Kitabı oku: «Чол ва денгиз», sayfa 6
– Қалай, аҳволи тузукми? – қичқирди балиқчилардан бири болага.
– Ухлаяпти, – жавоб берди бола. Ўзининг йиғлаётганини кўраётганлари ҳам энди барибир эди. – Уни безовта қилмаслик керак.
– Бунинг тумшуғидан думигача ўн саккиз фут чиқар экан! – қичқирди ўлчаётган балиқчи.
– Чиқмай ҳам кўрсин, – деди бола.
У Террасга келиб, бир қаҳва сўради:
– Менга қайноқ қаҳва беринг, сути ва шакари кўпроқ бўлсин.
– Яна бирон нарса олгин.
– Керак эмас. Унинг нима ейиши мумкинлигини кейин қараб кўраман.
– Оҳ, ана балиғ-у, мана балиқ! – деди хўжайин. – Тенги йўғ-а, тенги. Аммо сен ҳам кеча икки зўр балиқ тутдинг.
– Э қўйсанг-чи, менинг балиғимни! – деди бола ва яна йиғлаб юборди.
– Бирон нарса ичиб олмайсанми? – сўради ундан хўжайин.
– Керакмас, – деди бола. – Уларга айтиб қўй, Сантьягонинг меъдасига тегишмасин. Мен яна келаман.
– Шундай бўлиб чиққанига менинг ҳам жуда ачинаётганлигимни айтиб қўй унга.
– Раҳмат, – деди бола.
Бола кулбага қайноқ қаҳвани келтириб қўйди ва то чол уйғонмагунча унинг ёнида ўтирди. Бир сафар болага гўё у уйғонаётгандай бўлиб кўринди, аммо чол яна оғир уйқуга чўмди, шундан сўнг бола қаҳвани иситиш учун қарзга бир оз ўтин олгани қўшниларникига кетди.
Ниҳоят, чол уйғонди.
– Ётавер, турма, – деди унга бола. – Мана буни ичиб ол! – стаканга қаҳва қуйиб узатди у.
Чол ундан стаканни олиб, қаҳвани ичди.
– Улар мени енгиб қўйишди, Манолин, – деди у. – Улар мени енгишди.
– Аммо унинг ўзи сени енголмабди-ку, ахир. Ахир балиқ сени енгмабди-ку!
– Йўқ енгмади. Тўғри гапдан қочиб қутулиб булармиди. Бу воқеа кейин бўлди.
– Қайиқ билан асбоб-ускуналарга Педрико қараб турадиган бўлди. Балиқнинг бошини нима қилмоқчисан?
– Уни Педрико тўрларга хўрак қилиб майдалай қолсин.
– Тиғини-чи?
– Хоҳласанг, уни эсдалик учун ўзингга олиб қўя қол.
– Хоҳламай-чи, – деди бола. – Кел энди, бундан кейин нима қилишимиз ҳақида гаплашиб оламиз.
– Мени қидиришдими?
– Бўлмаса-чи. Қирғоқ соқчилари ҳам, самолётлар ҳам қидиришди.
– Океан поёнсиз, қайиқ бўлса зиғирдаккина, уни топиб бўлармиди, – деди чол. У, ўз-ўзинг ва яна денгиздан ташқари ҳам гаплашадиган бирон одаминг бўлса қандай ажойиб бўлишини ҳозир ич-ичидан сезди. – Мен сени роса қўмсадим, – деди у. – Сен бирон нарса ушладингми?
– Биринчи куни битта. Иккинчи куни яна битта, учинчи куни бўлса, иккита катта балиқ ушладик.
– Қойил!
– Энди биз яна биргалашиб ов қиламиз.
– Сираям. Менда толе йўқ. Ишим тескари кетяпти.
– Э, қўйсанг-чи, шу тескари-пескарингни! – деди бола. – Мен сенга толе келтираман.
– Ота-онанг-чи, улар нима дейишади?
– Аҳамияти йўқ. Кеча мен иккита балиқ ушлаб бердим-ку. Аммо энди биз икковлашиб балиқчилик қиламиз, чунки, мен ҳали жуда кўп нарсани ўрганишим керак.
– Зўр бир санчқи топишга ва денгизга доимо уни олиб чиқишга тўғри келади. Тиғини эски «форд»нинг рессоридан қилса ҳам бўлади. Гуанабакоада чархлатиб оламиз. У жуда ўткир бўлиши керак, аммо синиб кетмаслиги учун тобланмаган бўлиши шарт. Пичоғим бутунлай синиб кетди.
– Мен сенга янги пичоқ топиб бераман, рессорни ҳам ўзим чархлатаман. Яна неча кун кучли brisa10 эсиб туради?
– Эҳтимол, уч кундир. Балки, ундан ҳам кўпроқдир.
– У пайтгача ҳамма нарса жойида бўлади, – деди бола. – Сен ҳозирча қўлларингни давосини қилгин.
– Мен уларни нима қилиш кераклигини биламан. Кечаси аллақандай ғалати бир нарса тупурдим, шундан менга, худди кўкрагимда бир нарса ёрилиб кетгандай бўлиб туюлди.
– Бунинг ҳам давосини қил, – деди бола. – Дам ол, қария, мен сенга тоза кўйлак келтираман. Яна овқат-повқат дегандай.
– Мен йўқлигимда чиққан газеталардан биронтасини ўзинг билан ола келгин, хўпми? – илтимос қилди чол.
– Сен тезроқ тузалашинг керак, чунки мен ҳали сендан жуда кўп нарсаларни ўрганиб олишим зарур, сен бўлсанг мени дунёдаги етмиш икки ҳунарга ўргатишинг мумкин. Сенга жуда ҳам оғир бўлдими?
– Жуда, – деди чол.
– Мен овқат ва газета келтираман. Сен дам ол, қария. Дорихонага ҳам кириб ўтаман, қўлларингга бирон дори-дармон ола келаман.
– Педрико балиқ бошини ўзига олсин, айтиб қўй, ёдингдан чиқмасин.
– Эсимдан чиқмайди, айтаман.
Бола кулбадан чиқиб, эски тошлоқ йўлдан пастга тушиб бораётганида яна йиғлади.
Шу куни Террасга бир гуруҳ туристлар келган эди, улардан бири шарқдан эсаётган шамол кўрфазнинг даҳанасида ҳайбатли тўлқин шопираётганига қараб туриб, пиводан бўшаган идишлар ва ўлиб ётган медузалар орасида соҳилга урилаётган тўлқинларда чайқала-чайқала юксалиб турган, улкан думли узун оқ умуртқани кўриб қолди.
У ҳозир, энди йўловчи тўлқин суриб кетувчи ахлатгина бўлиб қолган улкан балиқнинг узундан-узун умуртқасини кўрсата туриб, официантдан сўради:
– Нима бало экан бу ўзи?
– T iburon – деди официант. – Акулалар. – У сўраган аёлга бўлган воқеани батафсил тушунтириб бериш ниятида эди.
– Ана холос, шу пайтгача акулаларнинг мана бундақа чиройли, нафис қайрилган думлари бўлишини билмаган эканман-а!
– Нимасини айтасан, мен ҳам билмасдим, – қўшилди унга ҳамроҳи.
Чол ўз кулбасида ҳамон ухлаб ётарди. У яна мук тушиб ухлар, бола эса ёнида ўтириб, унинг уйқусини ардоқларди. Чолнинг тушига арслонлар кирар эди.
1952.
АЛВИДО, ҚУРОЛ!
Роман
МУАЛЛИФ СЎЗ БОШИСИ 11
Бу китоб Парижда, Ки-Уэстда, Флоридада, Пиггота, Арканзас, Канзас-Сити, Миссури, Шеридан, Вайомингда ёзилди; 1929 йил кўкламида Парижда сўнгги таҳрирдан чиқарилди.
Биринчи вариантни ёзаётганимда Канзас-Ситида ўғлим Патрик туғилди, уни онасининг қорнини кесиб олдилар. Мен Оук-Паркда, Иллинойсда, сўнгги вариант устида ишлаётганимда отам ўзини отиб қўйди. Бу китобни тугатганимда ҳали ўттизга кирмагандим, у биржада буҳрон рўй берган кун дунё юзини кўрди. Мен доим, отам шошди, деб ўйлайман, бироқ, балки унинг сабр косаси тўлиб кетгандир. Отамни ниҳоятда севардим, шунинг учун у ҳақда бир нарса деб мулоҳаза юритишим лозиммас.
Мен барча ушбу воқеаларни ва ўзимиз яшаган жойларни, ўша йили бўлган яхши-ёмон гапларнинг ҳаммасини эслайман. Лекин ҳаммасидан ҳам китобда яшаган ҳаётимни, ўзим кунба-кун тўқиб чиқарган ҳаётни яхшироқ хотирлайман. Шу мамлакат, шу одамлар ва уларнинг бошдан кечирганларини тўқир эканман, дунёда мендан ҳам бахтлироқ одам йўқ эди. Ҳар куни мен ёзилганларни бир бошдан ўқиб чиқар ва шундан сўнг давом эттирар ва ҳар куни яхши ёзиб турганимда, бундан бу ёғига нима ёзишим маълум бўлган бир пайтда ишни тўхтатар эдим.
Китоб фожиа билан тугаётгани мени ранжитмасди, чунки, мен умуман ҳаёт – фожиадан иборат, унинг ҳамма кўчалари бир жойга олиб боради, деб билардим. Бироқ ёза олишингдан, ёзганда ҳам ҳаққоний қилиб, кейин ўзинг ўқиганда ҳам лаззатланадиган қилиб ёза олишингдан ва ҳар кунингни мана шу ёқимли иш билан бошлашдан қувончлироқ нарса йўқ бўлса керак. Бунинг олдида бошқа ҳамма нарса арзимас гаплардир.
1926 йилда бир романим чиққан эди. Лекин уни ёзган пайтларим ҳали роман устида қандай ишлаш кераклигини мутлақо билмасдим: мен жуда ҳам тез ёзар ва айтадиган гапим қолмагандагина тўхтардим. Шунинг учун биринчи варианти жуда ҳам ёмон чиқди. Мен уни ярим йилда ёзиб тугатдим, кейин мутлақо қайтадан кўчириб чиқдим. Лекин қайта ишлаётганда мен жуда кўп нарсаларни ўргандим.
Ноширим, Чарльз Скрибнер отларнинг яхши-ёмонини ажратишга уста, нашриёт ишлари ҳақида нимани билиш керак бўлса, барини, эҳтимол, билса ҳам керак, ўрганмаган қулоққа гарчи ғалати эшитилса-да, китобларни ҳам унча-мунча тушунади, мендан безакларга қандай қарайсиз, китобингизни безакли қилиб чиқарсак, розимисиз, деб сўраб қолди. Агар рассом ёзувчидай ўз ишининг устаси бўлмаса, бунга жавоб бериш осон бўлади, чунки ёзувчи ўзи жонли гувоҳ бўлиб кўрган-билган ҳодисаларни, мамлакатларни, нарсаларни булардан бехабар бир кимса томонидан билар-билмас акс эттирилишига сира рози бўлолмайди.
Агар мен воқеаси Багам оролларида кечадиган роман ёзганимда эди, мен унинг безакларини Уинслоу Хомер ишлашини истаган бўлардим, бироқ шундаям ундан бирон нарсани безашни эмас, Багам оролларини ва у ерда кўрганларини чизишни сўраган бўлардим. Агар мен Мопассан бўлганимда (қани эди, ундай бўлиш ўликларга ҳам, тирикларга ҳам насиб бўлса) мен ўз китобларимга безак сифатида Тулуз-Лотрекнинг расм ва суратларини, Ренуар умрининг ўртасида чизган айрим пленерларини олган бўлардим, Норманд табиати манзараларига эса ҳеч кимнинг қўлини урдирмаган бўлардим, чунки ҳеч бир рассом бунда у билан тенглашолмасди.
Агар фалон ё пистон ёзувчи бўлганимда дейиладиган бўлса, уларга муносиб рассомларни топса бўларди. Лекин у ёзувчилар ҳозир бўлмаганларидай, у рассомлар ҳам ҳозир ўлиб кетишган, Макс Перкинс ва яна бошқа кўплар ҳам ўтган йили ўлиб кетишди. Бу йилнинг шуниси яхшики, олдинда бизни қандай айрилиқлар кутаётган бўлмасин, у ўтган йилдан кўра ёмонроқ бўлмайди, ёки 1944 йил, ёки 1945 йилнинг эрта қиш ва кўклам чоғларичалик ёмон бўлмас. Булар айрилиқларнинг мўл ҳосиллари кўтарилган йиллар эди.
Биз ушбу йилни ўртада пул йиғиб шампан сотиб олиб Сан-Вэллида, Айдахода кутиб олганимизда, кимдир бир ўйин таклиф қилди: тортилган арқон ёки ёғоч калтак тагидан елкада судралиб ўтиш керак эди, ўтаётганда ҳеч қаерингиз арқон ёки таёққа тегиб кетмаслиги шарт қилинганди. Мен бир бурчакда Ингрид Бергман билан халфана шампанни ичиб ўтирардим, унга дедим: «Қизим, бу йил йилларнинг энг Худо ургани бўлади» (Сифатлар тушириб қолдирилади).
Мисс Бергман, нега ундай деб ўйлайсиз, деди. Унга ҳозирча ҳамма йиллар бир-биридан яхши бўлиб келган, шунинг учун менинг фикримга қўшилиши қийин эди. Мен сўзга бой эмасман, сўзнинг кифтини келтириб гапиролмайман, шунинг учун бунинг сабабларини сизга батафсил тушунтириб беролмайман, лекин қатор, бир-бирига боғланмаган аломатларга қараганда, яхшилик бўлишини кутиш қийин, таёқнингми, арқоннингми тагидан ўрмалаб ўтаётган бойваччаларнинг кўриниши ҳам яхшиликдан дарак бермайди, дедим. Шу билан гапни тугатдик.
Шундай қилиб, бу китоб биринчи марта 1929 йилда, Нью-Йорк биржасида талафот юз берган куни майдонга чиқди. Безакли нашри бу йил кузда чиқиши керак. Бу вақт ичида Скотт Фицжеральд ўлди, Том Вулф ўлди, Жим Жойс ўлди (у биографлари томонидан ўйлаб ёзилган Жойсга сира ўхшамайди, антиқа ўртоғимиз эди. Бир куни у ичиб ўтирганимизда, менинг китобларим сизга жуда ҳам ибтидоий бўлиб кўринмайдими, деб сўраганди); Жон Бишоп ўлди, Макс Перкинс ўлди. Ўлиши керак бўлган яна бир қанча одамлар ўлиб кетишди; бир хиллари Милан бензен шохобчаларида оёқларидан осилдилар, бошқалари яхшими, ёмонми бомбардимон қилинган немис шаҳарларида осиб қўйилди. Қанчадан-қанча номаълум, номсиз, нишонсиз, бироқ ҳаётни жуда ҳам севган кишилар йўқ бўлиб кетишди.
Бу китоб «Алвидо, қурол!» деб аталади, у ёзилгандан кейинги уч йилдан бу ёғига ер юзининг қаеридадир тўхтовсиз уруш бўляпти. Кўплар ўшанда нега бу одам мунча уруш билан банд бўлиб кетди, деб ҳайрон бўлиб юришганди, лекин 1933 йилдан кейин эндиликда ҳаттоки уларга ҳам ёзувчи одам сурбетларча қилинаётган муттасил қирғинларга, разил жиноятлар билан тўла урушларга ҳеч қачон бефарқ қараб туролмаслиги равшан бўлиб қолди. Мен кўп урушларда қатнашдим, шунинг учун бу масалада ғаразим қаттиқ, ҳатто жуда ҳам қаттиқ. Бу китобнинг муаллифи онгли суратда шу фикрга келдики; урушларда жанг қилаётган одамлар дунёдаги энг ажойиб одамлардир, фронтнинг қизғин қисмларига кириб борганинг сари бундай ажойиб кишиларга кўпроқ дуч кела бошлайсан. Лекин урушни бошлаганлар, унинг оловига яна олов ташлаб турганлар иқтисодий рақобатдан, фойда ундиришдан бошқа нарсани ўйламайдиган тўнғизлардир. Мен урушда бойлик орттирганлар, уруш оловини ёққанлар урушнинг биринчи кунларидаёқ мамлакат фуқароларининг мухтор вакиллари томонидан отиб ташланмоғи зарур, деб ҳисоблайман.
Бу китобнинг муаллифи, агар жангга кетаётганлар унга лутфан топширсалар, бунақанги отиб ташлаш бўладиган бўлса, уни ташкил этишни ўз зиммасига жон-жон деб олган бўлур эди ва бу ишнинг ҳаммаси имкони борича одамийлик ва ахлоқ-одоб доирасидан чиқмай адо этилишига (ахир отилаётганлар орасида ҳар хил одамлар бўлиши мумкин-да) ҳамда уларнинг жасадлари, шубҳасиз, дафн этилишига риоя қилган бўлурди. Ҳаттоки, уларни целлофанда ёки шунга ўхшаш бирор замонавий синтетик нарсада ўраб кўмилишига ҳам қаршилик қилмасди. Мабодо, охири бориб бошланган урушда менинг ҳам ҳиссам борлиги аниқлангудай бўлса, қанчалик қайғули бўлмасин, майли, мени ҳам ўша ўқчилар взводи отиб ташласин. Кейин мени ҳам истасалар целлофанга ўраб ёки ўрамасдан кўмсинлар, ёхуд менинг урён танимни тоғ ёнбағридан улоқтириб юбора қолсинлар. Розиман.
Шундай қилиб, орадан йигирма йилча ўтди, бинобарин, мана сизга китоб ва мана унга сўз боши.
Финка-Вижия, Сан-Франциско-де-Паула, Куба30 июнь 1948 й.
БИРИНЧИ КИТОБ
Биринчи боб
Ўша йили ёз охирларида биз қишлоқда, кулбада турардик. Кулбадан нарида дарё билан водий, улардан ҳам олисроқда тоғлар ястаниб ётарди. Дарёнинг ўзани офтобда оқарган, қуруқ қайрағочлар ва майда шағал билан қопланган, дарё шохобчаларида эса сув тип-тиниқ ва кўм-кўк бўлиб, шўх шалдираб оқиб борарди. Кулба олдидаги йўлдан қўшинлар ўтиб борар, уларнинг оёғидан кўтарилган тўзон оғочларнинг баргларига ўтирарди. Оғочларнинг шохлари ҳам чангга бурканганди, ўша йили япроқлар эрта тўкила бошлаганди, биз бўлсак, йўлдан қўшинларнинг ўтиб боришини, чанг-тўзоннинг кўкка ўрлашини, шамол япроқларни юлқиб-сулқиб учириб кетаётганини, солдатларнинг одимларини, сўнгра эса кимсасиз, бўм-бўш тупроқ йўлда ёлғиз япроқларгина тўкилиб ётишини томоша қилардик.
Водий ерлари ҳосилдор эди, унда боғзорлар сероб эди, водий этагидаги тоғлар эса тақир қўнғир тоғлар эди. Тоғларда жанг кетмоқдайди, кечалари портлашлардан ёлқинлар кўтариларди. Қоронғида улар шафаққа ўхшаб кўринарди: фақат тунлари этни жунжиктириб совуқ турар, ҳаво қуруқ эди.
Баъзан қоронғида деразадан қўшинларнинг ўтиб боришини, тўп-тўпхоналар тортиб келаётганини эшитиб қолардик. Тунда йўлда қатнов зўраяр, иккала томонига яшик-яшик ўқ-дори ортган хачирлар, устига солдатлар тушган, юкларига брезент ташлаган кулранг машиналар шошилмай тўхтовсиз ўтиб турарди. Кундузлари ҳам шатак машиналар оғир тўпларни судраб борар, тўпларнинг оғир стволларига кўм-кўк шохшаббалар ташлаб қўйилган, шатакчилар ҳам қуюқ яшил шохлар ва ток занглари билан беркитилган эди. Биздан шимол ёқда водий, водийдан нарида каштанзор, каштанзордан ҳам нарида – дарёнинг бу бетида баланд тепалик бор эди. Шу тепаликни эгаллашга бир неча марта уриниб кўрилди, лекин бундан ҳеч нарса чиқмади. Куз кириб, ёмғир кетидан ёмғир қуйиб бергач, каштанларнинг япроқлари дув тўкилдилар-да, шохлари қип-яланғоч бўлиб қолдилар, дарахтларнинг тепалари ёмғирдан қорайиб кетди. Токзорларнинг ҳам ораси очилиб, қуруқ навдаларгина қолди, теварак-атроф қўнғир тусга кирди, ҳамма ёқ рутубат, кузги сўлғинликка чўмди. Дарё усти туман билан қопланган, тоғлар тепасида булутлар сузиб юрарди; юк машиналари йўллардан лой сачратиб борар, ёмғирпўш кийган солдатлар ҳам лойга беланган, ивиган ҳолда борардилар: уларнинг милтиқлари ҳам ҳўл эди; қайишларидаги иккита кулранг чарм патрон сумка 6,5 миллиметрли ингичка патронлар жойланган обоймалардан зил тортиб, ёмғирпўш тагидан кўтарилиб турар ва гўё йўлдан бораётган солдатларни олти ойлик ҳомиладордай қилиб кўрсатарди.
Кичкина оч тусли енгил машиналар ҳам ўтар, уларни тез ҳайдаб боришарди; кўпинча ҳайдовчининг ёнида офицер ўтирар, орқа томонда ҳам офицерлар бўларди. Булар юк машиналарга қараганда кўпроқ лой сачратиб кетарди. Агар офицерлардан бири жуда ҳам пакана бўлиб, орқа ўриндиқда икки генерал ўртасида ўтирган бўлсаю, азбаройи бўйи калталигидан юзи кўринмай, фақат шапкасининг тепасию, торгина елкасигина кўриниб турса ва бунинг устига машина ғоят тез кетаётган бўлса – ажабмаски, шу киши қирол эди. Унинг қароргоҳи Удинада бўлиб, деярли ҳар куни шу йўлдан аҳволни билиш учун ўтиб турар, аҳвол эса жуда ёмон эди.
Қиш бошланиши билан сурункасига ёмғир қуйиб берди, ёмғир билан бирга вабо тарқалди. Лекин унинг олди олинди, вабо давомида қўшинда фақат етти минг кишигина ўлди, холос.
Иккинчи боб
Янги кирган йилда анча ғалаба қозонилди. Водий этагидаги баландлик ва каштанзорлар ишғол қилинди, водийнинг жануб томонидаги ерларда ҳам ғалаба қозонилди ва биз август ойида дарёдан ўтиб, Горицияда жойлашдик; биз турган уйнинг деворларига арғувон вистария чирмашиб кетган, баланд четан билан тўсилган боғда фаввора отилиб турар, қалин, серсоя дарахтлар кўп эди. Энди жанглар шу атрофдаги тоғларда, биздан бир чақирим ҳам келмайдиган жойларда борарди. Шаҳар жуда ажойиб, биз турган уй эса жуда чиройли эди. Дарё бизнинг ортимизда оқарди, шаҳарни ҳам осонгина қўлга киритдик, лекин нарироқдаги тоғларни ишғол қила олмадик; мен шунисига хурсанд эдимки, австрияликлар қачонлардир уруш тугаса, қайтиб борамиз-ку, деган ўй билан бўлса керак, шаҳарни айтарли бомбардимон қилишмас, йўлига пўписа қилиб қўярдилар, холос. Аҳоли кетмай, шаҳарда қолган эди, бу ерда госпиталлар ҳам, қаҳвахоналар ҳам, муюлишларда артиллерия ҳам, бири солдатларга, иккинчиси офицерларга мўлжалланган исловатхона ҳам бор эди; ёз охирлаб, тунлар совуқ бўлиб қолди, яқин тоғлардаги жанглар, снарядлар майиштириб, пачақланган кўприкларнинг темири, жанг бўлиб ўтган дарё бўйидаги бузилган туннель, майдон атрофидаги дарахтлар ва майдонга чиқадиган кўчанинг икки бетидаги қўша-қўша оғочлар – буларнинг бари ва яна шаҳарда ойимтиллаларнинг борлиги, қирол ўзининг оч рангли машинасида ўтиб-кетиб турганлиги, энди унинг башарасини ва дутор бўйин кичкина гавдасини, эчкиникига ўхшаш бир тутам оппоқ соқолини кўриш мумкин бўлиб қолгани – буларнинг бари ва яна деворлари ўпирилган, ичи кўриниб ётган уйлар, боғларда, баъзан эса кўчаларда уюлиб ётган синган ғишт уюмлари, тахта-ёғочлар, Карсода ишлар жўнашиб кетганлиги бу йилги мавсум биз қишлоқда турган пайтимиздаги бултурги кузакдан бутунлай бошқача эканлигини кўрсатиб турарди. Уруш ҳам бошқачароқ бўлиб қолганди.
Шаҳарнинг нариги томонидаги тоғдаги эманзор ўрмон хароб бўлди. Биз шаҳарга кирган маҳалда ёзда бу ўрмон кўм-кўк кўкариб турганди, эндиликда эса ўрмондан фақат тўнкалару, мажақланган урён таналаригина қолди; ер ҳам бутунлай ағдар-тўнтар қилиб юборилганди: куз охирлаган кезлар эди, бир куни мен илгариги эманзор ўрмон харобасида туриб, тоғ ортидан бостириб келаётган булутни кўрдим. Булут шитоб билан келдию, бир зумда офтоб хиралашиб, сарғайиб қолди, кейин ҳамма ёқдан нур ўчди, кўк юзи қоронғи тортди, тоғ устини булут ўради ва ҳаш-паш дегунча устимизга ёпирилди, қор келмоқда эди. У шамол билан бўралаб урди, яланғоч ер унинг тагида ғойиб бўлди, фақат тўнгакларгина серрайиб қолдилар, тўпларнинг усти ҳам қор билан қопланди. Хандақларнинг орқа томонидаги ҳожат жойларига излар тушди.
Кечқурун шаҳарга тушиб, мен офицерлар кирадиган исловатхонанинг деразаси олдида ўртоғим билан бир шиша асти ичиб ўтирардим. Ташқарида қор ёғар ва биз унинг оғир ва шошилмай ёғаётганига термилиб ўтириб, қор бу йилги ишларга ҳам ёғаётганлигини англардик. Дарёнинг юқори қисмидаги тоғлар қўлга киритилмади; дарё орқасидаги тоғларнинг ҳам биронтаси эгалланмади. Буларнинг бари келаси йилга қолади. Оғайним кўчада балчиқлардан оҳиста ўтиб бораётган полкимизнинг руҳонийсини кўриб қолди-да, деразани чертиб уни чақира бошлади. Руҳоний бошини кўтарди. У бизни кўргач, жилмайди. Оғайним уни бармоғи билан имлади. Руҳоний бошини лиқиллатиб, ўтиб кетди. Кечқурун офицерлар ошхонасида спагетти еб бўлингач, спагеттини ҳамма жиддий қиёфада ўтириб, вилкага осилтириб илиб оларди-да, шошапиша дамини чиқармай ичига тортар, кейин эса кажава идишга солинган винодан ҳўпларди. Вино солинган кўза металл токча устида чайқалиб турар, кимга керак бўлса, кўрсаткич бармоғи билан унинг бўғзини энгаштирар, шунда стакан тип-тиниқ, ўткир ва ёқимли арғувоний май билан тўлиб чиқарди, спагетти еб бўлингач, капитан кашишнинг жиғига тега бошлади.
Кашиш ёш эди ва сал нарсага дарров қизариб кетарди, у ҳаммамиз қатори форма кийган, фақат кулранг френчининг сўл кўкрак чўнтаги устида тўқ қизил духобадан салб қадалган эди. Капитан мени назарда тутиб, италянчани бузиб-нетиб гапирар, чамаси, шундай қилсам, гапимни яхши англайди, деб ўйларди.
– Руҳоний бугун ойимчага борди, – деди капитан дам кашишга, дам менга қараб. Кашиш жилмайди ва қизариб кетди, бошини чайқаб қўйди. Капитан у билан ҳазил-мазах қилишни яхши кўрарди.
– Йўқ, денг-чи? – деди капитан. – Мен руҳонийни ойимчада кўрдим.
– Йўқ, – деди кашиш. Бошқа офицерлар капитаннинг майнабозчилигига қўшилиб ўтиришарди.
– Руҳоний ойимчага йўқ, – унамасди капитан. – Руҳоний ойимча билан ҳеч қачон, – тушунтирди у менга. У стаканимни олиб мендан кўз узмай, айни чоғда кашишга ҳам қараб-қараб қўйиб, тўлдириб берди.
– Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Ҳамма кулиб юборди. – Сиз тушундингизми? Руҳоний ҳар кечаси ўзини ўзи… – Капитан қўли билан қилиб кўрсатди-да, хахолаб кулди. Кашиш буни ҳазилга йўйиб ўтирарди.
– Папа урушда австрислар ютиб чиқишини хоҳлайди, – деди майор. – У Франц-Иосифни яхши кўради. Австрислар пулни кимдан олаётганликлари энди равшандир. Мен – худосизман.
– Сиз «Қора тўнғиз»ни ўқимаганмисиз? – сўради лейтенант. – Сизга топиб бераман. Шу китобни ўқиб, динга ишонқирамай қўйдим.
– У ифлос ва расво китоб, – деди кашиш. – У сизга чиндан ёққан бўлиши мумкин эмас.
– Жуда фойдали китоб, – деди лейтенант. – Унда нуқул руҳонийлар ҳақида ёзилган. Сизга маъқул бўлади, – деди у менга.
Мен кашишга қараб жилмайдим, у ҳам шам ортидан менга кулимсиради.
– Ўқиманг уни, – деди у.
– Сизга топиб бераман, – деди лейтенант.
– Калласи бор одамларнинг ҳаммаси атеист бўлади, – деди майор. – Мен ҳатто масонликни12 ҳам тан олмайман.
– Мен эса масонликни тан оламан, – деди лейтенант. – У жуда олижаноб ташкилот.
Аллаким ичкарига кирди, эшик очилганида ташқарида ҳамон қор ёғаётганини кўрдим.
– Энди ҳужумга ўтмасак керак, қор тушди, – дедим мен.
– Албатта-да, – деди майор. – Энди таътил олсангиз соз бўларди. Римга борсангиз, Неаполга, Сицилияга…
– Қўйинглар, у Амалфига боради, – деди лейтенант. – Мен сизга Амалфида турувчи ота-онамга хат ёзиб бераман. Улар сизни ўз ўғилларидай қарши олишади.
– У Палермога бора қолсин.
– Капри ундан ҳам яхши.
– Сиз Абруццага бориб, Капракоттада менинг қариндошларимникида қўноқ бўлсангиз деб эдим, – деди кашиш.
– Абруццага бораман деб, кўзи учиб турибди. У ёқда қор бу ердагидан ҳам қалин. Деҳқонларга анқайиб ўтирадими у ерда? Яхшиси, фан ва маданият марказларига борсин.
– Чиройли қизлар бор ерларга демоқчисиз-да. Мен сизга Неаполдаги манзилларни бераман. Шундоқ ҳурилиқо қизлар – яна ҳаммалари оналари билан бирга. Ва-ха-хо-хо!
Капитан панжасини очди-да, бош бармоғини кўтариб, қолганларини деворга соя тушадиган қилиб йирди. Унинг панжа сояси деворга тушди. У яна бузуқ талаффузда сўзлай бошлади:
– Сиз кетганда мана бундай бўлиб кетасиз, – у бош бармоғини кўрсатди, – қайтганда эса мундоқ бўлиб қайтасиз, – у жимжилоғини ушлаб қўйди. Ҳаммалари кулишди.
– Қаранглар, – деди капитан. У яна панжаларини йирди. Яна шам алангаси панжанинг соясини деворга туширди. У бош бармоқдан бошлаб, ҳамма бармоқларга бирма-бир ном бериб чиқди: – sotto-tenete13 (бош бармоқ), tenete14 (кўрсаткич), capitano15 (ўрта бармоқ), maqgiore16 (кичик бармоқ), tenente-colonello17 (жимжилоқ). – Сиз sotto-tenente бўлиб кетасиз! Сиз tentecolonello бўлиб қайтасиз!
Ҳаммалари кулиб юборишди. Капитаннинг соя ўйини ҳаммага маъқул тушди. У кашишга қараб қичқирди:
– Руҳоний ҳар кечада ўзини ўзи! – ҳамма кулди.
– Дам олишни бир кунга ҳам кечиктирманг, – деди майор.
– Афсус, сиз билан бирга боролмайман, ҳаммасини ўзим кўрсатган бўлардим, – деди лейтенант.
– Қайтиб келаётганингизда граммафон ола келинг.
– Яхши опера пластинкаларидан обкелинг.
– Карузони обкелинг.
– Карузо керак эмас, увиллайди.
– Ўзингиз ўшанақа увиллаб кўринг-чи!
– Увиллайди. Увиллайди деяпман сизга.
– Абруццага борсангиз деган эдим, – деди кашиш. Бошқалар ўз гаплари билан овора эди. – У ерда мазза қилиб ов қилиш мумкин. Одамлари жуда ҳам ажойиб, қиши совуқ бўлсаям, лекин ҳаво қуруқ ва очиқ бўлади. Сиз менинг ота-онамникида туришингиз мумкин. Отам овга муккасидан кетганлардан.
– Қани кетдик, – деди капитан. – Харобатхонага борайлик, яна ёпиб қўйишмасин.
– Хайри тун, – дедим кашишга.
– Хайрли тун, – деди у.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.