Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «АСАРЛАР (II жилд)», sayfa 3

Yazı tipi:

«Боғлардаги зоғлар-о…»

 
Боғлардаги зоғлар-о,
Зоғлармисиз, доғлар ё?
Қайда қолди ишқ фасли,
Саодат, сиришк фасли?
 
 
Сиз ғазалга тушмассиз,
Сиз аслида қушмассиз.
Кимнинг мудҳиш гулисиз?
Куйган дилнинг кулисиз.
 
1991

БИР ХАЁЛ

 
Дунё бирдан ғимирлади,
Дашту қирлар қимирлади,
Сокин сувлар жимирлади,
Чўкиб турган карвонлардай
Тоғлар ногоҳ юриб кетди.
 
 
Кўтарилди чанг-тўзонлар,
Совурилди хас-хазонлар.
Қалқди қирғоқлар, ўзанлар,
Тўғри оққан дарёлар ҳам
Тескарига уриб кетди.
 
 
Титрайди ёр сирғаларинг,
Бир бор куйиб йиғламадинг,
Сен кўнглимни илғамадинг.
Эсиз, эсиз кўнгилларинг
Бу дунёдан ғариб кетди.
 
 
Тадбир сенинг, таскин сенинг,
Илоҳ, дилда аксинг сенинг,
Ҳар шуълада рақсинг сенинг,
Қисмат бу кеч қўлларимга
Шу кўзгуни бериб кетди.
 
 
Бу сўнггиси хабарлардин,
Ўтлар сачрар қабрлардин.
Юлдуз сўйлар хатарлардин,
Риёлар, кирдикорлардин
Дунё ўзи ҳориб кетди.
 
 
Эсиз, эсиз шундай жаҳон,
Ўтди аёну ноаён.
Борлиқ қаён, йўқлик қаён?
Лайлакқордай ёққан одам
Лайлакқордай эриб кетди.
 
1991

«Кўксимда кўп йиллар бир олов ёнар…»

 
Кўксимда кўп йиллар бир олов ёнар,
Юз хотир қилмайин беаёв ёнар.
Ханжарин кўксимга отса ошнолар,
Ханжар омон қолар, қини куйгайдир.
 
 
Сўнги кўринмайдир аламнинг, ўйнинг,
Билмасман, охири борми бу куйнинг.
Умидим кўксимда тиклаган уйнинг
Қарсиллаб бўйи ҳам эни куйгайдир.
 
 
Шафқатсиз бу ўтга бормикин зорлар?
Теграмда юрганлар – ҳаммаси хорлар.
Ёмғирли кунларда ун чекса ёрлар,
Ёмғирлари бирлан уни куйгайдир.
 
 
Ўтгайман шу тахлит аён, ноаён,
Жисм ичра намоён, жисм ичра ниҳон,
Ўткинчи бир қушча келиб ногаҳон
Кўксимга ин қурса – ини куйгайдир.
 
1991

ГЎЗАЛЛАР ЗИЁФАТИ

 
Ҳарир-ҳарир кўйлакларда юзиб келдилар,
Лаганларга юрагимни сузиб келдилар.
Нозик-нозик ўлтиришиб, сўнг ҳаммалари
Менинг кабоб юрагимни буткул едилар.
 
1991

«Кичик қалбим кенг жаҳонга сиғмайди…»

 
Кичик қалбим кенг жаҳонга сиғмайди,
Кечалари зирқирайди, сиқтайди.
Ҳеч ким дардим ҳосилини йиғмайди,
Ишқим боғи хомуш-хомуш йиғлайди.
 
 
Бунча мунглуғ бу дунёнинг сойлари,
Сойларида йиғлаб борар ойлари,
Сарғаймишдир кўнглим қолган жойлари,
Юлдузлари – кумуш-кумуш, йиғлайди.
 
 
Йўқотганим оқ тулпорми, кўк тулпор?
Мен билмайман, нима бўлди сўнг тулпор?
Дилларимда йиғлаб ўтар ўн тулпор,
Белларимда ўн Алпомиш йиғлайди.
 
 
Дунёсидан умидларим шулмиди?
Дил берганим тиконми ё гулмиди?
Ёнганимнинг натижаси кулмиди?
Бегона кул менга таниш йиғлайди.
 
 
Бошни энди балоларга шай қилсам,
Ўз ғамимни ўз танимга май қилсам,
Саҳроларнинг қамишини най қилсам,
Оҳлар урсам, ойлаб қамиш йиғлайди.
 
1991

ПУШАЙМОНЛИҒ

(“Таназзул” драматик достони учун)
 
Худовандо, манинг кўнглимни шод эт,
Чигал мушкулларимни сен кушод эт.
 
 
Мисоли билгисиз бир шарпадурман,
На сомондирману на арпадурман.
 
 
Самарсиз ўтди бор сўзу гудозим,
На рўзам бордиру ва на намозим.
 
 
Хижилдурман баҳору ёз, қишимдин,
Ҳушимнинг фарқи йўқ асло тушимдин.
 
 
Ки мен бўронлар ичра бир дарахтман,
Даҳр тўзонлари узган варақман.
 
 
Бу олам миннату фарёду ёддир,
Отамдин менга қолғон хотиротдир.
 
 
Хаёл кўкида йўқдир ул ҳилолим,
Маҳолим кўп, маҳолимдин малолим.
 
 
Руҳ ичра зарра ёруғлик кезинмас,
Дилим ўтига япроқ ҳам исинмас.
 
 
Чопибман шунча йилларким, толибман,
Пушаймонлиғ деган ҳосил олибман.
 
 
Бу ҳосилдин бировга берса бўлмас,
Бу ҳосилни бировлар терса бўлмас.
 
 
Бу ҳосил жизғанак бўлган бағирдир,
Тахирдир ул, тахирдир ул, тахирдир.
 
 
Шу янглиғ мен надоматга тўлиқман,
Агар бедор, валекин уйқулиқман.
 
 
Хазонлиғ боғларимга бергил оро,
Мени йўлингга сол, парвардигоро!
 
 
Демасман, менга давлат беру дур бер,
Қоронғу кўнглима бир тола нур бер.
 
 
Яна дил ичра ишқ рахтин ато эт,
Саҳар бедор бўлиш бахтин ато эт.
 
1991

КЎЗ ТЕГИШИ

 
Дўстим, сенинг юзларингга юз тегди –
Тушингга ҳам кирмаган бир қиз тегди.
Сенга қанча ширин-шакар сўз тегди,
Менга эса, менга фақат кўз тегди.
 
 
Кўз тегдию хазон бўлди гулзорим,
Жардин учди чақиндай зўр тулпорим.
Бир кўз аввал жигаримни куйдирди,
Сўнгра олтин эгаримни куйдирди.
 
 
Менда ҳам бир дил бор эди айтарлик,
Кўз тегдию пайдо бўлди бир жарлик.
Ёшликдаги кўзларим ҳам туш энди,
Ин қурмишдир бир жуфт мискин қуш энди.
 
 
Осмондаги оймидир ё туморми?
Кимдир мени кўзларига кўмарми?
Сенга зарбоф тўну менга бўз тегди,
Мени қўйгил, дўстим, менга кўз тегди.
 
 
Боғим бору вале йўқдир самарим,
Сўлғинлашиб бородур гул, қамарим.
Кўнглим совуб қолди, унга муз теккан,
Кўксимдаги оловимга кўз теккан.
 
 
Аҳволима ёлғиз онам йиғлайди,
Ғариб умрим, бўм-бўш хонам йиғлайди,
Кўркам, зангор кўкламимга куз теккан,
Гуркираган дарахтимга кўз теккан.
 
 
Бунча мунглуғ бўлиб қолди жаҳоним,
Ўқим кетган, қўлда қолмиш камоним.
Тиконлардай мадда бойлаб, йиринглаб,
Вужудимда зирқирайди киприклар.
 
1991

ОЙБИБИ МОМО ВИДОСИ

 
Бу дунёда кексайди-ку сафарим,
Баробардир энди шому саҳарим.
Кетсам энди қайтиб келмас хабарим,
Кўнгилларим болишлардай бўш энди,
Сўриларим, айвонларим, хўш энди.
 
 
Сўнгги дамда ёшга тўлган дийдалар
Аро кўрдим, гулни тўкар жийдалар.
Райҳонларим ғуж бўлишиб дийдирар,
Айлаюрман кўзёшларим нўш энди,
Чойнакларим, қумғонларим, хўш энди.
 
 
Бутун умр кўрпа қавиб, куймандим,
Тўйлар қилдим, лекин тўйга тўймадим.
Сирож, сенинг тўйларингни кўрмадим,
Кўрган барча у тўйларим туш энди,
Кўрпаларим, тахмонларим, хўш энди.
 
 
Тонг саҳардан ёмғирми ё ғам ёғар,
Соғин тарғил оғилдан сағир боқар.
Мендан кейин тарғилимни ким соғар?
Сузмахалтам қолгаймикин бўш энди,
Сут-қаймоғим, айронларим, хўш энди.
 
 
Эрта-индин бунда қолмас изларим,
Тахланур, сўнг ташланур кигизларим.
Сочингизни юлманг, бўлди, қизларим,
Энангизнинг жони мисли қуш энди,
Учгай-кетгай, гирёнларим, хўш энди.
 
 
Манманликнинг ҳавосига учманглар,
Чироғ ёқинг, лек чироқдай ўчманглар.
Мен яшаган бу уйлардан кўчманглар,
Боғлар бўлдим букун сўнгги кўч энди,
Ҳовли-жойим, ўғлонларим, хўш энди.
 
1991

ЎРТАМИЗДА

 
Йўлимиздан тоғлар кетди, боғлар кетди,
Бу боғлардан доғлардайин зоғлар кетди,
Кўнглимиздан зоғлардайин доғлар кетди,
Ўртамизда ярқираган сой қолди.
 
 
Чекиндилар дунёнинг армонлари,
Йиқилдилар айрилиқ қўрғонлари,
Яқин бўлди ишқимиз осмонлари,
Ўртамизда бир юлдуз, бир ой қолди.
 
 
Қисмат менга қанча алам-ўй берди,
Дунё янглиғ туганмас бир куй берди.
Иккимизга торгина бир уй берди,
Ўртамизда бир бешикка жой қолди.
 
1991

АЛАМЛИ ДУНЁДА

 
Қўлларим шохлардай зор қолган кунлар,
Дил кетиб, валекин ор қолган кунлар,
Узун мижгонларда қор қолган кунлар
Сен кетдинг, музлади ўнг ила сўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.
 
 
Сувларда садосиз синдилар ойлар,
Афсундай жим, сокин оқдилар сойлар.
Тугунларин очиб йиллар ва ойлар
Ўтдилар, сен ҳамон тили тугуним,
Аламли дунёда аламли гулим.
 
 
Сендин сўнг кўнглимни беомон янчиб,
Не сулувлар ўтди ўзича ранжиб,
Баланд пошналарин кўксимга санчиб,
Бевақт сўлдирдилар сеҳру жунуним,
Аламли дунёда аламли гулим.
 
 
Мунғайиб қолдилар умид боғлари,
Мангу зирқирайди бағир доғлари,
Боғларнинг дудлари ҳамда зоғлари
Менинг фиғонимдир ҳам менинг кулим,
Аламли дунёда аламли гулим.
 
 
Бу ҳолим кўрганлар тақдир, дейдилар,
Тақдир азал-азал ҳақдир, дейдилар.
Чин қалблар ҳамиша тоқдир, дейдилар.
Қандай санъатдир бу, қандайин илм?
Аламли дунёда аламли гулим.
 
 
Сенга хотиралар мунглар келтириб,
Менга тирикликдан айтиб, билдириб,
Куйган кўкламларим ўрнин тўлдириб,
Кўксимда яшайди энг гўзал ўлим,
Аламли дунёда аламли гулим.
 
1991

«Тахир бўлди муҳаббатим мевалари…»

 
Тахир бўлди муҳаббатим мевалари,
Ғубор ичра қолди яшил тепалари.
Қаёнларга тарқаб кетди тевалари?
Сарсондирман тополмайин карвонимни.
 
 
Дунё ҳазин, дунё ҳазин кўзларима,
Одамлари ҳайрон ғамгин сўзларима.
Боқиб алам из қолдирган юзларима,
Ҳеч ким билмас дардимни ҳам дармонимни.
 
 
Шудринг эмас, тун ичра кўнгил йиғлаган,
Бир тун эмас, бу кўнгил минг йил йиғлаган.
Сингилларим сўйлашиб сел-сел йиғлаган,
Исми надир, билмайдирман, армонимни.
 
 
Уни гулу савсанлардан тиклагандим,
Хаёллари равшанлардан тиклагандим.
Ярқираган оҳанглардан тиклагандим,
Мунг босди-ку чарақлаган қўрғонимни.
 
 
Жимирлайди кўкда кузак юлдузлари,
Зирқирайди кўксимда ишқ илдизлари.
Нола қилсам кечалари, кундузлари,
Қайдин топгум кетган давру давронимни?
 
 
Ё раб, нечун бағрим бунча тилкаладим?
Лолазорга айланди-ку елкаларим.
Елкаларим узра бўйлар укаларим,
Аларга бер мен бой берган имконимни.
 
1991

ТЎЙ ОҚШОМИДА

 
Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,
“Ёр-ёр”ингдан тирилай.
 
 
Қаро тунда оқ гулмиди
Келинчакнинг либоси.
Армон бўлган бир мулкмиди
Унинг нозу ибоси.
 
 
Кўзларингдан дур сачрагай,
Лабларингдан чечаклар.
Аста-аста ечилгайдир
Кўнгилдан зарпечаклар.
 
 
Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
Мен бор дарду соғинчимни
Қайта бошдан саралай.
 
 
Ўтган ою йилларимни
Мен бир туш деб билгайман.
Бўйнингдаги холингни бер,
Дилга нуқта қилгайман.
 
 
Кўйлагингдан кўрингандай
Кўнглингдаги гулзоринг.
Менинг севгим қолмас, лекин
Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.
 
 
Тун қўйнида юлдузларга
Таралмоқда дил зоринг.
Менинг шеърим қолмас, лекин
Қолгай сенинг “Ёр-ёр”инг.
 
 
Дунё ҳазин, “Ёр-ёр” айтгил,
Эй кўзлари қуралай.
“Ёр-ёр”ингдан ўлган эдим,
“Ёр-ёр”ингдан тирилай.
 
1991

ВАТАННИ ЎРГАНИШ

Б.С.


 
Мен Ватанни на китоб, на
Жаридадан ўрганганман.
Момоларнинг юзидаги
Харитадан ўрганганман.
 
 
Боболарнинг таёғию
Чориғини кўргандайман,
Мен Ватанни сўрилардан,
Сўқмоқлардан ўрганганман.
 
 
Кинолармас, бул Ватанни
Минорлардан ўргандим мен.
Оқ латталар ҳилпираган
Чинорлардан ўргандим мен.
 
 
Хонақоҳлар. Офтобалар.
Кетавердим. Кетавердим.
Ҳар тоғида бир авлиё.
Шул ҳикматга етавердим.
 
 
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
Надир манга дурри Адан?
Селинг мени сел этгуси,
Элинг мени эл этгуси.
 
 
Бу тепалар, қумтепалар
Остидаги тарих қадар,
Сукунатинг кўрганда мен,
Сукунатни ўргандим мен.
 
 
Оқшом яримойинг кўриб,
Кафтларим юзга суртаман.
Бир жисму юз минг руҳдаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
 
 
Боғинг кўриб мен боғ бўлдим,
Доғинг кўриб ўртандим мен.
Сени Афғон элдан келган
Тобутлардан ўргандим мен.
 
 
Пушталарда қолиб кетган
Кўнглим экандирсан, Ватан.
Ёлғиз онам, паришонҳол
Синглим экандирсан, Ватан.
 
 
Мен кўксимда қумдай ёнган
Ёдларга видо айтаман.
Ёмғирларингда кетаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
 
 
Қанча дардга мақбар дилим,
Тун кечалар қақрар дилим.
Ёнғин бўлур жон ила тан,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
 
 
Томирларим томир ёйиб,
Томирларингга қайтаман.
Такрор ва такрор айтаман:
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
 
 
Юрагимнингдир дарслари
Гўри Амир гумбазлари.
Кўксим тўла ор – айтаман,
Ватан. Ватан. Ватан. Ватан.
 
 
Ҳар кун кўриб, билиб, сенга
Қайта-қайта етавергум,
Ватан, мангу достон Ватан,
Айта-айта кетавергум.
 
1991

ОЛОВ ЛИБОС

 
Сарғариб қизлар сариғ лас кийдилар,
Товланиблар сўнгра атлас кийдилар.
Кийдилар чит, шойи, алвон кийдилар,
Ҳар либосни шоду хандон кийдилар.
Бахмалу кимхобни хуррам кийдилар,
Мисли жаннат – Боғи Эрам кийдилар.
Зарлибоским гоҳи-гоҳи кийдилар,
Мисли ҳурларнинг матоҳи кийдилар.
Кўзларида не ситам пинҳон эди?
Ул бири гул, ул бири райҳон эди.
Ҳусни бепардоз менинг мискинларим,
Рўшнолик кўрмаган сингилларим –
Оқибат куймоқними фан қилдилар?
Чинқириб қадларга гулхан кийдилар!
 
1991

ДАШНОБОД АНОРИГА

 
Сеҳрсиз соҳиллардан,
Меҳрсиз манзиллардан
Ўтиб келдим, сен мени
Унутдингми, анорим?
 
 
Бағри доим қонгинам,
Мискин, паришонгинам,
Анор бўлиб сен фақат
Мунг ютдингми, анорим?
 
 
Тун саҳарга айланур,
Сўнг заҳарга айланур.
Мен ютар оғуларни
Сен ютдингми, анорим?
 
 
Сенинг гулларинг маъюс,
Балки ўйларинг маъюс?
Менинг эса хазонга
Тўлмиш ҳамма канорим.
 
 
Не умр бўлди умр?
Ою йилларим кўмир.
Энди сўник дунёда
Мушкул эрур ёнорим.
 
 
Сен шундайин хомуш қол,
Мисли кўрилган туш қол.
Гуллагайдир менинг ҳам
Бир кун сабру қарорим.
 
 
Сўз деб бағримни тилсам –
Дона-дона нор бўлгай.
Дилим шохингга илсам
Бир гўзал анор бўлгай.
 
1991

«Намозшом бўлдию кўнглим бузилди…»

 
Намозшом бўлдию кўнглим бузилди,
Яна бир кун умрдан ютқизилди.
 
 
Яна беҳосил ўлди ул муродим,
Яна мунг қушлари бир-бир тизилди.
 
 
Яна ошмас, хавотир сузди онам,
У бечорам менинг бунча эзилди.
 
 
Паришон йилларимни аста чулғаб,
Ўкинчимдан ҳазин сурат чизилди.
 
 
На ғамдир бул менинг кўксимдаги ғам,
Ки у беҳадду бепоён чўзилди.
 
 
Менинг дил жадвалим кўйингда, эй ишқ,
Балою ранжу миннатдан тузилди.
 
 
Ғаройиб косадир даҳр ичра тақдир,
Менга шул косада кўз ёш сузилди.
 
1991

«Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим…»

 
Севгим менинг, зор қолдингми охир, севгим,
Яфроғ янглиғ хор қолдингми охир, севгим?
Дунёлари меҳр эмас, зар, сийм танлар.
Тушунмади бизни ҳаргиз бу сиймтанлар.
 
 
Бир ғариб боғ, бир тўда зоғ қағиллайдир,
Бағир шу боғ, бу боғ эса бағирдайдир.
Севгим менинг, кўргил хору хасларингни,
Хазонларга айтгил энди арзларингни.
 
 
Барчалари гарчи тоза гулдайдирлар,
Кўзлари, сўнг мижгонлари алдайдирлар.
Вафо бизнинг мулкларни тарк этган, севгим,
Садоқат ҳам ўсма янглиғ кетган, севгим.
 
 
Севгим менинг, жовдирайсан, қарорим йўқ,
Кетдик дейсан, менинг эса борорим йўқ.
Мен энди шу юмушлардан кечсам дейман,
Ҳасратимдан чойлар дамлаб ичсам дейман.
 
 
Шабнамлардан яралган соф атир, севгим,
Дардим айтсам, оламларга татир, севгим.
Лекин энди қўйгил ўтлуғ ғазалларинг,
Кўнгиллари латтадан бу гўзалларнинг.
 
1991

АЙРИЛИҚ

 
Қаро тунлар ҳилолимни комига тортган,
Икки аждар баданингни қўриқлаб ётган,
Икки аждар аро, эй сен, зор йиғлаб ётган,
Юлдузларинг нелар сўйлар, энди билмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
 
 
Баҳоримдан доғлар қолгай лолаларингда,
Йилларингни чанг қоплайди хоналарингда.
Бир қизил гул йиғлаб ўтар ойналарингда.
Деразангга тонг еллари бўлиб елмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
 
 
Муҳаббатнинг маъволари тумонлардадир,
Сен яхши қол, менинг номим ёмонлардадир.
Дил қайдадир, дил мен кетган томонлардадир,
Қошларингнинг тиғи бирлан уни тилмайман.
Мен келмайман. Мен келмайман.
 
 
Бир маҳаллар тўкилгандим дафтарларингга,
Кўзда ёшлар ичиргандим ахтарларингга.
Айтгил энди ўшал гўзал аждарларингга,
Улар учун ўлар эдим, энди ўлмайман,
Мен келмайман. Мен келмайман.
 
1991

ДАРВОЗАЛАР

 
Иқлимларнинг авзолари ёмон келди,
Дарвозалар эслангувчи замон келди.
 
 
Бу замонда дайдилар кўп, саёқлар кўп,
Улар кенту шаҳарларда изғирлар хўп.
 
 
Бировлари бунга Ватан излаб келган,
Бошқалари гўру кафан излаб келган.
 
 
Холалари келган, иту лайчаси ҳам,
Аммалари келган, мараз, маржаси ҳам.
 
 
Ярмисининг қорни, ярмин кўзи очдир,
Ярми шимда, ярми эса яланғочдир.
 
 
Қўшилмайди гарчи ҳаргиз мозорлари,
Лек уларга хушдир ўзбек бозорлари.
 
 
Олганини истаганча олиб кетгай,
Бу ҳам камдай яна бунда қолиб кетгай.
 
 
Чопонининг йиртиқлари тупроқ ўзбек,
Бу тупроқда бўлса ҳамки тупроқ ўзбек,
 
 
Бориб ўзга шаҳарларда яшолмайди,
Ўзга келса, ўзбек кет, деб айтолмайди.
 
 
Сарҳадларда букун шўру удувват бор,
Лекин бунда ҳали меҳру мурувват бор.
 
 
Бироқ букун қолмабди-ку ҳеч нарсаси,
Меҳрнинг ҳам бўлса яхши чегараси.
 
 
Маъзур тутинг, бу сўзларим қўрслик эмас,
Дўстлик ҳаддан ошиб кетса, дўстлик эмас.
 
 
Иқлимларнинг авзолари ёмон келди,
Дарвозалар асқотгувчи замон келди.
 
 
Надир шаҳрим бу тўзонлар, оломонлар?
Чиғатойлар қани? Қани Камолонлар?
 
 
Ҳар хил нусхаларга тўлмиш кўчаларинг,
Қайда қолди Самарқанду Кўкчаларинг?
 
 
Оқтепанинг тепалари йилу ойлар
Ўтган хону тўралардан фиғон айлар.
 
 
Маҳкам бўлсак юртни шикаст этмасдилар,
Қодирийни балки олиб кетмасдилар.
 
 
Бедарвоза шаҳар йўқдир, боболардан
Қолган гап бу, олмадим мен ҳаволардан.
 
 
Бироқ сенинг бу соҳада овозанг йўқ,
Дарвозасан Шарққа, лекин дарвозанг йўқ.
 
 
Мен ҳам бир қур сўз сўйладим ҳозирлардан,
Келажакдан келдим, гоҳи мозийлардан.
 
 
Тинч яшасин дейман ҳар ким ўз уйида,
Ўз уйида қўшиқ айтсин ўз куйида.
 
 
Ҳар элат ўз ошу нонин ўзи есин,
Ўғил-қизин тўйига ҳам нони етсин.
 
 
Бунинг учун бўлиб юртнинг кўрку нақши,
Ҳар шаҳарнинг дарвозаси бўлса яхши.
 
1991

ҚОДИРИЙНИНГ ШИЙПОНИДА

 
Бунда Бедил ғазалларин рукну байти бор
Ва Навоий девонларин сукунати бор.
Бунда ҳар барг сўйлар ўтган кунлардан маъно,
Бунда ҳануз ерга қараб турибди Раъно.
 
1992

ҚИРҚ ҲАДИС
ЯХШИЛИК ЭСКИРМАГАЙ

ҚИРҚ ҲАДИС

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

«Сенинг даргоҳингда кўзларимда нам…»

 
Сенинг даргоҳингда кўзларимда нам,
Энди аён менга ул борар жойим.
Кечиргил отамнинг гуноҳларини,
Онамга умр бер ўзинг, Худойим.
 
 
Мен улуғ ҳикматни англадим чоғи,
Йиллаб қонлар этиб кўнгилларимни.
Ўзинг омон сақла, асрагил ўзинг,
Кузги райҳонлардек сингилларимни.
 
 
Не зотлар юз буриб келиб кетгайлар,
Не мурод ҳосилдир менинг дардимдан?
Ўзинг паноҳингга олгил мулкимни,
Ўзинг юз ўгирма элим, юртимдан.
 
 
Дунёда энг олий Сўз ўзингдирсан,
Ўзинг бир гап солдинг балки дилимга.
Худойим, қирқ эшик очилмоқдадир,
Худойим, ёруғ қил сўзни тилимга.
 

* * *

Замондан койинманглар, зеро замоннинг эгаси Оллоҳдир

ЗАМОННИНГ ЭГАСИ

 
Оллоҳ сизга берган ой ва йил учун
Арзир ҳар лаҳзанинг нақши бўлсангиз.
Азалдан ёмонга ёмондир замон,
Замон яхши эрур – яхши бўлсангиз.
Ҳар кимга дилдаги нияти йўлдош,
Эзгу мақсадлари бир умр ёрдир.
Замондан ҳеч қачон койинмангизким,
Замоннинг эгаси Парвардигордир.
 

* * *

Фойдали илмларни ўргатувчи одамнинг гуноҳи кечирилишини сўраб, ҳар бир нарса, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар.

МЎЪТАБАР ЗОТЛАР

 
Илму маърифатли элнинг иқболи
Ҳаргиз залолатга гирифтор ўлмас.
Эзгу илмларни ўргатган зотлар
Икки дунёда ҳам асло хор ўлмас.
Яратган оламнинг гардишларини
Гоҳ қуёш, гоҳ юлдуз, ойда келтиргай.
Шундай инсонларнинг камтарин илми
Ватанга қанчалар фойда келтиргай.
Фарзандлар шул сабаб топгайлар камол,
Юрт шундай зотларга ифтихор айтар.
Гуноҳларин сўраб денгизлардаги
Балиқлар ҳам ҳатто истиғфор айтар.
 

* * *

Сизларнинг ҳар бирингиз бамисоли чўпондирсизлар ва ўз қўл остиларингиздагиларга масъулдирсизлар. Подшоҳ ўз фуқароларига, эр ўз аҳли аёлига, хотин эрининг уйига, ходим ўз хожаси молига, фарзанд ўз отаси мулкига масъулдир. Демак, ҳар бирларингиз масъулдирсизлар.

МАСЪУЛИЯТ

 
Сизнинг ҳар бирингиз гарчи ҳар хил ранг,
Ҳар хил насабдаги инсонлардирсиз.
Лекин бу дунёнинг манзилларида
Асли бамисоли чўпонлардирсиз.
 
 
Яъни масъул эрур ҳар ким ҳар ишда,
Халқу Ватан учун масъулдир подшоҳ.
Эр – ўз аёли-чун масъулдир доим,
Хотин – эр уйига масъул ва огоҳ.
 
 
Ҳеч амал Худодан қолмагай пинҳон,
Кўнгиллар эзгулик бирладир пайванд.
Хожасин молига ходим масъулдир,
Отасин мулкига масъулдир фарзанд.
 
 
Яшангиз ҳар соат Ҳақдин хабардор,
Токи масъулдирсиз – маъқулдирсизлар.
Бурчни англамоқ ҳам юксак амалдир,
Хулласки, барчангиз масъулдирсизлар.
 

* * *

Киши биродари учун ҳикматли сўздан афзалроқ нарса ҳадя қилолмайди. Чунки шу ҳикмат сабабли Худо уни тўғри йўлга солиб қўяди ёки ёмон йўлдан қайтаради.

ҲИКМАТ

 
Ҳикмат ҳадя қилғил биродарингга
Кўчада ва ёки уйга чақириб.
Ҳикматда қалб бордир, ёд бор, ҳикматда
Не шариф зотларнинг умри яширин.
Шу ҳикмат сабабли Худойи карим
Халос айлар уни нопок ўйлардан.
Тўғри йўл кўрсатар биродарингга
Ёки қайтаради ёмон йўллардан.
 

* * *

Бировни яхши йўлга бошлаб қўйган одамга ҳам ўша йўлга тушиб кетган одам олаётганчалик савоб ёзилиб борур.

ЯХШИ ЙЎЛ

 
Ёмон, нопок йўллар кўпдир дунёда,
Яхши йўлга бошла бировни доим,
Эзгу амалларни, пок хислатларни,
Билсанг, хуш кўргайдир қодир Худойим.
Билсанг, шу аснода Арши аълода
Ҳар ишинг рўйхатга тизилмоқдадир.
Яхши йўлга тушган зот олганчалик
Сенга ҳам савоби ёзилмоқдадир.
 

* * *

Она – жаннат ўртасидаги эшиклардан биридир, агар хоҳласанг, ўша эшикни қўлдан бер ёки уни сақла.

ЖАННАТ ЎРТАСИДАГИ ЭШИК

 
Сен – меҳмон, у – меҳмон, ҳаммамиз – меҳмон,
Дунё ҳам бир меҳмонхонадир, билгил.
Жаннат ўртасида кўп эшиклар бор,
Уларнинг биттаси – онадир, билгил.
 
 
Ҳаёт – инсонларнинг келиб кетгувчи,
Беш кун тебрангувчи гул бешигидир.
Энг аввал онангнинг қадрига етгил,
Оналар – беҳиштнинг нур эшигидир.
 
 
Хоки пойларига сочгил умрингни,
Ўтмагил дунёдан юрагинг доғлик.
Бу эшик сен учун очиқ бўлгайдир
Ва ё ёпиқ бўлгай – ўзингга боғлиқ.
 

* * *

Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталарнинг шарафини билмаган кишилар биздан эмасдир.

КИЧИКЛАР ВА КАТТАЛАР

 
Ота-онадандир асли тарбия,
Садоқат бир ўғил-қиздан эмасдир.
Лекин кичикларга шафқат қилмаган
Кимсалар, билингким, биздан эмасдир.
Билингким, норасо фарзанддир, улким
Элнинг улуғларин дилдан севмасдир.
Яъни, катталарнинг шарафин билмай,
Иззат қилмаганлар – биздан эмасдир.
 

* * *

Ўлиб кетганларни ёмонлаб ҳақорат қилманглар, чунки улар қилмишларига яраша мукофот ёки жазо оладиган жойга кетганлар.

ЎЛИБ КЕТГАНЛАР

 
Ўлиб кетганларни ёмонламаслар,
Уларни маломат қилиб бўлмайди.
Улар ранжурдирлар, улар озурда,
Кек сақлаб, ҳақорат қилиб бўлмайди.
 
 
Ўзлари биландир қилмишлари ҳам,
Тинч қўйинглар ахир, улар ўлганлар.
Улар мукофот ё жазо олгувчи
Жойга аллақачон етиб бўлганлар.
 

* * *

Инсон фарзанди яратилганда ёнида ўлимнинг 99 сабаби ҳам бирга яратилади. Агар у шу сабаблардан халос топиб яшасагина унга қарилик насиб этади.

ЭГИЗАКЛАР

 
Одамзод фарзанди яратилганда,
Ҳаёт оққан пайти жисму жонида,
Ўлимнинг ҳам тўқсон тўққиз сабаби
Эгиз яратилмиш унинг ёнида.
Ўзи паноҳ берсин, асрасин Ўзи,
Умринг чечаклари сўлмасдан унсин.
Халос топиб яша бу ўлимлардан,
Ишқилиб кексалик насибинг бўлсин.
 

* * *

Кимнинг сочи Ҳақ йўлида оқарган бўлса, қиёмат куни шу оқарган сочи нур бўлиб йўлини ёритиб туради.

ОҚАРГАН СОЧЛАР

 
Шоминг мунглуғ-мунглуғ парда ёймоқда,
Ботиб бормоқдадир ҳаёт қуёшинг.
Эзгу амаллар деб, Ҳақ таоло, деб
Умр йўлларида оқармиш сочинг.
Ҳар ким бу дунёда қилганларига
Яраша ажр ила мукофот кўргай.
Оқарган сочларинг маҳшар кунида
Нур бўлиб йўлларинг ёритиб тургай.
 

* * *

Агар бошлиқларингиз сизларнинг яхшиларинг бўлса, бойларингиз саховатли бўлса ва ишларинг ўрталарингда келишув билан бўлса, сизлар учун ер остидан кўра усти афзалдир. Агар бошлиқларинг ёмонларингдан бўлса, бойларингиз бесаховат бўлса ва барча маслаҳатингиз аёллар қўлида бўлса, ер ости сизлар учун ер устидан афзалдир.