Kitabı oku: «УМР КИТОБИ 3-жилд»
МАҲМУД ТОИР
УМР КИТОБИ
3-жилд
Шеърлар
Тўртликлар
Иккиликлар
Достонлар
ТОШКЕНТ-2022
Сўзбоши ўрнида
“ҲАҚНИ ТАНИБ ҲУР БЎЛАР ОДАМ…”
Ўзингиз яқиндан таниган-билган инсон ҳақида сўз айтиш қийин. Гўё у киши ҳақида ҳамма нарсани биладигандексиз, лекин таърифлай десангиз, қайси жиҳатини айтишни билмай, бехос тараддудланиб қоласиз. Агар кимдир мендан халқимизнинг ардоқли ижодкори, жонкуяр публицист, фаол жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ҳақида фикр сўраса, шундай ҳолатга тушиб қолишим табиий.
Маҳмуд акани бундан қирқ беш йил муқаддам илк бор телевизорда – “Қувноқлар ва зукколар” кўрсатувида кўрганман. Бу менинг шоир билан ғойибона танишувим эди. Ўша мусобақада Тошкент ва Фарғона вилоятлари ёшлари ўзаро беллашган, ҳамқишлоғимиз бўлган Маҳмуд Тоиров Тошкент вилояти жамоасининг билимдон ва ташаббускор сардори сифатида кўпчиликда яхши таассурот қолдирган эди.
Орадан бир мунча фурсат ўтиб, Тошкент давлат университетига, журналистика факультетига ўқишга кирдим ва Маҳмуд ака шу олийгоҳнинг филология факультети кечки бўлимида таҳсил олишини, айни пайтда “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида ишлашини билиб олдим. Шундан сўнг у киши билан яқиндан танишиб, гоҳ Паркент, гоҳ Тошкентдаги турли адабий давраларда тез-тез кўришиб турадиган бўлдик.
Ярим асрлик вақт – бир одамнинг сурату сийратидаги эврилишлар учун етарли муддат. Бироқ йиллар шамоли Маҳмуд Тоирнинг қалби ва қиёфасига кўп-да ўзгариш киритгани, кирита олгани йўқ. Барчамиз билган Маҳмуд ака ўша-ўша жингалаксоч ва алпкелбат, ўша-ўша вазмин ва оқкўнгил, ўзлигини, сажиясини бус-бутун сақлаб, асраб-авайлаб келаётган инсон.
У киши отадан эрта етим қолиб, тўнғич ўғил сифатида рўзғор ташвишларини муштипар онаси билан бирга ўз елкасига олгани, ука-сингилларининг ҳаётда ўз йўлини топиб олиши, оила қуриб, уйли-жойли бўлиши учун қанчалар елиб-югурганини биламан. Бу ҳолат қайсидир маънода унинг эрта улғайишига, дунёга теранроқ нигоҳ билан қарашига сабаб бўлди.
Эҳтимол, мана шу машаққатлар, юракдаги дард унинг шоир сифатида камол топишига замин яратгандир. Ҳар нечук, у ўз эсдаликларида: “Болалигимнинг роҳатидан кўра, азоби кўп бўлган. Балки ана шу азобларнинг оғриқлари, отам раҳматли ўқиган ғазалларнинг оҳанглари мени шоир қилгандир”, деб бежиз ёзмаган.
Маҳмуд ака университетни тугатгач, Ўзбекистон радиосининг “Болалар ва ўсмирлар” редакциясига ишга кирди. Мен “Гулистон” журналида иш бошладим. Икки ёш ижодкор илк машқларимизни бир-биримизга кўрсатиб, ўзбек ва жаҳон адабиётидан ўқиган мумтоз асарларимиз ҳақида фикр алмашиб, ютуқларимиздан қувониб юрдик.
Барчамиз биламизки, аксарият қалам аҳли ўқишни тамомлаб, Тошкентда – катта имкониятлар шаҳрида қолишни афзал кўради. Шу маънода биз, ёр-дўстлари ҳам Маҳмуд аканинг пойтахтда томир отиб, палак ёйишига шубҳа қилмас эдик. Бироқ у ҳаёт тақозосига кўра бошқа йўлни танлади.
Кўп ўтмай, аниқроғи, 1984 йили ўзи суйиб-ардоқлаган, “она деса бир сўзидан уққан, кўксига гул чечагин тумор қилиб таққан ер”ига –“Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир, Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир”, деганича жонажон Паркентига қайтиб, туман газетасида ишлай бошлади… Буни қарангки, мана, орадан қарийб қирқ йил ўтибди, ҳамон бу даргоҳ Маҳмуд ака учун қадрдон.
Бу фактни келтиришдан мурод шулки, бир жойда ўттиз-қирқ йиллаб муқим хизмат қилиш, камтарона лавозимнинг иссиқ-совуғига сабр-бардош бериб яшаш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Айниқса, киши қўлидан катта ишлар келадиган моҳир қаламкаш, таниқли шоир бўлса, уни ўз жамоаси сафида кўришни истайдиган, яхши маош ва қулай шароит ваъда қиладиганлар атрофида албатта кўплаб топилади. Бинобарин, Маҳмуд Тоировга ҳам шу ўтган 38 йил ичида камида 38 та нуфузли жойдан иш таклиф этилганига шубҳа йўқ. Бироқ бу таклифлар ҳарчанд жозибадор, ҳарчанд истиқболли бўлмасин, у она қишлоғини, қадрдон “Паркент тонги” таҳририятини, ҳамкасблари ва шогирдларини ташлаб кетмади.
Аслида шоир зотига нима керак? Бир бурда ҳалол нон, ижод учун тинч жой, давоту қалам бўлса, бас-да. Тағин “шўх ирмоқларнинг товушию майсаларнинг тиллашиши, япроқларнинг сўйлашиши” керак. Чунки унинг бедор ва мутаассир қалби ғунчаларнинг гуллашидан илҳом, илдизларнинг табассумидан қувват олади.
Мени тошлар тинглашади, дили борга ўхшайди,
Еллар сочим силашади, қўли борга ўхшайди,
Аё дўстлар, майсаларнинг тили борга ўхшайди,
Мен дилимни хушлаб тургум, ирмоқлар куйлашганда,
Мен тилимни тишлаб тургум, япроқлар сўйлашганда.
Ижодий фаолиятини эрта бошлаган бўлса-да, Маҳмуд Тоир қирқ ёшларида шоир сифатида танилди. Гап шундаки, у адабиёт майдонига ҳам ўз табиатига хос босиқлик, катта бир ички тайёргарлик билан – “Менинг ҳам айтажак қўшиқларим бор”, деган чуқур ишонч билан кириб келди.
Ёзди, лекин ёзганларининг ҳаммасини ҳам эълон қилишга ошиқмади, арзон шуҳратга интилмади. Балки аввал кўп ва хўп ўқиб, ўрганиб, ҳаётий тажриба тўплашга, шоир бўлишдан олдин шоирлик фазилати ва масъулиятини қалбига сингдиришга (ахир, даъвоси мўл эрса-да, аъмолу атвори бундан минг чақирим узоқ бўлган назмбоз кимсалар қанча!) интилди.
Билмадим, эҳтимол бу оддий тасодифдир, ё Худонинг ўзи кўнглига солгандир, Маҳмуд Тоирнинг биринчи китоби юртимиз мустақилликка эришган 1991 йилда дунё юзини кўрди. Маҳмуд аканинг Ватан ҳақида жўшиб ёзиши, ёзганда ҳам қалб қўрини қўшиб ёзиши балки шундандир.
Шамолларнинг шокиласи дарахтларнинг бўйнидадир,
Тоғлар тошин дил изҳори ирмоқларнинг ўйнидадир.
Ошиқ булбул сир, хандаси ғунчаларнинг қўйнидадир,
Айтар сўзим сувратини, Момо ерим, ўзинг бердинг.
Майсаларинг шивирлашди, тизлар чўкдим, қулоқ бердим,
Билмай босиб чумолини, гуноҳимга сўроқ бердим.
Ватан не, деб сўрганларга бир кафтгина тупроқ бердим,
Менга Ватан сийратини, Момо ерим, ўзинг бердинг…
Мен ўтган асрнинг 90-йиллари аввалида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида раҳматли шоиримиз Муҳаммад Юсуф билан бирга ишлар эдим. Бу ўринда нега айнан бу ажойиб инсонни эслаётганимнинг боиси бор, албатта.
Мен ҳар икки шоир ижоди билан яқиндан таниш бўлган хайрихоҳ мухлис сифатида Муҳаммад Юсуф ва Маҳмуд Тоирнинг ижодий услублари, ҳаётий ва бадиий қарашлари ҳам ўхшаш эканини пайқаган, шунинг учун уларни таништириб қўйишни истар эдим. Фурсати келиб, ниятимга етдим.
Ҳозир эслаб, кўнглим ёришади. Улар дўстлашиб, то Муҳаммад Юсуфнинг вафотига қадар, ўн йил давомида қалин оға-ини бўлиб, адабиёт йўлларида ҳамнафас бўлиб ижод қилдилар.
Бугун бу икки донгдор шоирнинг ҳам минглаб-миллионлаб мухлислари бор. Бу бежиз эмас, албатта. Улар оддий одамларнинг қалбини тўлқинлантирган, дилининг тўрида, тилининг учида турган гапларни топиб, содда ва халқона оҳангларда айта олганлари учун ҳам барчага севимли ва қадрлидир.
Қаранг, ўзбекнинг улуғ ўғлони Муҳаммад Юсуф мустабид тузум даврини, унинг бутун моҳиятини бир сўз билан қандай таъсирчан йўсинда тасвирлаган эди:
Гарчи бошин эггани йўқ эдик бизлар,
Экканидан теккани йўқ эдик бизлар.
Ватанида ватани йўқ эдик бизлар…
Соддагина, хоксоргина сўзлар, лекин улар замиридаги маънонинг теранлиги ҳар қандай одамни лол қолдиради. “Ватанида ватани йўқ эдик бизлар” – эл-юртимиз бошидан кечирган мудҳиш кунларнинг бундан ортиқ ҳаққоний таърифи бўладими!
Атоқли адабиётшунос олим ва мунаққид, раҳматли устозимиз Озод Шарафиддинов ўз вақтида Муҳаммад Юсуф ижоди ҳақида шундай фикрларни билдирган эди: “Унинг шеърлари бир қарашда жуда содда, жўн ёзилганга ўхшаб туюлади. Аммо унга ўхшатиб ёзиб кўринг-чи? Қўлингиздан келмайди! Унинг осон ёзиладиганга ўхшаб кўринган мисралари мухлисларини йиғлатади, кулдиради, ўз оғушига тортиб олади”.
Мен бу фикрларни ҳеч иккиланмасдан Маҳмуд Тоир ижодига нисбатан ҳам айтиш мумкин, деб ўйлайман. Чунки Маҳмуд Тоир ижоди ҳам халқимизнинг зоҳиран содда, ботинан чуқур тафаккур чашмасидан озиқланади, сув ичади ва ундан нозиктаъб шеърхонларни ҳам баҳраманд этади.
Кейинчалик Озод домла Маҳмуд Тоир шеърларига ҳам шундай ҳаққоний баҳо берди. Орадан йиллар ўтиб, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуров каби адабиёт дарғалари ҳам бу ҳақиқатни эътироф этиб, унинг асарлари ҳақида самимий ва холис фикрларини билдирдилар.
Шоирнинг бир нафасда ёзилгани равшан кўриниб турган мана бу қуйма сатрларига эътибор беринг. Уларда халқ достонларига хос поэтик тафаккур, элимизнинг қадим мақолларига, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девон”ида зикр этилган халқчил ҳикматларга ҳамоҳанг теранлик, Лутфий, Отойи, Махтумқули сингари мумтоз шоирларимиз ижодига хос донишмандлик ва табиий равонлик акс этмаганми:
Шоирлари ухлаб ётса, элини ким уйғотар?..
***
Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир.
***
Нафс ғолиб келган жойда
Кўнгил кўзи кўр бўлур.
***
Майдонга тушган мард манглай қашимас.
***
Ўтган ишга домонгир бўлма,
Тўкилмасанг, шунчаки тўлма.
***
Тулпор тоққа чопиб чиқмас,
Балиқ гавҳар топиб чиқмас,
Қарич билан қадамлама,
Сохта кўз ёш қалқиб чиқмас.
***
Сиз ойга осилманг, нарвонингиз йўқ,
Қуёшга қўл чўзманг, давронингиз йўқ.
Юлдузлар узоқда, етмайсиз, аниқ,
Чунки қалбингизда осмонингиз йўқ,
***
Тўлқин-тўлқин дарёлар,
Тўлқинида оҳим бор.
Ўртамизда риёлар,
Менинг не гуноҳим бор?
***
Қошларингда камон, ёй кўрдим,
Ёноғингда ёнар ой кўрдим,
Мен ўзимни бир гадой кўрдим,
Бир бўса бер кулгуларингдан.
***
Отанг обрўсига кўксингни кериб,
Юрсанг ҳар юлдузни бенарвон уриб,
Ногоҳ қоқилсангу кетмасанг туриб,
Марднинг боласиман, деганинг бекор.
***
Ҳар дарёнинг боши бор,
Ҳар кўзнинг ўз ёши бор,
Ҳам табибман, ҳам бемор,
Мендан мени сўрама.
Албатта, шоир ижодининг гултожи бўлган бундай гўзал мисраларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шу маънода, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов: “Маҳмуд Тоир шеърларида жилғалар рақсга тушиб, тошлар қўшиқ айтади”, деганида юз бора ҳақ эди. Чиндан ҳам, шоир ижодига хос инжа хусусиятлардан бири ҳам шу: унинг асарларида гиёҳлар, тоғу тошлар, жилғаю ирмоқлар китобхон кўз ўнгида табиатнинг тил-забонсиз, жонсиз унсурлари эмас, балки тирик мавжудотлар, жонли образлар сифатида намоён бўлади.
Ярим асрдан зиёд давом этган қизғин ва самарали ижодий фаолияти мобайнида шоир “Огоҳ бўл, дунё!”, “Янги Тошкентнома”, “Ошиқ оҳи”, “Оқиб кетган армонлар”, “Отамнинг ўкинчи” каби салмоқли достонлар, туркум сафарномалар яратди. Бу асарлар жамоатчилик томонидан ўзига хос адабий воқеалар сифатида эътироф этилди.
Маҳмуд Тоир ўзбек замонавий қўшиқчилик санъати ривожига ҳам муҳим ҳисса қўшаётган шоирларимиздан. Аслида, у бирор мисрани атай қўшиқ бўлсин деб ёзмайди, балки шеърлари ўз куйи, ўз оҳанги билан дунёга келади. Чуқур мазмуни, ёрқин услуби боис, улар ҳофизлар ўртасида талаш бўлади. Бугун машҳур хонандалар томонидан куйланаётган ўнлаб шеърлари миллионлаб санъат мухлислари қалбидан муносиб жой олган, десак адашмаймиз.
Маҳмуд ака пойтахтдан ташқарида яшаб ҳам жамият ижтимоий ҳаётининг қайноқ нуқталарида кўзга кўринган намоянда бўлиш, “Ўзбекистон халқ шоири” деган юксак рутбага эришиш мумкинлигини исботлаган ижодкорлардан биридир.
У ўтган давр мобайнида моҳир публицист сифатида ҳам шаклланиб, кўплаб мухлисларига эга бўлди. Қалби, фикри уйғоқ адиб бугунги кунда ҳам муҳим ва долзарб мавзудаги чиқишлари билан марказий газета ва журналларда, маънавий-маърифий анжуманларда мунтазам иштирок этиб келаётгани барчамиз учун ўрнакдир.
Яхши шоир, яхши инсон бўлиш мумкиндир, лекин ўзи туғилиб ўсган, севиб-ардоқлаган юртида ўзига хос адабий мактаб яратиш камдан-кам шахсларга насиб этади. Маҳмуд ака нафақат Паркент, балки Тошкент вилояти миқёсида ҳам ана шундай адабий муҳит яратишга эришган бахтли адиблар сирасига киради. У шарқона одоб билан ўзидан ёши улуғ барча адибларни устоз деб билгани ҳолда, ўзи ҳам қанчадан-қанча ёшларни тарбиялаб, уларга чин дилдан устозлик қилиб келмоқда.
Айни пайтда Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлимлари орасида энг кўп аъзога эга бўлган Тошкент вилояти бўлими раҳбари, “Адабиёт зиёси” газетасининг муҳаррири сифатида у кекса адибларни эъзозлаш, ижод аҳлини янги режаларга руҳлантириш, ёшларга тўғри йўл кўрсатиш сингари муҳим вазифаларни сидқидилдан адо этиб келмоқда.
Вилоят ҳокимлиги билан биргаликда ҳудудда маънавий-маърифий ишларни жонлантириш, зиё масканларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кутубхона фондларини бойитиш каби хайрли ишларда ҳам Маҳмуд аканинг алоҳида ўрни ва муносиб ҳиссаси бор.
У кишининг Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатидаги ибратли фаолиятини ҳам сайловчилар, жамоатчилигимиз яхши билади.
Бағрикенг, меҳр-оқибатли бу инсон барча билан тил топишиб, дўст ва ҳамкор бўлиб яшашга, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмасликка интилади. Ҳатто ўзига ноҳақ маломат тошларини отган баъзи ҳамкасбларига ҳам сира ёмонлик соғинмасдан, кечиримлилик ва самимият билан муносабатда бўладики, бундай жўмардлик ва олижанобликка, очиқ айтиш керак, ҳамма ҳам қодир бўла олмайди.
Айни пайтда у киши ҳаётнинг ҳал қилувчи паллаларида, энг зарур дамларда қиличнинг тиғи каби кескир бўла олишига, миллат ва халқ манфаати йўлида принципиал позицияда тура олишига кўп бора гувоҳ бўлганман.
1990 йил 3 март куни собиқ Марказ томонидан уюштирилган бузғунчи кучларнинг қутқуси билан Паркент туманида оммавий тартибсизлик ҳаракатлари содир этилди. Бир қатор бино ва иншоотлар, автомашиналарга шикаст етказилди. Энг ёмони, ўнлаб бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.
Ана шундай таҳликали вазиятда маҳаллий аҳолининг талаби билан Паркентда вазиятни барқарорлаштириш учун жамоатчилик комиссияси тузилди. Ҳамқишлоқларимиз ишонч билдириб, ушбу комиссия таркибида Маҳмуд Тоиров билан бир ойдан зиёд вақт мобайнида бирга фаолият олиб бордик. Шу мураккаб жараёнлар чоғида мен у кишининг энг ўткир ва мушкул масалалар бўйича ҳам доимо оғир-вазмин бўлиб, ҳақиқат ва адолат тарафида туриб фикр билдиришига ишонч ҳосил қилдим.
Ҳали совет мафкураси ҳукмрон бўлган ўша шароитда оммавий ахборот воситалари, айниқса, Москва матбуоти Паркентда содир бўлган воқеаларга нохолис, бирёқлама тус бериб, асосан маҳаллий аҳолини айбдор деб, уларни экстремист, нашаванд банги ва ҳоказо кимсалар қилиб кўрсатмоқда эди. Шундай кескин шароитда биз Паркент воқеалари ҳақидаги асл ҳақиқатни нафақат собиқ иттифоқ, балки жаҳон жамоатчилигига етказиш мақсадида бор куч ва имкониятларимизни ишга солдик.
Ўша пайтда Тошкентда яшаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси, русийзабон адиб Темур Пўлатовни қишлоғимизга таклиф этдик. У киши фожиа гувоҳлари, жабрдийдалар, расмий шахслар билан бевосита суҳбатлашиб, кўплаб ҳужжатлар билан танишди ва орадан кўп ўтмай, Москвада рус ва инглиз тилларида чоп этиладиган “Московские новости” газетасида “Паркентда ўқ отишга рухсат берилган” номли таҳлилий мақола эълон қилди. Холис ва ҳаққоний руҳдаги ушбу мақола жамоатчиликда катта резонанс уйғотди, аммо унинг ўзбек тилидаги таржимасини Ўзбекистондаги биронта матбуот нашрида чоп эттиришнинг иложи бўлмади. Шунда Маҳмуд Тоиров бутун масъулият ва жавобгарликни бўйнига олиб, ушбу мақолани “Паркент тонги” газетасида босиб чиқарди ва бу кўнгли озор топган, яқинларидан жудо бўлган, ноҳақ туҳматга учраган Паркент аҳлининг ярасига маълум маънода малҳам бўлди.
Бу ўзбошимчалик учун “муҳаррир М.Тоиров”нинг “партиявий линия” бўйича тегишли идоралардан эшитган таъна-дашномлари – бу энди бутунлай бошқа тарих…
Бу мураккаб, сирли дунёнинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларига кўра, инсон ҳаёти ҳамма вақт ҳам бир текис, силлиқ кечмайди. Маҳмуд ака умри давомида шодлик ва қувонч билан бирга, турли синовларни ҳам бошидан ўтказди. Отаси Тўхтақори ака қирқ олти ёшида вафот этгач, ўн икки ёшидан етимлик машаққати билан бирга, рўзғор юкини ҳам елкасига олишига тўғри келди, онасининг ишончи, жигарларининг суянган тоғи бўлиб, уларни касб-ҳунарли, уйли-жойли қилди. Энди барча ташвишлар ортда қолди, яйраб, тўлиб-тошиб ижод қиламан, деганида коронавирус балоси туфайли энг азиз ва яқин инсонларидан жудо бўлди. Бироқ у ҳеч қачон қайғу-аламларга таслим бўлмади. Бунга унинг мустаҳкам иродаси, юрагини, қалбини тўлдириб турган иймон нури йўл қўймади.
Дилнинг туморидир иймоннинг нури,
Жоннинг жамолидир иймоннинг нури.
Тилдаги тўғри сўз забоннинг нури,
Маҳмуд, Ҳақни таниб ҳур бўлар одам,
Кўнгил осмонида нур бўлар одам.
Чиндан ҳам, Ҳақни таниган инсон ҳеч камлик кўрмагай, эзгу ниятларига албатта етгай.
Чин маънода адабиёт мухлисларининг, халқимизнинг меҳри ва эҳтиромини қозонган, табаррук 70 ёшга – донишмандлик ва камолот фаслига катта адабий хирмон билан кириб келаётган устоз шоиримизга сўнмас илҳом ва эл-юрт муҳаббати ҳамиша йўлдош бўлишини тилаб қоламиз.
Хайриддин СУЛТОН
БУ ҲИКМАТЛАР
БОБОМЕРОСДИР…
Неки айтсам, ёниблар айтдим,
Аввал ўзим қониблар айтдим.
Ақли ҳушнинг баридан тутиб,
Ақли тилдан тониблар айтдим.
ВАТАН ДЕСАМ
Ватан десам, кўнглимда кўз очган булоқлар бор,
Ватан десам, жонимда порлаган чироқлар бор,
Ватанга садоқатда минг битта сўроқлар бор,
Шукрким, бошимизда мусаффо, тиниқ осмон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
Деҳқонин тилагида буғдойи бошоқлаган,
Чўпони қир султони, қўзиси қўшоқлаган.
Сочига рўмол сириб, эгатни тароқлаган –
Ўзинг онам, ягонам, меҳри дарё, меҳрибон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
Бахт тилаб, бахтиёрдир, тилагидан нур топган,
Яхшилик қилиб, яйраб, юрагидан қўр топган,
Худо берган сарбонин, зўр танлаган, зўр топган,
Қардошга қучоқ очган, ётга ҳам ширин забон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
Эзгу ният, эзгу иш, инсон қадри, ғояси,
Тинчлик, дўстлик тоғидир байроқ тиккан қояси,
Бу элдан мангу йироқ, ёмонликнинг сояси,
Ҳам ҳавас, ҳам ҳайратда боқмоқда бугун жаҳон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
Илму ҳикмат ушбу кун тоғдек таянчи эрур,
Ўзбек халқи юрт бузмас – озод, обод юрт қурур,
Ҳар бир тилда шукрона, ҳар бир дилда завқ, сурур,
Ёшларинг – ёнар чақмоқ, шаъну қадрингга қалқон,
Жонажон Ўзбекистон, омон бўл, мангу омон!
ЭЛ АЗИЗ, ИНСОН АЗИЗ
Севганга, севилганга жон азиз, жонон азиз,
Яратган, яшнатганга ҳар лаҳза, имкон азиз.
Бу янги Ўзбекистон, довуруғи тилда достон!
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.
Эй қўли қадоқ халқим, нияти чироқ халқим,
Тинчликдан порлаб турса, ер азиз, осмон азиз.
Янги Ўзбекистонда Эл азиз, инсон азиз.
Дўстликни тумор тутган, дийдорни хумор кутган,
Шу муқаддас Ватанда доимо меҳмон азиз.
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.
Боболари художўй, момолари дуогўй.
Ёшлари шиддатига яраштирган шон азиз.
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.
Тинчлик тилаб дунёга йўғрилмишдир зиёга.
Бу замин осмонида ҳар бир қушга дон азиз.
Тандирга чирой сочган – насибамиз нон азиз.
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.
Омон-омон омонда, доруломон замонда,
Карвони катта йўлда, жон фида сарбон азиз!
Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз.
ЗОМИН ТОҒ АРЧАЛАРИ
Йўл юрсанг, очилгайдир,
Еру кўк дарчалари.
Осмондан сочилгайдир,
Зомин тоғ арчалари.
Яратган инояти,
Шукурнинг кифояти,
Ҳайратлидир ғояти
Зомин тоғ арчалари.
Булутдан бўса олар,
Қаҳрни тўса олар,
Қувончдек кўзда қолар,
Зомин тоғ арчалари.
Игнаси ифор сочар,
Димоғинг гулдек очар,
Жисмингдан дардинг қочар,
Зомин тоғ арчалари.
Кийик ўти, тоғ райҳон
Зомин бағри боғ, райҳон,
Ям-яшил Ўзбекистон
Зомин тоғ арчалари.
Бошида ярқироқ ой,
Пойида шарқироқ сой,
Етти оламга чирой
Зомин тоғ арчалари.
Зомин тоғ табиати,
Арча абадияти,
Муҳаббат тарбияти
Зомин тоғ арчалари.
Тўлиб айтдим, тўкилдим,
Пойингда тиз букилдим,
Чиройингга юкиндим,
Зомин тоғ арчалари.
ОҲУЛАР ТОҒ ҚИЗЛАРИ
Тоғлар тоши тош эмас,
Сойлари кўз ёш эмас.
Тоғда турмаган одам,
Тоғларга дилдош эмас.
Тошни тилган майсалар,
Шу тошларга файз солар.
Кўриб кўклаб кетгайсан,
Кўзингда мангу қолар.
Тоғларнинг ёзи бўлак,
Сойларин сози бўлак,
Пастлаб учган бургутнинг,
Гўзал парвози бўлак.
Оҳулар – тоғ қизлари,
Осмон эрур кўзлари.
Қулоғингни гуллатар
Булбулларнинг сўзлари.
Тоғларнинг таманноси –
Какликлар – тоғ хумоси.
Тоғда сени тарк этмас
Муҳаббатнинг сафоси.
Гул Ватан, нурли Ватан,
Ям-яшил чинни чаман.
Дилингда юз очгайдир
Саодат солган суман.
БИЗНИНГ ЎЗБЕКИСТОН
Ватан – бу жонингда оққан чашмадир,
Шу боис Ватанга ҳар жон ташнадир.
Ватандан узоқда ҳар ким озурда,
Ватан – остонадан, дилдан бошланур.
Ҳаёт – бу имтиҳон аслида, бор гап,
Ундан хуш ўтмоқлик – энг буюк матлаб.
Ватан – имтиҳоннинг оппоқ қоғози,
Унга доғ тушмаса, яна бир шараф.
Ватан азаллиги – изингдаги нур,
Ватан гўзаллиги – кўзингдаги нур.
Ўзбекистон деса, офтоблангайсан,
Чунки Ўзбекистон – ўзингдаги нур.
Ҳурлик ҳавосидан бутун халқ хуррам,
Тинчликнинг навоси ҳар жонга малҳам.
Олам оразидан англаганим шу –
Бизнинг Ўзбекистон – абадий кўркам.
ҚОМУСИМ
Ўқиб-уқмаганни оқил тан олмас,
Тиланчи титрайди, тетик бўлолмас,
Ҳар китоб бахтингга битик бўлолмас,
Бетимсол бойлигим – бир ганж Қомусим,
Халқим ҳуқуқига таянч Қомусим!
Юртим осмонида Ҳурлик офтоби,
Қомус – давлатимнинг бу – Бош Китоби,
Ҳар боб, ҳар моддаси – ақл хитоби,
Мушкул тилсимимга тилмоч – Қомусим,
Эзгу ниятимга ривож Қомусим!
Тақдир неки битса, бари бўлгайдир,
Одам бор кўнглида зори бўлгайдир,
Миллатим деганнинг ори бўлгайдир,
Миллат мардларининг ори – Қомусим,
Ҳақ деган ҳақгўйнинг ёри – Қомусим!
Умримиз ҳаётнинг асли тўрт фасли,
Адолатга ташна одамзод насли,
Инсон эрки билан инсондир асли,
Сен билан кўксимиз осмон, Қомусим,
Қадру қадриятга қалқон Қомусим!
Давлатим тожи деб бошимда тутгум,
Қувонч кўздан оқса, ёшимда тутгум,
Умринг битди, деса, лошимда тутгум,
Қиёматга қадар жонсан, Қомусим,
Дунё учун дунё, шонсан, Қомусим!
ЭР-ЙИГИТНИНГ ЭЛГА АЙТАРИ БЎЛСИН
Ғофур Ғулом айтган кўксин тўлдириб:
“Йигит омон бўлса, хавфу хатар йўқ”…
Йигит йигитликни юрсин дўндириб,
Бундан ўзга унга асло зафар йўқ.
Дунё кезсин – юртга қайтари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Бу қалтис замонда тинчлик омонат,
Қалқон яралгайдир йигит оридан.
Ватани тинч бўлса, эли саломат,
Халқнинг ифтихори – асил мардидан,
Йигит сафга кирса, сарвари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Кеч очилган кўзнинг тумани қуюқ,
Ўз уйинг, ўз боланг асрагин ўзинг.
Ахир аждодларинг буюкдан буюк,
Елга совурилмасин тилдаги сўзинг,
Сўзинг ҳикматларнинг дилбари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Ватан – қалбимизда юз очган чирой,
Демишлар, чиройнинг чиммати бўлсин,
Тунни ёруғ қилган самодаги ой,
Йигитнинг энг аввал ҳиммати бўлсин,
Ҳам яна бир пари пайкари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
Биз тинчлик тилаймиз кўҳна дунёга,
Шу осмон, шу замон фарзандларимиз,
Юз тутинг, омонлик тутган зиёга,
Бизким – Ўзбекистон дилбандларимиз!
Ҳар йигит ўз элин гавҳари бўлсин,
Эр-йигитнинг элга айтари бўлсин.
МАҲАЛЛА
Қадимий қадриятлар қадримизнинг қалқони,
Аждодлардан мерос бу, айтсак арзир баралла.
Меҳнат билан яралгай, кўкдан тушмас эл шони,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Оқибат остонаси, меҳримиз кошонаси,
Бунда қирққа бўлингай бир майизнинг донаси,
Ўзбекнинг момолари хушдуо парвонаси,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Боғларга орзу эрур тоғнинг гулу лоласи,
Уммонларга соғинчдир, жилғаси, шалоласи,
Абдулла Қодирий ҳам маҳалланинг боласи,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Қўни-қўшни деган сўз ўзбегимнинг жонидир,
Оқсоқол ислоҳатчи, жонфидо кайвонидир,
Бир бўлиб, бир мушт бўлиб жипслашмоқ онидир,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
Одамзод яралибди, қаторда қадрин кутган,
Қайси давлат халқим деб, темирдан “дафтар” тутган,
Бизнинг юртда Юртбоши элига барин тутган,
Ўзбекистон таянчи озод, обод маҳалла!
“Обод қишлоқ” осмонин турнаси аримагай,
Маҳалла аҳли якдил, ёмонлик даримагай,
Уйида бахти борлар юз ёшда қаримагай,
Ўзбекистон таянчи – озод, обод маҳалла!
ҚУВОНЧЛАРИ ҚЎШ КЕЛДИ
Қозоқ қардошим, десам, қулочим қанотланар,
Қадим қадриятлардан юрагим қувватланар,
Навоий, Абай руҳи тиловатдан шодланар,
Туркий деган номи бир ўзбек билан қозоқнинг,
Каломи, саломи бир ўзбек билан қозоқнинг.
Дўмбирани чертишни қозоқдек қийган борми,
Ўзбек танбур чертганда кўз ёшин тийган борми,
Ўтмишига бир боқинг, улардек куйган борми?
Тарихдан даъвоси бир ўзбек билан қозоқнинг,
Оҳ чекса, жафоси бир ўзбек билан қозоқнинг.
Қозоқнинг дили дарё, Ғарбда Волга дарёси,
Қозоқнинг кўкси тоғдир, Шарқда Олтой дунёси,
Бир ёнида таралар Ўзбекистон зиёси,
Саҳроси, ери туташ ўзбек билан қозоқнинг,
Қалбида қўри туташ ўзбек билан қозоқнинг.
Омонгелди қозоқнинг эрки учун жон тиккан,
Жалолиддин мангуга ўзбек бўлиб шон тиккан,
Ғафуру Собитлари меҳр отлиқ дон эккан,
Ўлану шеъри бирдир ўзбек билан қозоқнинг,
Ниятда нури бирдир ўзбек билан қозоқнинг.
Қозоқларнинг қизлари оташқалб, куюк бўлган,
Ўзбекларнинг қизлари Кумушдек суюк бўлган,
Чунки ўзбек, қозоқнинг онаси буюк бўлган,
Оталари орлидир ўзбек билан қозоқнинг,
Сафи доим норлидир ўзбек билан қозоқнинг.
Йўллардан ҳам кўнгилдан тўрлар олиб ташланди,
Қадим қадр тикланиб, кўзлар жиқ-жиқ ёшланди,
Дастурхонда бешбармоқ, паловтўра ошланди,
Қувончлари қўш келди ўзбек билан қозоқнинг,
Меҳмонлари хуш келди ўзбек билан қозоқнинг.
ДЎСТЛИК МАДҲИ
“Ўзбек” деса, тожигим тотган каби асалдан,
“Тожик” десам, тилимдан бол томади азалдан.
Аждодлари дарддошдир, авлодлари елкадош,
Навоий наво олган Жомий битган ғазалдан.
Ер десанг, ери туташ, бошида осмони бир,
Минг-минг йиллардан буён орзую армони бир.
Тинчлиги туморидир, баракаси – бахтидан,
Асраб яшар бир-бирин, қадрига қалқони бир.
Кафтларин хуш дуога доим бирга очганлар,
Бир-бирларин йўлига меҳрдан нур сочганлар.
Етти ўлчаб бир кесган улуғ доноларидек,
Мушкуларини мудом кенгаш билан ечганлар.
Бир келида буғдойин бирга янчган момолар,
Бир дарёнинг сувини бўлиб ичган боболар.
Ҳурлигидан шодумон, замон билан ҳамнафас,
Икки халқнинг тилида янграмоқда наволар.
“Ўзбек” деса тожигим тотган каби асалдан,
“Тожик” десам, тилимдан бол томади азалдан.
Бу янги Ўзбекистон, бу янги Тожикистон,
Янги дўстлик тарихи ёзилмоқда зарҳалдан!
ҚАРДОШЛАР
Бу дунёни асраб бўлмас кўз ёш билан,
Тонг жамоли кулиб чиққан қуёш билан.
Халқлар асли халқ бўлгайдир қардош билан,
Ўзбекистон, деб санасам беш бармоғимни,
Кўрдим туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни
Аждодлари қондош бўлган, жондош бўлган,
Тил мулкида, дил мулкида сирдош бўлган,
Бир-бирига кўнгил берган, бардош бўлган,
Дунё билар бобомерос сабоғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Ғафур Ғулом, Турсунзода, Собит Муқон,
Айтишувда бир-биридан бўлган чаққон,
Адабиёт она бўлиб бирга туққан,
Қадрлайман қадриятим, қароғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Ойлар ойни, йиллари йилни қувиб ўтиб,
Ҳақ ёр бўлди, ҳурриятни олди кутиб.
Бир-бирига қучоқ очди гуллар тутиб,
Ўзбекман деб санасам беш бармоғимни,
Кўрдим туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
Бешов ўлка маърифатдан обидланди,
Юртбошилар аҳд-вафода собитланди,
Бор дунёга тинчлик деган сўз тиланди,
Ўздан бошлаб санасам беш бармоғимни,
Ўзбек, туркман, тожик, қирғиз, қозоғимни.
НАВОИЙДАН ЎРГАНИНГЛАР
Одамзодни одам қилган –
Сўз бўлади, сўз танинглар,
Сўз танишни, болам, ҳар вақт,
Навоийдан ўрганинглар.
Байтида минг маъно нури,
Дил дардига шифо нури,
Навоийда Худо нури,
Навоийдан ўрганинглар.
“Хамса” – туркнинг дил достони,
Она тилнинг мангу шони,
Ўрганмоқнинг зўр имкони,
Навоийдан ўрганинглар.
У – ҳикматлар булоғидир,
Заковатнинг чироғидир,
Садоқатнинг сўроғидир,
Навоийдан ўрганинглар.
Кимга ёрдир Ҳақнинг ўзи,
У – миллатнинг боқий сўзи,
Назм аҳлин назмий юзи,
Навоийдан ўрганинглар.
Ўқиганлар одам танир,
Одам билган – олам танир,
Унинг лутфи гулдек ҳарир,
Навоийдан ўрганинглар.
Дунё омон-омон бўлсин,
Аҳдлининг азмига тўлсин.
Навоий назмига тўлсин,
Навоийдан ўрганинглар.
БОБУР БЎЛИШ ОСОН ЭМАС
Интилганга толе ёр, дерлар,
Вале ҳар ким элда достонмас.
Чин шоирлар, шерюрак эрлар,
Бобур бўлиш аммо осонмас.
Бу оламнинг шоҳлари ичра,
Ҳеч кимда йўқ Бобур баёти.
Яшар Бобур оҳлари ичра,
Адабиёт абадиёти.
Тангри асли Бобурни Ҳиндга
Босқинчимас, бахт қилиб берди.
Тожмаҳални азал-абадга
Гўзаликка тахт қилиб берди.
Қирқ саккиз йил умрини доғлаб,
Қирқ саккиз минг азобдан айтди.
Гоҳ қаламин қонда сиёҳлаб,
Шеър сеҳрила ғазабдан қайтди.
«Бобурнома» – Ватан суврати,
Тафаккурнинг бир гавҳаридир.
Асрларнинг асил ҳайрати,
Шоҳ ва шоир шоҳ асаридир.
Навоийнинг номида ўзбек
Миллат бўлиб ғурурда яшар.
Дил кўкида порлаган нурдек
Бобурни ҳам ардоқлар башар.
Жаҳонгирлар кўпдир жаҳонда,
Лек Бобурдек қалби жаҳонмас.
Минг азобда, минг бир имконда
Бобур бўлиш ахир осонмас.
2020
ҲАР БАҲОР ЙИҒЛАЙДИ ЎРИК ГУЛЛАРИ
Элнинг юрагида гуллаган баҳор,
Қувончдек тўкилар ўрик гулидан.
Ҳар йил, ҳар баҳорда шу бўлса такрор,
Бол томиб кетади шоир сўзидан.
Бизни соғинтирган ул назми жаҳон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Кўзларга сиғмайди кўм-кўк водийлар,
Шоир дил кўкида юз очган Ватан.
Унга ҳикмат айтган қанча ровийлар,
Сен уни танийсан, у қалби чаман,
Исмини айтаман, яқин кел, осмон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Севиб-севилишни ўргатган шоир,
Ёр ила юз ювган соф булоқларда.
У бугун барҳаёт, нур сочар, қойил,
Аҳли муҳаббат ёққан чироқларда.
Зулфия жонида яшаб ўтган жон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Шеър – азоб овози, шодлик шонаси,
Шоир бошин кўрар гоҳи жодида.
Асли Ватан эрур шеърнинг онаси,
Шоирнинг кўнгли йўқ ўзга оҳуда.
Илҳомин париси – бир Ўзбекистон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Ҳамидин соғиниб, навдалар тўлиб,
Ҳар баҳор йиғлайди ўрик гуллари.
Чўлпон, Усмон Носир, Қодирий бўлиб,
Бир-бирин излайди эл булбуллари.
Улар сендан ғолиб, эй қаттол замон,
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон!
Эл бахту шодлигин куйлаган шоир,
Ватан фарзандидир, миллат боласи.
Ўттиз тўрт ёшида узилган умид,
Ўттиз беш миллионлик элнинг ноласи.
Юз ўн йил ўтса ҳам шоири достон –
Ҳамид Олимжон бу, Ҳамид Олимжон.
ҚОДИРИЙНИНГ МАКТАБИ
Халқнинг оҳи қаламига қон берган,
Ҳурлик учун, юрти учун жон берган,
Адабиёт оламига шон берган,
Миллат дилин, миллат тилин кавкаби –
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
“Ўтган кунлар” – бу ўзбекнинг дил қони,
Ҳар элда бор ҳар меҳробнинг чаёни,
Қодирийни қутлаб келди Чўлпони,
Теграсида Фитрат руҳи нур каби,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Кетар йиллар келарига кўзгудир,
Бир Қодирий минг миллатга орзудир!
Адабиёт – бу покиза туйғудир,
Қалам тутган ўғил-қизнинг матлаби –
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Қарор топган адолат – бу эл шони,
Юртга эгаси жойга қўйди “Туронни”.
Бир шукуҳли Ўзбекистон осмони,
Хуш дуолар қаро кўзлар шабнами,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
Деманг, бунда зорлаб турар Қодирий,
Мағрур турар, порлаб турар Қодирий,
Ўз боғига чорлаб турар Қодирий.
Адабиёт эртасининг насаби,
Қутлуғ бўлсин Қодирийнинг мактаби.
ЯХШИ БЎЛИШ
Генерал-полковник Зокир Алматовга
Қишдан қўрқмай, қордан қўрқмай гуллар бодом,
Оқил билан, одил билан олам олам,
Бу дунёга яхшиликка келар одам,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Одам қадри тикланганда кўкси тоғдир,
Кўкси тоғнинг, иншооллоҳ, қалби чоғдир,
Яхшилик – бу дилда ёнган бир чироқдир,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Ҳаёт бизни ҳар кунида синаб кўрар,
Бирда сийлаб, бирда эса тунаб кўрар,
Аммо мардлар иймонида собит турар,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Элни сиздек генерали бисёр бўлсин,
Шогирдлар ҳам устозидек саркор бўлсин,
Эзгу ният, эзгу ишлар такрор бўлсин,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Элим деган, ҳар ватандош дилдошимиз,
Фахримизсиз, бордир сиздек юртдошимиз,
Отдан тушиб, ерда юрар Юртбошимиз,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
Етмиш ёшга етти ҳатлаб чиқиш қийин,
Яшаш мумкин, лек эътибор топиш қийин,
Камлик қилар Сизни қанча яхши дейин,
Яхши бўлиш яхши экан, Зокир ака.
ЎТГАНЛАР ЁДИ
Ой бориб омон кел, дер эди онам,
Доимо омон юр, дердилар отам.
Мен омон юрибман, сен даргоҳингда
Руҳларин шод айла, эй қодир Эгам.
Ўз-ўздан дунёда эмасмиз пайдо,
Отадан пойдевор, онадан бино.
Шу боис тириклар ушбу очунда
Ўтганлар руҳидан юрмасмиз айро.
Ибодат асноси ёд этиб турсак,
Руҳи покларини шод этиб турсак.
Уларнинг кутгани хуш дуолардир,
Зиёратларин бот-бот этиб турсак.
Кун келар ҳар кимнинг шоми ботгайдир,
Ўлим шарбатини ҳар жон тотгайдир…
Иймону инсофда собит фарзанднинг
Ўтганлар ёди-ла тонги отгайдир!
2020
“ЎЗБЕГИМ ОНАСИ” ТУРКУМИ
Кимда ҳикмат булоғи бор –
Ҳақиқатнинг чироғи бор.
Яшаяпсан одам бўлиб,
Одамийлик сўроғи бор.
Дунё азал яралганда,
Дунё гўзал яралганда.
Момо Ҳаво бўйларидан
Мушки анбар таралганда.
Одам Ато энтикканда,
Ғалат-ғалат кўз тикканда,
Севги деган савту наво
Жисму жонин эритганда.
Тошлар ҳам бир тўлғонган-ку,
Майсалар ҳам қувонган-ку.
Қалдирғочлар вижирлашиб
Бутун олам уйғонган-ку!
Шундан буён орзу яшар,
Шундан буён туйғу яшар.
Қувонч ерни тарк этмаган,
Армон яшар, қайғу яшар.
Бу оламни олам қилган,
Неки қилса одам қилган.
Яратганнинг ёди билан
Жаннат қилган, кўркам қилган.
Илм билан имкон очган,
Ҳар тилсимни осон очган.
Тафаккурнинг самосидан,
Кўнгилларга нурлар сочган.
Орзу билан тонг отади,
Умид билан кун ботади.
Одамзодни бу дунёда,
Орзулари уйғотади.
***
Яшашнинг ўзи бахт озод Ватанда,
Қувонч қўрғон қурган обод Ватанда.
Файзу баракаси доим зиёда,
Қўллар меҳнатдаю диллар навода.
Ҳар фарзанд чеҳраси – тинчликнинг ранги,
Тилларда, дилларда ҳурлик оҳанги.
Бошларда ҳуррият офтоби порлар,
Меҳру оқибатга, дўстликка чорлар.
Тенгликнинг муқаддас китоби бизда,
Ҳар миллат орзуси рўёби бизда.
Яратиб, яшнатиб халқнинг ўзи – шод,
Ўқиб уққанларнинг дил мулки – обод.
Шижоат аъмоли – Ўзбекистонда,
Матонат камоли Ўзбекистонда.
Аёлга бахт берган озод Ватан бу,
Аёлга тахт берган обод Ватан бу.
Дунё аҳли абад қилгайдир ҳавас,
Кўҳна Шарқда азал Аёл муқаддас.
Бунда кафтда тутмиш Она зотини,
Шоирлар бахш этмиш дил баётини.
Миллат комиллиги – Она камоли,
Она камолида – миллат иқболи.
Юртбоши дилида энг улуғ ният,
Аёлга эҳтиром, онага иззат.
Ҳам яна чексиздир аёл имкони,
Дунёни забт этмиш унинг ҳур шони.
Унинг меҳри билан олам озода,
Яхшилик зиёда, савоб зиёда.
***
Сиз кўҳна жаҳонда ўзга жаҳонсиз,
Ниятлари нурли тиниқ осмонсиз,
Сиз элнинг онаси – Ўзбекистонсиз,
Эй сиз миллат аҳлин дилу жонлари,
Озод, обод юртнинг онажонлари!
Бирларин – қўли гул, бирларин – дили,
Бирлари маърифат боғин булбули.
Иймон, ишонч билан чароғон йўли,
Шукру саодатда ўтар онлари,
Элнинг дуогўйи, онажонлари!
Оламу одамга ором улашган,
Ҳикмат хирмонидан калом улашган,
Неки эзгу бўлса, мудом улашган,
Улуғ момоларнинг ёруғ шонлари,
Эй Сиз, юртнинг мунис онажонлари!
Олима, шифокор, фермер ё чевар,
Муаллима, зардўз у, фидоий дилбар,
Аёл – у, Она – у, энг тоза гавҳар,
Юзидан ранг олган ширмой нонлари,
Миллатнинг муқаддас онажонлари!
Меҳнат шараф берган, ном берган сизга,
Ҳалоллик ризқ берган, нон берган сизга,
Ватанга муҳаббат, шон берган сизга,
Юртим аёлларин қаҳрамонлари,
Жафокаш, жонфидо онажонлари!
***
Ватаннинг тарихи – она тарихи,
Оналар вафонинг зўр муаррихи.
Оқибат ардоғин чироғи улар,
Дуо кавсарининг булоғи улар.
Ўзбек онасининг тилаги – оппоқ,
Ўзбек онасининг юраги – чақмоқ.
Яхшилик ёдида яшайди улар,
Яхшилик қилганда яшнайди улар.
Ўзбек онасидек болажони йўқ,
Унингдек фарзандга фидо жони йўқ.
Ўтмишга гар боқсанг оҳи кўп бўлган,
Йўлида оҳ тўла чоҳи кўп бўлган.
Паранжи – чачвонда боққан дунёга,
Гоҳида зор ўтган чимдим зиёга.
Очлик, очарчилик дардини кўрган,
Нон сўраб тегирмон гардини кўрган.
Бир-бирин талаган беклару хонлар,
Қирғин-баротларда кетган не жонлар.
Оналарни ўртаб фарзандлар доғи,
Қалбларида сўнган умид чироғи.
Миллат оқиллари увол кетдилар,
Дилда: «Нечун?» деган савол – кетдилар.
Мардикор туғмаган ўзбек онаси,
Мардикорда ўлган қанча боласи.
Хорлик, зорлик кўрган, адоқсиз дардлар,
Сибир ўрмонида сил бўлган мардлар.
Тарих – бу кечмишнинг қора қоғози,
Тарих – бу аслида азоб овози.
Ҳар она дилида минг армон бўлган,
Ҳар она оҳида бир достон бўлган.
***
Оналар – оламнинг ором чироғи,
Тириклик кўклами, бахтнинг япроғи.
Дуодан нур тутса, товланиб кетар,
Етти камалакнинг ёнига етар.
Озода хаёллар осмони – она,
Ҳар дилнинг, ҳар гулнинг посбони – она.
Оқибат ардоғин чироғи улар,
Дуо кавсарининг булоғи улар.
Агарки тиз чўксам тизим гуллайди,
Ҳар байтим бир баҳор, сўзим гуллайди.
Умрида ибрат бор Ўзбек онасин,
Шукрида ҳикмат бор Ўзбек онасин.
Тинчлик, минг бор тинчлик унинг нияти,
Кўксини тоғқилди эл ҳуррияти.
Эъзозу эҳтиром – бари шарқона,
Ҳур юртда оналар – бахтга парвона.
ПАРКЕНТИМ
Қирларида қирғийсин қаноти қайрилмаган,
Овчиси имонию, оридан айрилмаган,
Сувга чўп ташлаш бунда қушга ҳам буюрилмаган,
Ватан ичра бу чаман Ватаннинг парчасидир,
Чотқол тоғ тизмалари қуёшнинг дарчасидир.
Майсалари жилмайиб, жилолар тўкар бунда,
Турналар бошингиздан дуолар тўкар бунда,
Райҳонларнинг пойига саболар чўкар бунда,
Кўрсангиз, кўзингизга қувончлар чирмашади,
Юрсангиз, изингизни гуллари талашади.
Жилғаларин жаранги жонингизга чертади,
Булоқлари бахт тилаб зам-зам сувлар тутади,
Кундуз қуёш, оқшом ой йўлингизни кутади,
Қушларин қўшиғида Тангрининг каломи бор,
Мажнунтол таъзимида келинлар саломи бор.
Масжидларин кўкига фаришталар сиғмайди,
Бунда кимки йиғласа, Худойимга йиғлайди,
Бу масканда Бобомочин, не валийлар улғайди,
Яратган осмонидан ором сочиб туради,
Тонгда гуллар булбулга китоб очиб туради.
Момоларин алласи тошларни ҳам балқитар,
Қирқ кокилли қизлари қароғингиз қалқитар,
Паркенгда бир бор бўлган минг бир дардни унутар,
Бобурга болиш бўлган атри булоқ чаман бу,
Ҳофиз Кўҳакий суйган жаннат жамол Ватан бу.
Кимга жондай азизмас она бўлиб туққан ер,
Онам деса, Маҳмудни бир сўзидан уққан ер,
Кўксига гул чечагин тумор қилиб такқан ер,
Етти эмас, етмиш минг авлодимга Ватансан,
Бағрингда ётар бўлсам, сен ёдимга Ватансан.
СЎЗДАГИ ГУЛ
Эшитганин етказар шоир,
Осмонлардан олиб ёзмайди.
Битиклари дардидан ноил,
Деманг, қоғоз осон қорайди.
Ташбеҳлари дилин туҳфаси,
Томирига тиқилган қони.
Бўлса бўлсин кимнинг шубҳаси,
Ҳар битта сўз жигари, жони.
Мумкин кўкда илҳом париси,
Лекин унинг товони ерда.
Шоирларнинг бўлмас қариси,
То ўлгунча яшайди қўрда.
Гўзал сўзлар шунчаки келмас,
Жон пардасин тилиб чиқади.
Тани бошқа дард недир билмас,
У юракни юлиб чиқади.
Шоирларнинг паноҳи Худо,
Ташбеҳларни тутгувчи Ўзи.
Кимда зарра гумон бор – илло,
Очилмайди абад қалб кўзи.
Албат шоир сўзин султони,
Лек Ҳақ қули, элнинг булбули.
У – Ватаннинг, миллатнинг шони –
Бу дунёнинг сўздаги гули.
АЖАБ
Тасанно дейман-да, Ҳақнинг дидига,
Туман соя солмас гулнинг ҳидига.
Дунё дунё экан, гоҳо чидайсан,
Хазонлар таратган тутун дудига.
Асли гўзалликка яралган очун,
Ер гўзал, осмонга сиғмайди лочин.
Турфа гуллар бўйин ифоридан маст,
Капалаклар яйраб яшайди бир кун.
Оллоҳ қудратининг тимсоли – олам,
Оллоҳ ҳикматининг висоли – одам.
Афсус алангаси ўртайди баъзан,
Нечун шу гўзаллик заволи одам?
КЕТАРДА
Кўкнинг бир четидан чиқади қуёш,
Бир четига бориб ботади яна.
Бормикин инсонга қуёшдек йўлдош,
Унинг юз очиши тонгги тантана.
Инсон ҳам дунёга келади ногоҳ,
Порлаган офтобдек қувончлар сочиб.
Ва лекин кетарда қилмайин огоҳ,
У ботар, она Ер кўксини очиб.
ҲАҚИҚАТНИНГ СОДИҚ ДЎСТЛАРИ
Бу дунё бир сўздан яралган асли,
Сўз билан ҳаётбахш одамзод насли,
Сизга дурдан аъло қаламнинг васли,
Эй, кўнгил тоғининг алпинистлари,
Миллатнинг жонфидо журналистлари.
Жони сиёҳдони, қалам қонидир,
Дунёда бор-йўғи сўз – имконидир,
Ўзи хокисору Ватан шонидир,
Кўнглига бўйлади бўю бастлари,
Ватаннинг жонфидо журналистлари.
Гоҳо дашномлардан кетса эзилиб,
Тарки касб истайди кўнгли бузилиб,
Барибир аҳдидан кетмас узилиб,
Чунки ёмонга ҳам йўқдир қасдлари,
Эй, она юртимнинг журналистлари.
Телеканаллар бу – кўзларга кўзгу,
Радио ҳам тилу сўзларга кўзгу,
Интернет, планшет, шиддатли туйғу,
Янги газетанинг бўёқ, ислари,
Гулдан муаттар дер, журналистлари.
Уйғоқсиз, ҳушёрсиз, жонсарак жонсиз,
Сиз янги тарихга, янги имконсиз,
Сиз сўздан яралган Ўзбекистонсиз,
Сизсиз ҳақиқатнинг содиқ дўстлари,
Эй, она юртимнинг журналистлари.
ЭСКИ ЁЛҒОН
Қаршингда турибди янги ҳақиқат,
Изингдан келади эски ёлғон ҳам.
Эҳ, улардан қочиб бўлмайди фақат,
Ахир ўзимиз-ку, берган-олғон ҳам.
Кўксингда юз очган виждон ойнаси,
Дунё кирларидан кўп хира тортган.
Кўнгил янги ҳақиқатнинг ташнаси,
Эски ёлғонларнинг қуёши ботган.
Умид чиройидан таралган ёғду,
Ростнинг рухсорида ял-ял ёнади.
Унутма, ёлғон бу – шайтоний жоду,
Одам ундан тонса, олам тонади.
АҚЛ ЖАНГИ
Яшаш – кураш, Яратган билар,
Майдон кимни кимга тенглади.
Мардлар жангда ғалаба қилар,
Оқил эса жангсиз енгади.
Ҳикматлар кўп қадимдан қолган,
Одамизод тинчлик хумори.
Инсон толса, урушдан толган,
Ақл жанги – тинчлик тумори.
ТАРИХ
Азамат Зиёга
Мен кўнглим тубида бир тилак кўрдим,
Ўтмиш кўзгусида келажак кўрдим.
Ўтмишига мудом тош отганларни,
Бошдаги қуёшин ботажак кўрдим.
Тарих остонангга тўкилган дарддир,
Тарих чок-чокидан сўкилган дарддир.
Бегонапарварлар ичингда бўлса,
Тарих ўзлигидан ўкинган дарддир.
Тарихнинг тошидир миллат золими,
Тарихнинг тумори миллат олими.
Шукрким, ўзбекнинг улуғлари кўп,
Ҳеч ким кўролмади Алпнинг “дол”ини.
ГИНА ТЕРСИН
Ким кўролмас ўз-ўзини,
Кўр қилгандир қалб кўзини.
Яна унинг фожиаси
Ибрати йўқ бир сўзининг.
Ўзида йўқ, нима берсин,
Изида йўқ, нима берсин?
Алам қилса, тилин тишлаб,
Ўз-ўзидан гина терсин.
АҚЛИ ХУШ
Бу ҳикмат ҳам бобомеросдир,
Тилингни ақлингдан ўздирма.
Шу сўзим ҳам ҳикматга хосдир –
Ишончинг гумонда тўздирма.
Мен дилимни юлиб айтмадим,
Кимлардандир кулиб айтмадим.
Бир эзгулик олдга чорласа.
Елдек елдим, ортга қайтмадим.
Ақл отлиқ чавандозга боқ,
Тулпорни юраги бошқарар.
Ким йўлинггга ёқса бир чироқ,
Юрагин тилаги бошқарар.
Неки айтсам, ёниблар айтдим,
Аввал ўзим қониблар айтдим.
Ақли ҳушнинг баридан тутиб,
Ақли тилдан тониблар айтдим.
ҚАЛБ ДАВОСИ
Аввал қалбинг давола, дўстим,
Тананг бир оз кутиб туради.
Арчар чоғинг пиёзнинг пўстин
Заҳрин ичга ютиб туради.
Қараб кўргин қалбинг қатини,
Сен гумоннинг кулини қоққин.
Тутмоқ бўлсанг бургут патини,
Сен ишончнинг ўтини ёққин.
Бутун олам акси зиёси,
Қалб кўзида гул бўлар экан.
Гар тингласанг тананг нидоси,
Нафс измига қул бўлар экан.
Аввал қалбинг давола, дўстим,
Майли, тананг кутиблар толсин.
Арчаётганда пиёзнинг пўстин,
Одам пиёз ибратин олсин.
ЁШЛИК
Кучинг билагингда турибди, болам,
Муҳими, одамлар сенга ишонсин.
Дилдаги шодлигим, кўздаги жолам,
Сенга боққан замон қалблар қувонсин.
Сен босган изимда кўз очган булоқ,
Умрим йўлларида оппоқ тилагим.
Кексайиб боряпман тизимда титроқ,
Болишни қўмсайди энди курагим.
Кеча мен ҳам эдим сенинг ёшингда,
Қадамим гурсиллар, ўзга сиғмасдим.
Ҳолсизроқ турибман бугун қошингда,
Унда кексайишни кўзга илмасдим.
Асли кексалик ҳам Ҳақнинг инъоми,
Кучдан қолсанг қолгин, ақлинг толмасин.
Бу гап – боболарнинг кўҳна каломи:
Ҳатто ўз болангга кунинг қолмасин.
ГЎЗАЛЛИК
Куртак кулгисига шабнам ярашар,
Гўёки парирўй лабидаги ҳол.
Бу ҳолни тонг ила қуёш талашар,
Ўзи яратганга ўзи боқиб лол.
Гўзаллик ҳамиша талашда бўлган,
Ҳилол юзидаги доғи ҳам ҳатто.
Бу жангда ким ғолиб, шаксиз ким ўлган,
Ғолиб унинг ўзи – гўзаллик – якто.
Шунинг-чун одамзод азалу абад,
Ҳарчанд гўзалликнинг ғамини еган.
Айнан шу сўзига юқтирмайин гард.
Оламни гўзаллик асрайди, деган.
МАЙСА
Эзилган майсанинг йиғлашини кўр,
Титроқда жонини тиғлашини кўр.
Биз ҳамон кўрмаймиз, лекин сен уни,
Яхши-ю ёмонни илғашини кўр.
Бизларни тупроқдан яратган Худо,
Унга ҳам тупроқда этган жон ато.
Шу тилсиз майса ҳам сен мендан кўпроқ,
Билсанг, Яратганга айтади сано.
Ям-яшил майсалар – яшил қўнғироқ,
Улар Ер юзида энг яшил чироқ.
Одамларни фақат олдга чорлайди,
То хазон бўлгунча яшайди уйғоқ.
ОДАМ ТИЛИ
Тикан ҳам Тангрининг бир ихтироси,
Ёмонлик қилганнинг тиғдир жазоси.
Тегмасанг тирнамас, атиргул айтсин,
Борми бу гулларнинг ундек фидоси.
Тиканга тил ато этганда агар,
Энг аввал инсонга дерди: – Алҳазар!
Тикан не, гоҳида тошни титратган,
Одам тили асли тиғдан ҳам баттар.
САВОЛ
Устоздан сўради дарсида толиб,
Саволи бор эди атиги битта:
– Кўп ўйлаб топмадим, ҳайронлар қолиб,
Нечун тил битта-ю, қулоқ иккита?
Устоз томоқ қириб, қошин чимирди,
Чап ёни-ла туриб келгандай бугун.
Ногоҳон табассум сочиблар деди:
– Бу кам сўзлаб, кўпроқ эшитиш учун!
ТАҚДИР
Биз тақдир измида яшаймиз, болам,
Омадсиз кимсани кўп ҳам айблама.
Пешонада борин кўради одам,
Ҳаёт асли ўйин, мутлақ жимжима.
Омад келиб қолса баъзан, бегумон
Тангрини хушлаймиз такрор ва такрор.
Ажаб дунё экан, омадсиз инсон
Ҳақни таъналашдан қилмас сира ор.
Осмондан ҳеч кимга тушмаган чалпак,
Бу оддий ҳақиқат, барча тенг иқрор.
Ва лекин билмайсан, бу қандай истак –
Тушидан бахт кутиб яшаганлар бор.
Омадга ишонгин, лек қули бўлма,
Энг буюк муроддир – меҳнат муроди.
Тақдирни қарғама ё ундан кулма,
Тангрининг қўлида қалам-довоти.
БАХТНИНГ МЕВАСИ
Қўлдан кетган бахтнинг алами оғир,
Ҳали келмагани – орзу меваси.
Қайларга бошламас сархушни чоғир,
Амири оламдек туйғу шеваси.
Ҳаёт ҳақиқати азалдан шундай:
Тўй қилган излайди бахшини йўқлаб.
Булутни парчалаб ташлаган кундай,
Бахт ўзи келади яхшини йўқлаб.
Илоҳим асрасин ёмон бўлишдан,
Яхшининг ёди ҳам нур таратади.
Толманг, кундай кулиш, ойдек тўлишдан,
Яхши кўкдан тушмас – эл яратади.
Қўлдан кетган бахтнинг алами оғир,
Ҳали келмагани – орзу шеваси.
Бахту толеингиз бўлмасин сағир,
Бахт бўлиб яралсин бахтнинг меваси.
КЎНГИЛ ДЕГАНИ
Кимнинг буғдойи бор, кимнинг сомони,
Кимнинг шаббодаси, кимнинг тўзони,
Ҳар жоннинг ўзида унинг жаҳони.
Қушни тўйдирмайди қўлдан бергани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Унинг кўчасида адашган қанча,
Ва ё кўксига гул қадашган қанча.
“Қанча?” деб қайтарма, “анча” де, анча,
Бахтин топиб кетсин бўзлаб юргани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Ҳар уйда қайнайди ҳаёт қозони,
Осон сотилади қадр арзони,
Гоҳо қулоғимда унинг фиғони,
Кўргани қурсин дер, оҳ кўрмаганнинг,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Севиб севилмаган муҳаббат етим,
Қўлида ҳўл ўтин, қалбида тутун.
Қайдасан, бўй кўрсат, эй бағри бутун,
Қарғиш ургани шу – соғинч ургани.
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Ҳар кимнинг орзуси, армони ўзга,
Табибдан топгувчи дармони ўзга,
Ҳақ ҳукми, Яратган фармони ўзга,
Кулиб турганими, йиғлаб тургани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
Кўнгил кўчасидан бахтин сўрганлар,
Дил ичра товланган тахтин сўрганлар,
Эзгу ният ила аҳдин сўрганлар,
Кўнгил кўргани бу – Аллоҳ кўргани,
Қолипга сиғмайди кўнгил дегани.
БОШҚА
Сира ерда учмас кўнгилнинг қуши,
Баъзан ўнг келармиш нодоннинг туши,
Чиқмай куйдираркан ақлнинг тиши,
Бил, нафси ўпқоннинг сўроғи бошқа,
Қадрига қалқоннинг қароғи бошқа.
Синаб синдираркан кимнидир ҳаёт,
Ўзгасин тилидан тушмайди баёт,
Ёлғиз Оллоҳдандир аслида нажот,
Тепилган тошнинг ҳам титроғи бошқа,
Садоқат, сабрнинг сабоғи бошқа.
Энг улкан садодир – сўзнинг садоси,
Хуш сабо – энг гўзал сўзнинг сабоси,
Ким бўлмас шу сўзнинг мангу гадоси,
Кўклам чақмоғининг чироғи бошқа,
Ойдан оққан нурнинг ирмоғи бошқа.
Бошқача кўрмоқ-чун дунё чеҳрасин,
Дилкўзсиз қолишдан Ўзи асрасин,
Яхши шеър шоирга бахш этмиш ҳусн,
Майсаликда тикан тирноғи бошқа,
Маҳмуд дер, оҳ қалбнинг қадоғи бошқа.
ҲАБИБ
Чиройга чимматни осмон бермайди,
Осмон берганини осон бермайди,
Ялиниш беморга дармон бермайди,
Ҳамма кафтда тутган эл табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Томирга туртгувчи дард илдизини,
Руҳингга сепилган гард илдизини,
Ким айтар, қорайтган қон қирмизини,
Боғдан топса бўлур гул табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Тиконлар тиконни суюб турганда,
Тошлар тошлар учун ийиб турганда,
Само замин учун куйиб турганда.
Узоқ ахтармайсиз гил табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Умидли дунё деб уввос солган ким,
Кўнгил уммонига ғаввос солган ким,
Гулдан, гўзалликдан қасос олган ким?
Ҳар лаҳза топарсиз пул табибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини.
Сиз дилга малҳамни дилдан излангиз,
Олов аламини кулдан излангиз,
Эъзоз-эътиборни элдан излангиз,
Эл бошида тутгай ўз ҳабибини,
Топмоқ мушкул экан дил табибини!
ЧЎП ТУШМАСИН
Замон оғир деймиз, замон ёмонми,
Биз келиб-кетамиз, замон омонми,
Аллоҳ асли Ўзи соҳиб замонми,
Ишонманг дуч келган каснинг сўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Кимнингдир кўнглида муз эримайди,
Ўзгасин қалби тош, туз эримайди,
Одам қаригайдир – дард қаримайди,
Хазон сепманг сира гулнинг изига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Қадримиз қон билан шонда асрайлик,
Тинчликни жон тикиб, жонда асрайлик,
Тинчлик – одамзодга абадий бойлик,
Шу бойлик буюрсин ўғил-қизига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Кин, риё, низолар – гуноҳи кабир,
Оламга зоҳир бу, одамга зоҳир,
Меҳру оқибатдек нима бор соҳир,
Қут-барака тиланг ризқу рўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Оловсиз ёнгайдир тўртта томонинг,
Ўзингдан чиқса гар нокас-нодонинг,
Қушингга буюрсин сочилган донинг,
Ким парда тортибди қуёш юзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
Буюк аждодларга ҳабиб халқ бўлдик,
Соҳиби давлатга соҳиб халқ бўлдик,
Эзгу ниятлари вожиб халқ бўлдик,
Зинҳор кўз тегмасин ўзбек ўзига,
Асло чўп тушмасин миллат кўзига.
СЕВГАНЛАР, СЕВИЛГАНЛАР
Нур ичра нурга ўхшар,
Ойдайин туюлганлар.
Гул ичра гулга ўхшар,
Севганлар, севилганлар.
Оташни ором билар,
Сукутни калом билар,
Бир-бирин умрин тилар,
Севганлар, севилганлар.
Нигоҳлари сўйлайди,
Кўнгиллари куйлайди,
Фақат бахтга бўйлайди,
Севганлар, севилганлар.
Тилагида тумор бор,
Изларида ифор бор,
Юрагида дутор бор,
Севганлар, севилганлар.
Кўзлари – кўзгусидир,
Юзлари – ёғдусидир,
Хуш висол – орзусидир,
Севганлар, севилганлар.
Жонида чамани бор,
Гуллардан гулхани бор,
Осмонда Ватани бор,
Севганлар, севилганлар.
ЁМОННИНГ ЁЛВОРИШИ
Осмондан узоқлашдим,
Ёлғондан узоқлашдим,
Ёмондан узоқлашдим,
Яхшилар, қайдасизлар?
Гуноҳим киборланди,
Кўнглим-а, ғуборланди,
Бугун ўздан орланди,
Яхшилар, қайдасизлар?
Қоқилган қайтиб турса,
Айбини айтиб турса,
Қилмишига оҳ урса,
Яхшилар, қайдасизлар?
Кечиргувчи кўзи бор,
Малҳам бўлар сўзи бор,
Сўрайман такрор-такрор,
Яхшилар, қайдасизлар?
Ой тутилган тундайин,
Гўрдан чиқмас ундайин,
Яшагим йўқ шундайин,
Яхшилар, қайдасизлар?
Гуноҳкорнинг гувоҳи,
Ёлғиз Ўзи паноҳи.
Етсин тавбамнинг оҳи,
Яхшилар, қайдасизлар?
Мен сизни излаб келдим,
Ўзимдан бўзлаб келдим,
Меҳрингиз кўзлаб келдим,
Яхшилар, қайдасизлар?
ШОИРНИНГ БОЙЛИГИ
Гоҳ-гоҳида тўкилиб,
Ёзгим келар тўрт қатор.
Илҳом келмай ноз қилса,
Ўзим ўзимга ашъор.
Аммо Ҳақнинг бағри кенг,
Туйғулар чоғир бўлар.
Оқ қоғозим устига,
Сўзларим ёмғир бўлар.
Гоҳ алам, гоҳи шодлик,
Чеҳрасин кўрсатгайдир.
Ҳаётнинг ҳақиқати,
Ёзишни ўргатгайдир.
Майсалар мулойимлар,
Сатримни силайдилар.
Шабнамлар оқойимлар,
Умримни тилайдилар.
Гўзаллик гўшасида,
Кўнглимни нурлантирсам.
Мен булбулнинг қизига
Набирам уйлантирсам.
Шоир бўлса, зўр шоир,
Навоийдан нур олса.
Йигит бўлса Фарҳоддек,
У тошлардан дур олса.
Устимдан кулманг, булар –
Дилнинг ширин қайғуси.
Шоирнинг бор бойлиги –
Кўкси тўла орзуси.
ЁШЛИК
Оқ қоғозим устида
Мен оппоқ тилак кўрдим.
Нурли қалам дастида
Ёнгувчи юрак кўрдим.
Сўзларнинг саодати
Самодан ёғиларди.
Шоирнинг қироати
Дуодан ёғиларди.
Энтиккан дил эланиб,
Худога йиғлар эди.
Булбулдан сўз тиланиб,
Жонини тиғлар эди.
Яхшиликни ўзига
Яраштирган ҳам кўпдир.
Ёмонликни изига
Эргаштирган ҳам кўпдир.
Баҳорнинг бозорида,
Гул сотганлар бор экан.
Ҳаётнинг озорида,
Дил сотганлар бор экан.
Оқ қоғозим устида
Мен оппоқ тилак кўрдим.
Нурли қалам дастида
Ёнгувчи юрак кўрдим.
Ҳақ сўзнинг увоғини
Юрагингга ютиб кўр.
Бир сатр сиртмоғини
Томоғингда тутиб кўр.
Булбул хашак чўқимас,
Гул юзини силайди.
Шоирлик бу шон эмас,
Дил умрини тилайди.
ИМОН ДАРЧАСИ
Қаро тундан ой истаб
Юрганлар ҳам кўп экан.
Йўқ пистадан мой истаб,
Турганлар ҳам кўп экан.
Не ўтса дил четидан
Қилгувчи топилади.
Кўрган туши кетидан
Юргувчи топилади.
Хаёлин уммонидан
Кит тутиб олганлар бор.
Лек ўзин чопонидан
Бит тутиб олганлар бор.
Айтилган такрор-такрор,
Турмушнинг ташвиши кўп.
Борнинг тўрт фасли баҳор,
Йўқнинг эса қиши кўп.
Бу ҳаёт бозорида
Ким олади, ким сотар.
Лек унинг мозорида
Барчаси бирга ётар.
Майли, ким кўкка учсин,
Кўнглининг кўчасидан.
Аммо чимдим нур тушсин,
Имонин дарчасидан.
САОДАТИНГ САВОБИ
Кун келади ёпилгай
Умримизнинг китоби.
Аммо шу он очилгай
Қилмишимиз ҳисоби.
Босган ҳар қадамимиз
Товонимиз тутамлар.
Ўнг томонда кулган ой
Сўл томондан ситамлар.
Қўлтиғингда керилган
Корчаллондан асар йўқ.
Ёнбошингни ёритган
Ёронлардан хабар йўқ.
Тиканларнинг тирноғи
Тирнамай қўйган дамлар,
Соянгга салом берган
Қанча-қанча одамлар.
Бадар кетган, кетганлар
Орқасига қаролмас.
Чирқиллаган иймонинг
Энди қалқон бўлолмас.
Ёлғонинг баринг тутган,
Ўздан аритолмайсан.
Гуноҳинг гуллаб турар,
Кўздан наритолмайсан.
Яратганнинг олдида
Энди бошинг бўлар хам.
Соврилган умринг учун
Тутгайсан абад мотам.
Мотам билан тугамас
Қиёматнинг ҳисоби.
Торозида тош босар
Саодатинг савоби.
МЕҲР СОТИЛМАЙДИ
Фарзандларимга
Бу ҳаёт бозори ҳамиша гавжум,
Олган ҳам, сотган ҳам тўхтамас бир зум.
Инсонга иймонда собитлик муҳим,
Хоҳла бу илтижо, хоҳла бу нолам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
Меҳр – бу кўксингда куйлаган қумри,
Ўзингга ўзингдан сўйлаган қумри.
Дунёдан ўтсанг ҳам умрингнинг умри,
Қабрингнинг бошида абад ёнган шам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
Қарзга сўраганга текинга бергин,
Қалбига эколса, экинга бергин,
Изларингга боқиб, фақат нур тергин,
Ҳаётим боғида, эй тоза толам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин болам.
Нафсинг надоматин таом асрайди,
Қалбинг саодатин калом асрайди,
Инсонлик шарафин хуш ном асрайди,
Баъзан фақирлигинг қилса ҳам алам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам.
Одамни одамдек меҳрга чулға,
Оламни оламдек меҳрга чулға,
Меҳрдан таралган сеҳрга чулға,
Сен – менга Тангридан энг буюк карам,
Меҳрингни ҳеч қачон сотмагин, болам!
ҚУВОНЧ ЁШИ КЎЗГА ЯРАШАР
Одамзод яшаркан, бахт излаб яшар,
Қадрига бир мақом, тахт излаб яшар,
Интилса, Аллоҳ ёр, шахт излаб яшар,
Ўзин излаганлар ўзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Булут босиб келса, тўкилар осмон,
Йигит йиғламасин, деймиз, ҳеч қачон,
Омадин олқишлаб йиғласа шоён,
Юмалаган ёшлар юзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Шабнам – бу тонгдаги покликнинг ёши,
Она Ер кафтида хокликнинг ёши.
Бошингдан кетмасин иқбол қуёши,
Дуонинг нурлари изга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Бу – Тангри қудрати, олам қалқиса,
Йўлин йўқотади одам чалғиса,
Қароғинг қатида қадринг қалқиса,
Ҳалоллик ҳамиша тузга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
Дил-дилга, тил-тилга бир умр эш-да,
Шоир шарафланар топган ташбеҳда,
Ай Маҳмуд, шоир кўп, бу кўҳна Кешда,
Ҳақиқат хитоби сўзга ярашар,
Қувонч кўз ёшлари кўзга ярашар.
КЎНГИЛ БОДАСИ
Очиқ осмон остида
Қуёшни қучмоқ мумкин.
Капалак қабатида
Самога учмоқ мумкин.
Хаёлинг қанотига
Тош бойлаб олмасанг, бас.
Булбулнинг баётига
Қарғанинг қаҳри абас.
Пок хаёл дилда бўлса,
Нури кўкда товлангай.
Хом хаёл тилда бўлса,
Ҳақ сўздан каловлангай.
Гул атри димоғингда,
Жисминг ҳам жилмаяди.
Қувончинг ёноғингда,
Шабнамга юз чаяди.
Хаёлнинг кўчаси кенг,
Ҳаётнинг йўли тордир.
Рост-ростга бўйласа – тенг,
Ёлғон-ёлғонга зордир.
Шеър сатрига тизилди
Хаёлимнинг шодаси.
Кўзларимдан сизилди
Маҳмуд, кўнглим бодаси.
ИЗЛАРМАН
Қаҳрдан йироқ бўлган
Кўзларни излагайман.
Меҳрга чироқ бўлган
Юзларни излагайман.
Миллатга мақом берган
Сўзларнинг сабоси бор.
Ортидан дуо терган
Изларнинг ибоси бор.
Аллоҳга чин ибодат
Банданинг камолидир.
Излаганим садоқат
Вафонинг жамолидир.
Қизларининг бахтидан
Бой бўлганни изларман.
Ўғилларни шахтидан
Ой бўлганни изларман.
Қувончи қучоғига
Сиғмаганни изларман.
Ғамзада фироғига
Мен ҳам бирга бўзларман.
Бир осмон остидаги
Заминга фарзандлармиз.
Қуёшнинг дастидаги
Диёрга дилбандлармиз.
Шукрининг сабосига
Юз тутганни изларман.
Халқининг ризосига
Кўз тутганни изларман.
Қалбида Ватани бор,
Ватандошни изларман.
Ўзга ор, Аллоҳга ёр,
Бир дилдошни изларман.
ҒУРУР
Ғурур асли дилимиз
Тубидаги қуёшдир.
Ғурур гоҳо кўнглимиз
Қатидаги кўз ёшдир.
Омадинг ўнгдан келса,
Етти қат осмондасан.
Тўфонлар сўлдан елса,
Бир йиртиқ чопондасан.
Ғурурнинг кўҳна тўнин
Барини босиб бўлмас.
Қаҳрнинг ботмон тошин
Киприкка осиб бўлмас.
Дарёдилнинг дарёси
Меҳрининг томчисида.
Тош кўнгилнинг жафоси
Қаҳрининг қамчисида.
Ғурурнинг ори осмон,
Қабоғида булут бор.
Тил тишлаб яшар ҳар он,
Сабоғида сукут бор.
Бу дунё чорбоғининг
Тикани бор, гули бор.
Ҳар кўнгил чироғининг
Қўри бордир, кули бор.
Сохта обрў соҳибин
Хасда ҳам елпиш мумкин.
Ғурурсиз яшаганни
Чўпда ҳам чилпиш мумкин.
Ғурурли бу дунёнинг,
Гардин ютиб яшаган.
Шу боис миллат мудом,
Мардин кутиб яшаган.
СЎРАГАНИ КЕЛГАНМИЗ
Биз инсонмиз – югурамиз, еламиз,
Кўнглимиз бор – тўкиламиз, тўламиз,
Бу дунёга сўрагани келамиз,
Аллоҳ берсин, умр, ризқи рўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Кунимизнинг кулган офтоби бўлсин,
Тунимизнинг тўлган моҳтоби бўлсин,
Ҳар тонг дилимизнинг шитоби бўлсин,
Умримизни узайтирар из берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Биз орзулар осмонида яшаймиз,
Биз армонлар уммонида яшаймиз,
Биз ҳаётнинг гулханига ўхшаймиз,
Бу оламга нур сочгувчи юз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Қатра меҳр қатларида дарё бор,
Ҳақ кўнгилда баҳоси йўқ дунё бор,
Гар ололсанг дурдан аъло дуо бор,
Садоқатда собитларга сўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Тўйлар қилиб, кўксини тоғ айласин,
Набираси белга белбоғ бойласин,
Ором қучсин, омад қучсин оиласин,
Шукур деса, қувонч қалққан кўз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
Даргоҳида йўқ нарсанинг ўзи йўқ,
Худойимдан сўрганнинг қарзи йўқ.
Хуш ниятга очилган кафт мисли чўғ,
Бирни сўранг, ўнни сўранг, юз берсин,
Ҳар бандага ўғил берсин, қиз берсин.
АНДОЗА
Оқ дунёнинг қора қоғозин кўрдим,
Наздимда читтакнинг дарозин кўрдим.
Бечора булбуллар пойгакда бўзлар,
Қарға карилларди, парвозин кўрдим.
Пастда олқишларди оломон чунон,
Гўё қопга сиғмай керилган сомон.
Баъзан ўнгу сўлга боқиб ўйлайсан,
Гоҳо қушга ўхшаб қоларкан инсон.
ЖАМОЛ
Инсон сўздан саодат излар,
Қадамидан каромат излар.
Қизиқ, унинг қаноти йўқ-ку,
Нечун кўкни нарвонсиз кўзлар.
Ошиқ дилнинг аъмолими бу,
Содиқ қулнинг камолими бу?
Оҳ, нарвонсиз кўкка чорлаган,
Яратганнинг жамолими бу?!
БИЛГАНИН БИЛДИРГАН
Биз кўнгил кўзини кўпда кўрмаймиз,
Гул бандин оҳини чўпда кўрмаймиз.
Кўрмай кериламиз, кўргандан ортиқ,
Тепки турткисини тўпда кўрмаймиз.
Ҳақиқат овози – ҳаёт хитоби,
Шоирнинг борлиги – баёт хитоби.
Эштиб билмаганга олган кўпайса,
Қаламни қон қилар довот хитоби.
Оқиллар ўргатган ордан олганим,
Йўқларни йўқлаган бордан олганим,
Менга мактабидан мурод берганлар,
Ҳақ деган, Ҳаққа зор, зордан олганим.
Умримнинг тонгида тоза ҳаводир,
Лутфи карамлари дардга даводир.
Кўриб-кўрганимдан воқиф айлаган,
Билганин билдирган қодир Худодир.
АЁЛ БАХТИДАН
Қуёш кулиб чиқса, тонгинг нурафшон,
Оилангда онанг бор, онгинг нурафшон,
Ҳеч вақт қаримайди аёлдаги шон,
Муҳаббат яралган аёл аҳдидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.
Сабо кўп, баҳорнинг сабоси бўлак,
Дуо кўп, онанинг дуоси бўлак,
Аёлга атодир бор яхши тилак,
Аёл бор – тушмайсан, ором тахтидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.
Аёл уйғоқ дилда энг гўзал тушдир,
Ухламай туш кўрган ошиқ сархушдир,
Севмоқ савоб эрур, севилмоқ хушдир,
Дарё қалқиб чиқар қалблар қатидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.
Онаси умрини тилаган ўғил,
Меҳрини бошидан элаган ўғил,
Гул тутиб, қўллари гуллаган ўғил,
Илоҳим, қайтмасин шундай шахтидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.
Она Ватандаги она висоли –
Садоқат тимсоли, вафо тимсоли,
Миллат камоли у, миллат жамоли,
Ҳеч ким доғ ахтармас қуёш сатҳидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан.
ЭСЛАБ – ЭСЛАБ
Шукур, бугун саломатмиз,
Саломатмиз, қўшомадмиз,
Лек дунёга омонатмиз,
Ёру дўстга умр тилаб,
Турган яхши эслаб-эслаб.
Ўтганларнинг руҳи ҳаёт,
Фарзи айн айламоқ ёд,
Ҳақ каломи – Қуръон нажот,
Йиғлаш шартмас ўкраб-ўкраб,
Қўяйлик бир эслаб – эслаб.
Ота-она сиздан нари,
Дарвозада тўрт кўзлари,
Айтолмайди ҳеч ўзлари,
Аммо дилда битта матлаб,
Келса, қани, эслаб-эслаб.
Содиқ дўстлар кўп бўлмайди,
Улар кўзга чўп бўлмайди.
Эсга олсак, дил яйрайди,
Келмай туриб ўзи излаб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
Уйғонганда кўз очилар,
Юзни ювсанг, юз очилар,
Салом билан сўз очилар,
Турсак ҳамки эснаб-эснаб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
Бегоналар келар ошга,
Жигарларнинг ўрни бошқа
Ёмон кунлар тушмай бошга,
Қадр-қиммат кетмай нураб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
Сиздан биров нон сўрамас,
Жони учун жон сўрамас,
Шон ҳам сизга, шон сўрамас,
Таваллудин тонгда қутлаб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
Опа-сингил, ака-ука,
Сизни кўрса, боши кўкда,
Тушмай туриб бизлар чўкка,
Умр йўли кетмай нишаб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
Меҳр бизга момомерос,
Соғинч бўлса бобомерос,
Сизу биздан йўқлаш, холос,
Қадримизни омон асраб,
Қўяйлик бир эслаб-эслаб.
ЧАНГНИНГ СОЯСИ
(Ҳазил)
Тарозида посонги,
Бир томонда ҳусанги,
Бир томонда ҳасанги.
Ҳусангига тош босди,
Наҳотки узум чанги.
Ҳасанги хўмраярди,
“Оҳ, адолат бўлсайди,
Қайдан келди чанг дайди”?
Наздимда тарозибон
Сотилганга ўхшайди.
Ҳусанги хандон отар,
Баргида қуёш ётар.
Ғолиблик болин тотар,
Худойим омад берса
Чангнинг сояси етар.
ИБРАТ
Бу савол ўзимга, кейин сизгадир,
Кўнглин кўрсатмаган ойдин юзгадир,
Ортимиздан келар ўғил-қизгадир,
Ибрат олганмисиз хатоингиздан?
Кимнингдир дилига тошдек ботганлар,
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.