Kitabı oku: «ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд»
Ҳикоялар
БОБОСИ БИЛАН НЕВАРАСИ
Оёқларига қизил ботинка, устига кўк иштонкўйлак, бошига эски ола дўппи кийиб олган уч яшар невара, ҳаммадан олдин ўрнидан туриб, айвонга чиқади. Дастурхон атрофида ўтирганлар унга парво ҳам қилмайдилар. У даҳлизда бирпас тик туради. Тўғридан қараганда худди вақтинча ўрнатиб қўйилгандек кўринадиган катта-катта қулоқларини кўрганлар неварани тоғасига ўхшатадилар. Қуралай кўзларини, бир оз япасқидан келган бурнини, кенг ва дўнг, ҳали ғам нималигини билмаган ялтироқ пешонасини кўрганлар эса уни отасига ўхшатадилар.
Невара зинапоядан авайлаб тушади. Орқасига бир қараб қўяди. Майда-майда қадамлар билан ҳовли эшиги олдидаги мотоциклнинг ёнига бориб туради. Эсида бор, отаси билан мана шу мулойим ўриндиққа ўтирган, ўшанда бу мотоцикл дегани қаттиқ овоз чиқариб юриб кетган, невара қўрққанидан отасини маҳкам қучоқлаб, кўзларини юмиб олган эди. Мана, у бугун ҳам мотоциклга минади, ўзининг минмоқчи эканлигини билдириш учун орқа ўриндиққа қўлини теккизиб туради. Ҳадемай отаси ҳам келади, сўрайди:
– Йўл бўлсин?
– Мен ҳам бораман.
– Қаёққа?
– Ишга.
– Ҳа-а. Директоримиз кеча педсоветда сени сўраётган эди, нега ишга келмаяпти деб, – дейди отаси ҳазиллашиб.
Невара отаси айтган сўзларга деярли тушунмайди. Ҳатто айрим сўзларни биринчи эшитиши. Аммо шундай бир нарсани пайқаб қоладики, кимдир: холасими, аммасими уни келсин, дебди. Боради, боради.
Шу пайт отаси бир нарсани тепади, пат-патлаган товуш чиқади. Невара бир чўчиб тушиб, киприкларини пирпиратади.
Агар олиб кетмасангиз, йиғлайман, дегандек, лабларини буради, елкасини силкиб, бораман, дейди. Отаси парво қилмай кетади. “Пат-пат”нинг орқасидан тутун чиқади, невара тутун ичида қолади. Ана энди, у ерга ағанаб, аламидан чиққунча йиғламоқчи бўлади. Аммо… бобоси ёмон. Юмшоқ тупроққа ағанаб, мазза қилиб йиғлаб олишга қўймайди. Неварасини қўлидан етаклаб ичкари олиб кириб кетади. Ҳар қалай ёмон бўлса ҳам ўзи билган одамлар ичида бобосини яхши кўради. Сабабки, бобоси ҳозиргина унга токчадан шоколад олиб берди.
Неварасининг кўнгли ниманидир истайди. Бир куни бобоси уни қаергадир олиб борган, у ерда катта-катта уйлар бор, одамлар кўп экан, кўчаларда олма, бодрингларни одамлар ҳаммага кўрсатиб ўтирар экан. Ўшанда бобоси унга ширин сув олиб берган эди. Невараси ҳали-ҳали эслаб лабларини ялаб қўяди. У ҳозир, яна шу ерга олиб боринг, дегиси келади, лекин айтолмайди, қаерга борганини ўзи ҳам билмайди. Бобосининг тиззасига ўтириб олиб хархаша қилади.
– Жим ўтир, жим. Қара, анавуни қара. Эҳ-ҳе, болаларни қара, – дейди бобоси бурчакда турган телевизорга ишора қилиб.
Невараси бу ярми шиша катта қутининг телевизор деб аталишини яқиндагина билди. Аммо ҳалигича унинг номини айтолмайди. Бобоси телевизорда қизиқ томоша кўриб кулиб юборади. Невараси нима гаплигини пайқаса-да, бобосига қўшилиб кулади. У томошага қараб ўтириб, ҳайрон бўлади: бунча кўп одамлар қандай қилиб шу кичкина қутининг ичига сиғади?..
– Бобо, бу одамлар қаерда?
– Телевизорнинг ичида-да, улим.
– Шунинг ичида уйи ҳам борми?
– Бор, улим, бор. Ҳаммаси бор.
– Уларнинг шоколадиям борми?
Миттигина невараси ўзича, кишилар учун энг ширин ва керакли нарса шоколад деб билади. Шунинг учун ҳамма нарсани аввало шоколадга таққослаб кўради. Неварасининг саволи жавобсиз қолади, телевизорда ҳеч нарса кўринмай қолгани учун бобоси уни ўчириб қўйиб, ҳовлига чиқиб кетади. Невараси қўли билан деворга суяниб ўрнидан туради. Кўрсаткич бармоғини оғзига тиқиб, бошини чапга сал қийшайтириб, телевизорга бирпас қараб туради. Сўнг аста-аста телевизорнинг орқасидан ичига қарайди – йўқ. Чаккасини телевизор ёнига теккизиб қулоқ солади – йўқ. Ҳалиги одамлар йўқ. Ҳозиргина шунинг ичида эди… Қаёққа кетди улар?..
У ҳайрон бўлиб, уй ичига назар солади. Печка олдида турган кичкина машинасини кўриб қолади. Машина олдига боради. Шу ерда турган синглисининг қўғирчоқ қизини оёғидан судраб келиб, машина устига ўтирғизади. Машинанинг узун ипларидан судраб ҳовлига чиқади, чеккароқда бир нималар қилиб ўтирган бобосига қарайди. Бобоси дераза ясаяпти. Олдида усталар учун керакли асбоблар, ҳар хил ҳажмдаги ёғочлар сочилиб ётибди. Вақт-вақти билан ёғочга чизади-да, сўнгра кичкина қаламини қулоғи устига қистириб қўяди. Буни кўрган невараси завқ билан кулади ва ўзи ҳам шундай қилиш учун қалам қидиради, бироқ тополмайди. Машинасини судраб дарахтлар орасига қараб кетади.
Бобоси кўз остидан неварасига қараб қўяди. Яна ишини давом эттиради. Бобоси пенсия чиққанига икки ойча бўлди. Ҳукумат уни тақдирлади. У пенсияга чиқмасдан олдин қачон пенсияга чиқиб мундоқ дам оларканман, деб ўйларди. Иш деганлари жонимгаям тегди, деб қўярди. Мана, орзусига етди. Аммо ўзини қўярга жой тополмай қолди. Нима иш қилишини билмайди. Ишлаб ўрганган одам – ҳадеб ётавергиси келмайди. Ҳовлини кузатиб, кўзига ёмон кўринган нарсаларни – деворнинг кўчган жойларини, бузилган деразаларни, эшикларни тузатади. Токларнинг учини кесади. Хуллас, ҳовлидаги беўхшов нарсаларни ўхшатмаса кўнгли ором олмайди. Бобоси, “Манави Исмоил… Э тавба-е, қирқ йил Совет ҳукуматига хизмат қилиб, минглаб одамлар билан тил топишдим-у, икки ойдан буён шу тирмизак билан келиша олмайман-а!..”
Бугун икки кундирки, бобоси товуқ катагига эшик тайёрлайди. У қўлидаги ёғочни қаричлаб кўради, адашиб кетади. Яна қаричлаб, бу сафар қалам билан боплаб белги қўяди. Кесмоқ учун аррани олади. Бобоси: “Бекор пенсияга чиқибман. Ишдалигимда кунига камида ўн киши мени сўраб турарди. Энди эса ҳеч кимнинг мен билан иши йўқ”. Бобоси яна кўп нарсаларни ўйлайди… Неварасининг дарахтлар тарафга ўтиб кетганини эслайди, хабар олади. Хотиржам бўлиб, ишини давом эттиради. Неварасига ачинади: “Бунга қийин. Бирга ўйнайдиган болалар йўқ. Уйдагилар мениям ташлаб кетади, униям ташлаб кетади. Ё иккаланг бирга ўйнавер, деганларимикан бу… Йўғ-е…”
Дўмбоққина невараси ўйиндан зерикади. Машинасини судраб келаётиб, товуқ катагига қараб, ичида товуқ борлигини кўради. Чап оёғини ерга тап этиб уриб “кишт”, дейди. Товуқ шунда ҳам индамай ётаверади. Невараси: “Ҳамма товуқлар ҳовлида ўйнаб юрибди, бу товуқ нега бир ўзи ўтирибди экан?..”
Қўғирчоқ қизнинг қўлини суғуриб олиб товуққа отмоқчи бўлади, лекин ололмайди. Ердан майда тош олиб отади, товуқ қоқоқлаб катакдан чиқиб кетади. Невараси товуқ ётган жойда оппоқ тухум турганини кўради. Қўлини узатади, етмайди. Ўрмалаб катакнинг ичига кириб кетади. Тухумни машинасига солиб, бобосининг олдига оборади.
– Бобо, товуқ туғди, мана.
– Яхши бўпти.
– Тухуми иссиқ экан.
Бобоси ва невараси қўл ушлашиб ток вайиши остига борадилар. Жажжигина невараси токда осилиб турган узумларга қарайди. Ўз қўллари билан олиб емоқчи бўлади. Худди бобосидек қўлини узумларга чўзади. Эҳ-ҳе, ҳали жуда узоқ, жуда…
Бобоси неварасига боқиб, беихтиёр ўзининг болалигини эслайди… Кўнглида неварасига нимадир… нимадир пайдо бўлди… Неварасининг беғубор пешонаси ва тиниқ юзларига узоқ боқиб қолади…
1966 йил.
КУЗНИНГ БИР КУНИДА
Елкасига пахталик нимча ташлаган доцент Обидович, ёниб бўлган ўт чўғига кўмилган картошкаларни учи қорайиб куйган косов билан кавлаб, тинмай сигарета чекади. Чўғ тафтидан юзлари қизариб кетган бу салобатли, катта одамнинг қаршисида ийманиб, ориқ қўлларини қовуштириб, йигирма ёшлардаги мўйловли йигит – Раҳимжонов ўтирибди. Ҳамиша талабалар даврасида бўладиган Обидовичнинг бугун ёлғиз, мунис ўтириши Раҳимжоновни ажаблантирди. Пешонаси тиришиб, устма-уст сигарета чекаётганини кўриб эса домланинг кайфияти ёмон, жуда ёмон, деган хулосага келди. У, Обидовичнинг олдида тортиниб, кўзларини пирпиратиб, қобиғи қорайиб куяётган картошкаларга тикилиб ўтирди. Обидович ҳар қанча чекмасин, барибир кечадан буён қийнаётган туйғулардан қутулолмади. Эҳ, ҳаёт бераҳмдир, бераҳм, деди ичида. Ўзига, қолаверса, Раҳимжоновга завқ бағишлайдиган бирор қизиқ гап ўйлади, тополмади. Кечаги ёмғирдан ҳўл пахтазорга қаради. Хўрсиниб, бош ирғаб қўйди. Туриб, лабига янги сигарета қистирди-да, пахтазор оралаб кетди. Бир чангал пахта териб яна қайтиб келди. Кафтидаги оппоқ толаларда йилтираётган ёмғирнинг охирги томчиларига, сўнг шийпон олдида ўсма қўйиб ўтирган қизларга қаради.
– Кўраяпсанми қизларнинг ўсма қўйишини. Ўсмани ўзлари учун қўяди, деб ўйлайсанми? Йў-ўқ, сен учун, ҳаммаси сен учун, йигитлар учун. Ҳаёт шунақа, гўзал… – деди.
Раҳимжонов доцент Обидовичнинг гапидан завқланиб кетди. Уялган боладай бошини чапга сал қийшайтириб, тобора қорайиб бораётган чўққа тикилганича жилмайди. Буни кўрган ва ҳис қилган Обидович унга биргина бўлсаям завқ бера олганидан қувониб, кулимсиради. Ҳали ювилмаган бир пақир картошка кўтариб ошхонага бораётган йигитга:
– Миркарим, болаларни кечаги жойга олиб бор, энди терса бўлади, – деди.
Йигит ҳўл қўлини олдига тутиб олган этакка артиб, хўп, деди-да, йўлида давом этди.
– Сен, Раҳимжонов ука, қолгин, иш бор.
Талабалар бир-бирларини қувлашиб оппоқ далаларга қараб кетдилар. Обидович шошмасдан картошкаларни арчиб, мис товоққа солди.
– Хў-ўш, қалай, зерикмаяпсанми, ишқилиб?
– Йўғ-е, домлажон, келганимизга бор-йўғи уч кун бўлди-ю.
– Кеча қанча тердинг?
– Ўн беш кило.
– Маза йўқ-ку. Болалар икки юз, юз килолаб терибди.
– Биза энди, домлажон, пахта териб кўрмаганмиз-де…
– Ҳа, майли. Қўлдан келганича териш керак. Укаларинг кўпми? Опаларинг…
– Тўртта укам бор. Опамла ҳаммаси эрга чиқиб кетишган.
– Уйланганмисан? Йўқ? Ҳа, яхши, ҳали биринчи курссан. Анча оғир бўлади. Ма, картошкани е.
– Йўқ, раҳмат, домлажон. Жа-а, тўйиб турибман, ўзийиз енг, раҳмат.
– Олсанг-чи, ҳаммамиз ҳам тўйиб турибмиз. Бу ширин бўлади, ол.
Раҳимжонов бир қўлини кўксига қўйиб, Обидовичнинг қўлидан картошкани олди.
Обидович йигитга ачиниш билан қаради. Жуда раҳми келди унга. Картошкага туз сепаётиб, кўнглига: “Болалар… Укаларимга қарайман, деб бу ҳали ўқишни ташлаб кетмасайди”, деган гап келди. Ҳозир бор гапни айтмоқчи, кеча штабдан олиб келган телеграммани кўрсатмоқчи бўлди. “Ҳозир айтсам. Бу ҳали бола бўлса. Бирдан миясига таъсир қилса… кейин нима бўлади?” У ўйлаб-ўйлаб, бу гапни ҳозир айтмасликка қарор қилди. Яна ўйлаб ўтириб, умуман, айтмайман, деган хулосага келди. Шунда Обидович онаси бечорани эслаб, кўнгли бузилиб кетди. Ўрнидан кескин туриб, сигарета чека бошлади. Кичкина кўк автобусга ишора қилиб, бирор иш буюрилишини кутиб турган Раҳимжоновга:
– Этакларни қолдириб, машинага чиқ. Бир жойга бориб келасан, – деди.
Раҳимжонов, Обидович кутгандан ҳам эртароқ автобусга чиқди. Иккалови ёнма-ён ўртароқдаги ўриндиққа ўтирди. Обидович автобуснинг очиқ деразасига тирсагини қўйиб, йўл четидаги пахтазорга қараб кетди. Ўзини қанча бошқа фикрлар билан овутмасин, барибир онаси кўз олдидан кетмади… Обидовичнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди, қириниб йўталди, кўзларига ёш келганини билмай қолди.
Киссасидан рўмолчасини олиб, шунчаки юзларини артаётган кишидай кўз ёшларини артди.
Район марказидаги автобус бекатига тушдилар. Раҳимжонов устма-уст сигарета чекаётган Обидовичга эргашиб кетаверди. Шаҳарга борадиган автобусни суриштирдилар: яна икки соатдан кейин келар экан. Улар бир четдаги узун ўтирғичга ўтирдилар. Обидович айтмасликнинг ҳеч иложини тополмади. Охири айтишга мажбур бўлди:
– Ука, бу дунё шунақа бевафо экан, – деди у хўрсиниб. Бироқ сўзини давом эттирмай, хотиржамлик билан ўчиб қолган сигаретасини яна ёндирди. Жуда сийраклашиб қолган сочларини орқага силаб, гапини давом эттирди: – Ука, дунё бевафо экан. Онамиз бечорани эсласам, юрак-бағрим эзилиб кетади. Аммо одам бўлиш фақат онага боғлиқ эмас экан. Бир шоирнинг гапи бор-ку, она бўла қолгин менга, табиат, дейди. Шундайин, мана, онасиз ўсдик. Замон, табиатнинг ўзи тарбиялади. Табиат бизга она бўлди. Кеча де, Раҳимжонов деган фамилияга бир телеграмма келди. Сенгами, бошқагами, аниқ эмас. Ҳар ҳолда, сенга бўлмаса керак, чунки телеграммада исминг йўқ. Иккинчидан, мехматда ҳам шунақа бола бор экан. Чамаси, ўшанга бўлса керак телеграмма. У болани уйига юбордик. Ҳар ҳолда, сен ҳам уйингга бир бориб кел-чи… Ишонаманки, сенга эмас бу телеграмма.
Обидович ён чўнтагидан телеграммани олиб унга узатди. Сўнг, гўё осмонга қараб сигарета чекаётгандай, кўз остидан Раҳимжоновни кузатди. Раҳимжонов телеграммадаги, тез етиб кел… онанг вафот этди, деган сўзларга анграйиб қараб турди. Кўзлари пирпираб, ерда тўнтарилиб, ўзини ўзини ўнглолмай, жажжи оёқларини қимирлатаётган чумолига тикилганича ўйлаб қолди. Шу ҳолича сўзсиз, узоқ ўтирди. Ҳалиям кузатиб ўтирган Обидович: “Шаҳарлик болалар енгилтабиат бўларди. Бу жуда иродали экан, кўзларидан ақалли бир томчи ёш чиқмади-я”, деб ўйлади. Обидович, Раҳимжоновнинг сочларини силаб:
– Хўп, хайр, яхши етиб боргин… – деди.
Автобус томонга кетаётиб, орқасига бир қайрилиб қаради-да, яна қайтиб келди.
– Нима, Раҳимжонов ука, буёқдаги нарсаларингдан ташвишланмасангам бўлади. Курсдошларингга тайинлаб қўяман, хўпми? – деди бошини ирғаб ва бутунлай кетди.
Автобус кетди. Раҳимжонов курсдошлари пахта тераётган олис далаларга кетаётган автобуснинг орқа ойнасидан унга ғамгин термулиб ўтирган Обидовичга қаради. Автобус кўринмай кетгандан кейин ўрнидан туриб, касса атрофини узун таёққа супургини боғлаб, чанг чиқармаслик учун авайлаб супураётган чолдан, шаҳарга қандай қилиб телефон қилишни сўради. Чол супуришдан тўхтаб, оғзидаги носини тўда-қўқим ичига туфлаб, шаҳар телеграфининг қаердалигини узоқ тушунтирди. Раҳимжонов чол айтган телеграфни излаб топди. Телеграммани кўрсатиб, отасининг иш жойидаги телефон рақамларини айтди. Икки қулоғига ҳам телефон трубкасини тутиб турган лаблари қип-қизил қизга нажот истаб, ёлворувчи оҳангда бош эгиб, қараб турди. Қиз бу йигитнинг руҳиятига тушунди. Тезда унга айтган рақамларини олиб бериб, иккинчи хонага кириб, трубкани олди:
– Ада? Сизмисиз? Ман, Акромжонман. А? Ҳа келди. Жа-а, ваҳима қилиб ёзибсиз, касал десайиз ҳам бўливурарди. А? Ҳа, машина юборинг. Самарқанд автостанцияси бор-ку, ўшатга келиб турсин. Хўп, хайр, хўп…
Раҳимжонов телеграфдан чиқиб, буфетга қараб юрди. Буфетдан тамадди қилиб чиққанда оқшом туша бошлаган, жафокаш деҳқон кузининг олтин бир куни тугаётган эди…
1967 йил.
КУ-КУ-КУ…
I
У жуда ориқ, ўзи сариқ бўлгани учун сийраклашиб қолган сочлариям сарғиш. Қачонлардир яхшигина шеърлар ёзиб, энди расмий ишлар гирдобига тушиб, назмий туйғулари сўниб қолган. Сал энгашиб, оҳиста-оҳиста, нималарнидир ўйлаб, хафақон касали билан оғриб юради. Хафақон касалига йўлиққандан буён ичмайди, чекмайди. Сўзлаганда овози оғир касалларникидай нимжон, хаста чиқиб, диққат қилмаган одам яқинида бўлсаям эшитмайди. Кулганда тишлари кўринмаслиги учун лабларини лабларига шундай қаттиқ босадики, қўй кўзлари юмилай-юмилай деб, юзлари қизариб кетади…
У журналларга обуна бўлишни яхши кўради. Ҳар йили кўплаб хорижий ва ўзимизнинг журналларга обуна бўлади. Уйида журналлардаги расмларни, Рембрандт, Рафаель, Боттичеллининг нодир асарларини томоша қилиб ўтиради. У яна қушлар, уларнинг сайрашиниям яхши кўради. Ишлаб чарчаганида ўзи директор ўринбосари бўлиб ишлаётган шаҳар истироҳат боғининг хилват жойига ўтириб, Шишкиннинг расмларини томоша қилади, қушларнинг сайрашини кутади. Айниқса, Шишкиннинг “Буғдойзор”ига узоқ тикилиб қолади. У ўзича икки тоифадаги одамларга ачинади. Бири – Шишкиннинг расмлари олдидан бепарво ўтган одамга, иккинчиси – қушлар сайраётганда сўзлашган одамга. Шу одамларни тўхтатиб, дегиси келади:
“Биродар, тўхтанг, кўраяпсизми Шишкиннинг қайинларини: ҳаёт гўзал, шунақа…”
“Биродар, эшитаяпсизми, тоғ чумчуғи сайраяпти. Бу оҳангни Бетховен ҳам билмаса керак. Афсус, бу оҳангларнинг номи йўқ. Эшитинг, қушларни эшитинг…”
Шу пайт дарахт шохларида қўниб турган қушларнинг турли нағмадаги сайрашлари эшитилади. У “Муножот”ни тинглаётгандай бошини маъюс эгиб, эшитади. Юзларига табассум югуради. Ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўяди-да, қушларга таъзим қилади:
– Офарин, биродар, офарин. Қуллуқ!..
Хаёлан қушлар овози қанотида узоқларга – оппоқ булутлар оламига учиб кетади…
У:
“Ай, биродарлар, сизлар учун ёғочдан уя ясадим, шунақа. Тоғлардаги биродарларимизгаям айтинг, боғимизга келсинлар. Мен уларгаям уя қуриб бераман, шунақа…”
У хушвақт жилмаяди…
II
У кекса ота-онасини кўриш учун қишлоққа бориб, тез қайтди. Машина баланд довондан сойга тушиб, шовуллаб оқаётган кўм-кўк сувдан ўтди. Чапга бурилиб, сув ёқасида тўхтади. У машинадан тушиб, костюмининг тугмаларини ўтказди. Теваракка қаради: йўлни икки томонидан ҳайбатли тоғ чўққилари ўраб турибди. Ботаётган қуёш тоғ чўққиси учида осилиб қолгандай… Тоғдан оқиб тушаётган сувнинг шовуллаши эшитилиб, сув оқаётган сойдан салқинлик уфуриб турибди. Тоғ қушларининг нағмалари… Бир гала ёввойи каптарлар чўққилар узра учиб юрибди. Каптарлар қўнганда, чап қўлини пешонаси устига соябон қилиб қаради. Кўрмади. Сайр учун каптарлар қўнган тарафга юрди. Катта тош остида бир нарсанинг питирлаётганини кўрди. Тўхтаб, ўша ёққа юрди. Икки тош орасидаги қизил тупроқ устида турган инни кўрди. Яқинроқ борди. Хас-хашакдан усталик билан ясалган инда қуш боласи, юмшоқ тупроқда эса яна бири… ердагиси типирчилаб инга чиқмоқчи бўлар, аммо чиқолмас, индагиси эса бўйинларини қисиб, пусиб ётарди. У ин яқинидаги сариқ тошга ўтириб, уларни узоқ томоша қилди. Мусича болаларининг онаси йўқ… Ё улар онасизмикин?
Қуёш ботиб тоғларга оқшом чўкди. Мусичаларнинг онаси ҳамон йўқ. У кетмоқчи бўлди. Шунда, мусичалар бўйинларини чўзиб, бирам ғалати чийилладики… Унинг юраги увушиб кетди. Мусичаларни олиб уларнинг ҳўл баданини тўлиқ ёпмаган жунларини силай-силай пастга тушди. “Энг беозор қуш. Булар одамларга фақат яхшилик тилайди. Ку-кулашлари, таъзимлари… шунақа”, деди у ўзича. Рўмолчасини машина ўтирғичига ёйиб, устига мусича болаларини қўйди. Идорага келганларида у мусича болаларини диванга қўйиб, жунини силади. Уларни ҳовлига – дарахтлар остига қўйиб юбормоқчиям бўлди. Тоғдагидай бу ерда ҳам ўз тирикчилигини ўзи қилар, деб ўйлади. Авайлаб, ҳовлига олиб чиқди. Кўмкўк ўтлар устига қўйиб, бирпас кузатиб турди. Улар жойидан қимирлайвермагач, мендан ҳайиқяпти, деб ўйлаб, хонасига қайтиб кирди. Бирпас янги журналларни титкилаб ўтириб, деразадан қаради. Мусича болалари дарахт ёнида бошларини бир-бирига тегизиб, мудраб, мунғайиб турардилар!.. У шошиб бориб, уларни олиб келди. Ҳеч қаёққа чиқармасликка аҳд қилди. Уларга жой қидира бошлади. Қоровулхона қулайдай. Айниқса, бурчакда турган шкаф тепаси. У ҳовлидан ранги кўчиб кетган эски мис товоқча топиб, унда сув олиб келди. Ер, емаса турар, деган хаёлда бозордан ярим кило тариқ олиб келди-да, бир сиқимини мусичалар олдига сепиб, уйига кетди.
Мусичалар ўз умри билан туғилган экан. Катта бўлиб қолишди.
III
Совет – Япон шартномаси имзоланиб, алоҳида моддаси бир давлатдан иккинчи давлатга учиб ўтган қушларга озор бермаслик, уларни авайлаш ҳақида эди. У газетадаги шу моддага тикилиб тўймайди. Қувончини боғ қоровулига изҳор этади:
– Эшитдиларми, отахон. Совет ҳукумати кўп танти ҳукумат, қушлар тўғрисидаям ғамхўрлик қиляпти, шунақа. Раҳмат, ҳукумат, раҳмат. Айтгандай, қушларга уя ясанг, деб эдим, тайёр бўп қолдими?
– Энди иккита бўлди.
– Э, тезлатинг-да, отахон, мен қушларга ваъда берганман, биродарларимизни олиб келинглар деб. Ҳали-замон келадилар, шунақа…
У қоровулхонага кирди. Мусичалар энди учадиган, хонада йўрғалаб юрадиган, бир-бирларини қувалаб столлар остига кириб кетадиган бўлган эдилар. Сарғиш жунлари қорайиб, тумшуқлари бигиздай… Чиройли! Узун қанотларининг усти сал қорайган, ости эса оппоқ. Бирининг қанотлари худди каптарларникидай ола. У пойандоз устида йўрғалаб юрган мусичаларга қараб завқланиб:
– Э-э, жуда гўзал бўпсизлар-ку, биродарлар. Яхши эмас, кўз тегиши мумкин, шунақа, – деди.
Тариқ олиб келгани бозорга борди. Сотувчи чолга:
– Илтимос, яхшироғидан беринг, яқинда мусичаларим кукулайди, шунақа, – деди.
Чиндан ҳам, мусичалар оқшомда илк бор… илк бор ёнма-ён туриб, вазмин, самимий таъзимлар билан салом қилдилар:
– Ку-ку-ку-ку…
IV
У мусичалар кетиб қолмаслиги учун деразаларни ёпиб қўйди. Хонада мусичалар қўниб-учиб турадиган жой қилмоқчи бўлди. Ҳовлидаги ўрикнинг кичкина шохчасини синдириб олди-да, деворга суяб қўйди. Мусичалар қўнишига бу ноқулайдай туюлди. Идора супуриш учун ишлатиладиган пақирларнинг бирига пича лой олиб келди-да, ўрик шохчасини лойга суқиб қўйди. Пақир атрофига дон сочиб, кичкина мис идишда сув олиб келди. Мусичалар хона ичида айланиб учиб, стол устига қўндилар-да, бараварига бошларини эгиб, таъзим қилдилар:
– Ку-ку-ку-ку…
У ўзида йўқ қувониб, бош ирғади:
– Бали, бали…