Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Тирилиш», sayfa 8

Yazı tipi:

XXIII

Ниҳоят, раис сўзини тугатди-да, виқор билан сўроқлар ёзилган қоғозини қўлига олиб, унинг олдига келган старшинага узатди. Маслаҳатчилар энди чиқиб кетиш мумкин, деб мамнун бўлиб ўринларидан туришди, қўлларини қаерга қўйишларини билмай, нимадандир уялгандай, бирин-кетин маслаҳатхонага кириб кетишди. Уларнинг кетидан эшик ёпилиши биланоқ бир жандарм эшик ёнига келиб қиличини қинидан чиқарди-да, елкасига қўйиб, соқчиликда турди. Судьялар ўринларидан туриб, чиқиб кетишди. Судланувчиларни ҳам олиб чиқиб кетдилар.

Маслаҳатчилар маслаҳатхонага киргач, одатдагидек, аввал папирос чека бошладилар. Маслаҳатхонага кириб папирос чекишлари биланоқ залда, ўз ўринларида ўтирган пайтларида озми-кўпми ҳис этган ғайритабиийлик ва сохталикдан асар ҳам қолмади. Ҳаммалари бироз енгил тортгандек жойлашиб ўтиришди ва гапга тушиб кетишди.

– Қиз бечоранинг айби йўқ, боши айланиб қолган, – деди кўнгилчан савдогар, – инсоф қилиш керак.

– Шуни муҳокама қиламиз-да, – деди старшина. – Биз шахсий таассуротларга берилиб кетмаслигимиз керак.

– Раис якунловчи сўзини жуда боплади, – деди полковник.

– Боплаган эмиш! Оз бўлмаса ухлаб қолай дебман-а.

– Ҳамма гап шундаки, Маслова улар билан тил бириктирган бўлмаса, хизматкорлар пули борлигини билишмас эди, – деди яҳудийнамо приказчик.

– Хўш, нима демоқчисиз, пулни Маслова ўғирлаган демоқчимисиз? – деб сўради маслаҳатчилардан бири.

– Бунга сира ишонмайман, – деб шанғиллади кўнгилчан савдогар, – бу ишларнинг ҳаммасини анави қизил кўз шаллақи қилган.

– Ҳаммасиям бир гўр, – деди полковник.

– Хизматкор хотин номерга кирганим йўқ деяпти-ку.

– Айтганига ишонаверасизми? Мен у манжалақининг гапига ўлсам ҳам ишонмайман.

– Нима бўпти, ишонмасангиз ишонмай қолаверасиз-да, лекин бу кифоя эмас, – деди приказчик.

– Калит Масловада экан-ку.

– Масловада бўлса нима бўпти? – деб эътироз билдирди савдогар.

– Узук-чи?

– Ахир ўзи айтди-ку, – деб яна вағиллади савдогар, – савдогар бўлганда ҳам зарби танг экан, бунинг устига кайфи тарақ экан, уни урибди. Кейин, раҳми келиб, ма, ола қол, йиғлама, деган. Ўзиям тоғни талқон қиладиган одам экан, эшитдик-ку: бўйи икки газ ўн икки вершок, оғирлиги саккиз пуд экан.

– Гап бунда эмас, – деб унинг гапини бўлди Петр Герасимович, – бу ишни бошлаган Масловами ё хизматкорми – гап ана шунда.

– Хизматкор бу ишни ёлғиз қилолмайди. Калит Масловада бўлган.

Бу хилдаги пойма-пой суҳбат узоқ давом этди.

– Шошманглар, жаноблар, – деди старшина, – аввал бундай жойлашиб ўтирайлик-да, кейин маслаҳатлашайлик. Марҳамат, – деди у раислик ўрнига ўтираётиб.

– Бунақа қизларнинг ўзиям ўлгудек ярамас бўлади, – деди гумашта. У асосий айбдор Маслова деган фикрни тасдиқлаш мақсадида шунақалардан бири бульварда ўртоғининг соатини ўғирлаб қўйганини сўзлаб берди.

Полковник ўшанга ўхшаш яна бир ғалати воқеани, яъни кумуш самоварни ўғирлаш воқеасини сўзлай бошлади.

– Жаноблар, саволларни ўқишга ўтайлик, – деди старшина қалам билан столни тақиллатиб.

Ҳамма жим бўлиб қолди. Бу саволлар қуйидагича мазмунда эди:

1) 188* йилнинг 17 январь куни N шаҳрида, савдогар Смельковни талаш мақсадида уни ўлдириш режасини тузиб, бошқа одамлар билан тил бириктириб, коньякка заҳар солиб ичириб ўлдиришда ва савдогарнинг икки минг беш юз сўмга яқин пули билан бриллиант узугини ўғирлашда айбланган, Крапивенская уездининг Борков қишлоғида туғилган ўттиз уч яшар деҳқон Симон Петров Картинкинни гуноҳкор ҳисоблайсизми?

2) Мешчанлардан чиққан, қирқ уч яшар Евфимия Ивановна Бочкованинг биринчи саволда таърифлаб ўтилган жиноятда гуноҳкор деб биласизми?

3) Мешчанлардан чиққан йигирма етти яшар Екатерина Михайловна Масловани биринчи саволда таърифлаб ўтилган жиноятда гуноҳкор деб биласизми?

4) Агар судланувчи Евфимия Бочкова биринчи савол бўйича гуноҳкор деб ҳисобланмаса, у 188* йилнинг 17 январь куни N шаҳрининг «Мавритания» меҳмонхонасида хизмат қилиб юриб, шу меҳмонхонада турувчи савдогар Смельковнинг қулфлоғлиқ жомадонидан икки минг беш юз сўм пулини калит солиб очиб ўғирлашда айбланмайдими?

Старшина биринчи саволни ўқиди:

– Хўш, нима дейсизлар, жаноблар?

Бу саволга дарров жавоб бера қолишди. Ҳамма бир оғиздан Картинкинни савдогарни заҳарлаш ва пулини ўғирлашда иштироки бор деб топиб: «Ҳа, гуноҳкор», – дейишди. Фақат кекса артелчигина Картинкинни айбдор деб ҳисоблашга рози бўлмади. У ҳамма саволларга ҳам оқлаш керак, деган мазмунда жавоб қайтарарди.

Старшина артелчи масалага тушунмади шекилли, деб ўйлади-да, Картинкин билан Бочкованинг айбдорлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди, деб уқдира бошлаган эди ҳамки, артелчи ўзи ҳам яхши тушуниб турганини, ҳар ҳолда шафқат қилиш лозимлигини гапирди. «Ўзимиз ҳам бегуноҳ эмасмиз-ку», – деди у ўз фикрида қолиб.

Бочкова ҳақидаги иккинчи саволга, узоқ талашиб-тортишувлардан кейин: «гуноҳсиз», деб жавоб беришди, чунки адвокати айтгандек, унинг заҳарлашда иштирок этганини исботловчи далил йўқ эди.

Масловани оқлаш мақсадида савдогар ҳамма ишни мана шу Бочкова бошлаган, деб туриб олган эди, маслаҳатчиларнинг кўпчилиги унинг фикрига қўшилишди, аммо старшина, қатъиян қонунга риоя қилиб, савдогарни заҳарлашда Бочкова иштирок этган дейишда асос йўқ, деди. Узоқ тортишувлардан кейин старшинанинг фикри мақбул бўлди.

Бочкова ҳақидаги тўртинчи саволга: «Ҳа, айбдор», – деб жавоб беришди, кейин артелчининг қистови билан: «Аммо шафқат қилса арзийди», деб қўшиб қўйишди.

Маслова ҳақидаги учинчи савол устида тортишув бошланиб кетди. Старшина Масловани талашда ҳам, заҳарлашда ҳам айбларди, савдогар унинг фикрига қўшилмас, савдогар билан бирга полковник ҳам, приказчик ҳам, артелчи ҳам қўшилмас эди, бошқалар эса иккиланишарди. Маслаҳатчилар чарчаб қолгани учун ҳам старшинанинг тарафдорлари кўпайиб қолди; чарчаганлари учун ҳам тезроқ қутулиб кетиш мақсадида қайси томон баланд келса, шунга қўшилишарди.

Маслованинг пулни ўғирлашда ҳам, заҳарлашда ҳам айбдор эмаслигини Нехлюдов суд терговининг боришига қараб яхши англаб олган эди. Бундан ташқари у, Катюшани жуда яхши биларди-ку, ахир. Шу сабабли у бошқалар ҳам шу фикрга келади деб қаттиқ ишонган эди; аммо кейин қарасаки, савдогар Масловани ҳимоя этишда нўноқлик қилди. Савдогар Маслованинг қадди-қомати ёқиб қолгани учун ҳам ҳимоя қилар, буни яширмас ҳам эди. Старшина шуларни унинг юзига солиб, қаттиқ зарба бергандан кейин, асосан эса, ҳамма чарчагани туфайли бутун айб Катюшанинг бўйнига тушиб қоладиган бўлиб қолди. Буни сезган Нехлюдов Маслованинг тарафини олиб гапирмоқчи бўлди-ю, лекин ҳамма унинг Катюшага бўлган муносабатини сезиб қоладигандек, қўрқиб кетди. Аммо, шунга қарамай, у ишни шу аҳволда қолдириб кета олмаслигини, эътироз билдириш лозимлигини ҳис этар, бир қизарар, бир бўзарарди, кейин энди гапираман деб турган ҳам эдики, боядан бери миқ этмай ўтирган Петр Герасимович, старшинанинг баланд келиб гапираётганига ғаши келди шекилли, бирдан унга эътироз билдирди ва Нехлюдов айтмоқчи бўлиб турган гапларни айта бошлади.

– Шошманг, – деди у, – қўлида калит бўлгани учун Маслова ўғирлаган деяпсиз. Ажабо, у кетгандан кейин хизматкорлар калитни топиб очиша олмасмиди?

– Шундай, шундай, – деб тасдиқлади савдогар.

– Маслова пулни олган эмас, нимага деганда уни қўядиган жойи йўқ.

– Мен ҳам шундай деяпман, – деб тасдиқлади савдогар.

– Маслова келиб кетганидан кейин хизматкорларнинг нияти бузилиб, пайтдан фойдаланиб қолган, кейин ҳаммасини унга тўнкашган.

Петр Герасимович зарда қилиб гапирарди, унинг аччиғланиб гапираётганини кўрган старшинанинг ҳам бешбаттар жаҳли чиқди ва боягидан баттар ўжарлик қилиб ўз фикрида туриб олди. Аммо Петр Герасимович шу қадар ишончли қилиб гапирардики, кўпчилик унинг гапини маъқуллади, пул билан узукни ўғирлашда Маслованинг иштироки йўқ, узукни унга савдогарнинг ўзи совға қилган, деган фикрга келишди. Савдогарни заҳарлашда Маслованинг иштироки бор-йўқлиги ҳақидаги саволга келганда, унинг қизғин ҳимоячиси савдогар, Катюшада гуноҳ йўқ деб ҳисоблаш зарур, нимагаки, Смельковни ўлдиришдан унга манфаат йўқ эди, деди. Старшина бўлса, порошок берганига Маслованинг ўзи иқрор бўлгани учун уни бегуноҳ деб бўлмайди, дерди.

– Беришга-ку, берган-а, лекин уни афюн деб ўйлаган-да, – деди савдогар.

– Афюн билан ҳам заҳарлаб ўлдириш мумкин, – деди қўшимча баёнот беришни яхши кўрган полковник; у қайин инисининг хотини афюндан заҳарланганини, агар дарров доктор чақириб вақтида чора кўрилмаганда ўлиб қолиши ҳеч гапмаслигини сўзлай бошлади. Полковник виқор билан шу қадар таъсирли қилиб, ишонтириб сўзлардики, унинг гапини бўлишга ҳеч ким журъат қилмади. Фақат гумаштагина полковникдан ўрнак олиб, бир воқеани сўзлаб бериш учун унинг гапини бўлди.

– Баъзи одамлар шу қадар ўрганиб кетадики, – деб гап бошлади у, – бемалол қирқ томчидан ичаверади; бир қариндошимиз…

Аммо полковник гапини бўлишга йўл қўймади ва қайин инисининг хотинига афюн қандай таъсир қилганини ҳикоя қила кетди.

– Жаноблар, ахир соат беш бўлиб қолди, – деди маслаҳатчилардан бири.

– Нима дейдиган бўлдик, жаноблар, – деди старшина, – ўзи гуноҳкору, лекин талашни хаёлига келтирмаган, савдогарнинг буюмини ўғирламаган. Шундайми?

Петр Герасимович ғалаба қозонганидан севиниб, бу фикрга қўшилди.

– Аммо, лекин шафқат қилиш керак, – деб қўшиб қўйди савдогар.

Ҳамма унинг гапини маъқуллади. Фақат артелчигина: «Йўқ, гуноҳсиз», дейиш керак деб туриб олди.

– Ўзи ҳам шу маъно чиқяпти, – деб тушунтирди старшина, – талашни хаёлига келтирмаган, буюмини ўғирламаган деяпмиз-ку. Демак, гуноҳсиз бўлади-да.

– Майли, шундай деб ёза қол, яна шафқат қилиш лозим, деб қўшиб қўй: бундан чиқди, энди қутулибмиз-да, – деди савдогар хурсанд бўлиб.

Ҳамма шу қадар чарчаган, талашиб-тортишиб шу қадар бошлари қотган эдики, савдогарнинг жонига қасд қилган эмас, деб қўшиб қўйиш ҳеч кимнинг хаёлига келмади.

Нехлюдов шу қадар ҳаяжонланган эдики, буни пайқамай қолди. Жавоблар худди шу тахлитда ёзилди ва суд залига олиб кирилди.

Раблэ шундай деб ёзади: бир юристнинг олдига судлашмоқ учун келишибди. Ҳалиги юрист ҳар турли қонун-қоидаларни назарда тутиб, йигирма бет лотинча юридик ривоятларни ўқиб чиққандан кейин, судлашаётганларга соққа ташлашни таклиф этибди. Агар чикка тушса, даъвогар ҳақ бўлади, агар пукка тушса, жавобгар ҳақ бўлади деган экан.

Бу ерда ҳам шундай эди. Маълум бир қарорга келинганига ҳамманинг рози бўлиши сабаб бўлгани йўқ. Бунга сабаб, биринчидан, якунлашни шу қадар чўзган раис бу гал, ҳар доим айтадиган гапини, яъни саволга жавоб қайтараётганда маслаҳатчилар: «Ҳа, айбдору, лекин ҳаётига қасд қилган эмас», дейишлари мумкинлигини айтишни унутган эди; иккинчидан, полковник қайин инисининг хотини бошидан кечирган воқеани узоқ ва зерикарли ҳикоя қилди; учинчидан, Нехлюдов шу қадар ҳаяжонланган эдики, ҳаётига қасд қилган эмас, деган изоҳнинг йўқлигини пайқамади ва «талашни хаёлига келтирган эмас» деган изоҳ Маслованинг бегуноҳлигини очиқ-ойдин кўрсатиб беради, деб ўйлади; тўртинчидан, старшина савол ва жавобларни қайтадан ўқиб чиққан пайтда Петр Герасимович йўқ эди, у ташқарига чиқиб кетган эди. Асосий сабаб шунда эдики, ҳамма чарчаган, ҳамма тезроқ қутулиб кетишни ўйлар, шунинг учун ҳам қайси қарор ишнинг тезроқ тугашига йўл очса, шунга қўшилишга уринарди.

Маслаҳатчилар қўнғироқ чалишди. Қиличини яланғочлаб эшик олдида турган жандарм, қиличини қинига солди-да, ўзини четга олди. Судьялар жойларига ўтиришди, маслаҳатчилар бирин-кетин чиқиб кетишди.

Старшина тантанали суратда қоғозни олиб келди. У раиснинг олдига келиб, қоғозни узатди. Раис ўқиди ва ҳайрон бўлди шекилли, елкасини қисиб қўйди-да, ёнидагиларга ўгирилиб маслаҳатлаша бошлади. Раис маслаҳатчиларнинг: «Талашни хаёлига ҳам келтирмаган» деб изоҳ бериб, «жонига қасд қилган эмас» деб изоҳ бермаганларига ҳайрон эди. Маслаҳатчиларнинг қарорига биноан, Маслова ўғирлик, таловчилик қилмагану, лекин шунга қарамай, бекордан-бекорга бир одамни заҳарлаб ўлдирган бўлиб чиқарди.

– Чиқарган бемаъни қарорларини кўринг, – деди у чап томонида ўтирган аъзога. – Бу – каторга меҳнатига маҳкум қилиш демак, аслида эса тариқча гуноҳи йўқ.

– Нега энди бегуноҳ бўларкан? – деди жаҳлдор аъзо.

– Бегуноҳ бўлгандан кейин бегуноҳ деймиз-да. Менимча, бунга 818-моддани татбиқ қилиш керак. (818-моддада, агар суд ҳайъати қўйилган айб нотўғри деб топса, маслаҳатчиларнинг қарорини бекор қилиши мумкин дейилган эди.)

– Бунга сиз нима дейсиз? – деди раис кўнгилчан аъзога юзланиб.

Кўнгилчан аъзо жавоб бера қолмади. У олдида ётган қоғознинг номерига қаради-да, рақамларни қўшди, учга тақсим қилган эди, бўлинмади: у тақсим қилганда, агар бўлинса қўшиламан, деб ўйлаган эди, аммо кўнгилчанлигидан тақсим бўлмаса ҳам қўшила қолди.

– Татбиқ қилинса яхши бўларди, – деди у.

– Сиз нима дейсиз? – деди раис жаҳлдор аъзога қараб.

– Қўшилмайман, – деб жавоб берди у қатъий қилиб. – Газеталарда маслаҳатчилар жиноятчиларни бекордан-бекорга оқлаб юборишяпти деб ёзганлари етмайдими, суднинг ўзи оқлаб юборса, нималар дейишмайди. Йўқ, мен бунга сира қўшила олмайман.

Раис соатига қаради.

– Эсизгина, энди нима ҳам қила оламиз, – раис шундай деди-ю, ўқиб эшиттириш учун қоғозни старшинага узатди.

Ҳамма ўрнидан турди. Старшина турган жойида депсиниб, йўталиб қўйди-да, савол-жавобларни ўқий бошлади. Суд ҳайъатидагиларнинг ҳаммаси: секретардан тортиб адвокатгача, ҳатто прокуроргача ҳайрон бўлиб қолишди.

Судланувчилар жавобларнинг маънисига тушуниб етишмади шекилли, жим ўтиришарди. Ҳамма яна ўз жойига ўтирди, раис прокурордан, судланувчилар қандай жазога лойиқ, деб сўради.

Кутилмаганда Маслова масаласида муваффақият қозонганидан севинган прокурор буни нотиқлигининг самараси деб топди, қоғозларини титкилаб қараб олгач, ўрнидан қўзғалиб қўйди-да:

– Симон Картинкинни 1452-модда ва 1453-модданинг 4-бандига мувофиқ, Евфимия Бочковани 1659-моддага мувофиқ, Масловани эса 1454-моддага мувофиқ жазолаш лозим деб ҳисоблайман, – деди.

Бу жазоларнинг ҳаммаси жуда оғир жазолардан эди.

– Суд ҳукм чиқариш учун чиқиб кетади, – деди раис ўрнидан туриб.

Унинг кетидан ҳамма ўрнидан турди ва ўзини яхши ишни бажаргандек анча енгил ҳис қилиб, залдан чиқа бошлади, баъзилар залда у ёқдан бу ёққа юра бошлади.

– Ишни расво қилиб қўйдик-ку, тақсир, – деди Петр Герасимович Нехлюдовнинг олдига келиб; старшина Нехлюдовга алланималарни ҳикоя қилаётган эди. – Бечора жувонни каторгага юборадиган бўлдик.

– Нима дедингиз? – деб қичқириб юборди Нехлюдов. Ҳозир у, ўқитувчининг бетакаллуфлигини сезмай ҳам қолган эди.

– Айтдим-ку, ҳозир, – деди у. – Жавобда: «Гуноҳкору, лекин ҳаётига қасд қилган эмас», демабмиз. Менга ҳозир котиб айтди: прокурор уни ўн беш йил каторгага маҳкум қилмоқчи деб.

– Ўзимиз шундай қарор қилдик-ку, – деди старшина.

Петр Герасимович, Маслова пулни олмагандан кейин, савдогарнинг ҳаётига қасд ҳам қилмаганлиги очиқ-равшан кўриниб турибди, деб тортиша бошлади.

– Бу ёққа чиқмасдан туриб жавобни ўзларингизга ўқиб бердим-ку, – деб ўзини оқларди старшина. – Ҳеч қайсингиз эътироз билдирмадингиз.

– Ўқиб берган вақтингизда мен йўқ эдим, ташқарига чиққан эдим, – деди Петр Герасимович. – Сиз нега тўғрилатмадингиз?

– Бундай бўлар деб ўйламабман, – деди Нехлюдов.

– Ўйламагандан кейин шундай бўлади.

– Ҳалиям тўғриласа бўлади, – деди Нехлюдов.

– Йўқ, энди тўғрилаб бўпмиз.

Нехлюдов судланувчиларга қаради. Улар, яъни тақдири ҳал этилаётган бу кишилар панжара орқасида, солдатлар олдида боягидек қимир этмай ўтиришарди. Маслова нимагадир жилмайиб ўтирарди. Нехлюдовнинг кўнглида ёмон ҳис уйғонди. Боя, Катюшанинг оқланиши ва шаҳарда қолишига кўзи етгандан кейин унга қандай муносабатда бўлишига ҳайрон бўлиб ўтирган эди; у билан муносабатда бўлиш ҳам қийин эди. Каторга ва Сибирга сургун қилиниши эса, унга нисбатан бўладиган ҳар қанақа муносабатга хотима беради: яраланган қуш овчининг халтасида типирчилаб, ўзини эслата олмайди.

XXIV

Петр Герасимовичнинг тахмини тўғри эди.

Раис кенгашиб чиқди-да, қоғозни ўқий бошлади:

– «Округ судининг жиноий ишларни кўриш бўлими император ҳазрати олийларининг фармонига мувофиқ 188* йилнинг 28 апрель куни жаноб суд маслаҳатчиларининг қарорига биноан, жиноий ишларни кўриш уставининг 771-моддасининг 3-банди, 776-моддаси ва 777-моддасига асосан, 33 яшар деҳқон Симон Картинкин, 27 яшар мешчанка Екатерина Маслова каторга ишига ҳукм этилсин, мол-мулки мусодара қилинсин; Картинкин 8 йилга, Маслова 4 йилга кесилсин. Иккалови қонунлар мажмуасининг 28-моддасига биноан ҳуқуқлардан маҳрум этилсин. 43 яшар мешчанка Евфимия Бочкова мол-мулки мусодара қилиниб, 3 йил муддат билан турмага қамалсин, қонунлар мажмуасининг 49-моддасига биноан ҳуқуқдан маҳрум этилсин. Шу иш бўйича чиқимлар судланувчиларнинг гарданига қўйилиб, учаловига баравар тақсимлансин. Уларнинг қурби етмаган тақдирда эса, хазина ҳисобига ўтказилсин. Шу иш бўйича келтирилган далилий ашёлар сотилсин, узук қайтариб берилсин, шиша идишлар синдириб ташлансин».

Картинкин бармоқларини кериб, қўлларини икки ёнига ташлаб турар, юзлари пир-пир учарди. Бочкова жудаям хотиржам кўринарди. Маслова эса ҳукмни эшитиб қип-қизариб кетди.

– Гуноҳим йўқ, гуноҳим йўқ! – деб овозининг борича чинқириб юборди у. – Бу инсофдан эмас. Гуноҳим йўқ, ўйламаган эдим ҳам, хаёлимга ҳам келмаган эди. Рост айтяпман. Рост. – Шундай деб у ўриндиққа ўзини ташлаб, ҳўнграб йиғлаб юборди.

Картинкин билан Бочкова чиқиб кетганда ҳам у жойида йиғлаб ўтирарди, жандарм халатининг енгидан тортиб турғизишга мажбур бўлди.

«Йўқ, буни шу аҳволда қолдириб бўлмайди», – деб ғўлдиради Нехлюдов ўзига ўзи, боя кўнглида пайдо бўлган ярамас ҳисни тамомила унутиб; Масловани яна бир бор кўриб қолиш учун шошиб йўлакка чиқди. Нега бундай қилганини ўзи ҳам билмас эди. Ишнинг тугаганидан хурсанд бўлиб чиқиб кетаётган маслаҳатчилар ва адвокатлар эшик олдида уймаланишарди. Шунинг учун Нехлюдов эшик ёнида бир неча дақиқа тўхталиб қолди, Нехлюдов йўлакка чиққанда эса Маслова анча нарига кетиб қолган эди. Нехлюдов одамларнинг эътиборини жалб қилаётганига парво қилмай тез-тез юриб ундан ўзиб кетди-да, тўхтади. Катюша йиғидан тўхтаган эди. У ўқтин-ўқтин хўрсиниб қўяр, қип-қизариб кетган юзини дуррасининг учи билан арта-арта Нехлюдовнинг ёнгинасидан унга қарамай ўтиб кетди. Катюшани ўтказиб юборгач, Нехлюдов раисга учрашиш мақсадида қайтиб кирганда, раис аллақачон чиқиб кетган эди.

Нехлюдов кийим ечадиган ерда унга етиб олди.

– Жаноб раис, – деди Нехлюдов. Раис ранги очиқ пальтосини кийиб бўлиб, швейцар узатаётган кумуш сопли ҳассасини олаётганида у етиб борган эди, – сиз билан ҳозир кўрилган иш ҳақида гаплашсам бўладими? Мен маслаҳатчиман.

– Танийман сизни, янглишмасам, князь Нехлюдов бўлсангиз керак? Жуда хурсандман, илгари ҳам бир учрашган эдик, – деди раис унинг қўлини сиқар экан, Нехлюдов билан учрашган ўша кечада ҳамма ёшлардан ҳам яхши танца қилганини мамнуният билан эслаб. – Хўш, хизмат?

– Маслова ҳақидаги жавобимизда англашилмовчилик юз берибди. Заҳарлашда айби йўғу, бекорга каторгага ҳукм этилиб кетди, – деди Нехлюдов қовоғини солиб, хуноб бўлиб.

– Суд ўзларингизнинг жавобингизга асосан ҳукм чиқарди, – деди раис эшик томонга қадам ташлаб, – аммо суд ҳайъатларига ҳам жавобингиз нотўғрига ўхшаб кўринган эди-я.

Раис, маслаҳатчиларга, кишининг жонига қасд қилинганини рад этмай, фақат «Ҳа, айбдор» деб жавоб бериш, қасддан ўлдирганини тасдиқлайди, деб тушунтирмоқчи бўлганини, лекин шошиб тургани учун индамай қўя қолганини эслади.

– Энди шу хатони тузатсак бўлмайдими?

– Ҳукмни бекор қилиш учун ҳамма вақт баҳона топилади. Адвокатларга мурожаат қилиш лозим, – деди раис шляпасини чаккасига қўйиб, эшик томон кетар экан.

– Ахир, иш жуда расво бўлди-ку.

Раис Нехлюдов билан мулойимгина гаплашмоқчи бўлди шекилли:

– Маслова учун икки йўл бор эди, – деди бакенбардини пальтоси ёқасининг устига чиқариб текислар экан, кейин унинг тирсагидан ушлаб эшик томон бошлади: – Сиз ҳам кетяпсизми?

– Ҳа, – деди Нехлюдов, шошиб-пишиб кийиниб; сўнгра раис билан олдинма-кейин чиқиб кетди.

Улар қуёш нурига ғарқ бўлган кўчага чиқишди, тош қўчада ғилдиракларнинг тарақ-туруғидан қаттиқ-қаттиқ гаплашишга тўғри келди.

– Жуда ғалати ҳол, – деб гапида давом этди раис овозини баландроқ чиқариб, – Маслова учун атиги икки йўл бор эди: Ё, қамалиш – бу оқланиш билан баравардир, зеро, шу кунгача қамоқда ўтиргани ҳам ўша ҳисобга кирарди ёки бўлмасам каторга – бошқа йўл йўқ. Агарда сиз, «Жонига қасд қилган эмас», деган сўзларни қўшганингизда эди, у оқланиб кетарди.

– Афсус, минг афсуски, билмабман, – деди Нехлюдов озорланиб.

– Ҳамма гап шунда-да, – деди жилмайиб раис, соатига қарар экан.

Клара белгилаган сўнгги муҳлатга чорак кам бир соат қолган эди.

– Агар истасангиз, адвокатга мурожаат қиласиз. Ҳукмни бекор қилдириш учун баҳона топиш керак. Баҳона ҳамма вақт топилади. Дворянская кўчасига ҳайда, – деди у извошчига, – ўттиз тийин. Ҳеч қачон ортиқ тўламайман.

– Марҳамат жаноб олийлари.

– Хуш қолинг. Агар керак бўлиб қолсам, Дворянская кўча, Дворниковнинг уйи деб сўрайсиз, эсда олиб қолиш осон.

Шундай деб у мулойимгина хайрлашиб, жўнаб кетди.

₺97,07
Türler ve etiketler
Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
22 mart 2023
ISBN:
978-9943-5841-0-5
Telif hakkı:
BOOKTOPIA

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu