Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Ибройим Юсупов», sayfa 3

Yazı tipi:

4

Кўп ўтмай институт билан хайрлашади. Ҳаётнинг янги, ҳали кўз олдига аниқ келтира олмаган, эзгу ниятларга чулғанган қисми бошланади. Олий маълумот эгаллагани ҳақида диплом олади. Ўзининг ўйлашича, икки варақ қаттиқ қоғоздан иборат бу ҳужжат бундан буён қаерда бўлса ҳам уни ҳимоя қилиб турадиган қалқондай, қисматига босилган тамғадай туюлади унга. Уч қисмдан иборат “Институт эсдаликлари” тайин. “Шоирсан-ку, ғойиб бўлиб кетаверасанми?” деб ҳеч ким безор қилавермайди. Бироқ уни тўлғантириб юрган нарса бу эмас. “Тўлғантириб деганим тўғри бўлмас, тўлғоқ битди, достонга нуқта қўйилди”, деб ўйлагани билан унинг муҳокамаси қандай ўтади, халқ қандай қабул қилади, бу кунларга етиш ҳам осон эмас эди…

ЙЎЛДОШ МУАЛЛИМ
Қорақалпоғистоннинг
25 йиллигига бағишлайман
Достон
 
Эй мўътабар муаллимим, устозим,
Болалик умримнинг бўлдинг боғбони,
Қўлимдан етаклаб мактаб боғига,
Ҳаётимга бердинг ширин мевани.
 
 
Бир ҳарфни ўргатган кишига қирқ йил
Хизмат қилганинг ҳам бўлар экан оз.
Сиз учун, кўнглимдан шеърларим сархил,
Сизга эҳтиромим, қадрдон устоз!
 
 
Йигит сўзим бўлсин,
Қўлни берингиз!
Ваъда бериб, белни боғлайман маҳкам,
Халқ учун ишлайман, синаб кўрингиз,
Жонимдан чиққунча токи сўнгги дам.
 

У йигитлик сўзининг устидан чиқди, воқеалари мураккаб, қаҳрамонлари типик ушбу достонни институтнинг битириш имтиҳони олдидан, Республика ташкил этилганининг чорак асрлик айёми арафасида ёзиб якунламоқда эди.

Шеър ёзиш – худди нафас олишдай, овқатланиш ёки ухлашдай одатга айланган. Сабаби, ўтирганда ҳам, кўл бўйида сайр этиб юрганда ҳам, тенгдошлар йиғилган давраларда ҳам шеър ёзишга сабаб топилади, хаёлга толиб, қоғоз-қаламга интилади, бировларнинг ҳаяжонли туйғулари ҳам кўнглига таъсир қилади. “Шоирсан-ку, бир нарса ёзиб бер”, дегандан қочиб қутула олмайсан. Тўйларда тилакларингни шеър билан изҳор этишга кўнглинг чопиб туради. Кутилмаган ҳолатларда юрагинг тубидан бир булоқ кўз очади… Кейинги ҳаракатлар ўзгача тус олади. Кўнглида тўлқинми, орзиқишми, аллақандай ғалати сеҳрли куч ихтиёрингни олади. Кўз ўнгингда дунё гўзаллашиб, осмон аста-секин кенгайиб, янада юксалиб бораётгандай бўлади. Бир илоҳий куч сени тебратади, хаёлингга ҳам келмаган фикрлар шуурингда уйғонади, қаторлашиб қофиялар келаверади. Дунёни унутасан, сен учун вақт ва макон тушунчалари йўқолади, хаёлингга келган ўйлар қистайди. Ёзиб улгурмай қоламанми, деб энтика бошлайсан…

“Йўлдошмуаллим” шундай ёзилди. Овулдаги бошланғич мактабни битиргандан сўнг ёзнинг иссиғида Тўлаган муаллим бошчилигида Чимбой шаҳридаги мактабда бешинчи синфга ўқишга бораётганида йўл бўйи айтиб берган воқеа хотирасига муҳрланиб қолган экан. Ўшандан буён Тўлаганнинг биринчи устози Ўроз муаллимнинг бошидан кечирганлари тез-тез тушига кириб чиқадиган эди. Институтда Нажим Давқораев теварагида тузилган адабиёт тўгарагида олган сабоқлари ва мутолаа қилган шеърлари, ўқишга бирга қатнаган Бабош, Тажетдин, Сирожиддин, Марат, Ўсарбой ва бошқа шеърият шайдолари ҳамда ҳикоя ёзиб юрган истеъдодли йигитлар билан мусобақалашган мушоиралари бугун келиб, достонга тақалди. Ёзганини ҳеч ерда достон деб атамади. Ҳар бўлимини ҳар вақтда ўқиди. Аввал дўстлари орасида, сўнгра институтда муҳокамадан ўтказди. Юрагининг гупиллашидан ўз товушини ўзи эшитмаса-да, энтикиб ўқиди. “Нима дер экан?” дея юзидан қони қочиб, умидвор кўзлари билан жавдираб ўтирган кезлари кўп бўлди. Ҳар бўлимни ўқиб, муҳокама қилганларидан кейин узоқ вақт фикр ўйланиб гапирганларининг кимларники чин, кимда қандай қўшимча бор, камчиликларни кўрсатганларнинг кўнглида асли нима бор? Барининг мағзини чақиб, англашга ҳаракат қилди. Тез ёзиб битказиши кераклигини англади. Баъзи ўринларини таҳрир қилиб, қайта ишлади… “Хуллас, ўша достон туфайли Орзукўлнинг бўйида, тўтиқушнинг паридай тўзғиган хаёлим ўрмонида, унинг қуюқ сояли туронғилларининг остида, илк бор илҳом париси билан учрашдим, шоирликнинг “лаззатли сургунига” биратўла ҳайдалишни бўйнимга олдим…” деб эслади у.

* * *

У достонни институт залида муҳокама қилиш вақтида тўртинчими, бешинчи қаторда ўтирди. Шундай қилса унга қаратилган адабий-танқидий фикрлар қулоғига ҳолсизланиб, юмшоқроқ бўлиб етиб келадигандай ёки олдинроқда ўтирса, “бу достонни аканг ёзди”, дея мақтанганга ўхшаб кетадими, ёки мен керак бўлсам, ўзингиз топиб оларсиз, дедими, негадир ўша жойда ўтирди. Достон муҳокамаси қизиб, бировлар чақалоқни онаси илк бор мойлагандек силаб-сийпаб, бировлар баррикаданинг нариги томонида туриб ҳужум қилиб ўтирганида олдинги икки қаторда эгилиб олган дўстлари, курсдошлари орқасига қайрилиб, уни кўзлари билан излашди, лекин топишолмади. У ҳам “мана бу ердаман”, дегандай бўйнини чўзишнинг ўрнига, гавдалироқ одамларнинг панасига беркинди. Шунга қарамай, барибир сир берди, гапираётганларнинг сўзларига қараб, гоҳ чапга аста қўзғалиб, тикилиб қарамагани билан қиялаб зимдан назар ташлаб, гоҳ букчайиб, гоҳ қаддини ростлаб, бутун вужуди билан тинглаб ўтирди.

Энг қўрққани – охирида сўзга чиқиши кераклиги. Мақтаганларга нима дейди, танқид қилганга қандай жавоб қайтаради? “Қўлимдан келгани шу”, дейиш умуман тўғри келмайди. Қўлидан келгани ёмон эмас, ҳеч кимникидан кам эмас, адабиётга озгина бўлса ҳам янги нафас, янги ташбеҳлар, янги образ, сюжетли композиция, лиризм олиб кирганини, ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантиришда эришган ютуқларини билади. Жўлмирза Оймирзаев, Наврўз Жапақов, Хўжабек Сейтов ва бошқа шоирларнинг уруш йилларида, ундан кейинги даврда достонларини ҳам ўқиган. Кейинги пайтларда баллада жанрига эътибор бошланди. Бу бадиий ижодга шаклий ўзгачаликлар кириб келаётганини кўрсатар эди, лекин бу жанрнинг ҳозирги ҳаёт ҳақиқатини ифодалаш талабига жавоб бера олмаслигини, ривожланган адабиётларда эски даврда кенг тарқалган баллада жанри кўпинча, ўтмиш воқеаларини акс эттиришга ярайдиган шакл эканини ҳамма ерда айтиб, фикр билдирмоқда. Юрак ёлқинисиз, ҳароратсиз, сунъий қофиябозлик билан битилган сатрлар ҳаётнинг қанча қизиқ ҳодисалари ҳақида ҳикоя қилмасин, барибир ўқувчилар юрагига йўл топа олмаслиги ҳақида гапириб юрибди. Ўша сўзларини, бошқаларнинг олдига қўйган талабларини ўзининг достонида қандай бажарган экан? Мана шундай қиёслашлар билан баҳоловчилар топилишини, уларнинг нима дейишларини эшитиш, муҳокамадан асосан, кутгани мана шулар.

Йиғилиш якунида ўзига сўз берилишидан қаттиқ қўрқди. Ҳаммангизга раҳмат, деб кетавергани яхши-ку-я, йўқ, сизлар достонга етарли баҳо бермадингиз, достон ҳақида кўпроқ ўқиб, билиб олишингиз керак экан, достон ёзиш мана бундай бўлади, деб ўчакишиб кетса нима бўлади? У шундан қўрққан бўлса керак. Йиғилишнинг охирида чўнтагидан “Казбек”ини олиб, аста сирғалиб чиқиб кетди. Буни биров билди, биров билмади. Шу кетишида ташқарига чиққанини, ундан кейин қаёққа қараб кетганини ўзи ҳам сезмади. Папиросини тутатиб, атрофда нима бўлаётганига эътибор бермай, хаёлга ғарқ бўлиб кетиб бораётир. Анча юрди. Рўпарасидан бир скамейка чиқди. Шунга ўтириб, яна сигарет тутатди. Йиғилишнинг хаёлидаги ғала-ғовури босилгандай бўлди. Қайтадан йиғилиш президиумини кўрди, ўзига маъқул бўлган сўзларни эслади, қаттиқ-қаттиқ чиққан товушлар, айтилган камчиликларни “қайтадан тинглади”, уларга жавоб излади, мияси арининг уясидай ғувуллай бошлади. Шу орада “Қайга кетиб қолдинг, эсинг оғиб қолдими, омонмисан?” деган товуш эшитилди. Кўз ўнгида дўсти Эломон пайдо бўлди.

Унинг товушини эшитиб “уйғонган” вақтда: “Ҳали ёш бўлишига қарамасдан бундай достонни ёзиши қорақалпоқ адабиёти учун катта ютуқ бўлди” қабилидаги сўзларни эслаб, вужуди титрай бошлаган эди. “Нуқул жон ҳалқумга келганда пайдо бўладиган” дўсти ширин хаёлларининг “қалдирғочини учириб” юборди. “Сенинг қилиғинг доимо мана шундай беўхшов, айни шу пайт келмаганингда ўлармидинг. Кун бўйи бошимда ўйнаган калтакларнинг орасидан эндигина қулоққа ёқадиган ёқимли муносабатларнигина мунчоқдай ипга тизиб ўтирганимда келганини қара”, демагани билан шу гаплар кўнглидан ўтди…

Улар уйга яқинлашган вақтда эшик олдида икков-учовдан бўлиниб, ўзаро гаплашиб турган тенгдошларини кўриб, бу дунёда дўстлик деб аталадиган нарсанинг, келиб “кўз ойдин” айтадиган удумнинг ҳали бор экани, ҳаётда одам уларга муҳтож бўлиб яшаши эсига тушгандай, кўнгли яйраб кетди. Қараса, институтни бирга битказганларнинг “шайка”си деярли тугал. Улардан аввал битирган Бабошларнинг гуруҳидан ҳам бировлар кўринади. Кўчада ғала-ғовурни эшитган Хонбиби элти келинига дастурхон ёздирди. У дарров қозон-ўчоққа уннади. Дўстлари йиғилиб ўтирган уйга Хонбиби элти кириб келганида ҳамма гурра ўрнидан турди. Сўзни юзи билан оғзи бир қисим, калта бурун, бичими бошқаларга қараганда ихчамроқ, буғдойранг йигит бошлади.

– Элти аже, мен Жумашев Мамбет деган болангизман. Манов Бабош икковимиз Ибройимдан бир йил бурун битказдик. Ота-онам чорвадор бўлгани учун узоқроқда юрган эдим. Сизларнинг янги уйга кўчганингизни эшитиб, қутлуғ бўлсинга келсам, бугун Ибройимни табриклаш ўтиришига дуч келдим. Энди мана бу иморатингиз қутлуғ бўлсин. Ибройимнинг “элига эловли, халқига қаловли” азамат йигит бўлгани муносабати билан кўз ойдин айтаман…

Бу шу ерда ўтирганларнинг ҳаммасини кўнглидаги гап эди. Ибройимлар янги уйга кўчиб келганига бир ойлар бўлгани билан, дўстлари бу даргоҳга янги достон муҳокамаси баҳонасида бугун келишган эди. Курсдошлари чимбойлик Ўрозбой Зарекеев ва Тўлибой Қайпов, кегайлилик Емберген ва Қалбай “кўзойнак”, хўжайлилик Бахий Авезжонов, ҳар куни кўришиб юрадиган жўраси Атағулла Худойберганов, Нурғали Бийжонов, Караматдин Бойназаровларнинг биринчи келиши.

Мамбет сўзга чечан, нима керак бўлса ҳам “мени юборинг”, деб турадиган чаққон йигит. Институтда кўринганига ҳам кўп йил бўлгани йўқ. Чимбойлик Ажибой Муртозаев деган йигит уни бир ёқлардан эргаштириб келди-да, ўқув йилининг қоқ ўртасида ўзининг рўпарасига ўтирғизиб, ўқитаверди.

Дастурхон атрофида дастлаб ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиш, кимнинг боши иккита бўлиб уйланди, қаерда ишлаяпти, кўпдан буён кўришмай кетдикдан бошланган шовқин сал тинчигандек туюлганида Эломоннинг:

– Қани, Мамбет, янги уй қутлуғ бўлсинга нима олиб келдинг? –деган саволи кўпчиликнинг дастурхонга чўзилган қўлини, оғзига бир егулик солганларни чайнашдан тўхтатди. Сабаби, ҳамма достон муҳокамасининг шамоли билан тўғри келаверган эди.

– Менинг етти бобомдан тортиб чўпонмиз, шу шаҳарнинг чеккаларида ўтлаб юрган қўйларим бор, шулардан бирини бераман. Сизлар-чи, нима олиб келдингиз?

Эломоннинг ҳазиллашиб айтган гапини Мамбет биратўла ростга айлантириб юборди. Қувончдан тўлиб-тошиб ўтирган йигитлар бир-бирига кўз остидан қарашиб, жимиб қолишди. Уларни бу кайфиятдан тез чиқариш учун Ибройим:

– Хижолат бўлманглар, – деди кулиб, – сизларга яна бироз муҳлат берамиз. Онамиз “Тез орада кичикроқ эҳсон бериб юборайлик”, деб қайта-қайта айтиб юрибди. Манави Бабош “Бизнинг уйдан ёрдам пули келсин”, деб тўхтатиб ўтирибди.

Ҳамманинг юзига қон югуриб, димоғи чоғ бўлиб қолди. Ота-боболардан қолган урф-одатлар юракларига нақадар сингиб кетган экан-ей. Биргина ҳазил гапнинг шунчалик таъсир қилганини қаранг.

– Барибир мен қуруқ қўл билан келганим йўқ, – деди Мамбет яна “ўлган илоннинг бошини қўзғаб”, – Ўтган йили эдими, Ибройим, “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида “Иккинчи жаҳон уруши фольклорини йиғайлик” сарлавҳали мақолангнинг чиққани?

– Йўқ, 1947 йили, иккинчи курслигимда ёзган эдим.

Шуни мактабда дарс вақтида ўқиб бериб, болалардан қўшиқлар йиғдим. Чўпонларнинг фольклори ҳам керакдир, эҳтимол.

– Ҳалиги қўй деб айтганинг ўшами? – деди Эломон, – қўй эмас, қўйнинг жавоби десанг-чи.

– Қўйникими, кўнгилникими, ўқиб кўргандан кейин биласан…

“Кечагина тугаган – тўрт йил давомида чўзилган Иккинчи жаҳон уруши йилларида бошқа халқлардай бизнинг халқимиз ҳам кўпгина оғзаки қўшиқлар, асарлар яратди. Қулликда яшашнинг қандай ёмон эканини неча юз йиллардан буён бошидан кечирган оталар жирканч немис-фашист босқинчилари ғарбдан қора булут бўлиб босиб келганида ўз фарзандларини жанг майдонига отлантирди. Улар жигарбандларини фронтга кузатаётганда:

 
Мен розиман, ўғлим, берган сутимга,
Омон бориб, соғ келгайсан, жон болам.
Ёвни енгиб даво бўлган дардима,
Омон бориб, соғ келгайсан, жон болам.
Жоним қўзим, айланайин ўзингдан,
Кетарингда бир ўпайин юзингдан,
Тағин селдай ёш оқмасин кўзимдан,
Ёвни енгиб, соғ келгайсан, жон болам, –
 

деб суйиб хайрлашган бўлса (айтувчи Қарлибоев, Мўйноқ, 5-овул), қиз-келинчаклар эса:

 
Сувлиғин чайнатиб тулпор мингайсан,
Ўқ ёғдириб душманларни енггайсан.
Қайтиб келиб омон-эсон қўшилиб,
Ўз элингда яйраб даврон сургайсан, –
 

деб оға-инилари, севган йигитлари узангиси босди (айтувчи Абатова Ўразгул, Чимбой, 5-овул)”. Ибройимнинг мана шундай бошланадиган катта мақоласи эълон қилинганди.

Бу барча ўқув масканларида муҳокама қилинди. Кўп ўтмай, ҳар ер-ҳар ердан халқ оғзаки адабиётининг сўнгги намуналари янгилик сифатида тўпланиб, Ёзувчилар уюшмаси, газеталар таҳририятларига юборила бошланди.

Айниқса, Ибройим Юсупов мақоласида келтирилган, чимбойлик Бекматовдан ёзиб олинган қўшиқлар халқ орасида тез тарқалиб кетди. “Унда туғилган ернинг бахти, тинчлиги учун душман билан аёвсиз курашаётган жасур йигитларга юборилган мана бундай ҳароратли “Саломнома”лар ёзилган:

 
Мардлигингни қур, оға,
Ёвдан чекинмай тур, оға.
Қарши келган немиснинг
Манглайига ур, оға.
Юборди сени эл, оға,
Эл қадрини бил, оға.
Катта тўйни бошлайлик,
Ёвни енгиб кел, оға!
 

Ғалабанинг сарин шамоли эсганда, уруш тамом бўлгандан кейинги кунларда далаларда қиз-келинчаклар севган йигитларини, оға-иниларини қандай қувонч билан кутганларини мана бу сатрлар аниқ кўрсатади:

 
Эккан жийдалари йирик бўлғайда,
Фронтдаги ёрим тирик бўлғайда.
Кўкрагида қўш юлдузлар ярқираб,
Келаётганларнинг бири бўлғайда.
 
 
Бизни айира олмас йўлнинг олиси,
Қулоғига етгай ёрнинг нолиши.
Ёвни енгиб омон келса суйганим,
Тўйларга буюргай эккан шолиси.
 

(Бу ҳам Абатова Ўрозгулдан ёзиб олинган). Қисқача айтганда, уруш даврида яратилган халқ оғзаки ижоди намуналари аввалгиларига қараганда жуда аҳамиятли. Оптимистик янги ғояларга тўла…”

Ибройим Юсупов мақоласининг якунида халқ орасидан топилган ана шундай қўшиқларни ёзиб юборишга, асосан, муаллимлар билан ўқувчи-ёшларни бу ишда фаол бўлишга чақирган. Тахтакўпирнинг тубидан келган Мамбетнинг гапи ўша мақола ҳақида эди.

Кўп ўтмай гурунгнинг равиши “Йўлдош муаллим”га, институтдаги муҳокаманинг хулосасига қараб оғди. Негадир мақтов гапларга тўхталмасдан, камчиликларга ўтиб кетилди. Чимбойдан келган Ўрозбой Зарекеевнинг жаҳли тез эди:

– Достонни тўлиқ ўқиб кўрмай, бошқаларнинг сўзлари бўйича чамалаб сўзлаганларни сазойи қилиш керак эди.

– Ўртага чиқиб фикр айтганларнинг ярми аниқ ўқимаган, бордию ўқиган бўлса ҳам етарли тушунмаган. Қай бирини сазойи қилиб улгурасан?

Ўсарбойнинг бу сўзига ҳадеганда ҳеч ким муносабат билдирмади.

– Энг охирида гапирган ғилай кўз боланинг гапи айланиб шунга келгани йўқми?

– У боланинг мустақил фикри бор экан, –деди Бабош.

– Қаернинг боласи экан?

– Сизлар бола деб айтаётганингиз бизнинг Хўжаэлидаги педагогика билим юртини битказган Есемуратов Генжамурат, Қўнғирот томоннинг йигити.

– Унда сен эргаштириб келган экансан-ку, – деди Эломон Бахийга қараб.

– У ҳеч кимга эргашмаса ҳам, анча вақтдан буён йўлни биладиган бола. Ўтган йилдан буён “Қоратов”га шеърлар олиб келиб юради. Туркман феъл, тўғри таёқ. Ибройим бир шеърини танлаб, журналга тайёрлаб қўйибди.

Ўрозақ бу гал ҳам ўзининг кўп нарсадан хабардорлигини билдириб қўйди.

– Барибир, сал қаттиқроқ сўзлади, –деди Ибройим. –Бабошнинг ёнига қўшиб озгина юмшатиб олишимиз керак. Аслида, кўп гапида жон бор. Генжамуратнинг “Юсупов ҳам бошқалардай, ана, заҳматкашларни, ана, колхоз боғини, экинзорларни, ерларни қундуз, тупроғини олтин деганга ўхшаган юки оз, тузи камроқ шеърлар ҳам ёзди.

 
Кундуз нур, тунида яшнаган юлдуз,
Майсалар кўкарган ерларинг қундуз,
Қўлда кетмон ерда ишлар полвон қиз,
Сизни қарши олар майим, хуш келдинг, –
 

деган шеърини ёзганида “йўлдош” деб жонли нарсага ўхшатиш, май ойига сиз деб мурожаат қилганида фикрдан кўра сиртқи ялтироқлик кўп. “Кўк ўтга беланса” ер гўзал бўлаверадими?” деганлари дуруст. Мен унинг ана шундай танқидларини қабул қилдим.

– У шеър “Йўлдош муаллим” достонида эмас-ку, – деди Атағулла. –Уни аввалроқ ёзмаганмидинг?

– Бу гапни Генжамуроднинг ўзи ҳам айтиб кетди-ку, – деди Бабош. – Ибройим ҳам бошқа шоирларга ўхшаб “Колхозим”, “Пахтакор”га ўхшаган шеърлар билан кириб келган эди, кейин бу қолипдан чиқди. Унинг шеърларида оқартирув юмушлари аввалдаёқ айрилиб чиққан эди, деб ўзи тузатди-ку…

Муҳокамада аввалдан келишиб олишгандек, биров-иккови достонни бўлиб олиб, бирин-кетин танқид қилаверишди. Бири:

– Достонда ёт унсурлар, бойлар билан диндорларнинг образларига кўп куч сарфланган. Улар совет ҳукуматининг вакилларидан анча кучли қилиб кўрсатилган, – деса, иккинчиси:

– Достонда бош қаҳрамон Ўроз муаллимнинг пешқадамлиги кўринмайди. Образ очилмаган. Ўрозда фаоллик йўқ, – деди.

Яна бирови:

– “Орзугул балладаси” бўлими ортиқча. У достонга бирлашиб тургани йўқ, – деб узоқ далиллаган бўлди.

Ҳаммасидан ҳам кўра, Ибройимга ботгани: “Достон жуда шошилиб ёзилган, йигирма ёшда шундай катта нарсани ёзиш шартмиди?” – деганлари бўлди. Бироқ бу гапнинг сўнги баҳсли бўлди.

– Нима, қирққа чиққунча кутиб юриши керакмиди? – деди Қармис Дўсанов, катта асар ёзишга ҳали ёшлик қилади, деган гап яқиндагина достон ёзгани унга ҳам тегиб кетган эди. У жанжални пулга сотиб оладиган йигитлардан эди. Бу гапнинг эгасини сўз билан шундай силтаб отиб юбордики, у анча ерга бориб тушди.

“Хўжабек билан Бойниязлар Ибройимнинг ёшида бир-иккита достон ёзиб ташлади-ку”, деб гапирганга қараб:

– Ҳой, сен бировга осилмасанг, ўласанми? – дея Хўжабек ҳужумга ўтди.

– Танқид қилганларнинг ичида камчиликларни тўғри айтганлар ҳам бор. Буни Ибройим жуда яхши билади. Масалан, “Ўғри сой”да машинани қуршаб олган беш киши Гулжонни олиб қолиб, шофёрни соғ-омон қўйиб юбориши, “Тоғдаги олишув” бўлимида Амет бой билан Гулжоннинг қоронғи ўнгирда яккама-якка қолиб, узоқ айтишиб тургани, кутилмаганда ҳеч ерда оти йўқ Тилеп деганнинг пайдо бўлиб, Гулжонни қутқариши, Чимбойда қолган Ўроз муаллимнинг Назархондаги туғишган акаси бўлиб чиқиши унчалик ишонарли эмас, деган фикрларда жон бор. Ибройим достонни китобга тайёрлаганда ўша ерларини ўйлаб кўриши кераклигини тан олиб турибди, – деди Тажетдин мунозарага хулоса ясаб.

Унинг сўзига Ўсарбой эътироз билдирди:

– Қайта кўриб чиққанида: “Уни оздирган ёт жамоат тулкиси” деган жойини “қайси овулнинг” деб, “қолиб қўйган шунда бироз ёт одам” деган сатрни “кўп одам”, “игнадай кир” деганни “игнадай кам” деб ўзгартириш керакка ўхшайди.

– Умуман олганда, – деб давом этди Сейтжонов, айрим одамларга, одамлар бўлганда ҳам айнан шоир ва ёзувчиларга достон эмас, уни Ибройим ёзгани, ёзганда ҳам шу пайтгача ёзганлардан ўздириб, уларга ўхшатмай ёзгани, уни ҳам айнан шу навқирон ёшида ёзиб, ёши катталардан ўзиб кетгани ёқмади. Улар шуни айтолмай, йўқ камчиликларни излашди.

– Тажет тўғри айтаяпти, – деди Бабош, – улар достондан бир сиёсий хато ёки воқеа топганида сени бундай қўйиб қўймас эди. Аллақачон тўқсон тўққиз эшикка олиб бориб-олиб келишарди. Бундай ишлар учун махсус одамларни ёллашар эди, достонга тиши ўтадиган одамни топишолмаган.

– Ким нима деса ҳам, гапнинг тарози палласи посангисидек қилиб Қалли оға тўғрилаб берди: “Ёш юракнинг алангаси билан ёзилган, мазмунли, ғояси кучли достон. Агар уни қора сўз билан ёзганида эди, ёстиқдай катта роман бўлар эди. Айтилган камчиликларнинг кўпчилиги бир ёқлама, асоссиз, ўқимаганликдан, ўқиса ҳам тушунмаганликдан нишона. “Йўлдош муаллим” достони билан адабиётимизга истеъдодли, янги овозли шоир кириб келгани учун бир-биримизни қутлайлик”, – деди.

– Достон ҳақидаги мунозараларни Қалли оғанинг мана шундай босим фикри билан тугатиб, бошқа мавзуга ўтайлик.

– Мен ҳам Тажетнинг гапига қўшиламан, – деди Ўсарбой ҳаммага бирин-кетин кўз югуртириб. – Ҳаммамиз муаллиммиз, дарсларда, мактаб ўқитувчилари орасида достонни тарғиб қилайлик. Мен яқинда ўзимизнинг Пушкин номидаги мактабимизда достон мутолаасига бағишланган тадбир ташкиллаштирмоқчиман.

– Вой-бўй, сенинг чала қорақалпоқ мактабингда буни тушунадиган одам топилармикин?

Ибройимнинг бу гапига Ўсарбой шартта жавоб қайтарди.

– Сен бола, бизнинг мактаб билан ўйнашма. Ишинг тушиб юрган одамсан. Шунақа қилаверсанг, айнитиб юбораман.

– Ҳай, сенда бир янгилик бор-ку, –деди Емберген.

– Мен ҳам кўп вақтдан буён эшитиб юрибман. Бир-икки марта сўраганимда рўйхуш бермаган эдинг, Бабош, бунинг тўғрисини сен айта қол.

Атағулланинг гапига қўшилгандай ҳамма Бабошга қаради.

– Менинг оғзимни қопқоқлаб қўйибди, бунинг ҳақидан Ўсарбой чиқсин.

– Биз энди қиз тарафданмиз-да, буюрса, қайнаға бўламиз.

“Бу, қовоқ, ўз вақтида жория бўладиган нарса, бироқ мавриди шу бугун эмас эди, –деб ўйлади Ибройим. Мол шохидан, одам тилидан” деган, мактабга тил теккизиб нима қилар эдим”…

– Унда икки қутлуғ бўлсинга бир келадиган бўлибмиз-да, – деди Қалбай. У ҳар доим кўзойнак тақиб юргани учун “очки” деган лақаби бор эди. Хотираси кучли, қаттиққулоқ йигит, сўзни ҳам ўйиб айтади. Достонларни ҳам ёддан хиргойи қилиб кетаверади. Шу ўтирган курсдошларининг синфбошиси эди.

– Сенга Худо бериб, яна пул йиғадиган бўлдинг-ку.

– Ҳой Ўрозбой, энди олиб келадиган пулларингиз чўнтагимга сиғмайди. Мана бу Мамбет қўчқор олиб келганда Емберген ўлиб қолса ҳам тана олиб келади. Авазжонов бир қоп гуруч, бир қоп кунжутсиз сира келмайди. Мен энди, дарвозанинг олдида рўйхат қилиб тураман…

“Қўй нўғойда, сипса4 тўқайда”, дегандай шу тарзда чангали билан панжаси овулда ётган қорамолга тўлиб, йигитларнинг кайфияти ўзгача тус олди. “Қаёқнинг қизи? Кимнинг қизи?” деган саволлар қордай бўралаб ёғди. Ибройим эшитмагандай бўлиб ўтираверди. Эшитиб ўтирганлар билан билиб ўтирганлар ҳам лом-мим деб оғзини очмади. Гапиргилари келса ҳам “пишмаган нарса”, “ёшлик ҳаваси”, “иккаласи бир-бирига ярашадигандай эмас-ку”, дегандай хаёлларга борса ҳам, анча вақтгача ивимайдиган Ибройимнинг феълидан қўрқса ҳам индамади.

“Ўқишни биткардинг, тепангда бошпананг бор. Маҳтумқули айтганидай “Йигит боши омон бўлса, молли бўлар, молсиз бўлмас”, “нима бўлганда ҳам тезлат, тўйни ҳаммамиз биргалашиб ўтказамиз”, – деб тарқалишди.

4. Сипса – супурги.