Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Парвоз ёки интуицияни кодлаш», sayfa 3

Yazı tipi:

ХАФАГАРЧИЛИКЛАРДАН, ДИЛХИРАЛИКЛАРДАН, ҒАЗАБДАН ҚАНДАЙ ҚУТУЛИШ МУМКИН?

Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш, бу энг осон иш. Ёмонлик кўрганда жим туриш, сабр қилиш эса қийинроқ. Лекин ёмонликка яхшилик қилиш энг қийинидир.

Бу жумлаларнинг тагида катта маъно бор. Болалигимда бирор нарсадан хафа бўлсам, раҳматли бобом қуйидаги гапларни доим айтардилар: «Қалбда хафагарчилик тўпланиб-тўпланиб, кейин Қайғуга айланиб қолади. Йиғилибйиғилиб, ҳазм бўлмай туриб қолади. Қайғу босганидан кейин бу ердан муҳаббатни қидирманг, бу ердан меҳрни тополмайсиз, бу ердан жаннатни тополмайсиз, бу ердан шайтонни топасиз, бу ердан дўзахни топасиз. Жаннат билан дўзах қаерлардадир, олисларда тургани йўқ! Бу энг аввало, инсоннинг қалбидадир. Ҳар синовга тайёрланиб бораверганимиз яхши бўлади, лекин қалбдан қайғуларни, хафагарчиликларни, норозиликларни кетказиб поклашимиз керак».

Оёқ остида қолдим дема вой, Ахир чинни коса бўлур тепки еган лой. Агар берсанг жазо, қодир Худосан, Агар авф айласанг, сан Подишосан.

Сўфи Оллоёр

Оллоҳ одам қиёфасидаги оппоқ соқол қўйган мўйсафид эмас. Бизнинг онгимиз, тафаккуримиз уни тасаввур қилишга ожиз! Уни тасвирлашга тил ожиз! Уммоннинг моҳиятини бир томчи сув акс эттиради, деганларидек ана шу бир томчи сувни сезишимиз керак. Бутун борлиқни ҳис қилиш учун ўзингни англашинг кифоя дейилади. Кечиримлилик, кечира олишни ўзига жо қилиш шунга биринчи қадам бўлади.

Агар қалбда қайғу бўлиб турса, олтинчи туйғуни сезмайсиз. Ҳақиқат ёки ёлғонни ажратолмайсиз. Бунга қайғу халақит беради. Кераксиз ҳис-ҳаяжонни юзага келтиради. Сиз яшаш ўрнига қасд олишни ёки хафа қилган одамни бир поғона пастга уришни хоҳлаб, ўзингизга ўзингиз қози бўлиб қоласиз. Бунинг кераги йўқ! Нима қиласиз ўзингизга ўзингиз ҳукм чиқариб? Ўзингизга озор берганга баъзан ёмон ният қиласиз, ҳатто қарғайсиз. Балога гирифтор бўлишини хоҳлайсиз. Бу билан аслида сиз ўзингиздаги дўзахнинг чегарасини кенгайтиряпсиз. Қалбингизда дўзахни олиб юрибсиз. Уни жаннатга айлантириш учун кечиримли бўлиш керак. Бандаси кечира олмайдиган нарсанинг ўзи йўқ! Эсингизда бўлсин, сизнинг назарингиздаги энг ифлос, энг ярамас, энг ёмон бўлиб кўринган одамниям Оллоҳ яратган!

ИНСОН – БУЮЖ МЎЪЖИЗА!

Шоиру ёзувчилар трагедия, комедия, фантастик романлар, муҳаббат достонлари, шеъру ғазаллар ёзадилар. Бу жанрлар бири бошқасидан фарқланади. Ҳаммаси бир хил бўлиши шарт эмас. Аммо уларнинг бари бир нарсага – эзгуликка хизмат қилади. Ёмонни кўриб яхши бўласиз, «чинни коса»га айланасиз. Шунинг учун комилликка эришган азиз инсонларда хафа бўлиш туйғуси йўқ. Шундай экан, сиз нега хафа бўласиз? Ҳеч қачон «уруғ» «уруғ»дан, инсон инсондан хафа бўлиши жоиз эмас. Шуни тушуниб, ҳазм қилиб юборинг, қалбингизни покланг! Кечириш учун ўша ҳолатни, ўша вақт, замонни, ўтмишда бўлган воқеани эслаб, шу одамни олдингизга хаёлан яқинлашишига рухсат бериб, унинг сиздан кечирим сўраётганини тасаввур қилинг. Кейин сиз «кечирдим», деб фақат тил билан эмас, дилингиздан ўтказишингиз лозим. Ана шу ҳақиқий маънода кечириш бўлади. Қалбингиз пок бўлади.

Коинотдаги вақт ҳисобига кўра инсон умри бир сониялик чақмоқ чақиб тугашидай гап. «Беш кунлик дунё» деб қўйишибди. Шу беш кунни дардни қалбимиз билан олиб юраверсак, қайғу билан ўтиб кетади ҳаётимиз. Ҳар қандай ҳолатда ўзингизни кечиринг. Бунинг бошқа иложи, йўли йўқ. Кечириш оддий ҳолатга айланиши керак. Эндиликда руҳшунослар, педагоглар, фалсафашунослар, ёзувчилар «уруғ»ларни йиғиб, қандай қилиб кечиришни ўргата бошладилар. Китоб ёза бошладилар. Амалий руҳшунос деб аталувчи мутахассислик пайдо бўлди. Экспертлар пайдо бўла бошлади. Буни биз бир драмага, ҳатто трагедияга айлантириб юборяпмиз. Аслида мураккаблаштириш керак эмас. Бунга амалий психологлар ҳам шарт эмас. Аммо бизда бора-бора ҳазм қилиш, кечириш хусусияти, қобилияти сусайиб кетяпти. Чунки бизнинг қалбимиз қотиб, тошга айлана бошлади, бемеҳр бўла бошладик. Шу сабабли, унча-мунча гаплар таъсир қилмайдиган бўлиб қолди. Махсус дарс ўтиш керак бўлиб қолди. Шу даражага етдик. Бунинг ўзи асли кечириб бўлмайдиган ҳолат-ку?!

Ҳақиқат нима? Ҳаётни тушунмай, ўз моҳиятини англамай туриб, қандай қилиб ҳақиқатни англаш мумкин? Дейлик, ҳаётингиз бир кино, қўлингизда плёнка турибди, плёнкада бир эпизодни кўриб хулоса чиқаряпсиз, иккинчи плёнкани кўряпсиз… уни бир кўришда аниқлашнинг иложи борми? Йўқ-ку! Бу бир кадр. Масалан, бир воқеа ёки эпизод, фрагмент, жараён бошланди. Бу сизга ёқмаяпти, дарров хулоса чиқаришга ошиқасиз. Ана шу энг катта хатоликдир! Кино энди бошланяпти. «Бош ролда фалончи ўйнайди, пистончи ўйнайди» деб ёзиляпти. Сиз бўлса, кино ҳақида шошиб хулоса чиқариб бўлдингиз. «Яхши кино экан», «ёмон кино экан», «тарбияни бузмайдими?», «ранги тиниқ эмас экан», «сифати ёмон экан», «актёрлик маҳорати ундай экан», «бундай кийинган экан», «ҳаёт тарзи бундай экан» ва ҳоказолар деб хулосалаб бўлдингиз. Тасдиқлаб, муҳр ҳам босдингиз! Ҳаётга ана шундай ёндошиш, аста-секин одамни тушунмовчиликка ва хафагарчиликка олиб келади. Сиз олдин кинони охиригача кўринг, ўша воқеанинг бекорга бўлмаётганини англанг, шу орқали сизга бир нарсалар ишора қилиняпти. Ўсишингиз кераклигига имо қилиб, ривожланишингизни ва камчилигингизни кўрсатишяпти. Агар ундан кейин ҳаётингизда ўшандай одамлар, воқеалар сизга дуч келмаса, демак, сиз «дарс»дан тўғри хулоса чиқариб, сабоқ олган бўласиз. Эсингизда бўлсин, воқеалар тугаб, муайян бир вақт ўтганидан кейин англаганларингиз ва шунинг натижасидаги ҳолатларни таҳлил қилиб бўлганингиздан кейинги умумий хулосангиз ҳам нисбийдир. Агар сизга «сен юз йилдан кейин ўласан» дейишса, тўлиқ хулоса чиқаришга ҳали 99 йил, 364 кун, 23 соату 59 дақиқаю 59 сония бор. У ҳам тўлиқ эмас, нисбий бўлади. Ҳар бир одамдан, ҳар бир ҳодисадан, ҳар бир хафагарчиликдан, ҳар бир учраган одамдан, ҳар бир дўстдан, ҳар бир «душмандан», ҳар битта нарсадан тўғри, ҳақиқатга яқин хулоса чиқариш мумкин. Униям мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиш амримаҳол. Афсуски, буни кўпчилик билмайди. Шундай пайтда инсонга сабр туйғуси ёрдамга келади. Бунинг моҳияти айнан шунда. Сабрсиз, шукрсиз одам уни тушунмайди. Борига ҳам, йўғига ҳам қаноат қилиш инсоннинг гўзал фазилатларидан саналади. Бу худди сувга отилган тошчадай бир одамнинг «қўзғалиши»га, ривожланишга сабаб бўлади.

Менинг олдимга келиб, мени мақтаб, гуллар бериб кетганлардан на фойда ва на зарар бор. Иложи бўлса, ундайларга эътибор бермаслик керак. Чунки вақтингизни бекорга йўқотасиз, бекорчи мақтовлар билан кучсизланмайсиз. Пири комиллар мақтовга муҳтож эмас, улар эркин кишилар. Бундайларни том маънода комил инсон дейишади. «Уруғ»ларга эса мақтов ҳам керак, «тўқмоқ» ҳам керак. Бўлмаса ривожланмайди. Сув ҳам керак, гўнг ҳам керак. Кетмон билан уриб ерни юмшатяпсиз, бегона ўтлардан тозалаяпсиз. Бу жараён ўсимлик учун ҳақорат, сўкишга киради. Қарсиллатиб ураяпсиз-ку! Сал чуқурроқ чопсангиз томирини кесиб юборасиз. Буни панд-насиҳат дейишади, лекин буни кўпчилик тушунмайди. Қуйидаги ривоят бунга яққол мисол бўла олади:

Камбағал бир чолнинг ҳамма, ҳаттоки подшолар ҳавас қиладиган айғир оти бор экан.

Катта-катта султонлар келиб от учун сандиқ-сандиқ тиллаю жавоҳирларни таклиф қилишаркан. Эгаси ҳеч сотишга рози бўлмас эмиш. Ҳамма «Эҳ нодон, қашшоқликдан қутулардинг, сотсанг ўласанми?!» дебди.

Кунлардан бир куни эрталаб туриб қарашса, қозиқдаги от йўқ эмиш. Ўзи кетиб қолганми ё биров ўғирлаганми, ҳеч ким билмайди. Шунда ҳамма устидан кулиб:

– Эй нодон! Бир парча нонга зорсану, ўшанда сандиқ-сандиқ жавоҳирларга алмашмаган отинг мана энди йўқ. Худо бир берувди сенга! Шу отингни сотиб, умрингнинг охиригача роҳатда ўтиб кетсанг бўлмасмиди? дебдилар.

Бунга жавобан чол:

– Бунинг асл моҳиятини биз ҳали билмаймиз, деб жавоб берибди.

– Сен дунёдаги энг тезчопар, салкам учадиган отингни йўқотдинг! Бу фалокат, моҳият деганинг нимаси? дебдилар.

– Мен ҳали бу воқеадан хулоса чиқарганим йўқ? дебди чол. Атрофдагилар буни тушунишмабди. «Дон»лар, «уруғ»лар, «личинка»лар тушунмабди.

Кейин билишса, от ўрмонга қочиб кетган экан. Бу от айғир бўлгани, отларнинг пошшоси, султони бўлгани учун, ёнига энг зўр, ўзига муносиб байталларнинг ўн иккитасини эргаштириб олиб келибди.

– Эй, сен асли тўғри айтган экансан. Биз ҳаммамиз нодон эканмиз. Биз сени тушунмаган эканмиз. Эҳ, аттанг! Сен асли ҳақиқий донишманд экансан! дебдилар.

Чол бўлса яна:

– Тўхтанглар, бу воқеа ҳали тугамади. Буям бир кўриниш! Ҳозир бизга ёққани билан асл моҳиятини тушунмаяпмиз. Бу кейинроқ аён бўлади, дебди.

Мўйсафидни яна тушунмабдилар:

– Илгари отинг битта бўлса, энди ўн учта бўлди. Буларнинг ҳар бирига бир сандиқдан жавоҳир олсанг, ўн уч сандиқ бўлади. Ана шу бойликлар кўзингни ёғ бостириб, боғлаб қўйибди. Миянг ишламаяпти, деб чолни койиб беришибди.

Мўйсафиднинг ёлғизгина ўғли бор экан. Ўша йигит ёввойи байталларни аста-секин одамга ўргата бошлабди. Бу отлар озод, асов экан. Йигит отлардан бирини миниб, қўлга ўргатаётганида қаршиликка учраб йиқилиб, оёғи синибди. Яна қишлоқдошлари:

– Эй, сен ҳақиқатан тўғри айтган экансан. Сенинг кўзингни ёғ босмаган экан, қайтанга олдинни кўра билган экансан. Бу отлар фалокат келтирди. Яккаю ёлғиз фарзандинг чўлоқ, ногирон бўлиб қолди, дебдилар.

Чол бунга жавобан:

– Хулоса чиқаришга шошилманглар, буям ҳали ҳаммаси эмас. Сабр қилайлик, синган оёқ ҳам бир кун битар, дебди. Яна ҳамма уни тушунмабди:

– Қанақа отасан? Сенинг юрагинг тош экан, яккаю ёлғиз фарзандинг, биттаю битта ўглинг йиқилиб, оёғини синдириб, ногирон бўлиб қолсаю, сен бўлсанг, бунинг ҳали моҳиятини билмаймиз, шошманглар дейсан-а, деб койиб кетибдилар.

Бироз вақтдан кейин ўша ерларда уруш бошланибди. Ҳамма соғ-саломат йигитларни урушга, жангга олиб кетишибди. Чолнинг ўғли оёғи синиб тўшакда ётиб қолгани сабаб уйида қолибди. Энди қишлоқдагилар яна йигитга ҳавас қила бошлашибди ва чолга:

– Эй, сен ҳақиқатан ҳам узоқни кўра биладиган авлиё экансан! Қара, ўғлинг чўлоқ бўлса ҳам тирик! Энди бизнинг фарзандларимиз урушдан тирик қайтадими-йўқми, буни Худо билади. Уруш ҳеч кимни аяб ўтирмайди. Ўрмонга ўт кетса ҳўлу қуруқ бирдай ёнади. Сен ҳақиқий бахтли ота экансан, дебдилар.

Муйсафид бўлса яна:

– Шошманглар, буям ҳали ҳаммаси эмас! Ҳали мен бу фарзандимдан эртага қандай яхшилик, меҳр-оқибат кўраман. Жамиятга қанақа фойдаси тегади, ҳали номаълум, дебди.

Бу ривоятни кўп давом эттириш мумкин. Лекин ҳукм чиқаришга ошиқмаслик керак. «Уруғ»лар ўзининг хатосидан ҳам тўғри хулоса чиқара олмайди. Ҳаммаям тўғри хулоса чиқаришга қодир эмас. Чунки ҳар доим бир хил хатони такрорлайверишади, моҳиятини кўролмайди. Моҳият ўзида турганини билмайди. Кўр ҳам ҳассасини бир марта йўқотади. «Уруғ»ларнинг умри доим ҳасса йўқотиш билан ўтиб кетади. Баъзан ҳаётда турли сабаблар билан ажралишлар бўлиб туради. Албатта, ўлим бундан мустасно. Кейин бахтли оила қураман деб, иккинчи марта оила қуради. Хатодан тўғри хулоса чиқарганлари бахтли бўлиб кетади. Баъзилари яна ажрашади. Энди иккинчи марта хато қиляпти. Барибир ўшанданам тўғри хулоса чиқармаяпти. Чунки у ўзининг моҳиятини ўзгартирмади. Яна излаб-излаб, мингтанинг ичидан худди шундай одамни, ўзининг «тенги»ни, «муносиби»ни топиб учинчи марта турмуш қуради.

Бундайларнинг асл моҳияти – жанжал қилиш, жанжал қилишдан роҳатланиш бўлади. Бояги ўз-ўзини қийнаш (мазохист), бировни қийнаш (садомазахизм) уларнинг феъл-атворида бор. Лекин шуни ўзи тан олгиси келмайди. Бўлмаса яхши эркаклар камми? Аёлини гулдай қилиб, бошида кўтариб юрадиган эркаклар озми? Йўқ, уларнинг кўзи ундайларни кўрмайди! «Уруғ» фақат ўзига ўхшаган «уруғ»ни яхши танийди. Сабзи уруғи бошқа сабзи уруғларини мингта бегона уруғларнинг ичидан жуда тез таниб олади. Унга буғдой дони керакмас, маккажўхори дони ҳам керак эмас. Унга айнан ўзига ўхшаган «яхши» уруғ керак. «Қурт»лар ўзининг қилган хатосидан, «йўқотган ҳассаси»дан тўғри хулоса чиқариб, ўзгаришга ҳаракат қилади. «Капалак»лар эса нафақат ўзининг, бошқаларнинг ҳам хатосидан тўғри хулоса чиқариб, ҳаётини тўғри йўлга бошлаб кетаверади. У тўғри хулоса чиқариш учун хато қилиш керак эмаслигини англаб етган! «Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил» деган иборанинг моҳияти шунда. Бу иборани минг марта эшитган бўлса ҳам, асл мағзига етиб бормаган. Кечиримлилик шундай пайдо бўлади.

Агар буни биз пири комил сифатида яна таърифлайдиган бўлсак, асли юқоридаги ривоятдаги мўйсафид рамзида дунёни кенг англаш, уни яхлит, бутунроқ, тўлароқ қабул қилиш ҳақида гап кетяпти. Пири комил тимсолида донишмандлик очиляпти. Унинг энг қимматбаҳо «от»и қадрли бўляпти. Уни ҳеч қандай бойликка алмашиб бўлмайди. Чунки унинг қийматига етадиган бойлик йўқ. Ички моҳият унинг энг катта бебаҳо гавҳаридир. Подшолар отни сотиб оламиз деб келишди. Унинг отини ўзлариники қилиш учун пул таклиф қилишди. Аслида пири комилга келиб таълим олиб шогирд тушиш ўрнига, пул билан келишяпти. Яъни, мантиқан ва моддий жиҳатдан дунёни бир тарафлама англашга уриниш, моддий бойликлар билан айирбошлашга уриниш бўляпти. Уни сотиб олиб бўлмаслигини тушунишмайди. «От ўрмонга қочиб кетибди» дейиляпти. У «капалак» бўлиб учди, ҳақиқатни англади, комилликка эришди. У ўрмонларда учиб, мазза қилиб чопиб юрди. Бу эса, у «капалак»ка айланди дегани. «Атрофида байталлар йиғилди» деяпти. Урғочи отлар – бу ташна қалб рамзи. Қалб моҳияти жиҳатидан аёл! Руҳ моҳияти жиҳатидан эркак! Яъни, ташна қалблар, очиқ юраклар, учишга тайёр қанотли мавжудотлар, атрофига шогирддар йиғилди, деган маънони англатяпти.

Шогирд, издошлар унчалик ҳам кўп бўлмайди. Исо пайғамбарда ўн иккита, Муҳаммад с.а.в. пайғамбаримизда эса бор-йўғи тўртта, яъни чорёрлар. Нимага юзта ё мингта эмас? Чунки қалб кўзи очиқ ҳақиқий шогирддар бармоқ билан санарли бўлади. Айғир от шуларни эргаштириб келди деяпти. Буни энди кўпчилик ҳар хил талқин қилади. Бири ўзининг мақсадида мурид қилиб олиши мумкин. Аммо асл мақсад бу эмас. Мўйсафиднинг биттаю битта ўғли шу байталларни аста-секин ҳаётга тайёрлай бошлади. Бу энди руҳ ишга тушди дегани. Руҳият, маънавият, уларнинг ҳар бирини қалб даражасидан руҳ даражасига олиб чиқиш керак. Уни тайёрлаш керак. Шундагина қалб ҳам ривожланади, шаклланади, ўзгаради, моҳиятан руҳдан пастроқда туради. У ҳали руҳият даражасига чиқиши керак. Ҳақни англаш учун, ҳақиқатга етиш учун унга руҳ керак. Шундагина ҳар тарафлама етилган шогирд оиласига, қариндош-уруғига, Ватанига сидқидилдан хизмат қила оладиган даражага эришади. Битта кичкина ривоятдан шунча ибратли хулосалар чиқариш мумкин. Ҳар ким ўзига керагини олаверади.

Умар Хайёмни ўқиган «уруғ» моҳиятидаги одамлдар, унинг ёзганларини бутунлай тескари талқин қилишган. Аёллар, қизлар, майхўрлик, кабоб, боғ, гуллар… бошдан охир маишат! Еб-ичиб, ўйнаб-кулиш ҳақида ёзган деб хулоса қилишади. «Капалак» одамлар эса Хайём нима демоқчилигини, ундаги рамзий образларни яхши тушунишади. Аёл тимсоли юқорида айтилганидек қалбни англатади. Май дейилганда ҳақиқатга эришишга ёрдам берадиган илмлар назарда тутилади. Маст бўлиш – бу Оллоҳнинг ишқига эришиш. Муҳаббат деганда инсонга нисбатан эмас, балки Оллоҳга нисбатан илоҳий ишқ назарда тутиляпти. Кўза бу тафаккур, билимлар мажмуаси, пиёла эса англаш доираси. Буларнинг ҳаммаси код билан тасвирланган, яширин «капалак»ка айланиш формуласи.

Баъзилар Хайёмни ўқиб, рубоийларига расмлар ишлашган. Бунда чиройли аёллар соқолли чолнинг тиззасига бош қўйиб ўтирганлари, бошқа бирлари эса май қуйиб узатаётганликлари тасвирланган. «Дон» одамлар шундай фикрлайдилар. Улар Хайёмни ўзлари кўра оладиган даражада тушунишяпти ва бу уларга маъқул. Нимага?! Чунки «май ичма» демаяпти, тақиқламаяпти. Маишат қилма демаяпти. Бунинг асл моҳиятини фақат комил инсонгина англаши мумкин. Агар Умар Хайём маънавий дастурхонини кодламасдан, шундайлигича очиб кўрсатганида, олам уни тушунмас эди.

Илоҳий муҳаббат нима ўзи? Дунёни яхлитлик билан англаш нимага керак? Уни тушунтириш учун Ҳайёмнинг умрига яна ўнта умр қўшиб бериш лозим бўларди. Чунки бунга инсон умри етмайди. Аммо Хайём уч босқичда турган одамларга қўлланма яратиб кетган. Шунинг учун у комил. Бутун дунё Умар Хайёмни қаттиқ ҳурмат қилишининг сабаби ҳам шу.

Энди кечиримлилик масаласига келсак. Кечирган киши енгил тортади. Қалбингиз кейинги ҳаётга янада кенгроқ очилади, яшашга қўрқмайсиз. Битта хато қилганингиздан кейин тўғри хулоса чиқариб, яна бошқа бир кишини севишга кўнглингиз эшигини қўрқмай очасиз. Эзгу ишлар қиласиз. Ҳаётга бола каби тайёр турасиз. «Биламан» нуқтаи назаридан эмас, бола каби «билмайман» нуқтаи назари билан дунёни танийсиз. Эътибор берган бўлсангиз, бола савол бериш манбаига айланиб қолган бўлади. «Бу нима?», «қандай қилиб?», «мана бу-чи?» деб арзимаган нарсаларниям сурайверади. «Биламан» демаяпти у! Саволлари орқали дунёни англаб, нарсаларнинг фарқини аниқлаяпти. Бўлмаса ҳар куни битта зинапоядан чиқиб тушса ҳам, барибир нималигини ҳар гал сўрайверади. Катта одамга айтсангиз кулади, «буни мен биламан, оддий зина» дейди. Зинадан фақат зина хулосасини чиқарган бўлди. Унинг моҳиятига ҳам кириб бормайди. Асли бу зинанинг ўзи ҳам ҳаққа эриштириши мумкин.

Тушунмайди. «Боғбон» десангиз, қўлида кетмони бор, тешаси бор одамни кўз олдига келтиради. «Ўқитувчи» десангиз муаллимни тасаввур қилади. Устоз десангиз, «Ким у устоз?» дейди. Пири комил, Уста десангиз, бирор касбнинг устасими ёки устаси фаранг киши бўлса керак деб тушунади.


Кўпчилик «қалб устаси», «моҳият устаси», «инсон устаси» мавжуддигини билмайди. Шогирд десангиз ўқувчини кўз олдига келтиради. Шогирд сўзининг рус ёки инглиз тилидаги таржимаси йўқ. «Препадователь, ученик» сўзлари устоз, шогирд сўзларининг айнан таржимаси эмас. Шарқда шогирд умуман бошқа тушунча, устоз бошқа, пири комил бошқа, донишманд тушунчаси бошқа. Ҳар бирининг орасида еру осмончалик фарқ бор. Буни улар тушунмайдилар. Уларда содиқлик эмас, яхшироқ шартшароит, хизматлар таклиф қилинганда бошқага сотилиб кетиш эҳтимоли кучлироқ бўлади. Унинг қаршисида ким турибди, ким билан гаплашяпти, Устози олам, Пири комил ўзи ким эканлиги билан иши йўқ. Ҳаётида шундай бир ноёб ҳодиса рўй берганига, унга шу «капалак»дан таълим олиб, «капалак»ка айланиш, комил инсон бўлиш имконияти берилганлигини англамайди.

Ундайларга қараб зора нафи тегса деган умидда, Сўфи Оллоёрнинг қуйидаги байтларини келтириш мумкин.

 
Агарчи бўлсанг аҳли илму зуҳҳод,
Такаббур қилмағил – аслинг қил ёд.
 
 
Риёзат бирла ҳам очсанг кўзунгни,
Азозилдек улуғ тутма ўзунгни.
 
 
Агар ернинг юзига айласанг дарё,
Такаббур бўлмағил, бўлғил Худотарс.
 
 
Сани кирган йўлунг турфа узоқдур,
Орада сони йўқ банду тузоқдур.
 
 
Теракким, ул кўтарди юқори бош,
Самарсиз бўлди – кўрдингму ани фош?!
 
 
Кичик билди ўзини ҳолини дур,
Баҳосидур харидор олдида пур.
 
 
Белингни боғлагил хизматга чун най,
Шакар тўлдирса, шояд, қалбингга ҳайй.
 

«Дон» эмаклашни ҳам билмайди, «парвоз»ни-ку умуман тушунмайди. Унинг учун парвоз хавфли! «Шамол» олиб кетиши мумкин. Пири комил ана ўша чала «уруғ»ниям кечирган. Сиз ҳам кечиришни ўрганинг.

АМАЛГА ОШМАЙДИГАН ИШ

Қандайдир иш бошламоқчи бўлиб, кимгадир режаларимни айтсам, шу иш амалга ошмай қолади.

Бу гапда ҳам жон бор. Сиз қилмоқчи бўлган ишни айтмаган пайтингизда, шу ишни ҳақиқатан ҳам амалга оширишга тайёр бўлган бўласиз. Шу ишни амалга ошириш сиз учун айтишдан ҳам муҳим бўлиб туради.

Айтган пайтингизда онг шу ишни маълум фоиз бўлгандай, бажарилгандай қабул қилади. Шу нарса «амалга ошиб бўлди» деб қабул қилади. Мен ундай қиламан, бундай қиламан, десангиз ёмон эмас, лекин сирингизни ҳаммага очмаганингиз маъқул. Сиздаги интилиш, бир ишни яширин амалга ошириб, одамларни яхши томонлама лол қолдириш, хурсанд қилиш, ҳайрон қолдириш «таъм»и кетади. Биринчи навбатда, бу албатта ўзингизга боғлиқ, одамларга ҳам боғлиқ. Одамларнинг «ҳа» ёки «йўқ» жавоби дастлаб унчалик муҳимга ўхшамайди. Лекин бу аҳамиятли. Улар учун эмас, сиз учун муҳим. Шунинг учун сир сақлаган яхши. Биринчидан, амалга ошмай қолса шарманда бўлмайсиз, иккинчидан сизда доим интилиш бўлиб туради. Бу варианти бўлмаса, кейин бошқа вариантига ўтиб, йўналтириб юбораверасиз. Чунки сиз ўзингизга ғойибдан келган илмни ҳаммага ошкор қилиб қўйдингиз. Ўша йўлни улар ҳам англаб етди, энди бошқа йўллар ёпилиб қолиши мумкин. Буни ўзингизда синаб кўришингиз мумкин. Йўналишни айтсангиз бўлади. Аммо жуда аниқ шаклда эмас. «Бир яхши иш бошлаяпман, худо хоҳласа, амалга ошиб қолса, сизларга батафсил айтиб бераман», деб қўяверинг. Бу яхши. Масалан, дўстингизми ёки умр йўлдршингизми «Сизга жуда бир ажойиб таом тайёрлаяпман» деса, «Нима овқат экан?» деб сўрайсиз. «Пишганида биласиз» деса, ўзингиз ҳам қизиқиб қоласиз. Шунга ўхшаб, ўйлаган ишингиз то амалга ошмагунча, бошқаларга айтмаган маъқул. Бу масаланинг бир тарафи. Энг муҳими, иш бошлашдан олдин, шу йўналиш мутахассисларининг қимматли маслаҳатини олинг. «Шу ишни қандай қилиб амалга оширса бўларкин?» деб қўйсангиз, ўзлари йўл-йўриғини тушунтириб беришади. Ҳамма соҳани мукаммал билишнинг иложи йўқ. Бироқ сизда ўша соҳа мутахассисларидан доим маслаҳат сўраш имкони бор. Шунга эътиборли бўлинг! Ишингиз амалга ошгач, аввало ўзингизни, қолаверса яқинларингизни табриклаб, сийлаб қўйиш эсингиздан чиқмасин.

Моддий ва маънавий рағбатлантириш келажакда қўйилажак юксак мақсадларнинг янада жадалроқ амалга ошишини таъминлайди.

Ücretsiz ön izlemeyi tamamladınız.

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
03 ağustos 2023
Hacim:
3 s. 6 illüstrasyon
ISBN:
978-9943-382-79-4
Telif hakkı:
Kitobxon

Bu kitabı okuyanlar şunları da okudu