Kitabı oku: «Япон зобити», sayfa 4
– Қани, кўрайлик-чи.
Ютаро Тода тезда ва одатдагидек синчковлик билан тўппончани текширди.
– Қурол яхши, лекин инжиқ. Пружинаси бўшаб қолган, шунинг учун патронни яхши чиқармайди. Нишонга олувчи мослама ҳам қийшайиб қолган, мушка4 нишонга олиш тешиги билан мос келмаяпти. Шунинг учун аниқ урмайди.
– Тузатса бўладими? – ишбилармонларча сўради қиз.
Ютаро Тода пружинани янгисига алмаштирди, маузерни тозалаб мойлади, нишонга олгични тўғрилади.
– Ташқарида полиз атрофида бир отиб кўр, нишонга олишини текшир, кейин келиб айтасан. Балки, яна тўғрилаш керак бўлар.
– Албатта, шундай қиламан, – ваъда берди қиз, сўнгра ўсмоқчилаб сўради: – Ҳа-я, сен пулга ишлайсанми ёки…
– Мен асирман-ку, – эслатди унга поручик. – Қорнимни тўқлашади, кўриб турибсан, ётоқ билан таъминлашган. Яна нима талаб қилиш мумкин?
– Қанақасига асирсан? – бош чайқади қиз. Унинг қалин, енгил жингалак сочлари янада ёйилиб кетди. – Қачондан бери бизда яшайсан, тағин ёрдам бериб турибсан. Сен ўзимизникисан. Айтмоқчи, отинг нима?
– Ютаро. Партизанлар мени Юра дейишади.
– Демак, мен ҳам сени шундай чақираман.
– Сеники-чи?
– Мени Настёна деб чақиришади. Бўпти, мен кетдим. Лекин яна кираман.
– Албатта, хурсанд бўламан.
Шундай қилиб, у этиги билан эшик олдида музлаб ётган қорни ғарч-ғурч қилиб юриб кетди.
Поручик елкасига Парфёнов совға қилган иссиқ пўстинни ташлади-да, Настёнанинг ортидан чиқди. Сўнг то кулбалар орасида кўринмай кетгунча қизни нигоҳлари билан кузатиб қолди. Кузатаркан, юзидан табассум кетмасди. Айни дамда қалбидаги зулматга ёрқин қуёш нури киргандек ғалати туйғуни ҳис этаётганди.
Ҳаво совуқ эди, нафас олганда, оғиздан ҳовур чиқар, у эса изғиринни ҳам сезмасди. Ўз хаёллари ва кундалик юмушларига ғарқ бўлган поручик атрофини ўраб турган табиат гўзаллигини пайқамаганди. Энди эса ушбу гўзаллик унга тўла-тўкис намоён бўлди. Бирорта булут кўринмаётган осмон кўм-кўк, бироқ худди аёз билан қоплангандек оқиш тусда эди. Офтоб қизғиш-сариқ шар шаклида қишлоқ узра осилиб турар, оппоқ ва юмшоқ қор учқунлари минг хил товланарди. Қалин қор уй томларини, дарахтлар шохларини қоплаб ётар, арча шохлари узра дабдабали либос тўшаган, унинг оппоқлиги яқиндаги ўрмоннинг қоп-қора ранги, дарахтларнинг жигарранг танаси, уй мўриларидан тиккасига таралаётган кўкишранг тутунни яққол ажратиб турарди. Олам турли хира ранглар билан тўла, Ютаро Тода эса ушбу манзарага мафтун ҳолда турарди. Настёна билан учрашув уни жонлантирган, барча ҳиссиётларини узоқ вақт кишанлаган яқин кунлардаги карахтликни унуттирган, у яна ёшлигига, қувониш ҳисси ва ранг-барангликка қайтганди.
Ўша кундан бошлаб Настёна япон қуролсознинг устахонасига серқатнов бўлиб қолди. Одатий тасаввурлар доирасига кирмайдиган барча ноодатий нарсалар ғаройиб туюлгани каби Ютаро ҳам унга қизиқарли туюларди. Зобит ҳам қизнинг хаёлини забт этганди. Қолаверса, улар ёш эдилар, ёшлик эса шундай оҳанрабоки, у ўзига тортганида таслим бўлмасликнинг тамоман иложи йўқ.
Улар шўх-шодон суҳбатлашишар ва Ютаро Тоданинг рус тилини ўрганиши анчагина жадаллашганди. Қиз кулар ва йигитнинг талаффузини мазах қилар, бирор сўзнинг қандай айтилишини тушунтирар ва поручик уни тиришқоқлик билан ўрганарди. Улар учун бу устоз ҳам, шогирд ҳам нимадир янги нарсани билиб оладиган мактаб бўлаётганди.
Настёнага ҳамма нарса қизиқарли эди. У Ютаро Тодадан ватани, одамлар қандай яшаши, нималар билан шуғулланиши, табиати ҳақида, қишда ҳаво совуқми ёки йўқ – ҳамма нарса ҳақида сўрарди. Уларда жанг кетяптими ёки тинч яшайдиларми, оқ гвардиячилар ва большевиклар у ерларда ҳам борми? Саволлар шу қадар соддалигидан поручик кулар, қўлидан келганича қизга ўзи тобора соғинаётган ва етиб боришга муяссар бўла олмаётган олис Японияси ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Лекин бу турдаги учрашувлар поручикнинг руҳини кўтарарди. У анча очилиб қолган, лабларидан табассум аримас ва буни қишлоқдагиларнинг барчаси сезди.
Одамлар улар ҳақида гапира бошладилар ва Савелий Парфёнов кунлардан бирида Ютаро Тоданинг устахонасига кирди-да:
– Негадир қизим сеникига кўп келадиган бўлиб қолдими? – деб сўради.
Поручик хижолат тортди.
– Ёмон хаёлга борманг. Биз шунчаки дўстмиз, холос. Гаплашяпмиз, у менга рус тилини ўргатяпти.
– Худо хайрингни берсин, – дея Парфёнов қалин соқолини тутамлади. – Аммо кўзингга қара, Настёна билан кўпам ўйнашаверма. Бизда бунга қаттиқ қарашади.
У кетгач, Ютаро Тода ўйга толганча узоқ ўтирди. У партизан отряди командирининг қизига муносиб эмаслигини яхши биларди. Шунингдек, жиддий бир муносабатни ҳам кўзлагани йўқ эди. Фақат эътибори ва қалбан меҳрибонлиги учун қиздан жуда миннатдор эди, чунки шу туфайли ўзида яна ҳаётга қизиқиш уйғонганди. Унда аввалги ғайрат-шижоат, бўлаётган воқеа-ҳодисалар гирдобига фаолроқ киришишга интилиш пайдо бўлди.
Ўша кундан бошлаб улар Настёна билан камроқ учраша бошладилар. Отаси у билан қаттиқроқ гаплашдими ёки қизда бошқа бир машғулот пайдо бўлдими, ишқилиб, ундаги совиш сабабини Ютаро Тода барибир билолмади. Аммо энди Настёна унинг устахонасига деярли кирмай қўйди, кейинчалик эса бутунлай кўринмай қолди. Бир йилдан сўнг помор йигитга турмушга чиқди-да, у билан балиқчилар қишлоғига жўнаб кетди, шундан сўнг Ютаро Тода уни қайтиб кўрмади. У қизнинг пуштиранг гўзал юзини, у билан гаплашгандаги очиқлиги ва самимийлигини узоқ вақт эслаб юрди. Ютаро тақдир унга қисқа бўлса-да, ҳаётида муҳим ўрин тутган мана шундай учрашувни инъом этганидан миннатдор эди.
Қиш тугаб, қор эриди. Йўллар очилиб, қисқа фурсатли осудалик оғир жанговар ҳаракатлар билан алмашди. Қизил армия қисмлари ҳамда партизан бирлашмалари икки томондан сиқувга олгач, оқ гвардиячилар полки Соликамск ва Вологдага қараб чекинди, аммо у ерларда ҳам қақшатқич зарбаларга дучор бўлди. Партизанлар Архангельскни озод қилдилар ва бирлашма штаби илгари япон отряди штаби бўлган, бир пайтлар полковник Исикура йиғилиш ўтказган уйда жойлашди. Буни англаган поручикнинг кўнгли бузилди. Собиқ штаб жойлашган уй тепасида япон байроғи ўрнида энди қизил байроқ ҳилпирар, Архангельскда эса советлар ҳокимияти ўрнатилган ва янгидан ташкил қилинган поморлар кенгашини яна Савелий Парфёнов бошқарарди.
Ютаро Тода Архангельскда билдики, ишчи ҳамда камбағал деҳқонларнинг ички ва ташқи контрреволюцияга қарши қуролли кураши йирик муваффақият қозонган. Шарқдан адмирал Колчак қўмондонлигидаги, жанубдан генерал Деникин ва ғарбдан эса Юденич бошчилигидаги оқ гвардиячиларнинг ҳужуми қайтарилган, сўнгра бутунлай тор-мор қилинганди. Антанта давлатлари уринишлари бефойдалигини фаҳмлаб, ўз армияларини чақириб олдилар ва советлар мамлакатининг блокадаси бекор қилинди. Дунёдаги биринчи Совет давлати сақлаб қолинди. Партизанларнинг фаол иштирокида Урал, сўнгра Сибирь озод қилинган, шимолда ва Каспий денгизи ёқаларидаги оқ гвардиячиларнинг қолган қўшинлари сиқиб чиқарилганди.
Ютаро Тода ушбу хабарларни поморлар советида аралаш ҳиссиётлар билан тинглади. Япон қўшинлари ҳам ўз юртларига қайтган, энди ўзиникилар томонга қайтиши ҳам қийин масалага айланганди. Очиғи, ўзи ҳам билмасди – қадрдон бўлинмасига қайтишни хоҳлаган бўлармиди у? Партизанлар бўлинмасида ўтказган икки йили бежиз кетмаганди. Эндиликда у кўп нарсаларни тушуниб қолган ва бошқача қабул қиларди.
Савелий Парфёнов поручик қандай ҳиссиётлар гирдобида қолганини сезиб турарди.
– Мана, кўргин, – деди Парфёнов Ютаро Тодага. – Мана бу қоғозни Москвадан олдик. Қара, нималарни ёзишибди.
Парфёнов олинган хабар нафақат Ютаро Тода, балки кенгаш хонасида ўтирган барчанинг онгига етиб бориши учун баланд овозда ўқий бошлади:
– “Фуқаролар уруши халқнинг бошига улкан кулфатлар ёғдирди. Жанглардаги очлик, касалликлар ва террордан 13 миллионга яқин киши, жумладан, Қизил армия сафларидан бир миллионга яқин жангчи ҳалок бўлди. Фуқаролар уруши охирида 2 миллионга яқин киши мамлакатдан кўчиб кетди. Халқ хўжалигига етказилган зарар 50 миллиард тилла рублни ташкил қилди, саноат ишлаб чиқариши 1913 йилдаги даражадан 20 фоизгача тушиб кетди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш қарийб икки бараварга қисқарди.” Ҳа, ўзимизнинг ўлкамизга қараб ҳам хулоса қилсангиз бўлади, – давом этди Савелий Парфёнов. – Соғлом ва бақувват эркакларимизнинг қанчасидан айрилдик? Қанчадан-қанча оилалар боқувчисиз, етим қолишди? Балиқ тутиш ва ов нималигини қарийб эсдан чиқардик, ерларимиз шудгорсиз қолди, очлик ва касаллик ҳар бир хонадонга жойлашиб олгандек бўлди. Оғир, жуда оғир бўлди! Лекин ростакам ҳаётни қуришимиз ўзимизга боғлиқ. Келинглар, оқларни охиригача урайлик, уларнинг отряди қолдиқлари ўрмонларимизда, олис қишлоқларимизда яшириниб ётибди, қароқчилик ва талончиликни давом эттиряпти. Охиригача уришайлик, сўнг барча бузилганларни тиклаймиз…
Ютаро Тода ҳам бу сўзларни аралаш ҳиссиётлар билан тинглади. Уруш поморларга қандай кулфатлар келтирганини у ўз кўзлари билан кўрди. Гарчи офицерлик бурчини бажарган бўлса-да, ушбу воқеаларда ўзининг ҳам маълум даражада айби бор эди. Аммо буни ўз бурчини бажаргани билан оқлаб бўладими? Чунки поморлар Японияга эмас, балки унинг ўзи уларнинг ерига қўлида қурол билан кириб келган. Тўғри, мана, икки йилдан буён шимолликларга машаққатли жанговар курашида кўмаклашмоқда, лекин унинг бу кўмаги қонли тўқнашувлар оловини сўндириш учун етарлимиди?
Парфёнов унга бир неча марта ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчи вазифасини таклиф қилди, чунки унга ўқув юртида поручик ўзлаштирган махсус билимлар етишмаётганди. Лекин Ютаро Тода ҳар доим рад этар ва “Бир-бирига қарши курашаётган ҳар икки тарафнинг ўзига яраша ҳақиқати бор” деб ҳисобларди. Энди у оқ гвардиячилар гуруҳларини сиқиб чиқаришда поморларга фаол кўмаклашишга аҳд қилди. Эшитгани – фуқаролар урушидаги халқ йўқотишлари уни даҳшатга солди. У қизиллар тарафида ҳам, оқлар тарафида ҳам эмас (қолаверса, бу Россия аҳолисининг ички иши), фақат урушга қарши эди. Поручик ҳар бир мамлакатда армия бошқа бир давлат ерига бостириб кириш учун эмас, балки ўз ерининг ҳимояси учун кераклигига ишонч ҳосил қилди.
Ўша кундан бошлаб поручикнинг ҳаёти бошқача аҳамият касб эта бошлади. У суткалаб партизан бир лашмаси штабида қолиб кетадиган бўлди. Харитада отрядлар ҳаракатини белгилар, қаерда пистирмалар қуриш кераклиги, душманни қандай қуршовга олиш ва қаршилик кўрсатишни тўхтатишга мажбурлашни тушунтирарди. Парфёнов ўзининг ақлли маслаҳатчисидан кўнгли тўқ эди. “Калланг яхши ишлайди, ошна, – дерди у гумбурлаган товуш билан. – Тез илғайсан. Сизнинг Япониянгизда ақл билан ўргатишаркан.”
Нима ҳам дердик, Ютаро Тодага бу сўзлар ёқиб тушарди. У душманнинг шаҳарга қўққисдан ҳужумига қарши архангельскликлар ковлаган мудофаа иншоотларини кўздан кечиргач, уларни танқид қилди.
– Мана, қаранг, – деди у Савелий Парфёновга, – ҳар бир жангчи учун окоп қазигансиз, лекин улар бир-бири билан боғланмаган. Агар кимдир яраланса, унга ёрдам бериш учун олдига қандай ўтасиз? Окопларни хандақлар билан бир-бирига боғлаш зарур. Бу – бир. Қолаверса, ҳар бир окопнинг олдида ўқ ва бомба парчаларидан ҳимоя қилиш учун ясама дўнглик қилинган. Эҳтимол, тўғридир, лекин бу тепачалар узоқдан кўзга ташланиб турибди ва душман аниқ нишонга олиши учун яхши мўлжал бўлади.
Чинакам шимоллик денгизчи ўзидан қарийб икки баравар ёш маслаҳатчининг сўзларини эшитаркан, серсоч энсасини қаширди.
– Унда нима қилиш керак?
– Бу дўнгликларни йўқотиш ва жангчи унда бор бўйи билан тик тура олиши учун окопларни чуқурлаштириш ҳамда шох-шаббалар ва чим билан яшириш керак. Ва яна: оқларнинг енгил тўплари бор, уларни осонгина ғилдиратиб келиб, ковлаган истеҳкомингизни тўғри мўлжаллаб ўққа тутади. Сизларда тўп йўқ, демак, тунги рейдлар қилиб, тўпларни ишдан чиқариш учун уларнинг артиллерияси турган жойга ҳужум қилиш керак. Акс ҳолда, тўқнашув давом этаверади. Бундан ташқари, бояги окоплар ва ҳимоя дўнгликлари ёрдамида душманни чалғитиш учун ёлғон пана жойлар ташкил қилинг, фақат у дурбинда кўринадиган даражада бўлсин. Шунда улар ўша окопларни тўпдан ўққа тутаверади. Оқ гвардиячилар шусиз ҳам кам бўлган снарядларини беҳуда сарфлаб бўлгач, ўрмон ва тундрага чекинади, у ерда уларни осонгина қўлга оласизлар. Улар бутунлай нотаниш шароитда жанг қилишяпти, сизга эса бу ернинг ҳар бир қаричи яхши маълум.
Поморлар поручикнинг маслаҳатларини миннатдорлик билан қабул қилиб, тавсияларига қулоқ тутишди. Талафот камайиб, жанглар муваффақиятлироқ кеча бошлади.
Ютаро Тода партизанлар бирлашмаси командирининг маслаҳатчиси сифатида ҳаракат қилар, аммо қўлига милтиқ олмас, жанг ҳаракатларида фаол иштирок этишга ўзини ҳақли ҳисобламасди. Лекин бу ҳолат бир воқеа юз бериб, қалбини туғёнга келтирганидан сўнг ўзгарди ва бўлаётган ҳодисаларга бошқача қарашга мажбур қилди.
Ҳар икки тараф ҳам жон-жаҳди билан қаршилик қиларди. Қизиллар ҳам, оқлар ҳам ярашув ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмаслигини, қайсидир томон батамом яксон қилинишини яхши тушунардилар. Асирларни отиб ташлашар, чунки уларга жой ҳам йўқ, сақлаб туриш ҳам ортиқча юк эди. Лекин партизанлар инсонпарварлигини ҳали йўқотмаган, оқ гвардиячи асирларни азобламас, уларни ортиқча қийнамасдилар.
Оқларнинг ваҳшийликлари чегара билмасди. Улар асирларга милтиқ учини суқиб олар, кўксига юлдузча ўйишар, қонли яраларига туз сепишарди. Партизанларни тириклай ерга кўмишар, уларни оловда куйдиришарди. Уларни осишар ёки қилич билан нимталашарди.
Бундай ваҳшийликларни Ютаро Тода тушунмасди. “Душман сенга қарши уришаётган пайтда душманлигича қолади” деб ҳисобларди у. Лекин асирга тушгач, у душман бўлолмайди, энди унга асирлар билан инсоний муомала қилиш тўғрисидаги халқаро конвенциялар қўлланади. Бу ерда эса ҳеч қанақа шартномалар, инсонпарварлик тамойиллари инобатга олинмасди.
Энди поручик ҳам оқларга қарши жанг қила бошлади. У кечки рейдларда иштирок этар, оқларнинг позицияларига бекиниб бориб, қўққисдан ҳужум қиларди. Душман артиллериясини, ўқ-дори омборларини йўқ қилар ва устидан оқлар пулемётдан кетма-кет ўқ отганида ерга қапишиб ётарди.
Партизанлар Мезендан оқларни қувиб чиқариб, шаҳарга кириб боришди. Уйларнинг бири олдида оломон тўпланиб турарди. Ютаро Тода ҳам ўша томон юрди. Кўрганлари эса қалбини ларзага солди. Уйнинг ёғоч тўсинли деворига икки қизнинг жасади михлаб қўйилганди. Улар қип-яланғоч ечинтирилган ҳамда қилич билан нимталаб ташланганди. Ваҳший жаллодлар уларнинг қоринларини ёриб, ичига китоб тиқишганди. Бу икки қиз Мезенга мактаб очиб, болаларни саводли қилиш учун келган ўқитувчилар бўлиб чиқди.
Оломон орасидан ҳиқиллаган ва ҳўнграб йиғлаган товушлар эшитилди. Кўрганларидан Ютаро Тоданинг кўзлари хиралашди, кўзларига ёш келганидан уялиб, тезроқ четга ўтишга шошилди. Оқларнинг ваҳшийликлари уни даҳшатга солди. Душманларни ўлдириш мумкин, лекин аёлларни… Вологдадан энг эзгу ниятлар билан келган ўқитувчи аёлларни қатл этиш… Бу унинг онгига сиғмасди.
У душманларга қарши ҳамма билан баравар жанг қила бошлади. У фақат бир ишни қилмади – асирларни отмади, тўғриси, уни бунга ҳеч ким мажбурламади ҳам. У йирик партизан бирлашмасида командир маслаҳатчиси, аниқроғи, иккинчи одам эди.
Жанговар амалиётлар чоғида кўпинча у ерга арча шохларини тўшаб, устига калта пўстинини ёпинганча ўрмонда тунаб қоларди. Баъзан узоқ саёҳатлар қилар, отда юришни ўрганиб олган ва бу борада тажрибали отлиқлардан кам эмасди. Унинг партизанлар сафидаги учинчи йили тугаб борарди. Улар Ютаронинг япон офицери эканини, Поморьега душман сифатида кириб келганини ҳам аллақачон эсларидан чиқариб юборишганди. У худди архангельскликлардек бўлиб кетган, уни ҳурмат қилишар, поручик билан ҳисоблашишарди, ўз навбатида Ютаро Тода ҳам буни табиий ҳол сифатида қабул қиларди.
Кечқурунлари гулхан атрофида ўтирганча партизан қўшиқларини тинглар ва ўз тақдири ҳақида ўйлар, унинг ғалати бурилишларидан ҳайрон бўларди. Ўшанда Нагоядаги офицерлар билим юртига ўқишга кирганида, олис Россиянинг шимолида партизан бўлишини, мансаб ва офицерлик фаолияти тўғрисида ўйламай, жангга киришини тасаввур қилганмиди? Айтганча, у партизанлар орасидаги ягона чет эллик эмасди. Уларнинг сафида корейслар, хитойлар, чехлар, серблар, поляк, ҳатто бир шотланд ҳам бўлиб, унга доим ҳазиллашишар ва иссиққина, пахтали шимини аёлларнинг бўз юбкасига алмаштиришни таклиф қилишарди.
Поручик тутаб ёнаётган гулханнинг ўрмалаётган алангасини кузатаркан, оловга қуруқ чўп ташлаб, узоқларда қолдириб келган ватани ҳақида ўйлади. Аввалги ҳаёти унга тушда кечгандек туюлар, худди бўлак-бўлак лаҳзаларга бўлиниб, бир бутунлигини йўқотгандек эди. Ўтган уч йилда у жуда кўп кўргиликларни бошидан ўтказган, ҳозирги воқелик эса ўтмиш қиёфасини тўсиб қўйганди. У ҳатто русча фикрлай бошлаганини сезиб қолди. Бегона тил унга одатийдек бўлиб қолган ва фикрини русчада деярли эркин тушунтира олар, ҳатто ўзи ҳам сезмасдан поморлар лаҳжасининг барча хусусиятларини ўзлаштириб борарди. У ўйга толди: энди уйга қайта олармикин ва ҳозирги ҳолатини қандай қабул қилишаркин? Уни Японияда тушунишармикин, нега ва қандай қилиб партизанлар орасида пайдо бўлиб қолгани ҳамда қўлида қурол билан уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила бошлаганини равон тушунтира олармикин? Бу фикрлар ташвишга солгани сари уларга жавоб топмоқчи бўлар ва топа олмас, шу сабаб бундай мулоҳазаларни ўзидан қувиб солишга ҳаракат қиларди.
Ютаро Тода йигирма олти ёшга тўлди. Лекин ёшига нисбатан анча катта кўринарди. Ўлим хавфи билан тўла оғир ҳаёт уни яшаган йилларига нисбатан тезроқ улғайтирганди. Баъзан ойнага қараб, у ўзини таний олмасди. Ўсмирларга хос юмалоқ юз йўқолган, у қуруқроқ бўлиб қолган, кўзларда илгариги бепарволик кўринмас, нигоҳлари теран ва ўткирлашганди. Бу кўпни кўрган эркак қиёфаси эди.
* * *
Қизил армия қолган оқ гвардиячилар отрядларини шимолга сиқиб борар, партизанлар уларнинг ҳаракатини чеклар ва душманлар худди икки улкан тегирмон тоши орасида эзилаётгандек аҳволга тушарди.
Яқинроқда жанг қилаётган қизил армиячилар командири партизанларга Котласни оқ гвардиячилардан озод қилишда бирга амалиёт ўтказишни таклиф қилди. Оқ гвардиячилар қўлида жанг қилаётган анчагина сонли қалмиқлар жазо отрядлари вазифасини ўтаётганди. Қизил армиячиларнинг эса улар билан алоҳида ҳисоб-китоблари бор эди. Ютаро Тода бўлинмаси штаб бошлиғи билан бўлажак ҳарбий амалиётнинг барча икир-чикирларини келишиб олди.
Котласга ўзларини сездирмай, яширин етиб боришди. Шаҳарни узоқдан ҳалқага олишди, шунда кейинроқ уни торайтириш ҳамда рақибни буткул йўқ қилиш мумкин бўларди. Қуршов якунлангач, ракета сигналига кўра душман турган жойга ҳужум бошланди. Ҳужумни эса айни тонг отиб улгурмасидан – соқчилар мудраб, ҳушёрлик ни йўқотаёзган пайтда уюштирдилар. Ўз одамларини бегоналардан фарқлаш учун партизанлар қўлига қизил боғичлар тақилди.
Тўсатдан ҳужумга учраган оқ гвардиячилар баҳамжиҳат қаршилик кўрсата олмади ва гуруҳларга бўлиниб кетди. Кўпчилиги чала-чулпа кийинган, лекин жон-жаҳди билан ҳимояланар, чунки қўлга тушса, раҳм-шафқатга умид қила олмаслигини яхши билишарди. Иккала томондан ҳам талафотлар кўп бўлди, бироқ ҳар битта ҳалок бўлган партизанга ўнлаб оқ гвардиячилар аскари тўғри келарди.
Савелий Парфёнов яралангани тўғрисида хабар тарқалганида, партизанлар довдираб қолди. Бундай шароитда командирсиз қолиш ҳаракатларда бирдамликдан маҳрум бўлишни англатарди. Шунда Ютаро Тода жангда етакчиликни ўз бўйнига олди. У тезда вазиятни баҳолаб, аниқ ва лўнда буйруқлар бера бошлади. Бундан руҳланган партизанлар шаҳарнинг ҳар бир уйи, ҳар бир кўчаси учун янги куч билан жанг олиб борди.
Кечга бориб Котлас озод қилинди. Фақат кам сонли оқларга қуршовдан чиқиб қочиш насиб этди.
Ютаро Тода партизанлар қўшинининг яраланган командири ётган уйга кирди. Унинг юзи оқариб кетган, кўзлари киртайиб қолганди. Парфёнов кўп қон йўқотган, лекин жароҳат ҳали унчалик хавфли эмасди.
– Мана, ўзинг ҳам келдинг, – деди хириллаб Парфёнов. – Раҳмат, оғайни, ўрнимда турганинг учун. Аскарлар сени мақташди, чинакам эр йигит экансан. Шошган эканманда, Настёнани сенга беришим керак эди.
Савелийнинг юзида заиф жилмайиш пайдо бўлди, у ҳазиллашарди, аммо бу орқали Ютаро Тодани ўзи билан тенг кўраётганига иқрорлик сезиларди, буни поручик жуда қадрлади.
У уйдан чиқди-да, айвонда туриб қолди. Ёзнинг иссиқ тафти поёнига етар, офтоб яшил ўрмон чети узра ботиб борарди. Шаҳар кўчалари қизил аскарлар ва партизан ларга тўла эди. Асирларни олиб кетишар, уйларига жойлашишар, қўлга туширилган қурол ва ўлжаларни уюм қилиб тўплашарди. Кулги овозлари, шўх хитоблар эшитиларди.
Ютаро Тода бирдан Поморьега келганига роса уч йил тўлганини эслади. Уч йил… бир қарашда узоқ вақтдек кўринмаса-да, бу орада шунчалик кўп воқеа содир бўлдики, уларни бошдан кечириш учун кимгадир бир умр камлик қиларди.
У зинапояда яна бироз турди, сўнг партизан штабига берилган уйга қараб шошилди. Ундан командирлик масъулиятини ҳали ҳеч ким олмаганди. Талафотларни ҳисоб-китоб қилиш, партизанлар дам олиш учун қандай жойлашгани, уларга иссиқ овқат йўлга қўйилганини назорат қилиш керак эди. Булардан ташқари, постларни белгилаш ва соқчилик хизматини ташкил этиш лозим бўларди.
Жанг тугаган, лекин ҳушёрликни қўлдан бермаслик керак эди.