Kitabı oku: «Қуёш ботаётган пайт», sayfa 4
6
Қишлоқ касалхонаси врачи Тошбўри Милтиқбоевнинг навбатдаги дам олиш куни одатдагидек рўзнома мутолаасидан бошланди. Узоқ ўқиди. Ҳозир газеталар қизиқарли. “Ошкоралик ва қайта қуриш” бошланганидан бери анча дадил ёзишяпти. Катта-катта амалдорларни танқид қилишади. Айниқса ўлиб кетганларининг гўрига тап тортмай ғишт қалашмоқда. Яқингинада: “атоқли арбоб, ҳаммамиз учун ҳурматли”, деб мадҳ этиб юришарди. Энди сурбетларча балчиққа булашмоқда. Тирикларини ҳам қуруқ қўйишмаётиру, ҳар нечук бироз аяшади. Тошбўри бунақа “стакан ичидаги” тўфонларга эмас, халқаро воқеаларга кўпроқ қизиқади. Шунинг учун бу гал ҳам “Оламда нима гап” рукни остидаги хабарларни мутолаа этди. Ҳижжалаб ўқиди.
Ер юзи аҳолиси олти миллиардга етди…
Бутун бир газетадан эсида қолган жумла шу бўлди. Қизиқ. Жуда тез кўпайиб кетяпмиз. Охири нима бўларкин?
Тошбўри Милтиқбоев ёшига унчалик ҳам мос келмайдиган даражада мулоҳазали, узоқни ўйлайдиган киши. Акс ҳолда институтни кечагина битириб келган йигитнинг дунё ташвишлари билан неча пуллик иши бор. Қорнингни қаерда тўйғазишни ўйласанг-чи, хумпар. Пайпоғингни ювиб берадиган битта одамга зорсан-у, яна ер юзи аҳолиси кўпайиб кетаётганидан ташвишга тушиб ўтирибсан-а!
Милтиқбоев ўзи ҳақида ана шунақа камтарона оҳангда фикр юритишни яхши кўради. Қанча камтарин бўлсанг, мавқеинг, мартабанг шунча ошармиш. Мартаба нима деган гап. Нима, одам дунёда фақат мартаба учун яшайдими? Ахир, инсонгарчилик мансабга қараб белгиланмайди-ку! Тўғри гап. Лекин киши ҳаётда ўз ўрнини топиб олиши керак. Бу йўлда баъзида сал-пал арзимаган хатоликлар юз бериши мумкин. Муҳими, ана шу хатоларни тан ола билиш ва тузатишда.
Четдан назар солган одамга Тошбўрининг гаплари, мулоҳазалари телба-тескари бўлиб кўринади. Синчков киши эса дабдурустдан “файласуф-ку” дейиши мумкин. Ана шу гапда бир оз жон бор. Фалсафага мойиллик Тошбўрида отамерос бўлса-да, бирдан эмас, бирмунча кечроқ – мактабни битираётган пайтларда пайдо бўлганди. Шунинг учун аттестатни қўлга олиб қатъий қарор қилди.
– Философияга кираман!
Отаси унинг қароридан ажабланмади.
– Тўғри ўйлабсиз, ўғлим. Ҳозирги замон одами биринчи навбатда зўр файласуф бўлмоғи шарт. Аммо-лекин ўзимдан қиёс қилиб айтаманки, фақат фалсафа билан чекланиб, ўралашиб қолувчи кимса бахтли бўлмоғи қийин. Узоқни, узоқ келажакни ўйланг, ўғлим.
– Нима қилай бўлмаса, ота?
Тошбўри яхши тарбия кўрган, одобли йигит. Шу боисдан ҳам отасининг гапидан тўғри хулоса чиқарди. “Ўзимнинг билганим –билган, деганим – деган” деб туриб олмади.
– Шундай бир касбни танлангки, ўғлим, у кишилик жамияти, айниқса афкор омма учун ҳамиша ва ҳар вақт зарур ҳамда керакли бўлсин. Жамият тараққиётининг ҳамма босқичларида ҳамма ва ҳар бир киши сизнинг мавжуд ва зарур эканингизни англасин…
– Ўқитувчи бўл демоқчимисиз?
– Гапимни охиригача эшитмадингиз ва шунинг учун тушунмадингиз, ўғлим. Ўқитувчилик ҳам, албатта, яхши касб. Аммо-лекин у бечорани ҳамма ҳам ҳурмат қилавермайди. Ўн йил қон бўлиб ўқитган шогирди баъзан кўчада саломни насия қилиб ўтиб кетади. Ҳолбуки…
Отаси узоқ, лекин тушунарли ва ёқимли қилиб гапирди. Хулласи калом, дунёда шифокорлик деган улуғ ва хокисор бир ҳунар бор. Бу касбнинг улуғворлиги, муҳтарамлиги ҳақида жуда кўп мисоллар келтириш мумкин…
– Ахир мен ўликдан қўрқаман–ку!
Отаси тасалли берди. Юпатди. Қизиқтирди.
– Келинг, ўғлим, ўйлашиб кўрайлик. Ахир, сиз фалсафага мойиллиги бор кишисиз. Ўлик нима ўзи? Жонсиз вужуд. Ундан қўрқиш керак эмас. Бу ҳақда домлаларингиз ҳали кўп гапиришади, тушунтиришади. Ўрганиб кетасиз, ўғлим. Инсон ўрганмайдиган, кўникмайдиган ҳолат бўлган эмас ва бўлиши мумкин ҳам эмас…
Тошбўри ўз феълидаги файласуфлик отасидан ўтганлигини ўшанда биринчи марта ҳис қилди. Ҳис қилди ва отасининг маслаҳатига кўнди.
Тошбўри институтни битиргач, тоғаси Шоқувват Ўташев (у туманнинг кўзга кўринган одамларидан) жиянини Чашмизирак қишлоқ касалхонасига бош врач қилиб қўймоқчи бўлди. Лекин Тошбўри кўнмади. Нима керак бирдан бош врачлик. Бирон йил ишласин, тажриба орттирсин, кейин майли. Муҳими, амалий ишни чуқур ўрганиш керак. Кейин институтга қайтиб, илмий иш қилади. Ҳаммаси ҳисоб-китоб қилинган…
Телефон жиринглади. Тавба, тоғу чўллар қўйнидаги гадойтопмас қишлоғу, лекин телефондан қуруқ қолмаган. Яна автомат телефон. Номер териш керак. “Ду-ут, ду-у-ут” қилади. Шаҳарникидан кўра овози бўғиқроқ, йўғонроқ, дағалроқ.
Тошбўрибой иш бошлаган кезларда Чашмизиракка ҳали мобил телефон етиб келмаган, сирасини айтадиган бўлсак, пойтахти азимнинг ўзида ҳам эндигина урф бўлаётганди. Акс ҳолда бу эррайим йигит уни биринчилар қатори чўнтагига солиб юрган бўларди албатта. Баҳарнав кеча эшитдики, тегишли идораларнинг рухсати ила тоғ қишлоғининг касалхонасига суньий йўлдош орқали ишловчи замонавий симсиз алоқа воситаси ўрнатса мумкин экан. Эртаданоқ шунинг ҳаракатига тушишни дилига тугди. Ҳозирча эса…
Тошбўри телефон трубкасига хушламайроқ қўл чўзди. Бугун якшанба бўлса. Касалхонага боришга сира хоҳиши йўқ. Бу қишлоқ деганида одамлар дам олиш куни деган гаплар билан ҳам ҳисоблашишмайди.
– Милтиқбоевман!
Қўнғироқ қилган киши навбатчи ҳамшира экан. Қизиқ аёл шу Гулсара хола. Ёши бир жойга борган, тажрибаси ҳам анча-мунча. Лекин доим шошиб, ҳовлиқиб юради. Ҳозир ҳам нафаси бўғзига тиқилгудек бўлиб гапираяпти. Касалхонага оғир касал олиб келишганини бир амаллаб тушунтирди.
– Яхши, яхши! – деди Милтиқбоев энсаси қотиб. Бу унинг “ҳозир бораман” дегани эди. Аммо ҳамшира ҳовлиқма эмасми, тушунмай бақирди. “Нима яхши. Бу ерда одам ўляпти, ука, нимаси яхши бунинг?”
– Ҳозир етиб бораман деяпман, тушунмаган одам! – жаҳли чиқди Тошбўрининг. Дам олаётган кишини чақиришади-ю, яна муомала, илтимос ўрнига дўқ-пўписа. Қизиқ одамлар. Бордию, мен уйда бўлмасам, нима қилишарди. Айтайлик, айлангани чиқиб кетганимда. Бу худо урган қишлоқнинг айланадиган жойи ҳам йўқ. Чор тевараги яйдоқ қиру чўл. Тоғ дабдурустдан қарасанг, яқин кўринадию, мотоциклда бир соатлик йўл.
У рўзномани буклаб чўнтагига солди. Ишхонада ўқийди. Ташқарига чиқди. Ҳаво совуқ. Қиш тугаяптию, сира ён бергиси йўқ.
Милтиқбоев чуқур хўрсинди-ю, касалхона томон шошилмай юриб кетди.
7
Ҳаким довдир айни шу пайтда каравотда заифгина инграниб ётарди. У одам бўлиб, эсини таниганидан бери бирор марта “иҳ” демаган. Чўпон деган зотга касал бўлишни ким қўйибди? Яна юрак касалини. Қўйнинг қатиғи, эчкининг қаймоғи ўликни тирилтиради: тоғу тошдаги жамики шифобахш гиёҳнинг кучи шунда. Бунинг устига, ўзиям бир гапириб, ўн куладиган, юз кулдирадиган одамижон, суҳбати хандон. Қўй кетидан юрганидаям ёлғизликни сира писанд қилмайди. Ашулани ванг қўйиб, шеър ўқиб, терма айтиб, бутун яйловни бошига кўтариб, кайфини чоғ қилиб кетаверади.
Ана шу одам, ўша ҳаммага маълум ва маъқул Ҳаким довдир Чашмизирак касалхонасида юраги билинар-билинмас уриб, чалажон бўлиб ётибди. Э, дунё! Бу дард дегани кўзи кўр, қулоғи кар бир нарса бўларкан-да. Эса “муни нимасига ёпишаман, бу бир ўзи билан ўзи оввора, четда, дунёнинг ташвишию тала-тўпларидан холи оддий одамча бўлса, тинчгина даштда қўйини боқиб юрган бўлса” демайдими? Кечаю кундуз элим, халқим, деб югураётган бир сиёсий арбоб бўлгандаям майлийди. “Ҳа энди каттачиликнинг оқибати ё инфаркт ё инсультда”, дея бу ҳолга ажабланмаган, фақат ачиниб, худо шифосини берсин даҳрий бўлса ҳам, деб қўярдик. Гарчи…
Ҳозирги пайтларда сиёсий қарашлари ҳақидаги саволларга: “партиясизман, ўйлаб кўрсам, менинг эътиқодим сиёсий манфаатлар доирасидан анча баланд ва кенг экан”, дея ҳазиллашиб юрувчи довдир қўйчивонимиз ҳам бир пайтлар комфирқа аъзоси бўлган. Ўзини вужудга келтирган қонуну ақидаларни бузиб, худпараст бюрократлар партиясига айлангани учун ич-ичидан емирилиб бошлаган иштирокиюн инқироз олдидан худди ўладиган касал қазо арафасида тасаввури тиниқлашиб, қисқа фурсат ақли жойига келгани каби хатоларини англаб, уларни тузатишга киришган, яъни ўз сафларига порахўр амалдорларнинг мансабпараст меросхўрларинигина эмас, чинакам ҳалол, меҳнаткаш инсонларни қабул қилишга азму шижоат этган кунларда бизнинг Ҳаким оға ҳам баногоҳ бир кунда коммунист бўлиб қолган эди. Кейинроқ уни “Ватан” номли мўъжазгина транзистор орқали Ватан ёғийлари бўлмиш “Озодлик”, “Би Би Си”, “Америка овози” сингари радиостанциялар эшиттирувларини тинглайди”, деган айб билан роса обориб–опкелишганини эшитганмиз. Ўшандами ё сўнгроқми, ўчирилганми ё ўзи чиқиб кетганми, ишқилиб анча вақтлардан сўнг бояги юксак рутбаю шарафдан мосуво бўлганидан хабар топдик. Тафсилотларига қизиқмадикки, бу пайтларга келиб иштирокиюнчиликнинг у қадар катта аҳамияти бўлмай қолган, партиядан ғайри каслар ҳам одам қаторида ҳисоблана бошлаганди. Бироқ бошида, Ҳакимбой ака большавойлиги жонибидан Худога ишонмаслиги лозимлигини тушунарди. Бинобарин, ичида “Э, Худо!”, дердию овоз чиқарганда, “Ё, Тангри-табиат!” деб хитоб қиларди. Нима қилсин, шундай замонлар бўлдики, номоз ўқиш нари турсин, Худонинг номини тилга олиш жиноят ҳисобланди. Шунинг учун аксар партиядошлар сингари дилида бир хил, тилида бошқача гапиришга мажбур эди. Илло, бунинг учун уни айблашга ҳеч бир кас журъат этмасди. Фақат бир гал совхоз фирқаларининг котиби Усмон Шамсиев ботинқирамай илтимос қилди.
– Ҳаким ака, шу… Тангри сўзини ишлатмасликнинг иложи йўқми? Фақат “табиат” десангиз-чи, сизга барибир эмасми?
– Ўв, Усмон ака, лекин жуда қитиқ патимга тегдингиз-да. Ахир, мен айтаётган Тангри сўзининг арши аълодаги Парвардигор эгамга умуман алоқаси йўқ (ичида илоё ўзинг кечир, деб қўйди). Мен айтаётган Тангри – бу ҳаётни, инсонни яратган, аниқроғи маймунга ақл-идрок бағишлаб, онгли меҳнат қилишга ўргатган табиат. Табиатга сиғиниш, унга меҳр қўйиш менинг фирқачилик эътиқодимга тўсқинлик қилмайди, энди кўнглингиз жойига тушгандир. Нафсиламбирини айтсак, Ҳаким оғамиз барибир ҳам бир қадар соддалигига борармиди, Нурқобилдай энг яқин, дилтортар суҳбатдошлар билан муораза этганда: “Худонинг борлигини рад этишини ҳисобга олмаса, коммунистларнинг мафкураси анчайин адолатли экан, камбағалга қайишаркан-да ҳарқалай”, деб қўярди. Мавриди келганда қўшимча қиларди: “агар Худо бир, расули барҳақ”, деб турганда компартияга ўла-ўлгунча хизмат қилар эдим, Яратганнинг ўзи адаштирганми, ё синаганми, ишқилиб улар шу масалада хато қилишган экан-да…”
Шифохонада шифо истаб музтар ётган Ҳаким довдири тушмагур ана шунақа одам эди. Ҳазиломуз бўлса-да, аслан жиддий ва мустақил фикрлар, таниқли шоирнинг машҳур сатрларини фаромуш этибми ё атайми, сал ўзгартириб: “Менинг бу дунёда ўз айтар додим ва ўзим танлаган эътиқодим бор”, дея хиргойи қилиб юрарди. Ичида йиғласа ҳам ташига чиқармас, кулиб тураверарди. Ҳозир ҳам оғриқни енгиш, жилла қурса, сал-пал эсидан чиқариш учун умрининг ҳаловатли, гаштли лаҳзаларини ўйлаб кетди. У жони қаттиқ, иродали, айтганини қилмаса қўймайдиган одам. Оғриқни чекинтирди. Хаёлида болалиги, ўйинқароқлик дамлари айланди.
8
Дарвоқе, Ҳаким довдир нима учун довдир лақабига эга бўлиб қолди? Ҳакимлигининг боиси – отаси, Чашмизиракнинг биринчи ўқитувчиси Ўнғалбой Каримов Алпомишдек паҳлавон бўлармикан деган умидда исмини қўйган бўлса керак. Бечора ўқитувчининг ўзи ҳам бахшиликка, достончиликка жуда қизиқар, қанча достону термаларни ёзиб олганди. Аммо Ҳаким онасининг қорнидалигидаёқ шўрлик ота ўз дўстлари томонидан чақув бўлиб қамалди. Шушу дом-дараксиз кетди. Орадан йиллар ўтгач, Ҳаким довдир отасининг Бухорода ўқиганини, ғоят саводли, маданиятли одам бўлганлигини, туҳмат туфайли ноҳақ айбланганини, Сибирда вафот этганини, эндиликда оқланганини билади. Унгача эҳ-ҳе, етимлик азоби, “халқ душманининг ўғли” деган тавқи лаънат остида эзилиш… Эҳтимол, Ҳаким шу жонибдан савдойироқ, “териси қалинроқ” бўлиб ўсгандир. Алам қиладигани шу эдики, Ҳакимбой Ҳакимбек эмас, Абдуҳаким – жуссаси бир бурда, калтабақай, дум-думалоқ бўлиб ўсди. Устига устак алмойи–жалмойи гапларни томдан тараша тушгандек тарақлатиб, довдир деган гоҳи ёқимли, гоҳи қулоққа тошдек уриладиган лақабни ҳам орттирди.
– Сен, ошна, ўзингни у ёқ-бу ёққа уриб юрма, – деди мактабни битираётганида унга ўқитувчиси. – Ойнаи жаҳонда кулги кўрсатуви бор. Бир бало қилиб шунга илиниб ол. Нонинг бутун бўлади.
– Унинг учун театр мактабида ўқиш керак эмасми, муаллим, – деди Абдуҳаким ўзича ақлли гап гапираётганига ишончи комил бўлиб. – Ахир, кулгихонагаям дуч келган кишини олавермаса керак.
– Э-э-э, қизиқ экансан! Сенга институтда нима бор. Сенга билим нима керак. Анқайиб тураверсанг бўлди. Шунинг ўзи кулгили.
Абдуҳаким довдир бўлишига қарамай, жудаям нафсониятли, иззат-нафси нозик йигит эди. У нописандликни, кибру-ҳавони сира-сира ҳазм қила олмасди. Бундай кезларда унинг довдирона гапи шунчалик аччиқ бўлардики, бундай гапдан ана-мана деган илон пўст ташлаб юборарди.
– Тўғри айтасиз, ўқиш агар сиз ўқиб келган ўқиш бўлса, одамнинг бор ақлиниям еб қўяр экан. Ундай ўқишда афандининг эшаги ўқисин. Менга, ўзингиз айтганингиздек, кулгихона маъқул экан.
Ўқитувчи қизариб, бурни терлаб кетди.
– Сен қурғурда ўжарликданам бир қамчи бор-ку! Э, шумшаймай кет, касофат довдир. Сени кулгихонага эмас, ажойибхонага юбориш керак. Жониворларнинг тагини тозалаб юрасан. Тур, жўна, чиқиб кет! Сен билан валақлашиб ўтиришга вақтим йўқ. Шум етим!
Ўқитувчи довдирнинг тилидан яна бир томчи заҳар томишини ва ўзининг бурни-ю, яна бошқа жойлариям терлаб кетишини билгани учун бу балойи азимдан тезроқ қутулиш чорасини кўрганди. Ҳаким бўлса, кетар жафоси қилиб яна битта ташламоқчи бўлди-ю, лекин шайтонга ҳай берди.
Тақдирнинг ўзи Ҳакимнинг мушкулини осон қилди. Тирикчилик важидан у қишлоқ подасини боқди. Кейин совхоздан бир қўра қўй олди-ю, кимсасиз яйловга чиқиб кетди. Даралар қўйнида у ҳеч кимни масхара қила олмас, кимсанинг кўнглини ранжитолмас, қўйларга ҳарчанд қалтис гапирма, ноўрин ҳазил қилма барибир эди. Онадан сўксанг ва ҳатто урсанг ҳам индашмайди. Қўй ўз номи билан қўй-да! Мўлтираб қараб тураверади. Лекин Ҳаким умри бино бўлиб, бирорта қўйни уриш, сўкиш нари турсин, “сен”сираган эмас. Билъакс, ҳазилкашмасми, совлиқларга китобларда ўқигани каби “хоним афандим”, қўчқорларга “Дагар Қўчқорович”, деб мурожаат этарди. Сурувнинг йўлбошчиси сариқ серкани эса кайфияти яхши пайтлар “ўртоқ Раҳбар”, деб чақирар, нимагадир чалғиб, хатога йўл қўйиб жаҳлини чиқарса, “Эҳ сан коззёл, қанақа раҳбарсан, халқингни тўғри йўлга бошламайсанми, бу аҳволда ҳаммасини очдан ўлдирасан-ку”, дея койирди. Бу одатнинг бир жиҳати ҳазил бўлса, иккинчи тарафи Ҳакимнинг эврилишлар исканжасида ингранаётган замонага қаратилган жиддий истеҳзоси эди шекилли. Аҳён-аҳёнда қишлоққа тушиб, аҳолининг дўконларда мол-маҳсулот танқислашиб кетгани боис сичқонлар ҳасса суяниб юргани ҳақидаги норози муноқашаларига қўшилмас, тўй-маъракада қатнашадиган бўлса, аламини овқатдан оларди. Зеро оғиз банд бўлгач, ортиқча гапга ўрин йўқ, деб ўйларди. Хуллас, бир қарасанг, сўзамол, ҳеч кимга гал бермайдиган, гап келса отасини ҳам аямайдиган Ҳаким чечан, бир қарасанг, оғзига сув солиб сукутга чўмиб қоладиган Ҳаким соқов эди бизнинг қаҳрамон. Довдир, деган тахаллусни олишига сабаб бўлган жиҳатларнинг бири ҳам шу эди шекилли.
Боя таржимаи ҳолида ўзи айтиб ўтганидек болалигидан китобни кўп ўқиди. Аксариятини такрор-такрор хатм этди ва зеҳни ўткирлиги боис деярли ёдлаб олди. Алпомишу Гўрўғли саргузаштларини кўзини юмиб айтиб бериши, Навоийнинг ўнлаб ғазалларини ёддан ўқиши мумкин. Бундан ташқари у Оврупо романларини, фалсафа, сиёсий иқтисод тарихига оид рисолаларни ҳам хуш кўриб мутолаа қиларди.
Шу аснода у ўзини гоҳ қасоскор Граф Монте Кристо, гоҳ муҳаббат қурбони Жюльен Соррель, гоҳ жанговар Робин Гуд, гоҳ даштлар қироли Чингачгук, гоҳида шавкатли рицар Дон Кихот деб ҳис қилар, шиддатли хаёллар қанотида парвоз этар, аммо айланиб-айланиб яна севимли “Алпомиш”га қайтиб келарди.
Ҳакимбекдир асли бизнинг отимиз,
Ўзбек элдан бўлар насли зотимиз…
деган мисраларни даштлар узра баралла янгратиб, қирчанғи саманини Бойчибор, Ғирот, Росинант сингари тасаввур этиб, севимли Барчини ҳақида ширин ўйлар, орзулар сурарди. Барчин бўлмиш қиз эса… Эҳ, айтишга тил бормайди, тил бормайди… Яхшиси, бу ҳақда кейинроқ, муфассалроқ тўхталамиз. Шундай қилиб, Ҳаким довдир чўпон бўлиб қолди. Яйловда юра-юра анча босилди. Фақат соддалиги, довдирлиги қолмади-қолмади. Тўғри, ҳозир ҳам баъзан билиб-билмай қалтис ҳазил қилиб қўйиб, кейин ўзи пушаймон бўлиб юради. Қайси куни Қилич Заҳҳор шаҳарлик ошнасининг қопағон итини атай машинага солиб бериб юборибди. “Ҳакимчага олиб бориб бер, мендан совға, ўзиям зўр кучук. Энди Ҳаким отарни кучукка топшириб, ўзи сайру саёҳат қилиб юраверса ҳам бўлади” дебди. Ҳаким довдир эртасигами, индингами қишлоққа тушиб Қилич Заҳҳорни беш-олти кишининг даврасида учратиб қуюқ салом берди, миннатдорчилик билдирди.
– Раҳмат, ака, бир итлик қилдингиз! – деди.
Даврадагилар кулишди. Қилич Заҳҳор “яхшиликни билмаган нокас” деб сўкинди. Бечора довдир аслида “мендек кучукка ялчимай юрган одамни итли қилдингиз” демоқчи экан.
– Биласанми, ука, улуғ бир адиб айтган: адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга, қўй боқишга ва шунга ўхшаш иккинчи даражали ишларга сарфлаш керак эмас. Инчунин, иложини топсанг, чўпонликни ташлаб қассоблик қилгайсан. Қассоблик ҳар ҳолда ҳаётга ва адабиётга бирмунча яқинроқ. Ахир, танқидчи халқи ҳам гўшт ейди. Айниқса суяксиз бўлса хуш кўриб, мақтаб-мақтаб ейди.
Бу гапни тузуккина таъби назм соҳиби, бироқ борйўқ ижоди “яримта” эвазига нуқул Қилич Заҳҳор сингари қишлоқ амалдорларини мадҳ этишдан иборат бўлгани учун Ярашбой исми Ҳакимга “Ялашбой” бўлиб эшитиладиган адабиёт ўқитувчиси айтди. Ҳаким ундан ранжимади.
– Муаллим, Сиз ҳам истеъдодингизни бу ерларда хор этмай, тезроқ шаҳарга борганингизда, бундай шеърларингиз билан баландроқ жойларни ялаб, аллақачон халқ шоири бўлиб кетардингиз.
– Менга ақл ўргатишга ҳали ёшлик қиласан укам, чин истеъдод учун вақт, жўғрофий кенгликлар чикора. Мен бошқа ўлчамдаги макон ва замонда мавжудман, – деди қишлоқ шоири ширакайфлиги туфайли истеҳзога эътибор қилмасдан. “Эсиз истеъдод”, деди ичида Ҳаким.
Ана шу беозор, аммо ҳамма безор Ҳаким довдир юрак хуружи билан касалхонада тиришиб ётибди, деса биров ишонадими? Ҳазилни қўйсанг-чи, Ҳаким довдирда юрак касал нима қилади, унда ғам бўлмаса, қайғу бўлмаса, айтганинг бошқа Ҳакимдир, дейиши тайин.
Йўқ, бу худди ўша Ҳаким, Абдуҳаким чўпон, кейинроқ хорижий тиллар институтида ўқиб келиб, тупканинг тагидаги Чашмизирак қишлоғи болаларига француз тилини ўргатадиган гўзал ва камтарин муаллима Ойсифат Ҳакимовна ҳамда тили чиққанидан буён “катта бўлсанг ким бўласан?” деган саволга: “ҳоким бўламан”, деб жавоб қайтарувчи, бироқ охир-оқибат отасининг шогирди Суҳроб Туробийга ўхшаган журналист бўлиб етишадиган Тўхтарбой исмли ўйинқароқ, лекин зийрак, анчайин жиддий болакайнинг падари бузруквори Ҳаким Ўнғалов, Ҳаким довдирнинг айнан ўзи эди. Ўшанда у ҳали анча ёш эди. Ёш эди, қувноқ ва шўх эди-ю, юраги қурғур хастароқ эди. Ҳарчанд ҳазилкаш эса-да, айрим нарсаларни ичига олар экан шекилли-да. Ҳа, айтмоқчи, “оддий чўпоннинг боласи нимага асосан ҳокимликка даъвогар бўлиб юрибди, ахир ҳокимларнинг келажакда ота изини босадиган ўз тойчалари, яъни ўз болалари бор-ку, дея таассуфланадиганларга Тўхтарбой ҳақида кейинги боблардан бирида сўйлайдиган алоҳида ҳикоямизни тинглашни маслаҳат берамиз. Ҳозирча эса диққатимизни беморимиздан чалғитмайлик Бечора шифтга тикилиб халоскори – шифокор Тошбўри Милтиқбоевни кутиб ётибди.
Одатда юрак хуружлари ҳақида гап кетганда, аниқ ташхис қўйиш ва тезроқ чора кўриш учун аввало, унинг келиб чиқиш сабаблари суриштирилади. Шифокорлар тилида буни “анамнез”, дейишаркан. Яъни шифокор савол беради, бемор жавоб қайтаради. Шу тариқа “касалликнинг муфассал тарихи” яратилади ва хаста аъзони қунт билан даволашга киришилади. Беморимиз айни нозик дақиқаларда Тошбўри дўхтирни кутиш асносида худди шу ҳақда ўйлар, хаёлига йиллар давомида йиғилган омиллар ичра энг сўнгги иккитаси тинимсиз айланар, таажжубланарли ва таассуфланарлиси шунда эдики, бошқа киши бўлса бу икки сабабни ҳам “менга нима”, деган бир оғиз инкор ила ўзидан узоқлаштириб, чивин чаққанчалик ҳам озорланмасди. Лекин афсуски (балким шукрки, дейиш жоиздир), бизнинг бемор ундай қилолмайдиганлар тоифасидан эди. Майли, гапни чўзмасдан ҳозирча шу икки сабабни келтириб ўтамиз. Қолганларини эса ҳикоямиз давомида билиб оласиз. Шундай қилиб…
Уч кун аввал Ҳаким чўпоннинг тўнғич шогирди, ҳализамон ўрнимга қўйиб кетаман, деб юрган ёрдамчиси Очилбой чўлоқ кутилмаганда қамоққа олинди ва тўрт йилга кесилди. Суд маҳкамасидан қаттиқ афсусланиш, куйиниш асносида лабидаги алқовчи табассумни йиғолмай қайтаётган (ажабо, бунақа воқеадан ҳам афсусланишу куйиш, ҳам алқаб кулиш мумкинми, дея эътироз билдирмоқчи бўлсангиз, “берди”сини айтгунимизча шошмай туринг) Ҳакимбой кечки пайт қишлоқ дўкони ёнида яримта “барматуха”ни майдалаб, оғзида носи билан шишадошларига шеър ўқиб бераётган Яраш муаллимдан: “яқин кунларда директоримиз ҳам қамалади”, деган сассиқ башоратни эшитди-ю, юраги “зирқ” этди. Бу гапга энди мутлақо жилмайиш мумкин эмасди. Гарчи, Очилбойнинг қамалишига сабаб бўлган жиноят ҳам аслида куладиган эмасди-ю, бироқ эшитган одамнинг аксариятини маҳкумга нисбатан хайриҳоҳлик баробарида беихтиёр жилмайишга мажбур этадиган ҳодиса эди.
Биз ўша воқеани сал кейинроқ унга бевосита гувоҳ бўлган Тўхтарбой тилидан ҳикоя қиламиз.
Ҳозир эса оғир аҳволдаги касални муштоқ этган табибу ҳозиқ қайларда юрибди, деган саволга тезроқ жавоб излаймиз ва шунинг баробарида унинг туғишган тоғаси бўлмиш бир муҳтарам зот таъбири билан айтганда: “насли тоза, зодагон авлод вакили эканига қарамай қишлоқ касалхонасига келиб ишлашдан орланмаган йигит” Тошбўрибой билан Сизни яқиндан таништириш ва камига унинг айнан мана шу бемор – оддий чўпоннинг қизига ошиқу беқарорлигидан огоҳ этишга ҳаракат қиламиз.