатшоҳ, 368.
54.Ҳабиб ус-сияр, 564.
55.Ҳабиб ус-сияр, 217; Сом Мирзо ҳам шу маълумотни тасдиқлайди. Қаранг: Туҳфайи Сомий, 167а.
56.Мажолис, 320.
57.Макорим, 45.
58.Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер, 8.
59.Ўша асар, 11.
60.Мажолис, 318, 339.
61.Мажолис, 311.
62.Хамсат ул-мутаҳаййирин, 740.
63.Мажолис, 325.
64.Ҳабиб ус-сияр, 217.
65.Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад, 25.
66.Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад, 77.
67.Ушбу мактуб-маснавий шоирнинг “Ғаройиб ус-сиғар” девонига киритилган. Қаранг: Ғаройиб ус-сиғар, Маснавий, 694–704.
68.Душвор – оғир.
69.Жало – тарк этмоқ, чиқиб кетиш.
70.Дафъи озор – берилган озорни унутиш ёки хафачилигини тарқатиш маъносида.
71.Макорим, 63.
72.Бертельс, 1965, 77.
73.Ўша асар, 99.
74.Қаранг: Бартольд, 223; Бертельс 1965, 77. С.Айний, 284-285. Ойбек, 15-16; Шарафиддинов, 51-52; И.Султон, 157. Ўз пайтида бундай қарашга айрим шарқшунослар қарши чиқишган. Қаранг: Семенов, 241-243. Бироқ В.Бартольд томонидан тарихий-сиёсий фактларнинг Навоий шахсияти атрофида боғланиши шу қадар табиий чиққанки, олимнинг фикрлаш тарзи кейинги навоийшунослик тадқиқотлари ривожига таъсир қилмай қолмади. Шу тариқа навоийшуносликда Алишер Самарқандга сургун қилинган деган асоссиз хулоса маҳкам ўрнашиб қолди.
75.Бартольд, 223-224.
76.Ўша асар, 225.
77.Айний, Куллиёт, 284-285.
78.Ойбек, 15-16.
79.Бобурнома, 132.
80.Равзат ус-сафо,15.
81.Бертельс, 77.
82.Матлаи саъдайн, 494-497; Мажолис, 335.
83.Матлаи саъдайн. 372-373.
84.Мажолис, 336.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

₺40
Yaş sınırı:
12+
Litres'teki yayın tarihi:
29 haziran 2023
Hacim:
196 s. 11 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-3836-3-8
Telif hakkı:
Adabiyot
İndirme biçimi:

Benzer kitaplar