Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «ШАҲЗОДА ВА ГАДО»

Yazı tipi:

МАРК ТВЕН

ШАҲЗОДА ВА ГАДО

Роман

Таржимон: Алишер САЪДУЛЛА

Бир одамдан тинглаганим ушбу қиссани у дадасидан, дадаси эса уни ўз отасидан ва униси ҳам ўзининг отасидан ва ҳоказо қандоқ кўринишда эшитган бўлсалар, мен ҳам худди ўшандоқ ҳолатда сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман. Уч юз ва ҳаттоки ундан ҳам ортиқроқ йиллар давомида уни оталар ўз ўғилларига сўзлаб келганлар ҳамда ҳикоят келгуси авлодларга бекам-кўст етказиб берилган. Эҳтимол, бу тарихий кечмишдир, балким нақл ёхуд афсонадир. Хуллас, у ҳаётий воқеа ёки халқона тўқима, деб узил-кесил хулоса чиқармаганимиз маъқул. Ҳар ҳолда ушбу ишлар қачонлардир бўлиб ўтган бўлса ҳам ажабмас. Балки ўша қадим замонларда бу ривоятга донишмандлар ва олимлар ҳам қизиқиш билдиргандирлар, аммо лекигин унга фақат оддийгина, бесавод аҳли раият чин дилдан инонган ва севиб тинглаган бўлишлари шубҳасиз.

Муаллиф

Хуллас, замонанинг зайлими, ё тақдирнинг ҳазилими,ишқилиб 16 асрдаги англияда ҳукм сурган оғир ва шафқатсиз ижтимоий тузум иллатларининг бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш, аммо ўзаро ғирт бегона бўлган ва биргина тасодиф туфайли ҳаётда ўринлари алмашиб қолган икки нафар самимий ва софдил болакайлар ўз бошидан ўтказган гоҳи кулгили, гоҳида аянчли, баъзан қувончли, баъзида фожеавий саргузаштлари мисолида ақл бовар қилмас даражадаги ғаройиб ва ажойиб баёнидир.

Ёқимтой ва хуша[лоқ

фарзандларим −

Сузи ва Клара Клеменсга, чин

юракдан муҳаббат ҳисси ила

ушбу

китобни бағишловчи падари

бузургворларидан

СЎЗБОШИ

Бир одамдан тинглаганим ушбу қиссани у дадасидан, дадаси эса уни ўз отасидан ва униси ҳам ўзининг отасидан ва ҳоказо қандоқ кўринишда эшитган бўлсалар, мен ҳам худди ўшандоқ ҳолатда сизга ҳикоя қилиб бермоқчиман. Уч юз ва ҳаттоки ундан ҳам ортиқроқ йиллар давомида уни оталар ўз ўғилларига сўзлаб келганлар ҳамда ҳикоят келгуси авлодларга бекам-кўст етказиб берилган. Эҳтимол, бу тарихий кечмишдир, балким нақл ёхуд афсонадир. Хуллас, у ҳаётий воқеа ёки халқона тўқима, деб узил-кесил хулоса чиқармаганимиз маъқул. Ҳар ҳолда ушбу ишлар қачонлардир бўлиб ўтган бўлса ҳам ажабмас. Балки ўша қадим замонларда бу ривоятга донишмандлар ва олимлар ҳам қизиқиш билдиргандирлар, аммо лекигин унга фақат оддийгина, бесавод аҳли раият чин дилдан инонган ва севиб тинглаган бўлишлари шубҳасиз.

О, саховат!

Бормиш унда қўш ажр:

Марҳамат кўрсатгувчи ҳам,

Ва шафқатга ноил бўлмиш ҳам

Савобга дохил.

Қудратлилар илки

куч олар шафқатдан.

Ҳукмдорлар илтифоти –

ўзлари учун фазл:

У тож-тахтдан ҳам кўра

кўпроқ

Бағишлайди кўрк ва салобат.

Ш е к с п и р. “Венециялик

савдогар”1

I БОБ

ШАҲЗОДАНИНГ ТАВАЛЛУДИ ВА ГАДОНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ

Бу воқеа ўн олтинчи юз йилликнинг иккинчи чораги охирида юз берди.

Куз кунларининг бирисида кўҳна Лондон шаҳрида қашшоқ Кентилар оиласида бир болакай бевақт дунёга келди. Айни ўша кунда давлатманд Тюдорлар хонадонида ҳам нафақат ўз яқинлари, балки бутун Англия сабрсизлик билан кутган ўғил таваллуд топди. Англия уни кўпдан буён орзуманд бўлиб кутган, шу ўғилни парвардигордан илтижо қилиб сўраган эди. Ниҳоят у олам юзини кўрганида эса, англияликлар қувончдан эсларидан айрилар ҳолатга келдилар. Ҳатто ўзаро нотаниш кишилар ҳам бир-бирларини қучиб-ўпиб, кўзларидан бахтиёрлик ёшларини тўкдилар. Ҳеч ким ишни ўйламайди, ҳаммалари байрам қилмоқдалар – камбағалу бойлар ҳам, ночору насабдорлар ҳам базми жамшид уюштириб, ўйин-кулгига берилиб, қўшиқлар айтиб, шаробхўрлик қиладилар. Бу маишатбозлик бир неча кун ва тун мобайнида тўхтовсиз давом этди. Кундуз куни Лондон ғаройиб томошахонага айланади: ҳар бир уйнинг айвончасида, томида рангдор байроқлар ҳилпирайди, кўчаларда тантанавор маросим нашидаси. Тунги манзара бундан ҳам гўзал: барча чорраҳаларда гулханлар гуриллайди, уларнинг атрофида эса беғам бекорчилар тўда-тўда бўлишиб кўнгилхушлик қиладилар. Бутун Англияда фақат ва фақат Уэльс шаҳзодаси, чақалоқ Эдуард Тюдор ҳақида гапиришади. Шаҳзода эса шоҳи-атлас йўргакларга бурканганича ётар экан, атрофида бўлаётган тўс-тўполонларни ҳам, атрофида олийнасаб тўралар ва хонимлар гирдикапалак бўлаётганларини ҳам сезмасдан-билмасдан бефарқ-бепарво пишиллаб ухлайверади. Лекин нариги гўдак ҳақида – эски увадаларга ўраб-чирмаб ташланган Том Кенти ҳақида бировдан ақалли биттагина сўз ҳам эшитмайсиз. Унинг тўғрисида фақат қашшоқ, ночор оиласидагина эслашиб, шунда ҳам шу чақалоқнинг туғилиши хонадонга ортиқча дахмаза, ададсиз ғам-ташвиш бўлганини сўзлардилар.

II БОБ

ТОМНИНГ БОЛАЛИГИ

Келинг, бир неча йил олдинга ҳам озроқ одимлаб қўяйлик.

Лондон ўн беш асрдан буён мавжуд бўлиб, ўша даврлар учун анча катта кентлардан ҳисобланарди. Унинг юз минг аҳолиси бор эди, баъзилар ҳатто икки юз минг киши яшаган ҳам дейишади. Кўчалари тор, қийшиқ-қинғир ва ифлос, айниқса Том Кенти яшайдиган Лондон кўприги яқинидаги жойларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Кулбалар ёғочдан тикланган; хонадонларнинг иккинчи қавати биринчисининг елкасига мингашиб олган, учинчи қаватнинг тўсинлари эса иккинчисининг пешанасидан туртиб чиқиб турибди. Уйлар қанчалик баланд бўлса, шунчалик кенгайиб ҳам кетган. Биноларнинг синчлари бир-бирига кўндаланг қилиб тикланган бақувват ходалардан тикланган; синчлар ораси қаттиқ жинслар билан тўлдирилиб, сирти сувоқ билан қопланган. Уйларнинг устунлари хонадон соҳибининг таъбига монанд қизил, кўк ёинким қора рангга бўялиб, уйларга ғоятда чиройлик манзара бахш этган. Деразалари кичкинагина, ойна катаклари майда бўлиб, ошиқ-мошиқлари эшик табақаларига ўхшаб ташқарига очилади.

Томнинг отаси истиқомат қилган уй Мечкайлар растасининг ортидаги бадбўй берккўчада жойлашган. Берккўча Сарқитлар Ҳовлиси деб аталади. Уй кичкина, эски, хароб, унинг ҳар бир тешик-тирқишидан қашшоқлик нафаси уфуриб туради. Кентилар оиласи учинчи қаватдаги бир хужрани эгаллаган. Томнинг ота-онаси озми-кўпми катга ўхшашроқ бир жиҳозга эга бўлиб қолишган. Аммо унинг ўзи, бувиси, иккита опаси – Бэт ва Нэнга бундай қулайлик насиб қилмаган: улар хона саҳнидаги истаган жойларида чўзилиб ухлайверишлари мумкин. Икки-учта увада чойшаб бўлаклари ва бир неча уюм эски, чириган, ифлосланган похол уларнинг ихтиёрларида бўлса-да, буларни ҳеч қанақасига тўшак деб аташ мумкин эмас. Бу тўшама ҳар куни эрталаб бир бурчакка уйиб қўйилади, тунга яқин ҳар ким ўзига маъқул увадани ажратиб олаверади.

Бэт билан Нэн − ўн беш яшарлик эгизак қизлар, мулойимгина иркитойлар бўлиб, жулдур кийимларда юришади, ўзлари ғирт бесавод. Оналари ҳам бу борада қизларидан унчалик фарқ қилмайди. Аммо отаси билан бувисини нақ иблиснинг ўзи дейсиз: улар имкон топган жойларида шароб ичиб олиб, бир-бирлари билан ёки рўпараларидан ким чиқиб қолса ўша билан уриш-жанжал қилишади. Икковлари маст ҳолларида ҳам, хушёр пайтларида ҳам ҳар қадамда оғизларидан сўкиш-қарғиш ва турли қўланса сўзлар чиқади. Жон Кенти ўғри, унинг онаси эса тиланчи эди. Улар болаларни тиланчилик қилишга мажбур қилишарди-ю, лекин ўғрилик қилишга ҳеч кўндира олмасдилар.

Уйни тўлдириб турган қашшоқлар ва ўғрилар орасида уларнинг сирасига кирмайдиган бир одам ҳам яшар эди. У хушфеъл кекса руҳоний бўлиб, қирол уни бир неча мис чақалик нафақа билан том маънода кўчага улоқтирганди. У кўпинча болаларни ота-оналарига билдирмасдан, яширинча ўз хонасига бошлаб кирар ва уларга эзгуликдан сабоқ берарди. Қария Томга ўқишни ва ёзишни ўргатди ва Том ундан лотин тили бўйича ҳам озроқ билим олди. Қария қизларга ҳам савод ўргатмоқчи бўлди-ю, лекин қизлар кўчадаги дугоналари уларнинг шу аҳволларига савод ўрганиб олганлари учун мазаҳ қилишлари тайинлигидан чўчишди.

Бутун Сарқитлар Ҳовлиси худди Кентилар яшаган уй каби ари уясининг нақ ўзи эди. Ичкиликбозлик, жанжал ва муштлашувлар бу ерда одатий ҳол. Тўс-тўполонлар ҳар кеч содир бўлиб, деярли тонгга қадар давом этади. Сўйилда чақилган каллалар ҳам бу ерда очлик ва қаҳатчилик каби кундалик ҳолат. Бу ерда туриш-турмуш шундоқ аянчлик эрса-да, митти Том ўзини ҳеч ҳам бахтсиз сезмасди. Аксар ҳолларда кичкина жони азобда қолиб турган тақдирда ҳам у бошига тушган уқубатларга унчалик аҳамият бериб ўтирмайди: Сарқитлар Ҳовлисидаги барча болаларнинг қисмати эди бу; шу боис болакай ўзгача ҳаётни тасаввур ҳам эта олмасди. Том кечки пайт уйига икки қўли бўш кириб борса, отаси бўралатиб сўка-сўка аямай калтаклашини, бувиси ҳам тинч турмаслиги, ярим тунда эса доимий оч-наҳор онаизори биқинибгина келиб, ўзи емасдан, боласи учун яшириб олиб қўйган қоқ нон бўлагиними ёки овқат қолдиғиними, астагина узатишини яхши билади. Ҳолбуки, шўрпешана аёл неча марталаб мана шу номақбул иши устидан қўлга тушиб, эвазига эрининг беаёв калтакларига дучор бўлган.

Гапнинг пўсткалласини айтсамиз, Томнинг ҳаётини жуда унақа оғир деб ҳам бўлмасди, масалан, ёз ойларида. У отасининг дўппослашларидан қутулиш учун кўчада ўлганининг кунидан, номигагина тиланиб қўярди. Чунки мамлакатда тиланчиликка қарши қонунлар жуда шафқатсиз бўлиб, жиноят устида қўлга тушган гадолар ниҳоятда қаттиқ жазоланар эдилар. Бола кўп-кўп соатларни роҳиб Эндрюнинг ёнида ўтказар, унинг девлар ва пакана одамлар, жодугарлар ва паризодлар, афсунлаб қўйилган қасрлар, олийжаноб подшоҳлар ва одампарвар шаҳзодалар ҳақидаги узундан узоқ қадимий афсоналари ва эртакларини тинглаб ўтирарди. Унинг онгию тасаввури ана шу ғаройиботлар билан тўла бўлиб, болакай кўпинча тун қоронғисида, баданни ачитиб ботадиган юпқагина похол тўшама устида, тинкаси қуриган, оч-наҳор, калтакланган ҳолда ётган кўйи ушалмас орзуларига эрк берар, тортган аламлари-ю изтиробларини тезда унутиб, ўзини подшоҳ саройидаги эрка шаҳзода сифатида тасаввур қилиб, роҳатбахш ҳаётнинг лаззатли манзараларини кўз олдига келтирарди. Туну кун уни биргина истак бетиним таъқиб этиб юрарди: қанийди бирорта ростакам шаҳзодани ўз кўзи билан кўрса. Бир сафар у ўзининг шу орзусини Сарқитлар Ҳовлисидаги ўртоқларига айтганди, улар бечорани масхаралаб, шу қадар бешафқат мазаҳ қилишдики, у бундан кейин ўз орзуларини ҳеч ким билан баҳам кўрмасликка шартта онт ичиб юборди.

Болакай роҳибнинг ҳузурида кўпинча қадимий китобларни ўқиб ўтирарди. Унинг илтимоси билан руҳоний бу китобларнинг маъносини тушунтирар, баъзан эса уларнинг мазмунини ўзининг ҳикоялари билан тўлдирарди. Тизгинсиз орзу-истаклар ва афсона китоблар Томнинг қалбида ўз изини қолдирди. Унинг хаёлотидаги аслзода қаҳрамонлар шу қадар назокатли ва салобатли ясан-тузан қилиб олган эдиларки, Том ўзининг жулдур кийимларидан, аъзойи баданининг иркитлигидан уяла бошлади ва тозароқ юриб, озодароқ кийинишни истаб қолди. Тўғри, у эндиликда ҳам бажонидил ахлатхона ичида егулик излаб юрар, аммо Темзада чўмилиш унинг учун фақат шунчаки эрмак эмасди: энди дарё сувлари унинг кирларини ювиб кетиши болага хуш ёқа бошлаганди.

Том Чипсайддаги май устуни2 атрофида ёинким байрамбозорларда ўзига ўзи эрмак топиб юрарди. Вақт-вақти билан у ҳам бирорта бебахт машҳур одам қамоқхонага олиб кетилаётган пайтларда бошқа барча лондонликлар каби ҳарбий намойишни томоша қилишга муваффақ бўлиб қоларди. Ёз кунларининг бирида Том Смитфилдда шўрпешана Энн Эскюни3 ва у билан бирга яна уч кишини гулханда ёндиришганига гувоҳ бўлган; у аллақандай собиқ черков бошлиғининг маҳкумларга узундан узоқ маъвиза қилганини эшитди-ю, лекин болани бу насиҳатлар унчалик қизиқтиргани ҳам йўқ… Ҳа, умуман олганда, Томнинг ҳаёти анчайин турли-туман томошаларга бой ва ёқимли эди.

Китобларни ўқиш ва шоҳона турмуш орзуси алал оқибат Томга шу қадар кучли таъсир кўрсатдики, у ўзи ҳам сезмаган ҳолда кўчадаги ўртоқларини қойил қолдирган ва роса кулдирган кўйи шаҳзода қиёфасида намоён бўла бошлади. Унинг нутқи ва хатти-ҳаракатлари тантанаворлик ва улуғворлик касб эта борди. Сарқитлар Ҳовлисида болакайнинг нуфузи ўсиб бораркан, тенгдошлари унга тобора худди олий мавжудотдай қараб, қойил бўлиб, эҳтиром билан муносабатда бўлишга кўника бошладилар. Уларга бу ўртоқлари гўё ниҳоятда кўп нарсани биладигандай, у гўё ғаройиб гапларга ва ишларга қодирдай туюларди. Томнинг ўзи ҳам жуда ақлли ва билимдон эди-да! Болалар Томнинг ҳар бир фикр-мулоҳазаси ва ҳар бир хатти-ҳаракати ҳақида катталарга сўзлаб беришарди. Тез орада катталар ҳам Том Кенти ҳақида гапириб, унга худди фавқулодда қобилиятли, ғайриоддий боладай қарай бошлашди. Катта ёшли кишилар муаммоли вазиятларда унга маслаҳат сўраб мурожаат этишар ва кўп ҳолларда унинг топағонлигидан ҳамда қарорларининг оқилона эканидан ҳайратга тушишар эди. Том бу орада ҳамма таниш-билишлари учун қаҳрамонга айланди, фақат яқинларигина унда ҳеч қандай ўзига хосликни кўрмас эдилар.

Унчалик кўп ҳам вақт ўтмасидан Том ҳақиқий шоҳона саройлик бўлиб олди! У энди “ростакам” шаҳзода эди: яқин ўртоқлари унинг муҳофизларига, камергерга, шталмейстерга, сарой аъёнларига, канизакларга ва подшоҳ оиласи аъзоларига айланишди-қўйишди. Ҳар куни сохта шаҳзодани Том қадимий романлардан ўқиб ўрганган тантанавор русумларга кўра кутиб олишади; ҳар куни унинг хаёлий салтанатига тегишли буюк ишлар қироллик кенгашида муҳокама этилади; ҳар куни сохта шаҳзода ҳазрати олийлари хаёлий лашкарлари, денгиз қўшини ва хорижий амлокдорларига буйруқлар берарди.

Кейин у эгнидаги ўша увадаларида тиланчилик қилишга чиқар, бир неча фартинг садақа қилишларини сўрар, қоқ нон ғажиб, калтак ва сўкишлардан кундалик насибасини олиб бўлгач, бадбўй похол уюми устига чўзилганича, яна ўзининг тасаввурида мавжуд бўлган буюклиги ҳақидаги орзуларга берилади. Ақалли бир мартагина бўлса ҳам ростакам шаҳзодани кўриш истаги кун сайин, ҳафта сайин кучайиб бориб, охир оқибат боланинг барча хоҳишларини тўсиб қўйди ва унинг ягона тилагига айланди.

Январ кунларидан бирида у ҳар кунгидай садақа сўраш учун кўчага йўл олди. Бир неча соат мобайнида ялангоёқ, совуқдан қақшаган, ғамга ботган кўйи Менсинг-Лейн ва Литтл-Ист-Чип атрофида санғиб, таомхоналарнинг деразасидан ичкарига мўраларкан, токчаларга териб қўйилган айниган қиймагўштлар ва одамзод ихтиро қилган бошқа ажаловар емишлардан сўлаклари оқиб кетди: бола учун булар фаришталаргагина насиб этувчи жаннатий таомлар эди. Ҳар ҳолда улар ҳидига кўра шундай туюларди – Том ҳали бунақа егуликларни тотиб ҳам кўрмаган. Муздай майда ёмғир шивалаб турибди; кун ҳам зерикарли ва рутубатли. Кечки пайт Том уйига шу қадар ивиган, тинкиси қуриган, очиққан ҳолда қайтдики, ҳатто дадаси билан бувиси ҳам гўё унга ачингандай эдилар – ўзларига хос аснода албатта: яъни уни савалаб, бўралаб сўкишлар билан тезгина сийлашдию, ухлашга рухсат этишди. Анча вақтгача оғриқ ва очлик, шунингдек қўшниларнинг жанжал-тўполонлари ва уриш-сўкишлари унга уйқи бермади, лекин охир-оқибат боланинг хаёллари олис ғаройиб ўлкалар томон парвоз қилди ва у бошларидан оёқларига қадар олтин-кумуш ҳамда қимматбаҳо тошлар билан безанган шаҳзодалар орасида уйқуга чўмди. Бу шаҳзодалар улкан саройларда истиқомат қиладилар, хизматкорлар эса итоаткорлик билан уларнинг атрофларида парвона бўладилар ёинким соҳибларининг фармойишларини адо этмоқлик учун зувиллаб учадилар. Кейин эса бола одатига кўра тушида ўзи ҳам шаҳзода эканини кўрди.

Тун бўйи Том ўзининг шоҳона улуғворлигидан лаззатланди; тонгга қадар у зодагонлар ва сарой хонимларининг қуршовида бўлди; ёрқин чироқлар ёруғида ўшаларнинг даврасида юраркан, ғаройиб хушбўйликлар исидан роҳат олади, ёқимли мусиқадан завқланиб, қаршисида унга йўл очиб бораётган оломоннинг эҳтиромли таъзимларига жавобан гоҳ табассум қилади, гоҳ шоҳона бош ирғаб қўяди.

Эрталаб, уйқисидан уйғониб, ўзини қуршаб турган қашшоқликка яна кўзи тушгач, атрофдаги ҳамма нарса, – ҳар доимгидай, шу каби тушлардан сўнг бўладигандай, – унга яна минг баробар расвороқ туюлиб кетди. Ғарибгинанинг юраги аламдан эзилиб, ўкинчидан йиғлаб юборди.

III БОБ

ТОМНИНГ ШАҲЗОДА БИЛАН УЧРАШУВИ

Том оч ҳолатида ўрнидан турди, очлигича уйидан имирсилаб чиқди, лекин ўй-тафаккури тунги тушларининг ғойибона ғаройиботлари билан банд эди. У паришонхаёллик билан кўчаларни кезиб юраркан, қаерга кетаётганини ҳам, атрофида нималар кечаётганини ҳам сезмасди. Кимлардир уни туртади, кимдир сўкади, лекин болакай ўз орзулари оғушида ҳеч нарсани кўрмайди ҳам, эшитмайди ҳам. Ниҳоят Том беихтиёр Темпл-Бар дарвозаси олдига келиб қолди. Бундан уёғига у ҳали ҳеч қачон ўтган эмасди. Бола жойида бир оз тўхтаб туриб, қаерга келиб қолганини англашга уринди. Кейин орзу-ўйлари уни яна ўз оғушига олиб, шаҳар деворларидан ташқарига чиқиб кетди. У вақтларда Стренд аллақачон қишлоқ йўли бўлмай қўйган ва ҳатто кўча деб аталадиган даражага етиб қолганди, – лекин аслида бундай аталишга ҳақли эмасди. Чунки Стренднинг бир тарафида деярли бир қатор уйлар чўзилиб кетган бўлса-да, бошқа тарафидаги иморатлар бир-биридан анча олисда жойлашган – булар давлатманд зодагонларнинг дарё бўйига тушиб борувчи катта боғлар билан ўралган хашаматли қасрлари эди. Бизнинг давримизда бу боғлар ўрнида тош ва ғиштдан қурилган файзсиз зич иморатлар чақиримлаб чўзилиб кетган.

Том Черинг қишлоғига келиб қолди ва қачонлардир ўтмишда рафиқасининг ўлимидан сўнг тул қолиб, мусибатга чўмган подшоҳ тиклаган чиройли хочнинг тагида ўтирди; кейин яна бўм-бўш ажойиб йўлдан шошмайгина юриб кетди. У кардиналнинг хашаматли қасридан ўтди ва янада маҳобатлироқ ва улуғворроқ Вестминстер саройи томон йўналди. Ҳайратга тушган ва бахтиёр ҳолда болакай қанотларини кенг ёйган улкан иншоотга, унинг ваҳимали қўрғонлари ва минораларига, панжаралари зарҳалланган улкан тош дарвозаларга, гранитдан йўнилган ҳайбатли шер ҳайкалларига ва инглиз подшоҳлик тузуми ҳукмронлигининг бошқа рамзларига боқди. Наҳотки унинг энг ардоқли орзуси рўёбга чиқадиган вақт етиб келган бўлса? Бу ахир подшоҳ саройи-ку. Балки қисмат Томга илтифот кўрсатиб, у ростакам шаҳзодани – хаёлийсини эмас, тирик шаҳзодани кўришга муваффақ бўлар?

Зарҳал дарвозанинг ҳар икки тарафида иккита тирик ҳайкал – бошидан оёғигача ялтироқ темир совутга бурканган тик ва ҳаракатсиз соқчилар туришарди. Саройдан анчагина нарида қирол оиласи аъзоларидан бирортасини ҳеч бўлмаса кўз қири билан кўриб қолиш истагидаги деҳқонлар ва шаҳарлик фақирлар кўзга ташланади. Ясаниб олган жаноблар ўтирган ва ташқи харрагида худди шундоқ тарзда олифта кийинтириб қўйилган хизматкорлар жойлашган кўшк-аробалар сарой қўрғонининг кўп сонли салобатли дарвозаларидан кириб-чиқиб турибди.

Увадаларни ёпиниб олган шўрлик кичкина Том қўрғонга яқинлашди ва соқчиларнинг ёнидан секинлик билан, қўрқибгина ўтиб олди; унинг юраги питирлаб урар, қалбида заифгина ишонч куртак оча бошлаганди. Ва у баногоҳ зарҳал панжара ортида шундай манзарага кўзи тушдики, қувончининг зўридан қичқириб юборишига бир баҳя қолди. Иҳота ортида ёқимтойгина бир болакай турарди: очиқ ҳаводаги ўйинлардан ва жисмоний бадантарбия машғулотларидан қорайган ва тобланган, ярқироқ қимматбаҳо тошлар билан безатилган шоҳи ва атлас либослар кийган; ёнбошида чақноқтошлар қадалган жажжигина қилич ва ханжар осиб олган; оёғида қизил пошнали, қўнжи баланд бежирим этик, бошида эса қимматбаҳо тош билан қадалган патлари елкасигача тушиб турган чиройли қирмизи қалпоқ. Унга яқинроқда башанг кийиниб олган бир нечта жаноблар туришибди – улар хойнахой болакайнинг хизматкорлари бўлиши керак. О, бу албатта шаҳзода! Ҳақиқиқй тирик подшоҳзода! Бунга шубҳанинг шарпаси ҳам бўлиши мумкин эмас. Ниҳоят қашшоқ боланинг ўтинчлари ижобатини топди!

Том энтикиб нафас ола бошлади, ҳайратдан ва қувончдан унинг кўзлари косасидан чиққудай катта-катта бўлиб кетди. Айни шу дақиқада унинг бутун вужуди барча бошқа туйғуларини ювиб кетган биргина кучли истак билан йўғрилган эди: шаҳзодага янада яқинроқ бориш ва унга тўйиб-тўйиб тикилиш. У нима қилаётганини ўзи ҳам англамаган ҳолда дарвоза панжарасига ёпишди. Лекин шу лаҳзадаёқ аскарлардан бири қўполлик билан болани қўрғондан нарига судраб, шундай куч билан қишлоқи бекорчилар ва шаҳарлик танбаллар тўдаси томон улоқтирдики, шўрлик худди пилдироқ каби чир айланиб кетди.

– Ўз жойингни бил, дайди! – пўписа қилди аскар.

Оломон ҳо-ҳолай бошлади, аммо ёш шаҳзода дарвоза ёнига югуриб келди, юзлари ёниб, кўзларидан ғазаб учқунларини чақнатган кўйи дўқ урди:

– Ночор ўспиринни ранжитишга қандай ҳаддинг сиғди? Қирол отамнинг ҳатто энг хароб фуқароси бўлган тақдирда ҳам, унга қўпол муносабатда бўлишга қандай журъат этдинг? Дарвозани оч, у ичкарига кирсин!

Беқарор, муте оломоннинг шаҳзодага таъзим учун бел букканини, бош кийимини ечиб, қуллуқ қилганини бир кўрсангиз эди! Омма қандай қувонч билан қичқириқ бошлаганини ўзингиз эшитсангиз эди: “Яшасин Уэлс шаҳзодаси!”

Аскарлар ойболталарини баланд кўтариб эҳтиром изҳор этгач, дарвозани очдилар ва уларнинг ёнгиналаридан Қашшоқлик ҳукмдори увадаларини шалвиратиб ўтиб, Туганмас Бойликлар шаҳзодаси билан қўл беришиб саломлашаётганида яна бир бор ҳурмат билдирдилар.

– Сен очиққан ва жуда ҳориганга ўхшайсан, – деди Эдуард Тюдор. – Боз устига ҳафа ҳам қилишди. Ортимдан юр.

Ўн нафардан ошиқ сарой мулозимлари олға югуриб кетишди – негалигини билолмадим: балки бўлаётган ишларга ўзларича қай тарздадир аралашмоқчи бўлишгандир. Лекин шаҳзода уларни ҳақиқий шоҳона қўл ҳаракати билан четлатди ва ҳаммалари шу ондаёқ жойларида худди ҳайкалдай тош қотдилар. Эдуард Томни саройдаги хашамат билан безалган хос хонага олиб кирди, уни хизмат хонаси деб атади. Подшоҳзоданинг буйруғи билан шунақанги ғаройиб егуликларни олиб келишдики, Том уларни умрида кўрган эмасди, айримлари ҳақида фақат китоблардан ўқиган холос. Эдуард қашшоқ меҳмонни ўзларининг нафратомуз нигоҳлари билан ноқулай аҳволга солмасликлари учун хизматкорларни шаҳзодаларга хос илтифот ва эҳтиром ила чиқариб юборди, ўзи эса Томнинг ёнига ўтирди ва у таомланаётган пайтида болани саволга тутди.

– Сенинг исминг нима, йигитча?

– Ижозатингиз билан Том Кенти4, жаноб.

– Исминг ғалати экан. Қаерда истиқомат қиласан?

– Лондонда, ҳазрати олийларига маълум қилишга журъат этганим учун узр сўрайман. Мечкайлар растаси ортидаги Сарқитлар Ҳовлисида яшайман.

– Сарқитлар Ҳовлиси! Яна бир ғалати ном!.. Сенинг ота-онанг борми?

– Ота-онам бор. Мен унчалик ёқтирмайдиган бувим ҳам бор, – агар бу ишим гуноҳ бўлса, парвардигор ўзи кечирсин!.. Яна менинг опаларим ҳам бор – Нэн ва Бэт, улар эгизаклар.

– Назаримда, бувинг сенга меҳрибон эмас, шекилли?

– Бувимнинг ҳеч кимга меҳри йўқ, буни сиз аъло ҳазратларига айтишга журъат этганим учун маъзур тутасиз. Кампирнинг юрагида эзгуликдан асар ҳам йўқ, у бутун кунини фақат ёвузлик қилиш билан ўтказади.

– У сени ҳафа қиладими?

– Бувим фақат ухлаган пайтида ёки мусалласдан мияси карахт бўлган пайтдагина мени хўрламайди. Лекин онги жиндайгина тиниқлаша бошласа, мени икки баравар қаттиқроқ савалайди.

Ёш шаҳзоданинг кўзлари ғазабдан чақнаб кетди.

– Қанақасига? Урадими? – қичқириб юборди у.

– Худди шундай, эътироф этмоққа рухсат бергайсиз, аълоҳазрат!

– Савалайди! Сени-я? Шундай заиф, кичкина болани-я! Менга қара! Ҳали тун зулмати тушмасидан туриб, уни кишанлашади ва Тауэр зиндонига ташлашади. Менинг қирол отам…

– Жаноб, менинг бувим паст табақадан эканини унутдингиз чоғи. Тауэр зиндони эса зодагонлар учун.

– Орий рост! Буниси хаёлимга келмабди. Лекин бувингни қандай жазолашни ўйлаб кўраман. Отанг сенга меҳр кўрсатадими?

– У ҳам Кенти бувимдан кўра меҳрибонроқ эмас, тақсир.

– Ўзи ҳамма оталар бир хил шекилли. Менинг падари бузургворим кўнгли бўшлардан деёлмайман. Мушти ҳам оғиргина, лекигин менга қўл кўтарган эмас. Аммо ростини айтсам, ўхшатиб бўралатиб сўкишдан унчалик ўзини тутиб ўтирмайди. Онангнинг сенга нисбатан муносабати қандай?

– У меҳрибон, тақсир, менга ҳеч қачон изтиробни ҳам, уқубатни ҳам раво кўрмайди. Нэн билан Бэт ҳам менга онам каби ғамхўр.

– Улар неча ёшда?

– Ижозатингиз билан, ўн бешда, жаноб.

– Менинг опам, ойимқиз Элизабет ўн тўрт ёшда. Жейн Грей, тоғамнинг қизи мен билан тенгдош; улар икковлари ҳам ёқимтой ва оқкўнгил қизлар; лекин менинг яна бир опам – ойимқиз Мэри жуда баджаҳл, юзи бирам тунд… Айтгин-чи, сенинг опаларинг чўриларнинг кулишини тақиқлашадими? Кулган одамнинг руҳи гуноҳ билан ифлосланармиш.

– Менинг опаларим-а? Тақсир, сиз уларнинг чўрилари бор деб ўйлаяпсизми?

Шаҳзода митти гадоваччага бир муддат ўйчан тикилиб турди, кейин астагина деди:

– Марҳамат қилиб айтгин-чи, улар чўриларсиз қандай яшашлари мумкин? Кечаси уйқуга ётишда уларнинг кийимларини ким ечиб қўяди? Эрталаб уйғонганларида либосларини ким кийдиради?

– Ҳеч ким. Жаноб, сиз уларнинг тунда худди ёввойи маҳлуқлар каби кийимсиз ухлашларини хоҳлайсизми?

– Кийимсиз? Наҳотки уларнинг фақат биттадан кўйлаклари бўлса?

– Эҳ, ҳазрати олийлари, уларга ортиқчасининг нима кераги бор? Ахир ҳеч бир одамнинг иккитадан танаси бўлмайди-ку.

– Қандай ғалати ва ғаройиб фикр! Кулганим учун маъзур тутасан; сени ҳафа қилиш ҳаёлимда ҳам йўқ эди. Сенинг оқкўнгил опаларинг Нэн ва Бэтнинг тез орада кўплаб кўйлаклари ва чўрилари бўлади: менинг хазиначим бу борада шахсан ғамхўрлик қилади. Миннатдорлик билдиришнинг ҳожати йўқ. Бу арзимаган нарса. Сен яхши гапираркансан, енгил ва чиройли. Фанларни ўрганганмисан?

– Нима дейишниям билмайман, тақсир. Илтифотли роҳиб Эндрю марҳамат кўрсатиб, ўз китобларидан менга сабоқ берган.

– Лотин тилини биласанми?

– Бу борада билимларим ниҳоятда саёз шекилли-да.

– Ўрганишинг керак, азизим – бу нарса бошланишида машаққатлироқ бўлади, холос. Юнон тили ундан кўра оғирроқ. Лекин назаримда лотинча ҳам, юнонча ҳам ва бошқа тиллар ҳам Элизабет хонимга ва тоғамнинг қизига ҳеч ҳам қийин эмас. Бу ёш хонимчалар ажнабий тилларда қандай сайрашларини бир эшитсанг эди! Сен яхшиси менга сизларнинг Сарқитлар Ҳовлиси ҳақида сўзлаб бер. У ерда ҳаётинг кўнгилхушликда ўтадими?

– Ижозатингиз билан айтишим мумкинки, у ер ҳақиқатан қувончларга бой, оч қолмаган пайтларимизда, албатта. Бизга Панч билан Жудини кўрсатишади, яна маймунчаларни ҳам. О, улар жуда томошабоп ҳайвонлар! Либослари шунақанги рангдор! Бундан ташқари, бизга турли бошқа томошалар ҳам кўрсатишади: актёрлар ўйнашади, қичқиришади, муштлашишади, кейин бир-бирларини ўлдиришади ва жонсиз ҳолда ерга қулашади. Жуда мириқиб кўрадиган томошалар-да. Нархиям бир фартинг, холос; лекин ўша фартингни топишнинг ўзи бўлмайди-да, агар ижозатингиз билан айтсам, аъло ҳазратлари.

– Яна сўзлаб бер!

– Биз болалар баъзан Сарқитлар Ҳовлисида худди халфалар каби таёқ қиличларда уруш-уруш ўйнаймиз.

Шаҳзоданинг кўзларидан ўт чақнаб кетди.

– О-ҳо! Мен ҳам жон деб ўйнаган бўлардим. Яна нималарни айта оласан?

– Яна қувлашмачоқ ўйнаймиз, тақсир, ким ўзарга югуришамиз.

– Роса менбоп кўнгилхушлик экан. Яна-чи?

– Ёзда-чи, тақсир, биз арналарда чўмиламиз, сузишамиз, бир-биримизга сув сачратамиз, ўртоқларимизнинг бўйнидан ушлаб, сув остига шўнғишга мажбур қиламиз, қичқиришамиз, сакрашамиз, яна…

– Мен бир мартагина шунақанги шўхлик қилиш учун падари бузургворимнинг бутун қироллигини ҳадя этиб юборган бўлардим. Илтимос, яна шунақа нарсалардан сўзлаб бер!

– Бизлар Чипсайддаги май устуни атрофида ўйнаймиз; бир-биримизни томоғимизгача қумга кўмиб қўямиз; лойдан ширинкулчалар ясаймиз… Бизнинг лойни худди хамир дейсиз! Дунёда ҳеч нарса ҳаммомпиш ўйинига етмайди. Биз балчиққа мириқиб ағанашамиз, гапимни кўнглингизга олмайсиз, тақсир.

– Бошқа ҳеч нарса дема, илтимос қиламан! Ҳаммаси ажойиб! Агар мен сенинг увадангга ўхшаган кийимга ўралиб олишнинг иложини топганимда эди, роса яёв юрардим, лойқа кўлмакка мириқиб думалардим. Бор-йўғи бир мартагина бўлса ҳам майли эди, фақат ҳеч ким уришмаса ва йўлимни тўсмаса бас, – эҳтимол, бунинг эвазига жон-жон деб тож-тахтимни бериб юборардим.

– Мен эса, бир марта бўлса ҳам сиз каби кийинсам эди, аъло ҳазратлари… бир мартагина бўлса ҳам рози эдим…

– Сен ҳали шунинг орзусида эдингми? Майли, сен истаганча бўлақолсин! Увадаларингни ечгин-да, мана бу башанг либосларни кийиб ол. Икковимиз ҳам қисқа муддатли бахтга эришамиз, лекин бу билан қувончимиз камайиб қолмайди! Имкон борида бир роҳатланиб шўхлик қиламиз, кейин бизга халақит бермасларидан олдин яна ўз кийимларимизни кийиб оламиз.

Беш дақиқа ҳам вақт ўтмасидан туриб, Уэлс шаҳзодаси Томнинг увадаларига бурканиб олди, митти Қашшоқлик шаҳзодаси эса – ажойиб, рангдор шоҳона либос кийиш бахтига муяссар бўлди. Икковлари катта кўзгу қаршисига келдилар ва – ана мўъжиза! – ўзларини гўё кийимлари ҳеч ҳам алмаштирилмагандай ҳис этдилар! Улар аввал бир-бирларига қарашди, сўнг кўзгуга тикилишди, кейин эса яна бир-бирларига. Ҳайратда қолган шаҳзода ниҳоят тилга кирди:

– Сен бунга нима дейсан?

– Эҳ, ҳазрати олийлари, бу саволингизга мендан жавоб талаб қилманг. Менинг насабимда бундай нарсалар ҳақида сўзлаш раво эмас.

– У ҳолда бу ҳақда мен айтаман. Сенинг сочларинг, кўзларинг, овозинг, қадам ташлашинг, бўй-бастинг, қаддинг, юзинг худди меникидай. Агар икковимиз ташқарига кийимсиз, биргаликда чиқсак, қай биримиз қашшоқ, қай биримиз Уэлс шаҳзодаси эканимизни ҳеч ким айтиб беролмаган бўларди. Ҳозир, сенинг кийиминг менинг эгнимда эканида, назаримда анави аскар сенга қўполлик қилганида сен нималарни ҳис этганингни сезаётгандайман… Менга қара, қўлингдаги мана бу қонталаш доғ ниманинг изи?

– Арзимаган нарса, ҳукмдорим! Сиз ҳазрати олийлари ўзингиз биласиз-ку, ҳалиги шўринг қурғур соқчи…

– Жим бўл! У шармандали ва бешафқат иш қилди! – дея бақирди яланг оёқлари билан ер тепиниб кичкина шаҳзода. − Агар қирол… Мен қайтгунимча жойингдан жила кўрма! Бу менинг буйруғим!

Бир лаҳзада у мизнинг устида турган, давлат аҳамиятига эга аллақандай буюмни олиб яширди-ю, эшикдан учиб чиқиб, эгнидаги чириган увадалар билан сарой хоналари бўйлаб югуриб кетди. Ҳукмдорваччанинг юзлари ёниб, кўзлари чақнаб турарди. Катта дарвоза ёнига югуриб бориб, дарвозанинг темир чивиқларига ёпишди ва уларни тортқилаб, дўқ ура бошлади:

– Эй! Дарвозани оч!

Ҳалигина Томни ҳафа қилган аскар бу талабни дарҳол бажарди; шоҳона ғазабдан нафаси бўғилиб турган шаҳзода баланд дарвозадан ташқарига югуриб чиқди, аскар эса уни шунақанги жарангдор шапалоқ билан сийладики, бола бечора ўмбалоқ ошганича йўлга ғилдиради.

– Аъло ҳазратларидан эшитган ҳақоратларим учун бу сенга қайтим, исқирт гадовачча! – бақирди аскар.

Оломон гувиллаб, қаҳқаҳа ура бошлади. Шаҳзода балчиқдан бир амаллаб чиқиб келди ва ғазаб билан дўқ урганича, соқчи томон югурди:

– Мен Уэлс шаҳзодасиман! Менинг шахсим муқаддас эрур, каминага қўл теккизишга журъат этганинг учун сени дорга осишади!

Аскар ойболтасини тик тутиб, унга масхараомуз эҳтиром намойиш этди ва ишшайиб туриб, деди:

– Саломатлик тилайман, соҳиби салтанат ҳазрати олийлари! – Кейин жаҳл билан дўқ урди: – Энди йўқол, мияси айниган чувринди!

Омма ҳо-ҳолаб, шўрликкина митти шаҳзоданинг теварагини қуршаб олди ва уни йўл бўйлаб қийқириқ ва чинқириқлар билан қува кетди:

– Соҳиби салтанат ҳукмдоримизга йўл беринглар! Уэлс шаҳзодасига йўл бўшатинг!