Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Меҳр топдим»

Yazı tipi:

КЎП ГАП

 
Кўп гапда – кўпдир хато,
Хатоси кўп – бехаё,
Бехаёлар бетақво,
Болам!
 
 
Тилинг тий, қалбга зиён,
Қалбинг қилмасин исён,
Унга жойланган иймон,
Болам!
 
 
Алллоҳ пуфлаб руҳидан.
Шомми, пешин, субҳидам,
Қалбинг тут деган мубҳам,
Болам!
 
 
Очаверма китобдек,
Унга киритиб шоҳ, бек,
Ўзингча бўлиб ўрнак,
Болам!
 
 
Сен ҳам битта бандасан,
Иссиқ жони тандасан,
Тупроғи Ватандасан,
Болам!..
 

«Севги йўқ,– деб ким айтса…»

 
Севги йўқ,– деб ким айтса,
Севинч ҳам йўқ,– деб айтсин.
Эртанги кундан умид,
Илинж ҳам йўқ,– деб айтсин.
 
 
Тилсимлар йўқ туйғуда,
Беморлик йўқ,– деб айтсин.
Умр ўтар уйқуда,
Бедорлик йўқ,– деб айтсин.
 
 
Севги йўқ,– деб ким айтса,
Ой-қуёшни кўрмабди.
Қўрланиб, оловланиб,
Хуморланиб юрмабди.
 
 
Ёниб ёрин йўқлаган
Ошиқ муродга етсин.
Севгига йўлиқмаган
Яшамадим,– деб кетсин.
 
 
Севги йўқ,– деб ким айтса,
Бу дунёга келмабди!
Севиб яшаш лаззатин
Одам бўлиб билмабди!..
 

«Кўнглимнинг хуш вақтида…»

 
Кўнглимнинг хуш вақтида,
Ўйларим хилқатида,
Сени кашф этдим ўзим,
Юрагим қат-қатида.
 
 
Қаршимда уч йўл эди,
Манзили пуч йўл эди.
Қайтмас йўлдан кетдим мен,
Қайтар йўл ҳам дуч эди.
 
 
Ойдек тўлиб кел, ёрим,
Кундек кулиб кел, ёрим.
Қандай ўйлаган бўлсам,
Шундай бўлиб кел, ёрим!
 
 
Қувончимдан қувониб,
Ғамларимга шерик бўл.
Висолимдан қўрланиб,
Паҳлавон, шерюрак бўл!
 
 
Борса қайтмас йўллардан
Ғолиб бўлиб қайтайлик.
Маҳкам ушлаб қўллардан,
Бахтлимиз,– деб айтайлик!
 

«Таврот, Инжил, Қуръонни…»

 
Таврот, Инжил, Қуръонни
Нозил қилган Аллоҳим.
Донни, данакни ёриб,
Ризқим берган паноҳим.
 
 
Сен аввалсан, сен охир,
Сен ботинсан, сен зоҳир.
Бандаларинг қил аҳил,
Сувда оқмасин Тоҳир!
 
 
Бош эгиб ҳар амрингга,
Сени айлайлик мамнун.
Фарҳод етсин Ширинга,
Лайлисин топсин Мажнун.
 
 
Сендан олдин, ё кейин,
Сендан ост-уст нарса йўқ.
Бўл десанг, бўлар тайин,
Сенга борим тасаддуқ!
 
 
Руҳинг пуфланган диллар,
Таниб олам раббисин;
Тинчликдан сўйлаб тиллар,
Тинчлик завқини топсин!
 

«Юракка солинг жилов…»

 
Юракка солинг жилов,
Ишқ-муҳаббат бобида.
Сўзим айтмасин биров,
Айтилди деб тобида!
 
 
Эскидан қолган ишқни
Янгилар ҳар бир юрак.
Аммо шу яхши ишми,
Ёринг – бегона эркак!
 
 
Сиз каби бир аёлнинг
Бошин силар вақтида.
Кўкда порлар хилолнинг
Ҳалоли ва нақди-да!
 
 
Сиз эса кўкка чиқмас,
Чўкка тушган ой мисол.
Билак узуклар сиғмас,
Лўппи юз, ўғри висол.
 
 
Ақл ўргатиш осон,
Ақлга бўйсуниш, оҳ!..
Қани би-и-ир бўлиб осмон,
Ердан аритинг гуноҳ!
 

«Бир оғиз сўз айтдим, жисму…»

 
Бир оғиз сўз айтдим, жисму
Жаҳонимни муз қилдим.
Туйиб турган лаззатимни
Бешакар, бетуз қилдим.
 
 
Тилим таъмни билмас, этим
Жунжикишда кандасиз,
Қулоғим кар, кўролмасман,
Ҳид билмасман юз қилдим.
 
 
Бор сезгимдан айрилдим,
Бош измимдан айрилдим,
Айрилишни яна шунча
Боғу дала, туз қилдим.
 
 
Тек қотириб елпиғични,
Сарак-сарак қилиб бошни,
Қош қўймоқлик илинжида
Афандидек кўз қилдим.
 
 
Бошим йўқдир урай десам,
Хушим йўқдир, ишим йўқ.
Инонингиз десам бирин
Сабаби – бир сўз қилдим…
 

«Қизгинам, ой юзгинам…»

 
Қизгинам, ой юзгинам,
Ширин – шакар сўзгинам,
Озодам, паризодам,
Бўйнимдаги дур шодам.
 
 
Тўкилмасин дурларим,
Ўкинмасин дил ярим.
Ўралган қантдек сақлаб,
Улғайтирдик пах-пахлаб.
 
 
Сен хуснисан уйимиз,
Томирисан бўйнимиз.
Эгиб қўйма бошимиз,
Ичга тўкиб ёшимиз.
 
 
Ўғли борнинг ўрни бор,
Кўнглида яшнар баҳор.
Бирим минг бўлаётир,-
Деб яшай беҳавотир.
 
 
Кўрки бўл юрт, элимни
Букиб қўйма белимни.
Қизим – бўйин, ўғлим – бел
Томири эканинг бил!
 

ТИНЧЛИК

 
Аёл учун бахт нима,
Умр йулдошдир балки?
Вафоли дўст аҳдина,
Майин сирдошдир балки?
 
 
Аёл учун бахт – бола,
Отаси бор бошида.
Яшнаб яшар гул-лола,
Парвонаси қошида.
 
 
Эркак-чун ҳам бахтдир, шу,
Онажони ёнида.
Ўғлига она – сулув,
Жонажони жонида.
 
 
Бола учун нима бахт,
Отаси, онасими?
Ҳамма ниятими нақд,
Дўсту, дугонасими?
 
 
Оила бахти учун,
Хаёт учун мукаммал,
Орзу, тахт, нақди учун,
Тинчлик керакдир аввал!
 

«Ўзгинанг оларингдан…»

 
Ўзгинанг оларингдан,
Ўзгага қилсанг раво;
Асалинг боларингдан,
Осмонингдан соф ҳаво;
 
 
Давлатинг ўзагидан,
Либосингдан энг суюк;
Кошонанг безагидан
Берсанг бўлмай дил куюк;
 
 
Мол-жонингдан садақа
Қилишда кечикмасанг;
Энг охирги мис чақа
Бўлса ҳам ачинмасанг;
 
 
Пок нарсалардан эҳсон,
Қилиб ўрганган банда.
Саҳоватли эй, инсон,
Лабингда мудом ҳанда.
 
 
Чунки сен берувчи қўл,
Таваккал қилувчи зот.
Ҳар ишинг маъқул, мақбул,
Икки жаҳонинг обод!
 

«Мутакаббир, мақтанчоқлар…»

 
Мутакаббир, мақтанчоқлар,
Ичра топиб овунчоқлар,
Эй, ўзига қилар жабр,
Сени кутар оташ қабр.
 
 
Ер юзида кибру ҳаво
Қилганларга йўқдир даво.
Миннатсиз, бардавом сабр
Қилгувчига аъло ажр.
 
 
Кимки қилмиш яхши амал,
Қўймиш роҳат тошин тамал.
Мустаҳкам пойдеворида,
Кучин тўплар эс борида.
 
 
Фитна қилиб, қилмас тавба,
Ўз ёғида қоврилар ва,
Ёмонлигин ёниб кўрар,
Атрофини олов ўрар.
 
 
Бошқа гапирмайман-ей, бас,
Тиқилиб қоляпти нафас.
Гумроҳликдан жонни қийнаб,
Гуноҳларда қолдим қайнаб…
 

«Ҳамманинг гуноҳи бор…»

 
Ҳамманинг гуноҳи бор,
Бир ками, бир оҳи бор.
Оқ-қорасин танувчи,
Қалб кўзи, нигоҳи бор.
 
 
Ер юзида яшарлар,
Давонидан ошарлар.
Қайси пайт, қайси маҳал
Ўзанидан тошарлар.
 
 
Эй, Одам, бил, асли, сен,
Одам Ато насли сен.
Қўндоқда теккан гуноҳ,
Айбин ёпар фасли – сен!
 
 
Ғайратинг – қанотингдир,
Сийратинг ҳаётингдир.
Ўзингга жабр, сабр
Барбодинг, ободингдир.
 
 
Ҳаромга кўз тикканинг
Суғорган ниш, тиканинг.
Зиёндир ҳалолингга,
Ойланар ҳилолингга…
 

«Ғанимат эканлигинг…»

 
Ғанимат эканлигинг,
Ғанимимдан ҳимоя.
Сен мени деганлигинг,
Бахтим учун кифоя.
 
 
Йўқолган ғурур тикдир,
Топталган юрак соғдир.
Ким дер, боши эгикдир,
Ҳақиқатдан дил чоғдир!
 
 
Ишончим ошиб ўзга,
Кўтаринки кайфият.
Кулгу югуриб юзга,
Ҳамроҳим самимият.
 
 
Нима десам ростин деб,
Нима қилсам – юракдан.
Куймай баланд-пастим деб,
Завқим – сенга керакдан!
 
 
Сени деб – ботирлигим,
Сени деб – шаштим баланд.
Нимага қодирлигим
Кўрсатиб яшаяпман!
 

«Қаҳратон қишдан кейин…»

 
Қаҳратон қишдан кейин,
Келади баҳор.
Бошга не келса қийин,
Енгилманг зинҳор.
 
 
Балки билмаслар ҳозир,
Яхшилигингиз.
Бўлай деб ҳамдга арзир,
Яхши бўлингиз!
 
 
Ўзингизни танитар
Дод, аҳволингиз.
Бурнингизни қонатар,
Ёт аъмолингиз.
 
 
Ўзингиз бўлиб яшанг,
Кийманг ёт энгил.
Ўз ҳолини қилди танг,
Ким яшаб енгил.
 
 
Кимга ҳам ёқар менинг
Тонгги дашномим?
Бу аслида ўзимнинг
Сўнгги пушмоним…
 

«Озодлик қуёшдек қадрли…»

 
Озодлик қуёшдек қадрли,
Райҳондек, ялпиздек атрли.
Ўзига тўн бичиб ўзича,
Кийгани, егани татирли.
 
 
Нон каби меъдага тегмайди,
Ток каби қаддини эгмайди.
Жийдани чақириб овлоқдан,
Истаса қайрағоч экмайди.
 
 
Тошкандий, Фарғоний бўлиб у,
Бухорий, Термизий – кулиб у,
Яшайди туғилган ерини
Исмига эгизак қилиб у.
 
 
Боболар ёғдуси осмонда,
Она ер мавзуси омонда.
Озодлик аслида ўзимиз,
Яшасак эркин, ҳур замонда.
 
 
Эл аро, дил аро бир шодлик,
Озодлик неъмати – оҳ, тотлик!
Озод ҳар инсон бир мўъжиза,
Мўъжиза яратгай озодлик!
 

«Беш кунлик бу ҳаётда…»

 
Беш кунлик бу ҳаётда,
Одам бўлиб яшайлик.
Орзу отлиқ қанотда,
Хотам бўлиб яшайлик.
 
 
Тушкунликка чўксам тиз,
Қараб турмангиз, ҳиссиз.
Шунчаки еб, ичиб, сўнг
Кетиб қолмайлик изсиз.
 
 
Дилда қолмасин армон,
Тилдан яхши сўз – дармон,
Ҳар кундан ранг топайлик,
Қизил, яшил, нопармон.
 
 
Дунё ўзи омонат,
Тўрт тарафда тумонат
Одамлар турфа қилиқ,
Оқ, қора ё сап-сариқ.
 
 
Одамлар, эй, одамлар,
Одам бўлиб яшайлик.
Марду майдон бўлиб, юрт
Бағрига гул тўшайлик!
 

«Майли, севма, севма, йўқ…»

 
Майли, севма, севма, йўқ,
Менга севги ато эт!
Юрагимга солиб чўғ,
Севгинг билан адо эт!
 
 
Фироғингда кўзларим
Очиқ кетсин, очиқ кетсин.
Ой қуёшга сўзларим,
Ошиқ кетсин, ошиқ кетсин!
 
 
Мен юрагим борлигин
Сезиб яшай ёнингда.
Бахтда барқарорлигинг,
Кузатай ҳар онингда!
 
 
Кўксимда турган санчиқ,
Йўқотганда ҳаловат,
Ахтариб бир суянчиқ,
Ишқдан олай ҳарорат!
 
 
Майли, севма, севма, йўқ,
Менга севги ато эт!
Борингда жон тасаддуқ.
Йўғингда йўқ адо эт!
 

«Сенга ҳолис бахт тилаб мен…»

 
Сенга ҳолис бахт тилаб мен,
Гул тутаман, қоракўз.
Дўст бўлишга дил талаб, мен
Дил тутаман, қоракўз.
 
 
Кулгуларим, туйғуларим,
Яширмовдим дўст билиб,
Бўлсин дея менинг ёрим,
Сен сайлабсан дил илиб.
 
 
Қалбинг бўлиб мен эгаси,
Қурган бўлсам ошиён.
Лек уйингнинг чин бекаси
Бўлолмайман ҳеч қачон.
 
 
Чунки мен ҳам бир тоза дил
Танҳо гули, эркаси.
Сен ҳам менга бахт тилагил,
Бўлиб холис акаси.
 
 
Бу бемурод ошиқишдан,
Қалбинг оғрир, оғир-а?..
Сен севибсан, майли, ишқдан
Қолсин шеърим хотира…
 

БАХТ

 
Бахт бу менимча, интилмоқ демак.
Эрта ҳам кеча ғамини емак.
Орзулашдан ким арибди, дўстлар,
Ёзи бўлиб қиш, қарибди, дўстлар!
 
 
Яна нимадир етишмас ҳамон.
Ким интилибдир, бахтлидир ҳар он!
Осмон бўлсанг ким дер, ердан узил.
Тупроқ бўлсанг дер, осмонга чўзил.
 
 
Етдим деганда тўкилар боғлар,
Ётиб еганга чидамас тоғлар.
Янгиланмаган либос кафандир.
Ҳаракатдаги ҳаёт чамандир.
 
 
Бахт бу, менимча, интилмоқ демак,
Эрта ҳам кеча ғамини емак.
Бахтим топай деб, интилмоқ керак,
Бахтга етиб ҳам тинчима юрак!
 
 
Ҳаётдан ибрат олмаган кўр кўз,
Топмаса наҳот кўнгилдай бир дўст?!
Бахт қошига сен ўзинг кулиб бор,
Бахтга ошиқиб юрганга бахт ёр.
 

«Сени жуда бахтли дейишар…»

 
Сени жуда бахтли дейишар.
Мен биламан қандайлигингни.
Омад, олтин тахтли дейишар,
Мен биламан “қантдай”лигингни.
 
 
Доим кулиб юрасан чақнаб,
Мен биламан қалб тубингда ғам.
Ғамларингни ҳадикда сақлаб,
Мумкин эмас портлаб кетиш ҳам!
 
 
Фақат битта ўзим биламан,
Юракдаги армонларингни.
Айтгин, кимга ҳасрат қиламан,
Топайин деб дармонларингни?
 
 
Керак эмас сенга бу таскин,
Ўзинг сўраб олган ҳаловат.
Эҳтимол ким билганча аксин,
Отиб қолар тошин маломат.
 
 
Тинч яшамоқ учун тилингни,
Тийиб, дардинг ютаяпсан сен.
Кўринганга очмай дилингни,
Гўё бахтли ўтаяпсан сен…
 

«Кечир, кечиргил, қора кўзим…»

 
Кечир, кечиргил, қора кўзим,
Барисига сабабчи ўзим.
Гиналарни унутгин энди,
Қўлинг менга шод тутгин энди.
 
 
Севгингни рад қилмаганимда,
Юрак-бағринг тилмаганимда,
Кетмас эдинг маъюс қайрилиб,
Қолмас эдим мен ҳам айрилиб.
 
 
Севарканман тушунсам бу кун,
Ўйларканман сени туну кун,
Ёниқ экан сен билан юрак,
Ўзинг экан менга зўр тилак.
 
 
Кечир мени, кечир жонгинам,
Кечиришга кеч эмас ҳечам.
Қалбим ўзга томон чопмади,
Сен ҳам ўзга ёрни топмадинг.
 
 
Йўқотганим бебаҳо шеърим,
Ва қалбдаги бу оташ меҳрим,
Сенга экан, сенга дил сўзим,
Кечир ўзимнинг қора кўзим!
 

«Кечир мени, кечира олсанг…»

 
Кечир мени, кечира олсанг,
Азобларим ўчира олсанг.
У ҳам мени кечирди-ку,– деб,
Армонларим кўчира олсанг.
 
 
Сенинг билан сирли, сеҳрли
Кечмишим бор – Аллоҳ инъоми.
Кўзларимга боқиб меҳрли,
Айт, хатосиз инсон инсонми?
 
 
Бахтлимисан?– деб менингсиз ҳам,
Юрагингга бўйлаб кўр яна.
Бахтлиманми?– деб сенингсиз ҳам,
Юрагингдан ўйлаб кўр яна.
 
 
Омад, олтин тахтлимисан?– деб,
Сен томонга боқиб яшайман.
Ҳамон бир сўз, аҳдлимисан?– деб,
Рашк оловим ёқиб яшайман.
 
 
Азобингга шерикман, аммо,
Бахтингни ҳам кўролмагайман.
Мени қийнар битта муаммо:
Мен сенингсиз юролмагайман…
 

«Бошим осмонга етар…»

 
Бошим осмонга етар,
Завққа тўлиб келсангиз.
Ойга қўр ташлаб кетар
Кундек кулиб келсангиз.
 
 
Юрагимга ўт кетар,
Лов-лов ёнган лоламан.
Хўл-қуруқ ёниб битар
Алангада қоламан.
 
 
Ёниб-куйган пайтимда.
Менга ёрдам берманглар.
Оловни шеър-байтимдан
Ўчирай деб юрманглар.
 
 
Ёр васлини ой-йиллаб
Кутдим бир мўъжиза деб.
Яшадим васлин тилаб,
Ўйламанг ожиза деб.
 
 
Сиз менга раҳм қилиб,
Ёрим, келар бўлсангиз,
Висолни ваҳм билиб,
Алангамда сўлмангиз!..
 

«Келсангиз, айтиб келинг…»

 
Келсангиз, айтиб келинг,
Кетсангиз, қайтиб келинг,
Мен сизга талпинганим,
Соғинган пайтим келинг!
 
 
Йўқласангиз йўқ бўлмай,
Сўнг аламда чўғ бўлмай.
Ортингиздан қувалаб.
Етолмаган ўқ бўлмай.
 
 
Ифор анқир келсангиз,
Ғубор арир келсангиз,
Дур, инжулар сочилиб,
Ғамлар қарир, келсангиз.
 
 
Соғинганим билмайсиз,
Соғинганда келмайсиз.
Кутиб кўзим тўрт бўлса,
Бирида чўмилмайсиз.
 
 
Ташна бўлиб ичдим сув,
Таъми оғизда қолди.
Кетдингиз ташлаб ғулув,
Келдингиз, дил ўт олди…
 

«Кетар бўлдим, китоблар…»

 
Кетар бўлдим, китоблар,
Сўроқ, ундов, хитоблар,
Хайр энди, ҳайрона
Қолган ҳовлим вайрона.
 
 
Юпанчим, ардоқларим,
Қувончим, алдоқларим,
Ичим оғрир, бошим хам,
Қадам оғир, лошим – ҳам!
 
 
Қолсамми қаҳр қилиб,
Жабрми жаҳл қилиб?
Йўқ, кетарман, кетарман,
Енгилликка етарман.
 
 
Ҳей, сиз, таниш, бировлар,
Бевақт тушган қировлар,
Сиз-ку мени ғарқ этган,
Меҳрингизни тарк этган!
 
 
Орзуларим чилпарчин,
Ой бўлиб, бўлиб Барчин,
Мен кетарман ҳурликка,
Чиданг бу кўргуликка!..
 

«Мен кетяпман, ҳамроҳим…»

 
Мен кетяпман, ҳамроҳим,
Манзилим ҳам бошқадир.
Бахт, андуҳим, тахт, оҳим
Ўзгача ошиқадир.
 
 
Мен кетяпман, кузатма,
Кузатувчим бор менинг.
Қўлларингни узатма,
Титратмаси торимнинг.
 
 
Мен кетяпман, ўз йўлим,
Ўз хоҳишим билан, дўст.
Дўст бўлиб тўлдир дилим,
Энди мендан умид уз.
 
 
Китобларда битилмас,
Қайтарилмас бу ҳаёт.
Ўз-ўзича ҳар ким маст,
Ўзича оҳанг, баёт.
 
 
Мен ҳам энди тан олиб
Бу ҳаёт қонунларин,
Йўлимни бошқа солиб
Яшарман қалби ярим…
 

«Хоҳласам қошимдасан…»

 
Хоҳласам қошимдасан,
Хоҳласам йироқдасан.
Метин бардошимдасан,
Куйдириб фироқда сан.
 
 
Ҳайронман, ибтидоинг,
Хатто интиҳоинг йўқ.
Сен ўзинг кимсан ўзи?
Сўзга эътиқодинг йўқ.
 
 
Васлингда зериктириб,
Хажрингда зор қиласан.
Душманни севинтириб,
Дўстимни хор қиласан.
 
 
Қайдан бунча таманно,
Қайдан бунча сеҳр, ишқ?
Гоҳ олов, гоҳ сувсан ё,
Бари сенга ярашиқ!
 
 
Подишоҳ ё қул қилмоқ
Сенинг учун ҳеч, дейман.
Маҳрингга тушиб қолган
Умидангдан кеч, дейман.
 

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.