Kitabı oku: «Танланган асарлар: 1-жилд», sayfa 4
* * *
Алимардон участкасини даранглатиб битириб олди. Қовун пўчоқ ерга тушди. Заъфарон қанотларини унсиз силкитиб яна куз кирди. Кўчалар устида чинорларнинг йирик-йирик япроқлари капалакдай пирпиради. Оқшомлари йўлкалар четида ёқилган хазоннинг юпқа тутуни ҳавода узоқ кезиб юрадиган бўлди, боғлар, хиёбонлар жимиб қолди. Шаҳарликларнинг кўпи теримга – ҳашарга жўнаб кетгани учун Тошкент хийла осуда, трамвайларда одам сийрак.
Алимардон трамвайдан тушди-да, Эстрада театри томонга енгил, дадил қадамлар билан юриб кетди. Қуёш эндигина ботган, концерт бошланай деб турар эди. У оёғи остида қирсиллаган хазонларни босиб-янчиб бораркан, театр биносининг олдидаги ойнабанд тахта қаршисида бир зум тўхтаб ўтди. Каттакон, рангли афишада бугун концерт берадиган артистларнинг номи ёзилган эди. У ўз расмини топди. Унинг номи артистларнинг энг охирига майда ҳарфлар билан тиркаб қўйилган эди.
Алимардон лабларини қимтиб ютинди. Касса олдида уймаланишган одамларга бир қаради-да, яна ўшандай енгил қадамлар билан театр биносини айланиб ўта бошлади.
Ёш чинор дарахтлари қалин хазон тўккан кичкинагина боғчадан ўтиб, театрнинг орқа эшигидан ичкари кирди. Шошиламсдан цемент зиналардан кўтарилди. Йўлаклар нимқоронғи, залдаги ҳашамлар бу ерда кўринмас, деворлар зах эди. Қаердадир доира тараклар, пианино товуши эшитилиб турарди.
“Репетиция қилишяпти”, деб ўйлади у саҳна томонга юриб бораркан. Яна бир йўлакдан ўтиб, ёнбошдаги эшикни тақиллатди. Ичкаридан йўғон, босинқи овоз эшитилди:
– Киринг!
Алимардон овоз эгасини таниди: “Зуфар Ходиевич! Ҳозир уришади!”
У эшикни шахт билан очди. Жажжигина хона биллур қандилдан ёғилаётган нурга тўлган, деворлардаги кекса артистларнинг суратлари рамкалар ойнаси ярақлаб турарди.
Зуфар Ходиевич каттакон стол орқасида креслога оғир гавдаси билан чўкиб ўтирар, сигарет тутатар, оппоқ, сийрак сочлари чироқ нурида ялтилларди. Унинг хиёл очиқ лабларидан оғзидаги уч-тўрт тилла тиши кўриниб турар, чеҳрасида чарчоқ бир ифода бор эди.
– Яна кеч қолдингизми? – Зуфар Ходиевич кафти билан тамаки тутинини ҳайдаб койиди. – Шу одатингизни қачон ташлайсиз?
Алимардон индамай тураверди. У театр бадиий рағбарининг қаттиққўллигини, унга гап қайтаролмаслигини билар, аммо унинг ёшларни яхши кўришидан ҳам хабардор эди. У Алимардонни ишга олаётганда ҳамма шароитни яратиб беришга, гастролларга олиб чиқишга ваъда берган эди. Чиндан ҳам ваъдасини бажарди. Алимардон ёз бўйи республиканинг ҳамма вилоятларига бориб келди…
У тағин нима деркин, деган хаёлда Зуфар Ходиевичдан кўз узмай тураверди.
– Гримхонага кирмайсизми? – Зуфар Ходиевич тағин ўша койиган оҳангда.
Алимардон ҳеч нима демай, кескин бурилди-да, чиқиб кетди.
У саҳна чеккасига суриб қўйилган парда олдига борганида концерт қизиб кетган эди. Яна иккита номердан кейин конферансье қиз шошилиб келиб, унинг қулоғига шипшиди: “Тайёрмисиз? Чиқинг!” У Алимардоннинг жавобини ҳам кутмай саҳна ўртасига бориб эълон қилди:
– Навбат ёш хонанда Алимардон Тўраевга!
Гулдурос қарсаклар зални титратиб юборди. Унинг назарида одамлар қўшиқнинг номини эшитишга ҳам тоқат қилмай, ўзини кўришга ошиқардилар. Алимардон енгил, ишончли қадамлар билан саҳна ўртасига – микрофон олдига етиб борди. Ҳамон ҳавони қарсаклар титратар, у юриб эмас, мана шу қарсаклар қанотида учиб саҳнага чиққандек эди. Алимардон бир вақтлар саҳнада қай ҳолатда кўринишни орзу қилган бўлса, ҳозир худди ўша ҳолатда эди. У чуст дўппи, қора костюм-шим кийиб олган, оппоқ кўйлагининг крахмалланган ёқаси тагида чиройли ялтироқ галстук ёниб турарди. У бир вақтлар телестудияда илк бор қўлига ушлаб томоша қилганидан ҳам яхшироқ тор кўтариб турарди.
Алимардон қошини бир оз чимириб жилмайди-да, оҳиста таъзим қилди. Зал яна гувуллаб кетди. Торнинг жозибадор янгроқ садолари кунгурадор шифтларга урила бошлагач, зал секин-секин тинчиб қолди. Алимардон ўзи басталаган янги қўшиқни айта бошлади. Чеҳрасида ҳамон ўша табассум билан завқланиб, юрак-юракдан эриб айтди.
Қўшиқ тугаши билан зал яна денгиз тўлқинидай гувиллаб кетди. Алимардон оҳиста бурилиб кетаркан, тағин бир марта таъзим қилди. Аммо зал тинчиш ўрнига баттар тўлқинланиб, одамлар ўрнидан туриб кетди. Конферансье қиз уни қўлидан енгилгина тортиб, яна микрофон олдига етаклаб борди.
– “Йигит қўшиғи!” – деди у жарангдор овозда.
Зал сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Алимардон яна ўша табассум билан, яна ўша завқ билан куйлади.
Қўшиқ охирлаши билан шифтлар тағин ларзага келди. у бу сафар чуқур таъзим этди-да, парда орқасига ўтиб кетди.
Конферансье навбатдаги артистлар номини эълон қила бошлаган эди, томошабинлар гувуллаб, тартибсиз қарсак чалиб юборишди. Зум ўтмай қарсаклар бир меъёрда такрорланувчи гурс-гурс этган овозга айланиб кетди. Одамлар навбатда чиқаётган хонандаларнинг пешанасига мих қоқаётгандай баравар қарсак чалишар, Алимардоннинг ўзини талаб қилишарди.
Алимардон ҳаяжонланиб кетди. Конферансьенинг эълон қилишини ҳам кутмай, тез-тез юриб саҳнага чиқиб борди. Залга эмас, сутдек оқиш нур тўкиб турган қандилларга қараб янги қўшиқ бошлади.
У олқишлар остида саҳна четига чиқиши билан Зуфар Ходиевичнинг ғазабдан чақнаган кўзларига тўқнаш келди.
– Инсоф борми сизда? Санъаткорлик одоби борми?
Алимардон индамади. Унинг кўзларига дангал тикилиб туриб, масхарали кулиб қўйди.
Зуфар Ходиевич ўзини босиб ололмас, Алимардон бемалол жилмаяр, пастда эса зал ҳамон гувуллар, Алимардонни талаб қилиб қий-чув кўтарарди.
Алимардон мана шу саҳна тез кунда бутунлай ўзиники, ёлғиз ўзиники бўлиб қолишини ҳозир аниқ билди.
* * *
Алимардон саҳна чеккасида, оғир зангори бахмал парданинг тирқишидан зални кузатиб турарди. У ҳар сафар саҳнага чиқишдан олдин шунақа – бир чеккада туриб зални томоша қилади, кўнгли шодон туйғуларга лиммо-лим тўлиб кетади.
Залдаги каттакон қандил ҳали ўчмаган, томошабинлар қаторлар ўртасидаги йўлакдан шоша-пиша ўтиб, ўз ўринларини қидиришарди, ҳали очилмаган саҳна томонга орзиқиб қараб-қараб қўйишарди. Улар ҳар хил: ёш, қари, эркак, аёл… Қандайдир бир ярим-икки йил ичида бутун ўзбекистонни ҳайратга солиб қўйган Алимардон Тўраевни кўришга, дилдор овозини эшитишга узоқ-яқиндан келган одамлар шулар.
Алимардон мийиғида кулиб қўйди. Ҳа, у шод эди! У чиндан ҳам бутун ўзбекистонни забт этганини билар, билган сайин қувонарди. Одамлар бутунлай маҳлиё бўлиб қолганга ўхшарди. Унинг концертига энг чекка қишлоқлардан келишар, икки ҳафта илгари олиб қўйилмаса билетлар топилмас, шунда томшабинлар ҳар бир паттани ўн баробар баҳосига бўлса ҳам олиб тушишарди.
Алимардон ўзининг нима учун бунчалик тез танилиб кетганлигини билади. У одамларнинг юрагини қитиқлаш сирларини ўрганиб олди. Қўшиқдаги ҳар бир янги оҳанг томошабиннинг завқини тошириб юборишини, ҳар бир ҳаракат олам-олам олқиш ҳадя этиши аниқлигини тушуниб қолди. ўзи басталаётган куйларда қувонч билан изтироб, муҳаббат билан садоқат – ҳамма-ҳаммасини мужассам этишга уринди. Ҳар бир ашулада ҳеч қачон такрорланмас оҳанг бўлиши, қўшиқларнинг ҳар бир сўзи тингловчининг юрак-юрагига етиб бориши учун ҳаракат қилди. Шу туфайли шинавандалар уни эҳтирос билан олқишлайдиган бўлдилар.
Алимардон тўйларга ҳам кўп қатнайди, аммо арзон-гаровга эмас.
Залда гулдурос қарсаклар янгради. Алимардон яна парда тирқишидан мўралади. Олдинги қаторлар лиқ тўлган, орқароқда эса жойини тополмаган томошабинлар зир югуришар эди. У соатига қараб қўйди. Томоша бошланишига беш минут қолган. У бурилиб кетаётганида яна зал гувуллай бошлади.
Мана, икки йилдирки, Алимардон шу қарсаклар ҳавосида учиб юрибди. У худди ойга ўхшарди. Кун сайин тиниқлашиб, кун сайин ёрқинлашиб, баландлаб борарди. Унинг силлиқ таралган сочи устидан чуст дўппи кийиб, қошини хиёл чимириб, табассум қилиб турган сурати аллақачон ҳаммага таниш бўлиб қолган, афишалар номи ўқлоғидай ҳарфлар билан ёзилиб чиқар эди.
У пардозхонага кириб, ўзини яна бир марта кўзгуга солди-да, торини кўтариб қайтиб чиқди.
Саҳна пардаси секин-секин очила бошлади. Залдаги катта қандил ўчди. Чекка-чеккадаги эшиклар устида ёниб турган қизил чироқларгина қолди.
Конферансье эълон қилгандан кейин Алимардон саҳнага чиқди. Кунгурадор шифтлар қарсак садоларидан титраб кетди, бутун зал ҳаяжондан ларзага келди. Алимардон ҳар тарафга қараб таъзим қилди. Олқишлар яна ҳам кучайиб кетди. Шу кўйи беш дақиқагача тўхтамади.
Алимардон торини кўксига босиб, томошабинларга зимдан қараб қўйди. ўира-ширада ҳаяжондан қизарган чеҳралар кўринади, орқа қатордагилар ўрнидан туриб кетган, ҳамма баравар чапак чалар эди.
Тор садолари юракларни зириллатиб тилга кирганидан кейингина зал секин-секин тинчий бошлади. ўша ондаёқ Алимардоннинг тиниқ овози осуда парвоз этди:
… Рангинамни сариқ қилган ул қалам қоши…
У кўзларини хиёл юмиб олганча қўшиқни завқ билан айтди. Ашула тугамасданоқ зал титраб кетди. Унинг саҳнадан жилишига ҳеч йўл қўймасдилар.
Концерт охирлаб қолганида у чарчади. Боши қизариб, тор симлари узра сурилган бармоқлари зирқирай бошлади. Аммо иккинчи бўлим тамом бўлгунича ҳам ҳеч кимга гал бермади. Бисотидаги янги қўшиқларнинг ҳаммасини айтди. Унинг дилрабо овозида гоҳ васл қувончи янграр, гоҳ ҳижрон изтироблари инграр, гоҳ шодон ҳазил оҳанглари мавжланарди.
Ниҳоят, конферансье концерт тамом бўлганини эълон қилди. У томошабинлар билан хайрлашиш учун саҳнага чиққанида ҳамамёқ яна денгиз тошқинидай гувуллаб кетди.
Саҳна четидаги зинадан гулдаста кўтарган қатор-қатор одамлар чиқиб келишарди. Энг аввал унинг олдига каттакон гулдаста кўтарган чиройли жувон етиб келди. Алимардонни қучоқлаб, қўлига гул тутқазди. Шу ондаёқ у чаккасида аёлнинг титроқ иссиқ лабларини туйди. Димоғига аллақандай хушбўй атир иси гупиллаб урилди.
Алимардон қайрилиб қарагунча, бошқа одамлар уни ўраб олди. У қучоғига тўлиб, кўз ўнгини тўсиб қолган гулларни қаерга қўйишини билмас, шу тобда оёғининг тагигача гулга тўлиб кетган эди.
Парда ёпилганидан кейин гулларни конферансье қизга топширди-да, нимқоронғи, тор йўлакдан ўтиб ҳовлига чиқди. Галстугини ечиб, чўнтагига солди-да, ёқасидаги тугмаларини тушириб, намхуш куз ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди.
Асфальт йўлкалар қорайиб қолганини, шивалаб ёмғир ёғаётганини шундагина билди.
Пошналари билан қоронғи сукунатни чарсиллатиб титратганча йўлкадан ўтиб, боғ чеккасидаги темир панжара олдига келди. Панжаранинг пастак эшикчасини очиб, ичкари кирди, “Волга”сини моторини гуруллатди.
Алимардон машина ҳайдашни мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ амакисидан ўрганиб олган эди. ўшанда ғалати ишлар бўлганди.
Бир йили колхоз раиси, бошида эри йўқ, деб унинг онасини анҳор ёқасидаги катта боққа қоровул қилиб қўйди. ўша йили узум яхши бўлди. Ёзда Алимардон ҳар кеча катта боғда ётиб қоларди. Бир кеча чайлада ухлаб ётганида амасики уйғотди: “Дарвоза ёнида машина турипти. Узумларнинг яхши-яхшисинидан танлаб уз…” – деди. Алимардон энди оғиз очмоқчи эди, амакиси гапиртирмади: “Айтганимни қилавергин, машина ҳайдашни ўргатаман”. Икковлари қўлчироқ ёқиб, ишкомга киришди. Амакиси машинани ҳайдаб кетар экан, тайинлади: “Ҳеч кимга айтма. Велопед олиб бераман!”
Ўша кундан бошлаб Алимардоннинг иши юришиб кетди. У онаси уйда қолган кечалари амакиси билан ишком оралаб, кундузлари “ГАЗ – 51”нинг кабинасидан чиқмайдиган бўлди.
Ўша йили кузда у еттинчи синфга соат тақиб, велосипед миниб борадиган бўлди.
Келгуси йил ёзида Алимардоннинг яна омади келди. Аммо энди у пишиқ бўлиб қолган эди. Амакисидан узум ҳақининг ярмисини талаб қиладиган бўлди. Ҳамма иш силлиқ бораётган эди-ю, кузда лоп этиб амакиси қамалиб кетди. Алимардон амакисининг шалтоғига ўзи ҳам тойиб кетишидан қўрқарди. Хайрият, ҳеч нима қилмади. Лекин энди уларни катта боққа яқин йўлатмай қўйишди. Қизиқ, амакиси ўн йилга қамалганини эшитганида ачинмади ҳам. Баҳонада ўзининг бир нималик бўлиб қолгани, машина ҳайдашни ўрганиб олганига суюнди.
Яқинда “Волга” сотиб олганида, ўшанда машина ҳайдашни ўрганиб қўйгани яна қўл келди. Наридан-бери ҳайдовчилик курсини битириб, гувоҳномалик бўлиб олди. У янги уйланганида Муқаддамни қанчалик яхши кўрган бўлса, энди машинасини ҳам шунчалик суярди. Ҳозир ҳам фараларнинг ёрқин нурида асфальт йўлакни ёритиб, машинани авайлаб катта кўчага олиб чиқди. Театрдан қайтаётган томошабинлар тўдасини ёриб ўтди, шиддат билан елиб кетди.
Муюлишга етганда икки қаватли уй олдида турган оқиш “Волга;ни кўрди. Машинанинг эшиги очилиб, оқ халат кийган киши тушди-да, кафти билан чироқдан кўзини пана қилиб чекинди. “Тез ёрдам” экан, деб ўйлади Алимардон йўлдан кўз узмай бораркан. Бир лаҳзада четлаб ўтишни ўйлади-ю, шу ондаёқ фикридан қайтди. Тезликни пасайтирмасдан елиб бораверди. Иккала машина ёнма-ён келганида йўл ўртасидаги ҳалқоб сув сачраб кетди. Алимардон “Тез ёрдам”га ёпишиб турган кишининг халати расво бўлганини, орқадан қўл силтаб алланима деб койиганини кўриб қолди. Лекин парво қилмади. “Жон керак бўлса четроқ турсин-да!”
* * *
Анвар Бўстонга қандай келиб қолганини ўзи тушунмасди. Ким билсин, балки ўтмиш хотиралари билан хайрлашиш учундир…
Қоронғи тушиб қолган, ҳаво булут, юракни қон қилиб юборувчи куз ёмғири бошланай-бошланай деб турарди. У қишлоқ кўчаларидан ўтиб бораркан, ҳаммаёқ ўзгариб кетганини кўрди. Аввалги эгри-бугри тор кўчалар ўрнида янги асфальт йўл очилган, қатор-қатор симёғочлар чўзилиб кетган эди. Негадир унга қишлоқнинг анча ўзгариб қолган янги манзараси ёқмади. Аввалги боғ-роғларнинг кўпи йўқ бўлиб кетибди. Кишининг нафасини қайтарувчи шаҳар ҳавоси сезилиб қолибди. Бир пайтлар ўзининг болалиги ўтган ҳовли ўрнида тўрт қаватли уй қурилибди. Ёнғоқзор йўқолиб кетибди.
У кўча четидан секин-секин юриб бораркан ҳозир Муқаддамни кўришини билар, аммо қай ҳолатда учратишни, ўзини кўрганда унинг қандай аҳволга тушишини тасаввур эта олмас эди.
Ҳар одамда ҳам бошқа ҳеч кимда тополмайдиган бирон фазилат бўларкан. У Эътибордан – ўша онаси кўп эслайдиган қиздан Муқаддамда йўқ бир фазилатни топди. Эътибор Ядро институтида ишлар, жиддийлиги, оқила қиз эканлиги билан Анварга ёққан эди. Анвар бу қиз ўзини яхши кўриб қолганини билар, аммо ўзи уни севадими, йўқми, билолмас эди… Бари бир, энди ҳамма нарса ҳал бўлган, ортиқча иккиланиб ўтиришнинг ҳожати йўқ эди.
У хаёл билан Алимардоннинг эшигига келиб қолди. Алимардон янги уй солганини эшитган, аммо бунчалик деб ўйламаган эди. Пишиқ ғиштдан болохонадор қилиб солинган каттакон уй қаддини баланд тутиб турар, деразаларига темир панжаралар тўсилган эди.
Анвар пештоқида чироқ ёниб турган жимжимадор дарвоза олдига етганида, бирдан юраги гупиллаб кетди. Шундагина кўнглининг бир чеккасида кул босиб ётган чўғ ҳамон ўчмаганини, бу ерга бекор келганини англади. Аммо ички бир куч – Муқаддамни кўриш орзусими, бошқа бир нарсами, мажбур этди-ю, эшикни тақиллата бошлади. Кейин дарвоза чеккасида оппоқ тугмача турганини кўриб қолди-да, хижолатдан тугмачани босди.
Ичкаридан калишнинг шап-шап этган товуши дарвозага яқинлашди. Зум ўтмай аёл кишининг товуши эшитилди.
– Мардон ака…
“Муқаддам!” – Анвар юрагининг аллақаерида нозик бир тор жаранглаб кетганини сезди. “Нега келдим? Майна бўлганими? Ё мақтанганими, қасос олганими?”
У томоғи қуриб, ютинолмай қолганини, лаблари ўз-ўзидан пирпирай бошлаганини пайқади-ю, қатъий пичирлади:
– Кетиш керак!
Йўқ, у кечикканди. Дарвоза ичига ўрнатилган эшик ғийқиллаб очилди.
– Вой!
Анвар Муқаддамнинг бирдан чўчиб кетганини, ҳуркиб бошини ичкари тортганини кўрди. Иккови бир-бирларига тикилиб қолишди. Анвар бир қарашдаёқ унинг ранги ўчиб кетганини, эшик тутқичидан ушлаб турган қўли титраганини сезди. Шундан кейингина унинг анча ориқлаб, қорайиб қолганини, кўзларида аввалги шодлик учқунлари йўқлигини пайқади. Муқаддам бошига капрон рўмол ташлаб, гулдор халат кийиб олибди.
Чамаси, у Анвардан кўра илгарироқ ўзига келди. Юзига илиқ бир қизиллик югурди-да, жилмайиб салом берди.
– Келинг.
У эшикни ланг очиб, икки қадам орқага чекинди.
– Келинг, – деди яна секингина.
Шу топда Анварнинг кўзи унинг тугмалари очиқ халатига тушди. “Иккиқат экан!”
Қизиқ, Анвар ўзида ҳали ҳеч сезилмаган ажиб бир енгиллик ҳис этди. Бу одам ўзига бутунлай бегона эканлигини, керак ҳам эмаслигини бутун вужуди билан бирданига тушунди-ю, қалбида ҳозиргина қайта ловиллаган ўт тўстадан сўнди. У қандайдир лоқайд, хотиржам бўлиб қолди.
– Алимардон қаерда? – деди босиқлик билан.
Муқаддам ҳам унинг кўнглидан кечганларнинг ҳаммасини бирдан тушунди шекилли, яна жилмайди. Бу табассум севгили кишисига эмас, кўпроқ сингилнинг акасига қарашидай эркин, сокин эди.
– Концертда эдилар…
– Шанба куни тўйга боринглар.
Анвар Муқаддамнинг чеҳрасида бир лаҳза ғам соясига ўхшаш аллақандай ҳайрат пайдо бўла бошлаганини пайқабди. Аммо шу ондаёқ у яна жилмайди.
– Табриклайман…
Анвар бу ерда узоқ турмаслиги кераклигини билиб, тезгина хайрлашди-да, жўнаб кетди. У Муқаддам орқасидан тикилиб турганини билар, шунинг учун қайрилиб қарамас эди. Анчадан кейин эшикнинг тарақлаб ёпилганини эшитиб, ўгирилиб қаради. Остона бўм-бўш эди.
– Иккиқат экан… – у юрагининг ярасига малҳам топилганидан шод бўлгандек, яна бир бор пичирлади.
Шивалаб ёмғир ёға бошлади. Ҳавода тупроқ иси гуркиради. У Қонқус бўйига келганда ёмғир тезлашиб кетди. Қишлоқ ўзгача тус олган бўлса ҳам анҳор ўзгармабди. Қирғоқда ҳамон ўшандай қамишзор шовуллаб ётар, сув ҳамон жимгина оқар эди. Анҳор бўйидаги толлар ҳам жойида турибди. Фақат биттасининг каттакон шохи синиб тушиб, бир учи сувга осилиб қолибди. Тўлқинлар ғира-шира зулмат қўйнида тол шохларига урилиб шовуллайди, ёмғир томчилари анҳорга унсиз шивалаб тушади.
Анвар ёмғирдан сирғанчиқ бўлиб кетган яккачўп устида анчагача сувга тикилиб турди-да, авайлаб юриб, нариги соҳилга ўтиб олди. Охирги марта анҳорга қараб қўйди-да, тез-тез юриб кетди.
* * *
Алимардон таъби тирриқ бўлиб келди. Машинасини ҳовлига олиб кирди-да, ўртадагаи цемент майдончада тўхтатиб, ерга тушди. Ёзлик шийпон пештоқидаги чироқни ёқди. Резинка ичакни водопровод жўмрагига улаб, машинани юва бошлади.
Ёмғир шивалаб ёғар, уст-боши шалаббо бўлиб кетган, нафаси қисар, аммо ўжарлик билан резинка ичакни қўйиб юбормасди.
– Лопқал пальто кийиб олсангиз-чи, шамоллаб қоласиз!
Алимардон хотинининг товушини эшитиб, бурилиб қаради. Муқаддам бир тавақаси очилган дарвоза олдида эрига ачиниб қараб турарди. У ўтган сафар қўрқиб қолгани учунми, энди бўйида бўлганидан бери ўзини айниқса эҳтиёт қилар, ишдан ҳам бўшаган эди.
– Пальтоингизни олиб чиқайми? – деди у ҳамон деразадан қараб тураркан.
– Керакмас! – Алимардон резинка ичакнинг учини қаттиқ қисди. Сув тизиллаб отилиб, машина эшигига ёпишган лойни ювиб туша бошлади.
Дераза тавақаси оҳиста ёпилди.
– Билганини қилмайдими! – пичирлади Муқаддам ўкинч билан. У диванга бориб ўтирди-да, чала қолган каштасини тика бошлади. У ўзини алаҳситишга, кўнглидаги ғам соясини ҳайдашга ҳаракат қиларди.
Мана, тўйдан буён икки йил ўтибдики, шу азоб. Алимардон ҳамиша у айтганининг тескарсиини қилади. Бир оғиз ортиқча гапириб кўрсин-чи! ўша қиш кечасида айтган гапини қайтаролмайди дейсизми?
Нима қилсин? Дардини кимга айтсин? Отасигами? Ё онасигами? “ўзинг кўнгил қўйиб теккансан”, дейишмайдими?
У баҳорда боласи тушганидан кейин жуда чўкиб қолган эди. Йўқ, хайриятки, толе яна фарзанд ато қилди. Фақат эрининг инсофга келмагани ўртайди Муқаддамни. Бугун Анвар келиб кетганидан кейин Мардон акасининг силтаб-силтаб гапириши нимагадир яна оғирроқ ботди унга…
…Алимардон машинасини гаражга киритиб қўйгунча ярим кечадан ошиб кетди. У ваннага тушди. Шалаббо бўлиб кетган кийимларини алмаштирди-да, ўз хонасига кирди.
Деворга қимматбаҳо гиламлар қоқилган, шифтдаги каттакон биллур қандил уй ичини мунис, эркаловчи нурларга тўлдирган эди.
Алимардон дераза олдида турган рояль қопқоғини очиб, чала бошлади. Машҳур “Оққуш кўли” балетининг жўшқин оҳанглари хонани тўлдириб юборди. Алимардон ундан ҳар гал янги оҳанг топар, куйнинг сеҳрли оламига кириб кетарди.
Бир маҳал у эшик очилганини кўриб, ёнламаси бурилиб қаради. Эшик олдида Муқаддам турар, афтидан, бир нима демоқчи бўлар, аммо эрига халақит беришдан чўчир эди.
– Нима гап? – деди Алимардон ниҳоят нотадан бош кўтариб.
– Ўртоғингиз келди…
Алимардон киприкларини пирпиратди:
– Ким?
Муқаддам бир нафас жим қолди-да, секингина айтди:
– Анвар.
– Ки-и-м? – деди Алимардон чўзиб. Кўзлари чақнаб кетди. Муқаддам индамай тураверди.
– Нима хизматлари бор экан?! – деди Алимардон жеркиб.
– Тўй қилаётган эмиш. – Муқаддам эрига хотиржам тикилиб туриб қўшиб қўйди: – Шанба куни…
Алимардон унинг кимга уйланаётганини билгиси келди-ю, сўрамади. “Менга нима?” У Муқаддамнинг билинар-билинмас доғлар пайдо бўлган чеҳрасидан маъно уқмоқчи бўлгандай кўзига қараб туриб сўради:
– Қачон келди?
– Ҳали, – деди Муқаддам яна ўша оҳангда.
Алимардон индамасдан рояль устига эгилди. Энди чала бошлаган эди, хотинининг нозик кафти елкасига текканини сезиб тўхтади.
– Борасизми? – Муқаддамнинг қайноқ нафаси унинг қулоғи остида пичирлади. – Тайинлаб кетди. – Муқаддам унинг сочларини бармоқлари орасига олиб силади. Чамаси, у бугун эрининг ўзига меҳрибонроқ бўлишини айниқса хоҳлар, бу нарса жуда муҳимдек туюларди.
Аммо Алимардон унинг қўлини силтаб туширди.
– Кўп суйкалаверма!
Муқаддамнинг хўрлиги келиб, кўзида ёш халқаланди. “Нега ҳадеб жеркийди? Нимага хор қилади? Ахир у ҳам умид билан уйим-жойим деб юрибди-ку!”
Муқаддам эрининг атайлаб шундай қилаётганини пайқади-да, бир амаллаб кўз ёшини ютиб юборди. Шунча пайтлардан буён юрагининг қайси бир кўчасида яшириниб ётган қайсар ғазаб туйғуси лоп этиб юзага чиқди.
– Нимага силтайсиз? – деди лаблари пирпираб.
Алимардон нотадан кўз узиб қаради-да, унинг гапини эшитмагандай эрмак қилиб кулди.
– Анвар акангизни меҳмон қилдингизми?
Муқаддам ғазабдан титраб пичирлади:
– Ҳа! Қилдим!
Алимардон боягидан ҳам ёйилиб кулди.
– Йиғлаб кўришгандирсизлар?.. Бир вақтлар яхши кўрардингиз… Соғиниб қолгансиз…
Муқаддам унинг юзига тарсаки қўйиб юборгиси келди-ю, зўр-базўр ўзини тийди. Алам билан ер тепиб чинқирди.
– Бўлди!
У жаҳлдан оёқ-қўллари қалтираб, эрининг тепасида турар, бошқа пайт бўлса йиғлаб юборган бўлар, лекин кўз ёши ҳам, ўкинчи ҳам аллақаёққа йўқолган, унинг кўнглида фақат ғазаб қолган эди.
– Ҳаммани ўзингизга ўхшатманг! – деди кўзлари ёниб.
Алимардоннинг ранги бир оқарди-ю, аммо яна ўша эрмак қилувчи кулги билан ўзини босди.
– Майли, бораман, ўша қўймижоз акангизнинг тўйига… Сизнинг ҳам кўнглингиз қолмасин…
Муқаддам ижирғаниб юзини бурди.
– Борманг! Ҳеч ким сизга зор эмас!
Алимардон стулдан секин турди-да, унинг худди қулоғи тагида таъкидлади:
– Мана шунинг учун ҳам бораман. Албатта, бораман!
Муқаддам қайрилиб ҳам қарамай, эшикни қарсиллатиб ёпиб, айвонга чиқди. Ҳамон ёмғир шивалаб ёғар, ҳовлидаги ёнғоқлар, ўртадаги шийпон захкаш зулмат қўйнида мунғайиб кўринар эди.
Муқаддам айвон деразасининг муздек қиррадор рахига пешанасини босди. Шу топди унинг кўнглида умид ҳам, қувонч ҳам қолмаган. Алимардон билан ўзининг ўртасида каттакон жарлик ётганини, бу жарлик кун сайин чуқурлашиб бораётганини сезиб турарди.
* * *
Концерт кеч тамом бўлди. Алимардон ҳар галгидай бу сафар ҳам буфетга кириб коньяк ичди. У фойега чиққанида ярим кеча бўлиб қолган, театрнинг чироқлари ўча бошлаган эди. У ташқарига чиқиб кетаётган эди, гардеробхонада бир аёл тикилиб турганини сезиб тўхтади. Катта қандиллар ўчгани учун фойе нимқоронғи, ҳеч ким йўқ эди. “Ким экан бу?”
Аёл илгакка осиқлик ёмғирпўшини олмоқчи бўлар, аммо бўйи етмас, оёғининг учида чўзилиб талпинарди. У Алимардонга бурилиб қаради-да, кўмак кутгандай жилмайиб қўйди. Алимардон бу тиниқ чеҳрани, бу илиқ табассумни қаердадир кўргандек бўлди-ю, аммо эслай олмади. “Дўндиқ экан!” Унинг юраги гурсиллаб уриб кетди. Аёл яна ёмғирпўшига талпинди-да, унга бурилиб жилмайганча уф тортиб қўйди.
“Атайлаб киляпти. Гардеробчи аллақачон кетиб қолган. Бу атайлаб кечиккан”. – Алимардоннинг хаёлига шу ўй келди-ю, тез-тез юриб аёлнинг ёнига борди.
– Олиб берайми?
– Майли… – аёл унга қараб тағин жилмайиб қўйди.
Алимардон ёмғирпўшни илгакдан чиқарди.
– Қани, қўлингизни узатиб юборинг…
Аёл ҳамон ўша табассум билан қўлини орқасига чўзди. Алимардон ёмғирпўшни кийгизди-да, бир лаҳза қўлларини унинг елкасига қўйиб, туриб қолди. Аёл ҳам унинг оғушидан чиқишни хоҳламагандай суяниб турганча тугмаларини қадар, негадир бармоқлари қалтирар эди.
“Барно қиз экан”, деб ўйлади Алимардон унинг елкаси оша чеҳрасига назар ташлаб. Аёл чиндан ҳам барно эди. Жажжигина қабариқ лаблари, попукдай қош-кўзи ниҳоятда ўзига ярашар, чиройли қилиб турмакланган сочининг бир чети пешанасида ярим доира ясаб, орқага қайрилиб кетган эди.
– Кузатиб қўйсам майлими? – сўради Алимардон у билан ёнма-ён эшик томон юриб бораркан. – Бир ўзингиз… Кеч қолиб кетибсиз.
Аёл унга шўх бир назар ташлади-ю, индамади. Алимардон шу боқишданоқ унинг рози эканлигини билди. Икковларининг қадам товуши паркетга урилиб, жимжит шифтлар остида акс-садо бериб турди-да, бора-бора тинди.
Ҳаво очилиб кетган, салқин шамол эсар, шундоққина телевидение минорасининг қир учида пуфакдай тўлин ой осилиб турарди.
– Бирпас туринг, мен… ҳозир… – Алимардон тез-тез юриб, театр биносини айланиб ўтди-да, машинаси турадиган темир панжара ичига кирди. Шоша-пиша чўнтагидан калит олиб, машина эшигини очди. Моторни гуриллатиб, кўз очиб-юмгунча ташқарига чиқди.
Аёл фараларнинг ёрқин нурида кўзини пана қилиб четлашди. Алимардон ўтирган ерида чўзилиб, ўнг тарафдаги эшикни очди.
– Ўтиринг.
Аёл ёмғирпўшини шилдиратиб унинг ёнига ўтирди.
– Сизни қаердадир кўрганга ўхшайман, – деди Алимардон йўлдан кўз узмай бораркан.
– Сиз биздақаларни кўрармидингиз!
Алимардоннинг кўнглидаги умид ишончга айланиб, жилмайиб қўйди.
– Отингиз нима?
– Клара…
Алимардон катта кўчага чиқиб олиш учун машинани чапга бурган эди. Клара сурилиб келиб унга урилди. Шу кўйи қайта нари сурилмади. Алимардон баданига тегиб турган ёш, таранг вужудни сезиб, ҳаяжонланиб кетди, юраги орзиқа бошлади.
Шу топда кўчалар айниқса кезишли бўлган, милиционерлар мотоцикли-ю, сув сепадиган машиналардан бошқа ҳеч нима йўқ, икки қатор чироқлар маржони машина истиқболиги югуриб келарди…
Хадрага етгандан кейингина қаёққа боришини сўраши кераклиги Алимардоннинг эсига келди.
– Қаёққа борасиз, Кларахон? – деди хотиржам оҳангда гапиришга уриниб.
– Чилонзор…
– Йўлимиз бир экан.
– Биламан.
Алимардон унга кўз қири билан қараб қўйди.
– Қаёқдан биласиз?
– Сизни билмаган одам борми? – Машина ичи ғира-шира қоронғи бўлса ҳам Алимардон Кларанинг чиройли кўзларини сузиб қўйганини пайқади.
– Фақат сиз ҳеч кимни билмайсиз… – Клара бир лаҳза жим кетди-да, негадир армонли оҳангда кулди. – Ҳар сафар концертингизга тушаман. Берган гулларимни оласизу қайрилиб ҳам қарамайсиз.
Алимардон бирданига концертда ўзини ўпган аёлни эслади. “Ҳа, шу экан-да…” – У индамай кулиб қўя қолди.
Беш қаватли панелли уйлардан бирининг олдига етганда Клара секингина шипшиди:
– Чапга юрасиз…
Машина парча-парча ой нури сочилиб ётган йўлакдан дарахтлар орасига кириб тўхтади. Бир эшикдан Алимардон, наригисидан Клара тушди.
– Раҳмат, – Клара қўл чўзди.
Алимардон унинг чиройли, дўмбоқ қўлини авайлабгина қисаркан, вужудида тағин енгил титроқ уйғонганини сезди.
– Зинангиз қоронғи экан, – деди у қоп-қора оғзини ланг очиб турган йўлак эшигига қараб. – Чиққани қўрқмайсизми?
– Сизга бари-бир эмасми? – Клара ҳамон унинг қўлини қўйиб юбормас, ойдинда чеҳраси бир оз рангсиз, аммо жозибали кўринарди. Алимардон унинг қўйиб юборгиси келмаётганини тушунди. Боядан бери хаёлида чарх ураётган фикр яна ғимирлади. “Беш кунлик дунёда хотинга хиёнат қилмаган эркак борми?”
Шартта қўлини бўшатиб, асабий ҳаракатлар билан машинани эшигини қулфлади-да, қайтиб келди, уни қўлтиқлади.
– Юринг.
Икковлари қоп-қоронғи цемент зиналардан чиқиб боришаркан, негадир Алимардоннинг кўнглида қўрқувгами, ғашликками ўхшаган туйғу уйғонди.
– Уйингизда ким бор? – деди қоронғида қаттиқ шивирлаб.
Клара пиқ этиб кулди.
– Шунақа қўрқоқмисиз?!
Учинчи қаватдаги эшиклардан бирини очишди. Клара “чиқ” этиб чироқни ёқди. Уй шинамгина, дид билан безатилган эди. Бурчакда, дераза олидда оёқли магнитола турар, қарши томондаги девор тагида диван-каравот қўйилган, бериги бурчакда каттакон шифоньер бор эди.
– Ўтиринг, – Клара ўртадаги стол ёнида турган стулни унинг олдига суриб қўйди. Алимардон ўтирмади. Девордаги ранг-баранг суратларни томоша қила бошлади. Булар журналлардан кесиб олинган расмлар, киноюлдузларнинг суратлари эди. Бирдан у ўртада ўзининг суратини кўриб қолди. Бу ўша – афишаларда чиққан чуст дўппили расми эди.
Алимардон ҳам қуворнч, ҳам завқ билан унга бурилиб қаради. Аммо Клара атайлаб магнитола устида куйманар, ленталарни танлаган киши бўларди. Алимардон яна суратларни томоша қила бошлади. Қуйироқда Кларанинг сурати осилган эди. У қора қош, сочлари жингалак, ёшгина йигитга суяниб турарди.
– Бу… акангизми? – У “Эрингизми?” демоқчи бўлди-ю, атайлаб айтмади.
Клара елкаси оша бепарво қараб қўйди.
– Ҳа… акам…
Алимардон ҳеч қайси сингил акаси билан бунақа туриб суратга тушмаслигини билгани учун мийиғида кулди.
– Яхши акангиз бор экан. Қаерда ҳозир?
– Ўлган… Музика эшитасизми? – Клара унинг жавобини кутмасданоқ магнитолани буради.
Денгиз тўлқинидай тиниқ бир куй янгради. “Штраус… Мовий Дунай вальси”, деб ўйлади Алимардон. Ҳар гал шу куйни эшитса, негадир қуёшнинг туманли нурларига тўлган ўрмон, ундан пастроқда ўзининг тўлқинларини оҳиста судраб оқаётган мовий дарё кўз ўнгига келарди. У ҳозир ҳам кўзларини чирт юмиб, ҳузур қилиб тинглай бошлади.
– ўтиринг, – деди Клара унинг елкасига оҳиста туртиб. – Ҳозир қаҳва қайнатамиз. Ичасизми?
Алимардон ўзи билмаган ҳолда бош силкиб қўя қолди.
…Клара шифоньернинг тошойнаси олдига бориб, ўзини ойнага солди. Алимардон унингг кўзгудаги аксини кўриб турарди.
– Қараманг, – Клара ширин жилмайиб, бармоғи билан пўписа қилди. – Уят бўлади.
Алимардон тентакларча бир эҳтирос вужудини ёндира бошлаганини сезиб, истамай тескари ўгирилди. Лекин ўша ондаёқ зимдан унинг ҳаркатларини кузата бошлади. Клара аёлларга хос чиройли ҳаракат билан сочини орқасига ташлаб юборди. Кейин ўз эри олдида тургандай бемалол ечина бошлади. Алимардон унинг мармардай оппоқ, таранг елкаларини кўрди-ю, беихтиёр ўрнидан турди. Югуриб бориб маҳкам қучоқлаб олди.
– Қочинг! Тегманг! – Клара негадир кўзларини яширар, аммо борган сайин унинг пинжига кириб борарди.
… Шу кеча Клара йиғлади. Ким билсин, балки тўнғич севгисини эслагандир…
Алимардон тонг қоронғисида зулмат зиналардан тушиб кетди. Унинг кўнгли ғаш, баланига аллақандай ифлос бир нарса ёпишиб қолгандай эди.
Машинасига ўтирди-ю, лоқайдлик билан ҳайдаб кетди.
Яна ярим соатдан кейин Алимардон уйда, диван-каравотда чалқанча ётар, Муқаддам унинг тепасида кўзига тикилиб ўтирарди. У ич кўйлак устидан халатини кийиб олган, сочлари паришон, кечаси билан ухламаган бўлса керак, кўзлари қизариб кетган, чеҳраси ҳорғин эди. Алимардон хотинининг оёқларига, халат остидан кўтарилиб турган қорнига, озғин, ҳорғин чеҳрасига қараб ижирғанди. “Оёғи мунча ингичка! Товуқникига ўхшайди. Уйланаётганимда кўзим қаёқда эди!”