Kitabı oku: «1985», sayfa 4
“1984”ни Свифт услубидаги майда иш сифатида ҳам ёки бўлмаса, олдиндан сезишнинг кенг метафораси сифатида ҳам қабул қилиш ярамайди. Эҳтимолий келажакнинг проекцияси сифатида Оруэлл манзаралари узуқ-юлуқлиги билан қийматга эга. Ингсоцнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас. Тоталитаризмнинг бу амалга ошмас ғояси инсоний тузилмаларга беўхшов тақлиддир. Абадий мавжуд бу мажозий ҳукумат ва Оруэллнинг романи ҳали узоқ вақт бизнинг энг ёмон қўрқувларимиз мажмуаси бўлиб қолади. Аммо бу қўрқувлар қаердан пайдо бўлди? Биз шунчалар бадбинмизки, гўё ингсоцнинг пайдо бўлишини хоҳлаётгандекмиз. Бизни давлат чўчитади… доимо давлат. Нима учун?
КАКОТОПИЯ (ЁВУЗЛИК МАМЛАКАТИ)
“Қаерда бўлсанг ҳам ишлашга мажбурсан. Бекорчилик учун ҳеч қандай баҳона йўқ. На қаҳвахоналар, на оммавий муассасалар, на фоҳишахоналар бор. Ҳою-ҳавасларга ҳам, сирли учрашувларга ҳам имкон йўқ. Сен ҳамманинг кузатувидасан. Сен нафақат ишлашинг ва ишлашинг, бўш вақтингдан мақсадли фойдаланишинг ҳам керак”. Бу сэр Томас Морнинг “Утопия”сидан эркин таржима. Лотинча оригиналда унчалик ёмон кўринмайди. Инглизча таржимада эса ингсоцча таъмни ҳосил қилади. Мор томонидан ўйлаб топилган “Утопия” атамасининг ўзи доимо дориламон, озод ва гўзал ҳаёт, жаннатмонанд юрт ҳақидаги тасаввурларни уйғотади. Аммо у хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин, ўйлаб топилган жамият холос. Сўз таркибини ҳосил қилган юнонча элементлар – “ou” “йўқ” маъносини англатса, “topos” жой ёки маконни билдиради. Кўпчиликнинг тафаккурида эса “ou” – “яхши, ёқимли, гўзал, фойдали” каби маъноларни ифодаловчи “eu” сўзига ўзгаради. Утопияни дистопияга қарши қўядилар, аммо ҳар иккала термин ҳам утопик қалпоқ остига яширинган. Мен Оруэллнинг хаёлий жамиятини какофония51 ёки какоиблис руҳидаги какотопия деб номлашни афзал кўраман. Диспотияга нисбатан ёқимсизроқ эшитилади ҳамда бу атамаларнинг бирортаси янги тилда учрамагач, улар ҳақида гапириш бефойда.
Аксарият келажак манзаралари какотопик. Жорж Оруэлл какотопик хомхаёлларнинг қизғин тарафдори эди ва унинг “1984” китобини “Энг ёмон хаёлий олам” танловнинг финалчиси, деб ҳисобласа бўлади. Унинг романи катта фарқ билан пешқадамлик қилмоқда, аммо бир китоб борки, у билан Оруэлл беллашишни истамаган бўларди.
Гап Е.И.Замятиннинг “Биз” асари ҳақида кетяпти. Оруэлл мазкур китоб ҳақида 4 январь 1946 йилда “Трибьюн” нашрида эълон қилинган тақризини ёзади. Айнан ўша йили асар ниҳоят Оруэллнинг қўлига тегади. Аслида, Жорж китобнинг мавжудлигини анча йиллар олдин билганди. Бу китоб ҳамиша ҳам камёб бўлган. Асарнинг бугунги кунда бир неча тилларда ўқилаётганида Оруэллнинг улкан хизмати бор. Қизиғи шундаки, унинг рус тилидаги аслиятини топишнинг иложи йўқ. Рус адабиётшуноси ва романнависи Евгений Замятин 1937 йилда Парижда вафот этди. Подшоҳ ҳукумати томонидан 1906 йилда ҳибсга олинган Замятин 1922 йилда ўша турманинг большевиклар сақланадиган камерасига кўчирилади. У аксарият ҳукуматларни ёқтирмасди ва ўз табиатига кўра содда анархизм тарафдори эди. Китоб номи гўё анархизм отаси Бакуниннинг ўша машҳур “Мен мен бўлишни эмас, биз бўлишни истайман” шиорига олиб боради. Бу охир-оқибатда марказлашган қудратли давлат қаршисига индивидни эмас, эркин анархистик коммунани қўйиш кераклигини англатади.
“Биз” романи тахминан 1923 йилда ёзилган52. Роман Россия ҳақида эмас, у рус сиёсатини тасвирламайди, ҳатто бунга шаъма ҳам қилмайди. Аммо, асар мазмуни мафкуравий жиҳатдан хавфли деб топилганлиги боис тақиқланади. Тасаввурнинг юксак парвози ҳамда узун вақт оралиғига қарамай – нима учунлигини тушуниш қийин эмас. Роман бизни йигирма олтинчи асрдаги қайсидир утопия сари бошлайди. Унинг фуқаролари индивидуалликдан шу қадар холики, исм билан эмас “рақамлар” билан номланишган. Улар униформа киядилар ва инсон деб эмас, “юнифлар” деб аталадилар. Оруэлл телеэкрани ихтиро қилинмаганлиги важидан, “қўриқчилар” деб номланувчи давлат полицияси уларни осонгина кузатиши учун шишали уйларда истиқомат қиладилар. Улар синтетик таомларни истеъмол қилишади, дам олиш ва сайрга овоз кучайтирувчи мосламалардан янграб турган давлат мадҳияси садолари остида сафланган ҳолатда йўл оладилар. Пушти карточкали жинсий алоқа китоби бўлиб, ҳаракатдан сўнг партнёр чекка имзо чекади. Ягона давлатни худди Катта Оға сингари олис ва мавҳум шахс идора этади: у Валинеъмат номи билан машҳур. Валинеъмат ҳокимиятга овоз бериш йўли орқали сайланади, лекин унинг мухолифатчи рақиблари йўқ.
Ягона давлатнинг фалсафаси ниҳоятда жўн. Бир вақтнинг ўзида ҳам бахтли, ҳам озод бўлиш мумкин эмас. Эркинлик азобли танлов машаққатига дучор этади, шунинг учун Тангри ўзининг чексиз меҳрибонлиги билан ушбу машаққатларни бартараф этиб, Одам ва Ҳавони барча шароитлари бор жаннатга йўллайди. Бироқ, улар тақиқланган мевани истеъмол қилиш орқали жаннатдан бадарға қилиндилар, озодлик учун бахтсизлик билан товон тўладилар. Барча яхши давлатларнинг бурчи – Жаннатни қайтариш ва озодлик илонини ёқиб юбориш.
Ҳикоячи-қаҳрамон – Д-503 – яхши фуқаро бўлишга ҳаракат қилувчи муҳандис. Аммо даҳшатлиси, унда атавистик53 импульс белгилари сезила бошлайди. У тақиқланганига қарамай, севиб қолади. Янада аянчлиси, у тамаки, алкоголь сингари салбий одатларга ҳамда давлат хасталик деб эълон қилган тасаввур қилишга қарши яширин ҳаракат раҳбари I-330 “исмли” аёлга кўнгил қўяди. Д-503 аслида инқилобчи ҳисобланмай, у тасаввурлардан рентген нурлари ёрдамида халос бўлишга ҳаракат қилади. Даволангач, полиция фитначилари қўлига тушади ва I-330 нинг қийноқларига бефарқ қараб туради. Охир-оқибатда мавжуд қоидаларга шак келтирувчи барча Валинеъматнинг булут, тутун ёки кўлмак сувга айлантирувчи машинаси ёрдамида қатл этиладилар, яъни ликвидация қилинадилар. Лотинчада “liquid” суюқлик маъносини англатади. Оруэлл фаҳмлайди:
“Қатл, аниқроғи, асл моҳиятига кўра қурбонлик келтириш ва у тасвирланган саҳнада қадимги дунё қулдорлик жамиятига хос белгилар мавжуд. Тота литаризмнинг иррационал54 тарафларини ички сезги билан идрок этиш чеҳраларда зоҳир: инсонни қурбон келтириш, шафқатсизлик учун шафқатсизлик, раҳнамога сиғиниш, унда илоҳий жиҳатларни “кўриш” – буларнинг барчаси Замятиннинг ушбу китобини Хакслининг романидан юқорироққа олиб чиқади”.
Гап, шубҳасиз, Олдос Хакслининг “Биз” ҳамда “1984” йўналишида ёзилган “Ажиб янги дунё” романи ҳақида боряпти. Оруэлл “Ажиб янги дунё”ни узоқ келажак чизгиси сифатида қабул қила олмайди ва Хакслини “сиёсий тафаккур” етишмаслигида айблайди. Хаксли худди Замятин сингари озодлик учун бахтдан воз кечиладиган утопияни тасвирлайди. Балки тақводор доктор Жонсоннинг ушбу атамани ҳам самовий қувонч, ҳам ёш қизалоқнинг янги кўйлак олгандаги хурсандчилигини ифодалашда бирдек эркин фойдаланилганини қаттиқ танқид остига олиб, “мамнунлик” сўзини ишлатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги фикрлари эслангандир. Павловга кўра, пренатал биологик усуллар ва инстинкт шакллануви келажак фуқароларига давлат томонидан белгиланган тақдирдан қониқиш ҳиссини туйишда ёрдам беради. Тенглик, аслида, йўқ нарса. Жамиятда альфа-плюс, яъни зиёлилардан бошланиб, эпсилон-минус, яъни деярли заиф ақл эгаларигача бўлган бешта қатъий табақа мавжуд. Табақалар орасида алоқаларнинг йўқлиги биологик тизимлаштирилган. Зигмунд Фрейднинг таърифига кўра, инсоннинг қаноатсизлигига барча нарсадан кўра кўпроқ айбдор ҳисобланган оила йўқ қилинган; болалар пробиркаларда ўстирилади, ҳар қандай жинсий алоқа бетартиб ва стерилланган. Бу мутлақо барқарор жамият бўлиб, унда етакчи фалсафа гедонизм55 ҳисобланади. Аммо Оруэлл бундай жамият ҳаракатчан эмас ва узоқ вақт яшолмайди, деб ҳисоблайди. “На ҳокимлик орзуси, на садизм ва на қандайдир майл-истаклар йўқ. Тепадагиларда бошқарув рулини сақлаб қолиш учун мотивация йўқ, гарчи барча бирдек бахтли бўлса-да, ҳаёт шу қадар маъносизки, бундай жамиятнинг мавжуд бўлишига ишонгинг келмайди”.
Бошқача сўзлар билан айтганда, бахтнинг ортидан қувиш бемаънилик. Эркинлик-чи? Бу нарса учун курашда маъно бор, дейиш мумкин. Оруэлл ҳукмдорлари бошқарилувчилари устидан ўзларининг юз фоизлик ҳукмини ўтказишга хуши йўқ жамиятни тасаввурига сиғдира олмайди. Ва айнан шу нарса унинг наздида “сиёсий тафаккур” ҳисобланади. Жамият мувозанати бошқарилувчиларнинг бошқарувчилар хоҳиш-иродасига қаршилиги асосига қурилган. Ҳукмрон табақа душманлик кайфияти дея баҳоланувчи, куч билан бостиришни талаб этадиган қарама-қаршилик ва шулардан ҳосил бўлувчи садистик лаззатни уюштиради. Оруэлл жамиятни айнан шундай баҳолайди ва тарих у тарафда. Нега бировлар бошқаларни бошқаришга интилади? Бу уларнинг фаровонлиги учун эмас. Ушбу маслакка таяниш – “сиёсий тафаккур”ни намоён этиш демак.
Лекин Г.Уэллс каби адолатли жамият қуриш мумкинлигига ишонувчи утопистлар мавжуд эди. “1984” – маъсум манзарали, эллинистик (ёки Муссолинига хос) архитектурали, кийимлардан ва иш қуролларидан оқилона фойдаланиладиган олам устидан, ақл-заковат ёрдамида бошқариладиган, қўполлик, ҳукмронликка ташналик сингари инстинктив туйғулар шафқатсиз бостириладиган жамият устидан масхаралаш. Оруэлл чиндан ҳам инглиз роҳиби бўлганида бу нарсани қайси атама билан изоҳлашни билган бўларди. У илмий социализм ғолиб бўлган ижтимоий жамиятни “пелагианик” деб атаган бўларди.
“Пелагианик” ва “Августинианик” атамалари гарчи теологияга оид бўлса ҳам, инсоннинг борлиқ ҳақидаги тасаввурларидаги икки қутблиликни изоҳлашда фойда беради. Пелагий ёки Морган (иккала ном ҳам “денгиз одами” деган маънони англатади) мавжуд диний ақидаларга хилоф иш қилганликда айбланиб, Ғарбнинг ахлоқий фалсафасига таъсирини ҳеч қачон тўхтатмаган черков томонидан милодий 416 йилда судланган. Гарчи, анъанавий христианлик таълимотининг бир қисми эса-да, улар томонидан илгари сурилган инсон концепцияси ниҳоят даражада ишончсиз эди. Анъанавий таълимотга кўра, инсон бу дунёга Илк гуноҳнинг оғир юкини кўтариш учун келади. Бу юкка бардош бериш эса, ожиз инсон боласининг қўлидан келмайди. Ва унга Худонинг раҳм-шафқати ва Исонинг шафоати керак бўлади. Илк гуноҳ Одам томонидан жаннатда содир этилган ҳамда башариятнинг ёвузликка, жиноятга мойиллигининг сабабчиси, деб ишонилади. Замятин бизга эслатганидек, Одам Ато бахтли бўлишни эмас, “эркин” бўлишни истади. У ўзига танлов ҳуқуқини тилаб олди. Яъни у ёки бу қилмишларидан бирини танлаш ҳуқуқини. Аслида, гап ахлоқий муҳокамадан ўтказилиб, сўнг танланган қилмиш ҳақида бормоқда. Озодликка эришиб, у катта эҳтимол ила ҳақиқатдан кўра кўпроқ ёлғонни танлаши мумкинлигини сезмади. У Худога хуш ёқадиган эмас, ўз худбинлигини қондирадиган ишлар ни содир этди. Бу билан у ўзини Худонинг жазосига гирифтор этди ва мазкур жазони бекор қилиш ёлғиз Худонинг марҳаматигагина боғлиқ.
Пелагий бу шафқатсиз тақдирни инкор этди. У илгари сурган ғояга кўра, инсон лаънатни ҳам, шафоатни ҳам бир меъёрда танлашга қодир: у гуноҳга ихтисослашмаган, Илк гуноҳ эса умуман мавжуд эмас. Қизиғи, у эзгуликка ҳам ихтисослашмаган ва мутлақ танлов ҳуқуқи уни нейтралга айлантирди. У ҳеч қандай тўсиқларсиз ўзининг гуноҳларга мойил қалбига қулоқ солиши ёки шафоатга лойиқ бўлишга интилиши мумкин. Илк гуноҳга асосланган анъанавий таълимотни ҳимоя қилиш учун янги далиллар келтираркан, авлиё Августин, епископ Гиппонский Пелагийни қаттиқ суд қилди. Аммо, ўн беш асрдан ортиқроқ вақт ўтибдики, у ҳануз жим бўлгани йўқ.
Мазкур нуқтаи назарни биз кўпинча беэътибор қолдирамиз ва гуноҳ ҳақида унутиб, жамият учун нима яхши-ю, нима ёмонлигига диққатимизни қаратамиз. Руҳонийлар “Илк гуноҳ” деб атаган нарса бечоралик, харобалар, нодонлик ва камбағалликка реакциядир. Илмий социализм гуноҳга даъват этувчи сабабларнинг илдизига етиб боради. Инсон нафақат ахлоқий бетараф: жамоавий “жонзот” бўлгани ҳолда у “яхши” ёки жамиятнинг масъулиятли аъзоси бўлишни истайди; унга фақатгина муҳит халал беради. Бироқ, агар дунёвий-пелагианлар бор бўлса (гарчи улар 1933 йилдагига нисбатан камроқ эсалар-да), дунёвий-августинианлар гўё хаёлга ҳам келмайди. Ахлоқий тараққиёт имкониятларини инкор этувчилар одамдаги бузғунчилик, ёвузлик, нафсга эргашиш кабилар унинг гуноҳкор табиатига хос белгилар деб ҳисоблайдилар, зарурий ҳолларда анъанавий теологик позицияларда турадилар. Агар инсонни яхшилаш учун бирор бир нарса зарур бўлса, у ташқаридан – Худо, Ҳаётий Қувват ёки номаълум учар жисм томонидан олиб келинган ажнабий вирусдан келиши керак. Бироқ, мазкур дунёқарашларнинг қутблилиги унчалик қотиб қолмаган. Биз бир вақтнинг ўзида ҳар хил циклик фазалар ёки қўшфикрлилик туфайли ҳам Пелагиан, ҳам Августиниан бўлишимиз мумкин. Оруэлл пелагиан ва социалист, ингсоцни яратганда эса Августиниан эди. Баъзан эркин жамиятдаги сиёсий ҳаёт қуйидаги циклга мувофиқ давом этаётганга ўхшайди: Пелагианлик эътиқоди натижасида одамлар ўзларини ривожланишга, либерал идеалга етишишга қодир эмас, дея ҳисоблаганларида ҳокимиятга у ёки бу либерал тартиб келади; либерал тузум қулайди, ўрнига авторитар тузум иқтидорга келади ва одамларни мажбурий тарзда яхши инсонларга айлантиради; кейин одамлар Августиниан фалсафасини ўрганадиган даражада аҳмоқ эмасдек туюла бошлайдилар; яна либерализмга йўл очилади. Биз худбинлигимиз туфайли ўзимизни жирканч ҳис этганимизда Августинианликка, ўзимизни яхши тута бошлаганимизда эса Пелагианликка мойил бўламиз. Эркинлик Пелагианлик учун ниҳоятда зарур; детерминизм (илк гуноҳ туфайли биз ўз ҳаракатларимизга тўлиқ жавоб беришга қодир эмасмиз) – Августинианлик учун. Орамизда ҳеч ким қанчалик даражада озод эканлигимизни билмайди.
Бир-бирига сингиб кетувчи икки теологик таълимотга мурожаат қилганимизда, “ёвузлик” ва “эзгулик” ўртасида ўйин ўйнаётгандек ҳис қиламиз ўзимизни. Ўз илдизларидан узилиб, уларнинг маънолари хиралашса-да, ҳиссий бўёқдорлигини йўқотмайдилар. Сиёсатчининг оғзидан “яхшилик” ва “ёмонлик” сўзларини эшитиш ноқулай. Гарчи қўрқинчлироқ бўлса-да, бу сўзлар “тўғри” ва “нотўғри”га алмашганда ноқулайлик бироз чекина ди. Мухтасар айтганда, ушбу сўзлар билан ифодаланган ахлоқий иккиюзламалик давлат фаолиятига айнан мос келади, сабаби, ёвузлик ва эзгулик доимий теологик тушунчалардир. Нима хато-ю, нима тўғри? Буни давлат белгилайди. Остазиядан нафратланиш тўғри, аммо кейинги лаҳзада бу нотўғри бўлиши ҳам мумкин. Картошкани мўл-кўлчилик вақтида истеъмол қилиш тўғри, ҳосилдорлик паст бўлган даврда эса – нотўғри. Консерваторлар ноҳақ, биз социалистлар ҳақмиз, масала – ёндашувда. Давлат қонунлари мудом ўзгариб туради. Улар билан биргаликда тўғри ва нотўғрининг қиймати ҳам. Ўзгармас қадриятларга давлатнинг ўзгарувчан хоҳиш-иродасини қарши қўйиш зарурияти, маълум бир қонуннинг қабул қилинишини, гарчи у нотўғри бўлса ҳам, эзгулик, бошқасининг қабул қилинишини эса ҳатто у тўғри бўлса-да, ёвузлик деб аташимизни тақозо этади.
Яхшиликдан кўра ёмонликка мисол келтириш ҳар доим осонроқ. Августиниан айтиши мумкин: бу муқаррар, сабаби ёвузлик бизнинг табиатимизда мавжуд, эзгулик эса йўқ. Ва умуман, “Яхши” – турли маънолар жилвасига эга сўз, биз эса ахлоқий яхшиликни, агар муносиброқ атама бўлмаса, эстетик яхшилик деб аталиши лозим бўлган нарса билан осонгина адаштирамиз. Башариятнинг энг буюк жумбоқларидан бири фашистларнинг ўлим лагерларида яширингани эди. Минглаб яҳудийларнинг йўқ қилинишини назорат қилган қайсидир комендант уйга қайтгач, Шуберт сонаталарини ижро этаётган қизига қараб, қувонч кўз ёшларини тўкади. Шундай бўлиши мумкинми? Ёвузликка хизмат қилувчи инсон қандай қилиб бундай осон тарзда илоҳий эзгулик дунёсига ўта олади? Жавоб шуки, мусиқанинг “эзгулиги” ахлоққа умуман алоқадор эмас. Санъат бизни меҳр-оқибат ва адолатга ўргатолмай ди. У олманинг таъми сингари ахлоқий жиҳатдан бетарафдир. Оғзаки чалкашликларни англаш ўрнига биз аномалия ҳақида мулоҳаза юритамиз ёки Жорж Стейнерга ўхшаб, санъатга бўлган муҳаббат, одамларнинг ахлоқий талабларни англашига туртки беради, дея даъво қиламиз. “Вертер ва Шопенга қайғуриб йиғлаган одамлар ўзлари сезмаган ҳолда дўзахдан ўтдилар”. Бу ерда ҳеч қандай жумбоқ йўқ.
“Худо бу эзгуликдир” деганда нимани назарда тутамиз? Худо меҳрибон ва ўзи яратган махлуқотларнинг бахтини таъминлаш билан шуғулланади, дейиш мумкин. Аммо бунга ишониш ва тасаввурга сиғдириш маҳол. Илоҳий “яхшиликни” панжарали мол гўшти ёки Моцарт симфониялари сингари “тоза нарсалар”га таққослаш осонроқ. Сабаби уларнинг иккаласи ҳам ўткир ва туганмас лаззат беради. Хўранда истеъмол чоғида бир вақтнинг ўзида симфонияни тинглаши мумкинлигини ҳисобга олсак, улар бир-биридан мустақилдир. Санъатдаги “эзгулик” – илоҳий яхшиликка энг яхши метафора.
Мусиқа асаридаги “эзгулик” ва эзгу ишнинг умумий тарафи – беғаразлик. Давлат нима тўғри-ю, нима нотўғрилигини белгилаб беради ва унга ишонган, давлатнинг буйруқларига сўзсиз бўйсунган инсон яхши фуқаро, дейилади. Эзгулик ва фуқароликнинг бир-бирига сира алоқаси йўқ. Эзгулик қонунга бўйсуниш, мақтовга сазовор бўлиш ёки жазодан қутулиб қолиш учун қилинмайди. Эзгу ҳаракат альтруистик ҳаракатдир. У ўзи ҳақида чор атрофга жар солмайди ва ҳеч қандай мукофот ҳам таъма қилмайди. Эҳтимол, Бетховеннинг Тўққизинчи симфонияси (карлик, сўқирлик, касаллик ва қашшоқликда яратилган) ва камбағалларга плашини совға қилган, моховларни бағрига босган, ўзгаларни қутқариш учун ўзини қурбон қилган авлиёнинг эзгулиги ўртасидаги хаёлий фарқни илғаш мумкин. Бетховеннинг эзгулиги авлиё амалга оширган яхшилик доираларидан ташқарида. Санъат бу жаннатни беминнат кўриш воситасидир. Ярим илоҳий ҳолатида санъат инсоний манфаат ва қизиқишларидан анча юқори. Насронийлик таълимотидаги жаннатдан фарқли ўлароқ у яхши учун ҳам, ёмон учун ҳам тенг – гўё Худонинг авлиё Августинга кўрсатган марҳамати сингари. Ва бу тор фикрли ахлоқшуноснинг наздида шубҳалидир.
Унда яхши иш нима? Фақирни кийинтиришми, беморга ғамхўрлик қилиш, очларга таом бериш ёки жоҳилларга илм ўргатишми? Мазкур бир-биридан алоҳида ҳаракатларни тирик организмга табиий муҳитда эркин ишлаш қобилиятини қайтариш истаги нуқтаи назаридан умумлаштириш мумкин. Бу ҳаракатлар эзгу бўлса-да, ҳар доим ҳам тўғри эмас. “Жаҳолат – куч”, – эълон қилади ингсоц. Фашистлар айтган эдилар: барча яҳудийлар оч қолсинлар, музласинлар ва ўлим топсинлар. Эзгу иш манфаатдор кишилар орасидаги ирқий ва бошқа тафовутларни тан олмайди. Яхшилик – бу қушнинг синган қанотини тузатиш ёки гуаляйтер56нинг ҳаётини асраб қолишдир. Эзгуликнинг поклиги унинг қай даражада беғаразлиги билан ўлчанади; унчалик юксак бўлмаган одамларнинг яхшиликлари аралаш, тушуниксиз ва ғайриихтиёрий мотивларга эга бўлиши мумкин; бироқ, яхши иш назоратдан чиқишга интилади, мақсадлар, қонун ва сиёсат унинг учун аҳамиятсиз тушунчалар бўлиб қолаверади. Биламизки, эзгу ният ёмон оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Темир йўл фалокатида Чарлз Диккенс бепарволик билан ярадорларнинг томоқларига бренди қуйди ва бу билан бир неча инсоннинг умрига зомин бўлди. Аммо, у қотил эмасди. Чинакамига яхшилик қилиш қобилияти юқори интеллект ва катта илм билан боғлиқ. Инсонда эзгуликни жоҳил ёвузликдан ажрата олиш қобилиятининг босқичма-босқич ортишини тараққиёт деб аташ мумкин.
Соф шаклда ёвузлик ҳам яхшилик сингари беғараз хусусиятга эга. Агар эзгулик инсон организмининг куч ва имкониятларини эркин намоён этишга ҳисса қўшса, унда ёвузлик муқаррар равишда бу эркинликни чеклашга интилиши керак. Модомики, биз пелагиан эканмиз, унда инсонга тўлиқ ахлоқий танлов эркинлиги берилганлигини қабул қилишимиз керак. Бу имкониятни йўқ қилиш – одамийликдан чиқаришдир. Ёвузлик тирик қалбни манипуляцияга айлантириш вақтида ўзини янада ёрқинроқ намоён этади. Ўлимга маҳкум этиш етарлича ёвуз қилмиш, аммо қийноқлар доимо ундан-да ёмонроқ, дея ҳисобланган. Давлат – инсонийликдан чиқаришдан энг кўп манфаатдор. Давлат ахлоқий танлов масалаларида ташаббусни қўлга олишга мойил ва шахснинг мустақил қарор қабул қилишини таъминлашга интилмайди. Ҳокимият эгалари ҳукмдор ва бошқарилувчининг хоҳиш-иродалари ўртасидаги фарқни англашлари ниҳоятда муҳим. Идеал ҳолатда ҳукмдорнинг хоҳиш-иродаси мутлақо эркин бўлиши лозим; бўйсунувчиларнинг эркинлиги эса тузумнинг қай даражада авторитарлигига боғлиқ. Давлат – ҳукмдорнинг бошқарилувчилар устидан ҳокимиятни амалга ошириш воситаси. Шундан келиб чиқиб, мазкур восита ўз вазифаларини амалга оширишда иложи борича камроқ қаршиликка учраши керак ва давлатда мужассамлашган ёвузлик ҳеч қачон беғараз бўлмайди, дейиш мумкин. Бироқ, Оруэллнинг какотопиясидаги қудратли тузум вужудга келади ва у шу қадар ўзига ишонганки, у ёвузликни шунчаки эрмак учун амалга оширади ҳамда бундан қувонч туяди – бошқача сўзлар билан айтсак, эркак ва аёлларни қасддан қийноқлар ичида фарёд чекувчи ва соғлом ақлидан секин-аста жудо бўлувчи ғайриинсонларга айлантиради. Бу фашистлар Германияси, Совет Россияси ва бошқа кичик автократик тузумлар истаган, аммо ҳеч қачон эриша олмайдиган какотопия. Эҳтимол, агностик Оруэлл учун давлат миясидан энг кичик суягига қадар ёвузлик бўлиб кўринарди. Ёвузлик алоҳида шахс учун эмас, илк гуноҳ – кулгини қистовчи таълимот. Оруэлл социализми инсоннинг ахлоқий ва иқтисодий томонлама юксалишига нафақат йўл қўйиб берди, балки бу нарсага қаттиқ ундади. Унинг Августианлик пессимизми фақат олигархик давлатда дунёга келган инсон авлодларига тегишли эди. Давлат – иблис, аммо, Худо мавжуд эмас. Алмисоқдан қолган диний қарашларидан бошқа ҳамма нарсани ташлаган Ғарбда ёмонлик қандайдир тарзда индивиддан ташқарида мавжуд, деган қараш шаклланган. Вьетнамнинг Милай қишлоғидаги хунрезликлар, Чарльз Мэнсоннинг қотилликлари, Американинг йирик шаҳарларидаги кўчаларда ҳукмрон зўрлашлар, қийноқлар ва одам ўлдиришлар ёвузлик каби кўринади ва қабул қилинади. Аммо, ёвузликни Августин таълимотида бўлгани каби одам табиатининг ажралмас қисми эмас, “ташқаридан келган касаллик”, деб қабул қилиш қулайроқдир. Иблис ва унинг хизматкорлари бўлмиш шайтонлар ёвузлик устидан якка монополияга эгалар, улар одам руҳини эгаллаб олиб, унда ёвузликнинг ҳар қандай кўринишларини – даҳрийликдан тортиб, каннибализмгача ўстиришга ҳаракат қиладилар. Балки шайтонларни қувиб юбориш мумкиндир. Аммо, ёвузлик инсоннинг ўзида кўпаймайди. Имонлилар анчагина бахтлидирлар, боиси улар ўз гуноҳларини ёлғон Ота сининг бўйнига қўйишлари мумкин. Оруэллга кўра бутун гуноҳ Катта Оғанинг чекига тушади. Оруэлл гўё реал дунё (унинг бемор хаёлотидан фарқли ўлароқ) янада улканроқ ва ёмонроқ какотопиялар сари ҳаракатланаётганига ишонган. Давлатлар каттароқ ва қудратлироқ бўлиб боради. Босимнинг энг шайтоний усулларини қўллаб, улар борган сари кўпроқ одамларни гуманоид манқуртларга айлантирадилар. Оруэллнинг тасаввуридаги келажак давлат ва одам ўртасидаги тенгсиз кураш, унда инсоннинг муқаррар ва қақшатқич мағлубиятидир. Энди бизнинг вазифамиз – унинг башоратлари ҳақиқатга эвриладими ёки йўқ, шуни аниқлаш.
Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.