Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Тасаввуф алломалари», sayfa 5

Yazı tipi:

12. АҲМАД АЛ-ХУЗРАВИЯ АЛ-БАЛХИЙ

Хуросон машойихларининг улуғи Аҳмад Хузравия тариқат ва ҳақиқат ичра комил, маърифат ва тавҳид илмида камолотга эришган, тариқат тасарруфчиси эди.

Аҳмад Хузравия VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи чорагида Балхда яшаган. Ҳотам Асаммнинг муриди бўлган. Абу Туроб Нахшабий, Иброҳим Адҳам, Яҳё Маъоз, Ҳотам Асамм билан ҳамсуҳбат бўлган. Аҳмад Хузравия бир неча марта Макка ва Мадинада бўлган. Ҳаж сафарларидан бирида Нишопур ва Бистом шаҳарларида бўлиб, машҳур донишмандлар Абу Ҳафс Ҳаддод, Боязид Бистомийнинг муборак нафасларидан файз топган. Аҳмад мурувват ва футуват бобида мислсиз мартабага эришган.

Шайх Хузравия доим аскарлар либосида юрган. Унинг мингдан ошиқ муриди бўлиб, «ҳар бири сув устида юриш, қушдек учиш» даражасига етган.

Аҳмад Хузравия тахминан 240/854 йилда вафот этган. Қабри Хуросонда.

* * *

Аҳмад Хузравиянинг уйига ўғри тушди. Кўп айланиб, ҳеч нарса тополмади. Ноумид бўлиб қайтиб кетмоқчи бўлди.

Аҳмад деди:

– Эй йигит! Челакни олгин-да сув тўлдириб кел! Таҳорат олиб, намозга машғул бўл! Шу орада қўлимга бирор нарса тушса сенга бераман, токи уйимдан қуруқ қўл билан қайтиб кетмагин.

Йигит шайхнинг айтганини қилди. Тонг отгач бир одам шайхнинг ҳузурига юз эллик динор келтирди.

Шайх йигитга деди:

– Ол, бу динорлар бир кечалик намозинг мукофотидир.

Ўғрининг ҳолати ўзгариб, аъзои баданига титроқ тушиб, йиғлаб юборди. Йигит деди:

– Йўлдан адашган эканман. Бу кеча Аллоҳ таолога ибодат қилганим боис менга шунчалик иззат-икром этди.

Йигит тавба қилиб, Аллоҳ йўлига кирди. Олтинларни қабул қилмади. Шайхнинг содиқ муридларидан бири бўлди.

* * *

Нақл қилишларича, бир дарвеш Шайх Аҳмаднинг уйига меҳмон бўлиб келди. Шайх етмишта шам ёқди. Дарвеш деди:

– Кўп шам ёқишнинг ҳожати йўқ, зеро, такаллуф тасаввуфга мувофиқ эмасдир.

Шайх Аҳмад деди:

– Шамларнинг қай бири Аллоҳ учун ёқилмаган бўлса, уни ўчир.

Дарвеш тонгга қадар шамларни ўчиришга уринди, сув ва тупроқ билан ҳам етмишта шамнинг биронтасини ўчира олмади. Тонг отгач, Аҳмад дарвешга деди:

– Таажжубга ўрин йўқ. Юр, сенга бунданда ажойиброғини кўрсатаман.

Роҳиблар ибодатхонасига бордилар. Унда тарсо роҳиблар жам эди. Улар Аҳмадни кўриб, ичкарига таклиф этдилар:

– Киринглар. Сизга мунтазирмиз.

Кириб ўтирдилар. Дастурхон ёзиб, таом келтирдилар.

Роҳиб деди:

– Эй Аҳмад, егил.

Аҳмад деди:

– Аллоҳнинг дўстлари Аллоҳнинг душмани билан таом емайди.

Роҳиб деди:

– Бизларга тавҳид калимасини ўргат.

Роҳиблардан жами етмиш киши иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Ўша кеча Аҳмад тушида Ҳақ таолонинг: «Эй Аҳмад! Сен биз учун етмишта шам ёқдинг. Биз сен учун етмишта кўнгилда иймон нурини ёқдик» деб марҳамат қилганини кўрган эди.

* * *

Абу Ҳафсдан сўрадилар:

– Бу тоифа ичида кўнглингизга мақбул бўлган ким?

Абу Ҳафс деди:

– Аҳмад Ҳузравиядан ҳимматли ва содиқроқ кишини кўрмадим. Агар Аҳмад бўлмаса эди, олийжаноблик ва некбинлик бўлмас эди.

* * *

Аҳмад Хузравия Балх ҳокимининг қизи Фотимага уйланди. Фотима ҳам тариқатга кириб, Аллоҳ ишқида жавлон урди.

Боязид Бистомий деди:

– Кимки аёл суратида пинҳон мардни кўрмоқчи бўлса, Фотимани кўрсин.

* * *

Кимки дарвешлар хизматини қилса, унда тавозеъ, гўзал одоб ва саховат фазилатлари мужассам бўлади.

* * *

Кимки Аллоҳ ўзи билан бирга бўлишини хоҳласа, сиддиқлар билан бирга бўлсин. Чунки Аллоҳ содиқ зотлар билан биргадир.

* * *

Сўрадилар:

– Энг афзал амал нима?

Аҳмад Хузравия деди:

– Ўз сирини Аллоҳдан ўзгага очмасликдир.

* * *

Сабр чорасизлар таомидир, ризо шайхлар даражасидир.

* * *

Ҳақиқий маърифат Аллоҳни дил билан севиш, тил билан зикр қилиш ва Ундан бошқа ҳамма нарсадан ҳимматни уза олмасликдир.

* * *

Фақирларга хизмат қилган киши уч фазилатга сазовор бўлади: камтарлик, гўзал одоб ва дил саховатига.

13. ЯҲЁ ИБН МАЪОЗ

Абу Закариё Яҳё ибн Маъоз IX асрнинг буюк машойихларидан бўлиб, Балхда тақводор оилада дунёга келган.

Шарқда унинг риёзат ва кароматлари ҳақида кўп нақл ва ривоятлар тарқалган. Юсуф ибн Ҳусайн Розий «бир юз йигирмата шаҳарни кезиб чиқиб, кўплаб уламо ҳамда шайхлар суҳбатида бўлдим, аммо Яҳё ибн Маъоздек қудратли донишмандни учратмадим» деб айтган.

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий Яҳё Маъозни «ул чашмаи равзаи ризо, ул нотиқи ҳақойиқ, ул воизи халойиқ» деб таърифлаган. Халқ орасида «Яҳё Воиз» номи билан шуҳрат қозонган Яҳё Маъоз илми амалига муштарак, собитқадам, олийҳиммат ва гўзал хулқ соҳиби бўлган. Яҳё Маъоз араб ва форс тилларида кўплаб рисола ва шеърлар битган.

Яҳё Маъоз 258/871 йилда вафот этган.

* * *

Айтадиларки:

– Ҳақ сўзли кишини истайдиган бўлсангиз, Яҳё ибн Маъоз суҳбатига боринг. Аллоҳ таолонинг Яҳё деган икки дўсти бор: Бири пайғамбар, бири валийдир. Яҳё (а.с.) пайғамбарларнинг, Яҳё ибн Маъоз валийларнинг улуғидир.

* * *

Яҳёнинг бир биродари бор эди. Маккага боргач, анча вақт истиқомат қилди. Бир куни биродаридан Яҳёга хат келди. Унда шундай сўзлар мужассам эди:

– Менинг уч ҳожатим бор эди. Икки муродим ҳосил бўлди. Ҳарамга келиш орзусида эдим, раво бўлди. Ўзимга муносиб хизматкор тилаган эдим, етишдим. Битта ҳожатим қолди. Истардимки, ўлмасимдан бурун сенинг жамолингни кўрсам ва бу дунёдан армонсиз ўтсам дейман.

Яҳё Маъоз жавоб ёзиб деди:

– Ҳарамдан ўзга ерда Аллоҳ йўқми? Эр киши шуки, қаерда бўлса ҳам Аллоҳ билан бўлгай. Махдумлик Аллоҳнинг сифатидир. Ходимлик эса банданинг сифатидир. Банда Аллоҳнинг сифатини тиласа, фиръавнликдир. «Сўнгги тилагим сенсан» дебсан. Агар сенинг Аллоҳдан хабаринг бўлганида эди, вужудинг Аллоҳга шундай тўлган бўлар эдики, унга қариндошинг сиғадиган жой қолмаган бўлар эди. Агар Аллоҳни топган бўлсанг, мени нима қиласан?

* * *

Ғафлат билан умр кечирган олим, амирларга хушомад қиладиган уламо, тасаввуфдан сўз айтадиган муқаллид суҳбатидан йироқ бўлингки, ундан ҳеч бир наф йўқдир.

* * *

Касал бўлишдан қўрқиб таомдан парҳез қиладиган, бироқ дўзахга тушишдан қўрқиб гуноҳдан парҳез қилмайдиган кишининг ҳолидан ажабланаман.

* * *

Ҳар ким андишасиз сўзласа, пушаймон бўлади.

* * *

Бир киши Яҳё Маъоздан насиҳат қилишини сўради:

– Менга тўғри йўл кўрсатинг, нафсим азобидаман.

Яҳё Маъоз деди:

– Аввал ўзимнинг нафсимга ўгит берай, кейин сенга насиҳат қиламан. Агар нафсим менинг ўгитларимни олса, сен ҳам насиҳатни қабул қиласан.

* * *

Айтдилар:

– Бир гуруҳ кишилар сиз ҳақингизда бўлмағур сўзларни айтиб, айблаяптилар, нима дейсиз?

Яҳё Маъоз деди:

– Агар Аллоҳ мағфиратига эришсам, уларнинг айбларидан зиён кўрмайман. Агар Аллоҳ мағфиратидан мосуво бўлсам, уларнинг айбларидан ҳам баттарман.

* * *

Ўлимни бир товоққа солиб бозорда сотадиган бўлсалар, унга охиратни севадиганлар харидор бўлади, холос.

* * *

Уч хислат авлиёлар сифатидир. Ҳар бир ишда Аллоҳга эътиқод қилиш, яхши ва ёмон ишларни Аллоҳдан деб билиш, қазога рози бўлиш ва балога сабр қилишдир.

* * *

Сўрадилар:

– Солиҳ киши қандай бўлади?

Яҳё Маъоз деди:

– Бойларга насиҳат кўзи билан боқадиган, йўқсилларга шафқат кўзи билан назар соладиган, ҳеч кимга кибр кўзи билан қарамайдиган, фақир кишиларга мухлис ва эътиқодли одам солиҳ бандадир.

* * *

Аҳли дунё хизматини дунёпарастлар қиладилар. Аҳли охират хизматини дунёдан озурда авлиёлар қиладилар.

* * *

Ҳар ким Аллоҳ билан бой бўлса, у доим йўқсилдир.

* * *

Сўрадилар:

– Ҳикмат ва донишмандлик илмига қандай эришилади?

Яҳё Маъоз деди:

– Дунё аҳлига насиҳат кўзи билан қараб, ҳеч кимга ҳасад қилмайдиган, аҳли аёлига шафқат ва меҳрибонлик билан боқадиган, дарвешларга тавозеъ ва иззат кўзи билан қарайдиган, ҳеч кимсага кибр кўзи билан боқмайдиган кишиларда ҳикмат ва донишмандлик мужассам бўлади.

* * *

Авлиёлар риёкор бўлмайдилар, мунофиқлик ҳам қилмайдилар.

* * *

Ҳар ким Аллоҳни дўст билса, нафсини душман тутади.

* * *

Сўрадилар:

– Мўмин ким?

Яҳё Маъоз деди:

– Мўмин шундай бандаки, агар фойдаси тегмаса, зарари ҳам тегмайди. Агар хурсанд эта олмаса, хафа ҳам қилмайди. Агар кўнглингни кўтарадиган гап топа олмаса, ёмон сўз айтиб кўнглингни чўктирмайди.

* * *

Сўрадилар:

– Ёлғон нима?

Яҳё Маъоз деди:

– Ёлғон худди биров дўзах ишини қилиб, жаннатни орзу қилгани кабидир.

* * *

Ҳар ким Аллоҳ қуллигини севса, бутун олам уни севади. Ҳар кимнинг кўзи Ҳақ билан равшан бўлса, оламдаги барча мавжудоту махлуқот уни кўришни орзу қилади.

* * *

Бу дунё мисоли шайтоннинг дўконидир. Зинҳор ундан ҳеч нарса олмагинки, уни қайтариб бермагунингча ўз ҳолингга қўймайди.

* * *

Банданинг кўнгли саждада, хилватда, қабристонда охиратга майл қилади.

* * *

Бу дунё бошидан охиригача бир соат ғам чекишга арзимайди, бу дунёдаги улуш ва насибанг шунчалик кам экан, умрингни ғамда ўтказиб нима қиласан?!

* * *

Инсоннинг душмани дунё, шайтон ва нафсдир.

* * *

Ким ҳаёт эшигини ўлчов, меъёр калитисиз очаркан, махлуқлар қаторидан жой олади.

* * *

Сўрадилар:

– Дунё ва охират ҳақида нима дейсан?

Яҳё Маъоз деди:

– Бу дунё бир туш кабидир. Охират эса уйғоқликдир. Кимки тушида йиғласа, таъбири кулги ва шодликдир. Энди сен бу дунё тушида йиғлагинки, тонгда – охират уйғоқлигида шодон бўласан.

* * *

Ибодатни тарк этиш ўлимдан ёмонроқ ва қаттиқроқдир. Зеро, ўлсанг халқдан узиласан. Ибодатни тарк этсанг Худодан йироқ бўласан.

* * *

Зеб-зийнат (олтин-кумуш) чаён кабидир. Унинг афсуни (дуоси)ни ўрганмагунча қўл узатмагинки, сени ҳалок қилади. Унинг афсуни эса ҳалолдан ризқ топиб, Ҳақ йўлида тўғри йўлда харж этишдир.

14. БОЯЗИД БИСТОМИЙ

Шарқда «Султон ул-орифин», «Бурҳон ул-муҳаққиқин» деб улуғланган Абу Язид Тайфур Исо ўғли Бистомий VIII аср охирида Эроннинг Бистом шаҳрида таваллуд топган. Илк таълимни Бистомда олган. Сўнг Шом вилоятига бориб, Жаъфар Содиқдан етти йил сабоқ олган. Ўз даврининг буюк муршиди, ҳақиқат сирларининг кашфиётчиси даражасига етишган.

Боязид Нишопур, Рай, Ҳамадон, Ироқ, Арабистонларга сафар қилган. Аҳмад Хузравия, Абу Ҳафс, Яҳё Маъоз, Шақиқи Балхий каби машойих билан суҳбат қурган.

Боязид нафс тарбиясига эътибор қаратиб, риёзатга берилган. Унинг ақидасича, инсон ирода, хоҳиш ва истагидан, яъни бу дунёга рағбатдан батамом холи бўлиб, бутун хаёли, фикру зикрини маҳбуб (Худо) томон йўналтириши, яъни ҳайвоний табиат руҳонийга, моддий – маънавийга айланиши, банда билан Худо ўртасида ягоналик, яқинлик пайдо бўлиши лозим.

Боязид Бистомийнинг пурмаъно сўзлари ва кашфу кароматлари Суламий, Қушайрий ва Ҳужвирийнинг асарларида келтирилган. Имом Ғаззолий ўз асарларида унинг ҳикоят ва шеърларидан истифода этган.

«Китоб ан-нур мин калимоти абий ал-Тайфур», «Шатҳиёт» маноқибларида Боязиднинг қариндошлари, шогирду сафдошлари томонидан айтилган, нақл этилган кўплаб ҳикоят, ривоятлар келтирилган.

Боязид Бистомий 262/875 йилда 103 ёшида оламдан ўтган. Қабри Бистом шаҳрида. Мўътабар зиёратгоҳлардан ҳисобланади.

* * *

Боязид деди:

– Онам сув сўради. Ариқдан музни ёриб, сув келтирдим. Онам уйқуга кетган экан, сувни унинг олдида тутиб турдим. Қўлларим қотиб қолди. Онам уйғонди. Кўзани кўтариб турганимни кўриб, сувни ичди ва мени дуо қилди. Аллоҳ ато этган барча мартабани онамнинг дуосидан топдим.

* * *

Жунайд Бағдодий деди:

– Боязид бизларнинг орамизда худди Жаброил фаришталар орасида бўлгани кабидир.

* * *

Боязид Жаъфар Содиқдан таълим олди. Бир куни Жаъфар деди:

– Фалон токчадаги китобни келтир.

Боязид сўради:

– Қайси токчадаги китобни келтирай?

Жаъфар Содиқ деди:

– Шунча йилдан бери ҳузуримда ўқиб, қайси токчада қандай китоб туришини кўрмадингми?

Боязид деди:

– Мен бу ерга токча томоша қилиб, китоб кўргани эмас, билим олгани келганман.

Жаъфар Содиқ деди:

– Таҳсилинг тамом бўлибди. Бор, халқни Ҳақ йўлига чақиргин.

* * *

Боязид ҳаж зиёратидан қайтишда Ҳамадон шаҳрига кирди. Бозорда гул уруғ сотиб олиб, уйига келди. Гул уруғини экмоқчи бўлиб, халтани очди. Уруғ ичида бир неча чумолини кўриб, Ҳамадонга қайтиб, чумолиларни уруғ олган жойига келтирди ва деди:

– Аллоҳнинг амрига таъзим. Аллоҳнинг махлуқотига шафқат.

* * *

Боязид қирқ йил масжидга қатнади. Унинг масжидга киядиган либоси алоҳида, таҳорат оладиган кийими алоҳида эди.

* * *

Агар инсон сен билан яқинлашиб, ёмонлик қилса, унга гўзал ахлоқ билан жавоб бер. Шунда ҳаётинг гўзаллашади.

* * *

Бистомда қаҳатчилик бўлди. Жамоат Боязиднинг олдига келиб, қаҳатчиликдан шикоят қилиб дедилар:

– Эй Шайх, Ҳақ таолодан ёмғир юборишини сўраб дуо қилинг.

Боязид бир соат бошини қуйи солиб ўтирди ва бошини кўтариб деди:

– Тарновларни тўғриланг, ёмғир бошлади.

Ўша фурсат ёмғир ёғди ва кечгача тўхтамади.

* * *

Боязид йўлда кетаётган эди. Бир йигит Боязиднинг оёғи изларини босиб, унга эргашди.

Боязид деди:

– Нима қиляпсан?

Йигит деди:

– Сизнинг изингиздан босиб кетяпман, зора сиз каби бўлсам. Кийимингиздан бир парча берсангиз, унинг баракасидан файз олар эдим.

Боязид деди:

– Токи Боязид қилган иш (риёзат)ни қилмас экансан, унинг кийими тугул, терисини олсанг ҳам фойдаси йўқдир.

* * *

Бир киши Боязиддан сўради:

– Менга ўгит бергинки, унинг сабабидан дўзах ўтидан халос бўлайин.

Боязид деди:

– Икки ишни ёдингда тут: бири шуки, Худойи таоло сенинг ҳолингдин огоҳдир. Нимаики қилсанг кўради ва билади. Иккинчиси шуки, ибодатинг миннатли бўлмасинки, Худойи таолонинг тоат-ибодатингга эҳтиёжи йўқдир.

* * *

Ориф Аллоҳ зикрида чарчамайди, ундан ўзга билан суҳбатдош бўлмайди.

* * *

Орифнинг камолоти шуки, муҳаббат ўтида куйгай.

* * *

Тавҳиднинг аввалги манзили шуки, ҳар нима сўзласа, ҳилм (мулойимлик) билан сўзлар ва ҳар нимани эшитса, тафаккур (илм) билан эшитар.

* * *

Аллоҳ севган бандаларнинг саховати дарёга, шафқати қуёшга, тавозеъси ерга ўхшайди.

* * *

Ўттиз йил илм олдим. Илмдан юксакроқ нарса топмадим. Агар олимларнинг ихтилофи бўлмаганда шу майдонда қолар эдим.

* * *

Аллоҳнинг авлиё бандаларини сев, уларнинг кўнглини олишга урин. Чунки Аллоҳ таоло ҳар куни орифлар қалбига уч юз олтмиш марта назар солади. Шояд Аллоҳ сени ҳам у ерда кўрса.

* * *

Ҳиммат аҳлининг куфри миннат аҳлининг иймонидан саломатроқдир.

* * *

Халқ Худо ва бандалар ҳурматини сақламагани ҳамда Аллоҳ неъматларининг шукрини қилмаслиги туфайли ҳалокатга юз тутади.

* * *

Энг яхши кишининг икки қўли ҳам тўғри бўлади, у бир қўли билан эмас, икки қўли билан яхшилик қилади.

* * *

Гина-адоватдан узоқ бўл. Кучинг етмайдиган ишга киришма. Сўз юритувчи, чақимчиларнинг сўзларига ишонма. Чунки улар фитна-фасод йўлини излаб юрувчи ярамас одамлардир.

* * *
 
Ишқинг сени ўлдирди орифу омни,
Маҳв айлади савдойинг ҳар эзгу номни.
Май рангли лабинг завқи чиқармиш, кўргил,
Бу савмаадан Боязид Бистомийни.
 
* * *
 
Бизнинг йўлимиз ишқ ичра бадномликдир,
Куйганлар аро насибамиз хомликдир.
Нокомлигимиз Ёр дилининг коми экан,
Дил коми ҳамиша энди нокомликдир.
 
* * *
 
Дил дер: Бу ғамим маҳрами ҳеч жон бўлмас,
Ҳар кимга бу сўзни англаш осон бўлмас.
Мендай киши бу жаҳонда кофир бўлса,
Бас, Ер юзида мусулмон бўлмас12.
 

15. ҲАМДУН ҚАССОР

Абу Солиҳ Ҳамдун ибн Аҳмад ибн Умар Қассор маломатийлик тариқатининг асосчиси ва тарғиботчиси, завқ арбоби ва шавқ асҳоби, тақво пири, мужоҳада ва мушоҳадада замонасининг ягонаси, соҳибназар шайх бўлган.

Ҳамдун Қассор Нишопурда руҳоний оиласида дунёга келган. Суфён Саврийни ўзига устоз деб билган. Шарқда фиқҳ ва ҳадис илми донишманди сифатида шуҳрат топган.

Ҳамдун Қассор Абу Туроб Нахшабийнинг қўлида тарбия кўрган бўлиб, Нишопурда маломатия аҳлининг бош имоми ва пешво шайхи сифатида тариқатнинг кенг қулоч ёйилишига ҳисса қўшган ва халқ оммасини ўзига эргаштира олган. Унинг ваъзлари халқ орасида машҳур бўлиб, минглаб мухлислар тинглашган.

Ҳамдун Қассорни «сўфийлар устози» деб улуғлашган. Саҳл Тустарий ва Жунайд Бағдодий унинг қарашларини қўллаб-қувватлаб, Ироқ сўфийлари орасида тарғиб этишган. Қассор Абдуллоҳ Муборакнинг пири бўлган.

Ҳамдун Қассор 271/884 йилда Ҳиротда вафот этган.

* * *

Акобирлардан бири сўради:

– Эй Аҳмад, менга ўгит бергин.

Аҳмад Қассор деди:

– Кимда яхши хислат кўрсанг, ундан ажрамагинки, унинг баракотидан сенга ҳам наф етади.

* * *

Дедилар:

– Эй Аҳмад, бизларга васият қил.

Аҳмад Қассор деди:

– Олимлар суҳбатини тарк этманг, жоҳиллар суҳбатидан йироқ бўлинг.

* * *

Дедилар:

– Эй Аҳмад, ғафлатнинг белгисини айтинг.

Аҳмад Қассор деди:

– Банданинг ғафлатга тушганининг белгиси Худонинг буюрганларини чеккага суриб қўйиб, ўзининг сиёсати билан машғул бўлишдир.

* * *

Муҳаммад ибн Аҳмад деди:

– Эй Аҳмад, менга васият қилинг.

Аҳмад Қассор деди:

– Қўлингдан келса, бу дунёнинг ҳеч бир ишига хафа бўлма, ғазабланма.

* * *

Сўрадилар:

– Таваккул нима?

Аҳмад Қассор деди:

– Агар минг танга қарзингиз бўлса-ю, тўлашга бир чақангиз ҳам бўлмаса, уни адо қилишда Аллоҳдан умидингизни узмайсиз.

* * *

Ҳар ким салафи солиҳийн сийратига назар солса, ўзининг камчиликларини кўради ва одамлардан ортда қолганини англайди.

* * *

Дедилар:

– Минбарга чиқ ва халққа ваъз айт.

Аҳмад Қассор деди:

– Кўнглим дунё мансабига машғулдир. Менинг сўзим фойда қилмайди. Таъсирсиз сўз айтиш эса илмни хор қилишдир. Сўз айтиш шундай кишига лойиқдирки, сўзласа дин салоҳ (тўғрилик)га келади, сўзламаса дин фасодга айланади. Сўз, аввало одамнинг ўзига таъсир қилиши керак, шундан сўнг халойиққа таъсир этади. Агар сўз ўзига таъсир этмаса, ўзгага ҳам таъсир қилмайди.

* * *

Ўз нафсига бандалик қилганни Аллоҳ суймайди.

* * *

Оға-инилар ўртасидан муҳаббатни кўтарувчи нарса молдунёдир.

* * *

Дарвешнинг ҳоли тавозеъдир.

* * *

Ҳар ким дунё талабида бўлса, икки дунёда ҳам хорликка учрайди.

* * *

Иймоннинг офати порахўрликдир.

* * *

Дунёни хор тутсанг, аҳли дунёнинг олдида азиз ва улуғ бўласан.

* * *

Иллатларнинг боши кўп емоқликдир. Дин офати ҳам кўп емоқликдир.

* * *

Охиратни ўйламай умрини мол-дунё ғамида ўтказганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хор бўладилар.

* * *

Ким ўзини элдан ортиқ билса, унинг қабри Фиръавнникидан ортиқдир.

* * *

Халқ илмидан Ҳақ илми яхшироқдир, яъни хилватда Аллоҳ билан бўлиш халқ орасида муомала қилишдан яхшироқдир.

* * *

Аллоҳни айблаганнинг боши мусибатдан чиқмайди.

16. ҲОТАМ АСАММ

Абу Абдураҳмон Ҳотам Асамм Юсуф ўғли Шарқнинг буюк сўфий шайхларидандир. Ҳотам Асамм 151/768 йилда Балхда таваллуд топган.

Умри мобайнида бир дам Аллоҳдан айру ерга қадам босмаган, бир дам ихлоссиз, мартабасиз бўлмаган. Иброҳим Адҳам, Шақиқ Балхий суҳбатида бўлган ва тарбиясини олган. Ҳотам Асамм сўфийларнинг маънавий мажбуриятларига алоҳида эътибор берган.

Ҳотамнинг қулоғи кар эмас эди. Ҳотам Асамм дейишларининг сабаби шундаки, ҳузурига масала сўраб келган хотинни ғафлат босиб, ел чиқаради. Хотин мулзам бўлмасин деб, Ҳотам Асамм унинг сўзларини эшитмаганликка олиб, саволни қайта-қайта сўраган. Хотин саволни баланд овозда берганидан сўнг жавоб қайтаради. Ўн беш йил давомида ўзини карликка солиб юрган. Хотин вафот этганидан сўнг ўз холича гаплашаверган.

Ҳотамнинг художўйлиги, тақвоси, ихлоси, риёзати бемисл ва беназир бўлган. Аҳмад Хузравийнинг устозидир.

Ҳотам Асамм 238/852 йилда вафот этган. Қабри Балхда.

* * *

Ҳотам Асаммнинг камолоти шу даражада юксалди. Жунайд деди:

– Бизнинг замонамизнинг сиддиқи Ҳотам Асаммдир.

* * *

Ҳотам деди:

– Ҳар бир сўфий тўрт ўлимни қабул қилиши лозим:

1. Оқ ўлим, яъни очликни қабул қилиш;

2. Қора ўлим, яъни турмуш машаққатига бардош бериш;

3. Қизил ўлим, яъни шаҳвоний нафсни чеклаш;

4. Яшил ўлим, яъни ҳамиша қора ёки яшил либос кийиб юриш мажбуриятини олиши зарур.

* * *

Мунофиқ дунёдан оладиганини ҳирс билан олади, шубҳа билан сақлайди, риё билан сарфлайди. Мўмин эса қўрқув билан олади, суннатга мувофиқ сақлайди. Аллоҳга ихлос билан сарфлайди.

* * *

Сўрадилар:

– Эй муридлар, Ҳотам Асаммдан нимани ўргандингиз?

Муридлар дедилар:

– Қўлда бор ҳар нарсага ҳурсанд бўлишни, ва халқдан умид узишни ўргандик.

* * *

Шошқалоқликнинг барча кўринишлари шайтондан бўлиб, бештаси бундан мустасно: меҳмон келганда дарҳол дастурхон ёзиш, майитни дафнга тайёрлаш, қиз болани турмушга бериш, фарзни адо этиш, гуноҳ содир бўлиши билан тавба қилишлик.

* * *

Ер ва осмон хазиналари Аллоҳникидир. Лекин мунофиқлар буни англамайдилар.

* * *

Мўминнинг белгиси шуки, ҳар нима берса, Аллоҳ розилиги учун беради. Ҳар иш қилса, Аллоҳ учун қилади.

17. САҲЛ ИБН АБДУЛЛОҲ ТУСТАРИЙ

Ҳақиқат дарёси дурларининг ғаввоси ва тариқат султони Абу Муҳаммад Саҳл Тустарий 203/818 йилда Аҳвоз шаҳрида туғилган. Ёшлигидан амакиси Муҳаммад ибн Савор қўлида тарбияланган. Сўнг Аҳвоздаги мактаблардан бирида таълим олган. Улғайгач, илм излаб Басрага борган.

Мисрга бориб, кўнглидаги саволларга жавоб топа олмагач, Ободонга келиб, Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абдуллоҳ Ободоний қўлида таҳсил кўрган. Тустарга қайтгач, ҳаж сафарига жўнайди. Зуннун Мисрий билан учрашади. Унинг фазлу камолидан руҳланиб, унинг хизматига киради. Зуннун Мисрий унга пири муршиди бўлади. Тустарий шариату тариқатда, риёзату муомалада юксак мақомларга сазовор бўлган.

Абдуллоҳ Тустарий замонасининг «мустажоб уд-дуо»си эди, яъни дуолари билан кишиларни дарддан фориғ этган, ўзининг дардига эса сабр қилиб, «неки Тангридан келган хушдир»13 деган ҳикматга амал қилган.

Тустарий ўз даврининг фозиллари бўлган Ҳусайн ибн Мансур Ҳаллож ҳамда Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Аҳмад Ҳаририй билан суҳбатлашган. Умрининг охирги йилларида ҳам унинг атрофида 400 дан ортиқ мурид жамланган эди.

Абдуллоҳ Тустарий 283/895 йилда оламдан ўтган. Қабри Басрада.

* * *

Саҳл ибн Абдуллоҳ масжидда ўтирган эди. Бир кабутар ўқдек учиб келиб, ўзини Саҳлнинг оёғи остига ташлаб, жон берди. Саҳл деди:

– Бу соат Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этди.

Одамлар Саҳлнинг сўзларини эслаб қолдилар. Бир неча кундан кейин чиндан ҳам ўша соатда Шоҳ Шужоъ Кирмоний вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

* * *

Гуноҳлардан нари юриш сиддиқ бандаларнинг қўлидангина келади.

* * *

Илмнинг шукри амалдир, амалнинг шукри илмнинг зиёда бўлишлигидир.

* * *

Саҳл ибн Абдуллоҳни сув устида юриб кетаётганини кўришди.

Сўрадилар:

– Сув устида юрасан, қадаминг ҳам ҳўл бўлмайди. Шу ростми?

Саҳл деди:

– Муаззин ростгўйроқ, яхшиси ундан сўранглар.

Муаззиндан сўрашди. У шундай деди:

– Саҳлнинг сув устида юрганидан хабарим йўқ, лекин тунов куни кўлда ғусл қилаётганида сувга чўкишига бир баҳя қолди. Агар мен бўлмасам, ҳалок бўлар эди.

Шайх Абу Али Даққоқ деди:

– Унинг каромати ҳақ, элдан яшириш учун ўзини сувга чўккандек кўрсатди.

* * *

Бузрук зотлардан бири Саҳлни зиёрат қилиш учун уйига борди. Даҳлизда катта илон ётганини кўриб, ортига тисарилди. Бузрукворнинг қўрқиб, остонада туриб қолганини кўрган Саҳл деди:

– Киравер, илон сенга тегмайди. Иймони ҳақиқатга етган киши Худодан бошқасидан қўрқмайди.

* * *

Тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.

* * *

Ҳар киши бир кеча-кундузда бир марта таомланса, сиддиқлар ғизоси бўлади.

* * *

Саҳл Тустарийнинг амакиси Муҳаммад ибн Савор унга ўгит берди:

– Эй Саҳл, доим Аллоҳ билан бўлгин, кечалари уйғонганда айтгинки, «Аллоҳ мен билан бирга. Аллоҳ мени кўриб турибди. Аллоҳ менга гувоҳ бўлиб турибди».

Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:

– Амаким ибн Саворнинг ўгитига амал қилиб, жуда кўп фазилатлар топдим.

* * *

Сўрадилар:

– Аллоҳ розилигига эришиш учун нима қилиш лозим?

Саҳл ибн Абдуллоҳ деди:

– Қуръон ҳукмига амал қилиш, Пайғамбар (с.а.в.) суннатига эргашиш, ҳалол ризқ топиш, ҳаромни тарк этиш, кимнинг ҳаққи бўлса, уни адо этиш, ёмон ишлардан йироқ бўлиш билан.

* * *

Аллоҳдан ўзга Қодир йўқ, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўзга далил йўқ, тақводан ўзга озиқа йўқ, сабрдан ўзга амал йўқ.

* * *

Зарурати Худога бўлмаган одам ўз нафсининг гадосидир.

* * *

Аллоҳ билан ўзининг орасидаги муносабатга бошқаларнинг эътиборини тортмоқчи бўлган одам ғофилдир.

* * *

Ҳаёт тўрт алфозда ўтади. Фаришталар ҳаёти тоатда, анбиёларники илмда ва ваҳий интизорида. Солиҳ бандалар ҳаёти иқтидода, қолган барча одамларнинг, хоҳ олим бўлсин, хоҳ жоҳил, хоҳ дарвеш бўлсин, хоҳ зоҳид, хоҳ обид – ейишда ва ичишдадир.

* * *

Амаллар тавфиқ биландир. Тавфиқ Аллоҳдандир. Тавфиқнинг калити дуо ва тазаррудадир.

* * *

Бу иш (ҳақиқат)нинг боши шундай илмдирки, уни идрок қилиб бўлмайди, охири ҳам илмдирки, тамом бўлмайди, фақат ўз тажрибаси ва ўз феълидан сўзловчи кишигина бу илм ҳақида гапириши жоиздир.

* * *

Банданинг Аллоҳ билан ўртасидаги энг катта тўсиқ даъво, иддаодир.

12.Боязид Бистомий / Донишмандлар туҳфаси. Рубоийлар // Таржимон, нашрга тайёрловчи, сўзбоши ва изоҳлар муаллифи Э.Очилов. – Т.: «Ўзбекистон», 2009. 9–10-бетлар.
13.Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 21-бет.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
03 kasım 2023
ISBN:
978-9943-28-669-6
Telif hakkı:
Kitobxon