Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Тирилиш», sayfa 9

Yazı tipi:

XXV

Раис билан суҳбати ва соф ҳаво Нехлюдовни бир оз тинчитди. Энди у, боядан бери тортган ташвишим, одатдан ташқари шароитда кунни кеч қилганимдан бўлса керак, деб ўйлади.

«Жуда қизиқ ва ғалати учрашув бўлди-я! Унинг аҳволини енгиллаштириш учун қўлимдан келганини аямаслигим, тезроқ ёрдам беришим керак. Ҳозирнинг ўзидаёқ ишга киришиш лозим. Шу ерда, судда, Фанарин ёки Микишиннинг уйи қаердалигини билиб олиш зарур». У иккита машҳур адвокатни эслади.

Нехлюдов суд идорасига қайтиб келди, пальтосини ечди-да, юқорига чиқди. Биринчи йўлакдаёқ Фанаринга дуч келди. Нехлюдов уни тўхтатди-да, иши борлигини айтди. Фанарин уни яхши танир экан, хизматга тайёрлигини билдирди.

– Жуда чарчаганман… агар кўп вақт олмайдиган бўлса, марҳамат қилиб айта қолинг, юринг бу ёққа.

Фанарин Нехлюдовни қандайдир бир хонага бошлаб кирди. Бу бирор судьянинг кабинети бўлса керак. Улар стол ёнига ўтиришди.

– Хўш, хизмат?

– Аввал сиздан бир нарсани илтимос қиламан, – деди Нехлюдов, – бу ишга аралашганимни ҳеч ким билмасин.

– Бу жиҳатдан ташвишланманг. Хўш…

– Бугун мен судда маслаҳатчи сифатида қатнашган эдим. Ҳаммамиз бир бўлиб бир хотинни бегуноҳдан-бегуноҳ каторгага ҳукм қилиб юбордик. Шу воқеа мени жуда қийнаяпти.

Нехлюдов ўзи ҳам кутмаганда тўсатдан қип-қизариб кетиб, сўз тополмай қолди.

Фанарин унга ялт этиб қараб қўйди-да, яна ерга кўз тикиб, тинглай бошлади.

– Хўш, – деб қўя қолди у.

– Бегуноҳдан-бегуноҳ кесилиб кетди. Мен ҳукмни бекор қилдиришни, ишни юқори идораларга оширишни истардим.

– Сенатга, – деб тузатди Фанарин.

– Шу ишни зиммангизга оларсиз деб умид қиламан.

Нехлюдов ишнинг энг нозик томонини тезроқ бир ёқлик қилиб юборишни истагани учун шартта:

– Қуруқ қўймайман, ҳар қандай чиқим бўлса, ўз гарданимга оламан, – деди қизариб.

– Бу ёғини келишиб оламиз, – деди адвокат унинг тажрибасизлигидан кулиб.

– Хўш, ўзи нима гап?

Нехлюдов сўзлаб берди.

– Яхши, эртага ишни кўриб чиқаман. Индинга, йўқ, пайшанба куни кечқурун соат олтида боринг, жавобини бераман. Хўпми? Қани, кетдик бўлмасам, мен ҳали справкалар олишим керак бу ерда.

Нехлюдов у билан хайрлашиб чиқиб кетди.

Адвокат билан суҳбати ва Масловани ҳимоя қилиш учун чора кўра бошлагани уни анча юпатди. У кўчага чиқди. Ҳаво жуда яхши эди. Кўнгли ёришиб соф кўклам ҳавосидан тўйиб нафас олди. Извошчилар хизматига тайёрликларини билдириб, манзират қила бошладилар, аммо у пиёда кетаверди. Шу замоноқ минг хил фикрлар, Катюша ҳақидаги хотиралар ва унга нисбатан қилган гуноҳи миясини чулғаб олди. Унинг кўнгли хиралашиб, ҳамма нарса хунук бўлиб кўринди. «Йўқ, бу тўғрида кейин бир ўйлаб кўрарман, – деди у ўзига, – ҳозир, аксинча, бу оғир таассуротлардан кейин кўнглимни очишим керак».

У Корчагинлар овқатга таклиф этишганини эслади-да, соатига қаради. Ҳали вақт бор, овқатга етиб бориш мумкин эди. Ёнидан конка жингиллаб ўтиб кетди. Нехлюдов чопиб бориб конкага чиқиб олди. Майдонга етганда у сакраб тушиб қолди-да, яхши извошни ёллаб, ўн дақиқа ўтар-ўтмас Корчагинларнинг ҳашаматли уйи олдига етиб келди.

XXVI

Корчагинларнинг ҳашаматли уйи олдида турган бақалоқдан келган ширин сўз швейцар ғирчилламайдиган, икки ёқлама ошиқ-мошиққа илинган қарағай эшикни оча туриб:

– Марҳамат қилинг, жаноб олийлари, сизни кутишяпти, – деди. – Овқатланишяпти, фақат сизнигина киритишга рухсат беришган.

Швейцар зина ёнига борди-да, юқорига қўнғироқ қилди.

– Бирон одам борми? – деб сўради Нехлюдов ечинатуриб.

– Жаноб Колосов билан Михаил Сергеевич; қолганлари ҳаммаси ўз одамларимиз, – деб жавоб берди швейцар.

Зина устида эгнига фрак, қўлига оқ перчатка кийган хушрўй лакей кўринди.

– Марҳамат, жаноб олийлари, – деди у. – Таклиф этишни буюришган.

Нехлюдов зинага чиқди-да, ўзига таниш ҳашаматли ва кенг залдан ўтиб, емакхонага кирди. Оиланинг барча аъзолари, ҳеч қачон кабинетидан чиқмайдиган княгиня Софья Васильевнадан ташқари, ҳамма емакхонада, стол атрофида ўтирарди. Столнинг тўрида кекса Корчагин жойлашган, унинг ёнида, чап томонида доктор, нариги ёнида Иван Иванович Колосов деган меҳмон – собиқ губерния бошлиғи, ҳозир энди банк бошқармасининг аъзоси, Корчагиннинг либерал ўртоғи ўтирарди; кейин чап томонда Миссининг синглисининг мураббияси – mis Редер ва ўша тўрт яшар қизнинг ўзи, ўнг томонда уларнинг рўпарасида эса, Миссининг укаси, Корчагинларнинг ёлғиз ўғли, гимназиянинг VI синф ўқувчиси Петя (бутун оила унинг имтиҳондан ўтишини кутиб шаҳарда қолган эди) ва репетитор – талаба ўтирарди, сўнгра чап томонда қирқ яшар славянофиль қиз Катерина Алексеевна, унинг рўпарасида Миссининг амакиваччаси Михаил Сергеевич, бошқача айтганда, Миша Телегин жойлашганди; энг пастда Миссининг ўзи ўтирар, унинг ёнида қўл теккизилмаган идиш-оёқлар турарди.

Кекса Корчагин ясама тишлари билан қийналиб ва эҳтиёткорлик билан овқат чайнар экан:

– Жуда соз. Ўтиринг, биз энди балиқдан бошлаб эдик, – деди қип-қизариб кетган кўзларини Нехлюдовга тикиб. – Степан, – деб мурожат қилди у оғзи тўла овқат билан, семиз, басавлат буфетчига бўш идиш-оёқни кўзи билан кўрсатиб.

Нехлюдов кекса Корчагинни жуда яхши билса-да, уни овқат устида кўп кўрган бўлса-да, жилеткасига қистириб қўйилган салфеткаси, лаззатланиб тамшанаётган бу лаблар, бу қип-қизил юз ва йўғон бўйин, айниқса, генералнинг миқтидан келган бақувват гавдаси бугун унга негадир жуда ёқимсиз кўринди. Тўсатдан Нехлюдов бу кишининг қаттиққўллиги ҳақида эшитганларини: ўлка бошлиғи бўлган кезларида, ўзи бадавлат ва машҳур, лаганбардорлик қилишга эҳтиёж йўқ бўлишига қарамай, негадир, одамларни дўппослагани, ҳатто остирганини эслади.

– Ҳозир овқат беришади, жаноб олийлари, – деди Степан кумуш вазалар тизиб қўйилган буфетдан чўмич олар экан, бакенбардли хушрўй лакейга имо қилиб. Лакей бўлса, дарҳол Миссининг ёнига келиб, крахмалланган, герби кўзга ташланиб турган салфетка билан беркитиб қўйилган идиш-товоқларни тўғрилаб овқат суза бошлади.

Нехлюдов столни айланиб ўтиб, ҳамманинг қўлини бир-бир сиқиб чиқди. Кекса Корчагин билан аёллардан ташқари ҳамма, у яқинлашганда ўрнидан турар эди. Столни бу тариқа айланиб ўтиш, уларнинг кўпчилиги билан ҳеч қачон гаплашмаган бўлса-да, шу ерда ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси билан қўл сиқиб кўришиш, бугун унга айниқса ёқимсиз ва кулгили бўлиб кўринди. Нехлюдов кечикиб қолгани учун узр сўради-да, столнинг қуйи томонидаги Мисси билан Катерина Алексеевна ўртасидаги бўш ўринга ўтирмоқчи бўлган эди, бироқ кекса Корчагин ундан ароқ ичмаганига яраша омара, икра, сир, селёдкалар терилган стол ёнига келиб ўтириб, тамадди қилишини талаб қилди. Нехлюдов қорни бу қадар очиб қолганини пайқамаган эди. У нонни пишлоқ билан қўшиб ея бошлади ва иштаҳаси очилиб, овқатни тушира кетди.

– Хўш, жамият негизларини қўпордингларми? – деди Колосов суд маслаҳатчилари қатнаши билан бўладиган судга қарши бош кўтараётган тескаричилик газетасининг иборасини истеҳзоли оҳангда ишлатиб. – Айбдорларни оқлаб, гуноҳсизларнинг бўйнига айб қўйдингизми?

– Негизни қўпориш… Негизни қўпориш… – дея такрорлади либерал ўртоғи ва дўстини ақлли ва илмли деб ҳисоблаган князь кулиб.

Нехлюдов, назокатсизлик бўлса-да, Колосовга жавоб қайтармади, буғи чиқиб турган шўрва ёнига ўтирар экан, ҳамон кавшанар эди.

– Уни ўз ҳолига қўйинглар, овқат еб олсин, – деди Мисси жилмайиб, «уни» деган олмошни ишлатиш билан ўзининг Нехлюдовга яқинлигини эслатиб.

Бу орада Колосов, маслаҳатчилар иштирокидаги судга қарши чиққан, ўзини ғазаблантирган мақоланинг мазмунини шанғиллаб сўзлай бошлади. Корчагиннинг жияни Михаил Сергеевич унинг гапини маъқуллаб турди ва сўз охирида худди шу газетадаги мақоланинг мазмунини гапириб берди.

Мисси ҳар вақтдагидек жуда bistinguee23 ва кўзга ташланмайдиган, яхши кийим кийган эди.

– Ҳаддан ташқари чарчаганга, оч қолганга ўхшайсиз, – деди Мисси Нехлюдовга, у оғзидаги луқмасини чайнаб, ютиб бўлгандан кейин.

– Йўқ, у қадар эмас. Сиз-чи? Сурат томоша қилгани бордингизми? – деб сўради у.

– Йўқ, бошқа кунга қолдирдик. Биз Саламатовларникида, lawn tennis’e24да бўлдик. Мистер Крукс ҳақиқатан ўйинга жуда уста экан.

Нехлюдов бу ерга кўнгил очиш учун келган эди. Бу уй зўр ҳашамати билангина эмас, балки, бу муҳитдаги хушомадгўйлик, меҳрибонлик унинг кўнглига хуш ёқарди. Бугун эса, шуниси қизиқки, бу уйдаги нарсаларнинг ҳаммаси – швейцардан тортиб кенг зинагача, гуллардан тортиб лакейларгача, тузоғлиқ столдан тортиб Миссининг ўзигача уни жиркантирарди. Бугун Мисси унга ёқимсиз ва сохта бўлиб кўринди.

Колосовнинг кеккайиб, орсизларча, либераллик қилиб гапириши Нехлюдовнинг жиғига тегар, кекса Корчагиннинг ҳўкизсифат кеккайган қадди-қомати ғашини келтирар, славянофилька Катерина Алексеевнанинг французча иборалари ғашига тегар, гувернантка билан репетитор йигитнинг тортинчоқ қиёфалари ҳушига ёқмас, ўзини «уни» деган олмош билан атаганлари эса жонини чиқарарди… Нехлюдов Миссига нисбатан ҳамма вақт икки хил муносабат ўртасида иккиланарди: баъзида кўзини қисиб қараган вақтидагидек ёки ойдин кечадагидек унда фақат гўзалликни кўрарди: Мисси унинг назарида ҳам навқирон, ҳам чиройли, ҳам ақлли, ҳам табиий бўлиб кўринарди… Баъзида эса, худди офтоб ёруғида кўргандек, Миссининг нуқсонлари кўзига яққол ташланар, нуқсонларини кўрмай қололмас эди. Бугун унинг учун худди шундай кун эди. Бугун у қизнинг бетидаги барча ажинларни кўрар, унинг сочи жингалак қилинганини билиб турарди; Нехлюдов қизнинг тирсаги туртиб чиқиб турганини кўрар, айниқса, бош бармоғининг тирноғи отасиникига ўхшаш ялпоқ экани яққол кўринарди.

– Ўлгудай бўлмағур ўйин, – деди Колосов теннис ҳақида гапириб, – ундан кўра биз ёшлигимизда ўйнаган копток ўйини яхшироқ эди.

– Йўғ-е, ўйнаб кўрмагансиз-да. Жуда қизиқ ўйин, – деб эътироз билдирди Мисси, Нехлюдовнинг назарида у «жуда» сўзини ғайритабиий талаффуз этгандек кўринди.

Шу билан баҳс бошланиб кетди. Бу баҳсда Михаил Сергеевич ҳам, Катерина Алексеевна ҳам иштирок этди. Фақат гувернантка, репетитор ва болалар жим ўтиришарди. Улар, афтидан, зерикиб қолишган эди.

– Доим баҳслашганлари баҳслашган! – деди кекса Корчагин хахолаб. У салфеткасини жилеткасидан чиқариб, стулни тарақлатиб ўрнидан турган эди, лакей эпчиллик билан стулни четга олиб қўйди. Ундан кейин бошқалар ҳам ўринларидан туришди-да, илиқ, хушбўй сув турган стол ёнига боришди ва оғизларини чайқашар экан, ҳеч кимни қизиқтирмаган суҳбатни давом эттиришди.

Мисси одамнинг характери ҳаммадан ҳам ўйинда очиқ кўринади деган фикрини маъқуллатиш учун:

– Тўғрими? – деб Нехлюдовга мурожаат қилди. Қиз унинг юзида паришонлик, таъна ифодасини кўрди. Мисси ундаги бу ҳолатдан жуда қўрқар ва нега бундай қилаётганини билишни истарди.

– Қайдам, ҳеч қачон бу тўғрида ўйламаган эканман, – деб жавоб берди Нехлюдов.

– Ойимнинг олдига кирасизми? – деб сўради Мисси.

– Ҳа, ҳа, – деди Нехлюдов папиросини олаётиб. У шундай оҳангда гапирдики, боргиси келмаётгани очиқ-ойдин сезилиб турарди.

Қиз индамай, савол назари билан унга қараган эди, Нехлюдовнинг кўнгли бир хил бўлиб кетди. «Рост-да, бировникига қовоқ-тумшуғимни осилтиргани келдимми», – деб ўйлади у ўзича юмшоқ гапиришга уриниб, агар княгиня қабул қилсалар, жон деб киришини айтди.

– Ойим жуда хурсанд бўладилар. Ўша ерда чексангиз ҳам бўлади. Иван Иванович ҳам ўша ерда.

Уй бекаси, княгиня Софья Васильевна ётиб қолган эди. У саккиз йилдан бери меҳмонлар ҳузурида кружевали, лентали духоба кийимларга беланиб, фил суяги, бронзадан қилинган, лакланган, зарҳал анжомлар қуршовида ётар, ҳеч қаёққа бормас, ўзининг айтишича, фақат «ўз дўстлари»ни, яъни унинг фикрича бирон нарсаси билан халойиқдан ажралиб турадиганларнигина қабул қиларди. Бу дўстлар қаторида Нехлюдовни ҳам қабул қиларди, чунки, аввало у ақлли йигит ҳисобланарди, онаси бу оиланинг яқин дўстларидан эди. Мисси унга тегса яхши иш бўларди деб ўйларди.

Княгиня Софья Васильевнанинг хонаси катта ва кичик меҳмонхонанинг нариги томонида эди. Катта меҳмонхонага кирганларида, Нехлюдовдан олдинда кетаётган Мисси шартта тўхтади-да, зарҳал стулчанинг суянчиғидан ушлаб унга қаради.

Миссининг эрга теккиси келиб қолган, Нехлюдов эса унга муносиб эди. Бундан ташқари Нехлюдов унга ёқарди. Мисси ўзини, у меники бўлади (у Нехлюдовники эмас, Нехлюдов уники бўлади), деган фикрга ўргатиб қўйган ва ғайриихтиёрий равишда, руҳий касалларга хос ҳийлакорлик билан мақсадига эришиш учун интиларди. Қиз, унинг муҳаббат изҳор этишини кутиб гапга солди.

– Кўриб турибман, сизга бир ҳодиса бўлганга ўхшайди, – деди у. – Нима бўлди?

Нехлюдов суддаги учрашувни эслади, қип-қизариб қовоғини солди:

– Ҳа, бўлди, – деди у ростгўй бўлишни истаб, – ғалати, фавқулодда ва муҳим бир воқеа бўлди.

– Нима экан? Нималигини айта оласизми?

– Ҳозирча айта олмайман. Гапирмасликка ижозат беринг. Шундай бир воқеа бўлдики, мен бу хусусда ўйлаб кўрганимча йўқ, – деди у ва аввалгидан баттар қизарди.

– Менга ҳам айтмайсизми? – Миссининг бети пирпираб кетди, у ушлаб турган стулчасини суриб қўйди.

– Йўқ, айта олмайман, – деб жавоб берди Нехлюдов. Қизга жавоб қайтарар экан у, айни замонда, ўз саволига ўзи жавоб бераётгандек бўлди; ҳақиқатан ҳам муҳим воқеа рўй берганига ўзи ҳам иқрор бўлган эди.

– Юринг бўлмасам.

Қиз кераксиз фикрларни ҳайдамоқчи бўлгандек, бошини силкитиб қўйди-да, одатдагидан тезроқ юриб кетди.

Нехлюдовнинг назарида Мисси йиғлаб юбормаслик учун лабини қимтигандек кўринди. У қизни хафа қилиб қўйганидан кўнгли ғаш бўлди, лекин сал бўш келса ўзини ўзи ҳалок қилишини, тақдирини боғлаб қўйишини ҳис этарди. Шу тобда у бундай бўлишидан қўрқарди, у қиз билан княгинянинг кабинетига боргунча миқ этмади.

XXVII

Княгиня Софья Васильевна хуштаъм ва жуда тўйимли тушки овқатини еб бўлди. Нафосатдан йироқ бўлган бундай машғулот вақтида биров мени кўрмасин деб ҳамма вақт ёлғиз овқатланарди. Унинг кушеткаси ёнида мўъжазгина стол бор эди. Стол устида қаҳва турар, княгиня ингичка папирос чекмоқда эди. Княгиня Софья Васильевна ориққина, бўйдор, тишлари узун, шаҳло кўз қорачадан келган, ўзини ёш қилиб кўрсатишга уринадиган аёл эди.

Унинг доктор билан муносабати ҳақида ғийбат гаплар юрарди. Нехлюдов илгарилари бу гапни эсидан чиқариб юборган эди, аммо бугун, у фақат эслабгина қўя қолмади, балки, мой суртиб ялтиратилган соқоли икки томонга ажратиб таралган доктор княгинянинг креслоси олдида турганини кўрганда, боягидан беш баттар нафрати ошди.

Софья Васильевнанинг ёнида, пастаккина юмшоқ диванда Колосов столчадаги қаҳвани қошиқ билан чайқалтириб ўтирарди. Столча устида бир рюмка ликёр бор эди.

Мисси онасининг олдига Нехлюдов билан бирга кирди-ю, лекин бунда ортиқ турмади.

– Ойим чарчаб, ҳайдаб юборса, менинг олдимга боринглар, – деди у Колосов билан Нехлюдовга, ораларидан ҳеч гап ўтмагандек жилмайиб; сўнгра қалин гилам устида оҳиста юриб, хонадан чиқиб кетди.

– Салом, дўстим, қани ўтиринг, нима гаплар бор? – деди княгиня Софья Васильевна худди ростакам кулгига ўхшаш ясама табассум билан. У илжайганда усталик билан ясалган, худди ўз тишига ўхшаш чиройли узун тишлари кўринарди. – Суддан жуда диққат бўлиб қайтибсиз деб эшитдим. Менингча, бу кўнгли бўш одамларга жуда оғирлик қилса керак, – деб қўйди у французчалаб.

– Тўғри, – деди Нехлюдов, – кўпинча ўзингнинг ноҳақлигингни… суд қилишга ҳаққинг йўқлигини ҳис қиласан киши…

Княгиня ҳар вақтдагидек ҳамсуҳбатига хушомад қилиб:

– Gomme с’еst vrai,25 – деб нидо қилди унинг гапи ростлигидан ҳайрон қолгандек.

– Хўш, чизаётган расмингиз нима бўлди, мен жуда қизиқиб қолганман, – деб қўшиб қўйди у. – Агар бедармон бўлмаганимда, аллақачон уйингизга бориб келардим.

– Бутунлай ташлаб қўйдим, – деб қуруққина жавоб берди Нехлюдов. Княгинянинг тилёғламалиги доим яшириб келаётган қарилигидек очиқ-ойдин сезилиб турарди. Нехлюдов хушмуомалалик билан жавоб қайтаришга нечоғлик уринса ҳам, сира уддалай олмади.

– Бекор қилибсиз! Биласизми, унинг қобилияти жуда зўр, буни менга Репин айтган, – деди княгиня Колосовга юзланиб.

«Ёлғон гапиргани уялмайдиям-а», – деб ўйлади Нехлюдов қовоғини солиб.

Софья Васильевна Нехлюдовнинг кайфи бузуқлигини кўриб, Колосовга мурожаат қилди. Унинг янги драма ҳақидаги фикрини сўради. Нехлюдов гоҳ Софья Васильевнанинг, гоҳ Колосовнинг сўзларини тинглар экан, биринчидан, на Софья Васильевнанинг ва на Колосовнинг драма билан ҳам, бир-бири билан ҳам бир чақалик иши йўқлигини кўриб турарди; иккинчидан, у Колосовнинг ароқ, вино, ликёр ичиб олиб маст бўлганини, аҳён-аҳёнда ичадиган мужиклар сингари эмас, балки вино ичишга одатланиб қолган одамлар сингари маст бўлганини пайқаб турарди. У гандиракламас, оғзига келганини гапириб валақламас эди-ю, аммо кайфи ошган, ўзидан мамнун эди; учинчидан, Нехлюдов Софья Васильевнанинг, офтоб нури устимга тушиб, қарилигимни билдириб қўяди, деб ташвишланаётганини, гап орасида офтоб тушиб турган деразага қараб-қараб қўяётганини пайқаган эди.

– Жуда топиб гапирдингиз, – деди Софья Васильевна Колосовнинг аллақандай мулоҳазасига қўшилиб. Кейин кушетка ёнидаги, девордаги қўнғироқ тугмачасини босди.

Шу маҳал доктор ўрнидан турди, ўз уйида юргандек, ҳеч нарса демасдан чиқиб кетди. Софья Васильевна гапини давом эттириб, уни кўзи билан кузатиб қолди.

– Филипп, марҳамат қилиб, шу пардани тушириб қўйсангиз, – деди у қўнғироқ товушини эшитиб кирган кўркам лакейга.

– Йўқ, нима десангиз денг, унда қандайдир сирли бир нарса бор, сирли нарса бўлмаган жойда шеърият бўлмайди, – деяр эди у қора кўзининг биттаси билан пардани тушираётган лакейнинг ҳаракатларини кузатаркан.

– Шеъриятсиз мистицизм – хурофот, мистицизмсиз шеърият эса наср, – деди у ғамгин жилмаяркан, пардани тўғрилаётган лакейдан кўз узмай.

– Филипп, бошқа пардани айтяпман – катта деразанинг пардасини, – деди жони ачигандек Софья Васильевна. У шу сўзларни айтгунча кўп куч сарфлагани учун ўзига ачингандек эди; ўзини тинчлантириш мақсадида узукларга беланган қўли билан хушбўй ҳид таратаётган папиросни оғзига тутди.

Кенг яғринли, гўштдор, кўркам Филипп афв сўрагандек, енгилгина таъзим қилди, кучли, болдирлари ўйнаб чиққан оёқларини секин-аста босиб, гилам устида аста юриб, итоаткорлик билан индамай нариги дераза томонга ўтди, Софья Васильевнага тангадек қуёш нури туширмасликка ҳаракат қилиб, княгиняга қараб-қараб қўйиб пардани ёпа бошлади. Аммо бу гал ҳам у алланарсани ўрнига қўя олмади шекилли, азоб чеккан Софья Васильевна яна мистицизм ҳақидаги сўзини ярим йўлда тўхтатиб, гап уқмас, шафқатсизлик билан ўзини ташвишга солаётган Филиппга ақл ўргатишга мажбур бўлди. Филиппнинг кўзларида учқун пайдо бўлди, бир лаҳза ёнди-ю, яна сўнди.

«Сенга нима кераклигини шайтоннинг ўзи ҳам билмайди, деяпти Филипп ўз ичида», деб ўйлади бу томошани кузатиб турган Нехлюдов. Аммо кўркам ва кучли Филипп тоқатсизланганини яшириб, тинкаси қуриган, нотавон, туриш-турмуши қалбаки Софья Васильевнанинг буйруғини оҳиста бажара бошлади.

– Дарвин таълимотида анчагина ҳаққоният бор, албатта, – деярди паст креслода ялпайиб ўтирган Колосов мудроқ босган кўзларини Софья Васильевнага тикиб, – лекин у ҳаддан ошиб кетяпти-да, шундай.

– Сиз ирсиятга ишонасизми? – деб сўради княгиня Софья Васильевна Нехлюдовдан; унинг жим тургани княгиняга малол келган эди.

– Ирсиятга дейсизми? – деб қайтариб сўради Нехлюдов. – Йўқ, ишонмайман, – деди у негадир шу тобда хаёлхонасида туғилган ғалати образларга берилиб. У кўркам ва кучли Филиппни натуршик деб тасаввур этди ва унинг ёнида қорни тарвуздай, мускулсиз қўллари косовдек, боши ярғоқ Колосов турганини кўз олдига келтирди. Софья Васильевнанинг шоҳи ва барқутлар ташланган елкаси аслида қандай эканлиги ҳам кўз ўнгида ғира-шира гавдаланди. Аммо кўз ўнгида гавдаланган бу манзара шу қадар даҳшатли эдики, Нехлюдов уни унутишга шошилди.

Софья Васильевна уни бошдан-оёқ кўздан кечирди.

– Мисси сизни кутиб қолгандир, – деди у. – Бора қолинг, у сизга Шуманнинг янги нарсасини чалиб бермоқчи эди… Жуда ажойиб…

«Ҳеч нарса чалмоқчи бўлган эмас. Негадир бўлмаган гапларни ўйлаб чиқаряпти», – деб ўйлади ўрнидан туриб, Софья Васильевнанинг узуклар билан безанган ориқ, оппоқ қўлини сиқар экан Нехлюдов.

Меҳмонхонада Катерина Алексеевна учраб қолди-да, шу заҳоти гапга тушиб кетди.

– Маслаҳатчилик лавозими сизни жуда эзиб қўйибди, – деди у ҳар вақтдагидай французчалаб.

– Ҳа, кечирасиз, бугун кайфим йўқроқ, бошқаларнинг ҳам кайфини бузишга ҳақим йўқ, – деди Нехлюдов.

– Нега кайфингиз бузилган?

– Сабабини айтмасликка ижозат этгайсиз, – деди у шляпасини ахтараётиб.

– Эсингиздами, ҳамма вақт рост гапириш керак, деб туриб олганингиз. Ўшанда ҳаммамизга шундай аччиқ ҳақиқатни гапирардингиз. Нега энди бугун айтгингиз келмаяпти? Эсингдами, Мисси? – деб мурожаат қилди Катерина Алексеевна шу тобда кириб келган Миссига.

– Нега деганингизда, у ўйин эди, – деб жавоб берди Нехлюдов. – Ўйинда ҳаммаси мумкин. Аммо ҳақиқатда бизлар шундай ёмонмизки, яъни мен шундай ёмонманки, ҳар ҳолда ростини гапириш мумкин эмас.

– Гапни бургандан кўра, яхшиси, ёмонлигимиз нимадалигини айтиб беринг, – деди Катерина Алексеевна, Нехлюдовнинг жиддийлигини сезмагандек, аския қилиб.

– Кайфинг бузилганлигини тан олишдан ёмони йўқ, – деди Мисси. – Мен ҳеч қачон буни тан олмайман, шунинг учун ҳам доим кайфим жойида. Юринг, мен билан. Биргалашиб сизнинг ўша mauvaise26 humeur ингизни тарқатамиз.

Нехлюдов ўзини шундай ҳис этдики, жиловлаб кейин аравага қўшиш учун ташлаётганларида от ўзини худди шундай ҳис қилиши мумкин эди. Бугун у, айниқса, бўйинтуруққа киргиси келмади. Нехлюдов уйига кетиши кераклигини айтиб, узр сўради ва хайрлаша бошлади. Мисси унинг қўлини одатдагидан узоқ ушлаб турди.

– Ёдингизда бўлсинки, сиз учун аҳамиятли бўлган нарса, дўстларингиз учун ҳам аҳамиятлидир, – деди у. – Эртага келасизми?

– Қайдам, – деди Нехлюдов ва изза тортганидан қип-қизариб, шошиб чиқиб кетди. Ўзи учун изза бўлдими ёки Мисси учунми, буни ўзи ҳам англаб ололмади.

– Тинчликми ўзи Соmme сеlа m’intrgue,27 – деди Катерина Алексеевна Нехлюдов кетгандан кейин. – Албатта билиб оламан. Қандайдир бир аffaire d’аmour proprе: il est tres suscebtible, notre cher Митя.28

Мисси боя Нехлюдовга қараганидан кўра бутунлай бошқача, қандайдир маъюслик билан бир нуқтага тикилган эди: Рlutôt une affaire d’аmour sale,29 – демоқчи бўлди-ю, лекин мазмуни хунук бу қочириқ гапни ҳатто Катерина Алексеевнага ҳам айтмади. Фақат:

– Ҳаммамизнинг ҳам баъзан димоғимиз чоғ, баъзан ичимизга чироқ ёқса ёримайдиган кунлар бўлади, – деб қўя қолди.

«Наҳотки бу ҳам алдаб кетса, – деб ўйлади у. – Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам ташлаб кетса, жуда хунук иш қилган бўлади».

Агар Мисси: «Шунча гап бўлиб ўтгандан кейин ҳам», дегани нимасилигини тушунтириши лозим бўлса эди, ўзи бирон тайин нарсани айтиб бера олмасди, аммо шунга қарамай, унинг билишича, Нехлюдов уни умидвор қилибгина қўймай, балки ваъда бериб ҳам қўйган эди. Булар сўз билан изҳор этилган бўлмаса-да, имо-ишоралар, кўз уриштиришлар, табассумлар, луқмалар, сукут қилиб туришлар орқали ифодаланар эди. Лекин шунга қарамай, қиз уни ўзиники ҳисоблар, ундан ажралиб қолиш қиз учун жуда оғир эди.

23.Нафис (франц.)
24.Теннис (ингл.)
25.Жуда тўғри (франц.)
26.Ёмон кайфият (франц.)
27.Бу мени жуда қизиқтириб қўйди (франц.)
28.Иззат-нафсга боғлиқ бирон иш бўлгандир: қимматли Митямиз жуда серзарда (франц.)
29.Тўғрироғи, ифлос муҳаббат аралашган иш бўлган (франц.)

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

₺100,06