Kitabı oku: «АСАРЛАР (I жилд)», sayfa 2
Yazı tipi:
САЛҚИН
ХАРСАНГЛАР КАФТИДА
«Қирлар, сиз абадийсиз…»
Қирлар, сиз абадийсиз,
Сиз мангусиз, адирлар!
Мени улғайтиради
Рангин-рангин тақдирлар.
Тақдирлар дардларимга
Камол қўшиб кетарлар.
Сиз оқдингиз, дарёлар,
Харсанглар оқдилар сиз билан.
Йилларнинг соҳилида
Лабларимда фарёдлар.
Лабларимда фарёдлар –
Харсангларнинг ёди,
Тошларнинг ёди.
Йилларим исмини олиб оқдингиз,
Сиз мангусиз, дарёлар!
Бўм-бўшми осмонларим,
Қушларим, кетдингизми?
Энди ёзарларми кўзларим
Осмон варақларига
Исмингизни, қушларим…
Кишнаб ўтдингиз, еллар,
Учар отлар мисол бошимдан.
Қай тулпор номи билан
Исм қўяй мен сизга?
Сизнинг сўзингизман мен,
Еллар, сиз мени айтинг!
Еллар, сиз абадийми?..
1980
БАХТ
Уйланган йигитлар бу йил бунча кўп!
Ҳар бир уйда биттадан келин,
Ҳар бир уйда тўйдан ёдгорлик –
Чимилдиқ ва биттадан келин.
Бундан ташқари:
Ҳар битта ҳовлида биттадан сигир,
Қўшимча қиламан,
Бузоғи ҳам бор.
Куёвлар, келинлар йилида
Бунча кўп сигирларнинг
Кўзлари ёриди,
Бунча кўп!
Барглар пардасини жимгина суриб
Девордан қарайди дўмбоқ олмалар.
Деворнинг остида тарғил ғунажин
Қорнини ялайди бир титроқ билан –
Бўлажак она.
Ҳовлилар уйғона бошлар оҳиста,
Ёриша бошлайди уйлар чеҳраси.
Куёвлар юз ювар уялинқираб
Оталарга қаролмасдан тик.
Бостирмалар остида эса
Бир тупдан гул унар бу саҳар –
Сигирларнинг елинларидан
Тонгни соғиб олар келинлар.
1980
ЎЧОҚЛАР
Онам қўлларининг ҳиди келади,
Онам ташвишларин ҳиди – сизлардан.
Сизларда энг сокин оловлар ёнди:
Тонгда ҳам, тушда ҳам,
Шомда, ярим тунда ҳам.
Мен қайга бормасам – тоққа ё чўлга,
Кундузми ё оқшом ёки кечаси:
Виқирлаб “куйлаган” қумғони билан,
Ризқлар қайнаётган қозони билан
Кутиб олар мени тирик ўчоқлар.
Тоштова, лойшувоқ ўчоқларида
Ҳисор тоғларида жимгина
Осудалик бўлиб ёнар оловлар.
Эртак атрофида ўтирган мисол,
Офтобда қорайган озғин болалар
Унинг атрофида ўлтирар, тунда
Шеробод чўлида, ёлғиз ўчоқда
Аланга чайқалар, порлар, милтирар,
Милтирар, милтирар…
Ўчмагин, ёнгин!
Ўчмангиз, оловлар, ўчманг, ёнингиз!
Руҳни қамраб олсин осойишталик.
Дил сизни олисдан кўриб қучоқлар.
Менинг дардларимнинг ёниқ кўзлари –
Ўчоқлар…
1980
«Салласига қараб…»
Салласига қараб,
Миллатини айтишим мумкин.
Соқолининг ҳурмати учун
Ўтқазишим мумкин тўрга.
Аммо номи нима эди бу юртнинг?
Тарих, ажинларинг – ажриқларингнинг
Юз минг илдизи бор юзингда.
Юлқиб ташла ва менга айтгин
Номи нима эди бу юртнинг?
…Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.
Бармоқларим тўғонидан Жайҳун, Сайҳуннинг
Тўлқинлари оқиб ўтар соч каби.
Қўш дарё қўш кокил сингари
Ёйилади, синиқ бир чеҳра
Очилади – Мовароуннаҳр!
Йўқотмагин бу номни, тарих.
Йўқотмоқчи бўлсанг, менга бер,
Дилимнинг тубинда асрайман уни
Исми янглиғ Шарқ сулувининг.
Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.
Дубулғалар янглиғ гумбазлар
Қўлимга илашиб, узиладилар.
Миноралар узра ривоятларнинг
Мангу булутлари юрарлар сузиб,
Фон Кауфманники эмасдир улар.
Қўлларим ўтмишлар узра ташланган.
Бир китоб излайди қўлларим –
Чарм муқовали, ҳарфлари
Ҳурлар қошидан ҳам нафис бир китоб.
Аммо жавонларинг
Тишсиз оғизлардек бўм-бўшдир, тарих!
1980
НЕБИТТОҒ. ТУЯЛАР
Сен бу туяларнинг олдида
Нима айтоласан, Небиттоғ?
Нималарни бўзлай оласан?
Нефт билан бўялган сенинг кўзларинг,
Уларнинг кўзида йўллар соғинчи.
Билим ташиб ўтдилар улар,
Сен билан мен кўролмайдиган,
Сен билан мен ўқий олмаган
Китобларни элтганлар улар.
У карвонлар қани, Небиттоғ!
Тарих ўз кўзларин ишқалар ҳануз,
Замонлар қум сочган уларга.
Балки туяларга ортилган бойлик
Бойлик эмас асли, аждодларнинг у
Хуржун-хуржун хатоларидир балки?
Балки мен ўз ҳаётим билан
Бобом гуноҳини юва оларман.
Айблар кўмган бўлса номини
Юрак билан артиб софларман.
Халқлар армонининг садоси янглиғ
Қўнғироқлар садоси келар.
Нима айтоласан, Небиттоғ,
Сен бу туяларнинг кўзига қараб?
Музейда – ойналар остида
Жим-жит ухлар мангу курашлар.
Безовта кунлари инқилобларнинг
Ойналар остида ухлар осуда.
Уфқнинг лабига нон мисол
Яқинлашиб боради қуёш,
Шаҳар хомуш тортар шом оғушида.
Ва атроф саҳродан яйдоқ-яланғоч,
Хуржунсиз, оҳиста кела бошлайди,
Оҳиста-оҳиста гуноҳкорлардай
Қадимий туялар кирар шаҳарга.
1980
ВАҲОБ ШОИРНИНГ3 АФСУСЛАРИ
Қўлим ёдгорликдир ўз муштларимга,
Қўлларимда қариган муштлар,
Ҳар бири гурзидай зарбларим энди
Келмайди.
Мендан узоқлашди уюрим энди,
Занг босган ханжардай ғурурим энди,
Ханжар янглиғ кескир кўз нурим энди
Келмайди.
Йиғлар бир жуфт булоқ тошлар бағрида,
Шамоллар келарлар, увлаб кетарлар.
Ёшлик – ғойиб бўлган оҳудир, энди
Келмайди.
Келмайди дарёга ғарқ бўлган ўғлим,
Кўзим соҳилига кўз ёш келмайди!
Тун қамраб олади мени.
Тун – ўлим!
Қуёш келмайди,
Қуёш келмайди!
Қисмат кундасига қўйилган бошим,
Қўзим, қайлардасан, юз вой, юз минг вой!
Қисмат кундасига қўйилган бошим,
Болта сингари
Чўққилар ортидан кўтарилар ой.
1980
БОЛАЛИГИМДА ИТОТАРЛАР ОТИБ КЕТГАН ТЎРТ ОЁҚЛИ ВАФОДОР ДЎСТЛАРИМ ХОТИРАСИГА
Уларни отдилар шундоқ кўчада,
Оғилхоналардан топиб отдилар.
Катта тоғоранинг остига
Яширгандим мен Йўлбарсимни,
Топиб отдилар!
Итлар жон бердилар, панжаларида
Ғажилмаган суяклар қолди.
Менинг йўлбарсларим ва бўйноқларим,
Энг вафодор содиқ дўстларим,
Менинг тўрткўзларим, олапарларим –
Болаликнинг тўрт оёқли хотиралари.
Ҳар бирининг кўзларида осмонлар кетди,
Тиниқ-тиниқ осмонлари тенгдошларимнинг!
Итотар – мурдага ўхшаган одам
Кечқурун кетди.
Хўмрайиб кузатди уни болалар
Акаларин қотилини кузатган каби.
Кечқурун.
Ваҳимали эди итларсиз қишлоқ.
Катталар жимгина суҳбат қурарди
Итларнинг одамга дўстлиги ҳақда.
Ўшал осмонларнинг остида энди
Чопиб юрар ўзга болалар
Ном танлашиб ўзга итларга.
Итларнинг номи ҳам бошқадир бугун.
Ва мен кечалари тинглайман:
Эшигим ортида шамоллар,
Ҳурпайган ва жундор шамоллар
Барги хазонларни қувлайди,
Отилган итларнинг руҳи сингари
Увлайди. Увлайди. Увлайди.
1980
БЎРИ ЧЎПОННИНГ ЎҒЛИГА НАСИҲАТИ
Ўзимни кўраман мен кўзларингда,
Муштларингда – ўз муштларимни.
Билакларинг – менинг ёшлигим,
Ғазабингда жаҳлим бор менинг.
Демак, ишонаман сенга сурувни,
Демак, қариш мумкин бемалол.
Яхши танийдилар бўрилар уни,
Мана, ўғлим, таёғимни ол.
Олгин, аммо унутмагин сен
Бу адирлар, бу тоғлар – Ватан!
Бу сурув ҳам Ватандир сенга,
Уни асрагин!
Яхши танийдилар бўрилар мени,
Улар билан тўқнашувларда
Бўридай олишдим, бўри бўлдим мен.
Итларга ишонма сен ҳам мен каби,
Итлар ухлаб қолса, ўзинг ит бўлгин,
Қўзичоқ бўлмагин ҳеч қачон, ўғлим!
1980
СЕВГИ ХУДОЛАРИ
Келдилар жимгина, қатъият билан
(Биз бундай бормаганмиз!.)
Ҳаёли, иффатли қизлар қошига.
Келдилар бир вужуд олов сингари.
Андиша қилмасдан,
“Севаман” демай,
“Уйланаман!” дедилар рўй-рост!
Бундай ташриф бўлар фақат ёшликда.
Келдилар бетакрор бир сўз мисоли
Оташ лабларига ўшал тунларнинг,
Бетакрор тунларнинг!
Келдилар – туйғулар алифбосининг
Энг хомуш, энг нодир ҳарфлари каби.
Хотиржам кўзларда вулқонлар билан
Хотиржам келдилар, портламай
Айтдилар қизларга “Меникисан!” деб.
Шундай хотиржамлик бўлсайди бизга,
Биз бундай севмаганмиз!
Биз ҳайқириб бўлдик севгини,
Ҳатто ном қўйдик унга.
Юраклар – муқаддас сирлар ватани
Кир оёқлар билан топтаб ташланган.
Вафонинг зарриндир тишлари –
Олтин табассумлар ялтирар маккор.
Улар-чи?.. Келдилар.
Энди кетарлар
Оққушлар кетгани каби кўллардан,
Оҳулар кетгани каби чўллардан,
Кетарлар муҳаббат девонларидан
Қартайган қўлларин олиб оҳиста.
Дод солар ажинлар.
Кампирлар боқар,
Тоғлар боқмоқдалар жим-жит, осуда.
Улар кетмоқдалар шундай хотиржам,
Бизнинг бақириқлар остида,
Ўз йилларин сукути узра
Улар кетмоқдалар сокин, осуда,
Улар кетмоқдалар –
Сокин худолари севгининг.
1980
ЭСКИ ҚЎШИҚ
Саййид Умар амакимнинг дўмбирасига
Сукутдан ҳам сокин сукунат,
Ҳарир кўйлак мисол жимликни
Кийиб олган қоялар, жарлар,
Тинч тушларнинг ипакларига
Ўраниб ухлайди тунги чайлалар.
Сунбулалар сочини ёйган,
Майингина оқаётган сувлар бўйида
Ҳазингина азон бошлар дўмбира.
Чол қўшиқ айтади, тўзғитиб
Оппоқ соқолининг шаршарасини.
Кўзлари юмилиб айтилган қўшиқ
Қояларнинг кўксини тирнар.
Занжир шарақлайди – Олапар
Сергак тортиб тинглар қўшиқни.
Тинглар кавшанаётган сигирлар,
Бир-бирига биқиниб ётган
Қўйлар бундай қўшиқни тинглаб
Ёйилиб-ёйилиб кетмоқни истар.
…Микрофонлаштирилган бўғизлар асри!
Гитараларнинг
Акс садо берар чинқириқлари
Қуршовида менинг бор сезгиларим.
Эстрадаларнинг баланд пошналари
Кўксим саҳнасида тушмоқдалар рақс!
Ҳазин азон мисол янграр дўмбира,
Чол қўшиқ айтади қаерлардадир.
Руҳим у ердадир, у ерлардадир!
Мен у ердаман!
Ҳаммамиз у ердамиз!
Сунбулалар сочини ёйган
Майингина оқаётган сувлар бўйида
Кўзларини юмиб қўшиқ айтар у –
Соқоллари йиғлаётган чол!
1980
ОРОМ ПАЛЛАСИ
…Юлдузлар чангига ўралган олам
Жим-жит.
Газеталар сотиб бўлинган,
Воқеалар, янгиликларни
Сотиб олган одамлар ухлар.
Сукунатнинг ҳайкалларидай
Уйлар ухлайди,
Деразалар гапирмайдилар.
Кундузи шовқинсиз кутубхоналар
Тунда ҳам сокин.
Фақат,
Талабалар шаҳридаги ётоқхонада,
Қай бир талабанинг қотган нонини
Кемираётган сичқоннинг тиши
Арралайди бу сокинликни.
Талаба ухлар.
Футболчи ухлайди,
Унинг кўксида
Хотинининг боши коптокдай ухлар.
Театр дам олар, саҳна дам олар,
Санъат ухлайди.
Ухлар комедия ва фожиалар.
Барча Отеллолар, барча Гамлетлар,
Барча Афандилар ухлайди!
Буюк инқилоблар давридан келган
Ҳайкаллар жимгина кузатар
Сукунатнинг сокин инқилобини…
Мен нима излайман қирғоқларингда,
Нима истайман?
Харсангларнинг салқин кафтида,
Мажнунтолларнинг
Сочлардай мулойим шалолалари
Остида мен нима излайман,
Мен нима истайман, Тўполондарё?..4
1980
ТУН. ТОҒ СЎҚМОҒИДАГИ ЁЛҒИЗ ЧОЛ…
Харсанглар, қоялар, тоғлар, чўққилар
Атрофда ўтириб олган,
Юрасан.
Энди югурмайди, чопмайди энди.
Бир қоп хотиротдай оғир гавдангни
Елкасига ортган сўқмоқ ҳам
оёғинг остида инқиллар.
Юрасан.
Инқиллар сўқмоқ,
Тинглайсан.
Фақат хотирлайсан,
Аммо кўрмайсан.
Болаликнинг олис овулларида
Эсган шамолларни эслаб, титрайсан.
Сенинг қувончларинг бари у ерда,
У ерда дардларинг, ичган қасаминг,
У ерда отларнинг устида
Сенинг курашларинг,
у ерда
Сен барибир уйланолмаган
Ойжамол исмли ойжамол ‒
Қиличзорлар ўртасида унган қизил гул.
Юрасан.
Қоялар, харсангтошлардан
Боқади қасослар, жасоратларнинг
ҳали тарашланмаган ҳайкаллари.
Юрасан тарихлар устидан,
Менинг ёш хотирамга
Чуқур-чуқур излар қолдириб!
Қўшилиб кетгандир тоғнинг қошлари,
Юз йиллик фикрлар оқарар унда:
Оғир кунлар кўрди сенинг диёринг,
Юртингнинг оқинлари
Дўмбирани қучиб узун тунлари
Эпослар қусди оч юракларидан.
Юрасан. Чарчайсан, елкангдан
Босар туннинг оғир гавдаси.
Хомуш ўлтирасан.
Сўқмоқ югурмас,
У ётар ёнингда таёқ сингари.
Ўйлайсан.
Ёстиққа суқиб олинган
Ханжар тиғидаги пахталар каби
Чўққилар учида юлуқ булутлар…
Тоғнинг қовоғидан ёғар шаршара.
Қайси бир дарадан ваҳима янглиғ
эшитилар бўри увлаши.
Сени қўрқув босар.
Ўйлайсан:
Бўрилар қўлида жон бермоқ.
Қариликда… алам қилади!
Сен йўлга тушасан, ваҳима
Болаликка қайтаради оёқларингни.
…Қишлоқ ухлаб ётар. Ярим тун.
Эшигингга келиб ўйлайсан:
Эшикни бир мушфиқ кампир очса-я?
…Бир кекса ёлғизлик очар эшикни,
Алам қилади!..
1980
БАҚТРИЯ САҲРОСИДА
Мен кузги саҳронинг сўнгги меҳмони,
Тишларимда ғижирлар қумлар.
Оёғим остида чарсиллаб синар
Саксовул суяклари.
Сопол парчалари каби – тақирлар.
Асрий қултумингни сўрагин саҳро.
“ИЖ” мотоциклида ўтади чўпон,
Ортида хуржун.
Кетар.
Ғойиб бўлар нуқта сингари.
Узоқ-узоқларда минора.
Бир асрдан буён
Азон янграмайди у минорадан.
Бир асрдан буён
Бу саҳродан ўтмас карвонлар.
Қўнғироқлар садосини қумлар кўмгандир.
Довуллар остида қудуқлар –
Саҳро кезганларнинг ёлғиз ишончи
Кўз юмгандир. Кўз юмгандир.
Кўз юмгандир!
Шом тушар. Порлайди илк юлдуз.
Қаерлардандир
Афғон шамолининг увлаши келар,
Қўл силкиб ёнига чақирар мени
Геологлар чодирида ёнаётган гулхан.
Менинг идрокимдан отлар дупури
Ўтмоқда. Ўтмоқда. Ўтмоқда…
Навкарларнинг совутлари ялтирар,
Навкарлар совуқдан қалтирар.
Мен қалтирайман.
Тун.
Геологлар чодирида ёнаётган гулхан
Қўл силкиб ёнига чақирар мени…
1980
«Тарих наматининг устида…»
Тарих наматининг устида
Чордона қуриб,
Чилим чекаётган чоллар сингари
Мадрасалар, минораларда,
Гумбазларда етиб келгандир
Менинг умримгача қадимий дардлар.
Балки мен юз йиллар илгари
Амирлар қон тўккан жойдаман?
Кесилган калладан учган салладай
Тарихнинг йўли
Ғилдираб, тўшалиб келгандир,
Қўшилиб кетгандир менинг йўлимга.
…Мозий йўлларида тўшалгандир дард,
Унинг чеҳрасида туёқлар изи.
Қирқ хотинли беклар тўшакдай тўшаб,
Йиғиштирмай кетдилар уни.
Жарчилар дод солди,
бўзлади шайхлар,
Қаландархоналар йўталди.
Нонсиз тандирларнинг кўзлари билан
Ҳаётга – ҳасратга боқди ҳовлилар.
Меъморларинг қани, о, шаҳар?
Мангулик қичқирар биноларингда!
Меъморлар кетдилар, қолдириб
Деворларда абадиятни.
Мозий йўлларида тўшалгандир дард,
Ватан Ватан эмас – дардлар майдони!
Сенинг тўнингдаги ямоқлар, Ватан,
Жароҳатлар янглиғ термулар
Менинг ушбу кунги ёш кўзларимга.
Бугун сенинг қишлоқларингни
Денгизлардай қуршаб олгандир
Ям-яшил далалар, яшил далалар.
Далаларинг сенинг куз пайти
Чулғанади заъфарликларга,
Оқликларга чулғанар улар.
Бугун сенинг далаларингда
Сузиб юрар зангори дардлар…
1980
ИЗОҲ
Улар кўп айтилди
Ҳар хил оҳангда,
Ҳар хил урғуларда,
Ҳар хил бўёқда.
Туйғуларни безаб товушлар,
Шивирлашлар фош қилдилар
эҳтиросларни.
Улар кўп айтилди,
Мана, у сўзлар –
Қарғалардай сочилган бугун
Туйғуларнинг оқлиги узра.
Сўзларни унутгин,
Айтма уларни!
Сўзлар бугун алдаши мумкин,
Сўзлар адашиши мумкин,
Айтмагин.
Туннинг бўлса кўзлари катта,
Ҳаёнинг қизарган юзин беркитиб,
Хотиржам боқмоқда бу катта кўзлар.
Уйғотма ухлаган талаффузларни!
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар –
Айтилган сўзлар.
Сув сўраган каби сувсиз ариқлар,
Меҳр сўрагандай сўзсиз оғриқлар –
Мендан сўз сўрайди ҳар кеча сўзлар.
Балки мен шеър эмас,
Тарих ёзяпман –
Айтилган сўзларнинг тарихин…
1980
ИСМ
Гўдаклар қуёшдан нур эмиб,
Талпиниб, интилиб улғайган жойда,
Сойларнинг бўйида дарахтлар
Чўмилиб чиққан жувонлар мисол
Тўпланишиб турган маконда,
Дарёлар мавжига қизлардек отлар
Сочдай ёлларини ювган ерларда
Сен туғилдинг бир ел сингари,
Бир эпкин сингари
ва йўлга тушдинг.
Йиллар нега шоширар мени?
Яқинлашиб келяпсан сен,
Сен келяпсан менинг боғларим,
Менинг саҳроларим остонасига.
Эҳтиёт бўл, изғиринлар бор!
Кўз билан нур тўқнашган каби
Сен тўқнаш келасан ёниқ гулханлар
Атрофида мен қолдирган қўшиқлар
билан.
Оғриқларим дарахтига қўнасан қушдай,
Шаҳрисабзда қизлар билан “Ёр-ёр” айтасан,
Мажнунтолдай эгиласан булоқлар узра.
Йиллар нега шоширар мени?..
Катта орзулар бор кичик юракда,
Дардлар оғирдирлар харсангтошлардай…
Тун,
Қоғозларим саҳросига қора қор ёғар ‒
Менинг ҳарфларим.
Яқинлашиб келяпсан сен,
Яқинлашиб келаётгандай лабга пиёла ‒
Севинчларга лим-лим пиёла,
Шивирлай оламан мен сени, холос…
1980
ЁРУҒЛИК
Тоғлар, ойдин бўлар йўлингиз,
Елкангизга қорларнинг уни
Сепилган.
Боғлар, ойдин бўлар йўлингиз,
Елкангизга сепилган нурлар.
Эсаётган барча еллар оқ,
Қумларингиз оқдир, саҳролар,
Йўлингиз ойдин бўлар.
Тўлқинларнинг оппоқ дуоларида
Далаларнинг орзуси бордир,
Йўлинг ойдин бўлади, дарё.
Икки саҳифадай очилган кафтлар
Юзларга силайди оқ бир дуони.
Оқарган соқолда оппоқ бир оят
Титрайди,
Дуодай оқ йўл тилайди,
Елкангга ун ўрнига,
Сомон йўли сепилган,
Йўлинг ойдин бўлар, йўловчи.
Қарайман дунёга
ва завқланаман:
Қояларда алпинистлардай
Турар эчкилар.
Шукрлар қиламан,
тобутлар эмас,
Кўпдир бешиклар!
Барча мавжудотлар
ўз ўрнидадир,
Айиқларнинг кезар жойи бор,
Қайгадир шошмоқда
типратиконлар,
Борар манзили бор
илонларнинг ҳам.
Қарайман дунёга
ва завқланаман,
Шукрлар қиламан: Яхшиям
Бедана боролмас нашриётларга,
Тўрқовоққа қамаб шоирни
Чойхонада осиб қўймаслар.
Яхшиям ботқоққа қўнмас капалак,
Гулга қўнолмайди қурбақа…
1980
ШОИР
У билан танишдик ётоқхонада,
Сочлари яширган қулоқларини.
Қудрат бўртиб турар мускулларида,
Кўзларида саҳройи дардлар.
Аъло ўқирди у дорилфунунда,
– Шоир бўлишимга, – дерди у, –
Халал бермоқдадир балки баҳолар…
Кейин дафтар олди,
Шеърлар ўқиди,
Бир шеърлар ўқиди –
Сатрларида
Гуриллаб уйғонди моторлар.
Қизларнинг кўзимас, негадир
Унинг шеърларидан боқарди
Чироқлари машиналарнинг.
Унинг шеърларидан гуллар атримас,
Негадир анқирди ёнилғи иси –
Қорамой ҳидию бензиннинг ҳиди.
У шеърлар ўқиди ютиниб, қалқиб,
Менинг кўзларимда туғилди йўллар,
Атрофимга йиғилди йўллар –
Олис ва ойдин йўллар.
У шеърлар ўқиди…
Кейин жим қолди,
Кейин жаҳли чиқди, шеър дафтарини
Телбаларча отиб юборди.
Кейин…
Кейин у мен билан бирга яшади,
Бир неча ой яшади ёниб,
Ёниб-йиғлаб шеърлар ёзди у,
Ёниб-йиғлаб тўзиб, озди у.
Сўнг менинг устимдан кулди:
– Буюкман!
Сўнгра…
Мускуллари қаршисида ўз шеърларидан
Уялгандай – ёзганларини,
Дафтарларни йиртиб ташлади.
– Кетаман! – деди у. – Бўлмайди! –
Рулни соғинибди қўлларим.
– Кетаман, – деди у, – кўзларим
Соғинибди чексиз-чексиз асфалт йўлларни!
(…Биринчи курс тугамаган,
Аудиторияда
Боқар ёлғиз бўшаб қолган жой…)
У кетди…
…Тунлар уйғонаман, бўйнимга
Йўллар осилади қўллар сингари.
Машиналар чироқлар билан
Тунни қувлаб юрар узоқ рейсларда.
Асрагин!
Ўзинг асра энди уни, йўл,
Бурилишларда –
Сирпанчиқ, хатарнок бурилишларда
Ўзинг асра энди уни, йўл!
Бўронли довонлар устида
Ўзинг асра энди уни, йўл!..
Шоир бўлиб туғилади бунда болалар,
Шофёр бўлиб ўтар оламдан…
1979, 1980
ҲАРФ ЎРГАНИШ
Достонлар тилимни равон қилурлар,
Равон сувлар мисол сўйлайди тилим.
Юраклардан тортиб тақдирларгача,
Тақдирлардан тортиб юракларгача
Оппоқ наво янглиғ тўшалган
“Алпомиш”нинг сатрлари –
бу менинг йўлим.
Бир чол май узатар менга,
Бу – Хайём.
Бир чол “ичма” дейди менга,
Бу – бобом.
Тунни бошлаб берар эртакдаги байт,
Ойнинг нурларига чўмилар уюр.
Кетган кимсаларни эсдан чиқармай,
Қолган кимсаларни ёдимда сақлаб
Мен йўлга чиқаман,
тилимда
Нодир гавҳар каби туғилар
Энг керакли шеърнинг керакли сўзи.
Шарқираб оққувчи сойлар – нутқимдир,
Қайнаб чиқаётган булоқлар фикрим.
Улкан кўзгулардай кўллар бўйида
Қизлар ўз сирларин менга очарлар
Ширин-ширин тиллари билан.
Шаршаралар шиддатида йигирма ёшим,
Йигирма ёшимда мени ранжитманг.
Мен ҳали ҳеч кимни хафа қилмадим,
Ширин сўзлар айтинг менга, дунёлар!
Пахса деворларда бармоқлар изи…
Асрий тоғлар сукути ичра
Равон сувлар каби сўйлаган тилим –
Жим!
Пахса деворларда бармоқлар изи
Қадим ёзувлардай мени ўйлатар –
Шошилмай ўқийман бу ёзувларни…
1980
СЕВИНЧ
Ёмғирлар!
Ў, мана, ёмғирлар!
Қаердан келдингиз, ёмғирлар?
Кўзгуга айланди бир зумда
Йўли, майдонлари шаҳарнинг.
Юзлар узра ёйилган сочдай
Ойналар юзида ёмғирлар.
Ойналар боқади шаҳарга:
Кўчаларда кезар оёқлар,
Оёқлар – майдонларда.
Шоирлар ҳайқирар:
– Ш-шеърият!..
Йилларим ёқасин кўтарган,
Йилларим кўкарган.
Ёмғирлар!
Орзуларнинг сели остида
Биз кириб борамиз йилларга.
Ёмғирлар ювади хотираларни,
Кўкартиради.
Шаҳар эса кўзгудай софдир,
Уни гўдак каби чўмилтиради,
Оқ ювиб, оқ тараб суюнтиради.
Лалмикор ерларнинг қақроқ соғинчи,
Чақнаган қирларнинг қақроқ соғинчи –
Ёмғирлар…
Ёмғирлар…
1980
«Япон шамсиялари остида…»
Япон шамсиялари остида
Намхушгина юрган малаклар!
Қаранг:
ёмғир эмас,
аслида
Қувонч ёғдирмоқда фалаклар!
1980
«Камалак рангида товланар тиллар…»
Камалак рангида товланар тиллар,
Рангин чироқларнинг зиёларида
Залларда товланар оҳанглар.
Чолғу асбобларин торларин юлиб
Ақлдан озади бармоқлар.
Овозлар товланар ‒
Шаҳарлар куйлар.
Қўшиқлар ҳамиша айтиб келинган.
Самолётда учмоқдасиз Сиз.
Хомушсиз. Ғамгинсиз. Безовта.
Бирдан! ‒
Мавжларнинг кўринмас жўмракларидан
Руҳингизга қуйилар оҳанг.
Ёшликларга қайтариб Сизни ‒
Руҳингизга қуйилар оҳанг.
Майли,
Мен халақит бермайман Сизга.
Эслайман Боботоғ адирларини,
Бандихон даштлари келар ёдимга.
Уларнинг кўксида тошлар,
Сурувлар,
Подалар сочилган ноталар каби.
Минг хил қўшиқ асрар улар мен учун ‒
Менга ёқадиган қўшиқлар!
1980
«Нима менга бу тунлар…»
Нима менга бу тунлар,
Бу соғинчлар нимадир менга?
Хайрлашувга чўзилган қўлдай
Юз йиллик ёнғоқда титрар ёлғиз барг.
Нима менга бу куз, у билан
Мардона хайрлаша олмасам агар?
Балки осмон мукаммалдир
Ой бўлмаса ҳам,
Бироқ бу тунлар
Сенинг жамолингсиз мукаммал эмас!
Сен олиб кир қадамларингни,
Қўлларингни олиб киргин сен.
Кўксим саҳросига ёйиб юборгин
Сочларингнинг шамолларини.
Мен севги ҳақида бўзлаган
Барча шоирларни унутаман!
Сенга юз тутаман,
мен бу тунларнинг
Ҳар биридан ўн йил ютаман!
Ўн йил!
Осон эмас бу тарзда енгмоқ.
Осон эмас бироқ менга ҳам:
Ёлғиз ҳайкал бўлиб яшамоқ тунлар
Темир-бетон майдонида шеърларнинг…
1980
МИНГ ИККИНЧИ КЕЧА
Эртакдан сўнг
Сени сўрамадим осмондан,
Ойдан сени сўрамадим мен.
Сени сўрамадим қувончдан,
Ғамдан сени сўрамадим мен.
Минг бир кечасини севгининг
Ёзиб тугатганлар мендан илгари.
Сени сўрамадим мен эртаклардан,
Ечиниб бўлганлар эртак ҳурлари!
Янги эртак керак биз учун,
Янги эртак учун мен ва сен керак.
Бўйинг баланд эканлигин биламан, холос,
Хотимасин билмайман мен эртагимизнинг.
Кўзларим очиқдир, қўлларим очиқ,
Ҳаётим очиқдир улкан қучоқдай.
Ушлаб қололмайди нуқта, вергуллар,
Қўштирноқлар беркитолмайди.
Бўйинг баланд эканлигин биламан, холос.
Кел, бизнинг эртак ҳам бошлансин!
Келгин, кўзларимнинг кенгликларини
Биргина нигоҳинг билан тўсиб қўй.
Келгин, қўлларингнинг қавс белгилари
Мени беркитсинлар, тўхтатсин мени.
1980
СЕНИНГ ВАСФИНГ
Қошларингни тасвирлайман,
Кўзларинг учун
Сўзлар қидираман – энг порлоқ сўзлар.
Сочларингни тасвирлайман,
Афсоналарнинг
Тушига кирмаган сўзларни топиб.
Лаблар очилади,
Садаф тишлардан
Оппоқ каптар каби учар қаҳқаҳа.
Қаҳқаҳангни тасвирлайман
Садаф сўзларни,
Акс садо берар сўзларни тизиб.
Ҳарир сўзлар билан чизаман
Ҳарир кўйлакларингни.
Баданларингни…
Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс
Ханжарлар ичида қилич сингари!
Ҳирот шоирлари куйлаб бўлдилар,
Шероз шоирлари аллақачонлар
Бахш этиб бўлдилар салтанатларни.
Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс!
Тоғларда эшилар чўпонлар найи
Илтижодай, ноласида сенинг тасвиринг.
Ўн тўққиз ёшдаги оқинлар бугун
Сочлари оқариб оламдан ўтди –
Достонлар қолдириб, узун достонлар!
Аммо сен турибсан ҳануз беқиёс.
Тасвирингга оҳанглар қўшиб
Овулларда чанқовузларнинг
Ингроқлари янграр кечалар,
Энг қадимий ўхшатишларнинг
Тушига кирмаган ташбеҳлар билан
Мен ҳам сени тасвирладим-ку?!.
Сен эса беқиёс,
Ҳануз беқиёс!..
1980
3.XIX асрнинг иккинчи ярми, XX асрнинг бошларида Ҳисор тоғларидаги Ҳўжасиддиқ, Кундажувоз қишлоқларида яшаб ўтган шоир.
4.Ҳисор тоғларидаги дарё.
Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+Litres'teki yayın tarihi:
31 mayıs 2023Hacim:
251 s. 2 illüstrasyonISBN:
978-9943-26-859-3Telif hakkı:
Sharq