Kitabı oku: «Қўрқма», sayfa 2
Биз ҳам бир куни улар каби тўрга чиқамиз – келин-куёв бўламиз, деб аҳд қилиб қўйганмиз. Энг катта орзумиз – тўйимиз!
Давра ўртасини учта гулхан ёритар, келин-куёв унинг атрофида гир айланар, нозиккина келинчак “Келин салом”ини барчага бир, бизга эса алоҳида эгилиб салом бераётгандек севинардик.
“Тўйлар қуллуқ бўлсин, айланай!”
“Хуш кўрдик, ҳаммани шу кунга етказсин!”
Куёв келинни даст кўтарганда қийқириқ бутун қиру тоғларда акс-садо берарди: “Жонинг борми, куёв, баландроқ кўтар?!”
Чарсиллаб ёнаётган гулхан атрофида биз ҳам келин-куёвга қўшилиб айланамиз. Ўша тун даврага осмондан уч юлдуз тушишига ишонамиз. Фақат тўй куни ерга энган бу уч ёғду келин-куёв юрагига ёруғлик бўлиб кира оларкан. Шунинг учун янги келин-куёвнинг юзига боқинг, нур бўлади, бу юлдузи юлдузига тўғри келганидан эмиш.
Чарс-чарс ёнаётган арча шохининг тотли, таъмли тутуни “Ёр-ёр” садоларига рақсга тушгандек тебраниб осмонга бўйларди. Гулхан атрофида айланаётган, зар қалпоқ, чопон, этик кийган, ўзи қуёшдек товланаётган келинга Лола қанчалик ҳавас билан қараса, қиличдек ярқираб, тўнга белқарс боғлаган мағрур, ўктам куёвга мен ҳам шундай энтикиб термилардим.
“Ёр-ёр”лар бошланади:
“Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан,
Гул кесганим, ёр-ёр.
Бир ҳовлида ўйнашиб,
Тенг ўсганим, ёр-ёр.
Ҳай-ҳай ўлан, жон ўлан-о,
Ўлан узун, ёр-ёр.
Саккиз қизнинг сардори,
Шу қизмикан, ёр-ёр!”
Доиранинг довури, элнинг “Ёр-ёр”и қишлоқнинг юрагига етар, қирларни, тоғларни туртиб уйғотарди.
“Тўйда келин йиғлайди-ё, ёт бўлдим деб, ёр-ёр!”
Тўйда келинлар нега йиғлайди?
Буни сира тушунмасдик. Гўзал келин бахтдан фақат хурсанд бўлиши керак-ку?
Бизнинг тўйимиз очиқ қирлар бағрида, даврани юлдузлар ёритган кунда бўлишига ишонар ва унда бир марта ҳам кўз ёши тўкмасликка Лола онт ичарди.
Бу тўйни ўзимиз ёлғиз қолган кунларда қир тепасида ўтказар, Лола келин, мен куёв бўлиб “Келин-куёв”, “Тўй-тўй” ўйинлари билан кундузнинг чироғини ўчирардик.
Қирларнинг тепасида турли хашак ва тиканлардан гулхан ясаб, Лолани кўтариб айлантирганларим, у менга момосидан қолган чанқовузни берилиб чалиб бергани, сочлари тўлғангани, чанқовуз ноласига юлдузлар йиғлагани, осмон кўз ёши тўккани кечагидай ёдимда…
Оҳ-оҳ, бу тунлар хотирамнинг азиз бир кунжагига абадулабад жойлашган, қани энди қайтарилса… Юрагим ўша онлардагидай урса, ҳаприқса… Ҳа, бу оламни фақат муҳаббатгина янгилаб, тозалаб, уйғотиб туришга қодир экан.
*
Эрта баҳор бобом билан қирларга қўй ҳайдардик.
Қўй дегани тўймагунча санғийверади, қорнига бир нима кириши билан тинчийди, энди чиндан ўтлай бошлайди.
Шунда бобом билан тин олиб, савол-жавоб ўйинини бошлаб юборардик.
Бобом афсона тўқишга уста. Мен – савол беришга. Ичимдаги сўроқ гаплар қаердан пайдо бўлаётганини ҳам тушунмай, тилим жавраб-жавраб чарчамасди.
– Бобо, ёшликда нечта болангиз бўлишини истагансиз?
– Биттагаям қўрқардим.
– Нимага?
– Куйдиришидан, авлодларим хор бўлишидан қўрққанман.
– Етти ўғил кўрдингиз.
– Бебарака чиқди. Отанг пешроқ эди, Худо олди. Бирови ҳам ўқишни тугата олмади. Ҳеч қайси бири одам бўлмади. Бари хотиннинг устига сакрашдан бошқага ярамайди. Сен ўқийсан. Ўқитаман. Нечта қўй кетса кетсин, диплом оласан. Яхши ўқи, катта одам бўласан!
Аммо мен ёмон ўқишни бошлагандим. Ёзувим ҳам хунуклашди, ҳисобдан ҳам адашдим, мени фақат ўтмиш қизиқтирарди. Дарслардан қочардим. Бобомга: “Устозим тумов бўлди”, – деб баҳона қилардим. Ҳатто май ойида ҳам. У оппоқ, узун қошларини осилтириб, рост ё ёлғон гапирганимни билмоқчи бўлар, аммо ҳеч қачон мени фош қилмасди.
Бобом ўзига эргашиб юрганимдан, талпинганимдан мамнунлигини сездирмаса-да, англардим.
– Эрта кўклам қора молгамас, аммо-лекин қўй ҳаққини олади. “Кипригимдай бўлса оламан”, – деркан қўйлар. Майса сал нишлаб қолса бўлди, қўйлар ўлмайди.
– Тарихдан гапиринг, бобо! – дейман эркаланиб. – Қўйларингиз жонга тегиб кетди-ку!
– Бу ҳам тарих. “Кипригимча бош кўтарсанг, қираман!” Эр йигитларимизни шундай йўқ қилишган. Ҳозиргилар шунинг учун бош кўтариш ўрнига бўйинни эгиб, охирга талашади, қорин тўйса – марра. Сигирлардай буқани бир йил кутиб яшаш бу!
– Кимнинг охури, кимнинг қўйи, яна чорвадан келасиз? – дея норози тўнғиллайман.
– Сталиннинг охури, унга ўзимизнинг сурув-сурув қўйлар бош эгиб борган.
– Тарихни нимага қўйларга боғлаб тушунтирасиз? Мен сизга ёш боламанми? Ҳамма устимдан кулади: “Бобонг тарихни билмайди, ёлғончи, эртакчи, эсини еган чол”, – деб.
– Қўйнинг “ба”сини қўй тушунади. Буларга қўйдан гапир, молдан гапир, ароқни оч, газакка қалампирни чайна. Халқ шунга ўч бўлиб қолди. Мағзини тушунмайди.
Бобом қўйларга қараб узоқ уф тортади.
– “Халқингдан кимда-ким кипригимча бош кўтарса, калласини олиб келинглар”, – деган Сталин бобо, эшитяпсанми? “Ўзим шўрва қилиб симираман, илигини шопкосага соламан”, – деган ғалча!
– Одамнинг калласидан шўрва бўладими, бобо?
– Сталинга ёққандир-да, мен қаердан билай? Ўзбекнинг калла-почаси ширин бўлса керак, чунки кўп меҳнат қилган, ортиқча тузлар тер билан чиқиб кетади. Ўрисники бузоқ гўштидай илтиллаб, бўшаб қолса керак-да!
– Германияда ўқиганлар-чи? Уларнинг калласини ҳам пиширишганми? Шулардан гапиринг?
– Олис-олис замонларда миллатимиздан етмишта баҳодир чиқиб, Олмонияга жўнайди.
– Вой-вой, эртакка солмай гапиринг!
– Жим эшит, – таёғи билан кавушим учига туширади. Йиғлаш ўрнига куламан. – Етмиш баҳодир. Улар халқни зулмдан, золимлардан ва босқинчилардан қутқариш учун туну кун ўқийдилар ва катта одам бўлиб қайтадилар.
– Эртакчи, лофчи, эсини еб-ютиб юборган чол! – аразлайман. Бобом бу гал сал кўнгилга қарайди.
– Чиндан эртак-да, болам! Ҳозирги одамлар: “Эртакларда бўлади бундай қаҳрамонлик”, – деб ишонади.
– Кейин-чи, бобо?
– Улар Олмониядан олтин, кумуш олиб келишади. Кейин уларни кўра олмаган бир девор қўшнилари Сталинга ёзади: “Бу Оврўпа таълимини олган мишиқилар олтин билан мудраб ётган кўзимизни қамаштириб, на ухлатгани қўяди, на ишлатгани! Тинчлик борми ёки йўқ? Улар нуқул: “Маърифат”, дейди, “Озодлик”, дейди! Бу нима дегани? Биз сизни отам деганмиз, хотинингизни энам деганмиз, биз лафзсиз бўлиб, гапимиздан қайтайликми? Мўйловингизни юз йил тавоф қилайлик, бундай онгимизни ўпириб, тинч ҳаётимизни бузаётган ёшларнинг танобини тортиб қўйинг!” Шунда Сталин бобо ҳам ғазабдан ёниб-ёниб, талабаларга ташланади. Қўзи қамовга бўри тушгандай ҳаммаёқ қонга беланади. Сўнг талабаларни кўмиб, устидан “Тошкент-70” навли пахта уруғини экиб юборади. Талабаларни сотган хоинларнинг эса кўксига темирча тақиб, талабаларининг қонидан нишлаб қолган пахтани чопиқ қилишга юборишади.
– Етмиш баҳодирнинг кучи етмадими?
– Орадан бир сотқин чиқади – қизил аскар.
– У ўрис бўлганми ё хитой?
– Ўзбек, шўринг қурғур ўзбек. Қора қош, қора соч, қора кўзи ўйилгур сотқин баҳодирларни чоҳга бирма-бир кўзларини боғлаб олиб боради.
– Сизнинг отангизми шу, қизил аскарми, бобо? Менга чинини айтинг?
Гап унга бориши билан бобом думини буриб қочади.
– Мен намоз ўқийман.
– Ўтган сафар ҳам қочгансиз.
– Фарзимни бажарай, кун тиккага келди.
Бобом киприкдай бўлиб ўсиб қолган майсалар устига жойнамоз тўшайди, азон янграйди.
Мен қўйларга сергак боқаман. Серка олдинлаб, буғдойзорни кўзлаб кетяпти.
Қўйларнинг олдини қайириб келаман.
Бобом намозни тугатмайди. Интиқ кутаман… Тиловат давом этади… Бобом қизил аскар ҳақида гапиришни истамайди. Ё кўп билмаганидан, ё ҳамон кимлардандир қўрққанидан ғинг демайди. Энг аввало, ўзидан қўрқади.
Қулоғимга чалинаётган овозлар эса сира тинмайди.
“1927 йилнинг баҳорида Мунавварқори Абдурашидхоновга2 хат ёзгансиз. Сиз Туркистон ҳаётида Ғарб Оврўпасининг ўрни катта эканлигини таъкид этиб: “Хорижда талабаларни ўқитиш битта-иккита тоғ ва саноат мутахассисларини етиштириш билан якунланмаслиги, бу билан биз ўйлаган халқнинг қашшоқ ҳаёти ўнгланмаслиги равшан. Эътиборни аҳволни яхшилаш учун зарур бўлган иқтисодий ресурсларга ва уларни ишга солишга қаратиш лозим. Бунинг учун бизга иқтисодиётни биладиган, чуқур билимли маҳаллий ёшларимиз сув ва ҳаводек зарур. Кучли иқтисодчилар молиявий асосимизни яратишга, режали ишлатишга ўргатади, саноат ва жамоат иши ўнгланишида чексиз хизмат қилади. Кучли иқтисодчиларсиз давлат пароканда бўлиши турган гап! Устоз, менинг сизга айтар мақсадим шуки, агар дилида Ватан иқтисоди учун жонини ҳам аямайдиган ёшлар бўлса, уларни Олмониядаги немис ҳамда яҳудий танишларим орқали…” – шу жойига келганда терговчи бир нафас тўхтаб, Муродийга3 еб қўйгудек қарайди ва “…немис ҳамда яҳудий танишларим…” жумласини қайта ўқийди. – “Океан орти – Америка Қўшма Штатларига жўнатишим мумкин. Иқтисодиёт АҚШда шиддат билан тараққий этмоқда. Немис мутахассисларининг айтишларича, америкаликлар бу кетишда дунё иқтисодиётини бошқаришга қодир бўладилар. Улар сафида Туркистон ёшларининг бўлиши эртанги юз йиллигимизнинг нурли истиқболи учун сабаб бўлмоғи муқаррар. Улар билим олиб, Туркистонга қайтишса, иқтисодиёт учун олтин кадрларга айланишини эсдан чиқармайлик!” – терговчи шу ўринда тўхтаб, маҳбуснинг кўзларига илжайиб қаради. – Америка ҳақидаги гапларни онгли, ақл-ҳушинг билан ёзганмисан ё кимдир мажбурлаганми?
– Ўзим ёзганман.
– Тиркаб қўйинг!
Терговчи мамнун илжайди, маҳбус эса ҳозир ҳеч нимани эшитмагандай, ҳамон ўткир нигоҳларини қадаганча жим турарди”.
Бобомга ичимдаги оғриқли ўйлар ҳақида оғиз очмайман. Ўзиники етади. Мен ундан қизил аскар ҳақида сўроқлашни тўхтатмайман.
– Шоди чўлоқ, Умри қозоқ, Турсунқул боболар айтишди. Сизнинг отангиз қонхўр ва бузуқ бўлган.
– Намоз ўқийман!
– Асрга ҳали бор, бобо. Вақтида ўқимасангиз, қабул бўлмайди. Менга чин гапни сўйланг, бобо.
– Шоди чўлоқ ўтирикчи, Умри қозоқ эл бўлмайди, Турсунқул эса ўта паст одам.
– Сизнинг отангиз, менинг катта бобом ким, энасини эмсин, айтинг?
– Сўкинишни кимдан ўргандинг?
– Сиздан-да! Ҳар доим отангизни сўкасиз-ку. Мен эшитаман. “Падаримга лаънат!” – дейсиз, ҳеч ким ундай отасини сўкмайди, сиз шундай дейсиз!
– Яна нимани биласан?
– Ҳеч нимани!
– Айт.
– Сийгим келди, – юлқиниб қочаман. Бобом гаврон таёғини отади, ҳарқалай тегмайди.
Сўнг тошлаб қолади. Қочаман, дарёга бориб, шомгача чўмиламан. Сувнинг лаби қорайганда чиқаман.
Бетим ёғ томган сувдай тўрлайди, тилингандай ёрилади, лўлининг боласидай тўзиб уйга бораман. Биров сўрамайди. “Сутдан қолган – этдан қолган”, – дейман!
Етим қўзи бирдан кўзга ташланади. Сурувдан ажралиб туради. Чек-чукка излаб ўтлайди, панаю пастни кўзлайди. Қулоқлари шалпайиб, сўлғин кўз ташлайди. Диркилламайди, кучини олмагунча қуйруқ бойламайди. Мен ўзимни шу етим қўйдай билардим. Лекин сира шалпаймас, эмин-эркин юрардим. Хоҳласам уришар, хоҳласам исталган ёқимсизга тош отиб қочардим.
“Сўрайдиганим йўқ”, деб дарсга ҳам бормай қўяверардим. Аммо кўнглим етим қўзи эди.
Бобой билан момойни алдашдан кўра қишда туфлаш қийинроқ: “Бугун устознинг тиши синиб кетибди. Эри урган-да. Кўп ичади-ку, бўйни сингур, момо. Қўлини ўқлов билан уриб синдириш керак-а, бобо?!” Аммо момом тезда изини кавлаб қолади. Биров билан уришсам ҳам, бобомдан олдин сезади. У: “Амакиларингдан ҳеч ўрнак олма”, – дерди. “Улар қаерга борса, жанжал қўзғаб, ўзига душман топиб келади. Сен дўст тутиниб юр, тақиллатмасанг ҳам, қарашингдан эшиклар очилади”, – дейди. “Мен сағирман, деб ўксима, болам. Сен менинг саккизимсан”, – деб қаймоқ соларди оғзимга тик туриб момом. У бирор боласи ўқишни тугатмаганидан ўксинарди: “Мени қишлоқнинг бор тўраси сўратди, раиснинг улидан келди совчи, эшигимда туманнинг катта бойлари ётиб олди, аммо мен бобонгни танладим. Чунки институтда, тарихда ўқирди, қишлоқдан биринчи устидент эди. Мен ўқиганга тегсам, болаларим ҳам каллали бўлади, деб ўйладим. Гўрда, бари ўлик чиқди, бесавод, чўпон-чўлиқ, сувчи, деҳқон, ҳисобчи, таракторчи бўлди. Хотин суяб юрадиган ароқхўр бўлди. Тузукроғи отанг эди, эрта олди, Худойга керакки олди, жигаримни юлиб олди. На аламимиз бор? Аммо сен бола, бобонгдай Тошкентларда ўқимасанг, гўримда тик тураман. Менинг отамлар, бобомлар катта деҳқон ўтган, аммо беш маҳал намозни канда қилмаган, бир умр ҳалол яшаган, лаънат юқтирмаган авлодларига, бари бало бобонгдан. Замон ўлсин, ҳозир бирорта укам калима келтиролмайди, оғзидан ароқ аримайди. Отам гўрида қандай ётган экан, деб куяман…”
Момомнинг қорнида ётиб, унинг кўз ёшларини артаман, оппоқ сочларини силайман, шу ерда мудрайман, сағир қўй қуриган саксовул соясига ўзини ургандай.
Еттита амаким бор.
Бир пайтлар барини бобом ўқишга солган. Ҳаммасига Тошкентдаги Улуғ Курсдош “танка”лик қилган.
Улуғ Курсдош номи уйимизда алоҳида меҳр билан тилга олинади. Унинг сурати кўкка бўялган жимжимадор рамкага солинганча қармоқ ипга боғланиб, меҳмонхона тўрига осиб қўйилган.
Бизнинг уйга келган одам қаршисига болалар эмас, сурат чиқади. Лўппи юзида қишин-ёзин табассум, шу ҳолатида қўлига ош тутиб қўйилса, ақлли профессордан кўра кўпроқ. “Хуш кўрдик, меҳмон!” – дея турувчи семиз ошпазга ўхшаб қолади. Пешонаси кенг, сочлари чапга қайрилиб таралган, кўзлар болаларникидай тиниқ, кичкина оғзи доим беғубор табассумда. Бизнинг нима еб-ичаётганимизни кузатиб тураверади, гоҳида ўзини фақат суратларда кўрган оиланинг азиз одамига момомнинг раҳми келади: “Анов курсдошнинг ҳам томоғи тушиб кетди. Қани эди бир туюр гўшт солиб, хижолатдан қутулсак!” Курсдош эса буларнинг барига бепарво, қорамтир костюм, оқ кўйлак, қизил бўйинбоғ таққанча тишларини кўрсатиб самимий кулиб тураверади.
Бобом ҳамма қизиқиб сўровчига уни мақтайди.
Биз учун президентдан сўнг турадиган одам.
У бобомга: “Ҳамма болангнинг дипломини қизил қиламан”, деган. Аммо бирортаси қизил ҳужжат олиш тугул, ўқишни тугата олмади.
Қишлоққа тезроқ қайтишга, қизга ва ароққа берилди.
Кенжаси бекорчи эди ғирт. Каттаси бой, юз қўйи бор, рўзғори алоҳида эди. Бири домла эди (сернасиҳат бўлгани учун шундай атардик), бири сувчи, яна бири тракторчи, бири эса ҳисобчи (олаётган нафасини ҳисоблаб ётарди). Тўртовининг қизи бор эди, қолганларини шу қиздан ҳам қисган эди.
Бефарзандлик оиламизнинг андуҳи, кўккўзларнинг шўри эди.
Бир пайтлар кенжа амаким тил ва адабиёт институтида ўқиган.
Қишки таътилда қишлоққа сочини ўстириб келиб бодилик қилади, юрадиган қизлари, ичадиган ароқлари ҳақида оғиз кўпиртиради.
Бобом тишини тишига босади, чидаган, ҳеч бўлмаса шу кенжам ҳайдалмасин, деб. Лекин бўлмаган, бобом билан момойга нуқул “папой”, “мамой” қилишни тўхтатмаган, буям етмагандай ўрисча қўшиқ куйлаб юрган.
Бобом бориб пастки тишини уриб синдирган: “Тил ва адабиётда ўқиб, ўрисча яшаётган бўлсанг, сенга диплом ҳаром бўлсин, яна бир русча гапирсанг, тепадаги тишларингни ҳам қоқиб оламан!”
Кенжамиз шундан сўнг қайтиб ўқишга бормайди. Қишлоқда табелчи, сувчи, колхоз тугагач эса ғирт бекорчи бўлиб қолди. Ичади, сўкади, хотинини уради. Бобом бир ўлик отамга қанча куйса, шу тирик амакимга ҳам тенг куяди.
Бобом ҳар қиш чилласида бир қўй сўйиб, эркак гурунг ташкил қилади.
Беш йил арпага боқилган қўйни сўйдиради. “Панжи қўй”, – дейди, “Панжи гўшт”, – дейди.
Ўрганмаган одам бу этдан кўп еса, девдай бўлса ҳам, ағдаради.
Эркак гурунгда хотин-халаж қозон-товоқдан нари юради. Барини эркаклар қилади. Бобом ҳаммани гўштга тўйдириб, сўнг ортидан тишлаб-тишлаб олади. Амакиларим сонига гап билан чўғ босиб олади. Мардликдан гап боради, эркакликдан сўзланади, қулоққа илинмаса, уят ва аччиқ гапларга ўтилади.
Қовурдоқлар томоқда қолади.
Қорайган жойи қолмай қуйруқлаган гўшт эмас, бобомнинг гапи уларни қизитади.
Қўлдан томаётган мойни артишни ҳам, этни чайнашни ҳам билмай қолишади, бечоралар.
“Бу гўштга фақат эркак чидайди, бу гапларга ҳам”, – дейди бобом.
Мен эса яйраб куламан.
– Бу гўштни еб, хотиннинг устига сакраш мардликмас, сакраш билан иш битса, мусича дунёни сайратарди. Эркак бўл, тик яша ва шундай ўл! Хотининг ўсмасидан юзингни қора қилма, тириклайин кўмаман барингни!
Амакиларим ерга қарайди.
Мен улар устидан куламан. Ҳаммаси менга “Жинни сағир, бўлди қил”, – дейди. Фақат кенжа қўпол сўкади: “Ҳа, энангди… нимага тиржаясан?!”
Бобом тишлашда давом қилади ҳам гўштни, ҳам болаларини:
– Хотининг туққани билан, сендай сувчи бўлади, гўр бўлармиди! Шунинг учун дунёда бошқа ишларни ҳам қилинглар! Бола кўпайтиришда балиқдан ўта олмайсан. Уларни тарбият этиш керак, эртага улар ким бўлади? Итми ё одам? Нимага ярайди? Менинг болаларим каби фақат хотини изидан йўл солишгами?
Мен яна чийиллаб, пиқиллаб, тупук сачратиб куламан. Ҳамма мени еб қўйгудай бўлади, уларнинг қовоғини кўриб, ўзимни тутолмай яна тиржаявераман.
“Бобо, ўлманг”, – дейман, “Ўлиб қолманг”, – дейман…
Амакилар товоқдан бошини кўтаришмайди. Кенжам сонимга пичоқ учини суқади, мен ҳузурлангандай унга қараб илжаяман.
Бобом болалари билан бўлади. Мен уни қизғанаман, аммо чидайман, ҳозир уй-уйига кетади, бобом эса менга қолади.
*
Бутун мамлакатда ишсизлик семирмоқда.
Пул топиш бепушт аёлни туғдиришдай қийин. Миллионлаб ишсизлар галаси пайдо бўлган.
Қишлоғу овулларда улар тўп-тўп, бир гала бўлиб юришар, ичишар ва дуч келган нарсани ирғишларди.
Деҳқонлар қартафурушга, қартабозлар ароқхўрга, ароқхўрлар ўғрига айланди. Амакиларим бир жойда икки ойдан ортиқ ишлолмас, шунинг учун нуқул бобомдан таёқ ерди. Юз қўйли тўнғич амакимгина яхши яшарди. Аммо хотинининг сочи унинг пешонасига тушганидан, узоқни кўра олмайди. “Хотинкавуш” бўлиб юради.
Мусофирлик тўни, ғариблик кавуши – ёзин-қишин кийиладиган бўлди.
Ўлик сукунат булутлари кезарди мусаффо осмонимизда танҳо. Моллар оч, қўйлар касал, одамлар эса тирик юриб, ўрмалаб борар эди ҳар ҳолда Азроил бекатигача.
Толнинг майин новдалари эгилиб ўсгани каби камбағалнинг болалари ҳам букилиб, синиб катта бўларди, овозидан ишончи йўқ ўзига, тик қарай олмас дўқ урганнинг кўзига. Бир кун оч, бир кун тўқ қолиб яшарди ҳамма, “Рўзғор – тўлмас ғор” деб ўзини алдаб, на бойдан, на давлатдан бир нима умид қилиб.
Қоқ суяк билагидан тухумдай мушак шишиб чиққач, иложсиз, тугатар-тугатмас мактабни, ортар эди бўйнига ёлғиз ота эплай олмаётган турмушнинг оғир ўйларини. Ҳаёт санчқиларини санчиб борар эди қонатиб, ҳали сулув қучмаган йигит бўйинларини доғлаб. Нослаб, ароқлаб, қизлаб чеклаб ўзини ҳаёдан, асраб ўзини садоқатдан, ишлаб, сўнг яна терлаб, ухлаб, мудраб, сўнг нурли келажак ҳақида ўйлаш оғир, худди гўзал ёринг сен каби хиёнат этаётганидан шубҳалангандай.
Узоқлардан иш қидириш қишлоқининг қисмати бўлди.
Қишлоқлар мамлакатга етим бўлди, етим қўзидай ҳаёт бўлди.
Қишлоқнинг ҳам мен каби сут берадиган онаси йўқ, қўллайдиган отаси йўқ эди. “Болам оч, хотиним касал, энам ўладиган, пул керак. Қаерда ва қандай иш бўлса ҳам, майли, ҳатто тезак тозалаш ҳам ҳузур беради ҳозир. Хўрлик ва камситиш ўн иккинчи масала, жўра!”
Яшашнинг қонунига кўнмаслик – ўлим.
Болалар оч, хотинлар касал, эна эса ўламан деяпти – эрлар ўзини ўзи тишлаб юради, киндиги ҳамон осилиб юрганда эди, ўша он чўрт тишлаб, минг бўлаклаб, ўзлари узган бўларди.
Қишлоқда аёллар, болалар ва қари-қартангларгина қолди.
Йўқчилик томоқдан хиппа олганди. Кунора бир уйда хўроз сўйилиб, сўнгги чақага ош дамланар ва ўчоқбоши – эркак ишлашга кузатиларди. Эшон қишлоқ кайвонилари билан келиб, уй эгасини дуо қилар ва уни тирикчиликка, олис ва оғир йўлга кузатарди. Худди урушга кузатгандай.
“Бу ҳам уруш – тирикчилик уруши”, – дерди саксонга етиб-етмаган, урушни кўриб-кўрмаган чоллар. Улар дастурхон бошида ҳамон Ленинни доҳий деб эслашарди.
“Бизнинг замонда гугурт уч тийин бўлган”.
“Ҳа, нимасини айтасиз. Уч сўм олиб дўкон борсам, гугуртни қоплаб келардим! Санашга эринардим!”
Шу уч тийинлик гугурт билан чопонига ўт қўйгим келарди.
Қўлим қичийди қариялар қуллигини кўрганим он, худди қичитқи ўт бармоқларимдан нишлаб чиққандай.
*
Ҳеч ким эсдан чиқариш учун ёд олмайди.
Ҳеч ким қачондир йўқотиш учун топмайди, йигит қизни кимгадир қўшқўллаб тутиш учун севмайди.
Ҳеч ким ўтиш даврида туғилиб, яшаб, тиши тўкилиб, қариб, эзилиб, кўмилишни истамайди бир нур сингмай кўзига.
Аммо тақдир, ўтиш йилларининг ўтиши чўзилди.
Ўтиш ўтмас пичоққа айланди. Ўтмас пичоқ бободан набирага ҳам етиб борди. Халқ бир-бирини ўтмас пичоқ билан сўйди.
Одамлар бошоққа ташланди. Оч эди, кўрга, карга айланди.
Бошоқдан қўллар қонади.
Қўллар узилди.
Кўплар сўйилди.
Четга қишлоқининг, ориқ сигирнинг қуртоби етди.
Аёллар кетмон, чоллар дарвозани қўриди тунлар.
Йигитлар уч-тўрт йилда бир кўринмаса кўринмади, пули келиб турди. Бу тириклик бўлди. Тириклик ўликликни бошлаб келди.
Ўлигини олиб келиш тиригидан қиммат бўлади.
Пул ота, пул эр бўлди, энг ёмони, пул Ватанга айланди.
Ўтиш даври қари қиздай инжиқ, асли қанжиқ бўлди.
“Нима бўлса ҳам пул, ака, пул!”
Халқ ўз нархини унутди.
Халқ улгуржи бўлди.
Ўзини ўзиники қул қилди.
Миллатнинг, бахтнинг жигари қуриди – қони бузилди.
“Отамиз ўлди, ука! Отам фақат мени туғдириб боққани йўқ, долларингдан бир-иккита ташла, падаримизни кўмиб келайлик!” дейдиган акалар, “Ўзингнинг керагинг йўқ, бир-иккита қоғоз жўнат, менга эмас, кўпайтириб қўйган болаларинг очдан ўлмаслиги учун…” дейдиган хотинлар даври келди.
Қишлоққа, энг ёмони, қўланса, ачитқи ҳид тарқалди, худди кўйлагининг кўринмас бир чеккаси балчиққа ботгандай сасий бошлади – бузуқ кўпайди.
Мушук ўлгандай, ғурур ачиб, номус қуртлай бошлади, қора қишларда ор ва ҳаё газсиз ва ўтинсиз қолган темир печкаларда ёқилди, ёнди, куйди иймон!
Эр-хотинлар ришталарни писанд қилмадилар. Оила муқаддаслигини чўпчак деб билардилар. Мен ўлик етим эдим, тирик етимлар бижғиди. Она тирик, ота тирик, аммо бола етим қўйдай ўсди. Болаликдан мардикор бўлиб ўсди. “Катта бўлсам, Россияга кетаман”, деб ўсди. У мустақилликнинг фарзанди эди, мардикорликни орзу қилиб ўсди.
Мен эса барига тупуриб ўсдим, мудраб, ухлаб, бобомнинг қўйнида қийқириб ўсдим. Амакиларимни урса, устидан кулиб улғайдим, янгаларим ғингшиса, уларни сўкиб аламимни олдим.
Мардикор бўлмадим.
“Қўйлар ўлмаса, давлат қарилик пулини берса, сени боқаман”, – дерди момом ҳам керилиб.
Мен қўйлар учун дуо қилардим:
“Миллатда кўпайсин қўй-қўзилар.
Ўлиб-нетиб қолмасин улар.
Оч қолмасин етимлар.
Омин!”
Доим тўқ эдим. Ҳатто кунлар таомсиз қолганимда ҳам.
Негадир ўлат тарқагандай бобомнинг қўйлари ўла бошлади.
Жигарини қурт чангаллади, қуриди қонсиз.
Сўнг бобомнинг қони ҳам адо бўлди.
У пайт мен талаба эдим.
Етмишвойларнинг қисматини тафтиш этардим.
Берлинга келишга уринардим.
Бобом ўлгач, бу амалга ошди. Унинг қўйларидан олган улушимни сотдим. Берлинга бориш учун!
Мен Лолани доим таъқиб қилганман.
Муҳаббатим билан! Миллий жосуслардан фарқимиз севгимизда эди.
У қишлоқдан Тошкентга қочди, изидан қувдим. У Берлинга учди, мен ҳам йиллар ўтса-да, ортидан келдим. Тўрт йил кўришмадик, тўрт йил…
Қирқ йилдай оғир ўтди… Ўлиб қолай дедим.
Ўлим!
Мендан кўра Лола бир бор унинг нафасини туйган.
Отасининг пичоғидан.
Чучварадай кичик қулоғида тиртиғи ҳам бор.
“Тишларимнинг изини отанг кўрсатиб кетган”, – дердим кулиб. У жилмайиш ўрнига маҳзун тортарди.
Ҳозир Берлинда ўша пайтлардагидай беғубор кулишни, йиғлашни, севишни ва маҳзунлашишни унутмадими?
“Йўқчиликдан… шунга ичади булар, бутун қишлоқ алкаш бўлиб қолди”, – дерди уруш кўриб-кўрмаган чоллар оғзидан ароқ сасиб. Эски колхозчилар бари. Улар ҳозир эса қарилик пулининг ярмига ичар, ярмига эса невараларини боқарди. Ишсиз сўқимдай ўғлини сўкарди. Колхозни еб-битирганларни ҳам бўралатишарди. Ленинни қўмсарди: “Ахир, ноннинг нархини копейка қилган! Қани шундай катта!”
Нон ва очиқ кун бўлса бўлди, бошқа ўй ортиқча чолларга.
Мен шу чолларнинг оғзини тупроқ билан тўлдиргим келади. Ўзимни босаман, ичимни эса йўқ. У номаълум кучнинг измида.
Мен улар ортидан кетиб борардим, гўёки шунинг учун яшардим.
Лола, эсингдами, гоҳида зардоли дарахти отангга чидаш бермасди, эплаб бўлмай қолганда ҳўкиздай сапчирди ва арқонни узиб қочарди қутурган мол каби.
“Бор-эй сасиб кетибсан” деб, кетига шохчаси билан тепарди дарахт бечора жирканиб. Шунда онанг билан бизнинг ҳовлига қочиб чиқар, момом жонҳолатда сизни кўздан пана жойга, сандал остигами, картон қутиларгами, яширарди. Сенинг бир бурда бўлиб, ҳиқиллаб жун гиламу қоғозлар орасида беркиниб ўтиришингни кўриш мен учун даҳшатли эди. Иякларинг титрар, лабларинг учар, юрак уришинг эса бутун оламга эшитилаётгандек дукилларди.
“Оталар шундай бўлса, менга ота керак эмас”, – дердим. Ҳа, шундай дердим!
Ота – мўъжиза, ота – куч, ота – ҳаёт! Мен шундай деб билардим “ота” сўзининг маъносини. Лола энг азиз номдан, мўъжизадан қочарди.
У отаси тезроқ ўлишини истарди: “Бир кун тонгда турсагу, у ўлиб ётган бўлса, кейин биз ҳеч нимадан қўрқмай онам билан ухласак, туриб овқатлансагу, сўнг яна хавотирсиз ухласак!”
Буни эшитиб даҳшатдан кулардим.
Отам тирик бўлса, маст-аласт пичоқ билан баданимга ўз расмини чизса-да, рози бўлардим ва бахтли санардим ўзимни шу сурат билан.
Лола эса “ота мўъжизаси”га ўлим тиларди. “Илоҳим, отам ўлиб, онам унинг пичоғидан қутулсин! Омин”.
– Бобо, отангиз баданига пичоқ билан “Қизил Ватан” деб ёзгани ростми?
– Ким айтди?
– Шоди чўлоқ.
– … ебди чўлоқ. Ундан кўра кампирига эҳтиёт бўлиб юрсин, ҳаммаёғи осилиб қолибди. Ўлади бугун-эртан…
Чиндан Шоди чўлоқнинг уйидан шом маҳал товуш чиқади: “Момо-о-в, момом…”
Бориб, “момом”лаб йиғлаб эмас, бақириб келдик.
“Кампир энди етмишга чиқувди, жигари панд берибди”, – дейишди.
Жигаримдан яна қўрқиб қоламан. Қаерда бўлади ўзи бу занғар!
Кўп ўтмай Лоланинг отаси ҳам жигардан ўлади. Қуриб тугаган экан, қон аралаш оғзидан отилиб кетган эмиш жигари қурғур.
“Спирт жигарни тугатармиш”, – дерди алкашлар ароққа тамшаниб қараб.
Чинга ўхшайди.
Шундан сўнг мен учун яна ота сўзи ўз шоҳсупасига қайтди.
Лола отасини сурпга ўраб кўтаришганда, қишлоқни бошига кўтариб йиғларди: “Олиб кетманглар, жойига қўй отамни, ярамас алкашлар!”
Лола чинакам мўъжизага интиларди.
Унинг отасини кўмишди. Бу дунёга ортиқчалик қилиб тургандек ҳаммаси тезда юз берди, кўмилди-йўқолди.
Лола отадан сўнг камкулги бўлиб қолди. Гоҳида унинг ичидан нималар ўтаётганини сира тушунмасдим. У писмиқ севгига айланди.
Бу дунёда муҳаббатимгина ўзимники эди. Уни ҳеч кимга, ҳатто ўша талабаларга ҳам ишониб бўлмайди.
Лоланинг онаси қассобнинг пичоғисиз ҳам турмуш тиғидан кўп азоб тортди. Ортидан жоҳил эрмас, очлик таъқиб қилиб юрарди.
Отасини доим қарғаб, унга эртароқ ўлим тилаб юрган қўшнилар: “Қандай отанг бор эди-а? Тоғни уриб, толқон қилар ёшда кетди бечора! Нима кўрди, нима?” – деб эшик қоқиб келаверар ва беванинг бор-будию бор кўчини қоқиб кетарди.
Йўқловчию ҳол сўровчилар беванинг қўрасидаги тиррақи улоқ тугул, катакдаги туғиб турган товуғигача сўйиб битирди.
“Савоби қассобга боради, келин, оғринмай қон чиқаринг!” – деди элнинг оч муллалари ҳам.
Рўзғор сувсиз дарахт каби қуриб-битди.
Шундагина одамлар бу ҳовлидан ариди, то янги ўлик чиққунича.
Она-бола узун-калта бўлиб, орқаси йиртиқ кавушни судраганча эрта тонгдан тоққа йўл олишарди. Турли-туман ўт-уруғ, доривор гиёҳлар йиғиб, Пайшанба бозорига сотишарди. Лола бозорга чиққани сайин мендан узилиб борарди. У билан фақат ҳафтада бир марта, қир тепасида кўришардик.
Узун қиш тунлари ундан ҳам қийин ўтарди. Икков тикувчилик қилар, баҳорга чиқиб, тўй қилмоқчи бўлганларга кўрпа, тўн қавирди. Кейин бари ўзгарди. Лолалар кетишди, бутунлай.
Қассобнинг қабри икки қор кўргач, қишлоққа Лоланинг бойбичча холаси келди. Шу билан бизга айрилиқ, бевага эса бахт қуши қўнди. Ажабтовур машинада ажабтовур ҳидни ўзи билан етаклаб келган шаҳарликка қишлоқдаги барча аёллар, ҳатто бир онадан олдинма-кетин тушган синглиси ҳам маҳлиё бўлиб қолганди.
–Ҳа, атирми? Парижники, – деди синглисининг қўшниларига белини бураб. – 300 қоғозга олганман.
Қишлоқи хотинларнинг ақли шошди. “Димоғ учун уч юз-а!”
Унга кўзи тушган деҳқон, чўпон-чўлиқларнинг мияси қизиди.
Белини бир марта ўлчаш учун жон беришга тайёр туришар, улар орасида кенжа амаким ҳам бор эди.
Кенжам сочини бўятди, ўқишда олган жинсини бир амаллаб тиқиб-суриб кийиб олди. Аммо Лоланинг холаси кенжамни – мен амакиларимни момом каби чақириб, устидан шу тариқа маънодор кулардим – мушук каби пишт деб ҳайдаб солди.
– Нима деб сасияпсан, тур йўқол, кенжа!
Амаким аламидан уйга келиб, хотинни урди, боласини тепди. Кейин ўзи ҳам бобомдан таёқ еди. Тракторнинг катта ключи билан бошига солди. Бир ҳафта уйдан чиқмай ётди.
“Эрим бечоранинг бир ой кўча супуриб топган пули 300 қоғоз, шунга баданга сепгич оларкан”, – деди қишлоқ аёллари.
Ҳасаду аламини ўзларининг фидойилиги билан хаспўшлаган аёллар: “Шундай шароитда яшаш ҳам қаҳрамонлик”, – деб ўзларини юпатишарди. Аммо меҳмоннинг бўлиқ нондай тиниқ юзига қараб яна ўзларини хароб ва ночор ҳис қилишар, ачинишарди: “Мен ҳам кимгадир хотинман-а?!”
Қишлоқнинг олди хотинлари эса уни кўтар-кўтар қилишди. Навбати билан чақириб, хўроз сўйиб, меҳмон қилишди. Албатта, эрлар ҳам бунга жон деб рози бўларди. Ҳамма тўрга ўтинг-ўтинг қиларди уни. Эркаклар: “Кўйлагинг ўралган белингдан, аканг!” – дея аламидан хотинини ўша кеч қўймай чиқишар, хаёлда эса меҳмон хоним билан эди. Аммо қишлоқ одамлари тезда ўзгаради, яқинлашсанг, ичингни очсанг бўлгани, ожиз томонингни топиши билан айнийди. “Ўзимиздай бир нарса экан-да! Шаҳарда турсам, мен ҳам оқариб, ундан ҳам гўзал бўлардим!”
Лоланинг холасини қарғаганлар ҳам бўлди: “Синглинг парча нонга зор юрсин-у, бунинг баданидан бошқа дарди бўлмаса! Садқаи опа кет-а!”
Бу гап димоғдор холага етди, ори келди. Бир эркакдай тўлғанди. Кейин бошқа томонларини ҳам ўйлади. “Уйга хизматчи керак эди. Бегонани нима қиламан, эрим ғирт суюқ, синглим – жигарим, поччасини кўндираман. Ота-онам ҳам шунда ҳадеб тушларимга берухсат кириб келавермайди, жойида тинч ётади!”
Шу бўлди-ю “Мен, аслида, синглим билан жиянимни қишлоқдан олиб кетишга келгандим”, – деди ва яна ҳурматини тиклаб олди, ғийбатчиларни гунг қилди. Ўзи билан бахтимни ҳам шаҳарга кўчириб кетди. Ажабтовур машина, ажабтовур ҳид билан ажабтовур болалигим ҳам кетди-қолди.
Биз ўша машъум тун дарёнинг лабида хайрлашдик. Қуёш шерик, беқарор дарё гувоҳимиз бўлди.
Тошлар йиғлади, балиқлар ойга сапчиди, юлдузлар музлади – биз ажралдик.
Бир дарёнинг суви икки бўлиниб оқар бўлди.
Биз болалигимизни ўз дарёмизга оқиздик.
– Катта бўлишим билан сени излаб топаман. Тошкент нима бўлибди, керак бўлса, Берлинга-да бораман, – мен учун энг катта шаҳар Берлин эди. Чунки у ерда етмиш талаба ўқиган.
– Биз катта бўлсак, келин-куёв бўламиз!
– Тўйимизда гулханлар ёқилади, атрофида гир айланамиз! Бола-бақра, очу тўқ бир бўлади – тўяди.
– Уч юлдуз осмондан тушиб, сенда, менда, болаларимизда абадий қолади!
– Момолар қўшиқ айтади, барча келинлар йиғлайди, мен йиғламайман!
– Момолар қўшиқ айтади, мен ўйнайман, бобом ўйнайди, момом ҳам, амакиларим ҳам. Барча куёвлар хотинини бир кун келиб уради, мен урмайман. Чунки мен чин эр йигит бўламан.
– Ростдан, ҳеч қачон урмайсанми?
– Ҳеч қачон!
– Алдаяпсан-а?! Онам “Ҳамма йигитлар уйланиб олгунча ваъда беришга уста бўлади”, дейди. Сен ҳам уларнинг ишини қилмайсанми?