Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Қўрқма», sayfa 3

Yazı tipi:

– Сағир телбанинг ҳеч нимаси иккита бўлмайди. Ота ҳам йўқ, онам ҳам, иккита сўмкам йўқ, иккита кроссовкам, шундай экан иккита гапим ҳам. Сағир телба битта гапиради. Битта қизни севади, битта қизни ўпади.

– Ҳеч қачон ичмайсанми?

– Ҳамма эркаклар ароқ ичади, мен оғзимга ҳам олмайман!

– Мен шу дарёга қайтаман!

– Келмасанг, катта бўлсам, ўзим Тошкентга бориб, сени автобусга солиб олиб келаман!

Лола, қара, Тошкент қолиб, Берлингача келдим.

Телба сағирман, гапимнинг устидан чиқаман.

Тезроқ кел, ташна қалбингга лаб босай, иссиқ бағримга тортай…

*

Берлинга келишим билан Лолага қўнғироқ қиламан, қайта-қайта, эзиб-эзиб. Телефон рақамини, ўша миямга муҳрланиб, бармоқларимга кўчиб қолган сонларни теравераман, теравераман, асабийлашганим сари эса кулавераман.

Содиқ касаллик – кулги!

Ҳозир жавоб беради, бошқача бўлиши мумкинми, ахир!

– Алло-алло, эшитяпсанми, Лола? Мен Берлиндаман, мен келдим, жоним, алло, ҳой…

У индамайди. Сўз душманга, ажалга айланади бу он.

Мен ўлим ҳақида ўйлашдан қўрқаман.

Аммо телба ошиқнинг узоқ кутган висоли ажали бўлиши мумкин. Телефоним каби титраяпман, юрак каби қон бўляпман…

Муҳаббат, бу ҳайҳотдай дунёда телбаларгагина кунинг қолган қашшоқ туйғусан! Бу туришда барча ночор халқлар каби асрнинг сўнгига бормай кўмиласан. Эшакқуртларга салом берасан. Айни қоқ пешинда, момақалдироқ гумбурлаган он сени кўмади инсоният ёмғирдан юз чайган тоғу тошларга!

“Ким ҳам қутуларди ажалдан, мен ҳам ўлдим. Дунёга бўлмас экан муҳаббат устун”, дея фалсафа сўқийсан. Аммо эшакқуртлар сени эшитмайди, минг чақирим наридан тўғри мўлжал оладилар жасадинг томон ва сероёқ таналарини моҳирлик билан ўйнатиб, не-не улуғлар мадҳ этган нозигу муқаддас танангни топтайди – ейди.

Берлинда фақат сенинг овозинг бордай!

Берлин сен учунгина мавжуддек, Берлин мен учун сенсан, Лола!

Айрилиқ миллари тинди – тўхтади. Айри-айри ариқларда оққан умрнинг ичга сўрилган маъносиз аламлари ҳам тамом. Балки, ҳаётим мазмунини шу ердан топарман, қутуларман саволлару мудроқликдан. Шарҳсиз ҳасратлар, бутун вужуд талпинган икки жоннинг бир дунёси ёнди.

Бирга ёнди…

Бир армони, бир гуноҳи, бир бахти, бир бахтсизлиги – бари ёнди.

Оҳ, ҳозир у бевафо юрак тўхтайди ва… Лекин, энг муҳими, жигар омон бўлсин, жигар. Қоним айланиб туради, тоза қон зарардир муҳаббат учун, покиза, тиниқ қон.

Мен нафас оляпман, Лола!

Мен оляпман бу дунёдан улуш… Балки, сени севганим учун ҳам Худо менга ёрдам бераётгандир… Бўлиши мумкин-ку, ҳаётга ёлғиз бир сабаб! Ёлғиз нишона, ёлғиз умид, ёлғиз орзу, худди ғариб Ватанинг каби танҳо!

Кел, жоним сермунг, мусиқага айланамизми?

Мусиқа ҳеч қачон кўринмайди, уни ушлаб бўлмайди, тутиб бўлмайди, бирор жинояти учун айбдор билиб қамаб ташламайди миршаблар, суд қилмайди судьялар, ҳамма тинглайди, соғ ҳам, телба ҳам.

Кел, мусиқага айланамиз, тезроқ, эртароқ, ҳозироқ… Синиқ ураётган юрак унимиз мангу ўчиб қолмасидан.

Қабрлардан тунда овоз чиқишига қўрқоқларгина ишонади ёки фақат авлиёларгина ичидаги азобланаётган жасадни тинглай олиши мумкин, бизни эса фақат биз.

Кел, ўз куйимизни тинглайлик.

Эшитяпсанми?

Лола, Лолам, гўзалим менинг! Азобли айрилиққа тўла кунлар адоғига етди, ҳижрон ўлди, шубҳалар қирилди, армонлар кўмилди, кўзларингда тонгги қуёш нурларини кўрар онлар келди. Ҳа, тонг қуёши, тонг, тонг ҳақида ўйлаймиз, кел, ҳеч бўлмаса!

Ҳа, ҳа, ўйлашни унутган одамларга ўргатамиз.

Муҳаббат ҳақида бўлса, улар доим кўнадилар. Муҳаббат бу ўзингни тинглаш дегани-да, тўғрими? Уларга ўлим ҳақида гапирмаймиз. Бу сўз жуда ёмон, жуда… Айниқса, висолнинг олдида ўгай.

Юракни бироз авайламасликни ҳам ўргатайлик, кел, рози бўласан-а? Оч оғизни оч қолдириш дарси ҳам тузук. Йўқ-йўқ, баридан жигарни сийпалашни ўрганамиз. Чунки у жуда писмиқ, тўсатдан қонни заҳарлай бошлайди, тоза қон эса жуда керак кимнидир ёки бу оламни севиш учун!

Мен келдим!

Оҳ, шу сўз қадрини иккимиз, ҳа, иккимиз жуда-жуда яхши биламиз! Сўқир чол ўз юзини бир марта ва сўнгги бор кўришни истаганидай… мен сени истадим…

Дарё лабида ўлган балиқдай… интизорлик азоби ўтди неча тун… Тўрт йиллик тун! Сабру бардош, чидаму матонат сўзларининг ҳамма-ҳаммасига тупурганча бутун Оврўпани муҳаббатга кўммоқ учун шу ердаман.

Мен келдим! Муҳаббатга висолдан ортиқ чора йўқ!

Узр-узр, адаш ўй, калта ўй, бор-бор, ҳа, ўлим… ўлим бор-а?

Ҳозирча муҳаббатни тийиб қўйишга кучи етадиган ягона куч. Икки ёрни бир-биридан, болани онадан, ёлғиз қолган қаҳрамонни Ватанидан айиради. Ўлим ёмон! Қўрқаман. Бу ҳақда ўйлагим келмайди унинг муқаррарлигини кеча англаб етган ўсмирдай. Миллионлаб гуноҳкорлар каби. Ҳозирча ўлимдан кўра висолга бир дақиқа яқинроқ турганга ўхшайман. Беихтиёр, сенга тўнкаб бор гуноҳимни, фақат севги ҳақида ўйлайман.

*

Бобом елкамга янги халта тақди. Каттасидан.

Ўнта қўйнинг пулини момомнинг рўмолига тугиб белга маҳкамладик.

Биз талабаликни сотиб олгани Тошкент бормоқдамиз.

Улуғ Курсдошни қора қилдик.

“Ҳа, унинг қўли ҳамма жойга етади, талабаликда ректоратга борарди, ҳозир ойни ушлаб турганларнинг бири бўлса керак!”

Бобом йўл бўйи гурунг бериб келди.

– Эллик йил олдин, бола, мен ҳам шаҳарлагандим. Энам оёғимга тирмашиб қайтармоқчи бўлди. У отамдай қарғишга ботишимдан қўрқди. Мен унга қасам ичиб шаҳарладим. Қўлимда битта тарих китоби, битта нон ва рўмолга тугилган бир килограмм хом гўшт бор эди. Шулар билан институтнинг эшигини тепиб кирдим.

– Отангиз қандай қарғиш олганди, бобо? – деди узоқ йўлга қатнайвериб ранги хира кўзлари киртайиб кетган ҳайдовчи. Унинг қорни машинада кўп ўтирганидан шишиб кетган ва ҳозир ҳам рулга тиралгудай бўлиб турарди.

– Намоз вақти бўлди, – деб яна талмовсираб гапдан қочади бобом. Ва ўтирган ерида тиловат бошлайди. Асрни адо қилгач, шомгача гапни бошқа ёққа буради.

– Каллам зўр эди, ўзим имтиҳон топшириб кирганман.

– Мен ҳам шундай қиламан. Ўнта қўйнинг пули чўнтакда қолади. Мазза қилиб шаҳар кезамиз, – йўловчиларнинг гап-сўзини писта чақиш каби эрмакка эшитишга ўрганган ҳайдовчига негадир ўзимни кўрсатиб қўйгим келади.

– Бефойда, сенинг бобонг қайтиб бориб, эсон-омон уйга кириши керак, яшаши керак ҳали бир-икки йил. Агар талаба бўлмасанг, биласанми, нима бўлади? Момонг мени уйга қўймайди, тириклайин кўмади. Ўйлама, Курсдош ҳаммасини ҳал қилади. Бир пайтлар энасини бирга кўмганман. “Севган қизинг оёғини эгри ташларкан, ундан нари тур” деб, балодан қайтарганман. Ҳалислаган, бўлмаса, уйини нас қиларди. Урғочи ит асрагандай уйини ҳирс босарди. Курсдошнинг калласи зўр эди, институтда қолди. Тарих фанлари доктори, профессор, балки ҳозир академик бўлгандир. Менинг жон иним у, агар боргунимизча ўлиб қолмаса, сен “Талаба бўлдим” деб, янгангларга хабар ёзиб юборавер. Ўқиш тўйинг учун битта буқани сўйиб, элга ош бераман.

Хайриятки, Улуғ Курсдош боргунимизча ўлиб қолмади.

Ҳозир ҳам тирик, яшаяпти, бобом эса…

Аммо уни топгунимизча хийла вақт ўтди. Бобом туфланди, кафедрадаги қизларни шарақлатиб сўкди, зерикарли тарих кафедраси қишлоқнинг нафасию ўткир шевасига тўлди.

– Сизга неча марта айтдим домланинг телефон номерини бера олмайман, отахон! Сиз бегонасиз, – деди камҳаракатликдан оппоқ бўлиб семириб кетган жувон беписанд.

– Нима дединг, мени бегона дедингми? Бемаврид гапираркансан сен қиз? Мен домланг билан ўқиб юрганимда отанг бешикда ётарди. Кейин мен домлангни ўзим ўқишга олиб кирганман.

– Ман ота демайман, “ада” деб чақираман адамни, – деб энди катта-катта кўзини беписанд қадайди бобомга.

– Нима фарқи бор, тарбия бермагандан кейин адами ё отами, бир гўр экан. Мана, менинг ҳам еттита болам бор, ўзимни ота деб ҳисобламайман. Буқа ҳам мингта сигирни қочиради, аммо уни ҳеч ким ота ё ада демайди. Тарбия ҳисобга ўтади, қизим. Мен болаларимни тузук ўқитмадим, ҳеч бўлмаса, бобо бўлай деяпман. Бунинг ота-онаси ўлган, сағир. Шуни институтга киритмоқчиман, қанча қўй кетса кетар, бераман.

– Бизда коррупция йўқ, отахон! – ўрнидан учиб туриб кетади аёл ўзини жаҳлдор кўрсатишга уриниб. Бобом бўлса унга бир суқланиб қарайди-ю, сўнг кўзини очиқ сонлардан олиб қочади.

– Сенда инсофдан бошқа ҳамма нарса бор. Бу тарихчи бўлиши керак. Германияда ўқиган етмишта талабани биласанми?

– Нима?

– Билмайсан! Сенга эр керак. Бу ўша талабаларни туш кўради. Бари қаҳрамон! Тарихни ўқиганмисан? Улардай бўлиш керак. Қўй топилади… Қонни тозалашим керак. Отам қилган айбларни мен поклай олмадим, болаларим эпламади, зора неварам уддаласа.

Шунда бобомнинг, момомнинг, бутун қариндош-уруғнинг азиз одами – Улуғ Курсдош келиб қолади. Мен уни таний олмайман, суратдаги лўппи юз, басавлат одам ўлган-у, ҳозир қаршимда тиржайиб осилиб қолган бир бурда эт турарди! Аммо кўзлари ҳамон оч одамнинг нигоҳидай атрофга ташна боқади.

Ёнида магистрант қиз.

Улуғ Курсдош бобомга ҳайқирганча қулоч очади.

– Эй, бормисан, жўра?

– Танимаганингда, бола, қўйнимдаги пичоқ билан каллангни олардим.

– Ўлибмизми, сени-я, сени?!

Магистр қиз унутилади, мен унутиламан, кафедра ҳам, икки чол ортда қолиб кетган талабалик даврига қайтишади. Битта шиша ағанайди. Кафедра спирт ва колбаса ҳидига тўлади.

Сўнг бобом: “Қўйнинг пулини ол”, – дейди. Мен белбоғни Курсдошнинг костюмини тортиб белига боғлайман. Болаларникидай танаси юмшоқ, билқиллаб ётибди. Бобомники тарашадай қаттиқ.

“Пулни олмайман”, – дейди чол рўмолни боғлаб бўлишим билан. Хуллас, ўнта қўйнинг ҳурматига мен талаба бўлдим. Тарих факультетига кирдим. Бобом гапида туриб, бир ҳўкиз ағдарди. Эл маза қилди, амакиларим яйради. Кенжам устимдан кулди: “Сен ҳам бизлардай қайтиб келмасанг гўрга эди”. Момом эса кенжасининг бошига ўқлов билан солди: “Тугатмай келсин, мен шу куни ўлиб бераман, кўрасанлар кейин кунингни, ахлатга ботиб!”

Янгамлар жеркимай қолди, амакилар қўллаб турди.

Тўнғич амаким ҳар келганимда киссамга пул тиқадиган бўлди. Ўзимни худди шонли келажак ваъдаси учун пора олгандай ҳис қилардим.

Мен бошладим ўқишни.

Сўнг кўп ўтмай дарслар мудроқликка алмашди.

Ярим куним дарсда мудрар, сўнг ярим паллани архивда сарф этардим.

Мен етмишвойларнинг кетидан қувдим.

Ўн минг йигит-қиз ўқийдиган институтдан бир талаба қидирдим.

Улардек қаҳрамон, улардай мард, улардек мақсади катта, нияти улуғ бўлган бир талаба.

– Сен нима учун ўқияпсан?

– Сенинг нима ишинг бор. Кимдир айтиб қўйдими ҳўкиз сотиб кирганимни? – у гапларимга ишонмай бирдан ёқамдан олади.

– Йўқ! Қўрқма, жўра, – қўлини бироз қисиб, тортқилаб бўшатарканман, тинчлантираман. – Мен сенинг айбингни очмоқчимасман. Ўзим ҳам ўнта қўйнинг бошини еб, талаба бўлганман. Шунчаки нима учун кирдинг институтга? Буқанинг пулига машина олсанг бўларди-ку!

– Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, бўла! Курсдошимдан телефон қилиб сўрасам, бўладими? Балки яхшироқ жавоб берса, кўчирарман.

– Йўқ, у қаердан билсин сенинг нима мақсадда ўқиётганингни. Буқа билан гаплашиб кўр-чи, у ўзининг нимага қурбон бўлганини сендан яхши англаса керак!

Мен ҳар куни юзлаб талабаларга шу саволни берардим.

Улар орасидан ўша етмишвойлардай бирорта чиқиб қолишидан умидвор юрардим.

– Сизлар нима учун ўқияпсизлар, қизлар?

– Сенинг сўлакайингни оқизиш учун. Қизларни ўрашга бошқа гап топа олмадингми, довдир, куйган шўрданак!

Сўнг бирдан бировнинг кун кўрмаган, қоқсуяк қўлларидан ушлайман ва ўзимга тортаман, димоғимга аёлларнинг арзонгаров ҳиди ўтиради. Қиз худди шундай ҳаракатимни кутгандай сира қўрқмайди, аммо кўзлари бежоланади.

– Ҳарир кўйлакларингни қандай ечасан, тугмалари биланми ё бошингдан оширасанми, бесабрлик билан биров кутиб тургандай?

– Бу саволинг анча қизиқ, жинни! – дея оёқларидан мажоли қочиб кулишарди беҳаё гапдан.

Баъзи қизлар ўйлаганча жим қолишарди.

– Нима, қандайдир мақсад учун ўқиладими? – дегувчилар ҳам топиларди кўп!

Айримлари саволимга жиддий туриб жавоб берарди.

– Мен нима учун ўқияпман, айтайми сенга, ҳ-м-м… Мен мардикор бўлмаслик учун, сал осонроқ пул топиш учун, одамдай яшаш учун ўқияпман, бой бўлиш учун, кучли бўлиш, гапим ўтиши учун ўқияпман. Бир сўз билан айтганда ўзим учун!

– Мен эса адам учун. У шуни хоҳлади, бўлмаса аллақачон бозорда ўз ишимни гуллатиб юборардим. Иқтисодга зиғирча қизиқмайман. Менга кўпроқ кўча иқтисоди маъқул!

– Мен катта ойлик олиш учун.

– Мен эса яхшироқ эрга тегиб олиш учун. Ўқиган қизларнинг совчиси кўп, биласанми? Улар қолиб кетмайди, ҳатто аллақачон иффат деворини бузишган бўлса ҳам.

– Менми, президент бўлиш учун. Агар ниятим амалга ошса, янги президентдан биринчи интервью олган одам сен бўласан. Қабулимга киришга ҳаракат қил, жўра!

– Менми, ҳарбий бўлиш учун. Кейинчалик генерал бўламан ва ҳаммани измимда тутаман.

Йўқ, ҳеч ким ўша етмишвойлардек жавоб бермасди:

“Биз шу миллат учун ўқияпмиз ва унинг учун ўляпмиз!”

Ўн минг йигит-қиз ўқийдиган институтда битта ҳам талаба топа олмай сарсон юрардим.

Энди уларни ўзимдан ахтара бошладим. Изини тушларимдан қидирдим. Хаёлларнинг ҳақиқатини қидирдим.

Бунинг учун учта ғалати хонадошларим билан қўшилиб ичмадим, емадим, интернетда ўтирмадим, мен тарихни тингладим, тарихни титдим, ўзимни сўкдим.

Мен ичимдаги одамларни эшитдим. Сўнг уларни архив билан солиштирдим. Эс-ҳушим шу бўлди. Ўша бир аср олдин ўқиган талабалар дарди билан мудрадим.

Лола энди мени тарихдан қизғана бошлади. У немис ва инглиз тилини, докторликни танлади, мен тарихни. Чунки тарих отам, ўз тилим эса онам эди.

Лола эса тарихга қўйлардан бироз кўпроқ қизиқарди, холос.

*

Мени Берлинда ўқитишга бобомнинг қўйлари етмаслиги аниқ.

Аммо бир аср олдин, нонга зор турган бир пайтда шунча пулни қаердан топишди? Мен учун ўн қўй қурбон бўлди, улар учун нечта кетган?

Берлинда ўқиш учун қўйларнинг пули етмасди, албатта! Шунинг учун “Кўмак” очилди. 1922 йилда.

Мен уларни тинглай бошлайман, архив ва газетлар буни исбот этади:

“Ёруғ юз билан болаларимизни Оврўпада ўқитиш ва халқни қора кунлардан нурли келажак томон етаклашни мақсад қилган “Кўмак” ташкилоти иш бошлаганини маълум қилмоқчиман!

Азиз миллатдошлар, ул хушхабар барчамизга қутлуғ бўлсин!

Бугун элнинг чин байрами. Биз шарафли, кутилган кунга ҳам етиб келдик. Ташкилотнинг очилишида таниқли зотлар, маърифат ва адабиётимизнинг улуғлари, кўп сонли ёшлар, қўли узун, эртани ўйловчи бойлар илғор ёрдам бердилар. Аллоҳ улардан рози бўлсин! Ёш жонини куйитиб, тенгдошларига “Кўмак”ка ўтинганлар ичида Саййид Алихўжа, Иброҳим Орифхон, Камол Дадахўжа ўғли, Рисқи Раҳимий, Абдувоҳид Жаҳонгир, Тўлаган Мўмин, Очилхўжа, Аҳмад Шукрий, Тоҳир Шокирий, Салимхон Тиллахоновларнинг борлиги миллат кўзига кўп ўтмай қувонч ёшлари қуйилишидан умид беради. Улар ўзни ўйламади, чойхонада қариялардай эснамади, миллатнинг юзага чиқишини истаб, кўчама-кўча юриб, тиланиб бўлса-да, талабаларни четда ўқитишни ният қилди. Биз ҳам дуо қиламизки, улар сафи минглаб болаларимиз билан бойисин, “Кўмак”нинг яшаши, юклатилган вазифасини оқлаши учун қўлидан келган ишни аямасин. “Кўмак”нинг тез орада ҳудудий бўлимлари очилиб, фарзандларимизнинг Олмонияда ўқиши учун хайрия пуллари ул тарафлардан ҳам йиғилади. Биз Маннон Уйғур бошчилигидаги театр жамоаси ҳамда улуғ шоиримиз Чўлпон ҳамкорлигида бир спектакль тайёрлаб, “Кўмак” учун намойиш эттирамиз. Демак, бугун, яъни 1922 йил 2 май биз учун унутилмас бўлсин! Барчамизга ёруғ кунлар муждаси қутлуғ бўлсин!”

“Кўмак” бу жасорат, матонат, халқнинг бирлигини кўрсатган миллатпарварлар йўли эди.

Мен ҳозирги одамларни синаб кўрдим.

“Мен ўқишга жуда қизиқяпман. Немис тилини ўрганишим керак. Отам йўқ, онам йўқ, улар давлатнинг пахтасига қўшилиб ёниб кетишган. Илтимос, маърифат учун эҳсон қилинг! Садақа сўраяпман юз минг, ўқиш учун! Мурувват қилинг минг сўм келажак учун!”

Лўлига чўзилган қўл маърифат учун қимирламасди.

Шаҳар кўчаларида бирорта одам тўхтамади, қизлар устимдан кулди, болалар мазах қилди. Фақат бир болали хотин нонга етадиган пул берди, менинг гапимни тушунмади, шекилли. “Шу пулни садақа қиламан”, – деб олиб қўйгани учунгина берди. “Илм учун бераман, бир банданинг ўқишини сақлаб қоламан” деб эмас.

Илм-маърифат учун одамлар сизга ҳатто қайрилиб ҳам қарамайди.

Бир олим очликдан ўлаётган бўлса, унга итга кўрсатадиган меҳрни кўрсатишмайди.

Мен шаҳар кўчаларида одамларни синадим. Улар миллат боласи илм олиши учун сариқ чақа эҳсон қилмайдилар. Ҳатто буни эшитишни ҳам истамайдилар. “Бу ерда одам ўламан деяпти, бу ўқиш учун дейди, аҳмоқ!”

Тўнғич амакимдан сўрадим.

Баҳона қилди, хотини қўймаганини билардим. Ўз жигарим пул бермади, бегоналардан нимани кутаман!

“Кўмак”чилар ўзлари танимаган, кўрмаган миллатдошларининг ўқийман деган истаги учун гадойлик қилдилар. Зеро, “ўқийман” деган шу сўз улар учун озодлик каби улуғ, мўътабар, азиз эди. Қудрат, ғурур, шон, умид эди. Шунинг учун бировларнинг болалари ўқимоғи учун гадойлик қилдилар!

Нақадар буюк иш бировнинг боласи ўқиши учун сен гадойликни бўйинга олишинг! Ўқийман демоқлик, аслида, қаҳрамонлик эди. “Ўқимоқ” озодлик, ҳурлик, тўқлик каби кўп тотли сўз эди.

Мен ҳар куни кутубхонанинг нодир нашрлар бўлмасидан ғалати кайфиятда, йиғлай билмаганим сабабли ўртаниб-ёниб чиқардим. Оч, бунинг устига, совуқда ёзлик кийим билан қолганим учун эмас, етмишвойларнинг қандай одам бўлгани, миллат учун бирлашгани, эрк учун ўлимга тик боққани мени ўртар ва бундан аламли кулардим.

Мен “Қаҳрамонлар китобларга, газеталарга қамалганми?” деб ўйлаб қолдим.

Улар доим биздан юз йил олдинда ё яна шунча йил кейинда яшашга кўникдикми, дейман. Тирик қаҳрамонлар ҳеч қачон бўлмайдигандай, биз уларни кўрмайдигандай. Ё кўзларимиз сўқир, ё улар қуриб битган жигар каби.

Бир хат топдим ва уни кечаси ухламай ёд олиб чиқдим:

“Устод, омонмисиз? Бир ой бурун Олмонияда ўқиш истаги билан куну тун ёнаётганим ҳақида ёзиб юборгандим. Ҳозир бу олов яна кучайди, оташи тунлари ухлатмайдур. Ота-онам бошида кўнмаган, аммо бу истак мени қай ҳолга солганини кўриб “Ўзинг ҳал қилсанг боравер” деб, рўйхушлик кўрсатмоқда. Ёлғиз умидим сиздан, устод! Бандаи ожизингиз ҳам илгидан келгунча туну кун уриниб ётибди. Тўрт ойдан бери қилмаган паст-баланд юмушим қолмади, дўстларим Тошкандан олис қишлоқларга бориб гадойлик қилди, мен учун, ўқишим учун! Аллоҳ улардан рози бўлсин! Натижада анча-мунча маблағ йиғилди. Аммо сиз марҳамат қилмасангиз, тежаб жамлаганим Олмония учун сариқ чақа ҳам бўлмайди, деб қўрқаман. Азиз устод, сиз элимизнинг маърифат ила юзага чиқмоқлигини истайсиз! Мен-да шу ўй билан ёнаман, ўқишни, дунё ажойиботларини кўргим, сўнг улардан миллатимни-да баҳраманд қилгим келади. Олмонияга тезроқ кетсаму, ўқиб келиб, элнинг оғир кунига ярасам.

Олмонияга кетиш учун паспорт лозим бўлурмиш. Бу борада сизнинг кўмагингиз жуда зарур. Не умидки, тез фурсатда паспорт олиб, Бухоро ҳукумати Берлинга жўнатадурғон талабалар рўйхатига каминанинг номи ҳам қўшилса, бошим кўкка етган бўларди. Қай кун ва қай тақдир ёқамдан олмасин, не азоблар интизор қаршиламасин, ҳаммасига мардона чидаб, ота юртга қайтиб келишга онт ичаман. Бу сўзим туну кун танамда иссиқ қон янглиғ айланиб юргувчи. Ҳар юрак зарби ани эслатувчи, ажалим-да онтим сабаб фақирни айланиб ўтгувчидир, иншааллоҳ!

Сизнинг жавобингизни интиқ кутгувчи ўқувчингиз…

1922 йил. Тошкент”.

Бухоро ҳукумати амирдан қолган-қутган бойлигу қоракўл териларини сарф этмаганда талабаларнинг Олмониядаги таҳсили хомхаёллигича қоларди. Талабалар орасида замона бойларининг болалари ҳам кўп бўлиб, улар ҳиммати хўп қўл келди.

Йигит-қизлар кетаётиб миллат учун туну кун ўқишга қасамёд этдилар:

“Миллат учун, миллат учун, миллат учун ўқиймиз!”

Отаси, боласи, хотини учун эмас, севги, бойлик, мансаб ё президентлик учун эмас, шу миллат учун ўқишни исташ – нақадар гўзал, нақадар гўзал, нақадар гўзал!

*

Қишки таътил – “Янги йил” байрами яқин!

Қуруқ қайтмай қишлоққа деб, иккита юмшоқ нон оламан.

Бобом билан кунора телефонлашиб турсак ҳам, доим хавотирдамиз. Улар ўқишимдан, мен эса ўлиб қолишларидан қўрқаман.

Ўлимни жуда ёмон кўраман!

Йиғлай олмаганим учун икки карра кўпроқ.

Қуруқ овоз чиқаришга мажбур бўласан, йиғлашни билмаганингдан сўнг нима ҳам қилардинг – ё куласан, ё қуруқ бақириб-бақириб, ҳаммага мазах бўласан азадор қон йиғлаётган пайт.

Ҳар Янги йил келиши билан: “Худога шукурлар бўлсин, неварамиз бу йил ҳам ўқишдан ҳайдалмади!” – дерди етти ўғли ўқишдан қувилиб оғзи куйган момом.

Мен эса “Худога шукурлар бўлсин, бу йил ҳам ўлиб қолишмади!” дея улардан суюнаман.

Гоҳида момом кенжа амаким телефонидан қўнғироқ қилиб турарди.

– Бобонг билан сени ўйлаб чиқдик. Тинч ётибсанми, болам?

– Ит ермиди мени, момо? – доимгидай эркаланишга тушаман.

– Агар яхши ўқимасанг, ўзим сени қозонга босаман! – момом меҳрибон овозда ўдағайлайди.

– Хўп, сизни соғиндим, момо! Қимирлаб турибсизми?

– Ҳартугул, тупроқнинг устидаман.

– Биламан, қабрда бўлсангиз, умуман гаплашолмасдик. Сизнинг овозингиз менга келмасди, меники сизга етарди, лекин! Чунки бақирардим ўликларни уйғотиб.

Бобом ҳам кулади, момом ҳам.

– Ҳали бери ўлмаймиз, чолдан қутулиш қийин.

Бобом гапирмайди. Овозини қириб-қириб барчасини эшитаётганини билдириб қўяди. Гапларим ўзимга акс-садо бўлиб қайтади.

Аммо бу Янги йил байрами вафо қилгани билан қиш чилласи аямади, ҳамма нарсани музлатиб қуритгани етмагандай, бобомни ҳам қулатди.

Бир қиш бобомни, кейингисида эса момомни кўмдик.

Энди қишлоққа боргим келмайди.

Мен учун қишлоқ ҳеч ким бир-бирини танишни ҳам, тан олишни ҳам истамайдиган шаҳарга айланиб қолди.

Улар тирик бўлса эди – байрам бўларди. “Янги йил” мен учун уларнинг тирик яшаётгани эди. Турли шаклга кирган арча чироқлари эмас, уларнинг меҳр кўзлари қутлуғ қиларди янги йилимни.

Мен борсам, бобом қўйларига емиш ташлаётган бўларди.

Қандай кўришсам экан, деб ўйлаганча остонада узоқ туриб қолардим. Эшикка илинган исириқ каби балою касалликларни қайтариб, тобора кексайиб, мункиллаб бораётган бобомни барча ташвишлардан озод қилгим келарди.

Унинг кўзи тушиб қолгунича мен муаллақ қотаман.

Ҳар сафар яна-да қариб-қартайиб кетаётгандай туюлади, суякларидан гўшт моҳирлик билан шилиб олиниб, устидан буришган тери ёпилгандай.

– Э, отам, отам… Кел, ҳа… кел-да. Момоси, эй момоси, ёрил-ёрил, боланг келди…

Момом менга атаб палов пиширади. Ҳар сафар: “Мен сизнинг қўлингиздан ейман, келинларингиз ўчоққа яқинлашмасин”, – деб шарт қўярдим.

Янгалар ғижинарди. Момом инқиллаб, гуручни катта тоғорада сопи қилар ва шу гуруч доналаридан кўп мени дуо қиларди.

Улар ҳар икки тарафимдан ўпиб, юзимни нам қилиб ташлайди.

Пальтомни силайди. Телпагимга илашган қорни қоқади… Мен эса яна болалик қиламан. Йўқ, мен болага айланаман… Сўнг икковини ҳам қорга отаман, қорга пишаман. Бобомни ирғитаман, момомнинг юзига қор ишқайман. Бобом кулганча менинг билакларимдан ушлаб қўяди. Момом яна пешонамга ёпишади. Йиғлайди, сиқтайди ва сўнг бахтиёр кулади. Яшаяпмиз-ку, ахир!

– Сен келиб уйим ёруғ бўлиб кетди, болам. Қордай оппоқ бўлди, ёниб ётган танам тандирнинг ичидай қорайиб куйиб ётувди.

Жиянларим келади. Бари қиз. Амакиларимнинг ярмига фарзанд берган, ярмини қисган. Шунинг учун болалар биз учун жуда азиз. Қизчаларга олиб келган шаҳарнинг арзон-гаров совғаларини улашаман. Ўзларини бойиб кетгандай ҳис қилиб, қиқирлаганча қўшниларга мақтаниб қолишади. Улар менга доим тамшаниб, ҳавасланиб қарайди.

– Яхши ўқисанг, акангдай бўласан, бўлмаса, ана, кенг дашт… ишлайсанлар… Мактабни тугатиб-тугатмай эрга бераман, – дейди момом.

Қизчалар сирли кулади.

Мен улардан ҳам бобом билан момомни рашк қиламан. Кечаси уларнинг ўртасида ётаман. Аввал ҳам худди шундай эди.

Бобом яқин-яқингача сира тинч ётмасди, шўхлик қиларди.

Момом: “Севмайман”, – дерди.

Бобом: “Қўймайман”, – дерди.

Кейин иккови ҳам инқиллашиб кимнингдир раъйига кўнишарди.

Мен тескари қараб ётардим. Улар мени ҳали бола деб билгани учун шундай қилишарди. Аммо мен олти ойлигимдаёқ оламнинг ҳаёт тарозисида тортила бошлаганман. Ер ёрилса, ямаганман.

Сувчи амаким энди уйланган пайтлар.

Бобом билан момом тоққа ошнасиникига кетади. Мен янгам билан қолдим. Улар мени чақалоқ деб, сира уялишмасди. Кўзим чиққудай бўлиб бир-бири билан ҳиринглашганча сийпалашаётган келин-куёвни томоша қилардим. Кулардим. Охири янгам чидай олмади:

– Бунингиз ҳаммасини билиб турганга ўхшайди, қарашини!

– Тентакмисан, жоним! Олти ойлик-ку бу баччағар…

– Йўқ-йўқ, чимилдиқ ортига ўтамиз… уяляпман.

– Хўп, жоним, турма, кўтараман ўзим… Мен қиқирлаб кулардим.

Бугун ўша тунларнинг ширин мевалари мендан совға кутарди.

Ҳар сафар уларга орзулар дарсини ўтаман.

– Майлими, қирга чиқиб ўйнаб келсак?

– Майли, боринглар! – дердим уларнинг раъйини ҳеч қайтармай. – Фақат орзулар чизиғидан чиқиб кетманг…

– У қаерда бўлади, ака…

– Сенинг жингалак сочларингда, кўзларингда, қўлларингда – ҳамма ерда орзулар яшайди. Уларни унутиб қўймасанглар, бахтдан қуруқ қолмасанглар бўлди.

Улар шаҳар болалари эга бўлган кўп нарсалардан маҳрум. Тоза сув, иссиқ сув, юмшоқ мебеллар, юмшоқ ширинликлар… Аммо бу ерда иссиқ орзулар бор. Шундай орзуларки, осмондек катта, сувдек тиниқ, асалдек тотли. Аммо у ҳам усти очиқ қолган нон каби совиб қолиши мумкин, тошдай бўлиб қотиб юрак.

Орзуларсиз шаҳарлар қурийди.

Дунёни орзу қиладиган одамлар безаб туради, улар мазмун бағишлайди.

Халқ орзуси зерикарли кафедралардан изланмайди. Иссиқ қалбни юрагида совитмай омон олиб юрган одамларгина уни қуёш нур таратган мисол таратадилар.

“Ўйлаш ва орзу қилишни унутаётган янги оқим одамларига саломларим бўлсин!” дейман амакиларим билан кўришаётиб.

Уларнинг ранги гўрдан чиққандай оқариб кетади.

Қишлоқда бир нима ҳидланди.

Қўланса, ўлакса, ёқимсиз. Қарасам, бир сувсиз қолган ариқ ичида орзуларим… сасиб, тутаб ёнарди.

Одам, ит, мушук ва жамики жонзотнинг жасадини биринчи бўлиб кемирадиган эшакқуртлар орзуларимни ямламай ютарди.

Қоринлари аллақачон қаппайган, оёқлари шишган, устлари аллақачон булғанганди. Орзуларим устига ёзилибди, қўшилибди ҳатто.

Жаҳлим чиққанидан бензин қуйиб ёқиб юбордим. Орзуларим отам, онам ва эшакқуртлар каби ёниб кетди.

Шундан бери эшакқуртларни ёмон кўраман. Улар оёқларим остида ўрмалаб, ўлимга азон айтаётгандай бўлади.

Пичирлайди секин минғирлаб: “Ҳамма ўлади ва сенинг миллионлар сарфлаб асраган тананг менинг тишларимдан бошқа жойга бориб тушмайди – таом бўлади биз қуртларга!”

Эй, уларни ўлдиравериб, оёғим билан босавериб, жирканиб кетаман. Адоғи йўқ, кети узилмайди, пана-панада ўлим кутиб ётади.

Сероёқ, кичкина, шалоғи чиққан автобусга ўхшаб инқиллаб ўрмалайди. “Ўлим автобуси!”

Улар ҳеч кимни чақиб ўлдирмайди, тишламайди ҳам, лекин жимгина, садоқат билан ўлимингни кутади.

Қабрни биринчи бўлиб излаб топади ва сен асраб-авайлаган мўътабар онанг этини еб, тамом қилади.

– Тирноқнинг учича чиқмайсан-ку, филнинг гўшти ҳам сенга кам. Жами одам ўлса ҳам, сен тўймайсан, эшакқурт!

– Бугун бобонгнинг чап қўлини едик.

– Ширинмикан?

– Бўлади, қари, тиришган. Лекин, жўра, кўп гўшт еганим учун таъм хотирасида адашаман.

– Менга ҳам олиб чиқ, озгина, бир парча гўшт. Бобомни соғиндим!

– Аҳмоқмисан, тиригида шунча кемирганинг етмайдими, бу ёғи меники…

– Эшакқурт!

– Сен эса одамқуртсан!

Бобом саҳарда жон берди.

Ўлиш олди мени уйғотди.

Ҳар доимгидай бобомга эркалик қилдим. Кўзимда ширин ва шайтоний уйқу тўлиб турарди. Талаба бўлгач, унга меҳрим кундан-кунга ошиб, мудраш борасида баҳоларим “беш” эди.

– Нима, кампирингиз гапингизни олмай қолдими, бобо? Мени ярим тунда туртасиз?

– Эшит, нодон! Мен ўляпман… Азроил атрофимда кезиб юрибди…

– Момом сизни севмай қолдими? Ухлашини қаранг, хур-хур, ўйламайди бобойни. Жойимни бошқа ерга кўчирайми, сизларга халал бермай!

– Келяпти, болам… Бир нима келяпти…

Жим бўлдим. Ўйладим. Барча нарсалар ҳақида.

Бизнинг кулбага арвоҳлар, ўғрилар, шайтонлар, амакиларим, тушлар, ҳатто жаноб президент ҳам келишини тахмин қилиш мумкин, аммо ажал!..

“Бобом қари тут каби қуримайди”, – дердим. Аммо ўша қиш пишди у.

Ўлимнинг нафаси январь тунидан миллион баробар совуқ эди…

– Қорбўрон ўйнайлик, бобо…

– Кейин, – кулишга мажоли етмайди. – Тортмада ўн қўйнинг пули бор… Ўлимимга қисилманглар, ошни беринглар, бировларникидан еб юрганмиз. Қарзим йўқ ҳеч кимда. Менга қасам ич “Лаънатларни оиламиздан аритаман”, деб…

– Мендан-чи, қарзингиз йўқми, бобо? “Уйлантираман, тўйингда ўйнайман”, дегансиз! Шунчалар номардмисиз отангизга ўхшаб?

– Сен ғалатисан, болам. Сен уйланиш ва бола туғдириш учун келмагансан! – унинг кўзларидан ўлим оқади – сўнгги иссиқ томчи!

– Нима учун овора қилган онамни Худо? Гапиринг, бобо!

– …

Олдимда қора тирқиш пайдо бўлади, барча нарса унга тортилади, ютилади, бўрон сингари у барчани ўзига ютади. Мен ернинг ўша туйнугини кафтларим билан беркитаман. Осмон диаметрига тенг ёриқ пайдо бўлади ўлим келган он.

Оч ерни муштлайман, ўлик ерни тишлайман.

– Оғзингни очма, тупроқ! Бобомни ўлдирма, Аллоҳ!

– Бўкирма, шунча йилини берди, шукур қил. Фақат қизил отам билан дуч бўлгим йўқ. У дўзахда, мен жаннатга ўтишим керак!

– Отангиз жаннатда бўлса-чи?

– Адолат сотилмайди у ерда.

– Момомга айтсам, сизни қора косов билан солади… Сиз ўша талабаларни излаб топганимни кўришингиз керак! Мен талабалар билан дўстлашиб кетганимни кўрмайсизми?

– Сен бўласанми шундай, катта бобонг қилган тавқи лаънатларни манглайимиздан тозалай оласанми?

– Мени ташлаб кетма, бобо! Ўлимни ёмон кўраман. Ўрнинг тўлмайди! Ўлим эркаликни кўтармайди, бобо. Ўлим Ватан каби битта бўлади, ўлим билан ўйнашиб бўлмайди. Тур, қорбўрон ўйнаймиз, тур-а, тур, бобо! Мен фақат ўлим билан чиқиша олмайман, унинг чиллари доим мени йиқитган.

Бобом қўлларини елкамга ташлайман. Маҳсини кийдираман. Оёқлари тарновдаги қордек музлаб ётади. Жони юқорилаб кетяпти, ё Аллоҳ! Ернинг оғзини ўзим ёпаман, маҳшаргача йиртиқ бўлса ҳам!

Ажал алдаб жонни, совитгани аниқ оёқларини!

Қора ва зах уйга бензин қуйгим келади. Чироқ йўқ, ўчган. Шайтонга ўхшайди электр, бир келади, бир кетади. Одамларни ҳалак қилади, ўлади, тирилади.

Чопонни елкасига иламан, телпагимни кийдираман. Мойчироқни ёқаман… Момом энди уйғонади… Ҳай-ҳайлаб қолади… Мен бобомни қорга отаман…

Қорда юмалаймиз…

– Бобо, кулсанг-чи? – дейман.

Мурда кулади.

– Йиғлама ёш болага ўхшаб! Қара, қишлоқда сендай ҳеч ким оппоқ қорларда ўйнаб, йиғлаб ўлмаган.

Мурда йиғламайди.

Бобом бола, мен бобо бўламан.

Момом инқиллаб чиқади…

– Момога қор от, бобо! – Бобом қорни кафтда қисади. Суйганига отади. Тегмай парчаланади қор, бобомнинг яшаш истаги каби. Заиф жонни кучли ажал босади.

Куламан бақириб, ўкириб, ўртаниб, йиғлайди бобом, момом қўрқади ўлимдан, бари-бари билан хайрлашишдан.

Қор ҳам йиғлайди, қўйлар ҳам, хўрозлар ҳам, товуқлар ҳам йиғлайди, бир мен ва панада тикилиб турган эшакқуртларгина кулади.

Қор ўзини осмондан ташлайди, кўз ёшлардай иссиқ.

Қор кўзини ёшлайди, ажал каби муздек!

Янгалар яримяланғоч отилиб чиқди. Қарасаки, ҳовли ўртасида бир гала арвоҳ ўйин ўйнамоқда ажал билан. Улар бир пой калишларини қорда қолдириб эрларини уйғотмоққа шошилади.

Момом йиғлаб-йиғлаб, бобомга қор отади.