Kitabı oku: «Тахмина», sayfa 3
Хуршида шундан кейин бу ерда қанча ўтиришганини, Сурайё қачон ва нима учун кетганини, ўзининг Мумтоз билан нима сабабдан танҳо қолганини эслолмайди.
Мумтоз уни обдон ечинтирганда ҳам у сеҳрлангандек карахт бўлиб тураверди. Фақат «Мен қиз боламан» деганда, Мумтознинг унга жавобан «қиз бола бўлсангиз янаям яхши, ўзим хотин қилиб оламан» дегани ғира-шира эсида, холос.
Ярим кечада Мумтоз уни машинада уйларига қўйиб кетипти.
Эртасига у ҳеч қаёққа чиқмади. Кун бўйи ўз хонасида ўралиб ётди. Уйдагиларга бошим оғриб турипти, деган баҳонани қилди. Лекин Аниса Хуршиданинг уйга ярим тунда, маст ҳолда қайтганидан хабардор, уни суриштирган дадасига: «Бир дугонасининг туғилган кунига бориб, кеч келишди», деб қўя қолган эди.
Аниса тушликка нордонгина карам шўрва қилиб, унинг хонасига кирди.
– Вставай, доченька, я тебе твой любимый борщ сварила.
Хуршида беҳол ётар, ҳатто кўз очишга бемажол эди.
– Не надо. Ничего не хочу, – базўр жавоб берди у.
– Ну хоть скажи мне, милая, что с тобой происходит? – Хуршиданинг пешонасини меҳр билан силади Аниса.
Қиз унинг қўлини пешонасидан суриб ташлади.
– Пожалуйста, оставь меня в покое.
Аниса «уф» тортганча аста қайтиб чиқиб кетди.
Кечга яқин Сурайё кириб келди. Бу вақт Хуршида анча ўзига келиб қолган, Собир келтириб берган бир лаган гилосдан паришон ҳолда чўқилаб ўтирарди.
– Мумтоз сени сўраб қўйди…– деди Сурайё унга кинояли оҳангда. Хуршида бир дам жимиб турди-да, кейин унга норози қиёфада деди:
– Ҳаммаси сен туфайли бўлди…
– Қизиқ экансан. Ахир мени ўзинг ҳайдаб юбординг-ку?
– Билмайман. Бўлар иш бўлди. Энди менга эслатма уни…
– Аксинча, мен сендан аразлашга ҳаққим бор. Сен мени йигитимни тортиб олдинг. Энди у сенга уйланмоқчи…
– Бас қил! – Хуршиданинг жаҳли қўзғади. – Мен кўчада қолганим йўқ, хотини, бола-чақаси бор одамга тегиб!
– Ахир…
– Ўчир овозингни,–Хуршида Сурайёни гапиртиргани қўймади.–Буёғини худога солдим. Виждонсиз экансизлар. Икковингизни ҳам маслаҳатингиз бир бўлган. Бор, энди чиқиб кет.–Кейин болиши остидан нима биландир атайлаб мажақланган ва ленталари чуваланиб ётган кассетани олиб узатди.– Тўхта, манавини сумкачангга солиб ол!
Шу-шу Хуршида Мумтоз билан ҳам, Сурайё билан ҳам бошқа боғланмади. Мумтознинг ўзи ҳам ҳеч нима кўрмагандай зим-зиё бўлиб кетди, ҳатто ўша «Хуршида» ашуласи ҳам бошқа ҳеч қаерда, ҳеч қачон янграмади. Фақат орадан бир йилча ўтиб, қаердаям эшитиб қолди, сўзлари ўша-ўша, лекин Хуршидаси йўқ эди.
Санобар, Санобар, жону дилимсан,
Муҳаббат боғида танҳо гулимсан…
Шундай қилиб, Хуршида анча вақтгача ўз ёғида ўзи қовурилиб юраверди. У энди жудаям камгап, хаёлида фақат бир нарса – юз берган фалокат доғидан қандай халос топиш эди. Унинг ранг-рўйи тобора заъфарон тортиб, ўзиям озиб-тўзиб бораётганидан ташвишга тушган Келдиёров Анисага буюрди:
– Тут что-то кроется. Попробуй-ка уточнить…
Анисанинг бир неча кунлик уринишлари ниҳоят ҳақиқатни рўёбга чиқарди. Тобора ноилож ва қийин аҳволга кириб бораётган Хуршида ахийри унга ёрилишга мажбур бўлди. Фақат Мумтоз ҳақида гапирмади. Ўз дардини очди, холос:
– Меня обманули, мам…
Воқеадан воқиф бўлган Келдиёровнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. Энди нима қилиш керак? Бу шармандаликдан халос топишнинг иложи борми ўзи? Нега энди Хуршида ўша номард йигитнинг кимлигини айтмаяпти? Ёки овоза бўлиб кетишдан қўрқяптими?
Шунда ногоҳ Келдиёровнинг эсига бундан бир неча йиллар бурунги Панжакентнинг тоғли қишлоғи ва худди шу Хуршиданинг ўзи бўлган соддадил Нилуфарни қандай қилиб алдов йўли билан номусини булғаб қўйгани тушди. Эсига тушди-ю, хаёлида гўё кимдир шунча йиллар унинг ортидан пойлаб юриб, энди ниҳоят Келдиёровдан ўша қилмиши учун ўз ҳақини олиб кетгандек бўлди-да, дами ичига тушиб, тил тишлаганча жим қолаверди.
Ўша кунларнинг бирида Хуршидадаги жиддий ўзгаришлардан ташвишланган Собир ундан сўраб қолди:
– Сенга нима бўляпти ўзи? Ёки биронтасини яхши кўриб қолдингми? Хуршида қаршисида болаларча беғуборлик билан боқиб турган соддадил Собирга ҳазин жилмайиб жавоб қилди:
– Ҳа, яхши кўриб қолганман… Лекин у мени хаёлига ҳам келтирмай юрипти…
– Ундай бўлса, айтсанг-чи, ўзим ўртага тушайин.
– Йўқ, Собир ака. Ўртага бошқа одам тушиши керак…
Хуршиданинг кўнглидан кечган бу ният шунчаки бир ҳазилмиди ёки чинмиди, ҳар қалай фаришталар омин деб юборган экан шекилли, тез орада Собир учун ҳам, Хуршида учун ҳам сира кутилмаган ишлар бўлиб кетди. Айниқса, Келдиёровнинг «хоҳиши ва таклифи», шошилинч тазйиқи билан бу хонадонда икки ёш ўртасидаги акасингиллик муносабатлари қўпориб ташланди. Собирдан пинҳона равишда, бир таниш гинеколог ҳузурида Хуршида «махфий таъмир»дан ўтказилди…
Тез орада уларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Келин-куёвга шаҳарнинг ишчилар яшайдиган мавзеидан битта уч хонали уй олиб беришгач, Келдиёровнинг гарданидан тоғ қулагандек бўлди. Тахмина юқорида ҳикоя қилинган ана шу Келдиёровнинг невараси, Собир билан Хуршиданинг фарзанди эди…
Мен Тахминага дадаси Собирни ҳам, ойиси Хуршидани ҳам яхши эслашимни айтдим. Биз уч-тўрт нафар талабалар уларга яқин жойда ижарада яшаганимиз, дадаси Собир биздан ёши бирмунча каттароқ бўлишига қарамай, у билан худди жўралардек муносабатда бўлганимиз, буваси Келдиёров эса бизга институтда дарс берганликларини ҳам ҳикоя қилиб бердим.
Тахмина кутилмаган бу учрашувдан нима қиларини, нима дейишини билолмай мени жимгина тинглаб ўтирарди. Унинг хаёлидан нималар кеча бошлаганини билмайман, бироқ ҳар ҳолда «таниш ва уятли кишига дуч келиб қолгани»дан ноқулай аҳвол ва ҳадикка тушганини ҳис этиб турибман.
– Минг лаънат, тақдир бугун мени қаерданам сизга қўшиб қўйди…– у ёшига номуносиб оҳангда жеркинди.
– Ундай эмас, Тахмина. Учрашганимиз айни муддао бўлди, дедим унга. Кейин яна гапни ўша хотиралар изнига бурдим. Биз сизларникида бир-икки марта бўлганмиз ҳам. Даданг олиб кирувди. Сен ўшанда жажжигина қизалоқ эдинг…
– Эслолмайман, ҳаммаси тушдагидек ўтди-кетди. Қани энди бир юмалаб болалигимга қайтсам.
– Тахмина, мабодо мўъжиза рўй бериб, яна ўша пайтларга қайтиб қолсанг, нима қилган бўлардинг?
У бир дам жимиб қолди. Кейин менга ўйчан боқиб, хиёл титроқ овозда сўради:
– Дадамни… нима бўлганидан хабарингиз борми?
– Ҳа, эшитганман. Мен у пайтлар ўқишни тамомлаб, Фарғонада ишлардим.
– Мабодо сиз айтган мўъжиза рўй берганда, мен энг аввало дадамни асраб қолган бўлардим…
Менга уларнинг оиласи билан рўй берган фожиаларни қўқонлик дўстларим ҳикоя қилиб беришган. Собир ўшанда қандолат фабрикасида цех бошлиғи бўлиб ишлар, топиш-тутиши ёмон эмас, рўзғорлари бинойидек эди. Хуршидадан бир қиз, бир ўғил кўрган, ўғилчалари уч яшарлигида электр токи уриб нобуд бўлган ва энди танҳо қизчалари Тахмина билан қолишганди.
Бу оилада бошланиб кетган ва кейинроқ фожиаларга туташ нохушликлар негизи, бир тарафдан, Хуршида табиатидаги ҳамон барҳам топмаётган айрим инжиқликлар, унинг ҳануз ўзини Собирдан устун қўйиши, юрагининг туб-тубида эса аллақандай бир армоннинг тош қотиб қолгани-ю, унинг энди ҳеч қачон кўкармаслигидан аламзадалик ҳиссида бўлса, иккинчи тарафдан, Собирнинг ана шу бедодликлар устига ўғилчаси бевосита Хуршиданинг эҳтиётсизлиги туфайли нобуд бўлганлигига, хотинининг бошқа туғмаётганлиги ёки туғишни истамаётганлигига ўчакишиб, аламини нуқул ароқдан олаётганида ҳам эди. Хуршида бир вақтлар яқинлашиб келаётган шармисорлик тўфонидан қандай қилиб қутулиб қолганини, Собирдек энг яқин, беғубор ва бегуноҳ бир йигит қаршисида бу дунёю у дунё қарздор эканлигини батамом унутган эди. У яна ўз «манман»лигини қайта тиклаб олган ва эрининг эр йигитлигидан, куч-қувватидан, топиш-тутишидан, меҳру оқибатидан воз кечмаган ҳолда, унга сўз ҳам, рўйхушлик ҳам бермасди. Бу орада Келдиёров тўсатдан ақлдан озиб, жиннихонага тушди ва у ерда бир ойларча ётиб-ётмай, оламдан кўз юмди. Хотини Аниса эса унинг йилини ҳам кутмай, ҳамон бефарзанд ва сўққабош яшаётган олдинги эри билан ярашиб олди. Энди Хуршида-ю Собирнинг тақдири билан қизиқадиган ҳеч ким қолмаган эди.
Шундай қилиб, буларнинг уйидан қуту барака ўча бошлади. Ичкиликбозликка ружу қўйиб, бошқа ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд бўлиб қолган Собирнинг иши ҳам чаппа кетди. Уни цех бошлиғи вазифасидан бўшатишиб, оддий ишчиликка қўйишган ва турган гапки, эндиги топаётгани ўзининг харжидан ортмас эди. Ўз ўрнида, шу пайтгача ҳеч қаерда ишламаган, қўлини совуқ сувга урмаган, фақат пардозандозу, ялтир-юлтирларга кўмилиб юрган Хуршида учун энди батамом руҳий тушкунликлар даври бошланади. Эгнидаги чиройли кийимлар оҳори тугаб бўлаёзди, кечагина қўғирчоқдек ясаниб юрадиган қизчалари Тахминани дурустроқ кийинтиришнинг ҳам иложи бўлмай қолади.
Оила бошлиғи ўз ўрнини, мавқеини, ҳукмини бой берган хонадондаги бу аҳвол шусиз ҳам енгилтабиат ва худбин, ишёқмас ва танноз хотинни энди бошқалардан нажот қидиришга ундайди. Ҳамон ўз ҳусни, келишган қадду қомати билан ажралиб турувчи бу нозанинни тез орада янги-янги дугоналар ва ишратпараст давлатмандлар қуршаб олишади. Бироқ Хуршида Собирни энди батамом менсимай қўйганлиги, уни шунчаки қизчаси Тахминанинг отаси эканлигини эътироф этиш билангина чегараланиб қолганлигига қарамай, бу эркак унинг учун ҳали «Эринг борми, бор» маъносида иш беришини назардан қочирмасди. Шу боис Собирнинг бу даргоҳдан бош олиб чиқиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида гоҳ-гоҳида сохта ноз-фироқ ва табассум билан унга «бир чимдим майиз егизиб» қўйишни ҳам унутмасди. Бундан ташқари, хиёнат хиёбонидаги ҳар галги сайру гаштларни бағоят эҳтиёткорлик ва муғомбирлик билан амалга ошириб, уни эридан ва ён-атрофдагилардан мутлақо сир тутишга уринарди. Бу билан у, энг аввало, ишратпараст харидорлар наздида ўз мавқеини қўлдан чиқармасликни, «ёмон ном чиқариб қадру қиммати пастлаб кетиши»дан ўзини сақлаб туришни кўзлар эди.
Кимдир уни шаҳар универмагининг атир-упа бўлимига сотувчи қилиб ишга жойлаб қўйди. Бу ерда Хуршида номигагина кўзга кўриниб, арзимаган маош олса-да, у энди шаҳарлик бойвуччалардек башанг кийинадиган, зебу зийнатларда ловуллаб юрадиган бўлиб қолди.
Бора-бора чет-четдаги, баъзи-баъзидаги пинҳона ўтиришлар энди уни қониқтирмай қолди. Айниқса, дам олиш кунлари уларнинг хонадонларида ҳам ёғли ўтиришлар, айшу ишрат давралари бўлиб ўтадиган бўлди. Собирнинг атрофида кейинги пайтлар унинг ўзи ўйламаган ва сезмаган ҳолда кўпроқ пайдо бўлишаётган янги-янги ҳозиру нозир жўралари ва Хуршиданинг ўзига ўхшаш башанг кийинган ҳурлиқо дугоналари жам бўлишар, базми жамшидлар куну тун авжига минарди. Ва, албатта, буларнинг барчаси Тахминанинг, катталар дунёсига олазарак боқиб, ниманинг нима эканлигини эндигина англай бошлаётган думбул қизчанинг иштирокида ва кўз ўнгида бўлиб ўтарди. Бу оиланинг бундан кейинги қисматлари, айниқса, Собир қаердандир илаштириб келган, бироқ юриш-туриши бу атрофдагилар учун ўша пайтлар беҳад давлатмандлик андозаси ҳисобланган «Мистер Дони» лақабли кишига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлиб қолади. Унинг асл исми Дониёр бўлиб, новча бўй, хушбичим, сочларини бўяб, ғоят силлиқ ва ихчам тараб юрадиган, кўринишдан хуштабиат ва хушчақчақ, бироқ шу билан бирга, ўта эҳтиёткор ва муғомбир одам эди.
Собир ва унинг улфатларига қараганда ёши каттароқ бўлишига қарамай, у даврадаги нозанинларни ўз мавқеи билан жуда тез ром қила бошлади. Бу мавқеи–унинг видеомагнитофон, «Тойота» автомашинаси борлиги, ҳамиша қимматбаҳо кийимларда кўриниши, пул ва совға-саломларга сахийлиги, ўтиришлардаги сўзамоллиги ва одамохунлиги, рок-музикаларга моҳирлик билан ўйнай олишидан иборат эди.
V
Донининг бу даврага кириб келиши ораларидан кимнингдир туғилган куни ёки бошқа муносабат биланми, ресторанда ўтиришганда юз берди. – Менинг янги дўстим мистер Дони билан танишинглар!–деди у билан бирга кириб келган Собир ўтирганларга.–Даврамизнинг супер жентельмени!
Дони ўтирганларга тавозе билан бош эгади. Кейин йигитлар билан қўл бериб танишишади. Қизларнинг эса нозик қўлларига устамонлик билан бирма-бир лаб қўйиб чиқади. Айниқса, навбат Хуршидага келганда, у ўзини бир дам йўқотиб қўйгандек бўлади.
– Дугоналарингиз само қўйнини яшнатиб турган энг чароғон юлдузлар экан,–дейди у Хуршиданинг қўлини кафтидан чиқармай туриб.–Лекин сиз улар орасида чиндан ҳам Хуршид, яъни қуёш экансиз. Мен бунчалик мунаввар чеҳрани умримда учратмаганман… Бу ҳамду сано Хуршиданинг юрагига чўғ ташлаб ўтади.
Доимо ширакайф ва аламзада юрувчи Собир шунда Донининг мақтовига қўл силтайди:
– Очкони оширманг, меҳмон. Хоним қуёш бўлмасаям кўксимиз куйишиб юрипти ўзи…
Ҳозиргина вужудига олов югуриб турган Хуршида бирданига музладиқолди. Унинг ранги оқариб, лаблари пирпирай бошлаганини кўрган дугоналаридан бири эпчиллик қилди:
– Вой Хуршида, эрингни рашки бор экан!
Фалокат шамоли безиён ўтиб кетди. Хуршида ўзини қўлга олди ва Собирнинг гапини эътиборсиз қолдириб, Донига айёрона табассум билан жавоб қайтарди:
– Сиз, назаримда, қуёшгаям қўли етадиган йигит кўринасиз…
Ўша кунги ўтиришда гап кўпроқ пул ҳақида, пул топиш йўллари, базаларда ва чайқовчилар қўлида пайдо бўлаётган ажойиб хорижий матолар, кийим-кечаклар, заргарлик дўконларидаги қимматбаҳо тақинчоқлар ҳақида кетди. Кўпроқ Дони гапирди.
Даврадагиларнинг ўзлари ҳам «осмондан тушиб қолган бу давлатманд ва донишманд» меҳмонга маҳлиё бўлиб қолишганди. Унинг босиқ ва мулойим овозда чиройли, мантиқли сўзлаши, гап орасида баъзан ишқу муҳаббат, ёр васли, шаробу бўса ҳақида жиндай-жиндай шеър ҳамда эҳтиросларни қитиқловчи яланғоч латифаларни ҳам қистириб ўтишидан ҳузур қилиб ўтиришарди. Нозанинлардан бири ундан «Дяд Доник, сиз мабодо шоир-поир эмасмисиз», деб сўраб ҳам кўрди.
– Мен шоирлик даъво қилмайман, – деди Дони унга жавобан тилло тишлари ним ярқираётган ҳолда табассум билан. – Лекин бу дунёда сизлардек паривашлар зоти бор эканми, шоир бўлиб ёниб яшамаган эркакни эркак демайман!
Ўтирганлар завқ билан қарсак чалишди, давра нозанинлари қарсаги ўз шиддати ва овози билан устунроқ чиқди. Навбатдаги қадаҳни мистер Донининг саломатлиги ва омади кори учун кўтаришмоқчи эдики, у эътироз билдирди:
– Келинглар, яхшиси, даврамизни чароғон этиб турган хуршиду юлдузлар учун ичайлик!
Шундай қилиб, бир зумдаёқ Дони бу давранинг эскидан таниш, яқин одамидек бўлиб қолди. Ўтирганлар, албатта, унинг қаерда ва ким бўлиб ишлашини билиб олишга қизиқишар, бироқ Собирнинг аллақачон кайфи ошиб, боши саланглаб қолган, Донининг ўзи эса бу ҳақда чурқ этмай, «буёғини ўзинг топвол» қабилида иш тутди. Рақсга тушган нозанинларга пулни аямай қистирди, ҳатто навбат Хуршидага келганда, ҳамманинг кўз ўнгида унинг сийнабандига бир даста йирик пул тиқиб қўйди.
Хуршиданинг энди Собир билан мутлақо иши бўлмай қолди. Даврадаги дугоналарининг ҳавас ва ҳасадини келтираётган давлатманд меҳмонни батамом эгаллаб олди. У Донининг ёнида бир дунё бўлиб очилиб-сочилиб, унга ёпишиброқ ўтирарди. Дони гапирса нуқул хохолаб куларди, ичса-ичади, еса-ейди, ўйнаб беринг деса, ғинг демай ўйнаб беради. Хуллас, нимаики деса, йўқ дейиш йўқ.
Дони ҳам бундан беҳад хурсанд, у бутун кеча давомида Хуршидадан ўз эътиборини ва илтифотини канда қилмади. Икковиям қадаҳларни худди эски қадрдонлардек жаранглатиб уриштириб ичишар, борабора «меҳмон амаки» қолган андишаларни ҳам бир четга суриб қўйиб, ҳар қадаҳдан сўнг Хуршиданинг лаб чеккасидан ўпиб қўядиган бўлди. Бир вақт залда жинси кўйлак-шим кийиб, енгларини шимариб олган норғул-норғул икки йигит кўриниш беришади. Дони уларни ёнларига имлади. Икковиям шошиб келишиб, унинг икки четида соқчилардек туриб қолишди.
– Булар менинг навкарларим,–деб қўйди Дони ифтихорли оҳангда даврадагиларга. Кейин иккала йигитга бошини стол четига қўйганча хуррак отаётган Собирни ишора қилди:–Манави акангларни олиб чиқиб менинг машинамга ётқизиб қўйинглар. Биз бирон соатлардан кейин чиқамиз.
Йигитлар Собирнинг қўлтиғидан даст кўтаришиб, уни ташқарига беозор олиб чиқиб кетишаркан, Хуршида расмиятчилик учун хижолат чеккан бўлди:
– Бу тўнғиз ҳаммага дардисар бўлди…
Дони унга қисилиб турган кўзлари билан чуқурроқ қадаларкан, Хуршиданинг алвон дудоқлари устига бармоғини олиб бориб босди: – Тс… с, ундай деманг, Собир менинг дўстим бўлади-я…
Кейин у официант аёлни ёнига чақиртириб: «Бугунги зиёфат харажатлари менинг ҳисобимдан. Ҳозир яна коньяк, арақ, шампан келтиринг. Қизларимизни энг қимматбаҳо шоколадлар билан сийланг!», деди. Давра иштирокчилари унинг илтифотига монелик билдиришмади. Янаям завқланишиб, ўйин-кулги суръатига зўр беришди.
Дони ўзида йўқ хурсанд эди. Бугун у мана, ўз ниятига етди, ҳисоб. Унга Хуршида билан қуюқроқ танишиб олиш, анчадан бери ишратпараст давлатмандлар орасида ҳавас билан тилга олинаётган бу маҳлиқони ўз қўлига қўндириш учун унча-мунча жон куйдиришга тўғри келди. Тўғри, пул бўлса чангалда шўрва, деганларидек, Дони учун Хуршида сингарилар билан маишат уюштириш, ҳатто ундан кўра ўн чандон чиройлироқ ва ширинроқ нозанинлар билан ҳамсуҳбат бўлиш ҳеч гап эмас. Бироқ, айнан шу Хуршидани қўлга киритишга у қатъий аҳд қилган эди. Савдо бошқармасида ишловчи, мол-дунёси билан доимо карандалик ва каттазанглик қилиб, уни менсимайдиган, Хуршидани кўз-кўз қилиб юрган бир рақибига ўчакишиб, ана шу ишга киришганди. Бунинг учун у осонгина йўл қидириб топди. Қўли қисқа, бироқ ичкиликни хуш кўрадиган, пулу маишат бор жойда бошқа нарсаларга қўл силтайдиган Собир билан жўра бўлиб олди… Дони мистер Донилигида эмас, балки бундан бир неча йиллар бурун фақирликда, бироқ ҳамиша сабру қаноат билан оллоҳга шукур қилиб яшовчи Муҳиддин қори деганнинг ўғли Дониёрлик вақтида анча бошқача бўлган. У болаликдан поклик ва ҳалоллик, мулойимлилик, меҳру шафқат руҳида тарбияланганди. Ўрта мактабда ҳам яхши ўқиган, айниқса, шеъриятни севар, келгусида шоир бўлиш орзуси ҳам йўқ эмасди. Шунинг учун ҳам атайлаб институтнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирган. Бироқ уни тамомлай олмади. Иккинчи курсдалигида янги йил арафасидаги ичкиликбозликдан келиб чиққан бир жиноятга беихтиёр қўшилиб қолди. Икки нафар курсдош ўртоғи маст-аласт ҳолда уларнинг ётоқхонасида ётиб қолган бир қизнинг номусини булғаб қўйишди. Дониёр жиноий ишда қатнашмаганлиги ва гуноҳкор йигитларнинг ўзлари ҳам буни эътироф этишганига қарамай, у ўша машъум кечани шу хонада ўтказганлиги ва даъвогар қизнинг эса «зўрлаганлар орасида Дониёр ҳам бор эди», деб туриб олганлиги оқибатида асосий айбдорлар қаторида беш йилга қамалиб кетаверди. Яна бир алам қиладиган жойи шу бўлдики, олти-етти йилдан муддат олишган ўша жинояткор шерикларининг ота-оналари бадавлат ва бообрў одамлар бўлишгани учун ҳам улар узоғи билан икки йилча ўтиришиб, кейин дабдурустдан озод бўлиб кетишди. Мўмин-мусулмонларнинг худо йўлидаги хайру эҳсонлари билангина кун кечирувчи бечораҳол Муҳиддин қорининг ўғли Дониёр эса «ейилмаган сомса» учун қўнғироқдан қўнғироққача ўтириб чиқишга мажбур бўлди.
Қамоқхона ҳаёти табиатан мулойим, ҳали анча ғўр, зўравонлик ва шафқатсизлик олдида ожиз ва қўрқоқроқ, иродасизроқ Дониёрни батамом ўзгартириб юборди.
У қамоқдалиги вақтида отаси оламдан ўтиб, онаси ундан кейинги иккита укаси билан амакисига, Муҳиддин қорининг Нуриддин шилпиқ деган носфуруш укасига тегиб олганини эшитиб, озод бўлгандан кейин ўз қишлоғига қайтмади. Онасининг бу қилмиши энди Дониёрни батамом ваҳшийлаштириб юборди. Унинг аламзада дилида аёл зотига нисбатан ўчмас нафрат ва қасос ҳисси пайдо бўлди. У уйланмади, дуч келган гул борки, уни ҳар қандай йўл билан ҳам узиб ва ҳидлаб, кейин уни шафқатсизларча топтаб, эзғилаб кетишдан роҳатланадиган одат чиқарди. Дониёр қамоқхонада танишган ва унга тегишли йўл-йўриқ ҳамда сабоқларни бериб устозлик қилишган айрим «амаки»ларнинг тавсияси билан шаҳардаги бир гуруҳ мафиозлар даврасидан паноҳ топди. У ўз ҳомийларига чинакам садоқат ва ҳалол хизматлар кўрсатиб, бунинг эвазига ёғли-ёғли жойларда ишлаш имконига эга бўлди. Кейинги пайтларда у бензин бўйича бизнесмен бўлиб танилган, анча катта ҳудудларда айтгани-айтган, дегани-деган. Пойи-патаклар энди уни эркалашиб, хушомад билан Дони, мистер Дони деб атайдиган бўлишганди. Бугун, мана, мистер Дони учун одат тусига кирган ҳаловатли ва фараҳбахш кечаларнинг навбатдагиси. У, айниқса гулбадан Хуршиданинг биринчи учрашувдаёқ қафасга «лоп» этиб кириб, энди унинг ўнг кифтига осилганча ишваланиб, ялтоқланиб ўтиришидан лаззатланяпти. – Мистер Дони, пожалуйста… Биттагина шеър ўқиб берсангизчи… – Шу тоб у Донига, бир маҳаллар ҳофиз Мумтоз тўқиб куйлаган «Хуршида»ни эслаб қолиб, илтижо қилади. – Мне очень нравится, когда о нас поют или стихи читают…
– Неужели?! С огромным удовольствием, – Дони ғурур билан ўрнидан тураркан, даврадагилар ҳам бу таклифни маъқуллашиб, қарсак чалишди. – Сизлар учун жон тасаддуқ!
Кейин у томоқ қириб, оз-моз хаёл суриб олгач, шоирларга хос салобат ва салмоқ билан машҳур бир драмадан монолог ўқий бошлади.
Косани тўлдиринг, айтинг алёрни,
Шу пулнинг, шу қулнинг соғлиғи учун.
Айш қилиб ўлтирган йигитлар билан,
Майлисда қизларнинг борлиги учун.
Ичайлик шу пулнинг салобатига,
Пул кўп зўр, азамат, паҳлавон бир куч.
Агар пул бўлмаса бутун дунёда
Одам йўқ, турмуш йўқ, ҳатто яшаш пуч.
Пул бўлса, пул бериб базм оласан.
Пул бўлса, пул бериб имон оласан,
Пул бўлса, пул бериб виждон оласан,
Пул бўлса, пул бериб хотин оласан.
Диёнат, қошу кўз, ширин сўз ҳам пул,
Ҳаттоки муҳаббат, юраклар ҳам пул.
Билмадим, худонинг ўзи дунёни
Яратса, пулни ҳам ўйлаганмиди?
Шу пулнинг ўзидан кучли эканин,
Худонинг ўзи ҳам билганми эди?!
Ўша кеча Хуршида кетма-кет кўтарилган қадаҳларнинг ҳароратидан эмас, кўпроқ узоқ йиллардан бери орзиқиб кутилган Шаҳзоданинг ниҳоят унинг ҳаётига кириб келганидан, назарида мистер Дони энди батамом уники-ю, бундан кейинги турмуши жудаям чиройли бўлиб кетишига ўзида ҳосил қилган умид ва ишонч лаззатидан маст-аласт эди.
Дони ўз «Тойота»сида уларни уйларига элтиб қўяди. Ёнидаги икки йигитга Собирни «биздан кейин олиб чиқасизлар», деб тайинлаб, Хуршидани қўлтиқлаганча олдин ўзи кўтарилади. Эшикни узоқ қўнғироқдан сўнг, ичкарида ухлаб ётган Тахмина очади.
– Менинг қизим Тахмина…
Ёши 12–13 ларда бўлишига қарамай бўйи анча чўзилиб қолган, юпқагина оқ шойи ичкўйлакда кўкраклари, хипчагина бел-у, бўлиққина болдирлари кўзга ташланиб, ҳусну жамолиям оташдек парпираб турган Тахминага мистер Дони суқланиб қолади.
– Қизингиз жудаям ширин экан, – дейди у Хуршидага. – Ҳадемай ўрнингизни босади. Балким сиздан ўзиб кетар…
Уй бекаси унинг бу мақтовидан ийиб, ўринсиз ҳиринглаб қўяди. Бироқ бу гапнинг замирида қандай маъно ётганлигига аҳамият бермайди, зеро, бунинг учун ҳозир унда қурб ҳам, уқув ҳам етмасди. Мистер Дони уларнинг уйларига, тақдирларига ана шу тарзда кириб келган эди.
… Тахмина мўъжиза рўй бериб, қайтадан болаликка қайтиб қолган тақдирида дадаси Собирни кимлардан, нималардан асраб қолиши мумкин эди? Ундан буни сўрамоқчиям бўлдим-у, бироқ юрагидаги бирон-бир жароҳатга озор етказиб қўйишдан чўчиб, бу фикримдан қайтдим. Тахминанинг айни пайтдаги руҳий ҳолати мендан имкон қадар мулоҳазакорликни талаб қиларди. Ёш боши билан кўпданкўп савдоларга дуч келган дайди қизнинг армон тўла ҳасрат дафтарини бевосита уни ўзи варақлаб беришини кутмоқ ва бунинг учун унга беозор кўмаклашиш ҳам лозимлигини тушуниб турибман.
– Ҳа, даданг раҳматли яхши йигит эди, – дедим унга тасалли бермоқ ниятида. – Бироқ на чора…
Тахмина индамади. Хаёлга чўмганча тек қолди. Яна қўшимча қилдим: – Аянг Хуршида… қаерда ҳозир?
У бир дам қўллари билан пешонасини асабий эзғилаганича жимиб қолди. Кейин менга ўксик қиёфада жавоб берди:
– Аям… Аям ҳам…–Тахминанинг аччиқ ютиниб қўйганини, кўзларида ёш ҳалқаланганини сездим. – Ҳаммаси… ташлаб кетишди… Сарсон-саргардонликка ташлаб кетишди, номардлар…
Тахмина шундай дея иккала қўли билан юзларини тўсиб, бош эгганча ўтириб қолди. Ўрнимдан туриб, унинг ёнига бордим. Қўлимни аста елкасига қўйдим:
– Ўзингни бос, Тахмина…
У зарда билан қўлимни елкасидан силтаб ташлади:
– Кетинг, Собир ака. Кетинг бу ердан. Мени тинч қўйинг, ярамни янгиламанг.