Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «АСАРЛАР (II жилд)», sayfa 4

Yazı tipi:

АГАР

 
Агар яхши бўлса юртда подшоҳлар,
Бойларингиз бўлса сахий, ботадбир,
Ишлар бамаслаҳат битса, сизларга
Ер остидан кўра усти афзалдир.
 
 
Агар пешволардан кетса адолат,
Бойларни тарк этса инсоф, юз-хотир,
Маслаҳат аёллар билан битса гар
Ер устидан кўра ости афзалдир.
 

* * *

Огоҳ бўлингки, ҳар бир хиёнатчи қиёмат куни хиёнати миқдорида танилиш учун байроқ кўтариб юради. Огоҳ бўлингки, хиёнатнинг каттаси амирларнинг халқ оммасига қилган хиёнатидир. Огоҳ бўлингки, ҳақ гапни билган кишининг у гапни гапиришига одамларнинг ҳайбати тўсқинлик қилмасин! Огоҳ бўлингки, жиҳодларнинг афзали золим йўлбошчи олдида айтилган ҳақ сўздир. Огоҳ бўлингки, умрингизнинг қолган қисми бамисоли яшаб турган кунингизнинг қолган қисми кабидир.

ОГОҲ БЎЛИНГЛАР

 
Ҳар қайси хоиннинг қиёмат куни
Қилган хиёнати миқдори қадар,
Ҳамма кўрсин учун икки қўлида
Кўтариб юргувчи байроғи бўлар.
 
 
Яхши пешволар ҳам Ҳақ таолонинг
Ердаги халқларга иноятидир.
Энг катта хиёнат бу – амирларнинг
Ўз халқига қилган хиёнатидир.
 
 
Огоҳ бўлингизким, ҳақ гапни билган
Кишилар қалбининг чўғи сўнмасин.
Ва улар ҳақ гапни айтмоғи учун
Одамлар ҳайбати тўсқин бўлмасин.
 
 
Яна билингизким, Оллоҳ йўлида
Қилинган жамийки жиҳодлар создир.
Лекин афзал жиҳод – золим подшоҳлар
Олдида айтилган битта ҳақ сўздир.
 
 
Ҳеч кимнинг хасмимас ҳеч кимнинг умри,
Умр гоҳ осмон, гоҳ жарнинг лабидир.
Унинг қолган қисми шу кунингизнинг
Қолган ул иккинчи қисми кабидир.
 

* * *

Ўлимни орзу қилманглар!

НАСИҲАТ

 
Иғвою бўҳтондан сақланинг мудом,
Меҳру саховатдан йироқ бўлманглар.
Умрни ғанимат билинглар ҳар дам,
Ўлимни ҳеч қачон орзу қилманглар.
 

* * *

Хизматчиларга яхши муомалада бўлиш – баракадир, ахлоқсизлик – шумликдир, аёл кишига итоат қилмоқлик – надоматдир. Садақа эса балони қайтарувчидир.

ҚАЛБИНГ ТОЗА БЎЛСА

 
Яхши муомала хизматчиларга –
Файзу барака ҳам саховат эрур.
Ёмон хулқ – шумликдир, аёл кишига
Итоат қилмоқлик надомат эрур.
 
 
Ҳеч нарса панада қолмагай, Оллоҳ
Ҳар нени назардан ўткарувчидир.
Қалбинг тоза бўлса, имонинг бутун,
Садақа – балони қайтарувчидир.
 

* * *

Одам қалбида гўё Ой ёнидагидек бир булут бордир. Ой ёритиб турганда тўсатдан булут келиб уни беркитиб қўйса – қоронғулик, булут кўтарилса – ёруғлик бўлиб тургани каби, қалб ҳам баъзида равшанлашиб, баъзида хиралашиб туради.

ОЙ ЁНИДАГИ БУЛУТ

 
Бандалар дунёси гоҳида зулмат,
Тиниқ осмон янглиғ гоҳ беғубордир.
Одамзод қалбида гўёки ойнинг
Ёнидаги каби бир булут бордир.
Булут беркитган чоғ қоронғулигу
Кўтарилган пайти бўлгандек равшан,
Қалб ҳам мунаввардир баъзан ой янглиғ,
Занглаб, хиралашиб тургайдир баъзан.
 

* * *

Ўн киши ва ундан ортиқ одамларга бошлиқ бўлган киши қиёмат куни икки қўли бўйнига боғлиқ ҳолда қўпгай. Агар у одил бўлган бўлса, адолати келиб қўлларини ечади. Бордию золим бўлса, зулми қўлларини маҳкамроқ боғлайди. Амалдорликнинг боши маломат, ўртаси надомат, охири қиёмат шармандалигидир.

АМАЛДОРЛАР ҚИЁМАТДА

 
Барча бандалардай амалдорлар ҳам
Не қилган бўлсалар шуни топгайлар.
Алар ўз қўллари бўйинларига
Боғлиқ бўлган ҳолда ердан қўпгайлар.
 
 
Одил ўтганларни адолатлари
Келиб қўлларини ечгайдир у дам.
Зулм қилганларни ўз зулми келиб
Қўлларин қайтадан боғлагай маҳкам.
 
 
Уч даври бор эрур амалдорликнинг,
Уч қийноқ деса ҳам бўлар, яъники,
Аввали маломат, кейин – надомат,
Охири – қиёмат шармандалиги.
 

* * *

Уч тоифа кишилар борки, Худо қиёмат куни улар билан сўзлашмайди ва раҳмат назари билан ҳам боқмайди ва гуноҳларини ҳам кечмайди, балки уларни қаттиқ азоблайди:

1. Кекса бўла туриб, зино ишлардан қайтмаган одам.

2. Ёлғончи амир.

3. Мақтанчоқ камбағал.

УЧ ТОИФА

 
Мақтанчоқ камбағал, ёлғончи амир
Ва зино ишлардан қайтмаган кекса –
Ушбу уч тоифа кимсалар билан
Худо сўзлашмагай қиёмат келса.
Раҳмат назари-ла боқмас уларга,
Гуноҳларин кечмас – ҳисоби бўлгай.
Шу уч тоифага маҳшар кунида
Худонинг энг қаттиқ азоби бўлгай.
 

* * *

Аҳли жаннат жаннатга киргайдир, аҳли дўзах дўзахга киргайдир. Кейин Оллоҳ таоло малоикларига: “Қалбида заррача имони бор одамни дўзахдан чиқарингиз!” деб айтадир. Улар шундан сўнг куйиб қорайиб кетган ҳолда дўзахдан чиққайдирлар, ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар, ёмғирдан кейин гиёҳлар унгандек баданлари кўркам бўлғусидир.

ЗАРРАЧА ИМОН

 
Жаннатий инсонлар киргай жаннатга,
Дўзахийлар эса дўзахга киргай.
Сўнгра Парвардигор малоикларин
Ҳузурига чорлаб шундоқ буюргай:
“Дўзахдан чиқариб олинг қалбида
Заррача имони бор кимсаларни”.
Шўрликлар, чиққайлар куйиб, қорайиб,
Зўрға судраб абгор жисмларини.
Ҳаёт дарёсида чўмилгайдирлар,
Аста қайта бошлар юзда ранглари.
Мисли ёмғирдан сўнг гиёҳ унгандай
Кўркам бўлғусидир жону танлари.
 

* * *

Инсонга бир водий тўла молу дунё берилса, у иккинчи водийнинг ҳам берилишини хоҳлайди. Иккинчисидан кейин учинчисини ва ҳоказо, унинг нафси тўймайди. Инсоннинг кўзини фақат тупроқ (қабр тупроғи) тўйдиради. Кимки тавба қилса, Худо уни кечиради.

НАФС

 
Инсонга бир водий мол-дунё берди,
Иккинчи водийни истади инсон.
Бунисин ҳам олди, тўрт ён аланглаб,
Яна учинчисин қистади инсон.
 
 
Унинг кўзин фақат тупроқ тўйдирар,
Ортиб кетолмас-ку сўнг дам барини…
Вақтни ўтказмайин тавба қилинглар,
Худо кечиргайдир бандаларини.
 

* * *

Худо айтадики, Мен икки шерикнинг, агар бири иккинчисига хиёнат қилмаса, учинчисидурман. Агар хиёнат қилса, уларнинг ўрталаридан чиқиб кетаман.

ХУДО АЙТАДИКИ

 
Марду оқил бўлса, хушдил, хушрафтор,
Меҳру оқибатли, бўлса пок имон,
Хиёнат қилмаса бир-бировига,
Мен икки шерикнинг учинчисиман.
Агар аралашса бунда хиёнат,
Шубҳаларга борса бири биридан,
Ҳамроҳ бўлолмасман уларга бу он,
Мен чиқиб кетарман ўрталаридан.
 

* * *

Фаровонлик вақтларингда Худони таниб (унга илтижо қилиб юр), токи қийинчилик вақтингда у ҳам сени танисин.

ОЛЛОҲ РАҲМЛИДИР

 
Ҳисоб-китоблидир дунёйи азал,
Мушкули кўп унинг, кўпдир тугуни.
Фаровон вақтларинг сиғин Оллоҳга,
Тўқ юрган дамларда танигил уни.
 
 
Оллоҳ раҳмлидир ҳам меҳрибондир,
Хор этмас оқибат ҳеч бандасини:
Ёлғиз қўймас сени қийин дамларда,
Оғир кунларингда танигай сени.
 

* * *

Бахтсизлик уч нарсададир: отда, хотинда, ҳовлида.

БАХТСИЗЛИК

 
Оллоҳнинг тошидир банданинг боши,
Ҳар банда гоҳ ёлғиз, гоҳ арсададир .
Сен ҳам фиғон чекма борлиқни ўйлаб,
Бахтсизлик аслида уч нарсададир:
 
 
Яъни ёмон бўлса минган тулпоринг,
Бахтсизлик эрур бу – аламлар берур.
Яна тан маҳраминг – жуфти ҳалолинг
Ёмон бўлса агар – бахтсизлик эрур.
 
 
Кўнгил ситамларга кўниккай балки,
Балки барчасига дош берса бўлур.
Ва лекин тор бўлса уй-жойинг, яна
Қўшнинг ёмон бўлса – бахтсизлик эрур.
 

* * *

Беш вақт намоз гўё мусулмоннинг дарвозаси олдидан оқиб турган дарё, унда ҳар куни беш марта ювиниб турса, баданда кир қоладими?

БЕШ ВАҚТ НАМОЗ

 
Беш вақт намоз гўё бешта дарёдир
Дарвозанг олдидан оқиб ўтгувчи.
Жисму жон ғусли шу, шудир аслида
Кўнгил кўзгусини чарақлатгувчи.
 
 
Сенинг шукронанг шул эҳсонларига,
Қалбинг ҳам бир гўзал нурларга тўлгай.
Ҳар куни беш маҳал покланиб турсанг,
Кавсар сувлари ҳам насибинг бўлгай.
 

* * *

Умматларим бамисоли ёмғир кабидирким, ёмғирнинг бошланиши ҳам, охири ҳам фойдалидир.

ФОЙДАЛИ ЁМҒИР

 
Оламда одам кўп ҳар тил, ҳар турлик,
Оламда гоҳ тошқин, гоҳи ёнғиндир.
Менинг умматларим бамисли найсон,
Менинг умматларим мисли ёмғирдир.
Улар тупроқ узра эзгулик сочиб,
Очиқ юз, софдил, нур дийдали бўлур.
Фойдалидир ёмғир бошланиши ҳам,
Унинг охири ҳам фойдали бўлур.
 

* * *

Замоннинг ўтиши киши учун панду насиҳат, ўлим эса ҳаммани бир-биридан ажратувчидир.

ЎЛИМ

 
Умр фароғатми ёки азият?
Умр – бу гоҳи сув, гоҳи ўт иши.
Дунёда яшовчи кимсалар учун
Панду насиҳатдир замон ўтиши.
 
 
Ҳаёт чеҳраларга гоҳида севинч,
Гоҳида шабнамлар сачратувчидир.
Фақат ўлим бордир. Ҳаммани фақат
Ўлим бир-биридан ажратувчидир.
 

* * *

Кимки отасининг вафотидан кейин ҳам унга яхшилик қилишни истаса, унинг ёру биродарлари билан алоқани узмасин.

САВОЛ

 
Яхши одам эди отанг раҳматли.
Бу дунё азалдан мунг бирлан алам.
Тирик юрган пайти – майли, отангга
Яхшилик қилдингми ўлгандан сўнг ҳам?
 
 
Яъни ундан кейин дўстлари қолмиш,
Ярим кўнгилларин йўқлаб бир сафар,
Бирор-бир яхшилик қилолдингми ё
Аларнинг ҳолидан олдингми хабар?
 

* * *

Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу одобдан улуғроқ мерос беролмайди.

МЕРОС

 
Отадан фарзандга не юқар бир кун?
Молу давлатими – у тугар бир кун.
Қасру айвонлари топгайми эъзоз?
Қандай мерос яхши, қайси мерос соз?
 
 
Билсанг, ҳеч бир ота ўз фарзандига,
Ўзидан сўнг қолар жигарбандига
Мерос беролмагай чиройли ва хос
Хулқу одобдин ҳам улуғроқ мерос.
 

* * *

Садақанинг афзали чанқоқ одамларга сув улашмоқликдир.

САДАҚА

 
Дунёнинг ишлари, ўйласанг агар,
Дилни чулғаб ташлар кўҳна мотамга.
Умринг ўтиб кетмиш сувдай, бир коса
Сув тута олдингми чанқоқ одамга?
 

* * *

Ёмон улфатдан яккалик яхши, яккаликдан яхши улфат яхши, жим ўтиргандан фойдали гап яхши, бефойда гапдан сукут сақлаган яхши.

НИМА ЯХШИ?

 
Яккалик яхшидир ёмон улфатдан,
Яккаликдан кўра бир яхши ҳамдам.
Фойдали гап яхши жимликдан кўра,
Сукут яхшироқдир бефойда гапдан.
 

* * *

Одам танасида қориндан ёмонроқ идиш йўқдир. Инсон бир неча ошам овқат билан кифояланади. Агар зарур бўлса, қориннинг учдан бирини овқатга, яна учдан бирини сувга, қолган учдан бирини нафас олишга ажратсин.

ОДАМ ТАНАСИДАГИ ИДИШ

 
Ўрин қолдирмагай асло нолишга,
Айниқса, ажратса қараб хоҳишга:
Учдан бирин овқат, учдан бирин сув,
Қолган учдан бирин нафас олишга.
 

* * *

Худодан афв ва офият сўранглар. Чунки ҳеч бирларингиз имондан кейин офиятдек буюк неъматни топа олмайсизлар.

ОФИЯТ

 
Кўнгил ҳовлисидан, ақл томидан
Шубҳа-гумонларнинг қорини куранг.
Меҳроб нуқтасига жамланг фикрни,
Худодан афв ва офият сўранг.
Чунки ҳеч бирингиз, қанча уринманг,
Қанчалик сарф этманг молу давлатни,
Топа олмагайсиз имондан кейин
Офият сингари буюк неъматни.
 

* * *

Қайси бир мўминга Худо солиҳа хотин насиб қилган бўлса, демак унинг диёнатининг ярмига ёрдам қилибди. Қолган иккинчи ярми учун унинг ўзи ҳаракат қилсин!

ЯРИМ ДАВЛАТ

 
Ҳаёли, кўнгилчан бир солиҳани
Худойим умрингга ҳамдам қилибди.
Демакким, имону диёнатингнинг
Ярмига у ўзи ёрдам қилибди.
Сенга муруввату эҳсони шулдир,
Шулдир уйингдаги рахшон юлдузинг.
Қолган ярми учун ўзинг жон чеккил,
Ўзинг азоб тортгил, интилгил ўзинг.
 

* * *

Неъматга шукр қилиш унинг заволидан омон сақлайди.

ШУКРОНА

 
Неъматга шукр қил. Пойингда ер бор,
Шукр қил, тепангда турибдир осмон.
Билсанг, ҳар неъматга шукронанг сенинг
Унинг заволидан сақлагай омон.
 

* * *

Икки неъмат мавжуд бўлиб, кўпчилик одамлар уни қўлдан бой бериб қўядилар. Бу – тансиҳатлик билан бўш вақтдир.

ИККИ НЕЪМАТ

 
Бу ёруғ дунёда қанча меҳнат бор,
Лекин инсонларга икки неъмат бор.
Кўрингким, не каслар улоқиб йўлдан,
Бу икки неъматни бергайлар қўлдан.
Бу – на бойлик эрур, на шону шуҳрат,
На айвонларию на тахтларидир.
Кўпчилик йўқотган бу икки неъмат
Уларнинг соғлиги, бўш вақтларидир.
 

* * *

Тангридан фойдали илмни сўранглар. Фойдасиз илмдан эса четлашинглар.

ИЛМ

 
Дилни зиё бирлан чулғаб ўрангу
Маърифат мулкида чироқ бўлинглар.
Оллоҳдан фойдали илм сўрангу
Фойдасиз илмдан йироқ бўлинглар.
 

* * *

Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, жазоловчи (Худо) эса ўлмайди. Хоҳлаган ишни қил, диёнатингга яраша жазо ёки мукофот олурсан.

ЯХШИЛИК ЭСКИРМАГАЙ

 
Бу – юз минг азизларни ўздин ўткарган работ,
Бу – юз минг кўнгилларга вафо қилмаган дунё.
Хоҳлаган ишингни қил, юргил хоҳлаган йўлда,
Яхшилик эскирмагай, унутилмагай гуноҳ.
 
 
Диёнатинг не бўлса, жазо ҳам шундоқ бўлур,
Фақат Оллоҳ мангудир, ўлмагай фақат Оллоҳ.
Хоҳлаган ишингни қил, юргил хоҳлаган йўлда,
Яхшилик эскирмагай, унутилмагай гуноҳ.
 

* * *

Оллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради.

ГЎЗАЛЛИК

 
Ялтироқ дунёнинг аҳволина боқ:
Унда шому саҳар ясан-тусандир.
Бари алдамчидир, бари омонат,
Фақат Худо мангу, Худо гўзалдир.
 
 
У гўзал ишларни хуш кўргай билсанг,
Анграйма ҳашамнинг бозорига сен.
Қалбинг гўзал бўлса, ахлоқинг гўзал,
Тушгайсан Оллоҳнинг назарига сен.
 

* * *

Ҳаёнинг бутун вужуди яхшидир. Ҳаё доимо яхшилик келтиради.

ҲАЁ

 
Ёмондир имонинг кемтик бўлса гар,
Хушдурур нафсингнинг бўлса ҳудуди.
Яхшилик келтиргай ҳамиша ҳаё,
Ҳаёнинг яхшидир бутун вужуди.
 

* * *

Қазони дуо қайтаради, яхшилик қилиш умрни узайтиради.

ДУО ВА ЯХШИЛИК

 
Иморатлар қуринг, солинг қасрлар,
Истанг олам кезиб, бахшилик қилинг.
Неки қилсангиз ҳам қай касб, амалда,
Аввал дуо олинг, яхшилик қилинг.
Ҳеч бир савобингиз кетмагай беиз,
Ҳар бир қилмишингиз кузатилгайдир.
Балою қазодан қайтарар дуо,
Яхшилик – умрни узайтиргайдир.
 

* * *

Сўзда сеҳр, шеърда эса ҳикмат бор.

СЎЗ ВА ШЕЪР

 
Сўз – инсон дилининг кўрк, либосидир,
Сўзким гўзал эрур, унда меҳр бор.
Бесабаб кўнгилга солмагай Худо
Бир сўзни, демакким, сўзда сеҳр бор.
 
 
Бу олам яшнагай эзгуликлардан,
Токи инсонларда қалб ва ҳиммат бор.
Шеър ҳам яралмагай бекорга асли,
Шеърда Расулуллоҳ айтган ҳикмат бор.
 

«Умидим асрагил ноумидликдан…»

 
Умидим асрагил ноумидликдан,
Даврон одимлари чигал ва қалтис.
Худойим, синовлар дунёсидаман,
Тўғри йўл кўрсатур ҳикмат ва ҳадис.
 
 
Гўё қирқ соҳилдан ўтдим кўзда ёш,
Меҳру карамингдан этмагил жудо.
Мен ҳам сўз демишман қурбим борича,
Ўзинг ёруғ қилгил юзимни, Худо.
 
1992–2001 й.й

ВАТАННИ ЎРГАНИШ

«Қадр билмас ёр олдида қадрим надир…»

 
Қадр билмас ёр олдида қадрим надир?
Изтиробим, ихлосим ҳам дардим надир?
Туфроқ бўлсам бу йўлларда гардим надир?
Увол этдим, эсиз, дилнинг дарёсини.
 
 
Балдоғидай ялтироқдир оламлари,
Жондин ўтди миннатлари, аламлари.
Доғларимнинг кўмиридан қаламлари,
Кўзга суртди, лек билмади маъносини.
 
 
Кўнгил у кун адирларда йиғлар эди,
Тошқинлари тошлар аро ухлар эди.
Кўклам ҳар қир, ҳар ўнгирда тахлар эди
Менинг бағир қонларимдан сарпосини.
 
 
Бир осмонни бир юлдузга зор этди ёр,
Бу дунёни ўз кўзига тор этди ёр,
Менинг тупроқ остонамни хор этди ёр,
Топсин энди остонанинг тиллосини.
 
1992

ВАТАН ЁДИ

 
Эпкинлари кўзларимга ёш урган,
Товонимга тикон кирган, тош урган.
Сўқмоқлари тизларимга суйкалиб,
Адирлари оёғимга бош урган.
 
 
Ҳар хасида юз минг боғнинг қиссаси,
Чинорлари осмонларнинг ҳассаси.
Мамасайид бобомнинг обдастаси
Сўрисида зору интизор турган.
 
 
Мозорлари шомлар ичра қарориб,
Юлдузлари нурли ҳикмат юбориб,
Туфроғига Оллоёрлар шеър қориб,
Термизийлар хаёл сурган, ўй сурган.
 
 
Майсаларнинг тили, сувлар бадани
Қандай гўзал тушунгайлар Ватанни.
Эй, зангламас қиличларнинг мадфани,
Бўронлари тулпорларга соч ўрган.
 
 
Мозийлардан тинглаб ҳақир сўзимни,
Бир юз келиб куйдироди юзимни.
Очай десам, очолмайман кўзимни,
Қалдирғочлар қабоғимга ин қурган.
 
1992

ОҚ РЎМОЛЛАР

 
Завол балқиб уммонимда, наҳримда,
Шарму ҳаё танқис бўлган давримда,
Оқ рўмоллар пайдо бўлди шаҳримда,
Ҳайрон этиб кўникмаган кўзларни.
 
 
Бунча очиқ, бунча беҳаё дунё,
Алар уч… тўрт… алар ҳозирча танҳо,
Фаришталар ташлаб кетдимикан ё
Тун чоғида танлаб тоза қизларни?
 
 
Шунча йиллар фақат офат келдими?
Оқ рўмоллар бирлан иффат келдими?
Юртдан кетган ул латофат келдими?
Не қалтироқ босди ногоҳ тизларни?
 
 
Хаёлларим менинг ғамдан қорарди,
Кўксимдаги доғлар илдиз ёрарди,
Бир муслима ҳаётимга қарарди,
Ҳижоб ичра айтолмай бир сўзларни.
 
 
Келгусидир, кетгусидир шамоллар,
Пок бўлсинлар бундан кейин аъмоллар,
Қандай гўзал кўрингай оқ рўмоллар
Беркитганда айниқса оқ юзларни.
 
1992

«Э Худойим, душманим мард бўлса бас…»

 
Э Худойим, душманим мард бўлса бас,
Кўксим ичра бир улуғ дард бўлса бас.
Кипригимга Мавлавийдан бир ғубор,
Яссавийдан зарра бир гард бўлса бас.
 
1992

ВАТАНДОШЛАР

Туркистонлик муҳожирларга
 
Андижондан Бобур оҳин дуди келар,
Самарқанддан Улуғбекнинг ёди келар.
Шамол турса, Туркистоннинг ҳиди келар,
Шунча йиллар шамол кутган ватандошлар.
 
 
Кўринганлар менинг тоғу тузум бўлди,
Айрилиқ ҳам шунчаларми узун бўлди?
Ўз юртимда қаро менинг юзум бўлди,
Юртдан кетиб, ғурбат ютган ватандошлар.
 
 
Мен ким, дардин ичга ютган бир шоирман,
Куйиб на кул бўлдим, йиғлаб на ёмғирман,
Сизлар эмас, аслида мен муҳожирман,
Сийнасида Ватан кетган ватандошлар.
 
 
Ўз юртига сиғмай кетган ўгайларим,
Айтаберсам, зирқирайдир кўкайларим.
Сиз Фурқатим, сиз Мустафо Чўқайларим,
Қисмат шўрин таъмин тотган ватандошлар.
 
 
Сизга тушди дунёнинг бор жабрлари,
Сиз япроқлар, тоғларчалик сабрлари,
Йиғлаб ётар Яссавийнинг қабрлари,
Йўлларига тикон битган ватандошлар.
 
 
Сиз ғурбатда нурамаган минорларсиз,
Гарчи гоҳи хаста, гоҳи беморларсиз,
Томирлари бунда қолган чинорларсиз,
Жисмлари сарсон ўтган ватандошлар.
 
 
Талон бўлди бу мулк, кетди хазиналар,
Минорларга боқсам, бунча ҳазин алар.
Ватан бўлди сизга Макка, Мадиналар,
Олислардан дуо этган ватандошлар.
 
 
Мен-чи, мен ўз боғимга соз қаролмадим.
Топтадилар, сизлар ким, деб сўролмадим.
Ҳеч бўлмаса бир ҳижратга яролмадим,
Ҳижратлари ҳикмат айтган ватандошлар.
 
 
Сиз кексайган, вале юртнинг баҳорисиз,
Туркистоннинг тўзғиб кетган ғуборисиз,
Андижоний, Туркистоний, Бухорийсиз,
Ватан номин асраб ўтган ватандошлар.
 
1992

КУЛГИЧЛАР

 
Фалак тоши бошим узра айланади,
Кўнглим сенга бир кун ипсиз бойланади.
Тақдир менга ўйин қилиб келди азал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Агар кўзлар юз мулкининг шоҳидирлар,
Алар мендай ғарибларнинг чоҳидирлар.
Бунда ғариб ҳар қандайин шеъру ғазал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Раҳмим келар ўз ҳолимга, йиғлайдирман,
Ўз-ўзимдан бу дунёга сиғмайдирман.
Не бўлди бу, оҳ қандайин мушкул масал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Иложим йўқ, лекин боғлиқ бўлиб қолдим,
Кўп доғ эдим, яна доғлик бўлиб қолдим.
Ўнгланмайин ўтсам керак энди бу гал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Дудоғларинг, ухласанг гар, гулдайдирлар,
Кулгичларинг бунча гўзал ухлайдилар.
Бу бир хаёл, менинг умрим хаёл тугал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Ақлу ҳушдин айро, бўзлаб яшадим мен,
Хаёлимда фақат гўзал яшадим мен.
Ишқ, муҳаббат деганларим бўлди чигал,
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
 
 
Гўзал, сенинг кулгичларинг бунча гўзал.
Тақдир менга ўйин қилиб келди азал.
Сен бир кулсанг, умрим гўзал савол бўлгай,
Армон билан ўлиб кетсам, увол бўлгай.
 
1992

АЛАМ

 
Боғлари мунғайди орзуларимни,
Қаролиғ чулғади уйқуларимни,
Қувнаб, тўй-тўйлашиб қайғуларимни,
Эй сиз, қаро сочлар, юлдуз қароғлар,
Нима топдингиз?
 
 
Ҳар хасни кўзимга бир гиёҳ айлаб,
Келдингиз аввали бир нигоҳ айлаб,
Ўз қоним ўзимга сўнг сиёҳ айлаб,
Эй сиз, анор юзлар, ақиқ дудоқлар,
Нима топдингиз?
 
 
Мижгонлар сир сақлар – йиллардай узун,
Кўксимда йиғлайди бир қирмиз узум.
Юзим куймоқдадир, куйдимми ўзим,
Эй, сиз, оташ қўллар, олов бармоқлар,
Нима топдингиз?
 
 
Мавзун қаддингизда надин титроқлар?
Сиз букун аламли сўлғин япроқлар.
Эй сиз, юпқа томоқ, бодом қабоқлар,
Осмондай кўнглимга солиб ямоқлар,
Нима топдингиз?
 
1992

«Сочларингни майдалай…»

 
Сочларингни майдалай,
Бу дунё бир маталдай.
Туш десанг аёни йўқ,
Ҳуш десанг поёни йўқ.
 
 
Сочларингни майдалай,
Бу дунё бир масалдай.
Бир боқсанг бандаликдир,
Бир боқсанг андалибдир.
 
 
Сочларингни майдалай,
Бу дунё бир майсадай.
Биз кўзлари намлармиз,
Майсада шабнамлармиз.
 
 
Сочларингни майдалай,
Бу дунё бир ғазалдай.
Бир байтида мен хорман,
Бир байтида сен зорсан.
 
 
Бу дунё бир маталдай.
Мажнунлари қайдалар?
Сочларингни майдалаб,
Майли мен ҳам ҳайдалай.
 
1992

СЕНИНГ УМРИНГ

 
Ойларинг ўрнини чақинлар олар,
Сойларинг ўрнини тошқинлар олар.
Бир кун атрофингда фақат ер қолар,
Бошингдан юлдузли осмонинг кетар.
 
 
Гулгун кунларингни ортига ташлаб,
Гоҳ яшнаб, гоҳида қиличдай чақнаб,
Адирлар ортидан қулундай кишнаб,
Бир беғам, безавол давронинг кетар.
 
 
Баҳоринг кетгайдир аста қўлингдан,
Хаслар ҳикмат сўйлар юрган йўлингдан.
Муҳаббат кетса гар ул кун дилингдан,
Пойингдан устивор нарвонинг кетар.
 
 
Дийдаларинг аро кетмай ним кулгу,
Аларга ўрнашиб олмишдир қайғу.
Ярми кўк, ярмиси сарғайган орзу
Мисоли бир барги хазонинг кетар.
 
 
Нолакор янграгай ногоҳ созларинг,
Сароб севгиларда куймиш ёзларинг.
Учгайлар видоли ўрдак, ғозларинг,
Кўкларда нолаю афғонинг кетар.
 
 
Сенга кам дегандай шунча мотамни,
Йиллар йиқитгайлар бир кун отангни.
Муз шамол тилгайдир нохос бетингни,
Кўксингни тўсган ул қалқонинг кетар.
 
 
Ҳазинлик қоплагай майсазорингни,
Боғларинг чорламас тоғда қорингни.
Сени ёр англамас, сен-чи ёрингни,
Мижгонлари айтган достонинг кетар.
 
 
Шудрингдан саодат кутгай йигитлик.
Ўт ютиб, вале гул тутгай йигитлик,
Шамшир шуъласидай ўтгай йигитлик,
Шу оний шуълада карвонинг кетар.
 
1992

АФСУС

 
Бу ёруғ дунёда юрганлар бари,
Ярмин зўри борлар, ярмисин зари,
Сарв санамлари, гул дилбарлари –
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
 
Кўксида ёз эмас, қишлари борлар,
Кўзларин тубида тишлари борлар,
Ҳаттоки кўнглимга ишлари борлар –
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
 
У бир уй ва ёки хонадонмиди?
Ёки очиқ турган жамадонмиди?
Ў, қандай озода бир макон эди!
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
 
Эй малак, сен минг йил иболар қилгил,
Минг бор ўлдиргилу бинолар қилгил,
Кўнглим қон бўлди, сен хинолар қилгил,
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
 
Онажон, рангингиз бунчалар синиқ,
Ҳовлида дўл урган ғунчалар синиқ,
Кўксимда бир қамиш куй чалар – синиқ,
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
 
Унда фароғат кам, алам кўпроқдир,
Ёруғ ёлқинлари кулдир, тупроқдир.
Мисли қуюнлардан чиққан япроқдир,
Ҳеч ким кўнглим билан ҳисоблашмади.
 
1992

«Ой нурлари ёйилади сайҳонларга…»

 
Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,
Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.
Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар
Нечун маъюс тикилади осмонларга?
 
 
Бу айвонлар кўз олдимдан кетмай қолди,
Ойлар, йиллар тўхтаб, гўё ўтмай қолди.
Кўнгил, сенинг гўзал доғинг битмай қолди,
Нечун бунча дўст бўлдинг сен армонларга?
 
 
Мен онамнинг тушларига кирган ўғил,
Кўксим ичра аламларим шиғил-шиғил.
Эй дунё, сен меҳру мурувватинг қўйгил,
Йўргакладинг мени ҳажру ҳижронларга.
 
 
Ой нурлари ёйилади сайҳонларга,
Томлар оша ўтар сўнгра айвонларга.
Айвонларда ниҳолдайин келинчаклар
Нечун маъюс тикилади осмонларга?
 
 
Қанча райҳон хаёлларим пайҳон бўлар,
Сайҳонлар қир, қирлар текис сайҳон бўлар.
Эй дил, бир кун теграларинг райҳон бўлар,
Ишим бўлмас менинг ул кун райҳонларга.
 
1992

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.