Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Япон зобити», sayfa 5

Yazı tipi:

4

1923 йил.

Россияда фуқаролар уруши поёнига етаётганди. Мамлакат олов ичида қолган ўрмонни эслатарди. Дарахтларнинг ёнғинда қорайган учлари, қачонлардир серҳосил бўлган ёнғоқ буталаридан фақатгина яккам-дуккам новдалар қолганди. Атрофни кул ва чўғ ҳиди тутиб кетганди. Қушларнинг сайраши эшитилмас, улкан ўрмон дарахтлари шохларидан ўз ғоваклари томон сакрайдиган чаққон олмахонлар ҳам кўринмасди. Кишини эзувчи қандайдир оғриқли сукунат ҳукм сурарди. Вақти-вақти билан пана бурчаклардаги қорайиб кетган дарахтларда ёниб сўнаётган кўкимтир олов тиллари кўзга ташланарди. Ўткир куйинди ҳиди сезилар, худди бу ерларга ҳеч қачон ҳаёт қайтмайдигандек эди.

Аммо сиртдан шундай кўринарди, холос. Поморлар ўз қишлоқларини тезлик билан тиклашарди. Арраларнинг зувиллагани, болтанинг тарақлаётгани эшитилар, ёниб битган хонадонлар ўрнида янги ёғоч деворлар қад кўтарар, тилларанг тўсинлар ялтирарди.

Ютаро Тода Архангельскда эди. Поморьеда душманнинг ҳали тугатилмаган тарқоқ тўдалари изғиб юрарди. Улар кечалари қишлоқларга бостириб кирар, фаолларни ўлдирар, мактабларга, ташкилотларга ва кутубхона жойлашган уйларга ўт қўярди. Аввалги партизанлар отрядларидан тезкор гуруҳлар ташкил этилган бўлиб, уларга оқ гвардиячилар қолдиқларини тугатиш вазифаси юкланганди. Бундай отрядлар тузишни Савелий Парфёнов Ютаро Тода зиммасига топширди. Поручик эса бу ишларни жон деб бажарарди. У отрядларга ёш, бақувват йигитларни тўплар, чунки ўрта яшар ва кексалар вайрон қилинган хўжаликларни тиклаши лозим эди.

Оқ гвардиячиларнинг мундирлари керагидан ортиқ миқдорда қўлга туширилган ва жангчилар энди янги кийимларда юришар, фақат шапкалардаги нишонлар ўрнида қизил ленталар кўриниб турарди. Поручик уларни жанг санъатига ўргатар, амалий тажриба эса душман билан тўқнашувда орттирилишига ишонарди. Аллақачон дастлабки тўқнашувлар бўлиб ўтган, Ютаро Тода ёшларнинг иштиёқ билан жанг олиб бораётганидан кўнгли тўқ, улар орасида қўрқоқлик қиладиган ва ташлаб қочадиганлари йўқ эди.

Ўша отряд ва япон поручигининг тақдири келгусида қандай кечишини худо биларди-ю, лекин кутилмаган бир воқеа рўй берди. Архангельскка Москвадан, ўзининг ғурурланиб айтишича, “Хизмат кўрсатган инқилобчи” Абрам Гоц раҳбарлигидаги комиссия келиб қолди. Комиссия алоҳида ваколатларга эга эди. У Поморьеда Совет ҳукуматини тасдиқлаши, маҳаллий ҳокимиятнинг марказ билан алоқасини йўлга қўйиши, поморларнинг эҳтиёжларини аниқлаши ва уларга имкон қадар кўмаклашиши керак эди.

Комиссия таркибига йигирма киши кирарди. Бу инсонлар, ўша давр ифодасига кўра, ҳарбий мутахассислар ва хўжалик ходимлари, шунингдек, сиёсий ходимлар эди. Раис Абрам Гоц яқин ўтмишда большевикларга фаол қарши турган эсерлар5 партияси аъзоси эди. Аммо Октябрь тўнтаришидан кейин у шамол қайси томонга қараб эсишини тезгина илғаб, Коммунистик партияга кирди ва энди ўзини ҳар қандай кўламдаги юмушни бажара оладиган ишбилармон раҳбар сифатида кўрсатишга зўр бериб уринарди.

Абрам Гоц Лев Троцкийни худодек кўрар, унга ҳар томонлама тақлид қилар, ҳатто ташқи кўринишини ҳам унга ўхшатгиси келарди. Унинг малларанг сочи худди Троцкийникидек калталанган, мўйлов ва соқоли ҳам шундай, кибр билан боқувчи кўзлари устига қўндирилган пенснеси ҳам унга тақлидан эди. Гоц баланд овозда гапирар, ҳеч қандай эътирозларни эшитгиси келмас, умуман олганда, у ўзини гўё чекка бир ўлкага тушиб қолган-у, бу ерларда инқилобий ишлар тамойилларини бошидан тушунтиришга тўғри келаётгандек кўрсатарди.

Савелий Парфёнов жароҳатдан сўнг энди ўзига келаётганди. У ҳассага суяниб зўрға юрар, поморлар кенгашида чамаси бирор соатлар бўлар, қолган пайт уйда ётарди. Комиссия раиси Архангельскка келишининг илк кунлариданоқ бошқарув жиловини ўз қўлига олганини шундан ҳам тушунса бўларди. У ҳамма ишга аралашар, поморларга ақл ўргатар, ижирғаниб лабларини буриштирганча ўзига юқори даражадаги қулайликлар ва иззату икром талаб қиларди.

Парфёновга комиссия раисининг бундай хулқ-атвори ёқмади, лекин марказдан юборилгани учун Поморьеда у билан муроса қилишларига тўғри келади. Алоҳида тушунмовчиликлар юзага келганича йўқ эди. Комиссия вайрон қилинган хўжаликларни тиклаш режасини маъқуллаб, кенгаш аъзоларини тасдиқлади, марказ Поморьега нималар билан ва қандай кўмаклаша олиши мумкинлигини чамалаб кўрди, бироқ кўпроқ ўз кучларига таянишлари кераклигини таъкидлади. Хуллас, гап ҳаракатчан отряд тузиш масаласига келиб тўхтади.

– Командир сифатида Ютаро Тодани тавсия қиламиз, – деди Савелий Парфёнов, қийналиб нафас оларкан.

Абрам Гоц унга синовчан назар билан тикилди.

– Ютаро Тода, – секин такрорлади у гўё бу сўзлар қандай жаранглашини текширмоқчидек, – нима, у маҳаллий шимоллик халқларингизданми?

Парфёнов “йўқ” дегандек бош чайқади.

– Йўқ, бу япон офицери, поручик.

Комиссия раисининг кўзлари қинидан чиққудек бўлиб олайиб кетди.

– Япон офицери? У қаердан келиб қолди?

– Асирга тушган. Ақлли йигит. Аввал бизга қуролсоз уста сифатида ёрдам берди, кейин ўзимга маслаҳатчи қилиб олдим. Биз билан бирга жанг қилди, қарашларимиз бир хил.

Гоц Парфёновга кўз узмай тикилиб қолди. Унинг юзида ҳайрат ва ҳаддан ташқари ғазаб пайдо бўлди.

– Ақлдан озганмисизлар?! – унинг овози бўғилганидан хириллаб чиқди. – Сизларнинг синфий ҳушёрлигингиз қаерда қолди? Қизил армия сафида подшо офицерларидан ҳам анчагинаси бор эди. Улар совет ҳокимиятини мустаҳкамлашда ёрдам беришди. Лекин биз бундайларга эҳтиёткорона муносабатда бўлдик ва ҳозир улар билан ОГПУ шуғулланяпти. ОГПУ нималиги биласизларми?

Савелий Парфёнов елка қисди:

– Россия ҳукуматидаги ўзгаришлар ҳали бизгача етиб келмади.

Абрам Гоц стулда қаддини ростлади. У қаршисида ўтирган поморларга такаббурона тикилди.

– Хўп, сизга тушунтираман. Бу – Россия Ички ишлар халқ комиссариатида аввалги ЧК – Фавқулодда комиссия ўрнида ташкил қилинган янги орган. ОГПУ – Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси. Давлат… – Гоц сўзларининг салмоқдорлигини таъкидламоқчи бўлгандек, кўрсаткич бармоғини юқорига ниқтади. – Сиёсий… У давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Бу ерда ҳам ОГПУнинг маҳаллий бошқармасини ташкил этишимиз ва унинг раисини тасдиқлашимиз керак. Биз эса нимани кўряпмиз? Сиз синфий душманимизни бекитиб ўтирибсиз, қолаверса, уни жанговар отряд командири қилиб тайинлабсизлар. Каллангиз жойидами ўзи?

Комиссия раисининг овози пўлатдек жаранглай бошлади.

– У бор отряди билан оқлар томонига ўтиб кетмаслигига ва орқангиздан зарба бермаслигига ишона оласизми?

– Ишона оламиз, – қатъий жавоб берди Парфёнов. – У кўп марта шундай қилиши мумкин эди, лекин биз билан қолди. Ютаро Тода жангда ўзини яхши кўрсатди ва унга тўлиқ ишонамиз.

Абрам Гоц қўлларини икки тарафга ёзди.

– Ғаройиб калтабинлик! Оқ гвардиячилар билан ҳам, Антанта қўшинлари билан ҳам нега бу қадар суст жанг олиб борганингизни энди тушундим. Бунақа маслаҳатчи билан Совет ҳукуматини бирваракайига топшириб юбормаганингизга ҳайронман!

Савелий Парфёновнинг юзи ғазабдан қизариб кетди.

– Муҳтарам раис, нега энди бизни ҳақоратлаяпсиз? Архангельскда ўтириб партизанларга Совет ҳукумати ҳақида сабоқ бераётганингизнинг ўзиёқ муносиб жанг қилганимиз ва Поморьени озод этганимиз исботидир. Ва биз томонимизга ўтган япон офицери ҳам бу ерда чакана жанг қилмади. Сиз уни билмайсиз, у билан ҳали гаплашиб ҳам улгурмадингиз-у, комиссиянгизни унга қарши қайраяпсиз!

Абрам Гоцнинг лаблари қимтилиб, ингичкалашиб кетди.

– Бунақа қарашларингиз билан поморлар кенгаши раиси лавозимини эгаллашингиз мумкин эмас! Сиз бу ердаги Совет ҳукумати вакили бўла туриб, марказдан келган комиссия фикри билан баҳслашяпсизми? Москвага бу ҳақда хабар бераман ва бундай масъул вазифага тайинланишингиз мақсадга мувофиқми-йўқми, кўриб чиқамиз.

– Бемалол, – деди қайсарлик билан Парфёнов, – бу вазифага жуда ёпишиб қолганим йўқ ва ўзим аниқ билган нарсамни гапиряпман. Хоҳлаган партизандан япон офицери қандай одамлигини сўранг, уларнинг ҳаммаси у ҳақида фақат яхши гап айтади.

– Келишиб олгансизлар, – Абрам Гоц яна нималардир демоқчи эди, комиссия аъзоларидан кимдир ундан чаққонлик қилди. Бу гавдаси тўла, қизил юзли, шу пайтгача индамай ўтирган ҳарбий мутахассис эди.

– Ўртоқ Гоц тўғри айтяпти: бу ерда мамлакатнинг бир чеккасида яшайсиз ва душманнинг айёрона тўқималарини билмайсизлар. Душман фақат қўлида милтиқ кўтариб сизга қарши бораётган одам эмас. У дўстингиз қиёфасида ҳам бўлиши мумкин. Қизил армияда биз бунақа сохта дўстларнинг кўпини кўрганмиз ва фош ҳам қилганмиз. Сизнинг Ютаро Тодангиз япон жосуси эмаслигига ишонасизми? Уни асирга олишингизни, сўнг ўз қўмондонларига барча режаларингизни етказишни у онгли равишда режалаган бўлиши ҳам мумкин. Бу эҳтимолни назардан қочирмаяпсизми?

– Йўқ, бундай ўйламайман, – дея туриб олди Парфёнов ўзиникини маъқуллаб. – Ва ҳурматли зот, айтинг-чи, у қандай қилиб режамизни етказиши мумкин эди? Ахир уни бир йил кеманинг остки бўлмасида сақлаганмиз ва кўзимизни узмаганмиз.

Ҳарбий мутахассис такаббурона илжайди.

– Узоқ муддатли ҳаракатни кўзловчи жосуслар бор. Уларни бегона давлатга ташлашади, улар ўша ерда бир йил, икки йил, борингки, ўн йиллар яшайди, кейин керакли маълумотларни етказиб беришни бошлайди. Япон офицерингиз шундай яширин айғоқчилардан.

Савелий Парфёнов гаплари беҳуда бўлишини англаб, қўл силтаб қўя қолди.

– Ҳар қандай ҳолатда ҳам, биз ўша машҳур командирингиз билан учрашамиз ва суҳбатлашамиз, – деди Абрам Гоц чўзилиб кетган суҳбатга якун ясаб. – Лекин шунга қарамай, ҳурматли кенгаш раиси, таъкидлашим зарурки, сизларда инқилобий ҳушёрлик етишмаяпти. Бурнингизнинг тагидаги битта чет эллик айғоқчини пайқамагансизлар.

– Бизда бунақа айғоқчилардан ўнлаб топиларди, – деди чарчаган оҳангда Парфёнов. – Партизан қўшинимизда кимлар жанг қилмади дейсиз, венгерлар, поляклар, чехлар, серблар ҳам… бор эди… У ёғини сўрасангиз, уларнинг бари Совет ҳукумати учун жонини аямади.

– Энг ёмони шунда-да, – бўш келмади Абрам Гоц. – Кўриниб турибдики, ОГПУнинг бу ердаги маҳаллий бўлимига биринчи кунларданоқ иш топиларкан. Мабодо яширин айғоқчилар қаторида сизни ҳам сиёсий кўрлигингиз учун жавобгарликка тортишса, ҳайрон бўлиб ўтирманг.

Парфёнов индамай қўя қолди. Аввалига у марказдан комиссия келганига хурсанд бўлганди, аммо улар билан тез-тез учрашавергач, ҳафсаласи пир бўлди. Шундай таассурот уйғондики, гўё улар бошқа-бошқа тилларда сўзлашаётгандек эдилар. Поморлар кенгаши амалий ёрдам ўрнига нуқул танбеҳ ва маломатлар эшита бошлади. Комиссия фақат тирноқ остидан кир қидириб, большевиклар сиёсатини қўллаб-қувватлаган поморларнинг хизматларини ҳеч инобатга олмасди. Бунақа сиёсий фитналардан бехабар Парфёнов Абрам Гоц ва бошқаларга ўхшаганларнинг яширин иккиюзламачилигини қаёқдан ҳам билсин? Кечаги эсерлар бир юмалаб коммунистларга айланган ва яқиндагина ўзларининг мухолифи бўлган большевикларга душманона кайфиятидан ҳануз воз кечмаганди. Улар хўжакўрсинга биргаликда ҳаракат қилишса-да, аслида қўлдан келганча Совет ҳукуматига зарар келтириш пайида эдилар. Япон офицери билан боғлиқ ҳолатда эса Абрам Гоц яққол кўзга ташланиш учун ажойиб имкониятни кўрган – у ўзини узоқ шимолда жосуслар уясини фош қилган ўта ҳушёр давлат ходими сифатида кўрсатиши мумкин эди. Шу билан бирга, у Савелий Парфёновни ҳам шарманда қилган ва поморлар қалбида янги ҳукуматга ишончсизлик уйғотган бўларди.

Япон офицери тўғрисида бир тўхтамга келиб бўлинган ва у билан учрашув ҳеч нимани ўзгартира олмасди. Албатта, Абрам Гоц шунчаки томоша учун Ютаро Тодани комиссияга чақириб, у билан суҳбатлашишни мўлжаллаб қўйганди, лекин мансаб поғонасидан кўтарилиши учун поручик зинапоя бўлиб хизмат қилиши аниқ бўлиб улгурганди.

Шуни айтиш керакки, Абрам Гоцнинг ғайриқонуний раислик фаолияти кейинроқ фош қилинган ва Савелий Парфёновни қўрқитган ўша ОГПУда ўзининг кирдикорлари кўриб чиқилган. Лекин собиқ эсернинг кучли ҳимоячилари бўлиб, шу сабаб у судланмаган. Уни комиссия раислигидан олиб ташлашган ва кейинчалик у майда-чуйда хўжалик лавозимларида ишлаб юрди.

Япон поручиги билан суҳбатни кейинга қолдириб бўлмасди, зеро, Абрам Гоц “темирни қизиғида бос” дейдиганлардан эди. Аммо улар дастлаб Ютаро Тода кўчма отрядни жанг ҳаракатларига қандай тайёрлашини томоша қилмоқчи бўлишди. Машғулотлар Архангельск атрофидаги ялангликда кечаётганди.

“Занжир бўйлаб ёйилинг!” – буйруқ берди поручик ва жангчилар ҳалқа ҳосил қилишди. “Бўлинмалар асосида тақсимланиб, навбатма-навбат ҳаракат қилинг!”, “Душман окопларигача ербағирлаб силжинг!”

Ялангликда поручикнинг овози баралла янграрди.

Ҳарбий мутахассис қизиқиш билан кузатарди. “Ҳаммасини тўғри олиб боряпти”, – деди у очиқдан-очиқ маъқуллаш билан.

Абрам Гоц унга нафрат ила кўз қирини ташлади.

– Сезишимча, сиз ҳам синфий ҳушёрликни қўлдан бой беряпсиз. Нима деганингиз у – тўғри олиб боряпти? Албатта, у ҳаммасини рисоладагидек қилади, чунки бизни лақиллатиши керак. У худди шу отряд билан оқлар томонига ўтиб кетиши ва бизга қарши кураш бошламаслигига кафолат бера оласизми?

– Бу жуда қийин масала, – киноя қилди ҳарбий мутахассис. – Оқлар армиясидан майда-чуйда йўлтўсар гуруҳлар қолди, холос.

– Унда ўзининг японларига олиб кетиб қолади, – ўзиникини маъқуллаб туриб олди Абрам Гоц.

– Бунгаям шубҳам бор. Япон қўшинлари аллақачон ўз ватанида.

Комиссия раиси ғазабдан қип-қизариб кетди, у ўзига қарши чиққанларни ёқтирмасди.

– Кўриб турибманки, бу ердаги шароитлар сизни айнитяпти. Яна бироздан сўнг сизга ҳам ишониб бўлмай қолади. Марказга юборадиган ҳисоботимда бу ҳақда маълум қиламан.

Япон поручигининг отрядни қандай машқ қилдираётгани ёққан бўлса-да, ҳарбий мутахассис ҳам индамасликка мажбур бўлди. Ваҳоланки, Ютаронинг ҳаракатларида ҳеч қандай ғаразли белги йўқ, барча машқлар устав талабларига мувофиқ ва тахминий жанг вазиятида ўтказилаётганди.

* * *

Ютаро Тодани комиссия мажлисига таклиф қилишди. Қизил сатин тўшалган стол тўрида раиснинг ўзи ўтирарди. Комиссиянинг қолган аъзолари кенг хонанинг деворлари бўйлаб қўйилган курсилардан жой олишганди.

Поручик атрофга қаради, бу худди ўша – полковник Исикура кенгаш ўтказган хона эди.

Абрам Гоц Ютаро Тодага зимдан хўмрайиб тикилар, шу қараши билан уни довдиратиб қўймоқчи бўларди. Аммо япон зобити ҳеч қандай айбдорликни ҳис этмай, хотиржам турарди.

– Қани, бу ерда қандай пайдо бўлиб қолганингизни айтиб беринг-чи?

– Мана шу хонадами? – ҳайрон бўлди поручик.

Комиссия аъзолари кулиб юборди.

Абрам Гоц хўмрайди-да, қўлидаги қалам билан стол устида турган сувли графинни тақиллатди.

– Жиддийроқ бўлишингизни сўрайман, бу ер сизга цирк ёки театр эмас. Сиз эса, жаноб япон офицери, ҳазилларингизни йиғиштиринг-да, аслида нима гаплигини айтинг.

Ютаро Тода елкасини қисди.

– Сўранг, майли.

– Шундай қилиб, саволимни такрорлайман: сиз қандай қилиб Архангельскка, тўғрироғи, Поморьега келиб қолдингиз?

Поручик жавоб берди.

– Партизанларнинг қўлига қандай тушиб қолдингиз?

Бу саволга ҳам тўлақонли жавоб берилди.

Абрам Гоц заҳарханда қилди.

– Негадир сиздек ёш, яхши тайёргарликдан ўтган офицерни осонгина қўлга туширишганига ишонгим келмаяпти. Сиз ҳеч қанақа қаршилик кўрсатмагансиз.

Ютаро Тода яна елкасини қисди.

– Бўйнимга милтиқ қўндоғи билан туширишганди. Ўйлашимча, бунақа аҳволда сиз ҳам қаршилик кўрсата олмасдингиз.

Комиссия аъзолари яна кулишди. Ёш япон офицери қари эсер сафсатабозини ўз жавоблари билан кўлмакка ўтқазаётганини кўриш мароқли эди.

Абрам Гоц қаҳрдан қизариб кетди.

– Кўриниб турибдики, учрашувимизга яхши тайёрланибсиз. Худди илонбалиқдек қўлдан сирғалиб кетяпсиз. Сиз ҳақингизда яхшигина бош қотиришга тўғри келади.

Ютаро Тода индамади.

– Партизанлар қўлида асирдалигингизда япон қўмондонлиги билан қандай алоқа боғлагансиз? Ўртада алоқачи бормиди ёки сиз махфий хабарларни маълум бир жойга ташлаб келармидингиз? – дея янгради кейинги савол.

Поручик комиссия раисига ҳайрон қаради.

– Буни хоҳлаганимда ҳам, имкони йўқ эди. Мени бир йил кема бўлмасида сақлашган, партизанлар билан гаплашардим, холос. Фақат каламушлар орқали хабар юборган бўлишим мумкин, чунки улар у ерда керагидан ҳам ортиқ эди.

Ҳарбий мутахассис ўзини тутолмай, баланд овозда кулиб юборди.

Абрам Гоц яна қалами билан графинни тақиллатди.

– Иштирокчиларни яна бир марта жиддийликка чақираман. Бизда жосуслик тармоғини фош қилиш имкони бор, сиз эса жуда енгилтаклик қиляпсиз.

Энди Ютаро Тода ғазабланганидан қизариб кетди.

– Мен офицерман!.. – деди у қаҳр билан. – Мени душман билан жангга тайёрлашган, жосусликка эмас! Менда офицерлик шаъни деган тушунча бор, лекин кўриб турибманки, у сизга бегонага ўхшайди. Ҳеч қачон жосуслик билан шуғулланмаганман ва охир-оқибат дўстга айланган одамларни сотмаганман. Жосуслик тармоғига келсак, сизга Соломбалага боришни ва кемалар қабристонини кўришни, у ердаги каламушлар билан тўла бўлмада ўтиришни маслаҳат берган бўлардим. Ўшанда асирликда бўла туриб, алоқачи билан хабарлашиш мумкинми ёки йўқми, ўзингиз ишонч ҳосил қилардингиз.

Комиссия раиси гапираётган поручикка ғазабли нигоҳи билан тикиларди.

– Кўриб турибманки, сиз яхши тайёргарликдан ўтгансиз ва сўроқларда ўзингизни қандай тутишнинг ҳавосини обдан олгансиз. Бу маълум фикрларга олиб боради. Майли, ҳечқиси йўқ, сиз билан бошқа жойда гаплашиб қўйишади. У ерда ҳазил-ҳузулга мойиллигингизни тезда сўндиришади, шунингдек, сизга хайрихоҳ айримлардаги кулиш истагини ҳам, – Абрам Гоц шундай дея ҳарбий мутахассисга кўз қирини ташлади, сўнгра яна япон офицерига тикилди. – Майли, ҳозирча бўшсиз, ўз ишингиз билан шуғулланишингиз мумкин. Биз кенгашиб кўрамиз ва сизга қароримизни етказамиз.

Ҳа, айтмоқчи, шошмай туринг. Бу ердаги Архангельскда турган полкка ким қўмондонлик қилган?

– Майор Сэкигути, – жавоб берди поручик.

– Мана бу ёлғон, – Абрам Гоцнинг юзи ғолибона табассумдан ёришиб кетди. – Полковник Исикура қўмондонлик қилган. Полкда нечта пулемёт бор эди?

– Тўртта.

– Яна ёлғон. Сизларда пулемёт ротаси мавжуд бўлган.

– Ўзингиз яхши биларкансиз, нега мендан сўраяпсиз?

– Текшириб кўрмоқчи бўлдим, – Абрам Гоц тантана қила бошлади. – Нечта аскар ва офицер бор эди?

– Бунақа саволларга жавоб бермайман, – қатъий деди Ютаро Тода.

– Ҳали жавоб берасиз, жаноб поручик. Бу ерда эмас, бошқа жойда. Шунақа гапириб берасизки, ўзлари тўхтатишларига тўғри келади.

* * *

Кечқурун Абрам Гоц поморлар кенгашида нутқ сўзлади.

– Биз япон офицери билан суҳбат ўтказдик ва ишонч ҳосил қилдикки, у кўринганидек оддий эмасга ўхшайди, – комиссия раиси қатъий эди, унинг овози борган сари жаранглай бошлади. – Афсуски, бизда у билан жиддийроқ шуғулланиш имкони йўқ, майли, бу бошқа органлар ваколатига киради. Бусиз ҳам ишимиз бошимиздан ортади. Марказдан олинган буйруққа мувофиқ, биздан шубҳали шахсларни Москвага жўнатиш талаб қилинади, у ерда улар билан ОГПУ ходимлари иш олиб боради.

Савелий Парфёнов бўғиқ овозда норозилигини билдирди:

– Тезкор отрядимиз командири нимаси билан шубҳали экан? Биз уни тинч даврда ҳам, ўқ ёмғири остида ҳам кўрганмиз, ишонаверинг, у ҳар доим ўзини мардонавор кўрсатган. У Москвада нима қилади? Отряд йўлтўсарларни қувиши керак, шубҳали японни мана шунда яна бир марта жанговар ҳолатда текширамиз, вассалом.

Комиссия раиси столга мушт туширди.

– Феъл-атворингиз мени ҳайрон қолдиряпти, ўртоқ Парфёнов. Бизга ёрдам бериш ўрнига ғилдирак орасига таёқ тиқмоқчи бўляпсиз. Бу ҳақда марказга хабар қиламан, кўриниб турибдики, сиз билан ҳам тегишли органлар шуғулланиши керак. Яна бир бор эслатаман, бу ерга раҳбарлик кўмагини кўрсатгани келганмиз, бунинг ўрнига вақтимизни беҳуда тортишувга сарфлаяпмиз. Ҳойнаҳой, Москвадагиларга бу иш қизиқ туюлса керак.

Савелий Парфёнов Абрам Гоцга нафрат билан қаради.

– Бизни қўрқитаверманг, муҳтарам раис. Сиздан ҳам қўрқинчлироғини кўрганмиз ва белини синдирганмиз. Японни сизга бериб қўймаймиз. Партизанлар унинг қамоққа олинишига жим қараб туришмайди. Керак бўлса, ҳаммаси бир тан бўлиб туриб беришади.

Абрам Гоц ачиниш билан бошини сарак-сарак қилди.

– Нима, сиз марказнинг кўрсатмасига қаршимисиз? Партия ва давлат сиёсати сизга тўғри келмаяптими?

Савелий Парфёнов суҳбат ёқимсиз тус ола бошлаганини тушунди. Энди бемаъни аксилинқилобчиликда айблаб қолишлари етмай турганди, шунинг учун у вазиятни сал юмшатишга ҳаракат қилди:

– Мен жонажон Совет ҳукуматимизга қарши эмасман. Биз уни мана шу елкаларимиз билан кўтариб мустаҳкамладик ва ҳеч кимга ағдариш учун бермоқчи эмасмиз. Гап япон офицери тўғрисида кетяпти. Биз унга ишонамиз, уни қамоққа олиш нимага керак?

Абрам Гоц тантанавор илжайди. У ўжар партизанлар етакчисининг қаршилигини синдира олганди.

– Кўриб турибманки, мавжуд халқаро вазиятни ёмон тасаввур қилар экансиз, – насиҳат оҳангида гапирди у. – Халқ унга қарши турган улкан кучларни енгди. Биз оқларни тор-мор қилдик, Антанта иттифоқчилар армиясини эса Россия ҳудудини тарк этишга мажбурладик. Лекин дам олиш ва ғалабани нишонлашга ҳали эрта, биқиниб ётиб, бизга зарар келтириш ҳамда монархия тузумини тиклашни орзулаётган душманлар кам эмас. Ва шунинг учун ҳар бир шубҳали ҳолатга алоҳида ёндашиш керак. Ҳеч ким қалбингиз тўридан жой олган япон поручигини қамоққа тиқмоқчи эмас. Уни бир кузатувчи билан Москвага юборамиз, ўша ерда у билан суҳбатлашиб, ҳақиқатни аниқлашади. Агар у ҳеч нарсага аралашиб қолмаган, душманона фаолиятга қўшилмаган ва Совет ҳокимияти олдида виждони тоза бўлса, унда яна қайтиб келиб, тезкор отрядингизга командирлик қилаверади. Ўйлашимча, шундай ҳам бўлади. Япон офицерингиз мутлақо ишончли одам эканига мени кўндирдингиз, аммо йўриқномага амал қилишим керак. Бу текширув кўп вақтни олмайди, уни қанча тез юборсак, ҳалиги… оти нимайди…

– Ютаро Тода, – деди Парфёнов.

– Майли, шундай бўла қолсин, – розилик билдирди Абрам Гоц, – қанча тез юборсак, ҳалиги … шунча тез қайтиб келади. Ундан ҳатто қуролини ҳам олиб қўймаймиз.

Комиссия раисининг муросали нутқи ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

– Бўпти, ундай бўлса, – минғирлади Савелий Парфёнов.

– Худди шундай, – тасдиқлади Абрам Гоц. – Ва сиздан илтимос қиламанки, Поморлар кенгаши раиси сифатида бизнинг позициямизни Архангельск халқига етказиб қўйсангиз ҳамда уларни номувофиқ ҳаракатлардан тийиб турсангиз. Ўзи қандайдир япон офицери туфайли Совет ҳокимияти билан келишмовчиликка боришлари етмай турганди.

– Қандайдир эмас, бизнинг офицеримиз… – луқма ташлади Кенгаш аъзоларидан кимдир.

– Бўпти, сизнинг офицерингиз бўла қолсин, – рози бўлди комиссия раиси. – Лекин бу ишнинг моҳиятини ўзгартирмайди.

Кўнглида эса ОГПУга кузатувчи билан бирга мактуб жўнатишни, унда бурнининг тагидан нарини кўрмайдиган ишонувчан поморлар бекиниб ётган япон жосусига бошпана бергани ҳақида айтишни аҳд қилиб қўйди. Шунақа мактуб ёзсинки, бу шўринг қурғур япон Архангельск у ёқда турсин, ёруғ дунёни ҳам кўролмайдиган бўлади. Москвада эса аҳмоқлар ўтирмайди, худога шукр, улар қўй терисини ёпинган бўридан виждонли одамни осонгина ажратиб олишади.

Табиийки, буларнинг барини Ютаро Тода билмасди. Шунингдек, у поморлар кенгашида бўлиб ўтган суҳбатдан ҳам, марказдан келган комиссия раисининг яширин ниятларидан ҳам бехабар эди. У Абрам Гоцнинг ўзига нисбатан ғаразли кайфиятини сезган, лекин бунга парво қилмаганди. Билмаган одамларда унга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлиши тушунарли эди, лекин поморлар Ютаро кимлигини, қанақа одамлигини яхши билишарди. Шу боис у хотиржам ва кейинги тақдиридан хавотирланмасди.

– Москвага бориб келиш керак, оғайни, – деди Савелий Парфёнов поручикка. – Сеники энди алоҳида тасодиф экан. У ерда сен билан суҳбатлашишади, ёш Совет республикасига ҳеч қандай душманлигинг йўқлиги аниқланади, кейин яна бу ерга, Поморьега қайтиб келаверасан. Ҳали бу ерда катта ишлар бўлади, сен бизга мана шундай керак бўласан.

Савелий Парфёнов қўлини томоғига кўндаланг қўйиб, ишора қилди.

– Керак экан, майли, борамиз, – рози бўлди Ютаро Тода. Тўғри-да, нега энди Москвага бормас экан. У бирор айби борлигини сезмас, Россиянинг пойтахтини кўриб келиш эса қизиқарли туюларди.

Улар икки отли аравада йўлга тушишди. Отлар равон йўрғалар, арава ғилдираклари дала йўлнинг баъзи ўнқирчўнқирларида тақиллаб кетарди. Вологдагача етиб олиш керак бўлар, у ёғига эса поездга ўтириларди.

Поручикни поморлар кенгашида хат ташувчи бўлиб ишловчи гавдали, соч-соқоли оқимтир йигит кузатиб кетарди. У Ютаро Тодани яхши билар, ҳатто унинг отрядига кирмоқчи ҳам бўлганди, аммо энди Абрам Гоц асосли равишда йўл-йўриқ бергач, ўзини эҳтиёткорона тутаётганди. Хабарчи айёр чет эллик жосусни энди кўриб турар ва ҳар дақиқада ўзига ҳужум қилиб қолишидан хавфсирарди. Шу сабаб ёнидаги наган тутқичидан ушлаб олган ва поручикдан ҳадик тўла нигоҳини узмасди. Пўстин ва учқулоқ телпак кийиб олган кекса аравакаш ҳам унга шерик ҳолда аравани қўрқа-писа ҳайдар, бу таранг елкасидан ҳам сезилиб турарди. У ҳар замонда ўриндиқ ёнидаги инглизларнинг қисқа стволли милтиғини ушлаб қўярди.

Лекин Ютаро Тода ҳамроҳлари хавфсираётганини сезмади. У яқиндагина уруш бўлиб ўтган йўл бўйини томоша қилиб борарди. Аҳён-аҳёнда портлаган снарядлардан ҳосил бўлган чуқурлар, дарахтларнинг синган таналари, ташлаб кетилган тўплар, затворсиз милтиқлар, синиб ётган аравалар кўриниб қоларди.

Табиат урушнинг бу қўрқинчли изларини тезроқ йўқотиш пайига тушганга ўхшарди. Супурги ўтлар безовталанган заминни бекитмоқчидек қуюқлашиб ўса бошлаган, тўп-тўп чиққан майсалар қуролни яшириб турар, ёш новдалар ёниб битиб, сийраклашиб қолган ўрмонни тезроқ тиклаш пайида кўкка бўй чўзарди.

Куз яқинлаша бошлаганди. Унинг белгилари ҳамма жойда – ранги ўчгандек оқариб қолган осмонда, ондасонда новдаларидан узилиб, ҳавода худди каттакон капалаклардек айланиб ерга тушаётган сап-сариқ яп роқларда, шунингдек, совуқ пўлат рангида товланаётган дарё сувида ҳам сезиларди.

Шиддатли аччиқ шамол юзни яхлатарди. Ютаро Тода уни қалинроқ кийинишга ундаган Савелий Парфёновни миннатдорлик билан эслай бошлади…

“Бу ёғи қиш, оғайни, – деганди Парфёнов. – Йўл ҳам яқин эмас.” Кейин ўзининг қарийб яп-янги мўйнали пўстинини, қундуз терисидан тикилган телпаги ва худди шунақа мўйнали қўлқопини берганди.

Шенкурскка етгунларича тунни икки марта очиқ ҳавода ўтказишди. Бир сафар ўрмон четида, бир марта эса далада. Гулхан ёқишди. Поручик қалин пичан тўшалган аравада ухлади, оқимтир йигит ва аравакаш уни навбатманавбат қўриқлаб чиқди.

Шенкурск ва Коношада қишлоқ кенгашлари жойлашган уйларда тўхташди. Оқимтир йигит у ерлардаги раисларнинг қулоғига кимни олиб кетишаётганини шипшиб улгурди, шекилли, “япон жосуси” устидан назорат яна кучайтирилди.

Ниҳоят Вологдага етиб келишди. Тўғри ОГПУ бўлимига келишгач, поручикнинг осуда саёҳати тугади. Шаҳар ОГПУ бўлинмаси бошлиғи – қиррабурун озғин кавказлик Абрам Гоц юборган мактубни диққат билан ўқиб чиқди-да, Ютаро Тодани қуролсизлантириш ҳақида буйруқ берди. Ундан маузерни олиб қўйишди, тинтув қилишгач, соқчи қўйиб камерага қамашди. Поручик ҳайратда қолган, қаршилик билдирмоқчи эди, лекин унга ҳеч ким қулоқ солмади. У билан гаплашишмас ва саволларига жавоб ҳам қайтаришмас, фақат қисқа буйруқлар бериларди, холос.

– Нега мени қамоққа олишди? – аниқламоқчи бўлди у маҳаллий ОГПУ бошлиғидан.

– Москвада билиб оласан, – жавоб берди бошлиқ унга қарамай.

Москвага Ютаро Тодани маҳкумларга мўлжалланган алоҳида вагонда олиб кетишди. Вагон симтўр эшикли тор хоначаларга бўлинган бўлиб, унинг умумий йўлагида қуролланган соқчилар милтиқларини шай ҳолда тутганча у ёқдан-бу ёққа юриб турарди.

* * *

Тўрт суткада манзилга етиб боришди. Поезд тез-тез тўхтар, қарама-қарши томондан келаётган поездни ўтказиб юбориш учун кичкина бекатларда ҳам узоқ тўхтаб қоларди. Бир марта кечаси отишма овози эшитилиб қолди. Қўшни бўлимларда ҳам маҳкумлар бор эди, лекин уларнинг кимлигини Ютаро Тода билмас, ўзаро гаплашишга рухсат берилмаган, шунингдек, бунинг имкони ҳам йўқ эди. Ейишга нон билан сув ва яримта тузланган селёдка балиғи берилар, бундан сўнг кишини ташналик қийнарди. У қуруқ тахта устида пўстинига бурканганча ухларкан, Савелий Парфёновни кўп бора миннатдорлик билан эслаб қўярди. Вагон совуқ эди, унинг тирқишларидан тешиб юборгудек елвизак эсиб турарди.

Москвага етиб борганларида тун кирганди. Поручикни вагондан соқчилар билан олиб чиқишди-да, айвонда машинани кутиб, узоқ ушлаб туришди. Ёмғир ёғиб, тунука томни бир хил оҳангда тақиллатар, қандайдир кишилар паст овозда гаплашиб, у ёқдан-бу ёққа юриб туришарди.

Ниҳоят, ёпиқ томли, ёнбошига “Нон” деб ёзилган машина келди. Поручикка ишора билан машинага чиқишини буюришди, кейин ортидан симтўрли кичкина деразаси бор эшикни гурсиллатиб ёпишди. Ундан сўнг машинага соқчилар чиққач, асосий эшик ёпилди.

Машина мотори бўғиқ гуриллади, сўнгра чорқирра тош тўшамали кўприк устидан кета бошлади.

“Мана сенга Москва томошаси…” хаёлидан ўтди поручикнинг. У тақдиридаги тўсатдан юз берган бу ўзгариш тўғрисида ўйларкан, асоси бўлмаса-да, бу ишларнинг бари Абрам Гоц билан боғлиқ эканини тусмол қиларди. Лекин уни нега айблашаётгани ва маҳкумга айлантиришганига сира ақли етмасди.

Ютаро Тодани ОГПУнинг ички турмахонасига олиб боришди. Сўнгра уни поли бетон ва деразаси нақ шифтининг тагида жойлашган кичкина хонага олиб киришди. Хона хира лампочка билан ёритилганди. Девор бўйлаб ўриндиқлар қўйилган, ўртада стол турар, унинг ёнида эса чарчаган ва ҳорғин юзли кекса офицер ўтирарди. Ютаро Тода унинг кийими елкасидаги белгиларига қараб билдики, бу одам – капитан. Шу ернинг ўзида оқ халатли шифокор, нимқоронғиликда кимлигини аниқлаш мушкул бўлган иккита назоратчи ва кўк халатли қандайдир аёл турарди.

Соқчилар поручикни стол ёнига олиб келишди. Капитан маҳкумлар қайд этиладиган қайдномани олдига сурди-да, ручкани олди, перони сиёҳга ботиргач, маҳкумга маъносиз нигоҳ билан тикилди.

– Исмингиз, фамилиянгиз? – бўғиқ хонада унинг овози зўрға эшитилди.

Ютаро Тода жавоб берди.

– Ёшингиз?

– Йигирма олтида.

– Миллатингиз?

– Япон.

Хонадагиларнинг барчаси бир-бирига қараб олди, фақат капитаннинг бир туки ўзгармади. Уни чуқур бефарқлик ҳолатидан дунёдаги ҳеч нарса чиқаролмайдигандек туюларди.

Саволлар бирин-кетин берилар, Ютаро Тода уларга жавоб бераркан, капитан перосини қитирлатиб, сарғимтил қоғозни тўлдирарди.

Ёзишни тугатгач, қисқагина буйруқ берди:

– Ечин!

– Қанақасига? – тушунмади Ютаро Тода.

– Қип-яланғоч бўл. Ҳамма кийимларингни ечган ҳолда.

– Ҳа, лекин… – хона совуқ эди ва ёшини аниқлаш мушкул бўлган аёл ҳам унча узоқ бўлмаган жойда турарди.

– Ечин, – такрорлади капитан, унинг овозида энди зарда сезилди.

Поручик бўйсунди. Кийимларини скамейкага тахлади-да, совуқ бетон полда яланг оёқларини галма-галдан босиб турди. Қўллари билан авратини бекитди.

Шифокор яқинлашиб келиб, унинг қўлларини икки тарафга ёйди, диққат билан кўксини ва пастроғини текширди. Оғзини очишга, орқага бурилишга, сўнгра энгашишга мажбур қилди. Бир неча марта ўтирғизиб турғазди. Ютаро Тода аввал бунинг сабабини тушунмади, кейин фаҳмлади: мабодо ичига бирор нимани бекитганида, у тушиши керак эди.

5.СР қисқартмасидан, ушбу сиёсий партиялар: Социалист-инқилобчилар партияси, Россия империяси ва Россия Республикасининг сиёсий партияси, Сўл социалист-инқилобчилар партияси, Социалистинқилобчилар-максималистлар партияси аъзолари номлари.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
11 eylül 2023
ISBN:
978-9943-23-224-2
Telif hakkı:
Asaxiy books
Metin
Ortalama puan 4,5, 13 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 7 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 2, 2 oylamaya göre
Metin PDF
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre