Молхона

Abonelik
Parçayı oku
Okundu olarak işaretle
Satın Aldıktan Sonra Kitap Nasıl Okunur
  • Sadece Litres Olarak Okuma “Oku!”
Молхона
Yazı tipi:Aa'dan küçükDaha fazla Aa

хаёлий антиутопик асар

«Asaxiy books» лойиҳаси доирасида чоп қилинди.

Таржимон: Карим Баҳриев

Бош муҳаррир: Н.А. Нурмуҳаммедова

Муҳаррир: Абдубанно Холмонов

Мусаҳҳиҳлар: О. Бекмуродов, М. Ғафуров

Ушбу китобнинг ўзбек тилига таржимаси учун муаллифлик ҳуқуқи «Asaxiy books» лойиҳасига тегишли бўлиб, «Asaxiy books» рухсатисиз китобни босма, электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади.

I БОБ

«Қўрғонча» молхонасидаги мистер Жонс оқшом тушиши билан товуқхонасини тамбалаб қўйди. Бироқ у шу қадар маст эдики, девордаги тешикни беркитиш ёдидан кўтарилди. Орқа эшикни оёғи билан туртиб ёпгач, у қўлида силтаниб турган фонуси ёритган ерларда каловланиб, бироз тентиради. Кейин ошхонадаги бочкадаги пиводан бир стакан сиздириб ичди ва хотини Жонс хоним хуррак отаётган тўшакнинг бир четига кирди.

Ётоқхонада чироқ ўчиши билан молхонада безовта ҳаракатлар бошланди. Кун бўйи ҳайвонлар орасида миш-мишлар тарқалди, гўёки кекса майор, мидлуайтлик мукофотланган ахта чўчқа ўтган кеча ғалати туш кўрибди ва бугун бу ҳақда бошқа жониворларга сўзлаб берар экан. Ҳаммалари, мистер Жонс кўздан батамом ғойиб бўлиши билан, катта омборда кўришишга қарор қилишди. Кекса майор (уни ҳамиша шундай аташарди, ҳолбуки, кўргазмаларга олиб борганда «Уиллингтон Гўзали» деган ном остида намойиш этишарди) молхонада жуда катта ҳурмат-эътиборга сазовор эди. Шунинг учун бу таклифга ҳамма ҳайвонлар рози бўлишди.

Майор аллақачон омбор охиридаги ўзининг пичан ғарамидан қилинган юксак тахтида, тўсинга осилган чироқ остида оломонни кутиб турарди. У ўн икки ёшда бўлиб, охирги пайтларда бўйига эмас, энига кўпроқ кенгайган эди. Барибир, қўрқинч соладиган сўйлоқ тишларига қарамасдан, аввалгидай олижаноб чўчқалигича қолган, кўзларидан донишмандлик ва меҳр нури таралиб турарди. Ҳамма ҳайвонлар тўплангунча, ҳар бири ўз таъбига мос жой топиб ўтиргунча, анча вақт ўтди. Биринчи бўлиб учта кўппак – Блюбелл, Жесси ва Пинчер келди. Унинг ортидан чўчқалар киришди ва тепалик ёнидаги пичан устидан жой олишди. Товуқлар дераза пештахталарига жойлашдилар, кабутарлар потирлашиб, том остидаги тўсинларга тизилишди. Қўйлар ва сигирлар эса дарҳол чўчқаларнинг ёнига ўзларини ташладилар ва пичан чайнашга тушдилар. Боксёр ва Кловер исмли тулпорлар биргаликда келишди. Улар, кенг ва юнгли туёқлари имкон қадар оз жойни эгаллаши учун, эҳтиёткорлик билан, секин ҳаракатланишарди. Кловер ўрта ёшлардаги баланд байтал бўлиб, тўртинчи тойчоғини туққанидан кейин сўлқиллаб қолганди. Боксёрнинг ташқи кўриниши ғайриихтиёрий ҳурматни уйғотарди – яғрини баландлигидан бўйи 6 фут бўлиб, у шу қадар кучли эдики, оддий отларнинг иккитасичалик қувватга эга эди. Унинг башарасини кесиб ўтган оқ чизиқ тулпорга ахмоқона кўриниш берар, ростини айтганда, ўзи ҳам у қадар ақлли эмас эди. Бироқ ўзининг сокин хулқ-атвори ва ғаройиб меҳнатсеварлиги билан ҳаммага ёқар эди. Отлардан сўнг оқ эчки Мюриэл ва эшак Бенжамин келди. У бу молхонада энг кўп яшаган ҳайвон бўлиб, хаддан зиёд расво характери бор эди. У кам гапирар, мабодо гапириб қолса, юзинг-кўзинг демай, шарттакилик қиларди. Масалан, у бир куни Яратган менга сўна-пашшаларни ҳайдаш учун дум берган, аммо пашшалар ҳам, дум ҳам бўлмаса афзал эди, деган. Ҳайвонлар орасида ҳеч қачон кулмаган ва кулмайдиган жонивор ҳам у эди. Нега бундай ғамгин экани ҳақида савол берилганда, у бу дунёда қувонч учун сабаб ҳали йўқлигини айтганди. Шунга қарамасдан, у тулпор Боксёрга боғланиб қолганди; одатда, улар якшанба кунларини боғ ёнидаги мўъжазгина яйловда майсаларни ковшаниб, ёнма-ён ўтказишарди.

Боксёр ва Кловер ёнбошлаб олган заҳоти, омборга онасини йўқотиб қўйган ўрдакчалар подаси ёпирилиб киришди; ҳаяжон билан ғақиллаб, хавфсиз, биров билиб-билмай босиб олмайдиган жой илинжида, у ёндан-бу ёнга югура бошлашди. Байтал Кловернинг узанган оёғи уларга ҳимоя девори бўлиб кўринди, ўрдакчалар бу бошпанага ирғишлаб киришди ва дарҳол уйқуга кетдилар. Ниҳоят омборга, қанд бўлагини қитирлатиб чайнаганча, олифта солланиб, мистер Жонснинг икки ғилдиракли аравасини тортадиган, далли оқ бия Молли кирди. У биринчи қатордан жой олди ва дарҳол тақиб қўйилган қизил тасмачасига эътиборни қаратиш учун оқ ёлларини ўйнай бошлади. Охирида мушук кирди ва одатдагидай, энг иссиқ жойни излаб, у ён-бу ёнга аланглади ҳамда Боксёр ва Кловернинг ўртасига сирғалиб кириб олди. Бу ерда у тинимсиз ағанаб, майорнинг нутқи пайтида миёв-миёвлаб тинмади ва маърузанинг бирорта сўзини ҳам эшитмади.

Орқа эшик ёнидаги таёқ учида ўтирадиган, қўлга ўргатилган қарға Мозусдан бошқа барча жониворлар жам бўлган эди. Ҳамма қулай тарзда жойлашиб олишлари ва сукунат чўкишини кутиб, майор томоғини қирди-да, гап бошлади:

– Ўртоқлар, кеча оқшом менинг ғалати бир туш кўрганимни ҳаммаларингиз эшитган бўлсангиз керак. Бу тушга кейинроқ қайтаман. Энг аввало сизларга, мана, нимани айтишим лозим. Сизлар билан яна узоқ ойлар бирга бўламиз, деб айтолмайман. Куним битяпти. Сезяпманки, сизлар билан ўлимим олдидан йиллар бўйи орттирилган донишмандлик меваларини баҳам кўришим лозим. Мен узоқ умр кечирдим, бир ўзим оғилда ёлғиз ётганимда, мулоҳаза юритиш учун етарли вақтим бўлди. Ўйлайманки, ҳаётнинг моҳиятини замондошларимнинг барчасидан ҳам кўпроқ тушунаман, деб айта оламан. Мана, шуларни сизларга баён қилмоқчиман.

Шундай қилиб, дўстлар, биз ва сизнинг тириклигимиздан нима маъно бор? Келинглар, ҳақиқатнинг юзига тик қарайлик: қисқа ҳаётимизнинг ҳар бир куни хўрликда ва заҳматли меҳнатда ўтади. Туғилганингиздан бошлаб бизга ўлмайдиган даражадагина овқат беришади, кучи бор ҳайвонлар энг сўнгги нафасигача ишлаши керак; одатда, биз ҳеч нарсага ярамай, ҳеч кимга керак бўлмай қолганимизда, бизни шафқатсизларча кушхонага равона қилишади. Бир йилни ўтказган бирорта ҳайвон бу Англияда бахт нималигини ёки меҳнатдан кейин дам олиш қандай бўлишини билмайди. Англияда бирор-бир ҳайвон эрк нима эканини англамайди. Ҳаётимиз – қашшоқлик ва қулликдир. Ҳақиқат шудир.

Аслида ҳақиқий ҳолат шундай бўлиши мумкинми? Бу она заминимизнинг қашшоқлигиданми, ер унда яшайдиган ва меҳнат қилаётган барча жониворларни боқа олмайдими? Йўқ, ўртоқлар, минг бора йўқ! Англияда иқлим майин, замин ҳосилдор, ер ҳозир яшаётганидан ҳам кўпроқ жониворларни боқа олади. Бизники сингари молхона ўнлаб отларни, йигирмата сигирни, юзлаб қўйларни боқа олади – ва уларнинг ҳаёти қулайликларга тўла, ўзлари иззат-эътиборга эга бўладилар, биз бу ҳақда ҳали орзу ҳам қила олмаймиз. Нега биз бу қадар тубан аҳволда яшашда давом этмоқдамиз? Сабаби шундаки, биз ўз меҳнатимиз билан яратаётган деярли ҳамма нарса одамлар томонидан ўзлаштириб юборилмоқда. Мана, ўртоқлар, барча саволларнинг жавоби қаерда экан. Бу битта, аммо ягона – одам деган сўздадир. Бизнинг ягона ҳақиқий душманимиз – одам. Саҳнадан одамни олиб ташланг, очлик ва аёвсиз меҳнатнинг сабаби йўқолади.

Одам – ўзи ҳеч нарса ишлаб чиқармай, ҳаммасини ҳазм қиладиган ягона махлуқдир. У сут бермайди, тухумламайди, омочни судраш учун унинг кучи етмайди, қуёнларни тутиб олиш учун тезлиги суст. Шунга қарамай, у барча жонзодларнинг олий ҳокими. У жониворларни ишга ҳайдайди, емишни фақат улар очликдан азоб чекмайдиган даражада беради – қолган ҳамма нарса унинг ихтиёрида қолади. Бизнинг меҳнатимиз билан ер шудгор қилинади, бизнинг гўнгимиз билан ер озиқланади, – бизнинг эса баданимизни ёпган теримиздан бошқа мулкимиз йўқ. Мана сизлар, ҳозир қаршимда ястаниб ўтирган сигирлар, ўтган йил мобайнида қанча сут бердинглар? Сизлар бўлиқ бузоқларингизни озиқлантиришингиз мумкин бўлган сут нима бўлди? Уларни сўнгги томчисигача душманларимиз ичиб, ютиб юборишди. Сизлар-чи, товуқлар, бу йил нечта тухум қўйдинглар ва нечта жўжани очиб чиқдинглар? Қолганлари бозорга олиб бориб сотилди ва Жонс ҳамда у кабиларнинг чўнтагига жарақ-жарақ пул бўлиб тушди. Сен айт-чи, Кловер, сенинг азобларда туққан ва вояга етказган, қариганингда сенга таянч ва овунчоқ бўладиган тўртта тойчоғинг қаёқда? Уларнинг барчаси, бир ёшга тўлар-тўлмас, сотиб юборилди ва сен уларни бошқа ҳеч қачон кўра олмайсан. Айт-чи, тўрт марта туғруқ азобини чекканинг, далаларни омоч судраб ҳайдаганингдан кейин сенинг бир тутам пичан ва ипли қозиғингдан бошқа ниманг қолди?

Бизнинг шўрлик умримиз ҳам табиий йўл билан тугамайди. Мен ўзимни айтмаяпман, менинг омадим бор экан. Ўн икки ёшгача яшадим ва тўрт юзтадан зиёд чўчқачаларни туғдирдим. Бир чўчқа учун муносиб умр кўрдим. Аммо ҳеч бир ҳайвон умри охирида шафқатсиз пичоқдан қутулиб қололмайди. Мана, сиз, олдимда турган ёш чўчқачалар, бир йил ўтмай, ҳаётларингизни анави шаҳар ташқарисидаги қассобхонада тугатасиз. Бундай даҳшатли тақдир ҳаммани: сигирларни, чўчқаларни, товуқларни, қўйларни, ҳамма-ҳаммангизни кутади. Ҳатто отлар ва кўппакларга ҳам раҳм қилинмайди. Сенинг бақувват мускулларинг сенга хизмат қилолмайдиган ўша олис кун келади, Боксёр, ўшанда сени мистер Жонс тери шилувчига жўнатади, у эса сенинг гўштингдан итларга овқат тайёрлайди. Итларга келсак, улар қариб, тишлари ўтмаслашиб қолганда, мистер Жонс уларнинг бўйнига ғишт боғлаб, яқин атрофдаги ҳовузга чўктиради.

Шунча гаплардан кейин, ўртоқлар, ҳаётимизни заҳарлаган ёвузликнинг манбаи одамзоднинг ҳукмронлиги экани аниқ-равшан бўлмадими? Одамдан халос бўлсак бўлди, меҳнатларимизнинг барча мевалари бизнинг мулкимизга айланади! Истасак, шу бугун кечқурундан бошлаб эркимизнинг қуёши ёнади ва бой ҳамда мустақил жониворларга айлантиради. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Вужудимизни ва қалбимизни одамнинг ҳукмронлигини йўқ қилиш учун фидо қилиб, тун-у кун меҳнат қилишимиз шарт! Мен сизларни, ўртоқлар, исёнга даъват қиламан! У қачон аланга олади, буни билмайман, балки бир ҳафтадан сўнгдир ёки юз йилдан кейиндир. Аммо мен, мана шу сомонни кўриб турганимдек, аниқ ва равшан кўрмоқдаманки, эртами-кечми, адолат тантана қилади. Ҳаётимиз қанча қолган бўлса ҳам, ўз ҳаётимизни бу ғояга фидо қилайлик! Бундан ташқари, менинг бу Мурожаатномамни сизлардан кейин келадиганларга ҳам етказинглар, зеро келгуси авлодлар курашни ғалабага эришгунга қадар олиб борсинлар.

 

Эсда тутинглар, ўртоқлар, сизнинг жасоратингиз, журъатингиз барқарор ва собит бўлсин. Сизларни ҳеч қандай ғайри фикрлар йўлдан адаштирмасин. Агар кимдир жониворлар ва одамлар ўртасида умумий манфаатлар бор, бир томоннинг фаровонлиги иккинчи томоннинг фаровонлиги демакдир, деб гапира бошласа, уни эшитманглар. Буларнинг бари ёлғон! Одамларни ўзлариникидан бошқа ҳеч кимнинг манфаати қизиқтирмайди. Биз, ҳайвонларнинг орасида эса жангда енгилмас бирлик, мустаҳкам биродарлик ғалаба қилсин. Барча одамлар – душманларимиз. Барча ҳайвонлар – биродарлар.

Майор нутқини тугатган заҳоти даҳшатли шовқин-сурон кўтарилди. Унинг нутқи давом этаётган пайтда тўртта баҳайбат каламуш ўз уяларидан чиқишди ва орқа оёқларига таяниб, майорни диққат билан эшитишди. Шу пайт уларни кўппаклар сезиб қолишди, бирдан ўзларини уяга урган каламушларнинг ҳаётини тезкор ҳаракатларигина қутқариб қолди. Жониворларнинг барчаси биродарлар эмиш… Майор жим ўтиришга ундаб, оёғини кўтариб қўйди.

– Ўртоқлар, – деди у, – биз яна бир масалани ҳал этишимиз лозим. Каламушлар ва қуёнлар сингари ёввойи ҳайвонлар ҳам дўстларимизми ёки душманларимизми? Келинглар, овозга қўямиз. Мен мажлисимиз кун тартибига, кўриб чиқишга шу масалани тавсия этаман: каламушлар бизнинг ўртоқларимиз ҳисобланадими?

Овоз бериш жараёни тезда ўтказилди ва кўпчилик овоз билан каламушларни ўртоқлар деб ҳисоблаш мумкин, деган қарор қабул қилинди. Фақат тўрттовлон – учта ит ва мушук қарши овоз беришди. Кейин маълум бўлишича, мушук иккала ҳолатда ҳам овоз берган экан. Майор давом этди:

– Мен яна озгина нарсани қўшимча қиламан, холос. Мен такрор айтаман: ёдда сақланг, сизнинг мажбуриятингиз одамларга ва уларнинг ҳар қандай ташаббусларига қарши курашишдир. Икки оёқда юрадиган ҳар бир жон – ғаним. Тўртта оёғи ёки қаноти бор ҳар бир жон – дўст. Яна шуни ёдда тутингки, инсон билан курашда ҳам биз ҳеч вақт унга ўхшашимиз мумкин эмас. Ҳатто ғалаба қилганимизда ҳам инсон яратган ҳамма нарсани рад этамиз. Ҳеч бир ҳайвон уйда яшамаслиги, тўшакда ухламаслиги, кийим киймаслиги, ароқ ичмаслиги, тамаки чекмаслиги, пулга қўл теккизмаслиги ва савдогарлик қилмаслиги керак. Инсоннинг ҳамма одатлари – ёвузликдир! Бундан ташқари, ҳеч бир жонивор ўз қардошларига зулм қилмасин. Заифмизми ёки кучлимизми, ақллимизми ёки ахмоқмизми ҳаммамиз биродарлармиз! Бирор-бир жонивор бошқа жониворларни ўлдириши мумкин эмас. Ҳамма ҳайвонлар тенгдир.

Энди, ўртоқлар, мен сизларга кеча оқшом кўрган тушимни айтиб бераман. Мен сизга бу орзуни тасвирлашга ожизман. Бу инсон дегани ер юзидан буткул йўқолганидан кейинги замин ҳақидаги орзу эди. Мен аллақачон унутилган нарсани эслаб қолдим. Кўп йиллар аввал, мен ҳали кичкина чўчқача бўлганимда, менинг онам ва барча қариндошларим бир кўҳна қўшиқни куйлашни яхши кўрар эдилар. Рости гап, улар бу қўшиқнинг бор-йўғи дастлабки уч қаторини ва оҳангини билардилар, холос. Мен бу қўшиқни болалигимдан эсда тутаман, аммо кўп вақт ўтди ва кўп нарса ёддан кўтарилди. Ўтган оқшом бу қўшиқ менга орзу билан бирга қайтиб келди. Энг ҳайратланарлиси, – ва ишончим комилки, қўшиқнинг олис ўтмишда ҳам ҳайвонлар айтиб келган сатрлари ёдимга келди, ҳолбуки, бу сатрлар аллақачон авлодлар хотирасидан ўчиб кетган, деб ҳисобланар эди. Мен ҳозир сизларга бу қўшиқни айтиб бераман, ўртоқлар. Мен қариб қолганман, овозим ҳам хириллаб чиқади, бироқ мен сизларга оҳангини ўргатгандан сўнг, сиз уни мендан яхшироқ куйлайсиз. Бу қўшиқ «Англия жониворлари» деб аталади.

Кекса майор томоқ қириб, бўғзини тозалади ва қўшиқни бошлади. Худди айтганидай, унинг овози хириллоқ эди, аммо «Клементина» ва «Кукарача» ўртасидаги ҳаяжонли оҳанг тоза янграр эди. Сўзлари шунақа эди:

 
Англия ва жаҳон жониворлари,
менинг сўзим борар ҳайвон зотига,
чорлар далалардан, молхоналардан
янги замонларнинг саодатига.
 
 
У кун келар, келади албат,
энг буюк покликнинг пок мавжудоти,
одам деганлари тугайди абад,
қолади дунёда ҳайвонлар зоти.
 
 
Бошқа бошимизда қамчин ўйнамас,
бўйинтуруқ бўғмас томоқни бошқа,
майли, синиб кетсин извош ярамас,
аравани тортмас ул тулпор қашқа!
 
 
Эртамиз бўлади албат фаровон,
йўнғичқа, пичан-у дон-дунлар сероб,
омборлар тўладир, ҳамма ёқда дон,
толемиз ёрқин, тепада офтоб.
 
 
Англия осмони чарақлар ёрқин,
сувлари покиза, ирмоқлар – шиша,
қўшиқ куйлар энди шамоллар шошқин:
биз озодмиз энди мангу, ҳамиша!
 
 
Сўз берамиз бугун бир-биримизга —
қўлга олажакмиз тақдиримизни!
Чўчқалар, товуқлар, сигирлар – барча
жангда жасоратли тутармиз ўзни!
 
 
Англия ва жаҳон жониворлари,
менинг сўзим борар ҳайвон зотига,
чорлар далалардан, молхоналардан
янги замонларнинг саодатига.[1]
 

Бу қўшиқнинг биргаликда ижро этилиши барча ҳайвонларни ёввойи жунбушга келтирди. Майор охирги сўзни талаффуз қилиши билан, жониворлар қўшиқни қайтадан айта бошлашди. Иштирокчиларнинг энг анқовлари ҳам оҳангга тушиб олишди ва бир неча билган сўзларини илиб кетишди, энг ақлли бўлган чўчқалар ва итларга келсак, улар бир-икки дақиқада дарров қўшиқни дилларининг туб-тубидан куйлай бошлашди. Бир-бирларига мослашувга бир неча бор уринишдан сўнг бутун молхона ҳайратли бир якдилликда «Англия жониворлари» ни баралла айта бошлади. Сигирлар қўшиқни маърашар, итлар ириллашар, қўйлар баърашар, отлар кишнар ва ўрдаклар ғақиллашарди. Улар шу қадар завқ билан куйлашардики, қўшиқ беш марта кетма-кет ижро этилди, ҳар гал аввалгисидан яхши эди. Агар уларни узиб қўйишмаса, тун бўйи куйлашарди.

Афсуски, шовқиндан мистер Жонс уйғониб кетди, ҳовлига тулки кириб қолган деган қатъият билан тўшакдан турди. У ҳамиша боши устида турадиган милтиғини ушлаб, ҳовлига чиқди ва бир-икки марта қоронғуликка ўқ отди. Ўқларнинг бири омборнинг деворига тегди ва… мажлис ўша заҳоти тугади. Ҳамма ўзи ҳамиша тунни ўтказадиган тешикларига тарқаб кетди. Қушлар ўзларининг қўноқларига чиқишди, ҳайвонлар пичанга ағанашди, бутун молхона дарҳол уйқуга чўмди.

II БОБ

Уч кундан сўнг кекса майор уйқуда сокингина жон таслим қилди. Унинг танаси яқин-атрофдаги мевазор боғнинг худудида тупроққа топширилди.

Бу воқеа мартнинг бошларида юз берган эди. Кейинги уч ой мобайнида кенг кўламда яширин фаолият олиб борилди. Майорнинг маърузаси молхонанинг аксарият онгли аҳолисини ҳаётга янгича нуқтаи назардан қарашга даъват этган эди. Улар қачон майор айтган исён кўтарилишини билишмасди, уларда исён уларнинг тирик ҳаётлари мобайнида юз беради, деган ишонч ҳам йўқ эди, аммо шуни аниқ англар эдиларки, улар исённи тайёрлашлари лозим. Қолган барча жониворларнинг онгини ошириш ва ташкиллаштириш, табиийки, ақлий қобилиятлари ҳамма томонидан эътироф этиладиган чўчқаларнинг зиммасига тушди. Аммо уларнинг орасида ҳам иккита ахта қилинган ёш чўчқачалар Сноуболл ва Наполеон ажралиб турарди. Мистер Жонс уларни сотиш учун боқаётган эди. Наполеон молхонадаги анча каттакон ва ҳатто кўриниши баҳайбат беркшир чўчқаси эди. У кўп гапирмас, ичимдагини топ дейдиган шахслардан бири эди. Сноуболл хулқ-атвори жонли, нутқи тез ва ўзи кашшоф, аммо у қадар жиддий эмас эди. Молхонадаги қолган чўчқалар ҳали ёш эди. Уларнинг ичида Қичқироқ деб аталадиган, ёноқлари юмалоқ, кўзлари пир-пир учиб турадиган, ҳаракатлари чаққон ва овози чийиллаган, ўзи кичкина, аммо бақалоқ чўчқача машҳурроқ эди. У ажойиб нотиқ эди. Бирор-бир муаммони муҳокама қилар экан, у томондан-бу томонга югурар, думи тинимсиз ликиллар, бу ҳам нутқига алоҳида ишончлилик бахш этарди. Кимдир Қичқироқ ҳақида бу оқни қора, қорани оққа айлантира олади, деб айтган эди.

Шу учаласи кекса майорнинг даъватларини мукаммал дунёқарашлар тизимига айлантириш учун қайта ишлашди ва бу таълимотни ҳайвонизм деб номлашди. Ҳафтада бир неча кеча, мистер Жонс уйқуга кетгандан сўнг, улар омбордаги яширин йиғилишларда қолган барча ҳайвонларга ҳайвонизм тамойилларини тушунтиришди. Авваллари улар саводсизликка ва лоқайдликка дуч келишди. Кимдир мистер Жонсга нисбатан бағрикенглик қилиш ҳақида айтди, ахир, уни аксарият ҳайвонлар хўжайин деб аташар ёки «Мистер Жонс бизни боқяпти. У бўлмаса, очликдан ўлардик» сингари эътирозларни айтишарди. Бошқалар савол беришарди: «Нима учун ўлимимиздан кейин бўладиган нарсалар тўғрисида ўйлашимиз керак?» Ёки: «Агар исён барибир, албатта қўзғалса, биз у учун ишласак-ишламасак, нима фарқи бор?» Чўчқалар ҳайвонларга буларнинг бари ҳайвонизм руҳига зид эканини тушунтиришлари учун кўп заҳмат чекишлари лозим бўлар эди. Энг ахмоқона саволларни оқ бияча Молли берарди. У Сноуболлга берган илк савол шу бўлди: «Қўзғалондан сўнг шакар бўладими?»

– Йўқ, – кескин жавоб берди Сноуболл. – Биз бу молхонада шакар ишлаб чиқармоқчи эмасмиз. Бундан ташқари, сен усиз ҳам яшашинг мумкин. Сенга сули пояси ва пичан етарли.

– Менга ёлимга қизил тасмача тақиб юришга рухсат бериладими? – Сўрарди Молли.

– Ўртоқ, – деди Сноуболл, – сенга боғлаб қўйилган бу қизил тасмалар, – қуллик рамзлари. Озодлик барча тасмачалардан қимматли эканини наҳот тушунмасанг?

Молли шундай эканлигига рози бўлди, аммо, кўринишидан, ичида ўз фикри билан қолган эди.

Қўлга ўргатилган қарға Мозус томонидан тарқатилган ёлғонни рад этиш зарурати чўчқаларга Моллининг инжиқликларидан кўра қийинроқ, заҳматталаб иш бўлди. Мистер Жонснинг севимли жонивори бўлган Мозус ўта сўзамол ва ғийбатчи эди, бироқ қизилсўзликни ҳам қойиллатарди. У Муз тоғи деб аталадиган, ҳамма ҳайвонлар ўлганидан сўнг албатта тушадиган сирли бир мамлакат мавжудлиги ҳақида миш-мишлар тарқатган эди. У самовотда, қайдадир булутлардан тепада, деб ҳикоя қиларди Мозус. Муз тоғи мамлакатида ҳафтада етти кун – якшанба, йўнғичқа йил бўйи кўм-кўк, майдаланган шакар ва зиғир кунжараси буталарда ўсиб ётади, дейди у. Молхонада Мозусни ҳамма ёмон кўрарди, унинг ишламай, фақат олди-қочди гапларни гапириши ҳамманинг жонига текканди. Аммо кимлардир Муз тоғи мамлакати ҳақидаги афсоналарга ишонди, чўчқалар ҳаммани бунақа жой мавжуд эмаслигига ишонтиргунларича кўп меҳнат қилдилар.

Иккита юк ташувчи отлар, Кловер ва Боксёр, энг садоқатли ёрдамчилар бўлиб чиқди. Албатта, тафаккур қилиш жараёнининг ўзи улар учун осон эмасди, аммо чўчқаларни ўзларининг йўлбошчиси эканини тан олган бу байталлар, Кловер ва Боксёр, айтилган ҳамма гапни дарҳол қабул қилар ва билганларини бошқа ҳайвонларга етказишар эди. Улар омбордаги барча йиғинларда фаол иштирок этишар ва барча мажлислар якунида куйланадиган «Англия жониворлари» қўшиғини биринчи бўлиб бошлаб беришарди.

Бироқ, аён бўлдики, қўзғолон анча барвақт юз берди ва ҳеч ким тасаввур қилмаган тарзда, кутилганидан кўра осон кечди. Ўз вақтида мистер Жонс яхши фермер бўлган ва хулқ-атвори ҳам кескин эди. Бироқ кейинчалик унинг иши орқага кета бошлаганди. Бир дунё пулларини суд низоларига сарфлаб, у молхона ишларига қарамай қўйди ҳамда мусалласхўрликка муккасидан кетди. У кун бўйи ошхонадаги тебранадиган оромкурсида ялпайиб ўтирарди – газеталарни варақлар, шишани қўлидан қўймас, вақти-вақти билан Мозусни пивога ботирилган нон бўлаклари билан боқарди. Унинг ишчилари ишсиз тентираб юрар, эгасиз кўринган ҳар бир нарсани ўмариб кетишар эди; далаларни ёввойи ўтлар босди; панжаралар тешилиб ётар, жониворлар кўпинча овқат берилмай, оч қоларди.

Июнь ойи келди, далалардаги ҳосил йиғиштиришга тайёр эди. Ёзнинг ўртаси шанба кунига тўғри келди, ундан бир кун олдин мистер ЖонсУиллингтонга жўнади ва «Қизил арслон» майхонасида шундай бўкиб маишат қилдики, якшанба куни кун оққандан кейин қайтиб келолди, холос. Сигирларни эрталабдан соғиб олган батраклар жониворларни овқатлантириш ўрнига, ўрмонга қуён овлашга кетиб қолдилар. Уйга қайтган мистер Жонс дарҳол меҳмонхонадаги тўшакда, юзига газетани ёпганча, ухлашга ётди, яъни ўша кеч молхона аҳли овқатсиз қолди. Ниҳоят, уларнинг сабр косаси тўлди. Сигирлардан бири шохлари билан пичанхона эшикларини бузиб ташлади, жониворлар ўзларини емишга урдилар. Айни шу вақтда мистер Жонс уйғониб қолди. Кейинги лаҳзада у ва тўртта хизматчи, тўрт томонга чувиллаб силкинган қамчинлар билан қуролланган ҳолда, ходиса ерига етиб келишди. Бу ҳаёт оч-наҳор ҳайвонларнинг жонига текканди. Уларнинг ҳаммаси бирлашиб, золим одамлар томон отилдилар. Тўсатдан Жонс ва бошқалар ҳайвонлар ҳамма томондан уларни турткилаётгани ва ураётганини сезиб қолдилар. Ташаббус уларнинг қўлидан кетган эди. Улар аввал ҳеч қачон бу аҳволга тушган жониворларга дуч келмаган эдилар, улар авваллари шафқатсиз муомала қилган жониворларда нафрату ғазабнинг жўшгани уларни ҳушдан кеткизадиган даражада саросимага солиб қўйди. Улар ўзларини бир йўлини қилиб қутқаришга ва қочиб қолишга ҳаракат қилишлари зарурлигини тушунишди. Бир дақиқадан сўнг, улар беш киши бўлиб, шошилинч катта йўлга олиб чиқадиган сўқмоқдан қочиб борар, ҳайвонлар уларнинг ортидан қувиб бораётган эдилар.

 

Жонс хоним нима бўлаётганини ётоқхона деразасидан кўриб турарди, у ҳам жомадонига қўлига илинган нарсасини шошилинч солиб, орқа эшик орқали молхонани тарк этди. Мозус ўз қўналғасидан учиб чиқди ва қар-қарлаганча аёлнинг ортидан учди. Айни пайтда ҳайвонлар мистер Жонс ва унинг шерикларини оғир дарвоза ёпилгунча қувиб бордилар. Шундай қилиб, улар нима бўлганини тушуниб ҳам улгурмай, қўзғалон самарали якунланди: Жонс қувиб юборилди ва «Қўрғонча» молхонаси уларнинг тасарруфига ўтди.

Дастлабки бир неча дақиқада жониворлар ўз омадларига зўрға ишониб-ишонмай тонг қотиб турдилар. Аввал улар молхона чегараларини шошинқираб айланиб чопишди, бирор ерда бирорта одам яшириниб қолмаганлигига ишонч ҳосил қилгандай бўлишди. Сўнг молхонага қайтиб, нафратга гирифтор бўлган Жонс ҳукмронлигининг сўнгги изларини йўқотишга киришишди. Жониворларнинг абзаллари сақланадиган хона вайрон қилинди. Қармоқлар, сувлиқлар, юганлар, жиловлар, мистер Жонс чўчқалар ва қўчқорларни ахта қиладиган қўрқинчли пичоқлар – ҳаммаси ташқарига отилди. Эгар-жабдуқлар, нўхталар, юганлар – ҳайвонларни боғлайдиган бунақа барча жиловлар ҳовлида аллақачон ловуллаб ётган гулханга отилди. Қамчинларни ҳам шундай тақдир кутарди. Барча ҳайвонлар, қуллик рамзлари ловуллаб ёнишини кўриб, қувончдан сакрардилар. Сноуболл бундан ташқари кўргазма кунларида жониворларнинг думлари ва отларнинг ёлларига боғланадиган тасмачаларни ҳам гулханга улоқтирди.

– Тасмалар, – деди у, – кийим деб эътироф этилиши, инсондай разил мавжудотнинг белгиси ҳисобланиши лозим. Барча жониворлар яланғоч юришлари шарт.

Бу гапни эшитган Боксёр ёзда пашша ва сўналардан асрайдиган, қамишдан тўқилган шляпасини силкитди ва оловга отиб, кўнгли яйради.

Ҳайвонларга мистер Жонсни эслатадиган барча нарсани вайрон қилиш учун кўп вақт кетмади. Шундан кейин Наполеон ҳаммани хирмонга олиб борди ва ҳар бир жониворга икки ҳиссадан озуқа тарқатди, кўппакларга эса, бундан ташқари, иккитадан пишириқча берди. Кейин улар илҳомланиб, етти марта «Англия жониворлари» ни куйлашди, сўнг тунги уйқу учун жой-жойларига тарқалишди. Уларнинг бу тунги уйқулари ҳар қачонгидан ҳам қаттиқ эди.

Одатдагидай, тонгда уйғониб, бехосдан кечаги ғалабаларини эслаб қолишди ва ҳаммалари биргаликда яйраш учун яйловга отланишди. Яйлов яқинида тепалик бўлиб, унинг устидан қараб, молхонанинг барча ерларини томоша қилиш мумкин эди. Субҳидамнинг соф нурлари остида жониворлар тепаликнинг чўққисига чиқишди ва атрофга назар солишди. Ҳа, буларнинг бари энди уларнинг мулки эди – кўз тушган ҳамма нарса уларга тегишли! Бу кашфиётлардан завқланган ҳолда, улар давра қуриб айланишар ва шодликлари ошиб-тошиб сакрашарди. Улар шабнамда ирғишлашар, ёзнинг хуштаъм ўтларини чайнашар, юмшоқ қора ерни титкилаб, она заминнинг ҳаяжонга солувчи ифорини ҳидлашарди. Сўнг, атрофга – шудгорлар, яйловлар, мевазор боғ, ҳовуз ва қайинзорга тамшаниб назар солганча, улар бутун молхона худудини айланиб чиқишди. Афтидан, улар аввал ҳеч қачон буларнинг барини кўрмаган ва ҳозир булар ўзларига тегишли эканига зўрға ишониб турган эдилар.

Кейин улар бинолар томон келдилар ва иморатнинг очиқ турган қўштабақали эшиги олдида талмовсираб туриб қолдилар. Энди бу молхона уларга тегишли эди, аммо ҳали ҳам уйга киришга бироз қўрқиб тургандилар. Бир дақиқа ёки сал кўпроқ талмовсираб турганларидан сўнг, Сноуболл ва Наполеон эшикларни катта очиб қўйди ва жониворлар, ҳеч нарсага туртиниб кетмаслик учун, эҳтиёткорлик билан ичкарига кира бошлашди. Улар оёқ учида у хонадан бу хонага ўтишар, бирор овоз чиқаришдан ҳайиқиб, атрофдаги ҳашамдорликдан ҳайратда эдилар – момиқ партўшаклар, кўзгулар, от ёлидан тўқилган юмшоқ ўриндиқлар, Брюссел гиламлари ва меҳмонхона кийимилгичи устидаги қиролича Викториянинг ўйиқли сурати. Улар зинадан пастга тушаётганларида Молли қаёққадир ғойиб бўлиб қолгани аён бўлди. Ортга қайтиб, уни ётоқхоналарнинг биридан топишди. У Жонс хонимнинг орасталик жомадонидан мовий бир тасмани олиб, елкасидан пастга эндирганча, ўзининг ўта ахмоқона кўринадиган чиройига кўзгудан маҳлиё бўлиб турарди. Барча ҳайвонлар якдиллик билан унинг бу қилмишини қораладилар ва биргаликда бу хонани тарк этдилар. Ошхонада осилиб турган бир неча жониворларнинг сон гўшти марҳум ҳайвонларнинг иззатини жойига қўйиб дафн этиш учун олинди ва майхона қисмида Боксёр туёғи билан пиво бочкасини тешди – уйдаги қолган ҳамма нарса тегилмаган ҳолда қолди. Собиқ хўжайиннинг уйини инсоннинг ҳайвонларга зулми ҳисобига шоҳона яшаганини хотирлатиб туриши учун музейга айлантириш борасида якдил қарор қабул қилинди. Унинг хоналарида бирорта ҳайвон яшамаслиги керак деган қарорга келинди.

Нонуштадан сўнг, Сноуболл ва Наполеон яна ҳаммани мажлисга чақиришди.

– Ўртоқлар, – деди Сноуболл, – аллақачон соат беш ярим бўлди, олдимизда узундан-узоқ кун турибди. Бугун биз йиғим-теримни бошлашимиз керак. Аммо биз олдин бошқа бир ишни қилишимиз лозим.

Чўчқаларнинг хабарига кўра, улар кейинги уч ой мобайнида мистер Жонснинг болаларидан қолган, ахлат тўдаси ичидан чиқиб қолган ҳуснихат тўпламидан эскича ёзув ва ўқишни бир қадар ўрганишган экан. Наполеон уларни қора ва оқ бўёқларни олиб келишга юборди ва ўзи асосий йўл бошланадиган жойдаги дарвозаларга томон юрди. Кейин Сноуболл (айнан Сноуболл, чунки унинг ёзуви ҳамманикидан чиройлироқ эди) иккига айрилган туёқлари орасига мўйқаламни олиб, дарвозанинг юқори тўсинига ёзилган «Қўрғонча» молхонаси» ёзувини ўчириб ташлади ва унинг ўрнига «Хайвонобод» деб ёзди. Бугундан бошлаб молхонанинг номи шундай бўлиши керак эди. Шундан сўнг улар бино томонга қайтдилар, бу ерда катта омборнинг орқа деворига Наполеон ва Сноуболлнинг буйруқларига асосан келтирилган нарвон тираб қўйилган эди. Уларнинг тушунтиришларига кўра, улар ўқиш ва ёзишни ўрганган сўнгги уч ой мобайнида чўчқалар ҳайвонизмнинг еттита устувор тамойилларини ишлаб чиқдилар. Бу еттита тамойил омбор деворида тарихга муҳрланиб қўйилади; уларда рад қилиб бўлмайдиган, шаксиз итоат этиладиган қонунлар акс этади, молхонадаги барча жониворлар бугундан бошлаб то охиратгача шу қоидалар асосида яшайдилар. Айрим мураккабликлар бўлса-да (чўчқаларнинг нарвонда туриши осон эмас), Сноуболл юқорига чиқди ва ишга киришди; бир неча поғона қуйида Қичқироқ бўёқ солинган идишни ушлаб турарди. Ҳайвонизм арконлари ёғ босган қора деворга ўттиз метр наридан ҳам ўқиладиган қилиб катта-катта ҳарфларда оқ бўёқ билан ёзилди. Мана, улар нималардан иборат эди:

ЕТТИ АРКОН

1. Икки оёқда юрадиган ҳар ким – душман.

2. Тўрт оёқда юрадиган ёки қаноти бор ҳар ким – биродар.

3. Ҳайвонлар кийим киймайдилар.

4. Ҳайвонлар тўшакда ётмайдилар.

5. Ҳайвонлар шароб ичмайдилар.

6. Ҳеч бир ҳайвон бошқа ҳайвонни ўлдириши мумкин эмас.

7. Барча ҳайвонлар тенг ҳуқуқлидир.

Ҳаммаси жуда чиройли ёзилди, фақат «биродар» сўзи «Бриодар» тарзида ёзилгани ва «с» ҳарфларидан бири бошқа томонга қараб турганини ҳисобга олмаса ҳам бўлади. Умуман олганда, ҳаммаси тўғри тамойиллар эди. Йиғилганлар ёзилганларни тўғри англаб олишлари учун, Сноуболл тамойилларни баланд овозда ўқиди. Ҳамма тўлиқ ризолик билдирди, айрим онгли ҳайвончалар тамойилларни дарҳол ёд олишга киришдилар.

– Энди, ўртоқлар, – деди Сноуболл, мўйқаламни улоқтира туриб, – ҳамма далага! Жонс ва унинг қулларидан кўра ҳосилни тезроқ йиғиб-териб олиш биз учун ор-номус белгисидир!

Аммо айни шу пайтда учта сигир, у оёқдан бу оёққа таянган ҳолда, қаттиқ маърай бошлашди. Улар бир кеча-кундуздан бери соғилмаган эди, уларнинг эмчаклари оғрий бошлаганди. Бироз ўйланиб тургач, чўчқалар челак келтиришни буюришди ва сигирларни жуда чиройли тарзда соғиб олишди. Маълум бўлишича уларнинг иккига ажралган туёқлари айнан шу учун яратилгандай эди. Бешта челак тезда буғи чиқиб турган иссиқ сутга тўлди. Бошқа ҳайвонлар бунга қизиқсиниб қараб турардилар.

– Энди бу сутни нима қиламиз? – Кимдир савол берди.

– Жонс баъзан сутни бизнинг емишимига қўшиб берарди, – деди товуқлардан бири.

1Бу ерда ва барча бошқа шеърларни Карим Баҳриев таржима қилган
Ücretsiz bölüm sona erdi. Daha fazlasını okumak ister misiniz?