Kitabı oku: «Танланган асарлар: 1-жилд», sayfa 6
Алимардон зах ерда сакраб-сакраб Муқаддамнинг кетидан югурди. Дарвоза тагида етиб олди.
– Муқад… – деди ҳаллослаб.
Муқаддам кескин ўгирилиб қаради. У энтикиб нафас олар, қоронғида ўт бўлиб ёниб турган кўзлари чарақлар эди.
– Муқад… – деди Алимардон қўл чўзиб. – Мен…
– Қоч, виждонсиз! Йўқол, ифлос! Ювуқсиз! – деди Муқаддам чинқириб. Бирдан қўлидан Шавкат сирғалиб тушиб кетаётганини сезиб, кўтариб маҳкам бағрига босди.
Эшикдан отилиб чопиб чиқиб кетди. У йиғлагиси келар, аммо йиғлай олмас, туртиниб-туртиниб чопиб борар, бола чириллаб йиғларди. Бир ерга борганда оёғи тойиб кетди. Аммо Шавкатни қўйиб юбормади. Чўккалаб олганича болани маҳкамроқ бағрига босди. Беихтиёр орқасига қаради. Катта кон уй ваҳима ичида қорайиб кўринар, битта, фақат битта деразадан ифлос нур тўкилиб турарди.
Шундагина у Шавкатнинг бошига юзини босганча ўксиб-ўксиб йиғлаб юборди. Ҳа, у сезар эди. Эрининг саёқлигини, ўзига хиёнат қилаётганини сезарди. Аммо бу хаёлдан даҳшатга тушиб, ўзини алдар, уни пок деб ўйлашга мажбур этарди.
Бир вақтлар мана шу уйга ёр-ёр билан кириб келганини ҳалигина орзиқиб эсламаганмиди!
Ҳа, бу ювуқсиз бошидан уни бахтиқаро қилган эди. Охирида ҳам бахтсиз қилди! Шунча йиллардан бери бир сўзини икки қилмай ҳукмига бўйсуниб келганида, вақти келиб аллақандай хотинлар билан тўшагини ҳаром қилишини билганида эди!
Мунчалар шўр бўлмаса бу пешонаси!
У ҳамон ҳиқиллаб-ҳиқиллаб борар, қаёққа кетаётганини ўзи билмас, уйига қайтай деса, баджаҳл отасининг ғазабидан қўрқар, осмони фалакда осилиб турган юлдузлар совуқ кўз ёш тўкиб юм-юм йиғлар, фақат Шавкат овуниб қолган эди. У онасига нима бўлганини тушунмоқчидай қоронғида кўзларини жавдиратиб борарди.
* * *
Қуёш бахтидан энтикканларга ҳам, ғамидан бағри қон бўлганларга ҳам баравар нур сочаверар экан. Уч ҳафтадан буён Муқаддамларнинг ғам юкини кўтаролмай жимжит бўлиб қолган кафтдек ҳовлисида баҳор гуруллайди. Тип-тиниқ, чуқур осмонда тоғ-тоғ булутларни кўчириб юрган кўклам сабоси эл қатори бу ҳовлига ҳам илиқ томчилар пуркаб ўтди. Ҳовлидаги бир туп ўрик шохларида қинидан чиққан довуччалар мўралади. Бурчакдаги ошхона томида чучмомалар очилди. Ҳовузча олдида Муқаддам қизлигида дадасига жанжал қилиб эктирган бир тахта ўсма яна жонланиб қолди. Мана шу ўсмалар суви бир вақтлар унинг қундуз қошида яшнаган эди.
Энди-чи? У ўсмани нима қилсин? Кимга? Нимага? Ким учун қўяди?
Муқаддам афсус билан хўрсиниб қўйди. У Шавкатнинг яктакчаларини ювиб ўтирар, илиққина офтоб елкаларини қизитар, жомашовдаги оппоқ кўпик сачраб-сачраб кетарди.
Муқаддам ҳеч нимани ўйлагиси келмас, аммо ғамгин хаёллар юрагини ғижимларди.
Чиққан қиз чийириқдан ташқари, дейдилар. У қайтиб келган кунидан бошлаб Анзират холанинг бошига тоғдай ғам тушди. Она ҳар куни уни койийвериб чарчади. Муқаддам бўлган гапларнинг ҳаммасини айтиб берди. Энди ҳеч қачон қайтиб бормаслигини ҳам айтди. Рост-да, нимага борсин? Қайси қилган яхшиликларига? Тўйдан кейин уч-тўрт ой ўйнаб-кулгани бўлмаса…
Энди ўйлаб қараса, Алимардон уни қилча ҳам қадрламаган экан. Нима қилса ўзи учун қиларкан. Муқаддам унга бир оқсоч бўлиб қолган экан.
Йўқ, ҳечам қайтиб бормайди. Елкасининг чуқури кўрсин ўша уйни!
Муқаддамларнинг хонадони ўша кундан бошлаб яна бир қўрқинчли воқеани кутиб яшарди. Отаси бир ойча илгари Бойсунга – узоқ бир қариндошлариникига кетган, уйдаги гапдан бехабар эди. Она-бола эрта-индин қайтиши керак бўлган отани юрак ҳовучлаб кутишарди…
Ичкаридан бола йиғиси эшитилди. Муқаддам шоша-пиша қўлининг кўпигини бир чеккада ётган сочиққа артиб югурди. Ойнабанд айвонинг эшигини шарақлатиб очиб кирди.
Анзират хола икки букилганча Шавкатни беланчакдан олмоқчи бўлар, дока рўмоли сирғалиб елкасига тушиб қолган, оппоқ сочлари тўзғиб кетганди. У овозини баралла қўйиб Алимардонни қарғарди.
– Худоё йигит ўлсин. Йигитгина ўлмаса рози эмасман. Боланинг кўз ёши кўр қилмаса, рози эмасман!
Муқаддам йиғлаётган Шавкатни онасининг қўлидан олди-да, бағрига босди.
– Унгаям боққан бало бордир, йигитгина ўлгур! – Анзират хола боланинг ҳўл таглик кўрпачасини алмаштирди-ю, Муқаддамга зарда билан қараб қўйди. Муқаддам онасининг толиққан чеҳрасига, касалмандликдан милклари шишиб кетган кўзларига, оппоқ сочларига қараб туриб, раҳми келди. Шунча йиллар азоб чекиб, ўзини катта қилгани етмасмиди? Кексайганида, энди роҳат кўраман деганида, кўргани шу бўлдими!
– Қўйинг, – деди бир онасига, бир ўғлига қараб секингина, – қарғаманг. Нима фойдаси бор…
– Тағин қарғаманг дейди-я! Ҳали отанг келса, кўрасан томошани! – Анзират хола жаҳл билан бурилиб ташқарига чиқиб кетди. Ҳовли томондан унинг оҳ чеккани эшитилди. – Эй, фалак!
Муқаддам онасининг биригна шу ноласидан умр бўйи кўрган машаққатларининг бутун даҳшатини сезиб, юраги зирқираб кетди. ўзи ҳам билинтирмай уф тортиб қўйди. Кўкракка талпинган Шавкатининг қўнғир сочларини силади. У жимгина, тўйиб-тўйиб эмар, кўзларини сузиб турар, аммо қошлари чимирилиб кетган эди. “Худди ўшанинг ўзи! – Муқаддам беихтиёр жилмайди. – Қош-кўзи ҳам, ўжарлиги ҳам…” – У энгашиб ўғлининг юзидан авайлабгина ўпди.
* * *
Муқаддам Шавкат уйғонмасдан ишларини битириб олиш учун елиб-югурар эди. Анзират хола юраги қон бўлиб кетганини айтиб, эрта билан қўшниникига чиқиб кетди. Муқаддам идиш-товоқларни ювди, ҳовли супурди. ўсма олдида тўпланган ахлатларни пақирга солаётганида тўсатдан эшик тақиллаб қолди. Муқаддам таниди. Таниди-ю, қўлидан супурги тушиб кетди. “ўша! – Муқаддам унинг эшик қоқишини яхши билади. – ўша!”
У овоз чиқаришдан чўчигандек бир лаҳза нафасини ютиб, туриб қолди.
Эшик яна тақиллади.
Муқаддам оёқларидан мадор кетиб, қалтираб бораётганини сезар, ўзини босиб олишга уринар эди. Ниҳоят, у секин-секин бориб, занжирни туширди. Алимардонни кўрди-ю, бегона эркак қаршисида тургандек бармоқлари билан кўйлагининг ёқасини ғижимлаб, кўкрагини яширди.
Алимардоннинг кўзлари бир оз чўккан, аммо тик қараб турар, Муқаддамнинг кўнглидагини билиб олмоқчига ўхшарди. Ниҳоят, Муқаддам унга бошдан-оёқ разм солиб чиқди. Алимардон эшик кесакисини ушлаб олган, кўк костюмининг енгидан чиқиб турган олтин соати ярақларди. Бу соатни яқинда икковлари биргалашиб олишган, Муқаддам ўз қўли билан унинг билагига солганди.
– Мана, мен келдим, Муқад…
У бу сўзларни шундай майин айтдики, Муқаддам унинг ҳеч қачон бундай мулойим, ялинчоқ оҳангда гапирганини эшитмаган эди. Йўқ, эшитганди, бир вақтлар, келин бўлмасидан илгари…
Муқаддам яна кўз ўнги хиралашиб кетаётганини, бир оғиз гапирса овози титраб кетишини билиб индамади. Яна унинг қўлларига, бармоқларининг устини майин тук қоплаган қўлларига қаради. Қачондир бу қўллар унинг сочларини силаган. Майин-майин силаган. Силаб туриб бахтига чанг солган… Бу қўллар ўша хотиннинг ҳам сочларини силаган-да. ўша хотиннинг ҳам елкаларини сийпалаган-да…
Муқаддам ғазабдан бўғилиб пичирлади:
– Нега келдингиз? Нима керак сизга?!
Алимардон Муқаддамга таниш, ўша маъноли оҳангда кулди.
– Бўл энди, Муқад…
Муқаддам аламдан лабларини тишлаб, деворга суяниб қолди.
“Бўл энди…” – У келинчак пайтида эрининг худди шу сўзларини, худди шу оҳангда кулиб айтганини ҳар кеча эшитарди. Ким билсин, яна кимлар эшитмади экан бу сўзларни…
Унинг вужудини бирдан ғазаб ёндирди-ю, нафрат билан пичирлади:
– Кетинг!
Шу топда у Алимардоннинг ялинишини, ёлворишини истар, ўша уйга бари бир қайтиб бормаслигини билиб турса ҳам, шунча изтироблари ҳақи уни тиз чўктиришни, қасос олишни хоҳларди.
Аммо Алимардон ялинмади. Унинг кўзларига хотиржам тикилиб турди-да, секин таъкидлади:
– Бола бор, эсингни йиғ…
Муқаддам ғазаб ичида қўллари қалтираб, эшикни қарсиллатиб ёпди-да, занжирлаб олди. Нима қилаётганини ўзи ҳам тушунмай, уйга отилиб кирди. Ухлаб ётган Шавкатни даст кўтарди-ю, биров тортиб олиб қўяётгандек маҳкам бағрига босди.
* * *
Шавкат туғилганидан бери Муқаддам уйқуси қуш уйқусидек зийрак бўлиб қолган эди. Ҳозир ҳам у энди кўзи илинганида кимдир шип-шип юриб ёнига келганини сезди-ю, уйғониб кетди. Бошида онаси энгашиб турарди. Уй ичи қоронғи бўлса ҳам у онасининг чеҳрасидаги хавотирни пайқади. Кўйлагининг кўкрак тугмаларини қадаркан, онасига тикилиб сўради:
– Нима бўлди, ойи?
Анзират хола жавоб бермади. Ташқарида шамол гувиллаб, деразанинг очиқ қолган бир тавақаси ғийқиллар, уй ичидаги сукунатни чуқурлаштиришга қасд қилгандай ҳорғин инграр эди.
Муқаддам Шавкатни уйғотиб юбормаслик учун эҳтиёт билан ўрнидан турди.
– Нима бўлди? – деди тағин шивирлаб.
Она Муқаддамга гўдакликдан таниш бўлиб қолган хавотирли овозда пичирлади:
– Даданг келди… – Унинг юраги орқасига тортиб кетди, қўрқа-писа айвон томонга қараб қўйди. – Кўчадан эшитиб уйингга борибди. Эринг билан гаплашибди. Авзойи ёмон…
Муқаддам турган ерида қотиб қолди. Бир вақтлар қизалоқлик пайтида гуноҳ қилиб қўйса, дадаси уни аёвсиз калтаклар, ўшанда онаси худди ҳозиргидек титраб-қақшарди. Муқаддамнинг вужудини енгил бир титроқ силкитиб юборди. У дадасининг қаҳри қаттиқ эканини, “ғизинг эридан чиқиб келди”, деган иснодни кўтара олмаслигини билар эди. У дадасининг кўнглида борини билиб олмоқчидай айвон томонга қараб қўйди. Қия очиқ эшикдан уй ичидаги гиламга нур тўкилиб турар, аммо дадаси кўринмасди. Ташқарида ҳамон шамол гувиллайди, ўрик шохлари аянчли инграб, бир-бирига қарсиллаб урилади, битта-яримта ёмғир томчилаётганган бўлса керак, дераза ойналари чирсиллайди.
Муқаддам яна бир нафас иккиланиб турди-да, секин-секин бориб, эшикни очди. Тўрда, гулдор қоғоз ёпиштирилган девор тагидаги кўрпачада ўтирган отасига салом берди. Лекин овозини ўзи ҳам аранг эшитди. Дадаси ўсиқ қошлари остидан унга бир қараб қўйди-ю, алик олмади. Унинг озғин, серажин юзида қон қолмаган, ияги титраганидан қоп-қора соқолининг учи билинар-билинмас силкиниб турар, кўкимтир томирлари бўртиб кетган қўлини мушт қилиб олганча хонтахтага тираб ўтирарди.
Муқаддам отасидан кўз узмай, оёқ учида юриб келиб пойгоҳга чўккалади. Онаси ҳам шарпадай силжиб келди-ю, эридан кўз узмай икковларининг ўртасига ўтирди.
Ота ҳамон индамас, хонтахтанинг юпқаланиб кетган қиррасига тикилганча ўтирарди. Муқаддам мана шу даҳшатли сукунатнинг тезроқ тамом бўлишини кутар, нима бўлса ҳам отаси тезроқ гапиришини хоҳлар, ҳозир портлаш рўй беришини билиб азобланарди. Онаси гапир, аҳволини сўра, дегандай Муқаддамга имлаб қўйди. Аммо Муқаддам ҳозир отасининг аҳволини сўраса, баттар ловиллаб кетишини биларди. Шунинг учун индамай ўтираверди.
Ниҳоят, отаси унга қошини чимириб қараб қўйди.
– Эринг билан нега уришдинг?
Муқаддам дадасининг атайлаб юмшоқ гапирганини тушунди. Лекин жавоб бермади.
Онаси қўрқув ичида гоҳ қизига, гоҳ эрига қараб шошилиб гапирди:
– Сув бир лойқаланамсдан тинмайди… Эртага ўзингиз обориб қўясиз, бинойидай бўлиб кетади. – У Муқаддамга қараб хўп де, дегандай имлади.
Муқаддам бунақа гаплардан фойда чиқмаслигини билиб, паст, аммо қатъият тўла оҳангда юрагида борини айтди:
– Йўқ, ойи, мен қайтиб бормайман!
Она бечора олазарак бўлиб қолганини сезди-ю, яна қайтарди:
– Бекорга овора бўлманглар…
Отаси хонтахтага янаям пастроқ мункайиб, кўзларини тағин бир нуқтага тикиб тураверди.
Орага яна ўша таранг сукунат чўкди. Ташқаридаги шамол кучайиб кетди. Энди шамол муттасил ғувиллар, ўрик шохларининг ваҳимали вишиллаши аниқ эшитилиб турар, бўғотнинг аллақаери қирсиллар, шифтдаги лампокча секин-секин лопиллаб дадасининг соясини хонтахта устида у ёқ- бу ёққа силкитарди.
– Эринг билан гаплашдим. – Дадасининг овози сукунатда жаранглаб эшитилди. У ўзини босиб олди шекилли, анчадан кейин босиқ овозда қўшиб қўйди: – Қилмишидан пушаймон бўлиб ўтирибди. Ялиниб борсам, ўзи келмади, деяпти.
Ўзининг тўшагида ётган ўша жувон Муқаддамнинг кўз олдига келди-ю, ҳали эскирмаган, ҳеч эскирмайдиган алами яна ловиллаб кетди. “ғилғиликни қилиб қўйиб нега ялинади?!” – Бояги қўрқув аллақаёққа йўқолиб, ўрнини чидаб бўлмас нафрат эгаллади.
У индамай юзини ўгирди.
Яна онаси ўртага тушди.
– Урмаган, сўкмаган эр борми, болам? Битта болангни тирик етим қиласанми,
Муқаддам яхшилик учун ёлғон гапирган онасига маъносизгина қараб қўйди-ю, индамай ўтираверди.
– Авлодимизда эридан чиқиш одати йўқ, – деди отаси бўғиқ оҳангда. – Бутун маҳаллага ҳалитдан гап тарқалиб кетибди… Қайсарлик қилма, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолсин. Бошқа илож йўқ.
Муқаддам киноя билан кулиб қўйди. Бошқа илож йўқ эмиш?.. Нима, биров ундан ўтганини билармиди?
Онаси ота-болани муросага келтириш, Муқаддамнинг шахтини қайтариш учун тағин ўртага тушди:
– Ўзинг кўнгил қўйиб теккансан, қизим… Биров сени мажбур қилгани йўқ.
Муқаддам аёвсиз ҳақиқатни шундоққина рўпарасига келтириб қўйган онасига ярқ этиб қаради. “ўзим! ўзим! Ҳаммасига ўзим айбдорман! – У ўкинч билан бошини қуйи солди. – Кўнгил қўйиб… Кўнгил қўйибми, мажбур бўлибми?!” – У аллақачонлардан бери шу саволни ўйлар, аммо жавоб тополмасди. Боягина Алимардонни қовура бошлаган нафрат оловининг бир чети энди ўзини ҳам куйдириб ташлади. Онаси яна алланималар деди.. Аммо Муқаддам эшитмади. Энди унинг юрагини бешафқат бир қўл ғижимлар, лекин бу қўл Алимардонникими, ўзининг қўлими – ажрата олмас эди.
– Эртага у келади.
Муқаддам дадсининг сўзларини ярим-ёрти эшитди-ю, бурилиб қаради.
– Нима?!
– Эринг келиб, олиб кетади, – деди отаси юмшоқ, лекин қайсар оҳангда. Кейин яна ҳам юмшоқроқ қилиб қўшиб қўйди: – Уят бўлади. Гуноҳини бўйнига олиб турибди-ку. Илож қанча?
– Мен бормайман, – дадаси қанақа оҳангда гапирган бўлса, Муқаддам ҳам худди ўша оҳангда жавоб берди.
Отасининг қалин қоши остидаги кўзлари чақнаб кетди. Энди унинг қони қайнай бошлаган, ўз ҳукмига бўйсумаганларнинг жазосини берувчи асаблари таранг тортила бошлаган эди.
– Борасан! – деди чўрт кесиб. – Бормасанг, ўзим обориб қўяман.
– Бормайман!
– Борасан!
Отанинг қони гупиллаб кетди. Лекин Муқаддамнинг вужудида ҳам худди шу ота қони айланарди. У мўмин-қобил онасига эмас, худди шу отасига тортган эди.
– Бормайман! – деди у отасига тик қараб.
– Ҳай, дадаси, бола қўрқади! – она даҳшат ичида эрининг титрай бошлаган қўлларига ёпишди. – Қўйинг… Қўйинглар…
– Борасан, итвачча, борасан!
Муқаддам сакраб ўрнидан турди.
– Бормайман! Бекорга овора бўласизлар!
Отанинг кўзлари чақнаб кетди. Маҳсили оёғи билан хонтахтани тепиб юборди. Хонтахта Муқаддамнинг шундроққина олдидан учиб ўтиб, обрезга бориб тушди-ю, қарсиллаб синди.
Она чирқиллаб эрига ёпишди. У алланима деб ёлворар, аммо Муқаддам эшитмас эди.
– Йўқол кўзимдан, кўрнамак!
Муқаддам жаҳолатдан қақшаётган отасининг олдига тик юриб келди.
– Ҳайдамасангиз ҳам кетаман! – У кўксини тўлдириб келаётган йиғини аранг босиб, нимқоронғи уйга отилиб кирди-ю, ўғлини кўрпаси билан юлқиб каравотдан олди. Шавкат ғингшиб йиғлай бошлади. Муқаддам яна шиддат билан отилиб чиқди. ўғлини маҳкам бағрига босиб, айвон эшигига етди.
Она энди эрини қўйиб юбориб, йиғлаганча Муқаддамга ёпишди. У йиғи аралаш бир нималар дер, Муқаддамни олиб қоладиган танҳо умиди шудек Шавкатга талпинар, боланинг кўрпачасидан тортиқиларди. Муқаддам ҳеч нима эшитмади. Айвоннинг ойнабанд эшигини қарсиллатиб очди-да, ўзининг энг осуда дамлари кечган уйига бир қараб қўйди. Шу қарашда кўзларидан ёш тирқираб кетди.
– Тегма! Кетсин! – ҳайқирди отаси турган ерида япроқдай қалтираб. – Эл-юрт олдида шарманда қилгандан кўра, йўқолиб кетсин!
Муқаддам ғиштин зинадан ҳовлига сакраб тушди. Қаттиқ шамол нафасини қайтариб юборди. Рўмоли пирпираб, елкасидан сирғалиб учиб тушди, сочлари ёйилиб кетди.
Йўлак олдида онаси унга етиб олиб, билагига ёпишди.
– Жон болам, эсингин йиғ, жон болам! – деди у йиғлаб.
Муқаддам онасининг изтироб тўла йиғисини эшитиб, қайрилиб қаради. Аммо тўхтамади. Пастак дарвозадан бошини эгиб кўчага отилди, югуриб кетди.
Кўчаларда шамол ўкирар, симёғочлар учидаги лампочкалар шиддат билан лопиллар, чопиб бораётган Муқаддамнинг соясини у ёқдан-бу ёққа ирғитар эди.
Тошкент! Одамларнинг бахтини қанчалик бағрикенглик, сахийлик билан кўксига сиғдирса, бахтсизлигини ҳам шунчалик бағрикенглик, бепарволик билан қаршилайди!
Муқаддам кўксини тўлдирган йиғидан довдираб кўча бўйлаб бораркан, ўзини якка-ёлғиз, ожиз ҳис этар, одамлар аллақачон уй-уйларига кириб кетишган, қайси бир деразаларда чироқлар ўчган, кимлардир бахтидан энтикиб ҳаёт гаштини сурар, қайси бир деразалардан куй ёғилиб чиқар, кимлардир ўз оқшомини шодликка тўлдирган азиз бир одами билан суҳбат қурарди. Фақат у ёлғиз эди. Унинг қадам товушлари асфальт йўлкада қарсиллар, шамол аралаш қулоқни тешиб юборгудай олси-олисларга тарқалар эди. Ҳа, у билади! Отаси жаҳл устида шундоқ қилаётганини, зум ўтмай пушаймон бўлишини, бутун умидлари шу қизидан эканини билади. Онаси ҳозир алам ичида зир титраб, қўрқувдан бехуш бўлиб қолганини ҳам билади. Лекин отаси, онасига бўлган меҳрдан кўра ўз-ўзига бўлган нафрат зўр чиқиб, етаклаб кетяпти уни! Қаёққа? Мана шуни билмайди у…
Муқаддам катта кўчага чиқаверишдаги пастак уй тагида ётган харсангтошга кўзи тушди-ю, бирдан ҳуши жойига келгандай тўхтаб қолди. ўйлининг йиғлаётганини, ўзининг сочлари тўзиб кетганини энди пайқади. Чироқ нурида унсиз боқиб турган бу тош унинг кўзига олтин бўлиб кўриниб кетди. Илиқ, азиз хотираларнинг қуюни тўсатдан ёпирилиб келди-да, секингина тош устига ўтирди.
Бир вақтлар эри урушда ўлган хотин шу тош устида ўтириб, писта сотарди, Муқаддам қизалоқ дугоналари билан доим шу ерда ўйнарди.
Кейин… Кейин у оқшомлари ўзини кузатиб келган Анвар билан худди шу ерда ўтиргувчи эди…
Бирдан унинг кўз ўнгида ҳозирги эмас, ўша ўз Анвар акасининг уятчан, хаёлчан қиёфаси жонланди…
Мана, ҳозир ҳам ҳаммаёққа писта пўчоғи сочилиб ётибди. Чекка-чеккада оқариб ётган папирос қолдиқларини шамол эрмак қилиб пилдиратяпти…
ўзи ҳам бир вақтлар Анварнинг муҳаббатини эрмак қилган экан. Дунё ўзи шунақа экан. Киши ўзини ардоқлаганларга озор бераркану озор берганларни ардоқларкан…
У ўғли кўксини тортқилаётганини сезиб, эгилиб қаради. Шавкат овуниб қолган, аммо узун-узун киприклари орасида ёш ялтираб турар, жажжи қўлчалари билан онасининг сийнасига ёпишиб олган эди. У ўғлига бир қарашдаёқ ҳамма фикрлари изсиз йўқолиб кетди. Кўкси қуёшдай ягона, қуёшдай ёрқин оналик меҳри билан тўлиб-тошди. Шавкатни маҳкам бағрига босиб, негалигини ўзи ҳам тушунмай жилмайиб қўйди.
Кўча ичида шошилинч қадам товушлари эшитилди. Аллаким ҳаллослаб югуриб келарди. Муқаддам шошилиб, кўксини яширди. ўғлини бағрига маҳкамроқ босиб ўрнидан турди.
– Муқад!
Муқаддам зулмат ичидан чиқиб келаётган аёлни дафъатан таний олмади. Кейин тикилиб турди-ю, қичқириб юборди:
– Лобар!
Лобар югуриб келиб, уни қучоқлаб олди. У ҳарсиллар, тез чопганидан ранги ўчиб кетган эди.
– Жинни! – деди у Муқаддамга ўқрайиб. – Эсинг борми ўзи?! Нима қилиб ўтирибсан, Анзират холамни ўлдирмоқчимисан? – У Шавкатни кўтариб олмоқчи эди. Муқаддам бермади.
– Қўявер ўзим… – Муқаддам унинг келинлик латофати барқ уриб турган чеҳрасига, атир ҳиди гуркираётган атлас либосига қараб туриб, лоқайд сўради:
– Қачон келдинг?
– Вуй, одамнинг ўтакасини ёриб юборай дединг! – Лобар нафасини ростлаб жилмайди. – Ойим касалликларини эшитиб келган эдим… Узоқ йўл, энди келиб тургандим, холам йиғлаб чиқдилар… – У йўл бошлар экан, шамолдан юзини пана қилиб Муқаддамга қараб қўйди. – Жинни бўлиб қолдингми?
Муқаддам сирдош дугонасининг худди шу пайтда учраганидан кўнглида бир илиқлик уйғониб, унга эргашди. Лобарнинг шамолда хилпираётган этакларига, шошилиб қадам босишига қараб бораркан, дафъатан хаёлига қизиқ бир фикр келди. Бу хаёл умид чироғи сингари олдинга етаклагандай бўлиб кетди.
– Лобар, қишлоғингларда менга иш борми? – деди шошилиб.
Лобар таққа тўхтаб, бурилиб қаради. Яна юзини кафти билан шамолдан пана қилиб, узоқ қараб қолди.
– Нима, кетмоқчимисан? – деди ишонқирамай.
– Иш бўлса, бораман! – Муқаддам Шавкатни ўнглаб кўтариб, ўжар, қатъий оҳангда яна такрорлади: – Бутунлай кетаман!
Лобар унинг аниқ айтаётганини тушуниб, тағин бир нафас туриб қолди.
– Иш топилади, – деди ўйланиб. У дугонасининг ўз ёнида бўлишидан қувона бошлаган эди. – Ростдан қайтиб келмайсанми,
– Бутунлай кетаман! – Муқаддамнинг ўзи олдинга ўтиб, юриб кетди.
Зум ўтмай улар кўча ичига киришди. Икки жуфт пошна садоси шамол қанотида узоқ қарсиллаб турди.
Муқаддам бу кўчаларда ўзининг қадам товушлари энди янграмаслигини биларди.
* * *
Каттакон зал ҳам, балконлар ҳам томошабинлар билан лиқ тўлган. Чекка-чеккадаги эшиклар устида ёниб турган қизғиш, ўйчан нур остида одамларнинг чеҳраси шодон, ҳаяжонли кўринади.
Алимардон торини кўтариб олганча, саҳна чеккасига суриб қўйилган зангори бахмал парда орқасидан залга тикилиб турар, ижирғанар эди. Кунгурадор шифтлар остида Мутал Қодировнинг майин, дилкаш овози оҳиста парвоз этган, одамлар уни ҳаяжондан энтикиб тинглашади. Алимардоннинг назарида юзларча одамлар шу топда бир оҳангдан тебраниб, бир оҳанг оғушида тўлғанаётгандек эди. Баҳор сувларининг жарангдор кулгуси ҳам, илиқ қуёшнинг эрка нурлари ҳам, иболи юрак тўлқинлари ҳам – ҳамма-ҳаммаси шу оҳангда мужассам эди.
Залда даҳшатли қарсак кўтарилди-ю, Алимардоннинг юраги зириллаб кетди. У биринчи қаторда ўтирганларга ваҳима билан қараб қўйди. Одамлар бараварига қарсак чалишар, Алимардоннинг рақибини олқишлашарди.
Алимардон Муталнинг залга қараб енгилгина таъзим қилиб қўйганини кўриб турди. У томошабинларга яна бир марта ташаккур билдирди-да, саҳна четига чиқди. Конферансье қиз тез-тез юриб микрофон олдига борганида, қарсаклар яна кучайиб кетди. Аммо қиз ҳеч кимга парво қилмай баланд овоз билан қичқирди:
– Навбат таниқли, севимли хонандамиз Алимардон Тўраевга!
Алимардон торини қўлга олиб, чеҳрасига ўша таниш табассумни қалқитди-да, саҳнага чиқа бошлади. Аммо шу ондаёқ қарсак илгаригидан ҳам кучайиб кетди. Аввалига у одамлар мени олқишлаётибди, деб қувонди. Лекин микрофон олдига келганидан кейин чапак товушлари бир меъёрда гурс-гурс урилаётганини кўрди-ю, бир нафас қотиб қолди. Одамлар норозилик билан қарсак чалишар, залнинг чекка-чеккаларидан ҳуштак овозлари эшитилиб қоларди. Нима гап? Одамлар уни ҳайдашяптими? Муталнинг ўзини талаб қилишяптими?
У ваҳима ичида бир залга, бир бўзрайиб қолган конферансьега жавдираб қарай бошлади, аламдан лабалри титради. Шунда ҳам ўзини-ўзи мажбур қилиб қайта жилмайди. Томошабинларга қараб таъзим қилди-ю, торини кўтарди. Зал устида торнинг аламли садолари жаранглай кетди. Жаранглади-ю, шу ондаёқ гумбурлаган чапак торвушлари остида кўмилиб қолди. Одамлар ҳайдашар эди уни!
Алимардон бирдан чалишдан тўхтади. Ситам тўла кўзлари билан залга тикилиб қолди.
“Бу қандоқ шармандалик! Бу қандоқ шармандалик!”
Бир вақтлар момақалдироқдек гумбурлаб одамларнинг юрагини ларзага солган, чақмоқдек чақнаб кишиларнинг кўзини қамаштирган Алимардон Тўраевнинг қисмати шу бўлдими? Саҳна гулшанида қаноти капалакдек товланган Алимардоннинг умри шунчалар қисқа бўлдими?!
Ҳар сафар қийқириб олқишлаган томошабинлар қани? Балки ўшанда энг қаттиқ қарсак чалиб олқишлаган одамлар ҳозир ҳам энг қаттиқ қарсак чалиб уни ҳайдашаётгандир?! Наҳотки, Зуфар Ходиевичнинг гапалри тўғри чиққан бўлса!
У залга ўзининг энг ширин, энг бахтиёр дамларини бағрига яширган қадрдон залга, ночор термулиб турган тилсиз деворларга, мунис қандилларга охирги марта қаради-да, бирдан кўзларига ёш қуюлиб келди.
Турган ерида шартта бурилди-ю, чопганча саҳна четига чиқди. Ундан йўлакка ўтди-да, торини тўшалган пойандозга ташлаганча югуриб кетди.
Театр этагидаги боққа киргандагина ўзига келди. Чор атрофда баҳор яшнар, табиат ўзининг мангу, бузилмас қонунига амал қилиб кўкламни етаклаб келган эди. Боғ устида оромбахш шабада эсар, ҳавода кўкатлар иси анқир, кўклам шамоли майин япроқларни силкитар, ёмғир сувини эмиб тўйган ер эмин-эркин нафас оларди.
Ҳа, ер юзида қайта туғилиш, қайта гуллаш, қайта ҳаёт бошланган эди. Ёлғиз унинг – Алимардон Тўраевнинг баҳори ўтган эди.
Одам ўзи бахтиёр пайтида ўзгаларнинг бахтсизлигини тушуна олмас экан. Муқаддам уйидан қон-қақшаб чиқиб кетаётганида Алимардон унинг муштипарлигини тушунмаган экан. Мана, бугун ўзи бахтсизлик нима эканини пайқаганида бирданига тушунди. Ҳаммасини тушунди. Шу топда олдида бирон-бир юпанчи, бирон-бир суянчиғи қолмаганини ўйлади. ўйлади-ю, бутун вужуди билан мункиб кетди. Шу топда ўғлини, ўзининг ягона юпанчиғини бағрига босиб-босиб эркалатгиси, ўзи ҳам кимгадир эркалангиси, дардлашгиси келиб кетди!
Начора? Ҳаёт ниманики тақдим этган бўлса, ўшандан ортиғини қайтиб олмайди.
“Аҳмоқлар! – деб ўйлади у ўзини саҳнадан қувиб чиқарган одамларни ўйлаб. – Молфаҳмлар! Шулар санъаткорнинг дардини билишармиди? Санъат нималигини тушунишармиди?”
У бошини қуйи солганча секин-секин юриб борар, аламдан тишларини ғижирлатарди. У одамлардан нафратланар, куни кеча бир нафаслик ором учун чаккасига пул қистириб, бугун ўзини саҳнадан ҳайдаган енгил-елпи томошабинларни кўрарди-ю, чинакам санъатни қалбининг тўрида сақлашга қодир чинакам шинавандалар озмунча эмаслигини билмас, билишни хоҳламас эди.
У баҳор қувончига тўлган кўчалардан соядай судралиб борар, аммо ҳаёт ўзининг кичкинагина бир зарарчасининг фожиасига парво қилмас, яшаш гашти билан, туғилиш завқи билан маст эди.
* * *
Алимардон катта йўлдан бурилиб, тор кўчага кирди-да, ўн қадамча юриб тўхтаб қолди. Деворлар оша эгилиб ётган ўрик шохида данак қотирган довуччалар маржондек тизилган, оқариб қолган гилослар устида чумчуқлар парвона бўларди. Қуёш эндигина кўз очган, кечаси ёғиб ўтган жаланинг тароватли нафаси ҳали кетмаган, асфальт кўчанинг у ер-бу ерида сув ҳалқоб бўлиб ётарди. Ҳаммаёқ жим, ўткинчилар сийрак. Фақат кўча ичкарисида – ягона симёғоч тагидаги сайҳонликда икки қизалоқ копток ўйнайди. Уларнинг бири, калта қизил кўйлак кийган қиз томоша қилиб турар, иккинчиси, жажжи духоба нимча кийиб, сочига баргак тақиб олгани коптокни ерга уриб, гир-гир айланарди. Копток тўп-тўп этиб ерга урилади, ҳар айланганида қизалоқнинг баргаклари ёйилиб-ёйилиб кетади. Қизил кўйлакли қиз ўртоғининг айланишига ҳавас билан қараб, бир оҳангда санайди:
– Ўн етти, ўн саккиз, ўн тўққиз…
Алимардон уларга қараб жилмайиб қўйди. Ҳаёт ўз йўлидан борар, баҳор болаларга ўз қувончи, ўз шодликларини сахийлик билан тақдим этган эди.
Алимардон қизалоқларнинг олдидан секин-секин юриб ўтиб кетди. Қизчалар парво қилишмади унга. У яна йигирма қадамча юриб, болохонали уй ёнбошидаги кўкиш эшикни кўриб тўхтади. Юрагининг бир бурчида шунча йиллардан бери мудраб ётган аллақандай пок, аммо азобли туйғулар бирдан туғён урди-ю, нафаси тиқилиб қолди. Бир вақтлари – бундан уч йил бурун у ўзининг дўстлари билан, ёшлик завқига тўлган йигитлар билан мана шу ердан бир кўча бўлиб ўтиб, кўкиш эшикдан кириб борган эди. Уни қучоқ очиб, фарзандим, деб кутиб олишган эди. Энди-чи…
У қўлга тушиб қолишдан чўчигандек оёқ учида юриб яқин борди. Эшик қия очиқ турарди. У бошини бир томонга эгиб аста мўралади. Ҳовли ўртасидаги водопровод жўмрагидан, сув шариллаб оқиб ётар, цемент ҳовузча тўлиб чиқиб, ариқча четидаги барқ уриб ётган ўсмаларга тошиб кетганди.
Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, энтикиб кетди. Ҳамма нарсанинг қадри йўқолганидан кейин билинаркан. Шу топдагина, у Муқаддамни севганини, қаттиқ севганини тушунди. Тушунди-ю, енгил титраётган қўллари билан эшик занжирини қоқди.
Ичкаридан аёл кишининг “ҳу-ув” деган товуши эшитилди. Айвоннинг ойнабанд эшиги тарақлаб очилди-да, қайнонаси кўринди. У йўлакда турган одамни кўрмади шекилли, кафтини қуёшдан пана қилиб тикилди. Алимардон унинг қўллари хамир юқи эканини кўрди. Кампирнинг эгик гавдаси тағин ҳам кичрайган, мункиллаб қолган эди. Алимардон Муқаддамга уйланганидан кейин бу ҳовлига кам келган, қайнонасини ҳам, қайнотасини ҳам кам кўрган, улар уйига боришганида рўйхуш бермас эди. Ҳозир у кампирни ғам-ғусса адо қилганини пайқади.
– Келаверинг, – деди кампир паст, ожиз товуш билан.
Алимардон кирмади, киролмади. ўша, Муқаддам ҳайдаб юборганидан бери бу уйга қадам босишга ҳақи йўқлигини биларди.
Кампир жавоб бўлмаганидан ҳайрон қолди шекилли, зиналардан авайлаб қадам босиб ҳовлига тушди. Сув тошиб ётган ўсмаларни четлаб ўтиб, йўлак ёнига кела туриб, таққа тўхтаб қолди.
– Келинг, – деди у беихтиёр. Кейин бирдан ранги ўчди. Хира кўзлари ярқ этиб очилиб кетди. Бегона, қора ниятли одам олдида тургандай дока рўмолининг учи билан юзининг ярмини яширди. – Нега келдингиз? – деди овози титраб. – Нима керак сизга?
Алимардон шу бир оғиз сўздан – тубсиз алам, бир олам нафрат оҳангиданоқ ҳаммаси тамом бўлганини тушунди.
– Мен… – Алимардон қайнонасининг кўзларига қарай олмай тескари ўгирилди. – Ўғлим қани? – деди юрагидаги гапни айтиб.
Айвон эшиги яна шарақлади. “Муқаддам”. Алимардон юрагини титратиб юборган ҳаяжон ичида ярқ этиб ўша томонга қаради. Зинадан баланд гавдасини ғоз тутиб қайнотаси тушиб келарди. У ҳамон ўзгармаган эди. Ўсиқ қошлари остидан тикилиб қаради-ю, узоқдан Алимардонни таниди.
Алимардоннинг назарида унинг кўзлари ғазабдан чақнаб кетгандек бўлди. У, Қори ҳозир, ҳозирнинг ўзидаёқ ҳайдаб солишини ҳис этиб турар, энди битта умиди қолган эди. Алимардон ўғлини кўргиси келар, унинг овозини, лоақал йиғисини эшитиб қолишини орзу қиларди.
Қори катта-катта қадамлар билан юриб келиб Алимардонга рўпара бўлди. У қисқа-қисқа нафас олар, кулранг яктаги тагидаги сертук кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, соқоли асабий титрар, бурун парраклари қисилиб кетганди. У Алимардонга, мана шу нобакорга арзигулик бир оғиз сўз топа олмагандай анчагача тикилиб қолди.
– Нега келдингиз? – деди у ниҳоят тилга кириб.
Алимардон юрагини тўлдирган туйғуларни босиб олиб, совуққина:
– Муқад… – деган эди, Қори унинг гапини кесди:
– Муқадда нима ишингиз бор?
Алимардон ҳаммаси тамом бўлганини янада чуқурроқ ҳис этди. Гапни айлантириб ўтиришдан фойда йўқлигини билиб, кўнглидаги бор гапни айтди:
– Ўғлим қани?
– Ўғлингиз… – Қори лаблари титраб қайтарди: – Ўғлингиз йўқ… Муқад ҳам йўқ.
Алимардоннинг кўнглидаги изтироб ўрнини ғазаб эгаллади.
– Шавкат қани? Олиб кетаман!
– Шавкат йўқ! – Қори чертиб-чертиб таъкидлади. – Шавкатни онаси олиб кетган.
“Қаёққа?” – Алимардоннинг хаёлига шу фикр урилди-ю, аммо сўраб ўтирмади.
– Ҳақингиз йўқ, – деди бўғилиб. – Мен отаман.
– Бола туғдиришни билганларнинг ҳаммаси ота бўлавермайди!
Пастак эшик унинг юзи олдида қарсиллаб ёпилди. Занжир шиқирлади.
Алимардон ғазаб ўтида ловиллаб бир нафас турди-да, шартта бурилиб кетди.
У ҳеч нимани кўрмас, кўз ўнгини оёғини “велосипед” қилиб қийқираётган ўғли тўсиб олган, бошини қуйи солиб борар, нарироқда эса қизалоқлар ҳамон чирчира ўйнашарди.
* * *
Гоҳо зарурат бўлиб, эски лаш-лушлар билан тўлиб кетган ҳужрачани титкилаб қолсангиз, занглаб ётган пичоқчангизми, жияги титилиб кетган дўппингизми топилиб қолади. Шунда аллақачон йилларнинг гарди босиб, тусини йўқотган хотиралар тўсатдан ярқ этади-ю, тағин алангаланиб кетади, юрагингизнинг ўт бўлиб ёндириб юборади. Бир вақтлар ўша пичоқчада толдан ҳуштак ясаганингиз, ўша дўппига қаттиқ нон солиб, ариқ бўйида оқизоқ қилиб еганларингиз ёдингизга тушади. Кечмиш йилларингиз, ўша тонгдай мусаффо йилларингиз ҳозирги кунингизга қараганда анча беғубор, анча пок бўлганини аянчли бир ҳақиқатдай тан олишга мажбур бўласиз.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.