Kitabı oku: «Мангу латофат: бадиалар», sayfa 2
Шундай қилиб, миллатни шу уч қоя: ахлоқ, фазл ва ҳунар воситасида шакллантириш, қиёфали қилиш, жаҳонга олиб чиқиш масъулияти қўйилди. Миллатнинг ўзи ҳам шу уч нарсанинг бирлигидан бунёд бўлиши белгилаб олинди.
Шу уч олмоснинг биллурланиши, биллурланган, емирилмас қирралари билан томирни пажмурда қиладиган ҳафсаласизлик, масъулиятсизлик, журъатсизлик ва уларни келтириб чиқарадиган нарсалар, чунончи, ўтмиш тарих ва меросга лоқайд қарат, ўз тарихий анъаналарини ҳурмат қилмаслик, маънавий-ахлоқий ишончсизлик, миллат шарафи учун кураш туйғусининг кучсизланиши – миллий жасоратнинг поймол бўлиши кабиларга жиддий, мунтазам қарши турди.
Беҳбудий ўз мақолаларидан бирида: «Мозий истиқболнинг тарозусидур. Ҳар ким ўлчасун-да, билсун!» – деб ёзган эди. Мозий бизга ибрат кўзи билан боқади. Албатта, бугунги миллатимиз кечаги миллат эмас, тараққиёт ўз самараларини берган.
Бугун миллат ўз маърифатчилари орзу қилган ишларга қадам-бақадам яқинлашмоқда, эришмоқда, барча замонавий соҳаларда аста ўз миқёсларига эга бўлмоқда. Бу жараён мустақиллик шарофати билан, узоқни кўзлаган оқил, вазмин, ишончли сиёсат шарофати билан хийлагина тезлашди.
Энг яхши миллий тарбия – бу умуминсоний тарбия ҳамдир. Мустақил Ўзбекистонда миллий тарбиянинг ана шундай йўли асос қилиб олинмоқда. Яна қайтараман: энг яхши миллий тарбия бу – умуминсоний тарбия ҳамдир. Бизда миллий тарбиянинг жуда мўътабар тажриба мактаблари мавжуддир. Бу мактабларда тинимсиз ўрганмоқ ва тинимсиз ўқимоқ лозим келади.
Миллат, ҳақиқатан ҳам, аввало – фазл, ҳунар ва ахлоқдир. Шу ишларга қодир бўлганлар доим ютуқдадир.
Жамиятимизда маънавий-ахлоқий асослар ва ижтимоий-инсоний қадриятлар қайта бунёд бўлаётган бир пайтда яқин ўтмишимизнинг ғоятда ўзига хос маданиймаърифий тажрибаларига кенг назар ташлаш, уларни ҳар томонлама ўрганиш келажак наслларнинг хато қилмай яшашлари учун хизмат қилади. Асримиз бошларида то Туркистон мухториятига бўлган бениҳоя эътиборли бир даврда мамлакатимизда Европа маданиятини ўрганиш, янги усулдаги мактаблар очиш, газета, журналлар нашр этиш, театр ва санъат ишларини андак бўлса-да йўлга қўйиш учун ҳаракатлар бўлди. Аср бошидаги маданийижтимоий ҳаракатда «Таржумон», «Тараққий» сингари газеталар билан бир қаторда машҳур ҳуқуқшунос ва жамоат арбоби Убайдулла Асадуллахўжаев нашр этган ва муҳаррирлик қилган «Садои Туркистон» газетаси ҳам фаол қатнашди, мамлакатни уйғотиш, ғафлат ва жаҳолатдан халос қилишда бебаҳо роль ўйнади. Айтиш мумкинки, у ўзи чиқиб турган 1914 – 1915 йиллар орасида маданий-маърифий уйғонишнинг бошида турди. Унинг биринчи сони «Таржумон»нинг ўттиз йиллиги муносабати билан 1914 йил 1 апрелда дунё юзини кўрди. Унинг чиқиб улгурган олтмишдан ортиқ сони миллий уйғониш ҳаракатининг мақсад ҳамда вазифаларини ўрганиш ва ибрат олишда бир хазина дейишлик мумкин. «Садои Туркистон»нинг чиққанига саксон йил тўлди. Бу мақола ўша миллатнинг мунавварлиги учун курашган, миллат қаҳрамонлари бўлган боболарнинг хотираси учун ёзилди.
«МИЛЛИЙ ХАЁЛЛАР» ВА «САДОИ ТУРКИСТОН»
Тадқиқотчилар 1905 йилдан кейин то 1918 йил бошланишида Туркистон мухтор ҳукумати куч билан тугатилгунча ўтган қисқагина бир даврни «миллий уйғониш даври» деб аташга одатланганлар. Ростдан ҳам худди мана шу йиллар орасида миллий буржуазиянинг шаклланиши ва озми-кўпми юзага чиқишида муҳим қадамлар ташланди. Капитализмнинг турилиши буржуазиянинг дунёга келиши билан чамбарчас боғлиқ экан, бу икки ижтимоий ҳодиса – ижтимоий куч – ўз навбатида миллатларни туғдиради ва уларни жаҳон саҳнасига олиб чиқади.
Кейинги асрлар тарих жараёнларидан маълумки, фақат буржуазиягина миллатни тарбиялайди, уни майдонга чиқаради ва ижтимоий адолат учун курашларда чиниқтиради.
Шу маънода агар сармоя дунёси миллатни яратса, ўз навбатида мустамлакачилик миллатчилик ҳодисасини юзага келтиради. Ташқаридан келган босқинчилик, зўравонлик ва ҳуқуқсизлик остида қолган миллат буржуазияси – миллатчи буржуазияга айланади. У ижтимоий зулм шароитида миллатни ва унинг яшаш манфаатларини ҳимоя қилиб чиқади. Шу тариқа мустамлакачилар назари ва талқинида «миллатчи»га айланади. Албатта, мустамлакачилар ўз ҳаётий манфаатларига зид ҳолда эркинлик ва мустақиллик учун курашганларни «озодлик курашчилари» деб атамайдилар.
Бу улар учун ўз-ўзига суиқасд қилиш билан баробар бўлур эди. Шунинг учун улар ҳар қачон миллат фидойиларини «миллатчи», улар олиб борган ишларни эса «миллатчилик» деб юритадилар ва шунга биноан уларга қарши зўравонлик усул-идораларини бор куч билан қўллайдилар. Шу тариқа «миллатчи» ва «миллатчилик» тушунчаси мустамлакачилар томонидан ўйлаб топилган муғомбир тушунча бўлиб, аслида у мамлакат мустақилликка эришгач, миллий зулмдан халос бўлгач, ўз эркини қозонгач, шу лаҳзадаёқ йўқ бўлади, тарих саҳнасидан ҳодиса сифатида тушади.
Мустақил ҳаёт кечирувчи ҳеч бир мамлакатда «миллатчилик»нинг бўлиши мумкин эмас, бўлмайди ҳам. Чунки мустақил давлатда уни юзага чиқарадиган шароит йўқолади. Бунинг устига мустақил давлатда тарих синови ва тажрибаларидан ўтган демократия ҳоким бўлса, у ҳолда демократия собиқ «миллатчилик»ни том маънодаги миллатпарварлик ва у билан узвий боғлиқ ҳолда инсонпарварликка айлантиради. Энди демократия миллатпарварлик ва инсонпарварликни тарбияловчи куч, яъни ижтимоий мураббий сифатида майдонга чиқади.
Ўзбекистонда миллатнинг вужудга келиши, «миллатчилар» ва «миллатчилик»нинг пайдо бўлиши тарихи бениҳоя қизиқарли, юксак инсоний аъмолларга тўла, ҳам олижаноб, ҳам фожиали жараёнлар ичида кечди. Хусусан, йигирманчи аср бошидаги бу тарихий жараёнларни кўздан кечириш ғоятда мароқлидир.
* * *
Аср бошида аҳволимиз қандай эди? Аҳволимизда қарамлик ва забунлик ҳоким эди. Ўн еттинчи асрдан бошланган уч юз йиллик иқтисодий-маданий таназзул халқни карахт қилиб ташлаган, уч хонликнинг ўзаро тинимсиз урушларидан халқнинг танасини мислсиз жароҳатлар босган эди. Шундай бир паллада мамлакатга Россия капитализмининг унсурлари аста-секин кириб келди. Ибтидоий темир йўллар, ибтидоий техника, ибтидоий завод-фабрикалар, турли ширкатлар пайдо бўлди. Мустамлакачилик маъмурияти ўз эҳтиёжлари учун газеталар ва мактаблар очди. Туркистон халқининг кўзи капитал измнинг илк меваларига тушди. Халқнинг бир қисми анча замонларгача бу мевалардан ўзини четга тортди, унинг тазйиқидан ўз деворлари, бостирмалари ва тоғлари ичига ўралиб олди. Бошқа бир қисми – булар биринчиларга қараганда, жуда озчилик эдилар – капитализм – Россия мустамлакачилик капитализмига мослаша бошлади. 1905 йилга келиб улар мустамлакачилик капитализмини ибтидоий тарзда бўлса-да, лекин бирмунча ўзлаштириб улгурдилар. Капитализмни бундай ўзлаштиришни анча илгарироқ бошлаган Қрим, Татаристон ва Озарбайжон, Туркия тарафлардан Туркистондаги мусулмон биродарларга маърифий чақириқлар келди. Журнал, газеталар тарқалди. Айниқса, аср бошларида Исмоилбекнинг «Таржумон» газетаси жуда катта ижтимоий мавқе касб этди. Унинг илм-маърифат, бирлик ва маданиятга чақириши Туркистоннинг битмас-туганмас жароҳатларига малҳам бўлди. Сино ўгитлари инсоният табобатида қандай вазифа бажарган бўлса, «Таржумон» ҳам Туркистондаги ижтимоий маърифатпарварлик ҳаракатининг уйғонишида шундай роль ўйнади.
Тадқиқотчи олим Бегали Қосимовнинг ёзишича, газета чиқа бошлаганидан бир йил кейинроқ 1884 йилда Туркистонда икки юз ўқувчига эга бўлган эди. «Таржумон»нинг барча маърифатпарварлик ва миллатпарварлик ғоялари Туркистон заминида ажиб бир тарзда акс садо топди. Тарих ва тараққиётнинг ўз-ўзига маълум сирли қонуниятлари ҳам бўлади, шекилли. Буни қарангизким, ўн тўққизинчи асрнинг охири, йигирманчи асрнинг арафасида «Таржумон» билан бирга Туркистон диёрида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳамза, Айний, Тавалло, Мунаввар Қори ва бошқа бир қанча кўзга кўринган маърифат фидойилари дунё юзини кўрдилар. Ғоя туғиларкан, унинг ижрочилари ҳам майдонга келмасдан қолмас экан. Шулар билан биргаликда ёки олдинма-кейин маърифатли миллат ва янги усул мактаблар ғояси юзага чиқди. Шу икки буюк ғояни қанот қилиб парвозга отланганларни жадид деб аташ расм бўлди. Аср бошларига келиб ана шу жадидлар йирик ва таъсирчан ижтимоий кучга айланиб улгурган эдилар.
Мустамлакачилик мафкураси қайси мамлакатда бўлмасин, маърифатпарвар «миллатчилар»ни омма кўз унгида аянчли қилиб кўрсатишга, унинг устидан кулиш, масхара қилиш, уни киноя ва истеҳзоларга кўмиб ташлашга турли йўллар билан ўриниб келган. Халқ ўртасида уларни обрўсизлантириш, ҳуқуқсиз, кулгили махлуқларга айлантириш учун ўз ихтиёридаги барча чораларни кўрган. Бу масхаралаш, айниқса, XX асрнинг йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларида авж олиб, ўз чўққисига кўтарилган эди.
Аср бошларида ва ундан кейинги ўн йилликларда ўзбек миллатпарварлари, маърифатпарварлари мустамлакачиликнинг шунга ўхшаш қаҳрли, таҳқирловчи барча кўргиликларини ўз бошларидан тўла кечирдилар. Не-не машаққатлар билан янги усулдаги мактаблар очдилар, театрулар бунёд этдилар, жаридалар ва мажаллалар чиқардилар, ижтимоий ҳаракатчанлик муҳитини яратиш учун турли хайрия ва эътиқодия жамиятлари туздилар. Шулар воситасида бутун куч-ғайратларини миллатни уйғотишгa сарф этдилар.
Бизнинг Туркистон диёри шароитида улар қандай бўлмасин, ҳатто истимлок маъмурияти билан келишган ва ҳамкорлик қилган ҳолда халқнинг онгини ёритиш, уни асрий жароҳатлардан халос қилиш учун жонларидан ҳам, молларидан ҳам кечдилар. Ажабмаски, оз вақт ичида улар ҳақиқий миллат қаҳрамонларига айландилар. «Миллат қаҳрамонлари» деган тушунчани биз энди-энди йигирманчи асрнинг охирига келиб, бу аср устидан баъзи хулосалар чиқараётиб ишлатмоқдамиз. Миллат қаҳрамонлари чин маънода миллатнинг ўзи билан бирга чиққан, миллатни ижтимоий ҳаракатга келтирган ва бу ҳаракатга маъно ҳамда мазмун бахш этган сиймолар эдилар. Беҳбудий, Авлоний, Қодирий, Ҳамза, Айний, Тавалло, Сўфизода, Убайдулла Асадуллахўжаев, Фитрат, Ажзий, Чўлпон, Мирмулла ва Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Мунаввар Қори, Нўширавон Евушев ва булардан сўнг майдонга чиққан ўнлаб сафдошлари ва издошларини ҳақиқий миллат қаҳрамонлари демай яна қандай атайлик? Улар миллатнинг кўзини очиш, юзини ёруғ қилиш учун жонларини тикдилар.
* * *
Яқинда бир қаламкаш биродарим куйиниб-куйиниб сўйлади:
– Жаҳолат, жаҳолат деявериб қулоғимизни ейишди-ку! Наҳотки, айнийлар, қаҳҳорлар, яшинларнинг болалиги шунчалар жаҳолатда ўтган бўлса? Йўқ, ҳеч ишониб бўлмайди бунга! Рост, улар ўз асарларида жаҳолат шунчалар эди ва баттар эди деб ёзиб қолдирганлар. Барибир шунчалар бўлганига ишониш қийин! Бизни камситмоқчи бўлганларнинг қаттиқ муболағалари бўлса керак. Шу йўл билан бизнинг иродамизни синдирмоқни кўзлайдилар. Ахир халқнинг иродасини синдиришнинг турли-туман йўллари ва усуллари бор-ку! Камситиш, ўтмишни қоралаш ва ерга уриш, халқни жоҳил деб кўрсатиш шундай усуллардан бири. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, жаҳолат бутун вужудни энг майда ҳужайраларигача заҳарлаб ташлаган бўлиши мумкинми? Борингки, шундай ҳам бўлган дейлик. Лекин ундай десак, биз қандай омон қолдик? Нима бизни қутқарди? Ким? Жаҳолат ҳақида гапирмайликми?
* * *
1914 йил 4 апрелда «Садои Туркистон» деб кейинчалик машҳур бўлган газетанинг биринчи сони чиқди. Бундан олдин ҳам, шу йилларда ҳам Туркистонда бир қанча газеталар чиқиб, баъзи бирлари олам юзини кўрмай жон бериб, баъзилари беш-ўн сон чиққач, маблағ етишмаслиги ёки бошқа турли сабаблар билан ёпилиб қолаётган замон эди. «Садои Туркистон»нинг муҳаррирларидан бири Рауф Музаффарзода бу ҳақда «Бизда зиёлилар ва миллий матбуот» деган мақоласида («СТ», 1914, 44-сон) 1906 йилдан сўнг Туркистонда матбуотга қизиқиш бирмунча ортганлигини қайд қилиб, яна шуларни ҳам ёзиб ўтганди: «Бизда «Тараққий»дан сўнг кўпгина газеталар чиқиб оз фурсатда яна ёғилиб қолди. Агар ўша пайтда чиқиб сўнг ёпилган жаридаларни йиғсак, жуда катта жарида мозори ҳосил бўлади». Шу билан бирга Рауф Музаффарзода 1906–1914 йиллар орасида миллий матбуот жуда кам тараққий қилганидан ўкинади. «Аммо бизда нима бор?» – деган саволни ўртага қўяди. Мазкур муддат ичида сезиларли тараққий асари кўрилмайди. «Бу бадбахий бир ҳақиқатдур. Демак, туркистонликлар она тили, миллий матбуот, миллий адабиёт тўғрисида ёзишга қалам уёлурдай қизғонч фикрдадурлар. Миллат жонлануб бу масъалалар аҳамият касб этсалар эди, ҳол буйла бўлур эдими? Бу саволга зиёлиларимиз жавоб берсунлар».
«Садои Туркистон» миллатнинг юзага чиқишида миллий матбуотда жуда катта аҳамият беради. «Ёшларимизга миллий руҳ ва маданий тарбия бермак ёлғиз миллий матбуот таъсири илагина ҳосил бўла олур», деб ёзади газета юқорида кўрсатилган мақолада. «Садои Туркистон» миллий матбуот ва янги усулдаги мактаб яратишга ҳисса қўшишни ўзининг асосий мақсадларидан бири деб қаради ва ҳар бир сонида у ёки бу тарзда бу масалаларга дахлдор чиқишлар қилиб турди.
«Садои Туркистон» ўз йўналиши ва мундарижа доирасини «Тошкандда ҳафтада икки мартаба чиқадирган фанний, иқтисодий, адабий ва ижтимоий миллий жарида» деб белгилади. Газета асос эътибори билан миллий уйғониш ғоясини илгари сурди. У тез орада публицистик йўналиши анча ўткир газетага айланди, унинг атрофига ўз даврининг илғор фикрловчи барча зиёлилари йиғилиб келдилар. Газетанинг мавзулар доираси анча кенг эди. У барча ҳаётий масалаларни кўтарар ва уларга маърифий нуқтаи назардан қарар, ёндашар ва баҳо берарди. Газетани ўз даврининг жуда илғор сиймоси, ҳуқуқий, фалсафий билимларни теран эгаллаган, дунёнинг оқу қорасини хўб таниган олим ва маърифатпарвар Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев ташкил этган ва ўзи муҳаррирлик қиларди. Бу кўркам ва фасиҳ фикрли зотнинг бутун ўй-хаёли Туркистонни зиёли қилиш, уни қарамлик ва зулмдан қутқариш, эзилган бечора халқнинг аҳволини қандай бўлмасин енгиллатишга қаратилган эди.
Убайдулла Асадуллахўжаевнинг ҳаёти ва олиб борган фаолияти ўзи бир улуғ достон. Бул тариф зотни қарши билиш учун алоҳида асарлар ёзмоқ керак бўлади. У мустамлакачиликка кураш олиб борди ва охири шу мустамлака томонидан маҳв этилди. У озодлик йўлидаги ўз ишлари билан ҳақиқий миллий қаҳрамон унвонига сазовор зотлардан биридир.
Убайдулла Асадуллахўжаев газета воситаси билан эл ва халқини энг оғир забунликдан, унинг оғир кишанларидан – ғафлат ва жаҳолатдан қутқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. У газетанинг маромномасини ёзди ва унга «Убайдулла» деб имзо чекди. Билмадим, олий таҳсилни Россияда олгани боисиданми, Зиё Саид «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар» мақоласида Убайдулла Асадуллахўжаев ҳақида «Бу киши мусулмонча ёзиш-ўқишни билмайди. Шунинг учун бош мақолани Мунаввар Қори ва Абдурауф Музаффаров деган бир татар ёзиб берар эди», деган маълумот беради. Улур зиёли хонадонида тарбия кўрган Убайдулла ҳақидаги бу гап қанчалар ҳақ экан, айтиш қийин. Лекин «Маромнома»нинг услуби билан «Убайдулла» деб имзо чекилган бошқа мақолаларнинг услуби ва фикрий йўналишини қиёслаганда, бундай ўткир ва оригинал фикр дунёси фақат Убайдулланинг ўзиники ва уни бошқа одам унга ҳар қанча бўлганда ҳам яратиб беролмайди, деган хулосага келиш мумкин. Шу маънода Зиё Саиднинг гапи «миллатчи»ни камситиш учун тўқилган «узун қулоқ» гапдан бошқа нарса эмас. Лекин бошқа бир жиҳатдан Зиё Саидга тан бериш керакки, у «Садои Туркистон» «миллатдан ҳиммат аҳллари ва зиёлилар кўпайтириш йўлида кўп ҳаракат қилди… Ўз атрофига кўп кишини жалб этди. Ўлкадан мухбирлар етиштирди», деб холис баҳо ҳам беради.
Убайдулла «Маромнома»да чунончи қуйидагиларни алам билан ёзди: «Биз, туркистонликлар ўтган ҳаким ва олимларимизнинг бирини соҳирликка, иккинчисини кофирликка, тағин билмам, наларга иснод веруб исмларини авлодимиздан унутдирмакдамиз…
Бундан маълум бўладики, биз туркистонлилар ҳозирда на замонга қараб ҳаракат қилурмиз, на дин ва шариатимизга бўйсунурмиз ва на тарихимиздан ибрат олурмиз. Бизим шул қадар ғафлат ва жаҳолатимизни кўра туриб, янадан сабр ва таҳаммул ила сукут этмак муқаддас ватанимиз ва меҳрибон онамиз бўлган Туркистонга кўп оғир келди…»
«Садои Туркистон»нинг муҳаррирларидан бири, оташин фикрли шоир Абдулла Авлоний газетани ҳам, унинг ўқувчиларини ҳам биринчи сонда шундай деб қутлаган эди:
Маслаки бетараф, тараққий йўли,
Қаламин илм учун тутибдир қўли,
Сарф этар қанча бўлса, бор пули,
Адвокатлар мудири масъули,
Чиқди бошлаб «Садои Туркистон»
Ўқунгиз шавқ бирла, эй дўстон!
Гарчи бунда Авлоний газетанинг йўлини «бетараф» деб белгилаётган бўлса ҳам, аслида, у миллат шаъни учун курашар, бундай курашда эса бетарафлик фақат нисбий бир тарздагина бўлиши мумкин. Эҳтимол бу бетарафлик чор сиёсатига қарши курашмасликни назарда тутар, унда бу тўғри ва у ҳарбий назорат тазйиқига учрамаслик учунгина қилингандир.
* * *
Маърифатпарварлар маиший турмушга чуқурроқ назар солиб, уни бир чеккадан ислоҳ қилиш ҳаракатига тушдилар. Маиший турмушни ўзгартириш – асосан халқнинг кўтарилишига йўл бермай, унинг оёғида эски кишан бўлиб ётган кўҳна урф-одатларнинг айрим энг характерли кўринишларига қарши кураш тусини олди. «Садои Туркистон» атрофидаги маърифатпарварлар янги усулдаги мактаблар очинг билангина кўп нарсага эришиб бўлмаслигини тушунар, шунинг учун ҳам, ислоҳотлар доирасини кенгроқ олишга ва айниқса, маиший турмуш ичига чуқур киришга бел боғлаган эдилар. Шунинг учун «Садои Туркистон» биринчи сонидан бошлабоқ ҳашамдор тўйлар, серхаражат ва сермашаққат азадорлик маросимлари, тўй ва азалар боисидан ер-сув, ҳовли-жойларни сотишларга қарши жиддий чиқишлар қилди.
Дин пешволари, уламолар, диндорларни маърифатли пешво, маърифатли уламо, маърифатли диндор қилиш ҳаракатида бўлди. Жуда кўп сонларини бу борадаги аччиқ, аламли баҳслар, тортишувларга бағишлади. «Садои Туркистон» динни бу – тугал илм ва маърифат деб тушунтирди.
Бир қарашда оддий ва жўн бўлиб кўринган бу ҳаракатларнинг тагида жуда жиддий ва узоқни кўзлаган мақсадлар кўзга ташланарди. Газета миллатнинг савияси ва даражаси учун курашар ва жон куйдирарди.
«Садои Туркистон» маърифатпарварлари маиший тузумни ислоҳ қилишдан яна қуйидаги мақсадларни кузатардилар:
Энг аввало, исроф бўлиб кетаётган миллий сармояни озод этиш; уни миллатнинг равнақига хизмат қиладиган иқтисодий, маънавий, маърифий соҳаларни вужудга келтириш учун йўналтириш, хусусан, ёшларни замонавий мактаблар ҳамда илғор мамлакатларда ўқитиш, олий мактаб ва мадрасалар очиш, замонавий асосга қурилган ҳунармандчиликни авж олдириш, ўлка табиий жуғрофиясини ҳисобга олган ҳолда завод ва фабрикалар қуриш, халқнинг техникавий маданияти ва билимларини кўтариш, жаҳон мамлакатлари билан Россиянинг соясида туриб иқтисодий-маданий муомалаларга киришиш, тарихий ижобий анъаналар ва тажрибаларни тиклаш ва жонлантириш…
Албатта, кўриб турганингиздек, кенг ижтимоий миллий ислоҳотларни амалга ошириш учун сармоя керак бўларди. Маърифатчилар шунинг учун сармоя учун ҳам кураш бошладилар. Сармояни озод этишнинг бирданбир йўли маиший ҳаётдаги исрофгарчиликларга бутунлай барҳам бериш орқали бўларди. «Садои Туркистон» тинимсиз равишда халққа ва бойларга мурожаат қилади.
Хайрия жамиятлари тузишни ёқлаб чиқади, уларни илк сармояли миллий ташкилотлар сифатида қўллайди ва қутлайди.
«Садои Туркистон» реал тарихий шароитни ҳисобга олган ҳолда Туркистон мустамлака маъмуриятига ҳам бевосита мурожаат қилар, маориф-маданият соҳаларига андак бўлсин маблағ ажратсин деб, маъмуриятнинг мададига умид боғларди. Бунинг қандайлигини англаш учун бир қизиқ мисолга эътибор бериб ўтайлик. Туркистон ҳарбий мустамлака маъмурияти 1915 йилда Тошкентнинг забт этилганлигининг 50 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўрарди. Шу муносабат билан Убайдулла Асадуллахўжаев «Садои Туркистон»да бир махсус мақола ёзиб чиқди. Мақолада ношир ва муҳаррир тўғридан-тўғри шундай саволни ўртага қўяди: хўп, руслар байрам қилмоқчи? Биз нима қилишимиз керак? У бунга шундай жавоб беради: «Дуруст, Русия ҳукумати бизим шаҳримизни забт этди. Бундан бизга нима зарар келди? Бизим фикримизча, Русия ҳукуматидан Туркистон мусулмонлари ҳеч бир зарар кўрганлари йўқ. Билъакс мамлакатимиз обод бўлди. Зироат ва тижоратларимиз хийла тараққий қилди. Аҳолида илм ва ҳунарга рағбат ортди…» Бу сўзларни муаллиф ким учун ва нима учун ёзаётганлигини тушунгандирсиз. Шундан сўнг Убайдулла, эҳтимол, андак «қисинқиликлар» бордир. Лекин улар вақт ўтган сари бартараф бўлади. Бухоро ва Хива мусулмонларининг аҳволига қарайлик. Ва шукр айтайлик, деб қўшимча ҳам қилади. Шундан сўнг Убайдулла асосий мақсадга кўчади ва бу сана муносабати билан миллат учун қилиниши керак бўлган ишларга эътиборни қаратади. Турли фойдали жамиятлар ва кенгашлар тузиш ҳақида фикр юритади. «Ўзимизнинг эллик йиллик садоқатимизни шафеъ келтириб, бундай бир фойдали ишга ижозат суралганда ҳукуматимизнинг ҳам рад қилмаслиги табиийдир», деб ёзади. Шундан сўнг Убайдулла олий дорулмуаллимин ва мадрасаи олия ташкил этиш учун ижозат сўраш лозимлигини уқтиради. Сана муносабати билан шу икки катта ишга ҳукуматдан маблағ ва рухсат олишни кўзлайди.
Қарангким, садоқатни шафеъ келтирибгина миллат учун энг зарур ишларга ижозат олиш мумкин эди. Бу бир сиёсат эди ва у ажабланарли эмаски, яқин-яқин йилларгача давом этди. Садоқатни шафеъ келтирмасдан, мадҳия ўқимасдан, офаринбозлик қилмасдан ҳеч нарсага эришиб бўлмасди. Убайдуллахўжа ва унинг атрофига йиғилган маърифатпарварлар, ўз тилларича айтганда, жадидлар мустамлака маъмуриятининг ҳатто миллатни таҳқирловчи тадбирларидан ҳам кўз юммай, улардан миллат манфаати учун фойдаланишга интилардилар.
«Садои Туркистон» замон ва жамият олдига жуда кўп саволлар қўйди. Гарчи уларга кўп ҳолларда жавоблар тополмаса-да, лекин муҳими, шу саволлар атрофида баҳс ва мунозараларни ғоятда қизитди. Газета миллат миқёсидаги мунозарали газетага айланди.
Албатта, мунозара ва баҳс бор ерда танқид ҳам бор. Мунозара ва танқид бир-биридан ажралмайдиган, бири иккинчисини тўлдирадиган ҳодисалардир.
Лекин жадидлар танқидининг ўзига хосликлари, ўзига хос йўналиш ва мақсадлари бор эди.
Бу танқиднинг асосий йўналиш ва қирраларидан бири миллатни танқид билан белгиланарди. Жадидларнинг миллатни танқиди ўз даврида жуда ўткир қирралари билан намоён бўлди.
Жадидлар милатни беҳад севар эдилар. Танқидлари ҳам севгилари қадар шиддатли ва аёвсиз эди.
«Садои Туркистон»нинг илк сонларидан бирида босилган андижонлик ёш қаламкаш Абдулҳамиднинг (имзо «Абдулҳамид» деб қўйилган ва ёнига Андижон деб кўрсатилган. Шунга қараганда, бу радифли, лекин қофиясиз шеърни ёш Чўлпонники дейишга барча асослар бор) «Туркистонли қардошларимизга» деб номланган шеъри жадидлар танқидининг йўналишини аниқлаш жиҳатидан муҳимдир. Бу шеър кейинчалик қайта босилмаганидан уни бу ерда тўлиқ келтиришни лозим кўрамиз:
ТУРКИСТОНЛИ ҚАРДОШЛАРИМИЗГА
Илму маърифат ҳам ҳунардан қолди маҳрум бизи халқ,
Маърифатсизлик балосига йўлиққон бизни халқ.
Бир киши миллатпараст ўлса, деюрлар даҳрий деб,
Бир киши миллатни сўкса, иззат айлар бивзни халқ.
Мактаб ўрнида ҳар маҳалда очилди майхона,
Нафрат этмак нори турсин, шоду хандон бизни халқ.
Мактаба йўқ, бир тийинни тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга мубталодур бизни халқ.
Ибрат олмайдур бошига шунча кулфат келса ҳам,
Мисли бир калтак йўқотган кўрга ўхшар бизни халқ.
Кўр-да фарқ, айлар йўли тўғри-ила нотўғрисин
Тўғри йўлга бошласанг-да, эгри хоҳлар бизни халқ.
Ҳар шаҳарда ихтилофдан, жиққамуштдан сув бўлур,
Иттифоқдан сув очилса, мисли қуён бизни халқ.
Орзу қилмас ўғлими мактабда айлай тарбия,
Тўй қилиб карнай чалурни орзу айлар бизни халқ.
Бошқа миллатлар солурлар ҳар маҳалда мадраса,
Ошаринг аксига солган чойхоналар, бизни халқ.
Бўлдилар бой арманилар пиво сотмаклик ила,
Топганига олуб ичкай, хор бўлгай бизни халқ.
Бошқалар бонка очуб, савдо қилиб пул топсалар,
Топканини шунда беруб оч-яланғоч бизни халқ.
Кес сўзингни, эй «Қалам», бас, мунча фарёдинг етар,
Кўп бақирсанг, оғзингга тошларни откай бизни халқ.
Абдулҳамид Андижон.
«Абдулҳамид»нинг «Садои Туркистон»да чиққан бу илк асари ўзида жадид танқидининг барча унсур ва истилоҳларини акс эттиради. Шу билан бирга эндигина адабиёт оламига қадам қўйган ёш муаллифда ўткир нигоҳ ва ўткир норозилик аланга олаётганидан дарак беради. Ёш адиб миллий мавзуни кўтаришда Авлоний ва Таваллога эргашаётгани ва шу билан бирга ўта бир жиддий салоҳиятга эгалигини намойиш этади. Абдулҳамиднинг «Туркистонли қардошларимизга» шеъри узоқ йиллардан сўнг «ЎзАС» саҳифасида (1992 йил 9 октябр) ёш тадқиқотчи Рустамжон Тожибоевнинг сўзи билан қайта эълон қилинган эди. Тадқиқотчи шеърнинг «Чўлпон ижоди такомилини ўрганишда муҳим»лигини айтган ва шу билан бирга «шеър бадиий юксак эмаслигини таъкидлаб ўтган эди. Мен бу шеърни энди «Садои Туркистон»нинг ўз сарғайган, титилиб кетган, йиртилган, зўрланган саҳифасида ўқиб бутунлай бошқача таассурот олдим. Шеър кўзимга ўз муҳити – ўзи яралган муҳит ичида гуллаб кетгандай бўлди. Ахир ҳар нарсанинг қиммати муҳит ичидагина билинади. Мен энди ўз кўзим билан кўриб тургач, ёш тадқиқотчининг «бадиий юксак эмас» деган фикрига қўшилолмадим. Балки у шеърнинг очиқ қофияси бўлмагани учун шундай хулосага келгандир. Лекин шеърни ўқиб ёш Абдулҳамид шеърда атай қофиядан қочганлигини сезасиз. У «бизни халқ» деган фикрга ypғy беришни, уни ҳар томонлама кучайтиришни бадиий мақсад қилиб қўйган. Шеърий сатрларнинг охирида баъзан қофия бўлмаслиги ҳам мумкин ва шоир ўз ижодий мақсадига кўра сатрларда бирон лафзни такрор-такрор ўртага қўйиши маълум гап. Буни стилистик фигура сифатида «эпифора» деган номи ҳам бор. «Садои Туркистон»нинг айтишича, «ўн беш ёшар» Абдулҳамид ана шу бадиий усулдан ғоятда моҳирона фойдаланади. Ва ҳақиқатдан ҳам, шу илк чиққан шеъри биланоқ ўзининг ҳадемай буюк шоир бўлажагидан тўла башорат қилади. Буюк шоирлар ҳар қачон шундай буюк овоз кўтариб чиққанлар саҳнага. Бунда халқ ва шоир борасида сирли башоратлар бор.
Бу ўринда «Садои Туркистон» Чўлпонни ва ҳатто унинг «Чўлпон» номини ҳам, талант ва сиймо сифатида кашф этгани, очгани, адабиёт ва ижтимоий ҳаёт ичига олиб кирганлигини алоҳида миннатдорлик билан қайд этиб ўтмоқ лозим. «Садои Туркистон» қаерда ялт этган талант кўринса, уни дарҳол магнит каби ўзига тортар, саҳифаларини унга саховат билан очиб берарди. Чўлпоннинг илк йирик насрий асари «Доктор Муҳаммадёр» шу газетанинг аллақанча сонларида давомли тарзда босилиб чиққани ва ёш Абдулҳамид ҳам газетани суюб унга тинимсиз ёзиб тургани газета миллий талантларни тарбияловчи ижодий масканга ҳам айлана борганлигини кўрсатади. Ажаб эмаски, айнан шул газета саҳифаларидан туриб ўз тенгдошларига мурожаатлар қилди, уларни халқ ичига кириб, ҳаётни ичдан ўрганиб, материаллар йиғиб, шулар асосида румонлар ва театру асарлари ёзишга чақирди («СТ», 58-сон). Чўлпон, Тавалло, Авлоний, Мирмулла, Ажзий, Сўфизода, Ҳамза, Иброҳим Даврон, Лутфулла Олимий газетанинг чинакам юрагига айландилар. Уларнинг шеърлари, мақолалари, хатлари билан «Садои Туркистон» чинакам жўшқинлик касб этди, таъсирчан ижтимоий овоз бериб янгради.
Маърифатпарварлар Туркистоннинг турли ерларида янги усул мактаблар очар, халққа турли ўйин ва томошалар кўрсатар, театрулар ташкил этар, ишқилиб, қандай бўлмасин, миллатни янгича маданий ҳаётга тортиш пайида бўлар эдилар. Лекин уларга «қадимчилар» деб аталган эски мутаассибларнинг қаршилиги ҳам озмунча эмас эди. Газета ана шундай қаршиликлар ҳақида жойлардан тўхтовсиз хабарлар ёритиб турди. Чунончи, «Наманган уламоларин театру ва мактабга назарлари» деб номланган мақолада «Қалампир» тахаллусли муаллиф жойларда бундай мутаассиблар театру ва томошаларга қарши фатволар чиқариб, тошбўронга ҳам даъват этаётганликлари ҳақида ёзди. У илмсизлик ва ҳунарсизлик орқасида халқ фарзандлари ўтакетган жўн ва паст ишлар – чилим ташиш, мардикорчилик ва турлича «фурушфурушликлар» билан ўралашиб қолаётганликларидан, умрлари миллат учун нафсиз ўтаётганлигидан қаттиқ куюнади. Тез орада замонавий машиналар чиқиб, мардикорчилик ва пахтафурушликлар ҳам барҳам топиши мумкинлигини айтади. «Эй жаноблар! – деб хитоб қилади «Қалампир», – усули жадида бошланганига ҳали икки йил ҳам бўлгани йўқ… Мактаб исмини олган охурларингизнинг тупроғига ағнаб, таёқларингизни ер тарбият топган одамлардир…»
Шуни ҳам айтиш керакки, «Садои Туркистон» ўз танқидида шиддатли бир тезлик олиб, ўз миллий яшноқ орзуларида ҳаётдан ўзиб кетади ва миллий орзулашлар тезликда рўёбга чиқавермаганлигини кўрган, у аксарият ҳолларда тушкун кайфиятларга ҳам берилади. «Туркистон ёшларида бунча ҳимматсизлик, руҳсизлик ва фикрсизлик ҳукм сурган замонда аҳолининг тараққий ва тамаддунини қайдан кутмак керак? Ҳозир бизнинг энг тараққийпарвар деганларимиз ҳам ишга келган вақтда тезроқ қоча бошлайдилар, – деб ёзади Музаффарзода ва шундай аянчли хулоса чиқаради: – Туркистон аҳволидан ҳақиқий хабардор, ҳамиятли, чин инсонлар бор деб айтишга ҳеч бир йўл қолмайди… Туркистонга Оврупо маданияти кира бошлаганига эллик йил бўлди, – дейди у. – Бизда ҳамон эски ҳаммом эски тос…»
Унинг бу қайғуларига Тавалло шундай жўр бўлади:
Дедим: Эй мутарамлар! Яхшими ғафлатда ётмоқлик?
Дедилар: Бил, Тавалло, бизда ҳеч бир ор йўқ, йўқ, йўқ…
Ўкинчга тўлган нидолар «Убайдулла»га ҳам бегона эмас. Лекин у бундам чиқиш йўлларини ҳам қидиради ва таклиф этади. «Бизда шаҳар солиқлари» деган мақоласида Убайдулла халқнинг аҳвол манзарасини иқтисодий равиш-рафторини чизаркан, шундай хулоса чиқаради: «Ҳозирда ҳар жиҳатдан ҳоллар оғирлашди, халқнинг даромади камайди. Ва ҳануз сиқилмакдадир. Энди бизим ҳолимиз бу кунда бундай бўлса яна 10 – 20 йиллардан кейин қандай бўлур экан? Ва не тарик ила ҳаётимизни сақлармиз экан? Раҳмсиз маданият, албатта, ўзининг таъсирин беруб турар ва бизга шафқат кўрсатмас. Демак, биз истиқболимизни таъмин ва ҳаётимизни сақламак учун бу кунда ниҳоятда кўп ғайрат ва ҳимматларга муҳтожмизки, тезроқ бунга ёпишмоқдан бошқа чорамиз йўқдир…» Шу мақола тагида яна тўлаган Хўжамёровнинг фарёдга тўла саси:
Ютса қон миллий тўкуб ёшин мисоли дарёдек,
Эй Тавалло, ўйлагил, кайфу сафолардан на суд?
Лекин «Садои Туркистон» яхши ишларга ташна. Йилт этган хушхабар дарҳол унинг саҳифасидан ўрин олади. 14-йил кузида Тошканднинг бир гуруҳ маърифатпарварлари йиғилиб «Нашриёт» ширкати туздилар. Газета дарҳол умид билан бундан хабар беради: Охунжон Абдураҳмонов, Абдукарим Саримсоқов, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Мансур Қори Абдурашидхонов, Мулла Абдулла Авлонуф, Тожи Ҳожи Азизҳожаев, Муҳаммадхон Подшохўжаев, Ҳасанхўжа Додахўжаев, Убайдуллахўжа Умархўжаев, Тўлаган Хўжамёров, Саид Абдулла Саид Карим ўғли Саидазимбоев, Илҳомжон Инъомжонов ва Комилбек Норбеков афандилар бу ширкатга бош бўлдилар. Ширкат Туркистонда жаридалар, турли фойдали китоблар, журналлар тарқатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Биз энди бу номларни билишимиз керак. Улар бизнинг келажагимиз учун қайғурган боболаримиздир.
«Садои Туркистон» қисқа бир пайтда Авлоний, Тавалло, Чўлпонни қандай очган бўлса, Ҳамзани ҳам шундай очди. Ҳамза жариданинг фаол муаллифларидан эди.