Kitabı oku: «Қуёш ботаётган пайт», sayfa 2
“Қайтиб сиёғингни кўргилик қилмасин илойим”, деди ичи нафратга лиммо-лим бўлса-да, ўлганининг кунидан илжайиб, қўл қисишиб, хайрлашар экан Ҳаким чўпон ва ташқарига чиққан заҳоти: “Қўйиб берса, бутун малакатни ағдар-тўнтар қилиб, яна қанча одамнинг ёстиғини қуритади бу кал”, дея хавотир билан ўйлади. Уни от тизгинини тизгинсиз хаёллару жавобсиз саволлар макони бўлмиш кузги боғ бағри сари бошлаган иккинчи сабаб айнан шу эди…
Мана, Сувлидара боғлари! Мана, у интиқлик ила интилган сукутли диёр! Бу маъво бутун борлиқ заъфарон хазонистонга айланган тийра фаслда ҳам ўз тароватини йўқотмаган. Гарчи, ҳалитдан қорсираб илтижо этаётган қарғаларнинг қағиллашлари бу тароватга соя ташламоқчи бўлади. Бир қисм дарахтларнинг яланғочлигидан уялиб, қунишиб, дийдирабгина тургани қалбга озурдалик индиради. Туғма туйғунлиги учун бояги мулоқотдан қаттиқ мутаассир бўлганиданми, йиллар давомида азоблаб келаётган боднинг кузги хуружи туфайлими, қовоғи солиқ осмондаги кулранг ва намхуш булутлар елкасидан босаётгандек, юрагини ғижимлаб қисаётгандек туюлди. Кўкси ториқди. Ширин хотиралар ила ёриштиришга уринди тийра тасаввурини.
Кузги боғлар чиройи ҳам, рангсиз даштлар оройишидан сийқаланган кўз учун, шубҳасиз, дилрабою зебо кўринади. Бироқ афсуски.. унинг Сувлидарага сайри тоғлар қўйнига келин тушадиган, яъни тошқин сойлар соҳилидаги ризвонрухсор боғлар оқ-пуштиранг гуллардан ҳарир либос кийиб, истиқболига нафис ва иболи таъзим ила пешвоз чиқадиган, зумрад далалар йўлига алвон қизғалдоқлардан гилам тўшайдиган, чўққилар этагида қайнаб ётган турнакўз чашмаларнинг вижирлаган қўшиқлари тараладиган айни Ҳамал чоғига эмас, тийрамоҳ тугаб, қиш чилласи бошланишига тўғри келди. Шу боис салгина файзи қочгандек туюлмоқда. Бунга уларнинг кейинги пайтлар янада кичрайгани сабабдир балки.
Ривоят қилишларича, Октябрь инқилобидан олдин бу даралар, бу сойлар ғиж-ғиж боғлар билан қопланган экан. Ўрикзорлар, тутзорлар… Очарчилик йилларида одамлар шу боғлар туфайли жон сақлашибди. Лекин колхоз тузилиб, унинг темирчилик устахонасига кўмир керак бўлибди: қишда этакдаги пахтазорлар пахтасини қуритиш учун зарур эди. Кишилар чўл ичкарисига бориб саксовул кесиб келишга эринадиган одат чиқардилар. Чунки энди бунга ҳожат йўқ эди. Боғларнинг боғбонлари “қулоқ” бўлиб олис ўлкаларга бедарак кетишди. Колхоз эса буғдой экиш билан овора, боғлар эгасиз. Нурназар бобонинг ҳайрат билан ҳикоя қилишича, бир челаккина кўмир тайёрлаш учун йўғон-йўғон зардолилардан беш-олтитасини ёндиришаркан. Шу тахлит тобора юқорилаб, тоғлар қўйнига кириб боравердилар. Фақат чўққилар этагидагиларигина жон сақлаб қолишган. Кейинроқ, уруш арафасида ва ундан сўнг Россия ва Украинанинг дашт ҳудудларидан “маҳаллий аҳолига чорвачиликни ўргатиш ва… маданиятини ошириш” учун махсус йўлланмалар билан юборилиб, давлат хўжалигини бошқарган мутахассислар бу боғлар атрофига ерли халқ “ўрис дарахт”, деган ягона ном билан атовчи акас, арғувон, жўка, эман, заранг сингари манзарали дарахтлар эктиришиб, ўзларича тоғ ўрмонлари яратишга ҳаракат қилишган. Уларнинг ҳам анча қисми ўтин бўлиб кетибди. Лекин улар-ку майли, мевали боғларга юраги ачийди одамнинг. Ҳар тугул, яқиндан бери янги директорнинг азму шижоати билан уларни тиклаш, кенгайтириш ҳаракати бошланди.
…Ажиб боғлар. Уларда ер юзидаги жамики анвойи мевалар, гуллар бор. Бир томони полиз, яна бир томони чўққилар пойига туташган яйловлар. Бу боғ улкан бир дара қўйнида ястаниб ётибди. Пастда чўл, бепоён саҳро. Икки ёнда ҳад-худудсиз пахтазорлар. Шу боис бу боғлар баҳри муҳитдаги омонат оролчаларга ўхшайди. Ғалати бир ташбеҳ: оппоқ бир бепоён, бесарҳад баҳри муҳит. Оппоқ тўлқинлар… Йўқ, бу кўпиклар эмас, пахта чаноқлари. Қайси бир шоир айтганидек, “Чаноқларда қаймоқдай кўпирар пахта”. Ўлма-е, шоири замон!
Дарвоқе, боғлар… тоғлар қўйнига шу қадар чуқур кириб кетганки, дафъатан топиш қийин, эътибордан четда, гўё кимдир уларни яшириб қолгандай. Эҳтимол, бунинг сабаби уларнинг қадимийлигидир. Назардан четда, эгасиз қолганидир. Унутилган боғлар, эгасиз боғлар… Бунинг яна бир боиси бор. Бир вақтлар тоғ оралиқларидаги қишлоқлар аҳолиси чўлга – янги ўзлаштирилаётган ерларга “ихтиёрий” равишда кўчириб кетилди. Қишлоқлар, яйловлар, боғлар ҳувиллаб қолди. Қўрғонлар, уйлар қор–ёмғирлардан ивиб, эриб, бузилиб, вайрон бўлиб кетди. Бойқушларга ҳам қиладиган иш қолмади бунда. Яйловлар сукунат ичида, фақат тўрғайларга макон бўлиб қолди. Боғлар… боғлар қуримади. Боғлар, не-не кунларни кўрган қадим боғлар маъюс яшайвердилар. Мевалари пишиб, тўкилиб, қуриб, уруғидан янги ниҳоллар униб яшайвердилар боғлар. Фақат парвариш кўрмагани учун чакалакзор бўлиб, ўрмон сингари тиғизлашиб кетдилар.
Кейин боғларга гоҳ-гоҳида пастдан, дашт қўйнидан одамлар келадиган бўлишди. Уларнинг мевасидан ҳамма бирдек баҳра ола бошлади. Хайрия боғлари бўлди бу боғлар гўё. Кейин уларга эга чиқди. Давлат хўжалиги ихтиёрига ўтди. Сўнгра ўрмон хўжалиги эгалик қилди. Аммо шу йилларда унга бирор кимса ақалли битта ниҳол ўтқазмади. Лекин боғлар яшар, яшарар, ўз умрини сабот ила давом эттираверарди.
Қизилолма – олмазор боғ номи, Қушхона – осмон бўйи ёнғоқзорлар номи, Оққанд – ўрикзорлар номи, хуллас, хар бир боғнинг ўз номи бор эди. Қизилолманинг олмалари, эҳ, Ойбарчиннинг ёноғи шу олмалардан ранг олган бўлса не ажаб? Эҳ, бу боғлар, бу боғлар… Нима деб атасангиз ҳам атайверинг-у, лекин албатта бу боғда сайр этинг. “Бу боғни қайси боғ дерлар…” деган сатрлар айнан унинг қўйнида туғилган бўлса не ажаб? Эҳ, бу боғлардан кимлар баҳраманд бўлмаган, кимлар таърифига таҳсинлар айтмаган, ашъорлар битмаган. Наҳотки шу боғлар энди… Суллоҳлигу сурбетлик ҳам эви билан-да! Одамлар худодан қўрқишмайди, партиядан, э узр, бандадан уялишмайди-я!
“На инсофу на виждонни билар ё раб, бу инсонлар!..” дея хиргойи қилди у дилидаги чигилини ёзиш учун.
Алқисса, Ҳаким чўпон билан яқинроқ танишиш мавриди келди. Уни боғ дарвозасидан чиқаётган ҳолатда қолдириб, навбатдаги бобни таржимаи ҳолига бағишлаймиз
3
Буюк бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзидан аввал ўтган достончию термачилар, оқинларидан алоҳида ажралиб турадиган жиҳати – ҳозиржавоблик ва бадиҳагўйликда тенгсизу бетакрор бўлган экан. Бизнинг Ҳаким Ўнгалбой ўғли унинг бу ғаройиб ҳислати ҳақида эсини таниган пайтларидаёқ элда оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи ривоятлар орқали кўп эшитган, чексиз ҳайратга тушган, ҳавас қилган ва “қанийди, мен ҳам шундай бўлсам”, деган улуғ бир орзу асирига айланган. Шунинг таъсирию ундови билан, болалигидан эртагу достон эшитишга, тинглаганини ёдлаб олишга, ўзи ҳам баҳоли қудрат бир нималарни тўқишга уриниб келади. Буни унинг журналист қишлоқдоши Суҳроб Туробов яхши билади. Шунинг учун кунларнинг бирида уни республика радиосининг “Яйлов шукуҳи”, деган эшиттирувига таклиф этади. Ана шу эшиттирувда чўпон – шоир акамиз ўз таржимаи ҳолини қуйидагича баён этган экан:
“Мен, Ҳаким Ўнгалов, ёшим салкам элликда, касбим чорвадор, бугуннинг ифодаси ила аниқроқ изоҳлайдиган бўлсак, тадбиркор–фермер, журналистларнинг ёзишларича: қўйчивон, қишлоқча, жайдари қилиб тушунтирсам, қўйбоқар, яъни чўпон. Маълумотим олий, дорилфунунни сиртдан тугаллаб, тил ва адабиёт ўқитувчиси, деган ихтисос олганман, бироқ худойлиғимни айтай: бир кун ҳам ўқитувчилик қилолганим йўқ, ахир қўйни ҳам кимдир боқиши зарур эди-да, бир даврлар комфирқа аъзоси, яъниким, жамиятнинг етакчи кучи бўлганман, ҳозир қип-қизил партиясиз, сиёсатдан узоқ, иқтисодга яқинроқ бўлиб қолганман, замонасининг зайли экан-да, оилалиман, бир қизим, бир ўғлим бор: тўнғичим Ойсифат Ҳакимовна – муаллима, қишлоқ болаларига фаранг тилидан сабоқ беради. Кенжатой қўзи қўчқоримиз, э узр, ўғлимиз Тўхтарбой ҳали мактабда. Аёлим Мусаллам – ўзим билан бирга қўй боқади. Икки нафар чўлиғим, яъни ёрдамчим ҳам бор. Икковиям зўр йигит. Ҳар бири ўзича бир олам. Мавриди келганида ҳар қайсиси ҳақида ажабтовур ҳикоялар айтиб берарман. Ўзимнинг авлод-аждодимни сўрасангиз, Оқтов ва Қоратов оралиғида сурув ҳайдаб, достону терма айтиб, тўй-маъракани гуллатиб, элнинг кўнглини хушлаб, нокаснинг ёқасидан ушлаб, пешанасига муштлаб, курашу кўпкарида дов бермай умр ўтказишган. Менга ҳам шуларнинг феълидан жиндайгина юққан: гоҳ афандинамо гап қилиб, гоҳ алмойи-жалмойи саргузаштларимни айтиб, бировни кулдириб, бировни аччиқлантириб юраман. А, лаббай? Таржимаи ҳолни кенгроқ, муфассалроқ айтинг, дейсизми? Эмасам, қулоқ солинг.
Мен ҳам аксар даштлик болалар сингари тилим чиққан заҳоти халқ оғзаки ижодига, бахши-шоирликка қизиқдим. Бахшиларнинг достону термаларини кўп эшитганман-да. Ўзим ҳам термалар, эртаклар тўқидим. Бола-бақрани тўплаб ҳикоятлар сўйладим. Тил ва адабиёт муаллими бўламан, мактабда дарс бериш баробарида қиттигина ижод билан ҳам шуғулланиб юраман, шеъру ҳикояларимни туман газетасида бостираман, терма-достонларимни китоб қиламан, деган катта орзулар қилдим. Лекин…
Мактабни битирганимдан кейин биринчи йили ўқишга киролмадим. Бироз бекор юрдиму, кейин “бекордан худо безор”, деган ўгитга амал қилиб, ота-боболар касби деб, қишлоқ подасини боқдим. Сўнгра совхоздан (бир пайтлар шунақа бир ташкилот бўлар эди, ўзбекчаси – давлат хўжалиги, яъни ҳозирги фермер хўжалигининг давлатга қарашли шакли, унда директор, яъни раҳбардан тортиб, қоровулгача, давлатдан белгиланган маошни олиб ишларди) бир сурув қўй олиб Ҳаётбоши чўққиси этакларига чиқиб кетдим. Раҳматлик директоримиз Музроб ака бир куни ўтовга келганида “Абдиҳаким, сен каллали йигитсан, сиртдан молдўхтирлик ўқишига кир, ёрдам қилайлик”, деб қолди. “Майли ака, ўқисам ўқий қолай, лекин мен молдўхтир ҳам, одамдўхтир ҳам бўлмайман”. “Қайсига кираман дейсан?”, “Адабиётга кирсам дейман, ака!” “Э, сен қизиқ-ку, Ҳакимбой, нима Эргаш Жуманбулбул бовонгга ўхшаган бахши шоир бўлмоқчимисан?” “Нима қипти, ака, айб эмас-ку”. “Албатта, албатта, Ҳаким жўра, кўнглинг истаганига кир. Шоир бўлсанг, достон айтиб отангнинг, Эргаш бовонгнинг руҳини шод этсанг қанийди. Бизнинг Суҳроббой ҳам муштдай бошидан шеър ёзади, уям шоир бўлади, шекилли”.
Хуллас, адабиётга кирадиган бўлдим. Дастлабки имтиҳондаёқ бир домла “Чўпон одамга адабиёт майдонида пишириб қўйибдими, қишлоқ хўжалигига боринг” деса бўладими. “Домуллажон, шаҳардаги магазинчи-ю ошпазларнинг ярмисини адабиётчи қилдингиз-ку, энди битта чўпондан ҳам чиқаринг-да”. “Улар бизга камёб матоҳу маҳсулотлардан топиб бериб, адабиёт тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшмоқдалар, сенинг қўлингдан нима келади?” “Одамни ерга урманг, домуллажон, совхознинг минг қўйи ёнида ўзимнинг ҳам юз қўйим бор. (Шу жойи сал ўтрик, тўғрироғи шоирча муболаға бўлди. Ўзи кечирсин.) Антиқа попоқлар тикиладиган қоракўл тери, тоғ қўйининг шифобахш гўшти, эчкининг сути, аёлингизга тибит рўмол, ўзингизга иссиқ пайпоқ бўладурғон жуни дегандек.” “Оббо, сен-эй, гапга тушунадиган йигитга ўхшайсан-ку, бор-э, баҳонг тўрт! Аммо-лекин сендан бир попоқ ила бир тибит рўймол кутурмен, қишгача улгурурмусен?” “Албатта улгурурмен, домулло, попоқ сиздан ўргулсин!” Бошқа имтиҳонларда камсуқумроқ домлалар дуч келди. Достон, терма айткизишиб, қойил қолишиб, яхши баҳолар қўйишди. Кириб кетдим.
Талабалигим ҳалиги сур попоқ ва ангори жундан пайпоқ кийишу ширвоз гўшти истеъмол этишни хуш кўрадиган домланинг таъқиби (ростини айтсам, унга ҳалиги нарсаларни опкелиб бераман, деб юрган кунларимда туппа-тузук бир профессор пора билан қўлга тушиб қамалиб қолди ва камина қонун таъқибидан қўрқиб, ваъдамни бажаролмадим, домла эса” бу ярамас подачимас ваъдачи экан-ку”, деб зимдан қасд қилиб, йиқитаман, ҳайдатаман, деб юрди) ва яна бир-иккисининг хархашаларини ҳисобга олмаганда, силлиқ ўтди. Сиртдан бўлсаям ҳарқалай битказиб олдим. Дипломни олиб келиб давлат хўжалиги кадрлар бўлимининг бошлиғи, асли бошқирдистонлик бева аёл Маша опага топширдим. Олий маълумотли чўпон эканлигимни билишсин-да.
Чўпон деганнинг вақти унча кўп бўлмайди. Лекин камина фуржа топиб ижод қилишга киришдим. Сал қўлим бўшадими, дафтар қоралайман. Кампирим (бизда ёш келинчакни ҳам эркалатиб, шундай аташади, қариб-қартайиб юрсин, деб ният қилишади-да) ҳайрон, шогирдларим Эшпўлат ва Очилбой ҳайратда. Бўлим бошлиғи Қилич Заҳҳор айниқса тажанг. Қайси куни кимгадир шивирлаётганини эшитдим:
– Бу қисталоқ, темир дафтар қилиб бир балоларни илдириб, “кампироммат” тўплаб юрибди. Эҳтиёт бўлларинг, бизнинг узоқ қишлоқда яшовчи, номи авом, лекин ўзи жудаям саводли халқимиз “компромат”, яъни обрўзизлантирувчи маълумотлар нималигини ҳам яхши билишади. Сирасини айтсам, аксарияти бекорчилигидан уззу кун дўкон ёнида учтами-тўртта бўлволишиб, битта винони майдалаб, нуқул дунё сиёсатидан мубоҳаса юритишади: “Америкадаги бу галги сайловларда Рейган ютқизади”, дейди бири. “Улуғ Британия қироличаси қартайиб қолди, тожу тахтни ўғлигамас, неварасига топширмоқчи, чунки шаҳзода хотини бир четда қолиб, Камилла Паркер, деган маъшуқа орттирган”, дейди бошқа бирови. Мен эсам ҳалиги одамга қараб:
– Темир дафтар ўзингиздан бери келмасин, оқсоқол. Бу – достон . “Алпомиш”, “Гўрўғли”ни эшитганмисиз? Шунга ўхшаш бир достон битмоқдаман сотсиалистик мусобақа ғолиблари тўғриси-да, – дейман.
– Номи нима?
– Номими? Номи… “Қинга кирган қилич”
Қилич ака шиптир кал бўлгани билан билими ўзига яраша, айёр одам. Аскияни дарров тушунди.
– Сенинг ўзингни катта момонгнинг қинига киргизиб қўяман, билдингми, ҳе сўтак, одамни азмушта (масхара демоқчи) қилмоқчи бўласан-а, уккағар!
– Сўкинманг, азмушта қилаётганим йўқ, ростини айтдим. Мана ишонмасангиз, бир сира ўқиб кўринг.
– Нимасин ўқийман. Сен шоирлик қилиб гўрга борармидинг, ўзинг бит босган бир чўпон бўлсанг, – дейди аскиянинг аламини ҳалиям ҳазм этолмасдан кали Қилич.
– Ҳа майли, – дедим. Лекин бўшашмадим. Дафтаримни тўлдирдим. Тўлдириб Суҳробга жўнатдим. Бир куни қарасам, Суҳроббойдан хат келибди. Хатида “Ҳаким ака, бир иложини қиламиз”, дебди. Ёпирай, ҳали ёзганларингни китоб қилиб чиқарамиз, деса-я. Китоб чиқса кулгига қоламан-да. Қилич Заҳҳорнинг кулганидан куйгани кўп бўлади. Лекин… собиқ директоримиз, ҳозирги пайтда фермерлар уюшмаси раиси бўлмиш Нурқобилбой укамиз “Бу, Ҳаким ака, нега қўйларнинг этининг салмоғи йўқ десам, отарни ўз ҳолига ташлаб, шоирчилик қилиб юрган экансиз-да” демасмикан? Демасов? Нурқобил тушунадиган йигит-ку… Дарвоқе, Нурқобилни танисаларинг керак, унинг донғи бир пайтлар Московгача етган эди. Сўроқ чоғи ҳалиги тепакал армани терговчига “Ўзбек халқига туҳмат қилганинг учун бир кунмас бир кун пешонангдан отиласан”, деган йигит ўшада! Ў-ў, у замонлар оғир замонлар эди, ит эгасини танимай қолувди. Ўша терговчиям охир-оқибат ўзини юборган хўжайинларига ҳура бошлади. Дарвоқе, мен сизларга ит феълини обдон ўрганган бир жониворшунос сифатида айтаман, “ит семирса, эгасини қопади”, деган мақолнинг чўпон кучукка, умуман табиатдаги ит, деган ҳайвонга мутлақо алоқаси йўқ. Бу мақол одамларга нисбатан тўқилган. Чалғиб кетдим-а? Нима деётгандим? Нурқобил? Қайси Нурқобил? Ўзимизнинг раис Нурқобил Бўтаевми? Ҳа-а, уни мана, Сухроббойдан сўранглар, болалигидан яхши билади. Тўғрими Суҳроббой? Илтимос, сиз айтиб беринг, қанақа қийналганди бола бечора…
Қаҳрамонимизнинг илтимосини ерда қолдирмаслик учун Ҳаким чўпон таржимаи ҳоли давомини кейинги бобларга кўчириб, воқеамизнинг яна бир иштирокчиси билан яқинроқ танишамиз. Уни бундан анча йиллар олдин, саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида, бутун республика раҳбарларига қирон келган, амалдорман, деганнинг аксарияти қамалиб, тергов бериб ётган, чиндан ҳам ўта мураккаб вазиятда, руҳан эзилган, қийинчиликларни енголмай тушкунликка тушиб, ваҳимали хаёлларга берилган ҳолатда учратамиз
4
Нурқобил бамисоли тушовланган жийрон от сингари ўзини қўйгани жой тополмасди. Уйга кирди, ташқарига чиқди. Ҳовлига сиғмади. Далага интилди. Бийдай биёбон дашт ҳам торлик қилаётгандек бўлди. Оқтов билан Қоратов яқинлашиб келиб, вужудини икки томондан қисаётгандек туюлди. Дунё кўзига тор кўринди. Яна ҳовлига қайтди. Ўғилларини эркалатиб, овунишга уринди. Аммаси Гулсарага руҳсиз сўз қотди. Чой ичган бўлди. Ичига тушмади. Кейин ётоқхонасига кириб, лўққиллаб оғриётган энсасини кафтлари орасига олиб, оёқларини узатди. Бир бошга шунча савдо кўп эмасми, дея оҳ тортди. Кўксини муздек кўрпага бериб ётди. Хона совуқ эди, бунинг устига шиддат билан қоронғилашиб борарди. Кўз олди хиралашди, эти жунжикди. Туриб чироқни ёқди. Мўъжазгина жавондан қўлига илинган бир китобни олди. Жек Лондоннинг ҳикоялар тўплами экан. Ёнбошлаб варақлади. Ўқиёлмади. Дардини кимгадир айтгиси, кимгадир ёрилгиси келди. Кимга? Ким эшитади суринган одамнинг дардини? Шунда дўсти Суҳробни эслади. Қоғоз-қалам олиб, унга мактуб ёзишга киришди. Ваҳимали қилиб бошлади.
“Дўстим. Ушбу хат сенга етиб борган маҳалда, эҳтимол, мен ҳаётда бўлмасман…”
Тўғри қиляпманми, деб ўйлади. Иродам етармикан, дея чамалади. Бир бошга бир ўлим-да, деди қизиққонлик устида. Қолган жойидан давом эттирди: “… Эҳтимол, деяётганимнинг сабабини яхши биласан – ўз жонига қасд қилиш осон иш эмас. Айниқса, мендек – ҳаётни бутун вужуди, жон-дили билан севган, яшашни, мудом ғайрат билан елиб-югуриб яшашни истаган ва эртанги кунига ишонч билан қараган кишининг, ҳали анчайин ёш бир йигитнинг бундай қилиши сира-сира осон эмас. Эсингдами, отам барвақт ўлиб кетганлигидан ўксинганимда, йиғлаганимда “Отангнинг қолган умрини ҳам сен яшайсан, бу қийинчиликлар ўтиб кетади, ҳали ёруғ кунлар олдинда”, дея тасалли бергандинг. Мен ишонардим. Қаттиқ ишонардим. Фақат ишонишнинг, орзу қилишнинг ўзи кифоя эмаслигини ҳам яхши билардим. Бунинг учун меҳнат қилиш, курашиш, интилиш керак эди. Шундай қилдим ҳам…
Мана, энди шундай аҳволга тушдимки, бутун умрим, инсонлигим, интилишларим, қилган ишларимнинг ҳаммаси беҳуда эканлигини англаб турибман. Энг ёмони, гарданимдаги тавқи лаънат, шармандалик юки шу қадар оғир, шу қадар даҳшатлики, ерга кириб кетгим келади…”
Қамалиш шу қадар даҳшатли шармандаликми? Алоҳа ёзишдан тўхтаб савол берди ўзига. Уруш йиллари ота-онаси билан Россиядан кўчиб келиб, шу ерда улғайиб, яшаб қолган, трактор тузатувчи уста чол Николай Петрович ширакайф пайтлари сафсата сўқиб, дердики, “биз, ўрисларда шундай нақл бор: ҳар бир киши ҳамиша қамалишга ёки ақлдан озишга тайёр туриши керак”. Бобойнинг ўзи ёшлик йилларида бир неча марта қамалган экан. Гоҳо шуни юзига солишса, “хўш, нима бўпти, вақтида Ленин ҳам, Сталин ҳам қамалган”, деб қўяркан. Лекин Нурқобил унақа деёлмайди. Орияти йўл қўймайди. Унинг учун уят – ўлимдан қаттиқ.
“…Албатта, ўзини ўлдириш осон иш эмас, кейин бу – ўта бемаъни, ахмоқона чора. Лекин менинг аҳволимга тушган киши, тўғрироғи, мендек киши шундай аҳволга тушгач, фақат ана шундай қилиши мумкин. Шундан бошқа чораси йўқ. Лекин…
Болаларимга, бегуноҳ қора кўзларимга, етим қўзиларимга раҳмим келади. Онадан сағир қолганлари етмагандек, мен ҳам ташлаб кетадиган бўлсам, аҳволлари нима кечади? Ёлғиз аммам уларни улғайтириб, одам қаторига қўша оладими.
…Дўстим. Эсингдами, болалик йилларимизда бир-биримизга “ўл, ўласан, ўлдираман” деган сўзларни беаёв ишлатардик. Бу сўзлар шу қадар оддий, шу қадар қадрсиз эдики, бирорта ёнғоғимиз бировимизга ўтиб кетса ҳам, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. “Ўлим” деган сўз, тушунча биз учун ҳам албатта, ўзининг чинакам, асл маъносини англатарди. Ўлим деганда ҳаётда бўлмасликни, ундан кетишни тушунардик, ахир. Менинг отам ўлганди, сенинг онанг. Лекин биз шунга қарамасдан, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. Энди билсам, ўшанда биз ўлим нималигини билардик-у, ҳаёт нималигини англаб етмагандик. Шунинг учун ҳам улғайганимиз сари, ҳаёт нималигини тобора чуқурроқ англай борганимиз сари “ўлим” сўзини камроқ тилга оладиган бўлдик. Улғайиб, бола-чақали бўлганимиздан кейин эса умуман тилга олмай қўйдик. Ҳатто болалар баъзан бир-бирларига шунақа дейишса, қаттиқ койийдиган, “Унақа дема, оғзингдан шамол учирсин” дея танбеҳ берадиган бўлдик. Ҳа, дўстим, энди бу сўз бизга жудаям даҳшатли туюладиган бўлди. Чунки ҳаёт нималигини тушуниб етдик. Мовий осмонга тўйиб боққинг, ям-яшил далалар, қирлар бўйлаб тинмай югургинг, дарёларни симиргинг, тоғларни бағрингга босгинг, хуллас, абадий яшагинг келади…”
Йўқ, ёзолмади давомини. Қанақадир сунъий, китобий чиқди. Кулгили. Гарчи мактабда у ҳам Суҳробга таассиб қилиб, шеърлар ёзган. Адабиётни жон-дили билан яхши кўрган. Бу муҳаббат ҳалиям қалбини тарк этгани йўқ. Шодон кунларида ҳам, маҳзуну маълул дамларда ҳам ёлғиз қолиб, китоб мутолаа этгиси келади. Аммо… ўз жонига қасд қилиш ниятидаги одам қанақадир фалсафа сўқиб ўтириши барибир ҳам кулгили. Ва аянчли. Яхшиси… Гапсиз, сўзсиз… қилиш лозим бу ишни. Шунда ҳаммасидан қутулади. Азоблардан ҳам, шармандаликдан ҳам. Қамалиш-ку, ўрис бобо айтганидай у қадар қўрқинчли эмасдир балки. Бироқ қайтиб келганидан сўнг охирги нафасигача бўйнидаги тавқни ечолмай, боши эгилиб яшашдан оғири йўқ.
Болаларга… Аммаси бор. Амма табиатан ўктам аёл. Ўзиниям, жиянлариниям ўкситмайди, хор қилмайди. Боши эгилиб ўсишмаса бўлгани. Ҳарқалай судланмасдан ўлиб кетсам, уларга касриму насоғим тегмайди, ҳеч ким “жиноятчининг боласи”, деб қўлини бигиз қилиб кўрсатолмайди. Судлансам-у “олий жазо”гами, узоқ муддатли қамоққами ҳукм этилсам, номимдаги бу тавқу лаънат ювилиши учун ўнлаб йиллар, балки асрлар керак бўлади. Фақат фарзандларим эмас, невараю эвараларимнинг таржимаи ҳолида акс этиб, кўрган кўзга тикондай қадалиб туради бу. Тўғри, отмасликлари, ўн беш йил беришлари эҳтимоли кўпроқ. Ундаям барибир маънан ўлган бўламан-ку. Яқинда республиканинг пахтачилик соҳасидаги бир раҳбари отувга ҳукм қилинди. Яна бир нечаси ўн-ўн беш йилдан олди. Қатағон тегирмонининг тоши тобора кучлироқ айланмоқда. “Пахта ишлари” борган сари авж олмоқда. Эрта-индин унинг ёнига “чорва ишлари” ёхуд “боғдорчилик ишлари” ҳам қўшилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Айтишларича, бутун республикани зир титратаётган икки терговчини нақ Кремлнинг ўзидан бошқариб, ҳайбаракалла қилиб туришганмиш. Нурқобил қамалаётганларнинг ҳаммаси оппоқ, демоқчи эмас. Улар орасида виждонсиз ҳаромхўрлариям, тариқча иқтидори бўлмай туриб, таниш-билиш ёки пора эвазига катта мансаблару баланд курсиларни эгаллаб, “давринг келди, сур бегим”, деб юрганлари етарли. Лекин гуноҳсизи кўпроқ. Шуларнинг бир нечаси ориятга чидолмай ўзини ўлдирди. Бир вилоят раҳбари, бир вазир, яна бир қанча оддий одамлар. Ҳаддини буткул унутган марказлик терговчилару уларнинг маҳаллий гумашталари эса телевизорга чиқиб: “бу ой ўтган ойдагига нисбатан икки баравар кўп миқдордаги кишини қамадик”, дея сурбетларча мақтанмоқдалар. “Миқдор”, эмиш. Одамга, унинг тақдиру қисматига нисбатан ана шундай сўзлар ишлатилмоқда. Республика, вилоят, туман, хўжалик раҳбарларидан кейин навбат оддий сувчию тракторчиларга келибди. Гуноҳкору бегуноҳ аралаш-қуралаш янчилмоқда. Аммо шундай вазиятда… яшаш мумкинми? Қарангки, шундай шароитда ҳам Ўташев сингарилар денгиздаги наҳанглар мисоли эркин сузиб юришибди. Нафақат эркин сузишяпти, ўлжа олиб, музаффар бўлиб, янада семиришяпти. Майли, улар яшасинлар, давру даврон сурсинлар. Бизлар эса…
Шу тариқа унинг бу кунидан кўра ўлгиси келар, бир қараганда, бу сираям қийин иш эмасдек туюларди. Тунов куни бир амалдор ўзини отгани, иккинчиси осгани, бошқа бирови худди японлар сингари “харакири” қилиб, ичак-чавоғини ағдариб ташлаганини эшитиб, даҳшатга ва… ғурурли бир ҳайратга тушди. “Бизнинг халқимизни қўйдай юввош ва муте дейдиганлар бунақа воқеаларни кўриб, эшитиб, нафаслари ичларига тушса керак”, дея қўлларини беихтиёр мушт қилди. “Менинг улардан нимам кам, мен шу даражадаги журъату жўмардлик кўрсатолмайманми” деб ўйлади. Лекин айни пайтда ҳаёт кўзига жудаям ширин кўринарди. Аммасининг ўктамлигини эътироф этгани ҳолда, икки болани ҳамшираликнинг арзимаган маоши билан кун кўрувчи кимсасиз бева аёлга ташлаб кетиш жўмардликдан бўладими, деган андишага борарди. Дўсти Суҳробга ёза бошлаган мактуби баҳонасида у ўз жонига қилмоқчи бўлаётган қасдини сал бўлса-да кечиктиришга, шу мудҳиш режа ижросидан бироз чалғишга уринар, гўё шу орада бир мўъжиза юз беради-ю, унга қаратилган барча ғанимларнинг найза ва тиғлари синиб, туҳматлар субҳи козибнинг ғубори мисол тарқалиб кетадигандек. “Ноумид шайтон”, дейишни яхши кўради Нурқобилнинг қиёматли оғаси, уни дўстлари масхаралаб, қадрдонлари эса эркалатиб “довдир” деган лақаб билан атайдиган Ҳаким чўпон. Унинг ўзи эса бу лақабни ёқтиради. “Бу – менга она халқим берган, Аллоҳ лозим кўрган тахаллус, – дейди ҳазиломуз оҳангда у. – Минг шукр, минг раҳмат, ахир Ҳаким кал, Ҳаким кўр, Ҳаким чўлоқ ёки маймоқ, Ҳаким қийшиқ ёки гаранг, Ҳаким тентак, Ҳаким ўғри ёки апирис, дейишмаган-ку. Мен катта луғатларни кўриб чиқдим, “довдир”дегани содда, андининг бир хили экан. Хўш, бунинг нимаси ёмон?”
Ростданам, ҳувори халқимиз нега бунақа қилади-а, бир гал Нурқобил мажлисда сўзлаётган кимгадир шу ҳақда дакки берганди. У эса, “директор бово узр-ку, бизнинг халқимиз кални кал, кўрни кўр, дейди, бундан ҳеч ким хафа бўлмайди”, деб тушиб кетди. Суҳробнинг фикрича, бу “шафқатсиз реализм”, эмиш. “Фақат бизда эмас, бутун дунё халқларида бор бу русм ва у қадимги даврлардан буён истеъмолдан тушмай келади”, деди у. Ҳазил қилди шекилли. Тиббиёт, маданият юксалгани сари одамларнинг жисмоний кемтиклари ҳам уларни юзга солиш каби одатлар ҳам барҳам топиб боради. Лекин…афсуски, очкўзлик, порахўрлик каби ахлоқий қусурларнинг йўқолиши осон эмас.
“…Мирпўлат Мирзо деган шоирнинг бир шеърини ўқиган эдим:
Шамолларнинг атридан дилни сармаст этамиз,
Эсаверар шамоллар мангу, бизлар кетамиз…”
Дарвоқе, уни сен яхши танисанг, тез-тез кўриб турсанг керак. Менинг саломимини ва мана бу шеър учун миннатдорлигимни айтиб қўй…”