Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Ой ва сариқ чақа», sayfa 3

Yazı tipi:

Оила бошига тушган мусибатдан хабардорлигимга унинг қатъий ишончи мени саросимага солиб қўйди.

– Мен эндигина дам олишдан қайтдим. Роза Уотерфорддан бошқа ҳеч кимни кўрмадим.

Стрикленд хоним қўлларини бир-бирига қовуштириб сўради:

– Ундан ниманики эшитган бўлсангиз, ҳаммасини гапириб беринг.

Мен жим турардим, лекин у айтишга мажбур қилди.

– Ҳар қанча оғир бўлмасин, мен бу гапларни билишни хоҳлайман.

– Унинг гап сотиб юришини яхши биласиз-ку. Унинг сўзларига ишониб бўлмайди. Эрингиз сизни ташлаб кетганини айтди, – дедим уни тинчлантириш учун.

– Бор гап шуми?

Мен Роза Уотерфорд билан хайрлаша туриб, қаҳвахонадаги қиз ҳақидаги гапини айтишни лозим топмай, ёлғон сўзладим.

– У эрим қандайдир аёл билан жўнаб кетганини гапирмадими?

– Йўқ.

– Мен билмоқчи бўлган нарса шу эди.

Бошим қотиб қолган эди, лекин шундай бўлса-да, кетишим лозимлигини фаҳмладим. Хайрлашаётганимда Стрикленд хонимнинг хизматига доимо тайёрлигимни айтдим. У маъюс жилмайди.

– Ташаккур сизга. Лекин мен учун бирор нарса қила оладиган одам топилмаса керак.

Ҳаддан ташқари уятчан бўлганлигим туфайли хонимга ҳамдардлик ҳам билдира олмадим, хайрлашмоқчи бўлиб полковник томонга ўгирилдим. Лекин у қўлимни сиқиб хайрлашмади.

– Мен ҳам кетаман. Агар сиз Виктория-стрит бўйлаб юргудай бўлсангиз, йўлда ҳамроҳ бўламиз.

– Жудаям яхши, – дедим мен. – Кетдик.

Тўққизинчи боб

– Мудҳиш тарих, – деди кўчага чиқишимиз биланоқ полковник.

У қайнсинглиси билан соатлаб муҳокама қилган нарсани мен билан ҳам гаплашиш учун бирга чиққанини тушундим.

– Биласизми, биз ҳатто ўша аёлнинг кимлигини ҳам билмаймиз, – деди полковник. – Ярамас фақат Парижга жўнаб кетганини биламиз, холос.

– Менинг назаримда, улар энг ибратли эр-хотинларга ўхшаб туйилишарди.

– Худди шундай эди. Сиз келмасингиздан олдин Эмми биргаликдаги ҳаётлари мобайнида бирор маротаба ҳам жанжаллашмаганликларини гапириб турган эди. Сиз Эммини биласиз. Ёруғ оламда ундан яхшироқ аёл йўқ.

Бундай гаплардан кейин мен унга бир неча савол билан мурожаат этишни лозим топдим.

– Сиз хоним ҳозиргача бирор нарсадан шубҳаланмаган, деб ҳисоблайсизми?

– Бўлмаса-чи! Ҳеч нарсадан шубҳаланмаган. Стрикленд август ойини Норфолкда хотини ва болалари билан ўтказган. Аввал қандай бўлса, худди шундай дам олишган. Биз хотиним билан бирга улар дам олаётган жойга бир неча кунга бордик, мен у билан гольф ўйнадим. Сентябрь ойида унинг шериги таътилга кетиши лозим бўлганлиги туфайли Лондонга қайтиб келди. Эмми эса денгиз бўйида қолди. Улар бир уйни бир ярим ойга ижарага олишган экан. Муҳлат тугашидан олдин хоним қайси куни Лондонга етиб келишларини хат орқали эрига билдирибди. Эри эса Париждан унга хат йўллаб, энди у билан турмаслигини маълум қилибди.

– Бу қарорини нима билан изоҳлабди? – ажабланиб сўрадим.

– Азизим, у ҳеч нарсани изоҳлаб ўтирмабди. Мен хатни ўқидим. Хат бор-йўғи ўн қаторга яқин, бундан ортиқ эмасди.

– Ҳеч нарсага тушунмаяпман…

Шу дақиқада кўчани кесиб ўтгандик, катта кўчадаги шовқин-сурон гапимизни давом эттиришга имкон бермади. Полковник менга айтиб берган нарсалар ҳақиқатдан йироқдай туйилаётганди. Охири Стрикленд хоним ундан ниманидир яшираётган бўлса керак, деган қарорга келдим. Ўз-ўзидан аёнки, ўн етти йил аҳил яшаган эр-хотин бир-бирини бирор сабабсиз ташлаб кетмайди. Ёхуд улар айтилаётганидай аҳил яшашмагандир. Полковник менинг мулоҳазаларимни бўлиб юборди:

– Бирор сатанг билан қочиб қолган эркак қандай сабаб ҳам кўрсатарди. Эҳтимол, хотинимнинг ўзи бунинг фаҳмига етар, деб ўйлагандир. Мана шунақа ярамас одам у.

– Стрикленд хоним энди нима қилмоқчи? – савол билан юзландим полковникка.

– Аввало, бу иш ҳужжат билан тасдиқлансин-чи. Ўзим Парижга бориб келмоқчиман.

– Идораси нима бўлди?

– Идорасида ҳам жуда айёрона йўл тутган. Йил мобайнида кетишга тайёрланган.

– У жўнаб кетиши тўғрисида шеригини огоҳлантирибдими?

– Буни хаёлига ҳам келтирмабди.

Полковник Мак-Эндрю савдо масалаларида кўп нарсаларга ақли етмасди, мен эса бу ишлардан тамомила бехабар эдим. Шунинг учун ҳам Стрикленд ўз ишларини қай аҳволда ташлаб кетганини тушунмадим. Мак-Эндрюнинг гапига қараганда, ташлаб кетилган шериги ғоят ғазабда экан, Стриклендни судга беришини баён этибди.

– Кўринишидан бу машмаша унга беш юз франкларга тушса керак, – истеҳзо билан қўшиб қўйдим.

– Худога шукрки, уй жиҳозлари тағинам Эмми қарамоғида. Унга шуларгина қолади.

– Сиз хоним бир чақасиз қолди, деганингизда бу нарсалар ёдингиздамиди?

– Албатта, ёдимда эди. Унга икки юз ёхуд уч юз фунт пулию мана шу мебеллар қолди.

– Лекин улар энди қандай қилиб тирикчилик ўтказишади? – полковникнинг юзидан ачиниш аломатлари сезилиб турарди.

– Бу ёлғиз Оллоҳгагина маълум.

Ҳаммасини, чамаси, ақл билан идрок этса бўларди, аммо дарғазаб полковник ўз сўзлари билан мени чалкаштириб юбораётганди. У Армия ва Флот дўкони олдидаги соатга қараб, клубда карта ўйнайдиган шериклари кутиб туришгани эсига тушиб, мени Цент-Жеймс боғига ёлғиз боришимга имконият яратиб берганидан жуда хурсанд бўлиб кетдим.

Ўнинчи боб

Орадан бир-икки кун ўтгач, Стрикленд хоним менга хат юбориб, кечқурун уникига киришимни сўрабди. Уйига кириб борганимда ёлғиз ўтирган экан. Роҳибаларники сингари қоп-қора оддий кўйлак бошига тушган оғир мусибатдан белги эди. Юрагидаги шунча ғам-ғусса билан ўзини тутиб ўтирганига ҳайрон қолдим.

– Сизга бирор илтимос билан мурожаат этгудай бўлсам, уни бажаришга ваъда бергандингиз, шекилли? – деди хоним.

– Ҳа, албатта.

– Парижга бориб, Чарли билан учрашиб келишга розилик бера оласизми?

– Менми? – таажжуб билан унга боқдим.

Бу гапдан лол бўлиб қолгандим. Ахир мен уни бир мартагина кўргандим, холос. Хоним менга қандай топшириқ беришни мўлжаллаяптийкин?

– Фред у ёққа бормоқчи. (Фред полковник Мак-Эндрю эди.) Лекин мен аминманки, унинг бориши жоиз эмас. У ҳамма ишни фақат чалкаштириб юборади. Бу нарсани кимдан илтимос қилишни билмай турибман.

Унинг овози салгина титраб чиқди. Мен томондан бир сония бўлсин иккиланиш тўнғизлик бўлишини ҳис этдим.

– Лекин мен эрингиз билан мулоқотда бўлмаганман. У мени билмайди, шу туфайли ҳам кавушимни тўғрилаб қўйиши мумкин.

– Бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ, – жавоб берди Стрикленд хоним сал табассум қилиб.

– Сизнингча, мен қандай ҳаракат қилмоғим керак?

Бу саволимга у тўғридан-тўғри жавоб қайтармади.

– Менимча, у сизни билмаслиги қайтага яхши. Биласизми, у Фредни ҳеч қачон ёқтирмаган. Ҳамиша уни тентак бир кимса деб ҳисобларди. Фред ўзини тутолмайди, ўртада жанжал кўтарилади-да, иш натижасиз тугайди. Агар сиз менинг номимдан келганингизни айтсангиз, у, албатта, гапингизга қулоқ солади.

– Мен сизни яқиндан бери танийман, – жавоб бердим мен. – Бундай ишга эрингизни яхши билмаган бир одамнинг қандай аралашиши мумкинлигини тушунмаяпман. Ўзимга бевосита алоқадор бўлмаган ишга бурнимни тиқишни хоҳламаяпман. Нима сабабдан Парижга ўзингиз бориб қўя қолмайсиз?

– У ерда ёлғиз эмаслигини эсдан чиқариб қўйяпсиз, шекилли.

Мен тилимни тишладим. Кўз ўнгимда Чарлз Стрикленд уйига кириб борганим ва унга ташриф карточкасини узатганим, икки бармоғи билан карточкани ушлаганча қаршимга чиққани намоён бўлди:

– Хизмат?

– Мен сиз билан хотинингиз тўғрисида гаплашмоқчи эдим.

– Жиддий гапиряпсизми? Сал улғайганингиздан кейин бировларнинг ишига бурун тиқмаслик лозимлигини тушунасиз. Агар илтифот кўрсатиб, чап томонга қайрилсангиз, эшикни кўрасиз. Сизга омад ёр бўлсин.

Бу ердан силлиққина чиқиб кетиш қийинлигини аввалдан сеза олдим ва Стрикленд хоним мушкулотлар тўридан қутулмасидан олдин Лондонга қайтиб келганимга ўзимни қарғадим. Мен зимдан аёлга разм солдим. У хаёл дарёсига ғарқ бўлган эди. Лекин бир сониядан кейин менга қаради, чуқур хўрсинди ва енгил кулимсираб қўйди.

– Ҳаммаси кутилмаганда рўй берди, – деди у. – Биз ўн етти йил турмуш қурдик. Чарли бошқа аёлга илакишиб кетади, деб ҳеч қачон ўйламаган эдим. Биз жуда аҳил яшаганмиз. Тўғри, мен жуда кўп нарсаларга қизиқар эдим, буларни у ё ёқтирмас, ё бепарво эди.

– Сиз бирга кетган… – қандай қилиб мулойимроқ сўрашни билолмаётгандим, – аёлнинг кимлигини била олдингизми?

– Йўқ. Буни ҳеч ким тасаввур ҳам қила олмаяпти. Бу жуда ғалати. Одатда, бундай пайтларда одамлар севишганларни ресторан ёхуд бирор ерда кўриб қолишади-да, хотинларига гапириб беришади. Бу тўғрида мени ҳеч ким огоҳлантиргани ҳам йўқ, мен ҳеч нарсадан шубҳаланганим ҳам йўқ. Унинг хати булутсиз осмондаги момақалдироқдай бўлди. Мен билан бахтиёрлигига заррача шубҳа қилмасдим.

Стрикленд хоним йиғлаб юборди, бечорага ич-ичимдан раҳмим келди. Лекин у шу ондаёқ ўзини қўлга олди.

– Мен умидсизликка берилмаслигим керак, – деди у кўзларини артиб. – Ҳозир қандай тадбир кўриш лозимлиги ҳақида бир қарорга келиш керак.

Аёл парокандалик билан гоҳ яқин ўтмиш, гоҳ биринчи учрашувларию тўйлари тўғрисида гапира бошлади. Кўз ўнгимда уларнинг биргаликда кечирган ҳаёт йўллари намоён бўла борди. Бу оила ҳақидаги илгариги фикрларим ҳақиқатдан унчалик узоқ эмаслигини ўйлаб қолдим. Стрикленд хоним Ҳиндистондаги бир амалдорнинг қизи бўлган экан. Отаси истеъфога чиққанидан кейин у ўша ерда, мамлакатнинг чекка бир гўшасида яшаб қолибди. Лекин ҳар йилнинг август ойида ҳаво алмаштириш учун ўз оиласини Истборнга олиб борар экан. Шу Истборнда у Стрикленд билан танишибди. У йигирма ёшда, йигит эса йигирма уч ёшда экан. Улар биргаликда теннис ўйнашибди, сайр қилишибди, ҳабашларнинг қўшиқларини тинглашибди. Қиз йигитга турмушга чиқишга қарор қилибди, йигит ҳам турмуш қуришни таклиф этибди. Улар аввалига Лондон чеккароғидаги Хампстедда, кейинроқ, Стрикленднинг моддий аҳволи яхшилангач, шаҳар марказида яшай бошлашибди, ўғил ва қиз фарзандлар кўришибди.

– Болаларини жудаям яхши кўрарди. Мен унинг жонига теккан тақдиримда ҳам болаларни кўзи қандоқ қийдийкин? Ишониш қийин бунга. Бу ишларнинг ҳақиқатдан бўлиб ўтганига ҳали ҳам ишонмайман, – таассуф билан сўзларди Эмми.

Охирида эри юборган хатни кўрсатди. Бу хатни анчадан бери ўқишни истаётгандим, лекин уни сўрашга ботина олмаётгандим.

Хатда қуйидагилар ёзилганди:

«Азизам Эмми! Умид қиламанки, сен уйдаги барча нарсалар жой-жойида эканлигига амин бўласан. Мен хизматчига сенинг буйруқларингни етказиб қўйдим. Сен ва болаларнинг келишингизга овқат тайёрлаб қўяди. Мен сизларни кутиб олмайман. Сизлардан алоҳида яшашга қарор қилдим, бугун Парижга жўнаб кетаман. Бу хатни йўлга жўнай туриб юбордим. Уйга қайтмайман. Қарорим қатъий ва ўзгармас.

Ҳамиша сеники бўлиб қоладиган Чарлз Стрикленд».

– У ҳеч нарсани тушунтирмаган ҳам, афсус ҳам чекмаган. Ахир бу ғалати эмасми?

– Жуда ғалати хат, – жавоб бердим мен.

– Буни фақат бир нарса билангина изоҳлаш мумкин – у ўзини йўқотиб қўйган. Мен уни ўзига ром қилиб олган аёлнинг кимлигини билмайман, аммо у эримни бутунлай бошқа одамга айлантириб юборган. Чамаси, бу анча эски саргузашт бўлса керак.

– Нега сиз шундай деб ўйлаяпсиз?

– Фред буни тушунтириб берди. Чарлзнинг кунора клубда бридж ўйнайдиган одати бор эди. Фред бу клубнинг аъзоларидан бири билан таниш экан. Бир куни гап орасида Чарлзни унга бридж ўйинининг ашаддий ишқибози, деб айтибди. Унинг таниши жуда ажабланибди, карта ўйини устида бирор маротаба ҳам кўрмаганман, дебди. Ҳаммаси кундай равшан, уни клубда деб ўйлаган пайтимда ким билан бўлганлиги ўз-ўзидан аён.

Мен жим бўлиб қолдим. Хаёлимга болалар келди. Яна хонимга савол билан юзландим:

– Буларнинг ҳаммасини Робертга тушунтириш жуда қийин кечгандир.

– О, мен унга ҳам, қизимга ҳам ҳеч нарса демадим. Ахир биз шаҳарга мактаблардаги ўқиш бошланишидан бир кун олдин етиб келган эдик-да. Уларга фақат даданг кутилмаганда иш билан жўнаб кетди, дея олдим, холос. Юракда шундай кутилмаган сир билан хотиржам бўлиш, болаларнинг мактаб билан боғлиқ барча эҳтиёжлари тўғрисида ғамхўрлик қилиш қийин эди. Стрикленд хонимнинг овози яна қалтираб чиқди.

– Бечора болажонларимнинг аҳволи не кечади? Тирикчилигимизни қандай ўтказамиз? Аёл ўзини қўлга олишга уринаётганди. У қўлларини беихтиёр равишда қисаётгани ва қўйиб юбораётганига кўзим тушди. Ғоят ачинарли манзара!

– Агар сизга ёрдам берадиган бўлса, албатта, Парижга бораман. Лекин сиз мен у ерда нимага эришишим кераклигини айтинг.

– Мен унинг уйга қайтишини истайман, – деди Стрикленд хоним.

– Полковник Мак-Эндрюнинг сўзларидан сиз у билан ажралишга қарор қилганингизни тушунгандим.

– Мен ҳеч қачон Чарлидан ажралмайман! – ғазаб билан хитоб қилди у. Чарли ҳеч қачон у аёлга уйлана олмайди. Мен ундан ҳам қайсарроқман, ҳеч қачон ундан ажралмайман. Мен болалар тўғрисида ўйлашга мажбурман.

Сўнгги сўзларини у ўз муносабатини тушунтириш учун айтди, лекин гап фақат болаларга ғамхўрлик устида эмас, рашк туйғуси устида ҳам кетаётганини фаҳмладим.

– Сиз ҳамон уни севасизми?

– Билмадим. Мен унинг уйга қайтишини истайман. Агар у уйга келса, ҳаммасини унутиб юбораман. Нима қилганда ҳам биз ўн етти йил бирга яшадик. Мен бағри кенг аёлман. Истаган ишини қилиб юраверсин, фақат мен билмасам бўлди. Саргузаштлари узоқ вақтгача давом этавермаслигини у англаши керак. Агар у бағримизга қайтиб келса, худди аввалгидай яшайверамиз, ҳеч ким ҳеч нарса билмайди. Стрикленд хоним ғийбатлардан жуда қўрқишини сезганимда ҳайрон бўлган эдим. Ўша вақтларда аёллар ҳаётида одамларнинг фикри жуда катта роль ўйнашини билмасдим. Одамлар фикридан қўрқиш инсон туйғуларига носамимийлик соясини ташлайди.

Стрикленднинг қаерда яшаётгани маълум эди. Шериги банкка йўллаган хатида у тўғрисида бўлмағур гап ларни айтди, Стриклендни яшаётган аниқ манзилини яшираётганликда айблади. Ўз навбатида, Стрикленд ҳам беадаблик билан жавоб қайтарди ва аниқ манзилини ошкор қилди. У меҳмонхонада яшаётганди.

– Мен ҳеч қачон бу меҳмонхона тўғрисида эшитмаганман, – деди Стрикленд хоним. – Лекин Фред бу меҳмонхонани билар экан, жуда қимматлигини айтди. Хоним қизариб кетди. Унинг кўз олдида серҳашам меҳмонхонада яшаётган, машҳур ресторанларда овқатланаётган, кундузлари от пойгаларида, кечқурунлари театрларда вақтини ўтказаётган эри гавдаланаётганини тушундим.

– Бунақада узоққа бора олмаслиги тайин, – деди у. – У қирқдан ошганини эсдан чиқармаслик керак. У ёш йигит бўлганида бу ҳодисаларни тушунган бўлардим. Болаларимизнинг бўйи етиб қолганда бу – даҳшат. У соғлиғини бутунлай йўқотиб қўяди. Аёлнинг қалбида ғазаб ва изтироб курашаётганди.

– Унга айтингки, усиз уйимиз уй бўлмай қолди. Гўё ҳамма нарса ўз ўрнидаги ўхшайди-ю, лекин ҳаммаси қандайдир файзсиз. Мен усиз яшай олмайман. Бундан кўра ўзимни ўлдирганим афзал. Унга бизнинг ўтмишимизни, бирга кечирган кунларимизни, ҳамма-ҳаммасини гапириб беринг. Болаларим уни сўрашса, уларга нима деб жавоб бераман? Унинг хонаси қандай бўлса, шундайлигича турибди, уни кутяпти. Биз ҳаммамиз уни кутяпмиз.

Унга нималар дейишим лозимлигини хоним сўзма-сўз тушунтирди. Бундан ташқари, у билдириши эҳтимол бўлган эътирозларга қандай жавоб беришим кераклигини ҳам бирма-бир айтиб ўтди.

– Мен учун қўлингиздан келган ҳамма нарсани бажаришга ваъда бера оласизми? – нолакор қўшиб қўйди у. – Қанчалар ғам чекаётганимни унга билдириб қўйинг.

Хоним барча воситалар билан эрининг раҳмини келтиришни, инсофга чақиришимни истарди. Энди у мендан уялмай бемалол йиғлаётганди. Гарчи Стрикленднинг бағритошлигини билсам ҳам, азбаройи таъсирланиб кетганимдан, уни уйга қайтариш учун қўлимдан келган барча чораларни кўришга қасам ичдим. Мен бу вазифани бажариш учун эртасигаёқ жўнаб кетишга ва бирор натижага эришиш учун зарур бўлган вақтгача Парижда туришга сўз бердим. Кеч бўлиб қолгани ва иккаламиз ҳам бу кўнгилсизликлардан обдан чарчаганимиз туфайли хайрлашиб чиқиб кетдим.

Ўн биринчи боб

Менга топширилган вазифа тўғрисида Парижга кетаётганимда ўйлаб борарканман, уни натижасиз тугатишдан хавотирланардим. Эндиликда йиғлаб турган Стрикленд хонимнинг қиёфаси кўзимдан нари кетганда фикрларимни бир жойга жамлашим мумкин эди. Стрикленд хонимнинг ўзини тутишдаги аниқ кўриниб турган қарама-қаршиликлар мени ҳайрон қолдирарди. У жуда бахтсиз эди, лекин раҳмимни келтириш учун барча чоралар билан ўзини янада бахтсизроқ кўрсатишга уринарди. Масалан, йиғлашга олдиндан тайёргарлик кўрганини фаҳмлаш қийин эмасди. Зеро, у қўлига анчагина дастрўмол ушлаб олганди.

Мен унинг тадбиркор эканлигига қойил қолардим. Лекин айни ана шу тадбиркорлиги туфайли унинг кўзёшлари унчалик таъсир қилмасди. Эрини яхши кўргани учун уйига қайтармоқчими ёки ҳар хил ёмон сўзлардан қўрққани учун – мен шу нарсани билолмай ҳайрон эдим. Унинг юрагида топталган муҳаббат изтироблари билан таҳқирланган худбинлик азоблари омихта бўлиб кетганини гумон қилардим, ёшлигим туфайли бу ҳол инсонларга ярашмайди, деб ҳисоблардим. Мен ўша пайтларда инсон зотининг қиёфаси ғоятда қарама-қарши бўлишини, энг олижаноб одамлар ҳам тубанлашиб кетишини, энг пасткаш кимсалар эса маълум шароитларда олижаноблик касб этишларини билмасдим. Лекин сафаримнинг кишини қизиқтирадиган томонлари ҳам бор эди. Шунинг учун Парижга яқинлашганим сари ўзимни тетик сеза бошладим. Тўсатдан ўзимга четдан назар ташлаб, дайдиб кетган эрнинг барча гуноҳларини кечиришга тайёр турган аёлнинг бағрига қайтаришга қаратилган ишончли вакиллик ролим ўзимга ёқа бошлади. Стрикленд билан эртага кечқурунгача кўришмасликка қарор қилдим. Зеро, учрашадиган вақтни назокат билан танлаш лозим эди. Масалан, нонуштагача инсон туйғуларига таъсир этиш, инсофга келтириш хомхаёл эди. Менинг шахсий хаёлларим ўша пайтларда доимо муҳаббат масалалари билан банд бўларди. Оилавий ҳузур-ҳаловат ҳақида чой вақтигача гаплашишни тасаввур ҳам эта олмасдим. Меҳмонхонага жойлашиб олганимдан кейин Чарлз Стрикленд яшаётган «Отель де белж»ни суриштиришга тушдим. Дарбон бундай меҳмонхона тўғрисида мутлақо эшитмаганини билганимдан кейин ҳайронлигим ошди. Стрикленд хонимнинг сўзларига қараганда эса бу Риволи кўчаси яқинидаги катта ва дабдабали меҳмонхона эди. Маълумотномалар китобидан қидирганимизда эса шундай номланадиган ягона муассаса Муан кўчасида экан. Бу мавзе шаҳарнинг энг серҳашам эмас, аксинча, кўримсизроқ масканларидан эди. Мен бошимни сарак-сарак қилдим:

– Йўқ, биз қидираётган жойга ўхшамаяпти.

Дарбон елкасини қисиб қўйди. Парижда шу номли бошқа меҳмонхона йўқ. Калламга Стрикленд ҳақиқий манзилини атайин яширгандай, хаёлига келган меҳмонхона номини айтиб, шеригини алдагандай туйилди. Негалигини билмадим-у, лекин тўсатдан менга бу Стрикленднинг руҳига тўғри келадиган ҳолатдай, ғазаб отига минган даллол шеригини ҳаллослаганча Парижга келиб, хилватдаги қандайдир меҳмонхонани қидиртириш учун атайин қилаётгандай туйилди. Шунга қарамай, жойни текшириш учун отландим. Эртасига соат, чамаси, олтиларда файтон ёллаб, извошчига Муан кўчасига элтиб қўйишни буюрдим. Файтонни кўча муюлишида қолдириб, меҳмонхонагача пиёда бормоқчи бўлдим. Кўча камбағал харидорлар учун арзон моллар сотадиган дўкончалар билан тўлиб-тошиб кетганди. Дўкончаларнинг ўртароғида, менинг чап томонимда «Отель де белж» меҳмонхонаси жойлашганди. Мен камтарингина меҳмонхонада жойлашган эдим. Лекин у қаршимдаги меҳмонхонага нисбатан жудаям ҳашаматли туйиларди. «Отель де белж» деб ёзилган каттакон ёрлиқ узоқ йиллар мобайнида таъмирланмаган ва тўкилай деб турган баланд бинони безаб турарди. Унинг икки томонидаги уйлар бунга солиштирганда жуда озода ва кўркам кўринарди. Ифлос бўлиб кетган ойналар, чамаси, ҳеч қачон очилмаганди. Йўқ, номаълум ҳурилиқо, деб бурчи ва номусини унутган Чарлз Стрикленд ва ўша малак бу ерда жинояткорона айш-ишрат қилишмаётган бўлса керак. Мен аҳмоқона ҳолатда қолдим, деб жуда дарғазаб бўлдим ва Стриклендни суриштирмасданоқ жўнаб қолиш пайига тушдим. Лекин пировардида бино остонасидан ичкари киришга ўзимни мажбур этдим. Бу фақат Стрикленд хонимга қўлимдан келган барча ишни қилиб кўрдим, дейиш учунгина бўлди, холос. Меҳмонхонага кириладиган жой қандайдир дўконча ёнида экан. Эшик очиқ эди. Ичкарига осиб қўйилган «Идора иккинчи қаватда» дейилган ёзув аниқ кўриниб турарди. Мен торгина зинапоядан кўтарилиб, шиша уйчага ўхшаш майдончага чиқиб қолдим. Унга стол ва икки стул қўйилганди. Унинг ташқарисида тахта ўриндиқ турарди. Чамаси, қават назоратчиси нотинч тунларини шу ўриндиқда ўтказса керак. Ҳеч кимнинг қораси кўринмасди. Лекин электр қўнғироқ тугмаси тагида «Қават назоратчиси» деган ёзув бор эди. Мен қўнғироқ тугмасини босдим, тез орада кўзлари пирпираб турган кўримсизгина йигит пайдо бўлди. У нимча ва гилам шиппакча кийиб олганди. Негалигини билмайман-у, мен жуда менсимаган оҳангда ундан сўрадим:

– Бу ерда Стрикленд деган жаноб яшамайдими?

– Ўттиз иккинчи хона. Олтинчи қават, – жавоб берди йигит. Мен шу қадар эсанкираб қолдимки, дастлаб нима дейишимни ҳам билмай қолдим:

– У хонасидами?

Қават назоратчиси уйчадаги тахтага қаради.

– Калитни қолдирмабди. Юқорига чиқиб кўринг.

Мен унга яна битта савол беришни лозим топдим:

– Хоним уйдами?

– Жаноб бир ўзи яшайди. Назоратчи мен юқорига кўтарилиб кетаётганимда гумонсираб қараб қўйди. Қоронғи ва ҳавоси оғир йўлакдан кўнгилни айнитадиган ачимсиқ ҳид анқирди. Учинчи қаватда халатсимон уй ичи кийимдаги ҳурпайган аёл эшикни очди ва миқ этмай менга қараб қолди. Ниҳоят, олтинчи қаватга чиқиб бордим-да, ўттиз иккинчи рақамли хона эшигини тақиллатдим. Ичкарида нимадир тарақ-туруқ қилиб кетди-да, эшик очилди. Қаршимда Чарлз Стрикленд турарди. У бирор сўз қотмади, мени танимаётгани кўриниб турарди. Мен ўзимни таништирдим. Кейин иложи борича назокат билан муомала қилишга интилдим:

– Сиз мени эслай олмасангиз керак. Ўтган йили ёзда сизникидаги меҳмондорчиликда қатнашиш бахтига мушарраф бўлган эдим.

– Киринг, – самимий жавоб берди у. – Сизни кўрганимдан жуда хурсандман. Ўтиринг.

Мен хонага кирдим. Бу торроқ хона бўлиб, французлар «Луи-Филипп услуби» деб юритиладиган мебеллар билан лиқ тўла эди. Хонада устига қизил чойшаб ёпилган кенг ёғоч каравот, катта жавон, думалоқ стол, кичкинагина қўлювгич, қизил газлама қопланган иккита стул жой олганди. Полковник Мак-Эндрю менга таърифлаган шоҳона ҳаётдан нишона ҳам йўқ эди. Стрикленд стулларнинг бирига ташлаб қўйилган кийимларни ерга улоқтирди-да, ўтиришга таклиф этди.

– Хўш, хизмат? – сўради у.

Стрикленд бу хонада биринчи танишган оқшомдагидан ҳам гавдалироқ кўринарди. У, чамаси, бир неча кундан бери соқолини олмаган, оҳори кетиб қолган калта камзул кийиб олганди. Ўзига қарамаган, сочини тарамаган бўлса-да, ўзини ниҳоятда эркин ҳис этаётганди. Мен аввалдан тайёрлаб қўйган иборага у қандай муносабатда бўлишини билмасдим.

– Мен рафиқангизнинг топшириғига мувофиқ келдим.

– Мен овқатланишдан олдин озгина эрманли арақни ичмоқчи бўлиб турган эдим. Сиз уни ёқтирасизми?

– Ҳа.

– Ундай бўлса кетдик.

У анчадан бери чўткаланмаган бош кийимини кийди.

– Биз бирга овқатланишимиз мумкин. Ахир сиз менга овқат олиб беришга қарздорсиз, – ҳазил аралаш қўшиб қўйди жаноб Стрикленд.

– Шундай. Ёлғиз ўзингизмисиз?

Нозик саволни ўз вақтида ва ўрнида бера олганимга хурсанд бўлдим.

– Ҳа, ўзим! Тўғрисини айтсам, уч кундан бери оғзимга туз тотмадим. Француз тилини ўзлаштиришим қийин бўляпти. У билан зинадан тушиб борарканман, қаҳвахонадаги қиз қаёққа йўқолди экан, деб ҳайрон бўлардим. Улар ўзаро жанжаллашиб улгуришдими ёки ошиқу беқарорлиги ўтиб кетдими? Сўнгги тахминим ўзимга ҳам ишончсиз туйилди, ахир у деярли бутун йил давомида қочиб қолишга тайёргарлик кўрганди-ку. Клиши кўчасидаги қаҳвахонага кирдик-да, шундоққина йўл устидаги стулларнинг бирига жойлашдик.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
21 şubat 2023
ISBN:
978-9943-20-893-3
Telif hakkı:
Yangi asr avlodi
Metin PDF
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 4,3, 4 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 3, 1 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre