Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Чол ва денгиз», sayfa 5

Yazı tipi:

Чол акулани кўриши билан унинг ҳеч нарсадан қайтмаслигини, хоҳлаган номаъқулчилигини қилишини тушунди. У акуланинг яқинроқ келишини кутаркан, гарпунни шайлаб, арқоннинг охирини маҳкамлаб қўйди. Балиқни боғлаб олаётганида, унинг бир бўлагини кесиб ишлатганидан, арқон калта бўлиб қолган эди.

Чолнинг боши ҳозир батамом тиниққан, ўзини ҳеч нарсадан умидвор тутмаса-да, ҳарқалай, қатъият билан белни маҳкам боғлаган эди.

«Ҳамма иш хамирдан қил суғургандай бораётган эдики, охиригача шундай давом этиши мумкин эмасди ҳам», – деб ўйларди у.

Акуланинг яқинлаб келишидан кўзини узмай, чол азим балиққа назар ташлади. «Буларнинг бари, нафсиламрга, туш бўлиб қолса ҳам ёмон бўлмасди. Мен унинг ўзимга ҳужум қилишининг олдини ололмайман, аммо, балки, уни гумдон қилиш қўлимдан келар? Dentuso8, – хаёлидан ўтказди у. – Падарингга минг лаънат!»

Акула нақ қуйруқнинг ўзига яқинлашиб келиб, балиққа ташланиши билан чол унинг ўпқондек очилган оғзини ва фавқулодда дўлайган кўзларини кўрди, балиқ думидан сал юқорига санчилган тишларининг картиллаб, қисирлаганини эшитди. Акуланинг боши сувдан чиқиб турар, унинг кетидан кўп ўтмай елкаси ҳам кўриниб қолган эди. Чол акула жағлари улкан балиқнинг танасини хунук товуш чиқариб, нимта-нимта қилаётганини эшитаркан, унинг бошига, кўзларини қўшиб турган чизиқ тумшуғидан юқорига кетган чизиқ билан кесишган жойнинг ўзгинасига гарпун урди. Ҳақиқатда эса, бундай чизиқлар йўқ эди. Оғир, тиғсимон зангори калласию, лўқ очилган кўзлар ва ғижирлаган, туртиб чиққан, нима тўғри келса, шуни ғажиб ташлашга тайёр турган жағларгина бор эди. Аммо ўша ерда акуланинг мияси жойлашганидан чол уни нишонга олиб найза урган эди. Қийилибқирчилиб кетган, қонга бўялган қўлларида маҳкам қисилган гарпунни урди, урганда ҳам жон-жаҳди билан урди. Ураркан, зарбидан ҳеч бир умидвор бўлгани йўқ, аммо қатъият ва аламжон қаҳру ғазаб билан урди.

Акула тўнтарилиб тушди, чол унинг кўзлари сўнганини кўрди, кейин акула арқонни танига икки қайта ўралаштириб, яна бир ағдарилди. Чол акуланинг жон берганини, аммо ҳамон ўлим билан келишишни истамаётганини тушунди. Тўнтарилиб ётаркан, у думи билан урар, жағларини ғижирлатар, сувни пойга қайиғидай кўпиртирар эди. Денгизнинг у думи билан савалаган жойи оппоқ бўлиб кетган эди. Акула гавдасининг тўртдан уч қисми сувдан кўтарилиб чиқди, арқон таранг тортилди, қилтиллаб-қалтиради ва охири чўрт узилиб кетди. Акула бир муддат сув бетида қалқиб тураркан, чол ҳамон ундан кўз узмай, қарагани қараган эди. Кейин у имиллабгина сув қаърига кириб йўқолди.

– У ўзи билан қирқ қадоқча балиқ гўштини гумдон қилди, – деди чол овоз чиқариб.

«Устига-устак, гарпун билан қолган-қутган арқонни ҳам олиб кетди, – хаёлан қўшиб қўйди у, – балиқдан бўлса яна қон оқяпти, демак, бу акула кетидан ҳали замон бошқалари ҳам келиб қолади».

Дабдаласи чиққан балиққа энди унинг бошқа қарагиси ҳам келмасди. Акула балиққа ташланган чоғда, чолда у гўё балиққа эмас, ўзига ташлагандай бўлиб кўринди.

«Аммо, ҳарқалай, мен балиғимга кўз олайтирган акулани ўлдирдим, – деб ўйлади у. – Бу умрим бино бўлиб кўрганларим ичида энг балойи азим dentuso эди. Мен бўлсам, Худо ҳақи, улкан акулаларнинг кўпини кўрганман.

Ишларим ҳаддан зиёд силлиқ кетаётувди. Бунинг узоқ давом этиши мумкин эмасди. Мендан ҳозир тила тилагингни дейишса, буларнинг бари-бари туш бўлиб қолишини тилардим: балиқ-малиқ тутдингми – йўқ, газеталар тўшалган каравотингда ялло қилиб ётибсанми – ётибсан, тамом, вассалом эди».

– Аммо инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган, – деди у. – Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди.

«Ҳарқалай балиқни ўлдирганим увол бўлди, – деб ўйлади у. – Энди менга жуда оғир тушади, ҳатто гарпундан ҳам мосуво бўлдим. Dentuso – чаққон ва ёвуз, ақлли ва кучли махлуқ. Аммо мен ундан кўра ҳам ақллироқ бўлиб чиқдим. Балки, ақллироқ ҳам эмасдирман. Эҳтимол, ҳаммаси дурустроқ қуролланган бўлганлигимдандир».

– Хаёл суриш керак эмас, чол, – деди у овоз чиқариб. – Шамол бўйлаб сузавер ва фалокат рўй берадиган бўлса, қарши олишга тайёр тур.

«Йўқ, мен ўйлашим керак, – фикран ўз-ўзига эътироз билдирди у. – Шундан бошқа яна нима ҳам қолди менда, ахир. Шу-ю, бейсбол, холос. Дарвоқе, акуланинг қоқ миясига туширганим улуғ Ди Маджиога ёқармиди ё ёқмасмиди? Умуман, мақтаса арзийдиган бир иш ҳам бўлгани йўқ, ҳар кимса ҳам шундай қила оларди. Айтмоқчи, менга қара, қария, нима деб ўйлайсан: қўлларинг суяк қадоғига қараганда, кўп халақит бердими ё йўқ? Қаёқдан билай? Товонимга йўлига бўлсин бирон марта ҳам ҳеч бало урган эмас, фақат бир сафар чўмилаётиб электр скатини билмай босиб олганимда, уни илон чаққандай бўлган эди; ўшанда оёғим тиззамгача акашак бўлиб қолган, оғриғи ҳам чидаб бўлмайдиган оғриқ эди».

– Қўй, буни. Яхшиси, бошқа бирон юракни хун қилмайдиган нарса ҳақида ўйлагин, қария, – деди у овоз чиқариб. – Дам ўтган сайин уйга яқинлашиб қоляпсан. Нимасини айтасан, қирқ қадоқ гўштдан айрилиб қолганингдан бери сузиш ҳам анча осонлашиб қолди.

Оқимнинг қоқ ўртасига кирганидан кейин у ўзининг нимага гирифтор бўлишини жуда ҳам яхши биларди. Аммо энди бунинг олдини олиб бўлмасди. Бошқа илож қолмаган эди.

– Бекор айтибсан, ҳали бунинг иложи бор, – деди у. – Пичоғингни эшкаклардан бирининг дастасига боғлаб қўйишинг мумкин.

У румпелни қўлтиғида қисиб туриб, елкан арқонини оёғи билан босиб олганча, айтган ишини қилди.

– Ана бўлмаса, – деди у. – Мен чол бўлсам-да, одамнинг хўрлигини келтирар даражада ожиз ва яроқсиз эмасман.

Сарин шамол эсар, қайиқ ҳам шитоб билан олға борарди. Чол балиқнинг фақат олд томонигагина қарар, қараган сари кўнглида умид учқунлари уйғона борарди.

«Умидсизлик – ҳалокат, – деб ўйларди у. – Бунинг устига, фаҳмимча, умидсизлик ҳатто – гуноҳ. Нима гуноҳу, нима гуноҳ эмас, деб бош қотириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам дунёда бошни қотирадиган нарсалар тўлиб-тошиб ётибди. Тўғрисини айтганда, мен гуноҳ бўлган нарсаларни яхши тушунмайман.

Тушунмайман ҳам ва эҳтимол, уларга ишонмайман ҳам. Балки балиқни ўлдиришим гуноҳ бўлгандир. Мен уни очдан ўлмаслик ва яна талай одамларнинг қорнини тўйдириш учун ўлдирган бўлсам ҳам, фаҳмимча, ҳа, гуноҳ бўлди. Унда, сен нима қилаётган бўлсанг, бари гуноҳ-ку. Нима гуноҳу, нима ногуноҳ – буни ўйлаб ўтиришдан ҳожат йўқ. Боз устига вақти ҳам ўтди, бундан ташқари, гуноҳлар билан шу тўғрида бош қотириб, бош қотирганликлари учун ҳақ оладиганлар шуғулланаверсин. Ҳа, худди ўшалар гуноҳнинг нималиги устида бош қотираверсин. Худди балиқ – балиқ бўлиш учун туғилганидек, сен ҳам балиқчиликка туғилгансан. Авлиё Пётр ҳам балиқчи эди, улуғ Ди Маджионинг отаси ҳам шу касб соҳиб адоси бўлган».

Бироқ чол ўзини қуршаган нарсалар ҳақида мулоҳаза юритишни яхши кўрар, ўқийдиган китоби, эшитадиган радиоси бўлмагандан кейин, жуда кўп ўйлар, шу жумладан, гуноҳ устида ҳам бош қотирар эди. «Сен балиқни бошқаларга сотиб, шу билан бир кунингни кўриш учунгина ўлдирганинг йўқ, – деб ўйларди у. – Сен уни бир сираси орият туфайли ва қолаверса, балиқчи бўлганинг учун ҳам ўлдирдинг. Бу балиқ тириклигида сен унга кўнгил қўйдинг, ҳозир ҳам уни яхши кўрасан. Кимнидир севсанг, уни ўлдириш ҳам гуноҳ эмас. Балки, аксинчадир, оғирроқ гуноҳдир?»

– Сен ҳаддан ташқари кўп ўйлаяпсан, қария, – деди у овоз чиқариб.

«Бироқ сен dentusoни жон-жон деб асфаласофилинга жўнатдинг-ку, – ўйлади чол. – У бўлса худди сенга ўхшаб, балиқ ўлдириб бир кунини кўради. Ҳаром-харишни ҳам жиғилдонига шунчаки бир қорин тўйдириш учун уриб қўя қолмайди ва худди бошқа акулаларга ўхшаб, номигагина еб тўймас палид эмас. У қўрқинч нима билмайдиган чиройли ва олижаноб махлуқдир».

– Мен уни ўз жонимни ҳимоя қила туриб, ўлдирдим, – деди чол овоз чиқариб. – Ўлдирганда ҳам, боплаб ўлдирдим.

«Яна денг, – деб ўйлади у, – ҳамма ҳам нима бўлмасин, кимнидир ёки ниманидир ўлдиради. Балиқ ови мени ҳам гўрга тиқяпти, ҳам гўр оғзидан қайтариб олиб келяпти. Қўй, суйилма, чол. Балиқ ови эмас, бола сени гўр оғзидан қайтаряпти».

У бортдан эгилиб, балиқнинг акула ғажиган еридан бир луқма гўшт узиб олди. Гўштни чайнар экан, унинг сифати ва таъмига ўзича баҳо берди. У рангсиз бўлсада, худди сўқим гўшти каби лаҳм ва барра эди. Бундай чандирсиз гўштнинг бозори чаққон эканлигини чол биларди. Аммо денгиз унинг мазасини олиб қочар ва чол бунинг олдини олишдан ожиз эди. У ўзига ҳали осон бўлмаслигини, олдида заҳмат ва машаққат йўли турганини тушунарди.

Шамол ҳали-вери сусаядиганга ўхшамасди. У ўз йўлини шимоли-шарққа томон бирмунча ўзгартирган, шундай бўлгач, тўхташини кутмаса ҳам бўлаверарди. Чол олис-олисларга қарар, бироқ на биронта кеманинг елканини, на тутуни ва на корпусини кўрар эди. Фақат учар балиқларгина денгиздан кўтарилиб чиқишар ва қайиқ бурнидан икки томонга сапчиб, ғойиб бўлишарди, яна сув ўсимликларининг бўлтаклари сарғайиб кўзга ташланар эди. Ҳатто қушлар ҳам кўринмасди.

У икки соатдан бери қуйруққа ёнбошлаб олиб, балиқ гўштини оғзидан қўймай чайнаб, тезроқ ҳордиқ чиқариб, куч йиғишга ҳаракат қилганча, сузиб бораркан, икки акуладан бирини кўрди.

– Их! – кафтини мих тешиб ўтиб, ёғочга кириб бораётганда, одам тилидан беихтиёр отилиб чиқадиган, маъноси йўқ сўз, тўғрироғи, ун берди чол.

– Galanos9, – деди у овоз чиқариб.

Чол, биринчи сузғич ортидан иккинчисининг ҳам пайдо бўлганини кўрди ва шу уч қиррали жигарранг сузғичлардан, ҳамда думининг шитоб билан биланглашидан, булар керик бурун акулалар эканини билди. Улар балиқ ҳидини туйиб, ўзларини қўярга жой тополмай қолишган ва очликдан тамомила ўлар ҳолатга келиб, иштаҳани карнай қилувчи бу ҳидни гоҳ йўқотиб, гоҳ яна топиб келишарди. Улар дақиқа сайин тобора яқинлашар эдилар.

Чол елканни мусти-метин қилиб маҳкамлаб ташлади, рулни ҳам чув қоқиб қўйди. Кейин у пичоқ боғланган эшкакни кўтарди. Қўллари чидаб бўлмас даражада оғриб турганидан, уни авайлаб, бир амаллаб кўтарди. Қўлларим жилла қурса бир озгина ёзилсин деб, бармоқларини бетўхтов чақачум қилар эди. Сўнг қўллар бутун оғриққа бира тўла бардош берадиган бўлиб кўниксин, кейин яна ишдан бўйин товлаб юрмасин учун эшкакни бор кучи билан чангаллаб олди ва акулаларнинг яқинлаб келишини кузата бошлади. Чол уларнинг керик бурун, япасқи бошларию, оқ ҳошияли кўкрак сузғичларини кўриб турарди. Булар – акулалар ичида энг палид, энг ярамас ва энг сассиқ балохўрлари ҳисобланарди: нафс туғён урган маҳалларда улар, ҳатто қайиқнинг эшкаги билан рулига ҳам ташланишдан тоймас эдилар. Агар тошбақа денгиз юзида мабодо пинакка кета қолса, бундай акулалар унинг оёқларини чўрт узиб кетишади, жуда ҳам очиққан маҳалларида эса, ҳатто балиқ қони ёки шилимшиғининг ҳиди келмаётган одамга ҳам сувда ҳужум қилишаверади.

– Их! – деди чол. – Ҳай, майли энди кела қолинглар.

Ҳа, улар сузиб келишди. Аммо улар макога ўхшаб келишгани йўқ. Улардан бири ялт-юлт қилди-ю, ўзини қайиқ остига урди. У балиққа ташланганда, қайиқнинг қанчалик қалтираб кетгани чолга, айниқса, би-линди. Бошқа бири бўлса ўзининг қисиқ сарғиш кўзлари билан чолга шинграйиб турди, кейин оғзини тарвақай очиб, балиқнинг мако ғажиган ерига ўзини урди. Чолга унинг жигарранг боши устидан елка томонига чўзилиб ўтган, мия билан умуртқа бирбирига уланиб кетадиган жойдаги чизиқ аниқ кўриниб турарди, у эшкакка маҳкамланган пичоқни худди шу ерга санчди. Кейин пичоқни суғуриб олиб, уни яна акуланинг мушукникига ўхшаш сариқ кўзларига урди. Акула жон талвасасида балиқдан айрилди ва оғзида қолган гўштни йўл-йўлакай қўймай ютаркан денгиз қаърига сирғалиб кетди.

Қайиқ ҳамон иккинчи акуланинг балиққа бўлган ҳужумидан қалтираб турарди. Чол акулани қайиқ остидан чиқариш учун елканни ёйиб, қайиқни кўндаланг айлантириб қўйди. Акулани кўрган ҳамоно, у борт оша энкайди ва пичоқ урди. Пичоқ акуланинг лаққа гўшт ерига тўғри келди-ю, аммо қаттиқ тери унинг чуқурроқ кириб боришига йўл қўймади. Зарбдан чолнинг қўлларигина эмас, елкалари ҳам сирқираб кетди. Бироқ акула комини сувдан чиқариб, яна балиққа ташланди, ана шунда чол унинг япасқи бошининг қоқ ўртасига урди. Тиғни суғуриб олди. Яна ўша ерга урди. Акула ҳамон жағларини маҳкам қисганча, балиққа осилиб турарди. Шундан кейин чол, унинг чап кўзига пичоқ санчди. Акула бояги-боягича балиқни қўйиб юбормасди.

– Э, вой, ҳали шунақами? – деди чол ва пичоқни мия билан умуртқалар орасига урди.

Ҳозир бунинг қийин жойи қолмаган эди. Чол кемиртакни чўрт кесиб юборганини пайқади. Акуланинг жағларини бўшатиш учун чол эшкакнинг бошқа томонини айлантириб, унинг оғзига тиқди. У эшкакни бураб-бураб олди ва акула балиқдан ажралиб кетгандан сўнг деди:

– Жўнаб қол, galаnоs. Менга деса, денгиз қаърига гумдон бўл. У ерда чиқонинг билан юз кўришгин. Ким билади, балки у сенинг онанг эдими?

Чол пичоқ дамини артди ва эшкакни қайиқ ичига қўйди. Кейин елканни ёйди, шамол уни тўлдиргач, қайиқни аввалги йўлига қараб бурди.

– Улар балиқнинг, ҳарқалай, чорак бўлагини олиб кетишди, буниси ҳам майлига-я, яна гўштнинг сарасини олиб кетганига ўласизми, – деди у овоз чиқариб. – Ўлай агар, буларнинг бари бир рўё бўлиб қолишини, балиқ ҳам қўлимга тушмаган бўлишини хоҳлардим. Мана шундай бўлиб чиққани жуда ёмон бўлди-да, балиқ, жуда ёмон бўлди.

Чол жимиб қолди, энди унинг балиққа қарагиси келмасди. Танасида қондан асар қолмаган, бўккан, шабби-шалаббо бўлган бу балиқ кўзгулар ортига суртиладиган сир-амальгама тусига кирган, аммо йўл-йўл тасмалари ҳали ҳамон ўз изини йўқотмаган эди.

– Мен денгизда бунчалик олисга кетиб қолмаслигим керак эди, – деди у. – Шунақа бўлиб қолгани жуда-жуда ёмон бўлди, балиқ, жуда-жуда ёмон бўлди. Сенга ҳам, менга ҳам.

«Қани, бўл, анқайма! – деди у ўзига-ўзи. – Пичоқ боғланган арқон қирқилиб кетмадимикин, қараб қўй. Қўлингни ҳам қайғусини қил, чунки иш ҳали тамом бўлганича йўқ».

– Қуриб кетсин, қайроқнинг бўлмагани чатоқ бўлди, – деди чол эшкак дастасидаги арқонни кўздан кечира туриб. – Ўзим билан қайроқ олиб келишим керак эди.

«Ўзинг билан бу ерга ола келишинг керак бўлган нарсалар сон минг эди, қария, – деб ўйлади у. – Нима қиласан энди, олганинг йўқми, олганинг йўқ. Ҳозир нима бор, нима йўқ деб ўй ўйлашнинг вақти эмас. Қўлингдаги нарсаларнинг ўзи билан иш битиришнинг пайида бўл».

– Оббо-ей, маслаҳат қилавериб жонга тегдинг! – деди у овоз чиқариб.

Чол румпелни қўлтиғига қистирди ва иккала қўлини сувга солди.

Қайиқ олға кетиб борарди.

– Ўша, кейинги акула гўштнинг қанчасини уриб кетди, Худойимнинг ўзи билади, – деди у. – Аммо кетганда балиқнинг тоши кетди.

Балиқнинг расвойи олам қилинган қорни тўғрисида чолнинг ўйлагиси келмасди. У акуланинг қайиққа кўрсатган ҳар бир турткиси юлқилаб олинган бир бўлак гўштни билдиришини, балиқ бўлса, денгиз бўйлаб худди катта карвон йўлидай кенг, дунёдаги барча акулалар учун очиқ йўл қолдираётганини биларди.

«Бунақа балиқ одамни бутун қиш бўйи боқиб чиқиши мумкин эди… Қўй, буни ўйлама, чол! Дам олгин, қўлингни эпақага келтиришга ҳаракат қил, чунки ҳали бор буд-шудингдан айрилганингча йўқ, қолган-қутган нарсаларни сақлаб қолишнинг пайида бўлишинг керак. Қўлларимдан келаётган қон ҳиди – анави балиқнинг сувдан анқиётган ҳиди олдида ип эшолмайди. Бундоқ десам, қўлларимдан қон ҳам оқаётгани йўқ. Нафсиламрга, чуқур тилинган эмас-да. Кўп эмас, озгина қон оқизилган бўлса, чап қўлни томир тортишиш балосидан асрайди.

Ниманинг ўйини сурсам экан ҳозир? Нимани бўларди? Ҳеч нарсани. Яхшиси, ҳеч вақони ўйламаганим маъқул. Акулаларни кутишим керак, вассалом. Қанийди, буларнинг бари туш бўлиб қолса. Дарвоқе, ким билсин, ҳали ишнинг дови юриши мумкиндир. Билиб бўлармиди буни?»

Кейинги акула ёлғиз ўзи сузиб келди, буниси ҳам керик бурунлар сирасидан эди.

Келганда ҳам, тосини қўмсаган тўнғиздай бўлиб келди, зотан, одам бошини бир йўла, паққос ямлаб ютиш учун чўчқада бундай ялмоғиз оғиз йўқ, холос.

Чол унинг балиққа ташланишига қўйиб берди, шундан кейингина эшкакка маҳкамланган пичоқ билан бошига туширди. Аммо балиқ елкасига думаларкан, ўзини орқага отди. Пичоқ тиғи синди.

Чол рулга ўтирди. У ҳатто акуланинг дам ўтган сайин кичрайиб, ниҳоят зиғирдаккина бўлиб кўринганча, чўкиб боришига ҳам қарамай қўйди. Авваллари бундай манзарадан у кўз узолмасди. Бироқ ҳозир унинг қайрилиб қарагиси ҳам келмади.

– Қўлимда энди чангаккина қолди, – деди у. – Аммо унинг нима нафи ҳам тегарди? Менда яна икки эшкак, румпель ва тўқмоқ бор.

«Мана энди улар алоҳа мени мункитиб қўйишди, – деб ўйлади у. – Акулаларни тўқмоқ билан уриб ўлдириш учун мен энди қариб қолганман. Шундай бўлса ҳам, қўлимда эшкак, тўқмоқ, қолаверса, румпель бор экан, мен улар билан олишавераман».

У қўлини яна шўр сувга солди.

Кеч кира бошлаган, атрофда денгизу осмондан бўлак ҳеч вақо кўринмас эди. Шамол боягига қараганда кучлироқ эсар, бундан чол кўп ўтмай ерни кўришига умид боғлар эди.

– Чарчабсан, чол, – деди у. – Руҳинг чарчабди.

Унга акулалар яна говгум маҳалда босқин ясашди.

Чол энди балиқ ҳеч шак-шубҳасиз ўз ортидан денгиз бўйлаб қолдираётган кенг йўлни қоралаб сузган жигарранг сузғичларни кўрди. Улар ҳатто бу изни топиш учун ўзларини тўрт томонга уришмас, балки ёнма-ён бўлиб тўғри қайиққа қараб келишарди.

Чол румпелни маҳкамлаб қўйди, елканни қайта боғлади ва қуйруқ остидан тўқмоқни олди. Бу – узунлиги икки ярим футча келадиган синиқ эшкакнинг арралаб олинган бўлаги эди. Чол унинг дастак бўлган жойидан фақат бир қўллабгина тузукроқ ушлай олар эди. У акулани кутиб, тўқмоқни ўнг қўлига маҳкам сиқиб ушлаб олди, панжасида айлантириб ҳам кўрди. Улар иккита эди, иккиси ҳам galanos эди.

«Биринчиси балиққа қаттиқ ёпишиб олгунча, сабр қилишим керак, – деб ўйлади у, – ўшанда, мен унинг ё бурни учига, ё худди миясининг ўзига тушираман».

Ҳар икки акула ҳам биргалашиб сузиб келишди. Улардан сал олдинроқда бўлгани жағларини кериб балиқнинг кумушранг биқинига тишларини қадаган замон, чол тўқмоқни баланд кўтарди ва залвор билан акуланинг япасқи бошига туширди. Гўё ичи тўқ резинка тошга ургандай қўли зириллади, қалқон каби суякларнинг мусти-метин қаттиқлиги билиниб кетди ва чол акуланинг бурни учига яна жон-жаҳди билан айлантириб урди. Акула сувга сирғилиб кетди.

Бошқа акула бўлса зиндонасига урадиганини уриб бўлиб, ўзини четга олишга улгурган, энди эса, у яна оғзини ўпқондай йириб яқинлашган эди. Акула балиққа ташланиб, унга ёпишиб олмасдан бурун, чол унинг жағларида қолган оппоқ гўшт парчаларини кўрди. Чол айлантириб урди, аммо зарб каллага тушди-ю, акула унга бир қараб қўйиб, балиқдан бир парча гўшт юлиб олди. У ўлжасини ютиш учун ўзини четга оларкан, чол яна айлантириб қўйиб юборди, аммо зарб яна акула бошининг қайишқоқ ва қаттиқ ерига тўғри келди.

– Қани, берироқ кел-чи, gаlаnоs, – деди чол. – Яна бир марта бери келгин!

Акула балиққа бало-қазодай ташланди, у жағларини картиллатиб ёпган онда, чол тўқмоқ туширди. Туширганда ҳам, тўқмоғини иложи борича баланд кўтариб, бор кучи билан туширди. Бу сафар зарб акула бош суягининг негизига тўғри келди, чол худди шу ернинг ўзига яна қайтадан урди. Акула балиқдан бир луқма гўштни тилар-тиламас узиб олди-ю, денгиз қаърига кетди.

Чол акулалар яна пайдо бўлмасмикин деб, кутди, аммо улардан дарак бўлмади. Кейин у, улардан бирининг қайиқ ёнида ўралишаётганини пайқаб қолди. Бошқа акуланинг бўлса ўзи тугул сузғичи ҳам кўринмай кетган эди.

«Мен уларни гумдон қиларман деб ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаган эдим, – деб ўйлади чол. – Авваллари, рост, бу қўлимдан келарди. Дарҳақиқат, мен уларнинг ҳар икковини ҳам ўласи қилиб майиб қилдим, ўлдими энди, шунда ҳам ўзини ҳеч бало урмагандай тутса. Агарда тўқмоқни икки қўллаб ушлай олганимда эди, унда мен биринчисини турган гап – ўлдирардим: ҳатто ҳозир ҳам, шу ёшимга қарамай, ўлдирган бўлардим».

Чолнинг балиқ бетига айланиб қарагиси келмасди. Чунки унинг ярми талон-тарож бўлганлигини биларди. У акулалар билан олишаркан, қуёш ҳам ботиб, говгум кирган эди.

– Ҳадемай қош қораяди, – деди у. – Ўшанда мен, эҳтимол, Гавана чироқларининг ёлқинини кўрарман. Мабодо шарққа қараб ҳаддан ташқари оғиб кетган бўлсам, унда мен янги курортлардан бирининг чироқларини кўраман.

«Мен соҳилдан жуда ҳам йироқда бўлмасам керак, – деб ўйлади чол. – Фаҳмимча, у ёқда бекордан-бекорга қайғуришмаётган бўлса керак. Дарвоқе, қайғурганда ҳам фақат бола қайғуриши мумкин. Аммо, ахир худди унинг ўзи менга жуда ишонади-ку! Каттароқ балиқчилар-ку, ҳойнаҳой, хавотир олишаётгандир. Нимасини айтасан, ёшлар ҳам шундай деявер, – деб ўйларди у. – Ахир мен яхши одамлар орасида яшайман».

Энди у балиқ билан бошқа ўртоқлашолмасди. Балиқ бошдан-оёқ тиғипаррон қилинган эди. Лекин бирдан унинг хаёлида янги бир фикр туғилди.

– Ҳой, яримта балиқ! – чақирди у. – Номигагина қолган балиқ! Денгизда мана шунчалик йироқлаб кетганимга ачинаман. Мен ҳар иккимизни ҳам хонавайрон қилдим. Аммо биз сен билан бирга кўп акулаларни борса келмасга гумдон қилдик ва яна қанчасининг белини синдирдик. Ў, қари балиқ, ҳойнаҳой, сен ўзинг ҳам умринг бино бўлиб, уларнинг қанчадан-қанчасини денгиз қаърига жо қилганийкинсан? Ахир, бошингдаги тиғнинг туриши бежиз эмас-ку.

Чол балиқ ҳақида ва агар у денгизда эркин сузиб юрса, акула бошига не кунларни солган бўлиши ҳақида ўйлашдан ором олар эди.

«Мен акулалар билан олишиш учун унинг тиғини чопиб олишим керак эди-я, асли», деб ўйлади у. Аммо, унинг бошданоқ болтаси йўқ эди, энди бўлса, ҳатто пичоқдан ҳам айрилиб қолганди.

«Лекинига унинг тиғи менда бўлганда, ол, деб эшкак дастасига боғлаб қўярдиму – қуролмисан қурол бўларди-де, ўзиям! Ана ўшанда, биз у билан чинакамига ёнма-ён туриб олишган бўлардик! Тўхта-чи, агар анавилар мабодо кечаси келиб қолишса, унда нима қиласан?»

– Олишаман, – деди у, – ўлгунимча олишаман.

Аммо қоронғида на чироқ ва на шуъла кўринарди, елкан ва уни тўлдирган шамолдан ўзга ҳеч нарса йўқ эди, шунда тўсиндан чолга ўзи ўлиб қолгандай бўлиб туюлди. У панжаларини панжаларига қўйиб кўрдию, ўз кафтини сезди. Кафтлари жонсиз эмасди, уларни чақачум қилиб, чол оғриқ ва иссиқ жонини уйғотиши мумкин эди. У қуйруққа суяниб кўриб, тирик эканлигини билди. Тирикликдан унга хабар берган нарса – елкалари эди.

«Мен агар балиқни ушласам, ўқийман деб аҳд қилганим – ўша ҳамма дуоларни ўқиб қўйишим керак, – деб ўйлади у. – Бироқ ҳозир ўлгидай чарчаганман. Яхшиси, қопни олай-да, елкамга ёпиниб ола қолай».

У қуйруқда ётганча, қайиқни бошқариб борар ва осмонда Гавана чироқларининг ёлқини қачон кўринаркин деб кутарди. «Менда унинг ярмигина қолди, – деб ўйларди у. – Балки, омадим келиб, уйга жуда бўлмаганда, унинг бош қисмини олиб борарман. Ишим ҳеч ўнгидан келиши керакми, йўқми ўзи!.. Йўқ, – деди у ўзича. – Сен денгизга шунчалик узоқ кириб боришинг билан ўз омадинг, ўз бахтингни поймол қилдинг».

«Бемаза гапларни қўй, қария! – ўзини-ўзи койиди у. – Пинакка кетмай, рулдан огоҳ бўлиб тур. Ишинг ҳали бароридан келиши мумкин».

– Агар бирон-бир жойда пуллашаётган бўлса, ўзимга қиттаккина толе сотиб олишни истардим, – деди чол.

«Хўш, қани, қайси ошиб-тошиб ётган жойингга сотиб оласан? – сўради у ўзидан. – Ҳеч замонда уни бой берилган гарпун, синган пичоғу, ишдан чиққан қўлларга сотиб олиб бўладими?

Ким билсин? Ахир, сен денгизда ўтказган саксон тўрт куннинг бадалига бахт сотиб олишни кўзлаган эдинг. Ҳа-я, дарвоқе, оз бўлмаса, уни сенга сотиб қўяй ҳам дедилар…

Бўлар-бўлмас нарсаларни ўйлайверма. Бахт деган нарса одам боласига турланиб келади, уни билиб бўлармиди? Борингки, мен қандай бўлиб келмасин, ўзимга жиндаккина бахт олган бўлардим ва унинг эва-зига нима сўрамасинлар, икки қўллаб бахш қилардим. Қанийди, энди Гавана шуълаларини кўрсам, – деб ўйларди у. – Сен беш қўлингни баравар оғзингга тиқаяпсан чол. Бироқ, мен шу тобда Гавана чироқларини кўришдан бошқа ҳеч нарсани истамасдим».

У руль ёнида қулайроқ ўрнашиб олишга уриниб кўрди, шунда оғриқнинг зўрайганидан, ўзининг ҳақиқатан ҳам ўлмаганлигини билди.

Шаҳар чироқларининг шуъласини у кечки соат ўнларга яқин кўрди. Шуъла аввал ой осмонга чиқиши олдидан пайдо бўладиган оч пушти ёғду каби кўринди. Кейин тобора зўрайиб бораётган шамол сарбаланд тўлқинни қуваётган океан бўлаги ортидан чироқлар яққол кўзга ташлана бошлади. У қайиқни шу чироқларга қараб бошқарар ва энди кўп ўтмай, тезда Гольфстримга кириб оламан, деб ўйларди.

«Хў-ўш, шу экан энди, – деб ўйларди у. – Албатта, улар менга яна ҳужум қилишади. Аммо одам қуруқ қўл билан қоронғида уларга қарши нима ҳам қилиши мумкин ўзи?»

Унинг бутун аъзойи бадани қақшаб, лўқиллаб оғрир, тунги аёз бўлса, жароҳатлар ва заҳмат чеккан оёққўлларининг оғриғини зўрайтирар эди. «Менга яна олишиб ўтиришга тўғри келмас, деб умид қиламан, – деб ўйлади у. – Фақат бошқа жанг қилмасам бўлгани!»

Бироқ ярим кечада у акулалар билан яна олишди. Олишарди-ю, бундан энди ҳеч қандай умид йўқлигини биларди. Улар чолга бир гала бўлиб ҳужум қилишди, у бўлса, фақат акула сузғичлари сувда қолдираётган йўл-йўл изларни-ю, балиқни юлиб-юлқиш учун ташланган чоғларида ўзларидан чиқараётган шуълаларнигина кўрарди, холос. У тўқмоғи билан акула каллаларига туширар экан, қулоғига жағларнинг ғажирғужури чалинар, балиқ пастдан туриб юлқиланган пайтларда эса қайиқнинг алғов-далғов бўлиб, қарсиллагани эшитиларди. У фақат эшитиши ва тусмоллаб билиши мумкин бўлган қандайдир кўзга кўринмас жойларга жон-жаҳди билан тўқмоқ урарди. Кейин тўсатдан тўқмоғи ғойиб бўлиб қолганини сезди.

У румпелни жойидан суғуриб олди ва уни икки қўллаб тутганча, устма-уст зарб уриб, савалай кетди. Бироқ акулалар энди тамомила қайиқ бурнига довур келиб бўлишган, гоҳ бирин-кетин, гоҳ бутун тўда бир бўлиб балиққа ёпирилишар, денгизда оқариб кўринган гўштларни шилиб олишарди; кейин яна ўз ўлжаларига ташланиш учун орқага қайтишар эди.

Алоҳида акулалардан бири балиқнинг нақ боши олдига сузиб келди ва шунда чол энди ҳамма-ҳаммаси тамом бўлганини тушунди. У балиқ бошининг метин суякларига тақалиб қолган тишларни мўлжаллаб, акула тумшуғига румпель билан туширди. Бир урди, икки урди, кейин яна, яна урди. Румпелнинг қарсиллаб, синиб тушганини кўргач, у акулани мажағи чиққан соп билан солди. Чол дастанинг гўштга санчилиб кирганини сезди-ю, унинг қирраси ўткир эканлигини билиб, яна акулани қулочкашлаб урди. Акула балиқни қўйиб юбориб, ўзини четга олди. Бу – ҳужумга келган акула галасидан қолган энг сўнгги акула эди. Энди уларнинг ейдиган нарсаси қолмаган эди.

Чол базўр нафас олар, оғзида аллақандай нотаниш маза сезарди. Маза чучмалгина бўлиб, мис таъмини берар, шунинг учунми бир муддат чол қўрқиб кетди. Аммо тезда ҳаммаси ўтиб кетди. У океанга тупуриб деди:

– Еб қолларинг, galanos, тешиб чиқсину тўнғиз қўпларинг, ишқилиб! Тушларингга одам ўлдирганларинг кириб чиқсин.

Чол энди ўзининг узил-кесил ва батамом енгилганини биларди. У қуйруққа қайтиб келиб, румпелнинг синган бир бўлаги руль тешигига кириб турганини кўрди ва бошқа илож қолмагандан сўнг қайиқни у билан ҳам бошқариш мумкинлигини билди.

Елкаларига қопни ёпиб олгач, у қайиқни манзилга томон тўғрилаб бурди. Энди қайиқ енгилгина елиб борар, чол бўлса ҳеч нарсани ўйламас, ҳеч нарсани сезмас, ҳис қилмас эди. Энди унга ҳамма нарса барибир бўлиб қолган, фақат қайиқни жонажон соҳилга тезроқ ҳам омон-эсон еткизса бўлгани эди.

Тунда акулалар гўё стол устида қолган-қутган салқит овқатга ўзини урган очофатлардай балиқнинг ғажиб ташланган гавда суягига ташланишди. Чол уларга эътибор бермади. Унинг энди ўз қайиғидан бўлак ҳеч нарсага қайрилиб қарагиси келмасди. Чол фақат зил-замбил оғирликдан бўшаган қайиқнинг эркин қушдай елиб, сузаётганини ҳис қилиб борарди, холос.

«Яхши қайиқ, – деб ўйлади у, – румпели демаса, ўзи бус-бутун. Нима, янги румпель қўйиш қийинмиди?»

Чол илиқ оқимга кирганини сезиб турар, шундай кўз ўнгида қирғоқ бўйи посёлкаларнинг чироқлари милтиллар эди. У ўзининг ҳозир қаерда турганлигини биларди; энди уйга етиб олиш ҳам ҳеч гап эмас эди.

«Шамол – бу, сўзсиз, бизга биродарку-я, – деб ўйлади у ва кейин қўшиб қўйди: – дарвоқе, ҳар доим ҳам шундай эмас. Кўз илғамас денгизни олсак – у ҳам дўсту душманларимизга тўла. Тўшак-чи… – ўйларди у, – тўшак – биродарим. Ҳа-ҳа, худди шундай, оддий тўшак. Ўринга оёқ чўзиш айни ҳикматнинг ўзи. Енгилиб бўлганингдан кейин елкангдан тош ағдарилгандай енгил тортасан-қўясан! – хаёл қилди у. – Мен бунинг шунчалик осон бўлишини билмасдим… Ким ҳам сени енга қолди ўзи, чол? – сўради у ўзидан. – Ҳеч ким, – жавоб берди у. – Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоқ кетиб қолдим».

У кичик кўрфазга кирган маҳалда, Террас чироқлари ўчган эдики, бундан чол ҳамма уйқуга кетганини тушунди. Шамол тўхтовсиз зўрайиб борар, шу тобда бўлса, айниқса, кучли эса бошлаган эди. Лекин гаван осойишта эди. Чол қоялар остидаги тошлоқда тўхтади. Ўзига ёрдам берувчи ҳеч ким бўлмаганидан, у қайиқни соҳилга имкони борича яқинроқ олиб келди. Кейин қайиқдан чиқиб, уни қояга қантариб боғлаб қўйди.

Мачтани суғуриб олди-да, унга елканни ўраб боғлади. Сўнг мачтани елкасига ортиб, тепаликка кўтарила бошлади. Мана худди шунда у ўзининг қанчалик ҳолдан тойганини билди. Бир зум тўхтади-да, орқасига ўгирилиб қараб, кўча чироғининг ёруғида ҳайбатли балиқ думининг қайиқ қуйруғи орқасидан нечоғлик юксалиб турганини кўрди. Кўзи балиқ умуртқасининг оппоқ яланғоч чизиғи билан тиғи олдинга туртиб чиққан бошининг қуюқ соясига тушди.

Чол яна юқорига чиқишда давом этди. Тепаликдан ўтгач, беҳол йиқилди ва шу кўйи елкасида мачта билан бир муддат чўзилиб ётди. Кейин оёққа туришга уринди, аммо бу осон эмас эди ва у шу ҳолича йўлга термилганча, ўтириб қолди. Ўз кори билан чопиб мушук ўтди, чол унинг орқасидан узоқ қараб турди,сўнг бўм-бўш йўлга кўз тикди.

Ниҳоят, у мачтани ерга улоқтириб ташлаб, ўрнидан турди. Уни яна елкасига олиб, йўл бўйлаб юқорига қадам босди. То кулбасига етгунча йўл-йўлакай беш марта дам олишга тўғри келди.

Уйга киргач, у мачтани деворга суяб қўйди. Қоронғида сувли шишани топиб, тўйиб ичди. Сўнг каравотга чўзилди. У кўрпани елкасига тортиб орқасини ва оёқларини ёпди-да, юзи билан газетага мук тушиб, кафтлари юқорига қараган қўлларини узатганча ухлаб кетди.

Эрта билан бола кулбага кўз ташлагани кирганда, у ухлаб ётарди. Шамол шундай ҳам кучайган эдики, бундан қайиқлар денгизга чиқолмай қолган, шундан бўлса керак, бола қониб ухлаб, кейин одати бўйича канда қилмай, чол кулбасига келган эди. Чолнинг нафас олаётганига ўз кўзи билан кўриб ишонч ҳосил қилди-ю, аммо назари унинг қўлларига тушгандан кейин йиғлаб юборди. У қаҳва келтириш учун кулбадан оҳиста қадам ташлаб чиқди ва бутун йўл бўйи йиғлаб борди.

Қайиқ теварагига жуда кўп балиқчилар тўпланган, уларнинг бари қайиққа боғлоғлиқ нарсани томоша қилишарди; балиқчилардан бири почасини шимариб қўйганича сувда турар ва чизимча билан балиқ суягини ўлчар эди.

Бола уларнинг ёнига тушиб ўтирмади; у бу ерда бўлишга боя улгурган ва балиқчилардан бири қайиққа қараб туришга ваъда берган эди.

8.Акуланинг тишли бир тури (исп.).
9.Акуланинг олачипор бир тури (исп.).

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
27 ekim 2023
ISBN:
978-9943-08-874-0
Telif hakkı:
Kitobxon
Ses
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,3, 3 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre