Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «1985», sayfa 3

Yazı tipi:

Қандайдир маънода, ҳа. Аслида, газеталар ва расмий баёнотлардагина мавжуд қийноқлар ёки концентрацион лагерларни Буюк Британияга кўчиришнинг ўзи етарли бўлди. Интеллектуал тоталитаризм бадиий адабиёт воситаларини таъқиб қилишига тўғри келди. Аммо, романлар чиндан ҳам кундалик тажрибалар натижасида ёзиларди. Уинстон Черчиллда норозилик уйғотган нарсалар бизда ҳам норозилик уйғотарди: ифлос кўчалар, нураётган бинолар, завод ошхоналаридаги кўнгилни беҳузур қилувчи овқатлар, деворлардаги ҳукумат шиорлари…

“Эркинлик – бу қуллик” ёки “Жаҳолат – бу куч” каби шиорларми?

Бизнинг давримиздаги шиорлар бошқача эди. Сиз тоза сув деб атаганингиз миллатчи Германия. Аммо эндигина демобилизация қилиниб, ватанга қайтганимда тинчлик давридаги илк плакатда нималарни кўрганимни эслайман: қора кийимли, озғин, пажмурда ва дилхаста аёл, унинг остидаги ёзув: “йўлингда ги ўлимни ўтказиб юборма”. Шубҳасиз, бу шиорни кимдир ўчириб ташлаган ва остига ёзган: “у социалистларга овоз берганди”. Биз ахборот вазирлигида илинган ингсоцнинг қўшмаъноли плакатларидан фарқли ўлароқ қўпол шиорга кўп эътибор берардик: “сизнинг тиришқоқлигингиз, сабрингиз, сизнинг қатъиятингиз бизга ғалаба келтиради”. “Биз” ва “сиз” – тушуняпсизми? Ажабланарли жойи йўқ. Биз ҳаммамиз ўзимизча ўтакетган улуғворлик касб этгандик. “Оталар каби оналарга маҳкам бўл”. Бу ишчи оналар орасида сал қолса ғалаённи юзага келтирарди. Шиорлар британча ҳаётнинг ажралмас қисми эди. Оруэлл ҳеч қандай янгиликни бизга тақдим этмаган.

Огоҳлантириш янгилик эмасмиди?

Қанақа огоҳлантириш? У бизга Кромвел даври Англиясида Мильтон нима деган бўлса, шуни айтди: ўз эркингиз учун чиданг. Оруэлл ҳатто бу нарсани айтмаган бўлиши ҳам мумкин. У утопиянинг ёки какотопиянинг амалдаги моделини яратиб, интеллектуал ўйин ўйнайди. Ҳойнаҳой, у синчиклаб ишлаб чиқилган тузилма барбод бўлгунча қанчалар узоққа кетиш мумкинлигини кўрсатишни истаган. Ахир у ҳайвонларни Октябрь инқилоби ўйинини ўйнашга мажбур этганди-ку. Яна бир ўйин. У ўзида Свифтни ифода қилди de nos jours44. Ўзингизнинг даҳшатли келажагингизни қуринг, ўйнанг. Барчаси иш берди ва Оруэлл мамнун бўлиши керак. Аммо завқ-шавқнинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ташаккур, жаноб.

ИНГСОЦ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Шубҳасиз, Океанияни назокатли зиёлилар олигархияси бошқаради. У осонлик ила солипсистик фалсафани тарғиб қилади, у хотира ва тилни, уларнинг табиати орқали қабул қилинадиган воқеликни қандай манипуляция қилишни билади, шунингек, у қандай сабабларга кўра ҳокимиятда ташналик юзага келишини ўта нозик тарзда ҳис этади. У шахсий бошқарувга йўналган амбицияларни қандай бостиришни ўрганди. Океанияда на гитлерча, на сталинча шахсга сиғиниш йўқ: Катта Оға – тўқима, шунинг учун умрбоқий ва фақат унга дахлдорларгина у билан. Олигархия зиддиятларни тадрижий ҳамда вақт устидан назоратда оқсайдиган диалектика45 орқали эмас, синхрон қўшфикрлилик усули ёрдамида баҳолашни ўрганди. Ингсоц – илк профессионал бошқарув тизими, бинобарин охиргиси ҳам.

Унинг доктринаси шунчаки этикетга эмас, метафизикага асосланган. Мантиқ кучига таянган сиёсий тизим реаллик концепциясига асосланади ва шубҳасиз Платондан ҳам қадимийроққа бориб тақалади. Ингсоц моҳиятини идрок этишнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унинг метафизикаси коллектив эмас, алоҳида онг учун мосланган. Метафизика умумий аҳамиятга эга бўлишидан олдин, коллектив ягона онг каби фикрлашни ўрганмоғи лозим.

Солипсизм – лотин тилидаги “solus” ва “ipse” (сўзма-сўз таржима қилсак, унинг таркибий қисмлари “танҳо мен” ёки “мен”, “ўз-ўзим” деган маъноларни билдиради) сўзларидан олинган. Солипсизм воқелик фақатгина инсоннинг “мен”и доирасида, яна ҳам мантиқий гапирадиган бўлсак, билим ва идрокни фақатгина “мен” қўзғата олади деган ғояни илгари суради. Шундай экан, гўёки ички дунёда қандайдир мустақил олам бор, дея фараз қилмаслик керак. Солипсизм онгни воқелик сифатида баҳолайдиган, материяни эса ғоядан ортиқ нарса эмас деб фараз қилувчи идеализмдан кенгроқ тушунча. Аммо у бошқа онгларнинг мавжудлигини инкор қилмайди. Ва ниҳоят, ҳамма нарсани қамраб олувчи онг мавжудлигини илгари суради. Солипсизм solus ipse дан ўзга онгларнинг мавжудлигини исботлаш иложсиз, дея ўргатади. Бироқ барибир мантиқни инкор қилиш, қарама-қаршилик ёки ноизчилликни тан олиш учун индивидуал онгнинг вақтинчалик ёки қисман узилишларига йўл қўяди. Модомики, якка онг чиндан мавжуд экан, унинг хотиралари ҳақиқатдан узоқ бўлиши мумкин эмас. Ўтмиш беқарор ва мослашувчан эмас: онг доирасида у реал ўрин эгаллайди ва ҳақиқат ўзгарувчан, деган фикр хато. Математик формулалар ўзгармасдир. Яъни 2+2 ҳамиша 4 га тенг. Коллектив солипсизмга эса бунинг дахли йўқ.

2+2 баъзида 4 га тенг бўлса, худди шу эҳтимол билан 3 ёки 5 ни ҳам бериши мумкин. Ғалати эшитилади. Аммо, партия ғалатилик – бу коллектив онгнинг нуқтаи назарини қабул қилмайдиган ва у билан бирлашишни рад этувчи индивидуал онгнинг таркибий қисми, деб уқтиради. Уинстон Смит ҳатто партия назорати остида бўлмаган, аммо унинг ўзини оқлаш жараёнларида муҳим мурватлардан бири ҳисобланган, ҳақиқат сингари туюлган оддий арифметикага ўралашиб қолади. Оқлаш жараёни 2+2 партиянинг айтганларига тенг эканлигига ўзини (шунчаки механик қабул қилиш эмас) ишонтиришда намоён бўлади. Шекспир, қуйидагиларни илгаридан кўради:

КАТАРИНА: Нима, ой? Офтоб-ку, тунга ҳали бор.

ПЕТРУЧЧО: Йўқ, у ой – ёп-ёруғ нур сочаётган.

КАТАРИНА: Йўқ, қуёш – ёп-ёруғ нур сочаётган.

[…]

ПЕТРУЧЧО: Ой дедим, ой.

КАТАРИНА: Ҳа, ҳа, ҳа, албатта ой!

ПЕТРУЧЧО: Тағин алдаяпсан, қуёш-ку ахир.

КАТАРИНА: Ҳа-я, у қуёш-ку, қандай роҳатбахш!

Қуёшмас десангиз, қуёшмас, тамом.

Ойдан фарқингиз йўқ ўзгаришда ҳам.

Нима деб айтсангиз ўша бўлади.

Ва шундай ҳамиша Катаринага46.

Ўжар Уинстон Смитнинг ғазабини босишга тўғри келади ва бу ҳолатда Петруччо ролида О’Брайан намоён бўлади.

Партия солипсизми ушбу терминнинг анъанавий талқинидан фарқли равишда анчагина соғлом ҳамда бамаънироқ (ва, албатта, изчилроқ ҳам). Solus ipse ўзида маконни мужассамлаштирган, аммо замон ундан ташқарида бўлиб, мавжудлик шартларидан бири, дейиш мумкин. Аммо, мантиқан олиб қараганда, ягона онг агар ягона воқеликда мавжуд бўлса, ўзида барчасини, жумладан, вақтни ҳам мужассамлаштирмоғи лозим. Бундан ташқари мантиқнинг ўзини ҳам. Туйғулар – бор-йўғи “мен”нинг хизматкорлари ва улар бенуқсон эмас. Туйғулар алдамчилигини ҳеч ким инкор этолмайди. Биз иллюзияни ҳақиқатдан қандай фарқлаймиз? Фақатгина органларга таяниш ақлга тўғри келмайди. Ёлғизгина “мен” – бу номоддий, ишончли ва нима ҳақиқат-у, нима ёлғонлигини белгиловчи моҳият. Ушбу ягона атрибутдан “мен”нинг (у тасдиқланган, ўзгармас, барҳаёт, пок – пировард воқелик бўлмоғи учун) ке ракли улушини ажратиб олиш учун уни фақатгина жамоавий “мен”га айлантириш лозим.

Негадир, ушбу ўлмас, қудратли, ҳар ерда ҳозир, инсонларни назоратда тутиб турувчи ғоя, умидсизлик ва ғамгинликдан кўра, руҳиятга кўтаринкилик бағишлайди. Инсоният тарихи – бу унинг атрофдагиларни назорат этиш мақсадида олиб борган ўжар курашлари тарихи. Мағлубиятларнинг асосий сабаби эса ҳар доим танаси қариган, ақли ривожланишдан ортда қолган алоҳида индивиднинг калтафаҳмлигидир. Жамоавийликни кўтаринг ва алоҳида шахсни камситинг, шунда тарих инсониятнинг кетма-кет ғалабаларига гувоҳ бўлади. Аслида, ингсоц тарихи ҳам шундай.

Жамоа ягона онг каби ҳаракатланиши учун унинг барча аъзолари ёки ячейкалари кўрган-билганлари тўғрисида якдил бўлишлари керак. Индивидуал кузатув олиб бориш ва хотира партиянинг қарорларини ҳақиқат сифатида қабул қилиши учун ҳар лаҳзада қўшфикрлилик дея номланган услубдан фойдаланилади. Реаллик муҳим фурсатга тенглаштирилади. Ўтмиш бугунни белгиламайди, аксинча, бугун ўтмишни модификациялайди. Ҳаммаси туюлгани сингари даҳшатли эмас. Жамоавий онгнинг хотиралари архивларда бўлмоғи лозим. Архивларни эса – ўзгартирмоқ даркор. Яна бир қадам ташлаймиз: ўтмиш мавжуд эмас, сабаби биз уни яратишда эркинмиз. Қачонки, яратилган бир ўтмиш бошқаси билан зиддиятга борса, қўшфикрлилик ишга тушади. Унинг аниқ изоҳи Океания ҳамжамиятининг зарурий, шу туфайли ўлдирилмайдиган душмани Эммануэль Голдстейн қаламига мансуб бўлган “Жамоавий олигархия назарияси ва амалиёти” китобида келтирилади. Мана ўша сўзлар:

“Қўшфикрлилик бир вақтнинг ўзида икки хил қарама-қарши маслакка таяниш қобилиятини бил диради. Партия интеллегенти ўз хотираларини қайси томонга ўзгартиришни яхши билади; аниқроғи, нима ҳақиқат билан фириб бераётганлигини ҳис қилади; демак, қўшфикрлилик ёрдамида ҳақиқат дахлсиз қолганлигига ўзини ишонтиради. Бу жараён онгли равишда юз бермоғи лозим, бўлмаса уни бекаму кўст амалга оширолмайсан. Шунингдек, идроксиз ҳам бўлмоқ даркор, акс ҳолда ёлғон ҳисси, унинг ортидан айбдорлик туйғуси юзага чиқади. Қўшфикрлилик – ингсоцнинг қалби, шу сабабли партия уни қасддан алдаш йўли орқали, ўз мақсадига элтувчи йўналишни қаттиқ ушлаб ишга солади. Бу эса тўла ҳалолликни талаб қилади. Ғирт уйдирмани гапириш ва бир вақтнинг ўзида унга ишониш, ҳар қандай ноқулайлик туғдирувчи фактларни унутиш ва уни бутунлай эсдан чиқарилишидан сақлаб қолиш (у яна керак бўлиб қолиши мумкин-да) объектив ҳақиқат мавжудлигини рад этиш ва инкор этилаётган ҳақиқатни ҳисобга олиб қўйиш – буларнинг барчаси жуда муҳим”.

Голдстейн китобининг, шу қаторда партия фарзанди ҳисобланмиш Голдстейннинг мавжудлигини қўшфикрлиликнинг ўта нозик даражада қўлланилиши деб ҳисоблаш мумкин. Ўйлаб топилган душманнинг сўзлари орқали партия ўз-ўзини ёлғончиликда айблайди. У ҳақиқатни гапириш учун ёлғоннинг барча асосларини фош этади. У иккита бир-бирига номутаносиб жараённи бирлаштиради: онглилик ва ғайришуурийликни. У – барча эзгуликларнинг сақловчиси ва бир вақтнинг ўзида айбдорлигини ҳам тан олади. Қўшфикрлиликдан қўшфикрлиликни аниқлаш учун фойдаланилади.

Қўшфикрлилик на кулгини ва на муаллифнинг чўчитувчи фантазиясидан сесканишни чақирмаслиги керак. Оруэлл инсоният ҳамиша “мутлақо зарур”

деб билган фикрлаш жараёнини ифодалаётганини биларди. Бу нафақат фикрлаш жараёни: биз ўз эмоционал ва ҳиссий идрокимизнинг қарама-қаршиликларини бирлаштиришга нақадар ўрганиб қолганлигимизни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. “Odi et amo”, – деб ёзганди Катулл, яъни “ёмон кўриб севаман”. Бир хил вақтдаги бир турли икки предмет. Оруэлл гўштнинг бир вақтнинг ўзида ҳам мазали, ҳам зарарли эканлигини эслатиб ўтади. Жинсий жараён ихтиёрий равишда амалга ошади, бунга эса биологик эҳтиёж мажбур этади; у маст қилувчи даражада эмоционал, аммо ўз табиатига кўра ҳайвоний ҳам. Туғилиш – ўлимнинг ибтидоси. Инсон – танаси руҳига, инстинкти интилишларига қарама-қарши бўлган икки ёқлама мавжудот. Оруэлл ўзининг икки тарафлама эканлигини жуда аниқ идрок этади. У бир вақтнинг ўзида Эрик Блэр47 ва ўзини ишчилар синфи билан тенг ҳисоблашга интиладиган ҳукмрон табақа вакили, зиёлиларга ишонмайдиган кишилар билан тенг зиёли, сўзга ишонмайдиганлар билан тенг тилшунос Жорж Оруэлл эди. Қўшфикрлилик гарчи сиёсий мақсад воситаси сифатида тасаввур этилса ҳам, анчагина пухта ўйланган услуб. Бизнинг қўшфикрлиликка нисбатан шахсий муносабатимиз ҳам турган гапки, қўшфикрлиликка асосланган.

Амбивалент48 бўлмаган инсоний кечинма ва туйғу зўрға топилса керак. Ингсоц файласуфлари айтадилар: биз инсон ҳаёти – бу қисман қарама-қарши жонглёрлик масаласи эканлигини тан оламиз. Биз инсон ҳаётига янги мазмун – ягона организм каби ҳаракатланувчи жамоавийликни олиб кирмоқчимиз. Фикрлар бирлигига қарама-қаршиликларни бартараф этишнинг онгли услубларини чиниқтириш орқали етишиш мумкин (то “чиниқтириш” сўзига етгунча сизда ҳам қўшфикрлилик жараёни яшин тезлигида юз берганлигини сездингизми? Контекстдаги чалғитиш туфайли сиз қалбакилаштирилган чек ёки пулга ўхшаш маънони қабул қилишга шай эдингиз, аммо кейинчалик сиз асл маънога – металл буюмлар тайёрловчи темирчининг ҳалоллигига йўғрилган маънога қайтдингиз). Феноменлар бизни назорат қилишига йўл қўймаймиз, аксинча, уларни ўзимиз назоратда тутамиз. Ўтмиш ва келажак ўртасида мутлақ мувозанат ҳосил бўлсин. Ўтмиш нима, бу бугуннинг ёрқин ҳақиқатига таъсир этувчи тушунуксиз ва ҳаракатсиз, бетартиб воқеа-ҳодисаларнинг йиғиндисими? Бу ерда асосий масала кимнинг кимга хўжайинлигида.

Қўшфикрлилик – нафақат онгни бошқаришнинг жиддий усули, балки ғамгин ҳазил ҳам. Биз барчамиз сингари Оруэллнинг ҳам сиёсатчилар ишлатган ёлғонлардан кўнгли айнийди. Аммо мазкур ёлғон ортида ҳақиқий орсизлик ва оммага нисбатан нафрат яширинганлигини идрок этади. Сиёсатчи бутунлигича ўз партиясига содиқ ва ёмонни яхши қилиб кўрсатиш учун барча воситаларни ишга солишга мажбур. У алдашни истамаса ҳам, шунга мажбур. У очиқ ёлғондан пардали сўзлар ва ибораларни қўллаш, жимжимадор ва тушунарсиз жумлалар қўллаш орқали қочишга уринади. Биргина гуноҳ бор – фош бўлиш. Одамлар ишсизлик ва қиммат нархлардан шикоят қилсалар, улар дейдиларки: “Бу ёрқин келажак олдидаги қийинчилик”. Сэр Гарольд Уилсондан Буюк Британия бош вазири лавозимида ишлаган кезларида социалистлар бошқарувидаги иқтисодий прогресс ҳақида сўрашган эди. У эса “Иштиёқнинг аниқ ўлчови йўқ”, деб жавоб берганди. Пентагон беиғво зарба маъносини англатувчи “муқаррар қасос” сингари жумлаларни ишга солишга мойил. Коммунистлар томонидан ишлатилган “Демократия” атамаси уларнинг тилида демократлар назарда тутган асл маънога зиддир. Оруэлл сиёсатчилар нутқида тизимлилик йўқлигини, мантиқсизликни ва тадрижийлик етишмаслигини пичинг аралаш фош этади. Юзаки ва ҳаваскор мужмаллик билан таққослаганда, аксарият вазирлар қўшфикрлиликни олижаноблик билан тасарруф этадилар.

Шундай тасаввур уйғонади: гўё ингсоц шу қадар ўз кучига ишонадики, бемалол ўйинга ғирром аралаштира олади. У сўзлашувдаги пардали жимжимадорликни ёқтирмайди ва ҳам ёзма, ҳам оғзаки нутқда ниҳоятда аниқликни талаб қилади. Бунинг учун у янги тил деб аталувчи мутлақо янги тил турини яратган. Янги тил учун грамматик аниқлик, синтаксис ва луғат бойлигининг жўнлиги, кераксиз, фикрларни чалкаштирувчи синонимлардан холилик характерлидир. Кучли феъллар йўқолди ва феълнинг ҳар қандай формаси ягона қўшимчага эга эди. Сифатларнинг қиёсий даражаси аниқ принципга асосланган эди: “тўғри, тўғрироқ, энг тўғри”. Кўпликдаги отларнинг барчасида ягона қўшимча мавжуд. Бу рационализация эҳтимол, эртами-кечми ўз-ўзидан, давлатнинг аралашувисиз пайдо бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо инсоний фаолият устидан мутлақ назоратга эга бўлган ингсоц шу қадар олижаноб эканки, жараённи тезлаштирди. Луғат бойлигининг чекланганлиги – илоҳий туҳфа ёки давлатнинг совғаси: ахир, анъанавий тилда сўзлар ҳаддан ташқари кўп. “Бўлмағур” ёки “расво” – ортиқча сўзлар. Ахир бизда “ёмон” бор-ку. Унинг кучайтирилган маъносини эса “ортиқ” сўзини кўшган ҳолда, бундан ҳам кучайтирмоқчи бўлсак, “ҳаддан ортиқ” жумласини ишлатиш орқали ясаймиз. “Ҳаддан ортиқ ёмон” – “ўтакетган, ниҳоят даражада ярамас” маъносини ифодалаш учун анчагина қулай восита, “ҳаддан ортиқ қоронғу” эса “дўзахий зимистон” аслида қандай эканлигини тасаввур қилишга ёрдам беради.

Аммо ингсоц тилшуносларининг мақсади тилни ҳаддан ташқари қисқартириб, тўмтоқ ҳолга келтириш эмас, балки ҳукуматнинг собитқадам доктринасига иложи борича мослаштириш эдики, бунда ҳам ёзма, ҳам оғзаки нутқда сафсата ва амалдаги тартиб-қоидаларга хилоф сўзларга ўрин қолмасин. “Эркин” тушунчаси “эрксиз” ёки “эркинлик” атамалари билан бир қаторда ҳамон мавжуд. Аммо атаманинг ўзи нисбий бўлиши ҳам мумкин, худди “дарддан холи” ёки “оғриқлардан фориғ” сингари. Янги тилда “Эркин” сўзи “сиёсий жиҳатдан эркин” маъносида ҳеч қандай мазмун-моҳият касб этмайди. Сабаби концепциянинг ўзи ортиқ мавжуд эмас. Мустақиллик Декларациясига ўхшаган сиёсий эркинлик маъносига эга матнларни янги тилга таржима қилишнинг имкони йўқ.

“Бизга очиқ-ойдин аёнки, инсонлар тенг яратилиб, Тангри уларга ўзларигагина хос бўлган маълум бир ҳуқуқлар улушини берган. Булар қаторига ҳаётга муҳаббат, эркинлик, бахтга интилиш кабилар киради. Бу ҳуқуқларнинг кафолати учун инсонлар ўз қонуний ваколатларини бошқарилувчиларнинг розилиги асосида амалга оширувчи ҳукуматлар таъсис этишди. Агар қайсидир бошқарув шакли ушбу мақсадларни амалга ошира олмай, ҳалокатга юз тутса, халқ мазкур ҳукуматни ўзгартириш, ваколатини бекор қилиш ёки янги ҳукуматни ташкил этиш ҳуқуқига эга…”

Оруэлл айтадики, мазкур жумлаларни энг яқин вариантда янги тилга таржима қилиш ҳам сени бир нарсага олиб боради. Бу – “фикрий жиноят”. Бутун таржима фақатгина мафкуравий таржима бўлиши мумкин ва бунда Жефферсоннинг сўзлари мутлақ ҳокимиятни мадҳ этувчи сўзларга айланади. Келинг, синаб кўрамиз:

“Биз учун ёзилган ва ёзилмаган ҳақиқат – барча инсонлар бир хил. Ота-она уларни касалликлардан холи яшашлари, таом учун эмас, ҳис-туйғу учун таомланишлари борасида ҳамма нарса қилди. Инсонлар ота-оналари каби яратилдилар, бироқ Катта Оға уларни шу ҳолатга келтиради. Катта Оғани ўлдириб бўлмайди. Лекин, у ўлдирилиши лозим. Аммо унинг ўрнида яна унинг ўзи бўлади…”

Қуёш кечаси нур сочади, дегандек беҳуда гаплар. Ёки, таъбир жоиз бўлса, Катта Оға “ҳаддан ташқари ёмон”, аммо кейинги таърифга кўра бундай бўлиши мумкин эмас.

“1984”да биз тил воситасидаги онг назоратининг бор-йўғи биринчи босқичидамиз, холос. Давлатнинг энг муҳим уч шиори: “УРУШ – БУ ТИНЧЛИК”, “ЭРКИНЛИК – БУ ҚУЛЛИК”, “БИЛИМСИЗЛИК – КУЧ”. Оруэлл бизга “эркинлик” сўзи на филологик жиҳатдан, на фалсафий нуқтаи назардан ўзининг асл маъносини англатмай, балки, партия шиоридаги мазмунни ифодалайди, дея хабар беради. Бунинг устига давлат ғайриоддий усталик билан бир парадоксни ишга солади: бу абадий тун олдидан заковатнинг энг сўнгги хуружи эканлигини тушуниш лозим. Айтганча, бизга уруш – худди қадимда бўлгани сингари замонавий ҳаётнинг нормал тарзи, деб уқтирадилар. Ва душманлар билан уруш ёрдамида биз осойишта тутқунлигимизни қадрлашга ўрганамиз. Ҳаёт тарзини танлаш – тоқат қилиб бўлмайдиган даражадаги ташвиш, оғир юк, сайлов ҳуқуқи учун кураш – тутқунлик занжирларининг шилдираши. Қанча кўп билсак, фикрлар қарама-қаршилигининг қурбонига айланамиз; қанча кам билсак, шунча яхшироқ ҳаракат қилишга қодир бўламиз. Буларнинг барчаси ҳақиқат ва биз демократиянинг оғир зулмидан халос этгани учун давлатни алқаймиз. Партиянинг эркак ва аёллари энди бемалол интеллектуал ўйинларни ўйнашлари мумкин.

Уинстон Смитнинг иши айнан шундай интеллектуал, устига-устак, рағбатлантирувчи ўйинни ўзида мужассам этади. У янги тил ифодаларига асосланган. У “Times”нинг эски сонларидаги хатоларни тузатиши, яъни ингсоц нуқтаи назаридаги ёлғонларни кўпайтириши, кўпинча бутунлай янги хабарга айланиб турадиган матнларни, семантик танлов майдонини иложи борича торайтириб, топқирлик ва қўшимча маъно излашга имкон қолдирмасдан ёзиши керак эди (дарвоқе, “нега “Times”нинг алоҳида нусхалари бўлишига йўл қўйилади? Уларни тўплаш ва йўқ қилиш катта қийинчиликлар туғдиради-ку. Нега “Times” деворий газета шаклида чиқмайди?” – деб сўрашингиз мумкин). Бу гўёки узун телеграмманинг тузилиши сингари қизиқарли. Ва ҳақиқатан ҳам янги тил етарли даражада газета сафсаталарига асосланган. Оруэлл, эҳтимол, “Daily mail” ва Ивлин Во ўртасидаги ёзишмалардан ҳузурлангандир. Ўшанда ушбу таниқли нашр унга Абиссиния49даги зиддиятларни ёритишни буюрган эди: “НЕГА ЯНГИЛИК ЙЎҚ? ЯНГИЛИК ЙЎҚЛИГИ – ЯХШИЛИКДАН ДАРАК. ЯНГИЛИК ЙЎҚ – ИШ ЙЎҚ. ИШЛА, АҚЛЛИ”. Янги тил, бизга ёрдам бер Худо – ғалати нарса. Тағин шу ҳолат: қўшфикрлилик анчагина ақлни ишлатишни назарда тутади. 1984 йилда яшаш балки хавфлидир, аммо зерикмайсан.

Аҳолининг саксон беш фоизи ҳисобланган проллар билан боғлиқ вазиятни олайлик. Уруш кетмоқда, бироқ чақирув йўқ. Ташланаётган бомбалар – ҳукумат томонидан аҳолига уруш бўлаётганлиги ҳақида эслатиб туриш учун. Истеъмол товарларининг етишмаслиги уруш даври учун одатий ҳол. Аммо пиво литрлаб сотиладиган қаҳвахоналар, кинотеатрлар, давлат лотереяси, оммабоп журналистика ва ҳатто порнография (Ҳақиқат вазирлиги томонидан “порносек” номи остида ишлаб чиқарилган) бор. Пул етарли, ишсизлик, мустабид қонунлар йўқ. Умуман, қонун деган нарсанинг ўзи йўқ. Бутун аҳоли, проллар ва партиячилар тенгликда, демократик жамиятда бўлгани каби жиноят ва зўравонликлардан холи. Кечалари кўчада бехавотир юриш мумкин. Сизни ҳеч ким тўхтатмайди. Лос-Анжелес услубидаги полиция машиналарини истисно қилмаганда, инфляциядан ташвишланишга сабаб йўқ. Ирқий камситиш сингари давримизга хос бўлган муаммолар йўқ. Голдстейн бизга айтганидек: “Энг олди қаторларда яҳудийни ҳам, қора танлини ҳам, Лотин Америкаси фуқаросини ҳам, ҳақиқий ҳиндуни ҳам учратиш мумкин”. Аҳмоқ сиёсатчилар, бемаъни яширин ўйинлар йўқ, ҳеч ким вақтини беҳуда сиёсий дебатларга сарфламайди. Ҳукумат бошқаруви самарали ва барқарор. Ҳатто, ҳаётда жинсий алоқа ва оилавий ришталар таъсирида пайдо бўлган уқубатларни бартараф этиш чоралари кўрилган. Тизим ҳамма ерда бирдек қабул қилинганлиги ҳайратланишга арзийди. Уинстон Смитнинг гўё 2+2=4 эканлигини эркин айта олиш йўлидаги эътиқоди туфайли, ундан ташқари барча оёқда қадам босмайдилар – яъни жамоанинг силлиқ бадани чипқон, яра ва йирингга тўла. Уни хира пашшани ўлдирган каби эзғилаб ташламаслик, бу телбаликдан халос этиш давлатнинг мурувватлилигидан далолатдир.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Оруэлл на Гитлерни ва на Гитлер социализмининг турли кўринишларини ёвузлик тимсоли ёки зарарли касаллик деб баҳоламаслик кераклиги тўғрисида ёзишга ўзида жасорат топди. У фюрер шахсиятида ҳамда унинг бутун бошли халққа миллий ғурури ва ўз-ўзини ҳурмат қилиш туйғусини қайтара олган сиёсий тузумида ижобий белгиларни кўрди. “1984” сингари китобларни ёзишга олигархиянинг ижобий сифатларини баҳолай оладиган инсонларгина қодир. Ва чиндан ҳам, оғир оқибатларга олиб келган асрий демократиядан ҳафсаласи пир бўлган ҳар қандай зиёли Катта Оғага қўшфикрлилик нуқтаи назаридан ёндашиши лозим. Унга юз миллионлаб одамлар хурсанд, тотув ҳамда Ғарб зиндон деб ҳисоблайдиган шароитларда ортиқча эътирозларсиз яшаётганликларини кўришига имкон бер ва ҳар қандай зиёли ингсоцнинг у ёки бу турига бошқа тарафлама боқиб, муроса йўлини излашга тушади. Олигархик коллективизмга қарши важ-корсонлар “эркинлик”нинг тушуниксиз анъаналарига эмас, балки тизим ичкарисидаги қарама-қаршиликларга қаратилган бўлиши мумкин.

Меҳр-муҳаббат вазирлиги ертўлаларида О’Брайан Уинстонга партия қураётган дунё ҳақида гапириб беради:

“Қўрқув, жиноят ва зулм дунёси, топтаётган ва топталаётганлар дунёси мукаммаллашган сари тобора шафқатли бўлиб боради; оламимиз тараққиёти машаққат, изтироб ва кулфатларнинг ўсишига боғлиқ бўлади. Ўтмишдаги цивилизациялар муҳаббат ва адолат устига қурилган. Бизники эса нафратга асосланган. Бизнинг дунёда қўрқув, ғазаб, ўз-ўзини хўрлаш туйғуларидан ўзга ҳиссиётларга ўрин йўқ. […] Янги туғилганларни, худди товуқдан тухумини олгандек, оналаридан ажратиб оламиз. Жинсий майл ва эҳтиёжларни йўқ қиламиз. Кўпайиш худди қайта тикланган озиқ-овқат карточкаси сингари йиллик режа асосида амалга оширилади. Оргазмни йўққа чиқарамиз. Неврологларимиз бунинг учун керакли воситани излашмоқда. […] Бадбашара ва гўзаллар ўртасида тафовут бўлмайди. Қизиқиш ва интилишлар йўқолади, ҳаётни тадқиқ этиш ортиқ бўлмайди. Турли хил ҳузур-ҳаловатларга барҳам берилади. Аммо, ёдда тутинг, Уинстон, доимо, доимо ҳокимиятга маҳлиёлик тобора кучайиб, ўткирлашиб боради. Ҳар доим, ҳар лаҳзада ҳимоясиз душманни босиб олганлик ортидан ғолибона ва хурсанд қичқириқлар, бундан ҳузурланиш туйғуси бўлади. Агар сизга келажак қиёфаси керак бўлса, этикни тасаввур қилинг. Топталган инсон юзи – абадий…”

Бундай сўзлардан Уинстоннинг томирларида қон қотиб, тили калимага келмай қолади: у жавоб бера олмайди. Аммо бизнинг жавобимиз қуйидагича: инсон бундай эмас, қўполлик орқали пайдо бўлувчи оддий лаззат унга етарли бўлмайди. Зиёлига (афтидан, мавжуд ҳукмронликдан маҳрум бўлган зиёлиларгина бундай концепцияни илгари суришлари мумкин) ҳузур-ҳаловатнинг хилма-хил тури керак. Сиз ҳукуматга сиғиниш тобора кучайиб, мукаммаллашиб боради, демоқдасиз. Менимча эса сиз соддалик ва жўнлик ҳақида гапиряпсиз ҳамда бу ҳайвоний соддалик мантиқан олганда, ингсоцга таянч вазифасини бажариб турган интеллектуал фаолиятнинг қулашига олиб келади. Лаззат туйғуси табиатан турғун, ҳаракатсиз қолиб кетиши мумкин эмас. Сиз, улгуржи савдогарга қайтим қайтариш ҳақида эшитмагансиз чоғи? Бу айнан сиз гапирган турғун лаззат ҳисобланади. Сиз оргазмни йўқ қиламиз, деб беҳуда гапиряпсиз ва унутиб қўймоқдасизки, қў поллик лаззати – бу жинсий лаззат. Агар гўзаллик ва хунуклик орасидаги фарқни йўқ қилсангиз, сизда қўполлик лаззатини баҳолаш учун восита бўлмайди. Лекин бизнинг барча эътирозларимизга О’Брайан жавоб беради: “Мен бутунлай янги инсон ва мутлақо янги инсоният ҳақида гапиряпман”.

Ҳа, балли. Бунинг биз бир неча миллион йиллардан бери биладиган инсониятга умуман алоқаси йўқ. Янги инсон – бу худди марслик каби илмий фантастика соҳасидаги бир нима. Ингсоц ва воқелик ҳақида ниҳоятда эскирган, урфдан қолган тасаввурга эга метафизикадан ўтиш учун квант соҳасидаги ҳайратланарли сакрашни амалга ошириш керак. Сиёсий фалсафа эса, ўша “ҳукмрон шахс” ва эски тоталитар давлатга боғлиқ, боз устига энди у янги моҳият касб этади. Шунингдек, таклиф этилаётган “топтовчилар ва топталганлар олами”ни давлат бошқарувининг ўзгармас жараёнларига мослаштириш даркор. Давлат машинасининг макр-ҳийласи бироз тутуруқсиз – назокатли қўполлик манзарасига зўрға мос келади. Ҳукмдорлик лаззати сезиларли даражада бошқарув лаззати, яна ҳам аниқроғи, бошқарилувчиларнинг шахсий ва жамоавий иродаси андозалари билан боғлиқ. “Этик, топталган инсон қиёфаси – абадий” – бу нафақат ҳукмронлик тимсоли, балки тимсол ичидаги тимсол ҳам. Ингсоцнинг баландпарвоз ва тўмтароқ орзуси ҳақида тинглаб туриб, Уинстон Смит “телбалик овозини эшитяпман”, – деб ўйлайди. Қолаверса, овоз шу қадар қўрқинчлики, унинг ҳалқаси тобора руҳий саломатлигини сиқиб бормоқда: бу нарсага бир қарашда ақлсизликдек туюлган поэзия қодир. О’Брайан шоирлик қиляпти. Биз, ўқувчилар даҳшат ва ҳаяжондан титроқ сезсак-да, ушбу шеърни жиддий қабул қилмаймиз.

Биз ҳеч қайси сиёсатчи, ҳеч қайси давлат арбоби ҳукмронликнинг ўзи учунгина ҳукмронлик қилмас лигини биламиз. Ҳукмронлик – бу чўққи, мутлақ ҳоким бўлиб, назоратни ушлаш. Ҳукмронликнинг мукофоти ва ҳузур-ҳаловати – бу сендан қўрқишсинми ёки сени севишсинми, фалокат келтирасанми ёки мурувват кўрсатасанми, таъқиб этасанми ёки эркин нафас олишга имкон берасанми, қирғин уюштирасанми ёки яхшилик улашасанми? Мана шуларни танлаш ҳуқуқи. Ҳокимият нима эканлигини ички омиллар билан чегаралаб қўйилмаган танлов имкониятини кўргандагина англаймиз. Ҳокимият ўзини ёвузлик орқали намоён этганда, биз танлов имкониятининг, қолаверса, ҳукуматнинг мавжудлигидан шубҳалана бошлаймиз. Олий ҳокимият, қоидага кўра, Худога тегишли. Ва бу ҳокимият гуноҳкорларни дўзах қийноқларига гирифтор этиш билангина кифояланганида эди, мавжуд эмасдек кўринган бўларди. Ҳукуматни узоқ ушлаб туришга қодир бўлмаган, танлов қобилияти йўқ ҳар қандай Калигула ёки Нерон фақат бузғунчилик қилиши мумкин. Маркиз де Саднинг ёвуз орзулари оддий усуллар орқали роҳатлана олмаслик натижасида туғилди. Ва биз унинг қамчига таяниш ёки тухумдонларни куйдиришдан бошқа танлови бўлмаганлигига ишонамиз. Бу оргазм олиш эҳтиёжидан халос бўлган О’Брайаннинг садизмидан мантиқлироқ кўринади. О’Брайан ҳокимият ҳақида эмас, кам ўрганилган касаллик ҳақида гапиради. Ўз табиатига кўра касаллик ёки беморни ҳалок этади ёки даволайди. Агар бу феномен касаллик эмас, янги турдаги инсон учун саломатликнинг янги тури бўлса – майли. Лекин биз инсониятнинг эски турига тааллуқлимиз ва янгиси бизни унчалик ҳам қизиқтирмайди. Яхшиси, бизни ўлдиринг, худо ҳаққи, аммо олий тартиботларни йўқ қиладиган янги тур керак эмас. Бизни ёки йўлбарс шунчаки бурдалаб ташлайди ёки марсликларнинг ажаловар нури кулимизни кўкка совуради.

Ҳақиқат – партиянинг ички ячейкасида: ички оламга беэътибор бўлиш ёки уни ўз хоҳиш-иродасига кўра шакллантириш. Агар қийноқ машинасини қувватловчи электр манбаси панд берса-чи, унда нима бўлади? Демак, электр қандайдир сирли усул ёрдамида ишлаб чиқарилар экан-да! Нефть захиралари тугаб қолса-чи? Онг уларнинг етарли эканлигини тасдиқлай оладими? Модомики, эмпирик50 фикрлаш тарзи қонундан ташқари эълон қилинган экан, фан мавжуд эмас. Техник тараққиёт қурол ишлаб чиқариш ёки шахсий эркинликни бўғишга йўналтирилган. Неврологлар оргазмга қарши восита излашмоқда ва бундан хулоса шуки, психологлар лаззатни йўқ қилиш ва оғриқларни янада кучайтириш йўлларини тадқиқ этишмоқда. Ҳеч қанақа тиббиёт, касалликларни даволаш борасида ютуқлар, органлар кўчируви ва янги дорилар йўқ. Парвоз йўлаги I ҳар қандай номаълум эпидемия олдида ҳимоясиз. Шубҳасиз, жамоа тараққий этаётган бир пайтда алоҳида фуқаронинг касаллиги ва ўлими унчалик ҳам катта аҳамият касб этмайди. “Индивид – бу тўқима, – деди О’Брайан. – Тўқималар чарчоғи – организм учун қувват. Тирноғингизни қирқсангиз, ўласизми?” Бироқ, ички дунё устидаги бу назорат, бедаво дард танани ҳаёт учун курашга тайёрлаган онгни сиқиб чиқарганда, фойдасиз бўлиб қолади. Шубҳасиз, мантиқан ўйлаб қаралганда, тана йўқ бўлиб кетиши мумкин ва Катта Оға ғолиб черков ролида намоён бўлади. Яъни, жон ёки жонлар мувозанати мангуга эмпирейга – саваланувчи таналар ва оғриқдан ўкиришга мажбур этувчи асаб тўқималари йўқ ҳолатга ўтади.

Табиат, агар уни эътиборсиз қолдирсак ёки у билан аҳмоқона муомалада бўлсак, одатдагидек ўз норозилигини бир вақтлардаги маргарин рекламасидаги каби намоён этади. Партия тасдиқлаган атроф-муҳит ифлосланиши аслида мавжуд эмас. Табиатнинг норозилиги аниқ-равшан. Зилзилалардан қўшфикрлилик ёрдамида халос бўлолмайсан. Жамоавий солипсизм маъбудлар жисмларнинг табиий тартиботини қурғоқчилик ва маҳаллий касалликлар билан жазолаганлари сингари такаббурликни ўзида мужассам этади. Оруэлл одамлар табиатнинг зарарланишидан кўра атом бомбаларидан кўпроқ қўрқишган даврда ижод қилди ва шу важдан ингсоц ибтидоси анча олдинги, табиат ҳаракатсиз ва мулойим бўлган, одамлар у билан кўнглига келган ишни қилган уэллс даврига бориб тақалади.

Ҳатто лингвистик ўзгаришлар – табиат ҳодисаси ва улар ихтиёрсиз, мустақил тарзда рўй беради. Янги тилдек давлат томонидан яратилган тилнинг босқичли семантик бузилишлар, унли товушларнинг ўзгариши ва янада бойроқ ҳисобланган пролларнинг эски тили таъсирисиз ривожлана олишига кафолат йўқ. Агар “ҳаддан ортиқ ёмон” ёки (макбетча дид билан айтганда) “ҳаддан ортиқ даражадан ортиқ ёмон” жумласини ёмон пиширилган тухумга нисбат бериб қўлласак, бош оғриғини билдириш учун бундан кўра мустаҳкамроқ бирор нима талаб қилинади. Масалан, “кичик оғали ноингсоц ҳаддан ортиқ даражанинг ҳаддан ортиқ даражасидан ҳаддан ортиқ даражада ёмон”. “Катта оғали” – кучайтирилган, ёки “ўлгудай” сингари бетарафроқ жумла. Яккахудоликда бўлгани каби Катта Оғани болға билан бармоғингни уриб олсанг ёки ёмғирда қолиб кетсанг, эслашинг мумкин. Бу эса уни камситиши муқаррар. Камситувчи семантик ўзгаришлар – ҳар қандай тилнинг тарихида албатта рўй берувчи жараён. Аммо биз инсоннинг янги тури ва янги турдаги воқеликка эгамиз. Ҳозир ва шу ерда рўй бергувчи ҳодисалар ҳақида хомхаёл суриш керак эмас.

44.De nos jours – Бизнинг кунлар (фр).
45.Диалектика – ҳаракат ва ривожланишнинг умумий қонуниятлари ҳақидаги фалсафий таълимот, шунингдек, ҳаракат ва ривожланишнинг ўзи.
46.У.Шекспир. “Қийиқ қизнинг қуйилиши”. Т.Тўла таржимаси.
47.Эрик Блэр – ёзувчининг асл исми.
48.Амбивалентлик (лот. аmbo – “икки”, “иккала” ва лот. valentia – “куч”) – бирор бир ҳодисага нисбатан муносабатнинг иккиёқламалиги – ҳиссиётларнинг қарама-қаршилиги. Бунда бир объект инсонда икки хил қарама-қарши бўлган ҳис-туйғуни пайдо қилади.
49.Абиссиния – Эфиопия давлати яна шу ном билан ҳам аталади.
50.Эмпирик (эмпиризим) – тажрибага асосланган идрокни, яъни ҳиссий идрок ва тажрибани билишнинг бирдан бир манбаи деб биладиган ва назариянинг аҳамиятини инкор қиладиган фалсафий таълимот, йўналиш.
₺101,75

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
22 mart 2023
Hacim:
2 s. 4 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-7390-0-0
Telif hakkı:
BOOKTOPIA
Metin
Ortalama puan 4,7, 3 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,3, 4 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,2, 5 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 4,6, 5 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 4 oylamaya göre