Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «НАМОЗШОМ ХАЁЛИ», sayfa 3

Yazı tipi:

Қодирдан садо чиқмади, тирсагини столга тираб ўтирган эди, муштини оғзи-га босиб, қошларини бир керди-да, бошини сарак-сарак қилди.

– Болалара пуллари ўрнида омонат дафтарчаларини топширганимиздан ке-йин, бош тарбиячи билан иккингиз ўқувчиларимиздан кимда-ким уч-тўрт сўма муҳтож бўлиб қолса, албатта, ўша заҳоти бериб дуришларингизни айтасиз, – деди Раҳимов. – Болаларимиз биздан хафа бўлмасликлари герак. Яхшими?

– Яхши, – деди Матқодир, бошини ирғаб. – Душундим, ёшулли.

– Пул бераётганда журналга ёздириб, қўл қўйдирволишни ҳам унутмаслик гарак.

– Яхши-ажаб!..

– Шундий этсак, болалар ҳам жавобгарликни душунади. Дўғрима-а?

– Дўғри… Дўғри айтасиз, ёшулли.

– Энди иккинчи м а с а л а, – деди Раҳимов. – Лекин, бу – асосийси, Қодир-бой – иним!

Матқодир қулоқларини динг қилди.

– Кунлик нормани бажармаганларни “уялтириш”ни омонат дафтарчаларни тарқатишдан аввал ўтказамиз. Дафтарчаларни кейин… Тантана билан!.. Биз шундий этишимиз геракки, улар ҳам омонат дафтарчанинг нелигини душун-синлар!.. Аввал омонат дафтарчани топшириб, кунлик нормани топширолмаган дангасаларни ур калтак-суркалтак этиб уялтирадиган бўлсак, омонат дафтарча деганимиз гўзина бало-қазодай гўриниб гетади.

Топшириқни ошириб бажарган ўн, гоҳо ўн беш бола ҳар куни кечки овқатдан сўнг ҳаммага ибрат, намуна қилиб кўрсатилади; чевар ўқувчиларга барча, ҳатто, тарбиячи-мураббийлар ҳам бор овозда жўр бўлиб олқиш ёғдирадилар: раҳмат! Қойил!!. Ана кейин дангаса теримчилар – беш-олти қолоқ ўқувчи – саф олида қатор турғазиб қўйилиб, уларнинг аҳил-иноқ оилага иснод келти-раётганликлари; агар улар ҳам топшириқни ошириб бажарганларида, шаҳар мактаблариаро ташкил қилинган кўчма Қизил байроқни қўлга киритишлари; пировард-натижада Болалар уйи теримчилари катта мукофотга эга бўлажаги аччиқ-аччиқ дакки-дашномлар билан айтилгач, ҳамма баравар замбараклардан ўқ узааётгандай маломат ёғдиради: ялқовлар шаънига: уят! Уят!! Уят!!!

Ҳамма жўр овозда авж билан: уя-а-ат! Уя-а-ат!!. – деяётганда, дарахтларнинг тепа шохларида мудраётган қушлар жонҳоври потрлаб, зимистон қўйнига отиладилар ва шунинг баробарида, еру осмон гумбрлаётгандай туюлаверади.

Чиндан ҳам, ушбу манзара четдан кузатган бировга жуда аёвсиздай туюлиши мумкин: аммо, на чора?!.

Гулдурос маломат эшитаётганлардан баъзиларининг кўзлари дилўртар лаҳза-ларда ёвқур чақнайди; баъзи қизалоқларнинг эса кўзлари жиққа ёшга тўлади.

Аслида, бундай бўмағур усулни ўзи ўйлаб топган бўлса ҳам, Раҳимовга ёқмайди. Сираям!..

Бироқ, модомики пахта йиғим-терими – меҳнат фронти экан, жонини койит-маётган ландавурларга кўнгилчанлик…

… ҳайф! – деб ўйлайди, ҳар гал уятдан ер ёрилсаю ерга киргудай қизариб-бў-зараётган болажонларга дили ўртаниб. – Ўрни галганда бахтиқаттиларнинг ка-рахт ғурурини қўзғай билиш ҳам гарак.

Ҳали Матқодир иккаловининг маслаҳат-кенгаши тугаганича йўқ эди, шийпан олдига бир “Волга” аста яқинлашиб тўхтади.

– И-и, Расулов-ку! – деди Матқодир, кўзлари бежоланиб. – Тинчликмикан?

… ҳай, билмадимо-о-ов!

Ўша аснода Биринчи машинадан тушди. Ҳовуз томонга яқинлаша бошлади.

Ҳамма бола, биров ўргатиб қўйгандек, баравар ўрнидан туриб, ёппасига:

– Ассалому алайкум! – деди.

– Валайкум салом! – деди Биринчи, ўтиринглар, қўзғалманглар, дегандай қў-лини такрор-такрор тўлғаб. – Иштаҳаларийизни бузманг, болалар. Маладес… маладес, ўтиринглар.

Раҳимов илдам пешвоз чиқаётиб:

– Галинг, ёшулли! – деди. Қўш қўллашиб кўришди. – Ассалом алайкум!..

Биринчининг кайфияти яхши экан, одатдагидай ҳол-аҳвол сўрашилгач, юз-кўз-ларида майин бир кулимсиш жилоланиб:

– Жонлими, Раҳимов? – деди.

– Жонли, – деди Раҳимов ҳам жилмайиб. – Шукр этсак бўлади, ёшулли. Қаровулдан бошқа ҳаммачикимиз пахтадамиз.

– Яхши!.. – Сал чеккароқда Матқодир қўл қовуштириб турган эди, Расулов қўлини узатиб саломлашди. – Ничиксиз?..

– Раҳмат, ёшулли!..

Стол атрофида юзма-юз ўтирдилар.

Раҳимов, одатича, дилида шукронасини айтиб, гуё қошларини силаётгандек, икки қўллаб эмас, ўнг қўлининг кафти билан юзларини сийпалаб қўйди.

Расулов, – мусулмон-ку! – сезган бўлса-да, ўзини билмаганга солиб, қатор те-рилиб турган омонат дафтарчалардан бирини қўлига олди:

– Бу наву, Раҳимов? – деди.

Раҳимов омонат дафтарчалар билан боғлиқ ниятларини бир-бир айтгач:

– Болаларнинг келажаги учун буям бир пойдевор-да, ёшулли, – деди.

– Отангиза раҳмат! – деди Биринчи, қўлидаги омонат дафтарчани бир қур кўздан кечиргач, жойига қўяётиб. – Дим яхши ўйлабсизлар. Лекин, бизнинг ёшларимиз пулга – бойликка эмас, меҳнатга, биродарликка меҳрли бўлишлари гарак. Партиямиз, ҳукуматимиз ёшларимизнинг ғамини ейди. Сиз хавотирла-наётганингиздай, эрта бир кун уларни чорраҳада бош қашитиб қўймаймиз.

Раҳимов, гўё кечирилмас бир жиноят устида қўлга тушгандек, н а ҳ о т к и-а?!. – деган каби Биринчининг оғзига жим қараб қолди: етимакларнинг кела-жагини қайғириб амалга оширмоқчи бўлган хайрли ниятини оқлаш учун бирор бир гап айтолмай, аччиқ хўрсинди.

– Аммо сиз тўғри қилаётирсиз, Раҳимов! – деди Биринчи, қадим-қадимлардан синалган давлатдорлик усулини ёқлаб. – Бойваччадан кўра, тегишли ҳақина эга бўлолмаётган қарамни бошқариш осонроқ; шу йўл билан баъзи бир кўнгилсиз-ликларнинг ҳам олди олинади.

Ўша пайтда Матқодир бир чойнак чой ҳамда иккита пиёла келтирди. Ва, тик турган кўйи, чойни шопиргач, пиёлаларга чой қуйди-да, биринчисини Расу-ловга узатди.

Расулов чойдан ҳўплаб, Матқодирдан:

– Кечки овқатларингиз наву? – деб сўради.

– Шовла, – деди Қодир.

Расулов Раҳимовга хушҳол жилмайиб:

– Маниям шовла билан сийлайсизларми, Раҳимов? – деди. – Ёки бир пиёла чой бериб қутулмоқчимисизлар?

… демак, билса – ҳазил, билмаса – чин, деганларидек, буям бирўзича праверка экан-да!

– Йўғ-э, ёшулли!.. – деб, Раҳимов Матқодирга юзланди. – Қизлариза айтинг, дарров дастурхон ёзсинлар!.. Ёшуллининг шафёрини ҳам овқатлантиринглар.

Дарҳол оқ халат кийган бир ҳамшира қиз ҳамда тарбиячи жувон бир-биридан чаққонроқ зипиллаб, бирпасда тўкин дастурхон тузади: аччиқ-чучук, қавун-тар-вуз, олма-анор…

Кейин, ҳамшира қиз ҳар икковларининг олдига бир тавоқдан шовла қўйгач, аста:

– Ош бўлсин, – деб, Раҳимовга қаради: дағи бирор хизмат борми?

– Раҳмат. Кўп раҳмат! – деди Раҳимов, боравер, қизим, дегандай бошини ирғаб.

Расулов шовладан ярим қошиқдан мўлроқ олиб оғзига солди, тамшанди, сўнг Афандининг шовла еяётган чоғида кўзларидан ёш чиқиб кетгани ҳақидаги латифани сўйлаётиб, янаям хушҳол жилмайди:

– Мезбон сўрабди: Афандим, начун кўзларийиздан ёш чиқиб гетди? Афанди шовланинг ширинлигини, тил куйдирар даражада иссиқлигини айтмай, айтса – ўзига кам қоладигандек, бош чайқаб: э, сўраманг, ажойиб қайнонам бор эди, раҳматли ёдима душиб, хаёлим алғов-далғов бўпгетди, дея шовланинг ёғини қориштириб, кўпроғини ўзи томонга тортган экан, – деб, баралла кулди. Сўнг: –Сизларнинг шовлаларингиз оғизни куйдирар даражада бўлмасаям, лекин, Афандининг гўзлариннан ёш чиқарворган шовладан кўра мазалироқ экан, – деди. – Яхши… яхши!

– Ошпазимиз мактаб кўрган йигитлардан, – деди Раҳимов. – Матжон ошпаз-нинг шогирди. Қўли дим ширин.

– Аввалгисини нишаттингизлар?

– Искандар сосойнинг ихтиёрина ўтказвордик.

Биринчи маъқул маъносида бошини ирғаб:

– Ҳм-м, – деди. – Сиз ҳам эшитгансиз, Раҳимов: “Галинбийимнинг паловини ширин қилган оғамнинг бозорлиғи”, деган экан биров,. Гап – масаллиқнинг хомталош этилмаслигида!.. – деб, Биринчи жиддият билан сўради: – Кўчма бай-роқни ала киритиш ниятларингиз борми, Раҳимов?.. Начун тўртинчи ўриндан ҳеч кўтарилолмаётирсизлар?

Ҳар беш кунлик натижаларига кўра, ҳашарчи-теримчиларга ҳақ тўланиб, Байроқ топширишда ҳам шунга амал қилинса, албатта биринчи беш кунликдаёқ байроқдор бўлишларига Биринчини ишонтириб, Раҳимов:

– Шуни йўла қўйиб берсангиз, дим яхши бўлар эди, ёшулли, – деди.

– Начун беш кунлик?

– Ҳар беш кунда ҳақ тўланса, болаларнинг қизиқиши кучаяди-да, айниқса бизникиларнинг!.. – деди Раҳимов. – Биласиз, етимакларнинг меҳр-мурувватга қарашлари бошқача. Нима, биз улардан каммизми, деб байроқдорликка интила-верадилар-да!… Кейин, ҳар килосина ҳеч бўлмаса, йина беш тийин қўшилса?.. Ёғин-сочинли кунлар яқинлашаётир.

– Ҳозир қанчадан олаётирсизлар?

– Ўн тийин, – деди Раҳимов. – Ҳадемай, иккинчи терима тушамиз.

Гўё Раҳимов ўн тийинни менсимаётгандай туюлдими, Биринчи:

– Ўн тийин деганимиз – битта яхши кулча-ноннинг баҳоси, Раҳимов, – деди. – Учинчи… тўртинчи теримдан кейин яна ўн тийин қўшса бўлар. Ҳозирча беш тийин?.. Да-а-а!.. – деб, Биринчи ўйчан бош ирғади. – Яхши, эртадан ҳар кило-сина беш капак қўшилади… Демак, биринчи беш кунликда байроқдор бўласиз-лар?

Кичкинтойларининг ёрдамига ишондими, Раҳимов:

– Бўламиз, ёшулли! – деди. – Фақат, илтимос, мукофотга кийим-кечак эмас, бизга сигир бўладиган ғунажин ёки сигир берсалар? Сизнинг ёрдамингиз билан мавсум охиригача бир-иккита сигирли бўлвосак… Буям бир умид-да, ёшулли.

– Яхши, – деди Биринчи, Раҳимовнинг талабини маъқуллаб. – Сиз аввал Бай-роқни ала киритинг. Сигир масаласини ҳам, сигирларингиза ем-хашак масала-сини ҳам биз ўзимиз сизга ҳал этиб берамиз.

Охирги марта жигар қонидай қип-қизил гилам тўшалган кенг-мўл, узундан узоқ хонадан дилтанг, карахт алфоз чиқаётиб, ёноқларидаги қорамтир доғла-рини, ҳатто, мойупоям бекитолмас Зийнатнинг гўрига йўлакай дилида ғишт қалаган кунидан бери Раҳимов Биринчи билан кўришмаган бинобарин, бун-дай ҳамсуҳбат бўлиш насиб этмаган; шу тобда эса, янгиработликларга ҳайрон қолмоқда эди.

… ажаб, шунингдийин раҳбарни-я?!. Ҳай, ношукрлар-а!.. Ўзи, аслида, иш бую-рувчи, буюрган ишининг натижасини ижикилаб сўраб-суриштиргувчи раҳбар қачон, кима ёқибди – ёқмайди-да!..

Бироқ, бир пиёла чой баҳонасида қисқа муддат давом этган ишчан, дилкаш, унутилмас суҳбатдан сўнг, янгиработликларнинг куни Раҳимовнинг ўз бошига тушиб, анг-танг қотди-қолди: йўлга шай турган “Волга”га яқинлашаётган эди-лар, Расулов аста Раҳимовнинг билагидан тутиб:

– Бугун пешинда Бекназар Сардорнинг бргадасида ҳашарчиларни йиғиб, мажлис ўтказибмисиз? – деди.

– А-а, уми?.. – деди Раҳимов, лекин Биринчининг аллатовур синчков назари дилини оғритди. – Мажлисбоз дедиларми?

– Қизишманг, Раҳимов.

– Ахир, биласиз – ман маҳалла қўмитасининг раисиман, ёшулли, – деди Раҳи-мов. – Маҳалламиздан келган даъвойиқоқ ҳашарчиларимиздан биттаси Бек-назар Сардор билан урушиб қолган экан. Шундий йиғим-терим маҳали ота гў-ри, қозихона этиб юришмасин деб… Дарров сизга чақибдилар-да?

– Парво қилманг. Дим дўғри этгансиз, отангиза раҳмат! – деди Расулов. – Ўзи, аслида, ман сиза бошқа бир янгиликни айтиш учун келган эдим: Олимова бизнинг дамимиза дош беролмаётир… Аёл-да, йиғлаб-сиқтаб кеча аризасини топширди.

Аллазамонлар рўй бериши зарур-у, лекин, ниҳоят, энди содир бўлган янги-ликни эшитганидан кейин, нимадир дейиши кераклигини ўйлаб, Раҳимов, ҳеч бир шавқсиз, надоматсиз оҳангда, ҳали гап нимадалигини англамай, йўлига:

– Э, шундийми? – деди. – Қаранга-а!..

– Ўрнингиза яхши бир шогирд таёрланг…

Бирдан бир пақр муздай сув бошидан қуйиб юборилгандай сесканиб, Раҳи-мов Биринчининг қўлидан билагини бўшатдию, беихтиёр бир қадам ортига тисарилди.

– … Пахтадан кейин…

Биринчининг гапини охиригача эшитмай, Раҳимов:

– Йўқ-йўқ! – деб, ҳар иккала қўлини баравар кўксига босди, паришон бо-шини чайқади. – Уддалаёлмайман. Илтимос?..

– Сиз – уддалайсиз. Биз – сиза ишонамиз.

– Ўзимни ўзим биламан-ку, ўртоқ Расулов – ёшулли – жон оға?..

Нимадир наъша қилаётгандай майин кулимсираганча, орқа эшикдан маши-нага ўтираётиб, Биринчи яна такроран:

– Ман сиза ишонаман, Раҳимов, – деди. – Ҳозирча!..

… эси жойидами ўзи бу одамнинг? – деб ўйлади Раҳимов, гангиброқ ортига қайтаркан, меҳр-мурувватга жонини ҳам аямайдиган, бир-биридан ширин бола-жонлар кўзўнггидан бир-бир ўтаётган кўйи, оғир энтикиб. – Тавба!.. Ҳар бири бир дунёга тенг болалардан кечиб-а?!. Йўқ… йўқ!..

Айни ўша аснода сочлари патила, юзлари дўмбоқ, ўн бир-ўн ики ёшлардаги бир парвардаси – Султонпошша – чопқиллаб яқинлашди, қўлидан ушлади, кўзларига жавдираб:

– Ота! – деди. Қизалоқнинг кўзлари тим қора эди, хиёл намли эди. – Манга уят айтмасинла – илтимос, ота?.. Мани беш кило пахтамни тарозибон, хом терибсан, деб ёзмади.

Султонпошша – етимча – ота деганидаёқ Раҳимовнинг кўкси одатдагидай бошқача жиз этган эди, ҳали жавоб айтишга улгурмай, ўртоғининг изидан югу-риб келаётган синфдоши – Мадамин:

– Султонпошша дўғри айтаётир, ота, – деди, сал нарида тўхтаб. – Ишонаве-ринг: беш кило пахтасини тарозибон ҳисобга олмади.

– Ина, Мадамин ҳам гапингни тасдиқлаётир, – деди Раҳимов, Султонпошша-нинг бошини силаб. – Хотиржам бўл, она-қизим, сани ҳеч ким уялтирмайди. Кеча қанча терган эдинг?

– Эллик кило, – деди Мадамин. – Ман ҳам эллик!..

– Эртага-чи?

– Эллик-да, ота, – деди Султонпошша.

– Йўқ! – деди Раҳимов, бошини чайқаб. – Йўқ… Бунақаси гетмийди. Эллик бешдан. Ҳали биринчи терим тугагани йўқ-ку!.. Эртадан пахтаси оқиб ётган далага ўтасизлар. Ман сизлара ишониб, ёшуллига ваъда қилдим: бу гал Бай-роқни биз олишимиз герак. Оламиз-а?

Ҳар иккалови ҳам, болаларча ишонч билан, баравар:

– Оламиз, ота! – деди.

– Балле! – деди Раҳимов, ҳар иккаловининг кифтига бир-бир қоқиб. – Боринг-лар, қароғларим. Саф тортинглар. Ман ҳозир…

Султонпошша ҳам, Мадамин ҳам болалар томонга бир-биридан ўзишга ин-тилганларича, шодумон югуриб кетди.

… йўқ, дейман, – деб ўйлади тағин Раҳимов, аллақачон ҳовуз бўйида ўйин-қароқлик билан саф тортишга чоғланаётган болаларнинг барини ажабтовур меҳр назари билан бағрига босгудай тикилиб. – Ҳа-да, бу гал… Асло!..

20

19–75й.

11

БИР КУНИ

Ажойиб дўст, гўзал шоир

Тошпўлат АҲМАДга

бағишладим.

Ҳар қандай киши ҳаётининг энг ёмон б и р к у н и – келажакда к и м бўлиб қолишида жуда жуда ҳам муҳим. Муҳим экан. У б и р к у н қачон ва қай йўсинда рўй беради – номаълум. Демак, одамнинг бир куни эмас, ҳатто ҳар бир лаҳзаси ҳам бири-биридан азизроқ, бири-биридан муҳимроқ.

Ниҳоят, Султонбой шундай хулосага келди. Лекин, ушбу хулосага келганида афсуски, кеч бўлган – қачонлардир ўша б и р к у н н и… ўша бетакрор лаҳза-ларни бой бериб қўйган экан.

Дарвоқе, Султонбой, – ўртана-ўртана! – тағинда жиддийроқ бир хулосага ҳам эришади. Ҳикоямиз шу ҳақда.

* * *

Султонбой бошқармага институт йўлланмаси билан борган эди.

Бошқарма бошлиғи пахтачилик бўлими мудирини чақиртирди.

Мудир – қоринчаси қаппайган, қошлари бароқ, қошларига оқ оралаган, соч-лари қув оппоқ, буғдойрангдан кўра қорамтирроқ, бўйи эса пакандан хиёл ба-ланд, кўзлари кичкина, бурни… ихчамгина, юзлари думалоққа мойил, эллик ёш-лардаги киши экан.

Султонбойнинг – бамайлихотир ўтирган нотаниш йигитнинг – саломига не-чундир хушлар-хушламас алик олиб, мудир қоринчаси устида қўлларини алла-товур мутеларча қовуштирди: хўжайин, хизмат?

… бунча?! – Мудирнинг маъракалардагидай қўлларини қоринчаси устига қў-йиб, қанотлари қора аллабир қуш каби бошини бошлиқ сари ғалати қийшай-тиргани Султонбойни таажжублантирди. – Шартмикан шунақаси? Ёши кап-катта одама-а?

Унинг – эллик ёшлардаги кишининг, бошлиққа – қирқ ёшлардаги йигитга, тавозеъ билан – мутеларча қўл қовуштиргани, ростиси, Султонбойга ёқмади. Лекин буни сездириш… сездириб қўйиш вақти ҳам, қолаверса, ўрни ҳам эмас эди; сиртдан гўё хотиржам – курсининг суянчиғига бепарво суянган кўйи – ҳар иккала ёши улуғ кишининг муомала-муносабатларини ажабтовур қизиқиш билан кузата бошлади.

– Танишиб қўйинг: укамизнинг отлари – Султонбой экан, – деди бошлиқ. Султонбой ўрнидан хиёл туриб, қўллашмоқчи эди, лекин мудир қия ҳам қара-маганидан сўнг, қимир этмай, ўтираверди. – Бизда ишламоқчилар. Мана, нап-равлениялари ҳам бор.Ўзлари шу… ўзимизнинг кўктепалик эканлар.

– Пўлат Ҳакимович, напраленияси борлиги яхши-ку, лекин кўктепалик-ларнинг ўпкаси андак баландроқ бўлади, дейдилар,– деб, мудир қоринчасини қилпиллатганча, ҳиринглаб кулди. – Баъзан қаттиқ-қуруқ гапириб қўйсак, тў-қимларини қоринларига оғдирволмасмиканлар?

… нима деяпти бу энағар? – деб ўйлади Султонбой, қошлари чимирилиб. – Эшак демоқчими?.. Э, сани ўша оғзингга… аяғим. Бўйингг-а!..

Бошлиқ ҳам кулган бўлиб:

– Кўрасиз-да, баландроқ бўлса, силаб-сийпалаб, жойига тушириб қўярсиз, – деди. Сўнг Султонбойга юзланиб, узрчан кулимсиради. – Султонбой, кўнгли-нгизга олмайсиз-да, Бакир акангизнинг феъллари шунақароқ.

… яхши. Яхши! – деб ўйлади Султонбой, тушундим, дегандай бош ирғаб. – Бил-ган топиб гапирар, билмаган – қопиб… Кўрамиз.

Ҳар иккаловларига қарата бошлиқ – Пўлат Ҳакимович:

– Биргалашиб ишлайверасизлар, – деди, ниҳоят, энди мени холи қолдиринг-лар, дегандек. – Омад!..

– Хўп бўлади! – деб, Султонбой ўрнидан турди.

Султонбойнинг бир қадар бетакаллуф гап оҳангги Бакир мудирга ёқмадими, бир чимирилиб қўйди. Сўнг бошлиққа қуллиқ қилиб, негадир:

– Раҳмат, – деди, ч о й ч а қ а у н д и р г а н ч о л д а й б у к и л г а н кўйи, секин ортига тисарилаётиб. – Кўп раҳмат, Пўлат Ҳакимович!..

Ростиси, мудирнинг бу қилиғи ҳам Султонбойга ёқмай, кўнглидан хавотир-намо бир гумон кечди.

… бунақалар а л а м з а д а бўладилар!.. Кўрамиз.

Даҳлиз узундан-узоқ эди. Нимёруғ эди. Даҳлизнинг ҳар иккала томонида қатор хоналар. Айрим хоналарнинг эшиги қия очиқ. Ҳар бир эшикка қайси бў-лим эканлиги хусусида лавҳа ёпиштирилган: “Боғдорчилик”… “Паррандачи-лик”… “Чорвачилик” ва ҳоказо.

Султонбой кўп кузатган: бўйи ўртачароқ кишилар атай кўкракларини кериб, лўнгк-лўнгк юрадилар. Бакир мудир эса, бўйи ўртачадан пастроқлиги учунми, сал-пал кўкрагини керганидан ташқари, хийла виқор билан юраркан.

Даҳлизнинг адоғига етиб, ўнг томондаги хонага кирдилар.

Хонада икки йигит мук тушиб, ҳар бири ўз олдига қўйилган қоғозларни ва-рақлаб, нималарнидир қайд қилаётган экан.

Мудир йигитларни Султонбойга, Султонбойни йигитларга димоғдорлик билан таништиргач, жойига ўтиб, ойнабанд шкафда қатор териб қўйилган қоғоз пап-калардан бирини олди-да, шарп этказиб стол устига ташлади:

– Укам, яна аччиғийиз келмасин-у, ўзбекнинг кичиги бўлдинг – кучуги бўлдинг, деган гапи бор машойихларнинг, – деди дабдурустдан. – Унда-бунда иш буюрсак, малол келмас, а?

… боя эшакка ўхшатувди, итоғиз, – деб ўйлади Султонбой, тишларини ғич қи-ларкан, беихтиёр чакка томирлар бўртиб. – Энди… очиғдан-очиқ… Э, сани ўша!..

Султонбой бўзрайиб, бош ирғадими ё англаширсизроқ бир ҳаракат қилдими, билолмай, қошларини чимирди.

Мудирнинг кўзлари кичкина – уккиникидай, лекин қизғимтир қорачиқла-рида эса совуқ бир кулимсиш ифодалари беқарор изғимоқда эди.

Унинг кўзларидан нигоҳини узиб, Султонбой девордаги узун-узун, сершох-сербутоқ пахта навларига, турли хариталару жадвалларга юзланди.

– Каллангизни лиқиллатганийизга тушунмадим: нима у – йўқ деганийизми ё хўп деганийизми? – деди мудир, сурлик билан. – Очиқроқ гапираверинг, хафа бўлиш йўқ.

Баттар энсаси қотиб, Султонбой:

– Хўп, деганим! – деди, қўрсроқ оҳангда.

– Баракалло-о! – деди мудир. – Манави папкада районингизнинг пахтачилик хўжаликларига тегишли маълумотлар. Анави стол сизники. Ўтириб, яхшилаб танишиб чиқинг.

Султон кўрсатилган жойга бориб, пайпоғи қўнжидаги туфли артадиган бир парча латтани чиқарди. Аввал курсини артди, сўнгра столни… Бир-бир ғала-донларни очиб қотган нон увоқлари, ғижимланган чой қоғоз, қоғозли, қоғозсиз қанд-қурс ҳамда анча-мунча туксизланган чигитни бурчакдаги ахлат челакка элтиб тўкди. Ниҳоят, ишга тутинди.

Ҳамма ўз иши билан машғул, хона жимжит эди.

Бир маҳал, мудир: ув-ва-а!.. – деб кекириб юборди.

Султонбой ялт ўгирилди-ю, нохос бир ножўя иш қилиб қўйгандек, ўша за-ҳоти юзини бурди.

– Қурғур, зардам қайнаёпти, ошқозоннинг мазаси йўқроқ. Ўв, Сўлтонбой! – деб, Бакир мудир чўнтагига қўлини тиқди. – Укам, югуриб бориб, бозордан манга бир донагина сабзи келтирмайсизми? – дея кўча томонга – тўрт қават пастга ишора қилди. – Ана, бозор яқин.

… ҳазиллашаяптими? – деб ўйлади аввалида Султонбой, лекин унинг қўлида бир ҳовуч сариқ чақани кўриб, ижирғанди. – Нима, ман сани малайингманми? Югуриб борибмиш-а!.. Ҳе, сани ўша жиғилдонингга!..

Агар кўнглидан кечаётган аччиқ фикрларини овоз чиқариб баралла айтганида эди, эҳтимол, бундан кейин бўладиган ғалваю ғашликлардан Султонбой бира-тўла бутунлай… қутилиб қолармиди. Лекин, ўзбекчилик – қўндоқдалигиданоқ қулоғига қўрғошиндай қуйишган: каттага – ҳурмат, кичикка – иззат; мусулмонмисан, – тамом! – ўзингдан катта биров иш буюрганда, қулоқ қоқмай, тайсалламай бажаришинг керак. Бакир мудир эса нафақат ёши улуғ киши, айни чоғда раҳбари ҳам.

… балки, мани синаётгандир, энағар.

Ушбу тахмин хаёлидан кечаётиб, Султонбой:

– Қўяверинг, ўзимда бор, – деб, мудир айтганидай югуриб эмас, хушлар-хушла-мас, – гўё секин бориб келгунигача, жиғилдони қайнай-қайнай ўлиб қолади-ю, бираваракайига у н д а н қутиладигандек! – хонадан чиқди.

Орадан бир чойнак чой ичилгудай фурсатларда Султонбой қоғоз халтачада бир талай сабзи олиб қайтди. Лекин, негадир, Султонбойнинг юз-кўзидан ху-ноблиги билинмас, аксинча, аллатовур хушҳолдай эди.

Бакир мудир қоғоз халтачани қўшқўллаб оларкан:

– Ўҳ-ҳў-ў, бу жуда кўп-ку, укам! – деди. Раҳмат демади.

Султонбой мудирига: нима, бу санинг миннатдорлигингми, ношукр, деган-дай бир қаради-да, индамай, жойига ўтди. Ўтирди.

Ўша аснода Бакир мудир халтачадаги бори сабзини столга тўкдию:

– Иби, нима бу, укам?! – деди, қошларининг ўртасига ғуррадай тугун тушиб. – А-а?

– Савзи, – деди Султонбой.

– Кўраяпман – сабзи! – деди Бакир мудир. – Лекин, буларнинг бари эркак-лаган сабзи-ку!

Бош бармоқдан йўғонроқ, ўрта бармоқдан узунроқ бир талай сабзининг орасида биттаям мушак сабзи йўқ эди.

Йигитлар бир-бирига: боплаптими, азамат, дегандек, бир стол устидаги саб-зиларга, бир Султонбойга қараб қўйишди.

Султонбой эса:

– Қизталақ, чорбозорчи мани алдапти-да, – деди. – Алмаштириб ке-лайми?

Беихтиёр йигитлар: рост айтаяптими, дегандай тағин Султонбойга бирров кўз югуртирдилар.

Бакир мудир эса Султонбойнинг марҳаматига парво қилмай, ғаладонидан их-чамгина пичоқни олиб, сабзилардан йирикроқ бирини тозаламоққа тутинаркан, боягидай узоқ кекириб:

– Ҳўй, йигитлар! – деди. – Сизлар ҳам мазасини кўринглар қани.

Йигитлар раҳмат айтишди.

… энди манга иш буюрмайди, – деб ишонган эди Султонбой. – Яхши бўлди – қутулдим!..

Бироқ, бир маҳал, Бакир мудир:

– Э, эсим қурсин! – деди. – Дойим ёнимда сўдам бўларди, бугун тугаб қолганини қаранг-а!.. Султонбой – укам, хизмат бўлмаса, яна бир зинғиллаб, дорихонадан манга ошсўда келтириб берасиз-да, а? Эркак сабзини сўдага булаб емасам… Ана, дорихона шундоқ рўпарамизда. Майлими, малол келмайди, а?

… э, бу қанақаси ахир?! – Султонбой энсасини қашиди. Йигитларга, – ҳар иккалови ҳам мийиғида кулимсимоқда эди, – қарамоққа юраги безиллаб, паришон ўрни-дан турди. – Ҳе сани ўша жиғилдонингга!..

* * *

Биринчи куниёқ Султонбой ишдан хомуш, ҳатто, бир қадар дилтанг кай-фиятда қайтди.

* * *

Нечанчи куниямдир, уйқуга ётаётиб беҳаловат ўйлайверганиданми, эрталаб уйқудан уйғонар-уйғонмас, кечмиш воқеаларни узуқ-юлуқ, хира тасаввур қилган кўйи, тағин узоқ тўлғаниб ётди: қачон… қайерда хато қилди? Хатоси ни-ма ўзи?

… хай, шу ишга бормасам-чи? – деб ўйлади, ўша аснода. Шуни ўйлагани ҳамоно, қишлоғи кўзига кўриниб кетгандай туюлди. Қишлоғи дунёнинг гадой топмас бир овлоғида бўлсаям ўлгудай яхши кўради, лекин далада куну тун чанг ютиб, қамчинидан қон томгудай раисдан дакки-дашном эшитиб аграномлик қилиш… – Азоб-э! – деб юборди овоз чиқариб. Бир куни, ўзи кўрган, қулоғи билан эшитган бир бригадирни раис: сани онангни эшшак… эмсин, деб сўк-кан, бу ҳам етмагандек, қаҳр билан кетига тепган. – Азоб ҳам гапми, турган битгани хўрлиг-э!.. Ишга боришим керак: барибир, Бошқарма – Бошқарма-да!..

Ахийри, чала-чулпа нонушта қилган бўлиб, ишга йўл олди.

Кунлар ўтавераркан.

Аттангки, кўнгилда – на ҳаяжон, на бир йилт этган нур!.. Гоҳо, ҳалитдан ўзини минг йиллар яшаб қўйгандай ҳис этаётгани ўртаворади.

… лекин, на чора?!.

* * *

Кеча – бозор куни, Султонбой Бакир мудирнинг янги қураётган иморат ҳашарида қатнашган эди, ишга кечикиб, қош-қавоғи шишган, кўзлари қизарган, юзлари сўлғин, чолвори ғижим бир аҳволда борди. Дам кўзларидан ёш, дам бурнидан сув кетиб, чошгоҳгача қилган ишининг тайини бўлмади, кўнгли ёришмади ҳам. Кейин, бирдан иситмаси кўтарилиб, аъзойи танига совуқ бир титрама ёйилди-да, совуқ еяётгандек, жунжикаверди. Ахийри, ижозат сўраб, ижарахонасига қайтди.

Уй бекаси – ҳамиша қошу киприкларига қуюқ ўсма-сурма суриб юргувчи, кўзлари чаросдай тожик хола, саратоннинг жазирамасига қарамай, Султоннинг жағи-жағига тегмай, дир-дир титраётганини кўриб, даъфатан саросималаниб қолди. Сўнг, дарров уйга суяб кириб, тўшакка ётқизди. Ва, ҳаял ўтмай, бир коса серпиёз, серқалампир қайноқ шўрва кўтариб кирди-да, худди ўз опаси, ўз онаси каби қўярда-қўймай:

– Ичинг, бачем, ичинг! – деди, буғи чиқиб турган шўрвани қошиқда оғзига тутиб. – Ҳа, акун яна бир қошиқ…

– Ачиқ-ку, холажон.

– Охи ким айтаду сизга, дори ширин бўладу, деб?!. Инжиқлик қилманг акун, бачем. Пиёзларини ғажур-ғужур чайнанг, чайнанг!..

– Раҳмат, холажон. Бас.

– Йўқ, яна бир қошиқ!.. Ҳа, бале. Акун яна бир қошиқ!..

Сал иссиғи кўтарилса, Султонбойнинг алаҳсирайдиган одати бор эди, алаҳлай-алаҳлай, кўзи уйқуга илкинди; кўрпа устидан тожик холасининг яна бир адёл ташаганини билмади ҳам.

Гоҳ қордай оппоқ булутлар бағрида, гоҳо тубсиз, қоронғи жарликларга уча-уча, ухлаган-ухламаганлигини билолмай, аъзойи бадани жиққа терга ботиб, Султонбой кўзларини очганида, қуёш уфққа оғқан, унинг олтинранг нурлари дераза ойналарида шуълаланмоқда эди.

Ногоҳ, узлуксиз ғинғиллаётган инжа бир товуш Султонбойнинг қулоғига чалина бошлади. Султонбой қулоқларини динг қилиб, кўзларини катта-катта очди: вассажуфт шифтнинг бурчагидаги ўргимчак тўрига ўралиб қолган бир чивинга назари тушди. Ва, ўша аснода, ковакдан чиққан бўзранг, биққи бир ўргимчакнинг аста чивинга яқинлашаётганлигини кўриб, нечундир, бирдан қайт қивлоргиси келди, тағин кўнгли лаҳосланиб, кўзларини юмди.

Сирасини айтганда, идорада Султонбойнинг қилаётган ишларининг тайини йўқ: турли жадваллар чизиш… кун сайин туманлардан оқиб келаётган оппоқ ва-рақлардаги жонсиз… руҳсиз, лекин пахтакорнинг қаро терию бадбўй қонига қоришиқ – “Фронт – қурбонсиз бўлмайди. Пахта йиғим-терими кампаниясиям фронт!” – аччиқ қисматидан ғамгин ҳикоя қилгувчи рақамларни бир-бир катта темир дафтарларга кўчириш ва ҳоказо. Бироқ, бири-биридан бетайин, бири-биридан тутуруқсиз ҳафталик йиғинларда эса ҳамиша мудир, одатича қўлла-рини қоринчаси устида қовуштириб, Султонбойни мақтагани-мақтаган: Пўлат Ҳакимович, Султонбой – ажойиб ходим; Пўлат Ҳакимович, Султонбойнинг почиркаси чиройли; Пўлат Ҳакимович!..

… заҳар-заққумдай хушомадларнинг бари малайлигим учунми-ё?.. – деб ўйлайди Султонбой. – Албатта-да!..

Учхознинг бир-бирига туташиб кетган поёнсиз далаларида, институт дом-лалари билан очу наҳор тонгларни тунларга улаб, “108-Ф”дан то куни кечагача яратилган “Бухоро” пахта навларидан қай бирининг толаси узунлиги, пишиқ-лиги, қай бирининг ғўза зараркунандаларига чидамлилигию ҳосилдорлигини жирканч малайлигу хушомад учун ижикилаб ўрганганмиди?.. Нима, тишини тишига босиб чидаши – аламзадаларча эрта б и р к у н н и пойлаб, ўз-ўзига риё-корлик қилиши керакми?.. Ана кейин, қачонлардир бир кун, соқолини қиртиш-лаб, сочини сочмойи билан ялтиллатиб тараб келадиган навқирон бир мутахас-сис йигитчани зир югуртириш учунми?..

… йў-ў-ўқ, бунақаси кетмайди, – деб ўйлади Султонбой, хомуш, хаёлчан бошини чайқаб. – Ҳали у кунларгача кў-ў-ўп эмаклашимга тўғри келади чоғи. Тезроқ бир чорасини топишим керак.

Атанг, ўшанда – мудирнинг илк маротаба ҳазиломуз таҳқирлаб: Пўлат Ҳа-кимович, унда-бунда иш буюриб қўйсак, тўқимларини қоринларига оғдирвол-масмиканлар, деганидаёқ, аччиқ бир гап билан боплаб таъзирини бермаганига; биринчи даъфа: укам, яна аччиғийиз келмасин-у, ўзбекнинг кичиги бўлдинг – кучуги бўлдинг, деб қизариб-бўзариб сабзи келтириб беришни сўраганидаёқ, шартта андишани йиғиштириб қўйиб, ярим копирча, ярим мусулмончасига: пашўл н. х!.. Жиғилдонингга хойям. Бор, ўзинг бориб кел! – демаганига… деёл-маганига, мана, энди аччиқ афсус-надоматлар чекаркан, хонага ёпирилган ал-латовур сукунатдан юраги сиқилиб, кўзларини катта-катта очдию ўргимчак тўрида осилиб ётган чивинни кўрди: ана холос, энди у ғинғилламаётган эди.

* * *

Эшик очилиб, хонага пўрим кйинган, ўртадан кўра баландроқ бўйли, қирқ ёшлардаги бир киши кирди. Шляпасини қўлига олиб, бир-бир йигитлар билан кўришгач, юз-кўзларида янаям хушҳоллик жилоланиб, илдам Бакир мудир то-монга юрди.

Аллақачон Бакир мудир оғзи қулоқ-чака илжайиб:

– Марҳабо… марҳабо! – деганча, у кишининг истиқболига пешвоз чиққан эди, шодон қўллашиб сўрашаркан, бурчакдаги оромкурсига ишора қилди. – Қа-ни, марҳамат, ўтирсинлар, – деб, ўзи иккинчи оромкурсига ўтираётганида, бошқачароқ томоқ қирди.

Мудирнинг бундай томоқ қиришининг маъноси аён эди, лекин йигитлардан ҳеч бири парво қилмади.

– Пахта қалай, пахта? – деди Бакир мудир, меҳмоннинг жавобини кутмай, қаттиқроқ йўталволиб. – Йиғим-терим авжигами?..

Бакир мудир одатдагидан бошқачароқ, заруратсиз йўталганидан сўнг, иккала йигит бир-бирига зимдан бир қараб қўйди-ю, лекин ё униси, ё буниси қимир этмади.

Султонбойнинг эса, негадир юраги аллатовур бетоқат гурсиллаб ура бошлаган, шунгами, тобора юзлари қизариб, икки чаккаси тобора лўқилламоқда эди.

Ахийри, Бакир мудир:

– Султон! – деди. – Бир чойнак чой минг тангга турмас.

Султонбой қиё боқмай, беихтиёр бир хўрсиниб, ишини қилаверди.

Лоақал шундан сўнг, икки йигитдан бириси турса бўларди, лекин, табиатан одамзод – ёвуз! – томошага ўч; йигитларнинг томоша кўргиси келмоқда эди шекилли.

Меҳмон эса, жуда шошилаётганлигини, зарур бир иш юзасидан Пўлат Ҳаки-мович билан учрашганлигини айтиб:

– Бакир ака, сиз билан бирров бундай дийдорлашай, деб кирувдим, – деди. – Чой керак эмас. Қўйинг, йигитларнинг диққати бўлинмасин.

Бу гап баттар Бакир мудирнинг қитиқ патига тегдими:

– Ўв-в, мулла йигит! – деди, Султонбойга беписанд қош учираркан, столи ус-тидаги чойнакка ишора қилиб. – Ҳм, турмайсизми?

Султонбой мийиғида аллатовур кулимсиб, қаламни қаттиқ тишлади. Қалам қирс этиб синди.

– Ўв-в, муллавачча!

Султонбой кескин юзланди: уф-ф-ф!..

Бир муддат ҳамма жим қотиб, нафсини ичга ютган эди.

Бакир мудирнинг пўписанамо совуқ гап оҳангги нақ жимликни тилкала-ворди:

– Кимга айтаяпман?!

Ниҳоят, ҳал қилувчи жангга чоғлангандек, Султонбой аста ўрнидан туриб:

– Инсофсиз! – деди, паст, дағал оҳангда. Ва, катта, оппоқ жадвал устига қа-ламни отиб юборди. – Ишга келган кунимдан бери югуртирасан; қилмаганим – кетингни артиб қўйиш қолди, демоқчи бўлди, сансираб. Лекин бундай демади. – Билиб қўйинг! – деди, тишларини ғижирлатиб. – Сиздай фаросатсиз чала-саводларни ўқитишим мумкин, лекин чойхоначилик қилолмайман. Билди-йизми?

Султонбойнинг қўллари қалтирамоқда эди. Чўнтагидан сигарет қутисини олиб, секин эшик томонга юрди. Эшикнинг бирдан тарақлаши эҳтимолини ўйлаб, эшикни ёпмади.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
26 haziran 2023
Hacim:
440 s. 1 illüstrasyon
Telif hakkı:
Yangi asr avlodi
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre