Kitabı oku: «Темурий ижодкорлар»
Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланади.
МУАЛЛИФДАН
Ҳар бир ижодкорнинг ўз мақсади бўлади, айниқса, бугунги кунда бой тарихимизнинг очилмаган чашмалари борки, уларнинг оби ҳаётидан шавкатли элимизни баҳраманд этиш айни пайтдаги заруратдир. Чунончи, темурий маликалар ҳақида яхши биламиз, аммо тарихда асосий ўрин тутган беназир темурий ижодкорларнинг бой маънавий олами тўғрисида тўла маълумотга эга эмасмиз. Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида шундай сўзлар бор: “Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз эса, бундай улуғ зотларнинг ҳаёт йўли ва қолдирган меросини тўлиқ тасвирлаш эмас, балки уларнинг энг буюк намояндалари тимсолида маърифат, илму фан, маданият, дин каби соҳаларнинг барчасини ўзида уйғунлаштирган халқимизнинг маънавий олами нақадар бой ва ранг-баранг эканини исботлаб беришдан иборат. Бундай ноёб ва бебаҳо бойликни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг маъно-мазмунини фарзандларимизга етказиш масаласи барчамиз, биринчи галда, зиёлиларимиз, бутун жамоатчилигимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиши шарт, деб ҳисоблайман”. Мазкур мўъжаз рисолани ана шу йўлдаги бир уриниш, дастлабки тажриба, деб билгайсиз, зеро, шу баҳона Темурий ижодкорлар ҳақида бир фикрлашиб кўришни истадик. Улар фақат амирзодалар эмас, балки юксак маънавият соҳиблари ҳам эдилар. Биргина амирзода Бойсунғур Мирзони олайлик: бу олижаноб амирзоданинг ажойиб ғазаллар битгани, Ҳирот тасвирий санъат мактабига асос солгани, у ерда бой кутубхона ташкил этиб, унда ўз даврининг машҳур хаттотлари, наққошлари, мусаввирлари, саҳҳоф ва заркорлари тўпланиб, илмий ва ижодий иш олиб борганлари, 1425-26 йилларда бевосита унинг буйруғи ва аралашуви билан Фирдавсий «Шоҳнома»сининг қирққа яқин қўлёзмалари солиштирилиб, мукаммал матн тузилгани, ҳуснихатда ҳам унга тенг келадиган хаттот топилмагани, бугунги кунда Эрондаги «Қуръон музейи»нинг тўрт томон деворларини Қуръон оятларидан настаълиқ хатида кўчирган ҳуснихат намуналари безаб тургани таҳсинга сазовордир, яна бир аҳамиятли томони, мозийшунос экспертлар ана шу битикларнинг бир қатори қийматини йигирма миллиард АҚШ долларига баҳолашган экан. Қаранг-а, у нақадар етук маърифатли ҳукмдорлардан бири бўлган. Рисолада бундай мисолларга анчагина ўрин берилганки, Темурий ижодкорлар маънавий оламидан олинган бу ёрқин намуналар ўзимизга, бугун ҳаётга катта умид билан дадил кириб келаётган ёшларимизга ҳам арзирли сабоқ бўлишига ишонамиз.
АМИР ТЕМУР – ИЖОД АҲЛИ ҲОМИЙСИ
«Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек, бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор»
Алишер Навоий
АМИР ТЕМУР
(1336 – 1405)
Ўзбек давлатчилиги тарихида Амир Темурнинг ўрни беқиёс ва жуда катта аҳамиятга эга эканлигини жаҳон тан олади. Бу зот нафақат юртини чингизийлар асоратидан озод этди, балки давлатчилик, илм ва фан, ҳарбий ва бунёдкорлик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларда ҳам салмоқли фаолият олиб борди.
Ҳақли равишда айтиш керакки, агар ота юрти чингизийлар истибдоди остида бўлмаганида Амир Темур ҳам йирик алломалардан бири сифатида жаҳонга танилиши муқаррар эди, чунки бу зотнинг ҳатто ҳарбий саркардалик фаолияти ҳам юксак салоҳиятининг бир қирраси, холос.
Уни аслида Темурбек, деб эъзозлашган. Ёшлигида кучли хотираси, қувваи ҳофизасининг беқиёслиги билан ўз даврининг етук олимларини, алломаларини ҳайратга солган. Мактабдошлари ичида ҳам ўзининг ҳайротомуз ҳаракатлари билан тенгдошларидан ажралиб турган. Тўққиз ёшида Қуръони каримни ёд билгани, кўпгина масалаларда катталардек фикр юритиб, ўша давр олимларининг меҳрини қозонгани ҳақида айтадилар. Ҳали ўсмирлик пайтиданоқ мустамлака юртининг «юрак азоблари»ни англаб, ғаними кимлигини, халқининг озод бўлишини, тенглар ичра тенг яшашини орзу қилган. Ўсмир ёшида ҳамма ҳам эл-юрт аҳволини бу даражада идрок этолмайди.
Темурбек Жалолиддин Румийнинг «Маънавийи маснавий», озарбайжонлик шоир Маҳмуд Шабистарийнинг «Гулшани роз» («Сирлар гулшани») китобларидаги шеърларни ёд олган эди. Ҳофиз Шерозийга кўрсатган марҳамати эса афсонага айланиб кетган. Нақл қиладиларки, буюк Соҳибқирон шоир Самарқанд, Бухоро шаҳарлари ҳақида ёзган ғазали учун ҳузурига чақиртирган эмиш. Ўша ғазалдан бир байт келтирамиз.
Агар кўнглимни шод этса шерозлик турк жонони,
Қора холига бахш этгум Самарқанду Бухорони.
Бу икки мисра, биринчидан, Амир Темур қайта сайқал берган Самарқанд билан Бухоро шаҳарларининг нуфузи ҳақиқатан ҳам дунёда машҳурлигини намоён этган бўлса, иккинчидан, Соҳибқироннинг ўз одати бўйича улуғ шоирга катта эҳтиром кўрсатганини ҳам билдиради. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бу улуғ зотнинг ўзи тарих, адабиёт ва санъат мухлиси, шайдоси бўлган ва бу туйғу авлодларига ҳам мерос бўлиб ўтган.
У жаҳон сиёсатини, иқтисодини, тарих, фалсафа, илмфаннинг турли соҳаларини яхши билар, бунёдкорлик, меъморчилик ва бошқа кўпгина сир-асрорлардан хабардор эди. Унда авлиёлик қобилияти ҳам бор эди, десак янглишмаган бўламиз. Дунёнинг ўша пайтдаги машҳур олими Ибн Халдун 35 кун мулоқот қилиб, унга юксак баҳо бергани кўпчиликка маълум.
Алишер Навоий ҳазратларининг унинг ҳақида айтган сўзлари бизда жуда машҳур. Олимлар, тарихчилар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам бу сўзни хушнудлик билан такрор этадилар. «Темур Кўрагон – агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг байт айтқонча бор». Бу ўринда, унинг «Темур тузуклари»да амир Ҳусайнга ёзган байти шоирлик иқтидори борлигига ёрқин ишора эмасми?!
Ёрга еткур, сабо, ким макр қилмишдир манга,
Қилди эрса кимга макр, қайтадур бир кун анга.
Манбаларда ўттиздан ортиқ темурий шоирлар ҳақида етарли маълумотлар бор. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз 22 темурий ижодкорнинг исм-шарифларини зикр этиб, қисқача тўхталиб ўтган. Улар орасида Ҳусайн Бойқаро, Халил Султон, Улуғбек Мирзо, Бойсунғур Мирзо, Абулқосим Бобур Мирзо, Шоҳ Ғариб Мирзо ва бошқалар бор.
Бу даврда ўзбек тилида Мавлоно Лутфий, Мавлоно Атойи, Мавлоно Амирий, Мавлоно Яқиний, Мавлоно Гадойи, Мавлоно Муқимий, Мавлоно Латифий, Ҳайдар Хоразмий, Дурбек, Саййид Ҳасан Ардашер, Аҳмадий кабилар яшаб, ажойиб шеър ва достонлар битдилар. Шу билан бирга форсийзабон шоирлар – Амир Қосим Анвар, Мавлоно Котибий, Хожа Исматилло, Мавлоно Бисотий, Мавлоно Яҳё Себак, Мавлоно Тусий, Бобо Савдойи, Мир Шоҳий, Мавлоно Шарафиддин Али Яздий, Мавлоно Муҳаммад Муаммойи, Хожа Масъуд Қумийлар ҳам шеъриятнинг турли жанрларида муваффақият билан ижод этдилар.
Самарқандда ўша даврнинг энг атоқли шоирлари жам бўлган эдилар. Мавлоно Камол Бадахший уларга сардор эди. Улуғбек Мирзонинг ўзи ҳам шеърлар ёзар, шоирлар унга ўзларини яқин тутарди. Унинг шеърият ҳақидаги тушунчалари ниҳоятда юқори бўлганини Саккокий ўз қасидаларининг бирида алоҳида таъкидлаб ўтган.
Улуғбек Мирзо Мавлоно Лутфий битикларини ХIV асрнинг машҳур шоири Салмон Соважий шеърлари билан тенг кўрган эди.
Амир Темур ва темурийлар даврида рассомчилик, наққошлик санъати ҳам юксак тараққий этди. Дунёга машҳур Камолиддин Беҳзод ва Шоҳ Музаффар номлари бу даврнинг энг кўзга кўринган намояндалари сифатида тилга олинади.
Амир Темур саройида Абдулла исмли мусаввирнинг яшаб ижод этгани маълум. Самарқандда Хўжа Абдулҳай, Мавлоно Шаҳобиддин Абдулла, Мавлоно Заҳириддин Азҳар, Устод Шамсиддин, Жунайд Наққош, Пир Аҳмад Боғишамолий ва бошқалар китоб безаш билан машғул бўлганлар.
Хожа Мирак Наққош хитой чиннисини ясаш ва унга безак беришда тенгги йўқ уста эди. Тарихчи Мирхонднинг ёзишича, у кейинчалик соат ясаб, ёғоч сандиққа ўрнатган.
Бу даврда хаттотлик санъати ҳам ривож топди. Султон Али Машҳадий, Рафиқий тахаллусини олган Мир Али Мажнун, Камолиддин Маҳмуд, Хўжа Абдулқодир Гўянда каби хаттотлар бу санъатни юқори поғонага кўтаришда муносиб ҳисса қўшдилар.
Биз ўша давр манбаларида мусиқа санъатининг юқори даражага кўтарилганининг гувоҳи бўламиз. Самарқандда раққосалар, қўшиқчилар ва мусиқачилар кўп эди. Улар орасида Дарвеш Аҳмад Қонуний, Султон Аҳмад «девона», Султон Аҳмад Удий Самарқандий, мавлоно Девонаи Самарқандий ва бошқалар ажралиб турарди.
Абдулқодир ибн Ғайбий «Мақосид ул-алҳон» («Мусиқанинг мақсадлари») деган рисола ҳам ёзган.
Бастакорлар:
Абдулла Марварид, Ҳофиз Шарбатий, Паҳлавон Муҳаммад;
Хонандалар:
Мавлоно Айний, Ҳофиз Қозоқ;
Созандалар:
Хожа Камолиддин Удий, Али Кармал, Хўжа Абдуллоҳ Садр ва бошқалардир.
Темурийлар даврида тилшуносликка ҳам катта эътибор берилган. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийдан ташқари, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абул – Лайсий, Абулқосим ибн Абу Бакр Лайсий Самарқандий, Исомиддин Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Арабшоҳ Исрафонийлар тилшунослик соҳасида жуда катта асарлар ёзиб қолдирганлар.
Шулардан ҳам кўринадики, Амир Темур ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган йилларда нафақат юртимизда, балки жаҳонда ҳам ҳар соҳада ривожланиш, кўтарилиш, ўсиш ва тараққиёт даври бўлган эди. Хулласи калом, бугун эса сиз билан Амир Темур ва темурийлар даври адабиёти, санъати тўғрисида сўз юритамиз. Бунинг сиз учун ҳам қизиқарли ҳамда аҳамиятли эканлигига шак-шубҳа йўқ: улуғларни эслаб туриш, уларнинг номларига, бизга қолдирган меросларига ҳурмат кўрсатиш бурчимиздир. Барчаларининг руҳлари шод бўлсин!
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.