Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «АСАРЛАР (I жилд)», sayfa 3

Yazı tipi:

КУЗГИ ТАШБЕҲЛАР

 
Боғлар хўрсинади – яланғоч боғлар…
Худди дарахтларнинг гуноҳларидай
Оёқлар остида тўшалган хазон…
Гуноҳларин босиб бамайлихотир,
Дарахтлар
Ўзга фаслларга кетмоқда титраб…
Сени олдирмадим хазонларга мен,
Фаслларга ўғирлатмадим!
Йилқилар кишнади қир-адирларда,
Шерлар наъра тортди кузнинг изидан,
Бўрилар увлади тоғу тошларда,
Мен эса жилмайиб кузатдим кузни –
Кузатгандай мағлуб рақибни.
Яшинларнинг қиличи билан
Кесилгандир тунларнинг боши.
Ювилгандир ёмғирлар билан
Сўнган севгиларнинг хотира тоши.
Бу қароқчи юлдузларга мен
Нурларингни ўғирлатмадим.
Шубҳаларнинг туманларида
Йўқотмадим сени, асрадим.
Ўтган ошиқларнинг тупроғидир бу –
Хатосиз ўсдилар бунда дарахтлар,
Дарёлар оқдилар бунда хатосиз.
Аммо хато қилди ошиқ-маъшуқлар,
Улардан фарзандлар туғилди – хато!
Айблар тўпламини мен ёзолмайман,
Гуноҳ мажмуасин ёзсин гуноҳкор.
Сен турибсан, мана, сен софсан!
Мен софман – айрилиб кетолмаймиз биз:
Сенинг йилларингнинг ҳарир пардаси
Менинг қўлим билан кўтарилгандир.
Менинг йилларимнинг узуқ тугмаси
Сенинг бармоқларинг билан тикилган…
 
1980

«Дарё бўйларида…»

 
Дарё бўйларида,
Дараларнинг қирғоқларида,
Адирларнинг сийнасида,
Ёнбағирларда
Ёстиқдай кутмоқда мени харсанглар.
 
 
Сувлар катта қилди,
Дил тарбиялади
Баландликлар руҳида мени.
Айиқлар ҳурматдан менга йўл берди
Қилдай сўқмоқларда тўқнашган чоғда.
 
 
Сурувлар йўлидан орзулар билан,
Йилларимнинг юзида
Зангор-зангор чанглар қолдириб,
Сурув-сурув гиёҳларим ўтиб кетдилар.
 
 
Ардоқли соғинчлар тунида энди
Фикру ёдим менинг:
Мўмиё излаётган ярадор оҳу.
Фикру ёдим менинг:
Шалолаларнинг
Оппоқ оловида ёнаётган жар.
 
 
Қийналди. Ўкириб, ўкириб
Бирдан жимиб қолди тўқайзор –
Энг сўнгги йўлбарс ҳам отиб бўлинди.
…Тоғлар ҳовучида у қишлоқ.
Менинг йўқлигимда фасллар
Авлодларни алмаштирар.
Мен сесканаман!
Тирик тарихлардай кетиб бормоқда,
Дунёдан бирма-бир ўтиб бормоқда,
Камайиб бормоқда Ваҳоб шоирнинг
Сатрларин ёддан билган кампирлар, чоллар…
 
1980

АҲМАД ЗОҲИР ХОТИРАСИГА

 
Мени тақдир эмас – қўшиқлар қувар.
Онам соғинчлари қолдилар яна
Айтилмаган сўзларида, дийдаларида.
Ичилмаган чойим қолар – қўшиқлар қувар,
Қувар фарёдланган йўллар қўйнига.
Бу кунларим,
бу саргашта кунларим менинг,
Фаслларим, тунларим менинг
Бари – чамадонда!
Бари – чамадонда!
Кетяпман онамнинг ёнидан,
Дардли жон-жаҳонидан!
Худди кетгандайин беҳишт ёнидан,
Онамнинг ёнидан,
тиззаларидан,
Кетяпман,
Кетяпман онамдан.
Сен-чи,
кетмоқдасан оламдан!
Мени ҳали севиб юришар,
Сени бўлса ошиқларинг
адо қилди севиб, суйиб,
Бу дунёнинг гулларига
қолдирдинг сен Шабнамингни5.
Мен ҳали гуллардан шабнам сўрайман.
Сенинг лолаларинг сўлди қабрингда,
Менинг лолаларим ҳали қалбимда,
Улар нолалардай лабимда.
Сен Худонинг паноҳига топширдинг уни –
Севгилингни асрайди Худо!
Мен эса, мен эса ўз севгилимни
Ҳали паноҳимда асраб юрибман.
Ҳали менинг виждоним – Севги.
Мен унинг муқаддас оятларидан
Йўллар яратгайман юраклар учун!
Йўллар – тилаклар учун!
Замондош қиличлар бор ҳали,
аммо
Ҳали Оғриқ яшар – менинг энг буюк
Замондошим бўлиб, эслатиб яшар
Энг буюк бурчларни,
Буюк қарзларни.
Ярим тун,
Қўшиқлар қувади мени.
Ярим тун,
сўзлар туғилади, сўзларки!
Олмалардай бергим келар севишганларга!
Қалбни жунжиктирмас совуқ осмонлар,
Шамоллар,
шамоллар эсар юртингдан.
Ҳали учрашамиз хотираларда
Зангори шамоллар тусида.
 
1980

ТАЛАБАЛИКДАН СЎНГ

Мирзо Кенжабекка
 
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар айрилиқдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Дунёни забт этган қадим тангалар,
Давру давронлардан сўйлаб жаранглар.
Бизни кутмоқдадир қандай найранглар,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Яшил адирлардан лолалар кетган,
Олис тепалардан болалар кетган,
Дилларнинг қирраси кузларга етган,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Букун далалардан дараклар йўқдир,
Кўнгиллар ин қурган дарахтлар йўқдир,
Умрдан энг гўзал варақлар йўқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Бизнинг номимизга ёзмаслар қўшиб,
Гоҳ мискин янградик, гоҳида жўшиб,
Бир бўғиздан чиққан икки хил қўшиқ –
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Илғайман: аввалги таронам йўқдир,
Боисин айтмоққа баҳонам йўқдир.
Бу олам – маъниси мушкул туюқдир,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
Кимдир ризо биздан, кимдир норизо.
Сўзлар хилватини сен манзил этгил,
Мен дардимни айтай, сен таҳлил этгил.
 
 
Қадим қумликларда ‒ қадимий ёдим,
Қадим Бақтрия, қадим фарёдим ‒
Сенинг тарихингдир, менинг ҳаётим,
Биз қайси оламга кетяпмиз, Мирзо?
 
 
Қалам қоғоз узра қитирламоқда,
Юлдузлар хатарнок жимирламоқда,
Барглар қиёматдан шивирламоқда,
Биз қайси оламга кетаётирмиз?
Кетган сайин ортга қайтаётирмиз –
Беҳзод рангларидай қирмиз йилларга,
Сўфи Оллоёрлар, Термизийларга.
 
1980, 2015

СОҒИНЧ

Отамга
 
Менга жуда таниш,
Менга қадрдон,
Дийдори мен учун суюмли,
       ширин,
Кимдир чиқиб келаверар дарадан,
Чиқиб келаверар ҳар тун бетиним.
Эски чопонидан бир ҳидлар келар,
Менга таниш ҳидлар…
Жон ўртанади!
Чиқиб келаверар толиқиб,
       беҳол,
Ғариб ялангликда жим ўлтиради.
Соатлаб ўлтирар,
Қора қиблага,
Тоғлар меҳробига термулар,
       қўрқар.
Сўнг ялангликдаги қуруқ чўпларни
Териб, йиғиб у гулхан ёқар.
Кўрина бошлайди хира юлдузлар –
Унинг чопонининг йиртиқ жойлари.
Унга раҳмим келар,
Ўкинчлар аро
Тилиниб-тилиниб кетар жонларим.
…Ҳар тун шу:
У чиқиб гулхан ёқади,
Соатлаб ўлтирар маъюс,
       боши хам.
Нега чақирмайсан мени ёнингга,
Кел, деб чорламайсан, эй азиз одам?..
 
1981

СЎЗ КУТИШ

…Сўз кезиб юрибди саҳрода.

Ў. С.

 
Мен туғилган кундан бери кезиб юрар у
(У мен билан туғилган эди).
Оқариб, сарғариб чорлайман тунлар,
Кел, дейман,
Аммо у ўжар келмайди.
Қуриган қудуқлар, тепалар узра
Кезиб юради у. Ўкрайди.
Бўрилардай теграсин қуршаб
Қуюнлар, явшонлар увлайди.
Бунда менинг ташвишларимга,
Ғамгин-ғамгин юмушларимга
Боқиб-боқиб ботар қуёшлар.
Сўз эса киради жим тушларимга,
Қўлларида қандайдир тошлар.
Уйғониб, кел, дейман,
Варақлар узра
Чинордай сарғайиб сўламан.
У менга, мен унга етгунча –
Мен энг азиз йилларимдан
       жудо бўламан.
Қани, кел!
Кел, дейман.
Зорланишларим
Мени ҳам, уни ҳам балки ўртайди.
Эҳтимол бир умр шундай ўтади…
У эса…
Ўкрайди.
Ўкрайди…
 
1981

ҚАДИМИЙ БАҚТРИЯ ТУПРОҒИДА

Шукур акага
 
Бу саҳрода минг хил ташбеҳ
       кўмилгандир мен учун,
Ҳарфлар, ҳарфлар кўмилгандир –
       Қадим тиллар парчаси.
Бу ҳарфларда излари бор
       Искандар тулпорларин,
Ташбеҳларда – динлар муҳри,
Чингизийлар тамғаси.
Мана, ғорлар –
Мозийнинг кўз косалари сингари,
Ў, бир буюк маданият ётар
       мажруҳ, инграниб.
Синиқ-синиқ сополлардай
       парчаланган санъатим,
Қани сенинг шавкатинг?
Сулолалар ёнғинида ёнди тиллар,
       луғатлар,
Алифболар асрларнинг
       қумларига бўлди ғарқ.
Мен турибман…
Мана, ғорлар – деворлардан бесадо
Қушон ёзувлари боқар,
Шу ҳарфлардамисан, Шарқ?
“Бу йўллар кўп қадим йўллар”…
       Рост айтгансиз, шоирим.
Мен турибман
ботирлар қон тўкиб ўтган йўлларда.
Таҳқирланган сулувларнинг
       чинқириғи қувлаган
Шаҳарларнинг арвоҳлари
       изғиб юрган чўлларда.
Саволлардай қотиб турар
       теграмда саксовуллар,
Мозий мени босиб келар,
       Чалдиворлар ўрайди.
Тепаларнинг бағридан бир
       Ватан қўзғалиб ногоҳ,
Мендан номин сўрайди.
 
1981

ЙЎЛОВЧИ

 
Ечиб қўйган этикларингга
Илашиб келган лой йўлни,
Қолгин.
Қиш туни бу, айтиб бўлмайди,
Бу кеча қол, меҳмоним бўлгин.
Иссиқ-иссиқ чойлардан қуяй,
Босиб-босиб ичгин, исийсан.
Гар ғамзада бўлсанг май тутай,
Ғамларингни чиқар эсингдан.
Гар мунажжим бўлсанг, сеҳрли
Юлдузлардан сўйлаб бер менга.
Қўшиғинг бор дилингда балки,
Хиргойи қил майли жимгина.
…Эслашамиз сўнгра бирма-бир
Дамлар, дардлар, аламларни ҳам.
Қоронғу ва олис уйларда
Ухлаётган одамларни ҳам.
 
1981

АЖРАЛИШ

 
Тақдирлар ҳақдирлар.
       Турибмиз. Гапир.
Телеграммаларнинг,
       ул мактубларнинг
Оппоқ галасини унутгин энди!
Қорлар сепилмоқда оламга.
Бу харсангзор, бу тоғу тошга
Энди қайтиб келмас
       бизнинг поездлар,
Бизнинг самолётлар
       қўнмас ҳеч қачон!
Фақат… Қорлар сепилмоқда,
Фақат… Отлар бедор отхоналарда.
Эртакларда қолиб кетган
       қилич, шамширлар
Отларнинг кўзида ярқирар,
Тақдирлар ҳақдирлар,
       фақат тақдирлар!
Тоғлар ҳам, отлар ҳам
       бугун фақирлар!
Қорлар сепилмоқда.
       Ҳаётимизнинг,
Бирга яшамоқнинг орзу-умиди,
Бор-йўқ илинж-муддаоси
       шулмиди?
Ҳаммасини қорлар кўмади.
Йиғламагин энди. Тушунгин.
Қорларга айт энди тушингни!
Тақдирлар ҳақдирлар.
       Гапирсанг гапир
Аччиқ-аччиқ аччиқ гапларни.
Бирор ит ҳам аккилламас
       менинг руҳимда,
Бирорта ҳам ҳайвон ғингшимас,
Бўкирмайди бирор йўлбарс ҳам!
Қорлар сепилмоқда,
       бу харсангтошлар
Оппоқ болишларга айланар.
       Унут:
Турмушимиз райҳонмиди,
       гулмиди?
Ё қисматнинг ёстиқлари
       шулмиди?
Дарё бўғиқ оқлик ичра ярқирар –
Тақдирлар ҳақдирлар!
       Мажнунтолларнинг
Оқаради қора сочлари. Қорлар,
Фақат қорлар сепилмоқда оламга.
      Унут
Қорлар шаккар бўлган
       ширин пайтларни.
Қорлар сепилмоқда – сепилар туздек
Қизил гўштларига тахир лабларнинг!..
 
1981

МЕНИ КЕЧИР

 
Йилнинг бошланиши. Йилнинг бошида
Бошимдан
Кечирилмаган нарсалар кечар,
Кечир!
Мени ёдингдан ўчир!
Мени бошингдан кечир!
Кечир, кечирилмаган кечалар учун,
Армонлар учун кечир.
Кетаман.
       Тўйингда ўтирган каби
Бурчакда ўтирар ясанган арча.
Бошингдан кечмаган кўз ёшларингни
Мусаффо шабнамлар каби бу кеча
Унинг шохларига осгин.
       Арчани,
Янги йилни ҳам кечир!
Кимдир қаердадир ўн йилдан бери
Йиғлай олмаяпти,
       кўзлари
Қўғирчоқнинг кўзларидай яшар ёшларсиз
Қувонгин!
       Бу кеча сен кўзларингни
Янги томчилари билан табрикла!
Қўлингга қадаҳ ол: “Яшасин кўз ёш!
Янги йилнинг айрилиқлари!”
…Мени бўлса туш кўрар
Боботоғ айиқлари!
 
1980, 1981

«Мен туғилган куни оламда…»

 
Мен туғилган куни оламда
Опам – баҳор аллақачон туғилган эди.
Дунёга келганди яшинлар –
Акаларим,
Улар тоғма-тоғ
Юришарди гулханлар ёқиб.
Шу кун тил чиқарди қанча тош,
Менга таниш тилда сўзлади балки.
Серажин қоялар тўкди ёш,
Қайтадан туғилди майсалар халқи.
Илк айтган ҳарфимни қолмадим эслаб,
Балки акаларим бир кун айтарлар.
Мен туғилган куни – қандай бахт!
(Тугаб бўлган эди урушлар)
Дарахтларда жасадлар эмас,
Осилиб турарди сузма халталар.
 
1981

ЧАВАНДОЗЛАР

 
Болалик. Меҳмонлар. Гурунглар.
Гурунглар, гурунглар – отлар ҳақида.
Улар сўйлар завқланиб, тўлиб,
Терлаб, порлаб сўйлашар улар.
Ташқарида титрайди кеч куз,
Дастурхонда – кечки узумлар.
Улар сўйлар,
Тинглайман бесўз.
Кўз ўнгимдан ўтар уюрлар.
Олис-олис тунларим ичра
Улар сўйлар завқланиб, тўлиб.
Мен тинглайман,
Кеч куз тугайди.
Улар сўйлар тинмай қиш бўйи.
 
 
Сўнг уйғониб кетаман бир тун:
Бўш ўринлар.
Тўрт хомуш девор.
Тириллайди олис қирларда
Ёлғизгина трактор.
Баҳор.
 
1981

«Сутдай оқ саҳронинг қоқ ўртасида…»

 
Сутдай оқ саҳронинг қоқ ўртасида
Бир гавда қўзғалар тўсатдан.
Юрагида – қасос.
Қўлида – қилич,
Кўзлари асрлар зулматин тилиб
Қарайди. Қарайди. Қўрқаман.
Сен кимсан? Сен кимсан? Сен кимсан?
Марҳум Бақтриянинг сўнган ғурури?
Бутпараст, зардушт ё мусулмонмисан,
Ё юнон аёлин жувонмарг ўғли?
Мен сенинг исмингни билмайман.
Ортимда боғларим ҳадиксирайди.
Ў, ботир!
Сен кимсан –
Кўзларинг,
Қасоскор кўзларинг нега бунчалар
Қонсираб қарайди, қарайди?..
 
1981

«Саъдий ғазалларин саҳроларидан…»

 
Саъдий ғазалларин саҳроларидан
Бир садо келади:
“Эй, сорбон…”
“Эй, сорбон…” изғийди қумларда.
Бир гадо кулади:
“Йўқ карвон”.
“Эй, сорбон…”
Шаҳарлар ёнади.
Карвонсаройларда – тутунлар.
Саҳрода карвонни талайди
Қуюнлар. Қуюнлар. Қуюнлар.
Булар тепалармас, дўнгликлар эмас,
Кўмилган туялар, туялар…
 
1981

КУНДАЖУВОЗ. КЕЧ КУЗ

 
Чуқурликда жойлашган қишлоқ,
Атрофда – қоялар, қоялар.
Кузнинг чуқур кўзларидай – ўчган ўчоқлар
Боқарлар, боқарлар, боқарлар.
Ҳовлилар тубсиз бир сукунатга ғарқ,
Деразалар боқар пастдан тепага.
Очиқ қолган қозонлар боқар,
Боқади кимнингдир яғир телпаги.
Хазонлар қоплаган кўрпача, ёстиқ.
Дўмбира. Жойнамоз. Носқовоқ.
Обдастада икки кунлик сув…
Юракка ўйилар чуқур бир қўрқув.
Чўққиларга тегиниб ногоҳ
Ой чинни лаганин шунда синдирар.
Бу чуқур тунларнинг бағрида,
Чуқур-чуқур хумлар қаърида
Ялтирар қоп-қора шиннилар.
 
1981

САРАТОН

(Тасвир)
 
Тун-кун очиқ турган дарвоза,
Девор ёнидаги сўлгин қайрағоч.
Тезаклар, бўш оғилхоналар,
Бўш охурлар,
Эски бостирма.
Сувсиз қовжираётган бедазор,
Занг босаётган кетмон,
Қуруқ ариқлар,
Шувоқлари кўчган пахса уй.
Қуруқ ҳовли,
Бўм-бўш пақирлар.
Юракни куйдирар бу жизғанак куй.
 
1981

НИЯТ

 
Ҳижронларга бас келиб,
Дош бериб фироқларга,
Бир-бировга дил тутиб,
Аҳду паймон боғлаган
Ошиқлар тўйи куни мен йўл олиб тоғларга,
Энг гўзал шаршарани келтиргайман совғага.
 
1981

ТУН

 
Шаҳарларнинг темир-бетон саҳроларида
Кафтларимда қақроқ истаклар,
Бораяпман мен –
Қўлларингнинг гулханин ўйлаб,
Қўмсаб салқин жилғаларин кокилларингнинг.
 
1982

«Йўлни олиб ташлама, адир…»

 
Йўлни олиб ташлама, адир!
Қўйгин, ёлғизгина мўйсафид
Юриб бораверсин у йўлдан.
Қўйгин ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
 
 
Ёзнинг ўшал саратонида
Шу кўл қирғоғида турар эдим мен.
“Хайр, болалигим!” дедим,
Адирга боқдим,
Қирғоқ ўпирилди,
Шўнғидим кўлга.
 
 
Кейин
Дазмолланган шимдай
Текисланди йиллар.
Оғриқлар қизлар каби
Кўксимга бош қўйдилар.
 
 
Кейин кўл қуриди,
Менинг “Хайр”имни
Эшитган балиқлар нобуд бўлдилар.
“Бир марта берилган, – дедим, – бу ҳаёт”.
Кўп намчил соғинчлар кечди бошимдан:
Ёмғирли, қор босган соғинчлар…
Энди кўл қуриган,
Мўйсафид ҳам йўқ.
Фақат йўлни олиб қол, адир!
Қўйгин, ёлғизгина юк машинаси
У йўлни чангитиб турсин,
Олиб ташлама!
Қўйгин, чангиб турсин сўнгги соғинчим.
 
1982

«Сен йиғладинг…»

 
Сен йиғладинг,
Мендан юз ўгирди қувончлар.
Сен йиғладинг,
Тонгларим бўғзида қолди қуёшлар.
Сен йиғладинг,
Шаҳарларим ғамга бурканди.
Фарёдга чулғанди йилларим,
Сочлардай тўзғиди йўлларим.
Сен йиғладинг,
Юлдузлар ўчди.
Мен бўлса ишқ, дедим минг бора,
Ишқ, деб шафақларга қарадим,
Шафақлар – қора.
Сен йиғладинг,
Соҳилларим зимистон бўлди,
Сойларим қорайиб оқдилар.
Ишқ, дедим,
Тоғларим ишқ дея
Қорайиб, қорайиб боқдилар.
Ҳовлидаги ўрик тагида
Сен йиғладинг.
Фасллар ўтди.
Йилларга айланди онларим,
Асрлар ўтди.
Сен йиғладинг,
Тошлар кўкарди,
Боғлар гуллади.
Ҳовлидаги ўрикнинг бу йил
Мевалари аччиқ бўлади…
 
1982

НЕГА?

 
Нега армон дедим юракда
Яшолмаган армонларимни?
Нега китоб қилиб чиқардим
Ёзилмаган достонларимни?
 
 
Нега кунларимга қўшдим мен
Яшамаган дақиқаларни?
Нега исботладим ҳақиқат дея
Ҳақиқат бўлмаган ҳақиқатларни?
 
 
Ҳеч ким термаган-ку рақамларини,
Бу телефон чинқирар нечун?
Учмаган бу самолётларда
Нима учун мен кетдим учиб?
 
 
У келинчак йўқ-ку, нимага
Кўзлари бор ҳасратларимда?
Нима учун исм қўйдим мен
Туғилмаган фарзандларимга?
 
 
Нега мен ичмаган қасамлар
Кечалари мени қийнайди?
Тақдир сизга тош отар,
Нега
Менинг ойналарим синади?!.
 
1982

АСКАР

ХХ аср. 20-йиллар. Абдулла Набиев…
 
Йиқилди
(Тонг эди).
Навқирон эди.
От жиловин қўйвормасдан берди жонини.
(От силтанди.
       От кишнади,
От ёллари қон эди).
У ўлимдан сақлаб қолди
       балки менинг тонгимни.
У йиқилди.
Ўз йўлидан кетар эди жимгина йўллар.
Сувлар жим оқарди.
Тоғлар жим сесканди.
Фақат олис Фарғонада безовта еллар…
Еллар бир нарсани сезганди…
У йиқилди.
Кўзларидан сўзлар сўнг бор тикилди:
“Замон, тушун!
Замин, тушун!
Она, тушун!
Ёр тушун!
Йиқилмасам бўлмас энди…”
Кутмади у,
Йиқилди.
У йиқилди
Мен ва сизлар қад ростлаб юрмоқ учун.
Тутун ўрлай бошлаганда Бойсун ўчоқларидан,
Дафн этдилар.
Оқ яктаклар мисол юзиб келар эди булутлар.
Тепалар кўп эди бунда…
Яна кичик бир тепа
Пайдо бўлиб қолганини кўрди кўкда бургутлар…
Энди…
Ҳар гал бу воҳага қадам босганимда мен,
Тепалармас,
Кўз олдимга ўркач-ўркач армон келар.
Кишнаб ўтар экан уюр,
Кўз олдимга отлар эмас,
Ёллари қон замон келар,
Қўллари қон замон келар.
Асрим эса қаримоқда
       қўмсаб майсалар ҳидин.
Аскарларнинг кўкрагида лолалар кўрган
Асрим қаримоқда…
Унинг ёшлиги
Бойсун этагида жон берган.
 
1982

«Овозларни тутавер…»

 
Овозларни тутавер
Қулоқлар – микрофонлар.
Ўтаверар, ўтаверар
Одам-магнитофонлар.
 
 
Келаётганлар ёзилади,
Ёзилади кетганлар.
Тақдирларни кўчиради
Миядаги ленталар!
 
 
Кетаяпти! “Тўхта” дегин,
Муножот қил, ёлборгин.
Кўчириб қол юрагингга
Бу гулларни, баҳорни!
 
 
Эрта тополмайсан ҳатто
Капалак қанотин ҳам.
Майсаларни, капалакни
Кўчиргин ҳаётингга!
 
 
Ақлдан оз, шошиб қара
Ранглар талвасасига.
Рангни улгур кўчирмоққа
Кўзлар кассетасига!
 
1982

ЖАВОБГАРЛИК

 
Мен биламан:
Токи Ҳаёт экан шу Ҳаёт,
Эгрилик кўрсатавераркан кучин,
Айбдор сезавераман ўзимни,
Мен жавоб бераман ҳаммаси учун!
 
 
Бесамар ирода исканжасида
Йилларингиз куйди,
Кўраман.
Хўрсининг:
Ўғлингиз эгри йўлларда…
Мен жавоб бераман!
 
 
Қиммат мебелларнинг ўрмони ичра
Кўлларига чўкиб юмшоқ креслоларнинг
Зое умрингизга, хотинингизга
Ғамгин қараманг.
Мен жавоб бераман!
 
 
Сиз – худоси чойхоналарнинг,
Кўзингизда ялтирар ёғлар.
Ақлингиз –
Янги-янги латифалар тўплами.
Хабарсиз ўтасиз гулдан, баҳордан.
Айбдорман!
 
 
Айбдорман тақдирлар олдида,
Ишончлар олдида айбдорман!
Йигирманчи аср:
Шоир бўлиб туғилганлар
Шофёрлик қилар.
Имконлар олдида айбдорман!
 
 
Замин,
Осмонларга термулма бекор,
Замин,
Ўзингни ҳам, мени ҳам тушун:
Кўкда кезиб юрганлар учун,
Ракеталар учун мен жавобгарман,
Мен айбдорман
Гагариннинг ўлими учун!
 
 
Айбу гуноҳларим, мени кечиринг!
Ожиз гувоҳларим, мени кечиринг!
Хатоларим, хато қиласиз!
Мабодо… мендан ҳам келсангиз устун,
Мард бўлинг,
Энг сўнгги лаҳзада
Сиз жавоб берасиз мен учун.
Мен жавоб бераман
Ҳаммаси учун.
 
1982

ОНА ПОРТРЕТИ

Рассом Одилбек Аҳмад ўғлининг
“Менинг қуёшим” асарига ёзув
 
Кўрпачада ўтирган Қуёш,
Чойнак тўла заъфарон умр.
Пиёлада иссиқ хотира
Ҳали совумаган.
Атрофда гуллар,
Дастурхонда гуллар,
Гулдир пардалар.
Гуллар тасвирида пинҳон фарёдлар.
Ҳаммаси бу эмас,
Ҳали йиллар бор –
Қийналиб, ўртаниб яшасанг арзир!
Қийналиб, ўртаниб яшашинг – қарздир!
Қуёшлар кўп эди Ўзбекистонда,
Аммо рассом чизди фақат ёлғиз Қуёшни.
Бўёқларнинг қонларига беланиб чизди.
Бу Қуёшнинг ҳасратларини,
Дардларини яширди аммо
Хомуш додлаётган гуллар рангига.
Бу Қуёш тирикдир, ҳали бошингни
Силар экан нурлари билан,
Руҳингда унмагай бирорта ҳам ғам,
Бу Қуёш бор экан – ёлғиз қолмайсан,
Хўрланмайсан ҳали сен, одам!
Ҳаммаси бу эмас,
Ҳали дардлар бор –
Безарлар уйқусиз кечаларингни.
Ҳали йўллар бордир, тулпорлар каби
Бостириб киргувчи юракларингга!
Ҳаммаси бу эмас,
Бироқ айтгин сен,
Нега шамолларни соғинамиз биз?
Ўзгаларни севиб, уларни қўмсаб,
Нега бу Қуёшга сиғинамиз биз?
Кўрпачада ўтирган Қуёш,
Чойнак тўла заъфарон умр.
Пиёлада иссиқ хотира,
Олам совиб бормоқдадир. Куз.
Хазонларга қўшма юрагингни сен,
Яшил барглар сўра, кўкламлар сўра.
Қуёшим,
сен эса бу хотирани,
Ичиб юбормагин, қўйгин, турсин у.
Совиб бораётган оламга бугун
Иссиқ хотиралар жуда ҳам керак!
 
1982

“ТЕЗ ЁРДАМ” МАШИНАСИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

А. В.га тазмин
 
Ўтганга ёрдам беринг.
       Кетганга ёрдам беринг.
Меҳрингизни қон ютиб
       кутганга ёрдам беринг.
Осмонлари синганга,
       армонлари сўнганга,
Қуёшлари муз бўлиб
       қотганга ёрдам беринг.
Кўзи тўрт манзилларга
       кириб борманг мунғайиб,
Ишонч бўлинг, мунғайган
       ҳижронга ёрдам беринг.
Оз эмасдир замону
       имонини сотганлар,
Виждонлироқ бўлинг сиз,
       замонга ёрдам беринг!
Баҳор келди, деб боринг,
       йил бўйи газет ўқиб,
Газетага айланган
       одамга ёрдам беринг.
Соғ эди ‒ худо эди,
       энди-чи, Худо дейди,
Оқ халатли тангрилар,
       отамга ёрдам беринг!
Ҳаётга таянч бўлинг.
       Севинг, суюнинг, кулинг,
Севолмай юрган шўрлик
       гадога ёрдам беринг.
Бу зотларнинг наслини
       билмай Оллоҳ ҳам ҳайрон,
Сиз софдил инсон бўлинг,
       Худога ёрдам беринг!
(Симлар, симсўзлар аро
       бўғилмоқда дардларим,
Қадим туркий сўзларим,
       дардимга ёрдам беринг.
Мен сизни унутмайман
       ёмғирларим, селларим,
Далалари қақраган
       юртимга ёрдам беринг.)
Барча билан бир бўлинг,
       бирлашган тақдир бўлинг,
Халқ учун фақир бўлинг,
       Тенгликка ёрдам беринг.
Кундуздан ҳайратланинг,
       юлдуздан ҳайратланинг,
Урушдан нафратланинг,
       Тинчликка ёрдам беринг!
Бўйи бўстон бу чаман
       бўлгай бундан музайян,
Кўнгилларни гул айланг ‒
       чаманга ёрдам беринг.
Бедор бўлинг ҳам ҳушёр,
       мангу қолсин навбаҳор,
Ота юрт, она диёр ‒
       Ватанга ёрдам беринг.
Ҳалокатдан қутқаринг
       балиқни, ўсимликни,
Тирикликнинг камию
       Ғамига ёрдам беринг!
Бағрига босиб Буюк
       Дардни ‒ инсониятни,
Чинқириб учиб борар ‒
       Заминга ёрдам беринг!
 
1982, 2013

БИБИРОБИЯ – ВАҲОБ ШОИРНИНГ ҚИЗИ

 
Жарлар сийнасида,
Тоғлар кўксида
Шаршаралар юм-юм йиғлайди.
Булоқлар қоялар пинжида,
Тошлар панасида
       жим-жим йиғлайди.
Жилғалар
       харсанглар юзини силаб
Сим-сим йиғлайди.
Лолалар – қонбағир,
Оқ тутлар пишиб,
Кўзёшдай сўнг ерга қўшилиб,
Ҳар ажриқу
Ҳар чим йиғлайди.
Маҳзун товуш келар,
       тоғу тошларим
Ҳим-ҳим йиғлайди:
…Абдулваҳоб бобонинг сўзи,
Бу дунёда қолдирган изи –
Кексайган ва ёп-ёлғиз қизи
Робия момонинг ўланларида
Менинг она тилим йиғлайди.
Робия момо ҳам ўтса…
Кейин – ким?..
Ким йиғлайди?
 
1982

СЎЗ ҲАЖРИДА

А.В. Эркин таржима


 
Мен сўз кутяпман,
       Кўзларим очиқ,
Зулмат йилларимга гулларин сочиб
Баҳор келаётир. Шеър тутмаяпман,
Пешвоз чиқмаяпман.
Мен сўз кутяпман.
 
 
У қайдадир
Кезиб юрар халқ орасида,
Асрларни титиб
       Мен кўз тутяпман.
Ҳаёт дарёсининг соҳилларида
Балиқ тутмаяпман,
Мен сўз кутяпман.
 
 
Онам келадилар кўзларин ёшлаб:
“Болам йиллар ўтди.
       Мен ҳам ўтяпман…”
Она, сабр қилинг,
       Онажон, кетманг!
Она, шошманг ахир,
Мен сўз кутяпман!
 
 
Бир-биридан чиройли, гўзал
Хатолар кирмоқда бағирларимга.
Нима бўлди менинг тақдирларимга?
Уларни мен қувиб сўкяпман:
“Йўқолинг хатолар,
Мен сўз кутяпман!”
Йиллар ўтмоқдадир.
       Кўзларим тўртдир,
У сўз келмаяпти ҳамон.
       У дўст ҳам йўқдир.
 
 
Жаннатдами, жаҳаннамда
       кўришамиз юз,
Умр бўйи дўст кутяпман.
       Умр бўйи – сўз!..
Келяптими?
       Кутяпман.
             Тақдир, қарагин,
Тақдир, сел йўлларда уни асрагин!..
 
1982 (23.07.)
5.Оташнафас афғон хонандаси 1980 йилнинг 4 июнида ўлдирилган. Яратганнинг қудрати билан айнан ўша куни туғилган қизининг исми..

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
31 mayıs 2023
Hacim:
251 s. 2 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-26-859-3
Telif hakkı:
Sharq

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu