Sadece LitRes`te okuyun

Kitap dosya olarak indirilemez ancak uygulamamız üzerinden veya online olarak web sitemizden okunabilir.

Kitabı oku: «Чол ва денгиз», sayfa 2

Yazı tipi:

Чол учар балиқнинг сувдан қайта-қайта отилиб чиқаётганини, қуш эса уни тутиш учун ношуд ва ўнғайсиз ҳаракатлар қилаётганини кузатиб борарди. «Макрель қўлдан чиқди, – деб ўйлади чол. – У жуда ҳам узоққа жуда ҳам тез сузиб кетади. Аммо, балки менга тўдасидан айрилиб қолган макрель дуч келиб қолар, ажаб эмас, яна унинг яқинида менга аталган катта балиқ ҳам сузаётган бўлса! У қаердадир бўлиши керак-ку, ахир».

Ер устида булутлар энди худди тоғ тизмалари каби юксалиб кўринар, қирғоқ эса узун яшил қийқага ўхшар, унинг ортида оч зангори тепалар чўзилиб кетган эди. Сув тўқ кўкимтир, деярли бинафша ранг тусга кирди. Чол сувга қараган кезларда, у зим-зиё океан қаърида планктонларнинг қизғимтир жилвалари, ҳамда қуёш нурларининг ажиб товланишларини кўрарди. У чилвирлар сувга тик кириб бораётибдими, йўқми деб кузатиб турар ва атрофида планктоннинг кўплигидан, бу эса балиқ иноят қилиши мумкинлигидан шодланар эди. Ҳозир шу тобда, кун кўтарилиб қолганда, нурнинг сувдан аксланиб чиқаётган ажиб товланишлари ҳам худди қирғоқ тарафда осилиб турган булут авзойи каби яхши ҳаво бўлишидан дарак берарди. Айтгандай, қуш аллақачон узоқлаб кетган, сув бетида эса, офтобда куйиб кетган саргасс сув йўсинларининг сап-сариқ тутамлари ҳамда қайиқдан пича нарида юзиб юрган нофармон, жилвагўй шилимшиқ хубоб – португал физалиясидан бошқа ҳеч вақо кўринмас эди. Физалия ён томонига ағдарилди, кейин яна ўзининг аввалги ҳолатини тиклади ва ўз ортидан деярли бир метрча масофада ажал ташувчи узун сиёҳранг панжаларини судраб келаверди.

– Вой, қанжиғ-ей! – деди чол.

Енгилгина эшкак эша туриб, у денгиз тубига қаради ва у ерда жуда ҳам майда, сувда судралиб юрган мана шу қисқич-панжалар қандай рангда бўлса, шундай тус олган балиқларни кўрди; улар панжалар орасида ва сув оқизаётган хубоб соясида сузиб юришарди. Буларга панжалардан чиқадиган заҳар таъсир қилмас эди. Одамларга бўлса, бошқа гап: худди мана шунга ўхшаган шилимшиқ ва нофармон панжалар чилвирга ёпишиб олган маҳалларда, чол балиқни чиқариб олгунча, қўллари то тирсагигача, худди заҳарли чирмовуқдай ҳосил бўлган жароҳатлар сингари яралар билан қопланарди. Заҳарланиш жуда тез рўй берар ва худди қамчи билан ургандек баданда қаттиқ сирқироқ оғриқ уйғотарди.

Анвойи жилолар билан товланувчи хубоблар беқиёс рангин кўринади. Бироқ улар денгиз махлуқлари орасида энг ашаддийси ҳисобланар эдики, чол улкан денгиз тошбақаларнинг уларни ямлаб ютишидан завқланар эди. Физалиялар кўринган замоноқ, тошбақалар кўзларини юмуб, ҳар қандай хавф-хатардан ҳоли бўлган ҳолда, уларга қаршидан яқинлаб боришар ва зум ўтмай, физалияларни чангал-пангаллари билан қўшиб ютиб юборар эдилар. Тошбақаларнинг физалияларни ғипиллатиб туширишларини томоша қилиш чолга жуда ёқар эди. Унинг ўзи ҳам тўфондан сўнг, қирғоқда улар устидан юриб, қадоқ товонлари билан мижиғлаб ўтаркан, пуфакларнинг ёрилишига қулоқ солишни яхши кўрарди.

У яшил тошбақаларни кўркам ва эпчил бўлгани, қолаверса, савдода қадрга эга эканлиги боисидан ёқтирар ва сап-сариқ қалқон косасига бурканиб олган, ишқий можароларда инжиқ, португал физалияларини кўз юмуб ютадиган ланж ва ландавур, қалбаки кареттларга бир қадар нафрат билан қарарди.

Жуда кўп йиллар давомида тошбақа овловчилар билан бирга эшкак тортишган бўлса-да, ўзида бу жониворларга нисбатан хурофий бир қўрқинч сезмас эди. Чол уларга ачинар ва ҳатто, териси қалин, узунлиги қайиқ бўйича келадиган, бир тонна чамаси оғирликдаги лут деб аталувчи улкан тошбақаларга ҳам раҳми келар эди.

Кўпчилик одамлар тошбақаларга бераҳм муносабатда бўладилар. Ахир, бу жониворни ўлдириб, нимта-нимта қилганларидан кейин ҳам, унинг юраги анчагача уришдан тўхтамай туради-ку. «Аммо лекин, – деб ўйлади чол, – юрагим юрагидан фарқ қилмайди, қўл-оёқларим бўлса, унинг панжаларига жуда ҳам ўхшаб кетади». У ўзига қувват бўлсин деб, оппоқ тошбақа тухумидан ерди. Ҳақиқий йирик балиқлар кўпаядиган сентябрь ва октябрь ойларида бардам бўлиш учун бутун май ойи шуни истеъмол қиларди.

Чол ҳар куни кўпчилик балиқчилар ўз асбоб-ускуналарини асраб қўядиган саройдаги каттакон бочка-да сақланувчи акуланинг жигар мойидан ҳам керагича ичиб олар эди. Мойдан кимлигидан қатъи назар, истаган балиқчи фойдаланиши мумкин эди. Аксар балиқчилар бу мойнинг таъмини ўлгудай қўланса деб топишар, бироқ уни ичиш каллаи саҳарлаб туришга қараганда ёқимсиз эмасди, устига устак у шамоллаб қолинганда қўл келар, кўзга ҳам фойдали эди.

Чол кўкка қаради ва яна денгиз устида фрегат айланиб учаётганини кўрди.

– Балиқ топибди, – деди у овоз чиқариб.

На бирон учар балиқ сокин сув бетини безовта қилар ва на атрофда майда чавақлар кўринар эди. Аммо чол шу онда унча катта бўлмаган тунец ҳавога сапчиб кўтарилиб, бир ўмбалоқ ошганча, яна денгизга калла уриб ғойиб бўлганини кўрди.

Тунец офтобда кумушдай ярқираб кетди, унинг кетидан майда балиқларга сапчиб-сапчиб отилиб, бошқа тунецлар ҳам чор атрофда сувни мавжлантириб дикирлаша бошладилар. Улар майда балиқлар ёнида чир айланишар, олдиларига солиб қувлашар эди.

Тунецларнинг сувни кўпиклантириб чарх уришию, фрегатнинг тунецлар даҳшати юзага чиқишга мажбур қилган балиқчаларни тута туриб, шўнғиганини кузатар экан: «Агар улар жуда тез сузиб кетишмаса, мен бутун тўдани қувиб етаман», – деб дилидан ўтказди.

– Қуш – балиқчининг садоқатли кўмакчиси, – деди чол.

Шу пайт қуйруқдан туширилган бир ўрами оёғи остида бўлган калта чилвир таранг тортилди. Чол эшкакларни ташлади ва калаванинг учидан маҳкам ушлаб олди-да, жон аччиғида қармоқни тортқилаётган ўрта миёна тунецнинг залворини ҳис қилган ҳолда, уни йиғиштира бошлади. Чилвир қўлида борган сари кучлироқ юлқинарди. У ўлжани қайиққа чиқариб олиб, бортдан ошириб ташламасиданоқ, балиқнинг зангори сирти ва олтинсимон жилва қилган биқинларини кўрди.

Миқтидан келган, худди қуйиб қўйилган ўқдек тунец қайиқнинг кунгай саҳнида ётар ва маънисиз катта кўзларини ола-кула қилиб, сип-силлиқ, серҳаракат қуйруғини жон ҳолатда биланглата-биланглата ҳаёт билан видолашарди. Раҳми келиб кетган чол унинг бошига уриб ўлдирди ва ҳали жони тамом чиқиб улгурмаган балиқни катнинг тагига, сояга оёғи билан итқитиб юборди.

– Албакоре, – деди у овоз чиқариб, – ундан ажойиб хўрак чиқади. Ўзиям ўлдим деганда, ўн қадоқдан кам эмас.

Чол қачондан бошлаб ўз-ўзи билан овоз чиқариб сўзлашадиган бўлиб қолганини энди эслолмас эди. Авваллари танҳо қолганда, у хиргойи қиларди. Катта елканли кемаларда сузиб, вахтада турган ё тошбақа овига борган кезлари гоҳо-гоҳо у кечалари ҳам қўшиқ айтарди. Эҳтимол, бола ундан кетгандан кейин, ёлғиз ўзи қолгач, ўзи билан ўзи гаплаша бошлагандир. Ҳозир буни эслай олмайди. Аммо бола билан бирга ов қилган маҳалларида ҳам, бунга зарурат туғилган чоғдагина гаплашар эдилар. Гаплашганда ҳам кўпинча кечалари ёки бузуқ об-ҳаво туфайли мажбуран бўш қолганларидагина гаплашар эдилар. Денгизда ҳуда-беҳудага гапиравермаслик одат тусига кирган. Нурли-нурсиз гапларни чолнинг ўзи ҳам ёқтирмас ва шу одатни ҳурмат қиларди. Мана энди бўлса, у, ўз ўйларини жуда кўп марта овоз чиқариб такрорлар, нафсиламрга бунинг бировга айил ботадиган ўрни ҳам қолмаган эди.

– Агар ўзим билан ўзим гаплашаётганимни биттаяримта эшитиб қолганда, у мени жинни-пиннига чиқариб қўярди, – деди чол. – Аммо мен эсдан оғмаган эканман, кимнинг бу билан қанчалик иши бор? Давлатмандларнинг хўп ҳам ошиғи олчи-да: қайиқларида радиолари бор, уларга ҳар турли воқеаларни сўзлаб беради, бейсбол янгиликларини эшиттириб туради.

«Ҳозир бейсбол ҳақида ўйлашнинг вақти эмас, – деди чол ўзига. – Энди фақат бир нарса устида бош қотириш керак. Гап менинг нима учун туғилганим устида боради. Эҳтимол, қаердадир, мана бу тунец галалари билан ёнма-ён бўлиб менинг улкан балиғим ҳам дайдиётгандир. Ахир, мен бор-йўғи биргина албакоре ушладим, у ҳам тўдасидан айрилиб қолгани. Улар бўлса соҳилдан анча йироқда ов қилишади, яна жуда ҳам тез сузишларини айтмайсизми. Бугун денгизда нима учраётган бўлса, ҳаммаси ҳам жуда тез сузиб, шимоли шарққа қараб боряпти. Ёки куннинг мана шу пайтида доимо шундай бўлармикин? Балки, бу ҳавонинг ўзгаришидандир ва мен унинг белгисини билмасман».

Кўм-кўк соҳил сатҳи чолга аллақачон кўринмай қолган эди; узоқда бу ердан худди қор билан қоплангандек оппоқ бўлиб кўринувчи зангори тепаликларнинг бошларигина кўзга ташланар эди. Уларнинг устида турган булутлар ҳам юксак қорли тоғларга ўхшаб кўринарди. Денгиз қоп-қора тусга кириб, қуёш нурлари сувда сўна бошлади. Энди планктоннинг сон-саноқсиз жилвалари тиккага келган қуёш туфайли сўниб қолган, чол ҳозир фақат қорамтир сувда синиб қайтаётган қуёш нурларидан ҳосил бўлган йирик ва рангин доғлару, пастга қараб типпа-тик кетган чилвирларнигина кўрарди. Чуқурлик эса бу ерда бир милга етиб қоларди.

Тунецлар (балиқчилар бу туркумга кирувчи ҳамма балиқларни тунец деб аташар ва уларнинг асл номларини бозорга сотиш учун олиб борган ёки хўрак ўрнида пуллаган пайтларидагина фарқ қила бошлардилар) яна денгиз тубига тушиб кетишди. Қиздиргандан қиздириб бораётган қуёш энсасини куйдириб ўтаётганини чол сезиб турарди. У эшкак тортаётганда, тер елкасидан дувиллаб оқарди.

«Қайиқни оқимга қўйиб беришим, вақтида уйғониш учун эса чилвирни оёғимнинг бошмалдоғига боғлаб қўйиб, мизғиб олишим мумкин эди, – деб ўйлади чол. – Аммо бугун – саксон бешинчи кун, шунинг учун ҳам ҳушёр бўлиш керак».

Шу пайт у яшил қармоқлардан бирининг қимирлаб кетиб, сувга эгилиб тушганини пайқаб қолди.

– Ана холос, – деди у. – Айтмовдимми! – ва қайиқни безовта қилмасликка ҳаракат қилиб, эшкакларни сувдан тортиб олди.

Чол чилвирга томон энкайиб, уни ўнг қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқлари билан авайлаб тутди. У балиқнинг зўр бериб кучанмаётганини сезиб турар, шундай бўлса керак чилвирни сиқимламай, енгилгина ушлаб олган эди. Бироқ чилвир мана яна қалтираб кетди. Бу сафарги силтов олдингисига қараганда эҳтиёткорона ва заифроқ эдики, чол бунинг нима маъно англатишини аниқ билар эди. Яъни юз денгиз саржинича тубанда марлин қармоқ илгагининг учи билан букламасига тизилган сардинларни ямламай туширар, қўлбола қилиб ясалган қармоқ илгагининг ўзи эса майдароқ тунец калласидан тешиб ўтказилган эди.

Чол калавани енгилгина тутиб туриб, чап қўли билан уни қармоқ дастасидан ечиб олди. Энди калава бармоқлари орасидан балиқни сескантирмай сирғалиб чиқа олар эди.

«Қирғоқдан шунчалик олисда, яна йилнинг мана бу фаслида, балиқ жуда ҳам катта бўлса керак. Еявер. Егин энди, ол, егин. Сардинлар бирам мазали, сен бўлсанг жуда совқотгансан, олти юз фут чуқурликда сув жуда ҳам совуқ ва қоп-қоронғи бўлади. Қоронғида яна бир марта айланиб кел, орқангга қайт ва ол, е, еявер!»

У енгил, сергак силтов сезди, сал ўтмай бу кучлироқ бўлиб такрорланди – битта-яримта сардинни қармоқдан юлиб олиш мушкулроқ бўлаётгани кўриниб турарди. Кейин жимжит бўлиб қолди.

– Бўла қолсанг-чи, – деди чол овоз чиқариб, – яна бир бурилиб кел. Ҳидини қара, ҳидини. Қандай ажойиб-а, тўғри эмасми? Тўйиб-тўйиб еб ол! Кейин қарабсанки, тунецни тотиб кўриш гали келади! Ахир у шундай ҳам сўлқиллаган, муздаккина, бир ширинки, қўяверасан. Қисиниб-қимтиниб ўтирма, балиқ. Егин, ол, есанг-чи, ўтинаман сендан.

У, бош ва кўрсаткич бармоқлари билан калавани тутиб, балиқнинг жойдан-жойга сузиб ўтиш эҳтимоли борлигидан бир пайтнинг ўзида бошқа чилвирлардан ҳам кўз узмай кутарди. Бирдан у яна қармоқ ипининг енгил, билинар-билинмас тортқиланганини пайқади.

– Чўқийди, – деди чол овоз чиқариб. – Чўқийди, худоё дард кўрмагур!

Аммо у чўқигани йўқ. Кетиб қолди. Чилвир ҳам қимир этмасди.

– Унинг бутунлай кетиши мумкин эмас, – деди чол. – Худо шоҳид, унинг кетиши мумкин эмас. У бор-йўғи қайрилиб келяпти. Эҳтимол, у бирон марта қармоққа тушиб чиққан ва бу ҳали хаёлидан кўтарилмагандир.

Шунда у яна қармоқ ипининг оҳиста тортқиланганини сезди ва дили таскин топди.

– Айтмовдимми, у фақат қайрилиб келяпти деб… – деди чол. – Мана энди чўқийди!

У балиқнинг ҳуркиб-ҳуркиб чилвир тортқилашидан ўзини қўярга жой топмасди. Тўсиндан, чол қандайдир, фавқулодда бир зилу замбил оғирлик сезди. Сезди-ю, чилвирни бўшатиб, эҳтиётдаги калавалардан бирини чуватганча, унинг борган сари қуйи, қуйи, қуйига тушиб бориши учун имкон берди. Чилвир бармоқлардан осонгина сирғалиб чиқиб пастга кетиб борар, уни ушлар-ушламас тутиб турганига қарамасдан, чол ўрамни ямлаб кетаётган ғоят зўр оғирликни ҳис қилиб турарди.

– Асти қандай бало балиқ бўлди ўзи! – деди у овоз чиқариб – Қармоқни ямлаб олиб, энди узоқроққа жуфтакни урмоқчи.

«У барибир орқасига қайрилади, қармоқни ҳам ютиб юборади», – деб ўйлади чол. Бироқ бир кори ҳол бўлиб ўтирмасин, деб чўчиди шекилли, овоз чиқармади. Чол бу балиқнинг қанчалик тотли эканини билар, хаёлан унинг лунжида кўндаланг тиқилган тунец билан қоронғида борган сари узоқроққа кетаётганини кўз ўнгига келтирарди. Қандайдир бир муддат ичида ҳаракат тўхтади, аммо чол ҳали ҳам балиқ вазнини ҳис қилиб турарди. Кейин тортиш авжга чиқди, чол яна ўрамни бўшатди. У бир нафас чилвирни тўхтатиб кўрди, тортим бирдан кучайиб кетди ва ўрам тиккасига пастга юлқинди.

– Чўқиди, – деди чол. – Энди бир бурнидан чиққунча тўйиб еб олсин-чи.

У чилвирни ўз ҳолига қўйиб берди-да, чап қўли билан икки эҳтиёт калаванинг бўш учини, бошқа қармоқнинг икки эҳтиёт калавасига улади. Шу билан ҳаммаси тахт бўлди. Ҳозир қўлидагидан ташқари, унда яна ҳар бирининг узунлиги қирқ саржиндан келадиган учта эҳтиёт шарт калава ипи ҳам бор эди.

– Яна пича есанг-чи, – деди у. – Еявер, уялма. «Шундай егинки, токи қармоқ илгаги нақ юрагингга бориб етсину, тил тортқизмай гумдон қилсин сени, – деб ўйлади у. – Ўзинг ёнимга чиққин, бу ёғига гарпун санчишни менга қўйиб бер. Шундоқ бўлсин. Қалай, тайёрмисан? Роса тўйиб олдингми?»

– Бошладик! – деди у овоз чиқариб ва чилвирни қаттиқ юлқиб, бир ярдча4 тортиб чиқарди, кейин эса қайта-қайта юлқиб, ҳар юлқишда қўллари ва жисмининг бор қувват-мадорини ишга солиб, ўрамни сигир соққандай, гоҳ у қўли, гоҳ бу қўли билан тортиб чиқара бошлади.

Ҳамма уринишлари зое кетди. Балиқ эринмайгина илгарилаб борар, чол уни ўзига бир дюйм ҳам яқин келтира олмасди. Унинг чилвири катта балиқларга мўлжалланган, пишиқ эди. Чол уни елкасига олиб, шундай ҳам таранг тортдики, ҳатто сув зарралари сачраб-сакрашиб кетди. Кейин чилвир сувда заиф вишиллади, чол бўлса, ўриндиққа тираниб, ҳамон уни бўшатмас эди. Қайиқ бирмунча шимоли-ғарб томонга оға бошлади. Балиқ сузгандан сузиб борар, улар зилол сув бўйлаб оҳиста узоқлаб кетишарди. Бошқа хўраклар денгизга қандай ташланган бўлса, ҳамон шундайлигича турар, чол уларни нима қилишни билмасди.

– Қани энди, ёнгинамда бола бўлса! – деди у. – Балиқ мени шатакка олди, ўзим-ку буксир битенггига5 ўхшаб қоляпман. Ўрамни асли қайиққа боғлаб қўяверса ҳам бўлаверарди. Аммо бунақада балиқ, Худо кўрсатмасин, узиб қочиши мумкин. Мен уни маҳкам ушлашим ва керагича бўшатиб туришим керак. Худойимдан ўргилайки, у чуқурликка кетмайгина сузиб юрибди. Мабодо у чуқурроқ тушишни хоҳлаб қолса, мен нима қилдим? Агар у тош бўлиб денгиз қаърига кетса, ўша ерда ўлиб қолса, нима қиламан? Билмайман. Ўшанда маълум бўлар. Нималар қилмаслигим мумкин менинг!

У ўрамга елкаси билан тиркалиб тураркан унинг сувга қандай оғаётгани-ю, қайиқнинг шимоли-ғарбга томон оҳиста жилиб боришини кузатар эди.

«У кўп ўтмай ўлади, – ўйларди чол. – Доимо сузиб юравериш мумкин эмас».

Бироқ тўрт соат ўтса ҳамки, балиқ ҳамон қайиқни ўз ортидан судраганча, тиним билмай, очиқ денгизга кетиб борарди, чол эса, ўша-ўша, елкасида сиртилган чилвир, оёғи банкага тироғлиқ ўтирарди.

– Уни ушлаганимда, айни пешин эди, – деди чол. – Шу пайтга довур ҳам ўзини кўрганимча йўқ.

Балиқни ушлаш олдидан пешонасига бостириб кийиб олган сомон шляпаси манглайини қийиб юборганидан, оғриқ турган эди. Чол ташна бўлган, сув ичкиси келарди. У ўрамни тортқилаб юбормаслик учун, оҳиста тиззалаб, қайиқ бурнига иложи борича яқин борди ва бир қўли билан шишани олди. Унинг оғзини очиб, бир неча қултум ютди. Сўнг шу ерга ёнбошлаб, нафас ростлади. У елкан ўралган мачтага ўтириб, ҳеч нарсани ўйламасликка ва ҳуда-беҳуда куч сарф қилмасликка ҳаракат қилиб дам оларди.

Кейин чол келган йўлига назар ташлади ва ер аллақачон кўринмай кетганини кўрди. «Ҳечқиси йўқ, – деб ўйлади у. – Мен ўзим истаган маҳалда, Гавана чироқларини қора қилиб, орқага қайтишим мумкин. Кун ботишига икки соат қолди, у шу пайт ичида сузиб чиқса, ажаб эмас. Агар чиқмаса, ойдинда юқорига кўтарилар! Бу ҳам бўлмаса, балким, тонг билан чиқар. Қўлим ҳам айилиб кетаётгани йўқ, бардам-бақувватман. Қармоқни мен эмас, у ютган-ку. Аммо тортиши шунчалик бўлса, ўзи қандай балиқ бўлдийкин! Афтидан, чилвирни ҳам маҳкам қисиб олганга ўхшайди. Унга шундай бир қараб ололсам эди, ўшанда у билан қандай муомала қилишни ўзим билардим».

Чолнинг юлдузларга қараб қилган тахминига кўра балиқ ўз йўлини ўзгартирмасдан тун бўйи сузиб чиқди. Қуёш ботгандан сўнг совуқ турди, бутун орқаси елкалари, кексалик асар қилган оёқларида тер қотиб қолди, у совқотди. Кундузи чол хўракли яшик устига ташлаб қўйилган қопни олиб, қуритиш учун офтобга ёйиб қўйган эди. Кун ботгач, у қопни бўйни атрофини ўради-да, ўрам ипи остидан оҳиста ўтказиб, орқасига туширди. Энди ўрам залворидан елкаси аввалгидек қийилиб-қирчилмас, қайиқ бурнига ёнбошлаганча, қулайгина ўрнашиб олганидан, анчайин енгиллик туғилган эди. Тўғрисини айтганда, бу енгиллик номигагина эди. Аммо у ўзини буларнинг бари гўё шоҳона бир қулайлик деб ишонтирарди.

«Мен уни бир ёқли қилолмайман, – лекин у ҳам мени бир ёқли қилолмайди, – деди чол ўзига. – У бошқача бирон лўттибозлик ўйлаб чиқармагунча, шундай бўлади».

У бир марта ўрнидан турди, борт оша ёзилди, юлдузларга қараб, қайиқнинг қаёққа йўл тутаётганлигини белгилади. Чилвир унинг елкасидан тўппа-тўғри сувга тушиб турган нозиккина нур бўлиб кўринарди. Қайиқнинг ҳаракати энди секинлашган, Гавана чироқлари ҳам пилпиллаб хира кўринар эди, оқим уларни шарқ томонга суриб кетаётганга ўхшарди. «Гавана чироқлари кўринмай кетяптими, бас, демак биз борган сари шарққа қараб боряпмиз, – деб ўйлади чол. – Агар балиқ йўлини ўзгартирмаган бўлганда, мен уларнинг ҳали яна бир неча соат кўриб турган бўлардим. Қизиқ, бугунги ўйинларнинг натижаси қандай бўлдийкин? Қани энди қайиғингда радио бўлса!» Аммо ўз ўйини ўзи бўлди: «Ҳадеб алаҳсийверма! Қилаётган ишингни ўйла. Қовун тушириб қўймаслик учун, ўйла».

Кейин овоз чиқариб деди:

– Боланинг ёнимда йўқлиги ёмон бўлди. Ҳарна мадад эди. Ҳам буларнинг барини ўз кўзи билан кўрган бўларди.

«Кексайганда, киши ёлғиз ўзи кимсасиз қолмасин экан, – деб ўйларди у. – Аммо бу кўргиликдан қочиб қутулиб бўлармиди. Тунец ҳидланиб қолмасдан бурун еб олишни унутмасам бўлгани, ахир, мен кучдан қолмаслигим керак. Унчалик очиқмаган тақдиримда ҳам, уни эрта билан еб олиш хотирамдан кўтарилмаса бас. Ишқилиб, нима бўлганда ҳам унутмай-да, унутмай», – деб такрорларди у.

Тунда қайиқ ёнига икки денгиз чўчқаси сузиб келди. Чол нар чўчқанинг пишқирганини, модасининг гўё ҳомуза тортгандай, эшитилар-эшитилмас, пишиллаётганини эшитди.

– Қурғурлар-э, – деди чол. – Ўйнашади, шўхлик қилишади ва бир-бирларини яхши кўришади. Улар бизга худди учар балиқлар сингари яқин.

Кейин у қармоғига тушган катта балиққа жуда ҳам ачиниб кетди. «Турган-битгани мўъжиза-ку бу балиқнинг. Унинг дунёда неча йил умр сурганини Худойимнинг ўзи билади. Менинг қўлимга ҳеч қачон бунақанги кучли балиқ тушмаган. Ўзини тутишини қаранг, ақл бовар қилмайди-я бунга. Эҳтимол, унинг сакраб чиқмаётгани ҳам бениҳоя ақлли бўлганидандир. Агарда у бор кучи билан олдинга интилса ёки сапчий қолса борми, тирик қўймасди мени, ахир. Аммо, балки бу унинг қармоққа биринчи марта тушиши эмасдир ва у жонини сақлаш учун мана шу алфозда курашмоқни афзал билар. Ўз мухолифи ёлғиз бир киши, у ҳам бўлса, чол эканини қаердан билсин. Лекин бу балойи азим балиқ экан, агар унинг гўшти мазали бўлса, қанчадан-қанча пул келтиради! У хўракка ҳам нордай ташланди, нордай судраяпти, бунинг устига мен билан қўрқув нима билмасдан олишяпти. Қизиқ, у ўзининг нима қилиши кераклигини билармикин ёки худди менга ўхшаб, бош-кетига қарамай сузяптими?»

У, бир сафар қармоқда мода марлин тутганини эслади. Нор балиқ доимо модасини емишга биринчи бўлиб қўяди. Қармоққа тушган мода даҳшат ичида жон-жаҳди билан зўр бериб олиша бошлади, бу уни ҳаш-паш дегунча ҳолдан тойдириб қўйди, нор балиқ бўлса, ундан бир қадам ҳам орқада қолмасдан, денгиз юзида ёнма-ён сузар, чарх айланар эди. У шундай яқин келиб сузардики, чол, балиқ худди ўроқ каби ўткир, кўриниши ҳам деярли ўроқникидан қолишмайдиган думи билан чилвирни қирқиб юборадими, деб қўрқарди. Чол мода балиқни чангак билан санчиб олиб, худди қилич сингари кескир, ғадирбудур оғзидан ушлаб туриб, тўқмоқ билан миясига туширган пайтида ҳам, то унинг ранги ўзгариб, кўзгулар тошига суртиладиган амальгама тусига кирмагунча савалаган чоғларида ҳам ва ниҳоят, бола ёрдамида уни қайиққа тортиб чиқарган кезларида ҳам нор балиқ шу ерда эди. Кейин, чол чилвирни ўраб, гарпун тайёрлаётганда, нор балиқ ўз йўлдошига нима бўлганини кўриш учун қайиқ ёнида ҳавога баланд сакраб кўтарилди, шундан сўнг, тиниқ сафсарранг кўкрак қанотларини ёйиб, умуртқаси узра чўзилиб кетган кенг оч пушти, йўл-йўл тасмалари равшан кўринганича, денгизга чуқур шўнғиб кетди. У қандай фусункор бўлганини чол сира унутолмасди. Бунинг устига ўз йўлдошини то сўнгги дамгача ташлаб кетмаган эди.

«Денгизда мен бунчалик қайғули бўлган бошқа ҳеч нарсани кўрмаганман, – деб ўйлади чол. – Бола ҳам маъюс бўлиб қолганди ва биз мода балиқдан кечирим сўраб, кўз очиб юмгунча сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган эдик».

– Афсуски, ёнимда бола йўқ, – деди у овоз чиқариб ва елкаларини босиб тушган ўрам орқали ўзининг қандайдир нуқтаси сари оғишмай бораётган улкан балиқнинг қудратли кучини муттасил ҳис қилган ҳолда, қайиқ бурнининг думалоқ тахталарига қулайроқ ўрнашиб олди.

– Менинг ҳийлам туфайли у ўз фикрини ўзгартишга мажбур бўлди, ақл ҳам бовар қилмайди бунга!

«Унинг пешонасига турли-туман тузоқлар, тўрлар ва инсон ҳийла-найрангларидан узоқроқда, зим-зиё океан тубида яшамоқлик ёзилган эди. Менга эса ёлғиз бошим билан унинг кетидан тушиб, ҳали ҳеч ким келиб етмаган жойда топиш насиб бўлди. Ҳа, ҳеч зот келиб етмаган жойда. Энди бўлса ҳар икковимиз тушдан бери бир-биримизга боғланиб қолдик. Шундай. На унга ва на менга ҳеч ким ёрдам қўлини чўза олмайди».

«Эҳтимол, мен балиқчи бўлмаслигим керак эди, – деб ўйларди у. – Лекин худди шу касб учун туғилганман-ку, ахир. Тонг отиши билан тунецни еб олиш ёдимдан чиқмаса бўлгани».

Қуёш кўтарилмасдан сал бурун орқа томондаги қармоқлардан бирига балиқ илинди. У қармоқ дастасининг синган товушини ва чилвирнинг қайиқ зийи оша сирғалиб тушаётганини эшитди. Қоронғи ичида у пичоғини ғилофидан суғуриб олди ва балиқнинг бутун оғирлигини чап елкасига туширган ҳолда, орқасига энкайди-ю, зийдаги чилвирни кесиб юборди. Кейин у ёнидаги чилвирни қирқди ва эҳтиёт калаваларнинг учларини тусмоллаб топиб бир-бирига маҳкам боғлаб қўйди. Чол тугунларни ечиб бўлмайдиган қилиш учун калаваларни оёқлари билан тутиб турганча, бир қўллаб чаққон ишларди. Энди унинг ихтиёрида олти эҳтиёт чилвир ўрами бор эди, – ҳар бир кесилган чилвирдан иккитадан тўртта ва балиқ илинганидан иккита, ҳар бир ўрам бир-бирига уланиб кетар эди.

«Тонг ёриша бошлаши билан, – деб ўйларди чол, – қирқ саржинча ташланган чилвирни олишга ҳаракат қиламан-да, уни ҳам кесиб, эҳтиёт калаваларига улаб қўяман. Тўғри, бундай қилганда, икки юз саржинча пишиқ каталон арқонидан маҳрум бўламан. Илмоқлару, чўктиргичларни ҳисоблаб ўтирмаса ҳам бўлади. Ҳечқиси йўқ, бу нарсаларни қайта топиш мумкин. Аммо агарда қармоққа бошқа қандайдир балиқ илиниб, мана бунисидан бенасиб қилса, ким менга яна худди шунақасини топиб бера оларди? Ҳозир чўқигани қандай балиқ экан, билмайман. Балки, марлиндир, балки найза балиқ ёки акуладир. Нима бўлганини ҳатто пайқамай қолдим. Ундан тезроқ қутулиш керак эди».

Овоз чиқариб деди:

– Эҳ, ёнгинамда бола бўлсайди!

«Аммо ёнингда бола йўқ, – деб ўйларди у. – Сен фақат ўзинггагина ишонишинг мумкин. Шундай экан, ҳозирнинг ўзидаёқ қоронғи бўлса ҳам, анави охирги чилвирни олиб, кесишинг керак-да, икки эҳтиёт ўрамини улаб қўйганинг маъқул».

У шундай ҳам қилди. Қоронғида ишлаш оғир эди, Бир гал балиқ шундай силталадики, у юз тубан йиқилиб тушди ва кўз остини ёриб олди. Қон ёноғидан оқиб туша бошлади, аммо ҳали иягига етиб улгурмасдан қуюлиб тўхтади ва қотиб қолди. Ўзи бўлса, нафас ростламоқ учун қайиқ бурнига қараб сургалди ва етиб келиб ёнбошлаб олди. Чол қопни ўрнаштириброқ қўйди, чилвирни эҳтиёт билан елкасининг ҳали лат емаган қисмига ўтказиб, бутун оғирликни елкасига туширди-ю, балиқнинг қанчалик куч билан тортаётганини аниқлашга уринди, сўнгра, қўлини сувга тушириб, қайиқ тезлигини билишга ҳаракат қилди.

«Нега у бунчалик силтандийкин, қизиқ, – деб ўйлади у. – Ҳар нечук чилвир елкасидаги катта ўркачдан сирғалиб тушган бўлса ажаб эмас. Унинг елкаси меникичалик оғримайди, албатта. Аммо у қанчалик йирик бўлмасин, қайиқни бир умр тортиб юролмайди-ку, ахир. Энди халақит бериши мумкин бўлган нарсаларнинг баридан қутулдим. Бундан ташқари, чилвирни ҳам керагича ғамлаб қўйдим, кишига шундан бошқа яна нима керак ўзи?»

– Балиқ, – деб чақирди у секингина, – ўлсам ўламанки, сендан ажралмайман.

«У ҳам, ҳар ҳолда мендан айрилмаса керак», – деб ўйлади чол ва тонг ёришишини кута бошлади. Бу азон палласи ҳаво совуқ эди ва у сал бўлса ҳам исиниш учун қайиқ тахталарига бағрини бериб қаттиқроқ ёпишди. «У чидаяптими, мен ҳам чидайман».

Кўп ўтмай тонг шафағи денгиз қаърига кетган таранг чилвирни ёритди. Қайиқ тўхтовсиз илгари силжирди: қуёш ҳам уфқ бетида тирноғини кўрсатди-да, чолнинг ўнг елкасига нур тўкди.

– Шимолга қараб сузяпти, – деди чол. – Оқим-ку, бизни анча шарқ томонга суриб кетганга ўхшайди. У оқимга қараб бурилса қанийди. Унинг ҳолдан тойганини шундан билса бўладики.

Аммо қуёш яна ҳам юқори кўтарилганда, балиқ чарчашни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаётганлиги чолга аён бўлди. Кўнглига фақат бир нарса таскин бериб турар, у ҳам бўлса, балиқнинг энди анчагина юзада сузаётганлиги эди, буни чилвирнинг сувга қандай қияликда кетаётгани аниқ кўрсатиб турарди. Аммо бу – балиқ, албатта сув юзига қалқиб чиқади деган гап эмас эди. Бироқ, ҳар қалай у чиқиб қолиши ҳам мумкин.

– Э Худо, ўзинг уни бу ёққа чиқиш мажбур қил! – деди чол. – Суробини тўғрилаш учун эса, Худога шукр, етарли калавам бор.

«Ёки чилвирни андак тарангроқ тортсаммикин, оғриқ жонидан ўтса, отилиб чиқиб қолармиди дейманда, – деб ўйлади чол. – Мабодо чиқадиган бўлса, кун ёруғлигида чиқиб қўя қолсин. Ўшанда умуртқаси ёқалаб кетган пуфаклари ҳаво билан тўлиб қолади. Кейин у денгиз остида ўлиш учун ҳеч қачон у ерга тушолмайдиган бўлади».

У чилвирни яна ҳам тарангроқ тортишга уриниб кўрди, аммо чилвир бусиз ҳам аввал бошдан шундай таранглашган эдики, ҳозир уни тортай деб, ўзини орқага ташлаши билан елкасини чунонам ўйиб юбордики, бунақада чол ҳеч вақо чиқара олмаслигини билди. «Силтаб тортиш мумкин бўлмаса, бу фалокатни, – деб ўйлади чол. – Ҳар силтовда қармоқ тишлашган жой кенгайиб бўшашаверади, мабодо балиқ юзага чиқиб қолса, қармоқ ҳам айрилиб кетиши мумкин. Ҳар ҳолда ўзимни ҳозир, қуёш чиқиб турганда, яхши ҳис қиляпман. Бу сафар офтоб ҳам кўзимга тушмаяпти».

Чилвирларни сариқ сув ўтлари чирмаб олди. Аммо чол шунга ҳам хурсанд эди, чунки улар қайиқ ҳаракатини секинлаштириб туришарди. Бу ўша, тунда ялтираб кўринадиган сариқ сув ўтларининг ўзгинаси эди.

– Балиқ, – деди у, – сени жуда ҳам яхши кўраман ва ҳурмат қиламан. Аммо билиб қўй, кун ботмасдан сени гумдон қиламан.

«Ҳар ҳолда, мен бунинг уддасидан чиқсам керак», – деб ўйлади у.

Тирноқдеккина қуш шимол томондан қайиққа яқинлашди. У сув бетида пасайиб учарди. Чол унинг ниҳоятда ҳолдан тойганини кўрди.

Қуш нафас ростлаш учун қайиқнинг қуйруғига қўнди. Кейин у чолнинг боши устида айланиб учдида, ўзи учун қулайроқ бўлган чилвир устига қўниб олди.

– Ёшинг нечада? – деб ундан сўради чол. – Ҳойнаҳой, бу сенинг биринчи саёҳатингдир?

Қуш жавоб ўрнига чолга қаради. У жуда ҳам чарчаган эди, ҳатто чилвир ўзини кўтарадими, йўқми, шунга ҳам қараб ўтирмади, мурғак панжалари билан уни чангаллаб олганча, чайқалибгина турарди, холос.

– Қўрқма, калава маҳкам тортилган, – деб уни юпатди чол. – Ҳатто ҳаддан зиёд маҳкам. Сокин тунда сен бу қадар ҳолдан тоймаслигинг керак эди. Эҳ, эндиги қушлар, эндиги қушлар!

«Лочинлар бўлса-чи, – деб ўйлади у, – денгизнинг ҳар қаричида сизларнинг тумшуғингиз тагидан чиқиб қолиши мумкин». Аммо буни қушга айтиб ўтирмади, айтганда ҳам, у барибир тушуниб етармиди. Ҳечқиси йўқ, ўзи тезда лочиннинг нималигини билиб олади.

– Яхшилаб дам олгин, митти қуш, – деди у. – Кейин соҳилга қараб учгин, ҳар бир одам, қуш ва балиқ сингари сен ҳам чинакамига ҳаёт учун қаттиқ туриб курашгин.

Қуш билан бўлган бу суҳбат ўзига андак мадад бергандай бўлди. Чунки туни билан елкасининг акашаги чиққан ва у энди росмана зирқираб оғриб турарди.

– Агар хоҳишинг бўлса, қуш, мен билан яна пича бирга бўл, – деди у. – Нима қилайки, шабада ғимирлаб қолган бўлса ҳам, елкан ўрнатиб, сени қирғоққа олиб бориб қўёлмайман. Бу ерда эса дўстим ҳам бор. Уни ташлаб кетолмайман.

Худди шу онда балиқ тўсатдан қаттиқ юлқинди ва чолни қайиқ қуйруғига юмалатди; агар у қўли билан бортга таянаб қолмаганда, чилвирни бўшатмаганда балиқ уни илаштириб кетиши ҳам ҳеч гап эмас эди.

Чилвир юлқинган пайтда қуш учиб кетган эди. Унинг қандай ғойиб бўлганини чол ҳатто пайқамай қолди. У калавани ўнг қўли билан пайпаслаб кўрганида, қўлидан қон оқаётганини кўрди.

– Балиқнинг ҳам жони роса қийналгандир, – деди у ўзига-ўзи ва балиқни бошқа томонга буриб бўлмасмикин деган ниятда, чилвирни алдаб тортди. Охиригача тортиб бўлгач, аввалги ҳолатида тек қотди.

– Мазанг қочяптими, балиқ? – деб сўради у. – Xудойим кўриб турибди, менга ҳам осон эмас.

Ким билан бўлмасин жуда ҳам гаплашгиси келди. Атрофга аланглаб қушни излади. Аммо ундан номнишон ҳам қолмаган эди.

«Дарров кетиб ҳам қолибсан, – деб ўйлади чол. Аммо сен кетган ёқда шамол хийлагина кучлироқ ва у то соҳилга довур эсиб боради. Бир силташда балиққа ўзимни ярадор қилишга йўл қўйиб берганимни қара-я? Рост-дан ҳам, жуда меров бўлиб қопман. Ёки бўлмаса, шундай ўзим, қушга маҳлиё бўлиб, фақат у тўғрида ўйлаб қолгандирман? Энди мен мана бу ҳақда ўйлайман ва мадор бўлсин деб, тунецни тамадди қилиб оламан».

– Афсус, ёнимда бола ҳам йўқ, туз ҳам йўқ, – деди у ўзига-ўзи.

У балиқнинг оғирлигини чап елкасига олиб, оҳиста чўккалади-да, қўлини ювди, уни бир муддат сув ичида тутиб тураркан, ёйилиб бораётган қон изи ҳамда ўткинчи оқимнинг қўлни ялаб, айланиб ўтишини кузатди.

4.Я р д – (узунлик ўлчови) – 0,95 м.га баробар.
5.Б и т е н г – кеманинг олд қисмига ўрнатилган пўлат ёки чўян ғўла. Кема шатакка олинганда арқон шунга боғланади.

Türler ve etiketler

Yaş sınırı:
0+
Litres'teki yayın tarihi:
27 ekim 2023
ISBN:
978-9943-08-874-0
Telif hakkı:
Kitobxon
Ses
Ortalama puan 5, 2 oylamaya göre
Ses
Ortalama puan 5, 1 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin, ses formatı mevcut
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 4,3, 3 oylamaya göre
Metin
Ortalama puan 0, 0 oylamaya göre