Kitabı oku: «Ой ва сариқ чақа», sayfa 4
Ўн иккинчи боб
Шу соатларда Клиши кўчасидаги қаҳвахона, айниқса, гавжум бўларкан. Йўлкалар бўйлаб идора хизматчилари ва савдогарлар, худди Балзак асарлари саҳифаларидан ҳозиргина тушиб келаётган кексалар, эркаклар ва аёллар у ёқдан бу ёққа юришарди. Париж камбағаллари яшайдиган маҳаллаларнинг тўс-тўполони юракка таъсир этади, турли-туман кутилмаган оқибатларга тайёрлайди.
– Сиз Парижни яхши биласизми? – сўрадим ундан.
– Биз Парижда асал ойимизни ўтказган эдик. Ўшандан бери бу ерга келмаганман.
– Марҳамат қилиб айтинг-чи, қандай қилиб бу меҳмонхонага келиб қолдингиз?
– Менга уни тавсия этишди. Мен арзонроқ меҳмонхона қидирган эдим.
Эрманли арақни келтиришди, биз эриётган қандга сув томиза бошладик.
– Ўйлайманки, яхшиси, сизни нима учун қидириб келганимни бирданига айтиб қўя қолганим маъқул, шекилли, – деб гапимни бошладим хижолат чекиб ўтирмай. Унинг кўзлари йилтилларди.
– Эртами-кечми кимдир қидириб келишини билардим. Эмми менга анча хат ёзди.
– У ҳолда нима демоқчилигимни жуда яхши билсангиз керак.
– Мен хатларни ўқиганим йўқ.
Фикрларимни жамлаб олиш учун сигарет чекдим. Ўзимга топширилган вазифага қандай киришсам экан? Олдиндан тайёрлаб қўйган баландпарвоз гапларим бу ерда қўл келмаслигини тушуниб етдим. У тўсатдан пишқириб юборди:
– Ҳаддан ташқари қийин вазифа-а?
– Ҳа, шундай.
– Майли, тезроқ гапира қолинг, кейин маишат қиламиз.
Мен ўйланиб қолдим.
– Наҳотки, сиз хотинингиз нақадар изтироб чекаётганини тушунмасангиз?
– Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади!
Бу сўзлар қай даражада лоқайдлик билан айтилганини тасвир этолмайман. Мен ўзимни йўқотиб қўйдим, лекин буни унга сездирмасликка ҳаракат қилдим, руҳоний Генри амаки одамларни муҳтожларга ёрдам беришга даъват этаётган вақтдагидек мулойимлик билан гапирдим.
– Агар очиқчасига гапирсам, хафа бўлмайсизми?
У кулиб розилик ишоратини қилиб, бошини қимирлатди.
– Хотинингиз бундай муносабатда бўлишингизга арзийдиган бирор иш қилдими? Унга бирор даъвойингиз борми?
– Ҳеч қандай.
– У ҳолда ўн етти йил бирга яшаганингиздан кейин ташлаб кетишингиз шафқатсизлик эмасми?
– Шафқатсизлик.
Мен ҳайрон бўлиб унга қарадим. Ҳақлигимни чин юракдан эътироф этиши мени ғалати аҳволга солиб қўйди. Менинг аҳволим танглигидан ташқари, кулгили ҳам эди. Мен унга панд-насиҳат, дўқ-пўписа қилмоқчи, кўндирмоқчи, аччиқ гаплар билан узиб олмоқчи эдим. Агар гуноҳкор тавбасига таянган бўлса, насиҳатгўй нима дея олади? Бундай ҳолатдан чиқиш тажрибаси менда йўқ эди. Борди-ю, мени айбламоқчи бўлсалар ҳам эса бутунлай бўйнимга олмай, тамомила рад этардим.
– Хўш, яна нима дейсиз? – сўради Стрикленд.
Мен нафратланиб лабларимни қийшайтириб турардим.
– Сиз ҳаммасини эътироф этаётган бўлсангиз бошқа гапга ҳожат йўқ, – дедим қўлимдан ҳеч нарса келмаслигини сезиб.
– Ҳожат йўқ? – ажабланди Стрикленд.
Ўз вазифамни яхши бажара олмаганим учун жаҳлим чиқди.
– Ахир аёл кишини сариқ чақасиз қолдириш мумкинми?
– Нега мумкин бўлмасин?
– Қандай яшайди у?
– Мен уни ўн етти йил боқдим. Нега энди ўзини ўзи боқа олмайди.
– У ўзини ўзи боқа олмайди.
– Ҳаракат қилиб кўрсин.
Албатта, мен бунга жавоб беришим, аёлларнинг иқтисодий аҳволи, оила қураётган эркакнинг мажбуриятлари тўғрисида гапиришим мумкин эди. Лекин тўсатдан пировард-натижада ҳамма муаммони фақат бир нарса ҳал қилишини англаб етдим.
– Сиз уни севмай қўйдингизми?
– Заррача.
Буларнинг барчаси инсон ҳаётига доир жиддий саволлар эди. Лекин у саволларимга шу қадар жўшқинлик билан сурбетларча жавоб қайтараётган эдики, кулиб юбормаслик учун лабларимни тишлаб ўтирардим. Унинг ўзини тутиши менга ниҳоятда жирканч кўринаётганди.
– Жин урсин сизни, ахир болалар тўғрисида ўйлашга мажбурсиз-ку. Улар сизга ҳеч қандай ёмонлик қилишмаган. Дунёга келтиришингизни ҳам илтимос қилишмаган. Агар сиз уларни ўз меҳр ва ғамхўрлигингиз остига олмасангиз, кўчада қолишади.
– Улар узоқ йиллар мобайнида ҳузур-ҳаловатда яшашди. Барча болалар ҳам бунақа яшайвермайди. Ишонаманки, бундан бу ёғига болаларнинг ўқиши учун маблағни Мак-Эндрю тўлаб туради.
– Ахир уларни яхши кўрмайсизми? Улар шунақанги ёқимтой бўлишганки, қўяверасиз. Наҳотки улардан бутунлай воз кечсангиз?
– Мен уларни кичкиналикларида яхши кўрардим. Эндиликда, улар катта бўлиб қолишгандан кейин, тўғрисини айтсам, уларга қизиқишим, меҳрим заррача қолмади.
– Бу ғайриинсонийлик!
– Эҳтимол.
– Уялмайсизми?
– Йўқ.
Мен гап оқимини ўзгартирмоқчи бўлдим.
– Сизни шунчаки бир тўнғиз, деб ҳисоблашлари мумкин.
– Майли!
– Наҳотки ҳар қадамда қарғасалар ҳам сизга барибир?
– Барибир.
Унинг жавоблари шу қадар нафрат оҳангида айтилаётган эдики, ҳатто ўз саволларим ўзимга ҳам тентакликка ўхшаб туйилди. Мен бироз ўйланиб қолдим.
– Атрофдаги барча одамлар қоралаб турганлигини кўриб туриб ҳам одам бемалол яшашини ҳеч тушунмайман! Эртами-кечми бу нарса барибир сизга азоб беради. Ҳаммамизда ҳам виждон бор, қачонлардир муқаррар равишда уйғонади. Масалан, хотинингиз тўсатдан ўлиб қолди, дейлик. Шу ҳолда виждонингиз азоб чекмайдими?
У жим қолди. Мен унинг гапиришини сабр-тоқат билан кутдим. Лекин охири жимликни ўзим бузишга мажбур бўлдим.
– Бунга нима дейсиз?
– Сизни «телба» дейман.
– Ахир сизни хотинингиз ва болаларингизни боқишга мажбур қилишлари мумкин, – дедим ранжиб.
– Қонун уларни ўз ҳимоясига олишига шубҳа қилмайман. Осмондаги ойни олиб берадиган қонун ҳам бордир? Менда ҳеч вақо йўқ. Бу ерга бир неча юз фунт билан келганман.
Бироз олдин таажжубдан донг қотган бўлсам, энди тамомила боши берк кўчага кириб қолдим. Боз устига, дарҳақиқат, «Отель де белж»даги камтарона ҳаёт унинг иқтисодий танг аҳволидан дарак бериб турарди.
– Бу пулларингиз тамом бўлса, қандай тирикчилик қиласиз?
– Амаллаб ишлаб топарман.
У бутунлай хотиржам эди, кўзларида ҳамон истеҳзоли табассум жилоланиб турарди. Бу ҳолат сўзларим унга аҳмоқона туйилаётганини кўрсатарди. Яна нима дейишимни ўйлаб, жим қолдим. Лекин бу сафар биринчи бўлиб унинг ўзи гапирди.
– Нега Эмми янгидан эрга чиқа қолмайди. Ҳали ёши ўтиб қолгани йўқ, кўриниши ҳам ёмонмас. Мен уни ажойиб аёл сифатида тавсия этишим мумкин. Агар мен билан ажралишни истаса, марҳамат, айбни ўз бўйнимга оламан.
Энди кулиш навбати менга келганди. У қанчалик айёрлик қилмасин, мақсади менга аён эди. У бу ерга аёл билан келганини ҳар хил йўллар билан яшираётганди, изни йўқотишга ҳаракат қилаётганди. Мен қатъий қилиб жавоб бердим:
– Хотинингиз ажралишга ҳеч қачон рози бўлмайди. Бу унинг қарори. Бунга умид қилмасангиз ҳам бўлади.
У менга астойдил ҳайратланиб қаради. Лабларида табассум зуҳур этди ва қатъий равишда шундай деди:
– Азизим, менга барибир.
Мен кулиб юбордим.
– Бизларни жуда тентак деб ҳисобламанг-да. Сиз қандайдир нозанин билан жўнаб кетганингизни ҳам биламиз.
Бу гапимга ўтирган жойида тебраниб кетди ва қаттиқ кулиб юборди. Унинг кулгиси бировларнинг завқини келтирадиган даражада эдики, яқинроқда ўтирганлар ўгирилиб қарашди, кейин ўзлари ҳам кулиб юборишди.
– Мен бу ерда кулгига сабаб бўладиган бирор нарса кўрмаяпман.
– Бечора Эмми, – ишшайиб қўйди у.
Кейин унинг юзида нафрат ифодаси пайдо бўлди.
– Аёл тоифасининг эси пастда ўзи. Севги! Ҳамма ёқда «севги» деяверишади. Уларни ташлаб кетишганда фақат бошқаси билан илакишиб кетди, деб ўйлашади. Мен фақат аёллар туфайлигина шунча ишларни қиладиган аҳмоқлардан эмасман.
– Сиз хотинингизни бошқа аёл туфайли ташлаб кетмаганингизни айтмоқчисиз, шекилли?
– Албатта.
– Бу чин сўзингизми?
Билмадим, нима сабабдан чин сўзлаётганини тасдиқлашини талаб этганимни ўзим ҳам тушуна олмайман. Бу шунчаки соддалигим туфайли бўлди, шекилли.
– Чин сўзим.
– Ундай бўлса, Худо ҳаққи, менга тушунтириб беринг-чи, нима сабабдан хотинингизни ташлаб келдингиз?
– Мен рассомчилик билан шуғулланмоқчиман.
Мен кўзларим бақрайганча унга тикилиб қолдим. Ҳеч нарсага тушунмадим ва қандайдир вақт орасида қаршимдаги одам жинни-пинни эмасми, деган фикр келди. Мен ёшдирман, лекин у эсини йиғиб оладиган ёшдаги одам-ку. Азбаройи лол бўлиб қолганимдан бутун борлиқ бир зумга тўхтаб тургандай туйилиб кетди.
– Лекин сиз қирққа чиқдингиз-ку.
– Шунинг учун бошлайдиган вақти етди, деган қарорга келдим.
– Сиз рассомчилик билан шуғулланганмисиз ўзи?
– Болалигимда рассом бўлишни орзу қилгандим, лекин отам савдо ишлари билан шуғулланишга мажбур этган. У санъат орқали тирикчилик ўтказа олмайсан, деб ҳисобларди. Мен бундан бир йилча олдин расм чизиш билан шуғуллана бошладим. Ҳатто кечки рассомлар мактабига қатнадим.
– Стрикленд хоним бу вақт ичида клубда бриж ўйини билан бандсиз, деб ўйлаганми?
– Ҳа.
– Нега сиз унга тўғрисини айта қолмадингиз?
– Мен буни сир тутишни лозим топдим.
– Рассомчиликдан бирор нарса чиқяптими?
– Ҳозирча унчалик муваффақиятли эмас. Лекин ўрганаман. Шу туфайли бу ерга келдим. Лондонда менга керакли нарсалар йўқ. Кўрамиз, бу ерда нима бўларкин.
– Наҳотки сиз шу ёшда рассомчиликни бошлаб, бирор нарсага эришаман, деб ўйласангиз? Одамлар бу ишга ўн саккиз ёшларида киришади.
– Мен эса ҳозир ўн саккиз ёш вақтимдагига қараганда тезроқ ўрганаман.
– Ўзингизда истеъдод борлигини қаёқдан билдингиз?
У дарҳол жавоб бермади. Унинг нигоҳи олдимиздан бир-бирига ёпишиб ўтиб кетаётганларда бўлиб, лекин уларни кўраётгани ҳам амримаҳол эди. Сирасини айтганда, жавоби ҳам берилган саволнинг жавоби эмасди.
– Мен расм чизишим керак.
– Лекин бу жудаям таваккал иш-ку!
У менга қараб қўйди. Кўзларида шундай ғалати ифода акс этдики, ўзимни қўйгани жой тополмай қолдим.
– Ёшингиз нечада? Йигирма учдами?
Савол андишасизлик билан берилгандай туйилди. Ҳа, менинг ёшимда одам саргузаштларга ўч бўлади. Унинг ёшлиги эса ўтиб кетган, жамиятда маълум мавқега эга бўлган, хотин, бола-чақали эркак, биржа даллоли эди. Мен учун табиий бўлган нарса у учун ножоиз эди. Мен холис бўлишга интилдим.
– Албатта, мўъжиза рўй бериб сиз улуғ рассом бўлишингиз мумкин. Лекин бу миллиондан бир имконият эканлигини тушунишингиз керак. Лекин пировард-натижада нотўғри йўлга қадам қўйганингизни билиб қолсангиз, фожиа бўлади.
– Мен расм чизишим керак, – қайтарди у.
– Агар учинчи даражали рассом бўлиб қолгудай бўлсангиз, шунинг учун ҳамма нарсадан воз кечишга арзийдими? Ҳамма ишда ҳам биринчи бўлавериш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Бошқа касбларда ўртамиёна бўлсанг ҳам шод-хуррам яшашинг мумкин. Лекин бу соҳада ўртамиёна бўлиш мумкин эмас.
– Сиз қип-қизил аҳмоқ экансиз, – деди у.
– Негалигини билмайман-у, кўриниб турган ҳақиқатлар доимо аҳмоқона бўлади.
– Сизга мен расм чизишим керак, деб айтяпман, – жаҳл аралаш жавоб қилди. – Мен бошқача йўл тута олмайман. Агар одам дарёга тушиб кетгудай бўлса, яхши ёки ёмон сузишидан қатъи назар, сув қаъридан қутулмоғи шарт, акс ҳолда дарёга ғарқ бўлади.
Унинг овозида ҳақиқий эҳтирос оҳанглари бор эди. Истагимга қарши ўлароқ, бу овоз мени ўзига ром қилди. Мен унинг вужудида қандайдир улкан куч туғён ураётганини ҳис этдим. Уни иродасидан ташқари, қандайдир шафқатсиз ва енгиб бўлмас нарса бошқараётганга ўхшарди. Ҳеч нарсани тушуна олмай қолдим. Бу одамнинг ичига шайтон ўрнашиб олгандай, бу шайтон ҳар дақиқада уни парча-парча қилиб ташлаши, хароб этиши мумкинга ўхшарди. Стрикленд кўринишидан ўртамиёна одам эди. Мен ундан кўзимни узмасдим, лекин бу ҳол уни хижолатга қўймасди. Ичимда эса эски камзул, анчадан бери тозаланмаган бош кийим, ҳалпиллаб турган шим кийиб олган, анчадан бери олинмаган сарғимтир соқол ва катта бурунли бу одамни кимга ўхшатишни билмасдим. Оғзи катта, лаблари қалин эди. Йўқ, мен унинг аниқ таърифини барибир бера олмайман, шекилли.
– Сиз хотинингизнинг ёнига энди қайтмайсизми? – дедим ниҳоят.
– Ҳеч қачон.
– Хотинингиз ҳамма ишни унутишга ва янгидан ҳаёт бошлашга тайёр. У сизга ҳеч қачон ва ҳеч қандай таъна қилмайди.
– Уни жин урсин.
– Сизни қабиҳ одам экан, деб ҳисобласа ҳам майлими? Хотинингиз ва болаларингиз иложсизликдан гадойчилик қилишга мажбур бўлишса ҳам майлими?
– Ҳаммасига тупурдим.
Кейин айтадиган сўзимнинг салмоғини ошириш учун бироз сукут сақладим ва имконият даражасида қатъий равишда дедим:
– Сиз ўтакетган сурбет экансиз.
– Хўш, юрагингизни бўшатиб олган бўлсангиз, юринг, овқатланамиз.
Ўн учинчи боб
Бу таклифни илтифотсизлик билан рад этиш тўғрилигини тушунаман. Эҳтимол, ўша дақиқаларда вужудимни қоплаб турган қаҳр-ғазабимни унга сочишим, кейинчалик полковник Мак-Эндрюга бундай одам билан бир столга ўтиришдан воз кечганимни гапириб бериб, унинг таҳсинига сазовор бўлишим мумкин эди. Лекин юрагимни эзиб турган ўз ролимни бажаролмасликдан қўрқиш ҳисси мени эркин бўлишга қўймасди. Бу сафар эса Стриклендга айтаётган барча олижаноб туйғуларим деворга отилган нўхатдек бекор кетганлигини англаганимдан кейин бу гапларни бас қила қолдим. Фақат шоир ёки авлиё одамларгина асфальт йўлда гуллар ўстириш мумкин, деган содда хаёлларга бориши мумкин. Мен ичилган эрманли арақнинг пулини тўладим-да, кейин жаноб Стрикленд билан арзон ресторанга жўнадик. У ерда одам жуда кўп экан. Арзон бўлишига қарамай, овқатлари жуда мазали экан. Ресторандан чиқдик-да, қаҳвахонага кириб, ликёрли қаҳва ичдик. Мен Чарлзга Парижга келишимнинг сабабларига доир барча гапни айтиб бўлган эдим. Бирор самарага эришмай туриб, бу гапни тўхтатишим, назаримда, Стрикленд хонимга нисбатан мен томонимдан хиёнатдай туйилса-да, шундай лоқайд одам билан курашни давом эттиришга энди дармоним қолмаганди. Фақат аёл зотигина бир нарсанинг ўзини ўн маротабалаб қайсарлик билан қайтаравериши мумкин. Энди Стрикленднинг руҳий ҳолатини яхши англаш имконияти пайдо бўлди, дея ўзимга таскин бера бошладим. Бу эса жуда қизиқ ҳолат эди. Лекин буни амалга ошириш унчалик осон эмасди. Зеро, Стрикленд жуда камгап эди. Ҳар бир сўз унинг оғзидан жуда қийинчилик билан чиқар, гўё сўз унинг учун дунё билан мулоқот воситаси эмасга ўхшарди. Кўнглидаги гапларни айтилавериб чайналиб кетган иборалар, беадаб хитоблар, узуқ-юлуқ ишоралар орқалигина аниқлаб олиш мумкин бўларди. Лекин у бирор арзийдиган гап айтмаса ҳам уни «зерикарли одам» деб бўлмасди. Бу ҳолат эҳтимол унинг самимийлигидан бўлса, ажаб эмас. У, чамаси, биринчи маротаба кўраётган Париж билан унчалик қизиқмас (хотини билан қисқа муддатга келиб кетганини ҳисобга олмаса ҳам бўларди), қаршисида гавдаланаётган барча янги нарсаларга ҳам заррача ҳайратланмай боқарди.
Мен Парижда жуда кўп маротаба бўлганман ва ҳар сафар янгича завқ олавевераман. Унинг кўчаларидан юрарканман, ўзимни саргузаштларга ўч бахтиёр одам сифатида ҳис этардим. Стрикленд эса бамайлихотир эди. Хаёлан ўша кунларга қайтиб, шундай хулосага келаманки, бу даврда у қалбининг туғёнли эврилишларидан бошқа барча нарсаларга нисбатан кўр ва кар экан. Анчагина фоҳишалар йиғилиб қолган майхонада бемаъни жанжал рўй берди. Бу қизларнинг баъзилари эркаклар билан, баъзилари эса дугоналари билан ўтиришарди. Тез орада қизлардан бири биз томонга тикилиб турганини пайқадим. Унинг нигоҳи Стрикленд билан тўқнаш келгач, кулиб қўйди. Лекин Стрикленд унинг табассумига эътибор ҳам бермади. Қиз ўрнидан туриб, залдан чиқиб кетди ва шу ондаёқ қайтиб кириб ёнимиздан ўтиб бораркан, ғоят назокат билан бирор ичимлик билан меҳмон қилишимизни илтимос қилди. У бизнинг столимизга ўтирди. Қизча мен билан эмас, Стрикленд билан қизиқаётганини жуда яхши билиб турсам ҳам у билан валақлашиб ўтирдим. Мен унга Стрикленд француз тилида бир неча сўзнигина билишини тушунтирдим. Қиз у билан имо-ишоралар ва бузуқ француз тилида гаплашишга ҳаракат қилиб кўрди. Унинг назарида шундай қилса, Стрикленд ўзини тушунадигандай. Қиз инглиз тилидаги ўнларча ибораларни биларди. У фақат ўз тилида ифодалаши мумкин бўлган гапларини шеригимга таржима қилишни ва унинг жавоблари маъносини ҳам ўгиришни талаб қилди. Стрикленднинг вақти чоғ эди, бу ҳолат унинг кулгисини қистатса-да, барибир, анча лоқайд эди.
– Сиз, чамаси, ғолиб чиқдингиз, – кулдим мен.
– Барибир, ўзимни мамнун ҳис эта олмайман, – бепарволик билан жавоб қилди Стрикленд.
Унинг ўрнида бўлганимда хижолат чеккан ва ўзимни вазмин тута олмаган бўлардим. Қиз кулиб турар, оғзи ҳам ғоят бежирим, ўзи жуда ёш эди. Мен ҳайрон бўлаётгандим: Стрикленд нимаси билан қизни ўзига ром эта олди экан? У ўз истагини яшириб ўтирмаётганди, унинг хоҳишини таржима қилишимга тўғри келди.
– Сиз у билан бирга юришингизни истаяпти.
– Мен у билан оғиз-бурун ўпишмайман, – тўнғиллади у.
Мен унинг жавобини иложи борича юмшатиб таржима қилишга ҳаракат қилдим. Унинг рад жавоби, назаримда, ғоят илтифотсизлик туйилгани учун пули бўлмаганлиги туфайли шундай деяпти, деб тушунтирдим.
– Лекин у менга ёқиб қолди, – эътироз билдирди қиз. – Унга тушунтиринг, пул бермаса ҳам кетавераман. Бу гапини таржима қилганимда Стрикленд елкасини бетоқатлик билан қисиб қўйди-да:
– Унга айтинг, бу ердан туёғини шиқиллатиб қолсин, – деди дарғазаб бўлиб Стрикленд.
Стрикленднинг кўриниши сўзларидан ҳам кўра ифодалироқ эди. Қиз бирдан бошини мағрур кўтарди, қизариб кетди.
– Жаноб иззат-ҳурматни билмайдиган одам экан, – қиз ўрнидан тураётиб шундай деди-да, залдан чиқиб кетди. Менинг жаҳлим чиқди.
– Уни ҳақорат қилишнинг нима зарурати борлигига тушунмайман. Ахир у кўп одамлар орасидан сизни танлаган эди-я…
– Бу сатангларни кўрсам, қоним қайнаб кетади, – унинг гапини бўлди Стрикленд.
Мен қизиқсиниб унинг юзига тикилдим. Унинг юзида нафрат ифодаси зуҳур этганди. Бу қўпол ва таъсирчан одамнинг юзи эди. Эҳтимол, унинг ана шу таъсирчанлиги қизни ўзига ром этгандир.
– Лондонда истасам, хоҳлаган аёл билан яқин бўлишим мумкин эди. Мен шу нарсани деб бу ерга келмаганман.
Ўн тўртинчи боб
Англияга қайтиб кетаётганимда Стрикленд тўғрисида кўп ўйладим, хотинига айтадиган сўзларимни тартибга солишга интилдим. Менинг сўзларим уни қаноатлантира олмаслигини билардим. Ўзим ҳам қилган ишларимдан кўнглим тўлмаганди. Стрикленд мени гаранг қилиб қўйганди. Мен унинг ҳаракатларини тушуна олмаётгандим. Рассом бўлиш тўғрисидаги фикр биринчи маротаба сизда қачон пайдо бўлди, деган саволимга жавоб бермади ёхуд жавоб беришни шунчаки истамади. Ўзим эса бунинг тагига етолмасдим. Тўғри, мен унинг оғиркарвон ақлида нафрат туйғулари аста-секин куртак ота бошлаганлиги ҳақидаги фикрга ўзимни ишонтиришга уриндим. Лекин у ўз оиласидаги ҳаётнинг бир хиллиги ва зерикарлилигидан ҳеч қачон шикоят қилмаганди. Ҳамма нарса Стрикленднинг жонига тегиб, рассом бўлиш учунгина оилавий ипларни узиб ташлаши ҳар ҳолда ғалати эди. Табиатан романтик бўлганлигим туфайли ўзимча бунинг изоҳини топдим. Қалбининг туб-тубида ижод қилиш инстинкти жойлашиб олган, деб ўйладим. Турмуш ташвишлари билан ўралашиб қолишига қарамай, охири ҳалокатга олиб борадиган ўсимта сингари унинг бутун вужудини эгаллай бошлаган ва пировардида уни жунбишга келтирган, шекилли. Каккуқуш ўз тухумини бошқа қушларнинг уясига қўйиб, очириб олади. Кейин бу каккуча ўз емакдошлари бўлган қушчаларнинг шўрини қуритади. Бу ҳам етмагандек, охирида ўзига бошпана бўлган инни бузиб кетади.
Лекин қизиғи шундаки, ижод инстинкти Стрикленддай даллол одамнинг қалбига ўрнашиб қолганлиги эди. Бу яқинлари ва ўзининг шўришига бўлгандир балки. Ваҳий ҳар хил шакл ва кўринишда келади, одамларнинг унга муносабати ҳам турлича бўлади. Баъзиларга худди тошни улоқтириб ташлаган кучли оқимдек тасир-тусур билан, бошқаларга эса оҳисталик билан келади. Стриклендда мутаассиб одамнинг тўғрилигию Исо шогирдларидан бирининг шафқатсизлиги мужассам эди. Лекин мен ундаги жиловлаб бўлмас иштиёққа яраша асарлар ярата олиш ё олмаслигини аниқлашим лозим эди. Мен ундан Лондондаги рассомчилик кечки мактабидаги ҳамкасабалари унинг асарлари тўғрисида қандай фикрда эканликларини сўраганимда кулиб қўйди.
– Улар мени майнавозчилик қилиб юрибди, дейишди.
– Сиз бу ерда ҳам бирор мактабга қатнайсизми?
– Ҳа. Бу мижғов – мен устозимизни назарда тутяпман – расмимга кўзи тушиши билан қошини чимириб нари кетди.
Стрикленд жаҳл билан пишқирди. Унда заррача саросима сезилмасди. Бошқаларнинг фикри уни қизиқтирмасди. Худди шу туфайли ҳам ҳар сафар Стрикленд билан муомала қилганимда боши берк кўчага кириб қолардим. Аксарият одамлар бошқаларнинг мен тўғримдаги фикрларига эътибор бермайман дейишганда кўпинча ўзларини алдашади. Одатда, улар ўзлари хоҳлагандай иш юритишади ва бу туфайли уларни ҳеч ким тентакликка йўймасликларига умид қилишади. Баъзида эса кўпчиликнинг фикрига қарши иш тутишади. Зеро, бу ҳолатда ўз яқинларининг истагига мувофиқ иш юритган бўлишади. Агар маълум расм-русумлар дўстларингиз томонидан қабул қилинган бўлса, уларни писанд қилмаслик унчалик тўғри эмас. Бу ҳолатда одам ўз шахсиятига ҳаддан ташқари эътибор берган бўлади. Ўз жасоратига маҳлиё бўлиб хавф-хатар туйғусини унутиб қўяди. Лекин машҳурликка интилиш иштиёқи маданий одамларнинг ҳеч қачон сўнмайдиган энг жўшқин иштиёқидир. Атрофдагиларнинг фикри мен учун сариқ чақа, деб ишонтирмоқчи бўлганларга ишонмайман. Бу қуруқ мақтанчоқлик, холос. Моҳият эътибори билан бундай одамлар шунчаки майда-чуйда таъналарга унчалик эътибор беришмаслиги мумкин. Чунки улар бундай гап-сўзларга кўпчилик унча ишонавермаслигини яхши билишади. Лекин менинг қаршимда ҳақиқатан ҳам одамларнинг гапидан заррача ҳайиқмайдиган киши турарди. У бутун баданига ёғ суртилган, ҳеч ким қучоғига ололмайдиган курашчига ўхшарди. Бу ҳолат эса уни шаккоклик ва эркинлик чегарасида ушлаб турарди. Унга шундай деганим эсимда:
– Агар ҳамма ҳам худди сизга ўхшаган бўлса, дунё дунё бўлмасди.
– Бемаъни гап. Ҳар ким ҳам худди мендек ҳаракат қила олмайди. Кўпчилик рисоладаги одамлардай ҳаракат қилишни ёқтиради.
Мен уни чақиб олмоқчи бўлдим:
– Чамаси, «Шундай ҳаракат қилингки, токи сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз умумқоида даражасига кўтарила олсин», деган ҳикматни эшитмагансиз, шекилли?
– Биринчи маротаба эшитиб турибман. Сафсатадан бошқа нарса эмас бу.
– Ахборотингиз учун бу гапни Кант айтган. Бундай одамни виждонли бўлишга даъват этиш мумкинмикин ўзи? Бу қўлида кўзгуси бўлмаган одамнинг ўз аксини кўришга интилишидай фойдасиз бир гап. Менинг наздимда, жамият ўз хавфсизлигини муҳофаза қилиш учун ишлаб чиққан қоидалар одамлардаги виждон туфайлигина амалга ошади. Шу боисдан виждонни қоидаларнинг бажарилиши устидан назорат қиладиган «посбон», «миршаб» деса бўлади. Бошқача айтганда, бизнинг «мен»лигимизни белгилаб турадиган асосий аъзойимиздаги жосус бу. Инсон шуҳратга ўч бўлади, баъзида у шуҳрат учун ёвуз душманга эшикни очиб беришга ҳам тайёр туради. Душман эса бундай одамни ялтоқлик билан ўз тарафига оғдиради, тўдадан ажраб, инсон бўлиб шаклланишига йўл қўймасликка интилади. Чинакам инсон жамият фаровонлиги шахсий фаровонликдан юқори туришини англай бошлайди. Инсонни инсоният, жамият билан боғлаб турган ришталар жуда мустаҳкам ришталардир. Бир куни у дунёда шахсий манфаатлардан ҳам юқори турувчи манфаатлар борлиги тўғрисидаги фикрга келади, кейинчалик шу эътиқодининг қулига айланади, унга сажда қила бошлайди, буни тан олмаган одамларни қоралашга тушади. Зеро, у энди шу жамиятнинг аъзоси бўлгач, бундайларга қарши чорасиз эканлигини англайди. Ўз ҳаракатлари тўғрисида одамларнинг фикр-мулоҳазаларига Стрикленд тамомила бефарқлигига ишонч ҳосил қилганимдан сўнг инсонийлик қиёфасини йўқотган бу газандадан ихлосим бутунлай қайтди, ундан юз ўгирдим. Хайрлашаётганимизда менга шундай деди:
– Эммига айтингки, у бу томонларга келиб юрмасин. Мен жойимни ўзгартираман, барибир қидириб тополмайди.
– Менинг назаримда, у сиздан қутулгани учун Оллоҳга ҳамду санолар ўқиши керак, – дедим мен.
– Азизим, буни тушунишга уни мажбур эта оласиз, деб умид қиламан. Лекин, барибир, аёл зоти калтафаҳм бўлишини айтиб қўяй, – истеҳзо билан қўшиб қўйди Стрикленд.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.